Текст книги "Ҳаёт қайиғи (3 китоб)"
Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 18 (всего у книги 32 страниц)
1978 йили бу уйга борганимда биринчи театрнинг саҳнаси вазифасини ўтаган болохона аслидай сақланган экан. Бу уйда бир неча марта бўлиб, улуғ маърифатпарварнинг фарзандлари Низомий номидаги педагогика институти Ғарб ва рус адабиёти ўқитувчиси доцент Ҳакима Авлоний, политехника институти полимерлар кафедрасининг ўқитувчиси Кенжа Авлоний, инженер-ирригатор, фан номзоди Карима Авлонийлар билан кўп суҳбат қуриб, хотираларини ёзиб олдим. Абдулла Авлоний 1904 йилда мактаб очганларида ёнларида турган шогирдлари рус тили муаллими Миржалил ота Каримов билан ҳам шу хонадонда учрашиб тарихнинг очилмаган саҳифаларини ўқигандай бўлдим. 20-йиллардаги “ҳужум” номи билан машҳур қиз-жувонлар озодлиги учун большевикларнинг курашидаги паранжиларни ёқишдан сўз очганимда у киши кулиб қўйдилар:
– Намуна учун битта паранжини ёққан бўлардик. Йиғиштириб олинган паранжиларни кейин пол латта ўрнида фойдаланардик, – дедилар.
Кенжа ака “Аямиз ҳам гўзал ғазаллар ёзганлар, билармидингиз?” деб сўраганларида отахон “Мен аянгизнинг ажиб пазанда эканликларини билардим”, деб лутф ила жавоб қайтарган эдилар. Мен бу савол-жавобни кўп эслайман. Шогирд устознинг уйида деярли ҳар куни бўлган, дастурхон атрофида ҳам ўтирган. Лекин устоз ҳеч маҳал “Менинг хотиним шеър ёзади”, деб ғазалларни ўқиб бермаган бўлса керак. Отахон бу ҳақда гапирмай, у аёлнинг бошқа фазилатини эслаб қўйдилар. Абдулла Авлонийнинг тарбиясини олган зиёлининг айнан шундай лутф қилиши табиий эди.
Абдулла Авлонийнинг ҳаётлари ҳақида ўйласам, ҳозирга қадар бир нарсага ажабланаман. 70-йилларга қадар бу улуғ маърифатпарварнинг номи деярли тилга олинмасди. Кўпчилик қодирийлар қаторида репрессияга учраган, деган фикрда юраркан. Абдулла Авлонийнинг 100 йиллигини кенг тарзда нишонлаш учун бир қатор олимлар кўп ҳаракат қилишди. Марказқўмга мактублар ёзилди, далиллар келтирилди. Аммо бирон натижа чиқмади. 100 йиллик ҳам, 110, 120, ҳатто 130 йиллик ҳам нишонланмади. 2018 йили 140 йилликлари арзирли савияда ўтказилар, деб умид қилган эдим. Мана, ҳозир “Пўртана…”нинг янги нашри устида ишлаб ўтирибман, Абдулла Авлоний ҳақида ҳеч қандай гап-сўз йўқ.
Абдулла Авлоний қодирийлар фожиасидан икки йил аввал вафот этганлар. Номлари репрессияга учрагани, ҳатто хотинларининг пенсиялари қирқиб ташланганини айтиб эдим. Ҳозир тарбия ҳақида сўз юритган одам албатта Абдулла Авлонийдан мисол келтиради. Лекин унинг қандай савобли ишлар қилганини кўпчилик билмайди. 1978 йилдан бери Абдулла Авлонийнинг номини абадийлаштириш масаласи кун тартибига қўйилади. Турли йилларда мен ҳам шу масала билан шуғулланиб, турли идораларга мурожаат қилган эдим. Бу масалани буюк маърифатпарвар асос солган мактабда ўқиган Ўлмас Умарбеков ҳам ижобий ҳал қилиб бера олмадилар. Кимларнинг номлари кўчаларга, маҳаллаларга… қўйилмади, кимларга ҳайкал тикланмади… Ўзбек маданияти, маърифати ва адабиёти учун энг кўп ва хўб хизмат қилган Абдулла Авлоний четда қолаверди. Энг аввали шуки, биринчи театр асосчиси (Мунаввар қори иштирокида) Абдулла Авлоний бўлгач, инсоф ва адолат юзасидан ҳам, театр Ҳамза эмас, Авлоний номида бўлиши керак эмасми? (Шунга ўхшаган адолатсизлик “Ўзбекфильм”га ном беришда ҳам бўлган эди. Ўзбек киносининг асосчилари четда қолиб, партияга ёқадиган фильмлар ишлаган кинорежиссёрнинг номи берилганди). Бу таклиф ва талаб Ҳамзанинг муридлари тиклаб ташлаган тўсиқларни буза олмагач, “Ёш гвардия” номидаги театрни, бу ҳам бўлмагач, Ёш томошабинлар театри номини ўзгартиришни сўрадик. Болалар театри Охунбобоев номида эди. Абдулла Авлонийнинг янги усул мактаблар очгани ва маърифатга қўшган ҳиссаси инобатга олинса, тарбия маскани бўлган болалар театрининг унинг номи билан аталиши узукка жавҳар кўз қўйгандек бўлур эди. Охунбобоев номига қўйилган жойларнинг сон-саноғи йўқ, ҳатто Тошкентдаги туғуруқхона ҳам унинг номи билан аталарди. Лекин театр номини ўзгартириш давлат ва партия арбоби хотирасига ҳурматсизлик саналар экан… Яхшики, мустақилликнинг илк йиллари Маориф вазири вазифасида ишлаган Жўра Йўлдошевнинг Абдулла Авлонийга ҳурматлари бор экан. Шу кишининг ташаббуси билан Республика муаллимлари малакасини ошириш институтига Абдулла Авлоний номи берилиб, мўъжаз музей ҳам ташкил этилди.
Бир сурат тарихини тиклаш мақсадида иш бошлаб, Абдулла Авлоний ҳаётларини атрофлича ўргана бошладим. Ҳатто СССР ташқи ишлар вазирлиги архивидан маълумот олиш мақсадида Москвага ҳам бордим. Аммо каминани бу басавлат иморатнинг яқинига ҳам йўлатмадилар. 1983 йили шу мақсадни амалга ошириш учун Сарвар Азимовга мурожаат этдим. Сарвар аканинг расмий мактубига жавоб келди. Унда РСФСРнинг Ҳиротдаги мухтор элчиси (1919 йил, 26 октябрь – 1920 йил 28 июль) Абдулла Авлонийнинг бир неча расмий мактубидан кўчирма бор эди, холос. Дипломатияга доир кўп ишлар давлат сири саналгани учун яна муддаога ета олмадим.
Абдулла Авлонийнинг уйларига борганимда куёвлари араб ёзуви битилган қоғозлар ўрамини кўрсатдилар. Авлоний ҳазратлари Афғон саёҳатини кундалик тарзида қоғозга туширган эканлар. Бу менга бебаҳо манба бўлди. Сўзма-сўз кўчириб олдим. Ваколанинг 1336 ҳижрий 16 рамазон, 1919 йил мелодий 15 июлда йўлга чиқиб, 68 кун деганда Кобулга етиб борганликларини шу манбадан билдим. Лекин бу хотираларда менга керакли далил комиссар аёл Рейснер ҳақида ҳеч гап йўқ эди. Қора муқовали қалин дафтарнинг 79 саҳифасига қизил сиёҳда ёзилган бу кундалик хотираларни Бегали Қосимов ҳам кўчириб олган эканлар. Лекин кундаликни ўша йиллари тўла ҳолда эълон қилишнинг иложи йўқ эди. 1980 йилда газетада парча берилди. 1990 йилда ошкоралик еллари эсаётган дамда Бегали ака кундаликни “Шарқ юлдузи”да эълон қилиш таклифини айтдилар. Ўткир Ҳошимовга бу таклиф маъқул келиб, жузъий қисқартиришлар билан чоп этилди. Кундаликнинг узоқ йиллар давомида дафтар қатида қолиб кетгани сабабларидан бирини аввалроқ баён қилган эдим. Бегали Қосимов бу ҳақда ёза туриб: “Кундалик аввало, халқимиз, мамлакатимиз тарихида ғоят оғир бўлган 1919 йил воқеаларини, очлик, вайроналикни самимий ва рўйирост етказгани билан муҳим эди… Муаллиф миллий муносабатларда ўша пайтлари кўзга ташланиб қолаётган шовинизм хусусида фикр юритган эди. “Афғон туфроғига ўтгандан сўнг ўзини женерол-чор ноил эълон қилган”, “хатти-ҳаракатида Николайнинг генераллари рафторидан қолишмаган Н.З.Бровин ҳамда большевик либосидаги колонизаторлар Турк–МИК раиси А.А. Казаков ва ХКС раиси К.Е. Сорокинлар ҳақида кескин фикрлар айтилган эди. Энг муҳими озодлик ва тенглик ваъда қилган рус инқилобининг риёкорлигини, шўро ҳукуматининг хиёнатини фош этган эди”. “Қалдирғоч”ни ёзиш жараёнида мен айнан шу нуқталарга алоҳида эътиборни қаратдим.
“Эркин ижодкор”лик яхши самара берди. Қиссани якунига етказиб, аввал профессор Бегали Қосимовга ўқитдим. Мен Бегали акани энг истеъдодли адабиётшунос олимлардан деб биламан. 20-аср адабиётимизнинг биринчи чорагини ўрганишда энг кўп хизмат қилган олимнинг ташқи кўринишларидан тортиб, сўзлашиш оҳангларигача менга ўша даврнинг доно зиёлиларини, уларнинг лутфини эслатиб турарди. Бегали ака қиссага яхши баҳо бериб, танқидий фикрларини ҳам билдирдилар. Бу камчиликларни тузатиш кўп вақтимни олмади. Қўлёзмани Сарвар Азимовга бердим. Тез кунлар ичида ўқиб, фойдали маслаҳатлар бердилар-да “Жадидлар ҳаётини яхши ўрганибсиз, улар ҳақида роман ёзинг”, дедилар. Асарни ёзишни бошлаганимда тоғам ҳам, кейин Бегали ака ҳам шундай таклифни айтишган эди. Мен бу таклифларни мулоҳаза қилиб, “Қалдирғоч”ни уч китобдан иборат романга айлантириш режасини хаёлимда пишириб юрувдим.
– “Қалдирғоч” иккинчи китоб бўлади. Биринчи китоб Исмоил Ғаспирали билан бошланиб, 17-йил воқеаларини ўз ичига олади. Учинчи китоб Абдулла Авлонийнинг Афғонистондан қайтиб келганидан то 1937 йил фожиаларига қадар бўлган воқеаларни тасвир этади, – дедим.
– “Қалдирғоч” мустақил асар бўлибди. Жадидларни алоҳида китоб қилинг, – дедилар.
Бу таклиф ҳам ёқди. Дастлабки чизгиларни қоғозга ҳам туширдим. Мунаввар қорининг Эскижўвадан юриб бориши, хаёлидан ўтган фикрлар баёни қуйилиб келди. Мунаввар қорининг ҳибсга олиниши, ҳозирги Олой бозори яқинидаги қамоқхонада ўтириши сўнг темир йўл бекатига олиб борилиши, Москвадаги сўроқ қийноқлари ва ўлим ҳукми, Ваганково қабристонига кўмилиши… кўз олдимда тиклангандай эди. Кейин нима сабаблигини ўзим ҳам билмайман, иш тўхтаб қолди. Қанча уринсам ҳам киришиб кета олмадим. Бироқ бу мавзуда асар ёзишим кераклигини яна кўп одамлардан эшитдим. Ҳатто 1994 йили Туркия сафарида бўлганимда бир зиёли билан суҳбатлаша туриб, мавзу жадидлар тарихига кўчганида у ҳам шу таклифни айтгач, зиммамдаги вазифа ҳануз турганини ҳис қилдим. Афсуски, бу вазифани ҳалигача бажаролганим йўқ. Лекин Эскижўвада юриб бораётган Мунаввар қорининг кўринишлари ҳамон кўз олдимда турибди.
“Қалдирғоч”ни ёзишда коммунистик ғоялар асосида яратилган тарихга доир китобларни кўп ўқиб, уларга ишонганим оқибатида хатоларга ҳам йўл қўйган эдим. Баъзиларини нашрга туширмасдан олдин тузатдим. Айримлари биринчи нашрда чиқиб, кейин тузатдим. Шулардан бири Мунаввар қорининг номларини тилга олган саҳифада учрайди. Нечукдир Бегали ака бунга танбеҳ бермаган эдилар. Бу танбеҳни истеъдодли олим Сирожиддин Аҳмаддан эшитдим. Мунаввар қорининг асарларини ўқимай туриб, фожиали тақдирларини билмай туриб коммунист тарихчилар китобларидаги гапларга ишонганим менинг калтабинлигим эди. Мени ҳозир ҳам иснод оловида ёқаётган сатрлар билан сизлар ҳам танишинг:
“Шўрои исломия” деган ташкилот мавжудлиги қулоғига чалинган бўлса-да, улар билан шу ерда юзма-юз келди. Ўзини ташкилот раҳнамоларидан бири деб танитган Мунаввар қорини Асадулла яхши танир эди. Жадидларни адаш йўлларга бошлаган шу – Мунаввар қори, ҳар гапининг бирида “подшоҳ императори аъзам Николай ҳазратлари”га узоқ умр тиловчи ҳам шу – Мунаввар қори. Энди нималарни валдираяпти? Керенскийни алқаяптими? Худодан ғалаба тилаяптими? Икки-уч йил ватандан узоқда, хорликда, ит азобида меҳнат қилган, қанча ёронларини ўрмонлар, ботқоқлар бағрига дафн этиб, кўзларидан ёш эмас, қон оққан, муҳориба нима эканини билиб қайтган одамлар энди Худога нола қилиб, Керенскийга ғалаба тилашармикин? Муҳорибанинг давом этуви бошдаги кулфат тошларининг кўпайишига олиб келишини халқ англамайди, деб ўйлайдиларми улар?”
Асадулла билан Мунаввар қори баҳсида ҳам шунга ўхшаш нодон сатрларга ўрин берган эдимки, ўтган улуғлар хотираси олдида айблиман ва тавбалар қиламан. Эҳтимол, шу айбим учун ҳам бу мавзудаги ишим тўхтаб қолгандир, деб гумон ҳам қиламан. Гумоним алдамаса ва тавбаларимни Аллоҳ даргоҳида қабул этса, сизларнинг дуоларингиз ҳам ижобат бўлса, умримнинг қолган қисмида бу ниятлар амалга ошар, инша Аллоҳ!
“Танланган асарлар”га тартиб беришда “Қалдирғоч”ни яна қўлга олиб, биринчи навбатда ўша камчиликни бартараф этиш чорасини излаб, Мунаввар қори шаънига битилган сатрларни ўчириб ташладим. 20-аср биринчи чораги тарихига оид маълумотлар билан чуқурроқ таниша бошлагач, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар қори, Абдулла Авлоний, Абдулла Қодирий каби буюк сиймолар руҳи олдида маънавий қарзимиз борлигига яна бир бор амин бўлдим. Халқ тақдирини, озодлигини ўйлаб кўз ёшлари эмас, юракларидан қон ёшлари оққан бу улуғлар ҳақида ёш адибларимиз гўзал асарлар ёзадилар деб умид қиламан.
“ТошДУ” яқин-яқингача Ленин номи билан аталар эди. 1920 йилда шу одам ташаббуси билан ташкил топган, деган маълумотга ишонардик. Лекин Тошкент дорулфунуни 1918 йилда Мунаввар қори ташаббуси ила бунёд этилгани истиқлол йиллари айтилиб, ҳақиқат тикланди. Аммо, афсуски, ёшлар орасида бу тарихни билмайдиганлар ҳам кўп. Янада афсусли жойи – Миллий дорулфунунда ўқиёганлар ёшларимиз орасида бу илм саройининг чин тарихини дуруст билмайдиганлар ҳам топилади. Бу менинг тахминим эмас, талабалар билан бўлган учрашувлардаги савол-жавоблар чоғи гувоҳ бўлганман. Баёним билан танишаётган муҳтарам ўқувчиларимдан кимлардир булардан бехабардир, деган гумонда тарихга яна қайтишни маъқул кўряпман.
Янги усул мактаб очиш, театр ташкил этиш, газеталар нашр этиш… халқни ғафлат уйқусидан уйғотишдаги дастлабки қадамлар эди. Миллат манфаати учун хизмат қила оладиган комил фарзандларни тарбия этишда янги мактаб таълими кифоя қилмаслигини билган маърифатпарварлар, биринчи галда Мунаввар қори олий таълим берадиган билим саройини барпо этмоқ йўлини изладилар ва топдилар ҳам. Маҳаллий халқ фарзандлари учун дорулфунун қуриб беришни хаёлига ҳам келтирмаган истилочилар ҳукумати ўзбекларнинг хориж олий ўқув масканларида билим олишларига шароит яратиб берармиди? Дорулфунун тарихини Сирожиддин Аҳмад мақоласи ёрдамида ўрганганим сабабли айрим саҳифалардан намуналар билан сиз – азизларни таништирмоқчиман:
Мунаввар қори “миллий мактаб” асосчиси бўлиб қолиш билан бирга чет элга болаларни ўқишга юбориш масаласини ҳам ечишга интилганлар. Анжуманлардан бирида ул зот “Зиёли ёшлардан бир нечтасини Германияга юбориб ўқитиш керак”, деб нутқ сўзлайдилар. Шундан сўнг маърифатпарварлардан 7-8 киши Орифхўжабойнинг Янги шаҳардаги ҳовлисида шу ҳақда биринчи марта мажлис ўтказадилар. Орадан икки ҳафта ўтиб, 1916 йилнинг охирларида Каттахўжа Хўжаевнинг уйида иккинчи марта катта йиғин бўлди. Бу мажлисга Тошкентнинг Орифхўжабой, Саидкаримбой, Комилжонбой чойфуруш, Асил оқсоқол, Боқижонбой каби зангилари тўпланадилар. 50-60га яқин одам йиғилгач, биринчи бўлиб Мунаввар қори: “Ўзбек зиёли болаларини Германияга юбориб ўқитишга жуда муҳтожмиз. Болалар ўқиб, илм таҳсил қилиб келсалар, миллатга катта хизмат қила оладилар”, деган сўзлар билан нутқ сўзлайдилар. Шундан сўнг “Кимларни юборамиз?” деган саволга жавоб берилгач, Мунаввар қори “Жамоат, мана бу ёш ўсмир болаларимизнинг Германияга бориб ўқиб келишлари фақат сиз боёнларимизнинг ёрдами остида вужудга чиқади”, дейишлари билан бойлардан бири Мунаввар қорининг қўлига анча миқдорда пул тутқазади. Пул тўпланиб, саналиб бўлгандан кейин Мунаввар қори ўринларидан туриб: “Миллатимизнинг келажакдаги бахту саодати учун шундай катта ҳимматларингизга кўпчилик томонидан раҳматлар айтаман”, деб ташаккур билдирганлар.
Бундай йиғилишлар кейин ҳам давом этган. 1917 йил 24 сентябрда Мунаввар қорининг уйида тошкентлик зиёлилар ва бойлардан 50-60 киши йиғилиб яна шу масала муҳокама қилингач, бойлар яна пул берганлар. Мунаввар қори бу билан кифояланмай, “Нашри маориф” уюшмаси томонидан ҳам талабаларга ёрдам кўрсатганлар. Ҳокимият тепасига большевиклар келганида Мунаввар қори раҳбарлигида “Кўмак” уюшмаси тузилади. Уюшманинг маблағи талабаларга тўлаш учун етмагани сабабли ҳар бир ўқувчи бир минстрликка бириктириб қўйилган.
Мустамлакачилар нечоғлик қаршиликлар кўрсатишмасин, қандай найранглар ишлатишмасин, Мунаввар қори ва ул зотнинг маслакдошлари бойларнинг бошини қовуштириб, маърифатга хизмат қилдира олдилар. Шунинг учун ҳам ул зот бир неча марта ҳибсга олиниб, сўнг қўйиб юборилганлар.
Албатта, илмга ташна ёшларнинг барчасини хорижга юбориш имкони йўқ, Тошкентда олий ўқув юрти ташкил этиш мақсадга мувофиқ эди. Оқ подшоҳ ҳукумати ҳам, ундан кейин ҳокимият тепасига келган бир ҳовуч шовинистлар ҳам маориф-маданият ривожини асосан “буюк оға” аталмиш ўз халқлари хизматига қўядилар. Ана шундай тадбирлардан бири – Туркистон ҳарбий штаби қошида Шарқ факультетини ташкил этиш, сўнг уни Халқ дорулфунунига айлантириб, консерватория очиш бўлди. Ўша кунларда ўзбек ва татар зиёлилари бирлашиб, Халқ дорулфунуни очиш учун музокара ўтказадилар. Музокарада “Турон”, “Муаллимлар жамияти”, “Гулистон” каби жамиятлар йиғилиб, мазкур масала кўриб чиқилади. Бу ҳақда “Улуғ Туркистон” газетаси 1918 йил 11 апрель сонида хабар беради: “9 апрель куни Мунаввар қори Абдурашидхонов ҳовлисида мусулмон ташкилотларининг умумий ижтимоиъ (йиғилиш) бўлди. Ижтимоиъ Тошкентда очилажак Халқ дорулфунунига мусулмон шўъбаси очув ҳаққинда эди”. Бу ишни амалга ошириш учун комиссия тузилиб, унга Мунаввар қори раис этиб сайланадилар. Эртаси куни ўтказилган мажлисда эса Тошкентда Халқ дорулфунунининг бошланғич даражасини очиш ва яна олти масала кўриб чиқилади. Дорулфунун учун дастур тайёрлаш Мунаввар қори, Муродхўжа домла, Бурхон Ҳабибга топширилади. 3 май куни ўтказилган йиғилишда Мунаввар қори комиссия раислигига сайланадилар. Май ойининг 12-куни Викула Морозовга қарашли бинода Халқ дорулфунунининг ўзбек шўъбаси очилади. Тантанали мажлисни Мусулмон Халқ дорулфунуни шўросининг раиси Мунаввар қори очиқ деб эълон қилиб, “Халқимизнинг илмга эҳтиёжини, дорулфунуннинг мақсадини ҳам бу неъматларнинг ҳуррият қаҳрамонлари соясида вужудга келгани”ни таъкидлайдилар. Дорулфунун мактабларига муаллимларни имтиҳон қилиш Мунаввар қори билан Бурхон Ҳабибга топширилади. Бурхон Ҳабиб Америкада ўқиб келган, таниқли татар педагоги, ўзбек зиёлиларининг дўсти, 1-татар мактабининг директори эди. Мунаввар қори комиссия ишлари, дастур тайёрлашдан ташқари, бевосита муаллимлар тайёрловчи курс очиш билан ҳам шуғулланади ва 31 майда ўқитувчилар семинарияси биносида “Дорилмуаллимин” номи билан 8 ойлик курс очилади.
Бу далиллар баёнини ёзишдан мақсад шуки, “Ўзбекфильм”да суратга олинган “Ленин йўлланмаси билан” кинофильми тарих ҳақиқатига мутлақо зиддир. Ленин Тошкентга рус муаллимларини юборганида университет – дорулфунун мавжуд эди. Лениннинг мақсади университет очиш эмас, балки мавжуд билим саройини ўз халқи, хусусан, большевиклар мақсади учун хизмат қилдиришга буриш эди. Рус муаллимларининг келиши, ёшларга билим беришлари инкор этилмайди, аммо асосий мақсаддан ҳам кўз юммаслигимиз керак.
Мунаввар қори жуда оғир ҳаёт йўлини босиб ўтганлар. Таржимаи ҳоллари билан атрофлича танишган ёшларимиз ул зотнинг ирода ва сабр қувватига қойил қолиб, ибрат олишлари табиийдир. Большевиклар ҳукумати мустаҳкамлана борган сайин 1917 йилдаги ваъдаларини унутиб, адолатга хилоф ишларни амалга ошира бошлади. Халқни ғафлат уйқусидан уйғотувчи маърифатпарварлар сиқув остига олинди.
Мунаввар қори ва бошқа миллат фидойиларининг орзу-умидлари Россиянинг 1924 йилдаги навбатдаги катта найранги – “миллий чегараланиш” ўтказилиши билан барбод бўлди. Бу кунларда Мунаввар қори мустамлакачиларга қарши курашнинг янги усулига ўтадилар: истилочиларнинг найрангларини хориж матбуоти орқали фош қилишни бошлайдилар. Парижда яшаётган Мустафо Чўқаев билан боғланадилар, ҳатто Англияга махсус вакил юборадилар. ГПУнинг яширин чақимчиларидан бири 1925 йил 18 июлда мана бу маълумотни беради: “Шайх Хованди Тоҳур даҳа Раис кўча маҳалласида яшовчи Абдулсамад Абдулвоҳидов, Мақсуд Тошмуҳамедов Англияга одам юбориш учун ўзига тўқ одамлардан 2500 сўм пул тўплашди. Пул шу икки шахсда, улар Ғулжадан Умар қорининг келишини пойлашяпти. У келиши билан вакил жўнатилади. Мунаввар қори Абдурашидов саёҳатдан қайтиб келди, ҳозир уйида яшаяпти… Мунаввар қори машҳур миллатчи ёзувчи, яхши ёзиши учун катта обрўга эга, ўқувчилар орасида катта таъсири бор. “Шўрои ислом”чи, кейинги пайтларда ана адабий фаолият кўрсатяпти…”
“Мунаввар қорининг шу йиллардаги ҳаётлари изтироблар ва ларзалар билан тўла, – деб ёзадилар Сирожиддин Аҳмад. – Шўро давлати ва унинг сиёсий идораси Мунаввар қорига нафақат истиқлол йўлида, балки халқ оммасини маърифатли қилиш йўлида ҳам ишлаш имконини бермади. Унинг ҳар бир нафаси ҳушёр кўзларнинг назорати остида кечди. Куни кеча уни иззат-ҳурмат қилган кишилар ё юқори амалларга эришганларидан кейин ё ГПУнинг тазйиқи остида ундан юз ўгира бошладилар”. Ишлаш имкони берилмагач, ҳовли-жойни сотиб, пулнинг бир қисмини хотинига, қолганини дўстига қолдириб, Москвага йўл оладилар. “26-йил май охирларида оилаларим билан бўлғон алоқаларимни расман кесиб, Масковга жўнадим, – деб ёзганлар Мунаввар қори. – Йўлда Қизил Ўрдага тушиб, ўртоқ Рисқулов ила кўришиб, ниятимни унга билдирдим. Унинг тарафиндан маъқул кўрилиб, ёрдам ваъда қилинди”.
Москвада Рисқулов, Тўрақуловлар ёрдамида “Шарқ халқларини ўрганиш қўмитаси”га кириб ишлашни ва ўқишни ният қилади. “Мани миллатчилик, ватанчилик ила муттаҳам қилғон шу миллат ва шу ватандан бутун алоқамни кесиб, қолғон умримни шўролар марказида кучим етганча илмий ишлар ила машғул бўлиб, умр ўткармоқ эди”, деб ёзган эдилар. Шу ниятда юрган кезлари Москвада Акмал Икромов билан учрашгач, бу партия арбоби улуғ олимни Тошкентга қайтишга кўндиради, ваъдалар беради. Лекин юртига қайтган ул зотга ҳеч ким ёрдам қўлини узатмайди. Муаллимлик билан шуғулланадилар, 1927 йил охирида эса эски хавф ва гумонлар билан уни бу вазифадан ҳам бўшатишгач, қўлқоп тикиб сотиш билан тирикчилик ўтказадилар.
Бу йилга келиб, большевиклар жадидликни қоралаш, ҳатто тарих саҳифасидан ўчириб ташлаш ҳаракатини кучайтирди. Туркистонни саводли ва маърифатли, тўқ ва фаровон, озод ва обод ватанга айлантириш, биринчи навбатда мустақилликка эришиш, мустамлакачилик исканжасидан халос бўлиш жадидчилик ҳаракатининг асосий мақсад-вазифасини ташкил этганини рад этиш ҳолати кучайди. Тошкентда ва Самарқандда ўтказилган маориф ва маданият ходимлари қурултойида совет ҳукумати раҳбарлари жадидларнинг интилишларига бутунлай ўзгача сиёсий баҳо бердилар: “Ватан учун кураш миллий бойлар учун курашамиз, дейишдир. Ватан сўзи – бойлар сўзи. Миллатчилик учун кураш бойлар ҳокимиятини қурамиз, дейишдир. Бизнинг маданиятимиз мана шу қилиқлардан тоза бўлиши керак…” Бу фатво оқибатда кўпгина улуғларимиз бўйнига сиртмоқ ясаб берди.
1929 йилнинг 6 ноябрь куни Мунаввар қори қамоққа олинадилар, уйларида тинтув ўтказилиб, ҳужжатлари, китоблари ҳовлида ёқиб ташланади. Агидуллин деган терговчи сўроқни бошлайди. Дастлабки уч ой мобайнида Мунаввар қори ҳам, маслакдошлари ҳам қўйилган айбларни рад этадилар, сўроқ баённомаси варағига имзо чекмайдилар. Шундан сўнг Давлат Сиёсий Бошқармаси Шарқ бўлимининг бошлиғи К. Бельский шахсан ўзи Агидуллин ёрдамида жисмоний қийноқларни бошлайди. 18-20 рақамли азобхоналарда конвейер усулида олиб борилган сўроқлар, узлатхонада сақлашлар, оддий инсоний заруратлардан маҳрум қилишлар маҳбусларнинг силласини қуритади. Мунаввар қори 1930 йил 30 октябрь куни Бирлашган Давлат Сиёсий Бошқармасига ариза ёзадилар: “Ҳозир қаттиқ бетобман, оёғим шишиб кетганидан юролмайман, бошқаларнинг ёрдамига муҳтожман. Шу сабабли мени умумий камерага кўчиришингизни ёки шифохонага ётқизишингизни сўрайман”. Етти ой нур кўрмасдан, “одиночка” деган узлатда яшаган инсоннинг ирода кучи ҳайратланарлидир. Ул зотнинг буюкликлари шундаки, энг сўнгги нафасларигача, яъни 1931 йил 23 апрелда отилгунларига қадар ўз ғояларидан, эътиқодларидан қайтмадилар. (52 ёшларида шаҳид бўлдилар… 1938 йил 4 октябрь куни эса Абдулла Қодирий 44 ёшда, Абдулҳамид Чўлпон 39 ёшда, Абдурауф Фитрат 51 ёшда шаҳид бўлдилар. Усмон Носирнинг ўн йилдан зиёд умри совуқ Сибирнинг қамоқ лагерларида ўтди, 40 ёшларида вафот этдилар. Мен мазкур китобга “Пўртанали уммон…” деб ном қўйдим. Улуғларимизнинг ҳаёти қаламга олинса, “пўртана” дейиш камлик қилади. Чунки уларнинг ҳаёт қайиқлари давр довулига дуч келган эди. Шуни унутмаслигимиз, ҳаёт қайиғимиз пўртанада чайқала бошласа дод солмаслигимиз керакмикин?) Каминанинг армони, тўғрироғи, афсуси шундаки, бу улуғ зотнинг қаҳрамонона ҳаёти тафсилотларини “Қалдирғоч”ни ёзаётганимда билмас эди. Шоир Таваллонинг 1914 йили ёзган шеъридаги бу сатрлар энди менга ҳамроҳ бўлиб қолди:
Чўқ мунаввар этди оламни Мунаввар қоримиз,
Кўрдимиз равшанлиғидин феълимиз, атворимиз.
Ибрат олинг, ёшлар, деб тўкди кўздин ёшлар,
Нутқида таҳрир этуб, бизларни йўқу боримиз.
Чин кўнгулдан биз эшитдук, чин экан айтгон сўзи,
Шунча бидъатларни билдук, вой, биз иқрормиз…
Тақдирни қарангки, Мунаввар қорининг жиянлари, Иброҳим ҳожи ака билан маҳалладош бўлдик. Бу киши тоғаларининг изидан бориб, Янгийўлда кўп йиллар давомида муаллимлик қилдилар. Маҳалламизда қурилган масжидга Иброҳим ҳожи аканинг ташаббуслари билан Мунаввар қори номи берилганким, шу масжидда намоз ўқиб, улуғ инсон ҳақига дуолар қилиш неъматидан баҳрамандман.
Мустақилликнинг дастлабки йилларидаги китобхонлар билан бўлган учрашувда бир йигит:
– “Қалдирғоч” деб аталувчи асарингиздан энди воз кечасизми? – деб сўраб қолди.
– Нега воз кечишим керак? – дедим.
– Китобингизда Лениннинг хатлари бор-ку?
– Ҳа, бор, лекин Афғонистон амири Омонуллохон билан Лениннинг ўзаро хат ёзишгани тарихий далил-ку? Лениннинг ваъдалари ёлғон эканини билиш учун ўша хатларни эсга олишга зарурат бор-ку? Муҳими – хатларда эмас, балки муаллифнинг бу далилга муносабатида. Агар мен бу ҳолатни кўкларга кўтариб мақтаганимда сиз айтгандай воз кечишим шарт эди. Лекин сизнинг танбеҳингизни рад этмайман. Бу борада танқид қиладиган жойлар бор, агар қайта нашрга жазм этсам, биринчи галда ўшаларни тузатишим керак бўлади, – деб сизга баён этган сатрларни айтган эдим.
Асарда Миркомилбой образи ҳам мавжуд. Дастлаб уни ҳам ёмонлаб ёзган эдим. Кейин бу фикрдан қайтдим. Алғов-далғов йиллари, Асадулла таъбири билан айтилганда, “юрт дошқозонга айланиб, тагига ўт қўйиб қайнатиб юборилган” кезлари кимдир адашган, кимдир тўғри йўлни кўра билган. Бойлигидан ажралганларнинг руҳий ҳолатини тушунишга интилишимиз керак. Яна афсусларки, бизнинг авлод бу тушунчадан йироқ эди. Болаликдан онгимизга қуйилган ҳақиқат битта – бой ёмон, бой золим… Асарни қайта ишлашда бойларнинг ҳаётига холис қарашга уриндим:
“Миркомилбой ўн еттинчи йилнинг баҳорида, Хаустон ниқобини ечиб, асл қиёфасига кирганидан бери бир нарсани кўп ўйлайди: бу одам “авағамнинг авағаси, умуртқамнинг шўрваси”дан баттар бўла туриб, Туркистон тақдири учун бунча қайғурмаса? Икки йил аввал худди шу уйда Хаустон бу саволни ўртага қўйиб, ўзи жавоб қилган эди. Миркомилбой унинг сўзларини яхши эслайди: “Биз юртимизни “Буюк Британия!” деб атаймиз. Эътибор қилинг: Бу-юк Британия! Сиз Буюк Туркистон султонлиги бунёд этмоқчи экансиз, нечун биз кўмак бермайлик? Ниятимиз беғараз, ишонаверинг. Шубҳаланишингиз ўринли, бир давлат иккинчисига беғараз ёрдам бермайди. Туркистон, менинг назаримда, мана шу дастурхондай тўкин. Мақсадимиз камтарона –илтифот этган чоқларингизда шу дастурхондаги неъматлардан баҳраманд бўлиш. Бироқ биз дастурхонингизга қуруқ келмаймиз: пилла оламиз – шойи берамиз, пахта оламиз – газлама берамиз, машиналар берамиз. Мана, жаноби Миркомилбой ҳожи корхонасига бизнинг дастгоҳларни ўрнатса, ўн ҳисса кучаяди. Бу яхшими ё ёмонми?” Ҳа, Хаустон шундай деб ишонтирмоқчи бўлган эди. Тан олиш керак, ишонишган ҳам эди. Кейинроқ лойқа сув тиниб, ариқ тубидаги ҳақиқат кўринди. Саволга жавоб жуда оддий эди: Туркистонни Русия қўлидан тортиб олиб, Англияга тобе қилиш. Миркомилбойнинг буни англаб етиши учун кўп фурсат талаб этилмади. Буни англаб етгани билан сир бой бермади, арқонни узун ташлади. Бой бошқа нарсага ҳайрон: “Туркистон нодон қўймидики, ким етакласа кетаверадиган. Тобе бўлувимизга нима учун қаттиқ ишонишади булар?..”
“… Хаустон юрагида оғир бир дард бор эди: у шарқликларни одам ўрнида кўрмас, унинг учун энг оғири – буни ошкор эта олмас эди. Касб-кори шунга мажбур қиларди. Таги паст одамни кўпчилик орасида улуғлаб, “насли тоза аслзода” эканини исботлаганидан, туғма аҳмоқ одамнинг “беҳад ўткир зеҳни” ҳақида гапирганидан кейин ҳаромга қўл ургандай ижирғанарди. Унинг юрагидаги дардлар юртига йўллаган мактубларига кўчарди. Лекин истисно тариқасида айрим одамларни ёқтириб ҳам қоларди. Миркомилбой номи ана шу кичик рўйхатга кирган эди. Бой фақат оёғи остига қарамасдан, узоқни кўзларди. Узоқни мўлжал қилганлар, Хаустоннинг назарида, ўткир мулоҳазали бўлишади, булар билан иш пишитсанг, қоқилмайсан. Хаустон ўн еттинчи йил воқеаларида бу одамнинг қўллаган юришларига беш кетди. У ҳокимият учун курашганларга ҳотамтойлик қилди, аммо ўзи тахтга интилмади, четда турди. “Мен бойман, мен ҳукмдор бўламан”, деганларнинг нечтаси ин-инига кириб кетди. Ҳокимият большевиклардан тортиб олинган тақдирда ҳам бу ҳожи давлат тепасига интилмасди. Икки заводини уч, учни тўрт, тўртни эса беш қиларди. Пул бунинг қўлида бўлганидан кейин ҳокимият бошлиғи кимнинг ноғорасига ўйнарди? Пул қаёққа оқса – бахт шу томонга оқади. Миркомилбой буни бошқалардан кўра яхшироқ билгани учун Хаустон унинг шу зийраклигига тан берарди.
Мана ҳозир ҳам унинг жавобларига лол қолиб ўтирибди. Хаустон бу ерга келишида айтадиганларини минг тарозига солиб кўрган, Миркомилбойнинг тузоқни излаб қолишини ҳам ҳисобга олган эди. Ўйлай-ўйлай Англияга, ўғиллари ҳузурига боришни тузоқ ўрнида ишлатишга қарор қилди. Ўйлагани тўғри бўлиб, ҳожи илинди. Шу сабабли ҳам Хаустон унинг шартига кўна қолди. “Эй бой, – деб ўйлади у, – макрнинг ҳам чегараси бор. Хаустонни лақиллатадиган шарқлик ҳали дунёга келмаган. Сен юртни тўрқовоқдаги бедана деб ўйлайсан шекилли. Бугун тўрқовоқни Петербург қўлидан олиб бизга инъом этмоқчисан. Лекин, билиб турибман, уни эртага Истанбулга узатишдан тоймайсан. Буюк Британия боғидаги тўрқовоқларнинг бирида Ҳиндистон, иккинчисида Эрон, учинчисида Афғонистон сайраб турибди. Хотиринг жам бўлсин, Туркистон ҳам уларнинг ёнида абадий қолади. Англия қудрати қаёқда-ю, сенинг хомхаёлинг қайда!..”
Хаустон шомдан кейин ўрнидан қўзғолди. Уни ҳовлига кузатиб чиққан Миркомилбой хайрлашиш учун узатилган қўлни олиб, дарров қўйиб юбормади.
– Жаноб Хаустон, сиз ўғилларимнинг тақдирини пеш қилиб, бу ўйинни ютдим, десангиз янглишасиз. Менинг ўғилларимдан кўнглим тўқ, улар хор бўлмайдилар. Назаримда, афғон амирини йўлдан қайтариш сизга жуда зарур. Бунинг учун ўғилларимни гаровга қўйишдан қайтмадингиз.
Хаустон иштони йиртиқлиги маълум бўлиб, сири очилган одамдай шошиб қолди. Эътироз билдирмоқчи эди, бой оғиз очиргани қўймади:
– Мен амир билан музокара юритишга тайёрман. Аммо билиб қўйинг: ўғилларимни Кобулда кўрганимдан кейингина ишга киришаман. “Миркомилбой қўрқяпти”, деб ўйламанг. Нимадан қўрқаман, бир бошга – бир ўлим! Хоҳласам, сиз айтгандай, Лондонга жўнаворишим ҳам мумкин. Сизнинг бойларингиздан кам эмасман. Аммо… –ҳожи тин олди, – мен умрим бўйи кўп нарсалар билан савдо қилганман. Фойда тушадиган жойдан қайтиш йўқ. Лекин… юртимни савдога қўйишни сира ўйламаганман. Шу фикр хаёлимга келган бўлса, каломуллоҳ урсин! Энди мен билан иш юритганингизда шуларни ҳисобга олиб қўйинг.
Миркомилбой шундай дегач, меҳмоннинг қўлини бир силтаб қўйиб юборди. Хаустон танг қотди: бу ўша, ўзи билган бойми? Унинг зеҳнига юқори баҳо берган эди, аммо бу даражада бўлишини кутмовди. Чиндан ҳам бой билан энди теппа-тенг муомала қилиши керакми? Баъзан шунақа ён босишга ҳам тўғри келади. Начора!”
Асарнинг сўнгги бобларини ёзаётган пайтимда тиш оғриғи бошланиб, юрагимни бир оз ғаш қилди. Абдулла Авлоний олдирган тишлари ўрни йиринглаб кетиши натижасида вафот этган эканлар. Гарчи иримларга ишонмасам-да, шайтон васвасаси кўнглимга ғулғула солди. Оғриқларга ҳафта-ўн кун чидаб, ишни ниҳоясига етказгач, докторнинг омбурига рўпара бўлдим. Тиш докторидан ҳамма қўрқади, ҳамширанинг ингичка эм игнасидан ҳам қўрқувчи каминанинг омбурни кўргандаги даҳшатини тасаввур қилаверинг.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.