Электронная библиотека » Тоҳир Тоҳир Малик » » онлайн чтение - страница 24

Текст книги "Ҳаёт қайиғи (3 китоб)"


  • Текст добавлен: 16 мая 2023, 13:40


Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 24 (всего у книги 32 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Мазкурни шарҳлашдан ожиз банда ожиздир.

Олтинчи қисм
ЭНГ УЗОҚ ДАВОМ ЭТГАН ҲАЛОВАТСИЗЛИК

Етимча муовин

Ёзувчилар уюшмаси раислигига Одил Ёқубов сайлангач, раҳбариятда ўзгаришлар бошланди. Дастлаб Асқад Мухтор дам олишга чиқдилар. Кейин турли мажлисларда Абдулла Ориповга қарши гаплар айтила бошланди. Бундан безган Абдулла ака вазифадан бўшаш ҳақида Марказқўм саркотибига ариза бердилар. Ўша пайтларда Амир Темур ҳаётини акс эттирувчи драма ёзаётган эдилар. Бу майда гапларга ўралашиб қолишни истамадилар. Марказқўмдаги ўша мажлисдан бирга қайтдик.

– Елкамдан бир тоғ ағдарилгандай бўлди, – дедилар Абдулла ака. Кейин драмадан сўз очдилар: – Амир Темурни ёзишга ёздим-у, уни ким саҳнага қўя оларкин, шуни ўйлаяпман.

Мен Олимжон Салимовни айтдим. Бу Абдулла акага маъқул келиб, шу режиссёр билан ҳамкорликда ишладилар.

Абдулла ака ишдан бўшаш ҳақида ариза берганларида “Тўғри қилдилар, бу ғалванинг ичида юриш улуғ шоирни фақат чалғитади. Келажакда одамлар уюшма раиси ўринбосарини эмас, шоир Абдулла Ориповни эслаб юрадилар”, деб ўйладим. Аммо бу ғалвалар орасига тушиш ўзимнинг тақдиримда борлиги хаёлимга ҳам келмади. Абдулла Ориповнинг аризаси инобатга олиниб, уюшманинг пленуми – ташкилий анжумани белгиланди. Аввалги пленумда ўзимни четга олиб, устозларни ранжитганим учун бу сафар вақтида бордим.

 
Мени бало ўқига нишон қилди фалак,
Кўнглимни ғаму ғуссада қон қилди фалак.
Ўз ёру диёримдан айирди-ю мени,
Фарёдки, зулмини аён қилди фалак
 
(Мавлоно Фузулийдан).

Бир неча дўстларим “Қўлга тушдингиз-ку”, деб кулиб, ўтирган жойимда атрофимни ўраб олишди. Ёнимдаги бўш ўринга Темур Пўлатов келиб ўтирдилар-да, “жим ўтиринг, ҳеч қаёққа жилмайсиз”, дедилар. Номзодим кўрсатилишини тахмин қилган эдим, аммо масалани бу даражада жиддийлашгани каминани сергаклантирди. Темур Пўлатовнинг асарларини йиллик мажлисда танқид қилгач, мендан хафалар, деб юрардим. Йўқ, ранжимаган эканлар. Пленумнинг бошидан охиригача менга хайрихоҳ бўлиб ўтирдилар.

Абдулла Ориповнинг аризалари инобатга олиниб, вазифаларидан озод этилгач, бу ўринга Одил Ёқубов Пирмат Шермуҳамедовни тавсия этдилар. Одатда раҳбарнинг номзоди асосий саналади. Чунки муовин билан бирга ишловчи раис кимни тавсия этаётганини яхши билади. Иккинчи бўлиб камина, сўнг Хайриддин Султон номзоди кўрсатилди. Фарҳод Мусажонов Гулчеҳра Нуруллаева номзодини тавсия этдилар. Бу таклифни ҳеч ким қўлламади, ҳатто номзодлар рўйхатига киритилмади. Хайриддин эса нашриётдаги муҳим ишларини баҳона қилиб, номзодини қайтариб олди. Менинг ҳам ниятим шу эди, бироқ, ёнимдаги Темур Пўлатов, орқа ўриндиқдаги дўстларим худди қочишга шайланган ёш болани ушлагандай бири қўлимдан, бири елкамдан тутди.

Овозга қўйиш жараёни бошланай деганда Исфандиёр туриб: “Қачонгача бизни полковниклар бошқаради, рус адабиёти бўйича муовинни ҳам алмаштирамиз”, деб Николай Гацунаевнинг номзодини кўрсатди. Н.Гацунаев миллати осетин, Хивада туғилган, Одессада олий маълумот олган, Хоразм шевасида гаплашарди. Рус тилида ёзилган шеърлари нашр этилганди. Ўзбек адибларининг насрий ва назмий асарларини рус тилига таржима қилганди. Фантастик роман ҳам ёзгани учун биз уни фантастика кенгашига аъзо қилиб олган эдик. Николай ака кам гапириб, кўп ишлайдиганлар тоифасидан эди. Оиласи бузилгани учун Дўрмондаги ижод уйида яшарди. Пленум куни ҳам ўша ерда эди. Номзоди қўйилгач, уни шошқич равишда чақиртиришди. Лекин келишини кутмай сайлаб қўя қолишди. Бу рус ёзувчилари учун кутилмаган ҳол бўлди. Номзод ёпиқ овоз билан сайланди. Қарши овоз берганлар, назаримда рус ёзувчилари эди. Ўзбек, татар, корейс… ёзувчилари кўпчиликни ташкил қиларди, шу кўпчилик овоз билан Н.Гацунаев Дўрмондан шаҳарга келгунга қадар Одил Ёқубовнинг муовини бўлди. Каминага ҳам кўпчилик овоз берди. Одил ака ҳам, бошқалар ҳам буни кутишмаган экан, сайлов натижасидан ранжишганини сездириб қўйишди.

Сайловдан кейин икки кун ўтди – жимлик. Биров чақирмайди, “Сени пленум сайлади, иш бошламайсанми?” демайди. Ўзимча бора олмайман. Учинчи куни Саид Аҳмад ака нашриётга телефон қилдилар. “Бу ерда нима қилиб ўтирибсан, сени нима учун сайладик?” дедилар. “Ҳеч ким чақирмаяпти”, дейишга истиҳола қилиб, нашриётдаги чала ишларимни қилиб олай, дедим. Кечга томон Одил аканинг муовинига қўнғироқ қилдим. “Нима қилай, борайинми ё нашриётдаги иссиқ жойимни совутмай, ўтирайинми?” дедим. “Сайланганингиздан кейин келасиз-да”, деди совуқ оҳангда. Эрталаб бордим. Одил ака келмаган эканлар. Муовинлари: “Хонангизга кириб ишлайверинг”, деди. Худди етим бола ҳолига тушдим. Тантанали кутиб олинишимни ҳавас ҳам қилмаган эдим. Лекин хизмат одоби, тартибига кўра кимдир жамоани йиғиб, “Ҳамкасбимиз иш бошлаяпти, муваффақият тилаймиз”, дейиши керак-ку?

Қабулхонанинг ўнг томони Одил аканинг, чап томони биринчи муовин саналган рус муовиннинг хонаси эди. Пленумнинг эртасига М. Солиҳ бу хонани эгаллабди. Гарчи “1-муовин, 2-муовин” деган даражаланиш бўлмаса-да, бу ҳаракати билан раисдан кейинги раҳбар менман, деган маънони уқиш мумкин эди.

Гацунаевнинг хонаси қулф экан. Қабулхонада котиба ҳам йўқ. Менга ажратилган хона эшиги очиқ. Ичкари эса… худди Мўғул босқинидан кейинги шаҳар харобаларини эслатмаса-да, раис ўринбосарининг ишхонасига ўхшамасди. “Бу ерда маишат қилишганми”, десам, ертўладаги ошхонани ресторан-маишатхонага айлантириб олишган, бу ерда ўтиришга ҳожат йўқ. Лекин нима учун ҳамма нарса айқаш-уйқаш, шунисига ажабландим. Ўзимга ўзим “Иззатинг борида нашриётингга жўнаб қол”, дедим-да, изимга қайтишга чоғландим. Даҳлизда Одил акага рўпара келдим.

– Келдингизми, яхши. Ҳозир машиналар келади, мен Туроб акангизга айтганман, яна бир-икки шоирни чақиринг, Чимкентга жўнайсиз, – дедилар саломимга алик олгач.

– Чимкентда нима қиламан? – дедим ажабланиб.

– Қозоғистонда Ўзбек адабиёти кунлари бошланяпти. Делегацияга сиз раҳбарсиз.

Бу топшириққа тушуниб-тушунмай, устознинг изларидан хоналарига кирдим. Тунда чарчаганлар шекилли, бетлари қизариб кетган. Жойларига ўтирмай, хона тўрисидаги совутгич эшигини очдилар-да, шишадаги муздек сувни кўтариб ичдилар. Сув ички ҳовурларини бир оз босди шекилли, жойларига ўтириб, бугундан бошланадиган тадбир режасини тушунтирдилар. Икки миллат, икки жумҳурият ёзувчилари иштирокида бўладиган тадбирга бу даражадаги эътиборсизлик билан тайёргарлик кўриш мени ғоят ажаблантирди. Ҳар ҳолда, дуч келган шоирни машинага ўтқизиб, қозоқ дўстлар даврасига олиб бориш ақлга тўғри келадиган иш эмасди. Носир Фозилов, Суннатулла Анорбоев, Саъдулла Сиёевлар Туркистон шаҳрида туғилиб, ўсганлари учун уларга сал олдинроқ хабар беришган экан. Уларга Азим Суюн, Мирпўлат Мирзо, Аҳмад Тошхўжаев қўшилдилар. Мурод Муҳаммад Дўст “Литературная газета”нинг мухбири сифатида қўшилди. Одил ака “Сенлар бошлайверларинг, мен кейинроқ бораман”, дедилар.

– Туроб Тўлани чимкентликлар ҳурмат қилишади, ваколага Туроб ака бош бўлсинлар, – дедим.

– Бу сиёсий-расмий тадбир, делегацияга уюшма раҳбарларидан бири бош бўлиши керак, – деб таклифимни рад этдилар.

Қозоқ дўстлар бизни Тошкент четидаги Черняевка деб аталмиш чегарада кутиб олишди. (Тошкентга қўшин тортган генерал Черняев шаҳарга шу жойдан ҳужум бошлагани учун, унинг шарафига кўп йиллар давомида “Черняевка” аталди. Ҳозир биз томон “Ғишт кўприк” деб аталади, у томон эса ҳануз “Черняевка”. Биз томондаги катта ёшдагилар ҳам ҳозиргача “Ғишт кўприк” дейишга ўрганишгани йўқ). Машиналар карвони Қоплонбек деб аталувчи қишлоқ томон юрди. Шу ердаги боққа жой қилинган экан, тўкин зиёфат бошланди. Меҳмонларни зиёфат қилишда қозоқ дўстларимиз биздан ўтсалар ўтадиларки, қолишмайдилар. Бу лутфни Марказий Осиёда яшовчи барча миллатга нисбатан айтиш мумкин. Бу миллатларни бирлаштириб турувчи фазилатлардан бири айнан шу – олий мақомдаги меҳмондўстлик.

Қозоғистон ёзувчилар уюшмасининг раиси Совет иттифоқида машҳур шоир Олжас Сулаймон эди. Унинг зарур иши чиқиб қолибди, эрта-индин келиши мумкин экан. Унинг ўрнига муовини Қаловбек Турсунқулов келибдилар. Туроб Тўла билан алоҳида меҳр ила кўришдилар. Билсам, икковлари Тошкент билан Чимкент ўртасидаги Турбат деган қишлоқдан эканлар.

Зиёфат авжига чиққанида Носир Фозилов менинг биқинимга аста туртиб:

– Қозоқларнинг меҳмондўстлигини зийраклик билан кузатинг, икки ойдан кейин уларни сиз шу даражада кутиб олишингиз керак, – деб қўйдилар.

Рамазон ойи, мен рўза оғиз эдим. Даврада бегонасираб ўтирдим. Ҳадисга амал қилиб, даврани тарк этишнинг сира иложи йўқ. Бу ишга ўтганим учун Худо мени жазолаяптми ё синаяптими, билолмай гаранг эдим. Уюшма раҳбарияти пленумда П.Шермуҳамедовнинг сайланишига тўла ишонганларини мен тадбир бошланганида сездим. Ҳали пленум бўлмай туриб делегация аъзоларининг рўйхати Қозоғистон ёзувчилари уюшмасига юборилиб, П.Шермуҳамедов раҳбар деб кўрсатилган экан. Чимкентга бориб, вилоят раҳбарлари билан учрашганимизда Қаловбек оға бизларни таништира туриб, мени “Ўзбекистон ёзувчилари уюшмаси раисининг биринчи муовини профессор Пирмат Шермуҳамедов”, деб таништирганларида барчамиз ўзимизни ноқулай сездик. Туроб ака донишманд шоирларга хос латифлик билан Пирмат ака ўрнига мен келганимни айтиб, Қаловбек акани ҳам истиҳоладан қутқардилар. Пирмат ака бошчилигидаги делегация аъзоларининг рўйхати учрашув бўладиган барча жойларга тарқатилган экан, огоҳлантиришга улгирилмаган жойларда шу ноқулайлик такрор бўлаверди.

Туркистонга борганимизда Одил ака Ғафур Ғулом номидаги нашриёт директори Шоир Усмонхўжаев билан бирга етиб келдилар. Асосан зиёфатда иштирок этдилар. Зиёфат авжига чиққанида “Шоир билан бир жойга боришимиз керак”, деб кетдилар.

Қозоқ ёзувчилари орасида, Чимкент, хусусан Туркистонда Носир аканинг обрўлари баланд экан. Бунинг сабаби – Носир ака бу юрт учун кўп хизмат қилганлар. Туркистонлик ёшларни қўллаб-қувватлаганлар, қозоқ ёзувчиларнинг кўплаб асарларини ўзбек тилига таржима қилганлар. Бу хизматлари учун Қозоғистоннинг бир неча мукофотларига сазовор бўлганлар. 1996 йилда Носир ака билан Олмаотада бўлганимда акамизнинг обрўлари энг ҳурматли қозоқ ёзувчилари қаторида эканига яна бир бор гувоҳ бўлган эдим. Ўзлари туғилиб ўсган қишлоқ ёки шаҳарга фидойилик билан хизмат қилишни кўп ёзувчиларимиз Носир акадан ўрганишлари керак экан, деган фикр уйғонган эди.

Боболари бир тан-бир жон бўлиб яшаган жигарларнинг 1924 йилдан бу ёғига икки жумҳуриятга бўлиниб олиб муомала қилиши мени кўп ажаблантирарди. Деярли барча учрашувларда бир гапни такрорладим:

– Қоғоз харитада бизларни чизиқ-чегара ажратиб турибди. Наилож, бунга кўнишга мажбурмиз. Лекин бу чизиқ, бу чегара тирик юракларимизга кўчишидан эҳтиёт бўлайлик. Юракларга чегара тушган кун халқнинг фожиаси бошланишига тарих гувоҳдир.

Барча тадбирлар юксак савияда бўлиб ўтди. Айниқса шоирларимиз яйрадилар. “Бир ҳафтада йиллик ҳақларини ичиб адо қилдиларов…” – деб тахмин қилдим. Бу гапимда лоф йўқ: қайтар кунимиз бир шоиримиз шу даражада маст бўлибдиларки, уйларини тополмабдилар, ҳайдовчи бечора туни билан шаҳар кезиб чиқибди. Тонгга яқин кайфи сал тарқагач, уйи ҳам топилибди…

Тадбирларнинг иккинчи кунидан рўза тута олмадим – мусофирларга берилувчи имкониятдан фойдаландим. Учинчи кунидан тобим қочди. Иситма тутди, қон босими кўтарилди, тиш оғриғи ҳам бошланди. Андиша кучлилик қилди, бировга билдирмадим, дори билан ўзимни тутишга уриндим. Охирги куни Сайрамдаги учрашув уч соат давом этди. Тадбирни ўзим бошқардим. Учрашувдан сўнг зиёфат бошланди. Шунда ўзимни тутиб тура олмадим. Ичкарига киришим билан ҳушимдан кетдим. Шифохонада ўзимга келдим. Тонгга қадар ётдим. Қайтишдан олдин вилоят раҳбарлари билан учрашишимиз лозим эди. Ўзимни тетик тутишга ҳаракат қилдим. Ёзувчилар номидан миннатдорлик билдирдим. Уйга қайтгач, яна ҳушимдан кетдим…

Бу тадбирлардан сўнг яна бир неча марта Чимкент вилоятида бўлдим. Ўзбек маданий марказининг, “Қозоқ тили” жамиятининг таъсис мажлисларида иштирок этдим. Қозоғистон ёзувчилари уюшмаси иштирокида аввал Олмаотада, сўнг Тошкентда қозоқ оқинларининг (бахшиларининг) “Айтыс” деб номланувчи кўригини ўтказдик. Туркистон яқинидаги Иқон шаҳарчасида улуғ шоиримиз Миртемирнинг уй-музейини ташкил этишда ва очилиш маросимида ҳам иштирок этдим.

Адабиёт кунларидан қайтгач, икки кун иситмалаб ётдим. Ишга чиққанимда ўзини биринчи муовин мартабасига тайинлаган шоир дўстимиз: “Қозоқларнинг ароғини ичавериб думалаб қолдингизми?” – деган ҳазил билан кутиб олди. Ичмаслигимни била туриб, шундай ҳазил қилиши мени пича ғашлантирди.

 
Фарёдки, бу чархи фалак – найрангбоз,
Қилди юзимизга эшиги найранг боз.
Ҳар найранги бир ҳийладан холи эмас,
Қолди нима, билмадим, қилар найранг боз
 
(Мавлоно Фузулийдан).

(Изоҳ: Мазкур рубоий тажнис (шаклдошлик доирасидаги сўз ўйини) асосига қурилган бўлиб, “найрангбоз” сўзи 1-мисрада “фирибгар”; 2-мисрада “найранг эшигини очмоқ”; 4-мисрада эса “яна найранг қилмоқ” маъноларини англатади).

Хонамни йиғиштириб қўйишган экан, жойлашдим. Хонада учта телефон тургувчи эди, биттаси қолибди, у ҳам ишламайди. Икки темир жавоннинг калитлари йўқолганмиш. Хонада 10 киши иштирокида мажлис ўтказиш мумкин эди, ажабки, иккитагина стул қолибди. Йўқолган стулларни 3-4 кун ичида топиб беришга ваъда қилишди. Бу ҳам бир мардлик, тантилик-да! Ўн кун деганда стуллар топилди. Аммо темир жавонларнинг калити то ишдан кетгунимга қадар ҳам топилмади. Буни билган Иброҳим Раҳим махсус идорага қўнғироқ қилиб қулф очувчи устани чақиртирдилар. Битта жавонни очганда уюшма жўжахўрозлари кириб, устани ҳайдаб юборишибди. Ўзимча ўйладимки: “Булар темир сандиқда махфий ҳужжатларни сақламасин, ҳаммаси очиқда турсин, деган мақсадда шундай қилишаётгандир. Менинг ишимда қандай махфий ҳужжат бўлиши мумкин? Менга бу темир жавонларнинг мутлақо кераги йўқ”.

Чақирилмаган меҳмон

Тилимизда “чақирилмаган меҳмон” деган ибора бор. Уюшма даврасида мен шу мартабада эдим. Биринчи куни келганимдаги хонанинг аҳволи, телефонларнинг узиб ташлангани, хизмат машинасини беришмагани… арзимас майда қитмирликлар эди. Гап шундаки, шаррос қуйган ёмғир тез тинади. Майдалагани эса эзиб, узоқ ёғади. Камина шундай ёмғирга дуч келган эдим. Олжас Сулаймон “Ёзувчилар уюшмасига раҳбарлик қилиш – катта-катта чумолилар уяси устида иштонсиз ўтиришдай бир гап”, деган эди. Шундай экан, “майдалаб эзиб ёққан ёмғир”га чидаб ишлашдан ўзга чора йўқ эди.

Бир куни ишга келиб қарасам, хонадаги телевизор йўқ. Яна бир куни диван йўқолди. Сўнг гилам. Хонадан олинадиган нарса қолмагач, хизмат машинасини “қисқартирадиган” бўлишди. “Уюшмада энг кўп ишлаётган Тоҳир Малик-ку, келиб-келиб унинг машинасини қисқартирасизларми”, деган шоир акамиз Сафар Барноевни ҳам вазифасидан “қисқартиришди”.

Мен уларнинг мақсадларини англагандай бўлдим. Сал нарсага аразлаб ишдан кетиб қолишим барчага аён эди. Шу қитмирликларга чидолмай, тез орада жўнаб қолади, деб умид қилишгандир. Тўғри, бу қилиқлардан ғашландим. Лекин қитмирликлар моддий томондан бўлгани учун аҳамият бермасликка тиришдим. Чунки темир жавонсиз, гиламсиз, дивансиз ҳам ишлаш мумкин. Телевизорни эса бир марта ҳам ёқиб кўрганим йўқ эди. Хизмат машинасига ҳам боғланиб қолмагандим. Бу жиҳатдан Асқад Мухторга ўхшашга уринардим. Бир куни эрталаб хизмат машинаси кечикди. Ишга автобусда келдим. Шунда ҳайдовчимиз Нозимжон “Бир марта кечикканимга ғазабланиб кетворибсиз”, деб гина қилганда дедимки: “Нозимжон, мутлақо ғазабланмадим. Хизмат машинаси менга бир умрга берилмаган. Икки ойдан кейинми ё йилдан кейинми, олиб қўйишлари мумкин. Бу машинага маҳлиё бўлиб, “автобус” деган қадрдон ошнамни унутсам, кейин қайта ўрганишга қийналмайманми?” Фаришталар “омийн” деган экан, орадан кўп ўтмай “автобус” ошнам билан яна қадрдонлашдим ва бундан мутлақо афсусланмадим. Кўнглим бошқа нарсалардан оғриди. Аввалроқ туҳмат ҳақида сўз юритганимда икки шоир акамизнинг ўлимини менинг зиммамга илиб қўйишганини баён қилган эдим. Бу ҳам етмагандай уйимга одамнинг калла суяги расмини чизиб юбора бошлашди. Бундан ҳам ранжидим, ҳам қўрқдим. Уларнинг мақсади ҳам қўрқитиш эди. Аммо мен ўзимдан эмас, фарзандларимга бирон шикаст етказишмаса эди, деб қўрқиб яшадим.

Дастлаб сайловда номзодлари ўтолмаганидан ғашланиб қитмирлик қилишган бўлишса, кейинроқ эса уюшмадаги ўғирликларга йўл бермасликка уринишимдан ғазабланишди. Сарвар Азимов раислик қилган даврларида уюшма шоҳона саройга айланганди. Ҳар бир хонага гиламлар тўшалган, рангли телевизор, тадбирларда хизмат қилиш учун турли русумлардаги ўнлаб автомашиналар… Бу бойликлар аста-секинлик билан сотилаётган эди. Сотилганда ҳам маданий тарзда, хат-ҳужжат қилиб пулланарди. Масалан, бинойи юриб турган “Москвич” “шалағи чиқиб кетди, ишга яроқсиз”, деб “акт” қилинарди. 5-10 виждонсиз эса буни ҳақиқат деб гувоҳлик бериб имзо чекарди ва бу автомашина кимгадир велосипед нархида сотиб юбориларди. Ҳар ҳолда озгина виждон бор эди, ўша “велосипед”нинг пули давлат хазинасига тўланарди. Мардликни, тантиликни қаранг! Гиламларнинг иши осон. Ё чириб кетган бўларди ё каламуш ғажиб ташларди. Азаматларнинг бу ҳаракатлари туфайли каламуш бечораларга ҳам кўп туҳматлар қилинди. Кейинги пайтда уюшма атрофида каламушлар кўринмай қолган эди, туҳматлардан безиб бошқа идораларнинг ертўласидан паноҳ топишгандир. Тилимизда “Икки қўчқорнинг боши бир қозонда қайнамас”, деган мақол бор. Шуни сал ўзгартириб: “Икки оёқли каламуш бор жойда, у жониворларга нон йўқ!” – десак ўхшармикин?

Бир куни менга имзо чекиб бериш учун “акт” олиб келишди. Ўқиб қарасам, Ҳамид Олимжоннинг Жиззахдаги уй-музейига Ёзувчилар уюшмаси ҳисобидаги бешта гилам совға қилинганмиш. Аслида юбилей муносабати билан тожикистонлик ёзувчи дўстларимизнинг совғаси – шоирнинг тасвири туширилган 2х1 ҳажмдаги гиламча берилган эди. Бу виждонсизликдан ғазабланиб “акт”ни чизиб-чизиб ташладим. Икки-уч оғиз “ширин” гап айтвордим. “Икки шоирнинг қотили” деган “шарафли унвон” шу воқеадан кейин берилди.

 
Халойиққа фароғат йўқ агар шоҳи эса золим,
Сурувнинг шўридир, бўлса агарда бўри чўпон
 
(Мавлоно Фузулийдан).

Одил ака депутат бўлганлари сабабли Москвага кўп борардилар. Расмиятчилик юзасидан ўринларига муовинларидан бирини тайинлаш ҳақидаги буйруққа имзо чекардилар. Вақтинчалик раис, таъбир жоиз бўлса, “бир соатлик халифа” уюшманинг молиявий ишларига ҳам масъул бўларди. Шундай сафарларнинг бирида Одил ака мени хоналарига чақириб:

– Ўрнимга сизни қолдиряпман, мана буйруққа имзо чекдим. Менинг хонамда ўтиринг, – дедилар.

– Одил ака, хизматни ўзимнинг хонамда ҳам бажаравераман, – деб бу таклифни қабул қилмадим.

Пешин пайтида шогирдлари даврасида овқатланишга кетдилар, шу бўйи ишга қайтмадилар. Пешиндан кейин юқори идоралар мажлисга чақирмаса, ишга қайтиб овора бўлмасдилар. Эртасига эрталаб каминани яна йўқладилар.

– Сизнинг ишингиз кўп, ўрнимга Солини қолдиряпман, – дедилар.

Ҳеч нима демадим. Пешин чоғи тўкин зиёфат дастурхони атрофида бу масала қизғин муҳокама қилинганини англадим ва дўстларнинг бу қадар паст кетишларидан ғашим келди.

“Ит ҳурар, карвон ўтар”, мақолига амал қилиб ишлаб юравердим. Кузда Қозоғистон ёзувчиларини кутишимиз керак эди. Одил ака бу вазифани менга юкладилар. “Ичган қимронларингизнинг ҳақига хизмат қилинг”, дедилар. Қимрон ичмаган бўлсам ҳам миллатимиз обрўйини сақлаш учун хизмат қилишга тайёр эдим. Носир ака ўшанда айтганларидай, қозоқ дўстларимиз даражасида кутиб олишимиз қийин эди. Шунга қарамай, ишга киришдим. Режа ишлаб чиқиб, Марказқўмга кўрсатдим. Гарчи Қозоқ адабиёти кунлари Тошкент вилоятида ўтказилса ҳам, ишни энг юқори ташкилотдан бошлашим бежиз эмасди. Юқори ташкилот “оқ фотиҳа” берса, пастдагилар билан ишлаш осон бўлади. Обкомнинг масъул ходимлари билан ҳафталик иш режасини пишитиб олдик. Меҳмонларни биз ҳам Черняевкада қўш карнай, қўш сурнай, қўш ноғораларни варанглатиб, катта тантана билан кутиб олиб, Шредер номидаги боғдорчилик илмий текшириш институтининг шинам шийпонида зиёфат қилдик. Ёзувчилар уюшмасининг номи улуғ бўлгани билан чўнтаги қуруқ, иккита меҳмонни кутиб олишга ҳам чоғи келмасди. Агар юқори идоралар қўллаб-қувватлашмаса, шарманда бўлишимиз турган гап эди.

Кутиб олиш маросимидан кейин Ойбек уй-музейида ўзбек-қозоқ ёзувчиларининг давра суҳбати ташкил этилди. Бу тадбирга Бўкада истиқомат қилувчи машҳур Чори бахшини таклиф этдим. Чори ака асли қашқадарёлик, Бўкада пахта бригадири эдилар. Дўмбирани чертиб терма бошлайдиларми ё достон айтадиларми, тингловчиларни ўзларига ром қилиб олардилар. Уюшманинг вилоят бўлимида ишлаганимда бахши оғамиз билан яқиндан танишган, ижодларидан баҳраманд бўлган эдим. Жумҳуриятдаги бир неча атоқли бахшиларни чорлаб Чори аканинг ижодий кечаларини ҳам уюштиргандик. Мен бу халқ шоирини ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилишни таклиф этганимда айрим шоирлар нечундир йўл бермадилар. Шоирларимиз ранжишмасин-у, лекин уларнинг ҳеч бирлари бахшилар билан шеър айтиша олишмаса керак. Бизнинг шоирларимиз кунлар, ойлар давомида ўйлаб-топиб ёзадилар. Бахшиларнинг термалари эса худди сел каби қуйилиб келаверади. Аллоҳ уларга шу қадар кучли хотира берганки, шоирларимизнинг аксари бу неъматдан бебаҳрадирлар. Юртбошимиз томонидан “Халқ бахшиси” шарафли унвони таъсис этилиб, бойсунлик Шоберди бахши бу номга сазовор бўлганида жуда қувонган эдим. Афсуски, Чори оға бу кунга етиб келмадилар, йўқса, бу унвон биринчилардан бўлиб шу кишига бериларди.

Ўшанда қозоқ ёзувчилари иштирокидаги кичик анжуманга Чори оғани таклиф этишимдан мақсад “Алпомиш” достонидан тинглаш эди.

Анжуманимиз қизиган паллада Чори оғани меҳмонларга таништирдим:

– Қозоқ оқинлари ҳам “Алпомиш”ни айтадилар. Ўзбек бахшиларининг юрагидан отилиб чиққан “Алпомиш” билан ҳам танишинглар. Чори ака, меҳмонларимизни баҳраманд этинг.

– Хўп бўлади, жоним, – дедилар Чори ака. – Қаеридан айтай?

Бу саволни кутмаган эдим, “хоҳлаганингиз” деганимда Иброҳим Ғафуров “Озодликка чиққан Алпомишни Барчиной қандай кутиб олган эди?” деб аниқлик киритдилар. Чори бахши “хўп бўлади”, дедилар-у дўмбирани чертиб достон айтишни бошладилар. Қозоқ биродарларимиз бахшимизни олқишладилар.

Эртасидан қозоқ қариндошларимиз яшайдиган хўжаликларга бордик. Шулардан бири Карл Маркс номи билан аталарди. Тилимнинг учида турган гапни айтиб ўтай: жойларга ном қўйишда фаросатсизликнинг юксак намуналарини учратиш мумкин эди. Тошкент кўчалари Лениндан бошланиб, рус, украин, грузин халқларининг барча улуғлари номи билан аталарди. Хмельницкий, Шевченко, Руставели, Пушкин, Гоголь, Чехов… буларни тушунаман, аммо “утюжная”, “банная”ларга нима дейман? Тошкент вилоятидаги бешта хўжалик Ворошилов, олтитаси Карл Маркс номи билан аталаркан. Қозоқ биродарлар билан бўлган йиғинда хўжалик аъзоларига мурожаат қилиб дедимки:

– Шу хўжаликни сиз ўз билак кучингиз билан обод қилиб яшаяпсиз. Карл Маркс деган бобомиз келиб битта кўчат экиб бермаган. Бу ерда амма-холалари ҳам яшамайди. Бугунги учрашувимизда Қозоғистоннинг энг эътиборли, энг суюкли нашрларидан бири бўлган “Жулдиз” журналининг бош муҳаррири ўтирибдилар. Бугунги учрашувимизни қуруқ гаплар билан якунламасак-да, авлодларимиз ҳам суюниб эслаб юрадиган бир иш қилсак: ҳозир мен бир таклиф айтаман, хўжалигингиз раҳбари эса очиқ овозга қўядилар – бугундан эътиборан хўжаликнинг номи ўзгартирилиб, “Жулдиз” деб аталсин. Тошкент вилоятидаги “Жулдиз” совхози билан Олмаотада нашр этилувчи “Жулдиз” журнали таҳририяти билан дўстлик-маданий алоқалари ўрнатиш ҳақида шартнома тузилсин. “Жулдиз” журнали “Жулдиз” совхозини оталиққа олиб, кутубхонасини қозоқ тилидаги бадиий асарлар билан бойитиш, маданий тадбирлар ўтказишни зиммасига олсин… Бу таклиф шодлик билан кутиб олинди. Аммо номни алмаштириш осон бўлмади. У дамларда мазкур масала билан шуғулланувчилар нодон эдиларми ё каттароқ ва нозикроқ идораларнинг қаҳрига учрашдан қўрқардиларми, ҳар нечук кичик номни ҳам ўзгартириш қийин эди. Ўша “Утюжная” кўчасининг номи ҳам осонликча ўзгармаган. Пушкин номидаги истироҳат боғини Абдулла Қодирий номи билан алмаштириш таклифини шаҳар катталарига айтганимизда бу хайрли ишни амалга оширмаслик учун турли баҳоналар излай бошладилар.

– Абдулла Қодирий Эскижўвада, шу боғ ўрнида туғилганми?

Уларнинг тентакона саволларига пичинг билан жавоб берган эдим:

– Абдулла Қодирий шу боғ яқинида шу телба дунёга келганлар. Боғдан юз метр наридаги туғуруқхонада туғилганлар. Лекин Пушкин деган акангиз бу боғдан етти минг километр нарида туғилган.

– Абдулла Қодирийнинг бу боққа нима алоқаси бор?

– Жулқунбой ҳазратлари Тошпўлат тажанг, Калвак махсум деган улфатлари билан бирга шу боғ этагидаги чойхонада ҳар куни ошхўрлик қилганлар. Пушкин ош емас эди, лекин сув бўйидаги ошхонада карам шўрва ҳам ичмаган.

Худога шукр, қийинчилик билан бўлса-да, боғ номи ўзгартирилди. Андижондаги масала ечилиши бундан ҳам қийин бўлди. Абдулҳамид Чўлпон номлари 1957 йилда оқлангани билан асарлари халққа қайтмаган, хотираларини абадийлаштириш ҳақида ўйлаб ҳам кўрилмаганди. Уюшмадаги қайсидир йиғинда “Чўлпонни Ёзувчилар уюшмасига тиклаш керак”, деган талаб айтилганда мен дедимки:

– Чўлпонни Ёзувчилар уюшмасига тиклаш учун аввал ул зотни уюшмага қабул қилишимиз, сўнг ўчиришимиз керак.

Бу гапдан ажабланишди. Баъзи одамлар кўпчилик ичида донолигини ёки мардлигини кўрсатгиси келади. Чўлпонни уюшма аъзолигига тиклаш талабини айтганлар ҳам шу тоифадан эди. Улар буюк шоирнинг таржимаи ҳолини билмасликларини шу талаб билан ошкор этишди. 1934 йили Ёзувчилар уюшмаси ташкил қилинганда ўзбек совет ёзувчилари Абдулҳамид Чўлпонни “ёт ғоялар вакили” деб айблаб, бу уюшмага қабул қилмаган эдилар. 1989 йили уюшма ҳузурида репрессия даврида туҳмат балосига учраган улуғларимиз номини тиклаш билан шуғулланувчи “Адолат” қўмитаси тузилиб, таниқли шоир акамизни раисликка сайладилар. Акамиз репрессия жабрини кўрганлар, кўп гапирардилар аммо амалий ишга аҳамият бермасдилар. Шу сабабли жамоатчилик асосидаги бу раисликни ҳам камина зиммасига юкладилар. Ўша йиллари бутун Иттифоқдаги бўлгани каби, бизда ҳам КГБ архив ҳужжатларидан фойдаланиш имкони туғилди. Мен “Адолат” раиси ва уюшма котиби сифатида бу идорага мурожаат қилиб, ҳужжатлар билан танишиш тартибини билдим. Бу идорага ёзилган икки оғизлик мактуб кифоя экан. Шу мактуб билан адабиётшунос олимимиз Наим Каримов, Мунаввар қорининг яқин сафдоши, туркиялик зиёли Саид Аҳрорийнинг қизлари, таржимон опамиз Холида Аҳророва ва яна бир қанча олимларимиз архив ҳужжатлари билан танишдилар. Мен эсам улуғлар номини абадийлаштиришга доир ишларга кўпроқ аҳамият бердим. Муҳтарам президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбариятини бошқараётган илк ойларда уюшма номидан мурожаат қилиб, Абдулла Қодирийнинг 95 йиллигини ўтказиш ва 100 йиллик тўйларига тайёргарликни бошлаш ҳақидаги таклифларимизни ёздик. Таклиф тўла равишда маъқулланди. Шаҳар марказидаги “СССР 50 йиллиги” кўчасининг номи ўзгартирилиб, Абдулла Қодирий номи билан аталди, Жиззах педагогика институтига, Тошкент маданият институтига, янги қурилаётган метро бекатига Абдулла Қодирий номи берилди. Тасодифни қарангки, шу метро ўрнида авваллари қамоқхона бўлган, улуғ адиб 1926 йилда шу қамоқхонада ўтирган эканлар. Абдулла Қодирийга доир ишлар жумҳурият раҳбариятининг қарори билан осон ҳал этилди. Бироқ Абдулҳамид Чўлпон номларини абадийлаштириш қийин кечди. Ўша йиллари Андижонда “Чўлпонхонлик кунлари”ни ўтказишни анъанага айлантирдик. Уюшмада ишлаб турган йилларим бу тадбирда иштирок этардим. Бошқа ишга ўтгач, дўстларим мени таклиф этишни унутишди. Адашмасам, тадбир яна 2-3 йил давом этди, билишимча, ҳозир ўтказилмайди. Илоҳим, бу масалада мен адашган бўлай, тадбирнинг давом этаётгани эса рост бўлсин.

Ўша йиллари Андижон хорижий тиллар институтига Чўлпон номини бериш таклифини айтдим. Яна ўша савол: “Бу институтга Чўлпоннинг нима алоқаси бор?” Жавоб оддий бўлди: “Чўлпон чет эл адабиётини таржима қилганлар. Хусусан, Шекспир асарлари билан ўзбеклар Чўлпон таржимасида танишганлар”. Институтнинг шоир номи билан аталишига бу камлик қилар экан, таклиф эътиборсиз қолдирилди. Чўлпонхонлик тадбири шу институт талабалари иштирокида ўтказилганда мен бу илм масканига шоир номини бериш таклифини минбардан туриб айтдим ва ўзбошимчалик бўлса-да, расмий мажлисларга хос равишда овозга қўйдим. Талабалар таклифни бир овоздан маъқулладилар. Тадбирда иштирок этаётган ректор жанобларига талабаларнинг ўринларидан туриб таклифни қарсак билан олқишлашгани ҳам таъсир этмабди. Йиллар ўтса-да, таклиф қабул қилинмагач, “Ёшлик” журналида ишлаётганимда бу ҳақда мақола ёзиб, ректор шаънига танқидий гаплар айтишга мажбур бўлдим.

Қозоқ жигарларимиз истиқомат қиладиган хўжалик номини ўзгартириш воқеаси баҳонасида бошқа гапларни ҳам айтиб олдим, узрлиман. Сизларни чалғитишни бас қилиб, яна Қозоқ адабиёти кунларига қайтай.

 
Ёр юзин кўришга рақиб бермас йўл,
Дунёда тикансиз гул йўқ, не қилай?
 
(Мавлоно Фузулийдан)

Тадбир режа бўйича давом этарди, меҳмонлар ҳам, учрашувлардаги мезбонлар ҳам хурсанд эдилар. Мен чойхонадаги дастёр боладай тинмас эдим. Ҳукумат меҳмонхонасига жойлашган дўстларимизнинг айримларини барвақт уйғотишга тўғри келади. Нонуштадан кейин яна туманларга чиқиб кетамиз, баъзан ярим кечада қайтамиз. Тадбирнинг бешинчи куни Тўйтепага бордик. Райком биноси яқинида тўхтадик. Ҳеч ким кутиб олмади. Тўрт кун мобайнида тантана билан кутиб олинган меҳмонлар ҳам ажабланишди. Мен ичкарига кириб вазиятни аниқламоқчи бўлдим. Раҳбарлар йўқ, бўлим мудири меҳмонлар келганидан ажабланди: “Обкомдан топшириқ олганмиз, меҳмонларни кутишга тайёргарлик кўраётган эдик. Лекин кеча Тошкентдаги Ёзувчилар уюшмасидан телефон қилишиб, “тадбир қолдирилди”, дейишди. Биз ҳамма учрашувларни бекор қилдик. Раҳбарлар хўжаликларга чиқиб кетишган…” Нима дейишни, нима қилишни билмай қолдим. Уюшмадаги дўстлар томонидан ҳар турли ғаламисликлар қилиниши менга янгилик эмас, аммо бунақа аблаҳликни кутмаган эдим. Асабийлашиб туришга фурсат йўқ эди, ўзимни тез қўлга олишим, бир чора-тадбир ўйлаб топишим шарт эди. Ишимни Худонинг ўзи ўнглади, меҳмонларнинг кўнглини олиш йўлини топдим. Кўчага чиқиб, уларга яқинлашдим-да:

– Бугун ҳеч қандай учрашувлар бўлмайди. Райком бувамиз зўр ишни ўйлаб қўйибдилар: тўрт кун маданий тадбир ўтказган эдик, бугун ҳаммамизга “дикий отдых” (ёввойи дам) дедим.

– Бу неси? – деб ажабланишди.

– Ақлли одамлар Сочи ёки Ялтадаги оромгоҳларга йўлланма билан бориб ётишдан кўра ёввойи тарзда соҳилда яйраб юришни афзал кўришаркан. Бу ердан ўн чақирим нарида бизнинг Тошкент денгизимиз бор. Унинг сўлим соҳили сизларга мунтазир бўлиб турибди. Бугун фақат ўзаро ширин суҳбат ва мушоира қиламиз.

Бу янгилик меҳмонларга манзур бўлди. Сунъий денгизнинг ғарб соҳилида сўлим чойхона бўларди. Борсак, буфетга пиво туширишаётган экан. Кечаги бош оғриқлари тарқалмаган дўстларга бу нажот суви бўлиб кўринди. Денгиз ёнидан оқиб ўтувчи сой устига темирдан сўри қурилган экан. Ўша ерга жойлашдик. Чойхоначи “Қанақа чой дамлай?” деган эди, “Меҳмонларга бир қути пиво беринг-у, ошга уннанг”, дедим. Шоир Аҳмад Тошхўжаевни четга имлаб чақирдим:


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации