Текст книги "Икки жаҳон оворалари"
Автор книги: Абдужаббор Обидов
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 18 (всего у книги 34 страниц)
Кейин, эшикни ғийқиллатмай очиб чайиниш учун ювиниш хонасига киришга шошилди ва сўнгги дамда Акобирга кўзи тушиб, унинг ўнг қўлидаги ярқ этган пичоқни илғади. Кескин бу қўл ҳаракатига, спортчи эмасми, ўзини олиб қочишга улгурди ҳисоб, бироқ пичоқ қовурғасига довур тақалиб, устки этларининг терисини ярим қаричча кесиб яралади. Қон бир-икки милтиллаб оқиб, сўнг қотди, шунинг учунми, ҳамон жаҳлдан тушмаган, қалби топталган эр ҳамла этишда давом этарди.
− Хотинимни нима қилдинг?
Акобирнинг ғазаб тўла кўзларига Қуддус мағрур боққанча, унинг пичоқли қўлини тутиб олишга ҳаракат қилар, орасида кескин гапирди:
− Аҳмоқлик қилма, ҳеч гап йўқ!
− Лақиллатаман деб овора бўласан.
− Ишонмасанг ўзидан сўрарсан, − деб Қуддус Қалдирғочга овозим етсин деб, уни огоҳлантиришга ҳаракат қиларди.
− У ҳолда бу ерга нега уни олиб келдинг?
− Бор ихтиёримиз Тангри измида бўлса, бандасидан сўраш не ҳожат.
− Аблаҳ, гуноҳни ҳам Эгам қудратига боғловчи иймонсиз. Уйимга бориб, тузимни тотиб, тузлиғимга тупурган муртад!
− Ҳақ гап. Меҳмон қилдинг! Нон-туз бердинг. Ҳурматимни қилдинг. Фақат нима қилай? Бу ҳис-туйғу идрокимдан кучлироқ. Бағри-дилим ёниб, оташи кул қилди.
− Бас қил.
− Ишқ шунақа қудратлики, унча-мунча эрлар чорасизликдан шунақа ноқобил ишларга қўл уради. Қисматдан қочиб қутилиб бўлмаса?
− Меҳмондорчилик таомилини буздинг. Буни на сен тарафда, на бизда хушлашади.
− Нега тушунмайсан, мен Қалдирғочни севаман.
− Бас! Хотинимни исмини тилингга олма, кўппак!
− Майли, кўппак ҳам бўлай. Аммо уни менга бер. Дунёдаги энг бахтли аёлга айлантираман.
− Овозингни ўчир!
− Сен менчалик уни яхши кўрмайсан. Тоғда катта ерларим бор. Ханумдек яшайди. Бошимда кўтариб юраман.
− Ўлдираман! Сабримни синама.
− Дунёда ундан бўлак бахт кўзимга кўринмайди, ўлдирсанг ҳам ундан воз кечмайман.
Қуддус чап қўли билан халатини барини пичоқ еган жойига босганча, ўнг қўли билан ўзини ҳимоя қилар, ҳар бир сўзга жавоб бериб, ўзининг гуноҳини тан олмаслиги Акобирнинг иззат-нафсига тегиб, у яраланган рақибига ростмана ташланмоқ чоғида, Қалдирғоч кўринди. У барча гапларни эшитганди, ўшанга эрига қараб: бу сизми? – деди ич-ичидан титраса ҳам ўзини бепарво тутишга ҳаракат қилиб.
Акобир ҳимм, деганча унга кўз ташлади. Сочлари тўзиган, ҳориган чеҳра, катта-катта очилган кўзлар, икки ёнга осилиб бўшашган қўллар, эгилиб, бошини бироз тушириб олгани биринчи фаҳмлаган туси эди. Буларни кўриб, унинг кўнгли юмшади. Хотини шу ҳолатда кўзига масъум, ожизадек кўринди. Унда гуноҳ йўқ. Манаву аблаҳ, унга тазйиқ ўтказган, деган ўй бошидан ўтди. Жаҳл билан Қуддусга қаради ва унинг хотинига сурларча тикилиб, мийиғидаги кулгуми, жилмайишними фаҳмлаб яна жаҳли қўзиди.Чунки Қалдирғоч ҳам унга сирли нимтабассум қилгандек туюлди. У энди хотини кийган кийимига эътибор бериб, эгнидаги куйлаги «менинг дўстим» деганга тегишли эканини, унинг узунлиги тиззага етмай, аёли сонини ярмидан ҳам кўпи очиқ, деразадан тушаётган илк қуёш нурларидан силлиқлик касб этиб, мой сурилгандек ялтиллаб нигоҳни ўзига қаратар, яна олд тугмаларининг энг юқорида ва ўртадагиси тақилмаган. Чап куйлак ёқаси йиғилиб қолганидан, ҳис-ҳаяжони тошган жувоннинг лўппигина чап кўкраги селкиллаб, хаёлни бузар, киндигининг чуқурчаси ҳам яққол кўринарди. Акобир хотинининг бу аҳволидан ранжиб, юзини четга бурди, аммо бирор сўз демади. Чунки у жаҳлини зўрға босиб турганидан, қуюшқондан чиқиб кетиши турган гап эди.
Қалдирғоч сал ўзига келди, аммо ҳамон эркин фикрлар домида, эйфория, ўй-хаёл устунлиги унда мужассам. Эрига: «На хиёнат, на унга бирор шама йўқ. Ақлни йиғинг!» – дегандек кўз ташлаб қўйди. Сўнг, Қуддус томонга ўгирилиб, қўли биқинидалигини, у ердан эса қон милтиллаётганини кўрдию миясига бир фикр келди. Эри йигит экан. Қўлида пичоғи ҳам борку! Иккаласини чавақлаб ташласачи. Уни ҳақ топишади. Гап ҳақ ва ноҳақликда эмас. Нега Қуддус бу ерларда юрибди? Мана ҳақиқий сабаб. Демак, эри…
− Гуру, сиз бу ердан тезроқ кетинг! Биз ўзимиз масалага ойдинлик киритиб оламиз.
Қалдирғоч Қуддуснинг бу гапига йўқ дегандек бошини силкиб:
– Оғримаяптими? Доктор чақириш керакдир, – деди.
− Докторми, кейин. Яхшиси, иккалангиз ҳам кетинглар!
− Мен сени гумдон қилмагунча жойимдан жилмайман, − деди Акобир.
У жаҳлдан тушмаган, важоҳати кўпчиб турарди. Хотинига тикка қараб, қошини учириб, кўзлари билан кўкрагига кўрсатди. Янга тушунмай, унга савол назари билан қараганди, яна имлади. Бундай пайтда, қошини қимирлатиши номақбул қилиқ туюлиб, у норози эридан:
– Нима деяпсиз? – деб бетоқат сўради.
− Тугмангизга қаранг.
− Нима бўпти?
У ҳолатини кўрди. Фақат, бирор ҳаракат ўрнига жаҳл қилди.
− Эътибор берганингиз арзимайди уятга? Одам ўлай деяптику!
− Қалдирғоч?!
− Эртага Сизни қамаб қўйишса, нима бўлади? Ойингизга нима дейман?
− Қамашмайди. Тугмангизни тақинг!
− Равшанга ким оталик қилади? − деганча Қалдирғоч қўлини тугмаларга олиб борди.
− Бошқа одам топилар?
Бу жавобдан Қалдирғочнинг ғазаби қўзиди:
− Нималар деяпсиз?
− Ҳеч бўлмаса, манаву.
Акобир йигитга кўрсатди. Қуддус уларнинг сўзини тушунмаса-да, ўзи ҳақида гап кетаётганини фаҳмлаб, жиқиллашаётган эр-хотинга қараб қолди.
− Уни нима қиламан? Тентак экансиз?
Қалдирғочни жаҳли қўзғади. Энди у бургага аччиқ қилиб кўрпа куйдиришга ўтди ва куйлак тугмаларини тақиш ўрнига шартта еча бошлади.
− Нима қилаяпсиз? Кўзим олдида-я. Ёмон бузилибсиз. Ойим айтганди-я.
− Нима? Йўқ нарсага шунча гап? Ойингизни фасодлари бўғзимга келди. Энди мендан кўрасиз!..
− Ҳаддингиздан ошманг!
Акобирнинг овози кўтарилганига, Қуддус қўшилиб унга ўшқирди.
− Аёл кишига овозингни кўтарма.
− Сени итчалик ишинг бўлмасин. У менинг хотиним.
− Бизда севимли рафиқаларига бақиришмайди. Томинг кетганми?
− Менга ўргатма. Хотинимга қандай мурожаат қилишни ўзим биламан. Мен нимани хоҳласам шу бўлади.
− Гуру бошидан бирор тола сочи тўкилса, ўзинга қийин бўлади.
Қалдирғоч унинг устида бўлаётган жанжални англаса-да, орани бости-бости қилишни ўйламас, ўзлари бир ечимга келар, деган ўйда қўллари билан куйлак барини тортиб, ўралиб олганди.
Акобирни охир жаҳли чиқиб, мушт билан ташланганди, йигит уни осонгина ўнг қўлида қайтариб, суриб ташлади. Боя, Акобир, хотинини кўрганда қайсидир тарафга пичоғини отиб юборгани учун аввалига у бирпас ўйлаб тургандек қотиб, сўнг ўзини Қуддусга яна ташлади. Аммо, тез уни орқага суриб ташлашди. Бироқ, у тўхтовсиз яна отилди. Ва бу ҳолат бир неча бор қайтарилди. Қалдирғочнинг сўзлари, илтимосларига улар эътибор беришмас, ёки жаҳлда қулоқларига гап кирмасди. Шунда нима қилишини билмаган жувон, журнал столининг четидаги магнитофонни ёқди. Оромбахш сокин, енгил рақсга чорловчи мусиқа янгради. Қалдирғоч, уларга қарашга ботина олмай, тескари ўгирилиб, ерга бошини туширган ҳолда, сочини елкаси оша ташлаб, қўлларини ёзиб, бир тепага кўтариб бутун қоматини секин қимирлатди. Бу мақомларни бир неча бор такрорлади ҳам натижасиз. Унга эътибор бермай, икки эр ур-сури давом этарди.
− Шунақами? Бўлмаса, стриптиз кўринглар, − деди Қалдирғоч.
− Қалдирғоч, нима қилмоқчисиз?
Хотинини орини ўйлаш эркакка куч ва ақл беради.
− Бас қилинг ҳозироқ!
− Энди кеч.
Қалдирғоч охирги тугмани ечиб, кўйлакни елкасидан сурди, Акобир ич-ичидан ғижиниб, унга эътибор беришга мажбур бўлди. Аччиғини унутиб, ҳамиятга қулоқ тутди. Ерда ётган куйлакни олиб, яланг ҳолатидан, уятда ловиллаб қизарган юзини улардан ўгириб, тўғридаги бир нуқтага нигоҳини қадаб тошдек қотган хотинини ўради-да, кўтариб нариги хонага шошди…
Қуддус кимгадир телефон қилди. Ўн дақиқага бормай етиб келган ёшроқ йигит ҳамроҳлигида, корпуси олдидаги кўк жигулисига ўтирди. Унинг эгнида спорт кийими, ўзини йўқотмаган, мардонавор кайфиятда эди. Сал олдинроқ эр-хотин чиқиб кетишаётганда, Акобир қилган ишига кечирим ҳам сўрамади, хўмрайганча йўқолди. Қалдирғочга ҳам бир сўз айтишга имкон бермай шоширди. Унга нисор қилингани, бир қўр қараш бўлди, холос. Аммо, шунинг ўзи Қуддусга куч бахшида қилди. Кўнглини кўтарди.
Қалдирғоч, хонасига кирганда, Гулсина қотиб ухларди, у катта сочиғини олиб, ювиниш хонасига ўзини урди. Кийимлардан халос бўлиб, сув жўмракларини бураб, иссиғини танага ёқадиган маромга келтирди. Душ мурватидан вишиллаб тушаётган сувга бирпас қулоқ тутиб турди ҳам. Бироқ, қадам босиб, ванна ичига тушишга шошмас. Юз берган воқеа таъсиридан қутила олмай, бошида минг хил хаёл чулғонаркан, бирпас ўйлаб қолди-да, сўнг юзини қўллари-ла тўсиб, чўккалаб полга ўтирганча бўйнини эгганди, сочлари ёйилиб афти-ангорини тамоман ёпиб, унинг йиғидан қизарган кўзларини яширса-да, пиқиллашлари унинг ташвишини аён қилиб қўярди. Кўзларидан аламли ёшлар силқиб чиқар, у севги-севилиш тугул, дурустроқ гаплашиш, суҳбат қуриш учун ҳали маврид топилмасию, шунча жанжал кўтарилса, пичоқвозлик, бачкана гаплар гувоҳи бўлгани, ори, ҳамияти букилганидан, худди ёш болани ножўя иш устида тутиб олиб катта изза қилса, уятдан ўзини қаерга уришни билмайдиган норасида каби ҳолатга тушгани алам қиларди.
Дам олишга келганига бир ҳафта ҳам бўлмади.
Кеча Қуддуснинг туғилган куни нишонланди. Кўпчилик билан нишонланди. Пансионатдаги дўстлари, яқин атрофдан ўттиз чоғлик одам. Қизлар ҳам бор эди. Гулсина билан у ҳам қўшилишди. Ўйин-кулги, хурсандчилик. Чиройли, узоқ мақтовларга бой тостлар. Спортчи, артист, бизнесмен, давлат идораларида ишлайдиганлар сўзлашди. Обрўси жойида экан. Бир-биридан илиқ, ардоқли гаплар, яхши ниятлар, чиройли ҳаёт ва ширин муҳаббат тилаклари айтилди. Қуддус уни ёнига ўтказганди. Гулсина ҳам шу қаторда. Туғилган кунни нишонлаш маросими ўрталарига етганда гўзал ханумга сўз, деб эълон бўлди. Уни қаерданлигини айтиб, таништиришди. Ў, Тошкент, «Пахтакор» деган ҳайқириқлар бўлди. Қалдирғоч қисқа, лекин лўнда гапирди. Ўзини йўқотмай: сиҳат-саломатлик бор жойда, иқбол ёнма-ён бўлади, дейди бизнинг доно халқ. Қуддусга узоқ умр, мустаҳкам соғлиқ тилайман. Сиҳатлик бўлса, бахт уни албатта излаб топади, деди. Биров қарсак чалиб, биров қийқириб унинг гапини маъқуллашди. Қуддусга аввалдан тайёрлаб қўйган дўппини бошига кийдирди. Гулсина кулиб гап қўшди: бу бошингиз омон бўлсин деган белги.
Сўнгра, ҳамма унинг тостига ичди. Тостингизни оқлаб берасиз деб қўймайми, зўрлабми, илтимос қилибми унга ҳам қизил винодан ичиришди. Шу билан бошланган ичкиликдан кеча охиригача қутила олмабди. Кейин нима бўлгани ёдида йўқ. Узоқ вақт рақс тушди. Ёлғиз ўзи. Фақат у банкет залидамиди, ёки алоҳида хонада эдими? Рақс узоқ давом этиб, охири оёқлари толди, диванга ўтириб, чўзилиб қолди, шекилли. Демак, у номерда эди. Унинг кийимларини ким сочиб ташлади. Фақат, бир-икки ағнаганда, нариги хонада кимдир борлигини англади. Тушунарли! Ёки орага шайтон бош суқиб, йўлдан урдимикан? Бўлмаса ҳеч қачон бу сафолат рўй бермасди. Эҳ, Қуддус, одам унута олмайдиган воқеа билан мени сийладинг. Нега мени ўз хонамга элтмадинг. Катта раҳмат! Қачонлардир гуноҳга тортиб, эрим бошига шоҳ кийдирмоқчи бўлсам, сени албатта қидириб топарман. Ҳозирча, энди алвидо! Мени бутун бошли оилам, қилиқларимга зўрға чидайдиган қайнанам, бошқа қадрдонларим, жигарларим бор. Уларга нима дейман. Уларсиз, уларнинг меҳру муҳаббатисиз мен ҳеч ким эмасман! Севги, дўстлик ўз йўлига, ота-онам гап-сўзлари, обрўси ва қадри, оила шаъни ундан ҳам юксакроқ…
Қалдирғоч Гулсина билан нонуштага, ундан сўнг пляжга борганида ҳам, Акобир ака қачон Тошкентга билет тўғрилаб келаркин, булар олдида юзимни ёруғ қилиб бу ишни эплармикан, деган ўйда юрди. Гулсина ундаги ўзгаришларни сезибди. Аёл бўладию, сезмайдими? Сўрайми ёки сўрасам бефаросатлик бўлмайдими деб ўтирмай: Қуддусни хонасида то тонггача қолдингми, деб қўққисдан савол берди. Улар нонуштага кетаётган эдилар. Қалдирғоч унга сирли қараб, юз тусларига баҳо бераётган дугонасига ёлғон сўзлай олмай, гипноз остида қолгандек, ростини айтди.
− Мени кечир. Айб менда. Сени уйғотиб ўз хонамизга судраб келсам бўларкан, − деди Гулсина.
− Нималар деяпсан Гуля?
− Саҳаргача диванда хуррак тордим-ку! Эшитмадингми?
− Ўлай агар эшитмадим. Мен эса, нега у бефаросат, жойимга элтмади, деб ундан хафа бўлиб юрибман.
− Лекин зўр ўтириш бўлдими? Роса ўйинга тушиб, кўпчиликни ўзингга қаратдинг. Бор йигитларни кўзи сенда бўлди.
− Вой, мен ўлай. Рақсга тушдимми, айтиб бер. Қанақа ўйнадим?
− Мастлик ростлик. Ҳисларингни намоён қилиб яйраган бўлсанг айбми?! Нима бўпти? Бўлмаса одам нима учун яшайди? Аёлларчи? На маданий дам олишни билмаса, на дунё кезмаса, на бир ошиқларни куйдириб, кўзини ўйнатмаса. Шу ҳам ҳаётми? Ё мен ноҳақманми?
Қалдирғоч гапни кўпайтирмаслик учун бошини ушлади.
− Ҳақсан, лекин бошим тарс ёрилай деяпти. Бироз мизғиб олсаммикан.
− Майли ўзинг биласан. Ҳа, яна битта гап. Кечаги қилпиллашларинг бирам ўзингга ярашди. Бирам ярашди. Мен Қуддус бўлганимда, наинки у, бошқа бир эр бўлса ҳам, сени бу кеча осонликча қўйиб юбормасди…
Гулсина, улар орасида бирор нарса юз бергандир деган сирни тагига етмасам бўлмайди деб, суҳбатни нуқул кечага, тўғрироғи, у хонани ташлаб кетгандан кейинги тафсилотларни айтиб беришини кутарди.
− Гуля! Бас қил! Мен нима ташвишдаман-у?
Қалдирғоч норози ҳолда ўрнидан туриб сув қирғоғи бўйлаб кетди. Ортидан эргашмоқчи бўлган дугонасига лежакда қол ишорасини қилди.
Қуддусни пичоқ теккан ерини, физик аралашма билан ҳамшира яхшилаб юваркан, жарроҳ игнага ипни ўзи ўтказарди. У таниш чиқиб қолди. Битта қишлоқдан ҳисоб, ўшанга: пичоқ билан бадан атрофида айлантириб бажарадиган машқим бор, қўл терлаган эканми сал қийшайиб кетди, деган баҳонасига мийиғида кулиб қўйди.
Ўнга яқин шов тушди. Хирург резина қўлқопларини ечаркан тайинлади: санаториядаги ҳамшираларга ҳар куни перевязка қилдириб турасан. Физаралашма билан қайта ишлаб туришлари ҳам лозим. Совуқ, яхна сув, ичимликлардан нари юр. Иссиқроқ сувда чўмилсанг бўлади, шунда ҳам узоқ вақт эмас.
− Яхшиси шу ерга келиб тураман, ораси уч чақирим ҳам келмайди, − деди Чачемба таниш чиқиб қолган хирургга қараб.
− Нега энди? Ўзингиздаги тиббий персонал ҳам малакали.
− Биламан. Бироқ, гап-сўздан нари бўлишим зарур.
− Майли! Бугун навбатчилигимга тўғри келди. Бошқа кунлари соат тўққиздан жарроҳлик бўлимидаман. Келавер.
− Ҳозир кетаверайми?
Ҳамқишлоқ доктор Қуддусга қараб, унинг шу ерда даволанишни истаётганини англаб деди:
− Сен бир-икки кун шу ерда қолиб, муолажа олмасанг бўлмайди. Балки пичоғинг занглагандир. Қонни бузса, чатоқ. Кейин даволашни ўзимас.
Қуддусга шу керак эди.
− Шифокор сўзига амал қилиш зарур. Мен тайёрман.
Ҳамқишлоқ доктор у ёққа, бу ёққа югуриб, анализлар топширтириб, ўзининг бўлимига жойлаштирди. Бошқа беморларнинг обходидан кейин бир-икки соатлар ўтиб олдига кирди.
− Эшитдим. Хотининг кетиб қолибди. Ўшандан қутилганингга шукр қил. Ғирт шаллақи аёл эди. Хотин олсанг кавказ аёлига етадигани йўқ. Сўзингдан чиқмайди, уйим, болам дейди, тўғрими, деб унга кўзларини лўқ этиб қаради.
Қуддус зўрға жилмайиб, тўғри деди.
− Нега куласан? Ё ёлғон айтдимми? Кавказ аёлидан устунини кўрганмисан?
− Йўқ!
Яна у иршайди.
− Сен мендан, ўлай агар, бир нимани яширяпсан!
− Бошқа ишим йўқми?
− Оғриғи қолдими, ҳа майли. Ортиқча кулиш, кучаниш мумкинмас! Чоки узилиб кетмасин.
Шу пайт жияни Амиран кўринди. Қуддус Акобирларни хонасидан кеткизгач, пансионатга боғбон қилиб ишга киритиб қўйган шу жиянини чақиртирган, у эса машинани елдек учириб, тоғасини эрталаб олти бўлмасдан, касалхонага етказганди.
− Нима гап Амиран?
Амиран гапиришдан аввал, докторга қараганди, Қуддус уни тинчлантирди.
− Сўзлайвер. Доктор ўзимизнинг қишлоқдан, Жамал шаробфурушнинг ўғли. Бу менинг жияним Амиран, узум, экин-текин устаси.
Шундай деб Қуддус докторга жиянини таништирди.
Улар қўл олиб кўришишаркан, доктор: вино сақлайсанми, деб сўради?
− Сақлайман, узоғи ўттиз йилдан ошмагани бор, − деди Амиран.
− Ркацетели узоқ туради-ку, бизда шароит йўқ. Беш йиллиги бор менда. Сенинг малаканг кўпроқ экан.
Грузин, абхаз винодан гапирмаса кавказлик ҳисобламайди ўзини. Улар узум турлари, винони ёғоч бочкаларга йиғиш, оғзини суғуртлаш, салқин ертўлаларда сақлаш ҳақида гапга тушиб кетдилар. Бу ҳақдаги суҳбатлари балки узоқ чўзилармиди, ҳамшира кириб, докторни шоширди: Шалва батоно, оғирроқ пациент келди.
− Яхши, яхши.
Шунда ҳам доктор ўз фикрини охирига етказибгина палатадан чиқди.
− Уф, − деди Амиран. − Нега мақтанишни яхши кўрамиз-а, қанча ишим қолиб кетди.
Нолишига эътибор бермай, Қуддус уни сўровга тутди.
− Айтганимни бажардингми?
− Билет йўқ!
− Ия, қуруқ қўл билан келдингми.
− Танишингиз иложсизман деса, айб мендами?
Жиянини қизишиб кетадиган одати бор. Буни Қуддус билади, ўшанга бироз сукутга чўмди.
− Тошкентга бир ой аввал брон қилинармиш.
− Тушундим. Бошқа вариант таклиф этдими?
− Кечроқ учса бўлади, Москва орқали.
− Олиб-сотарларда-чи, Тошкентга борми?
− Сўрадим, билдим. Бекорга аэропортга бормадим-ку! Сезон вақти. Қўлдаги нарх энг ками етти баробарга тенг эмиш, шунда ҳам бугун, эртага йўқ.
Қуддус беихтиёр ўзига гапиргандек, сўзлади: Москва орқали-чи?
Жияни ҳайрон, елкасини қисиб:ўзингиз рози қиларсиз! Қадрдонингиз экан-ку, пул ҳақида ғиқ этмади.
29. ҚОЧИШ
Акобир тушгача овора бўлса-да, кетишга патта тополмади. Чайқов йўли билан билет сотиб олиш тугул, гаплашишни ҳеч хоҳламай, ҳатто яқинига йўлатишмади. Чунки, Тошкент йўналиши доимо тирбанд. Хотини ва Гулсина ўтирган столга яқинлашаркан, уни кўрган дугонаси сапчиб тушди:
− Эрингиз келибди!
Қалдирғоч ваҳимасиз: қани? деб ўгирилиб, ўрнидан турди ва Акобир рўпарў келганда деди: ўтиринг, чой ичасизми, қорнингиз ҳам очгандир.
Гулсина уларнинг оддий кўришганларидан, вақтлироқ учрашганларини англаса-да саволга тутди: нима қилиб юрибсиз биз томонларда? Ё хотинингизни соғиниб қолдингизми?
Акобир жавоб бериш ўрнига бошини четга бурди. У иши ўхшамаганидан хафа эди.
Гулсина энди Қалдирғочга юзланди: Акобир акага нима буюрамиз? У шундай деб, официанткани чақирди. Ўша уларга хизмат қиладиган официантка келиб, уларга бирма-бир ва Акобирга бир тикилиб, эшитаман деди.
Гулсина меҳмонимизга овқат, салат-палат ва бошқа майда-чуйда келтиринг, деди.
Официантка жойидан қимирламай, булар ким деб сўради.
− Мансурованинг эри.
− Бориб сўрайчи.
− Нима, паспортларини кўрсатсинларми? − деб жеркиди Гулсина. Аммо, официантка ҳамон қимирламасди. Ниҳоят, Қалдирғоч бир қараб қўйганча, бошини силкиди. Шундагина, янганинг ишонинг бу ҳақиқат, деган имо-ишорасини англаган официантка нари кетди.
− Ҳозир хизмат қиламан.
У яна бир бор Акобирга тикилиб столдан узоқлашди ва йўлида биринчи учраган официанткага бу сирни етказди.
Дугоналар тамадди қилиб бўлишган, Акобирни иштаҳасиз овқат ейишига кўз ташламаслик учун, енгил мавзуда: кечқурун қўйиладиган фильм, индинга клубда миниатюра устаси Райкин билан учрашув бўлиши ҳақида паст овозда сўзлашиб ўтиришди. Бу орада сабаб, бесабаб улар атрофидан ўтган-кетган официанткалар, эрига қараб кетаётганини сезиб, Қалдирғочни кўнглида ғашлик уйғонди. Эри қолиб ўзи жойида ўтиргиси келмай, асабийлаша бошлади. Сизни ташқарида кутамиз, майлими, деб ўрнидан турди.
Акобир хўп дегандек бош силкиди.
− Сен кетавер, − деб у ташқарида Гулсинани жўнатиб юборди. Ўзи туфли пошнаси билан депсиниб, хаёли паришон тураркан, ортидан чиққан, ўша таниш официантка қўлига хат тутди.
Атрофга аланглаб олгач, Қалдирғоч хатни очди. Қуддус қуйидагиларни ёзганди:
− «Москва орқали эрталаб учиш мумкин. Транзит. Домодедова аэропортида, бошқа самолётга ўтиш учун, икки соат қўшимча вақт кетади. Майли десанглар, пансионат боғбони Амиранга учранг. P.S. Сизга боғланганим бир умрлик».
Шошилган, яна бировни қўлига хат тушиб қолса, ё очиб ўқиса, даҳмазаси чиқмасин деб, севдим, куйдимларни битмабди. Шаънимни ўйлаган шекилли. Боғбон Амиран. Тушунарли. Эслаб қолиш керак, деб ўйлади Қалдирғоч ва хатнинг давомини ўқиди: «Ҳа, шифокор кўрди. Тузукман. Акобир ташвиш чекмасин, ҳеч ким билмади, лекин ғаламислар топилса, ишкал чиқади. У тезроқ Гаграни тарк этгани маъқул».
Қалдирғочнинг юзи ёришдию, бироқ шу ондаёқ ўйга чўкди. Худога шукр, бешикаст бўпти. Йўқса, бир умр қайнанам: «Сиз туфайли пичоқ солишган, ўзингизни кўз-кўз қилмасангиз бу ҳолат бўлмас эди. Ғунажин кўзини сузмаса, буқача ипини узмайди», деб кўзимни очирмасди. Ҳали ҳам тинч қўймаса керак. Акобир нега вақтли олиб келди, бир гап орангиздан ўтдими? – деса нима жавоб қилади. У шунга ўхшаш хаёлларга ғарқ тураркан, Акобир яқинлаб келиб, секин сўзлади: билет ололмадим. Лекин бир оз дам олай. Сўнг яна бораман, деди.
Қалдирғоч дугонасининг нега эрингиз келди деган саволига, уйда зарур иш чиқиб қолибди, боришим керак деса, қўлидан тортиб: ҳа, хонада тунамаганингизни сезмадими? деб сўради.
Гуля гоҳда сенлаб, гоҳда сизлайди. Қалдирғоч бундай муомалага ўрганиб кетган. Аммо, унинг шахсий ҳаётига оид сирларни билиб олишига ўта жонбозлик кўрсатаётгани уни сергаклантирди.
− Гуля, терговни йиғиштиргин, ўзи мен не хаёлда бўлсам, − деб сўзини кесди.
− Жавоб бермасанг, ўзинг биласан. Менга бу унчалик қизиқмас. Қачон жўнамоқчисизлар? − деб суҳбат мавзусини ўзгартиргани эсида.
− Бугун бўлса керак. Акобир ака билади, − деб жавоб берганида, Гулсинани ҳайратда кўзлари очилиб, узиб олди:
− Бир кунда билет топиш. Гаграда-я? Гуру, осмондан тушганмисиз?
− Ҳа, нега ажабланасан?
− Умримда ҳали бунақа уддабуронни кўрмадим. Бу масала тез ҳал бўлмайди. Кунлар керак, ёки жуда катта пул.
− Нима?
− Ўн баробар тўланса, ҳал этиш мумкин. Омадингизни берсин.
Қалдирғоч ҳозир шу суҳбатни эслаб, эрининг ночор юзига қараб раҳми келди.
− Сиқилманг, йўли топилиб қолар.
− Одамлар, Москва орқали кетса бўлади, ўшанда ҳам бир ҳафтасиз иложи йўқ дейишди.
− Шунақами?
Улар ўриндиқда ўтириб, индамай ўйга чўмишганди.
Қалдирғоч сўлиш бериб сўзлади:
− Майли, қачон жўнаймиз.
Акобир унинг саволини эшитмагандек, ўзига ўзи гапирарди.
− Кетиш керак, бу ёқда бунақа ишлар бўлиб кетди. Текин ғалвани пулга сотиб олдим, шекилли.
− Ҳимм.
− Милицияга у айтиб … билиб қолишсачи.
Акобир: «у айтиб қўйса нима бўлади?» – демоқчи эди-ю, сўнг Қуддуснинг: “ҳеч ким билмайди, сизлар ҳам чурқ этманг”, деган гапига шубҳа қилганидан, хотиним жаҳли чиқиб койиб берсачи, деган ўйда бошқача гапирганди.
− Ҳимм.
− Нега гапирмайсиз?
− Бошга тушганни кўз кўради. Йигит бошингиз омон бўлсин, − деди Қалдирғоч ниҳоят.
Унинг овози секин, лекин шу билан бирга анча дадил эди. Акобир буни сезди. Ич-ичига шу бир оғиз сўздан илиқлик, таскинлик ёйилди.
− Ундай бўлса, асосий масала билет топиш. У эса йўқ. Нима қилса бўларкин? Қачон жўнаймиз?
Худди бу ечим хотинининг қўлидаю, лекин бу сирни унга билдирмаётганидек, таънали сўзлади Акобир, сўнг қўшиб қўйди:
− Тезроқ жўнаш керак. У ёқда пахтани суғориш ўлда-жўлда.
− Нега келдингиз ўзи? Шунча ишни ташлаб.
− Мен… Ҳалиги… Илғор.
− Нима? Ҳали Илғор юбордими сизни?
Акобир қовун тушириб қўйишига бир баҳя қолганда, оғзини юмишга улгурганди.
− Йўқ. Бир-икки кунлик бўш вақт топилди. Ўшанга ўзим учиб келдим, сизни кўрай деб.
− Илғорчи? Ё у сизни гиж-гижладими?
Қалдирғоч укасидан хафанамо зардали гапирди.
− Нималар деяпсиз. У билет топиб берди.
Шу бир оғиз гапга Қалдирғочни руҳи тушди. Эрим келди, тиргаким ёнимда деб хаёл қилган кўтаринки кайфиятидан асар ҳам қолмай, ҳафсаласи пир бўлди. У мени ҳеч қачон севмаган, очилиб, ёзилиб, бор меҳрини намоён қилмаган. Севиш-севилишдан йироқ кимса. Мажбурият туфайлигина эркаласа ҳам керак. Унда юрак бормикан. Авваллари ёшлигида бор эди. Энди йўқ! Бўлмаса ҳозир даласини гапириш шартмиди, − деб пешонасига шапатилади.
− Ҳа, нима гап? − деди эри унинг бу қилиғидан ҳайрон. − Бурга тепдими?
«Пичинг қилдилар. Буниси энди ортиқча», деб ўйлади янга.
Эрининг бор камчиликларини Қалдирғочни сизлаши, ҳурмат қилиб гапириши ювиб кетарди. Шунга чидаб келган. Энди мазах қилишга ўтдими, кейин ҳам бу одатини қайтаради, деган фикр келди-да: «мени тинч қўйинг! Пахтазорингизга ёлғиз жўнай қолинг», деди.
− Йўғ-эй, бирга учамиз.
− Менинг чарчоқларим чиқмади. Карахт одамни ўзингиз билан судрагунча, яхшиси бир марта бўлса ҳам одамга ўхшаб дам олишни одат қилинг.
− Ёз ойлари дам олиш менга тўғри келмайди. Иложсизман. План, режа бор!
Янга ўрнидан туриб кетди. Унинг эри билан қайтиш нияти бузилди. Нега энди дам олишимни узишим лозим. Биров раҳмат дейдими…
Акобир азот кўтарганда, у аввал типирчиладию, кейин бўйнидан қучоқлаб: «жуфти ҳалолим, мени деб келдингизми?» – деб муносабатни сийпаламоқчи бўлди. Бу сўзлар билан бирга эрининг димоғига бадбўй ҳид урилди. «Хотиним роса сипқорибдику! Нима, ичдингизми?» деб уни сўроққа тутди.
− Оз-моз, вино!
− Оз-моз эмас, роса кўп денг!
− Ҳар бир тостга оласан деб қўйишмади. Банкет. Бегона одамлар… Йўқ дейолмадим…
− Тушунарли, роса ичкиликка тўйдириб, сўнг бу хонага судрашган.
− Ҳимм.
Янга эрим нима деса ҳам бўйнимга олмайман деган алпозда сир бой бермасликка аҳд қилди.
− Ҳушингиз ўзингиздамас. Бу ҳолат эса роса қўл келган. Аблаҳ…
− Биласизку ичкиликни кўтара олмайман. Кечиринг.
− Сизга қўлини теккизмадими?
− Мени ким деб ўйлаяпсиз? Қаттиқ уйқуда эдим. Манаву, тўполонга уйғонганим, ишонинг.
Акобир кийимларчи, бу юриш-туришингизчи, деб сўроққа тутгиси келмади. Нима қилади орани бузиб. Барибир у хотинини қўйиб юбориш ниятида эмасди. Хотинининг бу ерларда нима иш қилиб юрганини тагига етиши унга керакмас, ортиқча бош оғриғи. Ҳавас ва хиёнатни ўртасидаги масофа ҳам узун, ҳам яқин. Ортиқча шубҳа гумон туғдирар. Шундек экан, хотинига қаттиқроқ гап айтишга қурби етмайди. Бу ҳол унга ҳам, хотинига ҳам маъқул. Шундоқ ҳам тушунарли, мени лақиллата олмайсиз хоним, фақат сизга боғланиб қолганим, ўта даражада севишлигим бор. Ўртоқларим ҳаваси келади. Улар қолиб, ён-атроф, қўни-қўшни оғзидан бол томиб исмингизни айтишади. Ойим ҳам сиз тараф, деб ўйлади у.
Шунинг учун, Акобир дарров хотинини оқловчи фикрга ҳам келиб, уни сўроққа тутмаслик, кечиришлик йўлини танлаш учун юмшатувчи саволларга ўтди.
− Сизга кўпчилик …
− Нималар деяпсиз?
− Ичирганларни айтаяпман.
− Уларми, жуда мўл. Тост устига тост. Қўшилишиб вино ичсам, қўлимдан келиб ўпади. Бу одатмиш, уларда…
− Эй, одатига…
Шундан сўнг, Акобирнинг важоҳати ўз-ўзидан йўқолиб, ғазаби тарқаб, туппа-тузук одамга, оддий ҳалимдек эрга айландию, сиз хонангизга бориб дамингизни олаверинг, аэропортдан билет излаб келаман, деб пансионат ташқарисига шошди…
Акобир сюрприз бўлсин деб хотинига айтмасдан, пансионатга саҳарлаб етиб келганига сабаб қайниси Илғорнинг опасига нисбатан туғилган баъзи бир шак-шубҳалари ҳам эмас, дугонаси Гулсинадан ажралмай, ҳалигача бирга юриши унинг ғашини келтирганди. Шунинг учун Акобирни тезлаган, қўлига ҳатто авиабилет тутган у. Асосий бинодаги регистратурадаги администратор истар-истамай, Акобир паспортларини кўрсатгач, зўрға хотинининг турар хонасини топиб берди.
− Ортиқча шовқинсиз боринг. Бақириқ-чақириқ бўлмасин, − деб тайинлади.
Акобир иккинчи блок, ўттизинчи хона эшигига яқинлашаётганди, навбатчи уни тўхтатди.
− Кимнинг олдига келдингиз?
− Менга Мансурова керак.
− Кими бўласиз!
− Эри.
− Ростданми?
− Ҳа!
− Саҳарлаб келибсиз. Бунча шошилинч.
− Самолёт об-ҳаво туфайли ушланиб қолди.
− Доимий сабаб. Фақат хотинингиз хонада йўқ. Шериги бор, холос.
− Ия! Қалдирғоч қани?
Навбатчи айтайми-айтмайми деган куйи туриб қолди. Акобир шоширди:
− Нега индамай қолдингиз? Айтинг.
Навбатчи, унга диққат билан тикилиб деди:
− Паспортингизни кўрсатингчи!
− Ҳозиргина бош бинодаги администраторга кўрсатгандим.
Навбатчи елкасини қисди:
− Тартиб шунақа.
Акобир мажбур фуқароликнинг асосий ҳужжатини узатди. Жўраев Акобир Холдорович номига ёзилган паспортдаги уч-тўртта ёзув, шу жумладан ЗАГСдаги рўйхатдан ким билан ўтган ёзувида Мансурова Қалдирғоч Бориевна, қизлик фамилияси Мансурова деган сўзларни ўқиб, кўнгли жойига тушди шекилли, навбатчи пичирлади:
− Кеча Чачембани туғилган кунини бор жамоа нишонлаган, роса ўйин-кулги бўлди. Винолар дарёдек оқди. Меҳмонлар ичида хотинингиз ҳам бор эди. Қайда тунаб қолди, менга маълуммас.
− Ҳамхонаси Зиганшина билар?
− ДугоНикитаи? Ундан гап олиш мушкул.
− У ҳолда ким билади?
− Ҳимм.
Навбатчи маъноли қараб қўйди. Бу қарашдан, бекорга айтадиган аҳмоқ йўқ, деган андишани Акобир англаб, чўнтакка қўл солди.
Ўн сўмлик қизил пулни олган навбатчи янада паст овозда пичирлади: бошлиқни хонасидан излаб кўрасиз?
− Кимни?
− Кеча туғилган куни бўлган Чачембани айтаяпман. Намунча тушунишингиз қийин.
− У қайси блокда?
− Тамадди хоналар блоки учинчи ҳисобланади. Иккинчи қаватга чиқасиз.
− Раҳмат! Хонаси?
− Зинадан чиқишда ўнг тарафда, йўлак охирида.
− Тушунарли.
− Фақат мен айтганимни бировга гуллаб қўйманг. Бошим кетади-я!
− Яхши.
Навбатчи Малютина Қуддуснинг собиқ хотинининг яқин дугонаси, уни узоқ Таймирдан таклиф қилиб, иш топиб берган Света бўлади. Жанжал чиқса, дугонамнинг алами таскин топар деган ўйда, ҳозир бу қабиҳликка қўл урганди.
Акобир икки қаватли ошхона корпусини осон топди. Фақат хонага кириб бориш бефойда. Эшик беркдир… Хотинини йўлдан урган бўлса… тириклайин… У балкон орқали кирди. Деразаси очиқ, лекин пардаси тортилган хонага кўз ташлашга имкон йўқ, чунки балкони йўқ… Ундаги кравотда Қалдирғоч чўзилган, устида чойшаб, аммо яланғоч елкаларини ҳар ён сочилган қалин сочлари баъзи қисмини ёпган. Боши деразага тескари томонга ўгирилган. Бу саҳнани кўришдан мосуво Акобир бир-икки алангладию, сўнг ётоқхона қолиб, емак хонасига бош суқиб, аёллар оёқ кийимини кўрди ва мазкур далилни ўзи унга етарли бўлиб, ичкарига отилди…
Гулсинанинг гапи тўғри чиқди. Билет тополмаган эри бўшашиб келди. Унинг унча уддабуронмаслиги исбот бўлдию, Қалдирғоч жиддий гап қилди:
− Аммо, Сиз бугуноқ бу ерда кўринмаслигингиз керак. Мен хат олдим, аҳволингиз чатоқ.
− Кимдан хат?
− Қуддусдан.
− Нима ёзибди у. Мени сотибдими?
− Йўқ! Аксинча, бўксамни пансионатда қурилаётган спорт майдонидаги туртиб чиққан темирга ўзим илиб олдим дебди. Аммо врач ишонмай, бу пичоқни изи деганмиш…
Акобирни ичидан муз ўтиб кетди. Пешонасини ушлаб қолди.
− Бирор транспортда бўлса ҳам бу ердан жўнаш муаммо экан.
Қалдирғоч уни суюнтиришга шошилмай, бир зум эрининг юзига қаради-да, сўнг ўзини бепарво тутиб, секин сўз қотди.
− Аммо, Москва орқали учишга битта билет топилди.
− Ростданми? − деб Акобир хурсанд бўлди. Аммо шу ондаёқ сўради: − нега битта? Сизчи?
Қалдирғоч ўзини босганча: шунга ҳам раҳмат дейлик. Мен Москвада қолсам керак. Кечки пайт поездга чиқаман.
− Йўқ, бунақаси кетмайди.
Қалдирғоч кескин бош силкиди.
− Ўн кунлардан кейин уйга қайтаман. Москвада адамларни танишлари бор, ўшаникида тураман. Аёли шаҳарни айлантиради.
− Ҳимм.
− Йўқ деманг! Илтимос, – эрининг елкаларини силаб гапирди янга.
Акобир юмшади ва номига сўради.
− Ишончли одамларми?
− Акобир ака?
Қалдирғоч аразда сўз қотганди. Унинг қарашига дош беролмаган эри кўна қолди:
− Майли. Лекин айтилган муддатдан бир кун ҳам ўтмасин!
− Раҳмат! Фақат ойингизга ҳеч нима деманг! Хўпми?
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.