Электронная библиотека » Абдужаббор Обидов » » онлайн чтение - страница 22


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 04:20


Автор книги: Абдужаббор Обидов


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 22 (всего у книги 34 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Шунда мисс керакмас қалтис авантюрани бошлайди. Атрофдагилардан битта тилла танга сўраб олади ва болалар кўзи олдида ўйната бошлайди. Капитан, ёши катта йўловчилар, бу ҳолатда ҳатто касал мушукни қурбонликка ташламаган бўлардим, тангани сувга отиб, болани тўғри қарор чиқаришига имкон қолдирмайсиз? Бу жуда қалтис ўйин, акулага ем бўлмасин тағин, деб огоҳлантиришади. Мисс унинг ҳажрида мубтало бўлиб қолган Томга: пул ташласам, сизчи, сиз ўзингизни сувга отган бўлармидингиз, деб синовчан савол беради.

– Ҳеч қандай бойлик бу шароитда сувга ўзимни ташлашга мажбур қилмайди, − деб жавоб беради Деннитсон.

– Мен учунчи?

– Фақат сизни қутқазиш зарурати бўлсагина, ўзимни сувга отардим, − деб жавоб қилади Деннитсон.

Мисс керакли, ўзига ёқадиган жавобни эшитди. Энди тинчланса бўларди. Лекин, унинг ноз-ишва қилиш каби аёлликнинг ўзига тортадиган хислатлари билан бирга, инжиқлик, бор эътибор менга бўлиши лозим, деган қизғанчиқликлар каби, эркакларни бездирадиган сифатлари ҳам йўқ эмасдики, у қўлидаги тангани болакай кўрадиган даражада офтобда ярақлатиб, унга кўз-кўз қилишни оширди. Кемадагилар аҳ деб юборганда, танга ҳавода бир неча бор ялтиллаб, айланганча сувга кириши билан, болакай сакраб уни тутиб олди ҳисоб ҳам, аммо яқиндаги акуладан қочишга улгурмайди. Йиртқич уни иккига бўлиб ташлайди.

Мисс ўшандагина ақлсизлик, аҳмоқлик қилганини рўй-рост англаб, ўзини тамоман йўқотиб, тили ғудранади. Мен бундай бўлишини билмовдим, нега сакрайди, дея олади. Атрофдагиларга қарайди, улар бир сўз демай, ундан юз ўгиришади.

– Том, мени каютамга кузатиб қўйинг − деб, севган йигитига мурожаат қилади.

Деннитсон бир қадам ҳам жилмай, ҳатто у томонга қарашдан бош тортади.

Ҳикоя мазмуни тахминан шу.

– Ажаб ҳикоя экан. Бир зумда йўқотилган эътибор ва муҳаббат, чиндан оддий бир воқеа билан муаллиф мақсадига эришибди: бу қиз тўнғиз деганларича бор ва вампирдан ҳам даҳшатли.

Бурхон, ёнида Инна қолиб, ниманидир ўйлаб Қалдирғочга, доно юртдошига ғурур билан қараб, кўнглида виқор туйди.

Қалдирғоч ўрнидан туриб, Хорхинага мурожаат қилди:

– Рухсатингиз билан мен очиқ ҳавода бироз айлансам.

− Марҳамат! Бора қолинг хоним пошшо! Никита сизга ҳамроҳлик қилади.

Уларга бошқа икки ёш ҳам қўшилиб, гурунглашиб, кўл томонга йўл олишди.

Даврада хушчақчақлик кайфияти давом этаркан, тўрдаги аёл гап ташлади:

− Бу аёл қанчалик замонавийман демасин, оёқларига кишан солинган. Фикри-зикри уйида. Қандайдир асиралик унсурларини сезяпман. Улар бахти худди ҳинду аёлларининг эрига сўзсиз тобелиги каби нисбий.

Евдокия бир нима дейишга тилини тишлаб, Лилияга қаради. Синглиси дангалчилигини тасдиқлаб, тўрдаги аёлга қаҳрини сочди.

− Клавдия, қайси замонларда яшаяпмиз. Ўзингни шу аёллар ўрнига қўйиб кўр-да, кейин гапир. Шарқлик дегани бу тамға эмаску, ер шарида бани одамзот бахтли, эркин яшашга ҳақли.

− Мен нима дедим? Баъзи қолоқ тушунчалилар фарзандларини бахтини ўйламай қадамини қирқиши тўғримас, муаммо ўшанда, холос. Ё бу гапимдан хоним хафа бўлдиларми?

− У шарқ тарбиясини ўзида яхши сингдирган. Даврадагиларга кайфиятим ўтмасин деб, сир бой бермади. Тушундингми?

− Узр, қарияпмиз, шекилли.

− Ўзи сенда кўролмаслик касали қўзиб туради.

− Бўлса бордир. Нима учун даврадаги бор эътибор шарқдан чиққанга бўлиши керак. Ғашим келди, тўғриси.

− Яна ғаддорлигингни тан олишдан уялмайсан ҳам.

− Бўлганим шу. Мени гўр тузатмаса, гапларинг бефойда.

Улар ҳо-ҳолаб кулиб, гиналарни унутишди. Альберт ҳаммага мусаллас қуйганди, чўқиштириб ичишди.

Бу вақт ёшлар анча нарида, кўл томонга борадиган йўлда эдилар. Бурхон сувга сакрашган тепаликни ўз кўзи билан кўрмоқчи эканлигини айтди. Никита миқ этмай борар, ҳатто ёнидаги аёлларга қарашга ҳам тортинармиди ёки тарбияси қўймасмиди, ҳамроҳлари сўз қотмасалар, индамасди. У ўз ўйлари, хаёллари билан севадиган мажнунсифатлар тоифасидаги ошиқ ҳолатида эканлигини ҳамма фаҳмлар, лекин бир сўз демай, ораларида шундай романтикка мойил борлигидан хурсанд эдилар.

34. КЕЛИННИ БЕКИТГАН СИРИ БОР-ОВ

Уйда ойиси уни гапга солиб, аданг айтаяпти, сен унинг танишлари уйидан кўра, янги орттирган бир дугонанг уйида уч-тўрт кун бўлган эмишсан? – деди.

− Ойи, ёши катта одамларни безовта қилишим ўзимга ёқмади. Бу дугона эса, оёғим остидан чиқиб қолди. Поездда танишгандим. Ёлғиз ўзи туради. Турмуш кўрмаган, бирам тарбияли, андиша бобида бизларни орқада қолдириши мумкин!

− Йўғ-эй, ўзбек аёлидек андишали, ҳаёлиси дунёда топилмаса керак!

− Ишонинг, у ҳам қолишмайди. Бир кун меҳмонга келади, кўрасиз.

− Майли, бош устига.

Қайнанаси эса ғамза билан кутиб олди.

− Дам олиш уйида нима ишлар қилиб юрибсиз?

− Ҳеч нарса.

− Бўлмаса, Москвага нега бордингиз! Акобир билан чўқилашиб олибсиз! Янгилик-ку!

Қалдирғоч ҳайрон бўлди. Демак, эри бир нима деган. Йўқ, унга бу керакмас, бўлмаса гап чувайди. Қайнанам нишонга олаяпти, бир чилдирмасига ўйнаб, мос жавоб берайки, ўзининг боши айлансин.

− Ўзлари бўлган-бўлмаганга кўпчилик олдида зуғум қилмасинлар эди. Кавказликлар хотинини бошида олиб юради, бизникилар бундай ҳурмат қилишни ўзларига эп кўрмай, оёқ ости қилишни хуш кўришади.

Қайнанаси қилт этиб ютинди-да, қистовини оширди.

− Нима деди сизга?

− Ўғлингиздан сўранг!

− Қовоғи осиқ, келинингиз адасининг танишлари уйига, Москвага кетди. Кавказдаги дам олишимни буздингиз, қизғанишларингиз суягимдан ўтди деб, совуқ хайрлашиб, у ёққа жўнаб қолди. Тайинли ҳеч нима демади. Бори шу.

Қалдирғоч ичида: «Тузук, гапни чуватмабди. Бир тарафи эримнинг ҳақиқий эрлиги ҳам бор. Майда-чуйда гап ташиб юрмайди», деб ўйлаб, қайнанасига зимдан қаради. Демак, у Қуддус билан боғлиқ воқеалардан бехабар. Шуниси ҳам маъқул. Қайнанам қариб қолди, юраги унча-мунча гапни кўтара олмайди, балки шуни Акобир ака ҳисобга олиб хаспўшлаган, деган тўхтамга келди.

Аммо, Қалдирғоч эрига бир оз меҳрини ҳадя этишни ҳам раво кўрмади. Ўзи шунақа, бирор вақт узилиш бўлса, эр-хотин бир-бирининг дийдорига тўймайди. Янга бу вазиятни кўз олдига келтираркан, рафиқалик таомилини адо этиш баробарида, ўйлари ошиқлик мақомида бошқа бировни бот-бот хаёлига солаётганидан ўзини койир, ўз эрини яқинига йўлатмасликни хиёнат билар, бироқ бундан заррача надомат чекмасди. Хонада ёлғиз яшашдан эркин, эрка ва тантиқ хонимга айланиб борар, ҳеч кимга муте эмаслиги кўнглида ғурур, ўз-ўзига ишонч ва оқбилак хонзодалар каби ўзини тутишга йўл бергандек эди. Натижада эри қолиб, қайнанаси билан ҳам кам сўзлашар, унга қўлидаги катта ёшли ходимига ҳурматини намойиш этгандек муомала қиларди.Чунки, қайнанаси Қалдирғочнинг биттаю битта ўғлига бош-қош. Ялиниб яшамаса бўлмайди.

Акобир пичоқвозлик қилгани, бекордан-бекорга, беайб бир кишини яралаганини хотини унга таъна қилмадию, лекин рўйхушлик бермаслиги сабаби шунда деб биларди. Ва Қалдирғочнинг бу қарорига ортиқча низосиз, миқ демай, бор аламини ишдан оларди. Чунки ойисининг қистовларига гап тополмай, охири хотинини кўргани борганини айтиб қўйганди.

Курраи замин ўз ўқи атрофида тезоб айланиб, вақт жуда шитоб билан ўтиб борар, шунинг баробарида эътибор танқислиги, ўғлига бўлган муҳаббатини тўлиқ намоён эта олмаётгандек эди.

Доимо қайнанаси йўриғидан чиқмайдиган, ҳатто бирга, бир хонада ухлаши, катта бўлиб қолган болажонини ундан айириб қўйишгану, эр-хотиннинг ишга вақтли кетиб кеч келишларидан, бу ойиси ўз фойдасига фойдаланиб, фарзандини у қолиб ўзига оғдириб олгандек туюларди.

Лекин бу тўғрида гап чиқазмай, хаёлан бор фикри-зикри шу тойчоғида эканлигини фаҳмлар, Акобир акасини шунақа дамларда бадтар ёмон кўриб кетар: нега ўзимизнинг фарзандимизни ато эта олмадингиз? – деб куйинарди.

35. АКОБИРГА НИМА БЎЛДИ?

Бу йил об-ҳаво яхши келди. Мезон тугаб, Ақраб кирса-да ҳали кун иссиқ, тунлар салқин тушиб, пахта чарсиллаб очилар, бу деҳқон истаган энг маъқул иқлим. Ёмғир ҳам шаррос қуймай, ора-чора бироз шивалаб ўтарди. Акобир пахта даласидан чиқмади ҳисоб, ўшанга уларнинг совхози биринчилардан режани бажариш арафасида. Аммо, у даладан бу далада юравериб, соғлиғини олдириб қўйди. Кундузи пахта майдонларида, бир участкадан бошқасига югургани югурган, бир ғўза барги тўкилдими, бир бутифос сепилдими, бир нега аэроплан одамлар яшайдиган уйлар тепасидан ўтади, улар томорқаларига ҳам дори сепади деб куйинган, кечаси пахта тозалаш заводида гоҳида то тонггача терим натижаларини билади, йиғилган кундалик прицеп-прицеп ҳосилни топширишни шахсан назорат қилади, орасида туманга бориб ҳисобот бериш ҳам ҳар кунги режасига киради. У шунақа ўзини халқ манфаатларига бағишлаган, масъулиятли, фидойи раҳбар даражасига етганди. Туман фахрлилар тахтаси-да унинг расми осиғлиқ турар, мажлис, йиғилишларда унинг жамоа хўжалиги намуна сифатида келтирилар, кўрсаткичлари вилоят рўзномаларида доимо мақталиб бериларди. Ўшанга яраша ишларди-да ахир. Натижада бир машинасида, бир шийпонда, гоҳида пахта уюлган хирмонга фартук ёзиб ухлаб қолиши ҳеч гап эмасди.

Бир куни келишилган еттинчи участка қолиб, авиадиспетчернинг адашиши сабаб тўртинчига бутифос сепилганда, у теримга тушилмаган пахта майдонининг четида уйқуга кетганди. Кечаси билан пахта заводида, ундан эрталаб тумандаги йиғилишда қатнашиб, уйқуси қаттиқлигидан самолёт шовқинини эшитмади ҳам. Шофери уйига келиннинг тўлғоғи сабаб чақиртирилган, Акобир унинг кетишига жавоб берганди.

Акобир туман марказидаги касалхонага ётқизилди. Бирпасда унинг тепасида тумонат одам. Ҳатто биринчи ҳам бор ишини ташлаб, касаллар қабулхонаси йўлагида. Чунки ҳамма ёққа гап тарқалиб, вилоятдан унга қўнғироқ бўлган, «пахта майдонида доридан заҳарланган», деган гап чиқмаслиги керак, деган топшириқ ҳам олган эди. Ёнида пиқиллаб Қалдирғоч кўз ёш тўкар, ич-ичдан ўзини еб, айб менда, эримга бепарво бўлдим, деб ўзини койирди. Ички ишлар туман раҳбари, прокурори ва яна бир неча масъуллар, нарироқда. Бош врач чиқиб, атрофдагиларни кўраркан, ўзи ҳам шошиб қолди. Энди прокурорлар тарафга юрмоқчи эди, биринчига кўзи тушиб, узр деганча у тарафга йўналди. Ўз хонасига таклиф этиб, эшикни очди. Ичкарида унча гап-сўз бўлмади, биринчи чиқа солиб, ташқарига йўл оларкан, Қалдирғочга яқинлаб, қисқа гап айтди: илтимос, ўзингизни йўқотманг. Бир нима бўлса, йиғи-сиғи қилиб айюҳаннос солманглар. Сиз тушунган кадрсиз.

Акобир дориланган далада ухлашидан нафас йўли заҳарланган, кўкси бўғилиб, юрак уриши сустлашган, шифокорлар унинг тўхтаб қолишидан чўчиб, қонни тезлик билан ювишга киришишган бўлишса ҳам, Қалдирғоч эрининг ўзига келмасидан қаттиқ хавотирда, тилдан қолгандек маҳзун эди.

Бронхоспазмдан нафас олиш йўллари бўғилган, доимий терлаш, кўзларини асабий учиши – булар бари бутифосдан қаттиқ заҳарланиш оқибати касалда аниқ шаклланиб, унинг аҳволи оғирлигидан дарак берарди. Биринчи бутифоснинг зарари ҳақида кўп нарса биларди. Лекин у ҳозир бу нарсаларни айтмасидан шифокор йилига ўттиз беш-қирқ минг одам бундай дефолантлар ишлатиладиган майдонларда дунё бўйича ҳалок бўларкан, деди. Биринчининг эса хаёлидан бошқа гаплар ўтди.

У қайсидир мажлисда, қисқа даврада фақат катталарга келтирилган маълумот эди. Дефолянтларнинг бир тури «Agent Orange» (оранж ёмғири) ҳосилдор ерларни ўлик зоналарга айлантирувчи ҳалокат орқасидан въетнамликлар ҳафталаб америка бомбардимонларидан қочиб, ёпиқ жойларда бекиниб ётишган. Улар чиққанларида эса дарахтлар япроқларсиз шир яланғоч тусга кирган. Дефолант ва бошқа пестицидлар – булар заҳар. Катта ҳудудларга пуркаб сепилганда, ўсимлик қолиб, улар одамларга ҳам етиб боради ва инсоният генофондига зарарли таъсир ўтказади. Неча ўн йилликлар ўтса-да ҳалигача Вьетнамда болалар туғма носоғлом, турли ақлий ва жисмоний камчиликлар билан дунёга келади. Айниқса, Меконг дарёси воҳасидаги узоқ қишлоқларда ногиронлар жуда кўп. Ва бу давлат АҚШ ва Вьетнам уруши давомида тўрт миллион қурбонга эга бўлса, шундан уч миллиони оранж ёмғиридан жабр кўрган.

Бутифос сепилган майдонга ўн кунгача кириб бўлмайди. Аммо ким шунча муддатга қўйиб беради. Ҳамма жойдан режани топшир, одамларни майдонларга ҳайда. Ўзимизда ҳам қанча одам ногирон бўлиб кетади. Жигари ишдан чиқади. Нафаси бўғилиб, астматиклар кўпайяпти. Лекин давлатга план бўлмаса одаммассан. Авиаторларнинг хатоси қимматга тушди. Гарчи Акобирнинг чарчагани, майдоннинг ўзида ухлаб қолиши, бу биринчи марта эмас, у фидойи, ҳақиқий фирқавий раҳбар, бошқаларга меҳнаткашлиги билан намуна, вилоят каттаси боя эрталабки суҳбатда: «Яна бир нима бўлса, «Олтин юлдуз»га таклиф беринг», деди. Иттифоқ ўтказармикин, деган ўйда эди Миндибаев.

Икки кун ҳам ўтмай, Тошкентдаги ҳукумат касалхонасига ётқизилди. Луначарское шоссе деб аталадиган кўчанинг ўнг тарафида жойлашган 1-сонли халққа катта хизмат кўрсатган ёки ҳукумат одамларига мўлжалланган касалхона. Қалдирғоч эрининг тепасида, бирга бўлди. Алоҳида кравотдамас, стулда ўтирган жойида ухлаб тонг орттирарди. Ёки битта-яримта лаборатория, изоляторга мўлжалланган хонани ҳамширалар, хизматчилар раҳимлари келиб очиб беришса, тунда ўша ерга кириб, бир-икки соат оёқ узатиб ухлаб олди.

Акобирнинг аҳволи бирдек ёмон деган диагнозда. Нима қилиш керак? У эс-ҳушига заҳарли дефолянтни таъсири ўтиб, кўзини ора-чора очиб кишига тикилиб қолса-да, ҳеч кимни танимас, баданининг очиқ ерларини ҳам кимёвий восита куйдириб, юзи-бўйни, панжаларини яра қилган, кунига икки марта махсус суюқликда ювилиб, маз сурилади. Венага қон тозаловчи гемодезлар осилар, Қалдирғоч унинг тепасида суюқ дори оқиб тушгунча ўтирар, кипригини ҳам қимирлатмай кўкка қараб ётган эрига бир нималар дегиси келардию, дам-бадам хабар олаётган ҳамшира овозини эшитишини ҳам истамай, миқ этмас, аммо кўзидан қайғу ёшлари думаларди. Айб менда, сизни ситамларга солиб қўйдим, Сиз аламингизни мендан эмас ишдан олиб, чарчаганда юмшоқ тўшак қолиб идорада, шийпон ёки далаларда, кўча-куйда машинада ухлаб келдингиз. Мени қандайдир янгиликни, ҳаётда бошқа мартабаларни истаган енгилтакни кечиринг, деб куюнарди.

Шифокорлар, ҳамширалар жуда муомалали. Тумандан борганлар ҳам сезишибди. Бақириқ-чақириқ йўқ, ҳамма ўз ишини билиб-билиб қилади. Барча ер: хоналар, йўлаклар озода, ортиқча одам, бола-чақанинг қийқириғи, шанғиллаган, норози бўлиб овоз кўтарган бемор топилмайди. Керак бўлса, ҳар қаватга ҳам лифтда кўтарилиш мумкин. Фойелари кенг. Ҳар бир бемор учун алоҳида хонада санузел. Стол-стул. Кенг каравот.

Гулсина уни топиб келди. Қучоқлаб кўришиб олишгач, ёнига чўкдию, совуқ хабар айтди: бу заҳарланишдан кейин, эс-ҳушни бутунлай тиклаш мумкин эмас. Энди нима қиласан, у абгор бўлиб қолса? Умринг касал боқиш билан ўтадими, дугонажон?

Шундай деб, у Қалдирғочни қучиб йиғлашга тушди.

Бу совуқ гапга аввалига хафа бўлган янга, кейин унинг астойдил куюниб йиғлашидан кўнгли эриб, баробар қучаркан: бошга тушганни кўз кўради, ўйнаб-кулишларим худога хуш келмади, деди.

– Нима ўйнаб кулибсан?! Ундай дема, Гуру! Сенинг севгингга ҳасад қилган эдим, айб менда. Кўз тегди.

– Йўқ нарсага кўз тегармиди? Ҳатто, хўрозқандни шимгандек мазасини татимаган бўлсам. Ўлай агар, алам қиларкан.

Икки дугона бир-бирига маҳзун боққанча қолдилар.

Яна бир ҳафта ўтмай, заҳарланган раисни тумандаги касалхонага кўчиришди.

Кампир қўймади: ўлса ҳам олдимда ўлсин. Она бўлиб бир томчи сув томизишга ярамасам, армонда қоламан, деб биринчини олдига кира берди.

− У ерга ётқазишни ўзи бўлмаган. Шифокорлари жуда тажрибали, донгдор касалхона. Марказий комитет назоратида, исталган дори топилади, ҳамшираларини айтмайсизми, бири-биридан малакали, венага бир галда тушади, − деган важлари ҳам ўтмади.

Акобир оёққа турган бўлса-да, эси чиндан ўзига келмаганидан, республикани катта профессорлари майли, яқин қариндошлари қошида бўлсин, кўпроқ суҳбат қуриб туришса, доимо назоратдалиги, оилавий суҳбатлар хотирасини тиклар, деб рухсат беришганди.

Кампир, набираси, келини – ҳаммаси бир машинада туман марказига келиш ҳар кунги одатга айланиб қолди. Уйдаги сигир-бузоққа қарашни қўшнилари бўйнига олди. Қўяверинг, опоқи, ўзим қараб тураман, иккитаси нима, тўрттаси нима, менга қийинмас?! Келин шундоқ дедику, аммо роса чарчарди, лекин миқ этмас, буни Қалдирғоч сезар, шу сигир-бузоқларни сотиш пайти келди, юракка қил сиғмаяпти, ойи дейишга тили бормасди. Кампир унинг дилидан ўтаётган гапни сезгандек, қўшни келинга оғирлигимиз тушди, майли, яхшилигини бир кун тўй-ҳашамида катта қилиб қайтарармиз, деб бу тўғрида келинига оғиз очишга қўймасди.

Шифокор кампирга: «Йиғи-сиғи қилманг, яхши гаплардан, ўғлингизни болаликдаги шўхликлари, қариндошлар даврасида, ўртоқлари билан ўтказган дамлари, мактаб, институтга кирган паллаларидан кўтаринкилик, тўй, келин олиб беришдаги хурсандчиликлардан гапириб гапга солинг, зора эсласа», – деди.

Кампир шундай қилди. Уч-тўрт кун анча нарсалар ҳақида сўзлаб, ўғлини суҳбатга тортди. Аммо у миқ этмасди. Бир куни жиғибийрон бўлиб, мактабга чиққанида онасидан қолган думалоқ ёстиқни бузиб, авраси мошранг духобадан китоб, дафтар соладиган халта тикиб берганини қайтарар, Акобир қизил эдими, эсимда йўқ деркан, кампир, нега эсинг пастми? Нега эслай олмайсан болам? Мошранг эди, онамдан қолган, деганча куюнчаклик қилишига, овозини эшитиб шифокор кирди ва унга танбеҳ берди.

− Эна, бунақада билган нарсасини ҳам ёдидан кўтариб, сўзингизни эшитишни ҳам истамайдиган бўлиб қолади. Қаттиқ-қаттиқ сўзламанг, койиманг! Бу жараён узоқ давом этади. Оллоҳ сабр берсин!

– Қанча узоқ? Бир ойми?

– Балки бир ой? Балки уч ой? Балки ундан ҳам кўп.

– Вой-бўй! Бизни худо урибди.

– Эна!

– Вой-дод! Худога нима ёмонлик қилгандим! Нега ўғлимни мендан тирик етим айиради.

– Эна! Сизга айтяпман. Бунақа томоша кўрсатманг! Ўғлингиз сизни ёқтирмай қўяди. Ҳозир у учун сиз ҳеч кимсиз?

– Нима?

– Ҳа! Билиб қўйинг! Ҳеч кимсиз! Агар меҳрингизни қайта намоён этиб ўзингизга оғдириб олсангиз, оғдирганингиз. Йўқса, у сиздан ҳозир безиб қолса, кейинчалик меҳрини ийдириш қийин.

– Вой! Ўлмасам!

– Бор гап шу. Ҳаракатингизни билиб қилинг!

Акобир онасини ажин босган юзларидан кўра, уни маъюс ва сокин гапга тутадиган Қалдирғочга тамом боғланиб қолди. Кампир минг бор болам, болам дейишидан, мен сени туғдим, катта қилдим, деган иддаолари охири таъсир этиб, ойижон дейишни тилга ола бошлади, лекин у касаллик сабаб фақат илтимосли, чиройли гапларни қулига айланган, ким яхши гапирса, ўшанга эргашадиган жонзотдек эди. Унга болалиги, ёшлиги эслатила бергач, анча нарсалар хотирасига қайтди. Унинг эси жойига келаётганини Қалдирғоч Гулсинага билдирганди, дугонаси уни бир хавфдан огоҳ қилиб, ёмон тахмин қилди.

− Сени Қуддус билан дўстлашганинг, унга хайрихоҳлигинг эсига келиб, жинини биров қўзитса, кечқурун ётганингда бир нима қилиб қўйса нима бўлади? Жинни, эси пастлардан эса ҳар нарса кутиш мумкин. Сен унга ёлтоқланиб гапирма, токи айби бор, ўшанга менга ялиняпти, деб ўйламасин.

Қалдирғоч хаёлга ботди.

– Бу нарса чиндан қўлидан келармикин?

– Нимага ишонмаяпсан? Қўшни туманда хотинини сал шўхлигига индамай юрган мижғов эри, тўйдан кеч қайтганида, пайт пойлаб, ошпичоқда чопиб ташлаган.

– Гулсина, ростданми?

– Рост! Сен яхшиси эрингни топшириб юбор!

– Қаёққа?

– Психболницага!

– Йўғ-эй!

– Хўп дегин. Бошқа яхши фикр бошга келмаяпти. Айб ўзида, ким унга пахтазорда ухласин дебди.

– У бечора шуни хоҳлабдими, туну кун югургани-югурган, кўп ишларди, чарчаб ухлаб қолган-да?!

– Ҳаммага маъқули шу, яна ўйлаб кўр!

– Қайнанам рози бўлмайди, кейин бу фикр мендан чиқса бошим балога қолади.

– Истасанг бош шифокорни ишга соламан. У менинг яхши танишим.

– Йўқ, йўқ, керакмас. Вақт ўзи ҳар нарсани жой-жойига қўяди.

– Бўлмаган гап. Сендан ҳаракат, мендан баракат! Мана ҳаётдаги тўғри шиор.

36. ҚАСД ҚИЛГАН ТОПИЛДИМИ?

Акобирни уйга олиб кетишди. У ҳеч кимга озори тегмай юрар, бузоққа, сигирларга ем бериш, тагини тозалаш, ўтлатиб келиш каби ишларни жон деб бажарар, эрталаб ўзи сут соғиб, бидонларга билиб-билиб тўлатиб қўярди. Бу ишларни қачон ўрганганига ҳамма ҳайрон. Фақат ҳовлидаги ишлар, йиғиштириш, ариқ, зовурларни тозалаш, йўлкаларга ётқазилган ғиштларни синган, кўчганларини алмаштириш, ҳовлидаги ошхона, молхона, ҳужра ва бошқаларни: деворларни оқлаш, кўчатларга қараш, кесиш ишларига уқувсизлик қилар, Қалдирғоч кўрсатса ҳам, ҳафсаласизлик билан ўрганишни истамасди. Касалхонадан келган куни унга ўғлининг ёнидан жой қилиб беришган.

Кампир: ҳай, келин, уйингизга кирсин, деганча неча жаврагани қолди, ҳамроҳи бўлиб келган Гулсина: вақт кўрсатади, шошманг онахон, икки ойдан бери ўғлингиз касал, хотинини ҳам зўрға таниса, яна кутилмаган зўравонлик қилиб юрмасин, Қалдирғочни диди нозик, деб ҳимоялаганди.

Шу бўйича яна бир ой ўтди, ота-бола чиқишиб қолишди. Доим бўш вақтлари бирга ўтказиш тугул, дарс тайёрлашда ҳам Акобир ўғли ёнида ўтирарди. Унинг ақли еттинчи синф китобидаги машқларга ҳам унча ўтмас, математикадан иқтидори етмасди. Ўғли тушунтирган материаллар бирпасда ёдидан кўтариларкан, кампир йиғлаб, бу болам нуқул бешга ўқиганди, деб ҳиқилларди. Аммо, тўп тепиш, стол тенниси ўйнашда у ўғлига тенг рақибдошлик қилар, қилиқлари ҳам яшариб, қайта ўсмирлик ёшини бошидан ўтказарди, ҳисоб.

Яна озгина вақтдан кейин уни фермага молбоқарликка ишга олишди.

Биринчи: озгина ишлаб кўрсин, зора ўзига келса, ногиронликдан нафақага чиқаришга ҳар доим ҳам улгурамиз, дебди. Келини бу гапни қайнанасига айтганди, совхоз директори гўнг тозалаб юраркан-да, қандай кунларга қолдик, деб йиғлаб олган кампир хўмрайиб, розилик берди.

Акобир кундалик оғир ишларни индамай қилиши, қорни очса доимо сут-қатиқ ичиши ўз натижасини кўрсатиб, билак мускуллари қаттиқлашди, қорни йўқолиб, қомати ҳам таранглашди. Қирқ кун деганда шифокор кўригидан ўтса, ўпка-жигари тозалиги аниқланди. Тоза ҳаво, ўзи истаган меҳнат, жониворларга кўрсатаётган меҳри ўзида ҳам аксланганди. Чунки фермага кириши билан мўрайдиган ҳар бир қорамолнинг феълини яхши билиб қолган. Бири озода, хашакни бир чеккадан, ортиқча ёймасдан тутамлайди, унга мўлроқ ташласа бўлади, бири ола-шопур, хашакни тўзитиб юборади, уни бир гал ўрнига уч-тўрт марта оз-оздан хашаклайсан.

Бурнидан занжир ўтказилган иккита кўргазмаларга мўлжалланган буқалар етти юз килодан ортиқ тош босади. Шунчалик эринчоқки, олдига овқат ташласанг зўрға қимирлаб қўяди. “Мў” деб қўйиши ҳам аранг. Ёш буқачаларга етмайди. Улар жуда шўх, охурни бузишга, шаталоқ отиб югуришга ишқибоз…

Акобир шу ҳолига уларнинг феълини тушуниб қолган.

Фермадагилар бу индамас, камсуқум меҳнаткашни сезишибди. Сут соғувчилар кечалари билан навбатма-навбат келишади. Молбоқарларда ҳам шунақа тартиб. Акобирни тундаги сменаларда ишлаши кампирга маъқул келмасди. У яна ҳар турли гаплар қўзиганидан хабардор, ҳатто қўшни келин, опоқи эшитдингизми, ўғлингизни сут соғувчилар оталикка олишибдими, деб ҳингиллади. Вой, шўрим, деганча кампир пешанасига қўлини қўйди. Қалдирғоч ҳам бу гаплардан хабардордир, энди нима бўлади? – деб шумшайиб ўтириб қолди.

Бир гал ўша қўшнисининг эшак-аравасини ўзи ҳайдаб фермага борди. Бироз пусиб турди-да, вақтида босди.

Айтганларидек Верка деган соғувчи, ўғлини бошини айлантираётган экан. Сомонхонадан ушлаб олди.

– Келинингиз эътиборсиз. Билдим. Эрим йўқ, ёлғизман! Менга берсин Акобирни. Ўзим одам қилиб оламан, − деб Верка уялмай, намойишкорона кофтасининг тугмаларини тақа бошлади. Сўнг кўкраклари тагидан кўтариб, силкиб, сўзини давом этди: − қаранг, торсиллаб қўл меҳрига зор. Ўғлингиз кучли, бақувват …

– Бетинг қурсин! –деб қарғаб, кампир ўғлига юзланди: − хотининг бўлса, бу нимаси? Ҳангининг ҳиди маст қилдими ё?

Акобир жавоб бериш ўрнига, унга маъносиз қараб тураркан, индамасди. Шунда ҳам кампирнинг эсига докторни гапи келди: ўғлингиз шундай ҳолатдаки, ким унга яхши гапирса, бошини силаса, унга бор меҳрини беради, қаттиқ сўзласа, ўзини олиб қочади.

Кеча ойдин, лекин изғиринли эди.

Мияси бўлмаса, пичан ичида нима бор! Шунчалик томи кетганми! Ё этидан совуқ ўтмайдими? Онаси бошқа бирор сўз айтмай эшикка суяниб қолганча, ўғлига қараркан, тамоман бегонадек туюлди.

Жўраевга совхоз директори сифатида кўпчилик ачинишди, чакки бўпти, деганлар қанча бўлди, аммо тезда унутилди ҳам. Унинг ўрнига хотинини директор қилайлик деган таклифлар ҳам тушди. Борий ака бошини сарак-сарак қилиб: сен каби нозик аёлларга тўғри келмайди қизим, деб қайтарди. Қалдирғоч бошиданоқ бу таклифга унамаганди, биринчи қўймади: отангизни қошидан ўтинг деб. Жавобни ҳамма эшитгач, бошқалар томонидан, четдан ва чакка-чаккадан илғор совхоз раҳбарлиги учун кураш авж олиб кетди. Лекин бундан Борий ака хонадонида ҳеч ким куюнмасди. Фақат куёвларининг директорлиги бир йилдан зўрға ошганлиги, “ташаккур” пуллари қулоғини ушлаб кетгани ҳам майли, соғ-саломат куёвлари шикаста, мажруҳга айланиб қолгани барчасидан ачинарли эди. Акобир фақат заҳарланмаган, бошидан шикаст егани ҳам маълум бўлди. Ўша куни шоферига жавоб бериб юборгач, рулни ўзи бошқараркан, машинани тўртинчи участкага солди. Ҳали манзилга бор. Йўлнинг икки чети пахтазор. Ғарқ очилган пайт. Баргини тўктирмаса, пахта териш машинаси кира олмайди. Совхоз асосан, машина теримига мослашган пахта экади. Одам кам. Қўл теримига одам солинмайди. Кейин ҳашарчилар келгач тўкилган, очилмаган кўсакларни, чала терилган қисмлари учун туширилади. У шундек хаёлда келаркан, йўлнинг четидаги лотокдан сув тошиб ётганини кўриб, шартта тормозни босди. Газик машина ғийқ этиб тўхтади. Яқинроқ бориб қараса, сув анчадан бери оққан шекилли, ғўза пайкалларига ўтмабди-ку, лекин тележка, трактор ўтадиган йўл лой. Орқага қайтиб газикни орқа эшигини очиб, этигини олиб кийди. Эгнига кўк фартук кийиб, лотокка яқинлашди. Энди сувга энгашганини билади, бошига тушган зарбдан ўзидан кетди. Уни газикни орқа ўриндиғига ўтказиб, ёнига биттаси чиқди, бошқаси бурни узуни рулга ўтирди ва машинани тўртинчи участка тарафга ҳайдади. Келишилгандек шийпонга бориладиган тупроқ йўл учраганда, газик чапга қайилди. Тез ҳайдашганидан тупроқ бурқсиб кўтарилди ва орқаларидан келаётган оқ рангдаги жигули машинаси туси ўзгарди. Шийпонда одам қимирлаётганини узоқдан англаган безори шериги билан маслаҳатга тушиб, йўлнинг ўртасидан кесиб, у тарафдаги дарахтлар панасига йўл олди. Шундоқ тераклар соясида, остида сув жилдираб оқаётган жойда машинанин қолдириб, жигулига ўтиб, катта йўлга юқори тезликда машинани босдилар. Йигирма дақиқадан сўнг улар Ангренга киришга яқин тўхтаб, икки кишилашиб, машинага пақирлаб сув сепарканлар, олдиларига келиб тўхтаган қора волга машинасига бурни узуни учради. Ичкаридаги одам ундан бир-икки нарса сўраб, дуруст, деганча, силлиқ қоғоз пакет узатди. Унда айтилган сумма ётарди.

Шийпонни йиғиштираётган аёл самолёт дори сепишга бошлаганда, ҳайрон бўлиб қараб қолди: раис машинаси кўринди, сўнг шийпонгача келмай, ўртада кўндаланг йўлга қайрилиб, нариги томонга ўтди. Нимани томоша қилдийкин. Озгина вақт ҳам ўтмай, ҳатто чанг босилмай, янада чангни бурқситиб катта йўл тарафга сурди, бекорга қайтиб кетмаган экан, бутифос заҳари сепилишини биларкан, деган ўйда рўмолини қош-кўзларини ёпар даражада ўраб, қўлига қўлқоп кийиб олганча, асфальт кўчага чиққунча эшагини чоптирди ва асосий йўлда эшагига қамчи босишни озайтирди. Туман касалхонасида, дала айлангани чиқиб кетган иккита шифокордан ташқари, жуда ёш ва кекса, тажрибали врач бор эди. Жўраевни заҳарланиш диагнозини ҳар иккаласи ҳам тасдиқлади, аммо анкетасига дефолянтдан бўлган, деган сўзни ёзишга бош шифокор рухсат бермади. Бироқ, Акобирга бор муолажа керагича берилди. Эртаси ўзига сал келган бемор бошим деган сўзни бир-икки айтганини эшитган, қонни ювувчи суюқлик қуяётган ҳушёр ҳамшира унинг калласини дўнгагига қўлини олиб борди. У дарров шубҳаланди. Бошига бир нима бўлган. Балки уришгандир. Ёш шифокор, бу гапни эшитиб, бор ишини ташлаб, Жўраев хонасига югурди. Тўғри айтибсиз, Ҳусния опа. Бошини рентгенга солиш керак!

Бош шифокор бошини чайқади. Энди индаманг, бир соатдан кейин Тошкентга олиб кетишади, деб уни қайтарди. Шунда ҳам ёш шифокор, анкетани четига қайта текширишда мия лат егани аниқланди. Қаттиқ жисм теккандир, текшириш зарур, деб ёзиб қўйди.

Ҳукумат касалхонасида қабул қилиб олган врач Маслова, анкета ўзбек тилида ёзилгани учун, охиригача ўқимай, фақат заҳарланиш шифосига аҳамият бериб, бир-икки кунни ўтказиб юборди. Бемор Жўраевни бошида гематома пайдо бўлгандагина, дам олиш кунидаги навбатчи врач Мирсоатов сезиб қолди. Бу нима, деб у ҳамширага қаради? Дарров бошқа этаждаги врачларни чақиртириб, рентгенда текшириб, бошидан зарба ҳам егани тасдиқланганда ҳамма оёққа туриб кетди. Уйидан шошиб-пишиб етиб келган, салоҳиятли касалхона раҳбари бор қоғозлар, таҳлиллар билан танишиб, Мирсоатовга ҳайратланиб қаради.

− Сиз нима қилиб қўйганингизни биласизми?

Мирсоатов шаҳарликка хос дангалчилик билан: − яхши қипман? Ҳозир сезиб қолмасам, бир-икки кундан кейин гематомаси ичига уриб, билинмай кетарди.

− Ўшани айтаман-да? Зеҳнли одамсиз-да, Мирзиёд ака!

− Ҳимм.

− Бошимни катта ғалвадан сақлаб қолдингиз!

Маслова оддий поликлиникага, участка врачлигига жўнатилди. Икки тилни мукаммал билмаган врачни масъулиятли жойларга ким тайинлаган? Республикадан шундай савол берилганда, соғлиқни сақлаш вазирлигидагилар тепадан кимнингдир яқин таниши эканлиги айтилмади, аммо кадрлар сиёсатига бундан буён жиддий қаралиши ишонтирилган жавоб беришди.

Милиция, тергов, сўраб-суриштиришлар бошланди. Туман бош врачига биринчи жиддий оҳангда, сиз бошқа иш қилинг, деб бақирди, Буваевга эса жиноятни ким қилган: ернинг тагидан бўлса ҳам уни топасиз, деган топшириқ берди.

Аммо жиноятчилар гуруҳини топишнинг ўзи бўлмади. Худди сувга тушгандек, улар йўқолганди. Буваевнинг одамлари Олмалиқ, Ангрен, Бўка, Пскент туманларини тит-питисини чиқариб юборсалар-да, бирор бир хабар, из аниқланмади. Шубҳаланаётган шахсларни ҳеч ким кўрмаганидан уларнинг белгилари ҳам номаълум эди. Ниҳоят, Ангренга кираверишдаги ДАН постида, навбатда турган милиция ходимининг бурни беўхшов кимсани эски жигули машинасида шаҳардан чиқишда кўрганлигини, қиёфаси кавказликларга хослиги тўғрисидаги маълумотига асосланиб қидириш кучайтирилди. Олмалиқ карьеридан бир неча марта меҳнат интизомини қаттиқ бузганлиги учун, ишга кечикиб келиш, сменага чиқмай прогуллари асосида бўшатилган қирқ беш ёшдаги М. фамилияли кимса шубҳа остига олинди. Уни жиноят содир бўлган кундан бир кун олдин ҳам кўришганини, кейин эса бу кон шаҳридан изи йўқолганини одамлар тасдиқлашди. Буваев Тошкентга, бошқа жойларга уни қидирилаётгани тўғрисида маълумот жўнатди. Аммо бир ҳафта ичида ҳеч қандай хабар бўлмади. Ниҳоят, шаҳарнинг Чилонзордаги “Москва” кафесига ҳар куни келиб дам олган, кўп пул сарфлаб бетайин ошналар, қиз-жувонлардан янги танишлар орттирган М.нинг жасадини Бўрижардан топишгани тўғрисида хабар келди. Буваев шахсан ўзи отланиб, воқеа билан жойида танишди. М.ни бўғзига пичоқ қадаб кетишибди. Бу ерларда унинг собиқ хотини турар экан. У эрини уйига аввал киргазишни истамабди. Бироқ катта пул дарагини эшитиб кўнибди. Эри ичганида мақтаниб, конда битта ёмби топган эдим, мукофот тегди, дермиш. Собиқнинг олчоқлигини билган хотини ишонмабди, аммо бир ҳафта турганига яхшигина ижара пули бергач, индамай қолибди-да, пулни ёнига солибди. Унинг, сақлаб бергин деб берган минг сўмдан ортиқ пули уйида экан, давлат органлари ходимларига топшириб, бошқа гапдан хабарим йўқ деб, тушунтириш хатига имзо чекади.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 33 34 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации