Электронная библиотека » Тоҳир Тоҳир Малик » » онлайн чтение - страница 14

Текст книги "Ҳаёт қайиғи (3 китоб)"


  • Текст добавлен: 16 мая 2023, 13:40


Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 14 (всего у книги 32 страниц)

Шрифт:
- 100% +

1. Май ўзининг аслий ўрни бўлмиш хум ичида ўзганинг таъсирисиз ўзидан-ўзи қайнаб, ўзини кўрсатишга ҳаракат қилганидек, ошиқлар кўнглидаги яширин ишқ ҳам ташқи бир сабабсиз ғалаён қилиб, зуҳур этишга интилади.

2. Май ўз зоти ҳаддида муайян бир шаклга эга эмас, қайси идишга қуйилса, шу идишнинг ички шаклини олади. Худди шунингдек, ишқ аслан мутлақ бўлиб, унинг зуҳури муҳаббат аҳлининг қобилияти ва истеъдодига яраша содир бўлади. Ошиқлар орасидаги тафовут ишқнинг зотий хусусиятига эмас, уларнинг кўнгул идишига боғлиқдир.

3. Майнинг ҳам, ишқнинг ҳам сирояти (таъсири) ялпи жараёндан иборатдир. Май кишининг ҳамма аъзоларига таъсир қилганидек, ишқ ҳам ошиқнинг қону жонига кириб, унинг бутун вужудини эгаллаб олади.

4. Май ўзининг ичкучисини, ишқ севгучини марду сахий қилиб қўяди. Аммо май масти пулни аямаса, ишқ масти жону жаҳонини, бору йўғини бахшида қилади.

5. Май ҳам, ишқ ҳам кишини ботир, қўрқмас қилиб қўяди. Лекин май ботирлиги оқибатни кўрувчи ақлнинг мағлуб бўлишидан бўлса, ишқ шижоати ҳақиқат нурининг ғолиблигидандир. Биринчиси шахсни фалокату ҳалокатга олиб боради, иккинчиси абадий ҳаёту саодатга бошқаради.

6. Май ҳам, ишқ ҳам киши бошидан кибру ҳавони учиради ва ниёзу тавозуга туширади. Бироқ ичкиликнинг оқибати хорлигу разолатдир, пок ишқ натижаси иззату шарофатдир.

7. Май ҳам, ишқ ҳам сирни фош қилади. Асрлар давомида аён бўлган ҳақиқату маърифат сирларини ишқ юзага чиқарган.

8. Май ҳам, ишқ ҳам кишини беҳуд қилади. Аммо май беҳушлиги нодонлик ва ғафлатнинг энг тубан даражасидир, ишқ беҳушлиги эса сезгирлик ва огоҳликнинг энг олий мартабасидир.

9. Майпараст майни ичган сари яна кўпроқ ичкиси келади, ишқпараст ҳам ишқ дардига мубтало бўлгани сари яна ортиқроқ берила боради. Лекин ичкучи борган сари одамийлик қиёфасини йўқотаверади, севгучининг эса инсоний фазилатлари орта боради.

10. Май ҳам, ишқ ҳам номус-ҳаё пардасини кўтаради. Бироқ ичган ўзидан бошқани ҳақорат қилиб, халққа озор беришдан уялмайди, севган эса ўзгалар учун ўзини хору зор этмоқликдан ор қилмайди.

Демак, қадим шуаронинг майпарастлиги инсонпарварликдан, ноҳақликдан мубарро ҳақпарастликдан, илму фан севгисию маърифат ишқидан иборат экан. Май ва ишқнинг юқорида зикр этилмиш ўхшаш жиҳатлари бўлса-да, аммо оқибат жиҳатидан улар бир-бирларига тамоман зиддир. Мутлақ лаззат ҳақиқат муҳаббатида ва уни идрок этишдадир!

 
Кел, э соқий, муҳаббат жомидин май,
Харидор илгина бергил, пайопай
 
(Сўфий Оллоҳёрдан).

(Кел эй соқий, муҳаббат шаробини бизларга ичиргил. Уни бу харидор қўлига устма-уст қуйиб бергил. Бу ерда “соқий”дан мурод – Тангрининг ўзидир. “Харидор” – солик).

Энди Ҳазрати Навоий байтларига диққат қилайлик:

 
Зоҳид, сенга ҳуру менга жонона керак,
Жаннат сенга бўлсун, менга майхона керак.
 

Бу байт советлар даврида шоирни худосизлар сафида кўрсатиш учун хизмат қилдирилди. Совет даврининг нодон олимлари бу байтни: “Эй, бу дунёдан кечган телба одам, сенга жаннат ва ундаги ҳур қизлар керак бўлса, ола қол. Менга майхона (яъни ресторан) ва ундаги нозли қизлар керак”, деб тушунтирдилар. Ўрисларда “Ҳар бир одам ўзининг бузуқлик даражасида ақлдан озади”, деган мақол бор. Эҳтимол ул ақли ноқислар байтни чиндан ҳам шу ҳолда фаҳм этгандирлар. Эҳтимол атайин бузиб талқин қилгандилар – буниси менга қоронғу.

Мазкурда шоирлар султони демоқчиларким: “Эй зоҳид, сенинг бу дунёдан, хусусан аҳли аёлингдан кечишингга сабаб жаннатдаги ҳурлар экан, майли ўша ҳур қизлар сенга бўлақолсин. Менинг эса жаннатга киришдан умидим у қизлар эмас, балки Аллоҳим чеҳрасини кўриш. Сен жаннат орзусида хаёл қилиб юравер, менга маърифат ҳосил бўладиган давра, яъни олимлар давраси керак.” (Кечаю кундуз кўп нафл ибодатларни бажарадиганларни “обид” дерлар. Тарки дунё қилиб ибодатга берилган тақводорни “зоҳид” дерлар.)

Тўғри, жаннатда яшамоқлик лаззати бор. Аммо чин ошиқлар учун энг улуғ бахт – Яратганни кўриш. Чунки Аллоҳнинг солиҳ бандаларига жаннатда кўриниш ваъдаси бор. Жаннат йўлига Аллоҳни таниган ҳолда кириш – шоирнинг мақсади. Аллоҳни таниш эса илм орқали бўлади. Ҳазрати шайх Самадоний Боязид Бистомий (қоддасаллоҳу сирраҳул азиз) дебдиларким: “Орифнинг камтар даражаси улдурким, муҳаббат ўтида ёниб тугангай. Бир карра маърифат ҳаловати кишининг кўнглида Фирдавсдаги минг кўшкдан афзалдир.” Бу фикрда шайх ҳазратлари маърифатни жаннатдаги энг олий боғдан устун қўйиб, Фирдавсни инкор этаётганлари йўқ. Аслида бу олий неъматга фақат маърифат эгалари етишадилар. Демак, фикрда бу неъматга эришиш йўли кўрсатиляптиким, Навоий ҳазратлари “майхона” афзаллигини баён қилганларида шу муддаони кўзда тутганлар. Халқ орасида, айниқса майхўрликни хушловчилар орасида қадим адабиётимиздаги “май”, “майхўрлик” сўзларини айнан тушуниб, ўзлари учун фатво ўрнида қабул қилувчилар ҳам бор. Айниқса, Умар Ҳайёмни, устоз Алийбек Рустамий айтганларидек, майпарастларнинг пири ўрнида кўрувчилар мавжуд. Аввало Умар Ҳайёмники деб келинган баъзи рубоийлар у зотнинг ижодлари маҳсули эмас экан, мутахассислар у кишидан анча кейин ёзилган рубоийларни аниқлаганлар. Иккинчидан, ул зотнинг асарларида рамз мавжуд. Кўпчилик “Май ич, оқилу доно билан ич”, сатрини мисол қилиб келтиради. Оддий мантиқ тарозуси билан ўлчасак, “оқилу доно” одам ароқ ичмаса керак, агар ичса, айниқса нодон билан ичса у оқил ва доно бўлармикин?

Лайли ва Мажнуннинг ишқи ҳақидаги афсона кўпчиликка маълум. Ҳазрат Навоий бу ҳақда достон ҳам битганлар. Кейинроқ “Маҳбуб ул-қулуб”да бир ҳикоятнинг баёнини берадилар:

“Нақл қилишларича, ишқнинг ҳажр ўти Мажнун жонига улашди, заиф баданига ҳароратли у ўтнинг алангаси туташди. Ҳар қанча муолажа қилсалар ҳам фойда қилмади – касали ортди, иситма тушмади. Бемор оғирлашиб, жон талвасасига тушганда, кимдир бу аҳволдан Лайлини хабардор қилди. Паривашни бу хабар ношод этиб, ўз девонасининг ҳолини сўраш учун нома ёзди. Бир одам хатни Мажнунга етказганида, унинг танида жон асари қолмаган эди. Шу пайтда меҳрибонлари Лайли номасини ўқиганларида беморнинг эшитаётгани ва таъсирланганини сездилар. Ҳар гал нома такрор ўқилганда, бемор танига жон қайта киргандек бўлар эди. Бемор касалдан тузалиб, сиҳат-саломат бошини кўтаргунча бу хатни такрор ва такрор ўқиди, соғайгач эса тумор қилиб бўйнига тақиб олди. Ишқ алангасидан Мажнуннинг касали тузалди ва у сўз такроридан бадани қувватга кирди. Байт:

 
Ошиққа гарчи заъфу маразлиқдурур мизож,
Маъшуқ зикри ул маразиға эрур илож.”
 

(Мижози заиф ва касал ошиққа ягона даво – маъшуқни ёдлашдир.)

Бу ривоятни зоҳиран талқин этиб, “Мажнун деган йигитнинг Лайли деган қизни севиб қолиши ҳақида”, деб тушунмоғимиз ҳам мумкин. Бизнингча, ривоятнинг асл маъноси унинг ботининдадир. Яъни Аллоҳнинг қули Мажнун – ошиқдир. Ошиқ аҳлининг дардини дунёвий дорилар билан даволаб бўлмайди. Беҳуш ошиққа маъшуқдан мактуб келди ва у ўқилди. Мактуб – Аллоҳнинг каломи. Қуръон эса шифодур. Мавлоно Фузулийнинг бу байти эҳтимол сўзларимизни исбот этар:

 
Ишқ дардила хушам, эл чек иложимдан табиб,
Қилма дармон ким, ҳалоким заҳри дармонимдадир.
 

Дейилмоқчиким: “Мен бу ишқ дарди билан бахтиёрман, сархушман (Аллоҳни бутун қалби ила сева олиш бахтини ҳеч бир саодатга қиёслаш мумкин эмас). Бу ҳолимдан мамнунман. Эй табиб, сен мени даволашдан қўл торт, воз кеч! (Ахир Аллоҳ ошиғини даволашга уриниш – Аллоҳдан узоқлантиришга уриниш ва бу ундан буюк бахтни тортиб олиб қўйиш ҳаракати эмасми?) Сен мени даволама, ташла бу дорингни, бу дори-дармонда ажалим заҳри бор. Мен даволансам, нобуд бўламан. (Менинг Аллоҳдан узоқлашганим – ўлим билан баробардир). Қўй, шу ошиқлигимча қолай, шу хасталигимча ўлай! (Ўладиган бўлсам ҳам шу ошиқлик ҳолимда дунёни тарк этайким, мен учун маъшуқнинг юзини кўриш бахти ҳам бордир).” Ишқни “дард” сўзи билан ҳам ифодалайдилар. Яъниким, “ишқ дарди”. Ҳақиқий ишқ аҳли бу дунёда ишқ дардига шифо изламас, шунинг учунким, бу ҳалокатдир. Ишқ дардига бу дунёда шифо талаб этмоқ – нафси хитобига қулоқ тутмоқдир. Демак, қалб Аллоҳ жамолига муштоқ эмас экан, ўз фароғатига интиқ экан.

 
“Агар ошиқлиғим айтсам, куюб жону жаҳон ўртар,
Бу ишқ сиррин баён этсам, тақи ул хонумон ўртар.
Кишига ишқ ўтидин заррайи тушса бўлур гирён,
Бўлур бесабру бетоқат, юрак-бағри ҳамон ўртар”.
 

“Ўткан кунлар” кинофильми учун ашула қилинган бу ғазал дунёвий севги баёни эмас. Бобораҳим Машраб илоҳий ишқни, яъни, Аллоҳга бўлган банданинг ишқини баён қилганлар. Соддароқ тушунтирилса, бу “Менинг Раббимга бўлган ишқим шу даражада кучлики, бир-бир айтсам, бутун ер юзи ёниб-куйиб, кул бўлади”, дегани. Ғазалнинг охирги сатрларига алоҳида эътибор бериш керак: “Агар Машрабда оҳ урсам, Биҳишти жовидон ўртар” – агар Аллоҳ ишқи кўйида хонумонидан, дунёвий орзу-ҳавасларидан, ўзлигидан, борингки, бу фоний дунёда Аллоҳдан бошқа барча нарсадан мосуво мард ва фидойи ошиқи девона бир оҳ урса, абадий жаннат ҳам ўртаниб кетаркан.

Кибриё опа хотираларида Абдулла Қаҳҳор билан шарқ мумтоз адабиёти хусусида кўп суҳбат қурганларини ёзганлар. Мени ажаблантирган нарса – Абдулла Қаҳҳор улуғларнинг ҳикматларини яхши билганлари ҳолда асарларида бу дурдоналарга ўрин бермаганлар. Ҳикматларни айнан кўчириш шарт эмас, улуғларнинг фалсафаларини асарга сингдиришга ҳам уринмаганлар. Социалистик реализм услубига содиқ бўлганлари сабабли шундай қилдилармикин, валлоҳи аълам?

* * *

1982 йили журнални нашр этишга доир техник масалалар ҳал этилган пайтда Шароф Рашидовнинг “Дил амри” деб номланган асарининг қўлёзмасини топширишди. Таҳририят ҳам, уюшма раҳбарлари ҳам шошиб қолишди. Асар тезлик билан нашрга туширилиши шарт эди. Ўқиб, муҳокама қилиш, таҳрир талаб жойларга қалам уриш мумкин эмасди. Нашрга тайёрлаш жараёнини Ўзбекистон халқ ёзувчиси Раҳмат Файзий бошқардилар. (Раҳмат Файзий номини эшитмаган ёшларга “Сен етим эмассан” кинофильмини эслатаман. Мазкур фильм адибнинг “Ҳазрати инсон” романи асосида олинган). Шароф Рашидовнинг асарларини ёзилиш тарихи ҳақида ҳар турли гапларни эшитиб юрардик. Шулардан бири: “Асарни Александр Удалов ёзади, Раҳмат Файзий таржима қилади”, деган миш-миш назаримда ҳақиқатга яқинроқ эди. Бўлим асарни номигагина ўқиб берди. Вазифам тақозосига кўра мен ҳам ўқиб, жиддий камчиликларга дуч келдим. Асар уруш ҳақида эди. Лекин айрим тасвирларни жанг тафсилотини билмайдиган одам ёзгандай эди. Масалан, совет аскарлари фашистларни тўхтатиш учун жарликда танкка қарши хандақ қазишади. Сарвар Азимовга чиқиб, фикримни билдирдим. У киши қора қалам билан бегиланган қўлёзмани олиб қолдилар. 2-3 кундан кейин чақиртириб, “Фикрларингиз ўринли, ўзингиз таҳрир қилинг”, дедилар. Бу сафар русларнинг “ташаббус жазоланади” деган мақолидаги ҳақиқат исботланди. Шошқич равишда таҳрирдан чиқардим. Нашрга тайёрланган асарлар олиб қўйилиб, “Дил амри” теришга берилди. Босмахонанинг диққат-эътибори ҳам шу асарни тезлик билан териш, саҳифалашга қаратилди. Цензура ҳам корректурани бир кунда ўқиб берди. Ажабки, бирон жойига қизил қалам тегмади. Журнал босишга тайёр бўлганда “тўхтатилсин”, деган буйруқ берилиб, бизни гангитиб қўйди. Яна масъул котибнинг шўри қуриди. Яна цехда кечгача қолиб кетадиган бўлдим. Қайта саҳифалаш осон иш эмас. Яхшики, “Дил амри”га жой бўшатиб берган асарларни ташлаб юбормаган эдик. Ҳаммасини қайтадан жой-жойига қўйдик. Асарни тўхтатиш сабаби кейинроқ маълум бўлди. Москвадан “Дружба народов” журналининг Бош муҳаррири С. Баруздин келганини эшитган эдик. У хос меҳмонхонада асарни русчага таржима қила бошлаган экан. Таржима ниҳоясига етгач, у энди ўзбек тилига қайта таржима қилинди. Жараённи қаранг: русча ёзилиб, ўзбекчага таржима қилинди, сўнг ўзбекчадан русчага, ниҳоят русчадан яна ўзбекчага. Нақ кроссворднинг ўзи! Яна аввалги жараён бошланди: босишга тайёр журнал саҳифалари олиб қўйилиб, “Дил амри” саҳифаланди. Асар ноябрь сонида босилиши шарт эди. Босилди! Одатда асар корректурасига ўзгартириш киритилса, босмахона жарима белгиларди ва бу маблағ муаллифнинг қалам ҳақидан чегириб қолинарди. Бошқача айтсам, муаллиф айби билан тузатилган хатога жарима тўларди. “Дил амри” тўлалигича икки марта ўзгартирилди. Жаримани ким тўлайди? Босмахона “Биз ишчиларга меҳнати учун пул тўлашимиз керак, жаримани бекор қила олмаймиз”, деб туриб олди. Нашрга тайёрланган бир асар китоб ҳолида чиқиб кетган экан. Тартиб-қоидаги кўра, журналда берилмасди. Лекин оғир вазиятдан чиқиш учун нашр этдик, аммо “Китобдан гонорар олгансиз”, деб муаллифга қалам ҳақи бермай, барча маблағни “Дил амри”нинг жаримасига сарф этдик. Ёзувчи асарининг нашр этилганидан, биз эса жаримадан қутулганимиздан хурсанд эдик.

“Дил амри” Тошкентда ҳам, Москвада ҳам кетма-кет нашр этилди. Адабиётшунослар эса уни мақташга ошиқдилар. Танқидчиларнинг мақтовларига қараганда, бу асарни яратиш нияти адибда қирқ йил аввал туғилган. Асар 1977 йилда ёзилган. Беш йилдан кейин нашрга тавсия этилган. Шунча йиллар кутилган экан, журналда нашр этишга бунчалар шошилишнинг нима ҳожати бор эди, ҳайронман. Социалистик Меҳнат Қаҳрамони Вадим Кожевников “Литературная газета”да: “Теран тафаккурнинг содда, табиий, бадиий талқин билан уйғунлашиб кетиши Шароф Рашидов прозасининг характерли хусусиятидир. Ёзувчи ижодининг бош мавзуларидан бири ҳаммавақт халқнинг тарихий тақдири ва халқ тақдири орқали халқ характерини тадқиқ этиш бўлиб қолди, ҳозир ҳам шундай бўлиб қолмоқда”, – деб олқишлади. Афсуски, тил учидаги бу мақтовнинг умри узоқ бўлмади, Адиб ва раҳбар Шароф Рашидовнинг вафоти билан мақтовлар ҳам мангуга сўнди.

Кейинги йили уруш мавзуида яна бир роман қўлёзмаси топширилди. Иброҳим Раҳимнинг “Генерал Равшанов” деб номланган романи уюшманинг наср кенгашида муҳокама этилди. Жиддий танқидий фикрлар билдирилди. Бу фикрлар инобатга олинса, асар журналда ҳам, китоб ҳолида ҳам нашр этилмаслиги керак эди. Ёзувчи уруш иштирокчиси, генерал Собир Раҳимов дивизиясида хизмат қилган. Лекин романни ўқиган одам “ёзувчи уруш манзарасини кинода чала-чулпа кўрган”, деган хулосага келади. Душманнинг юрагига қўрқув солиш учун “совет солдатларининг “ура” садолари” ёзилган пластинкани патефонга қўядилар. Патефондан чиққан овозни кичик бир уйда ўтирган одам аранг эшитади. Жанг майдонида ким эшитар экан? Хуллас, шунга ўхшаш алмойи-алжойи жойлар кўп эди. Ёзувчининг аввалги асарлари билан таниш эдим, шу боис энг кўп танқидий фикрларни мен айтдим. Муҳокамани Сарвар Азимов бошқардилар. Охирги сўзни ёзувчига берганларида “Иброҳим ака мендан қаттиқ ғазабландилар, “Сен бола, урушни қаёқданам биласан!” деб уришиб берсалар керак”, деган хавотирда ўтирдим. Лекин, ажабки, у киши “Романимни ўқиган, фикр билдирган барча ўртоқларга раҳмат айтаман. Айниқса, Тоҳир Маликдан миннатдорман. Зийраклик билан ўқибди. Энди битта илтимосим бор: таҳрирни ҳам Тоҳиржон зиммаларига олсалар. Аввалги китобимни биргаликда нашрга тайёрлаган эдик. Бу сафар ҳам самарали ҳамкорлик қиламиз”, деганларида яна “Инициатива – наказуема” мақолини эсладим. Биринчи китобни сабр-тоқат билан таҳрирдан чиқардим. Иккинчи китоб ёзилганда “Шарқ юлдузи”да ҳам, нашриётда ҳам ишламас эдим. Шунга қарамай, иккинчи китобнинг юкини ҳам менга юкламоқчи бўлдилар. Аранг қутулдим.

Мен бу воқеаларни ўзимни мақташ учун баён қилганим йўқ. Ёшлигимда “Ихлос” деган романни ўқиб, “Бунақа бемаъни асарни нега чиқаришади?” деб ажаблангандим. Китобхонлар орасида менга ўхшаб ажабланадиганлар кўпдир. Саёз асарларнинг “туғилиш” жараёнини билганларидан сўнг энди ҳайрон қолмасалар керак. Танишганингиз яқин ўтмишдаги ҳолатлар баёни эди. Саёз китоблар ҳозир ҳам чиқиб турибди. Қобилиятсиз адибларнинг янги авлоди пайдо бўлди. Энди китоб чиқариш қийин эмас. Кичик-кичик нашриётлар кўпайди. Ҳомий топилса, пул бўлса бас, каллада туғилган маза-бемаза фикрлар элакдан ўтмай, китобга тўкилаверади. Бунга ўзингиз гувоҳсиз.

Баёнларимни ўқиб, “Шарқ юлдузи”даги умри азоб билан ўтибди, деб ўйламанг. Яхши асарлар, яхши кунлар кўп эди. Айниқса, ёшларнинг асарларини мириқиб ўқирдим. Шароф Бошбеков, Баҳодир Мурод Али каби ёшларнинг дастлабки ҳикоялари журналда берилиб, юқори баҳоланди. Шукур Қурбон ёш шоирларнинг асарларини нашрга тайёрларди. “М.Юсупов” деб имзо қўйган шоирнинг пахтакорга бағишланган шеъри жуда ёқди. Қисқа сатрларда деҳқоннинг азобли меҳнатини яширин дард билан бериб, “Нега кўсакларингиз бўлиғ, ўзингиз эса ориқсиз?” деган аламли савол билан якунлаган эди.

– Йигитнинг исми нима? – деб сўрадим.

– Муҳаммаджон.

Шеърнинг охиридаги “М.Юсупов” деган имзони ўчириб, тепа қисмига “Муҳаммад Юсуф” деб ёзиб қўйдим. Бундан Шукуржон ажабланди. Чунки номдор шоирларнинг исмлари юқорига ёзиларди. Ўшанда “Икки пайғамбарнинг муборак исми бу йигитни юқори парвозларга кўтаради”, – деган эканман. Бу гапимни яқинда Шукуржон Муҳаммад Юсуфга бағишланган хотирасида эслабди.

“Девона”нинг тақдири

Энди “Девона” (“Чорраҳада қолган одамлар”)нинг тарихи ва тақдири ҳақида баён қилиш фурсати етди. Бу асар мени энг кўп қийнагани учун хотираларим ҳам мароқли ва ҳам аламлидир. Асар журналда 1982 йилда босилди. Китоб бўлиб чиқишини уч йилдан зиёд кутдим.

1971 йилнинг кузида газета топшириғи билан Бойсунга борган эдим. “Тандир кабоб” деган мўъжиза таомни дастлаб ўша ерда тотиб кўрганман. Чойхонада ўтирган эдим. Сал наридаги майдонда бир одамнинг зорли қичқириғи эшитилди. Қарасам, забардаст йигит шоп мўйловли кекса одамни дўппослаяпти. Одамларнинг бу томошани бефарқ кузатишлари мени таажжублантирди. Чойхоначидан “Нега ҳеч ким ажратмаяпти?” деб сўрадим. “Мўйлов жинни бунақа калтакларга пишиб кетган”, деди у лоқайд равишда. Жанжал бўлаётган жой яқинидан бир жувон қизчасини етаклаб ўтаётган экан. Шопмўйловга фақат унинг раҳми келди. Онасининг қўлидан юлқиниб чиқиб, забардаст йигитнинг қўлига ёпишди-да: “Урманг! Нега урасиз!” деб чинқирди. Йигит қўлини силтаган эди, қизча йиқилиб тушди. Шундан сўнггина одамлар ўртага тушиб, йигитни четга олдилар. Бечорани тепа-тепа чарчаган йигит сўкина-сўкина ўз йўлига кетди. Шопмўйловга ҳеч ким раҳм қилмади. У “ув” тортганича югуриб кетди…

Бу воқеа менга қаттиқ таъсир қилди. Ҳозир ҳам юзи қонга беланган шопмўйлов кўз олдимда турибди. Ўша тун уйқу бўлмади. Фақат шу воқеани ўйладим. Хаёлимга қандайдир воқеалар кела бошлади. “Шопмўйлов бир вақтлар эсли-ҳушли одам бўлгандир, нега эси оғиб қолган экан?” деган саволга ўзимча жавоб изладим. Эрталаб чойхоначидан унинг тарихини сўраган эдим, “Кимлигини ҳеч ким билмайди, тўрт-беш йил олдин қаёқдандир пайдо бўлиб қолган, мозордаги гўрковнинг ҳужрасида яшайди”, деди. Чойхоначи фақат чой дамлаш ёки таом пишириш билан чекланмайди. Қишлоқ одамлари ҳақидаги ҳар қандай хабар у орқали ўтади. “Мўйлов жинни”нинг тарихидан у бехабарми, демак, ҳеч ким билмайди.

Бойсундаги вазифамни бажариб, Деновга йўл олдим. У ерда ҳам уч кун турдим. Бойсундаги воқеа мени тинч қўймади. Хаёлимга келаётган воқеаларни қоғозга тушира бошладим. Туғилажак асарга “Девона” деб ном бердим. Фарғона водийсида бўлган кезларим кексаларнинг Мадаминбек ҳақидаги ҳикояларини эшитиб, дафтарчамга ёзиб олардим. Бу одам ҳақида асар ёзишга рухсат йўқлигини, ёзилган тақдирда ҳам нашр этилмаслигини билсам ҳам мазкур мавзу мени тинч қўймасди. Дадажоним Мадаминбек ҳақида, аяжоним дадалари Исмоилхўжанинг улфати Холхўжа қўрбоши ҳақида кўп ҳикоялар айтиб беришганди. Мен “Мўйлов жинни” ҳаётини Фарғонадаги озодлик ҳаракати билан боғлашни ният қилдим. Йўлдаги тўсиқларни енгиш учун яна фантастикага мурожаат қилишни лозим топдим. Жиннининг руҳини (миясини) даволаш, хотирасини тиклаш жараёнида Мадаминбек ҳаётини акс эттиришни режа қилдим. Тарихчиларнинг 1917–20-йилларга доир асарларида холислик йўқлигини билсам ҳам, ўқий бошладим. Бунинг баробарида медицина адабиётларига мурожаат қилдим. Психиатрия асослари баён этилган рус тилидаги китобни тўла ўқиб чиқдим. Парижда нашр этиладиган “Курьер ЮНЕСКО” журналининг бир сони “Мир мозга” деб аталиб, дунё олимларининг мия фаолиятини ўрганишдаги ютуқларига бағишланган экан. Бу журнал менга бебаҳо манба бўлди. Бу соҳани яхши ўрганган эканман шекилли, асар қўлёзмасининг 1982 йилдаги муҳокамасида устоз Пиримқул Қодиров “Тоҳир Малик ТошМИда ўқиган бўлса ҳам, бадиий адабиёт сирларини пухта ўрганган”, деб баҳоладилар.

Тайёргарлик ишлари қарийб 3 йил давом этди. 1974 йилнинг ёзида Ўш вилоятининг Новқат аталмиш қишлоғига бордик. Дўстим Эминжон оиласи билан борди. Аҳли аёлим ҳомиладор бўлгани ва ота-онага қараш бизнинг зиммамизда бўлгани учун у уйда қолди. Новқатнинг тепа қисмидаги қишлоқда яшайдиган Қобилжон исмли йигитнинг боғига икки чодир тикдик. Тонг саҳар туриб, Эминжон билан булоқ бўйига борамиз. Битта тандир нонни иккига бўлиб, сувга ташлаймиз, сўнг олиб мазза қилиб еймиз. Бу роҳатижон нонушта бизга ёқиб қолди. Ўн беш кун давомида бу тартибга амал қилдик. Нонуштадан кейин Эминжон боғдаги шийпонга қараб юради, мен эсам сўқмоқ бўйлаб юқорига кўтариламан. Қоя тепасидан жой олиб қуёшнинг кўтарилишини кузатаман. Ҳар тонг ҳар турли манзарани кўраман…

Қишлоқ аҳли бизни кузатар экан, Қобилжонга “Меҳмонларни ёзувчи девдингиз, биттаси ёзувчига ўхшайди, шийпонда эртаю кеч ёзади. Иккинчиси тоғда ўтиради, юради, эшак минади, фермага боради, чойхонада чоллар билан валақлашади…” дейишибди. Қобилжон содда йигит, бунинг сабабини ўзимдан сўради. “Мен калламга ёзяпман”, девдим, кулди. Аслида бу ҳазил эмас, чин эди. Ўн беш кунни шу тарзда ўтқизиб, сўнг ёзишга ўтирдим. Дастлабки боблар ўша тоғда ёзилди.

 
Дўстларим ажойиб, меҳрибон,
ақли хушчақчақ кишилар.
Юракдан кулишар, кулганда
кўзлари қисилар.
Ўзимни, айбладим ўзимни,
неча бор уларни оқладим.
Кўнглимда гавҳардай порлаган
покиза туйғуни сақладим.
Сақладим
уларнинг зарбалари
гоҳ айриб қўйса ҳам ҳушимдан,
гоҳ тулки, гоҳ бўри шаклида
шарпалар кирса ҳам тушига.
Собитман, қайтмасман йўлидан,
Ҳали кўп синовга ярайман,
Ҳар куни дўстларни кўрганда
мўъжиза кўргандай қарайман.
 
(Шавкат Раҳмондан)

Асар ёзилгач, қўлёзмани дўстларга ўқитиб, фикрларини олдим. Танқидларга жиддий эътибор бердим. Қайта ишладим. Қўлёзмани “Шарқ юлдузи”га берган кунларим танишлардан бири “Дўстингизнинг янги китобини ўқидингизми?” деди. Ўқимаган эдим. Кейин кутилмаган янгиликни айтди:

– Сиздаги жиннига тегишли асосий ғояни олибди-ку?

Аввалига ишонмадим. Китобни олиб ўқидим. Шу пайтга қадар дўстим барча қўлёзмаларини менга ўқитиб, фикрлашарди. Мен ҳам шундай қилардим. У “Девона”ни ўқиб, қаттиқ танқид қилганди. Мен бу танқиддан кейин асардан воз кечишни ҳам ўйлаб юргандим. Қўлёзмасини менга ўқитмай, китоб нашр этишга шошилиши сабабини энди билдим. Энг яқин дўстнинг бу иши мени кўп ранжитса-да, сир бой бермадим. Қўлёзмани журналдан қайтариб олиб, тузатишлар киритишга мажбур бўлдим. Бундан Тоҳир Қаҳҳор ажабланиб, “Ўзи яхши эди-ку?” деди. “Энди янаям яхши бўлди”, дедим. Тоҳир Қаҳҳор асарнинг номини ўзгартиришни таклиф қилди. “Чорраҳада турган одамлар”, деб қўйдим. Асар бўлим томонидан маъқулланиб, журналнинг 1982 йил биринчи чораги режасига киритилди. Орадан кўп ўтмай, ўзим журналда иш бошладим. Биринчи қилган ишим асарни журнал режасидан чиқардим. Тоҳир Қаҳҳор бу ишимни маъқулламади.

– “Журналга кела солиб ўзининг асарини чиқарди”, деган фитна бошланади, – дедим.

– Жараён сиз келмасингиздан олдин бошланганини ҳамма билади-ку?

– Билса ҳам ўшандай гап кўтарилади. Шунинг учун аввал наср кенгашида муҳокама қилдирамиз.

– Бу қисса жанрида ёзилган, наср кенгаши романларни муҳокама қилади.

– Истисно тарзида муҳокама этишларини илтимос қиламиз.

Шундай бўлди ҳам. Асосий маърузачи устоз Пиримқул Қодиров бўлдилар. Асар яхши баҳо олиб, нашрга тавсия этилди. Шундай бўлса-да, асар босилгач, мен кутган гаплар кўтарилди. Зоҳир Аъламдан “Кела солиб қиссангизни чиқартирдингиз”, деган маломатни эшитдим.

– Зоҳир ака, четдаги одам шундай деса, ранжимасдим. Ахир тайёрланиш жараёнини ўзингиз кўргансиз-ку? – дедим.

– Бу менинг гапим эмас, эшитганларимни айтяпман,– деб чалғитмоқчи бўлдилар.

Шунга ўхшаган воқеа кейинроқ, Ёзувчилар уюшмасида ишлаётганимда ҳам бўлган эди. Шоир дўстимнинг достонини журнал қайтарган экан, ўртага тушишимни илтимос қилиб келибди.

– Достонни яхшироқ ёзсангиз, бировнинг ўртага тушишига ҳожат қолмасди, – дедим.

Қадрдон дўстим: “Сиз гапираверасиз, катта амалга ўтириб олиб, китобларингизни чиқариб юрибсиз”, деса-я!

– Ёзувчилар уюшмасига келмасимдан олдин китобларим чиқмаганмиди? Бу ерда ишлаётганимда қайси китобим чиқди?

– Хафа бўлманг, тилимга келиб қолгани учун айтиб юбордим…

Дўстингиз тилига келиб қолганини айтиб юборса, сиз ранжимаслигингиз керак… Ҳаёт қонуни шундайми?

Дарахтни кессалар унинг илдизидан бир шохча кўкариб, унинг ўрнини босади. Танадаги қилич ва ўқ яраси ҳам битиб кетади. Лекин тил яраси ҳеч вақт тузалмайди. Қалбга санчилган сўз ўқини чиқариб бўлмайди. Бадан заҳардан, қалб ёмон сўздан ўлади. Чунки сўз қиличи темир шамширдан ҳам ўткирроқдир.

Қиличдан етган жароҳат тилдан етган жароҳатга қараганда енгилроқдир. Чунки қилич баданни, тил эса қалбни жароҳатлайди. Вужуд яхши таом билан жонланганидек, қалб ҳам яхши сўзлардан ором олади.

Синса кўнгил шишаси, тадбир билан бўлмас бутун,

Устихон эрмаски, они рост қилса мўмиё…

Масалки, бир одам айиқ билан дўстлашиб, уни уйига бошлаб келди. Бу меҳмоннинг ташрифидан норози бўлган хотини: “Фу, шу сассиқ билан ошно тутиндингизми?” – деб афтини бужмайтирди. Буни эшитиб ранжиган айиқ болтани олиб, дўстига узатди-да, илтижо қилди:

– Шу болта билан пешонамга бир ур!

Айиқ илтимосини қайтаравергач, дўст унинг пешонасига болта урди. Жонивор оғриқ азобидан ўкириб, ўрмонга қараб югурди. Орадан ҳафталар ўтгач, у яна дўстига рўпара келиб, дедики:

– Қара, болтанинг изи битиб кетди, лекин хотининг тилидан учган сўз яралаган юрагимга даво тополмаяпман…

“Кимки кўнгилни қаттиқ сўз билан жароҳатлар экан, унга аччиқ тил заҳарли найзадек санчилади, – деганлар ҳазрат Навоий. – Кўнгилда тил найзасининг жароҳати битмас, у жароҳатга ҳеч нарса малҳамлик қилмас. Агар бир кўнгилда тил найзасининг жароҳати бордир, фақат яхши сўз ва ширин тил унга малҳам ва роҳатдир. Мулойим сўз – ваҳшийларни улфатга айлантиради. Сеҳргар – оҳанг билан афсун ўқиб, илонни инидан чиқаради… Сўзда ҳар қандай яхшиликнинг имкони бор. Шунинг учун айтадиларки, “нафаснинг жони бор”.

Сўз – туя бурнига ўхшаш, унга жилов солса бўлади. Ёхуд у туянинг бўйни кабидир, етовга юраверади. Демак, масала – уни қай томон етаклашда! Кишининг сўзи жонга роҳат бергувчи бўлмаса, сўзламаслик керак.

 
Қилур қаттиқ такаллум ўнг ишинг чап,
Сўзинг тиклаб кўнгул бузғунча тик лаб.
 

Сўфий Оллоҳёр ҳазратлари мазкур байтда гўёким устоз Навоий фикрларини давом эттирадилар: қаттиқ сўз бўлар ишингни бўлмас қилар. Нина қўлни санчиб азоблаганидек, қаттиқ сўз ҳам кўнгилларни санчиб, яралайди. Аммо нина санчиғи битиб кетар, дил яраси битмас. Қаттиқ сўзинг дилни яраламаслиги учун ўша сўзни айтадиган лабингни ёпиқ тут, яъни кўнгилни бузғувчи сўзлар учмасидан олдин лабингни тикиб ташла.

Гўзал сўзлар фақат амалга оширилгандагина чиройли натижалар беради. Муолажа йўлини топган касал одам унга амал қилмаса, табобат илмини билгани мутлақо фойдасиздир. Ёмғир томчилари ерни жонлантиргани каби комил инсонларнинг сўзлари кўнгилларни жонлантиради. Қудсий ҳадисда марҳамат қилинадиким: “Эй Одам боласи! Агар сўзинг ялтироқ – майин бўлиб, амалинг қабиҳ бўлса, унда сен мунофиқларнинг мунофиғисан”. Кимки тилини яхшиликка ишлатса, қуролидан усталик билан фойдаланувчи овчи каби бўлади. Ўзи тушунмаган сўзга аралашаверадиган киши эса нуқул беҳуда ўқ узаверадиган ношуд овчига ўхшайди. Бир оғиз ширин сўз шундай қудратлики, у ўз жонига қасд қилмоқчи бўлиб турган кишини ҳаётга қайтарадики, “яхши гап билан илон инидан чиқар, ёмон гап билан пичоқ қинидан чиқар”, деб бежиз айтмаганлар. Яхши сўзларни сўзлашга одат қилмаган киши фалокатга учрайди. Ақлли одам ўз сўзига ҳоким бўлади. Уқув ва билимнинг тилмочи (таржимони) – тилдир. Кишига рўшнолик, яхшилик ва эзгуликлар оқил сўзламаклик ила келади. Шу боис ҳам демишларким: “Тил – арслон, мисоли ётар қафасда, эй тил эгаси, бошингни асра!” Қадимдан қолган одобга доир қайси китобни варақламанг, “тилингни сақла, бошинг саломат бўлади”, мазмунидаги насиҳатга дуч келасиз. Шундай бўлиши бежиз эмас, зотан, ўринсиз сўзламоқликнинг натижаси – пушаймонлик экани ҳақида тарихдан мисоллар излашга ҳожат йўқ. Ҳар биримиз ўз тилимиз туфайли неча-неча марта пушаймонлар еганмиз, шуни унутмасликнинг ўзи кифоя.

* * *

“Шарқ юлдузи”да иш бошлаган кунимданоқ цензура билан муомала қилиш менинг зиммамга тушган эди. Уларнинг қайсарлигини билганим учун ҳеч баҳслашмас эдим. Аксинча, бизни хатодан тўхтатишгани учун раҳмат айтардим. Бошқалар эса баҳслашар, ҳатто жанжаллашар эди. Улар бу жанжал билан ҳеч нарсага эриша олишмасди, аксинча, ўша куниёқ йўл қўйган “сиёсий хато”лари ҳақида юқори идораларга маълумотнома жўнатиларди.

“Чорраҳа…”га уч-тўрт эътироз бўлишини кутгандим, аммо бутунлай тўхтатилиши мени гангитиб қўйди. Цензор ўқиган корректурани кўриб, кўзим тинди. Барча саҳифалар қизил қалам билан чизиб чиқилганди. Саҳифалар лолазор тусини олган эди. Таҳрир қилиш, тузатиш ҳақида гап йўқ: “тўхтатилсин” – вассалом!

Ўша уйқусиз тунда кундалик дафтаримга буларни ёзиб қўйган эканман:

“Бўстонлиқда бир чинор кўрдим: одамлар унинг яқинида гулхан ёқавериб, оқибатда дарахтнинг баданини ўйиб юборишибди. Узоқдан қаралса, дарахт тили суғуриб олинган одамга ўхшайди. Бизнинг тарихимиз ҳам шунақа…

Бир кар одамнинг ҳўкизи йўқолиб қолибди. Кўчада қидириб юриб, янада карроқ одамга дуч келибди. Иттифоқо бу одам эрталаб эшак топиб олган экан. Кар одам ҳўкизи йўқолганини айтиб, унинг шохлари-ю, думларининг таърифини келтирибди. Карроқ одам унга жавобан:

– Ҳа, тўғри, мен эшагингни топиб қўйганман, суюнчини бергин-у олиб кетавер, – дебди.

Кар одам эса яна ҳўкизининг таърифини қилаверибди. Шу ҳолда гап талашиб туришганда эшагига бир жувонни мингаштириб олган оқсоқол кўринибди. Қаранг-ки, оқсоқол улардан-да карроқ экан. Йўлни тўсиб, бири ҳўкиз, бири эшак ҳақида тинмай гапираётган одамларга қараб: “Хотинни олиб қўйишмоқчи шекилли”, деб ўйлаб:

– Яқинда хотиним ўлди. Бу жувон бегона эмас, хотинимнинг чўриси эди, – дебди.

Хуллас, уччови уч хил гапириб, баҳслашиб, ҳақиқат истаб қозига келибдилар. Худонинг қудратини қарангки, қози улардан баттар кар экан. Рамазон ойи яқинлашиб қолган, агар янги Ой кўринса, ноғоралар чалиниб, элга маълум қилиниши керак экан. Қози уларнинг тинмай, бир-бирларига гап бермаётганларидан “Ҳа, улар янги Ой чиққанини кўришибди-да”, деган қарорга келиб, хизматкорларига буюрибди:

– Ҳой, ноғораларни чалинглар, эртага саҳардан рўза!

Қиссадан ҳисса: бир-биримизнинг гапларимизга тушунишни истамай юрганимизда ўша одамларга ўхшаб қолмаймизми?”

* * *

Шу асар учун оладиган қалам ҳақига ишониб тўй бошлаб қўйганимни аввалроқ баён қилган эдим. Тўйни-ку, ўтказдик. Аммо журнални яна қайта саҳифалаш азоби зиммамда эди. Бу ҳам майли, бир неча марта нозик идора вакилининг “суҳбати”га чорландим. Биринчи суҳбатдаёқ радиода ишлаётганимдаги комсомоллар мажлисида кўрсатган ҳунарим тилга олинди. Билдимки, ўшандаёқ бу идора рўйхатига тушиб, назорат остига олинган эканман. Ҳар суҳбатга чорланганимда уйга қайтиб бораманми ё йўқми, билмайман. Яширмайман, вужудимни қўрқув сиқувга олади. Аммо бу ҳақда бировга билдирмайман. Айниқса уйимдагилар билишмайди. Бу ҳолатимни энди махфийлик чодиридан чиқаряпман.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации