Читать книгу "Икки жаҳон оворалари"
Автор книги: Абдужаббор Обидов
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
49. ЁЛҒИЗ ЎҒИЛНИНГ…
Яна бир неча йиллар ўтди. Равшан институтни эсон-омон битириб, ҳуқуқ тарғибот органларида иши тайин бўлиб, иккинчи йили ишларди. Ёши йигирма тўртдан ошганди. Ўқув босқичлари орасида амалиётга келган юридик институт талабаси Зулхуморга ишқи тушди. Бу қиз ундан уч ёш кичик. Ўзига қараб юрадиган интизомли талабалардан. Бир йилдан кейин дипломли бўлади. Гап ҳаттоки унда ҳам эмас, қиз топшириқларни ўз вақтида бажариб, керакли ҳужжатларни дарров топиб келадиган, амалиётни ишга келгандек масъулият билан ўтайдиган эди. Бу хислатларини бўлимда ҳамма сезибди, уни кетидан алқаб қўйишлари шундан. Равшанга ҳам биринчи навбатда мазкур одатлари билан ёқиб қолди. Аввалига бирга тушликка чиқиб келиш таклифини рад этиб юрган қиз кўнди.
Чунки бўлимдаги бор аёллар (улар атиги иккита эди) топшириқ билан текшириш объектларига кетишган эди.
Равшан уни кафега бошлади. Ёшлар енгилроқ тамадди қилишди, чунки қиз шуни хоҳлади. Йигит ҳам унинг сўзидан чиқмади. Аммо кўчага чиқишгач шоколадли пломбир музқаймоғини қизнинг қўлига тутди. Музқаймоқдан эса қизлар қайтмайди, ҳисоб.
Зулхуморга иш бериш, келиб-кетишини назорат қилиш Равшанга топширилди. Буни бошлиқ билиб қилдими, ёки бошқаларнинг вақти камлигини назарга тутдими, йигит хурсанд, жон-жон деб қизни ўз қарамоғига олди.
Бир неча ойга чўзилган иккинчи курсдан кейинги амалиёт тугаш арафасида бошлиқ, хоҳласа ўқишдан ташқари вақтида қизнинг ишлаши мумкинлигини, унга чорак ставка миқдорида ойлик маоши тайинланишини ҳам айтди. Зулхумор хурсанд бўлди. Чунки у бу жамоадаги юқори профессионал даражадаги мутахассислар ва жонкуяр раҳбар ва яхши маслаҳатгўй ёрдамчиларга ўрганиб қолганди. Бошлиқнинг режасида эса, бир-бирига тўтиқушнинг боласидек талпинаётган ёшларни бир-бирининг дийдорига ошно этиш ҳам йўқ эмасди.
Орадан яна ярим йилларча ўтди. Ёшлар етилишди. Улар энди айро яшай олмасликларини, бир-бирларига ўрганиб қолганликларини баралла айтадиган ҳолатга келишди. Ҳафтада камида бир марта концертми, чет элнинг эҳтиросларни чертадиган, ҳиссиётларни қўзғайдиган, чин муҳаббат дарди билан суғорилган фильмларни кўришга боришни одат қилишди. Туғилган кун, байрамларда мос равишда совғалар бериш йўлга қўйилди.
Зулхумор столида тез-тез гул туриши одатий ҳолга айланди.
Бошлиқ буни сезибди. Энди ош пишганини сезди. Тагига олиб кетишидан олдин, сузиш керак, деган ўйда йигитни ҳузурига чорлади. Унинг гапини олди. Ёқтириб қолганини, қиз яхши синовдан ўтгани, унинг номзодини ишхонадагилар ҳам қўллаётганини, энди уйланишга тайёр эканлигини эшитгач, дам олиш кунлари онангга бу сўзларни етказ. Уларнинг фикрини ол, деб маслаҳат қилди.
Уйланиш кўпчилик билан бўладиган иш. Ойиси бу хабарни кўтаринки руҳ билан қабул қилган бўлса-да, қизнинг уйидагилар билан яхшилаб танишиб келгач, ўз фикрини айтишини эҳтиёткорлик билан англатди. Қизни оиласи билан гаплашиб олишга Қалдирғоч бир ўзи борадиган бўлди.
Бу ёғи тезлашиб кетди.
Аммо бошлиқни Зулхумор ҳақидаги фикри ўзгара бошлаган паллалар бўлди. Бир куни Зулхумор ишга кела олмаслигини айтиб, рухсат сўради. Сабаби сўралганда, важ ўрнида ёлғон баҳонани ҳам ўринлатиб айтди. Бу қиз ўлгудек ичидан пишган, мазмунан бироз макрми, қаҳрми бор уйда ўсгандиров деган ўйда, бошини ликиллатиб зўрға розилик берди.
Қалдирғоч ўғли ёқтириб қолган қиз оиласини, уларнинг уй-жойларини кўрди. Меҳнаткаш, тўғри одамлар деб, биринчи таассуроти яхши эди. Отаси билан онаси ажрашганини ўғлидан эшитганди, сабабини сўрамади. Гарчи у билан қуюқ салом-алик қилиб, суҳбат қуришган бўлса-да, қизнинг онаси ҳам бу ҳақда чурқ этмади
Ўғли, оиласи ҳақида аввал Қалдирғоч гапирди. Иш жойларини, мансабларини таъкидлаб ўтирмади. Қиз бийрон экан, ўзи билиб, уйдагиларга етказгандир деб ўйлади.
Қиз онаси эса кам гапирар, ичимдагини топ хилидан экан. Заводда табель юритувчиман. Келди-кетдини ҳисобга оламан, деганида, совчи аёлнинг кўнгли шиғиллаб кетди. Беихтиёр «компрессор заводидами?» деб сўради.
− Ҳа. Ўша ерда. Битта-яримтани танийсизми?
− Йўқ, шунчаки. Пахтага биз тарафга кўп боришади.
− Юксалиш совхозими?
− Ҳа, ўша совхоз таркибида бизнинг Кўкишкўл қишлоғимиз ҳам бор.
− Қандоқ яхши.
Қизнинг онаси бу гапни зўраки айтди.
Қалдирғочнинг эса бошига оғриқли бир ўй келиб ёпишди. Наҳот, йиллар қидириб топган, биз қуда бўладиган оила Оловиддинга таниш чиқса. Заводи битта экан-ку. Дунё бунча тор бўлмаса, дегиси келди.
У энди бошқа гапларни эшитмас, эшитгиси келмас, томоғига нимадир тиқилиб бўға бошлади. Кўнгли бир нима сезгандек шошилди:
− Мана танишиб олдик. Узоқ жой. Мен борай. Яна гаплашармиз.
Уй соҳибаси меҳмон шошиб қолганидан ҳайрон, анграйди.
Совчи аёл яна бир қатъийроқ илтимос қилиб дуога қўлини очгач, ноилож у ҳам бармоқларини дуога бирлаштириб пичирлади:
− Илоҳо омин! Тан-сиҳатлик, саломатликни берсин! Тўй устига тўй бўлсин.
Қалдирғоч ўғлини ўша куниёқ қишлоқдаги уйларига олиб кетди. Чунки ундан сал олдинроқ ўғлини ишхонасига кириб, қизнинг ҳақиқий ота-оналари ҳақида бор маълумотларни ходимлар бўлимидан олган Қалдирғоч ҳадикданми, хурсандчиликданми пешонасига бир бор урди. Унинг гумонлари тасдиқланганди. Хоҳлайдими-йўқми, Оловиддинга дуч келишини ўйлади. Неча йиллар давомида шишириб келган пуфаги ёрилиши мумкин. Унда нима бўлади. Қизнинг яқин қариндоши ўша пахта теримига чиққан ҳашарчи йигит эди.
Шу сабабдан, Қалдирғоч уч-тўрт кун ўйлаб ҳам бир фикрга кела олмади. Оловиддиннинг қариндошлари билан қудачилик қилса, уни тез-тез кўриб туришга тўғри келади. Қочиб юришни имкони бўларканми, йўқ. Бир кун сир очилиб қолса, қариндошчилик, ҳамма иззат-икром тамом дегани. Эҳ, қанчалик алдов ва найрангни умри қисқа. Маслаҳат солишга, бировга ошкор қилиб, йўл-йўриқ сўрайдиган гапмас. У неча тунлар шундек ҳорғин ўйлар билан уйқуга кетарди.
Ўғли айтганми, опаси қолиб укаси Илғор тергаб, нима учун жияни танлаган қизнинг уйига яна бормаётганини қайта-қайта суриштириб қўймагач, Қалдирғоч Равшаннинг аҳди собитлигини англаб, бу ёғига нима қилишга ечим тополмай, ҳақиқатни, бор гапларни айтишни лозим билиб, укасини ишдан кейин бир келиб кетишини илтимос қилди.
Чой-пой ичиб, ҳол-аҳвол сўрашгач, у укасига қудачиликка бораётган жойга Оловиддин яқин қариндош эканлигини, у эса Равшанни туғилишига сабабчи бўлганини, бошқа нозик тарафларини ҳам учини чиқариб айтди. Илғор ҳаётда кўп воқеалар кўрган, унча-бунча нарсага ҳайратланмайдиган касбда ишлайди. Бироқ ўз жигари устида бўлган бу воқеаларни эшитиб, қайнана кампирнинг айёрлиги, поччасининг писмиқлиги ёки пихини ёрганлиги ўз йўлига, шунча гапни пинҳон сақлаб келган, ичидан пишган Қалдирғоч опасини биринчи бор кўраётгандек ҳайрон эди.
Укаси: «Оилани сақлаб қолиш учун қайнанангиз қўштирноқ ичида донолик қилипти, нечук бу гаплардан бизлар бехабармиз. Нима, ойимизга ҳам айтмаганмисиз?» − деб сўради.
− Билганлар. Кўп нарсадан хабарлари бор, лекин бошқаларга айтма, деб тайинлардилар.
− Адамлар-чи?
− Уларга индамадим. Ойим шипшиб қўйган бўлсалар ажабмас.
− Балки, чунки ойимлар адамиздан ҳеч бир сирни бекитмаган аёллар.
− Тўғри. Шундай, – деб иккаласи жимиб қолишди.
Анча вақт ўтди.
Сукутни Илғор бузиб савол бераркан, хаёли бошқа ёқда эди:
− Энди, нима қилмоқчисиз опа?
− Ҳайронман, бошим қотган.
− Ҳимм.
Укаси ҳамон ўйларди.
− Ўзинг нима маслаҳат берасан?
− Маслаҳатми? Ҳозир. Сиз яхшиси ўғлингизнинг отаси, унинг иши, оиласи ҳақида билганингизни айтсангиз.
Қалдирғоч эринмай эшитган, йиғган маълумотлари асосида Оловиддин «Сувсозмаш» заводидаги ёрдамчи цехга яқинда бошлиқ бўлгани, унгача етти йилча ногиронликда юргани, қўлида ўндан ортиқ одам ишлаши, оиласида уч қизи, иккитаси турмушга чиққани ва хотини билан ажрашганини етказди.
Шу ерига келганда, укаси қизиқсиниб саволга тутди:
− Нега ажрашган?
− Оловиддин қаттиқ ногиронликка учраганидан бўлса керак.
− Ўшанга ажрашадими?
− Хотини чет элга пул топгани бориб, ўша ерда қолиб кетибди.
− Жуда қизиқ-ку?!
Илғор пешонасига уриб давом этди:
− Опа, қандай замонларга қолдик? Аёлларимиз пулга учиб, қай йўлларга кириб кетяпти.
− Ҳимм.
− Қанчалик қабоҳат ва разолатки…
Қалдирғоч унинг гапини бўлди.
− Илғор, ўтир. Бошқаларни ўз ҳолига қўй. Йўқса, менинг қисматимни ҳам одамлар гап-сўз қилишса, нима деган бўлардинг?
Укаси опасини тушуниб, суҳбат мавзусини бурди:
− Кейин уйланмаптими?
− Ходимлар бўлими йиғиб берган маълумотга кўра, йўқ.
− Қизиқ, жуда қизиқ.
− Нимага бунақа деяпсан?
− Қайта уйланмагани жуда соз экан!
Илғор шундай деб, креслога ястаниб, кафтини кафтига ишқаб, жилмайганди, Қалдирғочникига ўхшаш қора кўзлари ялтираб кетди.
− Тушунтириб гапир, Илғор. Нимага хурсанд бўлаяпсан?
− Кейин айтаман опа, кейинроқ. Сиз яхшиси, энди у ўғлингиз севиб қолган қизнинг оиласи ва Оловиддин акага боғлиқлигидан сўзланг.
Укасини ҳашарчи йигитни исмини ака қўшиб чақирганидан, янгани чеҳраси ёришиб, мамнун ҳолда бўлғуси келинликка мўлжалланаётган қизнинг онаси Оловиддинга тоғавачча эканлигини таъкидлади.
− Ия, − деганча, энди укаси бошини ушлаб қолди. Чеҳрасида бояги шодонликдан асар ҳам қолмаган эди.
Қалдирғоч ўрнидан туриб, бошқатдан чой дамлаб келгунча, бироз вақт ўтди.
Бу вақтда фикрини жамлаб олган укаси жўяли гап айтди.
− Опа-ука қиз бериб, қиз олиши тиббиётда маъқулланмайди. Аммо, улар ўртасида ўзаро қудачилик қилинмасин, деган қонуний акт ҳам мавжуд эмас. Кейин опа ёки синглиси эмас, узоқроқ қариндошнинг қизи экан-ку!
− Демак, сен бундай қариндошчиликни маъқуллайсан.
− Қўллаб-қувватлаш осон. Лекин кейинги воқеалар қандоқ кечиши мени ўйлантириб қўйяпти.
− Аёнки, тўй ҳақида Оловиддин ака эшитади. Ўғлим тоғаваччамнинг қизига уйланиши ҳақида нега бир оғиз айтмадингиз деса, нима дейман? Ё улар билан олдинроқ учрашиб, масалани ойдинлаштириб олсаммикан?
− Бўлади. Нимага энди бўлмас экан, учрашинг! Тоғаваччалари билан қуда бўлишликни маъқуллайдиларми, йўқми, фикрларини билиб оласиз. Ёлғиз ўзингиз маслаҳатлашинг. Маъқулми, опа.
− Яхши. Фақат Равшанга отаси ҳақида айтмаймизми?
− Ҳозирча, билмай турсин. Йўқса, у дабдурустдан бу янгиликдан ўзини йўқотиб қўйиши, оғзи бўшлик қилиб ёки ҳайратга тушиб бошқалар билан фикрлашгиси келиб қолади. У ҳолда, гап урчиб, ҳар турли гумон-шубҳаларга йўл очилади.
− Унда, тўйга яқин қолганида билгани яхшими?
− Балки тўйдан сўнг, сюрприз қилармиз. Ҳар ҳолда шошилмаслик керак.
− Яхши.
50. ҲАҚИҚИЙ ОТАСИ БИЛСИН
Тушдан кейин “Сувсозмаш” заводи олдига келиб турган қора «Волга» машинасида ўтирган Қалдирғоч узоқ кутмади. Ёнидан дарвоза томон ўтиб кетаётган сариқ сочли ишчини тўхтатиб, русча гап қотди.
− Кечирасиз, сиз заводда ишлайсизми? − Ҳа, шу заводда.
− Салом. Яхшимисиз?
Сариқ сочли ишчи чиройли аёлни у билан тарбияли сўзларидан хурсанд, салом, деди дўриллаб.
− Мабодо, цех бошлиғи Оловиддин Маҳаматовични танимайсизми?
− Эшитганман, лекин яхши танимайман.
− Эсиз.
− Бирор ишингиз бўлса, айтаверинг.
− Шу кичкина хатни бериб қўйилса, етарли эди.
− Шунинг ўзими? Осон-ку.
Қалдирғоч хатни узатаркан, ҳозироқ бериб қўя оласизми, деб сўради. Сариқ сочли ишчи қадрини ошириб, бошқа ишларим кўп. Уларни битказиб олай, кейин бераман, деди. У бу кўркам аёлни ялинтириб, узоқроқ гаплашиш умидида эди.
Қалдирғоч хатга пул қўшиб узатди.
− Сизга ишондим, дарров бериб қўйинг, − деди.
Сариқ сочли ишчи хатни оларкан, пулни олгиси келмай тихирлик қилди.
Қалдирғоч: олинг, пул ортиқчалик қилмайди, деб бир-икки марта қайтаргач, пулни олиб, майли, ниҳоятда гўзал бир аёл берди, деб шерикларимга мақтанаман, деди. Фақат, бу хат ҳақида бошқалар билмасин, хўпми? деб таъкидлади янга.
Сариқ сочли ишчи хатни ва пулни костюмининг ён чўнтагига солиб, ичкарига шошди.
Оловиддин электрик бўлиб ишлайдиган бу сариқ сочли ишчини унча танимас экан, қўлига теккан хатни ўқиб ҳайрон бўлди. Бугун, ўша жойга келинг. Т., деб битилган ёзувни чиройли имлодалигига эътибор бериб, аёл кишининг қўли битганини фаҳмлади. Аммо, ўша жой, қайси ер деган жумбоқни ҳал қилиш учун, қоғозни айлантириб кўрди. Бошқа ёзув йўқ эди. Сариқ сочли ишчи жуда чиройли, қош-кўзи қора, ўзи ҳам қорача красавица берди, деганидан, янга бўлса керак, деган фикрга келиб, ўйга чўмди. Қоғозга яна бир бор тикиларкан, унинг четида қалдирғоч қушнинг кичик сурати туширилганлигини кўриб, суюниб кетди. Чиндан янга экан, топқирлигини қара, қалдирғоч расми − хат Қалдирғочданлигига ишора, хуфия иш қилишга қанчалик уддабуронлик. Ҳеч кимнинг ақлига келмайдиган ҳийла. Т. дегани Тошкент меҳмонхонаси бўлса керак, тушунарли. Улар Алишер Навоий опера ва балет театри хиёбонининг энг чеккадаги скамейкасидан жой олишди.
Қалдирғоч суҳбатни янгиликдан бошлади.
− Табриклашингиз мумкин, Равшан уйланяпти. Ва биринчилардан бўлиб сизга айтишни лозим топдим.
− Ким тарзида бораман. Отаси бўлибми?
− Истасангиз шу мақомда.
Оловиддин Қалдирғочни билагига қўл солиб олган, қўйворишни ўйламас, бу осонликча берилган жавоб уни қониқтирмади.
− Аёл кишининг макри қирқ эшакка юк бўлади. Қани, бошқа гаплардан ҳам сўйлангчи: келин ким? Қуда томон қанақа оила экан?
Қалдирғоч тилини тишлаб ўйлаб қолди. «Гапни нимадан бошлаш керак? Қайси йўсинда Зулхумор тўғрисидаги маълумотни етказсам, у қизишиб кетмайди» деб ўйларди.
− Хаёлга чўмиб кетдингиз! Қалдирғочим, қалдирғоч, қанотингни ёз, баҳри дилинг оч, − деди Оловиддин.
Бу ҳазилга, янганинг чеҳрасида кулгу ёйилиб, енгил тортди.
Қўлини секин суғириб олиб, хурсанд гапирди:
− Равшан яхши кўриб қолган қиз ўзининг соҳасида ўқиркан, бир йилдан кейин дипломли бўлади.
− Яхши!
− Исми Зулхумор.
− Равшан ва Зулхумор достонидаги қаҳрамонлар денг.
− Достондаги қийинчиликларсиз, улар бир-бирига етишади, – деб ўйлайман.
− Ким қарши? Ўғлимга ёққан бўлса, сиз маъқулласангиз, мен розиман.
− Отасининг исми Садир ака, онасининг исми Ҳадия.
Бу исмларни эшитгачгина, Оловиддиннинг оғзи очилиб, анграйиб янгага ўгирилди.
− Айтаверайми? − деб янга унинг елкаларини сийпалашга ўтди.
Бу аёлларнинг эр кишини кўндириш учун қўллайдиган усули. Аксари ҳолларда яхши натижа беришини у анча чуқур ўзлаштириб олганди.
− Ҳимм.
Оловиддин ундан кўзини узмай гапнинг давомини кутарди.
− Совчиликка уйларига бордим. Ҳовлилари Мискин маҳалласида экан. Чимчақирдек, озода, саришта ҳовли. Янги таъмирдан чиққан. Яна иккита фарзандлари: узатилган қизи ва ҳали уйланмаган ўғиллари бор экан.
− Ҳимм.
− Онаси заводда табелчи бўлиб ишлаган, ҳозир бозорга чиқаркан, отаси катта механик, шекилли.
− Тўғри.
− Ҳадия опа тоғангизнинг қизи эканми?
− Ҳа.
Оловиддин ўйга чўмди. Боя янга: қизнинг исми Зулхумор, юридическийда ўқиркан, дегандаёқ юраги шиғ этиб кетганди.
Озгина вақт ўтди. Янга Оловиддинни шоширмас, унинг афту ангорига тикилиб, у дадил, довюрак йигитнинг қуруқ савлатию, сўнган руҳи қолибди, деб ўйлади, лекин кўнгли хотиржам эди. У айтадиган гапини айтиб олди. Ўғлининг ҳақиқий отаси эса бу сўзларга қаршилик қилмай эшитди. Розилик берса ҳам керак деган ўйда, ора-чора чиройли нигоҳини яна керакли бўлиб қолган кишисига тикарди. Оловиддин тикланиб, қизиқ гап айтди:
− Мен билан маслаҳатлашиб нима қиласиз? Қайнанангиз, эрингиздан маслаҳат олинг!
− Улар ўтиб кетишганига неча замонлар бўлди.
− Шунақами? Билмасдим. Худо ҳақи.
− Хижолат бўлманг.
− Худо жойларини жаннатдан қилсин!
− Омин!–деб, Қалдирғоч қўлларини юзига тортди.
− Акобир… Акобир ака қазо қилганига неча йил бўлди?
− Ўн йилдан ошди.
− Ия, ўн йил. Наҳотки?
Қалдирғоч индамай бошини силкиди.
− Ростданми? Нега менга айтмадингиз.
Янга ҳайрон унга тикилди: энди бир ками, «Эрим ўлди, ҳашарчи йигит», деб уйингизга боришим қолувди, деб ўйлаганча, аччиқланиб юзини бурди.
− Ҳимм.
− Бошқа эрга тегмадингизми?
− Йўқ!
Қалдирғоч бегонамас, ўғлининг отаси бўлгани учун бор гапни Оловиддинга айтишни раво кўрди.
− Ўн йилда нима, эр топилмадими?
Қалдирғочга бу мавзуда нуқул савол беришлари ёқмади. Шунинг учун суҳбатни якунлашга шошди.
− Мени савол-жавобга тутганингиз бугунча етар. Равшан масаласида тезроқ ойдинлик киритарсиз. Хайр.
Шундай деб, Қалдирғоч тез юриб кетворди. Оловиддин унга етолмай:
− Ҳай, тўхтанг. Мен сизни хафа қилдимми? − деб ортидан оқсоқлана, оқсоқлана қолиб кетди.
Оловиддин тўйгача Садир поччасини ҳузурига чақирди.
Ишдан кейин хонасига қамалиб, уни гапга солди.
– Ҳар ойда камида бир марта ҳушёрхона меҳмони бўладиган хотинингиз Шурадан кечинг, деб қаттиқ гапирди.
Поччаси: менга бўлаверади. Уйим бор, жойим бор. Туғмайди. Кир-чиримни ювса, яна нима керак, деди.
Кейин қуйидаги суҳбат бўлиб ўтди.
− Қизингиз Зулхуморга яхши жойдан совчилар келаётибди. Отаси ташлаб кетган, деган тамғадан уялади.
− Каттасини ҳам менсиз узатишган, тўғри, тўйга бир кун қолганда айтишди. Бормаганман. Бу гал ҳам менсиз ўта қолсин.
− Ҳадия хотинингиз ўзи илтимос қилди.
− Эндими? Сал адашганимда ҳайдаб, шаллақилик қилгани эсимдан чиқмаган.
− Ҳозирги аёллар бари шунақа. Нима, яхши қилибсиз, дермиди? Болалар олдига қайтинг.
− Йўқ!
− Охирги марта сўраяпман.
− Бўлмасам нима?
− Калтакка қолиб кетасиз.
− Эй, бор-эй!
Садир почча бир қадам қўйган эди, Оловиддин унинг гирибонига ёпишди. Шура рози, озгина пул берамиз, ажримга қўл қўйиб беради. Ўртада бола йўқ. ЗАГСдаёқ бу ишни эрта-индин ҳал қилса бўлади.
Поччаси унинг қўлидан чиқиш учун силтаниб, бир-икки уринди. Натижа чиқмагач, у ерда уч ой муддат беради ўйлаб кўришга, деди.
Шуранинг ҳушёрхонага бир неча бор тушгани тўғрисида маълумотномалар етарлича, тезда ҳал қилиб беришга ваъда беришди, деб сўзида туриб олди Оловиддин. Поччаси ноилож кўнди: яхши.
Оловиддин шунда поччасининг бўйнидан қўлини олиб, костюм барини сийпалашга ўтганди, у дўқ қилишга ўтди.
− Ўзингдан катта одамга зуғум қилишми? Ҳали кўрсатиб қўяман сенга.
Оловиддин поччасини астойдил хафа бўлганини англаб, тилёғламаликка ўтди.
− Келинг, унутинг бу гапларни. Яхшиси элликта олмасак бўлмас, бу иш учун.
Поччасининг бу таклифдан чеҳраси ёришди.
− Майли, аблаҳ. Қуй!
Тўйгача қилган ишидан мамнун Оловиддин оқсоларидан тортиб, патир узатишгача бош-қош бўлди. Бир-икки кун қовоқ солиб юрган поччаси, тез орада киришимлилигини кўрсатиб, қўшилиб кетди. Маҳалла-кўй, қўни-қўшниларни ошга этиб, қариндош-уруғларни тўйга таклиф этишга Оловиддин ҳамроҳлик қилди.
Тўй ноябрь ойида Кўкишкўл қишлоғида ўтиши лозим эди.
Хурсандчилик устига хурсандчиликдан ёшларнинг кўнгли ёришган бўлса, Оловиддиннинг ичи қисиларди. Вақтида уйланиб олмаса, янга қўлдан чиқиб кетса нима қилади? Энди келиним олдида уяламан деса-чи. Балки қаттиқроқ гапириб, янганинг эски ваъдасини эслатиб қўйсинми? Шунингдек, ўғлига ўзини борлигини билдириш вақти ҳам етди.
Равшан ҳақиқий отаси бошқа эканлигини эшитиб, ўрнидан қўққис туриб кетди ва хонаси бўйлаб юра бошлади. У ўрта бўй, елкаси кенг, қоматини бироз эгиб юради. Бундай юриш на Акобирдан, на Қалдирғочдан ўтган. Ўзи ҳам адасига унча ўхшамаслигига ҳайрон эди.
− Менинг паспортимда, отасининг исми-шарифи деган графага Акобир деб ёзилган, − деди.
− Тўғри, у сенинг аданг. Боқиб олган. Биологик отангнинг исми эса, Оловиддин.
Тоғаси бу гапларни зўрға ўзини босиб тушунтирарди.
− Мен отам ўлган деб юрардим. Энди янгиси қайта туғилибдими? − деб Равшан кесатди.
− Ношукурлик қилма.
− Ҳимм.
− Бу отанг Зулхуморга тоға тарафидан жигар ҳисобланади.
− Нима? Нега шуни аввалроқ айтмадинглар?
− Онанг, мен хоҳламадик.
− Ростданми?
− Ишонмасанг, бу ҳақда онангдан ўзинг сўраб кўр.
− Ойимни хижолатга солишни истамасдим. Лекин бор ҳақиқатни ўзлари айтиб бермагунларича бир қарорга келишим қийин.
Равшан ўйлаганидек, онаси билан суҳбати жуда қийин кечди.
Укаси Қалдирғочга: «Равшанингга сўзим ўтмади», деганидан унинг кўнглига ғулғула тушганди. Энди нима бўлади? Наҳотки, ҳақиқий отасини тан олмаса? Тарбияси мукаммал, бирор сўзимдан чиқмайди, деб билган фарзанди исёнкорлик қиладими? Нега отамни яширгансиз, энди уни тан олсам Акобир адамни руҳи чирқирамайдими, десачи. Бошида ғужғон ураётган саволлар сонсиз-саноқсиздек туюлиб, ечими йўқдек эди.
Ўшанга, Қалдирғоч ўғлининг қизиқишларига жавоб айтаркан, қачонлардир қилиши керак бўлган ишни бажараётганлигини англаб, ёлғонламай, нима бўлса бўлар қабилида ҳеч нарса яширмай жавоб берарди.
− Ойи, бу гаплар ростми? Зарурмиди шунақа уйдирмалар?
− Ҳимм.
− Хийлага ўхшайди.
− Иложсизликдан қўйилган қадам.
− Ойи, мен кутмагандим.
− Бувинг шошиб қолганини кейин тан олди. Айб мендамас…
Шундан сўнг Равшан жим қолди.
Қалдирғоч йиғлаб ўғлини қучоқлаб олди.
− Энди нима бўлади болам? Буларни тан олмайсанми?
Ўғли индамай ўйга чўмганди.
Қалдирғоч унсиз йиғлашга тушди. У ҳеч нима сўрашга ўрганмаган, илтижолар қилиб, бировнинг кўнглини эритиш, юлвориш билан ийдиришларни билмайдиган мағрур аёл кўз ёш тўкарди, холос. Шунда ҳам овоз бермас, товуш чиқармасди, ҳисоб.
Бирмунча муддат ўтиб Равшан ўзига гапиргандек сўзга кирди.
− Улар туфайли дунёга келган бўлсам…
− Сен менинг ҳаётимнинг мазмунига айландинг.
− Энди Зулхуморга нима дейман, − Равшан онасига бошини буриб қараган эди, Қалдирғоч уни икки қўли орасига олиб, пешонасидан ўпаркан, қизиқ гап қилди:
− Тўғри, қиз ҳам бу ҳақиқатни билишга ҳақли. Аммо бу гапни Оловиддин отанг қизнинг онасига ўзи айтгани маъқул. Ҳар ҳолда улар қариндош.
* * *
Ҳадиянинг бунақа феълли эканлигини Оловиддин энди билди.
Садир поччаси айтганидек, шаллақилигига тенг келиш қийин экан.
− Сенинг қачондир, қаердадир тасодифан пайдо қилган боланг, ҳали ҳуснда, одобда тенгсиз қизимга куёв чиқдими? Вой-дод, уйимни нас босиб кетди. Ҳиди димоғимни ёради. Қизим бир кун ҳам турмагани бўлсин, − деди тоғасининг қизи.
Оловиддинни астойдил жаҳли чиқиб бақирди:
− Ўчир овозингни, кўчадаги кучукдек акилламай. Эсиз сенга эр, фарзандлар. Садир поччани ҳам бекор қайтарибман.
− Сенга ким олиб кел деди. Ўзингга ўхшаган алкаш эрдан кимга фойда. Яхши бўлсанг хотининг кетиб қолармиди? Бошқа эрга тегиш осонми? Бу кунингдан ўлганинг яхши.
Оловиддин тоғасининг қизини уриб юбормаслик учун, ўрнидан турган куйи столни ағдариб юборди ва кўчага отилди.
У аввалига бор сирни бекор билдирдим деб жиғи-бийрон борарди. Лекин бу уйдан қанча узоқлашса, шунча енгиллик сезабошлади ва ҳовлисига кирганда тўғри иш қилганига иқрор бўлди. Тўй бузилса бузилар. Кейин ғалваси чиқмасдан, ёпиқлик қозон ёпиқлик қолгани дуруст, деб ўйлади.
Ҳадия берилган совғаларни ҳаммасини қайтармади. Шунда ҳам, овора бўлдинглар деб Илғор яна уч миллион сўм чиқазиб, Ҳадиянинг синглисига тутди. Опам ўзи қийналган, ҳали қизини контракти бор деганча, у пулни икки қўллаб олди.
Фақат, Оловиддинни фисқи-фасод учун мавзуга айлангани чатоқ бўлди. Уйида эрга чиқмаган қизининг боши эгилди. Бу ёқда куёвлари, қудалари ҳам ҳайрон. Қизларига қайнаналарининг пичинги ҳаммасидан ўтиб тушарди. Оловиддиннинг илгариги сиёғи бўлганда қариндошлигига қарамай, бир-икки нордон гаплари билан хотин қудаларнинг оғзига қопқа қиларди. Лекин, бир ўзи қолган, ёлғиз, ҳаётда ёнига кирадиган қаноти – хотини йўқ.
Тўй бузилса-да, Қалдирғоч Оловиддинга бир оғиз таъна қилмади. Бундай серғалва қуданинг боридан йўғи, яхши деб кулди. Лекин, ичида, устига мағзава ағдаришгани, бирор бир мансаб, мартабани қойиллатмаган, заводда ўзини кўрсатиб донг чиқармаган, беандиша шаллақи хотиннинг унинг оиласи, айниқса ўғли устидаги хунук гаплари бағрини ўйди. Бирмунча вақт эзилиб юрди. Равшаннинг бошлиғи бор гапни эшитиб, яхши маслаҳат берди. Тўйни бузган бўлса, одам танимас, фикр-доираси тор, ўз гапидан қолмайдиган маҳмаданалардан бўлса керак. Сен уларни қўй, яхшиси отанг билан онангни тўйини қилиб бер. Бирга яшанглар. Бахтнинг боши ўшанда. Яна ЗАГСдан ўтказиб қўйсанг, гап-сўз қиладиганлар миқ эта олмайди. Маъқулми, деди.
* * *
Тошкентда Қалдирғочни бир янгилик кутарди.
Сайкин сўзида туриб, шаҳидлар бўйича анча материал тўпладию, аммо босиб чиқишга улгурмай, уни Европа давлатларидан бирига ўтказиб юборишларини Қалдирғочга билдириб, йиққан қоғозларини унга топшириб, албатта босиб чиқаришни охирига етказиб қўйишни илтимос қилиб сўради. Қалдирғоч бу ҳужжатларни китобга айлантириш учун нима қилиш лозимлигини укасига маслаҳат солса, у бир куюнчак ёзувчи билан таништириб қўйди. Янга, нақд юз бетдан ортиқ, бор қоғозларни унга тутди. Илғор пул масаласини ўзи ҳал қилган шекилли, ёзувчи гонорар ҳақини эслатмади, фақат, китоб кимнинг номидан чиқади, деб сўради. Сизнинг номингиздан албатта, фақат мен билган одамларнинг ҳаётини батафсилроқ, ўтмишдаги турмуш тарзлари ва аждодларини қўшсангиз, деб жавоб қилди Қалдирғоч. Куюнчак ёзувчи Қуддуснинг онаси Махсуманинг қариндош-уруғлари, авлод-аждодлари тўғрисида архивлардан маълумотлар топиб, тўлдириб, ота авлодининг аввалги вакиллари: бувалари, ундан олдингилар Шайхонтоҳур масжидида эшон ўтганларигача аниқлаб ёзибди ва ҳаммуаллифликка Сайкинни танлабди.
Икки юз дона китобнинг асосий қисмини Қалдирғочга келтириб берган ёзувчига яна бир бор раҳматини билдирган янга энди бу китобларни дўстининг оиласига етказишни ўйларкан, Илғор уни сергаклантирди. Китобнинг таржимаси қани? Уларни тарқатиш учун рус тилида ҳам чиқариш лозим.
Бу гапларга уч-тўрт йил бўлди. Мана бугун қўлига рус тилидаги варианти тегди. Энг қизиғи, Махсуманинг қариндош-уруғлари ҳам топилди ва Қуддуснинг оиласи билан учраштиришни сўрашди. Оддий касбдаги одамлар. Ичларида ўқитувчилик қилаётган ҳам бор экан.
«Баҳор» ресторанида бор қариндошларини йиғиб, ўтириш ташкил қилинди. Жами столда ўнтача қондошлар, Қалдирғоч бош. Илғор бирпасга келиб кетди. Ўқитувчилик билан шуғулланаётган амакивачча, у етмишдан ошганди, Махсумани эслади, ёши у вақтда саккиз ёш эканлигини, ҳарф танишни ундан ўргангани, тиришқоқлиги, доимо ораста юришларини эсларкан, қош-кўзлари мана шу қизга ўхшарди, деди Қуддуснинг катта қизига тикилиб.
Самира катта қизи – Махсума билан Кўкишкўлга келганига икки кундан ошди. Улар: Самира ва Қалдирғоч бир-бирлари билан сирдош дугона, қадрдон дўст сифатида иноқлашишган ва неча йилдан бери борди-келди қилишади. Қуддуснинг катта қизи − Махсума ўн олтидан ошган, Қалдирғочни жуда яхши кўради. Ҳамма нарсада унга тахассуб қилади. Негадир у хипча, бўйи пастроқ чиққан. Самира буни изоҳлаб: бувисига тортди. Қаранг, ҳатто қўл-оёқлари ингичка, бошқа болаларимнинг суяги йўғон, ўзлари ҳам баланд бўйли, дейди. Қалдирғоч опамга ўхшайман, деб нуқул ўзига қарагани қараган. Оройишта. Саранжом. Шу куйди-пишдилигига камтовоқ. Хаёлпарастки бирам. Бўш қолди китобдан бошини узмайди. Врач бўламан деган иштиёқи бор. Биз ҳам розимиз. Буваси ўзимиздаги тиббиёт институтига киргазиб қўяман деса, у Тошкентга бораман, Қалдирғоч опаникида туриб ўқийман деганди, дадам жаҳл билан кетиб қолдилар.
Йўқ, уни бир амаллаб кўндирдик, ўзимизда ўқийдиган бўлди. Нимангиз борки, бу қизим мендан кўра сизга қулоқ тутади. Насиҳат қилиб қўйинг, мендан сирларини яширмасин.
Яхши, деганча Қалдирғоч, мавридини топиб, Махсумани ёнига олиб: қиз бола онаси билан сирдош бўлиши қанчалик муҳимлигини, ўз ҳаётидаги мушкул онларида онасининг рағбати, турткиси, далдаси билан муаммолардан чиққани, бахт йўлини топганини мисоллар келтириб унга етказди. Қиз хурсанд: қаранг, сиз қандай жуда оддий сўзлар билан айтасиз. Сўзларингизни маҳлиё эшитаман. Ўзингиз ҳам, ҳаётингиз ҳам сирли ва гўзал ўтган, шундайми, деб юзларидан ўпиб, ёпишиб олди. Қалдирғоч, жавобан уни бағрига босиб: сендек қизим бўлишини жуда-жуда хоҳлаганман. Мени ҳеч унутма, сени кўрсам, отангни кўргандекман. Исларинг ҳам худди уники, деб негадир лабларидан узоқ ўпди. Тўйиб йиғлади.
Равшан Зулхуморнинг онаси жанжалкашлигини эшитиб, кўксига туфлаб, ойи бир худо асрабди, шундай хотиннинг қизи нима бўларди, деди. Қиз билан қайта гаплашишни ўзига эп кўрмади.
Оловиддиннинг ишхонада қўли ишга бормай қўйди. Чунки унинг оиласидан ташқарида ўғли борлигини барча билиб бўлган, уни гапга солиб кўрмоқчи, чиндан ўғлими-йўқми, ёки фарзандининг вақтинча никоҳда туғилганлиги тарихига ишора қилишлар, батафсилроқ маълумот сўраганлар қанча бўлса, шубҳа остига олганлар ундан кам эмасди.
Туну кун бир ўйда юриш қийин. Шифокорлар сўзи билан Оловиддин депрессия ҳолатига тушиб қолган. Ўз хонасида ҳам ўтира олмай, цехни тинимсиз айланиш одат. Қўнимсизлик, хафақонлик, гап-сўзлар таъсири, ўй-хаёллар оғирлик қилиб, у уйқусизликка ҳам учради. Завод шифокори маслаҳати-ла зудлик билан стационарга ётқизилди. Йўқса, оқибати оғирроқ касалликларга олиб келиши тўғрисида яқинлари: катта опаси Хуршида, қизлари огоҳлантирилди.
Уни неврология бўйича ўн еттинчи шаҳар касалхонасига ётқизишди. Энг четдаги тинч бир хона ажратилди. Аввалига ўн кун давомида ул-бул кўтариб келганларга ҳам ортиқча вақт ажратиш тақиқланди, ухлаш ва фақат уйқу ва тинчлантирувчи дориларни бир оралиқда кунига тўрт марта қабул қилиш, ёнбоши ва венасидан уколлар фойдасини берди.
Бу аҳволга тушганини эшитиб, гап қилганлар ҳам тилини тишлаб қолишди. Қайтага яқин қариндошларидек йўқлаб туришди.
Бир куни Қалдирғоч укаси ҳамроҳлигида келди. Оловиддиндан ҳол-аҳвол сўраб, чиқиб кетишаётганда, опаси Хуршидага рўпарў бўлди. Опаси бу чиройли аёл ким деб сўраб ўтирмади, мазмунан топилган ўғлининг онаси шу бўлса керак, деган ўйда суҳбатга тортди.
− Айланай, ким бўласизлар, заводданми?
−Йўқ… Эскидан танишмиз, − деди янга.
− Мен Оловиддиннинг опаси Хуршидаман. Бир кўрган таниш, икки кўрган қариндош, деган гаплар бор. Сизнинг исмингиз ким.
− Қалдирғоч. Бу укам Илғор.
− Эй, Ҳадияникига совчиликка борган сизларми?
− Ҳа, болаларимиз бир-бирларини яхши кўриб қолишган, деб боргандик.
− Ҳадия ўзи шунақа, итфеъл, хафа бўлмайсизлар. Қанча ортиқча гапларни айтиб юборибди. Шундан кўра йўқ деса, олам гулистон бўларди, − деб Қалдирғочга қаради. У:
– Ҳа-я, деганча индамай қолди.
Орага сукут тушди. Пайтдан фойдаланиб, Қалдирғочга Хуршида тикилиб назар солганча, унинг қадди камолини баҳолаб, бундай пардозсиз гўзал аёлни биринчи бор кўраётгандек, ҳайратга тушди. Янга киши билмас Оловиддинга қараб, бизга рухсат дегандек, кўксига қўлини қўйиб, имо қилди.
Оловиддин ҳушёр тортди. Дарров тушунди.
− Улар узоқдан келишибди, жавоб берайлик, − деб опасини шоширди.
− Ўтирмайсизларми?
Илғор опасининг қисилиб, қимтиниб хижолат бўлаётганидан, дадил сўзлади.
− Йўл узоқ. Яна келармиз. Мана, анча яхши бўлиб қолибдилар. Суюндик. Тезроқ тузалиб кетсинлар. Илтимос, омин қилинг. Сиз каттасиз.
Хуршида шошилмай, қўлини очаркан, Қалдирғочга яна бир қараб олди:
− Илоҳо омин, укамизни дардига Оллоҳ шифо берсин! Кўрмагандек бўлиб кетсин!
Ҳамма дуога қўлини юзига тортиб, сўнг ўрнидан турди.
Уларни қаватдан чиқишдаги эшиккача кузатиб қайтган Хуршида, кўзи ўйнаб, ҳовлиққанча сўз қотди:
− Бу аёл ким? Ўша жувонми?
− Ҳа. Қайдан билдингиз?
− Нега билмай? Кўнглим сезди. Бунча чиройли бўлмаса. Ҳусни ўз йўлига, менга андишалилиги ёқди.
− Ҳимм.
− Нима, сенга маъқулмасми? Шунга уйлана қолсанг бўлмайдими?
− Ҳимм.
− Нега индамайсан? Оғзингга толқон солиб олганмисан?
− Опа, ўзи нимага келгансиз? Беморнинг аҳволидан хабар олганими? Ё менинг бўйдоқлигимни ҳал қилганими?