Электронная библиотека » Тоҳир Тоҳир Малик » » онлайн чтение - страница 17

Текст книги "Ҳаёт қайиғи (3 китоб)"


  • Текст добавлен: 16 мая 2023, 13:40


Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 17 (всего у книги 32 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Бир куни Фарғона вилоятидаги вакил келиб, менинг хонамдаги бўш стол устига тўлдирилмаган йўлланмаларни қўйиб, ёза бошлади. Яъни ўтказилмаган учрашувларни “фалончи ўтказган”, деб ёзди. Йўлланмаларга пул ўтказган ташкилотнинг муҳри босилган, демак, ҳаммаси қонунийдек кўринади. Мен унинг жиноят билан шуғулланаётганини билсам ҳам, кутдим. Охирги йўлланмани тўлдиргач, менга узатди. Имзо чекиб берсам, биринчи галда ўзи хизмат ҳақини олади, кейин бошқалар. Ишорадан тушундимки, камина ҳам қуруқ қолмагайлар.

– Шу колхоз, совхозларда ижодий учрашувлар бўлгани ростми? – деб сўрадим.

– Улардан пул ундирганимиз рост, қолгани аҳамиятли эмас.

– Эртага даъво қилиб келишса-чи?

– Келишмайди, мен тўйларида беминнат хизмат қилиб берганман.

– Касбингиз қизиқчилик экан, хизмат қилганингизга ишонай. Аммо бу синглимиз-чи?

– Бу синглимиз шоира-ку?

– Эшитмаган эканман. Уюшмага аъзоми?

– Уюшмага аъзо эмас, лекин ўзимизда ишлайди, эри райком котиби…

Бу гаплардан кейин нима қилишим керак эди?

Йўлланмаларни йиртиб-йиртиб, қўлига тутқиздим. Ўша заҳоти бу йигитни ҳам, идорамизда “ишлайдиган” шоира-хонимни ҳам вазифасини суиистеъмол қилгани сабабли ишдан бўшатиш ҳақида буйруқ чиқардим. Орадан уч ой ўтиб, ўзим ҳам бу идорадан кетгач, хонимнинг амалдор эрлари уюшмага биттагина қўнғироқ қилган эканлар, каминанинг буйруғи бекор қилинибди.

Бу идорада тўрт ойгина ишладим. Лекин ташкилот фаолиятини жонлантиришга анча уриндим. Шулардан бири вилоятларда адабиёт кунларини ташкил қилдим. Андижонда истиқомат қилувчи ёзувчилар иштирокида Бухорода, бухороликлар иштирокида Фарғонада, фарғоналиклар иштирокида Хоразмда… адабиёт байрамлари бўлди. Москвадан келадиганлар ўрнига қўшни жумҳуриятлар ижодкорларини таклиф қилдик. Ўзбекистонда яшайдиган тожиклар, қозоқлар… Тожикистон, Қозоғистон ёзувчилари билан учрашиш имконига эга бўлдилар. Улар шундай учрашувга интиқ эдилар. Ёдимда, тожикистонлик ҳамкасбларимизни Ангрен шаҳрининг юқорисидаги қишлоқ аҳли билан учрашувга олиб боришимиз лозим эди. “Раф” микро-автобусимиз бузилиб, ўзимиз бир ўлимдан қолдик. Учрашув бўладиган жойга 6 соат кечикиб бордик. Ажабки, қишлоқ аҳли тарқалмабди. Кетиб қолган сабрсизлари ҳам дарров қайтиб, ярим кечага қадар ширу-шакар – тожик ва ўзбек тилида шеърхонлик бўлган эди.

Ўзимга ёқмаган юмушларга ўралашиб юрган кунларимнинг бирида Шавкат Раҳмон қўнғироқ қилиб, “Сарвар ака ҳозир Абдуллаеванинг қабулидан келдилар. Ариза ёзиб берибдилар. Мен ҳам ариза ёздим, қўл қўйдилар, бугундан бўшадим”, деди. Ўйлаб ҳам ўтирмай: “Мен ҳам бўшайман”, дедим-да, уюшмага шошдим. Сарвар ака столдаги қоғозларни тартибга солаётган эканлар. Кўз қарашларида, ҳаракатларида, овозларида асабийлик нишонаси сезилмасди. Тушундимки, бугунги ҳолатни фожиа сифатида қабул қилмаганлар. Марказқўм томонидан ариза ёзишни талаб қилиш у киши учун кутилган ҳол эди. Чунки шу мансабга ўтирганларидан бери оёқлари остида чоҳ қазиларди. Дунё кўрган, кўп вазифаларда ишлаган доно одамнинг бундан бехабар бўлиши мумкин эмасди. Пинҳона равишда иш кўраётган тўдалар Ш.Рашидовнинг вафотидан кейин очиқчасига тошотишни бошлаган эдилар. Республика раҳбарларининг С.Азимовга нисбатан шахсий ғаразлари бормиди ё йўқми, аниқ айтолмайман, ишдан бўшатилишларига асосий сабаб: Ш.Рашидовга яқин бўлганларнинг барчалари вазифаларини топшираётган эдилар. С.Азимовга тош отаётганларнинг ҳаракатлари ҳам асосий сабаб эмас, балки киночилар тили билан айтилганда, “фон” эди.

Сарвар ака аризамни ўқиб, имзо чекмадилар, ўзимга қайтиб бердилар. “Яна озгина чидаб ишлаб туринг”, деб гапни калта қилдилар. Ишдан бўшатмаганларининг сабабини кейинроқ тушундим: тош отувчи тўда раиснинг ишдан олиниши билан кифояланмай, шогирдлари, издошларига ҳам ҳужум қилишлари табиий ҳол эди. Сарвар ака мени шу ҳужумлардан четда қолишимни истаган эдилар. Сарвар аканинг насиҳатларига амал қилиб яна озгина чидаб ишладим. Кейин Ўлмас Умарбеков қаттиқ ранжисалар ҳам, вазифани топширдим.

“Уй қамоғи”нинг натижаси

1985 йилнинг июнь ойида “эркин ижодкор” мартабасига эришдим. Бу эркинликни кўпдан орзу қилардим, шу сабабли вақтни бой бермай, ижоддаги чала ишларимни ниҳоясига етказиш учун ўзимни “уй қамоғига” ҳукм қилдим. Тирикчилик манбаи радиога ёзиб берадиган эшиттиришлар эди. Ҳар сешанба пешинга қадар кўчага чиқаман, радио ёки бошқа таҳририятларга бораман. Қолган олти кун уйдаман. Кеч кириб, ҳамма уйқуга ётганида ёзув столига ўтираман. Эрта тонгга қадар, тўғрироғи, дадажоним бомдодга тургунларига қадар жойимдан жилмайман. Сўнг дадажонимга чой дамлаб бериб, уйқуга ётаман. Пешинга яқин туриб, агар хоним-афандим мактабларига кетган бўлсалар, таомни иситиб, аяжоним ва дадажоним билан бирга овқатлангач, ёзув машинкасида иш бошлайман. Тунда ёзганларимни кечга қадар оққа кўчираман. Менинг бу кун тартибим қарийб 15 ой ўзгаришсиз давом этди. “Қалдирғоч” қиссаси шу тариқа дунёга келди. Тўғрироғи, унинг охирги бобларини ёзиш ва сайқал бериш шу даврга тўғри келади. Тоғам “Фарғона тонг отгунча”ни ҳукумат қамоқхонасида ёзган эдилар. Мен “Қалдирғоч”ни ўзимннг ҳукмим бўйича “уй қамоқхонаси”да ёздим.

Бу асарни ёзиш фикри 1977 йилда туғилган эди. Абдулла Авлонийнинг 100 йиллигини “Гулистон” журналида нишонлаш мақсадида олимларнинг мақолалари нашрга тайёрланаётганди. Ваҳоб ака менга бир сурат кўрсатдилар. Ўнга яқин одамлар орасида ўтирган Абдулла Авлонийни танидим. Ёнларида рус киборларининг либосидаги бир эркак ва аёл, яна афғонлар кийимидаги кишилар. Сурат 1919 йилда олинган.

– Аёлни танимадингизми? Лариса Рейснер деган тахмин бор.

Лариса Рейснер фуқаролар урушида ном чиқарган аёл-комиссар эди. У ҳақда ёзилган “Оптимистическая трагедия” (“Некбин фожиа”) пьесаси СССРнинг деярли барча театрларида, хусусан, Тошкентда ҳам саҳналаштирилган эди. Шу асар асосида суратга олинган бадиий фильм ҳам машҳур эди. Абдулла Авлоний билан бу комиссарнинг танишлиги биз учун янгилик эди. Ваҳоб ака мазкур сурат тарихини ўрганишни менга топширдилар. Бунга қўшимча равишда Абдулла Авлонийнинг шогирдлари ва касбдошлари билан тушган суратларини изоҳлаш вазифаси ҳам зиммамга юкланди.

Йиллар қадами… Эскирган, сарғайган фотосуратларни кўрганда беихтиёр вақтнинг тезкорлигини бирдан ҳис этасан киши. Суратга тушиш аслида оддий воқеа. Суратга тушаётган одам кўпинча, унинг узоқ йиллардан кейин ўзи ёки бошқалар учун нечоғли қимматга эга бўлишини дафъатан англамайди, аҳамиятини ўйлаб ҳам кўрмайди.

Деярли ҳар бир хонадонда кўҳна фотосуратлар бор. Бу суратлар, улар билан боғлиқ хотиралар эса қалбдан эъзозланади. Суратлар тарихини ўрганишни дадажоним билан суҳбатдан бошладим.

– Авлоний ҳақида нималарни биласиз? – деб сўрадим.

– Абдулла Авлонийми? Саводни ўша кишида чиқарганман-да, – деб жавонда сақланаётган ҳужжатлари орасидан бир суратни олдилар. “Ўрта Осиё миллатларининг ҳарбий мактаби. Иккинчи чиқарилув. 1926 йил”. Етмишга яқин ёш йигит ва командирлар орасида турган ҳарбий кийимдаги чўққисоқол киши Абдулла Авлоний эди. Дадажоним бу устознинг бўлажак офицерларга ўзбек тили ва адабиётидан дарс берганларини, ғоят билимдон, камтар, вазмин киши бўлганларини сўзлаб бердилар. Аммо Афғонистон сафарига доир гапларни эшитмаган эканлар. Суҳбатимизни эшитиб ўтирган аяжоним: “Бунақа гапларни тоғанг биладилар. Авлоний тоғангни ҳам ўқитганлар”, дедилар. Аяжоним янглишмагандилар. Ўлка ўзбек билим юртининг бир гуруҳ талабалари ва муаллимлари тушган сурат 1923 йилда олинган экан. Тоғам кўпчиликни танидилар. Абдулла Авлоний билан бир қаторда Нуриддинбек Худоёрхонов, Салимхон Тиллахонов, Абдураҳмон Саъдий, Элбек, шунингдек, Гинтелла, Горенов, Ростковский каби муаллимларнинг ўзбек ёшларининг билим олишларида устозлик қилганларини айтдилар. Айниқса, математикадан дарс берган Гинтелланинг номини алоҳида ҳурмат билан ёдладилар. Аср бошларида Болтиқ бўйидан ўлкамизга келган бу киши ўзбек тилини пухта ўзлаштириб, ўзи алифбе ёзган, ўзбек болаларига ёзишни-ўқишни ўргатган. Тоғамни ўз уйида тарбиялаб, сўнг уйини васият қилиб кетгани, аяжонимни “қизимка” деб суйиб-эркалагани баёнимдан сизга маълум. Тоғам устознинг муаллимлик маҳоратлари ҳақида кўп сўзладилар, бироқ, Афғонистон сафари ҳақида янги гап айта олмадилар. Ўша йиллари билим юртида ўқиган зиёлилар билан ҳам учрашдим, натижа бўлмади.

Абдулла Авлоний 1904 йили янги усулдаги мактаб (усули савтия мактаби) очиб, то умрларининг охирига қадар халқ маърифати учун жон куйдирдилар. “Янги мактаб очиш” айтишга осон. Бугун ҳукумат янги мактаб биноларини қуриб, анжомлару дарсликлар билан таъминлаб турибди. У даврларда маърифатпарварларнинг уйлари синф хонаси бўлган. Янгича дарсликларни ўзлари ёзишган. Болаларни мактабга тортиш, энг муҳими – ота-оналарини кўндириш, чала мулла жоҳилларнинг ҳужумларидан ҳимоя қилиш – ўқувчиларнинг қорнини тўйдириш – ҳамма-ҳаммаси мактабдорнинг зиммасидаги вазифа эди. Айниқса, янги дарсликлар ёзиш зарурияти туғилганди. Негаки, янги мактабнинг афзаллигини шунчаки тарғиб қилиш, ўз ўқувчилари мисолида кўрсатиш ҳали кифоя эмас эди. Янги ўқув тизимининг кенг ёйилиши учун унинг мақсадларидан келиб чиқиб ёзилган дарсликлар ҳам зарур эди. “Бизим Туркистон макотиби исломиясинда аввалдан охира қадар таълим ўлинажак китоблар: “Чор китоб”, “Саботил ожизийн”, “Фузулий”, “Навоий”, “Хўжа Ҳофиз”, “Бедил”, “Маслак ул-муттақийн”лар каби шеър китоблари ўлдиғи жумланинг маълумидир, – деб ёзган эдилар Абдулла Авлоний. – Бу китобларнинг баъзилари эътиқод ва амалиёти исломга тааллуқ мушкул масалалардан иборат ўлғонларидин ҳамда аксарлари форсий тилда ёзилғонлари учун ёш болаларнинг онлардан истифодалари, бир нарса англамоқлари имкон хорижинда эди”. Тилга олинган китоблар тарбияга доир беназир асарлар ҳисобланишини янги муаллимлар яхши билганлар. Улар бу асарларни инкор этмоқчи эмасдилар. Уларни ўйлантирган нарса китобдаги гапларнинг болалар онгига етиб боришидаги қийинчиликлар эди. Янги дарсликлар осмондан олиб ёзилмаган, балки ўша мураккабликлар енгиллаштирилган. Шу мақсадда ва шу услубда Саидрасул Азизий “Устоди аввал”, Мунаввар қори “Адаби аввал”, “Адибус – соний”, Маҳмудхўжа Беҳбудий “Алифбои мактаби исломия”, “Салим-ул-аввал” дарслигини, Абдулла Авлоний “Биринчи муаллим”, “Иккинчи муаллим”, “Мактаб гулистони”, “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ”ни ёзганлар. Янги усулдаги мактабларни очиш 19-аср охирларида бошланиб, 20-аср аввалида авж палласига кирган, Мунаввар қори, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний бу ҳаракатнинг сардорлари эдилар. Шунингдек, Аъзамхон, Муслимхон (Мунаввар қорининг акалари) Ҳасан қори Хоний, Эшонхўжа Хоний, Низомиддин Хусаинов, Рустамбек Юсуфбеков, Саъдулла қори Абдуллаев сингари самарқандлик, қўқонлик, наманганлик, тошкентлик домлалар ҳам пешқадам эдиларким, уларнинг фаолиятлари ҳақида кам билишимиз ва ундан-да кам гапиришимиз биз – бу кунги зиёлилар учун уятлидир. Бугунги ёшларимиз улуғ маърифатпарварлар ҳақида ҳеч нима билмасалар ёки озроқ билсалар, бунга биз айблимиз.

Мунаввар қори ва ул зотнинг сафдошлари Қуръони Каримни хатм этишган, турли мадрасаларда билим олишга интилишган, аммо ўзлари хоҳлаган даражадаги илмга етиша олмаганлари учун ҳам янги усулда мактаб очиб, уйқудаги халқни уйғотмоқчи бўлганлар. Мактабда, сўнг дорулфунунда ўқиганимизда совет тарихчилари 1898 йили рус истилосига қарши исён кўтарган Дукчи эшонни ғоят жоҳил, айёр, ҳийлакор кўринишида бизларга танишдирганлар. Аслида эса ҳолат ўзгача бўлган, ул муборак зот халқни ғафлат уйқусидан уйғотишни мақсад қилиб қўйган эдилар. Шу ниятда ёзмиш асарларини “Ибрат-ул ғофилун” деб номлаганлар. Муҳаммад халфа Собир ўғли замондошларини “ғофиллар” деб атаганлар. “Ернинг тириклиги одам билан, инсоннинг тириклиги илм билан. Илмнинг тириклигин билсанг, амал билан бўлуро”, деган сўзлари у даврнинг шиори эди, десак янглишмаймиз. Ул зотнинг бу сўзлари тилдан учган хитоб эмас, дилни куйдириб чиққан нидо эди: “Ўруслар ватанимизга истило этди, сўнгра тилимизга истило қилди… чўқиндилар кўпайди ва кўпаймоқда. Кўчирма сиёсати ила ватанимизга мужиклар ерлаштирилди, ҳар тараф тўнғуззор қилинди. Аксар мусулмонлар Янги шаҳардаги ичкилик дўконларига, ошхоналарига, қиморхоналарига муштарий бўлди, фоҳишахоналарига ўрганди, мусулмонларни ахлоқи бузулди. Қозиларимиз бўйнига бут тақадурғон бўлди… Мусулмончилик ғариб бўлди, ҳурриятимиз ғайб бўлди, истиқлолимиз маҳв, ўзимиз ўтмас, сўзимиз кечмас бўлдук”. Бу нидо еру осмонни титратган кунлари Мунаввар қори ҳам, Абдулла Авлоний ҳам 20 ёшда бўлганлар. Мени ўзлари эгаллаган илмлари билан доимий равишда баҳраманд этиб келган, лозим ўринларда жўяли танбеҳ ҳам берган муҳтарам олим Сирожиддин Аҳмаднинг ёзишларича: “Дукчи эшоннинг бу хитоби Мунаввар қори ва унинг тенгдошлари қулоғига ҳам етмай қолмаган эди. Шубҳасиз, у қўзғолонда иштирок этган ва этмаганлардан 22 минг кишининг ўлдирилганини, Мингтепа тўпга тутилганини, “ўликфурушлик” деган мудҳиш бир иллатнинг пайдо бўлганини эшитган эди…”

Янги мактаб очишга ижозат олмоқлик осон эмасди. Билим нури ила уйғонажак халқдан истилочилар чўчимас эдиларми? Улар халқни жаҳолатда ушлаш сиёсатидан воз кеча олармидилар? Туркистон ўлкаси ўқув юртлари бош инспектори Ф.М. Керенский асосан рус мактабларининг тараққиётини ўйлаб, мактаб-мадрасалар фаолиятини чеклаш ҳаракатида бўлган. Унинг подшоҳлик маориф вазирига ёзган мактубидаги бу сатрларга эътибор қилайлик: “Мактаб ва мадрасалар таркибини ўзгартирмаган ҳолда кейинчалик улардан бизнинг рус мақсадларимиз учун фойдаланиш лозим… Шу билан бирга айтилган барча ўқув юртларини ҳеч бир сабабини кўрсатмаган ҳолда ёпиш ва уларнинг ўрнига ғазна ҳисобига янгисини, махсус мақсад учун очиш керак…” (таъкид каминаники – Т.М.).

Ёзувчи Мўминжон Муҳаммаджоновнинг “Турмуш уринишлари” китобида бу аянчли манзара тасвир этилади: “Вернийда (Олмаота) ўрус муаллимларининг катта йиғини бўлди. Шул йиғинда “Татарлар, қозоқлар билан сарт болалари ўқитилмасун! Ўқумишли татарлар билим тарқатиб, кўзларини ва фикрларини очадирлар. Сўнгра бизга емак учун Туркистонда нон қолмайдир…”, деб қарор бердилар”.

Янги мактаб муаллимларининг иш фаолияти истилочиларнинг зийрак назоратида эди. Айрим фанларни ўқитишни ман қилишларига қарамай, жуғрофия, ислом тарихи, турк қавмлари тарихини ўқитаверганлар. Бу ишларнинг нечоғли машаққат билан амалга оширилганини тўлароқ тасаввур этишингиз учун Мунаввар қорининг икки мактубини диққатингизга ҳавола қиламан.

“Сирдарё вилоят Халқ ўқув юртлари директори жаноб олийларига
Тошкент шаҳар Шайх Хованди Таҳур даҳа
Тарновбоши мактабининг муаллимидан

Сиз иззатликдан мен бошқараётган мактабда, мусулмонча таълимдан ташқари, қуйидаги предметлар: арифметика, ўқиш китоби, жуғрофия ва дунё маълумотини мазкур дастур асосида ўқитмоққа ижозат беришингизни сўраш шарафига муяссарман.

Ўқитувчи: М.Қ. Абдурашидхонов (1911 й. Февраль)”.
Сирдарё вилоят халқ ўқув юртларининг туман баланд эътимодли инспектори жанобларига
Усули жадид мактабини сақловчиси Мунаввар қори Абдурашидхоновдан
Илтимос

Руслар билан доимий равишда мулоқотда бўлиш, айниқса, савдо, маъмурий, темир йўл каби турли жабҳаларда фаолият олиб бориш учун маҳаллий аҳоли ҳар хил билимларни эгаллашда қурол бўлган рус тилини билиши кераклигига иқрор бўляпман. Шу боис сиз баланд эътимодлидан хокисорона илтимос қилиш шарафига муяссарманки, токи давлат томонидан қувватланиш имконияти туғилгунга қадар хусусий мактабимизда ўз харажатим билан болаларга рус тилини ўқитиш учун рухсат берсангиз. Рус тили тўртинчи синф болаларига ҳар куни 2 соат, яъни соат 2 дан соат 4 гача, шанба ва якшанба кунларидан бошқа ҳамма кунларда ўқитилади. Рус тилини ўқитиш учун халқ мактаби директори С.М. Граменицкий томонидан тузилган дарсликнинг 1 ва 2-қисмлари қўлланма бўлади. Дарсни ўқитувчи С.И. Колконовга бермоқчиман. 1911 йил, 10 февраль”.

“Ўлка аҳолисини руслаштириш пайида бўлганлар кўнглига бу илтимос-таклиф мос тушармиди? Бир қарашда уларга мойдек ёқадиган нарса. Ҳақиқатда-чи?! Бу уларга мутлақо маъқул келмаганди, – деб ёзадилар Сирожиддин Аҳмад. – Ахир маҳаллий кишилар орасидан чиқадиган кишилар рус тилини чала-чулпа билса, кифоя. Шу боис Туркистон ўлкаси ўқув юртлари бошқармаси қошидаги Попечитиллар комитети (васийлар қўмитаси) ўзининг 1911 йил 6-8 июнда бўлиб ўтган мажлисида Мунаввар қорининг илтимосини рад қилади. Сансоларликни қаранг! Февралда тақдим этилган ҳужжатга июнда жавоб бериляпти! Баҳона ҳам жўнгина: “Халқ маориф министрлигининг усули жадид мактабларини очиш ва тутиш тўғрисидаги маълум кўрсатмаси келмагунча илтимосни рад этишга қарор қилинди”.

Азиз ёшларимизнинг шу нуқтага жиддийроқ эътибор беришларини истардим. Гап ҳозиргидай минг ўринли катта мактаб ҳақида эмас, бир маҳалланинг кичиккина мактаби ҳақида боряпти. Шу кичкина илтимосга Петербург жавоб бериши керак! 1917 йилдан кейин эса бу хўжайинчилик Москвадан туриб бошқарилди. Истилочилик сиёсати шундай эди. Туркистоннинг 1916–17-йиллардаги генерал-губернатори Н.Куропаткин: “Биз 50 йил тубжой аҳолини тараққиётдан четда, мактаблар ва рус ҳаётидан четда тутдик”, деб эътироф этган эди. Бу эътирофдан 34 йил муқаддам 1882 йилнинг 30 августида генерал-губернаторликда “Русиялик ғайрижинс мусулмонлар маорифининг асосини қандай бош принциплар ташкил этмоғи керак?” деган масала кун тартибига қўйилган ва қуйидаги хулосага келинган эди: “Шундай қилиб, мусулмонларимиз маорифи учун асос қилиб олиниши шарт бўлган биринчи бош принцип уларни руслаштириш, иккинчи принцип – исломни бузиш, прозелитизмдан (ўз динига даъват этишдан) воз кечиш, қисқача айтганда, ёт мусулмонларимизнинг умуман диний жиҳатларини бузишдир”. Бу гапларга изоҳ шарт эмасдир…

Мунаввар қори ҳазратлари мактубдаги “сиз баланд эътимодлидан хокисорона илтимос қилиш шарафига муяссарманки…” сўзларини ёзаётганларида юраклари нечоғли зардобга тўлиб қийналганларини сиз-азизлар ҳис этаётгандирсиз… Ғоят маданиятсиз бўлгани ҳолда юқори мартаба талаб қилувчи нодонлар олдида бош эгиш нақадар оғир!

Ўзбек мактабларида рус тилини ўқитишга нима учун рус истилочилари қаршилик билдирдилар? Шу масалани оз бўлса-да, ўргансак, тарихни тўғри англашимизда асқотади.

Ўтган асрнинг охирларида адабиётшунослик илмида тарихга тўғри, адолатли баҳо бериш ҳаракати жонланди. Ёшлардан Шуҳрат Ризаев ва Раҳмон Қўчқоровнинг дадиллиги, холислиги, устозлардан Лазиз Қаюмов ва Озод Шарафиддиновнинг тантилиги мени қойил қолдирган эди. Раҳмонжон Абудулла Қаҳҳор ижоди, Шуҳратжон эса Ҳамза ижоди шу пайтга қадар керагидан ортиқ юқори баҳоланаётганини исбот қилиб берган эдилар. Уларнинг таҳлиллари, далиллари устозлари фикрига, ғоясига, ақидасига зид бўлса-да, ёшларнинг йўлларини тўсишга уринмадилар. Шуҳратжоннинг диссертация ҳимоясида илмий кенгаш йиғилишини Лазиз Қаюмов олиб боргандилар. Мен бундан хавотирланган эдим. Чунки Ҳамзани салкам даҳо мартабасида кўрувчи обрўли олимнинг ғоясига ёш олим қарши чиқиши кам учрайдиган ҳодиса эди. Лазиз ака мажлисни холис равишда бошқардилар. “Яширин овоз беришда ҳеч бўлмаса битта қарши бўлади”, деган тахминим ҳам чиппакка чиқди. Демак, Лазиз ака ҳам ёш олимнинг илмий иши таҳсинга лойиқ деб тан берган эканларким, камина ҳам устозларнинг бу холислигига тан бераман-да, эндиги баёнимда Шуҳратжоннинг илмий тадқиқотларидан фойдаланаман:

Ҳар қандай истилонинг мақсади – енгилган халқни ўзига мутлақ тобе этишдир. Тарихдан маълумки, турклар турклаштириш, руслар руслаштириш сиёсатини ўзларига хос усулларда олиб борганлар. 19-асрнинг охирги ўн йиллигида Туркистоннинг маданий-маърифий ҳаётида руслаштириш режасини янаям жадалроқ амалга ошириш ҳаракати авж палласига кирди. Рус-тузем мактаблари, гимназия, семинария, ҳарбий билим юртлари каби маорифий муассасалар очилиб, бу ерда рус болалари билан бирга ўзбек фарзандлари ҳам ўқитила бошланди. Уларни ўқитишдан мақсад ўзбек миллатининг тараққиётини таъминлаш эмас, аксинча, болаларни чор ҳукуматининг жойлардаги садоқатли гумашталарини, тилмочларини тайёрлашдан иборат эди. Ана шундай таълим кўрган тилмочларнинг моҳиятини умумлаштириб, Мустафо Чўқаев ўша дамларда бу сатрларни ёзган эдилар:

“Мустамлака ҳолида бўлган бир мамлакатда тилмоч маъмурлар у мамлакатнинг миллий манфаати нуқтаи назаридан энг зарарли, энг қўрқинчли махлуқлардир… Орада ўз юртдошларидан ришват олмоқчи бўлиб, идора бошлиғи билан биргалашиб ўз халқини, юртдошларини қийнаб, бўғиш… кенг юртимизни миллионларча халқи билан мустамлака қилиб босиб ўтирган рус режими ҳақида мана шу ўз халқимиз чиқиндилари – тилмочларга қараб ҳукм бериш мумкин эди”.

Тўғри, илк паллаларда, яъни 19-асрнинг 80-йиллари ўрталарида рус-тузем мактаблари ўлка бўйлаб кенг ёйила бошлаганда, маҳаллий зиёлилар бу ўқув юртида нажот кўргандай бўлганлар. Чунки эски мактаб ва мадрасалар замона илмларидан шу қадар орқада эдики, биргина руҳоний таълим билан энди халқни ғафлат уйқусидан уйғотмоқ, мамлакатни тараққий эттирмоқ, олға силжитмоқ мумкин эмасди. “Улкан руслаштириш режасини амалга оширишда мактаб катта аҳамият касб этиши лозим”, деган ғоя билан иш юритган Туркистон генерал-губернатори Розенбах даврида истилочи ҳукумат билан айрим ерли бойлар ҳам рус-тузем мактаблари ташкил этишда жонбозлик кўрсатганлар. 1884 йилнинг охирги ойида тошкентлик Саидғани Саидазимбой уйида ўзбек болалари учун биринчи рус-тузем мактаби очилган. Дастлаб бойлар ўз болаларини ўқитганлар, кейинроқ камбағаллар орасидаги қобилиятли болалар ҳам мактабга жалб қилинганлар. Бундай мактабларнинг сони орта бориб, 1911 йилда 89тага етган. Аммо бу мактабларда ўқитиш услуби шу қадар саёз бўлганки, буни ҳатто рус зиёлиларининг ўзлари ҳам тан олганлар: Самарқанддаги “рус-тузем ва соф русча мактаблардан ҳеч бири русча ёзиш у ёқда турсин, ҳатто тўғри ўқий оладиган бирорта ҳам маҳаллий халқ кишисини етиштиргани йўқ”, деб ёзган эди В.Бартольд. Исмоилбек Ғаспирали эса “Рус мактаблари татарлар учун бир ўлик муассаса кабидир –буни унинг назарий жиҳатдан қувватланган амалиёти ҳам исбот этмоқда”, деб ёзганлар. Маънавий устозининг фикрларига ҳамоҳанг мулоҳазани кейинроқ Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам баён қилганлар: “Русский-туземний мактаблариға ўқиганлар зиёли тугул, хиёли ҳисобланмайдурлар. Улар фақат русча чаласавод кишилардир”.

Илғор фикрли зиёлилар рус-тузем мактабларининг руслаштириш сиёсатидаги кучли қурол эканини англаб, маориф соҳасида янги йўл излай бошлаганлар. “Ақлни тилшунослик эмас, балки илмий асосдаги тарбия ривожлантиради: рус мусулмончилигига янги ҳаётни рус тили эмас, аксинча, унга энг осон ва ҳаққоний усулда сингдирилувчи илм-фан ато этади”, деган фикрни илгари сурган Исмоилбек Ғаспирали 1884 йилда “усули савтия” асосида тажриба ўтказиб, 40 кунда 12 боланинг хат-саводини чиқаришга эришганлар. Бу усулнинг ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан фавқулодда катта фойдасини ҳис этгач, уни кенг жорий этиш чораларини излаганлар. Ўз атрофларига хайрихоҳларни жамлаганлар, “Таржумон” газетаси орқали тинимсиз ташвиқ этганлар. Тез орада Кавказ турклари, Туркистон мусулмонлари орасида “усули савтия”нинг ўнлаб тарафдорлари пайдо бўлган. Минг нусхада чоп этилган “Таржумон”нинг 200 обуначиси айнан Туркистонда эди. “Жадид мактаби ташкил қилғонлар ҳам эски мактаб, мадраса ва қорихоналарнинг етиштирган кишилари эди. Улар ёлғиз Боғчасаройда чиқадурғон Исмоил Ғаспринскийнинг газетасини ўқидилар ва шу орқали мактабни яхши тушуниб, китоблар олдилар эди”, деб ёзган эдилар Мунаввар қори.

Янги мактаблар Туркистонда жадид маърифатчилигининг илк кўриниши бўлиши билан бирга то бу ҳаракат соф сиёсий қиёфа касб этгунга қадар ҳам ўз аҳамиятини йўқотмади.

Исмоилбек Ғаспирали 1885 йилда эълон қилган “Оврупо маданиятига бир назари мувозана” (Европа маданиятига бир бетарафона қараш) рисоласида дейдики: “Агар инсонларнинг кўражак сўнгги яшаш тарзи ва сўнгги маданияти бу бўлса, инсоният ниҳоятда толесиз экан”. Унингча, Оврупода ҳамма нарса бор, фақат ҳаққоният йўқ. Бу маданият қадим Рим маданияти асосига қурилган. У ахлоқан номукаммаллиги учун барбод бўлди. Унинг ўрнига капиталистик маданият келди. Уни фарзандлари социалистлар рад этдилар. Социалистик адолатсизлик эса ҳаммасидан ошиб тушди. Нега? Оврупо маданиятининг энг катта айби унда ҳаққоният йўқлигидир. “Оврупо бир кекса чолдир, тажрибаси кўпдир. Улуғ ёшига ҳурматимиз бор. Тажрибасидан ўрганамиз, лекин хатоларини такрорламаймиз. Мактабларини, университетларини бизлар ҳам қурамиз. Аммо ақлларимизни қанчалик ёритсак, юракларимизни шунча “ҳаққоният” билан тўлдирмоққа ҳаракат қиламиз. Оврупода нимани кўрсак, ёш боладек кўтариб чопмаймиз. Эсли-ҳушли инсонлардек “Бу нимадир?”, “Оқибати нима бўлади?”, “Виждон ва ҳаққоният уйғунми?” дея ақл тарозисига тортиб оламиз. Оврупо маданияти мулоҳазасиз қабул қилинавериши мумкин бўлган бир нарса бўлса эди, бу маданиятга Оврупонинг ўз вориси душман бўлмас эди. Яна бир такрорлайман: янги фанларини, кашфиётларини ва ижодларини, фойдали хизматларини инкор этмайман. Лекин ислом оламининг ислоҳот ва тараққиётга эҳтиёжи бўлган бир пайтда ҳеч бир мулоҳаза қилиб кўрмасдан Оврупога тақлид этиши ақлдан ҳисобламайман”.

Исмоилбек Ғаспиралининг бу ҳикматли гапларини унутмаслигимиз керак. Чунки Оврупога тақлид камлик қилиб, эндиликда ундан наридаги юртларнинг ёқимсиз маданиятига маҳлиё бўлиш касаллиги хуруж қилиб турибди. Биз, айниқса умидимиз юлдузлари бўлмиш азиз ёшларимиз донишманднинг “Бу нимадир?”, “Оқибати нима бўлади?”, “Виждон ва ҳаққоният уйғунми?” – деган саволини бир нафас ҳам унутмаслигимиз шарт.

Бундан юз йил олдин маърифатпарварлар бу саволларга жавоб топа олган эдилар. Оғир шароитларда, барча қийинчилик юкларини елкага олиб, миллат манфаати йўлида мактабдорлик қилган устозлар ҳақига доимий дуоларда бўлишимиз лозим.

Тошкент Давлат дорулфунунида узоқ йиллар дарс берган маърифатпарвар олим Юсуф Тоҳирий Абдулла Авлоний 1904 йилда очган мактабнинг ўқувчиларидан бўлганлар. Тоғамнинг 30-йилларга оид хотираларида бу зиёли одамнинг ёшларга ғамхўрлиги алоҳида эҳтиром билан тилга олинади. “Шаҳарнинг қарама-қарши чеккасида, темир йўл ишчилари истиқомат қиладиган Мирободда янги типдаги мактаб очилганлиги ҳақида эшитиб қолдик, – деб эслаган эдилар устоз. – Тез орада бу мактабнинг фазилатлари ҳақидаги шов-шувлар, унинг муаллими Авлонийнинг довруғи бутун шаҳарга тарқалди. Ҳамманинг тилида: “Мирободдаги мактаб 6 ойда ўқиш-ёзишни ўргатармиш, жўғрофия, ҳисоб, табиатни ўрганиш деган дарслар ўқитилармиш”, – деган гап юрар-ди. Бизга жуда сирли туюлган бу мактабни ва унинг донишманд муаллимини кўришга ҳаммамиз ошиқардик. Ниҳоят бир куни уч-тўрттамиз боришга жазм қилдик.

Мактаб пастаккина, ним қоронғу бўлиб, масжид йўлагига жойлашган эди. Хонанинг тепасидаги ёруғлик учун қолдирилган туйнукдан қиш ва баҳорда қор билан ёмғир тушиб турарди. Лекин хонада ўқувчилар ва ўқимоқ учун келганлар сони кўп эди. Хаёлимизда домланинг аллақандай бир сирли томони бор эди. Бизни қотмагина, кичик жуссали, қорачадан келган, истараси иссиқ, чўққи соқол бир киши кутиб олди. Бу номи тилга тушган муаллим Авлоний эди. Ўқишга қабул қилиндик. Кўп ўтмай кўз олдимизда янги бир дунё очилганига тўла ишонч ҳосил қилдик. Улар ўқиш-ёзишда, ҳисоб масалаларини ҳал этишда, табиат ҳодисаларидан хабардор бўлишлари, жуда кўп шеър ва ҳикояларни ёд билишлари билан ҳаммамизни лол қолдиришди. Айни замонда бизнинг эски мактабимиз бўшаб, Мирободдаги Абдулла Авлоний мактаби биздан борган болалар билан лиқ тўлди. Шу тариқа бу мактаб тобора шуҳрат топиб борди”.

Янги мактабнинг ўзига яраша харажатлари бўлади. Истилочи ҳукумат бу хайрли ишга сариқ чақа ҳам ажратмаган. 1914 йилда дастлабки театрлар вужудга кела бошлагач, томошадан тушган даромад маорифга ишлатила бошланди. Драма муаллифи, режиссёр, актёрлар маош олишмасди. Бугун тили билан айтилганда улар, “профессионал” эмасдилар. Абдулла Авлоний қурувчи-печкачи бўлганлар. Рус оилаларига рус печларини қуриб берганлар. Театрчиларнинг бири матбаада ҳарф терувчи бўлса, иккинчиси баққол, яна бири тикувчи ёки рангфурушлик билан шуғулланган. “Ойина” газетасидаги хабарга кўра (1914 йил, 17 май), Самарқандда намойиш этилган “Падаркуш” томошасидан 384 сўм 50 тийин йиғилган. Шундан 184 сўм 50 тийини сарф-харажатга: реквизит ва бошқа спектакль ташкилий унсурлари учун кетган. Қолган 200 сўм фойданинг 110 сўми мактаб ислоҳига, 35 сўм Жомбойда Бозорамин Ўринхўжа таъсис этган ва муаллим мулла Комил идорасидаги мактабга, 15 сўм Боғишамол мактабига, 15 сўм Бухорий қишлоқдаги Мулла Жўрабой мактабига. “Подшоҳлик городской училиша” мактабидаги мусулмон ўқувчиларга 25 сўм, 35 сўм эса муаллим мулла Абдулқодир мактабига ажратилган. Қўқон шаҳрига бориб “усули жадид” мактаблари фойдасига “Падаркуш” намойиш қилинганда 1298 сўм 50 тийинлик билет, 33 сўмлик “проғрам” сотилиб, жами 1331 сўм 50 тийин топилган. Шундан 727 сўм 10 тийин харажатларга сарфланиб, 604 сўм 40 тийин мактаблар фойдасига ўтказилган.

2014 йили миллий театримизнинг бир асрлик тўйи нишонланиши муносабати ила айрим тадбирларни кузатишимга тўғри келди. Театр актёрларининг тарихни билмасликлари, энг афсусланарлиси – билишга интилмасликлари каминани анча ранжитди. Улар тарих ҳақида гапирганларида Аброр Ҳидоятов, Шукур Бурхонов, Сора Эшонтўраева каби 5-6 актёрлар номини тилга олиш билан чекланишарди. Ёшроқ актёрлар билан суҳбатлашиб, “Падаркуш” спектаклининг маъноси ва мақсади ҳақида сўрадим-у, уларнинг билимсизлигини англадим.

Ҳозир бу нохуш ҳол ҳақида гапиравериб, сизларни толиқтириш ниятим йўқ. Бунинг нақадар аянчли эканини ўзингиз биласиз. Мен алҳол яна маориф мавзуига қайта қолай:

Янги усул мактабига истилочи ҳукумат зимдан қаршилик кўрсатгани сизларга маълум бўлди. Афсусли ери шундаки, диндаги жоҳиллар уларнинг ёрдамчилари бўлишди. Истилочи ҳукумат ўзига ёқмаган мактабларни уларнинг ёрдами ила ёпди. Бундай ҳужумга Абдулла Авлоний мактаби ҳам учраган. Ул ҳазрат таржимаи ҳолларида ёзадилар: “1915 йилда маҳалла халқи “домламиз “театрчи бўлди”, “масхарабоз бўлди” деб мени мактабдан қувиб, Миробод маҳалласидаги бошланғич мактабни ёпдилар”. Таниқли маърифатпарвар олимларимиздан бири, кўп йиллик умри Сталин қамоқларида ўтган Лазиз Азиззода Бегали Қосимов билан суҳбатда қадимчиларнинг Абдулла Авлоний ҳақида нолойиқ гапларни айтиб юришларини изтироб билан хотирлаган эканлар. Бу сатрлар маданиятсизлик, ахлоқсизлик намунаси бўлишдан ташқари туҳмат ҳам эди. Чунки Абдулла Авлоний фазилатли оиланинг фарзанди бўлганлар.

Абдулла Авлоний ҳақида тўлароқ маълумот тўплаш учун уйларига бордим. Ҳозирги Миробод маҳалласи ўрнида Мирнеъматбойнинг ҳовлиси бўлган экан. Тошкент босиб олиниб, Туркистон генерал-губернаторлигининг марказига айлантирилгач, Миробод шаҳарнинг янги – “рус” қисмига қўшиб олинган ва турли иморатлар, корхоналар қуриш учун бўлиб берилган. Шу зайлда “сапёрная”, “госпитальная” деган кўчалар пайдо бўлган. Даҳа эса “мирабадская” деб атала бошланган. Унинг биқинида кейинроқ “маломирабадская” дегани ҳам пайдо бўлган. Миравлонбойнинг икки ўғли – Абдулла ва Мирсиддиқ ҳам шу ердан ҳовли-жой қилганлар. Сапёрная кўчасидаги 70, 72, 74-уйлар қад кўтарган. Абдулла Авлонийнинг ўз қўллари билан қурилган, жуда кўплаб воқеаларга гувоҳ бўлган 74-уй кейинги йилларда шаҳарни қайта қуриш даврида бузиб ташланди. Маърифатпарвар ёзувчининг уй-музейини қуриш ҳақидаги барча ҳаракатлар самарасиз кетди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации