Электронная библиотека » Тоҳир Тоҳир Малик » » онлайн чтение - страница 12

Текст книги "Ҳаёт қайиғи (3 китоб)"


  • Текст добавлен: 16 мая 2023, 13:40


Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 12 (всего у книги 32 страниц)

Шрифт:
- 100% +

– Мен элчи эмас, Чин мамлакатининг подшосиман. Беҳуда қон тўкмай изингизга қайтмоғингиз учун нима қилмоғимиз мумкин?

– Уч йиллик хирожни тўласанглар мақсадга мувофиқ бўлади, – деди Искандар Зулқарнайн. Сўнг сўради: – Чоғинглар келадими бунга?

– Уч йиллик хирожни тўлай оламиз, – деди Чин подшоси, – аммо шу даражада қашшоқлашамизки, кичкина қабила ҳам бизларни забт этиб, эгалик қилмоғи мумкин.

– Икки йиллигини тўласаларинг-чи?

– Аҳвол ўзгармайди.

– Бир йиллик-чи?

– Хазинамда ҳеч вақо қолмаслиги мумкин, аммо чидаб яшаса бўлар.

– У ҳолда ярим йиллик хирожни тўплаб бер-да, мен изимга қайтай.

– Марҳаматли султонимизга жонимиз фидо бўлсин. Эрта ёки индин биз – фақирлар кулбасини ташрифингиз билан обод қилсангиз. Меҳмондорчилик адоғида биз хирожни ҳам жамлаб қўяжакмиз.

Искандар Зулқарнайнга бу таклиф маъқул келиб, икки кундан сўнг Чин мамлакати сарҳадидан ўтди. Шу ондан бошлаб атрофда минг-минглаб аскарлар пайдо бўлиб, атрофни ўрай бошлади. Бундан хавотирга тушган Искандар дедики:

– Сен ҳийла билан мени олмоқчи бўлдингми?

– Йўқ, – деди Чин подшоси, – ҳийла – ожизлар иши. Сиз кўриб турган лашкарлар қўшиннинг бир улуши холос. Асосий кучлар тоғ ортида турибди.

– Шунча қудратинг бор экан, нечун менга таслим бўляпсан, нечун хирож тўламоққа розилик беряпсан? – деб ҳайратланибди Искандар.

– Мен инсонлар қонининг беҳуда тўкилмоғини истамадим. Ундан ташқари сизга Осмон назар қилган. Назаркарда султонларни ҳеч қандай куч билан енгиб бўлмас.

Бу жавоб Искандарга маъқул келиб, саройга кирди-ю, товоқлар, лаганларда товланиб турган тиллаю жавҳарларни кўриб янада ажабланди. Чин подшоси “дастурхонга марҳамат, тановул қилинг”, дегач, таажжубини яширмай сўради:

– Бу безаклар одам учун таом бўлолмайди-ку?

– У ҳолда сиз нима ейсиз, улуғ султон?

– Мен ҳамма каби нон ейман.

– Шундайми? Воажаб! Румда нон топишингиз шунчалар мушкулмиди? Шунча машаққатлар чекиб бу ерга қадар лашкар тортиб келибсиз?

Бу гапни эшитиб, Искандар унинг донолигига таҳсин ўқибди. “Мен бу ердан бир дона жавҳар ҳам олмайман, сенинг ҳикматли пандинг барча талабларимни қондирди”, деб орқасига қайтган экан.

Неча асрларни оралаб бизга қадар етиб келган бу ривоятни ўқигач, ўттиз йилча аввал бўлиб ўтган бир воқеани эсладим. Ўтган асрда Америка билан Совет Иттифоқининг орасидаги муносабат чигаллашиб, урушнинг шарпаси сезилиб қолган эди. Бир издиҳомда қариялар шу масалада куюниб гапиришди. Уларнинг аксари уруш кўрган, урушнинг касофати қандай бўлишини билувчи одамлар эди. Давра тўрида ўтирган бир қария суҳбатга аралашиб:

– Агар менга қўйиб беришса Американинг подшоси билан бизникини ярим соатда яраштириб қўярдим,– деди. Атрофдагилар бу гапни ҳазилга йўйишди. Қария эса жиддий туриб, фикрини исбот этишга киришди:

– Агар менга қўйиб беришса, иккаласини шу ерга чақираман. Келишгач, иккаласига биттадан нон бераман.

– Нонни нима қиламиз? – деб ҳайрон бўлишади.

– Енглар, – дейман.

– Емаймиз, қорнимиз тўқ, – дейишади.

– Қоринларинг тўқ бўлса нега урушмоқчисизлар? Нимани талашасизлар? Сизларга нима етишмаяпти, айтинглар мен топиб берайин, – дейман. Агар ақли бўлса иккаласи ўйланиб қолади. Кейин “Гапингиз тўғри экан, оқсоқол”, деб ярашиб олишади…

Дунёнинг мураккаб савдолари бу каби содда тарзда ҳал қилинса эди, замин инсон қонларидан тўйиб кетмасди. Отахоннинг гапи кўпчиликка ғалати туюлар. Уч-тўрт йил муқаддам қўшни жумҳурият билан чегара бир қишлоққа бордим. Дунё дунё бўлганидан бери аҳил қўшни, аҳил қариндош бўлиб яшаб келган икки қишлоқ замона зайли билан энди икки мамлакатнинг ери сифатида бўлинган эди. Қишлоқдан ажиб бир сой оқиб ўтарди. Мен борганимда, айни ёз чилласида сой суви қурибди. Сой қўшни қишлоқдан (энди қўшни жумҳуриятга тобе) оқиб ўтарди. Билсам, туман бошлиғи нимадандир норози бўлиб сой сувини буриб юборишга фармон берибди. Бизнинг ҳоким илтимосини инобатга олмабди. Шунда ҳоким донолик қилиб, қишлоқ оқсоқолларининг вакилларини ўша қўшни қишлоққа юборди. Бир соатдан сўнг сойдан шарқираб сув кела бошлади…

Умар Ҳайём ҳазратларининг бир рубойиларида икки киши ер талашиб, бири “шу парча ер меники”, деркан, бошқаси “йўқ, меники” деркан. Шунда Ер тилга кириб, талашмаларинг, икковинг ҳам меникисан”, деган экан. Бу фалсафанинг маъносига барча тушуниб етса эди…

“Ҳокими мутлақ” мавзуида кейинроқ “Садоқат” деб номланган ҳикоя ҳам ёздим. Дунёни ҳалокатдан асраб қолиш учун ўз жонини қурбон қилган ўзбек аёли ҳақида ҳикоя қилувчи бу асарнинг ёш ёзувчилар кенгашида маъқуллангани, аммо “Саодат” журналида босилмаганини аввалроқ айтиб эдим.

Ибн Сино ҳазратларининг минг йиллик тўйларини нишонлашга тайёргарлик кўриш бошланганида табобат тарихига доир ҳикоя ёзиш истаги туғилди. Ҳижрий 370 йилнинг сафар ойида туғилган буюк алломанинг қамарий ҳисобдаги минг йиллик тўйлари 1952 йилда нишонланганди. 1980 йилда мелодий ҳисобга кўра бу сана тантана қилинадиган бўлди. Табобат тарихидан озми-кўпми хабарим бўлгани сабабли бу мавзуни ҳам фантастикага боғлашни лозим топдим. Ҳикояни Абу Аббос Маъмуннинг ихтиёри ва марҳамати билан Хоразмда қарор топган байтул ҳикма (академия) ҳақида сўз айтишни, Яминуддавла ва Аминулмилла султон Маҳмуд Ғазнавий ибн Сабуқтагин номаси туфайли алломалар тинчи бузилгани воқеаси билан бошладим. Ҳикояда “Фалак”даги айрим фикрларни давом эттиришга уриндим.

“Чорсуда йўллари айри бўлган фозиллар турли кўчаларга бурилиб, саройдан йироқлашдилар. Хонадонлари бир даҳада экани сабаб бўлиб, Ҳусайн, Муҳаммад ва Абу Саҳл ҳамроҳликда кетдилар. Йўлнинг қарийб ярмини юриб қўйсалар-да, ҳеч бирларидан садо чиқмади. Ҳусайн ўнг томонида бораётган Муҳаммад Берунийнинг сўз очишини кутди. Абу Саҳл бу икки алломаи замоннинг қарорини билишга ошиқса-да, одоб юзасидан сабр қилишга мажбур эди. Муҳаммад Беруний уйига етгунига қадар ҳам оғиз очмади. Фақат хайрлаша туриб, Ҳусайннинг савол назарини уқди.

– Ҳусайн, азиз иним, мендан алҳол жавоб кутманг. Бир нима демакликка ақлим қосирлик қилиб турибдир.

– Сиз буюк идрок эгаси бўлганингиз ҳолда наҳот бизни рақабга айлантириб қўйганларини фаҳмламадингиз?– деди Ҳусайн ҳаяжонини босолмай.

– Рақаб дедингизми? – Муҳаммад Беруний қўлини эшик ҳалқасидан олиб, ўйга толди. – Азизим иним, фикрингизда жон бордек. Бироқ, Аллоҳ идрокни алломанинг ўзига, изнини эса давлатпаноҳ ихтиёрига топширган экан, чора надир?

– Чора йўқ денг?

– Биз давлатпаноҳнинг марҳамати билан идрокимизни рўё қила оламиз. Шундай экан, Гурганжда яшамоқ афзалми ёинки Ғазнада, деган муаммо балки бекорчидир?

– Фикрингизни қабул этолмаганим учун айбситманг.– Ҳусайн шундай деб енгил таъзим билан хайрлашди-да, йўлига равона бўлди. Абу Саҳл унга эргашди.

Муҳаммад Беруний бу икки йигитнинг ҳаяжони ва хавотирини англаб, уларнинг изидан узоқ қараб қолди.

Ҳаяжонини босолмаётган Ҳусайн ёнида ҳамроҳи борлигини бир он унутиб, шахдам одимлади. Сўнг секинлаб, асабий равишда Абу Саҳлга ўгирилди.

– Нечун Аллоҳ таоло идрокдан қисмагани боис идроксизларга бир умр қуллуқда ўтмоғимиз лозим экан? Ахир шамс қоронғуликнинг қули эмас, ёруғлик шаҳаншоҳи-ку?!

– Абу Райҳон ҳақ гапни айтдилар. Қисматимизга шу ёзилмиш экан, иложимиз қанча?

– Сўзларингиз фикрингизни ошкор қиляпти. Демак, сиз ҳам Ғазнага бормоққа ризосиз?

Абу Саҳл мийиғида кулиб, қўлини Ҳусайннинг елкасига ташлаб, йўл бошлади.

– Сиз каби зукко ҳозиқи ҳаким бу қадар асабларга эрк беради, деса ҳеч ким инонмагайдир.

Ҳусайн ҳамроҳидан бесабаб ранжиганини англаб хижолат тортди.

– Бугунги чорловнинг сабабини дуруст англамабсиз,– деди Абу Саҳл босиқ оҳангда. – Давлатпаноҳ ҳам бизлардан воз кечмоқликни хуш кўрмаслар. Байтул-ҳикмага путур етса, давлатларидан нур кетишини дуруст фаҳмлайдирлар. Аммо ўзга иложлари йўқдур. Маҳмуд Ғазнавий истагига қарши боролмаслар. Аминулмилла беҳад қудрат соҳиби, истаги бажо келтирилмас экан, Хоразмга қўшин тортмоқликдан ҳам қайтмас. Шул баҳонада дарё-дарё бегуноҳ қонлар тўкилуви эҳтимоли ҳам бор.

– Ҳа, балли, султон чиндан-да қудратга эгадир. Бу ёруғ дунё устивори идрок эмас, қудрат экан! Қудрат мавжуд ерда аллома ҳам, донишу фузало ҳам беқадр бўлур. Фуқаро эса қадди дол ҳолида рўшнолик кўрмайдир. Мен Ҳақ-таолога муножот қилиб, бировни бировдан кам қилмаслигини илтижо қилиб сўрайман. Инша Аллоҳким, осмон айлана-айлана бизларни шундай кунларга рўпара этажак.

– Инша Аллоҳ!

– Азиз биродарим, давлатпаноҳ ихтиёримизни ўзимизга берганлари ҳолда, Ғазнага жўнамоққа бизларни мажбур этувлари эҳтимоли аниқроқдир. Абу Райҳон “Гурганжда макон топдик нима-ю, Ғазнада топдик нима?” дедилар, а? Менга қолса-да, фарқсиздир. Магар, мен инсон боласидурманки, одамийлик ғурурим бўйнимни ҳамиша эгик олиб юришимга йўл бермас. Туфроғимга эътиқодим осмон қадарлидир. Магар, ғурурим ундан-да улуғ. Шу боис ўз юртимга сиғмадим. Энди, бу ер ҳам…

– Журжонияда одиллик ҳукмрон, деб эшитаман.

Ҳусайн Абу Саҳлнинг не мақсадда бундай деганини англаб, ялт этиб унга қаради. Қулоқларига бир дам инонмай турди. Чунки Абу Саҳл унга нисбатан Берунийга яқин юрар, кўп баҳсларда Берунийни ёқлар эди. Энди не учундир Беруний фикрига зид равишда Ғазнага бормоққа хуши йўқ эканини шама қиляпти.

– Фикрим ожизлик қилмаса…

Ҳусайннинг сўзи оғзида қолди. Абу Саҳл фикрини ойдинлаштирди:

– Ҳа, айнан уқдингиз. Ит ким суяк ташласа кетаверади. Одамзод зинҳор ундай қилмас. Маслаҳатимни дуруст топсангиз, Гурганждан чиқайлик.

– Англадимки, заҳмат йўли сизга-да афзал кўринадир.

– Тун бўйи танангизга бир ўйлангиз. Маъқул топар бўлсангиз, субҳи содиқда каминанинг ҳужрасига ташриф буюринг. Йўл тадоригин чўзмайлик…”

Одамзод “обиҳаёт” – ўликка ҳам қайта жон бера олувчи тириклик сувини ҳамиша орзу қилган. Эртакларда, афсоналарда ҳам бу мўъжиза сув ҳақида битиклар бор экан, нечук улуғ табиб бу ҳақда орзу қилмасин? Тўғри, ўликни тирилтирувчи дори йўқ, бўлмайди ҳам. Бироқ оғир хасталикка даво бергувчи шифобахш гиёҳларнинг саноғи йўқ. Шунинг баробарида коинотдаги ўзгаришларнинг киши саломатлигига ҳамда дори тайёрлаш жараёнига таъсири яхши ўрганилмаган. Мен ўқувчи диққатини айнан шу масалага “Фалак”дан кейин яна бир бор қаратишга ҳаракат қилдим.

Ҳикоя “Фан ва турмуш”да нашр қилиниб, ўқувчилардан мақтов эшитдим. Тарихий мавзуда каттароқ асар ёзиш орзусида юрган мендек ёш адибга бу ҳикоя ёзиш жараёни яхши машқ вазифасини ўтади. Шу ҳикоя нашр этилиши муносабати билан замона уламоларидан бири Алоуддин Мансур билан танишдим. Ҳикоя Алоуддинга маъқул бўлиб, Тошкентга келганларида камина билан танишиш истагини билдирибдилар. “Сўнгги ўқ”ни ёзаётганимда Алоуддин Ғаззолий асарларини таржима қилаётганларини айтиб, айрим бобларни ўқишга бердилар. Мен қўлёзмани ҳаяжон билан ўқиб, баъзи ҳикматлардан асарда фойдаландим. Китоб нашр қилинганда таржимоннинг исми-насаби тушиб қолган экан, хижолатли иш бўлди. Алоуддин Қуръони Каримнинг маъно таржимасига биринчи бўлиб киришдилар, бу таржимадан ҳам кўп фойдаландимки, бу устоз алломанинг ҳақига доимо дуодаман.

Энг инжиқ ёзувчи

1982 йил январь ойининг охирги кунлари “Шарқ юлдузи”да иш бошладим. Мурод Хидир, Тоҳир Қаҳҳор билан аввал бирга ишлаганман, Суннатулла Анорбоев, Ҳайдарали Ниёзов, Абдулла Орипов, Зоҳир Аълам,Ортиқбой Абдуллаев акаларимиз, Шукур Қурбон, Икром Отамурод билан қадрдон эдик. Демоқчиманки, янги жамоада бегонасираш ҳисси йўқ эди. Аммо бундай масъул вазифада тажрибам ҳам йўқ эди. Ўзимдан ёши улуғ, тажрибали ижодкорларга қандай раҳбарлик қилишни тасаввур этолмасдим. Керилиб, хўжайинчилик қилолмаслигим аниқ. Лекин қўлёзмаларни вақтида ва сифатли топширишларини талаб қилишга мажбурман. Бош муҳаррир, адабиётшунос олим Ҳафиз Абдусаматовнинг асосий иш жойлари тил ва адабиёт институтида эди. Таҳририятга ярим кунга келиб-кетардилар. Ўринбосарлари Ҳайдарали Ниёзов тажрибали муҳаррир, моҳир таржимон қўлёзма ўқишдан бўшамасдилар. Мен уларнинг қанотига кириб, издан чиқай деб турган ишларни йўлга қўйишга уринишим лозим эди. “Издан чиқай” деганимнинг маъноси – “Ўлмас қоялар”нинг нашрида йўл қўйилган “хато”лар туфайли айрим асарларни нашр этиш муаммоси қайта кўтарилганди. Натижада нашрга тайёр журнал саҳифаларини ўзгартириш лозим эди. Бу масала компьютер ёрдамида ҳозир тез ҳал этилади. У пайтда ҳарфлар қўрғошинда қайта қуйилиб, саҳифалар каноп билан қайта боғлангунига қадар ҳафталар ўтарди. Шунга қарамай, журнал мухлислар қўлига вақтида етиб бориши шарт эди. Куннинг биринчи ярмидаги иш жойим таҳририятда бўлса, пешиндан кейин босмахонага жўнардим. Саҳифалаш цехида иш вақти соат 16да якунланарди. Саҳифаловчи аёллар пенсионер бўлганлари учун бир дақиқа ҳам қолмасдилар. Уларга қўшимча ишлари учун ҳақ тўланмас экан. Мен улардан учтаси билан келишиб, қўшимча ҳақни нақд берадиган, кечки таом билан ҳам таъминлайдиган бўлдим. Ўзим ҳам улар билан бирга ишладим. Улар бигизлари билан чаққон ҳаракат қилиб хато сатрларни илиб олиб ташлаб, ўрнига тузатилганини қўядилар, мен қўрғошин сатрларни каноп билан ўраб, махсус қутиларга тартиб билан олиб қўяман… Кеч 10-11ларга қадар тинмайман. Шу қадар чарчайманки, оёқ босишга ҳолим қолмайди. Эрталаб яна таҳририятга келаман, қўлёзма, корректура ўқийман. Ёшлик қуввати, ғайрати бор экан, қийинчиликларни енгишга куч топдим. Босмахона ишлари билан аввалдан таниш бўлганим ҳам асқотди. Бироқ бу борада ёрдамга ҳам муҳтож эдим. Техник муҳаррирлар орасида энг тажрибалиси ҳисобланган Олимжон Ҳакимов ёрдамларини аямадилар. Олимжон ака “Саодат” таҳририятидаги асосий вазифаларидан кейин саҳифалаш цехида ишлардилар. Оила рўзғорини тебратиш учун техник муҳаррирнинг маоши етарли эмасди. Бундан ташқари аҳли аёллари билан бирга дўппи тикардилар. Азиз фарзандларини ана шундай қийинчилик билан боқиб, катта қилганлар. Айтиш ўринлики, Олимжон ака каби қийналиб яшаганлар оз эмасди…

Босмахона билан бўладиган алоқа масъул котиб учун энг оғир иш саналарди. Машинкада кўчирилган бир саҳифада иккита хато тузатилиши мумкин, учта бўлса, қабул қилинмайди. Яна саҳифаларга босмахона учун белгиланадиган ўнлаб ишоралар бор. Икки-уч ишора хато белгиланган бўлса, 400 саҳифали қўлёзма қайтарилади. Босмахона белгилаган кун ва соатда топширилмаса, жарима тўланади. Энг ёмони журналнинг чиқиш муддати кечиктирилади. Мен уларнинг найрангини тушуниб қолдим. Белгиланган графикка кўра, журнал ой бошида нашрдан чиқиши керак экан. Лекин буюртмалари кўп бўлгани учун ой охирида аранг улгуришади. Журнал раҳбарияти уларга даъво қилолмайди, чунки қўлёзма ва суратлар муддатидан ўтиб, кеч топширилган. Ўн кун олдин топширилса ҳам, технологлар “вақтим йўқ” деган баҳонада сўнгги кунга қадар чўзишади ва албатта хато топиб, қайтаришади. Ўн кун аввал топширганимиз инобатга олинмайди, балки хатони тузатиб қайта топширганимиз “кечикди” деган илова билан қабул қилинади. Технолог хонимларнинг барчалари руслар ёки яҳудийлар, ўзларини сал баландроқ олишади. Гўё босмахона технологиясини фақат улар биладилар-у, биз бу борада нодонмиз. Ишлаб чиқариш бўлимининг бошлиғи Яков Абрамович Шурп таҳририят масъул котиби нима экан, Бош муҳаррирларни ҳам менсимасди, гаплашишни истамасди. Муомаласи ғоят қўпол эди. Бизнинг журналга бириктирилган технолог Иваново шаҳридан келган экан. Бош директор Ислом Шоғуломов бу ходимларини ғоят эркалатиб юборган эканлар. Энг кўркам уйлар, машинаю гиламлар Россия, Украинадан келган шу ноёб мутахассислар учун эди. Давр ўзгаргач, босмахона ишларининг “донолари” ҳисобланган бу мутахассислар анча ювош бўлдилар. Кейин бири Исроилга, бошқаси Львовга, бизнинг хоним эса Ивановога жўнаб қолдилар. Икки қўллари бўш кетмади, босмахона томонидан берилган уйларни аввал хусусийлаштириб, сўнг катта пулга сотиб, катта-катта жомадонларини тўлдириб эсон-омон она юртларига етиб олдилар. Қарангки, уларсиз ҳам “Шарқ” нашриёт-матбаа корхонаси бинойи ишлаяпти. Ўзимизда ҳам босмахона (полиграфия) технологиясини биладиган моҳир мутахассислар бор экан-ку, а?

Технологларнинг найрангини сезганимдан сўнг уларнинг кўнглини топиш чораларини изладим. Тўғрироғи, кўпам изламадим, Олимжон аканинг маслаҳатларига амал қилиб эдим, совға-саломлар яхши натижа берди. Бу ишим учун каминани айблашга шошилманг, бошқа чора йўқ эди. Ишни шундай йўлга қўйдикки, айрим қўлёзмаларни бир ой аввал топширадиган бўлдик. “Шарқ юлдузи”га нисбатан босмахона томонидан бўладиган даъволар тўхтади. Жарима тўлашларга ҳам барҳам берилди. Аммо барибир улар ўзлари белгилаган графикда журнални чиқариб бера олмадилар. Фақат бир марта – Шароф Рашидовнинг “Дил амри” асари босилганда ўз вақтида – ой бошида чиқди. Бунга сабаб – Ш.Рашидов 6 ноябрда туғилган эдилар. Туғилган кунларига асарлари босилган журнални (қалам ҳақини қўшган ҳолда) совға қилиб олиб киришди. Фақат ўша сон энг яхши оқ қоғозга босилди. Бошқалари биз “кепак қоғоз” деб атайдиган газета қоғозида босилишда давом этди.

Журнал ишидаги қийинчиликлардан яна бири “цензура” деб аталмиш назорат идораси билан муомала қилиш эди. Асл вазифаси давлат ва ҳарбий сирларни сақлашдан иборат бўлган бу идора ходимлари кўпроқ сиёсий назоратга аҳамият берардилар. Совет Иттифоқининг шаънини камситадиган ёки миллатчилик ёки миллий маҳдудлик руҳини уйғотишга хизмат қиладиган асарларни аниқлаб, бундай “сиёсий хатолар”га йўл бермаслик учун жонбозлик қилардилар. Қаламга олиш мумкин бўлмаган мавзулар баёни мавжуд эди. Шунга кўра, Тошкент-Термиз бетон йўли ҳарбий аҳамиятга эга бўлгани сабабли кичик бир мақолада ҳам тилга олиш таъқиқланганди. Шунингдек, Ўзбекистонда тилла конлари мавжудлиги ҳам сир экан. Махфийликка доир рўйхатдан ташқари ёзилмаган талаблар ҳам мавжуд эди. Масалан, шоир “бахтим йўқ”, деб ёзса, “Совет Ватанида яшаб нега бахтсиз бўласан?” деб сатрни қалин қизил қалам билан чизиб ташлашарди. Айниқса, бадиий асарларга эътирозлари кўп бўларди. Чунки улар бадиий адабиётга хос нозикликларни тушунишмасди. Вазифалари ҳарфхўрлик бўлгани учун кўпчилик уларни “тирноқ остидан кир қидирувчилар”, деб сифатларди. Агар мақола ҳарбийлар ҳаётидан ёзилган бўлса, русчага таржима қилиниб, Туркистон ҳарбий округининг цензорига бериларди, милиция ҳаётидан бўлса, Ички ишлар вазирлигида кўриларди. Чегарачилар ҳаётидан бўлса, Ашхободга юбориларди. Фақат мақола ёки роман эмас, чизилган сурат ва фотосуратлар ҳам уларнинг назоратидан ўтказиларди. Қайсидир йили цензура яна ғалва кўтариб қолди. Бир суратда Совет Иттифоқининг харитаси чизилган, “СССР” деган ёзувдаги “Р” ҳарфининг бир учи сал сурилиб, АҚШга тегишли Аляска устига тушиб қолган экан. “Шунга шучалик тўполон кўтарасизларми?” десам, “Сизлар халқаро аҳволни тушунмайсизлар, эртага Америка Президенти Брежневга нота юбориб, норозилик билдириши мумкин”, дейишди. Америка Президенти “Шарқ юлдузи”ни ўқир эканми?” дегим келди-ю, жанжални чуқурлаштирмаслик учун тилимни тийиб қўя қолдим. Ичимда “Америкаликларнинг шундан бошқа ташвиши йўқ эканми?” – деб ўзимни ўзим овутдим. Ҳеч қанақа халқаро жанжал чиқмаслигини уларнинг ўзлари ҳам билишарди. Ғалва кўтаришларидан мақсад – ўзларининг ғоят синчков, зийрак ва сиёсий ҳушёр эканликларини юқори идораларга намойиш этиш эди.

Цензуранинг “Шарқ юлдузи”ни алоҳида синчковлик билан ўқиши табиий. “Ўлмас қоялар”ни тўхтатиб қолмаганлари учун улар ҳам жазоларини олган эдилар. Эндиги ишлари “оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади” йўсинида эди. Шукур Холмирзаев, сал кейинроқ Тоғай Мурод асарлари нашрга тайёрланганида улар янада сергак тортдилар. Шукур аканинг романлари назаримда уларнинг эсини тескари қилиб юборгандай бўлди. “Ўлмас қоялар” рус истилоси ҳақида бўлса, “Қил кўприк” Бухоро амири шармандалик билан қочганидан кейинги воқеалар тўғрисида эди. Биз ҳозир “Миллий-озодлик ҳаракати” деб атаётган курашни бадиий адабиётга олиб кирган ёзувчини қаҳрамон, деб атасак ҳам бўлади. Советларни кўп йиллар давомида титратган Ироҳимбек ва Анвар пошшо сиймоларини бадиий адабиётга олиб киришга жазм этишни ўзгача баҳолаш мумкин эмас. Шукур ака буларга зид ўлароқ қизил аскар Қурбон образини ҳам баён этганлар. Қисқа ва маъноси чуқур сўз бошида ниятларини баён қилган эдилар.

“Ҳамиша инқилобий кўтарилишлар даврини қаламга олиш ёзувчи учун мароқли бўлади. Чунки бу даврда Инсонда шахс сифатида илгари кўрилмаган, “уйқудаги” жиҳатлар ҳам “уйғонади”. Иккиламчи, бундай озодлик инқилоблари даврида энг Инсоний ғоялар байроқ қилиб кўтариладики, ҳар қандай виждонли адиб ўзи, табиий, ўша байроқ остида ҳаракат қилгани учун ўша давр ҳақида асар ёзиш, ўша давр одамларининг (имкон даржасида) тасвирлаш билан улар жамоасига ўз муносабатини билдиради.

Балки ана шу табиий эҳтиёж тақозосида асримизда юз берган кўпгина миллий озодлик инқилоблари (Вьетнам, Куба, Ангола, Никарагуа, Афғонистондаги инқилоблар) аввалида алифбенинг “а” ҳарфидек турган Бухоро миллий озодлик инқилобига беихтиёр қизиқар эдим. Бу қизиқишнинг тағин оддий бир сабаби бор: ўша пўртанали воқеалар кечган жойларда эсимни таниганман, ўша воқеалар болаликдан менга азиз “эртаклар” бўлиб қолган эди.

Қисқаси, эҳтиёжга меҳнат ҳам қўшилди: ушбу асар майдонга келди.

Агар ўша даврнинг “очилмаган саҳифалари”дан бир нечасини оча олган бўлсам, ўзимни бахтиёр санайман. Бироқ, албатта, ўша саҳифаларда ҳам умуман, ўша инқилоб ғояларини байроқ этган шахсларнинг (айримларини), табиий душман тараф раҳнамоларининг (айримларининг) ҳам моҳиятини очиш мақсадим бўлди.

Албатта, бадиият қонуни бўйича иш кўрдим. Шунинг учун “тарихий асар эмас”, балки “бадиий асар” ёздим: “Бадиий асар – ўзича бир оламдир”. Муаллиф”.

Эътибор берган бўлсангиз, муаллиф изоҳида мавҳумлик бор. Назаримда, “озодлик инқилоблари” деганида “Октябрь революцияси”ни назарда тутмаган. Асар ёзишдан мақсад қизил аскар Қурбон образини гавдалантириш эмас, балки чин озодлик байроғи остида ҳаракат қилган Иброҳимбек ва унинг сафдошлари билан китобхонни таништириш эди. Муаллиф изоҳида ана шунга ишоралар бор. Цензура диққатини социализм томон жалб этиш учун Куба, Никарагуалар тилга олинган. Ҳолбуки, уларнинг кураши ҳам миллий озодлик йўналишида эди.

Шунга қарамай, цензуранинг эътирозлари кўп бўлди. Шукур ака ҳам, биз ҳам шундай бўлишини кутган эдик. Цензура билан олишиш бефойда. Улар футбол судяларига ўхшашади – ҳуштак чалдиларми, тамом уларни ҳақ гапга кўндириб бўлмайди. Романни Шукур аканинг истаклари билан бирга кўриб чиқдик. Ёзувчилар орасида Шукур акадай инжиқ одам йўқ. Муҳаррир сифатида бошқаларнинг асарларига қандай инжиқлик билан талаб қўйсалар, ўзларининг романларига қўядиган талаблари янада кўпроқ эди. Қўлёзманими ё корректураними ҳар ўқиганларида таҳрир қилардилар, баъзан бир неча саҳифаларни қайтадан ёзиб чиқардилар. Бу одатлари менга аввалдан маълум эди. 1964 йил эди шекилли, ёш ёзувчиларнинг кенгашида мухлис-томошабин сифатида қатнашгандим. Ўшанда Шукур аканинг “Ўн саккизга кирмаган ким бор” асарлари муҳокама қилинган ва устозлар томонидан юқори баҳоланганди. Муҳокама пайтида устозлардан бири (адашмасам, Ваҳоб Рўзиматов эдилар) қўлёзмадаги саҳифаларни бир-бир кўрсатди-лар – сатрлар таҳрирдан бўялиб кетган эди.

– Қаранглар, бу тузатишлар муҳаррирники эмас, ёзувчи ўз асари устида шундай ишлайди, – деб адибнинг таҳрир санъатини мақтагандилар.

Шукур ака бу талабчанликларини машҳур ёзувчи бўлганларида ҳам сусайтирмаганлар (Шундай талабчанликни мен Омон Мухторда ҳам кўрган эдим). Кўп уринишлардан кейин романни цензура қайчилай олмайдиган ҳолга келтирдик. Шукур ака “Роман ҳали кўнглимдагидай эмас”, деб “Журнал варианти” деган изоҳ ёздирдилар. Мен таҳрир қилмадим, балки маслаҳатчи шогирд мақомида ёнларида ўтирдим. Журнал цензуранинг ижозати билан босишга рухсат этилганда Шукур ака келиб яна таҳрирли жойлар борлигини айтдилар. Журнал босилиш жараёнида эди. Рози бўлганим билан, босмахона жараёнини тўхтатиш мумкин эмасди. Шукур аканинг шаштларини қайтармаслик учун корректуранинг иккинчи нусхасини бердим. Тўрт-беш жумла ўзгартирилса кошки эди, яна астойдил таҳрир қилдилар. Агар бу таҳрирлар қабул қилинса, бутун матн қайтадан терилиши шарт эди. Баъзи ёзувчилар асарлари журналда чиққач, уни машинкада қайта кўчирмай, журнал саҳифаларини қоғозларга ёпиштириб, нашриётга топширардилар. Демак, бирорта сўз ўзгармасди. Лекин Шукур ака бу тоифадан эмасдилар. Табиатларидан маълумки, яна таҳрир қилиб, машинкада қайта кўчиртирадилар. Журнал чиққач, таҳрир қилинган корректура нусхасини Шукур акага бериб, тузатишларни кирита олмаганимиз учун узр сўрадим.

Тасодифни қарангки, 1982 йилда эълон қилинган романлар ва қиссаларнинг йиллик муҳокамасида “Қил кўприк” ҳақида сўз айтишимга тўғри келди: “Шукур Холмирзаев романларини икки йил аввал муҳокама қилдириб, узоқ вақт қайта ишладилар. Икки китобга мўлжалланган роман қисқартирилаверилиб, охири бир ихчам китоб ҳолига келтирилди. Шукур ака меҳнатдан қочмайдиган ёзувчи эканликларини кўпчилик билади. Аммо у киши романни қайта ишлаганлари сайин, назаримда, асар яхшиланмай, сусайиб борди. Романнинг биринчи вариантидаги тасвирлар, туйғулар анча сўнди. Асар қарийб диалог ҳолига тушиб қолди. Роман журналда босила бошлангач, ёзувчи романни яна қайта ишлашни бошлаб юбордилар. Шунинг учун ҳам унга китоб чиққанда баҳо бериш маъқул кўринади. Лекин бир гапни айтиб ўтиш керак: Қурбоннинг қизил аскарларга қўшилиши, разведкага бориши янада ишончлироқ берилса, қизнинг табиати, ички кечинмалари мавҳумликдан узоқ бўлса, табиат тасвирлари тикланса, руҳий ҳолатлар яна ўз ўрнини топса яхшироқ бўларди. Романдаги Иброҳимбек, Анвар пошшо, Эшони Судур – уч одам, бошлари бир мақсад йўлида бирлашган бўлса ҳам, лекин юракларидаги мақсадлари бўлак-бўлак. Уларнинг ички кечинмалари чуқурлаштирилиб, юракларидаги бир-бировига бўлган адоват олови акс этса, деган истакларим бор…”

Шукур ака бу танқиддан ранжимадилар, аксинча, “Китобга ҳам ўзингиз муҳаррирлик қилинг”, дедилар. Бу таклифни бажонидил қабул қилдим. Нашриёт ҳам бунга йўл бергач, яна биргаликда ишладик. Агар Шукур аканинг ўзлари таҳрир қилган қўлзёзмалари сақланган бўлса, бирор зукко адабиётшунос олим бадиий асарни яратиш машаққати ҳақида рисола ёзса, ёш адиблар учун ибратли дарслик бўларди. Ҳамкорликдаги кунларимиздан акамизнинг дастхат ёзиб берган китоблари хотира бўлиб қолган: “Тоҳиржон! “Ақл ёшда эмас – бошда” деган мақол, ўлай агар, Сизга қарата айтилган. Бунга шу китоб гувоҳ! Сиздан миннатдор акангиз Шукур Холмирзаев. 1984 й. 23 май, Тошкент”.

Шукур ака билан кейинроқ яна ҳамкорлик қилишга тўғри келди. 1987 йилда Маданият вазирлигида Бош муҳаррир вазифасида ишлардим. Ҳамза номидаги театрда актёрлар орасида келишмовчилик юзага чиқиб, режиссёр Баҳодир Йўлдошев бошчилигидаги кўпгина иқтидорли саҳна усталари “Ёш гвардия” театрига ўтишди. Баҳодир Йўлдошев Шукур ака билан ҳамкорликда яқин ўтмишимизга мурожаат этишди. Асар (“Қора камар”) гўё қўқонлик комсомол Абдулла Набиев ҳақида эди. Тарихдан маълумки, бу комсомол йигит Бойсунга борганида ўлдирилган. Ҳамза ўлимидан кейин қандай қаҳрамонлик шоҳсупасига қўйилган бўлса, А.Набиевни ҳам шу даражага кўтаришган, ёшлар ибрат олиши керак бўлган қаҳрамонга айлантиришганди. Бу комсомол ҳақида аввал ҳам саҳна асарлари бор эди. Атҳам Раҳмат қаламига мансуб бу асарни болалигимда кўриб, унинг чиндан ҳам қаҳрамон эканига ишонган эдим. Россия тарихида шундай қаҳрамонлар бор эди. Уларга тақлидан яратилган спектакль ҳам, кинофильм ҳам ёлғон пойдевори устига қурилгани учун емирилиб йўқ бўлиб кетди. Аслида ёлғонни ҳам ўринлатиб ишлатиш керак. “Ўзбек совет энциклопедияси”да “Улуғ Октябрь революциясидан сўнг большевиклар партияси раҳбарлигида партиянинг муҳим топшириқларини, Совет ҳукуматининг декретларини амалга оширишда жонбозлик кўрсатди. Қўқон атрофида уя қўйган босмачи шайкаларига қарши курашди” деб мақталган. Шу ўринда далилларга қарайлик: Фарғона водийсидаги “босмачилик” ҳаракати асосан 1920 йилда тугатилган. Комсомолнинг пуфак қаҳрамони ўшанда 15 ёшда бўлган. Бу ўсмир шайкаларга қарши қандай курашди экан? Партия топшириқларини амалга оширишда қандай жонбозлик кўрсатган? 20 ёшида комсомол ташкилотларини тузишда ёрдам бериш учун Сурхондарёга юборилган. Шерободдан Бойсунга бора туриб Бештахта қишлоғида ўлдирилган. Энциклопедия хабар беришича, у “ваҳшиёна ўлдирилган”. Бу ҳам мавҳум гап. Абдулла Набиев ҳали қаҳрамонлик шоҳсупасида гердайиб турганида Шукур ака пуфак ботирни фош қилишга журъат этдилар. Санъатдаги инжиқ режиссёр Баҳодир Йўлдошев билан адабиётдаги инжиқ ёзувчи Шукур Холмирзаев бу воқеани бошқача талқин этишди. Бош қаҳрамоннинг тилсиз эканида ғоят чуқур маъно яширинган эди. Асар ҳар томонлама янгилик эди, томошабинлар томонидан яхши кутиб олинди, кейин Давлат мукофотига ҳам тавсия этилди. Пьесаси театр томонидан қабул бўлгач, саҳналаштирилишини кутишга тоқати етмаган муаллифлар қалам ҳақи талаб қилиб келардилар. Биз бундайларни “драматург” эмас, “драма торг” – драма сотувчи, дердик. Суриштириб кўрсам, Шукур ака билан шартнома ҳам тузилмабди. Энг муҳими – пьесанинг қўлёзмаси йўқ! Баҳодир Йўлдошевдан сўраганимда бир неча саҳифа қўлёзмани кўрсатдилар. Шундан билдимки, икки “инжиқ” санъаткор пьесани қайта-қайта ишлайверганидан асл нусха қолмаган. Бир саҳнанинг репетициясидан кўнгли тўлмаган ёзувчи эртасига янги саҳифаларни ёзиб келар экан. Актёрлар ролларини ёзувчининг қўлёзмасидан ёдлар эканлар. Бу албатта ибратли жараён, лекин ҳисобчи(бухгалтер)лар ижодий жараёнга қараб қалам ҳақи бермайдилар. Театр раҳбариятининг “шу асарни саҳналаштирдик”, деб ёзиб берган далолатномаси ҳам кифоя қилмайди. Уларга машинкада кўчирилган матн керак. Бахтимизга, ҳисобчилар ўзбек тилини билишмасди. Шундан фойдаланиб, шартномани расмийлаштирдик-да, жавонда неча йиллардан бери чанг босиб ётган бир пьесанинг номини ўзгартириб, қалам ҳақини олиб бердик. Албатта бу найранг, аммо айблашга шошилманг, вақтинчалик чора эди. Спектаклни магнит лентасига ёздириб, сўнг уни қоғозга тушириб пьеса шаклида муқовалатиб қўйганмиз.

Шукур ака яна кўплаб пьесалар ёзсалар бўларди. Бундай дейишимга сабаб, у киши театр санъатига ғоят яқин бўлганлар. Талабалик пайтларида дорулфунун ҳаваскорлар театрида саҳналаштирилган спектаклда Гамлет ролини ижро этганлар. Радиода ишлаётганимда кичик пьесани кўрсатдилар, Омон Мухтор икковимиз қизиқиб қолдик. “Бош ролни ўзингиз ижро этиб берсангиз, радиоспектакль тарзида ёзамиз”, дедим. Таклифим ярим ҳазил, ярим чин эди. Аммо Шукур ака чин ўрнида қабул қилиб, “Ўзимнинг ниятим ҳам шу”, дедилар. Шукур аканинг истакларига биноан Бахтиёр Ихтиёров режиссёрликка таклиф қилинди. Натижада радио санъати тарихида мутлақо янгилик бўлган ўзига хос радиоспектакль яратилди ва ҳозирга қадар “олтин фонд”да сақланяпти. Бундай журъатни кейинроқ Мурод Муҳаммад Дўст кинода такрорлади. Ўзи ёзган сценарий асосида олинган фильмда роллардан бирини ижро этди (Омон Матжон Е.Евтушенко фильмида кичик бир ролни ижро этганларини эшитганман, аммо фильмни кўрмаганман). Ҳар икки ҳолат ибратга молик эди. Лекин нима учундир бу янгиликлар давом эттирилмади. Эҳтимол улар ўзларига қўйган талаб даражасини ошириб юборгандирлар.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации