Электронная библиотека » Абдужаббор Обидов » » онлайн чтение - страница 14


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 04:20


Автор книги: Абдужаббор Обидов


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 14 (всего у книги 34 страниц)

Шрифт:
- 100% +

– Чиндан ҳам шундайми? − деб Зинат атрофга қаради.

Холов мижғовланиб гап бошлади.

– Қадимги достонларимиздаёқ Қалдирғоч исми кўп марта ишлатилган. Бу исм арабийларга хос: Мукаррам, Маъмура ва бошқалар қаторига ўтмайди. Ёки форсий: Руҳшона, Ҳафизалар кабимас.

– Ҳафиза ҳам форсий исмми? Менимча, у бизларга хос, − деди Буваев ўзининг борлигини билдириб қўйиш учун.

– Ҳафиза бизда ҳам қўйилади – деди Саригул ва бошқалар ҳам ўз фикрларини билдириб, бири олиб бири қўйиб мухобара қилишга ўтишди.

Бу суҳбатга фақат икки одам қўшилмай, ҳар ким ўзи билан оворалигидан фойдаланиб, Қуддус ёнига тез-тез кўз ташлаб қўйиш имкони туғилганидан суюлиб кетган бўлса, Қалдирғоч бу қарашларга чидамаймас, гап-сўзга ҳали қолиб кетмасам, деган андишада, игнани устида ўтиргандек, хавотирда эди.

Бир пайт Илғор кириб, бор машварат узилди. У опасини бошлаб кирганди, дадил сўзлаб таништирди:

– Бизнинг оиланинг яна бир гўзал вакиласи опамиз Таманно. Марҳамат, ардоқланг ва севинглар.

Зинат унга бироз тикилиб олди-да, рассомга хос чизгиларини аниқлаб, баҳо беришга ўтди:

– Классик шакл. Стандартга яқин. Аммо у сиздан пастроқ ва бироз тўла. Бироқ бу унга ярашган. Дид билан кийинган. Сочлари замонавий усулда йиғилган.

Ва бошқа эпитетлар Қалдирғоч қулоғига айтилди. Ўша пайтда сочни тепага турмаклаб юриш расм бўлган эди. Сайкиннинг хотинлар турмакларини фарқлай олиши, яна улар қоматининг ўлчовлари тўғрисида бохабарлиги ва опаси ҳақида яхши баҳо билдиргани унга ёқди. Қалдирғоч миннатдор боқиб, «ташаккур, одамни кўнглини кўтаришни биларкансиз», деди. Жавобан, Сайкин, нималар деяпсиз, ҳали менинг қўлимдан келадиган ишлар шу холос деб ўйлаяпсизми? деганча, ўзини жинниликка солди. – Мен аввал ҳам бу қишлоқ, мазкур уйга келганга ўхшайман. Воқеа бундай бўлганди. Бир неча йил аввал. Куз фасли. Эрта тонг. Кун совуқроқ. Дала йўлидан келаётган ёш жувон ва эшакдек ҳайбатли ит…

Янга Сайкинни эслади. Боя, вилоят бошқармасида мени таниб қолиб гапга солмоқчи бўлди, деб ўйлаганди. Адашмабди. Ўша воқеалар ёдида экан-да!

Сайкин давом этди. Умримда бундай ажабтовур ҳолатни кўрмаганман. Шудринг тушган далаларда қоп-қорайиб ястанган ғўза поялари совуқ ва шумшук кўринади. Ариқда шилдираб сув оқади. Эшак аравалар юрган, трактор прицеплари судралган йўл қатқалоғини босиб, эгнида маҳаллий аҳоли киядиган кийим, елкасида шал рўмол, оёғида махси-ковушли оддийгина қишлоқ аёли борарди. Аммо унинг қад-қоматини мардоновар тутиши, тик юришию мағрур қараши, кўзларидаги шаҳд ва ўт ёлқинини сачратишида, қандайдир сирлилик ва эртанги кундан умиди зўр гўзал сиймоси, қисқаси, нақд дала мадонаси кўрки намоён эди…

Миндибаев: келинг, ўтиринг Таманно. Сизни кўпчилик танийди. Булар: Қалдирғочнинг меҳмонлари Зинат Муидович, Иттифоқ миқёсидаги мухбир ва унинг ҳамроҳи Қуддус, дейиши билан улар ўрнидан туриб, бош эгишди. Сўнг ўзаро илтифотли: танишгандан хурсандмиз, деган сўзлар уччала оғиздан янгради.

Таманно Миндибаевга қарама-қарши, Буваев ёнига ўрнашди ва даврадагилар билан бирма-бир кўз уриштириб ҳол-аҳвол сўраб чиққач, сўлга қараб, шошилмай унга сўз қотди:

− Туманга қайтибсиз? Киндик қони тўкилган ер ўзига тортибди-да!

− Ҳа, келганимга бир ой ҳам бўлмади. Суриштирсам, Россияда экансан!

− Хизмат билан, ярим умрим ўша ерда ўтаяпти.

– Қийналмаяпсанми?

– Ҳе-эй, ўрганиб кетганман!

– Ундоқ бўлса яхши.

– Ўзингизда нима гаплар?..

Борий аканинг ҳамма болалари рус забоний мактабни биринчи синфдан ўнинчи синфгача битиришган. Оиланинг тўнғич фарзанди Таманно ҳам шу жумладан. У саккизинчи синфда ўқиётган паллаларидан Вайсни билади. Войисни мактабда ҳамма Вайс деб чақирарди. Ўша йиллари “Қилич ва қалқон” фильми кўп қўйиларди. Озғин, баланд бўйли, кўзлари кўк, қирра бурун, қайсидир томонлари чиндан рус актери Александр Беловга ўхшайдиган, синф аълочиси, волейбол бўйича туман биринчилигида барча мактаб, ўрта билим юртларини енгган мактаб командаси капитани эди-да Войис Буваев.

Сўнгра, мактабнинг волейбол бўйича қизлар командасида ҳам жонланиш юз берди Чунки, физкультура ўқитувчисидан ташқари, Войис ҳам уларга ўргатадиган бўлди. Буни эшитиб, хоҳловчилар кўпайди. Таманно ҳам тренировкаларга қатнай бошлади. Йўли бир тараф бўлгани учун, Войис уни ва дугонасини кузатиб қўярди. Лекин тез орада, дугонасига волейбол ўйнашини отаси ман қилди.

Бир гал қизиқ воқеа юз берди ва бу ҳодиса йигит ва қизнинг ёдида бир умрга қолган. Улар, тренировкадан чарчаб, ҳориб келаётган палла, мактаб даласининг четидан қовун ҳиди димоқларига урилди. Таманнони иштаҳаси қўзиб:

– Қовунми?− деб сўради.

– Ҳа, − деди Войис бепарво.

– Ҳидини қаранг. Роса пишибди, шекилли.

– Егинг келаяптими, − деди Войис, эндигина қовун ҳақида Таманно бекорга сўз очмаганига ақли етиб.

– Жон деб ердим, қорин таталаган.

Даланинг четроғида, сув оқадиган ариқ бўйида, тераклар остида улар қовунни паққос туширишди. Чунки, Войис инсоф қилиб, унча катта қовун танламаган экан.

– Зўр бўлди-а қовун ўғирлаш? – деб Таманно шарақлаб кулди.

– Ўзи кечирсин!

Шундай деганча, Войис қизга тикилиб қолди.Ҳар иккаласи ўзларининг машқ кийимлари солинган спорт сумкалари устига ўтириб олишганди.

– Тўйдингми?

– Тўйганда қандоқ?

– Мен ҳали тотигандек бўлмадим. Лабинг боли қовундан ҳам шириндур?

– Ҳа, ҳа! Ўхшатишларга уста бўлиб қолибсизми?

– Бир ўпай, майлими?

Таманно беихтиёр ўрнидан туриб кетди. Унга биргина шу сўз етиб борди.

Кўчадан эшаги ҳанграб, бир арава тўхтаганда, Таманнонинг хуши ўзига келиб, кўзлари ярқ этиб очилди.

Кейин, Войис мактабни тугатиб, милиция академиясига ўқишга киргунча, муҳаббатлари бутун қишлоққа овоза бўлиб улгурган, уларга ҳавас қилганлар қанча эди…

Сайкин ўзидан-ўзи ўрнидан туриб олди.

Холовга қараб: қуйинг! Мен сизларга Кашмирда юзлаб боғ қурган бобурийлар, яъни яқин авлодларингиз ҳақида сўйлаб бераман, деди.

Ҳамма унга сирли бир қараб олишди-ю, унинг алжираб қолганини англашса-да, индамай қулоқ тутишди. Кўп маълумотлар таниш бўлса-да, унинг сўзини ҳеч ким кесмай тинглашарди…

Бирпас ўтмай зиёфат тарқади. Кайфи ошиб қолган Сайкин ва унинг ҳамроҳига, ҳовли этагидаги икки хона ажратилди. Ундан бирпас Зинатнинг овози эшитилиб турди-ю, кейин ўчди.

Акобир ойиси ва хотинини олиб дарров жўнади. Унинг ичида алам қўзғаб тургани шундоқ кўзидан билинар, буни Қалдирғоч бир кўргандаёқ англаб, индамай олдига тушганди. Бир ёқда Илғор ҳам: «бора қолинг опа, меҳмонингиз бефаросат экан. Поччамни анча қийин саволларга солибди. Нега аёл киши билан зиёфатларда бирга ўтирилмайди. Қизғансанглар, паранжига тиқинглар. Гўзалликни табиат ҳамма учун яратган, деган машмашалар қилибди», деди.

Қалдирғоч аввал индамади. Сўнг мийиғида кулди: − қисман бўлса-да Зинат Муидович ҳақ. Аёл киши қафасга солинган, томоша қилинадиган ранг-баранг патли тўтиқушмас, эркин парвоз ҳам керак.

Миндибаевларни ҳайдовчиси Волга русумли хизмат машинасини эшикда тахт қилиб, эшикларини очиб қўйганди. Саригул ва Пазилат меҳмондорчилик учун Қалдирғочнинг онасига ташаккурини узоқдан-узоқ билдиришиб, орқа ўриндиққа чўкишди. Миндибаев Илғорга: «Меҳмонлардан хабар олиб тур. Бошинг билан жавоб берасан, – деб илжайиб олди ўриндиққа ўтираркан: адангга салом. Сизлардака оила бу туманда йўқ», деди.

Улар кетгач, бошқа меҳмонлар ҳам аста-секин тарқашди ҳамки, Илғор, худога шукр деб ҳовлидаги супачага энди ўтирганини билади, Зинатни судраб келаётган Қуддусга кўзи тушди.

– Давлат меҳмонхонасида ётмасам гап тегади деб қўймаяпти. Туман марказигача машина топса бўладими?

– Топамиз. Ана машина.

Илғор сўри остидаги Жигулисини Қуддусга кўрсатди.

– Менда ҳам шунақа рангли кўк Жигули бор, − деди Қуддус соддалигига бориб.

– Ҳимм.

Машинани қиздириб, олиб чиқиб, меҳмонларни тумандаги ҳокимият меҳмонхонасига жойлаб келгунича, яна бир соат ўтди.

Айвонга кириб, энди кўрпачага чўзилганди. Хотини устига келиб: “чой дамлайми, ичасизми?” деб сўради.

– Чой нимаси, ухлайман. Чарчадим.

– Мен Таманно опани келишини кутсангиз, вақт ўтказиб, эрмак учун чойни ҳўплаб ўтирарсиз, − деб айтгандим.

Илғор: “опам билан ишинг бўлмасин” деган зайлда, хотинига бир ёвқараш қилган эди, хотини пусиб нари кетди. Аслида, Таманно чиндан ғойиб бўлган, унинг қаерга кетганини ҳеч ким билмаса ҳам, укаси фаҳмлаётган эди.

Эртаси идорада тушгача кўринган икки дўст тушда йўқолиб қолишди. Уларни Илғор балиқ овига олиб кетганди.

Сайкин кетадиган куни албатта мақола чиқади деганча ваъдани қуюқ бердию, бироқ Қалдирғоч ҳақидаги очерк газета юзини кўрмади. Юқоридагилар, вилоят даражасида фикрлайдиган, ҳали эрта у ҳақида ёзишга, кўрсатган хизматлари ҳаминқадар, етарли эмас, кейин баъзиларни ғашига тегиб, қайтангга душмани кўпаяди, деган фикрга келишган эди.

23. ҲИЙЛАЛИ ТАҲДИД

Идорада катта мажлис ўтди.

− Ҳосил бу йил яхши, бироқ бир мисқолини қолдирмай териб олиш туманимиздаги ҳар бир онгли фуқаронинг вазифаси, ҳукумат ва партиянинг мурожаатномаси ёдингиздан кўтарилмасин, ҳамма пахтага, пахта теримига ташлансин, дейилган, жойларда сабаблими, бесабабми ҳеч ким четда қолмасин. Статистик маълумотлар айтилди. Йиғим-терим суръати маълум. “Юксалиш” мана мажбуриятни ҳам уддалади, аммо тўртта жамоа ва давлат хўжаликлари ҳалигача режани бажаришда оқсайди. Ўша хўжалик вакиллари қолсин, бошқаларга рухсат, − деб биринчи йиғилишни ёпди.

Ҳамма турди, Қалдирғоч ҳам қўзғалиб, раҳбарлар билан хайрлашиб, йўлакни охиригача туман соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғи лавозимидаги ёшлари тенг ҳисоб Норбиби исмли сирдоши билан курорт ҳангомаларидан пичирлашиб чиқаётганда, қабулхонадаги қиз шошилиб келди-да, иккинчини олдига киришини тайин қилди.

Қалдирғоч хўп деганча, суҳбатдоши билан хайр-хўшлашиб, ортига қайтиб, қабулхонадан ўтиб, кейинги эшикка кирди.

Иккинчининг ҳам алоҳида кабинети, ўзига тегишли секретарь қизи бор. Қалдирғочни таниган бу қиз, кираверинг, сизни кутишяпти, деди.

Вафоев Назрулло Оллоқулович, қандайдир сирли, писмиқ одам. Онасига тортган. Қоши қалин, қорачадан келган, ҳусни ўткирмас, бу қари қиз тоғлик қишлоқдан. Мактабга директор лавозимига келган, даштлик, бўйи нақ икки метр келадиган ҳайбатли Оллоқулга ошиқ бўлиб қоладию, қизлигини никоҳсиз тақдим этади ва ундан шу фарзандини орттириб, узоқ қариндошиникида, бекитиқча туғиб ўстираётганида, бундан хабар топган баджаҳл отаси тик тоғдан ўтин тергани юбориб, жарликка туртиб юборган, Оллоқул ҳам вақтида қочиб қолган дейишади. Бола етимхонага топширилади. Ўша бола ўсиб, катта бўлиб, ҳозир туманда иккинчи одам. Замонанинг зайлини қаранг. Ундан ҳамма қўрқади. Чунки унинг айтгани айтган. Биринчи бирор қарор чиқаришда унинг маслаҳатига суянади. Вафоев сиёсий, ғоявий масалалар отаси. Аслида туманнинг маориф, фан-маданият, тиббиёт, ижтимоий соҳасига масъул деб эшик тахтачасига ёзилган.

Қалдирғоч кирди, унинг бўй-бастига обдон қараб олган Вафоев ўрнидан турганча, «Жуда гўзалсан-да! Эрингга ҳавасим келади», деб қаршисига юрди. Қўл бериб кўришгач, тўғрима-тўғри ўтиришга таклиф қилди. Ҳол-аҳвол сўради. Оиласи, эрининг ишлари, ўғли билан узоқ қизиқди.

– Яхши. Ҳаммаси жойида, − деб Қалдирғоч уни шоширди. − Мени нимага сўраган эдингиз Назрулло Оллоқулович?

– Сени бир кўргим келди.

– Ҳафтада йиғилиш бор. Ундан ташқари бир жойда ишласак, кунда бўлмаса, кун ора кўз-кўзга тушади.

– Тўғри айтасан, Қалдирғоч. Аммо сени суйиб қолгандекмен, дийдорингга доим маҳталман, − деб кулди Назрулло тепакал бошини силаб.

Қалдирғоч: «Унинг битта айби маишатни яхши кўради. Хотинларга осилгани осилган, шу сабаб вилоятдаги яхши ишидан айрилиб туманга бадарға қилинган», деган гап-сўзларни эслади ва ҳушёр тортди.

– Мени уйда кутишяпти, орасида онам қачондан бери кириб кетгин, деб айтадилар…

– Тушунаман, лекин сен билан бизнинг суҳбатимиз узоқ бўлади. Мени шоширма.

– Нима гап ўзи, Назрулло Оллоқулович?

Жавоб ўрнига у столининг тортмасини очиб, ҳужжатлар жилдини чиқарди. Жилд тепасига Мансурова Қалдирғоч Бориевна деб ёзилганди. Қалдирғоч бу ёзувга кўзи тушиб, ҳайратланганча қолди. Қўли билан кўрсатиб, ниҳоят нидо берди:

– Бу нима?

– Сенга очилган жилд. Лекин сен қўрқма.

Шу гапининг ўзидан ваҳима босиб, янга сув сўради. Графиндан сув қуйиб узатган Вафоев: «Ҳа, қушча, қўлга тушдингми, отангнинг ҳурмати бор, бўлмаса, олдиноқ қафасимга тушардинг. Обдан кўнглим тусагунча сайратардим», деб унга босим тикиларди.

– Балки масаланинг моҳиятини изҳор этарсиз, − деб шоширди Қалдирғоч.

− Ҳеч гап йўқ. Хавотир оладиган.

– Барибир айтинг!

– Сен халқ пулини еб қўймагансан. Тўғрими?

Қалдирғоч беихтиёр елкасини қисди.

– Ҳа.

– Давлат сиёсатига қарши бир иш қилмадинг!

– Мени қийнаманг, Назрулло Оллоқулович!

– Ўзингчи?

– Мен нима қилдим сизга?

– Қачондан бери одамни қон қилиб юбординг. Эътибор бермайсан.

– Вой, − деганча Қалдирғоч ҳайрон қотди ва жиддийлашди. – Битта жойда ишласак, сиз катта раҳбар. Бунақа гапларни қўйинг.

– Яхши, бўлмаса бу қоғозларни тегишли ташкилотларга бериб юбораман.

− Ҳеч қачон ниятингга етмайсан, шоқол, − деган бир гап Қалдирғочнинг миясига келди ва у ҳужумга ўтиб: − шикоят тушганми, таништирмайсизми? − деди.

Вафоевнинг қаерда туғилганлиги анкетасида ёзилмаган. Қўшни республика номи бор. Болалар уйида катта бўлгани шахсий ишида кўрсатилган, холос. Битта устунлиги – барча одатларни сув қилиб ичиб олган. Икки тилда бехато ёзади, кейинчалик топилган қариндошлари таъсирида русзабон мактаб ва институтларни тугатгани ўз йўлига, у жуда устамон, пихини ёрган раҳбар ҳисобланади. Бирор ишни хоҳласа у томони, хоҳласа бу томони билан кўрсата олади. Ва ўйлаган режасини охирига етказмай қўймасди.

– Ўзинг талаб қилдинг, энди таништирмай иложим йўқ. Жилдни очиб, унинг ичидаги хатга ўхшаш бир варақ қоғозни олди. Унга кўрсатиб, буни қўлингга бера олмайман, аммо ўқиб беришим мумкин. Эшит. Рус тилида ёзилган.

– Ким ёзганини билишим мумкинми?

– Албатта. Красникова Светлана Олеговна. Танийсанми?

– Билмасам.

– У сени таниркан. Кавказда дам олганингда унинг оиласини бузибсан.

Қалдирғоч бошини ушлаб қолди.

– Эри билан очиқ муҳаббат ўйинларида қатнашганмишсан. Шу ростми?

– Ёлғон.

Назрулло бошқа қоғозни чиқарди.

− Бу сен дам олган иккинчи блокнинг олтинчи қаватидаги ходима Малютинанинг кўрсатмаси. Унинг ёзишича, Қуддус Чачемба деган кимса сенинг хонангда бир кеча қолиб кетган эмиш.

Қалдирғочнинг боши тиниб сув, деди. Назрулло стаканга сув қуйиб, янганинг елкасидан ушлаб оғзига сув тутди. Қалдирғоч, бироз ҳўплади.

− Бу ҳам ёлғонми? Суд сенга эмас, ходималарга ишонади. Керак бўлса, улар Чачембани ўзини ҳам айблашга чақиришади.

Қалдирғоч ҳамон миқ этмас, лекин бўшашиб борарди.

– Гувоҳ сифатида Гулсина Зингашина ҳам қатнашишга мажбур. Сен уни танирсан.

– Ҳа, − деди Қалдирғоч беҳол бўлиб.

– Бу яқин дугонанг, менимча, ҳамма сирларингдан воқиф. Ҳозирча у бирор кўрсатма беришдан бош тортиб, Қалдирғоч билан тўғри бориб, тўғри келдик, қабилидаги гапдан нарига ўтмаяпти. Лекин судда қасам ичгач, сени қилғиликларингни барини айтишга мажбур бўлади. Чунки, сени беҳуда ҳимоялайман деб, ёлғон кўрсатма берса, ўзига қийин. Уни ҳам жазолашади. Ўйлаб кўр, ўзингни ва унинг ҳаётини мушкуллаштирма. Яна, яқинда Чачемба билан учрашган эмишсан. Тошкентда, номи чиққан меҳмонхонада. Бунга нима дейсан?! Уялма, айтавер, бир чеккадан бошлай қол…

Бу босим бундай муносабатларга ўрганмаган Қалдирғочга охир-оқибат таъсир этдию, − Мендан нима истайсиз? − деб бироз чайқалганди, Назрулло Оллоқулович белидан ушлаб қолди.

– Юр, диванга бироз ётиб ол, сендан ҳеч нима керакмас менга, − деб ичкари хонасига судради.

Бир-икки қадам босган Қалдирғоч ҳозир тажовуз қилиши мумкинлигини тасаввур этиб, бош-кўзи айланар, шу вайсақининг бошига ағдараётган мағзаваси тезроқ тугашини истаб, менга ёпишса Қуддус ўлдиради, деган ўйда эди.

Назрулло шошиб қолди.

Қўлини чўзай деса, Қалдирғочнинг хуши ўзидамас, чўзмай деса, имконият туғилганда у ҳеч қачон ўлжасини осонликча қўлдан чиқармаган. Феълига хос. Шунча гап эшитса ҳам, бирор аёл эрлими, эрсизми кўзига ўтирса бўлгани, тинчи йўқолади, бағрига бир босмаса кўнгли жойига тушмайди.

У таваккал деб, ёпишганди, янга унинг қўлларини секин туртди. Номига қаршилик қилаяпти деб, жемпер тугмасини ечишни бошласа, у қайта тақди. Бу иш бир неча марта қайтарилгач, Назруллонинг жини қўзиб, юзига тарсаки қўйиб юборди ва устки кийимларини ечишга ўтди. Қалдирғоч овоз чиқармай қаршилик қиларкан, юзларини ушлаганча эримга айта олмайдиган босқинчилик. Тилим қисиқлигидан фойдаланмоқчи, бу муттаҳам қулоқ, истагимга қарши овора бўлади. Кофтасига навбат келганда, кўксида занжирлаган аёл қўлларини Назрулло кўп уриниб оча олмай, тугмалардан тортиб узиб юборди. Жаҳл билан яна тарсаки тортишга қўл кўтарганди, оёқ орасидан зарб еди. Назрулло нафас ололмай энгайганча ағдарилди. Шу пайт эшик тақиллади. Қалдирғоч югуриб борди-да, қулфни буради.

Биринчи, ёрдамчиси ва шу кабинет котибаси киришди.

− Нима гап? Бу ерда нималар бўляпти, − деганча биринчи секретарь букилиб қолган иккинчига ва очилиб қолган кўкси ва қорин қисмини кофтаси барини бирлаштириб ёпишга уринаётган Қалдирғочга қаради. У вазиятни чамалаб, сизга зўравонлик қилмоқчи эдими, деб сўради.

− Ҳа, Ўзингиз кўриб турибсиз!, − деб ҳансираётган Қалдирғоч, кўз ёши қилди. – Тинчгина ишлашга ҳам беришмайди, нима, феодализмга қайтдикми? Тарсаки тушириш, тугмалар узиб аёл кишини таҳқирлаш, шу аҳволга яна бир бор тушишдан ҳимоя қилинг, ўртоқ Миндибаев!

− Бу даъволарга сиз нима дейсиз? Ўзингизни ҳимоя қилишга не важ келтира оласиз?

У иккинчига қаради. Назрулло ётган жойида бақирди.

– Тепишни биларкан бу тустовуқ.

Миндибаев ёнидагиларга қараб: сизлар бораверинглар, деб улар чиқиб кетишмагунча индамай турди. Ёлғиз учовлон қолишгач:

– Оғзингизга қараб гапиринг, Назрулло Оллоқулович! Қалдирғочни отаси туманда обрўли одам, − деди.

– Эй, бу аёл суюқ. Отасининг обрўсини ўйласа курортда айшишрат қилиб юрармиди?

– Ўзингиз шунақа. Фосиқ, хотинбозсиз. Буни ҳамма билади. Мен билан эса ишингиз бўлмасин. Яна айтган туҳматларингизга пушаймон бўлиб юрманг. Юзимга уриб, зўрламоқчи эди, десам ҳимоячилар ҳар ерда топилади.

Янганинг овозли таҳдидли чиққанидан ҳар икки эшитгувчи жим қолди.

Биринчи қараса гап майдалашиб, жанжал катталашадиган.

– Тўхтанглар, битта-битта сўзланг. Сиз Назрулло Оллоқулович, нега бўлим бошлиғидек мавқели аёлга зўравонлик қилдингиз? – деб сўради.

Бу саволга жавоб бериш ўрнига, иккинчи бошқа гап айтди.

– Менда Кавказдаги “Қора денгиз” курорти ходимларидан шикоятномалар бор.

– Шикоятнома! Нима тўғрисида?

– Қалдирғоч Бориевна курортда мустаҳкам жамият ячейкаси –бир оила тинчини бузиб, эркаги билан бир хонада тунаганлиги тўғрисидаги арзнома ва билдиришнома.

– Қаердан олдингиз бу гапни?

Миндибаев Қалдирғочни туғилганидан бери билади. Уларникига кўп борган. Борий ака унга устоз ўрнида. Қизини ҳар қандай шикоятлардан ҳимоя қилиш устози меҳнатларини юздан бирини қайтариш саналса ҳам хурсанд бўларди.

– Ана, столимдаги жилд ичида ҳужжатлар йиғилган. Ҳозир келтираман. Ўқиб кўришингиз мумкин.

Аблаҳ, бекорга бунақа зуғум қилаётгани йўқ. Демак, қоғозлар бор, бу факт. Ўқишимдан фойда йўқ, ҳафсала бузилгани қолади. Кейин кимгадир гуллаб қўйиши мумкин. Яхшиси ўзини тажовузи билан Назруллони оғзини ёпиш керак, деган ўйда уларга мурожаат қилди.

– Йўқ, қимирламанг. Жойингизда қолинг! Сиз ҳам Қалдирғоч, бирпас шу ерда туринг. Гувоҳлик берасиз. Милицияни чақиртираман.

– Қанақа милиция?

– Хулиганлик қилганингиз учун.

– Икки йилдан бери ишладик, оқибат шуми? − деб иккинчи овозини кўтарди.

– Илож қанча. Сиз у қоғозларга жавоб ёзасиз? Тўғрими?

Вафоев елкасини қисди, бу менинг вазифам: шикоятни ўрганиш, керакли қарор чиқариш.

− Бошқа йўлини мен ҳам кўрмаяпман. Аризаларга маъсулият билан қараш лозим. Бурчга садоқат. Яна жойлардаги фуқаролар сигналларига лаббай деб жавоб бермаслик яхши оқибатларга олиб келмайди. Фирқа ва ҳукумат нимага бизни бундай юқори лавозимларга тайинлаган, меҳнаткашларнинг дардини эшитиш учун. Шундоқми? деб, у аввал Вафоевга савол билан қаради, сўнг эътиборли нигоҳи билан Қалдирғочни қўллаган куйи деди:

− Сизда эътироз йўқми? − деди.

− Мен ҳам Вафоевни қилғилигини шундоқ ташлаб қўймайман. Туман ички ишлар бўлими ходимини тезда чақиришингизни талаб қиламан, эримдан емаган калтакни давлат идорасида кўраманми? Менинг бу ҳолатим эса сўзимни тасдиқлаши турган гап, − деб у кофтасига ишора қилди.

Шунда Вафоев, бирдан ўрнидан қўзғалди.

– Унга айтинг, дийдиёларини йиғиштирсин! − деб югуриб нариги хонадан “Мансурова Қ.Б.” ёзувли жилддаги қоғозларни олди ва уларнинг кўз ўнгида парча-парчага бўлиб, майдалаб ахлат қутисига ташлади. – Бўлдими, муаммо тугадими?

Биринчи ҳанг-манг, нима дейишга ҳайрон, Қалдирғочга қаради. Янга қилт этмасди. Бирмунча вақт ўтиб, улар фикрлашиб, келишиб олдилар.

Вафоев «Шикоятлар ҳақида фактлар тасдиқланмади. Қуруқ гап-сўзлар экан. Ашёвий далиллар топилмади. Масала ўша воқеа юз берган ерда кўриб чиқилиши лозим эди, вақт ўтди», деган мазмунда жавоб хати тайёрлайдиган бўлди. Қалдирғоч, тарсаки еб, қизариб, шишган юзи ҳақида дўхтирга дераза табақасига уриб олдим деб айтиб, шифосини қилади.

Шу билан бу ғавғо босилди.

Қалдирғочни юзи шишиб, қонталашган ҳолда кўрган Гулсина унга роса ачинди. Юзларини майин силаб бағрига босди.

− Сен менинг энг қадрли дугонамсан, менга ўзингга ишонгандек ишон. Майлими, − деб, лабларидан ўпди.

Бу қилиғи ёқмаган бўлса ҳам, Қалдирғоч юзини бурмай, секин шивирлади.

− Раҳмат! Мен тўғримда миқ этмабсан.

Жавобан дугонаси уни янада қаттиқроқ қучоқлаб деди:

− Ҳеч бир эркак: на бошлиғинг, на отанг, на бошқаси аёл қалбини, ички дунёсини тушуна олмайди, шуни билиб қўй.

– Онамчи?

– Улар ҳам ишқий саргузаштларингдан хабар топсалар хафа бўлардилар.

– Қанақа ишқ. Қанақа саргузашт. Нималар деяпсан Гулсина? Ахир ҳеч гап йўқлигини билиб туриб…

– Уларга тушунтириб бўлмайди-да. Ҳеч бири ишонмайди.

– У ҳолда сен мени нимага ҳимоя қилдинг?

– Чунки ҳозирги замонамизда иш, иш деб ўлиб кетсанг ҳам ҳеч ким миннатдор бўлмайди. Партия, пахта, каноп ҳар бир одам миясига сингиган дард. Ягона эрмак ўйин-кулги. Шуни ҳам билмасанг, забунлик ва ғурбат сени еб тамом қилади.Бизлар энди янги дунёнинг одамларимиз. Янгиликни эса ҳамма ҳам бирданига қабул қилмайди.

– Фалсафанг жўн, Гулсина! Мен ҳамон эскичаман. Фақат менга ошиқ бўлиб қолган одамни ўзимни нарига суриб, ҳайдаб юборишга, теги билан йўқ дейишга ўзимда куч топа олмаяпман.

– Ҳамма гап шунда-да! Балки сен ҳам севиб қолгандирсан.

– Йўғ-эй! Шунчаки дўстмиз. Аммо…

– Нима аммо?

Қалдирғоч аёлларга хос шошқалоқлик билан, энди ишонган, синовдан ўтган дугонасига «Қуддус билан дўстлигимиз тамом бўлди, шекилли», дейишига озгина қолди. Сўнгги дақиқада, миясига биров ургандек, бу гапни айтмай, ўйлаб қолди.

– Нимани айтмоқчи эдинг, Гуру, − деб сўради Гулсина, уни тезлаб.

– Мен билан шаҳарга эртагаёқ бориб келсанг дегандим.

– Майли! Сабабини айтма. Менга қизиқмас. Юр десанг бўлгани, − деди Гулсина унинг таклифига рози бўлиб.

Уйида қайнанасига режасини айтиши шартмас. У охирги йиллари ўзгарди. Қайнанаси ҳам буни сезади, аммо ҳеч нима дея олмайди.

− Миқ этолмайсиз! Тилингиз қисиқ. Бундан бадтари бўлганми? Келини ликолансаю, қайнанаси ўзини билмаганга олса. Ўғлингиз, сизнинг қўшмачилигингизга шериклик қилиб, катта хатога йўл қўйди. Энди ўзларидан кўрсинлар. Эркин яшаш, ҳақиқий ҳаёт қанақа бўлишини билдираман!

Қалдирғоч хаёлидан ўтган бу гаплардан чўчиб кетди. Ҳеч ким йўқмикан деб, ён-атрофга алангларкан, куйлагини тортиб кўксига туфлаб: Оллоҳим шайтонга ҳай бер. Ўзинг адаштирма, деб қўйди.

Қайнана бошқа куни, келинини анча жилпанглаб қолганини ҳис қилиб: «Ҳа, шаталоқ отмай қурғур, отангни юрт танийди, туманда ном чиқарган одам, йўқса, аллақачон ковушингни тўғрилаб қўярдим. Юзидан ўтиб бўлмаса. Ўғлимни-ку тамом қилдинг. Хаҳ десанг қўлингга қўнади! Ҳали, яна кўп куйдирасан, шекилли. Биттасига ҳийла деб бериб, зўрға ажратиб олибман-а, жодуинг шунчалик зўрми, бўйдоқ бўла туриб, айрилмайман деб кўп хархаша қилди. Ҳунар кўрсатиб, таъзиримни берди. Ўзим йўл берганимга минг пушаймон қилди, қирилгур. Бўлди-да, инсофинг борми? Гўзалман, ҳусни-камолимга ошиқлар дарахтни силкитса топилади, деган ўйдамисан, маржага ўхшамагур…! Туманда ҳам казо-казолар тилига тушибсан. Эй, бу шўросининг динсизлиги майли, энди оилали аёлларни йўлдан уриш, ухажерлик қилишига бало борми? Қайга борсанг, тагингга мошин берармишлар. Совға-саломларни кўтариб келавериб, одамни хит қилиб юбординг. Битта-яримтаси билан топишиб олгандирсан, балки, яшамагур! Ҳа, шундоқ бўлса, у дунёю бу дунё аста розимасман. Бу азобларни кўтариш Акобирга керакмиди? Туғмади деб қўйдириб юборсам бўларкан! Афсус, минг афсус», − деб кампир бу ёқда шайтон васвасасига тушарди.

Аммо иккиси ҳам сир бой бермай, бир-бирларини ялаб-юлқаб, ширин гаплардан нарига ўтишмасди.

Орадан бир ойлар ўтди. Пахта топшириш режаси аввалроқ бажарилиб, аҳоли бағрига шамол тегди. Бироқ мажбурият устида пахтакорлар терими жараёни ўз йўлига давом этарди. Туман маъмурияти биносига эса, бироз хотиржамлик кириб, эски гап чувалди.

Шу пайтга келиб, Вафоевни тажовуз қилмоқчи бўлганлиги оғиздан-оғизга кўчди. Қалдирғоч ўйлаб-ўйлаб: ёш котиба қиз оғзи бўшлик қилиб, гуллаб қўйгандир, деган фикрга келди, лекин унга, на бошқаларга бу ҳақда индамади. Ҳар икки уйдаги эркаклар бу зўравонлик ҳақида эшитиб қаттиқ ғазабланишди. Таъзирини бериб қўйишдан уларни зўрға янга ушлаб турар, сизларга у туфайли бирор зарар етишини истамайман, мени десанглар, гап чиқарманглар, деб қизиққон жигарларини бу йўлдан қайтарди. Миндибаев ўз навбатида: Давлат, ҳукумат одамини ҳимоя қилиш энг биринчи вазифам, бирор хато қилган бўлса фирқа ахлоқий қўмитаси олдида жавоб беради. Оломончилик кайфиятини йиғиштиринг, биз қолоқ замонларда яшаётганимиз йўқ. Қонун бор, суд бор. Ҳақ-ноҳақни ажратиб беради. Лекин унгача борадиган муаммонинг ўзи йўқ, зўравонлик ёки тажовуз белгилари аниқланмаган, деб уларни тинчитди. Вафоев бу воқеадан кейин, ўзи кутмаган тушкунликни бошидан кечира бошлади. Борий ака тарафдорлари ошкора унга бўйсинмай, буюрган топшириқларини бажаришдан бош тортиб, ҳатто у билан сўрашишни ўзларига эп кўрмасалар, бошқалар ҳам унинг борлигини инкор қилиб, ёнидан индамай ўтар, ёки бир балони яна бошламасин деб, истамай салом бериш зўрға айтиларди. У раҳбарлик обрўсига зил кетганини сезди. Бу ҳол узоқ давом эта олмаслигини, яна бироз шу ерда юрса албатта тўполон чиқишини хотинининг юқорида ишлайдиган танишлари башорат қилиб, иссиғида, бу ерларни ўз хоҳишига кўра тарк этишни маслаҳат қилишди. Ҳатто, уларнинг бири ўзи бошқараётган, шаҳардаги лойиҳа тадқиқот институтига уни директор ўринбосари лавозимига таклиф қилди. Бу институт директорининг хотини Сара билан бирга ўқишган, Левенталь деган миллатдоши эди. Вафоев жон-жон деб рози бўлди. Бир кундаёқ лаш-лушини йиғиштириб, йўқ бўлиб қолганини кўпчилик сезмай қолди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации