Электронная библиотека » Абдужаббор Обидов » » онлайн чтение - страница 23


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 04:20


Автор книги: Абдужаббор Обидов


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 23 (всего у книги 34 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Жиноятнинг изи бу билан шу ерда узилади.

Борий ака биринчига кириб: бўлар иш бўлди. Бундан буёнги суриштиришни тўхтатган маъқул, деб айтди. Яна битта-яримта душман орттириб олмайлик. Ёки душманни борлигини билмаган маъқул, ошкор бўлса, ғалва катталашади. На бизда, на уларда тинчлик бўлмайди. Токи бир-биримизни бошимизни янчмагунча, хавотирда яшаш кимга керак.

Миндибаев, бошини силкиб, яхши, деди.

Шу билан бу иш ёпилди.

37. ҚАНОТИНГ ҚИРҚИЛМАСИН ДЕЙМАН

Олти ойлар деганда Акобир ўзига келди.

Баҳор ойи, йигирма иккинчи март куни, Наврўз дамлари эди. Атрофда дарахтлар чамандек қийғоч очилган пайт. Ҳовлидаги, томорқадаги ўрик, шафтоли, гилос, олхўри галма-гал гуллаб, навбатини олмага узатадиган палла. Ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олганча, бир унисига, бир бунисига қараб тагига бориб, гул исини ҳидларкан, айвон зинапоясидан бир-икки қадам ташлаб чиққан кампир ўғлига нигоҳини қадаб қотиб қолганди.

− Ўғлим.

Акобирнинг қулоғига онасининг овози секин етди. Бу овоз унга ҳув ўша болалигида, ўрик дарахтининг устига чиқиб олиб, довучча узаётганида, ёки эски ҳовлиларида турган вақтларида оқ балх тут тепасига чиқиб, бармоқдек келадиган тутларни дўпписига териб онасига чўзганида, «вой, болам-эй, ўзинг егин”, дегани каби овоз қулоғига эшитилди. У онаси томон ўгирилиб, − Ҳа, ойи, − деди.

Улар бир зум бир-бирларига қараб қолишди. Шундан сўнг кампир тушунди. Ўғлининг кўзларига, боқишларига маъно кириб ўзгарибди. Авваллари, касал пайтида кишига бепарво, нурсиз кўзларини тикиб, анграярди.

− Равшан, Қалдирғоч, − деб чинқирди.

Аммо ичкаридан ҳеч бир сас эшитилмади.

Акобир бошини икки қўли билан сиққанча ўтириб қолди.

− Керакмас, бас қилинг! Ёқмаяпти.

Кампир унинг овозимас, бақиргани ўғлига хуш келмаганини сезди. У шаштидан тушди.

− Хўп болам.

Акобир ўрнидан туриб, томорқанинг паст томонига, сой бўйига йўл олди. Ҳовли чеккаси кузда ҳам чопилмай, барра майса босганди. Акобир улар устига аста қадам қўяр, пастга бошини эгиб, ортига ўгирилиб, қаттиқ босмадимми, деб уларга қараб тўймайди. Толга қўнган чуғурчуқлар бири олиб-бири қўйиб чуғурларкан, у яқинлашдиям, қушлар пастки шохларидан юқорироқ шохчаларига кўтарилиб, ҳамон товуш берганча тинчишмасди. Акобир уларни кузатиб қолди. Галада ўн бештача, шекилли. Қуёш чиқар-чиқмас бутун атрофга сочиладиган турли қушлар, шом ўтиши билан, қоронғуда бор-йўқлигини билдирмай қаерга йитиб қолади, эрта саҳар эса яна чуғурлаб қулоқни қоматга келтиради. Қўшни тарафдаги баланд чинордан булбулми, саъвами сайради. Энди Акобир унга қулоқ берди. Мазмунан, у бирор бир овлоқ ерда узоқ қолиб кетгану, бу гўзаллик, табиат билан учрашув онларини роса кутган, орзиқиб дийдор дамларига ошуфта яшаган. Ҳозир эса қушлар навосидан маст, неча хил тусда товланаётган дарахтларга ҳайрон тикилиб тўймасди. У шу ҳолатда анча турди. Орқадан шипиллаб кампир келаётганини англаб, ўгирилганда, қўл узатса етадиган масофа қолган экан.

− Болам, тузукмисан?

Акобир онасига не деб жавоб беришни билмай, елкасини қисиб, бошқа гапни айтди.

− Ҳовлимиз чиройли бўлиб кетибди.

Кампир унинг сўзини маъқуллаб бош силкиди.

− Чиройли бўлганда қандоқ! Кўз яшнайди, нигоҳ қадасанг!

− Шафтолини гулларини қаранг. Шода-шода марварид-а?

Кампир ўғли турган жойдан икки қадам наридаги шафтоли дарахтига имлаб:

− Равшан туғилганида ўзинг эккан дарахт. Анжир шафтоли, − деди.

Акобир онаси ишора қилган дарахтнинг эгилган шохига қўл узатиб: − Шунақами? Эсимда йўқ, − деб жавоб қилди, овозини чўзиб.

− Ҳайдовчинг Матқовул ташлаб кетган.

− Матқовулми? Ўзи ҳозир нима иш қиляпти?

− Ўша, ўша шоферлик. Совхоз директорини олиб юради.

Акобир ҳеч бир ҳавассиз: − директорлик қийин, молбоқарлик осон экан. Менга шу иш маъқул, − деди.

Кампир ўйлаб қолди: ҳали ўғлим ўзига келмабди, шекилли.

− Мен сут соғиб олай. Сен ўзингча ҳовлида айланиб тур.

− Айланиш нимаси? Полизга ариқ тортиб қўяй.

Авваллари, мияси чайқалган пайтида: сутни соғиб қўйдим. Овора бўлманг, дерди ўғли. Молдан нари кетмай, ер чопишни-ку хаёлига ҳам келтирмасди.

Кампир мамнун гапирди.

− Анчадан бери бу ҳовлида ер чопилмаганди. Ҳа, ўзинг биласан.

Бироз вақт ўтиб бошқалар ҳам уйғониб ҳовлига чиқиб, ҳанг-манг бўлишди. Акобир ғайрат билан қаттиқроқ, берч ерларни ағдариб ариқ тортарди.

Ширчой ортиқча гап-сўзларсиз ичилди. Фақат ора-чора эрининг унга ғалати қараб қўйишидан Қалдирғоч изза, бошини кўтара олмай, нонуштасини тезроқ якунлашга шошди.

− Бунча шошиласиз, ҳали вақт бор. Бир оғиз ҳам яхши сўз айтмадингиз! − деб қайнанаси узиб олди.

− Равшан, бўла қол, ҳозир машина келиб қолади.

Қалдирғоч кампирга жавоб беришдан кўра, ўғлига мурожаат қилиб, шошиб турганини билдирди ва қисқа дуо ўқиб, ўрнидан турди.

− Нуқул шунақа қиласиз?

− Ойи, гиналарни қўйинг!

Ойисини сўзини бўлиб гапирган Акобирнинг овози даврадагиларга бошқароқ, авваллари сўзлайдиган сўзларидан кўра ўктамроқ, дадилроқ эшитилди ва натижада, ҳаттоки Қалдирғоч орқасига ўгирилди. Шунда, эрининг кўзлари унга ҳирсли қараб турганини сезди.

Акобирнинг бугун дам олиш куни. Бироқ эртага саҳарлаб туриши лозим. Ишга боради. Ўшангами, томорқадаги ишларини пешингача битказиб, тушда бироз чўзилиб олди. Унинг ҳаракатини, бажараётган ишларини кўриб, кампир хурсанд, юрган йўлида: кўз тегмасин, деб қўяди.

Ҳовлини ҳам йиғиштириб, тозалагач, яна нима иш бор дегандек, молхона, ҳужрага йўл олганди, кампир киргазмай:

− Қўй, болам, бошқа кунга ҳам иш қолсин! − деди.

Акобир ойисининг сўзини қайтармадию, аммо нима билан банд бўлсам экан, деб бошини қашиб турганди, омади гап эшитди.

− Ундан кўра, маза қилиб ювиниб ол, болам. Руҳинг енгил бўлади. Кейин, бола-чақа, қўни-қўшни, хотининг олдида саришта юрсанг, кўп яхши бўлади.

Ўғли маъқул дегандек, кампирга бош ирғади. Кампир тайёрлаган кечки овқатни вақтли еб бўлишди. Дуо ўқилиб, келини идиш-товоқларни йиғиб ошхонага йўл олди. Равшан, юринг ада, футбол ўйнаймиз деб, Акобирга юзланиб, ўз хонасига юрди.

− Сен бора тур. Ҳозир даданг киради. Менинг унда гапим бор, – шундай деб кампир ўғлига қаради.

− Ўғлинг катта бўлиб қолди.

− Ҳа, тўғри!

− У бир ўзи энди чўчимайди.

− Ҳимм.

− Сенга, унда қаерга жой қилиб берсин келин.

− Билмасам.

Акобир шундай деб ўрнидан туриб кетди. У ҳозир ойисининг: «Сен келин ётган уйга кир» дейишини хоҳлар, кампир эса: ўғлим ҳалиям бўшашган. Қаерда бўларди. Эр-хотин бир жойда ётиши керак, деган жавобини кутганди. У фил сурати туширилган қора ҳинд чойидан дамланган пахта гулли чойнакдан шундай чизмали тўқ ҳаворанг, лабига сариқ зарҳал юргазилган пиёлага чой қуйиб, ҳидидан маст бўлгандек, аҳ, аҳ чоймисан чой-да, деб ўзини бепарво тутишга уриниб, бир-икки ҳўплади.

− Чой ичасанми?

− Аччиқми?

− Ҳа, келин барака топгур, роса аччиқ дамлабди.

− Майли, қуйинг, бир пиёла.

Кампир бўш пиёла олиб чой қуйишга тушганда, Акобир сўз қўшди.

− Ичиб олиб, бир далани айланиб келай.

Кампир анграйиб унга чой узатди.

− Нима қиласан қоронғуда, далада?

Акобир ойисига норози қаради.

− Ерни соғинибман?

− Ҳа-я! Тўғри, − деди кампир четга қараб ва ўзича минғирлади: дала-дала дегунча, хотинингни қўлга олмайсанми, деган гап ўтди.

Қалдирғоч идиш-товоқларни ювиб, саранжомлаб, жой-жойига қўйиб келгунча, Акобир кўчага чиқиб кетган эди. У оёқларини йиғиб диванга ўтирганча, телевизорни ёқиб, ахборотни кўришга тутинди. Республикадаги, жаҳондаги янги хабарлардан огоҳ бўлиб, хаёли ўзига, боласига, оиласига, ишига қайтганлиги, узоқдамаслигига шукрона билдириб, экранга хотиржамлик билан кўз ташлаб ёнбошлаганди. Кампир ўз хонасидан чиқди. Қалдирғоч, оёғини йиғиб ўтирди.

− Чўзила беринг. Кун бўйи тик оёқда. Чарчагандирсиз?

− Ҳимм.

− Барака топинг! Ғиқ этмай юрибсиз!

Қалдирғоч ҳушёр тортди. Қайнанаси мақтадими, бир гап бор.

− Нима гап ойи?

− Нима бўларди? Акобирни ўйлаяпман.

− Ҳимм.

Қалдирғоч бирор сўз айта олмай чайналди.

− Эр-хотинни бир-биридан Эгамни ўзи ажратмаса, бандаси бундай қилишга ҳақсиз. Тўғрими?

− Ҳимм.

− Нега индамайсиз? Юрингчи! Уйингизга кирайлик.

Шундай деб, қайнана келинини ичкарига бошлади.

Хона бекаму кўст ясатилган. Саришта, озода эди. Шифонер, пардоз курсичаси, столи, йиғиладиган ойна. Деразага қимматбаҳо пардалар илинган. Фақат уй ўртасида битта каравот, ёнида торшер турарди.

− Ия, иккинчи каравот қани?

− Ойи?

Қалдирғоч, кампир ўзини довдирликка солаётганидан жиғи қўзиса-да, ўзини босиб, индамади.

− Равшанни уйида. Бўлди эсимга тушди. Ҳозироқ жойига қайтариш керак.

Янга ҳаям, йўқ ҳам демади. Дераза олдига бориб ташқарига қараганча: хайр сизга орзулар, алвидо битмаган кўнгилхушлик, бебошликда бош уриб, дайдиб кезганларим, у сирли борлиқ, домига тортгуси қайтадан эски ҳаёт, деганча сўлиш берди.

Акобир акаси қандайдир бошқача бўлиб қолибди. Туғёнли. Муҳаббатга ўч. Бироқ, афсус ва афсус. Бекор барча ёт уринишлар. Ёришмаса қалбнинг чироғи. Ҳиссиз, сезгисиз тамом. Жисмнинг ўрнида совиб қолган эт. Оловга талпинган интиқ вужуддан асар ҳам қолмабди, деб гавдасини пайпаслар эди янга жим. Ёки бошқа ҳолда, бошқа ҳолатда кўпирарди, тошарди ҳислар денгизи ва портларди жим ётган вулқон.

Уларнинг умри яна ўз изига тушиб кетди. Аммо, Қалдирғоч мажбуриятини тан олгиси келмай, Акобир дил тори таранглашган, иккиси бир уйда, бир ҳовлида, тамоман бошқа, бошқа одамдек кун кўришар, гарчи Равшанга меҳрлари бирдек тақсимланиб, унинг қошида сир бой беришмаса-да. Кампир бир-икки марта жавраганди, Қалдирғоч: ойи, шу юришимга кўнмасангиз, адамларни уйларига кўчиб ўтаман, Акобир ака билан ажрашаман деб ультиматум қўйди.

Кампирнинг шунда ҳам дийдиёси тугамаганди, Равшанни олиб, Кўкишкўлга чиндан жўнаворди. Ҳай, ҳайлаб беш кун деганда зўрға уни кўндириб қайтаришди. Адаси, ойиси чурқ дейишмади. Илғор Акобир тараф экан:

− Икки опам эрсиз юрса яхшими? − деб туриб олди.

Борий ака гап-сўздан қўрқмасди, ўғлига дакки берди.

− Ишинг бўлмасин, бу уларнинг ҳаёти.

− Ҳаёти ўз йўлига, иши нозик. Жуда бўлмаса шу тарафини ўйланг, дада.

− Ҳимм.

− Катта лавозимда. Нуфузли.

− Ҳа, бу қизимни обрўси ҳам етарлича.

− Шуни айтаман-да, ада! Одамлар пул тикиб ҳам бу мартабага етиша олмайди.

− Миянг бутун ўғлим. Яхши, сен индама, мен ўзим гаплашиб кўраман.

Шундан сўнг Борий ака қизини яккама-якка суҳбатга тортди.

Май ойида қишлоқдагиларнинг бари ҳовлига чиқиб олишади. Битта-яримта ёмғир ёғишини ҳисобга олиб, ёғоч кравотни атрофига синч қотириб, усти шийпонга қиёс ёпилган. Кўпчилик бўлиб, ўлдирса ҳам ош ўлдирсин деб, уни танаввул қилган Борий ака хонадонида бугун бор фарзандлари, набиралари жам. Кравотда катталар, ёнғоқ остидаги супачада болалар, Илғорнинг аёли уларга бошқош, ош едирарди. Лаган олиниб, дуо ўқилгач, Борий ака ўрнидан қўзғалди. Адаси жойингиздан жилманг, чойга қаранг, − манзират қилди Қадрия опа.

− Мен ҳозир.

Борий ака лаганни олиб кетган қизи Қалдирғочни ортидан ошхона тарафга юрди. Яқинлаб бир-икки йўталганди, қизи: ҳозир деганча қошига чиқди.

− Ҳа, адажон!

− Идишлар кейин ювилар, мен билан юр-чи!

− Хўп.

Улар, олдинма кейин, ҳовлининг қуйи қисмини қоралаб аста одимлашга тушдилар ва адасининг биринчи саволининг ўзидан Қалдирғоч сергакланди.

− Сенга нималар бўлаяпти қизим?

− Нимани айтаяпсиз ада?

Борий ака қизининг тик қади, чиройли сумбатига, мастона кўзларига беихтиёр қараб, қизим чиндан ҳам бошқача. Ундан бирор айб, хато топиш, унга қарши бирор гап айтиш мумкинми ўзи, деб ўйлади.

− Руҳинг тинчмасми?

Қалдирғоч отасидан бундай ўйлатиб қўядиган савол кутмаганди.

− Адажон! Тинч, – ёлғонлади у. Отасига ичидаги дардини тўкиб солмайдику!

− У ҳолда, оилангга қайт. Обрўйингни ўйла, қизим.

− Яхши, фақат иззатим оёқ ости бўлса, яхшими?

− Иззатинг оёқ ости бўлишига йўл қўярканмизми? Кўнглинг хотиржам бўлсин! Ё, уйингдагиларга Илғор бир нима десинми?

− Бир нима деган билан битмаса керак?!

− Қизим, шундай мавқеинг бор. Фарзандингни ҳам бахти ўз қўлингда. Ажрашишни ўйлама. Ўйлаб иш қил.

− Ахир, ада…

− Осмонда учаётган қушга қара.

Ҳали қоронғу тушмай, қушлар чуғурлаб, ўз домиларига шошаётган пайт бўлганидан, чуғурчуқми, қумри, майнаними кўрса бўларди, Қалдирғоч бошини кўкка қаратди.

− Кўрдингми?

− Ҳа, − деб бошини ликиллатди қизи.

Борий ака давом этди:

− Агар шу учаётган қушни икки қанотини кесиб қўйса, нима бўлади? Ерга тошдек шўнғиб тушади. Чил-парчин бўлади. Тўғрими?

− Ҳа.

− Сен ҳам шундек қанотларинг борлиги учун, тепада юрибсан. Тушун қизим! − Улардан айрилиб қолишдан қўрқ.

− Яхши!

Қалдирғоч, чиндан ҳам сабрли бўлмаса, уруш-жанжал билан қадрсиз бўлиб қолишини кўз олдига келтириб қўрқиб кетди. Ҳурматсиз одам одамми?! – деб ўйлаб, адасининг елкасига бош қўйиб, бўйнидан қучоқлаб олди.

Бибисора ҳам отасининг сиёсатини маъқуллади. Муросаю мадора қиласан, бошқа иложи йўқ. Справкаси бор жинни одам, ҳатто энг оғир жинояти учун жавоб бермайдику, сен бўлса арзимаган жунунлиги учун ундан гина қиласан. Сен никоҳдаги вазифангни тўғри англа. Фақат сенинг хоҳишингмас, бошқаларнинг ҳам истаги бор. У билан эса ҳисоблашиш лозим, шекилли. Нима, Акобир ака яхши шифо топмаганми? Ёки сени қийнайдими, зуғум қиладими?

– Кўнглим йўқ, кўнгил. Нима қилсам экан, опа? – шундай деб Қалдирғоч ўзини Бибисора бағрига отди.

– Сабр қилинг дугонажон. Ҳали дориломон замонлар сизга ҳам кулар. Ҳозир эса оила манфаатига содиқлигингизни намоён қилишдан чарчаманг. Худо сизга матонат берсин.

Гулсина бўлса: эрингни қўй, ўйнаб кулсангчи. Умрингни мастоналиклар билан безат. Қир-адирларда бахтиёр, эркин учиб, истаган жойида, кўнгли тусаган тариқни чўқиган чумчуқдек, эркка изн бер. Ўзингиз суйган бағирлар қучоғига от, дейишдан чарчамасди.

Унга Бибисора дугонасининг маслаҳати, гапи чиройли бир мавзуга бориб тақалиши, вафо-садоқатни четлаб ўтилмаган ҳолда гапиришлари унинг диққатини жамлаб, унинг сўзларидан қандайдир рационал уруғ, ёки маъни борлигидан ҳаётга даъват, қизиқиши ортардию, бироқ сиқилишлари ортгани сайин, жисми-зоридаги нотавонликка таскин топиш истаганда Гулсинанинг сўзлари асослидек туюлиб, у икки ўт орасида қолган эди.

Вақт эса ўтиб борар, ям-яшил баҳор навбатини қизғин ёзга узатиб, июннинг охирларида Москвага сафари тайин бўлди. У тўйга боришини Гулсинага билдирганди, дугонаси мени ҳам олиб кетасан, деб хархаша қилмади. Майли, менинг ўрнимга ҳам росмана ўйнаб-кулиб, битта-иккитасини илинтириб кел, деб ҳазил қилди.

Қалдирғоч кулиб қўя қолди. Аввалгидек бундек гапларга пўписа қилишдан чарчаган, не ҳожат, барибир, Гуля ўзгармайди, деган фикрга келганди.

− Ҳа, манзилингни айт. Мабодо, Қуддус телефон қилса, етказаман. Айтгандек, унга ҳам билдирсанг бўларди. Учиб келади. Тўй баҳона, дийдор ғанимат. Нима дейсан?

− Ҳимм.

Қалдирғоч, аввалроқ Инна билан гаплашганда, бир ўзим тўйда ҳамроҳсиз ноқулайлик сезаман, деб иддао бошлаганди, дугонаси далда берди: Никита икки кўзи илҳақ сизни кутяпти. Шарқ Клеопатраси ёнидан бир қадам ҳам жилмайман, деб қасам ичган.

− Кавалер тайёр экан-да! − деди Қалдирғоч кулиб, уни Клеопатрага ўхшатишгани унча ёқмаса-да.

БЕШИНЧИ ҚИСМ

38. ТЎЙ БАҲОНА, ДИЙДОР ҒАНИМАТ

Аэропортдан чиқишда уни Никита кутиб олди. Аввал, қўлида кичикроқ чамадонини олиш ўрнига, ҳаттоки унга ташланиб, қучоғига босди. Бундай кароматни кутмаган Қалдирғочнинг ўнг қўли узатилганча ҳавода муаллақ қолди.

Инна билан Қалдирғоч худди қадрдонлар бир неча йиллар бир-бирини кўрмай, соғиниб қолгандек роса ачомлашди. Яхши ниятлар тилади. Қароринг қатъий: Бурхон билан муҳаббат ва бахтинг тўлиқ бўлсин, деб тилак билдирди. Инна раҳмат, раҳмат деганча, тўй кўйлагим оддий, мен бир кунлик ҳашамнимас, бир умрли тинчлик-хотиржамликни никоҳдан кутяпман деди, ортиқча зебсиз ясатилган хоналари бўйлаб дугонасини етаклаб. Ўша вақтда барчанинг уйида бир хил типдаги диван кравот ва стол-стуллар бўларди.

Иннанинг меҳмонхонасида ҳам шундай мебеллар турар. Фақат, румин мебели: шифонер, кравот, тумба, йиғма ойна ётоқхонасини безарди.

− Яхши гапирдинг! Ҳашамдор, лекин тўрт-беш кунлик бахт кимга керак! Тўй бўладиган жой меҳмонхонадан узоқмасми?

− Яқин.

− Ҳимм.

− Унча кўп меҳмон бўлмайди. Ўшанга Кузьминкадаги “Красный маяк”ни танлаганмиз. Мўъжазгина кафе.

− Ҳечқиси йўқ. Яқинроқда экан. Маъқули шу.

− Нимага?

− Учиб қолсам, яна узоқларда қолиб кетмай.

− Сен-а, − деб Инна ҳо-ҳолаб кулди. Сўнг дугонасининг ҳам жилмайганини кўриб, уни бағрига босди.

− Сендек жувонни ким ҳам ташлаб қўярди, жонгинам. Фақат нега шаробга ружу қўйгансан?

− Ҳимм.

Инна саволи дугонасини ранжитганини англаб, суҳбат мавзусини ўзгартириб юборди.

− Биласанми, Никита сени эслагани эслаган. Менимча, у сени қаттиқ яхши кўриб қолган. Сидқидилдан. Туманингга излаб бормоқчи эди, аҳмоқ бўлма, у ерда дугонамни обрўйини тўкасан. Яна эри ўта рашкчи, басмач. Пичоқ тиқиб олиши мумкин, деб қайтардим.

− Басмачинг нимаси? Лекин, яхши қилибсан! У касалга ўхшайди.

− Касал ҳам гапми, у сенинг дардингда куйиб, сизлар айтадиган жунун ҳолатига келган.

Қалдирғоч суҳбатни мазкур мавзуда давом эттиришга чек қўйишга шошилди.

− Сен яхшиси тўйга тайёргарлигингни кўр. Ана нариги уйда дугоналаринг, яқинларинг, мен хонамга борай, кейинроқ кўришармиз, − деди.

Дугонаси ўзи айтмаса, дилдан ёрилгиси келмаса бефойда, илтимос ўтмайди. Инна сўлиш берди: майли борақол Гуру.

Соат олтиларда эшик тақиллади. Қалдирғоч эшикни очса, Никита бошини эгиб турибди. Башанг кулранг енгил костюм, оёғида оч тусли пойафзал.

Қалдирғоч унинг туриш, кийинишига ҳеч қандай эпитет айтмай, мен ҳозир, Сиз йўлакда кутиб туринг, деди.

Қўнғир сочли йигит сўраб келган хонимни этаждаги навбатчи то лифт келиб, улар унга киришгунча ғалати қарашда кузатди. Лифт эшиклари ёпилиши билан, биринчи этаждаги танишига қўнғироқ қилди:

− Ренета, ҳозир пайдо бўладиган парага кўзингни каттароқ очиб қара.

Қалдирғоч биринчи этаж фойесидан қаддини ғозлаб тик ушлаб бораркан, учала администраторларнинг нигоҳлари уларга қадалганини англади. Фаҳмладию, сир бой бермай мағрур юришини тўхтатмади.

− Бу шарқликни таманноли юришини қара, − деди Ренета деган администратор.

− Кўрдим. Унчалик ҳайратга солмайди. Фақат, кўкси жимирлашини айтмаса, яна билмасам, − деб гап қўшди иккинчиси.

− Эрларнинг эътиборини ўзига тортадиган сифат бу? − деди учинчиси ва мен ҳам ёшлигимда шундай юриш машқини ҳавасда кўп қайтарардим, аммо кўнгилдагидек ўхшата олмаганман. Натижа ҳам бермади.

− Нега энди? Йигитинг маъқулламадими?

− Чиранма, коскига ўхшаб, − деб куларди.

Сўнгра улар ёшликларини, қувноқ, меҳр-муҳаббатга ташналик онларини ва бошқа гапларга ўтиб кетишди. Бугун меҳмонхонага келиб кетувчилар унча кўп эмасди. Тўй кичик бир кафеда ортиқча зебсиз, ҳашамсиз ўтса-да, Қалдирғоч хурсанд, шод эди. Чунки у дўстларининг ёнида. Уларнинг унга самимий нигоҳлари, қўллаб-қувватлашлари бағрида тўлқинланиб, завқланарди. Нега шунақа? Ўзи билмасди. Йўқса, уйи тарафда бирор жойга борса қисиниб, қимтинади. Ҳуснига, юриш-туришига қараганлар бирор айб топишса нима қиламан, деган ўйда зўраки сипо ўтиришга уринади. Гапларини минг бор ўйлаб гапиради. Агар туғилган кун, тўй-ҳашам бўлсачи, ҳатто, рақсларга тушишга бир неча одамнинг рухсати керак.

Асосийси қайнанаси. Ўнтадан тўққиз вазиятда розилик тегиши амримаҳол.

Шодгунлик ҳам ҳамма давраларда бирдек кезмайди. Гоҳида, минг уринсанг ҳам давра қизимайди. Совуқ, файзсиз ўтади кеча. Бу кеча эса умуман бошқача, сўз устига сўз. Яқинларинг тилаклари. Дўстлар табриклари, орасидаги қўшиқ айтиш, рақсга битта қолмай бор давранинг ўйнаши – бари уйғунлашиб кишида кўтаринкилик, чексиз хурсандчилик туғдириб, иштирокчилар қалбларига шуур, қувонч, кўзларига севинч тўнарди. Тостларга ичилган шароб ҳам балки кучини кўрсатаётгандир, лекин янга беқиёс даража туғёнланган, ким таклиф этса бош тортмай ўйинга тушар. Оҳиста куй оҳангими, тезроқ чалинганими фарқсиз. Чунки ҳеч ким, битта-яримта кексаларни: шу жумладан Бурхоннинг устози, Никитанинг онаси қаторидагиларни айтмаса, барча-барча ўйнарди, куларди, ичарди ва бу маишатни охири кўринмасди. Ҳамма шод, хуррам. Уларнинг руҳи Қалдирғочга ҳам ўтиб, натижа ўлароқ вальс, танго рақсларида ўзини эркин тутар, шу сабабми, Никита билан танца қилаётган галида бироз дам олишни чамалаганча, унинг елкаларига қўлларини қўйди, чунки ортиқча айланишга мадорсиз, оёқлари зўрға сурилиб рақс этаркан, ёнларидан бошқа жуфтликлар айланиб ўтишига бепарво эди.

Унга ҳозир бошқа нарса керакмас, рақсдан олаётган ҳузуридан ҳеч ким айирмаса бўлгани. Қанчалар бўлди-я, биров билан бунчалик хоҳлаб ўйинга тушмаганига. Рақс тушётганлар майдонидан четроқда бу вазиятга кўзи тушган Хорхина бир зум кузатиб турди-да, нигоҳини бошқа тарафга бир зум қаратиб қайтиб қараганда, иккаласи ҳам йўлак ичра ғойиб бўлганини аниқлади. Бироз ўтмай, янга норози залга қайтаркан: бу илиқ-милиқ устидан арз қилмасам бўлмайди, шекилли, бундоқ одамларга ўхшаб рақс тушишга ҳам қўймайди, суйкалгани суйкалган, деб дугонасини қидирди. Арз эшитиш қаёқда, Инна уни кўриши билан, қўлидан судраганча, яқинларига таништирар, улар эса бирга ичайлик, деб қўйишмасди.

Бир чеккада тинчгина ўзини ўзи хурсанд қилиб юриши қолиб, уни қадаҳ чўқиштиришга мажбурлаб, тотинса бир у чеккасидан, бир бу чеккасидан чўпиллаб ўпаётган Иннанинг яқинларидан безор бўлганча, қаёққа қочишни билмасди. Курортдаги дўстимнинг туғилган кунидаги ўтириш ҳолва экан деганча, у навбатдаги хира хотиндан узоқлашганини билади, кайфи тароқ ағанашига оз қолди. Билгани уни қошлари қалин бир йигит ушлаб қолди ва қўлига олганча: мен ўзим унга қарайман, сизлар йўлни очинг, дегани бўлди. Шунда Иннанинг мен уни танийман. Кавказлик ─ Гурунинг дўсти, деган гапига, Никитанинг: «Мен Калдиргачни ҳеч кимга бермайман, билиб қўй, Инна», деган жавобию ва шу ондаёқ шалоп этиб йиқилганини, уни кимдир сал қаттиқроқ туртганини эслади.

Қуддус Қалдирғочни таксига босаркан, ҳайдовчининг қаерга деган саволига, ижарага уй керак. Марказга борамизми? Ўзинг ҳал қил. Уй топилмагунча машинангдан тушмаймиз, деб жавоб қилди. Москвада, марказий метро атрофида, квартирага қўядиганлар кечаси билан изғирди. Тирикчилик.

− Бу анча иш-ку? − деди ҳайдовчи қошини учириб.

− Ўшанга яраша пул оласан.

Марказгача анча йўл. Йўлда, машина чайқалишдан янга беҳаловат бўла бошладию, Қуддус бу ҳолни англагунча тўлғониб қайт қилиб юборди. Ҳайдовчи шартта тормозни босди ва ортига бир қараб олиб, дўқ қилишга ўтди:

− Бу нимаси тағин. Ҳаммаёқ булғанибди.

Қуддус Қалдирғочни чайқалаётган бошини елкасига суяб, жаҳл қилди.

− Дағ-дағангни йиғиштир! Кўнгли айнаган, табиий ҳолат. Ўзингда бўлмаганми?

− Шунчалик ҳам ичадими? Бизларники майли. Энди кавказлик аёллар…

− Гапни кўпайтирма, қўшиб бераман.

− Бошқа иложинг ҳам йўқ.

Ҳайдовчи димоғида минғирлаб: тебе так и надо! Нашёл алкоголичку, деди-да, тезликни босди. Қалдирғочни чайқалмасин деб елкасига қўл ташлаб олган йигит: қандайлигини билмайсан-да, деганча мийиғида кулиб индамади.

Ижарага квартира Гиляровский кўчасидан топилди. Қуддус айтилган пулга талашиб ўтирмади. Йигирма беш сўм олган ҳайдовчи ҳам телефони ёзилган қоғозни узатиб: керак бўлсам телефон қиласан. Бири уйимни, бошқаси диспетчер номери. Ишда бўлсам, бирпасда топиб беришади, аёлинг чиройли экану, кўп ичаркан. Бунга йўл қўйма, ўзимдан биламан, оқибати яхши бўлмайди, меники ҳозир психиатрическийда даволаняпти, деб самимий гапирди.

− Раҳмат, маслаҳатингни албатта инобатга оламан, − деди Қуддус унинг қўлларини сиқиб.

Тўртинчи қаватдаги икки хонали квартиранинг калитини бериб, ҳақини ва Қуддус паспортини қўлига олган ижарачи, холодильникдаги бор егуликлар шу пул ҳисобига киради. Керак вақт, уйни бўшатмоқчи бўлсангиз, бир зумда чақирарсиз, деб визит қоғозчасини берди.

Улар ўзлари қолишди.

Қуддус елкасига ташлаб олган Қалдирғочни ётоқхонадаги икки кишилик кенг кравотнинг ўртасига ётқазди. У ҳеч нимани билмасди. Чироқларни ўчириб чиқай деганда ортига қайтди, янгага бирпас қараб қолди-да, устига энгашиб, бўйинларидан ислади. Атир аралаш ичимлик иси димоғига урилди. Кўнгли беҳузур бўлди. Бояги ҳайдовчи насроний бўлса ҳам тўғри айтади. Ичкиликни зиёди барчани: хоҳ эр киши, хоҳ аёлни баробар барбод айлайди.

Чироқларни ўчириб, бу хонага чиқди.

Жомадонини очиб хонада уйда кийиладиган либосларни чиқарди. Улар янги: эркак ва аёлга мўлжалланган, тўлиқ комплектда эди. Мос равишда бир жуфт шиппакни полга ташлади.

Бу нарсаларни олишни, Қалдирғоч қачон Москвага бориши, тўй санаси, вақти ва никоҳ ўтадиган кафе манзили ва номини Гулсина телефон қилиб айтганди. У қўшимча «Гуру кўп ичмасин, унга қараб юринг, ҳозир алами зўр. Ҳаётда ўрнини топган, лекин нимадандир сиқилиши бор. Балки сиз бунинг сабабини топарсиз. Дардини шароб билан ёзишга йўл қўйманг. Зора, яқин дўстлик алоқангиз уни ўзгартирса, балки ишқингиз зарурдир, ўйлаб кўринг», деди очиқчасига.

Йўлак четидаги чироқдан бошқаларини ўчириб, диванга чўзилган Қуддус бирор соат ухладими ёки йўқми, ванна эшиги тарақлаб очилиши ва ундан ўқчиётган овоздан уйғониб кетди.

У ўша ерга югурди:

− Кўнглингиз айнаяптими?

Қалдирғоч жавоб бериш ўрнига ҳолсиз унга кўз тикди: «Келдингизми, азизим».

У яна қусишга ўтган ва бу оғриқли амалдан чайқаларди.

Йигит манзиратни кутмай, чап қўлини белидан ўтказиб ушлаб турди. Янга норози ўгирилдию, бир нима дейишга улгурмай, кейинги фурсатда яна ўқчиди. Қуддус унинг қийналаётганини сезар, дардига шерик бўлишга тайёрдек типирчилар, фақат нима қилсам экан деганча, бу қўли билан юзига тушаётган сочини суриб манглайини силарди.

Ваннага сув оқизиб, чайиб ётоқхонага кирганда, тескари қараб, букчайиб қолган янгага кўзи тушган Қуддус бошқа хонадаги холодильникни очиб, стаканга простокваша қуйди. Бу ёғсизроқ қатиқни янганинг оғзига тутди. Қалдирғоч илжайишга ҳаракат қилганча, ичишга тутинди. Бироз ўтмай яна у ваннага югурди. Қуддус яна простокваша ичирди.

Бу ҳол бир неча марта қайтарилиб, ниҳоят янга кўнгли айнашидан қутилди шекилли, чой сўради. Кўк чой.

Диванда қотиб ухлаб қолган Қуддус, бир вақт уйқуси бузилди. Унга тушидами ёки ўнгидами таниш бир чеҳра нигоҳини тикарди. Кўзини очиб, тушидамас, ўнгида, ёнидаги стулда Қалдирғоч унга беозор қараганча жимгина ўтирганини кўрди. Чеҳраси сўлғин. Улар анча вақт бир-бирларига тикилиб қолдилар. Жувон кўнглидан, сизни ташвишга қўймадимми дўстим, деган ўй ўтса, самолёт учиш вақти сурилиб, ушланиб қолди, бўлмаса вақтида етиб келардим, сизни бунчалик қийналишингизга йўл қўймасдим, дерди йигит. Ўзингизда айб сезсангиз, охиригача мени даволанг, деб янга ўйласа, ҳар қандай дамда ёнингизда бўлиш мен учун бахт, дерди дўстининг нигоҳи.

Бу нигоҳда меҳр қалқиб, муҳаббат тошган, қалби туғёнланиб, кўзлар ёнармиш. Лаблардаги титрашлар Қалдирғочнинг ичларини жимирлатиб юборганмиш.

Кейин, худди шу гапларга зориққан аёл мисли балеринадек оёқ учида, кўча эшик томон йўл олиб, ортига ярим ўгириб қўлини узатибди. Уни тутган қўллар соҳиби ҳам ортда қолмаганмиш.

Кўча эшикни шақиллатиб очган Қалдирғоч йигитга нидо қилибди:

− Қуддус, кетинг. Сабримни ортиқ синаманг.

Йигит ҳайрон бўлибди. Уни ҳайдашларини ҳечам кутмаган. Тили калимага келмай, қўлларини кўкка кўтарибди.

− Гуру, сизга нима бўлди?

Қалдирғоч унинг саволига жавобан гапини янада қисқароқ қилиб:

− Йўқ, йўқ! Ҳозироқ тарк этинг мени! Ҳеч қандай изоҳ сўраманг, − дермиш.

− Айбим нима?

− Гап менда. Кетинг, илтимос!

Қалдирғоч шундай деб тескари қарабди.

Йигит қўлини чўзган экан, янга уни ўзидан итарибди. Шунда Қуддус бошини эгиб нари кетибди. Бир-икки қадам ташлаб, ортига ўгирилса, эшикни ёпмай, унинг индамай кетишини ҳазм қила олмай, ҳайрат билан кузатиб турган янга нигоҳларига кўзи тушибди. Қуддус бу қарашларнинг мазмунини ўзича йўйиб, қайтибди. Унинг яқинлашётганини янга англаганда кеч эди. У эшикни ёпиб олишга улгурмай, йигит унга отилибди. Қалдирғоч бўш келмай туртармиш. Уларнинг муросасизлиги сўзсиз анча давом этибди. Бир-икки жойига янганинг тирноғи ботиб, у астойдил ҳимояланса-да, пишқирган йигитни жиловлаш мушкулмиш, қўллари жувоннинг бир елкасига, бир билагига солиб, бўйни, сийналаридан ўпишга ўтибди. Янга уни нари суришга яна бир-икки уриниб, охири қўллари шалвираб бўшашибди.

Кўча эшик очиқ, битта-яримта ўтганга эътибор бермай, Қуддус чўкка тушиб, белидан тортиб бошини суяб олганмиш. Янга, сийрати қотган, фақат қўллари секин ҳаракатга келиб, унинг сочларини бемаъно тутамлашга ўтибди.

− Бизнинг дўстлигимиз тугади, Қуддус. Биз энди бошқа учрашмаслигимиз керак. Эшитяпсанми, нотавон ҳамроҳим.

Қалдирғочнининг овози ўктам ва шижоатлимиш.

− Эрим бор! Бироқ ҳис-туйғулар туғёни мени чирпиракдек ўраб сенинг қўйнингга отса нима қиламан. Бағри-дилим изтиробда, ҳижрон ва фироқ дардларидан фиғоним кўкка етгудек. Бу жаҳаннам ўтлари, оловларига қиёс гулханни бутун дунё шаробларини ичиб ҳам на ўчираман, на унута олмасам керак. Энди нима қил дейсан, азизим. Гуноҳи азим дарёсига ўзимни ташлайми? Бошимни тиқиб, чуқур уммонларига етсам, юзадаги кўпикларида эркин суза-суза қаерга етиб борардик. Бизда сен билан оила деган кема йўқ. Елканлари бўлмаса ҳам эриб эшкак уриб, денгиз тўлқинларига зўрға дош бериб келаётган, Акобир ака ясаган оғиргина қайиқчамиз бор. Қайиқча ҳам, мен ҳам унга тегишлиман. Тушунсангчи, ғалча. Нега менга ёпишиб олдинг? Эрсизлар, бевалар, ёки умуман эр кўрмаганлар камми? Мени тинч қўй. Чақирмасам ҳам, бу тўйга қаердандир етиб келибсан. Кет! Мен шунақа аламимни майдан олиб, майпараст номига сазовор бўлсам бўла қолай, аммо ҳеч ким мени бармоғи билан бевафо ёки хиёнаткор аёл деб атамасин. Бу иснод. Кет, деяпман, ноҳис. Иккинчи кўзимга кўринма. Ҳислар туғёнига дош бериш қийин. Бунча бўшашдинг. Шартта бағрингга аввалроқ олсанг, меҳрингни улашсанг, асаканг кетардими. Вақт ўтди. Эсим ўзимга қайтди. Энди эса сенга нисбатан ҳеч қандай туйғу қолмади, ҳисоб.

Қалдирғоч гапирар экан, ўзини ўзи йиғлатди. Унинг кўзларидан дурдек томчилар туша бошлади.

− Кўз ёшларингизга менми сабабчи, Гуру.

− Ҳимм.

− Гўллигим, уқувсизлигим учунми?

Қалдирғоч жавоб бериш ўрнига, шартта йигитнинг башарасига шапалоқ урибди. Яна урибди. Йигит ҳайронмишу, қаршилик қилмасмиш, янгага ўтдек чақин сочаётган кўзларини тикиб миқ этмасмиш. Қалдирғоч эса ҳамон жаҳлини пасайтирмас, йўлакка эшитадиган қилиб бақирибди.

− Мана сенга, лапашанг. Пайсалга солгувчи, сўққабош. Ботинимдаги тинчликни, ҳаловатимни бузиб, ўзимга қўл чўзишга ожиз, рамақижон ошиқ.

Қуддус уни энг ёмон сўзлар билан ҳақорат қилишаётганига ҳам эътибор бермай, қайтанга жаҳли чиққанида, эҳтироси жунбушга келганида, биров билан гап талашганда, Гуруси янада очилиб кетишини, одамга ёқадиган даражада қилиқлари, ҳаракатларини оқлаб меҳри тошибди. Унинг оёғига бош эгиб мустар қотганмиш. Янга шунда ҳам жаҳлдан тушмай, уни тарсакилашда давом этармишу, лекин бу уришлар борган сари сусайиб борармиш.

Сўнгра Қалдирғоч унинг қўлларини белидан узиб, ўзидан шартта итарибди-да, эшикни ёпиб олибди. Ичкаридан эшикка суяниб бирпас турибди, сўнг ўзини ётоқхонага уриб, кравотга жисмини отибди. Фиғони фалакка чиқиб, бошини кўтармай, тўлқиндек гувиллаган сочлари ёйилиб ёстиқни қоплаганмиш. Бу ҳолатда янгани кўзларида ёш борми ё йўқми, билиб бўлмасмиш. Бироқ елкаси кўтарилиб тушаётганидан, ҳиқиллаган овозидан, орасида тўшакни муштлаб уришидан аламли онлар бағрини тиғлаётганини англаш қийин эмасмиш. Жисму қадди ўздаю, ўйу фикри ҳамон ташқарида эмиш. Озмунча вақт ўтибди ҳам, у юзтубан чўзилган ҳолатда ухлашга ҳаракат қилибди-ку, кўзларига уйқу келмасмиш. Бу кеча бироз салқинлиги сезилиб, ташқарида шамол қўзғалибди. Намхуш ҳаво хона бўйлаб кезиб, унинг димоғига урилибди. Ҳозир шарқираб ёмғир ёғса керак, шамол кучайяпти, аммо йигит кетдимикин йўқми, деган ўй ҳаммасидан уни тинч қўймасмиш. Бир вақт, люстра чироғи лопиллаб, ўчиб ёнай деб, бир кучайиб, бир пасайибди, дераза дарпардалари кўтарилиб, сурилиб катта куч билан хонага шамол ўзини уриб ва дераза шарақлаб, кўча эшик ғийқиллаб очилибди. Қалдирғоч, беихтиёр уларни ёпишга шошилиб, ўрнидан турганча кўча эшикни дастидан тортай деса, керамика плитаси ётқизилган пойгакда чўкка тушганча, бош эгиб ўтирган Қуддусга кўзи тушибди. У кетмаган ва шунча вақт шу ерда қимирламай ўтирган деб, ҳайрон бўлибдию, барибир заррача ачинмай, қайтага унинг бир ишини кеча давомида ҳазм қила олмаётган экан, тикка саволга тутибди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации