Текст книги "Икки жаҳон оворалари"
Автор книги: Абдужаббор Обидов
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 27 (всего у книги 34 страниц)
44. ДЎСТ ҲОЛИДАН ХАБАР ОЛМОҚ МАРД ИШИ
Бу орада, ҳеч кутилмаганда, Сайкин пайдо бўлди ва Қалдирғоч кабинетида ўтирган стулидан туришга улгурмади, тўғриси, хурсандлигидан бир нима дейиш, ўрнидан қимирлаш ҳатто хаёлига келмай, жойига ёпишиб қолгандай ҳолатда уни кутиб олди.
− Қаердан пайдо бўлдингиз? Осмондан тушдингизми ёки ердан чиқдингизми?
У жавоб бериш ўрнига, узатилган қўл бармоқлари, кафти, билакларидан ўпаркан, биринчи саволидаёқ уни гаранг қилди:
− Қуддус уйланишига нега рухсат бердингиз?
− Эркаклар аёллар билан ҳисоблашишни ўзларига эп кўришмаса, бизга ким қулоқ тутарди.
− Бу режа бува-бувисининг иши. Эри бор аёлни севиш гуноҳ, − деб уқтиришибди.
− Кўнгил қинғир йўлни танласа, ким гуноҳкор бўлади? Иймонми ё жонми? – деб қизиқ савол ташлади Қалдирғоч.
− Хаёлнинг илдамлиги руҳга озуқа, жисмнинг нобакорлиги дилга қайғу солади, − деди Сайкин, бошини қашиб.
− Ўзингизчи, Сулачи хотирасига содиқмисиз?
Сайкин бошини ликиллатиб, бошқа гап айтди.
− Эртага Москвага учаман.
− Мен эса уч ой у ерларда ишлаб ҳам келдим.
− Чинданми? Қизиқку? Москвада нима ишлар қилдингиз! Нима қилиб у ёқларга бориб қолдингиз!
− Мени саволларга тутиб, гапни бура кўрманг! Яхшиси Кашмирдаги сафарингиз ҳақидаги ҳикояни охирига етказсангиз.
− Қайси ҳикоя эди у, − деб Сайкин бошини қашиди.
Қалдирғоч шоширмади. Дўстига кўз ташлаб, фикр сурди: озибди. Телефон қилиб туради, доим аҳволимдан огоҳ. Ишимга, ҳаётимга қизиқади. Неча марта хорижга йўл очиб берай, путевка бор, деди. Қайнанамдан ҳайиқиб, эримнинг сўзидан чиқмай, деб розилик бермадим. Лоақал бир марта хўп демадим. Умр дарё экан. Бирпасда олти йил ўтибди
– Майли айтсам-айтавераман, − деб Сайкин сўзга тушди.
− Сулачими, у маълум даврим учун қалбим бўш, ҳувиллаганида, борлиғимни тўлдирган аёл эди. Энди эса, янгитдан гул искамасам оёғим остидаги ер оғирлашиб кетди. Бир умр мотам тутишим керакми?
− Эркакларга осон! Ёри ўлса ёр олиш учун, бозорга тушиб кавуш харид қилгандек йўл тутади.
− Унчаликмас, хоним сизга нима бўлди. Мени бирор бетайинга тенгламаяпсизми?
− Нима бўлганда ҳам, ҳеч ким сизларни айбламайди. Аёлларгачи, қийин. Тул, бевалик қурсин! Ўтган-кетганга нишон бўларкансан.
− Шунинг учун эрга тегмоқчимисиз?
− Йўғ-эй?!
− Сизларда Акобирга ўхшаш маъқул эр кам топилади.
− Бу гапингиз ҳақ.
− Аммо, шунга ўхшашини топаман деб, вақтни бекор бой бериш ҳам унчалик ярамайди.
− Мен худди ошиқларга зорману, улар етишмаётгандек қочирим қиласиз.
− Гўзаллик, назокат умри қисқадир, висолнинг баҳоси шучун ақчадир.
− Висол баҳоси пул, бойлик. Қанчалик разолат! Сизга нима бўлди? Қани у романтиклигингиз?
− Мен шунақаман. Гоҳида романтиклигим ўрнини прагматиклик эгаллайди.
− Йўқ, йўқ. Романтикадан айрилсангиз дўстлигимиз тамом.
− Яхши. Яхши! Ҳазиллашдим.
Қалдирғоч гапни буриб сўради.
− Энди сизга кўпроқ вақт ажратишим мумкин бўлар. Сулачи билан нимага ажрашганингизни ҳозир айтиб берасизми? Ёки кейинроқми?
Сайкин ҳозир дегандек бошини имлаб, гап бошлади:
− Қандайдир чегара урушида, бошқа қабиладагилар, номусурмонга турмушга чиқишни сенга кўрсатиб қўямиз деб, ўзлари билан бирга олиб кетишибди.
– Лекин сиз номусурмон эмассиз, шекилли.
– Хочга чўқинтирилганмасман, − деди Зинат мағрур бошини кўтариб.
− У ҳолда нега Сулачини ўғирлашибди?
− Оқсоқол панд-насиҳат қилди. Ўзинг шошиб қолдинг. Тобелик, бу муҳаббат дегани эмас. Эркинликдан яхши неъмат йўқ. Бирор муддат бўлса ҳам ўзини оиланинг тенг ҳуқуқли вакиласи деб билсин дегандинг. Уйланмаганингда бу ғавғолар йўқ эди. Чўриси экан, деб унга тегишмас, одатимизга қарши чиқишмасди, деб мени юпатмоқчи бўларди. Кимга ёқмайди, индамас, сўзингдан чиқмайдиган, озода, саришта хотин. Мен унга бахтнинг афзалроғини тилагандим. Оқсоқол эса: шу марҳаматинг туфайли Сулачидан айрилдинг, деди.
Орадан маълум вақт ўтди. Менимча, олти ойча. Бир куни саҳарлаб кучук вовиллади. Лекин бу товуш зуғумли эмас, эркаланган куйи эшитиларди. Ўрнимдан сакраб турдим. Ҳаприқиб, ташқарига югурай десам, оёқларим ўзимга қулоқ солмас, юрак дукурлаб урарди: наҳот у бўлса! Али мендан аввал уйғониб, кўча эшикни очишга улгурди ва шу заҳотиёқ унинг: Сулачи. Сенга нима бўлди? Аблаҳлар, дегани қулоғимга етиб келди.
Сулачини қишлоқ табиб аёли турли гиёҳ-ўтлар билан даволаб, атала, хўрда қайнатиб оғзига тутди. Кейинчалик балиқ, товуқ шўрвага ўтди. Неча кун деганда у ўзига келиб, баъзи бир саволларга жавоб берадиган бўлди. Аммо, мен билан гаплашишни ортиқча истамас, юзини тескари буриб олар, саволларимни жавобсиз қолдирарди. Ҳол-аҳволини сўраб, сенга бирор нарса керакмасми ? Али нима олиб келсин десам, ҳеч нарса керакмас, сизга катта раҳмат сер, дерди. Дод деб юборгим келарди. Нега мени сер дейди. Сер деб менга мурожаат қилади. Мен унга жанобмас, эр ҳисоблансам. Унга шуни тушунтирдим. Мени танияпсанми, эринг бўламан дедим. Сулачи кўзларида ёш: у кунларни унутинг сер, мени бутун бошли гуруҳ хотинликка яратди. Бири ўлса бошқасига никоҳлашди, балки касал ҳам юқтириб олгандирман, деб йиғлади. Ўша дамда покиза Сулачийимни булғаганларни катта ошпичоқда бўғизлагим келди. Ғазабдан муштларим тугилар, асаб толаларим новдадек бўртган кўйи табиб аёлга қарабман. У, бу гаплардан аввалроқ хабардордек, бошини силкиганча, тўғри айтасан қизим, сени дўхтирлар ҳам кўрсин, деб менга қаради ва сўзини давом этди: зудлик билан уни текширтиришингиз керак бўлади, жаноб.
Номи хунук касалхонада Сулачини олиб қолишди. У чиндан ҳам хароб бўлган, энди эгамни ўзи ҳам унга ёрдам беролмаслигини беписандлик билан битта олифта дўхтир айтганда, бўғзига ёпишиб бўғибман. Жанжал чиқарибман. Оқсоқол ёнимга тушдими, ёки менинг хориж фуқароси эканлигим, айниқса Иттифоқданлигим таъсир қилдими, полициячи жиноий иш очмадию, лекин дакки бериб қўйиб юборди.
Кейин мени, Али ва табибни ҳам тиббий кўрикдан ўтказишди. Соғ эканмиз, тинчгина уйимга қайтдим, лекин ижара жойимга ҳам турли пуркагувчи дориларни сепиб, у ётган ҳужрани роса шамоллатишди.
− Эвоҳ! Инсон тақдири бунчалар чигал.
− Сулачи мен билан хайрлаша туриб, бундан кўра нақд кўкрагимга пичоқ санчишмайдими. Милтиллаб қон оқса, сиз бош қўйиб кўз ёш тўкардингиз, мен сиздан бошқа ҳеч кимга ёр бўлмаганлигим учун мағрур ўлардим, деб сўнгги бор мулойим боққан кўзларини тикди.
− Қайғули экан охири.
− У мени севармиди, нима деб ўйлайсиз?
− Севган. Албатта севган! Ҳеч қачон шубҳа қилманг!
Сайкин бир вақт кўзи намланиб, дастрўмолини олди. Қалдирғоч, чойнакдан чой қуйиб узатаркан, Сайкин пиёлани қўлига олиб, хориждан чақириб олишди, Иттифоқда номи чиққан газетанинг Ўрта Осиё бўйича махсус мухбири этиб тайинлангани, бундан буён Тошкентда яшашини эшитгач, Илғорга телефон қилиб, уйга эски танишлари – Сайкин боришини билдириб, у томонда адаси билан маслаҳатлашган укаси: биз меҳмон кутишга тайёрмиз, биринчидан ташқари яна кимларни айтасиз, деб сўради.
Меҳмонлар сони ўнтадан ошди. Бу ҳовлида ҳеч қачон бундан кам меҳмонлар йиғилмасди.
Зиёфат роса авжига чиққанда, Миндибаевни қаергадир чақиришди. У Сайкинга: яна кўришармиз, келганингизда менинг ҳам олдимга кириб туринг, деганча кетди. Барча унинг ҳурматига ўрнидан турди ва бир зумдаёқ унинг сийрати йитилиши билан эркин суҳбатга тушиб кетдилар. Ширин гаплар, яхши ниятларда айтилган бир-икки тостга бақириб-чақириб ичишди ҳам. Бир пайт Пазилат Сайкинга қараб, мулозаматли гап қилди:
− Яхшиям, бу ерларга келибсиз, бўлмаса Қалдирғочни ҳимоя қиладиган одам топилмай, Москваларда иш қидириб юрарди.
Барча унга бақрайиб қараб қолди, у эса қовурилган балиқнинг кичик бўлагини узиб, оғзига солиш билан овора эди.
Яқиндагина даврани тарк этган биринчини ўрнига Саригул бир нима дейишини англаб, сасиди:
− Эски гапларни қўй, Пазилат. Ундан кўра маишатингни қил. Қимизингни ич. Этни же!
Унинг гапи зуғумли чиққанидан, Айдаркулова хато гапирганини англаб, Миндибаевдан кейин бўш турган стулга қараб олди-да, узр сўрашга ўтди:
− Сари, кўпроқ ичдимов. Не так выразился, извини!
− Хурмачага қараб ич-да, бўлмаса. Жана, хотинсан-ғўй! Ҳўкиздек тортиш неси!
Унинг қарашидан ер ёрилмади, Пазилат ерга кириб кетмади.
Суҳбатнинг улоғини Сайкин қўлига олиб, мазмунли, ўйлатадиган гап қилди.
− Бу воқеаларни эшитдим. Жаҳолат ботқоғидаги баъзи кексаларимиз, ўзларидаги аламни ёшларга юқтириши нодонлик. Уларни доимо ҳақ санаш эса, аксинча, маҳаллий аҳоли фикрини гоҳида адаштириб қўяди. Қалдирғоч, сизга дўстлигим бир умрлик, нега менга билдирмадингиз! Ҳа, узоқда эдим. Афсус! Балки у ердан туриб кўмагим етиши қийин бўларди, лекин далда бериш, тўғри йўл кўрсатиш учун балки ярардим. Умуман айтганда эса, менга дўстликни қадрлайдиган инсонга қарагандек қаранг. Ҳаётда дўстлар бўлмаса, ғам-андуҳда дардингизга шерикликка ўтмаса, бундай яқинларнинг боридан йўғи. У атрофга кўз югуртириб, ё мен ортиқча гапириб юбордимми? – деб Илғорни қўллашини кутди. У қўлини силкиб, ҳаммаси жойида дегандек, ишора қилди. Бўлмаса, Қалдирғочнинг соғлиғи учун, уни мартабасига соя тушмай, доимо омад ёр бўлсин! – деб мухбир сўзини якунлади.
Даврадагилар қийқириб бу тостга қўшилишди. Сайкин даврада янги бир-икки одамни кўрди, лекин улар дўстдан кўра кўпроқ ғанимларга ярайдигандек туюлди, қовоқлари солиқ, анча жиддий. Шунгами, уларни лавозими ҳурмати таклиф этилганини англаб, бошқа гапларга ортиқча қўшилмай жимгина ишратини давом эттираркан, Қалдирғочга қараб қўяр ва унинг кайфияти кўтарилганидан шод эди.
* * *
Орадан кўпроқ вақт ўтиб, дўстликни том маънода тушунадиган Сайкин ўзининг таътил вақтида, Қуддусни йўқлаб Кавказга борди. Маълум вақт дам олиш уйида чўмилиб, ўйнаб-кулгач, собиқ курашчини қидириб топди ва шанба-якшанба кунлари, тоғдаги ҳовлисига Қуддус уни олиб кетди. Ўшанда, Сайкин ошхона директорлигидан ташқари, виночиликни йўлга қўйган дўсти ва унинг заҳматкаш хотини Самира ҳақига кетма-кет тост айтишни унутмай, қўлбола шаробдан сипқоргани рост. Ичида, бу аёл Қуддусга мос. Қалдирғоч кўкда учган эркин қуш қиёс, уни қафасга ўргатишни ўзимас, бу эса чиппа-чип эрига ёпишган, қайсидир хислати, маъқуллиги Сулачига ўхшаркан деб, илк таассуроти − ҳуснсиз экан, деган ўйларидан кечиб, уларга фақат бахт тилаб ўтирди. Иккита қиз фарзанд ўстираётганларини, кичиги оч сариқдан келган онасига ўхшашлиги, каттаси сочи, кўзининг қораси дўстига ўхшашлигини аниқлаб, уларнинг ҳам соғлиғига қўш ниятлар айтган бўлса-да, оғзига маҳкам турди: бирор марта ҳам неча замон Қуддус оромини ўғирлаб, жонини роса қийнаган Қалдирғоч ҳақида сўз очмади. Меҳмонни қутлаб чиққан қўшнилари тарқаганида ҳам у миқ этмас, гўёки табуни бузмасликни бўйнига олгандек эди. Ниҳоят бу тақиқни суриб, Қуддусни ўзи янга ҳақида сўз очди.
− Гуру яхшими? Тинчми? Тошкентда бўлсангиз кўргандирсиз?
− Қалдирғочми, ҳамон дилбар ва гўзал! Аммо, у мана бундай жойларда яшай олмасди.
− Дарров хулосага ўтманг! На илож, тақдир кароматлари олдида ожиз банда ҳар кўйга тушаркан! Оғзига келганини айтиш, ваъдалар бериш баробарида, адашганини англаш қийин, англаганда эса, бу ўткинчи дунёнинг севинч ва қувончлари ҳам шамолларда елган ҳислардек тутқунсизлигини фаҳмлайди.
− Фикрларингиз пухта, жаноб батоно! Ҳаёт кейинги пайт роса чархлаган кўринади, йўқса, фақат оддий ҳис-туйғуни абадий бахт деб билгувчи, муҳаббат деб чор-атрофдаги одамлар, яқинлар тугул қариндош-уруғни ҳам маслаҳатларини инобатга олмай, ақлу ҳушдан айрилиб, худпарастликка йўл қўйиш яхшимаслигини англагандирсиз-да! Назокатсиз илк ҳислар қайдаю, орзу-ўйга чўмиб кўкда учирган хаёл қайда. Ва сабр-чидамли ва чўридек садоқатли ҳозирги ёрингиз қатда? Торозининг бир палласида вафо, бошқасида жунунлик. Керагини танланг!
− Мен оилам, фарзандларимни деган бўлардим.
Нарироқда куймаланиб юрган Самира уларнинг кўп сўзларини эшитаркан, эрининг гапи ҳам қулоғига кирди. У чуқур нафас олиб қўйдида, узоққа қараб, секингина: Яратганга шукур, деди.
Эртаси саҳарлаб туришди. Ташқарида енгил машина уларга мунтазир. Осмон шаробпуруш бир неча кун меҳмон бўлсин деб, Сайкинни таклиф этибди. Куёвимни дўсти бизнинг ҳам дўст, меҳмон хурсанд бўлиб кетсин, зеро, одамгарчилик боши меҳр ва оқибатдан бошланса, охири саховат билан қадрланади. Шунчалик эслаб келибди, демакки, инсон инсонга керак эканини англаган, дунё кўрган. Бундайларни ҳурмат қилиш ва иззатини жойига қўйиш лозим.
Самира бу гапларни отасидан телефонда эшитганини, куёв албатта кузатиб келсин, деб тайинлаганини етказди. Озгина юришгач, Қуддус айнаб қолди. Меҳмонга узрини билдирди: давлат иши, етиб бормасам бўлмайди. Мана шу ерда битта қадаҳдан олиб хайрлашамиз. Лекин сиз албатта қайнатамникига борасиз. Келишдикми?
Улар машинадан тушишди.
Сайкин ундан сўради: Тошкентга борсам, танишларга нима дейин?
− Ҳали биз кўришамиз. Дам олиш уйига қайтиб бормайсизми?
− Эртага кеч пайт мен самолётга чиқишим зарур. Шу ерда хайрлашганимиз дуруст. Яхши кутиб олганингиз, меҳмондорчилик учун катта раҳмат. Қани қўлни беринг!
Қуддус қўлини меҳмонни елкасига ташлаб, йўлнинг четига судради. Дарахтлар панасидаги ёйма ошхонанинг хилватроқ чеккасидаги ёғочдан қоқилган ўриндиққа чўкди. Қарама-қаршисидан Сайкин жой олди.
− Менга қайнотамнинг катта меҳмондорчиликлари керакми? Ҳечам-да. Ўзимга хон, ўзимга бек яшаш менинг турмуш тарзим, топганимни болаларга едирсам етарли. Оч қоладиган замон бўлмаса. Ортиқча ҳашам ва мол-мулк ортидан қувиб одам ҳаловатини йўқотар экан. Тиним йўқ-а?
− Ҳаёт шу-да! Ҳаракатсиз баракат бўларканми? Нима, турмушингдан норизомисан?
− Ҳимм.
− Нимадир етишмаяптими? Дилингни ёз.
− Нимани айтай. Узун кириб, узун чиқиб юрибман, бир ёқда иш, бир ёқда тадбиркорлик, аёлимнинг ҳам вақти узумзорда ўтади. Болаларга бувилар қараса, мен дам олиш уйидан бўшамасам. Фақат шанба ва якшанба куни йиғиламиз. Ўшанда болалар дийдорига тўйиб оламан.
− Менда эса ундан ҳам бадтар ҳолат. Қизим онам билан қишлоқда. Борсам танимайди ҳам. Уч-тўрт йилда бир кўришамиз. Наилож. Тақдир тўп ўқидек қаерга отса, ўша ердамиз. Асосийси, яхши умид билан яшаш керак, дўстим Чачемба.
− Ҳа, катта қизимнинг исмини Махсума қўйганмиз. Гуруни кўрсанг, албатта шу хабарни етказ.
− Яхши. Нима учун Махсума!
− Махсума онамнинг исми. Ўзбекча гўзал исм.
− Шундайми? Демак, сениниг қонингга…
− Қадимий турк бош бўғинининг қони қўшилган.
− Шунақами? Ойинг ҳақида гапириб бер. Жон деб эшитаман.
− Чиндан айтиб берайми?
− Ўзбекистон қайдаю, Кавказ қаерда. Қандай қилиб бу ерларга келиб қолгани албатта қизиқ?
Сайкин мусалласни ора-чора ҳўплаганча, ота-оналари ҳаёти, бахти, муҳаббати ва ногоҳ ажали ҳақидаги мусибатли, лекин мазмунли умрларини эшитиб, оғзи анграйиб очилиб қолди.
− Бу ҳақда бир очерк ёзсам бўларкан. Мен Тошкентда Махсуманинг қариндошларини албатта топаман. Гапнинг индаллосини айтсам, сен ҳам оддий одамларнинг фарзанди эмас. Тақдири азалнинг ишларини қара, − деганча Сайкин ҳамон ҳайратда бошини силкиб, қойил қолганини изоҳлар, қўлида ушлаб турган қадаҳни столга қўйиш ёки ҳўплашни ҳам билмасди.
− Халқ душманларининг кўпчилиги оқланган. Ўзингиз биласиз? Бувим-бувам фақат хурсанд бўлишади.
− Бир товоқ атала ёки бир бўлак нон учун кун бўйи ишлаган халқни кўз олдингга келтир. Арпадан қора нон. Ун ҳам эмас. Қанчалик сабр-матонат ва қудрат керак-ки бу ситамларга дош беришга. У кунлар қайтиб келмасин. Халқни бир-бирига душман қилиш ақл бовар қилмайдиган даражадаги сиёсат, одамларни бир-биридан чўчиб, энг яқин кишини устидан туҳмат ва қабиҳлик қилишлик қандай разолат, батоно Чачемба, буни тушуняпсизми? У вақтда на муҳаббат, на қадр, меҳр ва оқибатни оддий жонни сақламоқни мақсад билиш тубанлик ботқоғига ботиш баробарида аянчли ва киши дод дейиш даражасидаги мусибатли ҳол. Эвоҳ, тарихимиз не кунларни бошидан кечирмади. Бир ўзбек аёлининг оддий бир қисматида қанчалик мафкуравий курашу алдоқ, қўрқинч ва хиёнат онлари мужассам. Мен бу ҳақда ёниб, изтироб билан ёзаман. Ва ўлмасам, бу китоб дунё юзини албатта кўради.
Қуддус нима дейишини билмас, нарироқда ўтирганлар уларга кўз ташлаб қўйишларидан, Сайкиннинг баланд овозда ҳайқириб айтган сўзлари уларга ҳам эшитилибди, деб ўйлади.
− Ёнаётган ёғга сув сепган билан баланд гувиллайди. Маъмурлари қуён юрак, миршаблари суварак замонлар ортда қолгани илло ростдир. Китобингиз эса наинки онам, балки халқ душманлари деган асоссиз тамға босилганларни ноҳақ азоб чекканларини ёритиш, одамларга етказиш билан чекланмай, одамларга кўзингизни очинг, давлат ва катта мансабларни мартаба йўлида яхши билан ёмонни ажрата олмайдиган, кўзи юмуқ, қиличидан қон томчилайдиганларга берманг, деган огоҳлантиришга хизмат қилади.
− Жуда яхши гапирдинг. Шунинг учун, онангизни хотирлаб ичмаса бўлмайди.
Сайкин қадаҳни бир кўтаришда бўшатди ва Қуддус бу ишни қайтарди. Қуддус қандайдир қўшиқни хиргойи қила бошлади. Яна ичишди.
Сайкин: Сени кўрганимни, саломингни Гуруга албатта етказаман, деди секин.
− Эсингиздан чиқмасин!
− Хавотир олма, ёддан кўтарилмайди. Мактабда тарихдан бешга ўқиганман.
− Яна, уни ҳамон севишимни айтинг!
Қуддусниинг овози қалтираб чиқди.
− Чачемба, ақлингни йиғ! Хотининг, оиланг бор.
− Хаёлан севаман. Бирор муддат яхши юраман, кейин сиймоси кўз ўнгимда пайдо бўладию, қўлларим ишга бормай қўяди. Фикриўйимни бир нима обқочади. Бу нима?
− Билмасам. Лекин маслаҳатим, уни унут! Қанча тез бу ишни уддаласанг, шунчалик ўзингга, яқинларингга яхши бўлади.
− Унутиш қийин экан. Эри борида суйган, энди туллигида уни десам бўлмасмикан?
− Ке, қўй, яна бир қадаҳ вино ичамизми?
− Ана, вино. Чилпит тўла. Истаганингизча ичаверинг. Сўраб нима қиласиз!
− Мен тост айтмоқчиман. Сен тамадага ўхшаб, қадаҳни тўлатиб тур.
Қуддус қадаҳларга оқ мусалласдан қултиллатиб қуяркан, Сайкин алжирай бошлади.
− Сен ўйлайсанки, Гуру оддий бир аёл, шундайми? Аҳмоқсан дўстим, сенинг бор ақлинг кучингга ўтиб, мускул чиқариб, кўкрак кериб юрганинг сенинг хатоинг.
У мусалласдан бироз сипқориб, Қуддусга ҳам имлади. У эса қадаҳга лабини ҳам теккизмай, эътироз билдирди.
− Зинат, мени мускулларимга нима қилибди?
− Гап ҳуснда эмас. Асосийси аёллик назокатида ва ожизлигида. Қайси жонон шуни бошқалардан кўра ўхшата олса, ўшанга чор-атрофдаги бор эркак кўнгли суст кетади. Тўғрими?
− Суст кетгани нима? Мендек жинни бўлади.
− Чунки сенга йўлиққани ─ минглаб қиммат тошлар ичида учрайдиган ноёб лаъл, гавҳар.
− Зумраддир балки?! – деб, Қуддус бошини ёйма столга қўйди.
− Балки. Энг асосийси, мана кўрасан, Гуру неча ёшга кирса-да, у аёллик малоҳатию назокатини йўқотмаган, ўз обрўсини сақлаган ҳолда эрлар билан суҳбатга кирадиган, дилкаш суҳбатдош бўлиб қолади. Бундай аёллар менинг жону дилим. Улар билан сўз олиб ҳам одам маза қилади.
− Мен, худди бу ҳақиқатни билмайдигандек гапирасан-а?
Шундай деб қадаҳни қўлига олган Қуддус сипқоришга бошлаганди, меҳмон уни тўхтатди.
− Ханумлар учун тик туриб ичамиз.
Сайкин сўнг, қадаҳни суниб бўлишгач, янги сўз бошлади.
− Гуру бир ўзи эмиш. Агар астойдил севганингда у балки сеники бўларди.
− Нега керак энди бу сўзлар.
− Сенга қизиқмасми? Бу хабар.
− Ичимга ўт қаламанг, тентак мухбир. У билан яна учрашиб қолишдан чўчийман. Йўқса, хонумоним куйиб, ҳаётим қайтадан остин-устун бўлиб кетсинми?!
Улар ёйма ошхонада эчки гўштидан кабоб еб, мусаллас ичишаркан, бир соатчадан ортиқроқ валдираб ўтиришди, сўнг Сайкинни Осмон шаробпуруш юборган ҳайдовчи олиб кетди, Қуддус ишига жўнади. Қалдирғоч ҳар ойга ҳисобот топширгани шаҳарга тушиши мажбурийлигидан ташқари, ойда камида қўшимча мажлис, йиғилиш, учрашувлар сабабидан Тошкентга бориши, бошқармада кўриниши одатга айланган. Эшитган янгиликларни, буйруқ ва қарорларни тумандаги мактаб директорлари ва боғча мудирларига етказиш вазифасига киргач, албатта на тумандан, на шаҳардан ортарди. Хизмат юзасидан қўшни республикаларга, айниқса иттифоқнинг марказий шаҳарларига бир неча марталаб боради.
Уни йўқлаб Сайкин келди. Ва бирпасда анча нарсаларни айтиб ташлади.
Кавказда дам олиб, тоғу тошда изғигани, акваланг топиб, денгизга шўнғиб балиқ овлагани ҳам қолмади. Қалдирғоч унинг бунчалик ҳаракатчанлигига ҳаваси келар. Тиним билмас одам-да у, айниқса бунақа сайёҳликни ўзига касб-ҳунардек қабул қилган шоввозлигига қара, деб ҳайратланиб ўтирарди. Чилпитда вино ичиб, сўнг эчки гўштидан кабобхўрлик қилдик. Қуддус катта қизига Махсума деб онасининг исмини берибди.
Қалдирғоч хаёл билан бу гапларни эшитмай қолди.
Зинат Сайкин аллақачон унинг дўсти ҳақида гапиришга ўтган эди.
− Шунақами, яхшику!
У суҳбат узилиб қолганини сездирмай бу гапни қўшганди, Сайкин жиддий гапирди.
− У уйланиб сизга бевафолик қилди. Ундан кечинг, Қалдирғоч.
− Ҳимм.
− Менинг содиқлигим абадий. Сизни деб, ҳатто Монако принцессасига уйланмаган бўлардим.
− Ташаккур. Лекин бу ҳақда гапириш бефойда. Мен аввал ҳам айтгандим. Яхшиси бошқа мавзуга ўтайлик.
− Ҳа, мен Махсума она ҳақида, умуман бегуноҳ шаҳид кетганлар ҳақида бирор китоб ёзишга киришдим.
− Бу ишингиз таҳсинга лойиқ! Мендан нима ёрдам керак бўлса марҳамат.
− Сиздан ёрдам. Мени маънавий қўллаб-қувватлаб турсангиз бас.
− Бу менинг қўлимдан келадиган иш. Осон-ку!
Сайкин унинг қўлларини кафтига олиб ўпди.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.