Текст книги "Ҳаёт қайиғи (3 китоб)"
Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 20 (всего у книги 32 страниц)
Қайтиш
“Юлдузча”га Нурали Қобул Бош муҳаррир бўлиб келдилар. Нашриётдаги ички келишмовчиликлар давом этаверибди. Охири директор опамиз вазифаларини топширибдилар. Нурали Қобул директор бўлгач, мени қайтишга даъват этдилар. Янги ишга энди ўрганганимда, айниқса, Ўлмас ака билан иш бошлаганимда жўнаб қолишни маъқул кўрмадим. Бир куни Ўлмас ака хоналарига чақиртирдилар. Кирсам, “Юлдузча”нинг 4-5 ходими ўтиришибди. Аввалига тушунмадим.
– Сизга совчиликка келишибди, – дедилар Ўлмас ака кулимсираб.
Собиқ ҳамкасблар мени нашриётга қайтишимни илтимос қилиб келишган экан. Бу эътибор, ҳурматдан қувондим. Лекин… шу “лекин”и чатоқ-да! Ўлмас ака билан маслаҳатлашиб, нашриётга қайтадиган бўлдим. 1988 йил февраль ойининг 16-куни Нурали Қобулга бир шарт қўйдим:
– Ижодий ишлар бўйича кўпчилик Бош муҳаррирга мурожаат қилади. Мен сизнинг ўрнингизга маҳлиё эмасман, агар кўнглингизда заррача шубҳа уйғонса, яширмай айтасиз. Сўзимнинг исботи учун бу қоғоз столингиз тортмасида турсин. Истаган пайтингизда санани қўйиб, имзо чекаверасиз.
Шундай деб ишдан бўшаш ҳақидаги аризани узатдим. Нурали сатрларга кўз югуртириб, йиртиб ташлади.
– Шоирларингиз мени қанча кам безовта қилса, шунча яхши, – деб кулди.
“Меҳнат ва турмуш” журналини бошқарган Нуралида раҳбарлик фазилати камолга етиб қолган эди. Кўп масалаларни осон ҳал қилиб берарди. Энг муҳими – дадил эди. Шоир Аъзам Ўктам Абдулҳамид Чўлпоннинг китобини чиқаришни таклиф этганида болалар нашриётида қандай баҳона билан чиқарамиз, деб ўйладик. Адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққул бу ишни зиммасига олди ва оқибатда “Баҳорни соғиндим”, деган китобча нашр этилди. Эътиборлиси шундаки, Чўлпон қамалиб, отилганидан кейин орадан 50 йил ўтиб шу китоб чиқди.Аъзам Ўктам жуда қисқа, аммо жуда чуқур маъноли хитоб ёзди:
“Ҳурматли болалар! Сиз адабиёт дарсликларини варақлаганда Чўлпон номини кўп учратгансиз. У ердаги фикрларни ўқиб, иккиланиб қолгандирсиз. “Наҳотки у совет воқелигини умуман қабул қилмаган, наҳотки унинг бутун ижоди бизга бегона?” деган хаёлларга боргандирсиз? Агар шу рост бўлса – тўғри қилгансиз. Бунинг сабабини мазкур китобга ёзилган сўз боши ҳамда ундаги шеърларни ўқиб, билиб оласиз. Уларни синчиклаб ўқинг – амин бўласиз – Чўлпон ўзимизнинг шоир.
Ота-оналарингиз, ака-опаларингиз бундан бехабар қолганликлари, болаликлари асл ҳақиқатни билмай ўтганлиги сабабли бу тўпламни Сизга атаб тайёрладик”.
Аъзамжон ўта нуктадонлик билан ҳақиқатни баён қилган: “Чўлпон – ўзимизнинг шоир!” Иброҳимжон ҳам Чўлпон ижодини шу даражада назокат билан тушунтирганки, цензура даъво қилишга баҳона топа олмади.
“…Усмон Носир, Чўлпон, Фитрат каби шоиру ёзувчиларимиз… ёвузлик қурбони бўлишган. Лекин уларнинг “кўкрак қафасида” сўнгги нафасларигача “Буюк муҳаббатнинг қонли нишони” ловуллаб порлаган. Булар ўлимни тан олмаганлар. Ватан ва халқ барҳаёт экан:
Ёлғиз бир ўчиб… бир сўниш бордир!
Бир ўчиб, сўниб… яна ёниш бор…
деб билганлар. Бу ёниш – Эътиқод ва Виждон ёлқини эди. Бу ёниш – “Мен юртимнинг пок истакли кучиман”, деган ишончдан оловланган Қалбнинг ёнғини эди. Биз на Фитрат, на Чўлпонни эътиқодсизликда айблай оламиз. Улар хато қилган бўлсалар: “Ўз эътиқодимга содиқ қоламан”, деб хато қилганлар. Уларнинг адашишлари –ўжар ва уйғоқ Виждон адашишлари…” Чўлпоннинг эътиқоди – Ватан озодлиги, унинг ҳақиқати – “Улуғ Октябрь Социалистик революцияси” “вайронагарчилик келтирувчи, ағдар-тўнтар этувчи асов қудрат” тимсоли. Большевиклар эгалик қилаётган юрт – “бузилган ўлка”…
Китобга “Баҳорни соғиндим” деб ном берилишида ҳам чуқур маъно бор эди:
Баҳорни соғиндим, баҳорни…
Кўрганда ерлар, оламлар тўла қорни…
Қор… қор…
Заҳарли ниналар каби
Кўзларга қараб оқар…
Қайда сен, қайда сен
Латиф сийналар каби
Дилларга сингган баҳор?
Дала-туз, экин-тикин…
Ғамгин-ғамгин сўла бошлади.
Сарғайган япроқ,
Бўяниб тупроқ
Ўла бошлади, ўла бошлади…
Йўқ… ўлим йўқдир!
Ёлғиз бир ўчиб… бир сўниш бордир!
Бир ўчиб, сўниб… яна ёниш бор,
Яна баҳорлар, яна лолалар,
Яна сиз, эй, эркин тилаклар!..
Сатрларга юзаки назар ташланса, табиат манзараси чизилгандай. Шеър ўқиганда шоирнинг юрагига қараш керак. Бу юракда озодликни соғиниш дарди бор, юрак эркин тилакларни қўмсайди… (Бу шеърни ҳар эслаганимда Абдулла Орипов “Сен баҳорни соғинмадингми?” деб савол сўраганида “Чўлпон озодлик ва эрк баҳорини соғинган эди, сен-чи, сен соғинмадингми?” деяётгандай туюлади).
Зоҳиран баҳор, куз манзаралари акс этган шеърлар қаторида булар ҳам бор эди:
Кишан, гавдамдаги излар, букун ҳам битгани йўқдир,
Темир бармоқларингнинг доғи, буткул кетгани йўқдир!
На мудҳиш, на совуқ – манхус, на қизғанмас қучоғинг бор,
Башар тарихининг ҳар саҳифасида қонли доғинг бор!
* * *
Эй! Сен мени ҳақир кўрган, тубан деган афанди!
Эй! Устимда бир умрга хўжа бўлмоқ истаган.
Эй! Бўйнимга кишан солиб, ҳалокатга судраган,
Кўзларингни заҳарлатиб ўйнатмагил, бас энди!
* * *
Кулган бошқалардир, йиғлаган менман,
Ўйнаган бошқалар, инграган менман.
Эрк эртакларини эшитган бошқа,
Қуллик қўшиғини тинглаган менман…
…Эркин бошқалардир, қамалган менман,
Ҳайвон қаторида саналган менман…
Шу кичкинагина китобча буюк шоирнинг юрагидаги дарду аламларни ҳис қила олиш йўлларини очиб бера олган, деб ўйлайман. Чўлпоннинг мукаммалроқ тарзда тартиб берилган китоби эса орадан уч йил ўтиб нашр этилди.
Шу китоб илҳом бериб, нашриёт номи ўзгартирилди: “Юлдузча” ўрнига “Чўлпон” деб аталди.
Замонга мос равишда китоб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида Москвага бориб, Россия ва чет эл нашриётларининг ишларини ўргандим. Тўғрисини айтиш керак: биз болаларимизга дидсиз китоблар чиқарардик. Газета босишга мўлжалланган сарғиш, сифатсиз қоғозларга босилган, муқовадаги бўёқлари чаплашиб кетган китоблар ҳақида яна нима дейиш мумкин? Китобларнинг мазмунига эътироз кам, аммо матбаага норозиликлар кўп эди. Сарвар Азимов Давлат матбуот қўмитасини 20 йилдан ортиқ бошқарган раҳбар ҳақида гапириб, бу одам Ўзбекистон матбаасини 20 йил ортга тортиб келди, деб тўғри баҳо берган эдилар. Ислом Шоғуломов бошқарган босмахонада янги машиналарни кўриш мумкин эди, матбуот қўмитасига қарашли босмахоналар эса 50-йиллардаги босма машиналарига қаноат қилардилар. Москвада “Мишка” деб номланган журнал таҳририятига бориб, ҳайратландим. Бу журнални чет элдаги русларнинг фарзандлари учун чиқаришар экан. Сифати Европа матбааси талабларига жавоб бера олади. Бу ерда кўп нарсаларни ўргандим. Энг муҳими – кичкинтойларга Рус тарихини ўргатиш услуби мени ўзига тортди. Тошкентга қайтгач, “Ватан тарихи суратларда” деган китоб тайёрлаш ҳаракатини бошладим. Тарихчи олим Ҳамдам Содиқов билан моҳир рассом Абуқаҳҳор Маҳкамовларга режани билдирдим. Улар бетўхтов иш бошладилар. Ҳамдам ака тарихчи олим, айни дамда маҳоратли журналист ҳам эдилар. Аммо билимларини кичкинтойларга етказишда қийналдилар. Абдуқаҳҳор эса қадимги тарих манзараларини, қаҳрамонларнинг кийимларини чизишда қийналди. Шунга қарамай, иш тўхтамади. Матнни тайёрлашда болалар адиблари ҳам ёрдам бердилар. Оқибатда биринчи китоб гўзал тарзда нашрдан чиқди. Бироқ кейингилари менга номаълум сабабларга кўра тўхтаб қолди. Ҳали ҳам кеч эмас, кичкинтойлар диққатини тортувчи суратлар – комикс услубидаги тарихга оид китобларни кўпроқ чиқариш керак.
Нашриётга қайтгач, ташкилий ишларни фаоллик билан давом эттирдим. Тошкентдаги 21-болалар уйини оталиққа олиб доимий борди-келдини йўлга қўйдик. Баҳордаги “шанбалик” деб аталмиш ҳашарни ҳам болалар уйида ўтказдик. Ҳашардан кейин болалар билан футбол ўйнадик. Уларнинг қувонишини кўрсангиз эди! Ўшанда шоир Муҳаммад Раҳмон “Мен Китоб шаҳридаги болалар уйида тарбияланганман, бир борсак яхши бўларди”, деди. Кўпчилик бўлиб бордик, болалар уйи кутубхонасига китоблар совға қилдик. Буларни мақтаниш учун эслаётганим йўқ, бугунги ноширлар шу анъанани тиклаб, давом эттирсалар нур аланнур бўлар эди, деган мақсадни билдириш учун баёнга йўл бердим.
Нашриёт яна бир савоб ишни йўлга қўйди: Фарғонанинг Рапқон қишлоғида Умарали Қурбонов исмли шоир яшарди. Унинг отаси, мактаб ўқитувчиси Қурбон Узоқов ҳам болаларга ажойиб шеърлар ёзардилар.
Қўғирчоғим Наташа, еб қўйибсан кўп каша,
Энди нима қиламиз, дўхтиржонни чақирамиз.
“Дўхтир, дўхтир, дўхтиржон, бизда битта касал бор,
Унинг оти Қўғирчоқ, фамилияси Ўйинчоқ”.
Каттаю кичикка маълум бу қувноқ ашулани Қурбон ака ёзганлар. Тақдирни қарангки, урушдан ногирон қайтган Қурбон аканинг фарзандлари ҳам ногирон бўлиб туғилибди. Бола улғаяверган, аммо жуссаси кичиклигича қолаверган. Оёқ ишламайди, ҳаракат йўқ. Қўл суяклари ҳам мўрт. Қаламни қаттиқроқ ушласа бармоқ суяклари синиб, дарров гипсланади. Худо бу болани ҳаракатдан қисгани билан, унга ақл, зеҳн, энг муҳими жуда кучли ирода берган эди. У ётган ерида ўқиб-ёзишни ўрганди. Худо унинг юрагига шеър завқини ҳам берди. Қишлоқ болалари унинг энг садоқатли дўстлари эди. Улар тумандаги, ҳатто вилоятдаги янгиликларни Умаралига сўзлаб беришарди, у эса оғзаки янгиликни қоғозга тушириб, таҳририятларга юборарди. “Ленин учқуни”да ишлаганимда ундан ҳафтада 2-3 хабар ёки лавҳа олиб, “тиниб-тинчимаган одам экан-да”, деб ўйлардим. Рапқонга ўтганимда унинг кимлигини сўраб, тақдирини билдим-у, ҳайратда қолдим. Қурбон аканинг уйларига бордим. Умарали билан танишдим. Қўли гипсда экан, елкасини қучдим. Уч ёшли болани бағримга босгандай бўлдим. Бутун вужудим ўзимга ҳам тушунуксиз бўлган бир ҳисга чулғанди. Умарали кулимсираб турарди. Унинг болаларча тоза боқувчи кўзларида армон ёки нолиш учқунлари кўринмас эди. Қўли гипсланган пайтда қаламни тишлаб ёзишини эшитиб, Николай Островский деган машҳур ёзувчини эсладим. Совет Иттифоқидаги барча болалару ёшларга ҳаёти ибрат сифатида ўргатилган бу ёзувчи ҳам ҳаракатсиз, ҳам кўзи кўр бўлиб қолганида “Пўлат қандай тобланди”, деган роман ёзган эди. Ҳукумат унга алоҳида иззат кўрсатган, Сочи шаҳрида, Қора денгиз бўйида уй қуриб берган эди. Ирода кучи ундан қолишмайдиган бизнинг шоиримиз эса узоқ қишлоқдаги пастаккина уйда яшарди. Ногиронлик пенсиясидан ташқари унга марҳамат қилинмасди.
Муқимийнинг “Саёҳатномаси”да тилга олинган Рапқон қишлоғи табиатининг сўлимлиги билангина эмас, одамларининг оқибатли экани билан ҳам эътиборли эди. Қурбон акадан ташқари яна бир мактаб муаллими – Олтмиш Ўсаров болаларга атаб гўзал ҳикоялар ёзардилар. Олтмиш ака Умаралининг устозларидан бири бўлганлар. Умаралининг ҳаёти ва иродасини акс эттирувчи ҳужжатли қисса ҳам ёзганлар.
Умаралининг вафот этганини эшитиб, фотиҳага бордим, қабрини зиёрат қилдим. Ундан кўп шеърларнинг қўлёзмалари мерос бўлиб қолган экан. Олтмиш ака ёрдамида тўплаб, саралаб китоб ҳолига келтиришни режалаштирдик. Умарали яшаган хонада болалар адабиёти музейи ташкил қилиш фикри туғилиб, туман раҳбарларига учрашдим. Умарали туғилган куни қишлоқ болалари уни табриклагани келишаркан. Бу анъанани унинг вафотидан кейин ҳам давом эттиришни, туғилган куни адабиёт байрами ўтказишни таклиф қилдим. Раҳбариятга бу маъқул келди. Уйни таъмирлаб беришди, бир кўча Умаралининг номи билан аталди. Музей учун дастхат қўйилган китоблар тўпладик, рассомлар болалар китобларига чизган асарларини тақдим этдилар. Болалар ёзувчилари, рассомлардан иборат вакола Рапқонга борди. Қурбон аканинг уйида бошланган адабиёт байрами ўша куни Рапқон бўйлаб давом этди. Кейинги икки кун давомида эса тумандаги ўндан ортиқ мактабда Умарали Қурбоновнинг ижоди ва қаҳрамонона ҳаётига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди. Бу байрамни кейинги йилларда ҳам давом эттирдик. Бу тадбирларни жумҳурият миқёсида давом эттириш болалар тарбиясига ижобий таъсир этган бўларди. Билим олишга лоқайд, дангаса, иродасиз болаларга унинг ҳаёти ибрат бўлиши мумкин эди. Афсуски, маорифчилар ҳам, адабиётчилар ҳам бу масалага лоқайд қарашди. Ҳали ҳам кеч эмас, тарбия борасидаги ташқи таъсирларга кураш бошланган бугунги кунда, Умарали Қурбоновнинг ҳаётини ибрат сифатида кун тартибига қўйсак, шеърий китобларини, хусусан Олтмиш Ўсаровнинг ҳужжатли қиссасини қайта нашр этсак, фойдадан ҳоли бўлмас.
Нашриётда ишлаган кунларимдан яхши хотиралар қаторида нохушлари ҳам бор. Шулардан бири оиламни барбод қилиши, ўзимни обрўсизлантириши мумкин эди. Вазирликдан қайтганимда нашриётда ишлайдиган гўзал хоним кўринмадилар. Сабабини сўрасам, ота юртларига кетдилар, дейишди. Мен бунга айтарли аҳамият бермадим. Орадан ярим йилча ўтиб, бу хоним нашриётга келдилар. Тошкентга бир юмуш билан тушган эканлар, ҳамкасбларини соғиниб, кўргани кирибдилар. Дастлаб даҳлизда кўришдик, саломлашдик. Кейин хонамга кирдилар:
– Мен сиздан кечирим сўрагани келдим, – дедилар.
Ажабландим. Бу хонимнинг вазифаси ҳисоб-китобга доир бўлгани учун уларнинг хонасига кам кирардим, муомаламиз ҳам салом-аликдан нарига ўтмаган эди. “Нима гуноҳ қилибдики, мендан кечирим сўраса?” Уялгансимон тарзда сўз бошлади. Маълум бўлишича, юртига отасини соғиниб эмас, эри билан ажрашиб кетган экан. Оиласи шармандали равишда бузилибди. Хоним барча гўзаллар сингари ўзларига зеб беришни хушларди. Эри унинг юриш-туришидан гумонсираб, пойлабди ва ўйнаши борлигини аниқлабди. Ўйнаши “Москвич” машинасида уни маҳалласига қадар кузатиб қўйганини эр ўз кўзи билан кўриб, “кимлигини айтасан”, деб сиқувга олибди.
– Мени бўғиб, ўлдириб қўяй деганларида, сизнинг отингизни айтиб юбордим…
Ана холос! Очиғини айтсам, бу гапни эшитиб, қўрқиб кетдим. Чунки бу даражадаги туҳматга энди дуч келишим эди.
– Эрим сизни кўп хафа қилгандирлар, мени кечиринг…
Эри мени хафа қилмаган эди. Хоним кетгач, рассом дўстимиз Абдулбоқи Ғуломовга бу гапни айтдим. Бу хонимни ишга олишимизда Абдулбоқи ўртада турган эди. Хонимнинг эри унинг дўсти экан. Абдулбоқи буни эшитиб:
– Воқеадан хабарим бор, – деди. – Оиласида катта жанжал бўлган. Эри сизнинг номингизни эшитиб, ўша заҳоти менга учрашди. Мен: “Бўлмаган гап, Тоҳир ака покиза инсон, бунақа бузуқликлардан нафратланади”, деб уни ишонтирдим. Кўнглингизни хира қилмаслик учун сизга айтмай юрган эдим.
Абдулбоқининг гаплари мени тинчлантира олмади. Оила бузилган, эр ғазаб отидан тушган бўлса-да, энди менинг тинчим бузилди. “Эри Абдулбоқига учрамаса, ёки гапига ишонмаса нима бўларди?” деган савол каминани кўп қийнади. Охири туҳмат балосидан осон асрагани учун Аллоҳга шукрлар қилдим. Мени ҳозирга қадар бошқа нарса паришон қилади: бир аёлнинг нафси учун оила бузилди, икки гўдак тирик етим қолди. Улар ҳозир улғайишган, ўз оилалари бордир. Лекин оналарини кечирганмикинлар? Хуштори билан маишат қилаётганида бу аёлнинг кўзларига гўдакларининг жавдираб турган кўзлари наҳот кўринмаган бўлса?! Шундай аёллар “она” деган муқаддас номга лойиқмикинлар?
1988 йилнинг кузида Асқад Мухтор йўқладилар. Ўлмас Умарбеков уюшмага раис бўлгач, Асқад ака билан Абдулла Орипов муовин бўлиб сайланишган эди.
– Уч йил ишлаб толиқдим, менга ижозат беришди, ўрнимга сизни тавсия этдим. Одил акангизни яхши биласиз, бирга ишласангиз яхши бўларди.
Нашриётга қайтиб, ярим йил ишламай яна кетиш ўзимга ҳам ноқулай эди. Асқад ака буни тушунгандай бўлдилар-у, “Номзодингиз тасдиқланган, буни энди сайлов ҳал қилади”, деб қўйдилар.
Шу воқеанинг эртасига “Х”ни кўчада учратиб қолдим. Саломимга алик олиш ўрнига “Эртага пленумда номзодингни қайтиб ол, биз бошқа одамни сайлаймиз”, деди. Унинг бу қўполлиги кўнглимни оғритган бўлса ҳам, одоб билан жавоб бердим:
– Мен номзодимни қўйганим йўқ, уюшмада ишлаш ниятим ҳам йўқ. Хотиржам бўлинг.
Нашриётдаги хонамга кирсам, Турсунбой Адашбоев ғазабланиб ўтирибдилар.
– Ҳозир “Х” келиб-кетди, эртага номзодингизни олар эмишсиз, – дедилар.
– Номзодимнинг қўйилиши ҳали хом гап-ку? Асқад ака шунчаки тавсия этганлар. Номзодни пленум аъзолари қўядилар, муҳокама қилиб, кейин сайлайдилар.
– Тўғрисини айтинг, ўша жойга ўтиб ишлаш хоҳишингиз борми?
– Йўқ.
– Унда номзодингиз тилга олиниши билан, рад этинг.
– Мен бошқа нарсани ўйлаб турибман: пленумга бормай қўя қоламан.
Шундай дейишим билан телефон жиринглади. Гўшакни қулоққа тутиб Радионинг Бош режиссёри Рустам Қурбоновнинг (бўлажак қудамнинг) овозини эшитдим.
– Тоҳир ака, сиздан битта ош қарз эдик, бўш вақтингизни айтсангиз, қарздан қутилиб қўя қолсак, – деди.
Бу таклифдан чеҳрам очилиб кетди:
– Эртага соат ўн-у нол-нолдан ўн олти-ю нол-нолга қадар сизнинг ихтиёрингиздаман.
– Ие, иш вақти-ку?
– Ошхўрлик ҳам шахснинг меҳнат фаолиятига киради. Бир кун ишга бормасангиз радио жаврашдан тўхтаб қолмас?
Рустам кўнди. Кўнгилга яқин дўстлар билан анҳор бўйидаги чойхонада учрашишга келишдик.
– Турсунбой ака, қовоқни очинг, масала ҳал, пленумга борадиганлар бораверсин, бизнинг пленумимиз чойхонада мазмунли ўтади, – дедим.
Чиндан ҳам кунимиз мазмунли ўтди. Паловни Рустамнинг ўзи дамлади. Турсунбой ака менга бот-бот зимдан тикилиб қўярдилар, кўнглимда ғашлик борми ё йўқми, билмоқчи бўлардилар. Мен эсам сир бермадим. Одатдагидай латифагўйлик қилиб ўтирдим. Мендаги ғашлик яхши ишдан қуруқ қолишдан эмас, балки одамларнинг сурбетлиги, уятсизлигидан эди.
Эртасига нашриётда Саид Аҳмад ака мени кўриб ажабландилар:
– Сени Масковга кетган дейишди-ку? Тошкентдамидинг? Нега пленумга келмадинг?
– Кеча чойхонада ошхўрлик бор эди…
– Майнавозчилик қилма. Биз сени сайламоқчи эдик. Бормайдиган бўлсанг айтмайсанми, Асқадга рухсат бермасдик.
Айбли одам ҳолида бош эгишдан ўзга чорам йўқ эди. Устоздан яхшигина гап эшитиб олганим ҳолва эди, кўпчилик мендан ранжибди. Бунга асос бор, бундай қилмаслигим керак эди. Бориб, номзодим қўйилган тақдирда, узримни айтишим лозим эди.
Алвидо… болалик
Нашриёт ташвишлари, ташқаридан отилаётган тошлар таъсирига чидаб ижодни давом эттирдим. Барвақт туриб, кундалик ғалваларга рўпара бўлмасимдан илгари ижод билан шуғулланишим фойда берди. Тўғри, ташқи таъсирлар оқибатида жуда секин ишладим. Шундай бўлса-да, “Алвидо… болалик”ни ниҳоясига етказа олдим.
Аслида бу асарни ёзиш истаги ҳарбий хизматга кетишимдан олдин, милиция ҳаётидан мақола ёзаётганимда туғилган эди. Тарбияси оғир болалар билан шуғулланувчи майор опамизнинг “Жиноятчи болани топиш осон бўлади. У қотиллик содир этган жойига қайта-қайта келаверади”, деган гаплари диққатимни тортганди. Шунчаки бир жиноят тафсилотини эмас, жиноят кўчасига кириб қолган ўсмирнинг руҳий ҳолатини акс эттиришни ният қилган эдим. 70-йилларнинг охирида дўстим Сабриддиннинг илтимоси билан айнан шу мавзуда бир неча радиоочерклар тайёрлаб бериш жараёнида қиссанинг асосий йўналишлари хаёлимда жонланди. Тошкентнинг Қорақамиш даҳасидаги “Фарғона” ресторани яқинида юз берган қотиллик тафсилоти билан танишгач, дастлабки сатрларни қоғозга туширдим. Болалар қамоқхонасидаги учрашувлар ҳам бу асарни ёзишда менга асқотди.
* * *
Қуёш қаердадир тоғ ортидан, қаердадир чўл адоғидан, қаердадир асрий музлар орасидан бош кўтаради. Қаердадир дарахт кокилларини ўйнаб, биллурий булоқ сувларига тўйиб олгач, хонадонларга мўралайди. Қаердадир қуриб-қақшаб ётган тиконларни, чанқоқ қум барханларни ялаб ўтиб, одамлар яшайдиган ерларга ошиқади. Қаердадир асрий музликлар орасида паноҳ тополмай, одамзодга дуч келишдан умидини узиб, тезроқ кўз юмишга ошиқади.
Баҳор ҳам шундай. У илиқ шабада нафасида, қалдирғоч қанотида, турналар солган арғимчоқда кириб келиб, ташна кўнгилларга тириклик сувини беради.
Қуёшнинг тонгдаги, айниқса баҳор тонгидаги кўркини кўриш барчага ҳам насиб этавермайди.
“Қуёш барчага баравар нур сочади”, дейдилар. Ҳақ гап. Бироқ, унинг нуридан ҳамма ҳам бир хилда баҳраманд бўлавермайди.
Тиканли сим, темир панжаралар, баланд деворлар ортидан мўралаган тонгги қуёш кўнгилга озод ҳаётдаги каби илиқликни бера олармикан? Тиканли симлар билан ўралган қамоқхона ҳовлисига ҳам баҳор киради, бу ердаги дарахтлар куртаги ҳам кўз очади, сурхчалар барг чиқаради. Аммо, баҳор гашти тиканли симларни ошиб бу ерга ўта олармикан?
Озодлик сўзини бу ерда нондай азиз кўришади. Бу ерда ойлар саналади, кунлар, соатлар саналади.
Ҳар бир лаҳза, соат, кун… уларни озодликка яқинлаштиради.
Ҳар бир лаҳза, соат, кун… уларни исканжага олади, улар ўйламай босилган қадамларини лаънатлаб яшашади.
Бу ер – болалар ахлоқ тузатиш меҳнат колонияси. Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган жиноятчилар жазо муддатларини шу ерда ўтайдилар. Бу ерга автомат тарзда очилиб-ёпиладиган темир эшиклардан кирилади. Бир хил кийим кийган, кўзларда мунг, баъзан алам яширинган болалар янги одамни дарров илғашади. Иккинчи марта борганингизда сиз ҳақингиздаги маълумотдан дарак топишган бўлишади.
* * *
…Асрор кўзини очди. Бу тушми… йўқ, туш эмас… Кеча ўз кўзи билан кўрганлари… Шунчаки кўрган бўлганида кошки эди… Ўзи ҳам урди уни. Тепди, ёмон тепди. Бечора дод деб юборди. Ким эди у? Асрор танимайди. Ҳозир бир нарсанигина билади – сигарет берганида ортиқча машмаша йўқ эди. Хасислиги бошини еди унинг.
Энди нима бўлади?
У даҳанини ёстиққа тираганича мук тушиб ётди. Ҳозир милиция уларни қидираётгандир? “Йўқ, ҳали қидирмайди, – деб ўйлади Асрор, – у одам сув остида чўкиб ётибди. Неча кунда чиқаркин юзага? Ана ўшандан кейин бошлашади қидиришни. У одамнинг оиласи милицияга арз қилса-чи? Улар воқеани билишмайди. “Йўқолиб қолди” дейишади. Унинг ҳеч кими йўқдир балки… Унда яхши… Сув тагида балчиқ босиб қолиб кетса яна яхши…” хаёлига шу фикр келиб, Асрор бир оз енгил тортди.
Ҳозир у пивохонадан сархуш чиққан, кейин болалар орасида коптокдай тепилган, мурдаси сувга ташлаб юборилган одамни эмас, ўз тақдирини ўйларди. Милиция… Унинг ортидан қамоқ… Шу фикрнинг ўзиёқ уни ғиппа бўғиб оларди.
Кўзларини юмди. Ўша одамнинг нигоҳлари… Кўзлари унга тикилиб турибди. “Мен сенга нима ёмонлик қилдим”, деб сўраяпти. Асрор аниқ эслайди: қорнига тепган пайтида у одам шундай қарагандай бўлди. Қизиқ, нимага у одамнинг кўзлари кўринмаяпти? Ахир қоронғи эди, кўзларини кўрмаган эди-ку? У одам пичоқ чиқарди, Салимнинг сонига урди… “Ҳа, ҳа, бўлди, ҳамма айб ўзида, пичоқ чиқармаганида тегмас эдик. Шуни ҳамма болалар қайтарса, бизга бало ҳам урмайди”. Асрор бу фикрдан яна бир оз енгил тортиб, қаддини ростлаб ўтирди. “Шу гап болаларнинг хаёлига келармикан,– деб ўйлади у, – ё айтиб чиқсаммикан? Биронтасини милиция кузатаётган бўлса-чи? Қамар ўтириб чиққан. Уни кузатишлари мумкин. Салим ҳам шуникида. Ярасига қарашганмикан? Қамар қарармикан?”
Қамариддиннинг яхши-ёмонлигини Асрор шу пайтгача аниқ билмайди. Бир қарасанг – хўроз, ўртоғини деб ўтга тушишдан ҳам тап тортмайди. Бир қарасанг – ёвуз, ўзиникиларни ҳам аямайди. Шунданми, барча ундан қўрқади. Асрор бундан мустасно эмас. Қамариддин ўл деса ўлади, тирил деса, тирилади. Аввал қўрққанидан шундай қиларди. Энди кўникиб қолган. Осмонда қуёш сочаётганини кўриб ажабланмагани каби, Қамариддинга қулдай тобе эканига ҳам ҳайрон бўлмайди. Ҳа, Қамариддин уларга хожа, улар эса қул эди. Аммо бирортасининг хаёлига “Мен қулман ёинки, “нима учун мен қулман” деган фикр келмасди. Уларнинг назарида Қамариддин хожа эмас, балки валломат, айримларига эса васий эди.
* * *
Шоирлар ҳаётни гулшанга қиёслашади. Чиндан ҳам жиноятлардан холи ҳаёт беқиёс даражада гўзалдир. Аммо афсус шуки, бу гулшан орасида тиканаклар ҳам мавжуд. Диёнат олами билан ёнма-ён шайтанат олами ҳам яшайди. Улар орасида мустаҳкам девор йўқ. Адашган банда, айниқса ёш чоғида шайтонлар етовидаги оламга ўтиб қолиши мумкин. Бу оламнинг фақат битта йўлаги бор. Бу йўлак ҳар қандай одамни хорлик даштидаги ўлим чангалига олиб боради.
Юсуф Товаслий ҳазратлари бир ривоят айтадилар:
Халифа ҳазрат Умар яқинлари билан суҳбат қуриб ўтирганларида бир кекса одам хонага ўғлини бошлаб кириб шикоятини баён қилибди:
– Йа Амиралмўъминин! Кўриб турганингиз бу йигит каминанинг ўғлидир. Аммо у фарзандлик бурчидан бўйин товлайди, сўзларимга қулоқ осмайди.
Бу шикоятни эшитиб ажабланган ҳазрат Умар нобоп ўғилга хитоб қилибдилар:
– Эй ўғил, сен Аллоҳдан қўрқмайсанми! Ўғилнинг отага қарши чиқмоғини қайдан ўргандинг? Отангнинг сендан ҳақлари бор, уларни қандай узмоқчисан?
Йигит бир оз мулзам бўлгани ҳолда аста жавоб қайтарибди:
– Менга бағоят тўғри танбеҳ бердингиз, йа Амирал-мўъминин. Отанинг ўғилга бўлган ҳақлари бениҳоядир. Аммо фарзанднинг ҳам ота-онада ҳақлари борми? Отанинг ўғил олдида бурчлари йўқми?
Ўғилнинг итоат ҳудудида туриб, донолик билан берган саволи ҳазрат Умарни таъсирлантириб, у зот батафсил жавоб қайтарибдилар:
– Шубҳасизки, отанинг бурчлари мавжуд. Бу бурчларнинг айримларига ҳали бола туғилмасидан аввал риоя этмоққа мажбур. Хусусан, уйланиш вақти келганида номусли аёлни никоҳига олиши керак, токи бола туғилгач, онасининг ўтмишидан уялмасин. Фарзанд туғилгач, унга яхши исм қўйиши жоиз, токи бола ўзининг исмини эшитганида изза чекмасин. Болага яхши тарбия бериши, хусусан, ақли етганича динни ўргатмоғи шарт, токи фарзанд болалик чоғиданоқ тўғри яшамоқликнинг сирларидан хабардор бўлсин, ҳаётнинг тиконли сўқмоқларида қоқилиб азият чекмасин. Сўнг эса уйланиш ёшига етганида бесабаб пайсалга солмай, ақлли, иффатли, бокира қизга уйлантириши зарур. Бунинг акси бўлса, фарзандига ёмонлик қилган бўлади. Чунки ота-онанинг ёмон феъли болага ҳам ўтади. Шунинг учун номус аҳлидан бирини топиш ота-она бурчидир.
Ҳазрат Умарнинг жавобини эшитган йигит, сўзламоққа изн сўраб дебдики:
– Айни ҳикматларни сўзладингиз, йа Амиралмўъминин. Аммо ҳақиқат шуки, сиз баён этганларнинг ҳеч бирини отам адо этмаганлар. Бу бурчларини бажармаганлар. Онам бўлмиш аёлни қул бозоридан сотиб олиб, феъл-атворларини, насл-насабларини билмаганлар. Сизчиройли исм қўймакликни таъкид этдингиз. Отам эса “Жуал”, (яъни саҳронинг қора қўнғизи) деб исм қўйганлар. Тарбия бермакни, динни ўргатмакликни буткул унутганлар. Ёшим анчага борди, бироқ, уйлантириш ҳақида ўйламайдилар.
Йигитнинг сўзларидан таъсирланган ҳазрат Умар шундай дебдилар:
– Эй одам! Сен ўзингни “отаман” деб даъво қиляпсан. Яна “Ўғлим менга исён қилади, гапларимга қулоқ солмайди, менга азоб беради”, деб нолияпсан. Аслида эса сен ўғлингга исён этгансан. Сен ўғлингга ёмонликларни раво кўрибсан. Унга сен ўзинг жафо қилибсан. Хатони сен қилгансан. Энди мен сенга нимани раво кўришим мумкин? Энди сенга мен қандай ёрдам берай? Энди ҳарна бўлса ҳам чидайсан – бошга тушганни кўз кўрар. Сен ўзингга ўзинг ёмонликни раво кўрибсан, бошқалардан айб қидирма…
Ривоятдан маълум бўляптики, ўсмирнинг жиноят йўлига бурилиш нуқтасини гўдаклик, ҳатто онасининг ҳомиладорлик вақтидан эмас, балки ундан анча илгарироқдан изласак ҳам бўлар экан. Шарафли ҳадисларнинг бирида зикр этилишича, бола пок равишда туғиларкан. Унинг оқибатда мўъмин ёки кофир бўлмоқлиги эса ота-онанинг тарбиясига боғлиқ экан. Мазкур мазмунни суҳбатимиз мавзуига кўчирсак, боланинг тўғри ёки жиноят йўлини танлаши ота-онанинг хатти-ҳаракати билан белгиланаркан. Айбдорларни мактабдан ёки милициядан қидирмоғимизда эса маъно йўқлигини инкор этмасак ҳам бўлар. Зотан, маълум нуқталарда уларнинг хатоси туфайли ҳам асосий бурилиш нуқтаси содир бўлмоғи мумкин.
“Алвидо… болалик”нинг бош қаҳрамони Асрор қобилиятли йигитча, математиклар мактабида ўқийди. Отаси эса тўйма-тўй юрадиган “санъатчи”. Доирачига берадиган пулни иқтисод қилиш учун ўғлини математиклар мактабидан чиқариб, ёнига олади. Бу воқеани мен ўйлаб топганим йўқ. Бир тўйда хизмат қилаётган таниш ашулачининг ёнидаги йигитчани кўрсатиб: “Жуда ақлли ўғлини мана шундай хорлаб юрибди”, дейишганда кўнглим оғриганди. Афсуски, ҳаётда бундай оталарни учратиб турамиз. Шу сабабли бу ота ва ўғил тарихини асарга айнан кўчирдим.
Қамариддинга ўхшаган йигитларни ҳам ҳаётда кўп учратамиз. Отаси ташлаб кетган, онаси бузуқ йўлда. Ўзи ғоят қобилиятли бўлса-да, “детдом боласи” деган тамға остида юради. Истаган одам уни хўрлаши мумкин. Лекин унинг болалик ғурури бунга йўл қўймайди.
Салим эса кўп болалик оиланинг фарзанди, отаси ногирон, онасининг топгани рўзғорни тебратишга етмайди…
Асарда тилга олинган болаларнинг боши узра фожиа булути сузиб юради. Улар катта ҳаётга кириб келяптилар, лекин катта ҳаётнинг катта муаммоларини ечишга ожизлар.
Болалар хоссатан маълум бир оиланинг фарзанди, омматан эса мамлакатнинг, бутун дунёнинг фарзандидир. Улар – ижтимоий-сиёсий ҳаёт нуқтаи назаридан қарасак – эртанинг тарихини яратувчилардир. Оилавий томондан олсак, улар ҳам эртами-индин ота-она бўладилар. Эртами-индин улар ҳам ўз фарзандларини тарбия этадилар. Айни замонда (агар тирик бўлишса) ўз ота-оналарига меҳрибонлик қиладилар. Қуръони Карим оятидаги таъбир билан айтилса, хокисорлик қанотларини пастлатмоқлари (фарзанд ота-онанинг ҳузурида ўзини қанчалик хокисор тутса, шунчалик яхши) лозим бўлади. Бизнинг фарзандларимиз – бизнинг қарилигимиздир. Тўғри тарбия – хайрли оқибат, яъни саодатли қарилик. Ёмон тарбия – ғам-аламга, хорликка қоришган қариликдир. Фақат бугина эмас, эл-юрт олдидаги бурчимизни бажара олмаганимиз оқибатида бўйнимизга тушадиган гуноҳдир. Айрим ота-оналар учун эса тавқи лаънатдир. Аллоҳ шундай бўлишдан асрасин, ҳидоятдан адаштирмасин.
Тарбияга оид илмий асарларда “тарбияси оғир болалар”, деган атамани учратамиз. Булар русча атамаларнинг сўзма-сўз таржимаси, мен тилимизда мавжуд “бўйсунмас” иборасини маъқул кўраман. Чунки тарбия оғир бўлмайди, тарбия мезонларига бўйсунмайдиганлар бўлади. Бундайларни халқда турли ном билан атайдилар: “шум”, “шумтака”, “бевош”, “безори”, “хулиган”… (“Хулиган” – англиялик бир безорининг насаби (фамилияси), ҳеч кимга сўз бермай, жанжал қилишда ном чиқарган бу йигитнинг насаби дунё бўйича атамага айланиб қолган. Авваллари безори болаларни “самарска” деб ҳам аташарди. Ўттизинчи йилларда Самара шаҳридан ёпирилиб келган оч-юпун болалар ўғирлик, талончилик билан шуғулланишган. Халқ шуларга ўхшаган болаларни “самарска” деб атаган.) Бундай болаларни шўхлик билан жиноятчи орасидаги тоифа десак ҳам бўлар. Шўхлик меъёридан ошса, шумлик бошланади, бу ҳам вақтида тўхтатилмаса жиноят эшикларини очади. Шу сабабли ҳам халқда “Шўх бўлса майли-ю, шум бўлмасин”, деган гап бор.
“Қандай болалар жиноят йўлига кирадилар?” деган саволга ҳар ким ҳар хил жавоб қайтаради. Бўйсунмас болалар фақат ўсмир ёшида эмас, балки барча ёшларда учрайди. Бўйсунмаслар кимлар? Фақат жиноятчилар ёки жиноят кўчаси томон бурилаётганларми? Булар барчалари албатта қамоқхона шўрвасини тотиб кўрадиларми? Йўқ. Бўйсунмаслик аввало нотўғри тарбиянинг ёки болага нисбатан нотўғри муносабатнинг натижаси. Бир неча марта қамалган одам бўйсунмасликнинг бошланишини, ҳаётидаги бурилиш нуқтасини айнан ўзига бўлган адолатсиз муносабатда кўради.
Биз “бўйсунмас” деб таърифлаётган болаларнинг турли тоифалари мавжуд. Шулардан бири – қўполлиги, шумлиги, интизомсизлиги билан ажралиб туради. Мактабда ҳам, маҳалла-кўйда ҳам бу болалардан безишади. Бу болалар охир-оқибат жиноятчига айланишади, деб ўйлашади. Бизнингча бу хато фикр. Шумтакаларнинг барчаси ҳам жиноят оламига қараб юрмайди. Катталар уларни тушунишга ҳаракат қилишлари керак. Интизомсизликлари сабабини аниқлаш зарур. Шундай сабаблардан бири – уларнинг ўйинқароқлигида бўлиши мумкин. Бундай болаларда ички ғайрат, ички ҳаяжон ва шунга яраша маълум бир нарсага ёки ҳолатга нисбатан кучли қаршилик ҳам мавжуд бўлади. Бундай болалар ҳақида сўз кетса “у ўт-оловнинг ўзи” деб таъриф ҳам берилади. Демак, катталар ўша “ўт-олов”нинг алангасидан тўғри фойдаланишни билишлари керак бўлади. Бундай болаларга майда иш, айтайлик гуручнинг курмагини тозалашни буюрсангиз аввало бўйин товлайди, зўрласангиз вазифани чала бажаради. Майда ишларни қилишда юраги сиқилиб кетади. Ўқишга муносабатлари ҳам шундай. Ўзларига ёқмаган фанлардан қочишга ҳаракат қилишади. Бундай болаларга куч талаб қиладиган, қизиқарлироқ иш топширилса бажонидил бажаришади.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.