Текст книги "Икки жаҳон оворалари"
Автор книги: Абдужаббор Обидов
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 19 (всего у книги 34 страниц)
Қалдирғоч ичи қизиб гапириб қўйдию, кейин пушмони тошиб, тилини тишлади.
Акобир тўғри эркак. У ҳозир хотинини исканжага олиши, ойимга бор гапни айтмасам бўлмайди. Ичимда гап ётмайди, ўзингиз биласиз деб, ўйин қилиши мумкин эди. Аммо, у сизни кечирган бўлсам, энди кавлаштиришдан нима манфаат дегандек Қалдирғочга ҳайрон тикилиб, елкасини қисди: гапни чувалатиш бефойда. Хотиржам бўлинг! Қалдирғоч бу жавобдан хурсанд, раҳмат дедию, лекин бу сўз миннатдорчилиги камлигини англаб, эрига осилиб, ёноғига ёноғини босди.
Акобир уни узоқ осилиб туришга қўймади. Хаёлидаги фикрни айтди: бу билетни қайдан топдингиз?
Қалдирғоч эридан нари сурилиб, бошини четга буриб ёлғонлади: Гулсина орқали.
− Ия, шунақами?, − дедию, у ёғига эри индамади. Йўқса, намунча хотинимни танишлари бирпасда кўпайибди, деган ўйда эди.
Қалдирғоч уни шоширди: тез жўнаб қолмасангиз бирор машмаша қилиб қўясиз, яна. Юрагим сезяпти.
− Яхши, − деди Акобир бўшашиб. У саҳардан бери асаб толалари таранг эди. − Чарчадим, уф, фалакатлари ўзига урсин.
Бирпас ўтмай Акобир Қалдирғочнинг кравотида ухларкан, хотинини кетидан пойлаш операцияси унга қимматга тушиб, руҳан чарчаган, бу ёқда билет топилмай роса эзилгани ҳаммаси бир бўлиб, у тарашадек қотганди.
Қалдирғоч чуқур ўйга чўмганча, балконга қўйилган креслода атрофни кузатиб сокингина вақт ўтказаётгандек ўзини тутишга минг ҳаракат қилсин, ич-ичидан бир шитоб: «Хароб бўлдинг, шарманданг чиқди. Энди нима қиласан хаёлпараст? деб қўймас. Ҳали қайнананг бу гапларни эшитиб қолса, эркинлик ҳам, ардоқ ҳам, фахр ҳам тамом. Номинг туман тахтасидан тушиб, ўзинг бор мансаблардан маҳрум бир енгилтак номига мансублигинг қолади, холос», деб қийнарди. Қанча вақт ўтди билмайди, кўзи бироз юмилибдиям, шекилли. Бир пайт эшик тақиллади.
У сергак ётган эди, ўрнидан дарров турганча эшикка югурди.
Амиран экан.
Санатория боғбони, шитоб билан эшикни очган Қалдирғочга қараб, “ханум, ҳаммаси жойида. Нечук безовтароқ кўринасиз?» – деди.
− Йўқ, ўзим. Бу кун оғирроқ ўтди, − деб янга кўзи ёшланаётганини кўрмаслиги учун бармоқлари билан қовоғидаги ёшларни артиб, нигоҳини яширди. Сўнг қаддини тиклаб, виқорли ҳолатда Амиранга мурожаат қилди:
− Нима янгиликлар бор?
− Шуни айтгани келдим.
− У ҳолда ичкарига киринг.
− Тўғри айтасиз, ортиқча қулоқлар ҳеч кимга керакмас.
Лекин гапириш ўрнига унинг қўлига иккита хат тутди. Кичикроғини ҳозир ўқинг, каттаси билан поездда танишарсиз.
Хат кимданлиги маълум, улар ҳозироқ дам олиш уйини тарк этишлари сўралган эди.
− Битта хавф бор. Ғанимларим исни пайқаб қолишган кўринади. Менга аниқ одамлар айтишди. Шу сабаб улар Акобирни кўришлари ва у сизнинг эрингиз эканлигини билишлари, эҳтиёт, шарт. Бирдан Қалдирғоч сергак тортди. Аёлман-да, кейинги воқеалар ҳақида, фақат ўзимни кўрибман-у, одамлар, танишлар, қайнанам нима деркин, деб ўйлаб юрибман. Ахир Акобир ака хавф остида-ку! У Амиранга мурожаат қилди.
− Қачон йўлга чиқишлари керак?
− Қанча тез бўлса, шунча яхши.
− Ҳимм.
− Мен пастда, дарвоза олдида кутаман. Худди такси кира қилгандек мен билан гаплашинглар.
− Нимага? Ҳа-я. Тушунарли.
− Ҳа, сиз ҳам бирга ҳозироқ кетганингиз маъқул.
− Албатта. Мен ҳалиги, поездимга икки соатча бор экан. Вақтли борсак вокзални томоша қилиб тураман…
− Аввал эрингизни кузатиб, сўнг сизни вокзалга ташлашим қулай. Яна бу ердан эр-хотин бирга чиқиб кетишингиз нафли. Иноқ эканлингиз ва ҳеч қандай гап-сўз йўқлигини англатар эмиш.
− Тўғри ўйлабсизлар. Узоғи ярим соатда тайёр бўламиз.
− Яхши, − деб Амиран пастга йўл олди.
Бекорга ҳовлиқмаяпти, гап чувалган кўринади, деган ўйда Акобирни уйғотиб, нарсаларини йиғиштиришга бошлади.
Бор йиғган кийимлари бир жамодон бўлди. Яна иккита елим халта юк. Жамодон ва битта елим халтани эрига тутиб, бу ерда ортиқча нигоҳлар эътиборига тушмай, дарвоза олдига сиз бораверинг, деб жўнатди. Хонани навбатчига топшириб, калитларни ҳам бериб бўлгандиям, Гулсина келиб қолди.
− Ия, Гуру, нима кетяпсанми?
− Ҳа.
− Нимага?
− Ўзим ҳам билмайман. Кейин гаплашармиз.
− Майли. Билет топдингларми, ўзи?
− Албатта.
− Қандай топдинг ёки у ёрдам бердими?
− Ҳа у. Лекин мен Акобир акага сенинг танишинг топиб берди деб айтдим? Хўпми?
− Тўғри қипсан! Бўлмаса мени ҳурмат қилмай қўйганди.
− Шошиляпман. Хайр ўртоқжон.
− Жинни бўлдингми! Бир урайми, башарангга. Кузатиб қўяман. Шаҳар айланамиз.
− Йўқ. Эрим буни истамайди. Аччиғи бурни учида турибди.
− Ахир. Ҳеч бўлмаса пастга тушишга ҳақим бордир.
− Унда юрақол.
Гулсина билан Қалдирғоч “Қора денгиз” дам олиш уйи эшигига яқинлашишса, Акобир соддалик қилиб биринчи дуч келган ҳайдовчи билан аэропортга боришга байлашиб, ҳатто машинага ўрнашиб олибди. Хотинини ёнига чақирди. Қалдирғоч ҳанг-манг бўлди. У нима қилишга ҳайрон эди. Нарироқларида турган Амиран уни танидию, аммо у ўзидан катта ёшли ҳайдовчига бир сўз айтиши нолойиқлигидан тилини тишлаб, у ёқ-бу ёққа қараб безовталандию, сўнг Гулсинага шаҳдам қараб, бу ишни сен эпла дегандек имо қилди.
Гулсина дарров вазиятни баҳолаб, бидиллаб кетди.
– Қалдирғоч, почча, сизларга мана бу ҳайдовчини тушданоқ банд қилиб қўйганман. Қани бу ёққа келингларчи?
Қалдирғоч хурсанд бир-икки қадам қўйганини билади, ёши катта ҳайдовчи дўқ урди.
− Қаёққа кетяпсан! Мана машина, мана эринг. Ёки у лафзини бузишини истайсанми?
− Йўқ. Лекин…
− Кел деяпман, ханум. Обрўйингни бил.
Гулсина жаҳл қилди.
− Аёл билан бу тарзда гаплашманг.
− Сен аралашма.
− Ўзингизни ким биляпсиз! Тарбиясиз.
− Эркакларни гапига қўшилишга ким қўйибди, − деб бошқа ҳайдовчилар ҳам қўшилишиб Гулсинага ҳужумга ўтишди.
Ҳамма бақириб-чақириб, катта ёшли ҳайдовчи тараф бўлди ва ҳар турли гаплар айтиб, дугонасини изза қилишди. Қалдирғоч шундай вазиятдан чиқиш учун, шаҳдам юриб катта ёшли ҳайдовчи машинасига ўтирдиям, ҳамма тинчиди.
Аэропортга икки машина кетди. Бирида эр-хотин, иккинчиси Қуддусни жияниники бўм-бўш эди.
Йўлда катта ёшли ҳайдовчи янгани сўроққа тутди.
– Мана сен тўғри иш қилдинг. Эр кишини сўзидан чиққан аёлга эътибор ҳайф.
– Ҳимм.
– Одобли ханум экансан.
– Ҳимм.
– Ўзингни тутишинг ҳам киборлиларга хос. Лекин, ёнингдаги ликиллаган ким эди?
– Дугонам.
– Наҳотки. Эй, тангрим, нега бошқа бирор маъсумани ўртоқликка раво кўрмадинг. Бу чиройли ханумга раҳминг келсун!
– У сизга нима? Ёқмадими.
– Худонинг балосику?Нақд фитнанинг боши.
– Унчаликмас.
– Шунчалик. Билки ундан қачон қутилсанг, ўшанда умринг равон йўлга тушади. Эсингда тут.
Шу гапдан сўнг Акобир унга қараб тўнғиллади:
– Мен сизга қачонлар айтгандим-а?
– Ҳимм.
Аэропортга етишлари билан, катта ёшли ҳайдовчи уларни тушириб, «ханум, этганимни қулоғингга олсанг, олмасанг, бу дугона сенга ҳечам мосмас», деганча машинасини ванғиллатиб ҳайдаб кетди. Амиран уларга яқинлаб Акобирдан паспортини сўради. Керакли ҳужжат қўлига теккач ичкарига шошди, кетма-кет эр-хотин ҳам аэропортни кутиш залига кирди. Бироз туриб қолишга тўғри келди. Залда одам кўп. Йўловчилар билан тўла. Иттифоқнинг турли бурчагидан келганлар бари. Ўтиргичларга сиғмай ортиб тик тургани қанча. Биров ухлаб ётибди, баъзи бирлари мудраб. Сабрсизликда рейсларини эълон қилишларини кутиб, атрофга бесаранжом боққанлар қанча. Акобир ёнма-ён турган хотинидан миннатдор, унга унда-мунда кўз ташлаб қўяди. Уйда ўтирадиган аммамнинг бузоғимас, худога шукр, анча уддабурон бўлиб қолди, нафи тегадиган таниш-билиш орттиришни ўзимас. Шу пайт одамлар орасида айланиб юрган икки милиционерга унинг кўзи тушди ва қалтираб кетди. Улар ҳужжат текшириб юришарди. Кимлар биландир узоқроқ гаплашиб, атрофга аланг-жаланг қараб, барчани нигоҳларидан ўтказишга ҳаракат қилишарди. Янга эридаги қўрқувни англади. Секин унга суяниб, гапга солиб чалғитишни, кўнглини кўтаришни ўйлаб, ёноқларини сийпалади. Куйлагини ёқасини тўғрилаб тортиб қўйди.
Милиционерлар ёнларидан ўтаётганда ҳатто ширин қиқирлаб кулиб, ўзларини шодон кўрсатди. Улар буни сезиб, мамнун тикилганча ўтиб кетарканлар, мўйлов қўйгани, шеригига мазмунан уларга қара, бахтли эканми дедими, униси – беўхшов, семизроғи ҳам орқасига қараб, ўгирилганча Қалдирғочга кўзини сириб тикилди. Акобирни руҳи паст. Эрталабки важоҳатидан асар қолмаган, қилиб қўйган қаҳрамонлигини ҳазм қила олмай, сўник, боши эгилган эди. Бировга пичоқ билан ташланиш. У ҳозир бу ишни ўзи қилганига ишонмас, лекин кўздан нари деб, ички ён чўнтагига солиб олган қаламтароши, бу нодонликни сен бажардинг деб эслатарди.
Амиран шошиб келди. Ҳеч нима демай, паспортни узатди. Акобир билет йўқ экан-да, деган ўйда паспортни чўнтагига солишдан олдин, ўзимникими деб очиб кўрса, чап тарафга ёпиштирилган ўз расмини кўрди, Кейинги варақлар орасидан билет чиқди.
− Бу билет транзитли. Москвада белги қўйишади ва бошқа самолётга ўтиб Тошкентга учасиз.
Акобир бирдан енгил тортди. Кун бўйи қўлимга билет тегадими-йўқми, бу ерлардан тезроқ даф бўлмасам, гап-сўз қўзғаса катта бир совхоз директорлиги, обрў-мартабаларим уч пул бўлади, деган ваҳима билан кунини ўтгазганди. Шунинг учун хурсанд бўлганча сўради: катта раҳмат, пули қанча?
Амиран: ҳеч қанча деганди, Акобир пулини олмасангиз, билетингиз керакмас, деб туриб олди. Ўртага Қалдирғоч тушди. У Гулсина туфайли бизга катта ёрдамингиз тегди, деб Амиранга кўзини қисди, икки юз берсак каммасми? Менга дугонам шу суммани айтганди. Қалдирғоч яна имо қилди. Амиран кўнди.
Акобир регистрациядан ўтиб, то посадка эълон қилиниб ичкарига кириб кетмагунча яна бир соатча вақт ўтди. Акобир хотинини ўпайми ё йўқми деб ўйлагунча, янга сир бой бермай унинг бўйнига ўзи осилди ва улар шундоқ ширин куйда хайрлашдилар.
Кейин эса, Амиран Қалдирғочни машинасида вокзалга элтди. Етиб боришгач жамодон ва елим халталарни кўтарганча йигитча олдинда, Қалдирғоч ортидан еттинчи вагонга кўтарилишди. Бу вагондаги купелар “СВ”, хизмат қилувчилар учун мўлжалланган махсус вагон ҳисобланади. Қўлидаги юкларни купега қўйиб, проводникларга йигитча бир нималар деб турганда, Қалдирғоч аллақачон перронга тушиб олган, хаёлга берилганча гавжум вокзал ортидан кўринаётган, яшил рангга кўмилган шаҳарга қараб қотганди. Амиран яқинлашиб унга юзланди.
− Ханум, пойдемте что нибудь поедите. До отправления еще час.
− Нет, не хочу. Можешь идти Амиран. Спасибо тебе и ему, – деди ҳамон ўйчан Қалдирғоч.
Амиран кетди.
У доим узоқда туриб ҳам ҳар ишда қўллаб-қувватлаяпти. Ёрдамчилар, ҳамроҳлар атрофимда ҳозиру нозир. Оғзимни очмасимдан истагимни бажо келтиришса, ханум, ханум деб ҳурматини жойига қўйишяпти. Барига, у тайинлаб қўйган, шекилли, деб ўйлаганча Қалдирғоч, яна бир зум турди. Аммо, беҳаловат кун таъсиридан чарчаган шекилли, оёқларини зўрға судрарди. Вагон перилласини ушлаб, кўтарилаётганида, мўйлов қўйган, ёш проводник шошиб пайдо бўлди, лекин у ҳам тўхтаб: марҳамат ханум, деб, уни биринчи ўтказди. Қалдирғоч, бошини силкиб, ташаккурини изҳор этди-да, бешинчи купе томон юрди. Йўлакка солинган энсиз, узун гиламча устидан бирма-бир босиб, купесига етиб боргач, очиқ эшикдан бош тиқдию, туриб қолди. Купедан гулларнинг анвойи ҳидлари уфуриб турарди.
Қалдирғоч беллари бурма майда гулли новвотрангдаги шойи куйлак баданига ёпишиб, этаги кенг, тиззадан анча паст узунликда, оёғида енгил туфли, сочларини силлиқ тараб, йиғиб елкасига ташлаб олган эди. Шунда қизиқ бир ҳолат юз берди. Купесига шуъла кириб, атроф ёришгандек туюлди. Ўгирилиб қаради. Тоза пахта матосидан тикилган оқ, енги калта кўйлак, сутранг шим кийган Қуддус силуэти жуда жозибали тарзда акс этди ва у нигоҳини янгадан узмай турарди. Аммо бу қарашлар биотокли, шекилли. Ошуфта кўзлардан инган нур кўринмаса-да, тўғри бошқа дилга чўкиб, оҳанрабодек ўзига қизиқтиради. Янга, шуълага талпинган парвонадек у томонга бир-икки қадам қўйдию, охирги дақиқада ўзини тўхтатди. Вагон деразасига яқин келиб, вокзалдаги кичик кузатиш хоналари, югуриб чопқиллаб, шошаётган одамларни томоша қилардию, қулоғини динг қилиб сўзми, товушми, иқтибосми кутарди. Аммо, силуэт миқ этмасди. Мана, вагонларига ҳам одамлар чиқиб, узун коридордан кела бошлашди. Нечук Қуддус хоҳламайроқ сўзлайди, нега камгап. Наҳот бирор эпитет, хушомад топилмаса. Тилини ютиб юбормадими, ишқилиб. У гина-кудурат қилиш ниятида ортига кескинроқ ўгирилди, шунда кимдир сўлиш олиб, сўнг овоз берди.
− Юрагимни поралаган эдингиз. Энди эса юлиб олиб кетмоқдасиз. Кетманг! Бу воқеалардан кейин, муҳаббат туфайли руҳим арши-аълога кўтарилиб тушганида, ўзим ўзимга бошқачаман. Шунда ҳам йўқ дейсизми? Сиздек завжам бўлишини бир умр Тангридан сўрагандим. Сизни юборгани ростдир. Жондан азизим, жуфтим бўлинг. Қўлимда юмшоқ момиқни кўтариб юргандек авайлайман. Менга муҳаббатингиз доимий керак. Йўқса, ҳолим хароб…
Қалдирғоч атрофга бир аланглади. Ҳеч зоғ йўқ. Аммо шуъла-силуэт силжимай бир жойда қотган. Овоз қаердан келди деб аланглади, сўнг сумкасини кавлаб боя Амиран бериб кетган семиз хатни топди ва унга кўз тикди.
«Тоғ-чўққида оқиб тушар сувлар боши булоқдир. У тиниқлиги ва тозалиги билан ҳар дилни ром этади. Сенинг дудоғинг шу чашма. Лаб сувида шу булоқ нозир, ичиб қонмас ҳеч бир ошиғинг. Вужудинг ўзига қўл теккизмайдиган кийикдек ҳуркак. Оёқларинг Эльбрус бағирларида ўсган қайиндек тўғри ва адл, қўлларинг кўмкўк осмонда учган турналар қаноти. Бағрига тортиб ихтиёр этса, бошдаги ҳушим кўкда учган қушдан ҳам юқорироққа чиққан ҳис қилдим ўзимни.
Қалдирғочнинг кўзлари ўқиган сари ёниб, яллиғланиб борар, лабида жилмайиш, юзларида табассум жилва қилар, наҳотки шу сўзларни Қуддус битган бўлса, деб кўзларида нур ҳам жилваланган туюлди.
− Кўзларингни сеҳри шунчалик оҳанраболики, олмос, зумрадлар унинг олдида минг бора нурсиз. Тишларинг текис дурдек, кулсанг ярақлашидан кўз қувонар, чеҳраси ойим. Чақилган хандон пистага қиёс дудоқ, кўпам оғдирди эсдан, мағзин суғуриб олгиси келар одам қаъридан, бу ҳолга таърифим етмасдан оздир.
Янга яна қизаринди ҳам ёнди, оловланган куйи овоз чиқариб ўқишда давом этди.
− Кўксингга бош қўйсамми у дам, зоҳир бўлар танда фароғат, зоҳир этин сийпаб, дилга кирур сийму шафоат. Қоматинг сувратин ким чизган жоним, елканг силлиғидан тоғ мармари лол, билаклар ясалган қайси маъдандан, иссиғи ёндирар тегинсанг алҳол. Ҳуснин кўз-кўз қилиш таннозларга хос, улардан ўтарлик лек сенда бари. Виқорли туришинг, адл, тик юриш ва нозик қомат. Бир тутамми унда белларинг? Оҳ, қанчалар ҳузур, қўлим тутсами ундан. Жон қинидан чиқиб кетгудек ҳиссиётга кўмилсам керак. Фақат санай берсам, бор сифатларинг, сўзлар етмай қолар деган ўйдаман. Зеро, ақлим, қарорим шошиб, қалб интиқда дилим сайради.
Қалдирғоч ўйга ботди. Қўлларини чўзиб, йигит ёноқларини сийпалади, лекин қўли муаллақ қолди. Ва бирор дақиқа ўтиб, яна хатни давомига кўз ташлади.
− Қош ўрнида икки камалак. Киприкларда зўр камон ўқи. Кимни юрагини ногоҳ пойласа, уни бир умрга мажруҳ айлагай. Шундайин мажруҳинг мен, ошиғингман. Нима бўлар энди? деб сўрма мендан, қанот жуфт бўлади, қисқа жавобим. Севги-муҳаббат туғилмасданоқ, нобуд бўлмасин. Қисқа палладаги дийдор онлари бир умрга боғлади, билъакс. Унутилмас лаҳзалар инъоми учун қасам ичмоқ керак Тангри қошида. Токи танда қон оқар экан, бу ишқсиз энди мен ҳеч ким. Қалбимга абадий муҳрланган ном Қалдирғоч деб билсин одамлар.
Фақат сени дегувчи Қуддус».
У энди қандайдир меҳр билан купе бурчагида ёруғлик бераётган силуэт-шуълага боқди, дийдор паллаларининг чекланганлиги ҳақида ўйга ботиб, бир муддат туриб қолди. Аввалги сафар йигитнинг кўзларидан чаккилаб ёш томганди. Унинг бошини кўксига босганча, пешонасини, сочларини, ўсиб кетган соқоллари устидан юзини сийпаб, овутмоқчи бўлган, бироқ бир зум ўтмай ўзининг бўғзига ёш тўла бошлаган, оҳ деб у ҳам қўшилиб ҳиқиллашга ўтганди. Кўзларидан оқаётган ёшлар қайноқлиги ўзига ҳам сезилиб, лабининг четигача оққан, бир-биридан айрилишни истамай, чуқур-чуқур нафасда иккиси ҳам хўрсинарди…
Поезднинг жилиш тўғрисидаги огоҳлантирувчи чинқириғи янграб, проводникнинг ҳамма ўз купесига кирсин деган таъкидловчи овози келганида, у ҳушига келиб, ўрнидан турди. Сочларини силтаб елкасига ташларкан, сумкачасидан упа-бўёғини чиқариб, эшикни катта очиб қўйинглар, деди. Аммо эшик очилмади. Шуъла ойнада ўйнардию, лекин бирор иш қўлидан келмасди…
30. ШИМОЛГА ЮЗИНИ БУРДИ
Йўлакда турган рус жувони ичкарида янганинг ўзига ўзи гапирётганини гувоҳи тарзида бирпас турдию, сўнг купедан қандайдир нур сачраб йўлакка ўзини урганини англаб қотиб қолди. Кейинги паллада, Қалдирғоч, унга тикилган рус жувони нигоҳига чидамай, ўзини йўлакка отди ва перронга чиқди. Поезд жилди. У аввалига секинлаб, вокзал ҳудудидан чиққунча, узоқ масофага югурадиган енгил атлетикачига қиёс тезлигини секин оширгандек ҳаракатланиб борарди. Вокзал ортда қолган бўлса-да, ўзини бироз босиб олгач, Қалдирғоч хонасига кирди. Ҳамхонаси кийимларини алмаштириб олган, тунги халатда оддий аёлга айланиб, кофе ҳўплаб ўтираркан, келинг, бизларга суюкли ичимлик ташлаб кетишди, деди.
− Менинг исмим Қалдирғоч, сутли кофеми? Ёқтираман, − деди.
− Иннаман. Москвага кетяпсизми ? Қаерга борасиз?
− Сумкадаги блокнотга ёзилган. Уни ҳозир титкилаш ёқмаяпти.
− У ҳолда кофедан ичинг. Ана қанд-қурс, печеньелар ҳам Сизга бўлса керак!
− Нега менга?
− Чунки проводник сизни сўради.
− Мени?
− Мансурова қани? Келса бирга ичарсизлар деди. У сизми?
− Ҳа.
− Москвада бўлганмисиз.
− Йўқ.
− Кўп бўласизми?
− Ўн кунча.
− Ёрдамим керак бўлса, жоним билан.
− Раҳмат!
Қалдирғоч истамайроқ жавоб бераётганини англаб, Инна секин гапирди.
− Чарчабсиз-а?
− Бироз. Жуда ғалати кун бўлди.
− Балки кийимларингизни алмаштирарсиз?
− Ҳимм.
− Мен ташқарига чиқиб тураман.
Ўн дақиқа ўтиб купега кирган Инна, майда қизил тусли гуллар туширилган чит куйлакда, қоп-қора сочлари ёстиқ узра тўзиб ётган жувонга бироз ҳавас билан қараганча, табиий гўзаллиги ҳам ўтиб тушаркан, деб баҳо берганча, чироқни ўчириб ётди.
Эртаси, нонуштадан кейин ҳам Қалдирғоч қизғин суҳбатга қўшилгиси келмади. Чунки кечаги оғир кундан ҳамон узоқлашмаган, ўша воқеалар ичидан чиққиси келмасди. Шундан кейин Инна ҳам уни ортиқча суҳбатга чорламай қўйди.
Пешиндан ошганда Киев вокзалига етиб келган поезддан йўловчилар шошилиб отилиб чиқа бошлашди. Инна ҳам, у билан хайрлашаркан, «сизнинг феълингиз менга ёқиб қолди. Мана менинг адресим. Телефон қилсангиз дачага олиб бораман, шаҳар айланамиз, меҳмон қиламан. Сиздек қўҳлик, ғурурли аёл билан танишганимдан хурсандман», деб кетди. Қалдирғоч менинг юкимни ким чиқаришга ёрдам бераркан дегунича, проводник ёрдамчиси кириб, чемоданини юкхонадан чиқариб: идемте, ханум! – деди.
Купедан тушиб, хизмат қилган проводникларга янга пул узатди: хизматингиздан рози бўлинг.
Проводник бошини ликиллатди.
− Хафа қилманг! Сиз курашчи Чачемба танишимисиз?
− Ҳа.
− Биз шундай гўзал ханумга хизмат қилишдан хурсандмиз.
Шу ерда ҳам Қуддуснинг қўли бор экан, бошқалар билан иши йўқ проводниклар нечук менинг юкимни кўтаряпти дегандим-а, деб уларга яна бир бор ташаккур билдирди.
Сал нарида, катта ёшдаги аёл билан Инна бу ҳолатни кўриб турган экан. Унинг қошига яқинлаб деди.
− Худони қудрати, сиздан ҳечам айрилгим келмаган эди, бекорга эмас экан. София Георгиевна билан бирга ишлаймиз. Улар адангизни танишлари Олег Потаповичнинг хотинлари. Сизни кутгани чиқибдилар. Таниш чиққанимиздан қанчалик суюндимки, ўзингиз билмайсиз!
Қалдирғочнинг янги таниши Инна соддадил очиқ жувон экан. Битта таксида улар Рязань проспекти номли метро ёнидаги Зеленодольская кўчасидаги Олег Потапович турадиган уйгача бирга боришаркан, ҳар соҳадан бир шингил қабилида анча янги гаплардан айтиб, лаби-лабига тегмай борди. Бу уй ҳарбийлар билан ишлаш бўлими жойлашган бино билан қапишган экан. Инна у билан қучоқлаб хайрлашаркан, эртага у билан учрашишга розилигини олганидан хурсанд эди.
Қалдирғочга алоҳида хона ажратишди. Янги жилд, чойшаблар топилди. Қалдирғоч душ қабул қилиб чиққач, София Георгиевна уни чойга таклиф этаркан, «Чиройли экансиз. Исмингиз маъносини кейин айтиб берарсиз. Келинг нонушта қилиб олинг. Сўнг, истасангиз шаҳарни айланинг. Мен ишга бориб келмасам гап тегади. Майлими?» – деди. Қалдирғоч бошини силкиди.
Уй эгаси кетди.
Қалдирғоч анча пайт хонада зерикиб ўтирди. Нима қиларини билмас, ортиқча ташқарига чиқишга ҳам хафсаласи йўқ эди. Кечаги бўлган ишлар хаёлида ҳамон кезарди.
Бир вақт эшикни аста тақиллатиб, сўнг очиб Инна кирди.
− Салом Қалдирғоч. Зерикмаяпсизми?
− Салом.
У Инна билан қучоқлашиб омонлашди.
− Бирам сиздан хушбўй ис келади-ки. Ва билингки, бу бирор бир атир ҳидига ўхшамаган табиий ис. Буни мен купенинг ўзида сезгандим, − деб Инна комплемент қилганча унинг бағрига инди.
Зеленодольская кўчаси бўйлаб у биринчи кирган савдо нуқтаси газмоллик дўкони эди. Қалдирғоч қизиқди. У мамнун, бирпас витриналарга кўз ташларкан, пештахтада савдо қилаётган сотувчилар, улар иккита эди, қўли-қўлига тегмаётганини фаҳмлади. Ўнга яқин харидорлар бир неча ассортиментдаги газмолни бири каттароқ, бири майда гуллисини, бошқаси халатга деб парча-парча гулли, таги сидирғасидан харид қиларди. Яқинроқ бориб бу янги чиққан варсалан матоси эканлигини англаб, у ҳам навбатга ўтди. Чунки шу мато яқинда урф бўлган, лекин кўпчилик, ўзи тарафларда унга ета олмай гаранг. Айтсам, адам ернинг тагидан бўлса ҳам топиб келади, аммо ўзим олиб борганим бошқача. Қайнанам, биринчи навбатда боши кўкка етади. Унга ва ойисига сипоғроқ, бироқ икки тусдаги турли-турлисидан оламан. Ўзимга ва Гулсинага дедию, сўнг фикрини ўзгартириб, бирорта яқинимга яна зарур. Кечаги катта ёшли ҳайдовчи гапидан сўнг, Гулсина билан дугоналик қилишим чиндан нораво кўринадур, деб ўйлади. Навбати етиб, матоларни буюрганди, сотувчи пўнғиллаб бир қўлга уч кийимлик олиш мумкин деди.
Ортидан навбатда турган башараси тунд аёл эса заҳархандалик билан гапирди:
− Москвани олиб-сотарлар босиб кетди.
Қалдирғоч индамади.
У хотин тинчимай яна гапни чўзди.
− Кийимидан туппа-тузук. Биронта тайинли жойда ишламай, барча чайқовчиликка ўтиб олган.
Қалдирғоч кулди:
− Менга айтаяпсизми?
− Ҳа, сизга.
− Мен ишлайман. Ҳозир таътил мавсуми, дам олишга эса барча ҳақли.
Навбатда турган иккита хотин чувиллаб, бири олиб, бири қўйиб, у тараф бўлдилар.
− Эътибор берманг. Чайқовчига ҳечам ўхшамайсиз. Лўли ёки кавказлик бўлсангиз бошқа гап эди.
− Нега энди Ўрта осиёликлар ҳам савдо деса томдан ташлайди.
− Бу аёл нақд актриса ёки модель. Моделлар уйидан келдингизми?
Қалдирғоч соддароқ жавоб қилди.
− Боғчага мудирман.
− Ана, айтдим-у у оддий ходимамас.
− Яна, ўта маданиятли кўринади. Қаттиқ-қуруқ гапларни билмас экан.
− Хушбичимлигини томоша қиласан. Менга қолса, яна бир норма беринг, − деди ўрта яшар, лекин тўлароқ, сариқ аёл.
Бошқалар ҳам беринг, беринг, биз розимиз дейишдию, сотувчи ҳам меҳри тобланиб, яхши, яна қайси биридан оласиз танланг, − деб Қалдирғочга мурожаат қилганини билади, юзи тунд аёл бобиллаб берди:
− Қоида ҳаммага бир. Менга деса Англия қироличаси бўлмайдими. Ортиқча бир метр ҳам бермайсан, вассалом, йўқса мудиринг олдига кираман.
Қалдирғоч сотувчига керакмас, қўйинг, деганча нари кетди.
Харидлари билан эндигина пештахтадан узоқлашганди, менга қаранг деган овоздан беихтиёр ўгирилди. Уни қошига келган йигит осиёлик, самимий кулиб туришидан ўзбекка ўхшарди, унга мурожаат қилди. Қайси рангидан олмоқчи эдингиз. Кўрсатинг, ҳозир навбатим келади.
− Хижолат бўлманг. Кераги йўқ.
− Эй, сиз бўш келманг. Улар индай олмайди, навбатим борку.
− Барибир ноқулай.
− Бунақа бўштобликда бирор нарсага эришиш қийин, − деганча ёнига судради.
Мато олиб бериш баҳона Қалдирғоч яна бир элатдоши Бурхон билан танишди. Ёлғизгина бувим қишлоқда қолган, ўшаларга юбораман. Хотиним йўқ. Ажрашганман. Айб кимда? Сиздами деб сўрамоқчимисиз? Тақдири илоҳийга сабаб топиш бефойда. Биттагина қизим унда. Яхши ўстиряпти. Замонавий тарзда яшаш ҳар бир йигит учун орзу эмас. Аёлларнинг кўпи эса орзуманд. Чет эл мусиқаси, рокн-ролл, твист, шейк ва бошқа рақслар жону дили. Ё нотўғрими?
− Унчалик тўғримас.
− Хориж эстрадасига келсак: Далида, Жо Доссенларни биз ҳам жон қулоғимиз билан эшитамиз. Клеш шимлар, соч ўстириб хипписифат юришларни бошдан ўтказганмиз. Аммо бизнинг урф-одатлар ота бўлмиш эрларга йўлчи чироқдир. Воқелик таъсирига қул бўлиш эмас, у билан чиқишиб яшаш лозим, холос. Кўзингизни очинг, ғайридинлар фалсафаси тубанлашиб кетаяпти. Ё алҳазар, художўйлик қатдаю, даҳрийлик боши қатда. Ажратиб қўйилмаса, ер юзи ўз ўқидан отилиб чиқиб кетади. Иймон, иймон деб қушлар ҳатто чирқиллайди. Аммо, улар масканларини тобора эгаллаб бораётган бани одамзот бу муқомларни эшитишни истамай, қулоғига пахта тиқиб олган. Ҳайвон ва паррандаларни Оллоҳ таоло яратиб, ер шари бўйлаб тенг тақсимлаган. Тоғ-роғда, даладаю қирда, ўрмону сайҳонликларда кезиб юрсин деган. Биз эса уларга фақат қўриқхоналарни қолдирдик ва ваҳший ҳайвонлардан ҳам бадтар сиёсат юргазиб, улар номларини «Қизил китоб»ларда қолдиряпмиз, холос. Эй, қодир эгам, гуноҳларимизни ўзинг афв эт.
Ўша атрофдаги дўконларга бошлаган Бурхон, уларнинг айланиши орасида шунча гапларни айтишга улгурган эдики, Қалдирғоч унинг сўзларини бўлмай, хаёли ўзидан узоқда: ҳаёт ва мамот, бахт ва муҳаббат, оила ва садоқат, айниқса, фарзандлилик қувончларини эслаб кўзларига ёш келди. “Рязань проспекти” номидаги метро яқинидаги «Ўзбекистон» меҳмонхонаси рўппарасидан чиқишганда, бу меҳмонхонанинг ўнинчи қаватигача Москвага келган меҳмонлар жойлашади. Қолган қаватлар аспирант ва илмий-тадқиқотчи ўзбекистонлик мутахассисларга ажратилганини Бурхондан эшитиб, ҳайратланди. Демакки, узоқдан келиб жой қидириш муаммоси туғилмайди. Жойинг тайин. Бемалол илм чўққисига чиқиш учун ҳаракат қилса бўлади.
– Нимага ўзингиз китобингизни ўқимайсиз унда, − деб сўради Қалдирғоч соддалик билан.
– Илм қилиш асосида тинмай ўқиш эмас, гоҳи-гоҳи ўқиганни фикрлаш ҳам ётади. Ёки мияга бироз дам бериш. Ҳозир мен шу машғулот билан бандман.
У жиддий айтганди. Қалдирғоч кулиш керакми ё йўқми, билмай унга ҳайрон қараркан, индамади.
Эртаси эрталабдан метро ичида уни Инна кутади. Метрога биринчи кириши эмас. Аммо аввал келганига ўн йиллар бўлди. У экскалатордан тушайми ёки пиёдами деган ўйда иккиланиб қолганди, яна таниш овоз қулоғида янгради.
– Салом, нега тўхтаб турибсиз? Юринг!
– Ассалому алайкум!
У Бурхонни таниганди. Сўрашиб бўлишгач, Бурхон уни индамай экскалаторга итариб, тирсагидан ушлаб олди:
– Кутубхонага шошяпман. Марказга кетяпсизми? Қаерга?
– Ҳозир биламиз, − деб сумкасидан қоғоз олиб унга тутди.
– “Кузнецкий мост” деб ёзилган экан. Юра қолинг, мен ўша ерда бошқа линияга ўтиб, йўналиш алмаштираман.
Ким қаерда туғилганию, қаерда туриши тўғрисида, келиб чиқиши ҳақида гаплашиб боришгунча, керакли станцияга етилди. Телефон номерларини алмашишга Қалдирғоч жон деб рози бўлди. Бурхон блокнотига, Қалдирғоч эслаб қолиш шарти билан номерларни айтишиб, яна кўришармиз деган тилакда ҳар иккиси икки тарафга узоқлашди.
Инна уни кутиб турган экан, қучоқ очиб сўрашди ва дарров метродан чиқишга ошиқди.
Узоқдан уларни кўриб турган Инна яқин келди. Ким бу хушсурат. Танишингми?
– Ҳа.
– Москвада яқинларим йўқ дегандинг?
– Ўзим ҳам ҳайронман. Кеча танишдим. Фикри тиниқ инсон. Яқинда фан номзоди бўлади.
– У ҳолда мени ҳам таништириб қўй. Бўлмаса биздек кўримсизларга ҳеч ким қарамайди,− деб ҳазиллашди Инна.
Қалдирғоч Инна жиддий айтаяптими ёки йўқми деган ўйда индамади.
Инна уни бошлаб бораётган жойни таърифлаб борди.
– Бу кўча қадимдан Цветной бульвар деб аталади. Чунки кўча ўртасида хиёбон, четлари автомашина, илгарилари отлиқ аравалар, тарантаслар йўли бўлган.
Кўчанинг чап тарафидан юриб, кўп ўтмаёқ ресторанга дуч келишди. Пештоқида «Ўзбекистон» деган ёзувни кўриб, Қалдирғочни юзи ёришди. Бизнинг ресторанми?
– Сизларники? Кўп ошпазлар ўзбекистонлик.
– Кирамизми?
– Цирк томошасидан кейин. Маъқулми?
– Яхши.
Яна бир бекатга юришганди, «Цветной бульвардаги цирк» номи билан машҳур Карандаш, Юрий Никулин каби қизиқчилари билан донг таратган энг қадимий цирк аренасига етиб келишди. Одам кўп. Кассада билет йўқ. Аввалдан патта олинмаса, келиш бефойда. Инна кечанинг ўзида бу масалани ҳал қилиб қўйган экан, дугонасини қўлидан тортди.
– Юравер, Қалдирғоч бизда патта бор.
Томоша доимгидек қизиқ ўтар, баъзи бир ном чиқарган артистлар гастролда бўлса ҳам, дорбозлар, акробатчилар, айниқса айиқлар билан машқлар кўрсатилиши қизиқ ўтди.
Сўнг кўз боғловчилар чиқиши Қалдирғочни ўйлатиб қўйди. Саҳна ўртасида турган кўзи қора лента билан боғланган, семизроқ кишига, озғиндан келган жиккаки саволлар бериб, қўлида ушлаб турган ҳужжатни қай турдалигини аниқлашини сўрарди. Ва марказдагиси бехато топарди. Озғини Қалдирғоч тепасига келиб, ундан бирор ҳужжати бор-йўқлини сўради. Қалдирғоч сумкасидан паспортини узатди. Жиккак кўзбоғловчи савол беришга тушди.
– Қўлимдаги ҳужжат нима?
– Паспорт.
– Яхшилаб ўйлаб жавоб беринг! Паспорт эгаси ким? Аёл кишими ёки эркакми?
– Аёл киши.
– Хорошо. Приятно удивили. Она откуда.
– Из Узбекистана.
Жиккак гап қўшди. Паспортда Ўзбекистон деб ёзилган. Демак, тўғри айтилди. Чапак бўлди.
– Қайси шаҳри, пойтахти ё вилоятидан.
– Тошкент.
– Яна тўғри.
Чапак қаттиқроқ чалинди.
– Меҳмонимиз сариқ, малла ёки қора сочми? Яхшилаб, яхшилаб ўйланг!
Семиз ўйлаб қолди.
Инна қулоғига шипшиди. Яхшилабни икки марта қайтаргани, биринчисига икки қўшиб учинчини танла дегани.
Қора соч деган жавоб келди. Яна чапак чалинди.
– Чиройлими? Жуда узоқ ўйлаб айтинг. Яна бир бор айтаман, фикрингизни жамлаб ўйланг.
Инна яна гап қўшди. Бу савол жавоби билан: Ёш, қомати гўзал, юзи чиройли.
Семиз кўзи боғлиқ артист шу сўзларни қайтарди.
Ҳамма қарсаклаб икки кўзбоғловчини узоқ вақт олқишлади.
Қалдирғоч сўради:
– Ўзбекистондан эканлигимни қайдан билди?
– Саволида удивили деган сўзнинг бош ҳарфини олди.
– Лекин Украина ҳам у ҳарфидан бошланади.
– Украина учун удивили очень деган сўзни ишлатарди.
– Сен қаердан биласан? У ҳолда аёллигимни аниқлаш шарти қанақа?
– У аёл сўзига киши билмас урғу берди.
– Гўзаллигимчи?
– Савол қисқа бўлса, чиройли дерди, холос. Яна улар ҳеч қачон аёллар ҳақида шаънини таҳқирловчи паст баҳо беришмайди.
– Тушунарли.
«Ўзбекистон» ресторанига келгунча қурилган суҳбат ва циркдаги кўзбоғловчилар билан боғлиқ номерни таҳлилига фикр билдираётган Иннага нисбатан Қалдирғочнинг кўнгли ийиб, унинг қўлтиғидан ушлаб олди.
Ресторанда ҳар ким ўзига ёққан таомни буюрди, лекин салат масаласида иккиси ҳам аччиқ-чучукда тўхташди. Оқ вино, салқин ичимликлар ҳам столни тўлдирди. Қалдирғоч лағмон буюрганди. Соғиниб кетдим, шўриллатиб бўлса ҳам ейман, айб қилмайсан Инна, деб кулди.
– Ўзинг биласан. Сенга қандай қулай бўлса, шундай қил.Ҳа, айтгандек, гоҳ сиз, баъзида сен. Яхшиси сенлашга ўтайлик. Нима дейсиз Калдиргач?
– Маъқул. Сен бўла қолсин. Ҳа, менга вино буюрма, Инна.
Иккиси баробар кулиб юборишди.
– Ундай бўлса, мен билан бироз ича қол, илтимос, танишганимиз учун, − деб Инна унга ялингансимон тикилди.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.