Текст книги "Ҳаёт қайиғи (3 китоб)"
Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 31 (всего у книги 32 страниц)
* * *
Тайёргарлик машқлари даврида аскарлар орасида “Афғонга ташлашар экан”, деган миш-миш юрарди. Бировлар қўрқиб, нажот истаб уйларига хатлар ёзсалар, бошқалар “байналмилал бурч”ни бажариш, қаҳрамонлик кўрсатиш илинжида жанггоҳга ошиқарди. Баъзи йигитлар эса, “Афғондан қайтганлар институтларга имтиҳонсиз қабул қилинар экан”, деб умид қилишарди. Институтларга кириш учун Афғондан тирик ҳолда қайтиш лозимлигини эса ўйлашмас эди. Ҳар куни ўнлаб қора темир тобутлар селининг оқиб келаётганини улар билмасдилар.
Нуриддин эса, “Нима бўлса, пешонамдан кўрдим”, деб ўзини тақдир ёзуғи ихтиёрига берган эди. У жанггоҳда етти ухлаб тушида кўрмаган фожиаларга дуч келди. Дастлаб “бу ваҳшийликларни кўравериб жинни бўлиб қолсам керак”, деб ўйлади. Йўқ, ақлдан озмади, аксинча, дийдаси қотиб борди. У афғонларнинг нима учун урушаётганини тушунмас эди. Унинг учун бир нарса аниқ – қаршисидаги душман! Сен отмасанг, у сени ўлдиради. Чунки у учун сен душмансан! Бу дунёда яшаб қолмоқ учун ҳам қаршингдагини ўлдиришинг шарт. “Байналмилал бурч”, “Афғонистон озодлиги”, деган тушунчалар мингинчи даражадаги масала эди. Ажал ўқлари ёғилиб, фақат ўз жони кўзга кўриниб турган онда фақат ақлдан озган одамгина бундай бурч ҳақида ўйлаши мумкин. “Қаршимдаги душман эмас, мусулмон биродарларим. Ўз уйини, молу жонини ҳимоя қилган одам нима учун душман бўлар экан?” деган тушунча ҳам Нуриддинга ёт эди. Қадимда Хуросон деб аталмиш бу юртни боболар бир томондан инглиз, шимолдан эса ўрус ҳамласидан ҳимоя қилиб жон берганларини ҳам билмас эди. Ўрусга қарши жиҳодда жон берганларнинг авлодлари энди ўрусга шерик бўлиб жон олса… Боболар ўрусга Хуросонни бермаган эдилар. Ўрус Термиз билан Кўшкдан нари ўта олмаганди. Нуриддин буларни ҳам билмас эди. Билганда-чи? Билганда нима қила олар эди? “Боболарим юртига қараб ўқ отмайман” деса, “Майли ука, сиз уйингизга қайта қолинг, бу ёғини ўзимиз эплаштирамиз”, дейишармиди? Бе, инсоф қилишса “хизматдан бўйин товлаш” деб қамашарди. Раҳм қилишмаса, шартта отиб ташлашарди – вассалом!
Нуриддин ўзини Дарбадар деб атаган қария билан учрашгунича ақлсиз гўдак каби эди. Дарбадар отилганидан бери орадан тўрт йилдан ошиқроқ вақт ўтди. Қарияни отиш учун беш киши чиқишди. “Отилсин!” деб буйруқ берилди. У ҳам беихтиёр тепкини босди. Мўлжалга олмади. Балки ўқи хато кетгандир, қарияга тегмагандир?
Ўқ отилмай туриб қария унга қараб жилмайиб қўйди. Нега жилмайди экан? “Мен Ватаннинг бир бўлагиман, сен Ватанга қараб ўқ узмайсан, а?” демоқчи бўлдими? Ё “Ана, айтмовмидим, қул бўлганинг учун ҳам буларга қўшилиб чиқдинг”, демоқчимиди? Нуриддин бу жилмайишнинг маъносини уқишга кўп ҳаракат қилди. Бироқ тайин бир хулосага кела олмади. Бадани ўқлардан илма-тешик бўлган Дарбадар кўкрагини чангаллаб, яна Нуриддинга тикилди. Бу сафар жилмаймади. Йўқ, йўқ, кўзлари бир нуқтада қотди: ўткир нигоҳига савол аломати муҳрланди. Нуриддин бу қарашнинг маъносини ҳам уқмади.
Ўша фожеадан кейинги тунлар Нуриддин учун беҳаловат, азобли тунларга айланди. Дарбадар ўша савол аломати муҳрланган нигоҳи билан ҳар тун уни таъқиб этадиган бўлди.
Асирлар сақланадиган ҳибсхонада Дарбадардан бўлак ҳеч ким йўқ эди. Нуриддин ҳибсхонани қўриқлаш учун навбатни қабул қилганида бундан кейинги ҳаёти алғов-далғов бўлиб кетишини ўйламаган ҳам эди. Аввалига “гапириш мумкин эмас”, деб огоҳлантирди. Дарбадар “Сен гапирма, эшит”, деб сўзлайверди. Худди тарих ўқитувчиси дарс ўтаётгандек эди. “Ўша суҳбатдан сўнг йигитнинг онги ўзгарди, ватанпарварга айланди”, десак лофга ўрин берган бўламиз.
Ватанни бир мартагина бўлса ҳам кўришга зор кўзлар жон таслим қилинганидан сўнг ҳам юмулмаган эди. Ана шу кўзлар тунлари Нуриддинни уйғотарди…
“Қўлингни узат, бўтам, қўрқма, кафтингни бир ҳидлай, ундан Ватан ҳиди келса ажаб эмас. Имконим бўлса эди, сени бир қучар эдим. Ахир сен Ватанимнинг бир заррасисан. Мен ҳам бир бўлагиман. Тақдир ўйинини қарагин-а – Ватан иккига айрилмиш – бири қафасда, бири эса, қулликда”.
“Мен қул эмасман”.
“Қулсан, бўтам, қулсан. Кўзлари юмуқ қулсан. Ақли муҳрланган қулсан. Кўзларинг очиқ бўлса эди, озодлик сари юрган бўлар эдинг. Ақлинг қулфлари бузилса эди, кишанларни уриб синдирар эдинг”.
“Кишан? Йўқ, бизда кишан…
“О, “кўнгил, сен бунчалар нега
кишанлар билан дўстлашдинг
на фарёдинг на додинг бор…” Бўтам, сен бу сатрларни билармисан? Чўлпонни эшитганинг борми?”
“Чўлпон? Ким у?”
“О, миллат, бахти қаро миллат! Сени зулматдан ёруғликка олиб чиқувчи авлод шуларми эди?”
“Гапларингизни тушунмаяпман?”
“Ватан надир? Миллат надир? Эрк надир? Англармисан ўзинг? “Кулган бошқалардир, йиғлаган менман… Ҳайвон қаторида саналган менман…” О, миллат ҳолинг на бўлар энди?”
“Ота, бирон ерингиз оғримаяптими? Касал эмасмисиз?”
“Мен соғман, бўтам, миллатим хастадир. Мен бугунми, эртами ўлимимни топарман. Оқибат бу ёруғ дунёга сиғмай қоларман. Ватан соғинчи билан тепаётган юрагимга биттагина ўқ кифоя. Ватанни бир мартагина кўрмоқ умидимни ўзим билан туфроққа олиб кетурман”.
“Ватан, Ватан, дейсиз? Ватанда турибсиз-ку?”
“Бир жиҳатдан гапинг тўғри, бўтам. Бу Хуросон – боболаримиз Ватани. Бизнингда Ватандир бу. Аммо менинг киндик қоним тўкилган Ватан – Андижондир”.
“Ие, мен ҳам ўша ерликман”.
“Қора қошларингга қараб кўнглим сезиб эди. Сен киришинг билан Ватан иси димоғимга уфурди. Шу боис сўзлайвердим”.
“Исмингиз нима, отахон?”
“Исмим – Дарбадар”.
“Ие, шунақа исм ҳам бўладими?”
“Тўғри, бунақа исм йўқ. Лекин шунақа одамлар бор. Мингтепа деган жойни биласанми? Жаннатмакон отамнинг киндик қонлари ўша қишлоққа томган. Отам бир ёшга тўлмай туриб бобомнинг юрак қони шу қишлоқда оққан. Ўруслар Мингтепа ариқларида инсон қонларини оқизиб, сўнг атроф қишлоқдагиларни адирга ҳайдаганларини наҳот эшитмаган бўлсанг? Ўзбекларни дарбадар қилиб, уларнинг ўрнига ўрусларни кўчириб олиб келиб “марҳамат, яшанглар!” деганларини ҳам эшитмаганмисан? Ахир ўша фожиадан “Марҳамат” деган ном хотира бўлиб қолган-ку? Ё Раб, бу не кўргулик? Дукчи эшонни биларсан балки?”
“Мактабда ўқиганмиз. Одамларни алдаб бойиган киши экан”.
“Астағфируллоҳ! Эшон ҳазратларининг ниятлари кўкрак сути каби покиза эди. Ватанни озод этмоқни ният қилиб эдилар. Жаннатмакон бобом ҳазрат эшоннинг муридлари бўлган эканлар. Уларнинг исёнини эшитганмисан?”
“Ўқиганмиз. Уч-тўрт соатда бостирилган экан”.
“Нима учун шу қадар тез бостирилган? Ўйлаб кўрганмисан?”
“Биз ўқитувчи ўтган дарсга ишонамиз. Ўйламаймиз”.
“Ё миллат, ҳолингга вой! Сен бир ўйла, бўтам, Эшон ҳазратни фитна, иғво тузоғига туширганлар. Ўруслар эшон ҳазратдан қўрққанлар. Ҳазратнинг атрофига одамлар тобора кўп тўпланаверганлар. Яна бир йил қўйиб берилса, Эшон ҳазрат ғоят катта кучга эга бўлур эдилар. Агар жиҳод бир йил кейин бошланганида бу юртларда ўруснинг уруғи қурур эди. Билиб қўй: миллатни хор қилган ўруслар эмас, ўзимиздан чиққан хоинлар, иғвогарлар. Ҳазратимни ҳам шулар бадном қилдилар. Буларсиз ўрус ҳеч нимага эриша олмас эди. Иғвогарлар турк султонидан деб ёлғон мактуб тўқидилар. Ҳазрат эшон бунга инониб бемаврид жиҳодга қўзғолдилар. Ўзинг ўйла-чи, қурол-яроғсиз ҳам жиҳодга чиқадими киши? Бобомнинг йўлларини отам давом эттирдилар. Мадаминбекка қўшилиб икки йил жанг қилдилар. Бунда ҳам ўрусларга иғво иш берди. Амиралмуслиминнинг муборак бошларини ўз биродарлари узишди… Шундан сўнг юртдан қувилдик. Қашқарда макон топдик. Ўруснинг большевиги Қашқарга етиб келди. Биз эса, бу ерларга паноҳ излаб келдик. Энди ўрус бу ерларда уруш қўзғади. Кўпчилигимиз тинчлик истагида Туркияга ёхуд Саудийга жўнашди. Мен қолдим. Жиҳод истаб қолдим. Ўрусдан қачонгача қочамиз? Ё ҳаёт, ё мамот! Сени дуо қиламан бўтам, юртга омон-эсон қайтиб бор. Қайтиб боргину жаҳолатда юмуқ бўлмиш кўзларингни оч! Дўстларингни ҳам уйғот! Ватанда беватан яшама. Ватан боғини қуритма. Инсон ўз қони ила суғориб бўлса-да, Ватан деб аталмиш муаззам боғнинг қуримоғига йўл қўймаслиги лозим, унутма! Миллат хаста, ўғлонлар эса табибдурлар!”
Шу сўзларни айта туриб худди нафаси сиқилгандай чуқур тин олган эди. Дарбадарнинг тунлари уйғотиб беҳалавот қилғувчи, савол аломати муҳрланган кўзлари билан шуларни гаплашади. Ҳибсхонадаги қисқа суҳбат такрорланаверади.
Дарбадар дуо қилди. Лекин юртга қайтиш бахти Нуриддинга насиб этмади. Бир қишлоққа ҳужум қилишганида чидай олмади. Хонадондаги ҳимоясиз аёллар, болаларни отаётган шеригининг бошига қўндоқ билан урди. Сўнг автоматнинг барча ўқларини унинг кўксига бўшатди.
Дарбадарнинг умиди жасади билан биргаликда кўмилди – жаҳолат, ғафлат уйқусидан уйғониш, қуллик тамғасидан қутулиши зарур бўлган йигит Сибириянинг овлоқ ерларида одам суратидаги махлуқларга чой дамлаб, хизмат қилиб юрибди. Ўша тун уйғониб, Дарбадарнинг кўзларига рўпара бўлганида шуларни айтди:
“Сиз ғафлатдан уйғон, дедингиз. Қандай уйғонишни эса айтмадингиз”.
“Худо сенга ақл, зеҳн берган. Ўйла, йўлни топ”.
“Мен бунақа жойларда нима қилай энди?”
“Сен бу жойларда озодликнинг қадрига етасан”.
“Мен булар билан бирга бўлишни истамайман”.
“Буларнинг миллати йўқ. Сен миллатсиз одамлар билан бирга бўлиб, миллатни қадрлашни ўрганасан…”
Нуриддин одати бўйича Дарбадарнинг кўзларига қараб кўп саволлар берди. Лекин жавоб ололмади. Чунки у Дарбадарнинг кўзи билан эмас, балки ўзи билан ўзи гаплашарди. Унинг онги эса кўп саволларга жавоб топмоққа ожиз эди”.
“Мурдалар гапирмайдилар”дан кейин ёзилган “Ов” га, “Сўнгги ўқ”га сиғмай қолган кўнгил дардларимни тўкканман.
Иккинчи амалиётга тайёргарлик кўраётганимда шайтон кўп васваса қиларди. Васвасанинг асосийси – шифохонага ўз оёғинг билан борасан-у… аммо қайтмайсан. Шунинг учун оғриқларга чидагину, ғайрат қил, ишларинг чала қолмасин… Оғриқларга чидаб, “Шайтанат”нинг 4-китобини охирига етказиб, машинкада ўзим оққа кўчириб бердим. Кейин “кундалик дафтарларим”ни эсладим. Айримларини варақлаб кўрдим. Ўқувчиларга айтишим мумкин бўлган гапларим бор экан. Мендан кейин бу ёзувларни биров ўқий олмайди, дафтар саҳифаларида қолиб кетади, деб оққа кўчира бошладим. Турли даврларда ёзиб қўйган “учлик”ларни ҳам кўчирдим. Назаримда ихчам китобчага тартиб берилгандай бўлди. “Меҳмон туйғулар” деб номладим, учликларга “Шудринг томчилари” деб ном бердим. Қўлёзмани ўғлим нашриётга топширди, мени эса шифохонага олиб кетдилар. Аллоҳ шифо бериб, уйга қайтганимда китобнинг нашр этилаётгани ҳақидаги хушхабарни Мурод Мансурдан эшитдим (2002 йил). Орадан икки йил ўтиб, бу китобни янги ҳикматлар билан тўлдириб, “Иймонлашиш умиди” номи билан нашр қилдирдим. 2011 йилда эса янада тўлдирдим, “Нафс кишанлари” номида нашр этдилар. “Шайтанат”нинг биринчи китоби қўлёзмасини “Шарқ юлдузи”га юбориб, ўзим Ҳаж ибодатига кетган эдим. Келгунимча Мурод Мансур ўқиб, нашрга тайёрлаб қўйган эканлар. “Меҳмон туйғулар” ҳам шундай бўлди.
Шаъби арус
Муроджон ака билан кўп йиллик қадрдон эдик. Мен болалигимда учрашган эканман. Муроджон ака Политехника институтининг қурилиш факультетида ўқиганлар. Ботир акамдан дарс олганлар. Муроджон аканинг адабиётга бўлган меҳрларини билиб, уйимизга таклиф этган эканлар. “Укам ҳам ёзувчиликка қизиқади”, деб таништирган, кейин бир неча китобларни совға қилган эканлар. Бу воқеа менинг ёдимда йўқ, Ёзувчилар уюшмасига ўтаётган кунимиз Муроджон акадан эшитганман. Муроджон ака Ўткир Ҳошимов билан болаликдан дўст бўлишган. Абдулла Қаҳҳор “Ёзган ҳикояларингизни келтиринг, ўқиб бераман”, деганларида Муроджон ака “Менинг дўстим гўзал қисса ёзган, иложи бўлса, ўқиб беринг”, деб Ўткир акани таништирган эканлар. Уларнинг орасида ана шундай холис ва беғараз дўстлик бор эди. Абдулла Қаҳҳор Ўткир аканинг асарларини ўқиб, “оқ йўл” ёзиб берган эдилар. Муроджон ака “Ёшлик”да Эркин Воҳидовнинг муовини вазифасида ишлаб, кўп ёшларга ўз маслаҳатлари ва таҳрирлари билан ёрдам бердилар. Акамиз қўлёзмани тез, аммо синчиклаб ўқирдилар. Таҳрирлари ҳам ўринли бўларди. Муроджон ака билан руҳимиз, табиатимиз яқин эди. Акамиз ҳам вақтни қадрлар эдилар, ҳар турли давралардан, зиёфатлардан ўзларини тортардилар. Уйларидаги кичкинагина хона ва ихчам ёзув столи у киши учун “саодатли ижод саройи” эди. Археологлар ҳаётидан ёзилган қиссаларидан тортиб тўрт китобдан иборат “Жудолик диёри” романларигача – ҳаммасини ўқиб таъсирланганман. Романнинг учинчи китобини ёзаётганларида кўзлари хиралаша бошлаган эди. Амалиёт ҳам ёрдам бермади. Шунга қарамай, асарнинг тўртинчи китобини ёза олдилар.
“Шарқ” нашриётида ишлаётганларида Муроджон акамизга Аллоҳ улуғ неъмат насиб этди: устозлар устози Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг асарларини нашрга тайёрлашда муҳаррир сифатида иштирок этдилар. Муроджон ака жумладаги эга-кесим ёки боғловчиларнинг ўз ўрнида бўлиши, ҳатто тиниш белгиларининг жой-жойига қўйилишига жиддий эътибор берардилар. “Ҳадис ва ҳаёт”да эса ўзбек тили грамматикаси қоидасига баъзан амал қилинмас эди. Айниқса, арабий сўзларнинг ёзилишига доир шайхимизнинг ўз қоидалари мавжуд эди. Шу масалада муҳаррир-муаллиф ўртасида баҳсли ўринлар туғиларди. Муроджон ака таҳрир бобида муаллиф билан кўпам баҳслашмас эдилар. Айниқса, шайхимизнинг салобатлари босар эдими, камчиликни кўрсатишга ийманардилар. Шундай ҳол юз берганда мени ёрдамга чақирардилар. Устознинг ҳузурларига бирга борардик. Камчиликни аниқлаган муҳаррир – Мурод Мансур, шайхур-раисни кўндириб берадиган эса Тоҳир Малик эди. Имло бобидаги баҳсда ҳазратим ҳам ўжар эдилар. Муроджон аканинг таклифларига (аниқроғи, талабларига) кўндириш қийин эди. Қоғозга рўйхат қилиб ёзиб олган таклифларининг ярмига кўндира олсак ҳам Муроджон ака қувонардилар. Кўзлари хиралашганда ҳам бу савоб юмушни давом эттирдилар. Муроджон аканинг жанозаларини шайхур-раиснинг ўзлари ўқидилар. Ҳар икковларини Аллоҳ раҳмат қилсин, омийн!
Муроджон ака менинг кўп асарларимни ўқиб, фойдали маслаҳатлар берганлар. Шу сабабли акамизни мен устоз мартабасида кўриб, ҳақларига ҳамиша хайрли дуолар қиламан.
Муроджон аканинг жанозалари куни шайхур-раисимиз маъруза қилаётганларида орадан бир неча ой ўтиб ўзларининг жанозаларида ҳозир бўлишимизни қайдин билибмиз… Устозлар устозининг вафоти ҳақидаги хабар қалбларга яшин олови каби урилиб, куйдириб ташлади. Ҳазратнинг суҳбатларидан баҳраманд бўлган бизларгина эмас, бутун Ислом олами жудолик қайғусида изтироб чекди. Шайхур-раисни биз бандаларга устоз қилиб бериши Аллоҳнинг улуғ неъмати эди, ҳузурига чақириб олишдаги айрилиқ азоби ҳам шунга яраша бўлди.
Мен устозлар устози билан чорак аср бирга бўлдим, бизларни ул аллома билан замондош қилган Аллоҳга шукроналар айтиб яшар эдик. Аллоҳ бизларни вақтинчалик фурсатга айирди, айрилиқ доимий эмас, улуғимиз билан Қиёматда ёруғ юз ила дийдор кўришмоқликни илтижо қилиб яшаймиз. Ғафлат кўйлагини йиртиб, ўзи туғилган оламнинг ҳақиқатларидан воқиф бўлган улуғ зотлар учун ҳаёт бир имтиҳон, ўлим эса “шаъби арус”– яъни бир висолдир. Ҳазрати мавлоно Румий умр бўйи бу висол онини кутиб яшаган эканлар. Ўзимиз изтироб гулхани устида қолиб, устозлар устозини висолга кузатдик. Бир йиғинда биродарларга “Мен сизлардан кўра бахтлироқман”, дедим. “Ҳа, сиз ҳазратнинг кўп суҳбатларидан, илмларидан баҳраманд бўлдингиз”, дейишди. “Бу дунёвий бахт, лекин бундан улуғроқ бахтдан умидворман. Болалигим шайхимиз дафн этилган шу қабристон атрофида ўтган. Қиёматга қадар манзилим ҳам инша Аллоҳ шунда. Дадажоним билан аяжоним ва яна қариндошларим шу қабристонда ётишибди. Аллоҳ марҳамат этса, устоздан юз қадамча нарида, шайх Зайниддин бува, Алихонтўра Соғуний ётган қабрларга яқин жойдан менга ҳам кичик бир сўнгги маскан берар…”
Ҳазратим билан Ёзувчилар уюшмасидаги йиғинда танишган эдим. Учрашувларимиз, суҳбатларимизнинг ҳисоби йўқ. Охирги марта вафотларидан ўн кун аввал булоқбошилик Абдумуталлиб ҳожи акамизнинг уйларида учрашган эдик. Одатда бундай йиғинларда устоз узоқ ўтирмас эдилар. Бу сафар шошилмадилар. Узоқ суҳбат қурдик. Мен ёшлар учун мукаммал Ислом қомуси яратиш ҳақида кўп гапирардим. Сўнгги учрашувда ҳам бу ҳақда сўзлашдик. “Олтин силсила”нинг иши ниҳоясига етди. Йигитлар қомусга доир тайёргарлик ишларини бошладилар”, деб мени қувонтирдилар.
Аллоҳ суйган бандасига илм билан бирга сабр ҳам берган эди. Турли учрашувларда устозга турли саволлар бериларди. Саволларнинг баъзилари ғоят бемаъни бўларди, лекин буларга ҳам сабр ила жавоб қайтарардилар. Бир даврада ирригация соҳасидаги олим одам устозга ўндан зиёд савол тайёрлаб келибди. Қуръони Каримнинг маъно таржимаси билан танишгач, ўзича суралар нотўғри жойлаштирилган, деган хулосага келибди. Чала билимига таянган ҳолда сураларни бошқача жойлаштирибди. Мен бундан ва саволларнинг бемаънилигидан ҳазрат ғазабланиб, туриб кетсалар керак, деб ўйладим. Йўқ, саволларни охирига қадар диққат билан эшитдилар, сўнг босиқ оҳангда бирма-бир жавоб қайтардилар. “Чала мулла” зиёлилар билан динга доир масалада суҳбатлашиш жуда оғир. Устозлар устози бундай оғирликларнинг кўпини енгиб ўтганлар.
Иккинчи амалиётдан кейин шайхур-раис уйимизга келдилар. Амалиёт қайси куни, қайси соатда бўлганини сўраб билгач, “ажиб” деб қўйдилар.
– Нимаси ажиб? – дедим.
– Маккаи мукаррамага отланганимни сиз билмаган эдингиз. Билганлар Каъбатуллоҳда дуолар қилишимни сўрашганди. Каъбанинг атрофида юриб, бир-бир дуолар қилаётганимда сиз ёдимга тушдингиз. Ҳозир билсам, хирурглар ишга киришган пайтда сизни эслаб, Аллоҳдан сиҳатлик сўраб, дуо қилган эканман…
Мен Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф эгаллаган илм даражаси не қадар улуғ экани хусусида сўз айта олмайман. Ул зот эгаллаган илмнинг 3-5 фоизига етишган бўлганимда эҳтимол бунга журъат қила олардим. Лекин олимларнинг баҳоларини эшитганманким, айримлари билан сизларни таништирайин: Устоз Алоуддин Мансур суҳбатларимиздан бирида “Агар бугунги Ислом оламида ўнта улуғ олим бўлса, биттаси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, бешта бўлса, шуларнинг пешқадамларидан, иккита бўлса, биридир”, дегандилар. Ундан олдинроқ, 1990 йил эди шекилли, Ливиядан келган меҳмонлар даврасида юзлари нурли бир қария: “Сизлар Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг қадрига етинглар. Мен бу шайхнинг устозиман. Бундай улуғ олимни Аллоҳ ҳамиша ҳам беравермайди. Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бизга ўқишга келганида кўзимизга бўшанг йигит бўлиб кўринган эди. Дастлабки имтиҳонда бу фикримиздан қайтдик. Индамай юрувчи бу йигит илм олиш билан банд экан…”, деди. Бу гапни Ливия Араб Жамоҳирияси “Ал-Фотиҳ” университети “Уммул Қуръон” фани устози доктор Иброҳим Руфайда айтган эдилар.
Шайхур-раисимиз бадиий адабиёт намуналарини доимий равишда кузатиб борардилар. Айниқса, шеъриятдаги камчиликларни вақтида танқид қилиб турардилар. Ёзувчилар иккига бўлинганларида Адиблар иттифоқи вакили ҳазратга мурожаат қилиб, “Сиз 2-3 китоб чиқардингиз, иттифоқимизга аъзо қилиб оламиз”, деди. Кулимсираб туриб бош чайқадилар: “Мен ёзувчи эмасман, сизга аъзо бўлиб, икки гуруҳга ажралган муҳтарам адибларимизнинг ихтилофларини чуқурлаштиришни ҳам истамайман”, дедилар. Кейин билишимча, Ёзувчилар уюшмасидан ҳам шундай таклиф тушган ва шундай жавоб қайтарилган экан.
Мазкур баён оққа кўчириб бўлиниб, таҳрир ишлари бошланганида жудолик хабарини эшитдим-да, кичик хотирани бу ўринга киритдим. Устозлар устози ҳақидаги хотираларни кенгроқ тарзда баён этиш умидим бор. Инша Аллоҳ, бу хотира баҳонасида сизлар билан алоҳида ғойибона суҳбат қурармиз.
* * *
Тоғамнинг “Одамийлик қиссаси”, “Инсон ҳусни” китобларини ўқиб, шу мавзуда асар ёзишни орзу қилган эдим. Орзу бор эди, аммо ҳаёт тажрибаси бўлмагани учун ёзишга журъат этмагандим. Абдулла Авлонийнинг “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” рисолаларини ўқигач, бу орзу аҳдга айланди. Биринчи қадам сифатида бу асарни тўлалигича дафтаримга кўчириб олдим. Кейин тарбияга доир мавзуларда кичик-кичик мақолалар ёза бошладим. Бунинг учун кўпроқ ўқийдиган бўлдим. Ўқиганларимни одатимга кўра дафтарларга ёзиб бордим. Йиллар давомида 77та дафтар тўлди. Ўқиганларимни, эшитганларимни мавзуларга ажратдим. Учинчи амалиётдан чиққанимдан кейин “Одамийлик мулки” деб номлаганим уч китобдан иборат рисолани оққа кўчира бошладим. Бу асарнинг юзага келишига 77та дафтардан жой олган оятлар, ҳадислар ва ҳикматлар асос бўлди. Кейинчалик нашр этилган “Келинлар дафтарига”, “Куёв бола, сизга айтар сўзим бор”, “Ҳалол нима-ю, ҳаром нима?” “Тош қалбларга зинҳор назар солинмас”, “Ҳаловат” каби китоблар “Одамийлик мулки”нинг айрим боблари асосида ёзилган. Бу китобларни “такрор” деб айблаган дўстларимиз янглишадилар. Мен бобларни айнан олмаганман, мавзуга қараб янгиликлар киритганман. Масалан, “Келинлар дафтари”даги кўп гапларни “Одамийлик мулки”да учратмайсиз. “Одамийлик мулки” ўсмирлар ва ёшлар учун мураккаброқ туюляпти, деган фикрда соддалаштирдим, ўсмир-ёшларни қизиқтирадиган алоҳида суҳбатлар киритиб “Умидимиз юлдузларига” деган номда нашрга тавсия этдим. Гиёҳвандлик балосига доир суҳбатни шу китоб учун махсус ёздим.
* * *
Ҳужрада ёки мадрасада билим олмаганим учун устозлар кўмагига муҳтож эдим. Китобларни ўзимча ўқиб юришим билим олиш учун етарли эмас. Ғаззолий, Румий, Сўфий Оллоҳёр каби ўтмиш алломаларнинг асарлари билан бирга замондош алломаларимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Шайх Алоуддин Мансур асарлари менинг билвосита устозларим эди. Бевосита устозим эса Муҳаммад Шариф Жуман бўлдиларким, мен бу кишидан умрбод миннатдорман.
Ўлим – айрилиқ эмас.Айрилиқдир оға-инини ажратгувчиқалбдаги девор.
Маърифий йўналишдаги машқларим билан бирга бадиий асарлар ёзишдан ҳам тўхтамадим. “Иблис девори” романи шу уринишларнинг натижаси бўлди. Ота-онанинг вафотидан кейин фарзандларнинг ёвлашиши, меросни бўлишолмай жиноятга қадар боришлари сизга ҳам яхши таниш. Деярли барча давраларда шу мавзуда сўз очилади. Афсуски, биз ўзаро гурунгдаги гаплар билан чекланамиз. Ҳолбуки, фарзандларнинг юз кўрмас бўлиб кетишлари бир оиланинг эмас, жамиятнинг жароҳатидир. Асарни ёзишга киришишдан анча олдин кундалик дафтаримга бу сатрларни ёзиб қўйган эдим:
“Деворнинг тарихини, вазифасини биласизми? Деворни ким, қачон ва нима учун кашф қилган? Дастлабки девор – тўсиқлар шох-шаббалардан иборат бўлиб, экинзор ёки боғни жониворлардан иҳота қилгандир. Бундай тўсиқлар ҳозир ҳам қишлоқларда мавжуд. Тош, пахса, ғишт деворнинг дастлабки вазифаси эҳтимол хонадонни ёвдан, ўғри, қароқчилардан ҳимоя қилиш бўлгандир. Ҳозир эса бундай баланд деворларнинг яна бир аянчли вазифаси бор – ака-укалар бир-бирларининг юзларини кўрмаслик, овозларини эшитмаслик учун ҳовли ўртасидан тўсадилар. Бир қоринга сиққан оға-инилар энди бир ҳовлига сиғишмайди. “Кенгга кенг дунё, торга тор дунё”, деганлар. Тор қалблар отадан мерос ҳовли ўртасига девор урмоқни ихтиёр этади. Бу – иймон ожизлигининг зоҳирдаги кўриниши. Бу – Аллоҳнинг бир-бирларингизга меҳр-муҳаббатли бўлинглар, деган амрига итоат этмаслик. Девор – Аллоҳ амрига бўйсунмаганлик учун охиратда жазо олинажагига бир белги”.
Ровийлар дерларки, бир ака худойи қилмоқ ниятида қўй етаклаб қассобга бораётган экан. Шу онда унинг қулоғига илоҳий бир овоз келиб дебдики: “Эй Одам фарзанди, сен укангни ранжитгансан, аввал бориб ундан узр сўра, розилигини ол. Ораларингиздаги хафаликни қув. Ана ундан кейингина қўйингни сўй. Шундагина садақанг қабул бўлажак…”
Ҳозир эса… ака тўй қилса, ука чорланмайди, ука эҳсон қилса, бир коса таомни акага илинмайди. Чунки ўртада девор бор. Бу ғишт деворга чидаса бўлар, вақти келиб ё ўзи емирилар ё бошқа сабаб билан олиб ташланар. Лекин ака билан уканинг юраклари орасига девор тушса ёмон, жуда ёмон! Ҳовлини ғишт девор ажратса, юракни бемеҳрлик девори парчалаб ташлайди. Иблиснинг бу девори кўнгилларга пича ором бергандай бўлар-у, аммо Қиёматдаги жавоб ғоят оғир кечади. Худодан қўрқмайдиган, Қиёматдан қўрқмайдиган ака ва ука болаларидан уялса бўларди. Болаларига улар нимани мерос қолдирадилар? Бемеҳрликними? Қалблардаги девор мавжуд экан, бу хонадонларда файз-барака бўлмайди. Файз-барака меҳр-муҳаббатли хонадонларга аталган. Маҳаллада ака-укаларнинг узоққа чўзилган можароси ўртага девор олиш билан якунланди. Жонга теккан можаронинг охирлаганидан, кўнгли тинчиганидан хурсанд бўлган ака қўй сўйиб, худойи қилди, маҳалла аҳлини сийлади. Бундан ажабланмай бўларканми? Аллоҳнинг хоҳишига зид борган ҳолда яна “худойи” қилишда қандай маъно бор? Бу худойи ошини еб, қоринни силаб, тишни кавлаб чиқувчилар гуноҳга шерик бўлмадилармикин, валлоҳи аълам?
Бировлар яқинларининг меҳр-муҳаббатига ташна. Болалик чоғларида қандайдир сабаб билан йўқолиб қолган жигарларини акалар ёки опалар, укалар ёки сингиллар умид билан излайдилар. Ҳа, бировлар бир-бирларига интилиб яшайдилар, бировлар эса… Ака-ука битта масжидда намоз ўқийди. Масжид остонасидан ҳатлагач эса юзкўрмас бўлиб юраверади. Уларнинг бу ҳолатларидаги ибодатлари қандай ибодат бўлди экан? Улар силаи раҳм хусусиндаги оятлар ва ҳадисларни билишармикин? Албатта масжид имомларининг маърузаларида эшитишгандир. Аммо Аллоҳнинг буйруғига итоат этишлари шарт эканлигини ўйлаб кўришмагандир. Шундай бемеҳрларга эслатма сифатида деймизки:
– Ҳовлиларни бўлиб олаётган, юзкўрмас бўлиб юрган ака-укалар! Ўзингиз тиклаган девор атрофида ота-оналарингизнинг руҳлари азоб чекиб, чирқираб юрган бўлиши мумкинлигини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?”
Шайтанат – фақат қотиллар ёки ўғрилар олами эмас. Иблис ҳар бир одамнинг руҳини парчалаб, ўз оламига тортишга уринаверади, яъни инсоннинг маънавий оламини булғашга интилади. Оқибатда кимларнингдир маънавий олами қашшоқлашади-да иблис тақдим этган оламга кириб боради. Аммо у ўзини зинҳор жиноятчи ҳисобламайди. Ҳолбуки… руҳларни азобга қўйиш ҳам жиноятдир.
Мазкур баённи оққа кўчираётганимда бир аянчли воқеага гувоҳ бўлиб, вужудим ларзага келди. Ҳозир эслаганимда ҳам бармоқларимга титроқ югурди. Бир ҳовлини икки опа ва ука бўлиб олишган экан. Уканинг уйига кириб чиқиши учун ярим қулоч кенгликда йўл беришибди. Тирик одам учун шу ҳам кифоя, лекин уканинг хотини вафот этганда тобут сиғмабди. Оқибатда маййитни кўрпага ўраб олиб чиқиб, кўчада тобутга солишибди… Мен бу ҳақда бошқа сўз ёзмай, воқеани кўз олдингизга келтиринг-у, хулосани ўзингиз чиқаринг.
“Бир қоринга сиққан болалар бир ҳовлига сиғишмайди…” Бу мақолда қанчалар ҳақиқат бор? Ота-она вафотидан кейин нима учун фарзандлар юзкўрмас бўлиб кетадилар? Шайтанат оламига кириб қолганлари учун эмасми? Ота-оналари руҳи азоб чекишини нечун ўйламайдилар? Мазкур асарда азиз китоб мухлисларини шу мавзуда баҳс юритишга даъват этган эдим. “Иблис девори” ҳақида баёнимнинг биринчи китобида ҳам эслаганим сабабли гапни мухтасар этиб, мавзуни Иброҳимнинг жиянларига қарата айтган сўзлари билан якунлаб қўя қолай.
“Бу ғишт деворга чидаса бўлар, вақти келиб ё ўзи емирилар, ё бошқа бир сабаб билан олиб ташланар. Лекин ака билан уканинг юраклари орасига девор тушса ёмон… жуда ёмон… Ҳовлини ғишт девор ажратса, юракни бемеҳрлик девори парчалаб ташлайди. Билиб қўйларинг: бу девор кўнгилларингга пича ором бергандай бўлар-у, аммо Қиёматдаги жавоб оғир кечади. Шуни икковларинг бир ақллашиб кўринглар. Худодан қўрқмасаларинг, Қиёматдан қўрқмасаларинг, ҳеч бўлмаса болаларингдан уялинглар”.
* * *
Маърифий йўналишга ўтганимдан кейин жиноят оламига доир асарларни ёзишга чек қўймоқчи эдим. Лекин икки сабаб билан икки роман ёзишга эҳтиёж сездим. Биринчиси – “Талваса” романи. Яқинда бир муҳтарам мухлисим қўнғироқ қилиб, “Бу асар аввалгиларининг такрори бўлибди”, деб танқид қилдилар. Такрор жойларни сезганларидан маълумки, асарни синчиклаб ўқиганлар, бунинг учун миннатдорчилик билдирдим. Лекин бу такрор қаламимнинг ожизлигидан эмас. Бу ҳақда асарга ёзилган сўз бошида бу сўзларга диққат қилинмабди-да: “Маълумингизки, “Алвидо… болалик” асари ўтган асрнинг саксонинчи йилларида ёзилган эди. Тошкентнинг Қорақамиш даҳасида содир бўлган бир жиноят асосида ўсмирлар ва уларнинг жиноят оламига кириб келишлари хусусида фикр юритилганди. Ўшандан бери орадан чорак асрдан кўпроқ вақт ўтди. Бу вақтда олам ўзгарди, одамларнинг дунёқарашлари ўзгариши баробарида жиноят олами ҳам янгиланди. Жиноятчилик кескин ўсди, янада ваҳшийлашди, турлари ҳам кўпайди. Жиноят олами доимий ўзгаришда бўлади. У айрим ўсмирларни, ёшларни ўзига оҳанрабодай тортади. Йигирманчи асрда бу жараён қандай кечяпти? Азиз ёшларимиз жиноят оламининг тўрларига қай тарзда тушиб қоляптилар? Шу саволларга жавоб топиш мақсадида “Алвидо… болалик”ни яна қўлга олдим. Унинг “аҳолиси”ни янги асрга, янги оламга кўчирдим. Асрор ҳам, Қамариддин ва унинг онаси ҳам энди ўқувчиларга бошқача қиёфада кўринади. Асар кенгайиб, янги қаҳрамонлар қўшилгани сабабли унинг номини ҳам ўзгартириш мақсадга мувофиқ кўрилди.
Азиз мухлисларимизни шайтанатнинг яна бир олами билан таништириш баҳонасида суюкли ўсмирларимизни, ёшларимизни бу зулмат оламидан асраш – биз катталарнинг муқаддас бурчи эканини эслатиб қўймоқчиман, холос”.
Бу изоҳга қўшимча равишда дейманки, янги асарда Асрор билан Дилфуза, Қамариддин билан Дилфузанинг муносабатлари бутунлай ўзгача тарзда берилди. Қамариддиннинг онаси “Алвидо… болалик”да салбий эди, бунисида ўқувчи бошқа она билан танишади.
Иккинчи романни – “Умидлар дашти” деб атадим. Асли “Ёлғон умидлар дашти” эди, нашриёт талаби билан “ёлғон”ни олиб қўйдим. Бу талабни бажармаслигим керак эди. Чунки адашган ёшлар айнан ёлғон умидлар даштида азоб чекадилар. Романнинг биринчи китоби – “Самум” шайтанат оламининг “наркобизнес” деб аталувчи энг қабиҳ маҳалласи ҳақида. Афюнфурушларнинг қилмишларини баён эта туриб, улар бу дунёда милиция таъқибидан қутилиб қолишса-да, Қиёматда уларни самум – дўзахдаги қайноқ шамол кутиб турибди, деб огоҳлантирганман. “Чимилдиқ етим қолди” деб номланган иккинчи китобда гиёҳванд болаларнинг аянчли ҳолатларини тасвир этишимдан мақсад – бу асарни ўқиганлар гиёҳвандлик қанчалар аёвсиз бало эканини билсинлар, аввало ўзларини, яқинларини бу бало чақинидан асрасинлар, демоқчи эдим.
Бу романлардан кейин қариялар ҳаётидан ёзилган “Хазонрезги” ва “Аксиома” қиссаларини муҳтарам мухлисларим эътиборига ҳавола этдим. Бу китоблар яқинда нашрдан чиққани учун ёзилиш тарихи ҳақида ҳозирча сўз айтмай тураман. Китобхонларда бу хусусда саволлар уйғонса, шунга қараб алоҳида суҳбат қиларман.
“Шарқ” нашриётини одам қиёфасида тасаввур этсам, у менинг энг садоқатли ва энг меҳрибон дўстим. Нашриётнинг катта-кичик ходимлари “Тоҳир Маликнинг ўзи ҳам, асарлари ҳам бизники” дейишганда кўнглим тоғдек кўтарилади. Бу нашриётдаги китобларимга дастлаб Зебохон, Шоирахон, кейинроқ Гулнорахон синглимиз муҳаррир бўлдилар. Талабчанликлари учун, “машҳур ёзувчини” аямаганликлари учун улардан миннатдорман. Бош муҳаррир вазифасида ишлари кўп бўлишига қарамай, қўлёзмаларни ўқиб, фойдали маслаҳатлар берган Аҳрор Аҳмедовдан ҳам миннатдорман. Айниқса, “Шайтанат”нинг иккинчи китоби нашрга тайёрланганда қўлёзмани цензурага юбормадилар. “Ўзбекистонда цензура йўқ”, деб дадиллик қилганларини унутиш мумкинми?
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.