Текст книги "Ҳаёт қайиғи (3 китоб)"
Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 13 (всего у книги 32 страниц)
Шукур аканинг ижодлари ҳақида сўз кетганда айримлар ҳикояларига юқори баҳо бериб, қиссалари ва романлари у даражага кўтарилмаган, дейдилар. Мен бу фикрга қўшилмайман. Тўғри, Шукур аканинг ҳикоянависликдаги маҳоратлари беназир эди, аммо қиссалари ва романларидаги маҳорат ҳам шу даражада бўлган. Мен “Агар қачондир Амир Темур ҳақида роман ёзиш йўли очилса, Шукур ака ёзишлари керак”, дердим. Чунки Шукур акадаги журъат, жасорат, кескинлик… каби фазилатлар, тарихни тўғри талқин қилиш илми шундай асар ёзишни тақозо этарди.
1990 йилда ёзувчиларга дала-боғ учун Чорбоғ ва Дўрмондан ер ажратилди. Шукур ака Дўрмондаги ижод уйида кўп бўлардилар, шунинг учунми, ўша ердан олибдилар. Кўришганимизда “Шаҳарга яқин жойдан олиб, бекор қилибсиз. Сиз тоғда туғилиб ўсгансиз, сизнинг руҳингизга тоғ яқин, ҳали ҳам бўлса, Чорбоқда боғ қилинг”, дедим. Фикримни тасдиқлагандай бўлдилар, лекин у ёққа бормадилар. Орадан икки-уч йил ўтиб, Омон Мухторнинг боғларига ҳашарга борганимда Шукур аканинг боғларини ҳам кўрдим-у, ҳайратландим. Кўпчилик ҳашаматли уйларни қуришга берилган пайтда Шукур ака ниҳоятда гўзал боғ яратибдилар. Шукур аканинг у боғлари ҳозир қандай аҳволда билмайман, аммо адабиётдаги боғлари яшнаб турибди, унинг биронта барги сарғаймайди ҳам, қуримайди ҳам. Бу боққа қиш нафаси етиб келмайди, биздан кейинги кўп-кўп авлодлар бундаги мевалардан баҳра олиб, Шукур Холмирзаев ҳақига дуо қиладилар.
“Қил кўприк”ка цензуранинг “осилиши” табиий эди. Мавзунинг ўзи уларни титроққа солганди. Лекин Тоғай Муроднинг “Ойдинда юрган одамлар” асарига эътироз билдиришини кутмагандик. “От кишнаган оқшом” қиссаси билан барчани ҳайратга солган адибнинг бу асари ҳам гўзал эди. Тирноққа зор икки маъсумнинг тақдири ўқувчи қалбини ларзага соладиган даражада акс эттирилганди. Лекин цензуранинг “қалби”га ўзгача таъсир этибди. Фарзандталабларнинг Худога муножоти, айниқса, Сўфий Оллоҳёр ҳақидаги саҳифалардан уларнинг юраклари қўрқувга тушибди. Қиссага “диний-мистик” асар деган баҳо берилди. Ҳолбуки, динга даъват, мистика, айниқса тушкунлик руҳи асарда йўқ эди. Динга қарши кураш авж олган паллада Сўфий Оллоҳёр номини тилга олишнинг ўзиёқ нотўғри хулоса чиқаришга асос бўлган эди. Қуйи оқимда бошланган гап-сўзлар катта баҳсга айланиб, Марказқўмга қадар чиқди. Баҳсни Р.Абдуллаеванинг ўзи бошқарди. Каминани ажаблантирган ҳолат шу бўлдики, юқори идора аввалига асарни савалади, кейин эса маълум қисқартиришлардан кейин мақтай бошлади. Тушунишимча, ёзувчи ва унинг асари икки тўлқин кураши орасига тушиб қолган эди. Хайрли томони шу бўлдики, асар нашр этилди, яхши баҳо олди. Ёзувчи Москвадаги икки йиллик Олий адабиёт ўқишига юборилди, СССР ёзувчиларининг съездига делегат бўлди…
Тоғай Мурод асарларига расмий муҳаррирлик қилмаган бўлсам-да, унинг ижодини қадрлар эдим. Дастлабки ҳикояларини радиода ишлаб юрганимда ўқиганман. Тоғай Мурод хориждаги ватандошларга радиоэшиттириш тайёрларди. Бир куни “Улоқ” деган ҳикоя ёзиб, дўстларга ўқиб бердим. Даврада Эркин Аъзам ҳам бор эди. Менга нотаниш бўлган йигитни “Тоғаймурод Менгноров” деб таништирди. Тоғай Мурод ўша куни бир неча ҳикояларини ўқишга берди. Қизиқиб ўқидим, эфирга бериш учун режалаштирдим. Бундан Эркин сал оғрингандай бўлди. Нодир Норматов, Усмон Азим, Эркин Аъзам, Тоғай Мурод Сурхондарёдан келиб бирга ўқишган бўлишса ҳам, назаримда ораларида қалин дўстлик йўқдай туюлди. Мен дўстлик ўрнига ўзаро ғараз мавжуд, деб нотўғри гумон қилган эканман. Тоғай Мурод “От кишнаган оқшом”ни “Ёшлик”ка берганини эшитиб, “Эркин қандай қабул қилар экан?” деб бир оз ташвишланган ҳам эдим. Тенгдошлар орасида ҳеч қандай ғараз йўқлиги ўшанда билинди. Тоғай Муроднинг “ажойиб асар” ёзганини мен Эркин Аъзамдан эшитдим. Кейин журналда ўқиб, у берган юқори баҳога қўшилдим. Зиммамга юкланган вазифага кўра, наср муҳокамасида бу асар ҳақида ҳам гапиришга тўғри келган эди.
“Биродарлар кўргилик-да, кўргилик!”
Асар шу жумла билан бошланади.
“Биродарлар, сиз сўраманг, мен айтмай… Оти Момосулув эмиш. Юзлари кулчадайми, сулувми. Кўзлари қорами ё зиғирнинг гулидайми? Қошлари қуюқми, қуюқ бўлса қайрилмами? Кечасида кўрмас эмишман, билмас эмишман”.
Бу жумлалар халқ достонларини, бахшиларнинг ҳикояларини эслатмайдими? Эслатади. Худди шу жумлалар кишини банди қилиб олади. Асар қаҳрамонига қўшиб, даштга етаклайди. Кенг даштда мусаффо ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас оласиз. Умрингизда отга яқинлашмаган бўлсангиз ҳам, улоқ чопасиз. Кўнглида кири йўқ, содда, аммо мард одамлар билан давра қурасиз. Тоғай Мурод бир неча йил илгари эълон қилган дастлабки қиссасида ҳам, ҳикояларида ҳам оддий халқ ҳаётини яхши билишини, урф-одатлар билимдони эканини намойиш қилган эди. Унинг “Юлдузлар мангу ёнади” деган илк қиссаси кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Агар икки асар солиштирилса, Тоғай Муроднинг кескин равишда ўсгани сезилади. У ҳеч қайси тенгдошига хос бўлмаган бир услубда ёзади.
Асар қаҳрамони Зиёдулла чавандоз, оддий чўпон, одамларнинг қўйини боқади. Ҳеч қандай мукофотию унвони йўқ. У фавқулодда қаҳрамонлик кўрсатмайди. Агар шундай бўлганда асар табиийлигини йўқотарди, бошқа воқеаларга ҳам ишонч йўқоларди. Зиёдулла бир деҳқоннинг ноҳақ калтакланишига бошқалар каби бефарқ қараб турмайди. Унинг ёнини олади. Жиноятчиларни тутишда ёрдам беради ва асар охирида бунинг жабрини кўради.
Тоғай Мурод Зиёдулла чавандознинг хатти-ҳаракатлари орқали унинг ички дунёсини оча олган. Тоғайнинг афзалликлари ҳақида кўп гапириш мумкин. Бу – ёш ёзувчи етуклик даражасига етиб бўлди, деган гап эмас. Мен унинг афзалликларига тўхталганимда яширин имкониятларини ҳам кўзда тутдим. Тоғайнинг ижодида бир қатор камчиликлар борки, буларни айтмай иложи йўқ. Аввало у билимини намойиш қилишга уринади. Тўплаган маълумотлари асарга сиғадими, йўқми унга барибир. Мен ёзувчининг услубида бахшиларнинг нафаси бор, дедим. Лекин бу оҳангнинг бир хилда боришига диққат қилмайди. Баъзан оҳанг бузилиб, оддий сўз тизмаларига айланади. Асар қаҳрамонлари жонли бўлса ҳам, айрим ҳаракатлари ўқувчини ишонтирмайди. Асарни китоб ҳолда нашрга тайёрлашда хотимасидаги сунъийликни ўйлаб кўриш керак. Чунки асарда ўқувчи аввалдан таниш воқеаларга ҳам учрайди. Қиссанинг хотимаси менга Шукшиннинг “Қизил калина”сига ўхшагандай туюлди. Зиёдулла чавандознинг отни беркитиб қўйиши, Қатрон кал билан бўлган зиддиятлари бошқирд ёзувчиси Ахиёр Ҳакимовнинг “Пойга” қиссасини эсга солди. Асардаги мухбир эса “Асрни қаритган кун”даги Собитга ўхшайди. Мен ёзувчи дўстим булардан фойдаланган, демоқчи эмасман. Тоғай Мурод Ахиёр Ҳакимовни ўқимагандир, бу асарини Чингиз Айтматовдан олдинроқ ёзгандир. Лекин уларни ўқигач, ўхшашликлардан қочса яхши бўларди…”
Тоғай Мурод мени тўғри тушунди, танқиддан ранжимади. Қалин дўстлигимиз давом этди. Унинг табиати нозик эди, бировдан ранжиса гаплашмай қўя қоларди. Бизнинг орамизда ундай гап бўлмади. Биз бир-бировимизга “тосдош” деб мурожаат қилсак, кўпчилик ажабланарди. Сабабини сўраганларга кулиб қўя қолардик. Сал ноқулай бўлса-да, сизга айтсам бўлади. Бир куни у билан ҳаммомда учрашиб қолдик. Тос етарли эмас экан, икки киши бир тосдан фойдаландик. Шунда мен “Бирга ўқиганлар “синфдош” дейилади, биз энди “тосдош” бўлдик”, деб ҳазил қилган эдим. Тоғай Мурод Москвада ўқиётганида бир неча марта зиёрат қилдим. Ўқишдан безор эди. Чунки дунё адабиётини у ердаги ўқитувчилардан зиёда биларди. Ёшларга ўзи дарс бериш даражасида эди. Лекин дарсларга бир бориб, бир бормай, бу ердаги бўш вақтдан фойдаланаётганини, Сетон-Томпсонни таржима қилишни бошлаганини айтди. Бир сафар борганимда ёзувчилар съездига делегат қилиб сайланганини айтиб, “Мен у ерда нима қиламан, икки уч кунлик вақтимни бекорга совураманми?” – деди.
– Бормасангиз, сизни нотўғри тушунишади. Боринг, яхши ёзувчилар билан кўришасиз. Имкон топилса, Распутин ёки Астафьев билан танишсангиз яхши бўларди. Уларнинг ижоддаги руҳлари сизга яқин, – дедим.
Тоғай Мурод мартабаларга ҳавас қилмаган. Унинг бойлиги қалам билан қоғоз ва қалбидан тўкиладиган туйғулар оқими эди. Тоғай Мурод тоғамга қўшни эди, биринчи қаватда яшарди. Ажратилган ерда кетмон чопишини тоғам кузатган эканлар, “Азамат йигит экан, ерни яхши қўрган хор бўлмайди”, деган эдилар. Тоғам вафот этганларида ярим кечада чиқди. Дадажонимнинг жанозаларида ёнимда турди. Кейинги маросимларда ҳам чин дўстнинг ўрни бўш қолмади. “Ёшлик” журналида иш бошлаган кунимоқ унга қўнғироқ қилиб, янги асарни бегона қилмаслигини сўрадим. “Тоҳир ака, рубойи ёзяпман, рубойи!” деди ҳаяжонланиб. “Рубойи” – қисқа ҳажмга бир олам маънони сингдиряпман, дегани эди. Чиндан ҳам “Отамдан қолган далалар” романини насрдаги рубоий деб сифатласак бўлар. Роман ёзиб тугатилганда мен “Ёшлик”дан кетиб, “Шарқ юлдузи”да иш бошлаган эдим. Яна Тоғай Муродга қўнғироқ қилиб “Туғилган асарни йўргаклаш манзилини ўзгартирасиз”, дедим.
– Йўқ, – деди у кескин оҳангда, – “Ёшлик”ни ният қилганман, ниятга вафо қиламан.
Тоғайнинг қайсарлигини билардим, аммо гапидаги норозилик оҳанги сабаби кейинроқ маълум бўлди. “Шарқ юлдузи”дагилар уни бир оз ранжитишган экан, кечирмади. Унинг вафоти ҳақидаги нохуш хабарни шифохонада эшитдим. Шифоланиш вақти тугаб, нарсаларимни йиғиштираётганимда палатага Одил Ёқубов кириб келдилар. Кайфиятлари синиқ кўринди. “Ҳа, кетмоқчимисиз?” – дедилар.
– Устоз, сизнинг келишингиздан олдин рухсат беришганди, – дедим хижолат бўлиб. Менинг бу изоҳимга эътибор бермай хўрсиндилар-да:
– Тоғайни ҳам қўйиб келяпмиз, – дедилар. Кейин фожиани қисқа тарзда баён этдилар…
Тоғай Мурод биринчи қиссасини “Юлдузлар мангу ёнади” деб номлаган эди. Унинг ўзи адабиёт осмонида мангу ёнувчи юлдузга айланди.
* * *
“Шарқ юлдузи” ҳар ойда бир марта, 21 босма табоқ –205 саҳифада, 215 минг нусхада чиқарди. Ҳар турли ташкилий ишлардан ортиб 450-500 саҳифа қўлёзма ўқишга мажбур эдим. Бундан ташқари наср кенгаши муҳокамасига қўйилган романларнинг қўлёзмалари қаторида бўлим нашрга яроқсиз деб қайтариб берган асарларнинг муаллифлари шикоятларига жавоб бериш учун уларни ҳам ўқирдим. Кунлик ишларни тўғри режалаштирганим сабабли барчасига улгурардим. Бир куни Зоҳир Аълам хонамга кириб, “Сизга ҳавасим келади”, дедилар.
– Нега? – дедим.
– Кун бўйи ишингизни бажариб, уйингизга кетасиз, уйда ижодингизни ҳам қиласиз, – дедилар.
– Сиз ҳам шундай қилинг, ким тўсқинлик қиляпти?
– Биласиз-ку…
Ҳа, биламан. Тушлик таом пайтида бошланган “юзта-юзта” баъзан кечгача давом этарди. Қайсидир мажлисда Сарвар Азимов: “Дунё адабиётидаги улуғларнинг 50 ҳатто 100 жилдли китоблари нашр этилган. Бизда Ойбек аканинг асарлари вариантлари билан тўпланганда зўрға 20 жилдга етди. Бунинг сабаби нимада, биласизлар-ми? – дедилар-да, саволларига ўзлари жавоб бердилар: – бунинг асосий сабаби бизда “дастурхонизм” касали бор. Бу касал ёзувчининг вақтини, демак, умрини еб адо этади”.
Бу гапда жон бор эди. Ҳамонки вақт хусусида сўз очилди, азиз ёшларимиз учун бу ҳақда ҳам сўз айтишга ижозат беринг:
Лаҳза…Туғилади кимдир, кимдир берар жон.Демак, ҳаёт шу лаҳзада этади давом.
Бўш вақтингиз борми?
Буткул замину осмон уйқуга чўмган дамда, бўронлар тиниб, тўфонлар тўхтаган пайтда ҳам вақт зийрак туради. У ҳамиша уйғоқ.
Олтиндан қадрли, жавҳардан қимматли бир нарса бор бўлса, у ҳам – вақтдир. Вақт бизнинг ҳар турли ишни қилишга кучимиз етадиган фурсатдир. Бир соатнинг бекор ўтгани – ихтиёримизда бўлган фурсатнинг зое бўлгани демак. Ҳолбуки, шу фурсат ичида фойдали ишларга ихтиёримиз бор эди. Фурсатни ғанимат билган одам вақтдан унумли фойдалана олади. Вақт қадрини билган одам ҳавойи нафсдан тийила олади. Вақт қадрини билган одам бахтли бўлишга ҳақлидир. Ақлсизларнинг энг ярамас кўриниши – вақтни бекорга ўтказишдир. Шоир айтганидек:
Гарчи пиёдамиз, гарчи отлиқмиз,
Ким яхши, ким эса ёмонотлиқмиз.
Қанчалар фурсатни ўтказдик зое,
Худонинг олдида кўп уётлиқмиз.
Миқдори кўп нарса қадр-қийматини тез йўқотади. Аммо ақл эгалари учун вақт сира қадрсизланмайди. Юз йил қанча қимматга эга бўлса, соат ёки дақиқанинг қадри ҳам шу кабидир. Вақт одамига қараб энг қиммат ёки энг арзон матоҳдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом дедилар: “Икки нарса борки, кўпчилик уларнинг қадрига етмайди: бири – соғлик, иккинчиси – бўш вақт”. Киши умрининг ҳамма соатларини, ҳатто дақиқаларини фойдали ва соғлиққа мувофиқ машғулот билан тўлдириши керак, токи қайғу-алам бош суқадиган бўш жой қолмасин.
Одамларнинг ўзаро муомалаларида “бўш вақт” деган ибора тез-тез тилга олинади. Мана бу узрхоҳликларни сиз ҳам эшитгандирсиз?
“Узр, биродар, сизни йўқлаш кўнглимда бор-у, аммо сира бўш вақтим бўлмади”.
“Сиз айтган ишни бажариб қўйишга ҳеч бўш вақтим бўлмади, айбга буюрмайсиз”.
“Тонг отади… бир пасда кеч ҳам киради. Китобга қарай десам, бўш вақт йўқ…”
Вақтим йўқ, дегувчилар – вақтнинг қулидирлар. “Вақтим йўқ”, дейиш бир баҳона. Бу баҳона билан одам бошқаларни эмас, аввало ўзини алдайди. Бир кеча-кундузда одам ихтиёрида йигирма тўрт соат вақт бор. Шундан саккиз соати уйқуга ажратилса, демак, ўн олти соатга ўзгалар эмас, ўзимиз ҳукмронмиз. Ана шу йигирма тўрт соатни тақсимлаш учун Яратгувчи томонидан ақл, фаросат, зеҳн… неъматлари ҳам берилган. Одам вақтга қул эмас, хожа бўлмоғи керак. Ўз вақтимизни қандай совуриш ўз ихтиёримизда. “Совуриш” сўзига атайин урғу бердим. Чунки айрим одамлар кўп вақтларини айнан совурадилар. Биз беҳуда ишларга кўп маҳлиё бўламиз-да, зарур юмушларга келганда “вақтимиз етишмайди”, деб нолишни бошлаймиз. Ҳатто эрталабдан кечгача чойхонада қарта ўйнаб ўтирувчилар ҳам шундай деб ҳасрат қиладилар. Қиёматда вақтимизни беҳуда сарф қилганимиз учун ҳам ҳисоб берсак керак, валлоҳи аълам?
Битта ноннинг ярмини еб, ярмини ташлаб юборсангиз – исроф. Бу қилиғингизни кўрган баъзи одамлар танбеҳ беради, баъзилари эса сиздан нафратланади, тўғрими? Хўш, вақт-чи? Вақтнинг исрофи борми? Сиз ўзингизга шу саволни бериб кўрганмисиз?
Менимча, вақтнинг ҳам исрофи бор. Вақтнинг исрофи – умрнинг исрофи, демак. Умр беҳуда сарф бўлдими, демак, одам яхши ишларни амалга ошира олмабди. Одамлар учун, жамият учун фойда бермабди. Вақтнинг исрофи – мевасиз дарахт каби умр кечиришдир.
Вақтдан фойдаланишни ҳамма ўзича белгилайди. Биров китоб ўқишни яхши кўрса, биров чойхонада шахмат ўйнашни хушлайди. Яна бошқаси спортдан баҳра олади. Шундай аёллар борки, кунда беш маҳал бешик тўйи бўлса, ҳаммасига иштирок этишга шошилади. Шундай эрлар борки, ҳар ярим соатда бир тўй оши бўлса, барчасига боришга улгуради. Бугунни тўйларга сарфлаб, эртани тўй таассуротларини баён қилишга бағишлайди. Шубҳасизки, бу таассуротлар холис эмас, ғийбат, ҳасад, ҳатто иғво билан тўйинтирилган бўлади. “Элакка чиққан хотиннинг эллик оғиз гапи бор”, деганларидай кўчада қўшнилар билан соатлаб валақлашадиганларни ҳам кўп учратамиз.
“Вақт тез ўтади” деймиз кўп ҳолларда. Хоҳ шод-хуррамлик ва қувонч билан ўтсин, хоҳ қийин, машаққатли бўлсин, у булут тезлигида юриб, шамол тезлигида ўтаверади. Бизга хурсандчилигимиз кунлари бирмунча тезроқ, қайғули кунларимиз секин ва оғир ўтаётгандек туюлади. Лекин инсоннинг ўзига шундай туюлади, холос.
Ўтган вақтнинг ортга қайтмаслиги ва ўрнига алмашмаслигини англамайдиган одам йўқ. Ҳар бир кун ўз якунини, ҳар бир соат ҳам ўз ниҳоясини топади. Кунни, соатни ҳатто лаҳзани қайтариш ёки бошқаси билан алмаштиришга ҳеч ким уриниб ҳам кўрмаган. Отилган ўқ изига қайтмаганидек, умр ҳам изига қайтмайди. Ўтган вақтнинг ўрнини келаётгани босмайди. Бой берилган вақти ўрнини тўлдириб, хотиржам яшаётган инсонни ким кўрган? Ортга қайтиш, вақт чизиғидан илгарилаш ёки ўтмишга саёҳат қилиш фақат фантастик асарлардагина учрайди. Аслида эса бу ақлга сиғадиган нарса эмас. Ҳасан Басрийнинг ажойиб ҳикматлари бор: “Ҳар бир тонг ёришадиган кун борки, инсон боласига нидо қилади: “Мен янги яратилдим. Ишларингга шоҳидман, мендан фойдаланиб қол. Кетар эканман, Қиёматга қадар қайтмайман”. Кўп кексаларни учратамиз, улар ёшлик даврларининг яна бир бора қайтишини орзу қиладилар. Лекин бу амалга ошмайдиган орзу холос. Бунақанги орзуларнинг озию кўпи ҳеч нарсани ўзгартирмайди.
Аҳли дониш “Манфурликнинг аломати вақтни зое кетказишдир”, деб таъкидлашган. Ва яна: “Вақт бир қиличдир, гар сен уни кесмасанг, у сени кесади!” дейишган. Демак, бу қиличга ҳоким бўлиш учун моҳирлик талаб этилади. Бу қилични яхши ишлата билиш, аҳамиятли нарсаларни олиб, аҳамиятсизларини четда қолдириш лозим. Бу эса ҳақиқатни англаб етган ақл билан бўлади. Вақтни қадрлашнинг энг синалган йўли – яхши ишларни бажаришга интилиш ва шошилишдир.
Биз бу фазилатни эгаллашда вақтнинг қадрига ета олган олимлар ҳаётидан ўрнак олсак арзийди. Бундай олимлар ўзлари турган мавқедан яна ҳам гўзалроқ даражага интилганлар. Шу жиҳатдан уларнинг бугуни кечасидан, эртаси бугунидан афзалроқ бўлар эди. Бу хусусда улардан бири: “Кимнинг бугуни кечаги каби бўлса, у алдангандир ва кимнинг бугуни кечагисидан ёмон бўлса, у лаънатлангандир”, деган эди. Улар вақтларини манфаатли илм таҳсил қилишга, фойдали ишларга ё нафс тарбияси ёки бошқаларга фойда келтиришга ишлатишларидан ташқари, бирор кунни ёки ярим кунни ва ё қисқа муддатни бўлсин, беҳуда сарф этишдан қизғанишар эди. Токи ўзлари сезмай қолиб, умрлари бўш ишларга сарф бўлиб, гарду ғуборга, кўпикка айланиб кетмасин. Ўтаётган ҳар бир кунни ҳам ўзи учун ва ҳам атрофидагилар учун илм, маърифат, иймон ҳамда эзгуликларни юксалтиришда фойдаланмасликни улар Аллоҳ таоло неъматига ношукурлик ва вақтга ҳурматсизлик бўлади, деб ҳисоблашар эди.
Фалак ва Ер тинмай айланар экан, инсонлар ҳолати ҳам енгиллик ва қийинчилик, бойлик ва камбағаллик, саломатлик ва хасталик, хурсандчилик ва маҳзунлик, машаққат ва роҳат орасида айланаверади. Булар ақли бор кимсаларга бир дарс, қалби борларга панду насиҳат, басират эгаларига ибратдир. Аммо ақл эгалари тафаккурдан, қалб эгалари шуурдан, басират эгалари ибрат назаридан маҳрум бўлсалар, улар учун кеча ва кундузнинг алмашинуви ҳеч қандай маъно касб этмайди. Вақт – олий муаллимдир. Аммо, не кўргиликки, у барча ўқувчиларини ҳалок қилади. Ҳа, вақт чиндан ҳам кескир қиличдир, у ҳеч нарсага қарамай ўтади-кетади. Инсон эса вой-войлаганича қолаверади. Бизнинг “вақт ўтмоқда” деган ўйимизда андак хатолик бор, вақт эмас, ўзимиз ўтиб боряпмиз.
Азизлар, агар бир одам вақтнинг шариф ва азиз бир нарса эканини ҳис эта олса, ишонингки, у одам умрини роҳат ва фароғатда кечиради. Вақт нақд олтиндир, уни зое этганларнинг бозор айланиб, бўш қўл билан қайтганлардан фарқлари йўқдир, бунга диққат қилиш шарт. “Молу пулинг кетса кетсин, бироқ, вақтинг зое кетмасин” дейдилар. Вақтни фойдали ишларга сарф этишни билган киши молу дунёсини ҳам керакли жойларга сарфлашни билади ва саодат йўлида унга тўсиқлар бўлмайди.
Саёз асарларнинг туғилишлари тарихидан
Жиндек чекинишга якун ясаб, мавзуга қайта қолай.
Маҳоратли ёзувчилардан тортиб то эндигина биринчи ҳикоясини ёзган ҳаваскоргача асарини “Шарқ юлудузи”да босилишини истайдики, камина ҳам шуларнинг биридир. Аммо бунинг учун “бадиий асар талаби” деган тўсиқдан ўта олиш керак. Наср, назм, танқид ва адабиётшунослик, публицистика бўлимида ишловчи ҳамкасбларимни қийнайдиган нарса – бўш асарларни муаллифига қайтариб бериш азоби эди. Кимлардир бўлимнинг эътирозини тўғри қабул қилиб, индамай кетарди. Баъзилар эса шикоятбозликни, ҳатто жанжални бошлаб юборардилар. Ана шунда камина ҳам бу жанжалларга аралашишга мажбур бўлардим. Бўлим муҳаррирларининг фикрлари холис бўларди. Лекин норозилик давом этаверарди. “Мени кўролмайсанлар!” деб даъво қилувчилар ҳам учраб турарди. Айрим ижодкорлар урушда иштирок этганини ёки бошқа хизматини пеш қила бошларди. Шулардан бири уруш ҳақида роман ёзибди. Ёзувчилар уюшмасидаги наср кенгаши муҳокамасида салбий баҳо олса-да, “Журналда босилиши шарт, мен уруш иштирокчисиман”, деб талаб қилди.
– Уруш иштирокчиси экансиз, жанг манзараларини акс эттирувчи суратлар чизсангиз бўлмайдими? – дедим.
– Сурат чизишни билмайман, – деди у.
– Сурат чизишни билмаслигингизни тан олганингиз яхши, лекин роман ёзишни биласиз, деб ким айтди сизга?
Бу гапдан кейин мени сўка-сўка чиқиб кетди. Таҳририят қаттиқ тургач, уюшма раҳбарларига чиқишарди. Улар бундан безор бўлиб, “Уч-тўрт бобини бериб бўлса ҳам тинчитинглар”, деб илтимос қилишарди. Шулардан бирини “тинчитиш” учун нашр этганимизда техник муҳаррир қўллари қалтираб, менга журналнинг янги сонини узатди-да:
– Билмай қолибман, асардан олтмиш бет тушиб қолибди, – деди.
– Қўрқманг, бировга ҳам индаманг, бу асардан олти юз бет тушиб қолса ҳам ҳеч ким билмайди, – деб кўнглини хотиржам қилдим. Асаридан 60 саҳифа тушиб қолганини ёзувчининг ўзи ҳам сезмаганидан кейин, савия даражасини тасаввур қилаверинг. Мен катта-кичик раҳбарлар билан муросага борсам ҳам, асарларнинг муҳокамасида муросага йўл бермас эдим. 1982 йилда нашр этилган насрий асарлар муҳокамасида Эътибор Охунова ва Абдуғаффор Убайдуллаевнинг романлари мисолида бундай ҳолатни айтдим.
“Уруш ҳақидаги икки асарни фақат афсус билан тилга олиш мумкин. Шунинг биринчиси Э.Охунованинг “Олтин бешик” романи. “Шарқ юлдузи”да жанри кўрсатилмай, “асардан боблар” деб берилди. “Роман” тарзида ёзилган, наср кенгашида муҳокама қилинган бу асар қаттиқ танқидга учраган эди. Уруш ҳақида ёзадиган одам ҳеч бўлмаса уруш азобларини ҳис қилиб кўриши керак. “Олтин бешик” қуруқ гап, ғоят камбағал тасвирлардан иборат эди. Муҳокамада асар жиддий қайта ишланиши, жиддий қисқартирилиши, юз саҳифа атрофидаги қисса ҳолига келтирилиши айтилганди. Ёзувчи асарни енгил-елпи қисқартирган бўлиб, журналга тавсия қилган. Орага “жонкуяр устозлар” тушиб, асар чиқа бошлаган. Унинг биринчи қисми берилди-ю, қолгани тўхтатилди. Чунки уни бадиий асар деб эълон қилиниши адабиёт учун уят эди. Ана шу асар учун жон куйдирган ўртоқлар уни ўқиб чиқишганми ё йўқми, билмайман. Лекин унинг эълон қилиниши учун жон куйдирганлари афсусли ҳолдир.
Бадиийликдан анча узоқ, “асардан боблар” деган изоҳ билан берилган иккинчи “роман” А.Убайдуллаев қаламига мансуб. “Баҳорнинг ўн етти дақиқаси” фильмига беўхшов тақлид бўлган бу асарнинг боблариэълон қилиниши билан адабиётимиз хазинаси бойидими ё ўқувчи бирон ҳикмат ўргандими? Шу пайтгача ҳеч бир асар фашистларни бу қадар гўл қилиб тасвирламаган эди. Асарга эмас, ёзувчига бўлган муносабатдан келиб чиқиб орага тушишлар бундан олдин ҳам бўлган, энди ҳам давом этаверса керак. Мен “асардан боблар” деган изоҳни жанрга айланиб қолишидан чўчийман. Шу масалада бир таклифим бор: таҳририят маъқулламаган асарларни “эълон қилинг” деб тиқилинч қилувчи ўртоқлар “Асарни Фалончиев тавсия этган” деб изоҳ беришимизга рози бўлсинлар. Бу таклифни сизларга айтяпман-у, лекин фалончиевларнинг рози бўлишларига ишончим йўқроқ…”
Ёшлар билан баҳслашиш мумкин эди. Лекин номдор ёки амалдор ёзувчининг заиф асарини қайтариб бериш мушкул муаммо эди. Назм бўлимини бошқарган Абдулла Орипов (кейинроқ Ҳусниддин Шарипов) ҳам бу борада қийналишарди. Кўзни чирт юмиб, бўш асарга имзо чекиб берсалар, тинчгина юраверардилар, лекин ўқувчини алдашга виждонлари йўл бермасди. Рамз Бобожоннинг туркум шеърлари тақдири шундай бўлди. “Тўхтатишнинг иложи йўқ, ҳеч бўлмаса таҳрир қилайлик”, деган тўхтамга келдик. Бу иш Шукур Қурбонга юклатилди. Унвонли шоирнинг мартабаси баланд бўлгани билан ёзганлари нўноқ ҳаваскорнинг ижодини эслатарди. Таҳрирдан кейин бир оз шеърга ўхшади. Лекин шоир акамиз сатрларига қалам урилганидан қаттиқ ранжидилар, “Биронта нуқтасига ҳам қўл урмайсанлар”, деб талаб қилдилар. Сарвар Азимов келиб, бу шоир вазифаларидан бўшаганларидан кейин аламзада эдилар. Шеърларини тўхтатишни “кўролмаслик”, деб баҳоладилар. Наилож! Туркум шеърлар ўзлари хоҳлагандек чиқди, шеърхонлардан раҳмат эшитдиларми ё йўқми, буниси менга қоронғи.
Ўзбекистон халқ шоири Шукруллонинг “Жавоҳирот сандиғи” асари ҳам озгина жанжалга сабаб бўлди. Бу “Жавоҳирлар сандиғи” асарининг давоми, иккинчи китоби эди. Мавзу ва услуб жиҳатидан Расул Ҳамзатовнинг “Доғистоним” асарини эслатарди. Ёзувчи қадим ҳикматлардан унумли фойдаланиб, ўзининг ҳаёт фалсафаси билан уйғунлаштиришга интилган эди. Биринчи китоб ҳатто СССР Давлат мукофотига ҳам тавсия этилган, аммо сазовор бўла олмаганди. Иккинчи китоб қўлёзмаси билан танишган Мурод Хидир асарни журналда бериб бўлмайди, деган хулосага келди. Бошқалар ҳам ўқишди. Ҳамманинг фикри бир жойдан чиқди. Лекин улар Шукруллонинг индамай кетадиганлардан эмаслигини, Сарвар Азимов билан қалин дўст эканликларини ҳисобга олишмади. Сарвар Азимовга киравериб, шикоят қилаверганларидан сўнг, у киши мени чақиртирдилар-да, “Менга раҳм қилинглар, асарни ўзингиз тайёрланг”, дедилар. Бусиз ҳам ишим бошимдан ортиб ётганига қарамай, “хўп” дейишдан ўзга чорам йўқ эди. Асарни таҳрирга олганимни эшитиб, шоир акамиз эртасигаёқ келдилар.
– Биринчи китоб тоғангга ёққан. Мирза акам нозик дидли одам-да, китобнинг номидаги хатони дарров айтдилар. “Жавоҳир” сўзи кўпликни англатади, яна “лар” қўшганингиз нимаси?” дедилар. Шунинг учун иккинчи китобни “Жавоҳирот сандиғи” деб атадим, – дедилар.
– Барибир яна хато қилибсиз, – дедим,– грамматика қоидасида “от” қўшимчаси ҳам кўпликни билдиради. Бирликда “жавҳар” бўлади.
– Сен бунақа майдалашма. “Жавоҳирот”да шоирона пафос бор. Грамматикангни қўя тур. Шеъриятнинг қоидасини сендан кўра мен яхшироқ биламан!
Агар ёзилган асарни янги қурилган иморатга қиёсласам, Мурод Хидир талабига кўра, иморатнинг пойдевори мустаҳкам эмас, ғиштлар қинғир-қийшиқ терилган, томидан чакка ҳам ўтиб туради. Мен таҳрир қилганим билан иморат кўркам саройга айланиб қолмайди. Нари борса, юпқа сувоқ қила оламан. Шундай бўлди ҳам. Асар журналда босилди, менинг бошимга эса маломатлар ёғилди.
Шундай воқеа Кибриё Қаҳҳорованинг Абдулла Қаҳҳор ҳаёти ва ижодига бағишланган хотира китоблари атрофида юз берди. Кибриё опа билимдон аёл эдилар. Айниқса, форс мумтоз адабиётини яхши таҳлил қила олардилар. Абдулла Қаҳҳор ҳақидаги хотиралари қизиқарли ва жонли эди. Ёзувчининг феъл-атворини тасвир этиш жараёнида кинояли гапларини ўринли келтиргандилар. Лекин тил масаласида жиддий қусурлар мавжуд эди. “Уруш ва тинчлик” романини ўзбекчага таржима қилган ижодкорнинг хотира китоби ғализ тилда ёзилгани мени таажжублантирди. Кейин “Абдулла Қаҳҳор таржимани қайта ёзиш даражасида таҳрир қилиб бергандирлар”, деган фикр уйғонди. Бўлим бу асарни ҳам қабул қилмади. Таҳририятда бошланган келишмовчилик жанжал тусини олиб, яна Сарвар Азимовга чиқди. Яна бу иш каминанинг зиммасига юкланди. Яна одобли бола каби итоат этдим. Аслида бўлимнинг ишига аралашувим тўғри эмасди. Лекин шундай қилинмаса, жанжал тўхтамасди. Мен муҳаррир эмас, икки урушқоқ мамлакатни муросага келтирувчи дипломат эдим гўё. “Ёмон даллол ёнидан” деганларидай, бу муроса учун кўп кунларимни, кўз нуримни қурбон қилиб меҳнат қилишим зарур эди. Қўлёзма билан танишиб чиққач, “Опа, устоз кўп ёш ижодкорларга меҳрибонлик қилган эдилар. Ўткир Ҳошимов, Учқун Назаров, Дадахон Нурий каби ёзувчиларга оқ йўл тилагандилар. Озод Шарафиддинов энг яқин шогирдларидан эди, улар кўриб беришмадими?”– деб сўрадим.
– Улар катта ёзувчи бўлиб кетишган, илтимос қилувдим, ўқиб ҳам кўришмади, вақтлари йўқ экан, – дедилар.
Опа билан биргаликда ишлаб, асарни таҳрирдан чиқардим. Опа кўп билиш баробарида кўп гапирардилар. Менга таҳрир жараёнидан кўра шуниси қийинчилик туғдирди. Шунга қарамай, опадан кўп нарсалар ўргандим. Кибриё опа форс тилини яхши билганлари сабабли хотира китобида шарқ ҳикматларидан кўп фойдаланган эдилар, бу мен учун бойлик бўлиб, “вақти келганда асқотиб қолар”, деган ниятда аллақанчасини кундалик дафтаримга кўчириб олдим. Мана, шулардан айримлари:
Агарчи пеши хирадманд хомуши адаб аст
Ба вақти маслаҳат он беҳки дар сухан кўшт.
Ду чиз тирайи ақл аст: дам фуру бастаан
Ба вақти гуфтану гуфтан ба вақти хомўши
(Шайх Саъдийдан).
(Гарчи улуғ зотлар ҳузурида одоб сақлаб жим туриш яхши бўлса ҳам, маслаҳат чоғида гапириш керак. Чунки икки нарса ақлнинг занглаганини кўрсатади. Бири – хонаси келганда миқ этмай ўтириш, иккинчиси – ҳамма жим ўтирганда валақлаш).
Ҳар каски сафар кунад писандида шавад
Дар айни камол нури ҳар дида шавад.
Покизатар аз об набошад чизе
Якжохи кунад мақом чандида шавад
(Шайх Саъдийдан).
(Кимки сафар қилса, обрў-эътибори ошар. Камолга етганда ҳамманинг иззат-эътиборига сазовор бўлар. Дунёда сувдан тозароқ нарса йўқ, лек шуни билки, сув ҳам шунча тозалиги билан бир жойда турса бузилар).
Ман мўйи хешро на аз он мекунам сиёҳ,
То боз нав жавон шаваму нав кунам гуноҳ.
Чун жомаҳо ба вақти мусибан сияҳ кунанд
Ман мўй аз мусибати пирий кунам сиёҳ
(Абу Абдуллоҳ Рудакийдан).
(Мен сочимни ёшариб, қайтадан гуноҳ қилиш учун қорайтираётганим йўқ. Қора тўн мотам рамзи бўлгани сингари мен сочимни ўтиб кетган ёшлигимга мотам тутиб қорайтираман).
Алоё айюҳал соқи адир кавсан ва но вилҳо
Ки ишқ осон намуд аввал вале афтод мушкилҳо.
(Эй соқий, косни (шароб тўла қадаҳни) бирма-бир ҳаммага тут. Ёрнинг ишқи бошда жўндай кўринган эди. Аммо оқибатда кўп азоб-уқубатларга гирифтор қилди).
Ба бўйи нофаи кохар сабо з-он турра бикшояд
Зи тоби жадди мушкинаш чу хун афтод дар дилҳо.
(Тонг шамоли ёрнинг зулфидан эсаётган хушбўй ҳидни келтириб юракни қонга тўлдирди).
Ба май сажжода рангин кун гарат пири муғон гўяд
Ки солик бехабар набвад зи рохиу расми манзилҳо.
(Агар пири муғон (бодафуруш) жойнамозни майга ботир деса, сўзини рад қилма, чунки майфуруш майхўрларнинг хулқу атворини яхши билади (Хўжа Ҳофиздан).
Тасаввуф илмидан бехабар бўлганим сабабли ўша пайтда бу байтларни айнан тушинган эдим. Агар сатрларга яширинган асл маъноларни англамасак, барчасини айнан тушинсак, айниқса охирги байтдаги жойнамозни майга ботириш ҳақидаги гап ғоят аҳмақона бўлиб туюлади. “Ёрнинг ишқи” Аллоҳга бўлган ишқ эканини ҳам анча кейин англадим. Атоқли олимларимиздан Алийбек Рустамий дейдиларким: “Камина бирламчи манбаларни мутолаа қилгунга қадар Умар Ҳайёмни майпарастларнинг пири деб ўйлаганман. Абдураҳмон Жомийнинг “Эй бодапарастан дар-и майхона кужаст?” (Эй майпарастлар, майхонананинг эшиги қаерда?), Навоийнинг “Кофирмен агар қилмасам ошом қадаҳ” каби сатрларини ўқиганимда булар ичкиликдан парҳез қилмаган экан, деган фикрда бўлганман. Ваҳоланки, у азизлар жамиятни амалпарастлик, нафспарастлик, хурофот, уруғчилик ва диний таассуб натижасида келиб чиқадиган иллатлардан даволашга ҳаракат қилган ҳақпарастлар экан. Жамиятни соғломлаштириш фикрида бўлган улуғ боболаримиз ичкилик, гиёҳвандликнинг ҳамма турларига қарши бўлганлар”.
Етук санъаткорлар, хусусан, қадим шуаронинг асарлари ўқилганда унинг икки жиҳатини – маъно ва сувратини, яъни мазмун ва шаклини ҳисобга олиш ва маънонинг бирламчилигини ёдда тутиш кераклигини кейинчалик бу мавзудаги ноёб китобларни ўқиб, устозлардан сўраб, ўргандим. Алишер Навоий ҳазратлари “Маъно аҳли маънога, суврат аҳли сувратга боқар”, дейдилар. Бинобарин, асарни тўғри тушуниш учун унинг маъносига етиб бориш кераклигини англадим. “Май” сўзи ва унинг маънодошлари асарнинг сувратида келганда ичкиликни билдиради. Лекин маъносида келганда ҳақиқат маърифати, унга бўлган ишқу муҳаббат ва уни идрок қилгандаги лаззатни билдиради. Бу ҳолда “май” сўзи истиора тарзида (бадиий ўхшатма, бир сўзнинг маъносини омонатга олиб, бошқа маънода ишлатиш) қўлланади. Яъни, “май” сўзи мазмунан “ҳақиқат майи”, “ишқ майи” ва “васл майи” деган ибораларга тенг бўлади. Бир нарсани иккинчи нарсага ўхшатиш учун асос керак. “Ишқ, меҳру муҳаббат билан май орасида қандай ўхшашлик бор?” деган савол туғилиши табиий. Бу саволга Абдураҳмон Жомий “Лавомиъ” деган асарларида жавоб бериб бу ўхшашликлардан ўнтасини баён қилганлар:
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.