Электронная библиотека » Тоҳир Тоҳир Малик » » онлайн чтение - страница 25

Текст книги "Ҳаёт қайиғи (3 китоб)"


  • Текст добавлен: 16 мая 2023, 13:40


Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 25 (всего у книги 32 страниц)

Шрифт:
- 100% +

– Мен Бўкага бориб келгунимча меҳмонларни зериктирманг. Бу ўтиришни атай ташкил қилганимизга ишонишсин.

Ўша дамда мен учун нажот Бўкада эди. У ердаги милиция бўлимида шогирдим, детектив қиссалар муаллифи Муҳаммаджон Соипов ишларди. Унинг қадрдон дўсти Ғуломжон эса ОБХСС бўлимининг бошлиғи эди. Милиция хонасига киришим билан шу йигитга дуч келдим. Хурсандчилик билан кутиб олиб, “Ҳозир чойхонага айттираман, битта ош еб кетасиз”, деди. “Ошни маҳаллангиздаги чойхонага буюриб келяпман”, деб бўлган воқеани сўзлаб бердим. У бир оз ўйланиб турди-да: “Бу ёғини боплаймиз”, деб бошлиқ хонасига кириб кетди. Туман милицияси бошлиғи билан ҳам салом-алигимиз бор эди. У киши чиқиб кўришдилар-да, “тошкентлик меҳмонимизни кузатиб, етиб бораман”, дедилар. Ғуломжон мени марказий катта дўконга бошлади. Дўкон омборига кириб: “Қозоғистондан келган меҳмонларни қойил қолдирадиган ўнта совға тайёрлаб бер”, деди. Бунақа дўконларга бирон авлиё кирса, эътибор бермасликлари мумкин, лекин ОБХСС бошлиғининг ўзи кириб топшириқ берса… бу ҳам савдо аҳлининг бир бахти-да!

Совғаларни олиб боргунимизча, бир эмас, адашмасам, икки қути яъни, 40 шиша пиво жойини топиб кетибди. Ғуломжон олиб келган ароғу коньяклар оғзи очилгач, пиволар қўл қовуштириб четга чиқдилар. Дастурхон қайта тузалди. Ош дамлангунча кабоб тортилди, хуллас, бу ёғи ҳақиқий “дикий отдых” бўлди-да! Меҳмонлар эса бу кунни “Золотой отдых” деб шарафладилар. Эртаси куни Қуйи Чирчиқ туманига бордик. Йўлда кета туриб каноп ўрими билан банд бўлган деҳқонлар билан саломлашиш учун тўхтадик. Уларнинг кўпи қозоқ биродарлар эди. Меҳмонлар билан деҳқонлар қизиқарли суҳбатни бошлаган пайтларида даланинг нариги бетида бир одам қораси кўринди. У биз томон шошилиб келарди, дам-бадам қичқириб ҳам қўярди. Яқинлашгунича ажабланиб кутдик. Қария барчамиз билан омонлашиб чиқди-да, меҳмонларга қараб қозоқ тилида гап бошлади:

– Келганларингни эшитдим-у, югурдим. Учратолмасам, армонда қолардим. Қизилўрдадаги тўйга бориб, уч-тўрт бемаъни гапларни эшитдим. Ёзувчи бўлсаларинг, халққа менинг гапларимни етказларинг: биз ўзбек бовурларимиз (жигарларимиз) билан бир ота-онанинг болаларимиз. Ўзбек тўй қилса, қозоқ оқсоқоллар келмагунича ошни сузмайди. Қозоқ тўй қилса, ўзбек оқсоқолларни кутади. Тўйи ҳам бир, ўлими ҳам бир. “Сен – қозоқ, мен ўзбек”, деган айирмачилик йўқ бу ерларда. Бунақа аҳмақона гапларни сенларга ўхшаган бўйнига галстук таққанлар ўйлаб топади…

Оқсоқол шу тарзда яна аллақанча гапларни айтдилар. Гапириш оҳанги қўпол эди, лекин маъноси бизни ҳам, меҳмонларимизни ҳам таъсирлантирди.

Кун бўйи уч жойда учрашув ўтказиб, шомда хайрлашув зиёфати бошланди.

Бир ҳафталик тадбиримиз ниҳоясига етганда кузатиш маросими бизни сал гангитиб қўйди. Чунки меҳмонлар биргалашиб келишганди, кетишда бирлари автобус, бошқалари поезд яна бирлари самолётда қайтишлари керак эди. Режамизга кўра, хайрлашувдан олдин Ғафур Ғулом уй-музейининг зиёратига бордик. Қайтиб чиқсак, “Жулдиз” журналининг бош муҳаррири машина ўриндиғига ғалати қараб турибди. “Чемоданим йўқ-ку?” деди ажабланиб. Шошилиб қарадим: менинг сумкам ҳам йўқ. Микроавтобус ҳайдовчиси эшикни қулфламаган экан… Бу ўғирлик тасодифмиди ё атайин уюштирилганмиди, ҳозиргача билмайман. Милиция чақиртирган эдим, улар биринчи галда ҳайдовчидан гумон қилиб, сиқувга ола бошлашди. Бечора ҳам хизмат қилиб, ҳам туҳматга қолмасин, деб милициянинг шаштини қайтардим.

– Сиз ўғриларни топишимизни хоҳлайсизми? – деди милиция офицери.

– Сиз шу ўғрини топишингизга ўзингиз ишонасизми? – деб сўрадим. У иложсизлигини ифода этиб, елка қисди.

Жабрланган меҳмонимиз кечга томон самолётда Олмаотага учиши керак эди. Уни Бешёғочдаги чойхонага бошлаб бориб, зиёфат қилдик. Бозорга чиқиб, мева-чева, уйидагиларга совға-салом олиб, “тўкилганини тўлдиргандай” бўлдим…

Демократиями ёки анархия?

“Қайта қуриш” деган жараён гарчи яхшиликни муддао қилган бўлса ҳам, бу ғоянинг ҳаётдаги ижроси акс таъсир берди. Чойхонадаги бетайин-бетаъсир гаплар билан катта минбардаги нутқларнинг фарқини ажратиш қийин эди. Ёзувчилар уюшмасининг биносида ҳам тушунуксиз ишлар бошланган эди. Мажлисларимизда ёзувчилар ўрнига нотаниш бегона одамлар минбарни эгаллаб олиб, тилларига келган сўзларни пулемёт ўқлари каби сочаверар эдилар. “Демократия” билан “анархия” –бошбошдоқликнинг фарқи мавжудлиги билан ҳеч кимнинг иши йўқ эди. Шундай йиғинларнинг бирида қайсидир “донишманд миллатпарвар” минбарни эгаллаб жамиятда адолат ўрнатишга киришди: “Қодирийларни қаматган, отганларни шу ерда очиқ суд қилишимиз керак. Ҳозир бориб Комил Яшинни олиб келамиз”, – деди. Бу нодонликни қўллаганлар ҳам топилди. Мен уларни тинчитиш учун минбарга чиқишга мажбур бўлдим:

– Аввало, сиз билан бизнинг суд қилиш ҳуқуқимиз йўқ. Қолаверса, суддан олдин тергов қилиниб, айблар исботланиши керак. Энг муҳими, қодирийларни Комил Яшин қаматмаганлар, отмаганлар ҳам. Энди одамийлик нуқтаи назаридан қарасак, кекса ёзувчини бу ерга олиб келиб, осмондаги айблар билан айблаб, кўнгилларини хира қилиш одоб доирасига кирадими?

Бу гап уларга таъсир қилмади:

– Комил Яшиннинг айби бўлмаса ким қаматган, билсангиз сиз айтинг!

– Уюшмада “Адолат” қўмитаси шу масалалар билан шуғулланяпти. Олимларимиз, ёзувчиларимиз КГБ архивини ўрганяптилар. Бу 2-3 ойда битадиган иш эмас.

Ёзувчилар уюшмасидаги минбарни эгаллаб олган маҳмадоналар умрида битта бадиий китоб ўқиганми-йўқми, аниқлаш қийин. Тилдан учаётган сўзлар мағзавасига қараганда ўқишмаган. Абдулла Қодирий қотилини топмоқчи бўлган азамат адиб асарларини варақлаб ҳам кўрмаган. Очиғини айтсам, кўпчилик каби мен ҳам улуғларимизга зулм қилганларнинг жазо олишларини жуда-жуда истардим. Лекин, на иложки, истак бошқа, ҳаёт йўриғи бошқа. Кимларга жазо бериш керак, деган саволга аниқ жавоб топиш ҳам қийин. Биз биринчи галда туҳмат хатларини ёзиб берганларни тошбўрон қилишни истаймиз. Туҳмат хати уюштирганлар, терговчилар, ўқ узувчилар… Ўтган йили Россия телевидениесида қизиқ баҳс бўлди: қамоқхоналарда ҳукмни ижро этувчилар юзлаб жонларни олганлар. Уларнинг қўлидан ўлим топганлар орасида бегуноҳлар ҳам бўлган. Қадимда бу касб эгаларини “жаллод” деб атаганлар. Хўш, улар бегуноҳ жонларнинг ўлими учун гуноҳкорларми? Туҳмат хатини ёзган мунофиқдан тортиб, сўнгги ўқни узган жаллодга қадар яна неча одам бор? Уларнинг ҳукми нима бўлади?.. Бу саволлар мени ўша дамда, ундан олдин ҳам ва кейин ҳам, то ҳозирга қадар қийнайди. Афсуски, тўғри жавоб топа олмайман.

“Шайтанат”нинг дастлабки саҳифалари ёдингизда бўлса, Асадбекнинг идорасини бундай тасвир этган эдим:

“Шаҳар марказидаги эътиборли идоранинг ертўласида (подвал) видеобар очишди. Ертўлага иморатнинг биқинидан тушилади. У очилмасидан илгари ертўлада идоранинг эски-тускилари сақланарди. Икки йил муқаддам идора ертўлани таъмирлаш учун катта миқдорда маблағ ажратди. Айрим маҳкамалар эшикларини бўятиш учун пул тополмай сарсон юрганида бу идорага икки юз минг сўм ажратилиши ҳукуматнинг хотамтойлигими ёинки идоранинг эркалигими, билиб бўлмади. Қайта қуриш деган нарса билан боғлиқ воқеалар шунчалар шиддатли эдики, “халқ аранг тирикчилик қилаётганида ертўлани таъмирлашга бало борми” дейдиган одам топилмади. Зимдан қараганда халқ ғамини чекиб юрувчи бу идора ходимлари ҳам гўё оёқлари остида нималар содир бўлаётганидан бехабар эдилар. Ертўла таъмир этилиб, Асадбек ихтиёрига ўтгач ҳам “халқ фидойилари”да ажабланиш уйғотмади. Улар оламшумул ишлар – халққа озодлик бериш ўйлари билан банд эдилар. Оёқлари остида нималар бўлаётгани эса уларни қизиқтирмасди.

Асадбекнинг қароргоҳи учун жой лозим экан, тузукроқ иморатга қаҳат келибдими? Айниқса, идоралар сони қисқараётган дамда бирон иморатни ижарага олишдан осонроқ иш йўқ. Шаҳар ижроқўмининг раҳбарларидан бири бу юмуш билан шахсан шуғулланиб, Асадбекнинг янги идораси учун кўп жойларни тавсия этди. Асадбек барча қулайликларга эга иморатлардан воз кечиб, шу ертўлани танлади. Ертўлага иморат ичидан йўл бор эди. Асадбек ихтиёри билан иморат биқини ковланиб, зинапоя қилинди, қалин пойдевор тешилиб, эшик очилди. Ертўлага икки томондан кириб-чиқиш имкони туғилди – шуниси бехавотирроқ-да! Давлат ажратган икки юз минг сўм билан бир ишнинг уддасидан чиқиш мушкул. Асадбекнинг беш юз минг сўми хароб ертўлани ўн икки хоналик шинам саройчага айлантирди. Унинг бир хонаси видеобар, қолганлари иш юритишга, ҳордиқ чиқаришга мўлжалланган эди. Маишатхона, ҳатто ҳаммом ҳам назардан четда қолмади.

Юқорида халқпарварлар мажлисдан бўшамай томоқ йиртишади. Пастда эса Асадбек ўз ишини юритади. Ҳамманинг назари юқорида. Паст билан бировнинг иши йўқ. Видеобарда чой, қаҳва, шарбатдан бўлак ичимлик йўқ. Очилганидан бери бирон марта ҳам хориж фильмини кўрсатмади. Бисотида уч-тўрт мултфильм, эски ҳинд фильмлари, Шералининг, Ғуломнинг концертлари… Бу ерга кунда бешта одам кирса киради, бўлмаса йўқ. Булар – кундузнинг манзараси.

Тунда видеобар ўзгача манзара касб этади. Соат ўн бирларга яқин иморат олдида иккита милиционер пайдо бўлади. Сўнг оппоқ “Волга”лар бир дақиқага тўхтаб ўтишади. Ундан тушган сипо одамлар атрофга аланглаб олиб, ертўлага шўнғишади. Мажлислардан хориган халқпарварларнинг етакчилари кўча томондан эмас, ичкаридаги зинадан тушиб борадилар. Тун ҳукми заптига олганида оқ “Волга”лар яна бирин-сирин пайдо бўладию эгаларини олиб жўнайди. Шундан кейин милиционерлар ҳам ғойиб бўлишади. Тонгга яқин усти берк юк машинаси идора орқасидаги дарвозадан ҳовлига киради. Бўш шишаларни ортиб жўнайди. Унинг изидан “РАФ” келиб тўхтайди. Бири биридан ширин қизлар машинага илдам чиқиб ўтиришади. Соатга қараган киши юк машинасининг уч, “РАФ”нинг бир дақиқада иш битириб жўнаганига гувоҳ бўлади.

Идорада қоровуллик қилувчи ёш, чапдаст йигитлар барча ишни вақтида, аниқ бажарилишини таъминлайдилар. Қайта қуриш шарофати билан барча идоралардаги кекса ходимлар ўрнини иқтидорли ёшлар эгаллагандек, пенсия пули тирикчилигига етмай, шу қоровуллик маошига кўз тикувчи қариялар тантана билан кузатилиб, улар ўрнига тоғни бехосдан уриб талқон қилиб юбормасликлари учун камтаринроқ ишни истаган йигитларни олишди. Бу йигитлар идорага кирувчи ҳар бир кимсага салом бергучи, бағоят одобли ҳам эдилар…”

Буларни ёзишда ўша йиллардаги уюшма биносининг манзараси кўз олдимда турган. Тўғри, бўёқни салгина қуюқлаштирганман, лекин бу ҳақиқатни инкор этишга асос бўла олмайди. Уюшма ертўласидаги видеобарни очган ёзувчи дўстимиз бир куни хонамга кириб ҳасрат дафтарини очди. Ўғли дўстлари билан бирга маишат қилиб ўтирган экан милиция босибди. Милиция ходими билан тил топишибди-ю, лекин маишатдаги бир қиз “мени зўрлашди, номусимга тегишди”, деб ариза ёзиб берибди. Пул ваъда қилишса ҳам, даъвосидан воз кечмабди.

– Энди ўғлим унга уйланишга мажбур бўлади шекилли, – деди дўстимиз.

– Номусига теккан бўлса, бошқа иложингиз ҳам йўқ-да, – дедим.

– Қанақа номус! Ғирт фоҳиша-ку! Ўзим ҳам роса маишат қилганман!

Зинокорликка доир кўпгина воқеаларни эшитганман-ку, аммо бунақасига энди дуч келишим эди. “Қондан ўтган иллат” деб шунга айтиладими? Ўзи маишат қилган жувонни уйига келин либосида олиб киришига нима дейишимиз мумкин?!

 
Адвори замон доираи ҳайрат эмиш,
Асбоби жаҳон маҳолику меҳнат эмиш.
Дунёя тамаъ этмамак этмакдин йиғ,
Чун аввали – ҳирсу охири – ҳасрат эмиш
 
(Мавлоно Фузулийдан).

Ўша ойлари куну тун 24 эмас, 10 соатдан иборатдай туюлди. Воқеалар оқими ниҳоятда шиддатли эди. Бирини таҳлил қилиб, англаб олгунча учинчи-тўртинчисига дуч келардим. Мен табиатан сиёсатдан узоқ одамман. Айниқса, ижтимоий-сиёсий масалаларни тушунишим қийинлигиданми “қайта қуриш” менга “қайта бузиш” бўлиб кўринди. Ёшлигимда ўқиган бир эртакни эслаб, кундалик дафтаримга ёзиб қўйдим:

“Кунларнинг бирида хўроз билан ит дўстлашиб, ўзлари учун қишлоқ қурмоқчи бўлибдилар-да, ўрмонга бориб, жой танлабдилар.

– Мен қуришни билмайман, сен-чи? – деб сўрабди ит.

– Мен ҳам билмайман, – дебди хўроз.

– Унда қишлоқни қандай қурамиз? – деб ажабланибди ит.

– Жуда осон: сен вовуллайверасан, мен тупроқ титиб қичқиравераман. У ёғи яна бир гап бўлар, – дебди хўроз.

Бу таклиф итга маъқул келиб, “иш” бошланибди. Бир оздан кейин чарчашгач, ит дам олиб, хўроз пойлоқчилик қилибди. Шу онда тулки хўрозни кўриб қолиб, унга яқинлашибди-да, “нима қиляпсан?” деб сўрабди.

– Биз бу ерда қишлоқ қуряпмиз, – дебди хўроз.

– Мениям ишга олгин, мен жудаям зўр қурувчиман, – деб ялинибди тулки.

– Яхши, – дебди хўроз. – Ҳов анави бутанинг орқасида ишбоши дам оляпти. Бориб учраш, “хўроз айтди”, десанг ишга олади.

“Айёр” деб ном олган тулки шу онда нодонлик қилиб, итга таланиб, думдан айрилиб, қочибди. Бир баландликка чиқиб олгач, “қурувчилар”га дебди:

– Мен-ку, лақмалигим туфайли думдан айрилдим, энди иснодга қоламан. Сизларнинг нодонлигингиз оқибатидаги шармандалик бундан кам бўлмасов…”

Минбарни эгаллаб олган адабиётга бегона одамнинг гапларини эшитиб, “ҳа, энди бир нодон-да”, деб қўйиш мумкин. Лекин муҳтарам ёзувчиларимизнинг айрим хатти-ҳаракатлари, гаплари фақат таассуфга лойиқ эди. Уларнинг айримлари яқин ўтмишимиз адабиётини элакдан ўтказа бошладилар. Ёзувчиларни “олий ва паст навлар”га ажратиш бошланди. Шулардан бирининг шеърияти тақдирланиб, Ҳамид Олимжон номидаги йиллик мукофот билан тақдирланганда “Менга бу одамнинг номи билан аталувчи мукофот керак эмас, у совет тузумини “Бахтлар водийси”, деб мақтаган”, деб ўзича қаҳрамонлик намунасини кўрсатди.

Жумҳурият раҳбариятида ўзгариш бўлгач, аввал қувғинга учраганларга адолат қилинди. Ўктам Усмонов “Совет Ўзбекистони” газетасига Бош муҳаррир бўлдилар. Ислом Шоғуломов ишчиларнинг талаби билан жойларига қайтдилар. Сарвар Азимовга Ташқи ишлар вазирлиги топширилгач, Ҳамид Олимжоннинг 80 йиллик тўйига тайёргарлик ишлари бошланди. Ҳамид Олимжон бекати майдонига ҳайкал ўрнатилди. Юбилейга ўша давр таомилига кўра, қўшни жумҳуриятлардан ҳам меҳмонлар таклиф этилди. Тантаналар Жиззахда бошланиб, Тошкентда якунланиши керак эди. Шоирларга доир тадбирлар бошқа муовин зиммасида бўлса ҳам, уюшма ишларидан ташқаридаги хизматлар билан бандлиги учун Одил ака ташкилий масалаларни менинг зиммамга қўйдилар. Меҳмонлар, ўзимизнинг шоирлар, уюшма ходимлари Жиззахга кетдилар. Мен ҳайкал очилиш маросими, сўнг юбилей кечасига доир ташкилий вазифалар билан шуғулланиш учун қолдим. Ҳайкал очиладиган куни тонгдаёқ майдонга келдим. Шаҳар раҳбарияти ҳам барвақт келган эди. Ҳамма нарса рисоладагидай муҳайё эди. Очилиш маросими вақти яқинлашгач, Сарвар ака ва бошқа раҳбарлар келдилар. Аммо Жиззахдан қайтиши лозим бўлган меҳмонлардан дарак йўқ эди. Сарвар ака менга қарайдилар. Мен тонгдан бери бу ерда турган бўлсам, меҳмонлар Жиззахдан йўлга чиқишлари керак эди, нима дейишим мумкин? Вақт ўтгани сайин барчада хавотир уйғона бошланди. Юқори идора вакиллари ишга киришиб, Жиззах-Тошкент йўналишидаги ГАИ постлари билан боғландилар. Уларнинг маълумотига қараганда, меҳмонларни олиб қайтаётган машиналар карвони эсон-омон Тошкентга етиб келган. Шунда ҳукумат меҳмонхонасига қўнғироқ қилдилар. Меҳмонлар бир соат олдин етиб келганлар, уларга “Ҳайкал очилиши қолдирилди, кечгача дам олинглар”, дейишибди. Баъзилари йўлдан чарчагани учун ухлаётганмиш, баъзилари ошхонада пивохўрлк қилиб, бош оғриғини даволаётган эмиш.

Бу ҳолат менга Тўйтепадаги воқеани эслатди. Назаримда ҳар икки томошанинг муаллифи бир одам бўлиб туюлди. “Бош оғриғи”дан холи 3-4 меҳмонларни етказиб келишса-да, маросимда режаланган шукуҳ сезилмади. Кечки маросим ҳам мени анча гангитди. Унда сўзга чиқувчи икки таниқли шоир белгиланганди. Иккови ҳам “тутун қайтарди”. Бири “мени под удар қўйманглар”, деб жеркиб ташлади. Иккинчиси тоби йўқлигини баҳона қилди. Мен ажабландим: бир шоир ижоди ҳақида гапирса, қанақа “под удар” бўлади, қанақа зарбага учрайди? Кечагина “Ҳамид Олимжон ижоди менда шеъриятга муҳаббат уйғотган” деб юрганлар энди нега бу ҳақда гапиришни истамаяптилар? Шоир ҳақида гапириш шу даражада иснодми? Кечагина Ҳамид Олимжон ва Зулфия муҳаббатини тараннум этувчи балет либреттосини ёзиб берган шоирнинг боши эмас, виждони бетоб десам, ранжимасинлар. Ҳа, ҳар икки ҳолатни мен “виждонсизлик” атадим. Бу сатрларни қоғозга тушираётган бу онда ҳам ўшандаги ҳукмим ўзгаргани йўқ (Бу ҳақда сал олдинроқ ҳам сўз айтиб эдим, яна такрорлашга мажбур бўлдим, айбга буюрмайсиз).

1990 йили “Бобурнома” ёзилганига 460 йил тўлди. Шу йилга қадар коммунист идеологлари Мирзо Бобурнинг подшоҳ бўлганини рўкач қилиб, ул зотнинг жаҳон маданияти ривожига қўшган ҳиссасини рад этиб келган эдилар. Шоир ва тарихчи алломанинг туғилган кунлари, айниқса, таваллудларининг 500 йиллиги тантана қилинмаган эди. Шуни назарда тутиб, устоз Пиримқул Қодиров “Бобурнома” ёзилганининг 460 йиллигини кенг миқёсда нишонлаш ташаббуси билан чиқдилар. Ёзувчилар уюшмасининг бу борадаги таклифлари Ислом Каримов томонидан тўла маъқулланди. Биринчи галда Андижондаги Бобур саройи таъмирланди, саройга олиб борувчи йўл чети ҳунармандларнинг кўримсиз бостирмасифат устахоналари билан тўлган эди. Кўча ҳам таъмирланиб, янги устахоналар қурилди. Юбилей тадбирига хориж меҳмонлари ҳам таклиф этилди. Ташкилий гуруҳнинг сўнгги мажлисида ҳар бир ташкилот зиммасига бириктирилган вазифанинг қай даражада бажарилгани бўйича ҳисоб берди. Марказқўм котиби, академик Жаҳонгир Ҳамидов тайёргарлик ишларидан мамнун бўлиб:

– Ёзувчиларнинг яна қандай талаблари бор, тортинмай айтаверинг, – дедилар.

– Юбилейнинг зўр ўтишига битта самолёт етишмай турибди, – дедим ҳазил оҳангида. Жаҳонгир ака буни жиддий қабул қилиб сўрадилар:

– Самолёт нимага керак?

– Меҳмонларни аввал Андижонга олиб борамиз, кейин Тошкентга қайтиб, 3-4 соатдан сўнг Самарқандга учамиз. Агар самолётимиз бўлганида Андижондан тўғри Самарқандга учиб, сўнг Тошкентга қайтардик, – дедим.

Мажлисда “Аэрофлот” раҳбари ҳам иштирок этаётган эди. Жаҳонгир ака у кишига қараб:

– Бунинг иложи борми? – деб сўрадилар.

– Албатта бор, – деди у киши.

Мен ҳазилнинг дарров чинга айланишига унча ишонмовдим. Андижонга учиш учун аэропортда тўпланганимизда “Аэрофлот” вакили мени йўқлаб қолди. Сўнг “ЯК-40” самолётининг учувчиси билан таништирди.

– Самолёт уч кун давомида ихтиёрингизда бўлади, – деди.

Ана шунақа! Камина Мирзо Бобур шарофати билан, уч кун муддатга бўлса-да, ўз самолётимга эга эдим.

Андижонликлар меҳмонларни олий мақомда кутиб олдилар. Хорижий меҳмонлар орасида “Озодлик” радиосининг мухбири Темур Хўжа ҳам бор эдилар. Бу киши Файзулла Хўжаевнинг жияни эдилар. Бобур саройида сўзлаётганларида бир киши унга яқинлашиб, бошларидаги дўппини алмаштирди. Ёзувчилар уюшмасида тинмай мажлис қилувчилар Темур Хўжа акани кеча кутиб олишиб, бошларига энг арзон дўппини кийдиришган экан. Андижонлик акамизнинг бундан орлари келиб, дарров бозордан янги, гўзал дўппи олиб кийдирдилар. Самарқанддаги тадбир ҳам Мирзо Бобурнинг шарафига мос равишда олий мақомда бўлди. Пиримқул ака барча йиғинларга ўзлари бош-қош бўлдилар. Мен асосан ташкилий масалалар билан шуғулландим. Тошкентга қайтгач, меҳмонларни президентимиз қабул қилишлари керак эди. Ҳамма тўпланган, аммо Темур Хўжа йўқ. Худди Ҳамид Олимжон маросимидаги ҳолат такрорланди. Темур Хўжа ака Президент билан учрашишини жуда-жуда хоҳлаган эдилар, афсуски, уюшмадаги дўстлар у кишини чалғитиб, масалдаги “айиқнинг дўстлиги”га ўхшаган қилиқ қилдилар.

Президент ҳузуридаги суҳбат жуда самимий бўлди. Ислом ака тарихни тўғри тушуниш ва ёшларга тушунтиришга доир, улуғларнинг номларини шарафлашга доир ибратли сўзларни айтдилар. Ҳали Совет ҳукумати тахтдан тушмаган даврда Президент мустақил республика амалга оширадиган вазифаларни гапирдилар. Ўша куни барчага ўртасига “Президентдан совға” деган лавҳа ёзилган пахта гулли лаган совға қилинди. Мен бу ҳолатни кўп эслайман ва ёшлар билан учрашувларда тилга оламан. Давлат раҳбаридан шундай совға олиш мен учун шараф эди. Лекин ҳозир бу воқеани бошқа мақсадда эслаяпман. Ўша йиллари Ўзбекистоннинг молиявий аҳволи анча ғариб эди. Буни хорижликларга лаган совға қилинганидан ҳам билса бўлади. Энди-чи? Дунё чемпиони бўлган спортчиларимизга Президентнинг бераётган совғаларини қаранг! Иқтисодий соҳада на қадар юқорилаганимизнинг далили эмасми бу? Ношукр кишилар шу далилни унутмасалар бўларди.

Охирги тантанали мажлисдан кейин ҳукумат меҳмонхонасида 30 кишига мўлжаллаб зиёфат дастурхони тузаб қўйган эдик. Мажлисдан кейин қарасам, таклиф этилмаган ёзувчи-ю, санъаткорлардан ташқари бизга нотаниш одамлар ҳам шу меҳмонхона томон оқди. Уларни “Бобурнома”га бўлган муҳаббат жалб этмади, йўқ, улар Темур Хўжага эргашдилар. “Бобурнома”га аталган тадбир шу тарзда сиёсий йиғинга айланаёзди.

Мен одатимга хилоф қилмай, зиёфат бошланиши билан чиқиб кетдим. Эртасига эрталаб Пиримқул ака қўнғироқ қилдилар:

– Нега ғойиб бўлиб қолдингиз? – дедилар танбеҳ оҳангида.

– Мен ичкилик қўйилган дастурхон атрофида ўтира олмайман, – деб тўғрисини айтдим.

– Ақлли иш қилибсиз, мен ҳам сизга қўшилиб кетишим керак экан, – дедилар афсус билан.

Кейинроқ эшитишимча, уюшмадаги кўп ғаламисликларга бош бўлган дўстимиз бу зиёфатда Пиримқул акани кўпчилик орасида беҳурмат қилибди.

Қадрдон уюшмамизда ажиб одатлар бор эди. Шулардан бири – хориждан келадиган меҳмонлар икки тоифага бўлинганди: Англияданми ёки Италияданми – хуллас, биз “капиталистик дунё” деб атаган мамлакатлардан меҳмон келса, уларни “катталар” қабул қиларди. Вьетнамдан, Мўғилистон ёки Болгариядан – яъни “социалистик мамлакатлардан” келса, мен суҳбатлашардим. Бу мамлакатларнинг ёзувчиларини азизларимиз менсишмасди. Бир куни уюшма хориж бўлимининг ходимаси Раънохон хонамга кулимсираб кирдилар.

– Мўғилистондан меҳмон келдими? – деб кулдим.

– Йўқ, Франциядан. Сиз гаплашар экансиз?

– Мен? – чиндан ҳам ажабландим. – Бу янгилик-ку? Бу марҳаматга қайси фазилатим учун эришдим?

– Гапимни охиригача эшитинг: меҳмон “Юманите”нинг мухбири экан.

Бу изоҳдан кейин тушундим: янгилик ҳам, марҳамат ҳам йўқ экан. “Юманите” – франция коммунистларининг газетаси. Агар меҳмон “Франс – пресс”нинг мухбири бўлганда унинг суҳбатига етишмоқлик каминага насиб этмаслиги аниқ эди.

Кўп таҳририятларда ишлаб, лақаб орттирмаган эдим. Уюшмадагиларга раҳмат, “Динозавр” деб лақаб қўйишибди. Кўп ишлаганим, асосий тадбирларни ўтказишни зиммамга олганим учунми ё бўйим узунлиги назарда тутилганми, буниси менга аниқ эмас. Ҳар ҳолда лақаб яхши ниятда тақалмагандир…

Уюшма атрофидаги оқимларнинг зиддияти кун сайин жиддийлашиб борарди. Бир оқим Одил аканинг истеъфога чиқишини талаб қилса, иккинчиси, аксинча, раисимиз ва у кишининг ғуломларини қўллаб қувватларди. Бундай зиддият Москвада ҳам мавжуд эди. У ерда уюшманинг иккига ажралишига ҳаракат кучайган эди. Биздаги ёшлар ҳам улардан ўрнак олишмоқчи бўлишганда мен дедимки:

– Москвадаги ҳолатдан ўрнак олиш мутлақо нодонлик. У ерда рус ёзувчилари билан рус тилида ёзувчи яҳудий адиблар келиша олишмаяпти. У ердаги ажралиш ижодий жараён самараси эмас, балки сиёсий жараён оқибати. Биз нимани талашамиз? Эртага иккига ажрашамиз, сўнг уч, кейин тўрт бўлакка бўлинамизми? Бундан ким ютади?

Ташқаридаги гап-сўзлар орасида “Тоҳир Малик раис бўлиши керак” деган таклифлар ҳам айтилибди. Буни эшитиб, Одил аканинг ҳузурларига кирдим:

– Одамлар ҳар ҳил гапларни тарқатиб юришибди, сиз ҳам эшитгандирсиз, лекин менда раисликни эгаллаш нияти мутлақо йўқ, – дедим. – Мен шу пайтга қадар нима иш қилган бўлсам, сизнинг ёрдамингиз билан бажардим. Мен ўзимнинг зеҳнимни, кучимни биламан. Бу ерда мустақил равишда ҳеч нима қила олмайман. Бугун раисликка сайлансам, ярим йилдан кейин бўладиган қурултойда шармандаларча қочиб қолишим аниқлигини ҳам биламан.

Одил ака яхши гапириб, мени хижолатдан қутқардилар. Орадан вақт ўтиб, Одил ака бошқа ишга ўтганларида у кишининг депутатлик ишларидаги ёрдамчилари Мирвали Аъзам газетага мақола ёзиб, “Тоҳир Малик раисликни эгаллаш учун Одил Ёқубовга қарши кўп курашди” деган мазмундаги туҳматни баён қилибди. Мирвали акага бу туҳмат нима учун лозим бўлиб қолибди, ҳайронман. Менда бундай интилиш бўлмаганини акалари, Одил аканинг энг яқин ёрдамчилари Миразиз Аъзам билар эдилар-ку? Қолаверса, зиддиятлар чўққисига чиқмай туриб, мен бошқа ишга ўтиб кетган эдим. Бу гапларим қуруқ бўлмаслиги учун “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси мухбири билан қилган суҳбатимнинг баёнини эътиборингизга ҳавола қиламан. Яқинда эски қоғозларимни тартибга келтириб ўтирсам, шу суҳбат матни чиқиб қолди. Бир четига: “Тор кўнгилли муҳаррирнинг “марҳамати” ила газетада чиқмаган”, деб ёзиб, имзо чекибман. Уни ўқиб чиқиб, тарихини эсладим:

1990 йил кеч кузида менга дўстларимиздан бири телефон қилиб “ишдан қачон кетасан?” деб хунук сўзлар билан ҳақорат қилди.

Дўстимизнинг телефондаги ҳақоратидан кейин ўз хоҳишим билан ишдан бўшаш ҳақида ариза ёздим, Одил ака йўқ эканлар, котибага бериб, уйимга кетдим. Эртасига Андижонга, Чўлпонхонлик кунларини ўтказиш учун жўнадим. Поездда Муҳаммад Али билан кетдик. Муҳаммад Али ака уюшмада таржима бўлимини бошқарар эдилар. Уюшмада мажлис бўлганини, аризам муҳокама қилинганини, “Тоҳир Малик чарчабди”, деб икки ойлик таътил беришганини айтдилар. “Мен таътил эмас, ишдан бўшатишларини сўраган эдим”, деб ғашландим. Андижондаги тадбирни яхши ўтказдик. Муҳаммад Али ака жуда яхши суҳбатдош эдилар. Чўлпон ижодини деярли ёддан билардилар. Москвада ўқиб юрган кезлари кутубхонада улуғ шоир ижодини пухта ўрганган эканлар. Мен шоир акамизнинг биринчи китобларини яхши эслайман. Ундаги шеърларда Чўлпон оҳанглари борлигини сезган эдим. Сабабини ўзларининг ҳикояларини эшитиб англадим.

Андижонда икки кун бўлиб, учинчи куни ишга келдим. Хонамга кирсам, янги котиб жойлашиб олибди. Шуниси қизиқ бўлди. Мени Пленум аъзолари сайлаган вақтда хонани бергилари келмаган эди. Икки ойлик таътилга чиқишим билан, вақтинчалик янги котибни жойлаб қўйишибди. Бу воқеадан сўнг атрофдан турли миш-мишлар эшитила бошлангач, мухбир билан суҳбат қилган эдим.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации