Текст книги "Икки жаҳон оворалари"
Автор книги: Абдужаббор Обидов
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 13 (всего у книги 34 страниц)
21. БОБУРИЙЛАР БИЛАН ФАХРЛАНИШ ҲИССИ
Шундан кейин, бир соатга қолмай, бошқарманинг машинаси туман марказига кириб келди. Ҳокимият биноси олдида биринчининг ёрдамчиси кутиб олди ва уларни раҳбари қошига бошлади. Сайкин хонимлардан кейин деб манзират қилганди, Қалдирғоч, бу ер шарқ. Бизларда эркак олдинда, сўнг аёллар юришини ўзимизга одат қилганмиз, деб жавоб қилди.
Тепага чиққунларича улар орасида қуйидагича баҳс бўлди:
– Феодалликка ўзингиз йўл берманг-да, хоним.
– Қанақа феодаллик. Бу аждодларимиз, биринчидан, ўз аёлларини бошқаларга кўз-кўз қилмасликлари, иккинчидан, ўзлари бошлаган йўлгагина аёллари ҳам боришлари шартлигидан далолат.
– Бу замонавий фикрлашга тўғри келмайди.
– Балки тўғри келмас. Лекин аёл киши оилада, жамиятда биринчи бўлишдан эмас, суюмли бўлишдан, суянадиган тоғи борлигидан ўзини тўкисроқ ҳис қилади.
– Сулачи ҳам шунга яқин сўзларди. Тасанно! Сизни эмансипация гирдобига тушиб қолмаганингиз билан табриклайман.
– Ташаккур!
Биринчининг олдидан Қалдирғоч шошиб чиқиб ўз хонасига борди. Миндибаев Сайкин билан бироз суҳбатлашиб, аввало унга ташаккурини изҳор қилди. Туманимиздан бир фаол қизимиз бутуниттифоқ газетасида кўринса, бизга катта шараф, бу ёқда олқиш, ҳавас қилганлар қанча бўлади. Сизга катта раҳмат. Албатта, кароматингизни қайтариш бўйнимизда қолади.
Сайкин унинг гапини бўлди: нималар деяпсиз, ўртоқ биринчи. Қўйинг бу гапларни. Менга бу фаолингизни характери ёқиб қолди. Ўзини босиб олган, кибр, мақтанишдан йироқ. Ўзи бўлса жуда красавица. Одоб-тарбияни биринчи ўринга қўядиган ўзбек халқининг типик вакили ҳали Иттифоқ миқёсида ҳаммага маъқул бўлади.
Биринчи, паузадан фойдаланиб гап қўшди: очерк ёзишингиз учун нима ёрдам, қандай шароит керак бўлса, тайёр қиламиз. Бугун энди дам оласиз. Эртанги режангиз қандай? – деб сўради.
Мухбир: «Режами, у оддий: кўча-кўйда одамлар билан Мансурова ҳақида суҳбат, у ишлайдиган жойни кўриш, бирорта илғорроқ мактаб, боғча ё касалхонаними суратга тушириш», деди. Шундай экан, тумандагилар пахта теришдан чарчамасин, мен ўзимга ўзим шароит яратишни эплайман, деб кулди.
Уларнинг кейинги суҳбати бошқа мамлакатларда одамларнинг яшаш тарзи, даражасига бориб тақалди. Миндибаев жанубий шарқ давлатларидаги очлик, қашшоқликни ўз кўзи билан кўрганини, бир сўмнинг қадри улар учун қанчалик юқори эканини сўзлади.
Сайкин унинг гапларини тасдиқлаб бошини силкиб ўтирарди.
Қалдирғоч ўз хонасини сал-пал тартибга келтириш учун чиққан ва чет элда ҳаёт ва турмуш тарзи ҳақидаги мавзуда суҳбат бошлаб юборишганди.
– Мўғиллар ўлкасида ҳам бўлдингизми? Улар ҳақида фикрингиз қанақа?
– Ёмонмас. Дашт, чўл халқи. Очиқ, бағри кенг, лекин уришқоқ.
– Уришқоқ бўлмаса, Чингизхон бир дунё кўчманчиларни бошлаб, бу ерларни босиб, Вавилонгача борармиди!
– Бу лекин ўзларига қимматга тушди.
– Нега энди?
– Уларнинг қавмлар орасидаги никоҳларнинг зарарини айтаман.
– Ҳимм.
– Улар, ўз-ўзидан қирилаётган миллат ҳисобланади, − деди Сайкин бепарво кўзини кириш эшигига тикиб.
– Ҳа. Бизда ҳам, бошқалардан ажралиб қолган, Орол кўли атрофида кичик бир элат бор. Донорлик қони киритилмаса, туғилиш ўз-ўзидан тўхтаган.
– Шунақа! Тўғри, − деди Сайкин. – Донорлик қони балки қутқариб қолиши мумкин.
Шу пайт мумкинми, деб Қалдирғоч кирди.
Сайкин унга ўгирилиб, ўзини йўқотмай сўз қотди.
– Эндигина Сизни мақтаб тургандим.
– Шунақами, раҳмат! Фақат энди, бизнинг хонага чиқмаймизми? Суратга олишга ҳамма нарса тахт.
– Яхши! Сиз нима десангиз, шу. Тўғрими ўртоқ биринчи! Аёл кишининг сўзи мен учун қонун.
– Бизда эса, тескариси ўртоқ Сайкин! − деди Миндибаев.
– Биламан! Лекин Сизларда ҳам ўзгаришлар кўряпман!
Шундай деб Сайкин ўрнидан туриб, қўлини узатди.
– Танишганимдан хурсандман!
– Мен ҳам. Ҳали кўришамиз. Хайрлашмайман, − деди Миндибаев.
Уларни кузатаркан, ёрдамчисига алоҳида топшириқлар берди. У меҳмонни назоратдан кўздан қочирма дейишидан борадиган жойларига қўнғироқ қилишлик, иззат-икром билан кутиб олиш, меҳмон қилиш, турар-жойидан хабардор бўлиш, барча-барчаси битта сўз билан айтилган эди…
Қалдирғочни ўз хонасида, ходимлари даврасида ва ёлғиз ўзи иш устида ўтирганини Сайкин фотоаппаратини чиқиллатиб расмга олгач, бошқаларга жавоб берилиб, журнал столи атрофида кофе ичганча, улар суҳбати давом этди. Суҳбат яна мухбирнинг чет элдаги хизмат сафари, таассуротлар ҳақида кечди.
Сайкин Кашмир ҳақида тўхтаб, у ерда мусулмонлар тўртта: шейх, саид, мўғул, пантан қавмига бўлинган ҳолда кўрилади. Исломни қабул қилган ҳиндларнинг юқори касталари шейх деб юритилади. Уларга тантр, шайх, бхат, манту, ганай, дар, дамар, лон қабила ёки уруғлари ўтади. Саидлар доимо диний эътиқод таълимотида, ҳунардманчилик ва қишлоқ хўжалиги билан бандлар тоифаси. Улар исмига, агар хизмат қилса, кўпинча «мир» префикс шаклида исм олдига қўшилади, агар ишласа аффикс шаклида бу қўшимча исм охирига бириктирилади…
– Бобурийлар, улардан аввалроқ мўғиллар ҳам у ерларга кирган деб эшитгандим, улар қайси қавмга ўтади? Саидларгами? − деб Қалдирғоч савол берди.
– Ўҳу, Сизнинг тарихдан хабарингиз борлиги таҳсинга лойиқ-ку? Балки у ҳолда Кашмирда подшоҳ Жаҳонгир ва унинг ўғли Шоҳжаҳон тўғрисида ҳам кўп нарса биларсиз?
– Бир оз.
– Қани айтиб кўринг, бўлмаса, − деб Сайкин қўлига чашкадаги кофесини ушлаб, креслога ястанди. – Марҳамат, эшитаман.
Қалдирғоч, соф рус тилида сўзлашга бошлади:
– Бобурнинг невараси Акбар, бостириб кириб, Кашмирни ўз салтанатига ўн саккизинчи аcрнинг саксонинчи йилларида қўшгани ва қарийб икки юз йилга яқин тартиб ўрнатиб, гуллаган воҳага айлантиргани сир эмас. Бу ўринда, буюк бобурийлар давлатининг бешинчи ҳукмдори Шоҳжаҳон, Абул Музаффар Шаҳобиддин Хуррам, Соҳибқирони соний хизматлари катта бўлган дейишади. 1592 йилда туғилган Шоҳжаҳоннинг отаси Жаҳонгир, онаси Марварлик ражпут маликаси Манмати (Билқуис Макони)дир. Шаҳзода Хуррам оилада учинчи ўғил бўлса-да, бобоси Акбарнинг энг севимли набираси бўлиб, ёшлигидан ҳарбий соҳага иқтидорли шахс бўлиб тарбия топган. У олти кунлик чақалоқлигида Акбар уни биринчи хотини Руқия Султон бегим тарбиясига топширган. Отаси Жаҳонгир тахтга ўтирганидан сўнг шаҳзода Хуррамни Ҳиндистондаги энг саркаш ва исёнли жойларга ҳарбий юришга тайин қилган. Жангари ражпут рожалари, тоғлик Кангри қалъаси ҳам Хуррамнинг кучли ҳужумларига дош беролмай бобурийлар давлатига қўшиб олинган. Декандаги ҳарбий зафарлари учун Хуррамга подшоҳ томонидан Шоҳжаҳон нисбаси берилган. Унинг ғалабалари ва шижоатини улуғ саркарда Амир Темурга қиёслаб Соҳибқирони Соний унвони билан ҳам аташган. Шоҳжаҳон бир минг олти юз ўн иккинчи йилда малика Нуржаҳоннинг жияни Аржумандбонуга уйланган. Келинининг гўзаллигини кўрган Жаҳонгир уни Мумтоз Маҳал (Сарой кўрки) хитобини берган. Кейинчалик Тож Маҳал номи билан шуҳрат қозонган Аржумандбону Шоҳжаҳоннинг учинчи хотини бўлса-да, энг севимли маликага айланган ва ҳамиша эрига ҳарбий сафарларда ҳамроҳ бўлган. Ўзаро низолар туфайли у амалдаги хоқон отаси ва малика Нуржаҳонга қарши исён кўтаради. Маҳобатхон бошлиқ подшоҳ армияси бутун Ҳиндистон бўйлаб шаҳзодани таъқиб қилади. Ана шундай оғир кунларда ҳам Аржумандбону эри билан бирга Ражпутананинг иссиқ чўллари, Декандаги улкан тоғли довонлар, Бенгалиянинг ўрмон ва чакалакзорларида жон сақлаган. Ўн тўққиз йиллик турмуши давомида ўн тўртта фарзанд туққан. Охирги фарзандини туғиш чоғида малика ҳаётдан кўз юмган. Шоҳжаҳон унинг хотираси учун Агра шаҳрида дунёда тенгсиз мақбара қурдирган.
Отаси Жаҳонгир вафот этгач, шаҳзода Шаҳриёр Лоҳурда ўзини подшоҳ деб эълон қилган. Аградаги саройда Хусравнинг ўғли Доварбахш тахтга ўтиради. Бу пайтда Деканда бўлган Шоҳжаҳон уч ойдан сўнг Аграга етиб келади ва тахтни эгаллаган. Шоҳжаҳон давлатни бошқариш тизими ва пул ислоҳотлари ўтказган. Чет мамлакатлар билан дипломатик ва савдо муносабатларини ривожлантирган. Бир минг олти юз ўттиз биринчи йили ҳаддидан ошган португалларни Бенгал соҳилидан қувиб чиқарган. Шоҳжаҳоннинг ҳукмронлик йиллари бобурийлар тарихида олтин давр саналади. У мамлакатнинг турли бурчакларида йирик меъморий обидалар ва боғлар қурдирган. Аградаги Тож Маҳал мақбараси, Деҳлидаги Қизил қалъа ва Жомъе Масжид, Лоҳур ва Тҳаттадаги йирик масжидлар, Товус тахт, Кашмир ва Лоҳурдаги Шалимар боғлари шулар жумласидандир. Шоҳжаҳон буюк боғбон сифатида ҳам тарихда ўрин қолдирган. Бобур бошлаб берган боғдорчилик санъатини янада кенг ёйган. Биргина Кашмир субасида етти юздан ортиқ боғ бунёд эттирган. Шоир ва рассомларга ҳомийлик қилган. “Бобурнома” ва Бобурнинг бошқа асарларини қайта-қайта ўқишни ёқтирган. Бобурнинг “Ҳиндистон девони” охирги саҳифасига ўз муҳрини қўйиб, ундаги рубоийнинг ўз қўли билан ёзилганини тасдиқлаган қўлёзма сақланиб қолган.
Бир минг олти юз эллик саккизинчи йили қаттиқ касалликка чалинган Шоҳжаҳон ўзи учун Жамна дарёсининг ўнг қирғоғида қора мармардан мақбара қуришни тайинлаган. Отаси вафот этмасдан туриб унинг ўғиллари ўртасида тахт талашиш бошланади ва бу курашда Аурангзеб ғолиб чиқади. Гарчи Шоҳжаҳон тузалиб кетса-да, Аурангзеб уни тахтдан ағдариб, Аградаги Қизил Қалъага қамайди. То умрининг охиригача қизи малика Жаҳоноро бегим унинг хизматини бажарган. Барча ҳуқуқлардан марҳум этилган Шоҳжаҳон фақат дарча орқали Тож Маҳал мақбарасига қараш имконига эга бўлган ва яна саккиз йил умр кўриб, Шоҳжаҳон етмиш тўрт ёшида узлатга равона бўлади. У вафоти эртасига Тож Маҳал мақбарасида марҳума хотини ёнига дафн қилинади…
− Сиз Тож Маҳал мақбарасида бўлганмисиз?
Зинат Муидович Қалдирғочни сўзларини бўлиб, сўроққа тутди.
– Йўқ! Оддий одамга четга чиқиш бу замонда осонми? Имкон бўлмади.
Шундай деб, Қалдирғоч чуқур хўрсиниш қилди. Унинг иддаоси ўринли эканлигини Сайкин англаб, кўзини четга олди. Чунки улар алқалашаётган давр бир минг тўққиз юз саксонинчи йилларга тўғри келарди.
– Истасангиз мен Сизга Аграга ёки Кашмирга саёҳат ташкил қилиб бераман.
– Раҳмат!
– Йўқ! Йўқ! Ташаккур билдирманг! Жиддий айтаяпман.
Қалдирғоч ўйлаб қолиб, яхши, жавобини кейин айтсам бўладими, деди.
– Нега бўлмас экан! Истаган пайтингиз мени топсангиз бас.
– Қаердан топаман?
– Сиз қийналиб юрманг! Ўзим Ҳиндистондан телефон қилиб турсам қарши эмасмисиз?
– Йўқ!
– Келишдикми?
– Ҳа! Фақат, қўнғироқ онда-сонда бўлсин.
Қалдирғоч ҳали унинг дўстлигини яқинлари нотўғри қабул қилишини англаб, пайсалга солиб жавоб берганди.
Унинг ҳадигини андишага йўйган Сайкин, овозини баландлатиб мақташга ўтди.
– Борсангиз оғзингиз очилиб қолади. Ҳиндистон алламбало мамлакат. Кашмир эса жаннат. Шоҳ Акбар ва унинг аждодлари қурган Дал ва Нагин кўли атрофида гулларга кўмилган боғларни кўрасиз. Сув, сув ҳавзалари шунчалик кўпки, бекорга “ҳинд Венецияси” деган номга эга эмас. Сувда қурилган уйлар, хаусботлар, меҳмонхоналаргача бор. Мусулмончилик ёдгорликлари ҳам шунчалик эътиборга лойиқки, тасаввурга сиғмайди. Сринагардаги Дал кўлининг чап тарафида қурилган Ҳазратбал масжидида Муҳаммад пайғамбарнинг соқолининг туки сақланади. Ҳозирги пайтда биллур идишга солинган бу диний эътиқод тимсолини Пайғамбарнинг туғилган кунида масжид имоми олиб чиқиб ислом муридларига, қадам ранжида қилган тақводорларга намойиш этади.
– Қандоқ яхши-я, мен тақводор одамларни ҳурмат қиламан.
– Уйдагилар тоат-ибодатдами?
– Йўқ-да! На эрим, ота-онам, укам. Улар янгича қарашли кишилар.
Сайкин секингина сўз айтди.
– Замона зайли. Бошқа илож йўқ! Атеизм ҳар бир халқни титиб-питиб ташлаган.
– Тушунаман.
– Ҳеч кимга айманггу, мен Ҳазратбал масжидига кириб чиққанман.
– Ростданми?
– Унинг маҳобати, чиройи ва озодалигини таърифлашга тил ожиз. Тасаввур қилинг-а, деворлари, устунлари, ҳатто катта гумбаз, йигирма метрларча кўтарилган азон айтиладиган минора ҳам оқ мармардан ишланган. Энг қизиғи, масжид қурилишини аёл киши олиб борган.
– Хотин киши бош бўлганми?
Қалдирғоч бошини ўгириб, ҳайратланган кўзларини Сайкинга тикди.
– Ўн еттинчи асрда Шоҳжаҳонни банди қилган ўғли Аурангзеб ҳокимлиги даврида Нуриддин Чашти деган сўфий шайхнинг қизи Иноятбегим томонидан қурилган экан.
– Ростданми? Жуда қизиқ-ку!
– Масжид кичик эмас, айтдимку маҳобатли, узунлиги олтмиш метрлар келар. Яна, адашсам хафа бўлмайсиз. Бундай катта масжид бизнинг давлатнинг ҳеч қайси бир шаҳрида мавжуд эмас.
– Ҳимм. Сиз қайси жойда яшадингиз?
– Гульмарг тоғдаги курорт жой ҳисобланади. Ёзда дам олувчилар гольф ўйнаса, қишда чанғи отишга ярайди. Сринагардан ўша ергача бўлган йўлнинг тахминан ярмида Қияли қишлоғи бор. У жаннатмакон. Нимасини айтасиз. Эрталаблари янги соққан эчки сутини Сулачи оғзимга тутарди. Кулча пиширарди. Уни тсашакул деб айтишади, янглишмасам. Сезам доналари қўшилган ачитқисиз хамир думалоқ товада қовурилади. Бирам мазаки.
Сайкин русчада таърифлаган кулча номи эриш туюлиб, Қалдирғоч беихтиёр яна гапга қўшилди.
− Қатламани айтаяпсизми? Бувим уста эдилар. Сезаммас-ку, ичига пиёзми, гўштми солиб кўп пишириб берардилар. Мен ҳам уйда қизиган ёғга қовуриб, гоҳи-гоҳида нонуштага тайёрлайман.
– Ия, бу жуда ширин! Балки мени бу кулча билан меҳмон қиларсиз, у ҳолда.
– Ажабмас. Мана менинг иш жойимни кўриб олдингиз! Иш вақти ҳам тугади. Энди нима қиламиз?
– Сиз нима десангиз шу!
– У ҳолда бизникига марҳамат. Адам меҳмонингни олиб кел, дедилар.
Шу пайт кутилмаган воқеа юз берди. Хонага Қуддус кириб келди.
Сайкин ўзини йўқотмай севинч билан ҳайқирди.
– Қандай соз! Дўстимиз қайтибдиларми? Ё Қалдирғочни ёнида биз юрганимизга ичингизга шубҳа кирдими?
– Шундоқ.
– Бунга не сабаб?
– Қашқирга оҳуни ишониб бўладими?
– Биз қашқирмас, халқпарвар айиқмиз, холос.
Иккаласи енгилгина кулишди. Қалдирғоч сал жилмайган ҳолда бошида ғужғон ураётган фикр, яъни Қуддусни ўзлари билан олиб кетса, уйдагиларга нима дейман, деган ўйда эди. Аксига олиб, миясига бирор жўяли фикр келмасди, ўшангами аччиғланиб, тескари қараб олди.
Шунда қулоғи остида Қуддусни ўзи узрини айтди:
– Мен ҳозир кетаман. Сизни хижолатли аҳволга солиб қўйдим, шекилли.
– Йўқ, нега унақа дейсиз. Самолётингиз учмадими? − деб янга унга ўгирилди.
– Учиб кетгандир.
Қуддус соатига қаради.
– Икки соатча бўлди учганига. Билетни топширдим. Сизни яна кўргим келди.
Жуда оддий, шу билан ўта самимий жилмайиб турган қарашлардан ийиб кетган янга, ўз навбатида раҳмат дедию, кўзини ердан ололмай: келдингизми, энди тўдадан айрилиш йўқ! Сиз ҳам юринг, деди, ўнг қўлини кўксига қўйиб, бироз энгайганча, чап қўлини илтифотга ёйиб.
– Жоним билан, − деб Қуддус унинг шу қўлидан тутиб олди.
«Қўлимни панжасидан суғуриб олсам хафа бўлмасмикан, яна уни уйда ким деб таништираман», деган истиҳолада, ичини мушук тимдалар, ёнига Зинат келиб, Қуддус менинг дўстим деб таништираман, хижолат бўлманг, деб қулоғига пичирлагандагина, у хурсанд бўлиб кетди-да, иккаласига мурожаат қилди: дўстлар меҳмондорчиликдан қуруқ қолмайлик, ҳозироқ йўлга тушамиз, − деб эшик томонга бошлади.
22. КАТТА ДАРГОҲ
Отасининг уйида қудапошалар ҳам йиғилган экан. Бир уй одам.
Меҳмонларга ёнғоқ остидаги ёғоч кравотга жой қилинган.
Илғор улардан: «Оёқни йиғиб ўтирсангиз қийналмайсизми?»деб сўради.
Зинат хозиржавоблик билан «шарқ давлатларида юравериб ўрганиб кетганман, Қуддус яқин танишим, Кавказдан, спортчи, унга ҳам чордона қуриш чўт эмас», деди.
– У ҳолда ўз уйингиздагидек билинг ва марҳамат, дастурхонга қаранглар, − деб Маъмур ака зиёфатни бошлаб юборди.
Бир-икки рюмка шароб ичиб, орасида турли таомлардан тамадди қилиб олган Зинат, унча суҳбатларга қўшилмай, ичимдагини топ қабилида ўтирган Акобирга қараб: Вы муж Калдиргач, деб сўради.
– Ҳа, мен, − деди Акобир кўзини қуйи тушириб, дастурхонга тикилиб.
– Сизнинг бошингизга бахт қуши қўнибди. Аёлингизни тенги йўқ, шуни ўзингиз биласизми?
– Нега билмай. Биламан, − деди Акобир паст овозда.
– Эй, шундай хотини бор одам, чор-атроф эшитадиган қилиб тенорда ҳайқириши керак. Сизнинг овозингиз эса сопранодан нарига ўтмаяпти.
Сопрано – хотин-қизларнинг энг баланд овозига бериладиган баҳо. Бироқ унинг бу ўхшатиши нолойиқлигини даврадагилар ҳам, шу жумладан Акобир ҳам идрогига солмай, ҳеч ким индамади.
Зинатнинг ўз миллатига хос дангалчилигидан орага қизиқ вазият чўкди. Борий ака ҳозир Москвада. Ўрнига зиёфатни унинг укаси, мактабда математикадан дарс берадиган ўқитувчи – Маъмур Мансуров олиб бораётган эди. У, бу гапга нима деркин деб куёвларига кўз ташласа, у даврадагилар қарашидан изза бўлгандек, боши қуйи туширилган, биров унинг қитиқ патига тегиб кетгандек қизариб-бўзарган, ноқулай вазият юз берганини англади. Акобир бир нима дейиши кераклигини сезар, аммо энди, нима деса-да, ўзини оқлаш учун айтадигандек туюлди, ожиз аҳволидан эса, ичида қандайдир алам қўзғалганди. Унга чиндан ҳам бу гап ёқмаган. Нима, аёлини бенуқсонлигини билмайдими, билади. Нима энди, шуни кўз-кўз қилсинми? Сув остидан топиб олган марваридмаску, одам боласи. Онаси билан чиқишиб келаяпти. Ўзбек учун ёр улуғми, ё онами? Албатта она. Онаси: яхши кўришингни ошкор қилаверма, совғаларга кўмсанг, талтайиб кетади, деса. Ҳадеб ўйин-кулгуга бошласанг, қўлдан чиқади, гижинглаган отдек миндиргиси келмайди, деб жиддий гапиради. Онасининг бу маталини яхши тушунмай, Акобирни боши гаранг. «Ёнига йўлатмай одамни сарсон қилади», деганлари жумбоқ. Нафсиламр, ён-атрофдаги, яқин таниш-билиш эркаклар ҳам аёлини тахминан шундек ушлашади. Кунда севдим-куйдим дейиш мусулмон халқига хосмас. Бу телба мухбир ҳар не деса ҳам, меҳмондорчилик ҳурмати чидайман, деган ўйга тушди.
Сукунатни бузиб Қуддус унинг жонига оро кирди. У Маъмур акага юзланиб, мавзуни ўзгартириб, суҳбатни дам олишга бурди.
– Кавказда кўп бўлганмисиз?
– Кавказдами?
– Ҳа.
– Авваллари Кисловодскдаги санаторийда уч-тўрт марта дам олганман. Унинг олтингугуртли суви менга ёқади.
– Путевка топиш қийиндир?
– Ким билади. Акамни дасти ҳар ерга етади.
– Яхши экан. Йўқса, мен ҳам ёрдам бера оламан.
– Ташаккур.
Бу таклиф сидқидилдан айтилган бўлса-да, ҳеч ким сир бой бермай, Қуддусга телефонингизни ёки адресингизни беринг, керак бўлсангиз топаман демади.
– Сочидаги “Ўзбекистон” санаторийсини бош котибимиз ўзлари бош-қош бўлиб, мана бир минг тўққиз юз етмиш иккинчи йили битқазишди. Энди худо хоҳласа ўша ерларни ҳам бир кўриб келсам, армоним қолмасди, − деб сўзини давом эттирди Маъмур ака.
– “Ўзбекистон” санаторийсими? У ерда мен дам олганман. Сувга яқин. Ажойиб маскан. Бекоргамас одам доим тирбанд.
Шундай деб Зинат суҳбатга қўшилди ва ҳар ким ўз дам олган жойлари, маъқул келган-келмаган томонлари, бўш вақтни қандай ўтказиши тўғрисида ва бошқалар ҳақида гаплашишга тушиб кетишди.
– Менинг хоббим балиқ тутиш, − деб қолди Сайкин.
– Ростданми, − деб гапга қўшилди Илғор. Ҳозиргача у дастёрчилик қилиб, ортиқча суҳбатга аралашмай ўтирганди.
– Бўлмасамчи, балиқ тутган дарёларни санаб берсам адоғи йўқ.
– Ҳимм.
– Россияда Об, Иртиш, Волга, Байкал, Хитойда Хасан кўли, Ҳиндистонда Синд, Кашмирда Дал, Нигар, Иттифоқдаги яна Иссиқкўл, Қора денгиз, Азов денгизи, Ангара, Ўзбекистонда Сирдарё, Норин, Чорвоқ ва бошқа юзлаб катта-кичик кўл ҳамда сой-ирмоқлар.
– У ҳолда навбатдаги балиқ тутиш жойингиз Кўкишкўл бўлади.
– У қаерда?
– Уйимиздан уч чақирим ҳам келмайди.
– Туби чуқурми?
– Чуқур.
– У ҳолда оқ амур, зоғора балиқлар кўп экан-да.
– Топдингиз. Лекин дўнг пешона ҳам кейинги йиллар кўпайиб қолди.
– Дўнгпешона пайдо бўлдими, унга фақат лаққа балиқ бас келади ёки яхшиси илонбалиқ.
– Илонбалиқдан сақласин. Уни бизда унча хуш кўришмайди.
– Танасига балчиқ ҳиди ўтириб қолади. Ҳечқиси йўқ. Тоза сувга бир сутка солсангиз, бас. Кейин, пишириб бемалол танавул қилаверасиз.
– Иштаҳаларни очиб юбордингиз. Одамни балиқ егиси келиб кетди, − деди Маъмур ака, гапимни қувватловчилар топиладими ё йўқми деб ён-верига бир қараб олганча.
Сайкин бошқача гапирди.
– Мен рози. Фақат ёнимда балиқ тутиш сноровкалари йўқ. Меҳмонхонада қолган.
– Шу ердан ҳам топилади сноровка. Менда ортиқчаси бор, − деб Илғор жавоб қилди.
– У ҳолда қачон борамиз?
− Сиз айтган пайтда?
– Бўлмаса ҳозироқ йўлга тушамиз. Овқат едик. Ҳамма тўйди. Нима дейсиз?
Илғор хўп бўлади дейишига озгина қолди. Аммо, амакисига бир қараб олгач фикридан қайтиб: дастурхоннинг ҳурмати ҳали бошқа таомлар бор, ташлаб кетиш ноўрин. Пича гаплашиб ўтира қолайлик, деди.
– Ҳимм.
– Бошқа давлатларда кўп бўлган экансиз, қизиқроқ воқеалардан сўзлаб беринг, яхшиси.
Сайкин Илғорнинг бу гапига бошини силкиб қўйдию, аммо оғзини очмай сукутга чўмди. Бошқалар ҳам мажбуран унга қўшилишди.
Маъмур ака аҳволни юмшатишга чора изларди. Унинг кўзи ошхона олдида кўринган жиянига тушиб, секингина ўрнидан турдида, у томонга юрди.
– Меҳмонинг қанақа ўзи, жиян?
Амакисининг бундай савол бериши бежиз эмаслигини англаб, Қалдирғоч унга қараб қолди. Унинг жим туришидан: билмасам амаки. Нимани сўраяпсиз, ўзи? деган ифода бор эди.
– Шундоқ қуюқ меҳмондорчиликни ташлаб, балиқ овига бораман деяпти. Меҳмон раъйини қайтардик, ҳозирча. Аммо, биринчи келадиган. Тўпланганлар, қўни-қўшни зиёфат ярмига ҳам бормай, ўрис меҳмон ўрнидан туриб кетди, деб етказишса, аданг келганда хафа бўлар. Кейин мени изза қилиши турган гап.
– Яхши амаки. У ҳолда ёнидаги йигитни менга киши билмас чақириб беринг, ё ўзим бориб айтайми?
– Йўғ-эй, қизим! Сенга ноқулай. У йигитни исми нима эди?
– Қуддус.
– Қуддус! Арабми?
– Кавказлик.
– Улардан ҳам танишинг борми?
Шу пайт, хотинлар ўтирган узун ромли айвондан қайнанасини овози келди.
– Қалдирғоч? Чой бор эканми?
– Ҳозир, − деб Қалдирғоч қайнанасига жавоб қиларкан, амакисига юзланди: амаки, мени сўрашяпти.
У югурлаб ошхонага ўзини урди.
Маъмур ака меҳмонлар олдига қайтди.
Қалдирғоч Қуддус билан ҳовлининг ошхонага яқинида гаплашай деса, қайнанасининг кўзи тушади, ҳовлининг бу ёғига бошлай деса, эркаклар ўтиришибди. Шунда чеҳраси бироз ёришиб кетди. У ечим топган эди. Лип этиб ошхонадан сал қуйидаги катта ўрик орқасига ўтиб олди. У энди ҳовлининг юқори қисмидан кўзга ташланмасди. Қуддусга худди томоша қилгандек, ҳовлининг этагига қараб туришни буюрди ва унга шошиб сўз айтишга ўтди. Дўсти уни ҳеч қачон бундай ҳаяжонда кўрмаган, ўшанга уни жиддий эшитишга ҳаракат қилди.
– Зинат Муидовичга менинг илтимосимни етказинг. Унинг ҳурматига биринчи котиб ҳам ҳозир келиб қолади. Балиқ овига бораман, деб гап қўзғаши бузғунчилик ва ўта маданиятсизлик. Худди шундай деб айтинг. Яна келиш меҳмон ихтиёрида, кетишга эса мезбон изми зарур. Буни ҳам эслатинг.
– Тушунарли.
– Бор гап шу, бораверинг!
– Менгачи? Каминага аталган гапингиз йўқми?
Қалдирғоч унга ҳайрон қараркан, унинг ишқ тўла кўзларига нигоҳи тушдию тушунди. Қуддус ундан бирор илиқ гап ёки умидворлик шаъмасини кутяпти. Шунда у, ишва билан унинг исмини овозини чўзиб айтди.
– Қуд-дус?! Айни дамда мени қийнаманг!
– Оҳ,оҳ! Исмимни яна бир қайтаринг! Бор меҳрингиз битта сўзга қадалган, шекилли − деганча, дўсти мастона кўз тикди.
Қалдирғоч пўписа қилди:
– Ҳаддингиздан ошманг!
Унга бу ишқ ўйиними, бир-бирини ҳазил, шўхликларини кўтарадиган дўстликка ўхшаш ҳислар гирдобими ёқиб бошини айлантираётган, ўшанга бироз ҳушёрликни йўқотиб ишва қилишга ўтганди.
Бир вақт, Қуддус энгашиб унинг лабларига ёпишди. Ишқ амри бир зум, балки кўпроқ давом этдими, Қалдирғоч сезмас, йигитнинг дудоғидан ютоқиб ўпиши ҳушини учирганди.
Аввал у ўзига келди: вой деб, лабларини сийпалаганча, юзини бурди.
Қуддус, ҳеч нима бўлмагандек, мағрур нари кетди.
Менинг бу тадбиримни ҳеч ким сезмагандир, деган янгани чуви чиқди. Нега ҳам ошкора учрашиб илтимосини айтмади. Дарахтлар бошланган боғ тарафдан чиқиб келган Қуддусга кўзи тушган Акобир, кетма-кет катта ўрик танаси ортидан хотинининг силуэтини пайқади. Ва шу ондаёқ юрагига ғулғула тушди. Буларнинг меҳмонга келишида бир сир бор. Улар мухбирдан кўра хотинимни яхши билган танишлари шекилли, деган ўйга ботди…
− Ҳа, қурмағур, нима қилиб юрибсан, бу пана жойда.
Қалдирғоч ҳайрон ўгирилдию, ойисига кўзи тушди.
− Ойи, сизмисиз, юрагимни ёрворай дедингиз.
У кўксига туфлади.
Ойиси, меҳмон кутишга мос оҳорли кийимда эди, этаги илашган ис-писни, хас-чўпними қоқиб-қоқиб, жаҳл қилди.
− Нуқул сенларнинг уқувсизлигингизни ёпиб юраман. Бу хушторинг билан учрашгани бошқа жой, ўзга вақт топмадингми. Ҳужрага киргандим. Деворга суркалибман.
− Мени пойладингизми, ойи? Нега? Тушуна олмаяпман.
− Бўлмаса бутун уй олдида, хотин-халаж кўз ўнгида, уй этагида бегона билан чўқилашганинг нимаси?
− Чўқилашганим йўқ, гаплашдим, − деб Қалдирғоч бўшашди. Хаёлидан «ойим Қуддус менга осилганини кўрибдилар, шекилли», деган гап ўтди.
Аммо ойиси бу ҳақда ҳеч нарса демади, қайтанга елкасига қоқиб:
− Биров сўраса ойим билан ўзимизнинг гапимиз бор эди, дерсан.
Шундай деб, у қизини қўлидан тутиб, бошини елкасига суяб меҳмон хотинлар ўтирган айвонга томон юрди. Ичида: «мен сенга нима ҳам дердим, жондан азиз қизим. Ҳуснинг ўткир, ақлинг ундан қолишмаса. Ҳавас дегани доим шунақа, ёнингда айланиб юраверади, юраверади, кўзингни жилвалатиб. Сенга шу ҳаёт маъқул бўлса, ўзингга ҳавола, келгусини ортиқча ўйлама, у барибир, ёлғиз Оллоҳга аён», деган ўйда қизини ўзига тортиб икки юзидан чўлпиллатиб ўпдида: бора қол, чаққон-чаққон хизматингни қилиб тур, деди.
Қалдирғочни онаси билан ҳовлининг этагидан чиқиб келаётганини кўрган Акобир ҳам тинчланиб, ўз даврасига бориб қўшилди.
Қуддус дастурхонга яқинлаб, Сайкин қулоғига пичирлаб, унинг ошхона томонга қарашини сўради. Зинат Муидович, тез ўгирилиб янгани кўрди. Кўзи унда бўлдию, қулоғига янганинг тайинлашлари кираркан, яхши дегандек, бошини у томонга эгиб қўйди. Жавобан, Қалдирғоч киши билмас, чап қўлини кўтариб бир-икки силкитиб, ўзини ошхонага олди. Эгнидаги қора гулли саккизтепкилик хон атласнинг товланишини Қалдирғоч ошхонага кириб кетгунча кузатиб, кўзини узмаган Сайкин, бу тикилишимга нимадир дейишим керакдир деган хаёлда, яна андишасизроқ гап қилди.
− Қалдирғочни бу мато янада кўркамлаштириб, чиройини оширибди. Одамни бу гўзалликдан кўз узгиси келмайди-я!
Даврадагилар яна индашмади. Илғор ташқарига чиқиб кетган, биринчини кутиб олиш тараддудида, Маъмур ака бу гапни силлиқ ютиб юборди. Жиянини тароватига ёш қиз пайтидаёқ ошиқлар сероблигига у ўрганиб қолган. Фақат, Акобир ҳазм қилиши қийин кечди, шекилли. Бурнида ғўнғиллаб қўйди: хотинимни тинч қўйинг!
Сайкин тикилиб, уни сўроққа тутди: Бир нима дедингизми?
– Бизда бировни хотинига ҳатто қараб бўлмайди. Шу одатимизни билмайсиз, шекилли?
– Биламан. Фақат, табиат яратган гўзаллик вақтинчалик. Ҳеч нарса боқиймас. Шу туфайли ҳусну камолат ҳам. У ошуфта кўзларни қувнатиш учун ярамаса, уни эски вақтлардагидек, паранжилар ичига яширинглар. Лекин бу бекитиш кимга керак?
– Одат шу-да,− дейишди бошқалар ҳам, Акобирни фикрини тасдиқлаб.
Сайкин полемикага ўтди. У кўпроқ ичган. Алжираб, ҳеч кимга тилини бермасди.
– Сиз аёл кишидан сўранг. Дунёдаги энг гўзал жонзотнинг фикрини билинг. Улар сизга тубдан фарқли қарашларини етказишади. Европанинг барча давлатлари, ҳатто Осиёнинг энг исломий Кашмирида ҳам аёллар эркин, озод бўлиш тарафдори. Ҳар қадамини ўлчовчи қўриқчиларга зормасликларини кўп бор менга билдиришган.
Шу пайтгача жим эшитиб ўтирган, Борий акани қўшниси, мазкур қишлоқ мактабининг тарих ўқитувчиси Гатаулин гапга қўшилди, – Унчаликмасдир. Улар кўплари ўзларини ожиза санаб, эр киши таянчи, тиргаки бўлишини жон-диллари билан исташади.
– Тўғри. Биз уларга тиргак бўлишимизни исташади, лекин ундан ортиғини эмас. Аслида мен Осиёда феодал ва деспотларни кўп кўраман.
– Унчаликмас. Бўрттириб юбордингиз.
– Бўлмаса, нима учун аёлларни алоҳида столларга ўтқаздингиз. Даврадан гули, нафосати уфуриб туришини нега истамайсиз. Цивилизацияни тан олмай юриш, ундан орқада қолиш ёки мақсадингизми?
– Биз таторларда ажратиш йўқ. Аммо, ўзбеклар менталитети…
Гатаулин оқсаган демоқчи эди, қараса даврадаги беш-олти одам унинг оғзига қараб ўтирибди, шунинг учун охирги сўзни ичига ютиб, айтмади.
Шу пайт биринчини бошлаб, Илғор кирди. Миндибаевнинг ёнида аёли, яна туман ҳокимлигидан эркак-хотин аралаш уч киши ҳам бор эди. Шу сабаб бўлдими, ёки бояги гаплар таъсир қилдими, биринчини, меҳмонларни ичкарига олишди. Қалдирғочни ҳам улар ўзларига қўшиб олишди. Акобир бояги кўнгилсизликлардан кейин, ичкарига кириб ўтиришдан бош тортганди. Илғор сиёсатни яхши билади: амакисини судраб уларга қўшиб қўйди. Ўзи дастёрчиликка ўтиб олди.
Биринчи келишига мос равишда безатилган бу уйдаги дастурхон, ҳовлидаги зиёфатдан фарқли, столда қора, қизил икралар, сайра, горбуша балиқ консервалари, қизил ва оқ балиқ деб номланган дудланган балиқлар, қази-қарталар, дудланган гўшт маҳсулотлари, цитрус мевалар, навли винолар қўйилганди.
Зиёфат қизигандан қизиб борар, эрлар қолиб аёллар ҳам шароб суниб кайфлари тароқ, ҳар бир гапга кулгу, шовқин-сурон қилиб бақиришга ўтиб олгандилар. Айниқса, Миндибаевнинг хотини Саригул еб-ичишни канда қилмай, шодон давра жону дили эканлигини таъкидлаганча барча билан ҳазил-ҳузул қилишга мойил, жағи тинмасди.
Тўрда Миндибаев, чап тарафида аёли ва қўл остида ишлайдиганлар: Айдаркулова Пазилат, у туман соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғи, касаба уюшмаси раҳбари Холов ва ички ишларга янги тайинланган бошлиқ Буваев жойлашишди.
Ўнг томонда Сайкин Миндибаевга энг яқин ўтирган бўлса, ёнига қўярда-қўймай Қалдирғочни, сўнг Қуддусни таклиф этди. Биринчига рўпарў ўтирган Маъмур ака бирпас ўтириб, сўнг киши билмас йўқолиб қолди. У катталар давраларида ўтириш ҳадисини олмаганидан эмас, ўзининг камгаплиги ва тортинчоқлигидан уялиб шундай қилганди.
Миндибаевни мамлакатга тинчлик, халққа фаровонлик, фирқага шон-шараф тилаб айтган тостидан кейин, Холов шунга ўхшаш тилаклар билдирди. Миндибаев навбатдаги сўзни Пазилатга бераркан, Саригул уни туртди:
– Жахши сўйлаб, андармон истеклар бит, сулув дугенем!
– Жахши, жахши,− деб Пазилат ўрнидан турди.
У чиндан ҳам сулув, қавоғли, қийиқ кўзлари ўзига ярашган, қора кўз, бироқ қошлари сийракроқ, сочлари қуюқ эмас экан деб, ўзича баҳо бериб ўтирарди Сайкин унга қараб. Яна қомати бузилган. Семириб, елкаси ва бели бирдек. Оёқлари калта, европа стилидамас. Мана Қалдирғоч бошқа гап деб, ёнига кўз ташлаб олди. Янга бу қарашни маъносини уқмаса-да, нима гап деб сўз айтмадию, секин қош қоқди. Бу имо, нима гап? деган сўроққа хос эди. Пазилатни тостини ҳеч ким эшитмади ҳам. Бу пайт Қалдирғочнинг қулоғига Сайкин: «Дунё гўзаллари қолипига сўзсиз у мос келиши, чиройдан ташқари, ўзини тутишида, тамадди қилишида ўта маданиятлилиги билиниши»ни сўйларкан, Қуддус қулоғи динг, улар томонга бир неча бор кўз тикиб, охири ярим ўгирилиб олди. Шундагина Сайкин олқишларини тўхтатди, чунки Қалдирғоч чап ёнида бўлаётган ҳаракатлардан чўчиб, Зинатни бир-икки туртиб қўйишига тўғри келганди.
Кимдир шу гапларга ичайлик деди. Пазилатга миннатдорчилик билдириб барча фужердаги винони сипқоришга ўтди. Қалдирғоч ҳўплаб, фужерини дастурхонга қўяй деса, рўпарў ўтирган Пазилат: «именинница, выпьет до конца. Потому что, она украла казахское имя – Калдиргач», − деди. У русча гапиришни ёқтирарди.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.