Электронная библиотека » Абдужаббор Обидов » » онлайн чтение - страница 12


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 04:20


Автор книги: Абдужаббор Обидов


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 12 (всего у книги 34 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Қалдирғоч бу ажабтовур феълли мухбирнинг табиат, ҳаёт ва муҳаббат уйғунлигини бунчалик теран англашидан ўйга чўмиб, ҳайратланиб ўтирганди. Уни ногаҳон саволга тутишгани, яна бу мавзуда фикр билдириши унга ортиқча бўлиб туюлдию, билмадим дегандек, елкасини қисди.

– Ё, дўстингизнинг шошилиб жўнаб кетганига хафамисиз?

– Ҳечам-да. Ҳаётнинг кутилмаган ҳодисаларига доимо тайёрман.

– Демак, оптимист экансиз. Бу яхши. Аслида, бу вазиятда менинг тасодифан пайдо бўлишим, бу йигит билан учрашма деб, юқоридан сизга белги берилиши эмасми? Зеро, сизнинг жамият, ҳаёт ва оиладаги мавқеингизни кимдир ҳимоя қилиши зарур эди. Сиз Оллоҳ ёқтирган бандасиз. Шу туфайли, кечагина Москвада юрган, беш кундан сўнг тўғри Деҳлига етиб бориши шарт одам, фикри бирданига ўзгариб Тошкентни, Самарқандни зиёрат қилишни хоҳлаб қолганида, сизнингча, ҳеч қандай сирлилик йўқми? Ёки дунёнинг ишларига ишонмайсизми?

Сайкин қиз тарафга қараб, тикилиб қолганида, Қалдирғочни бошидан қуйидаги фикрлар ўтаётганди:

– Эҳ-эй, бу муҳаббат деб, боридан айрилганлар озми? Мени огоҳлантириш шартмиди! Ҳа, йўқса, хаёлимдан кечган, ширин ўйлар наҳот мени жаҳаннам оловларига ташларди? Ёки жаннат дарвозаларини ланг очармиди? Рўзи-ризвонларнинг муваққат гаштидан, обу кавсар сувлар мазасидан баҳра олиб, сўнг ортга қайтиш ихтиёри қолармиди?

– Сиз ҳамон иккиланишдасиз, севги эса хаёлда кезгани энг яхши таъмил. Ўшанда инсон боласи доимо зийрак ва донолигини йўқотмай, ич-ичидан нурланиб юрур. Яхшиликка ошнолиги ошур.

– Балки.

Қалдирғоч бу гапни унча ҳазм қилмай, четга қаради. Улар Тўйтепага келиб қолишганди.

– Мана мисол. Ҳаётда, кундалик турмушда учраб турадиган минг марталаб юз берадиган жўн воқеа десам, муболағага йўймассиз. Аҳамият беринг: вақтинчалик ошиқлар учрашуви бир-бирини ялаб-юлқаш билан ўтадию, икки соат ҳам ўтмасданоқ, хайрлашиб, кўчага чиқиши билан хаёли тиниқлашиб, дарров жазмани унут, кундалик ташвишларига шўнғиб кетиш оддий ҳолга айланган. Буни баъзи бировлар муҳаббат ҳам деб аташади.

– Хўш, сизнингча-чи? Бу нима? Фикрингизни билайлик.

– Менми? Ҳозир айтаман, − деб Сайкин атрофга бир кўз ташлади. − Ана, чойхона, алоҳида супалари бўш экан, чой ичиб, суҳбатни ана шу ерда давом эттирсак, нима дейсиз? Ҳайдовчи машинани тўхтат!

Ёғоч кравотга ёзилган дастурхонда иккита патир нон, чойнакда қора чой, бир жуфт пиёла ва ликопчаларда шафтоли ва узум бор эди. Улар қарама-қарши жойлашган, Қалдирғоч оёқларини тагига босиб, Зинат бир оёғини кравотдан осилтириб, иккинчи ўнг оёғини тиззалаб олганди. У сарғайиб етилган узумдан чўқилаб, сўзида давом этаркан, Қалдирғоч қўлидаги пиёлада фамил чой анордек товланарди.

20. СУЛАЧИ

Зинат сўзида давом этди.

− Сулачи ҳаётимга қандай қилиб шунча тез кириб келганига ҳалигача ҳайронман. Кашмир Ҳиндистоннинг Сринагар штатида. Аҳолисининг учдан иккиси суннийлар. Мусулмон кўп. Қашшоқ яшашади. Аҳоли бойлар ерларида корандалик қилишади. Аёлларига иш топилмаса, чўриликка беришади. Мени ўзига тўқ бир одамнинг олдига олиб боришди. Самибабу деган қишлоқ оқсоқоли экан. Ундан ижарага уй топиш мумкинми деб сўрадим. У қаердан келганим билан қизиқди. Иттифоқдан эканлигимни билгач, яхши дегандек, чуқур маънодор бош ирғаб қўйди. “Ижарага жой кўп. Қанча вақт бўласан?” – деб сўради. Жамми ва Кашмирда ўша пайтлар нотинчлик, икки давлат чегара ерларини тортишиб уришаётган паллалар. Икки катта давлат келишмовчилиги. Халқни, аҳолининг бу воқеаларга фикри, мулоҳазалари тўғрисида Иттифоққа хабар етказиб туриш, иложи борича улар ичига кириш, дардини билиш, узоқроқ вақт тўғри ва тўкис маълумот етказиш. Мухбир алмаштириш юқоридагиларга ҳам зарурмас. Ишкал чиқмаса, хатога йўл қўймаса, маҳаллийлар ишончини қозонган, ҳурматга сазоворлиги етарли мухбирни жойидан қимирлатишмасди.

– Камида бир йил, − дедим.

– Советдан бўлсанг, менинг уйимда туравер. Жой катта.

Шундай деб у икки қаватли тошдан кўтарилган, ўнлаб хоналардан иборат уй-жойини қўли билан кўрсатди. Алифбонинг П ҳарфи шаклидаги бу бино анча ҳайбатли кўринди. Шу билан бирга унда яшовчи катта-кичик одамлар ҳам анчагина бордек эди.

– Ўзингиз сиқилиб қолмайсизми? Катта оилага ўхшайсиз.

– Сиқилмаймиз. Укам оиласи, икки ўғли билан, менда учта ўғил. Энг кенжаси уйланмаган.

– Ў-ҳу. Йигирматача экансизларда?

– Ўттиз учта.

– Сизларга нима зарур, шунча одам, бир уйда бирга яшаш? − деб сўрадим ҳайрон.

– Ўйин-кулгу, ҳангома учун кўпчилик яхшида. Кейин, улар бир-бирини хатосини айтиб, тартибга ҳам чақириб туришади. Ёлғизлик, танҳоликдан одамлар умидсизликка тушиб, кўп хатолар қилади, жиноятларга қўл уради.

– Гапингизда етук фалсафа уруғи бор экан. Лекин, барибир, менга овлоқроқ жой топиб берсангиз. Ишли одамман. Тинч ва сокин уй бўлса…

Оқсоқол бироз соқолини силаб ўтирганча, мени чой ичишга ундади. Унинг ўғли чой қуйиб узатарди. Пиёлани олиб, тоза кашмир чойидан ҳўпладим, ҳолвадан тишладиму: “жуда мазали-ку”, дедим.

– Ширинликни Сулачи тайёрлаган.

– Ким, у Сулачи, − деб, у қиз ҳақида айтган оқсоқол ўғлига қарагандим, оқсоқол мени сўзимни бўлиб, тушунтириш берди.

– Сулачи, чўри қиз. У сенинг хизматингни қилиб юради. Бу ҳам ижара ҳақи ичида бўлади. Албатта, агар сен хўп десанг!

Мен ўйлаб қолдим: бизнинг амалиётда хизматкор бўлиши ортиқча қулоқ. Бироқ, юқоридагилар: «Энди ёлғизсан, бу ерларда малайлар арзимаган пулга топилади, истасанг хизматингни қилиб юришга одам ишлат», деб рухсат беришганди.

– Овқатларни роса ўхшатади. Ўзи озода, саришта. Уй-жойинг бекаму кўст бўлади.

– Майли, мен қаршимасман. Менга Сринагарда, кунига уч доллар тўласанг, ижарага етиб ортади дейишган. Фақат турадиган жойим қанақа? Ташлаб қўйилган чорбоғ эмасми?

Оқсоқол мендек тўкис мижоз чиқиб қолганидан хурсанд бўлиб кетди, шекилли, ижарага берадиган жойини мақташга тушди:

– Ҳовли катта, нок, олма, ёнғоқ ўсади. Этагидан сув оқади. Турар жойи: уч хона ва айвон. Ошхона ва ҳужраси ҳам бор. Бари ёнма-ён. Ҳовли пастида пастаккина уй. Хизматкорга қурилган. Бошқа зарур жойлари ҳам ҳовли четида. Яна сенга битта хизматчи эркак қўшиб бераман.

– У нимага керак?

– Дарбонликка ярайди. Яна боғбонлик ва бошқа майда-чуйда ишлар учун. Бозорга боради.

– Ундоқ бўлса майли. Яна пул тўлашим керакми?

– Келишиб кетамиз. Намунча пулдан сўзладинг. Қорнини тўйдирсанг балки етарли бўлар.

– Ў, жуда соз-ку! У ҳолда мен рози.

Оқсоқол иш битди дегандек қўлини ишқалаётган эди, ўғли унга норози қаради. Демак, бирор нарсани бошлаши аниқ.

Бу ҳолатни сезмаганга олиб, тезда савол бердим.

– Ён атрофдагилар, яхши одамларми?

– У ерда бир-икки овчи оилалари туради, холос, − деди оқсоқол. Ўғли эса унинг сўзини давом эттирди.

– Овчи оилаларининг камида ўн беш аъзоси бор. Лекин сиз турадиган маскан кўчанинг энг четида, тепароқда бўлгани учун, бу жойга бошқаларнинг кўзи тушмайди. Бу ҳовли шундай ажойиб жойлашганки, ён-атрофни томоша қиларкансиз, бунга ўзингиз гувоҳ бўласиз: ўнг томонда тоғ ён бағирларида ўсган дарахтлар, пастда шарқираб оқаётган катта сувга тикилиб соатлаб кўзни узолмай қоласиз. Мабодо, чап томонга назар солсангиз, қўшнилар уйи, ҳовлисидаги бор жонзоти билан кафтдек кўринади.

– Бу менга унча керакмас манзара экан, − дедим мен.

– Ўзингизга ҳавола. Ҳа, бу уйда француз археологи икки йил яшаган. Ҳечам эътирози бўлмаганди. Ҳатто хизмат қилган: Парвез ва Шиваларга бироз французча гапиришни ўргатган.

– Истасангиз Сизга ҳам ўша хизматчиларни тайинлайман, − деди оқсоқол ўғлининг гапини илиб олиб.

Мен нимагадир бошимни сарак-сарак қилдим. Оқсоқол ҳам ишончсиз одам, шекилли. Боя бошқача исмни айтган эди, деб аччиғим қўзғади.

Ота-бола бир-бирлари билан кўз уриштириб олишди.

– Парвез ва Шира эр-хотин, шунинг учун уларни таклиф этгандим. Бири қўриқчи, боғбон, ҳовлидаги ишлар, кўча-кўй, бозорга боради. Бу ёғи мусулмончиликда ёлғиз аёл сақлаб, гап-сўзларга қолманг, − деди оқсоқол.

Мен индамадим.

Энди оқсоқолнинг ўғли сўз қотди:

– Бўлмаса бошқа таклиф бор. Бизда эрлар ҳам уй ишларини: кирчир ювиш, идиш-товоқ тутишни бажараверади.

Бу гапи менга умуман маъқул келмади.

– Юрингларчи, аввал уйни кўрайлик, хизматчиларни керак бўлса ўзим топарман, − деб ўрнимдан туриб кетдим.

Хўкиз аравада ижара жойимга – Қиялига етдик.

Уй-жой менга дарров маъқул бўлди. Хоналар тоза, озода экан. Умуман, бу тоғ қишлоғининг ажиб бир таровати унинг чангсиз, ғуборсизлигида. Бу ердан анча пастроқда бўлган Кашмирнинг ёзги пойтахти Сринагарга борсангиз, ҳатто, бунчалик шифобахш ҳавони учратмайсиз. Ҳовлига кирдиму, бошқа ҳеч қаерга қадам босгим келмай қолди. Шундоқ айвон остига ўрнатилган ёғочли супачага ёнбошлаб олдим. Юзасига ҳўкиз териларининг қийқимлари бирлаштириб тикилган гиламга ўхшаш нарса устига ҳамроҳларим ҳам чўкишди ва оқсоқол сабрсизлик билан сўради:

– Маъқулми?

Индамай, бошимни силкиб қўйдим. Чунки, унга бу жой жуда ёқиб қолганини яққол билдирмаслигим учун, мақтаб бирор сўз демадим. Йўқса, осиёликларга теккан касал, манзур бўлганини сезишлари билан нархини оширишга, қўшимча ҳақ ундиришга ёки бўйнингизга бирор бир юмуш илиб қўйишга ҳаракат қилишади.

– Биз ҳам осиёликмиз? Унутманг! Зинат Муидович! − деди Қалдирғоч, унга норози қараб.

Сайкин кулди.

– Сизми? Ҳечамда. Ўзбеклар ярми европалик, ярми осиёлик ҳисобланади.

– Бу янги назариями?

– Нега энди? Туркийларни тарқалишига бориб тақаладиган гап.

– Шунақами? Қизиқ гап экан. Лекин, у ёғи нима бўлди? Сулачидан сўзламайсизми? Уни қандай топдингиз? – деб Қалдирғоч уни асосий мавзуга қайтарди.

Сайкин, унинг сўзларига маҳтал қараб турган гўзалнинг юзидан ўта олмай, суҳбатини келган жойидан давом этди:

– Оқсоқол чўрисининг нархини ошириш мақсадида экан. Уни, синаш учун айтган биринчи сўзимдан бу факт маълум бўлди.

– Бир ўзим ҳам бу хўжаликни эплайман, − деб оқсоқолга қарадим.

– Йўқ-эй? Хизматчилар-чи?

– Ҳожат йўқ! Уларга кетадиган сарфим ҳисобига ижарани нархини туширсангиз.

Бу гапим ҳамроҳларимга ёқмади. Ўғли шошиб қолди. Кўзлари бежоланиб отасига қаради. Аммо бир сўз демади. Оқсоқол иягини қашиб, омади гапни айтди:

– Майли меҳмон, Сиз айтганча бўлсин, Сулачини чўриликка бераман. У урушда шаҳид кетган узоқ қариндош, хотиним уруғининг беваси. Туғмаган. Боласи йўқ!

– Бу бошқа гап, − дедим мен.

Оқсоқол чайналиб ўтирмай шартта бошқа гапни ҳам айтиб юборди.

– Бу ерда чўриликка берилган аёл билан ҳамтўшаклик қилиш мумкинмас. Ҳомилали бўлиб қолса, роса тўполон қўзғалади. Қишлоқ аҳли жоҳил эмас, лекин орияти кучли…

– Нималар деяпсиз?

– Бизда эркак киши билан урғочи эчкини ҳам бирга қолдириб бўлмайди дейишади, – деб ҳо-ҳолади оқсоқол, худди зўр гап айтгандек.

– Бабу, ўйлаб гапиринг! Бу энди, жуда нолойиқ ўхшатиш экан! Инсониятнинг салоҳият даражаси йилдан-йилга ошиб, космос асрига етган бўлса. Яна, мен аллақачон қолоқликдан ўтган юрт фарзандиман.

У сўзларимга эътибор бериб, жиддийлашди.

– Яхши, яхши. Мен сизни огоҳлантирдим. Яна унинг қари амакиси ─ Али хизматингизга берилади. Уларнинг шарт-шароитидан хабар олиш сизнинг бўйнингизда. Розимисиз?

– Розиман.

– У ҳолда, кунига яна бир доллар қўшинг!

Қарасам бу оқсоқол ўлгудек пулни яхши кўрадиган, зиқна. Агар, яна юз доллар бераман, биратўла Сулачи хотинликка ярасин десам, кўнарди. Лекин бу ҳақда мен гапирмадим. Чунки у аёлни кўрмаган бўлсам, яна бу чўрининг феъли ҳали менга маъқул келадими-йўқми, деган ўйда эдим. Лекин, ижара хақи яна бир долларга ортишига индамай кўндим. Бир ойга атиги юз йигирма доллар. Арзимаган пул. Шундай қудратли давлат ўз мухбирларига Европа, Америкадан бундан ўн баробар кўп пул сарфлайди. Оқсоқолга бошимни силкиб қўшаман дедим.

Кун ўтиб, эрталабдан Алини кўрдим. У қовоғи солиқ, афт-ангоридан ҳаётда қийналган, бошидан кўп ташвиш ўтгани билиниб турган олтмишдан ошган жиккакгина қария экан. Бундай одамларнинг кўпларининг кўзида алам ёки ғазаб яширинган бўлади. Лекин, дунёнинг бор савдоларига кўнган дарвешона тусли, муте кўзларини ёлқинлатмай барчага баробар қарайдиган бу киши менга бир кўришдаёқ ёқиб қолди. Фақат у билан тиллаша олмаслигим мени бироз ранжитди. Наҳот инглиз тилини ҳечам билмаса, руслар кириб олган ерларида маҳаллий аҳоли ўрусчани маиший тил даражасида бўлса ҳам биладику, деб ҳайқириб юборибман. Оқсоқол елкасини қисиб турди-да, «Сулачи орқали гаплашарсизлар! У инглизча қойиллатиб сўзлайди», деганча кетди.

Бу ерда инглизчани бузиб гаплашишади. Тибет лаҳзасини ўрганганим қўл келиб, мана Кашмирда ўшанга яқин талаффузни қўлладим. Сулачи – бошдан-оёқ ўраниб кийинган, тиззадан тушадиган, узун, кенг сиёҳрангга бўялган бўз куйлак ва лозим, бошига енгил сариқ шарф ташлаб олган, оёғида дағалроқ, мол теридан ишланган шиппак. У унчалик чиройлимас, бурунлари текис, юзи узунчоқроқ, кўзлари қорами, жигарранг туслими, билиб бўлмайдиган, аммо доимо ғамнок, узунроқ сочлари тўзғиб, бошида саватдек йиғиб олган ўттизга ё кирган, ё кирмаган бир жувон. Бу менинг у ҳақидаги илк фикр-мулоҳазаларим.

Бироқ, биринчи таассурот алдамчи бўлади, дейишади. Бу ёғини энди ҳаёт кўрсатади, яшаб билиб олиш мумкин, деб ўйладим-да, улардан аввалги ҳаёти, турмуши ҳақида сўраб-суриштирмай, вазифаларини тақсимлаб бердим.

Вақтим кўп. Аврора ўлимидан кейин ўзимга кела олмаётганимни сезиб, менга юқоридагилар ортиқча топшириқлар беришмасди. Кашмирга ўрнашиб ол. Одамларни ўрган. Чор-атрофни кузат. Рассомчилигингни қилиб юра тур. Керак бўлса, қидириб топамиз…

Эртаси кун бўйи хизматчиларни ишга солдим.

Хоналардаги кравотларни суриш, шкафларнинг ўрнини алмаштиришда ҳиссам қўшилди. Али ташқарида катта ўчоққа ўт қалаб сув иситди. Сулачи уйларнинг чангини артиш, полини ювишни бошлади. Зерикканимдан кўз ташлагани кирсам, чўккалаб пол артаётган жувон, тиккаландию, менга бош эгиб чиқиб кетмагунимча қотиб турди. Хижолатга солаётганимни англадим. Ташқарига чиқдим. Бирпас осмонга тикилиб қарайман, булутлар сузиб юрибди. Ҳозир ёмғир ёғадигандек, бироз шамол ҳам эсади. Намхуш ҳаво бетимга урилади. Кўкракка кислород тўлиб, баданинг қушдек енгил, худди учгинг келади. Шундоқ алпозда қанча туриб қолдим билмайман, ортимдан чиройли овоз келди.

− Мистер.

Ўгирилиб қарайман. Сулачи, бошини эгиб олганча менга гапирган экан.

– Эшитаман, Сулачи!

Унинг исмини атайлаб урғу бериб айтгандим. Бунга у беэътибор, на овозида, на тусида ўзгаришсиз, Али сўраяпти, деди.

− Қани Али? У қаерда?

Мен энди кўз қирим билан Алини қидириб, уни қўшни билан чегара четан девори ёнидан топиб, олдига шошдим. Ортимдан Сулачи эргашади. Хизматчимга яқинлашганимда у қўли билан тўхтанг деган ишора қилиб сўзлашга тушди. У жон куйдириб нимадир деди. Мен Сулачидан таржима қилишини сўрадим.

– Девор остида илонлар маликаси паноҳ топибди. Билиб қўйинг деяпти.

Мен бир Сулачи, бир Алига қарайман. Иккаласида ҳам ортиқча ваҳимани англамай, тошиб кетдим.

– Сулачи, мен нима қилишим керак! Тушунтиринг!

Жувон амакиси билан алқалашиб олгач, янада хотиржамроқ гапиради.

– Илонга нисбатан ҳеч қандай ҳаракат қилиш керакмас экан. Унинг тахминича, Сизнинг бошингизга бахт қўнармиш.

– Қанақа бахт!

– Билмасам.

– Аҳволим забун. Яқиндагина қайғу босган одамни бахт қуршаб оларканми? Бу қизиқ! Жуда қизиқ! Сиз яхшилаб сўраб кўринг-чи! Адашмаяптими?

Жувон амакисига яна мурожаат қилди. Али айтган сўзларини тасдиқлади, шекилли, Сулачи, хотиржам жавоб қилди.

– Адашмаётганмиш!

Мен шундай ҳолатда эдимки, улар қолиб, тибетлик бош коҳин Ламо ҳаётим ҳақида фол очса ҳам ишонмаган бўлардим. Шунинг учун Алини менсимай тўнғилладим:

– Амакингиз ким ўзи? Нима, башоратчилик қўлидан келадими?

Сулачи ҳайронлигини яширмай, бу осон, халқда шундай гап бор. Илонлар маликаси жой танлаган ҳовлига бахт киради, деган нақл бор, ишонинг, деди.

– Мени мол-дунё қизиқтирмайди. Қанақа бахт, муҳаббатми?

Жувон Али билан гаплашиб: кутинг ва яқинда биларкансиз, деди.

Бу паллада улардан бошқа сўз олиб бўлмаслигини англаб, уларга индамай тикилдим. Иккаласи ҳам бошини туширганча, худди, оёғимдаги Цебо фирмаси ишлаб чиққан енгил сандалетга қарагандек туришарди.

Бир жамоа бўлиб яшай бошладик.

Сулачи ош-овқатни уч кишига режалаб пиширишини тайинладим. Лекин улар ўта камтовоқ. Иккиси мен еганчалик ҳам тамадди қилишмасди.

Орасида икки марта оқсоқол келиб кетди. Бир гал қуруқ келган бўлса, бир гал саҳарга яқин овга чиққандим деб ўнтача каклик кўтариб келибди. Анча ёйилиб ўтиришдик, қишлоқ аҳли турли эътиқодда бўлгани учун, оқсоқол мазмунан ҳеч бирини хафа қилмайдиган киришимли бошлиқдек кўринди ўша дамда. Чунки, дастурхонга қўйилган вискидан ортиқча манзиратсиз бирга нўшишга киришди. Али эрталабдан маринадлаб кабобга тайёрлаб қўйган эчки гўштларини сихлай бошлади.

Сайкин Қалдирғочга тикилиб сўради:

– Сизга қайси жониворнинг гўшти маъқул: қўйми ёки эчкими?

Қалдирғоч, қўй гўшти демоқчи эдию, сўнгги дамда, Сайкин бекорга бундай савол бермади, деган фикрда, у саволга савол бериш усулида жавоб қилди.

– Ўйлаб кўрмаган эдим. Сизга эчки гўшти ёқса керак, шундайми?

– Ҳа-да! Фараз қилинг! Тоғда яшайсиз! Ҳавоси беғубор. Ўт-ўланлари кўм-кўк. Пода босмаган дараю, ҳатто қияликлардаги чечаклар эчкининг емиши. У экологик энг тоза озуқа билан кун кўради. Тўғрими?

– Ҳа! Тўғри! Сулачи чўрингиз экан-да? Мен ўйлагандим…

− Нега энди. Унга исломий таомил ила уйландим. Ҳайронман, органдагилар рухсат беришди. Бу халқ ичида бўлиш, қўшилиб яшаш, ажабмас, улар ишончини қозониб, яна яқинлашишга ёрдам берса. Қаршилигимиз йўқ дейишди.

Воқеа эса қуйидагича кечганди.

Баҳаво жой, ижара уйи катта, бир ён тоғлар салобати, бир ён водий кенглиги ўз маҳобати билан ютиб юборай дейди. Иккита, бир-биридан мискин хизматчиларни кундузи чироқ ёқиб топилмайдиган даражада маъқул, Кашмир одамлари меҳрли, оқибатли, ҳамма-ҳаммаси туфайли кўнглимга хотиржамлик кирди. Ҳовлига мольбертни ёйиб, расм чизишни бошладим. Дарров тепамга Али келиб туриб олди. Тоғ чечаклари сариқ, қизил, сиёҳранглиларини, бўтакўзни қўшиб чизишга бошладим. Тоғнинг фони узоқда, расмнинг олд қисмида бу чечаклар ажойиб чирой касб этарди. Мақсадим оддий табиат манзарасини чизиш эди. Бир-икки кун вақт сарфлаб жуда ҳам содда расм чизишни эпладим. Али кетма-кет келиб мақтаб бир нима деса, Сулачини чақирардим, таржима қилишини сўрардим. «Яхши, тасанно, наҳот хўжайин ўзингиз чиздингиз-а, қойил деяпти», дерди қиз. Хўш, сенгачи, чизганим маъқулми? – деб Сулачини гапга солардим. Елкасини қисиб қўйганча, табиатнинг ўзи гўзалку, чизишга не ҳожат деб қўярди. У менинг кун бўйи мўйқалам тутиб туришимга бошида қарши экан. Кейин билиб қолдим. Шу бетайин ишини ўрнига, овга бормайдими, қирғовул, каклик, ҳеч бўлмаса тирик балиқ тутиб келса бўлмайдими? – деб Алига зорланаркан.

Бундай эътиборсизликдан зерика бошладим, Алини олиб, чор атрофни ўрганиш учун йўлга тушамиз деб турсак, оқсоқолни ўғли келиб, отаси кийик овига бирга боришга таклиф этганини билдирди. Мен милтиғим йўқлигини айтдим. Оқсоқол ўғли бир нималар деди.

− Уларда милтиқ сероб, Сизга топиларкан, − деди Сулачи. У бизга таржимонлик қиларди.

Оқсоқол нима учун мен билан яқинлашгиси келаётганини тагига етмасам-да, унинг бу ва кейинги таклифларини рад қилмай овга, бошқа маросим ёки тадбирларга боришни ҳам унутмадим. Ўша овдан менинг улушим деб гўштдан ташқари, кийик шохини олиб келиб, айвонга мих қоқиб осдим. Ўзимни ишимдан ғурурланиб Алига, кейин Сулачига қарадим, иккиси ҳам бошини қуйи тушириб, индамасди. Орадан кунлар ўтди. Кайфиятим ёмонмас, ҳар ўтган-кетганда ўзим отган кийик бошига қараб қўяман. У менга тобе, мағлуб бўлиб, кўзлари ярим юмуқ қараб тургандек эди. Шох осилган жойнинг остида столда доимо овқат ейишга йиғилардик, Сулачи неча бор чақирганимдан кейин зўрға стол четига ўтириб, шунда ҳам кўзини ердан кўтармай таомланадиган бўлди. Тез ейдию, қиладиган ишларим кўп деб ўрнидан туриб кетади. Навбатдаги тушликдан кейин у ўрнидан туриб кетдиям, Алини суҳбатга тортдим.

− Унга нима бўлаяпти Али, тўғрисини айт? Мен хўжайинингман. Ҳаммасини билишим керак.

Овозим таҳдидли чиқди шекилли, у қўрқиб кетди. Елкасини қисди. Ҳайрон менга қараб, ўз тилида бир нима деди. Шундагина унинг тил билмаслиги ёдимга келди. Шунда ҳам синаб кўриш учун унга яна гап қотдим:

– Жавоб бермасанг, мендан бир цент ҳам ололмайсан. Қилган хизматингга пул бермайман.

– Ундай қилманг хўжайин, ҳаммасини айтаман, − деди у бошини эгиб.

Мен қотиб қолган эдим. Оқсоқол, Али бунчалар муттаҳам бўлишмаса. Нима учун тил билишини яширди. Лекин сир бой бермадим. Ҳали мавриди келса, қаттиқроқ исканжага олиб, нега тил билганини бекитганини билиб оларман, деб ўйладим.

Мен аввалги саволимни қайтардим.

Али: билмасам, деб жавоб қилди.

− Али, ишдан ҳайдашимни истаяпсанми?

− Йўқ!

− Бўлмаса, гапир!

− Сулачини кийикларга меҳри баланд.

− Нима?

− Ота-она, аждодлари ўрнида билади.

− Ия?

− Кўрмадингизми, олиб келган гўштингиздан, ҳатто бир луқма ютмади.

− Шунақами?

Мен ўйлаб, анча ўтириб қолдим. Алини қўлига бир доллар тутгандим, боши ерга теккунча қуллуқ қилиб ётиб олди. Мен эса, Сулачини ўйлардим. Бирорта сўз айтмай норозилик қилишнинг таъсирини қаранг, бу иши учун на койиш мумкин, на қаттиқ гапира оласан, ҳатто бир қаршилик ўринсиз.

Яқинда сотиб олган отимга миндим. Юганини ушлаб турган Алига эса: келгунимча, анаву кийик шохини йўқот, деб буюрдим. Шундай деб ҳовлидан учиб чиқдим. Отни йўрғалатиб, қия йўл билан қишлоқ марказига тушдим. Не мақсадда бу ёққа йўл олганимни билмасдим, фақат катта дўконлари сероб кўча рўпарўсидан чиққанда миямга ярқ этиб бир фикр келди. Сулачига совға оламан.

Чиройли сарини ёқтирмайдиган кашмирлик топилмайди. Лекин мен уни осиёлилигини таъкидлагунча, замонавий қилганим бўлсин деб, европада урф бўлган, ҳашамли маросимларда кийиши мумкин бўлган куйлак, шляпа ва пойафзал сотиб олдим.

Совғаларим хизматкорларимни роса ажаблантирди. Али кўз остидан жиянига қараб ўтираркан, домлани чақириб келайми? – деб сўради.

− Нима учун?

− Никоҳ ўқитиш учун? Қизил куйлак Сулачигами ахир, − деб сўради.

− Ҳа, − дедим мен Сулачининг кўзларидаги севинчни илғаб.

− Мен кетдим бўлмаса, аввал оқсоқолга хабар етказаман, кейин бошқаларга, қариндош-уруғ билиши зарур, − деб ўзига ўзи гапирган Али қўлига таёғини олиб, кучукни эргаштириб, пилдираб кетишидан, юрагим тошди. Қачон қайтиб келаркан, деган ўйда Сулачига қарагандим, у менга: тоққа боринг, айланинг хўжам, шаршарада отни ҳопиттириб келасиз? Қаранг, оғзидан кўпиги тошган. Жонивор кўпириб кетибди, деди.

Мен унга: Юр, Сулачи, сен ҳам бор, биз ҳам бирга чўмиламиз, деб андишасиз таклиф этгандим, у оғир қараш билан: кейин, ҳозирча ўзингиз боринг, одамлар йиғилмасидан, кўринмай туринг, деди.

Оқсоқол чаққон экан. Бирпасда дастурхон тузаттириб, қариндошлари, бола-чақаларигача ёнида, бир ёқда домла, ўйин-кулгуни ҳовлини чангитиб бошлаб юборибди. Бир-икки соатча ўтиб ҳамма тарқалгач, калима келтириб, никоҳ билан Сулачини менга топширишди. Қанақадир жуда тез бу воқеалар содир бўлганидан ҳатто ажабланиб гирён эдим. Уйланиб қўйиб хотинни нима қилишни билмаган овсардек, ёнимдаги собиқ чўримга ҳам аҳамият бермай ухлаб қолибман. Унга ўрганиб қолганим рост эди, лекин севиш ёки севмаслигимни билмас эдим. Қомати ё ўн уч, ё ўн тўрт ёшдаги қизчадек нозик эдики, унда аёлликдан ўзи нима бор эди, деб гоҳо ўйлаб қоламан.

Лекин шу увоқдек қадда шунча олов, ўт борлигини ҳечам хаёлимга келтирмаган эдим. Бу олов мени ёндириб кул қилди. Ё ажаб мен аёлларни биламан деб юрардим. Ҳечам билмас эканман. Ҳар бири чистон-а. Сир-синоат-а? Ё Оллоҳ, бундай ишқдан кейин уйинг ни топа олмайсан, фикринг тўпланмай, хаёл осмонида руҳинг кўкка парвоз қилгандек юзади.

Аслида нимаси бор? Бир жуфт ғамгинлик тўла кўзларининг туби шунчалик чуқурки, боққанинг сари ичига ютиб, тамоман тутқун қилади. Ўша кўзларга тикиласану, бағирга олганинг сари асрлондек ўкиргинг, филдек наъра тортгинг, айғирдек пишқиргинг келади. Ё раб, муҳаббат – бунчалар ғайритабиий.

Кейин мен унинг расмини чизишим зўр иш бўлди. Уни кўндириш мушкулмас, чизган чизиғимдан чиқмас эди. Натурачи аёлинг бўлса, исталган ҳолатда, позасини ўзгартириб, ёнбошлатиб расмини қоғозга туширишга шошиласан. Тезроқ чизмасам бўлмасди. Али хабар топса, ҳамма нарсадан айрилишим мумкинлигини билардик. Аммо, ўша дамда иккимиз ҳам ишқдан, севгидан кўзимиз кўр, қулоқларимиз кар вақти эди.

Али иймони мустаҳкамлигини намоён этиб, Сулачининг расмини чизишимни оқсоқолга етказиши мумкин эди, лекин у жиянини жуда яхши кўрар, унинг бахтидан, мазмунан, баробар шод эди, шекилли, у бизларни сотмади.

Расмни бир амаллаб тугатишга улгурдим ва уни яшириб, бегона кўзга кўрсатмадим, дипмиссия самолётида Россияга, уйимга олиб келиб, сақлаяпман. Расм Сулачидан хотира, деб Сайкин ўз ҳикоясини мухтасар қилди.

Қалдирғоч, бу озғин, кўримсизроқ кўринган одамда шунча дард, меҳр-муҳаббат борлигига иймон келтирганча, Сулачига нима бўлган, нега хотира деяпсиз деб сўраб ўтирмади. Пиёладаги совуқ чойни ичаркан, дам-бадам унга қараб қўяр, Сайкин эса сўл тарафда булутлар орасидан илғанаётган тоғларга қараб, ҳа, воқеалар шундай тоғлар бағрида бўлган эди, деганча айтган ҳикоясини тасдиқлаб, уларни кўрсатарди.

Бир зум сўзсиз ўтиришди, сўнг Қалдирғоч қисқа йўталиб қўйди.

Сайкин тушунди.

– Балки йўлга тушармиз. Вақт ҳам шомга яқинлашди, − деди у.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации