Текст книги "Икки жаҳон оворалари"
Автор книги: Абдужаббор Обидов
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 20 (всего у книги 34 страниц)
– Йўқ, дедимку, ойимга сўз берганман. Кейин кайфим тез тароқ бўлиши энг ёмони.
Инна фужердаги винони ҳўпларкан, унинг оғзига тикилди.
Лекин уёғини айтишни Қалдирғоч ўзига эп кўрмай, олча гулобини бир-икки симириб, фужерни столга қўйиб, таомига ўтди. Аввал салат, сўнг лағмон чала ейилди. У ҳафсаласизлик билан чўққиларди. Бояги гапни бошлаб қўйдим, айтайми-йўқми, деган ўйда эди.
Инна унинг аҳволини енгиллаштирмоқчи бўлгандек гап қўшди.
– Мен ичмаган, ҳушёр ҳолимда ҳам турли жойларда бир неча бор ёлғиз қолиб кетганман. Мана кўриб турибсан, еб қўйишмади.
– Сен у сен! Менинг эса, жанжалли ишга заррача тобим йўқ. Дарров таслим бўлишлик менинг доктринам.
– Агар аёл киши ўзига пишиқ бўлса, валломати ҳам бир нима қила олмайди.
Қалдирғоч кўзига чувакдаккина кўринган янги дугонасига қараб анграйиб, «гаплари ҳақ, иродани мустаҳкамлайдиган ваъз бўлди», деб қўйди ўзига.
Сўнг, Қалдирғоч беихтиёр сўз очди:
− Инна, сени худди минг йиллардан бери биладигандекман. Аслида, ўзинг ҳақингда бирор нарса айтмадинг, шекилли.
− Калдиргач, аввало узр, чиндан ҳам мен ҳақимда билишни истасанг, у ҳолда мени эшитишга бир оз вақт ажратишга тайёрмисан?
− Қанча бўлса ҳам эшитаман.
− Жуда соз. Унда эшит. Ота-онам Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронтда танишиб турмуш қуришган экан. Ғалабадан сўнг Москвада яшаб қолишган, чунки онам таги пойтахтдан. Кичкинагина бир хонали коммунал квартирада мен туғилган эканман. Адамнинг ўпкаси тагида осколка билан яшарди. Буни кейинчалик аниқлашди. Урушда, яқинида мина портлаб, уч-тўрт метрга отиб юборган. Мина осколкаси тўла танасини дала госпиталидаги шифокорлар шошилинч операция қилишган. Операция узоқ чўзилиб, аксига олиб қоп-қора тун экан, фонуслар операция столини зўрға ёритган дейишади. Бешта осколкани топиб, улардан адамни халос қилишгану, биттаси қолиб кетган. Ўша осколка таъсири, озгина вақт ўтмай саратонга олиб келиб, отам тезда қазо этганида, мен ҳали эсимни танимас эканман. Хуллас, мени онам оёққа турғазган, ўқитган, одам қилган. Ғалабанинг йигирма беш йиллигига ойимга ҳозирги мен яшаётган икки хонали уй берилди. Дачамиз ҳам бор. Ёз бўлди ойим дала ҳовлига чиқиб кетадилар. Эрта-индин уларни кўргани борамиз. Майлими?
Қалдирғоч хўп дегандек бош силкиди.
– Қизиқсам бўладими? Нега оила қилмадингиз? Ёшингиз нечада?
– Бекитадиган одатим йўқ. Ўттизда. Сизникичи?
– Ўттиз икки.
Улар барибир яна сизлаб гаплашишга ўтиб олишганди.
– Мендан анча ёш кўринасиз, − деди Инна ўкиниб.
– Қўйсангизчи! Ҳали ўн гулингиздан бир гулингиз очилмаган.
– Очилмай хазон бўлган десангизчи!
Инна, ҳамон қовоғини очмас ва ичган сари пессимистлиги ортаркан деб фикрлади Қалдирғоч.
Улар бирпас, ҳар ким ўз ўйи билан овора жим ўтирдилар.
Ниҳоят, Инна гап қўшди:
– Кўргазма ёки музейларга борамизми? Ё катта магазинларгами?
– Билмасам? Музейга боришни балки бошқа кунга қолдирармиз! Уйдагиларга совға олмоқчиман.
– Яхши! ГУМга борамиз. Мен ҳам анчадан бери бу магазинда бўлмагандим.
Бир ёғи Қизил майдонга қараган, шундоқ Кремль кўриниб турадиган бундай улкан дўконга Қалдирғочнинг биринчи бориши, таассуротлари мўл бўлди. Айланавериб чарчашса ҳам, учала қаватга чиқишга улгуришди. Бироқ ўшанда ҳам қанча бўлимларга киришга бемалол имкон йўқ эди. Чунки баъзи бўлимга импорт ёки сара мол келтирилган ва товарларни харид қилиш учун навбатга туриш зарур эди. Энг тақчил нарсалар учун навбат, ҳатто юз кишига борарди. Қалдирғочни ҳафсаласи пир бўлди. У навбатга туришга ўрганмаган. Шу вақтгача унга керакли импорт моллар билан отаси, сўнгги пайтлари опаси таъминлайди. Барибир дўкон айланиш аёлларнинг жони-дили. Одамнинг кўзи қувониб, чарчоғи йўқолади. Кўнгли кўтарилиб, ташвишлари эсдан чиқади.
Қизил майдонда мавзолейга турган одамларни кўриб яна эси оққанча, оёқлари остига тўшалган, кесилган тошларни босиб бораркан, буларни немис асирлари терганини Инна сўзлаб берди. Ҳатто Пушкин майдонидаги жигарранг тусли мармарлар ҳам немис босқинчиларидан эсдалик, деб айтди. 1941 йили кузида Москва остоналарига етиб келган немислар, оғир жанглардан кейин мағлуб бўлиб, тумтарақай қочганларида, кўп ҳарбий техника асбоблари қаторида бир неча вагонда шу рангдаги мармарлар ҳам ўлжа қолган. Мазмунан немислар Москвада ғалаба монументи қуриш учун уни мўлжаллашган. Адольф Гитлер жигаррангни яхши кўрарди, деб гапини якунлади Инна.
Қалдирғоч қизиқиш билан эшитиб борса-да, бундай муфассал маълумотлар унга ортиқча керакмасмиди, у секингина хомуза тортиб қўйди. Юра қолинг гўзал ханум, чарчабсиз, деди Инна ва қўлини кўтарганди Волга машинаси тўхтади.
Қалдирғоч шомни уйқу билан ўтказиб, тунга яқин уйғонганча нима қиларини билмай, ойна деразасини очиб қўйди. Тунги Москва уйқуда. Ҳар ҳолда шаҳар анча тинчланиб, шовқин-суронлар битиб, битта-яримта одам кўринмаса, ҳеч зоғ йўқ эди. У кофе дамлаб, секин сипқорганча, ошхонадан ташқарига кўз ташлаб, нигоҳларини узоқларга боққанча масрур ўтирган куйи, хаёлга чўмди. Хаёлида дам олишдаги воқеалар гавдаланди. Қуддус билан ўрталарида гап чувалатишга арзир вазият юз бермади. Нима бўпти? Осмон узилиб ерга тушибдими? Шунга Акобир акасининг дағдағасига бало борми, бошқа жойда ухлаб қолса, ўзи хоҳлабдими? У вазият қурбони. Ким билан бўлмайди. Фарқи нима? Мана Иннанинг уйида ҳам ёлғиз юрибди. Шунга ота гўри қозихонами? Мабодо, ҳозир Иннанинг икки таниши келиб қолса, нима шарқли аёл бор, кирманглар, мумкинмас деб оламга аюҳаннос солиш зарурми? Ёки улар орасига шламба қўйилармиди. Ҳечамда, қайси замонда яшаяпмиз! Сайкинга ўхшаш қизиқарли суҳбатдош бўлса, аёлни қадрлашни билса, нега суҳбат қурмасин. Дийдорини аясин. Жон деб компанияга қўшиларди.
Анча вақт ўтди. У энди ўрнидан туриб, бошини, танасининг ярмини деразадан чиқариб, ҳаводан чуқур-чуқур нафас олишга ўтди. Бунинг учун у билакларини дераза рафига (деразатокчага) тираганча, гавдасини дераза остидаги чўян қовирғали радиаторларга суяб олганди. Энди чор-атрофни кузатиш, нарироқдаги паркнинг қорайган тус бераётган улкан дарахтларию, шаҳар маркази томон элтадиган Волгоград кўчасини бемалол томоша қилиши мумкин. Бир тарафга камида тўрт қатор, иккинчи тарафни қўшиб ҳисобласа жами саккиз қатор машина сиғадиган бундай кенг кўчалар, ҳатто Тошкентда ҳам урфмас, яна машина қатнови кечаси билан ҳам тинмас экан, деб ўйлади.
Шу пайт уни тепадаги ён тараф хонадан кимдир кузатиб тургандек туюлди. Ва бу қараш ўти тасаввурида қачондир аксланган, шекилли. Ғалати-я, деб ўйлаб ўгирилиб таниш чеҳрага кўзи тушди. У Бурхон эди.
− Ия, сизми?
− Мен.
− Нима қилиб юрибсиз бу ерда? Ётоқхонада тураман дер эдингиз!
− Домламни туғилган кунини нишонлаяпмиз!
− Тушимда роса мусиқа эшитдим, деб ўйлаётгандим. Бу рўёда чалинибди-да, демак. Ўзимдан ўзим ҳайрон эдим.
− Мусиқани яқинда тўхтатдик. Ўзингизда нима янгиликлар? Зерикмаяпсизми?
− Йўқ! Дўконларга бордик.
− Яхши қилибсиз. Бу ерда ноёб моллар кўп.
− Пойтахт бўлгани учунми?
− Ўшанга. Ҳа, эртага нима қилмоқчисиз?
− Билмасам. Ҳали режамиз маълуммас.
Қалдирғоч сўзини тугатмай Бурхон таклифини айтди.
− Футболга борайлик. «Пахтакор» Москвада.
− Ростданми? Тошкентдан келиб «Пахтакор» ўйнайдими? Футбол жону дилим.
− Чиндан қизиқасизми? Хўжайинингиз ишқибоз бўлса керак-да.
− Йўқ. Укам футбол жинниси. Пахтакор ўйнаса, бир Минскка, бир Киев, ҳатто Донецккача боради. Унга эргашиб мен ҳам ярим фанатман ҳисоб.
− У ҳолда борасизми?
− Бир ўзимми. Йўқ-эй.
− Дугонангиз қўшилсин. Домламизни жуда маъқул ўғли бор. У ҳам бормоқчи.
− Маслаҳатлашиб, кейин жавобини айтарман.
Бурхонни чақириб қолишди, шекилли, у: фанат землячкам шу ерларгача келибди, деб айтаман деганча хурсанд, бошини ичкарига олди.
У Акобирга вафодор. Урушга кетган эрлари қайтмаган бевалар йўқса додини кимга айтсин. Садоқатда ҳайкал қўйса бўлади уларга. Болишлари йиғидан ҳўл бўлиб кетса-да, кутишган. Тўшаклари муздек, бир умр исимаган. Қалдирғоч буларни билади. Уларга тахассуб йўқ эмас. Ўйларидаги садоқати шунчалик кучлики, у эрини бир дона тукини валломатига алмаштирмайман деб сўз олган, қасам ичган. Аммо, жисми сийрат измидан чиқиб, кўзлари ўйнаб қолиши, қошида мубтало хушторлари сўзидан хуши бошидан учиши, хурсанд бўлиб, қувониши, шодланиши, ўйнаб-кулишига бироз қўшилиши мумкин. Фақат шунинг ўзи. Бу давраларга файз қўшиш, баҳор нафасини олиб киришдек гап, холос. Қалдирғоч доим шундоқ ҳавасланиб юришим руҳимга озуқа, шуни ўзи етарли бўлади, деб ўйларди. Токай, аввалги йили шу ерларга, денгизга дам олгани келгандан буён хаёли бузилиб, фикри ўзгарди. Қуддуснинг муносабатлари шунчалик сирли кўриндики, у китобларда ўқиган, киноларда кўрсатилган энг сирли севги лаҳзаларини бошидан кечиргандек, боши айланган. Аёл киши ўттиздан ошдими муҳаббатни қадрлаши ортади. Бу фикрлар − турли ёшдаги аёлларни тадқиқот қилган закийларники. Севгини энг ҳурмат қиладиган бундай ёшдаги жононлар эса ҳар турли “қаҳрамонлик”ларга ҳам қўл уриши ҳеч гап эмас. Йўқса, нима бўлдию, Қуддусни учратиши билан, Қалдирғочнинг хуши бошидан учиб ўзини бунчалик йўқотиб қўйиши яхшими? Натижаси маълум-ку. Иштибоҳда, эркинроқ фикр ва амаллар янгиликка бошларкан, деган тўхтам. Қалин дўстлиги бошқа сифатга айланадими? У афсус қилиши керакми ёки йўқми, аввалига ҳайрон, кўксида пайдо бўлган бир енгиллик учун, ҳеч бир афсус, нохушлик сезмай, кўнгли хижилсиз ишқ-ла машғулликка бошласинми? Бошида кўплаб ўйлар ғужғон уриб, қатор саволларни тахлаб ташлади. Эҳ, Қуддус, қандай ғавғоларни бошлаб қўйдинг? Тинчгина юргандим. Ўйларим парокандаликка юз тутди. Мен ҳам аёлман. Озодлик маъбудаси − ҳайкалмас, ҳис-туйғуларга асир оддий ожиза. Этагингни ушлаб, тоғ-тошингга кетишимга монелик бор-ку. Ўшанинг аламига ичдим. Энди ичкиликка ружу қўйсам бошқалар ўпкаламасин. Шароб дардимга малҳам бўлмай ўлсин. Энди нима қилдим?…
Фитна наҳотки шунчалик яқин, илло, кимнинг қўли, ҳатто аёл кишининг, сал тегинишидан, сесканадиган қад, унга бирор монеликсиз мойил, бу не деган гап? Иродасизликми? Хиёнат кўчаси шунақа ўзига ром айлагувчи чироқлари ёруғ, ойдин бир маскан эрурми?
Қалдирғоч хаёлидан жуда тез айланаётган фикрлардан, таққослашлардан, изтироб чекишлардан охир чарчаб, кўзи юмилиб уйқуга кетди.
31. “ПАХТАКОР” ЮТДИ
ЦСКА стадионининг ғарбий трибунасининг юқорироқ қаторидан уларга жой тегди. Бу жойни танлашганига сабаб, қуёш нурлари кўзга тушиб беҳузур қилмайди, деб Никита маслаҳат берганди. Қалдирғоч чап ёнига Никита, ўнгига Инна, сўнг Бурхон жойлашди. Инна: «Қалдирғоч, Бурхонни менга яқинроқ танишишимга имкон бериб, бизларни ёнма-ён ўтказиб қўй, унинг қошлари шунақа қалин, қораки, қараганда худди ичимнинг тубига қадалади. Шундай йигитдан жон деб бола кўрган бўлардим», деб боя йўлда, метронинг ичидаёқ дардини иншо қилди. Қалдирғоч унинг кўзларига тикилиб, ҳазил қилмаётганини англаб, умрида эркак зотига иши тушмаган жувонни, уларни иккиламчи деб билган фикр-мулоҳазалари Бурхонни бир-икки бор кўришида барбод бўлса, ҳаёт ҳам қанчалик сирли ва жумбоққа тўла, деб ўйлаганча, Иннанинг кийимларига қараб қўйди. Кечагида ГУМда қўярда-қўймай жинси шим олдирган Инна, ўзига ҳам харид қилувди. Иккаласи, эркаклар ичига борамиз деб, жинсида, тепаларида бир хил оч кўк кофтада эдилар. Шунинг учун бу бир хил кийимдаги, бу опа-сингилларми ё дугоналарми, ким экан деб фигуралари, юзи, туси, рангига қарагувчилар ён-верда сероб эди. Лекин қизларга гап отмай майдонга тезда нигоҳларини қаратарди. Билъакс футболга борган ишқибоз ўзи ўйиндан бошқа кайфни тан олмайди.
Никита ниҳоятда интеллигент, камгап, Бурхон домласи Евдокия Платоновна Хорхинанинг Ўрта Осиёга уруш йилларида бориб қолганида, геологик экспедицияда маъмурлик қилган чаққонгина, хушфеъл, шўх маҳаллий йигитдан туғилган арзанда ўғли. Кейинчалик у Москвага қайтганда, маъмур йигит ўз яшаш жойини ташлаб, узоқларга кўчиб бормаслигини айтганда, уларнинг никоҳи бекор қилинди. Маъмур, ўз ҳудудида, тезда бошқага уйланганини эшитгач эса, Евдокиянинг кўнгли бутунлай қолган, шунинг учун унинг бор-йўқлигини эсламайди. Устига-устак, кейин ўғлим икки ёқлик бўлиб қолмасин деб, отанг ўлган деган ёлғон-ла ўғлининг кўнглида отага бўлган қизиқишни сўндирган.
Никита, унча-бунча жойга бориши учун минг бир важ айтилса зўрға кўнадиган, илм билан банд йигитлар тоифасидан, хотини билан ажрашиб, онаси қошида яшарди. Бурхонни футболга боришини эшитган Хорхина, ўғлимни ҳам ўзингга қўшгин, зора бироз дам олиб келса, деб ундаганди.
Футбол анча қизиқ кечар, «Пахтакор» бўш келмас, қайтага қарши ҳужумлари ортиб бориб, биринчи тайм охирида устунликлари кўрина борди. Аммо биринчи голни барибир ҳарбийлар командаси киритди ва стадиондаги ишқибозлар бақириб қулоқни қоматга келтиришди. Чунки асосий ишқибозлар мезбон команда тарафдорлари эди. Бурхон тилини тишлаб қолган бўлса, Қалдирғоч эҳ, деб тиззасини шапатилади. Бироз тутақди ҳам. Чап қанот шунақа ҳам ҳимояга беэътибор бўладими Бурхон ака, деб куюнди. Бурхон унинг гапларини эшитмади, аммо ёнидаги Никита англабди. Унинг сиқилганига, кўнглини кўтариб, хафа бўлманг, сизникилар яхши ўйнаяпти, деди.
− Чиндан яхши ўйнашяпти-а? − деб биринчи бор унга гап ташлади Қалдирғоч.
− Рост гапим.
Унинг кўзлари ғамгин, лекин самимий, дардли боқар экан, деб ўйлади Қалдирғоч ва кўзини футбол майдонига бурди. Тўп Хадзипанакисда, у бир, иккинчи ўйинчини алдаб ўтди. Кейингиси учраганда тўпни олдирди.
− Шу ўн биринчи рақамдаги футболчи яхши ўйнаркану, фақат вақтида пас беришда оқсаяпти , − деди Никита.
− Хадзипанакисми? Грек футболчимиз, Тошкентда туғилиб ўсган.
− У грекми? Финтлари алламбало, терма командага ҳам бекорга чақирилмаган.
− Футболни яхши тушунар экансиз.
− Ўн тўрт ёшимгача футбол мактабида ўқиганман. Кейин эса…
Қалдирғоч савол бериш ўрнига унинг сўник чеҳрасига қараб қўйди. Қош-кўзи қора, сочлари қўнғир, бироз лўлига ўхшаш, бироқ қомати тик ва баланд бўйли йигит ўзи жавоб қилар деб ўйлаганди, адашмаган экан. Никита «оёқдан қаттиқ лат еганман, синган» деган куйи, ҳозир гол бўлади, деб Қалдирғочни нигоҳини майдонга қаратди.
Навбатдаги комбинациядан кейин, Хадзипанакисни ўнг тарафдан ёриб кириши, пас ва Тўлаган Исоқов боши билан уриб тўпни дарвоза тўрига туширди. Гол! Биру бир.
Стадион жимиб қолди. Лекин бу ғарбдаги секторда москвалик «Пахтакор» ишқибозлар кўп экан, гол деб бақириб туриб кетишди. Бир-бирини табриклашга ошиқишди. Қалдирғоч Бурхон қолиб Никитани тортди. У ўрнидан турганча сакраб қувнаркан, йигит анқайиб қотганди.
− Сиздан баҳорни ҳиди келар экан, − деди йигит янгага энгашиб, кейин шовқин тиниб, ҳамма ўз ўрнига ўтирганда.
− Ростданми? − ҳали хурсандчилик шавқидан ўзини боса олмаган жувонга бу ўхшатиш янгича, қулоқлари ҳали эшитмагани учун маъқул келиб, кайфияти кўтарилиб, унга фақат аёл жуда мамнун бўлгандагина ташлайдиган нигоҳлардан бирини ҳадя қилди.
Футбол ўйини қизиб бораркан, энди «Пахтакор»ни ҳужумлари хавфли тус ола бошлади. Кетма-кет босим ўтказарди. Тўп асосан ҳужумчиларимиз оёғида. Бир-биридан ўтар даражадаги футболчилар маҳорати майдонда ошкор билиниб, ҳарбийчилар командаси ҳимояланишга зўр бера бошлади. Улар дуранг натижага мазмунан рози эдилар. Аммо «Пахтакор» ғалабага интиларди. Навбатдаги ҳужумни Олим Аширов бошлаб берди. У рақиб ҳужумчиси оёғидан тўпни чиройли тарзда олиб қўйиб, уни Михаил Анга узатди. Ан бир-икки ўйинчи орасидан ўтиб, тўпни Владимир Федоровга оширди. Тезланиб югуришда ҳимоячидан ўтиб кетган футболчимиз тепган тўп эса ўнг бурчакка келиб тушди. Ана сизга ғалаба голи. Ўйин тугашига уч дақиқа вақт қолганди, холос.
Ғарбдаги секторда яна қийқириқ. Боягидан ўтиб кетадиган шовқин-сурон ва қувониш. Бурхон узатган қўлига қўл ташлаган Қалдирғоч лабларида кулгу, юзида қувонч билан жойида типирчиларкан, сўнг ўгирилиб, Никита тарафга кўз ташлаганди, у биратўла бағрига босиб, ўпмоқчи бўлди.
Футболдан кейин ЦСКА стадионига яқин “Проспект мира” станцияси, катта йўллар ёпиқ бўларкан, ўшанга улар шаҳар маркази томон пиёда кетишга мажбур бўлишди. Катта кўча тўла одам. Ит эгасини танимайдиган талотўп оқимида бирпасда Инна билан Бурхонни йўқотишди. Қалдирғоч яхшиям Никитани баридан ушлаб олибман, деб ўйлади. Чунки сал секинласа, туртиб кетишлари ҳеч гапмас эди. Хуллас, у жуфт ўз йўлига, бу жуфт ўз йўлига юз тутгандек, вазият юз берганди. Никита унинг ёнида вазмин қадам ташлаб, қизиқ воқеалардан ёки ўзим ҳаётимдан айтайми, деб сўради. Қалдирғоч ёнингда ҳамроҳинг бўлсаю, бор-йўқлиги билинмай, кечки Москвани сал намхушроқ ҳавосида уйигача пиёда борсам ҳам майли, деган ҳолатда эди.
− Билмасам.
Қалдирғочнинг бу жавобини, керакмас дегандек қабул қилган йигит, бошқа сўз айтишга мойиллигини билдирмай, индамай, лекин ора-чора унга кўз ташлаб жимгина кетди. Улар марказдан ўта бошлашганди. Дўконлар бари ёпилган, лекин катта-кичик ресторанлар эндигина гавжум бўлган пайт. Катта кўчадан чорраҳада, Цветной бульвар томон бурилдилар. Хиёбондаги скамейкаларда одамлар нисбатан кўп. Лекин майда болали оилалар кўринмас, асосан катта ёшдагилар бемалол ўтириб, суҳбатлашардилар. Хиёбоннинг маълум масофасидан кейин ҳар икки томонда фонуслар электр чироқларидан ёруғлик сочиб турар, ўртоқлар, дугоналар, жуфтликлардан ташқари, яккам-дуккам ўз хаёли билан ўтирганлар ҳам кам эмасди.
Улар, метро станциясига кириб, ўз йўналишларидаги вагонга жойлашдилар ва метродан чиқиб, уйга томон юрдилар ҳам иккови индамас, бу нарса Қалдирғочга қўл келиб, ўз ўй-хаёллари билан банд бўлди.
Бир-икки қўнғироқни босган Никита, энди нима қиламиз дегандек Қалдирғочга қараганди, у ҳафсаласи пир бўлиб, ана холос, дедию, бояги ширин ўйларидан асар ҳам қолмади. У бундай пайтда, уни жуда сипо деб биладиган отасининг танишлари Потаповичлар уйига бориши мумкин эмасди. Бошини ушлаганча, пастга қадам ташлади. Инналар келишмабди, ёнида эса калити йўқ. Подъезддан чиқишда Никита уйига таклиф қилди.
− Балки бизникида кутармиз уларни. Юринг!
Қалдирғоч ялт этиб унга қараб, тарбияли одамларга хос сипо таклиф этилган, ишончли кўринса-да, унинг сўзини рад қилди.
− Ноқулай бўлар. Сизни, ойингизни безовта қилиш.
− Ойим дачада. Уйда ҳеч ким йўқ. Тортинманг, юринг!
Шунда ҳам янга бирпас розилик бермай турар, нотаниш жой, бегона йигит, юр деса кетаверсинми? Эшитган қулоқ нима дейди! Аммо бу ер бошқа шаҳарда, таниш-билишлар йўқ масканда, кўнглига нима келса, шуни қилавериши мумкиндек, эркинлик кишини хаёлини оғдириши осонлигини сезди. Бу ердаги одамларнинг беғараз, бепарвога ўхшаш хайрихоҳ муносабати, гап-сўз, маломат ёки айблаш даражасининг йўқлиги, қиз-йигитнинг қучоқлаб юришию, очиқ ўпишиш саҳналарига уялтириш мезонини ҳеч ким қўлламаслиги унга эриш туюлса-да, уларни айблаш хаёлига келмас, ҳар ернинг яшаш тарзи ўзича, дерди. Йигит бўлса, ҳар хил важлар келтириб, кўчадан кўра хонада, бир чашка кофе ичиб уларни кутган яхшилигини уқтираркан, Қалдирғоч сўради:
− Уйингиздаги телефондан шаҳарлараро қўнғироқ қилса бўлар.
− Албатта.
− У ҳолда майли, бошланг.
У ҳоригани, сандалет сиқмаса-да, оёқлари сиқилганини ҳис қилди. Уйда ҳам пойафзални фақат зарур ҳолатда кияди. Яланг оёқ юрганга нима етсин деб ҳисоблаб, жуда бўлмаса шиппак судрарди.
Хонада йигитнинг: «Нима ичасиз? Чойми, кофеми?» деган саволига у елкасини қисиб қўйди.
Оёқларини тагига босиб, меҳмонхонадаги диванга ёнбошлаган куйи: «бироз чўзилсам қарши эмасмисиз», деб секин сўради ва шу ондаёқ замонавий одамларга хос дангал жавобни эшитди:
− Ўз уйимдаман, − деб билинг.
Йигит шундоқ деб ошхонага чиқди.
Қалдирғоч кўз тикиб, олимларга хос дабдабавозлик ва ҳашамдан йироқ оддий бир хонада ўтирганини, фақат шкафларда антиқа осори сувенир буюмлар, бир-иккита кичкина хум, кўзаларга кўзи тушди. Деворда табиат манзарасига хос Шишкин суратлари бор эди.
У бир оз оёғини чигалини ёзгач, ёнидаги журнал столига қўйилган телефон трубкасини олиб, номер тера бошлади. Трубкадан ниҳоят узун чақирув гудоклари кела бошлади. У бироз кутди, лекин жавоб бўлмади. Трубкани жойига қўяркан, «Қуддус хонасида эмас. Қаерда юрган экан?» – деган ўйга тушди. Соғлиғини сўраш, билетлар учун алоҳида ташаккур билдириш ҳам бошқа кунга қолди, деб ўйлади.
Йигит катта, думалоқ, қора рангли, қушларни расми туширилган темир патнисда қора нон, сур гўшт, бироз пишлоқ, шоколад, лимонад олиб кирди.
– Онам: “шарқликлар нима ейсиз, ичасиз”, деганча сўраб ўтирмай, бор бисотини дастурхонга қўяди, − деб айтган. Тўғрими?
– Ҳимм.
Қалдирғоч индамади. Унинг боши «Инна бирор ҳийлани бошладиёв», деган ўйда банд эди.
Бу вақтда Инна Бурхонни уйига таклиф этиб, кофе ва печенье қўйиб, меҳмон қилишни якунлаб, уни тўрга илинтиришни ўйларди. Йигит эса бошқа фикрда. Иннанинг бирдан унга ширадек ёпишиб олиши стадионни ўзидаёқ унча маъқул келмаган, футболдан кейин гуруҳдан ажратиши кўнглига хижиллик туширганди. У бунақа майда ҳисларга вақт сарфлаш, гуноҳи азим ишлардан фориғ бўлиб яшаш диалектикасига қулоқ тутадиган даражага етган инсон эди.
– Чой-нон учун раҳмат. Кейинги сафар мен сизни меҳмон қиламан.
– Ош бўлсин. Арзимайди.
– Анча вақт бўлди. Энди менга рухсат! – шундай деб Бурхон қўзғалди.
Инна негадир бу таниши кетишини истамай, умрида биринчи бор уйида шу эркак, атиги биринчи бор келган, иккинчи мартагина кўрган, лекин бор хаёлларини остин-устун қилиб юборган нотаниш, менталитети умуман бошқача эркак қолишини худодан сўраб унга маъюс боқди. Аммо, уй кенг, нариги хонада жой топилади. Мен сизни яхши кўриб қолдим, дейишга юзи чидамади.
Бурхон кетди.
Узоқ вақт Инна бошини ушлаганча ўйга ботиб ўтираркан, хаёлида фақат бу мағрур ўзбек йигити кезарди. Бирпас ўтиб, у деразага яқин келди. Атрофга кўз тикиб, ўзининг ғамбодалик руҳини табиатга билдиргиси келиб, бошини чиқариб, қўлларини кўкка чўзиб, ёлборган куйи, ичидан, «Эй Тангри, шу йигитни менга ёр қил. Керак бўлса оёқларини юваман, пойига бош қўяман. Нечта деса шунча бола туғиб бераман. Юр деса саҳро, чўлга ҳам бирга кетаман», деб сўради. Кўзларидан томчилар отилди. Бир, икки..
Яна қанчадир вақт ўтди. У умри давомида, «Ҳақиқий муҳаббатга дуч келса, бир зумда истаган ёрнинг қучоғига ўзингни отсанг бўлади», деган ўйда яшаган. Ҳозир ҳам шу фикрда муқим. Фақат Бурхонга нисбатан туғилган ҳисси уни алдаб қўйган экан. Ё мия сини йўқотиб қўйдими? У балки Иннани умуман севмас, енгилтак аёл деб ўйлаётган бўлсачи. Ундай бўлса, келгунларича қанча гаплашиб, сўзлашиб, Юлий Цезардан тортиб Клеопатранинг унга жодуси, Антонийга нисбатан макр-муҳаббатидан бошланган суҳбат, дунёнинг яралишию, Одам Атога бўйсинишни бўйнига олган Момо Ҳаво, ҳозирги кундаги эркин муҳаббат тушунчасига қарашлар Бурхоннинг ғижиниб жавоб беришида унга маълум бўлиб, Инна ҳам севги бобида консерватор, эски қарашлар тарафдорлигини билдирган, аммо муҳаббат деб ўзини тоғ-тошдан ташлайдиган романтикларни ҳам тан олишини айтган. Иккаласининг сўзи сўзига тўғри келганди.
Яна бир оз вақт ўтиб, ёдига Қалдирғоч келди. Нотаниш йигит уйида ўзим қолсам, майли, у шарқлик, андишага бориб, ўзини ҳимоя қилиш учун бақириқ, чақириққа бормай уялсачи, деган ўйда шошиб, қўлига калитини тутганча кейинги подъездга ўзини урди. Югурлаб тепага, тўртинчи қаватга кўтарилди. Ҳансираб, ўпкасини босиб олмаган куйи қўнғироқни босиб, кутишга тоқати ҳам етмай, эшикни дўпиллата бошлади.
Тезда чиққан Никита, унинг ҳовлиққан юзига ҳайрон боққанча, Инна, сизмисиз? дегунча у ўзини ичкарига урди.
Уйларга бирма-бир назар ташлаганча, меҳмонхонадаги диванда чўзилиб, ухлаб қолган Қалдирғочга кўзи тушиб, кўнгли тинчиди. Кетма-кет кирган Никитага ухлаяптими, деб сўради, энди юзи ёришиб.
Йигит елкасини қисиб, кўриб турганингиздек, дам оляпти, деди.
* * *
Эртаси саҳарлаб бўлган қўнғироқдан уйғониб кетган Инна, алло деганини билади, у томондан салом-алик ўрнига «Қалдирғоч қани?» деган катта ёшдаги аёлнинг товушини эшитди. Аммо у бундай муомаладан ўзини йўқотмай, «Ухлаяпти. Уйғотайми?» – деди.
– Твоя кто? − деб сўради кампир.
– Унинг янги дугонаси. Исмим Инна. Здравствуйте!
– Здрастый. Моя завтра позвонить.
Телефон ту-тулаб узилгани маълум бўлса-да, Инна аппаратни жойига қўймай, ҳамон қулоғига тутганча чўккаланча турсайиб ўтириб қолди. Нега мунчалик кам гапиришди. Балки яна қўнғироқ бўлар, деган ўйда фикр сургунча, яна телефон жиринглади. У шошганча алло, деди.
Никита экан.
Уларни шаҳар четидаги ўзларининг дачаларига бирга дам олишга таклиф этиб, бу йил ёз иссиқ, ёнимизда кўл бор, чўмилса ҳам бўлади, деб қўшиб қўйди.
Инна шошилмай сўроққа тутди:
– Кимлар бўлишини айтиб берсангиз?
Йигит чайналиброқ жавоб қилди:
– Ойим албатта. Холам, у жуда замонавий, ўйин-кулгуни ёқтиради, таниши билан. Онамнинг шогирди Бурхон, уни сизлар яхши танийсиз ва яна бир-икки қадрдонлар. Асосан шулар.
Бурхон исмини эшитиб, Иннанинг юзи ёришди. Аммо овозини ўзгартирмай, шодлигини яширган куйи, шошмай жавоб қилди.
– Майли, борсак бўларкан!
– Қалдирғочни чақирсангиз, унга ҳам таклифимни етказсам.
– Дугонам ҳали ухлаяпти. Ёки турсинми?
– Йўқ, майли. Ўзингиз тайинланг, илтимос.
– Қалдирғочни олиб боришга ҳаракат қиламан, лекин барибир жавобимиз унинг хоҳишига боғлиқ. Ҳал қилиш ундан.
– Соат тўққизга тайёр бўлиб туринглар. Ҳа, илтимос, дугонангизни албатта кўндиринг, онамга айтсам, «Ўзбекистонда кўп умрим ўтган. У ерлик хонимни, янги танишингни бизларга ҳам кўрсат», деб қўймаяптилар. Лекин бу гап иккимиз орамизда қолсин.
– Яхши, ўртамиздаги сир бўлади.
Инна уни Кускова паркини томоша қилишга зўрға кўндирди. Қалдирғоч ҳеч қаёққа боргим йўқ, бугун жуда бўлмаса дам оламан, деб тушгача барибир розилик бермади.
Чунки, эрталаб яқин атрофдаги почта бўлимига боргандилар, анча ушланиб қолишди. Халқаро телефондан берган буюртмасига нариги томондан Қуддусни жавоби келмасди. Бир неча марта оператор қайтариб улади, узун гудоклар кетди ҳам, аммо аппаратга ҳеч ким яқинлашмади.Қалдирғочнинг хуноби ошди. У шундай пайтлар нима қилишини билмай, ўзини йўқотади. Яхши, Инна жонига оро кирди.
− Телеграмма жўнатсанг бўлмайдими.
Қалдирғоч: «Нечанчи марта туша олмаяпман. Ўзи тинчмикан, чор-атрофчи, ёнидаги ғанимлари бир иш бошлаб қўймадимикан?» – деган хаёлда эди.
− Бўлса керак. Яхши эслатдинг.
− Уйнинг телефонини ёзиб юборсанг, ўзи қўнғироқ қилар.
Оператор унинг тўлатган бланкасига қараб, кимданлигини кўрсатмайсизми, деб сўради.
− Шу ёзганим етарли. Тушуниб олишади, − деди Қалдирғоч сумкасини кавлаб.
Оператор хизмат учун ҳақ олган заҳоти телеграммани жўнатиб юборди ва бир муддат ҳам ўтмай, тармоқ орқали узатган матн нусхасини қўлига тутди.
Унда қуйидагилар ёзилганди:
“Гагра. “Қора денгиз” дам олиш уйи. Чачемба Қ.Р.га. Салом Қуддус. Соғлиғингиз яхшими. Атроф тинчми. Қуйидаги номерга 0953711887 қўнғироқ қилинг. Бафуржа гаплашармиз. Гуру.”
− Гуру ким, Калдиргач, − деб қизиқди Инна.
− Яқинларим мени шундай чақиришади.
− Ростданми? Қандоқ яхши.
− Раҳмат.
− У ҳолда мени ҳам шу яқинларингга қўшиб қўй, Гуру.
Қалдирғоч: “ҳечамда”, дейиши билан иккаласи хандон отиб кулишди.
Кусковада граф Юсуповни поместьеси − ер-мулки бўлган. Бир қаватли, аммо, камида ўнта хонадан иборат кетма-кет қурилган хоналар, шипи баланд, икки тавақали ёғоч эшиклар, девор ўртасига қўйилган, хоналар катта-кичик, лекин ҳар бирининг кенглиги тўрт метрдан кам эмасди. «Бу хоналарнинг бирида Юсуповнинг крепостной хотини Жемчужная турган, – деди Инна билағонлик қилиб, – фараз қилгин, чўридан туғилган қизни қўшиқ айтишдаги ширали, қайтарилмас овози, бу билан романсларни эшитгувчиларни меҳр-муҳаббатини эгаллаши, ўзини тутиши киборлардан фарқ этмаслиги, бу хислатлари ва гўзаллиги билан графни муҳаббатига сазовор хонимни кўз олдинга келтир. Бир жувонда шунча сифат. Гуру, бизга ҳам озгинасини худо бермайдими?»
Қалдирғоч, Жемчужнаянинг расми қўйилган экспонатлар столига бориб, кузатаркан, унинг оппоқ тусини, қирра бурни ва сочлари қора, брюнетка эканлигини аниқлади.
Парк ичида ёзги павильонлар, дворян, киборларнинг боғ айланганида дам оладиган жойлари ҳам сақланиб қолган экан. Айланувчилар, зиёрат қилувчилар сероб бўлиб, кейин ҳамма кўл атрофида йиғилиб, кафеларда тамадди қилишга ўтиларди.
Қалдирғоч паркда юрган сари енгиллашиб, оғирлиги кетди. Кўнгли ёришди ва дугонаси уни бекорга мажбурлаб бу ерга бошламаганини тушунди ва унга томон энгашиб: «Инна, спасибо, мне так легко стало», деб тан берди.
Инна кулиб: «Бу ҳали ҳаммаси эмас, тайёр туринг, эртага Никиталар дачасига, меҳмондорчиликка борамиз, хўпми?» деди.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.