Электронная библиотека » Тоҳир Тоҳир Малик » » онлайн чтение - страница 26

Текст книги "Ҳаёт қайиғи (3 китоб)"


  • Текст добавлен: 16 мая 2023, 13:40


Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 26 (всего у книги 32 страниц)

Шрифт:
- 100% +
Энг улуғ хизмат
(Ўзбекистон ёзувчилари уюшмаси бошқарувининг котиби Тоҳир Малик билан суҳбат)

– Тоҳир ака, кеча мен сафардан қайтдим. Вилоятларда сизнинг вазифангиздан кетганингиз ҳақида, раҳбарият орасида чиқишмовчиликлар мавжудлиги ҳақида гаплар юрибди. Шу ростми?

– Қисман рост. Аммо пашшадан фил ясашибди. Тўғри, вазифани топшириш ниятим бор эди. Кейинги икки йил бадалида ижоддан узоқлаша бошладим. Бундай ҳолнинг ҳар бир ёзувчи учун шахсий фожиа экани сир эмас. Уюшма котибияти аризамни рад этиб, икки ойга ижодий таътил берди. Бу лутфдан хурсандман. Бироқ, ўзингизга маълум, икки ойда бирор нарса ёзиб бўлмайди. Қолаверса, қурултой яқин. Тайёргарлик ишларидан ўзимни олиб қочсам, ҳамкасбларимга нисбатан номардлик бўлар, деб ижодий таътилдан воз кечдим. Янги асар икки-уч ой кейинроқ битса, осмон узилиб ерга тушмас, деган қарорга келдим. Суҳбатдан фойдаланиб, аризам туфайли юзага келган ноқулайликлар учун устозлардан, ҳамкасблардан узр сўрайман.

Миш-мишларнинг иккинчи қисми мутлақо нотўғри. Раҳбарият орасида чиқишмовчиликлар бор, дейиш ғаламис одамларнинг иши. Тўғри, айрим масалаларда фикримиз бир хил бўлмайди. Бу ҳолларда Одил ака раҳбарлигида муросали тўхтамга келамиз. Лекин бундан ғаразли хулоса чиқариш керак эмас. Тавба, одамлар жанжалларга ўрганиб, жанжални қўмсаб қолишганми, ҳар бир идорадан ёмон гап ўрмалашини кутиб туришади. Ёзувчилар орасидаги, хусусан, уюшмадаги фикрлар курашини нотўғри талқин этмаслик керак. Ҳар бир одам (хусусан ёзувчи) она халқига қўлдан келганича, ақли етганича хизмат қилади. Ўзбекистонимизни тараққиётга олиб чиқишда ҳам барча бир йўл танламайди. Тараққиёт йўлларини барча ўзича кўради. Лекин бу ўзаро нифоққа асос бўлмаслиги шарт. “Фақат менинг йўлим тўғри, шу йўлдан юрмасанг – хоинсан”, дейиш бемаъни гап ва шукрки, уюшмамизда бундай фикр ҳукмрон эмас.

– Қурултой яқин, дедингиз. Сиз котиб ва ёзувчи сифатида ундан нима кутяпсиз?

– Қурултойнинг қандай шароитда ўтишини унутмаслик керак. Унга фақат ёзувчилар эмас, халқ ҳам кўз тикиб туради. Ватан учун масъулиятли дамда ёзувчилар нима дер экан, деб ҳар бир сўзимиз мағзини чақишади, ҳаракатимизни диққат билан кузатишади. Демак, биз майда-чуйда гапларимизни йиғиштириб, “масъулиятли оғир дамларда ёзувчининг ўрни қаерда ва ижоди, хатти-ҳаракати қандай бўлиши, уюшма бу даврда қандай ишлар билан шуғулланиши лозим”, деган саволга жавоб беришимиз керак.

– “Альтернатив” уюшма тузиш ҳақида ҳам гаплар юрибди?

– Мен бунга жону дилим билан қаршиман. Москвада шундай ишларга тайёргарлик бор. У ерда келишмовчилик яралари мадда боғлаган. Яширишнинг ҳожати йўқ, рус ва яҳудий ёзувчилар орасида аҳмақона низо келиб чиққан. Лекин бу ерда, ўзбеклар орасида шундай воқеа юз берса, яъни ўзбек ёзувчилари орасида ўзаро нифоқ келиб чиқса уят бўлмайдими, гуноҳ бўлмайдими?! Халқ ёзувчининг ҳақ сўзига илҳақ бўлиб турганида, унга ишониб эргашаётган дамда ажралишга киришсак қарғишга қолмаймизми?! Мен халққа хизмат қилишнинг турли йўллари бор, дедим. Менингча, бизнинг энг дастлабки ва улуғ хизматимиз – бир тан, бир жон бўлиш. Шахсий адоват, нифоқларга ўрин бермаслик. Бир-биримизни тушунишни, вақти келса кечиришни ўрганиш. Халқ катта тоғни ошиб ўтаман, деб турганида биз, ёзувчилар бир дўнглик атрофида машмаша қилиб ўтирсак, иснодга қоламиз-ку!

– “Уюшма керакми?” деган гаплар-чи?

– Бу масалада ҳам аниқ фикрим бор: уюшма керак! Халқимиз “Бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар”, “Айрилганни бўри ер”… деб бежиз айтмаган-ку? Уюшма қалам аҳлининг бошини қовуштиришга, гуруҳбозликка йўл бермаслик, ёзувчиларга ижод учун шароит яратиш, истеъдодли ёшларга эса кенг йўл очиш учун ҳам керак. Уюшма узоқ йиллар мобайнида ёзувчиларга нисбатан юқори раҳбариятга хизмат қилди. Энди уюшма юқорининг ёзувчиларни бошқаришидаги қуроли вазифасини ўтамаслиги керак. Кимки уюшма лозим эмас, деган фикрда экан, марҳамат, уюшмадан чиқиши мумкин. Ҳеч ким ёзувчини уюшмага зўрлаб олиб кирмаган, зўрлаб ушлаб турмайди ҳам. Шахсан мен ўзим “ёзувчилар уюшмасига қачон қабул қилишаркин?” деб йиллар орзу қилганман.

– Қурултойда уюшма таркиби, вазифаси ҳақида ҳам сўз борса керак. Раҳбариятда ўзгариш бўлиши кутиляптими?

– Буни қурултойга йиғилувчи 700га яқин ёзувчи ҳал қилади. Улар ишимизга баҳо бериб, хулоса чиқаришади. Лекин бир гапни ҳозир аниқ айтишим мумкин: раҳбариятда мен бўлмайман. Юқорида айтганимдай, бундан бу ёғига ижодий иш билан шуғулланишим керак. Жадидлар ҳаёти ҳақида каттароқ асар ёзмоқчиман. Шу фикрга келганимга ўн йилдан ошди. Бу вақт ичида қисман тайёргарлик кўрдим. Аммо турли сабаблар билан жиддий иш бошлай олмаяпман. Бу иш жуда кўп вақт, чидам талаб қилади. Раҳбариятга сайлов чоғида номзодим кўрсатилса (кўрсатиладими йўқми – Худо билади), қатъий рад жавоби бераман, устозларим ва ҳамкасбларим мени тўғри тушунишади, мени айблашмайди, ранжишмайди, деб ўйлайман.

– Қурултойга қадар уюшмада қандай ишлар олиб борилади?

– Қурултойга тайёргарликнинг ўзи бир олам иш. Асосий куч шунга қаратилади. Лекин ҳазрат Алишер Навоий, Бобораҳим Машраб, Фурқат, Фитрат, Миртемир, Ҳабибий таваллуд тўйларига тайёргарлик ҳам авж палласига чиқади. Андижонда Ҳабибий, Чимкент вилоятининг Иқон шаҳарчасида Миртемир устозлар шарафига тикланаётган уй-музей ниҳоясига етказилади. Хабарингиз бор, яқинда ёш ёзувчиларнинг семинар-кенгаши бўлиб ўтди. Бу тадбир изсиз кетмаслиги керак. Тошкентда ёш ёзувчилар учун икки йиллик Олий ўқиш ташкил қилмоқчимиз. Бу ўқиш Москвадаги Адабиёт институтининг икки йиллик курсига ўхшаб кетади. Ҳозирча ўқиш сиртдан бўлади. Семинар-кенгашда ижоди юқори баҳоланган ёшлар таклиф этилади. Уларни йилда икки марта бир ойдан ўқишга чақирамиз. Улар Ўзбекистон тарихи, мумтоз адабиёт, хориж адабиёти, замонавий адабиётдаги оқимлар… каби дарслардан маърузалар тинглайдилар, йўл-йўриқ оладилар. Ҳозир устоз олимлар ўқиш режасини ишлаб чиқишяпти. Ҳар ҳолда дастлабки ўқувчиларни йилнинг биринчи ярмида чақирсак керак.

– Суҳбатингиз учун раҳмат.

– Сизга ҳам раҳмат. Шу суҳбат баҳонасида ҳақиқатни ойдинлаштириб олдик. Суҳбатимиз насроний ҳисобдаги Янги йил арафасида бўляпти. Шундан фойдаланиб, барчани табрик этаман. Бутун ташвишлару аразлар шу йилда қолиб кетсин. От йилида бир-биримиз билан тепишганимиз етар. Янги – 1991 йилда бир-биримиздан лутфимизни аямай, очиқ чеҳра билан кўришиб юрайлик, деган хайрли тилакларимни билдираман.

* * *

Бу суҳбат нима сабабдан муҳаррирга маъқул келмади, билмайман. Ошкоралик даврида ҳар нарсани газета саҳифасига сочаверадиган дўстларимизнинг ўша ишларига ҳозир ҳам тушунмайман.

Тарихга доғ бўлиб тушган икки фожиа

Ёзувчилар уюшмасидаги фаолиятимга доир баённи якунлашдан олдин икки мудҳиш фожиани эслашим шарт.

1989 йил июнь ойининг дастлабки кунларида Фарғонада мутлақо кутилмаган, кўз-кўриб, қулоқ эшитмаган фожиали воқеалар бошланиб кетди. Якшанба куни рус шоираси Ольга Шевчук телефон қилиб, “Фарғонада ўзбеклар туркларни сўйишаётганмиш, бугун Тошкентда русларни қириш бошланаркан, биз нима қилайлик?” деб сўради. Ҳазиллашаяптимикин, десам, овозида йиғи оҳанги бор. “Гапингизга тушунмаяпман”, деган эдим, яна ўша титроқ овозда хавотирини баён қилди. Мен нима дейишни билмай, ҳар иккала хабарни кескин рад этдим. Тошкентга доир гап иғво эди, Фарғонадаги фожиа ҳақида расмий хабар эълон қилинмай туриб, одамлар оғзида миш-миш гуллаб кетди.

Эртасига ишга борганимда фожианинг батафсилроқ хабарини эшитдим. Менга Марказқўмдан қўнғироқ қилиб, “Пиримқул Қодиров қаердалар, тополмаяпмиз?” дейишди. Устоз кўпроқ Дўрмондаги ижод уйида бўлардилар. “Тез бориб олиб келинг”, деб топшириқ беришди. Шундай қилдим ҳам. Пиримқул акани Марказқўмнинг идеология котиби Мутал Холмуҳамедов чақиртирган экан. Пиримқул ака унинг хонасига кира туриб: “Кетиб қолманг”, деб тайинладилар. 2-3 дақиқада чиқдилар. “Қисқа суҳбат учун мени шунча югуртиришдими?” деб ажабландим. “Мен узримни айтдим, сиз ҳозир бошқалар билан бирга кирасиз, машина мени Дўрмонга олиб бориб қўйсин”, дедилар. Устознинг топшириқларини тушунмай қолавердим. Бу орада қабулхонага устоз ижодкор Малик Қаюмов, устоз олимларимиздан Музаффар Хайруллаев, Лазиз Қаюмов, Ўзбекистоннинг собиқ раҳбари Нуриддин Муҳиддиновлар кириб келишди. Мутал ака Фарғонадаги фожиани қисқа тарзда баён қилиб, “Халқни тинчитиш учун борсаларингиз яхши бўларди. У ерда вазият ғоят оғир, шу сабабли бориш мажбурий эмас, ихтиёрий”, деди. Бу гап деярли муҳокама қилинмади. Уруш даҳшатларини кўрган Малик Қаюмов, Нуриддин Муҳиддиновлар учун “вазият ғоят оғир” деган хавотирли огоҳлантириш мутлақо таъсир этмади. “Бунақа пайтда албатта боришимиз керак”, дейишгач, Марказқўм котиби “Ёзувчилар номидан Пиримқул ака ўрнига Тоҳир Малик борадилар”, деб изоҳ берди.

Самолётдан тушиш билан автоматлар билан қуролланган аскарларни кўриб кўнглим ғалати бўлиб кетди. Йўқ, қўрқмадим, лекин бу манзара менга чет элдаги қонли воқеаларни эслатди. “Ҳамма ёқни қуролли аскарлар босишган бўлса, балки отишгандир, бегуноҳ қонлар тўкилгандир”, деган фикр хаёлимни ёритиб, вужудимда енгил титроқ уйғонди.

Кўнгил хавотири бежиз эмас экан, аскарлар отишмаган бўлса-да, ундан-да баттар манзараларни – ёниб кўмирга айланган одам жасадларини кўрдим.

Бизни тўғри Марғилонга олиб боришди. Шаҳарга етгунга қадар бир неча чорраҳада қуролли офицерлар тўхтатиб, машинадан тушириб, биттама-битта бизларни тинтиб кўришди. Бу ҳолат ҳам мени ғашлантирди. Мен-ку, ёшман, машинадан тушавераман, лекин ҳам кекса, ҳам юртимизда ғоят баобрў бўлган одамларга “тушинглар”, деб буйруқ берилиши ва тинтув қилиниши кўнгилни хира қиларди. Бизни кутиб олган комсомол саркотиби буни тушунтирмоқчи эди рус офицери “Биз хизмат вазифамизни бажаряпмиз”, деб гапни калта қилди. Начора, бу рус офицери ўзини юртнинг хўжайини ҳисоблайди. “Халқнинг баобрў вакиллари” деган тушунчани эшитишни ҳам истамайди. Марғилонга етгунимизча кўчаларда қуролли аскарлар жуфт-жуфт бўлиб юришибди. Болалар учун бу манзара – текин томоша, велосипедларида улар атрофида айланишади, баъзан қийқиришади. Аскар йигитлар уларни ҳайдашади. Худо кўрсатмасин, бу шўх болалар сал ножўя ҳаракат қилишса, бу аскарлар “бизга ҳужум қилишмоқчи”, деган қўрқувда автоматлари тепкисини босиб юборишлари ҳеч гапмас. Уларга шундай эркинлик берилган. Айниқса, кечқурун, “комендант соатидан” кейин хавотирли ҳолатга дуч келиб кимнидир отиб ўлдиришса, айбдор бўлишмайди.

Ўша куни Марғилонда одамлар кинотеатр майдонига тўпланишганда ҳарбийлар уларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи заҳарли газ ишлатишибди. 1971 йили Ростов-Донда бўлганимда 10 йил олдин қўшни Новочеркаск шаҳрида норозиликларини билдириш учун кўчага чиққан ишчилар отиб ташланганини эшитган эдим. Марғилонда ўша фожиани эсладим. Агар заҳарли газдан кейин тарқалишмаса, ўққа тутилишлари мумкин эканлигини ўйлаб қўрқиб кетдим. Одамлар ниҳоятда асабий ҳолатда эдилар. Уларни алҳол заҳарли газ ҳам, автоматдан отилиши мумкин бўлган ажал ўқлари ҳам чўчитмасди. Улар адолатни талаб қилардилар. Лекин адолат нимадан иборат эканлигини ўзлари дуруст англамасдилар. Асосий фожиа Марғилон яқинидаги Қувасой шаҳрида бўлиб ўтганди. Турк йигитлари бир тожик йигитни уриб ўлдириб қўйишган экан. Бунақа жиноятлар аввал ҳам кўп бўлган, лекин унга сиёсий тўн кийдирилмаган. “Мустафо деган йигит Ҳамро деган йигитни пичоқлаб қўйибди”, дейилган ва қотил жазосини олган. Энди эса “турк тожикни” ўлдирди!” деб, қотил тезлик билан жазоланишини талаб қилишган. Ҳеч қайси замонда, ҳеч қайси мамлакатда қотил 2-3 кунда қўлга олиниб, ўша заҳоти қатл этилмаган. Жиноятни ўрганиш, фош этиш жараёни ойлар, баъзан йилларни талаб қилади. Лекин қувасойликлар бу қонун билан ҳисоблашишни истамаганлар ва айбдорларни ўзлари жазолашни бошлаганлар. Аниқроқ айтсам, мутлақо айбсиз одамларга зулм қила бошлашган. Бу жазо турклар яшайдиган уйларга ўт қўйишдан иборат бўлган. Мен ҳозир ўшанда эшитганимиз расмий маълумот баёни билан сиз-азизларни таништирдим. Аслида манзара бошқача бўлган. Бу қотиллик ҳам, уйларга ўт қўйишлар ҳам Москва томонидан уюштирилган. Бу фожианинг тепасида Қувасой аҳолиси эмас, москвалик корчалонлар туришган. Мен бу фикримни “Шайтанат”нинг 2-китобида баён қилганман. 5-китобда эса бир йил кейин бўлиб ўтган Ўш фожиасига доир ҳақиқатни ёзган эдим. “Мурдалар гапирмайдилар” романида Россия қамоқхоналарида бу фожиага тайёргарлик кўрилгани, туркларнинг уйларини ва ўзларини ёқишда рецидивистларнинг ҳаракатини батафсил тасвир этганман, балки хабарингиз бордир…

Биз аҳоли билан суҳбатлашиш учун Марғилон маҳаллаларига тарқалдик. Мен Нуриддин Муҳиддинов билан бирга бўлдим. Аҳоли, айниқса ёшлар, гапимизни эшитишни ҳам хоҳлашмасди. Нуриддин ака жуда маъноли гапирардилар, маҳоратли ва доно нотиқ эдилар. Лекин ёшлар у кишини танимаганлари учунми, гапларини эшитишни ҳам исташмасди. Баъзи жойларда мушт ўқталишгача боришди. Бу фожиа ташқаридан туриб усталик билан бошқарилаётган эди. Одамларни ғазабга келтирувчи иғволи миш-мишлар урчиб кетган эди. Бунга қўшимча равишда ваҳшийлик манзаралари акс эттирилган сохта фото-монтажлар тарқатилганди. Одамлар ясама фотосурат нима эканини билишмасди. Суратда кимнингдир боши кесиляптими – улар учун шунинг ўзи кифоя эди. “Иғволарга ишонманглар!” деган гапларимиз ҳавога учиб, сингиб кетаверди, одамларнинг юрагига етиб бориши қийин бўлди. Ҳайриятки, ҳаётнинг паст-баландини кўрган мўътабар отахонларимиз, онахонларимиз бор, биздан кўра уларнинг гаплари таъсирлироқ бўлди. Марғилондан кейин Қувасойга ўтдик. Шомдан кейин юришимизга ижозат берилмади. Устозлар меҳмонхонага жойлашишди. Мен опамдан хабар олиш учун шаҳар турмаси томон юрдим. Замира опамнинг уйлари шу турмадан бир кўча нарида жойлашган. Турмани қўриқлаш кучайтирилган. Лекин опамнинг уйларида ҳам, ҳовлисида ҳам чироқ кўринмайди. “Тошкентга кетишганмикин?” деб ўйладим. Дарвозага яқинлашганимда ичкарида шарпа сездим. Мени кузатиб борган йигит дарвозани қаттиқ тақиллатди. Ичкаридан овоз бўлмади. Йигит яна тақиллатмоқчи эди, тўхтатдим-да, “Улуғбек, мен – тоғангман”, деб чақирдим. Шундан сўнг дарвоза эшиги аста очилди. Ичкарига кирдим. Ҳаммалари ҳовлида ўтиришибди. Ўртада овчарка итлари. Қўрқувдан титрашмаса-да, гапиришга ҳоллари йўқ. Опамнинг қўшнилари турк эди. Уларни танирдим: ниҳоятда яхши одамлар эди. Фожиа бошлангач, опам қўшниларини ўз уйларига яширган эканлар. Иғвонинг яхши ташкил этилганига яна бир мисол: турклар яшайдиган барча уйларга, балки неча юз, эҳтимол кўп мингдир, белги сифатида рўмол боғлаб чиқишган. Рўмол боғланган уйларга бемалол ҳужум қилиниши, оила ўлдирилиши, ёқиб ташланиши мумкин бўлган. Фожиалар ҳақидаги тўғри маълуотларга қўшилган миш-мишлар барчаларини кучли қўрқувга солган эди. Ҳар дақиқада ҳужумни кутиб ўтиришганда дарвозанинг тақиллаши қўрқувларни янада оширибди. Мен уларни тинчитишга ҳаракат қилдим. Эрталаб яна маҳаллаларни айланишимиз лозим эди, шунинг учун озгина бўлса-да ҳордиқ чиқаришга муҳтож эдим. Опам ичкари уйга ёлғиз ўзимга жой солиб бердилар. Авваллари келганимда ёнимда ё поччам ё жияним бўларди. Бу сафар уйга киришга қўрқдилар. Мен деразаларни очиб юбордим. Кўзим чала уйқуда, хаёлим эса сергак: “Агар чап деразадан олов ташлашса, ўнг деразадан сакрайман…”деб мўлжал қиламан. Тонгни шу тарзда қаршиладим. Машина сигнал бергач, қариндошларим билан хайрлашиб, меҳмонхонага қайтдим. Нонушта пайтида Лазиз Қаюмов кутилмаган гапни айтдилар:

– Қўқонда ҳам шундай ҳаракат кучайибди. Бу ерда бўладиган иш бўлибди, энди Қўқондаги фожианинг олдини олишга боришимиз керак.

Бу истакни эшитган масъул ходимлар аниқ жавоб беришмади. Бизни “Обком” деб аталмиш идорага олиб боришди. Ҳамма ёқ бетартиб, худди яқингинада кучли қуюн босиб ўтгандай. Идора ҳовлисида тобут турибди. Тобутда куйган, аммо нечундир кафанланмаган жасад. Айтишларича, тобутни турклар кўтариб келишиб, обкомдан адолат ўрнатишни талаб қилишибди. Шаҳар бўйлаб туркларни излаб юрган ғазабнок тўдалар уларнинг обкомдан паноҳ топганларини эшитиб, бу томон оққанлар. Бундан хабар топган раҳбарият шошқич равишда туркларни автобусларга ўтқизиб, ҳарбий аэродромга жўнатганлар. Ғазабнок тўда ҳовлида туркларни кўрмагач, ичкарига яширинишган деб, хоналарга бостириб кирган. Айрим ходимлар, ҳатто биринчи котиб қўрққанларидан эшикларини ичидан қулфлаб олганлар. Тўда очиқ эшикдан ичкари қараб, турк кўринмаса, индамай нари кетган, ёпиқ эшикларни эса тепиб синдирган. Биринчи раҳбарнинг эшиги ҳам шу сабабли синдирилган экан. Мени бир нарса ажаблантирди: мазкур идорани ҳимоя қилиши лозим бўлган қуролли аскарлар тўдага қарши ҳеч қандай чора кўрмаган, уларнинг йўлини тўсмаган.

Тушлик таомга йўл олганимизда бизларни шаҳар аэропортига олиб боришди.

– Вазият кескинлашяпти, сизларнинг бу ерларда бўлишингиз, ҳаётингиз учун хавфли, – деб Тошкентга қайтариб юборишди. Қўқонга бориш ҳақидаги гапимизга жавоб шу бўлди.

Аэропортда турганимизда олдинда ҳарбийларнинг БТР машинаси, орқадан эса автобуслар карвони кўринди. Автобус ойнагидан биз томон боқаётган ғамли кўзларга қарай олмадим. Ёши катталар учун бу икки фожиа эди. Биринчиси – Месхетиядаги ўз иссиқ гўшаларидан ҳайдаб чиқарилган эдилар. Ўзбеклар бағрида иккинчи ватанни топгандилар. 45 йил муқаддам қизил вагонларга ҳайдаб чиқарилганларида қаёққа боришларини, тақдирлари не бўлажагини билмаган эдилар. Ҳозир ҳарбий самолётларга чиқариб қаёққа етказишади… Жабрдийдаларнинг маҳзун чеҳраларига қараш жизғанаги чиққан жасадга қарашдан ҳам оғирроқ эди…

Кечга томон Қўқонда ҳам тартибсизликлар бошланганини уйга қайтгач, Москва телевидениесидаги хабардан билдим. Бу ҳолатни кейин “Шайтанат”да баён қилдим:

* * *

– Сиз қаёққа кетмоқчисиз?-деб сўради Элчин.

– Ҳозирча Адлерга. Кейин ўйлаб кўраман. Балки ота юртимга борарман. Балки Сочида дам оларман. Хўп, де, мен билан бирга кетавер.

– Ўйлаб кўрай… Шу туришимизда ҳозир оҳанрабонинг икки қутбига ўхшаб қолибмиз. Сизни қон ота юртга тортяпти, мен эсам ота юртни ташлаб чиқиб кетишим керак.

– Сафсатангни қўй. Ота юртимнинг “Зелихон қачон келаркин?” деб кўзи учиб тургани йўқ. Мени Қувасойда ёки Фарғонада кўрган бўлишлари мумкин. Анави хунаса Селим эсингдами, шулар ёлғон гувоҳлик ҳам бериб юборишдан тоймайдилар. Ғалвалардан четроқда юра турай. Кейинроқ қайтиб келаман. Сен ҳам, мен ҳам оғайни, бу дунёга ўлим билан беркинмачоқ ўйнагани келганмиз. Ўлим тўр ташлайди, биз эса чап берамиз, ўлим йўлларимизга қопқон қўяди, биз эса зийраклик қилиб сакраб ўтиб кетамиз. Оғзимизни очиб лалайдикми, тамом!

Зелихон шундай деб соатига қаради:

– Телевизорни қўй, “Время”ни кўрайлик-чи?

Бир неча дақиқадан сўнг Фарғонадаги фожиалар ҳақида хабар берила бошлади. Мухбир жангарилар тушган катта юк машинаси Қўқон сари катта тезликда бораётганини хавотир билан баён қилар эди. Вертолётдан туриб олинган тасвирда калтаклар билан “қуролланган” йигитлар кўринди. Мухбир уларнинг гиёҳванд эканликларини қайта-қайта таъкидлади.

– Вой галварслар! – Зелихон шундай деб тиззасига урди-да, ўрнидан туриб кетди. – Эшитяпсанми? Гиёҳвандлар экан?! Тўғри, наша чекиб, балки устидан ароқ ҳам ичиб олишгандир бу хумсалар! Қараб тур, улар Қўқонга эсон-омон етиб олишади. Кейин ўша ерда тўполон бошланади.

– Нега жаҳлингиз чиқяпти, ёлғон гапиряптими?

– Рост гапиряпти! Лекин бу хумсаларни нима учун тўхтатишмаяпти?! Қара, тепадан вертолёт билан кузатиб боришяпти. Вертолётни пастлатсин, болаларнинг кайфи учиб қочиб қолишади. Йўлга биттагина тракторни кўндаланг қўйсин, қаёққа ўтишади булар? Сен банкни уриб шу йўлдан қочгин, қанча юришга улгураркинсан? Йў-ўқ, кимгадир керак бу. Кимдир шу болаларнинг Қўқонга етиб боришини истаяпти. Ўлим тўрини ёйиб турибди буларга, булар эса нодон қушга ўхшаб ўзларини тўғри шу тўрга уришади. Булар тўрга чап беришни билишмайди.

Зелихон шундай деб телевизорга яқинлашди-да, муштлади. Тасвирдаги машина бир сапчиди-ю, сўнг йўлида давом этаверди.

– Сиз бировлардан гумон қиляпсиз. Ким қилади бу ишларни? Қирғин кимга керак?

– Агар сиёсатчи бўлганимда калламни ишлатиб, сенга аниқ жавоб берардим. Мен оддийгина ўғриман. Ҳамиша гумонда юриш менинг касбим. Бировга ишонган куним мен тамом бўламан. Бир одамдан эшитганман –сиёсатни фоҳишага ўхшатган. Сиёсат бировга вафо қиладиган нарса эмас экан. Шунинг учун ҳам саволларингга ҳеч ким, ҳеч қачон жавоб бера олмайди.

* * *

Зелихон телевизорни жаҳл билан муштлаган маҳалда Асадбек ўз уйида аъёнлари қуршовида ўтирар эди. У ҳам мухбирнинг гапларидан ғижиниб, сўкинди. Кесакполвон эътиборсиз ҳолда, Чувринди эса жағини муштига тираб, диққат билан қулоқ тутарди. Мухбирнинг сўзлари тугаб, Москвадаги Олий кенгаш сессияси уланди. Фарғонага келиб кетган раҳбар депутатлар талаби билан сўзга чиқиб тушунтириш бера бошлади. “Жанжал қулупнайдан чиқди”, деб ишонтирмоқчи бўлганида Асадбек унинг етти пуштини ўқиб ташлади.

– Маҳмуд, – деди у, – ҳозир шу телевизорни қанча одам кўриб турибди?

– Бир-икки юз миллион бордир? – деб жавоб берди Чувринди, диққатини бўлмаган ҳолда.

– Бир ўзи шунча одамни аҳмоқ қила оламан, деб ўйлаяптими?

– Гапига ишонмаяпсанми? – деди Кесакполвон суҳбатга қўшилиб.

– Сен ишондингми?

– Ишондим нимаю ишонмадим нима?

– Ҳа, сенга барибир. Сен ишқи йўқ эшак, дарди йўқ кесаксан…

* * *

Фарғона фожиасидан роппа-роса бир йил ўтгач, Ўш фожиаси бошланди. Бу фожианинг кўлами кенгроқ бўлиши баробарида ваҳшийлик даражаси ҳам юқори эди. Фожиага қандай тайёргарлик кўрилган, қандай бошқарилгани ҳақида “Шайтанат”нинг 5-китобида баён қилганимни балки биларсиз. Ўшга Одил Ёқубов билан Пиримқул Қодировлар боришди. У томондан Чингиз Айтматов келиб, ваҳшийликлар оқибатини ўз кўзи билан кўрди. Чақалоқнинг газ плитасида куйдирилганини эшитиб, ҳожатхонада ишлатилган Қуръони Карим варақларини кўриб “Ҳайвонлар!” деб юборди. Буни 2-3 одамнинг орасида эмас, Ўш телевидениесида айтди. Бундан хабар топган Фрунзедаги қирғиз депутатлари ёзувчидан норози бўлиб, тушунтириш беришни, халқдан узр сўрашни талаб қилдилар. Чингиз оға уларнинг йиғинида сўзга чиқдилар, аммо уларнинг талабини бажармадилар, аксинча, “Биз ўзбек оғайнилардан узр сўрашимиз керак”, мазмунида сўзладилар. Устозлар Ўшга кетишган куни бир гуруҳ зиёлилар сафида Фрунзега жўнадим. Олимлар, санъаткорлар ва ёзувчилардан иборат вакола Қирғизистон раҳбарияти билан учрашиши ва бу мамлакатда тарқалган миш-мишларнинг мутлақо ёлғон эканини қирғиз халқига маълум қилишлари лозим эди. Бизни Қирғизистон Компартияси марказқўми идеология котиби Медедбек Ширинқулов кутиб олди. Танишув маросимида одатига кўра, “ўзбек дўстларимиз” деган иборани тез-тез такрорлади. Сўзини тугатгач, мен луқма ташладим:

– Медедбек оға, сиз “ўзбек дўстларимиз”, дедингиз. Биз “қирғиз дўстларимиз” демаймиз. Биз қирғизларга дўст эмасмиз…

Бу гапдан кутиб олувчи мезбонлар ҳам, ўзимизникилар ҳам ҳайратга тушишди. Бошлаган гапимнинг хунук оқибатини тасаввур ҳам қилдилар шекилли. Мен эсам, оҳангни ўзгартирмаган ҳолда давом этдим:

– Қирғизлар бизга дўст эмас, қирғизлар бизнинг жигарларимиз, бовурларимиз, бир қориндан талашиб тушган қариндошларимиз. “Дўст” дейиш бир-биримиздан узоқлаштириб қўяди.

Бу хулосадан сўнг йиғилганлар чеҳрасини мамнунлик нури ёритди. Ўша куниёқ Қирғизистон раҳбари Апсамат Масалиев ҳузурида бўлдик. Бу киши ҳам дўстлик ҳақида умумий гапларни узоқ гапирди. “Бу нотинчликнинг сабабчиларини қидириб топамиз”, деди. Лекин мамлакат раҳбари сифатида ўзининг ҳам айби борлигини айтмади. Бу киши Ўшнинг Лайлак районидан, ўзбеклар ва қирғизлар орасидаги муносабатни яхши билгани учун ҳам фожианинг олдини олиш чорасини олиши шарт эди.

2000 йили Юнусободдаги шаҳидлар хотираси мажмуасининг очилишида муҳтарам президентимиз билан бўлган суҳбат чоғида Ўш фожиасига доир савол берганимда фожиа бошланмай туриб Апсамат Масалиевга телефон қилиб “Ўшдан таҳликали хабарлар келяпти, учрашиб, бир чорасини кўрайлик”, деган таклифларига “Ҳозир вақтим йўқ, пленумга тайёргарлик кўряпман”, деган жавоб эшитганларини айтдилар. Ким нима деса десин, қайсидир мамлакатда қандайдир фожиа юз берса, билвоситами ёки бевоситами – биринчи раҳбарнинг айби бўлади. Раҳбар зиммасидаги масъулиятига юзаки қарагани учун фожиа юз беради, шундай эмасми?

Йиғинда мен ҳам фожиага доир фикрларимни айтдим. Масалиевнинг “Айбдор ким эканини ҳозирча билолмаяпмиз”, деган гапини такрорлаб, “Асосий айбдор ким эканини мен айтишим мумкин”, деб бир нафас сукут сақладим. Шу гапни айтишим билан Масалиевнинг қоши учганини сездим. Бу ҳолатда сўз ўйинига ҳожат йўқлигини англаб, давом этдим: “Асосий айбдорнинг номи – “Водка”, қирғизлар ҳам, ўзбеклар ҳам “ароқ” дейишади. Ўшдаги ваҳшийликларни маст одамлар қилгани аниқ-ку? Эси бутун одам бунақа ваҳшийлик қилмайди-ку? Биз одамларимизни, айниқса, ёшларимизни бу балодан асрамас эканмиз, бу каби фожиалар қўзиқориндек қайнаб чиқаверади… Бизларнинг боболаримиз тоғлардаги ўтовлардами ё Андижондаги уйлардами қимизхўрлик қилиб, ширин ва маъноли суҳбатлар қурганлар. Бугунги авлод эса ароқхўрликдан мияси айниб бир-бирининг қонини тўкяпти. Тўғри, яқин ойлар ичида қотиллар ва ваҳшийлар аниқланиб, жазога тортилади. Лекин мен айтган асосий айбдорни унутиб қўймаслигимиз керак”.

Бу гапим ҳаммага ёқди, баъзилар бу ҳақда ҳазил оҳангида, баъзилар жиддий тарзда сўзладилар. Кечки пайт меҳмонхонадаги зиёфат чоғида қадаҳларга ароқлар қуйилганда Ширинқулов мен томон кулиб қаради:

– Тоҳир оға, бугун рухсат беринг, эртадан ичишни ташлаймиз.

– Ичишни мен таъқиқлаган эмасман, рухсат беришга ҳақ ҳаққим йўқ. Лекин бир нарса аниқки, эртага ҳам, кейинги йилга ҳам ичишни ташламайсизлар, – дедим.

Гапимни ҳазилга олиб, кула-кула ичдилар. Энг муҳими – қирғиз ва ўзбек халқининг мустаҳкам дўстлиги учун ичдилар. Кошкийди, ароқ ичиб қилинган ниятлар амалга ошса…

Масалиевнинг ҳузуридан чиқиб, Қирғизистон Фанлар академиясига бордик. Ваколамизни улуғ олимларимиздан академик Пўлат Ҳабибуллаев бошқардилар. У дамда Аскар Акаев Қирғизистон ФАнинг Президенти эдилар. Академиклар орасида қирғизларга нисбатан рус олимлари кўпроқ экан. Аскар Акаевга қадар президентлик лавозимида ҳам фақат рус олимлари бўлган экан. Аскар Акаев Москвадаги депутатлар йиғинида бир неча марта жиддий масалаларда сўзга чиққач, қирғиз халқи орасида обрў-эътибори ортиб кетган эди. Шу обрўси туфайли у кейинроқ Қирғизистон Президенти бўлди.

Академиядаги йиғинда рус олими “Фарғонадаги фожиаларга қачон сиёсий баҳо берилади?” деб сўради. Пўлат ака олимгина эмас, дипломат ҳам эканлар, бу саволни чуқурлаштирмай, енгил-елпи жавоб билан ўтиб кетдилар. Мен олим ҳам, дипломат ҳам эмасман, шу сабабли ижодкорга хос ўхшатиш билан дангал жавоб бера қолдим:

– Сиёсий баҳони ким, қачон ва қай тарзда беришини билмайман-у, аммо ўзимнинг таҳлилимга суяниб гапира оламан: агар Фарғона ва Ўш фожиаларини қўрқинчли кинотомошага ўхшатсак, ҳар икки томошанинг сценарий муаллифи бир – Москва, постановкачи режиссёри ҳам бир – Москва, асосий ролларни ҳам Москва танлаган актёрлар ижро этган. Бу “актёрлар” Сибирдаги қамоқ лагерларида махсус дарсларни олганлар. Фақат эпизодик ролларни, киночилар тили билан айтганда – “массовка”ни маҳаллий аҳолига беришган.

Эрта тонгда бомдодни ўқиб, ҳукумат меҳмонхонасининг арчазорида сайр қилдим. Қирғизистонга аввалги сафар келганимда бир манзара кўнглимга ғулғула солганди.

Қирғиз халқининг улуғ шоири (улуу демократ акыны) Тўхтағул (Токтогул Сатылганов) таваллудининг 125 йиллиги муносабати билан ўтказилган халқаро анжуманга Турсунбой Адашбоев, Шавкат Раҳмон билан бирга борган эдим. Қирғизлар бу шоирларини ғоят қадрлайдилар. Мамлакатдаги энг катта ГЭСни унинг номи билан аташлари бунга далил. Мен бу шоирнинг номини билардим, ижоди билан Фрунзе шаҳрига боргач танишдим. Бизга унинг “Қандай аял тууду экен, Лениндей уулды” (Какая мать родила такого сына, как Ленин”) деб номланган китобини бердилар. Диққат билан танишиб чиқдим. Тўхтағул қозоқларнинг Жамбул ёки Абай каби улуғ оқинлари каби экан. Қирғизистон раҳбарияти бу тадбирни ўтказишга ғоят катта аҳамият берди. Хорижда истиқомат қилувчи қирғизлар, туркиялик адабиётшунослар ва Совет иттифоқида яшовчи барча туркий халқлар ижодкорларининг вакиллари таклиф қилинди. Чингиз Айтматов билан учрашиб, Одил ака, Шукрулло ака, Пиримқул аканинг саломларини етказдим. Якунловчи мажлисда каминага ҳам сўз бердилар. Шоир ижоди ҳақида сўз бошлаб, туркий халқлар, хусусан, қирғиз-ўзбек ижодкорларининг алоқаларига, “Манас” улуғ шоиримиз Миртемир ва Султон Акбарий ҳамда Турсунбой Адашбоев таржимасида ўзбек ўқувчиларига етиб борганига тўхталдим. Сўзим охирида, мавзудан сал четга чиқсам-да, руслар қадимги шаҳарлари номларини тиклай бошлаганларини айтиб, Фрунзе шаҳрига ҳам навбат келяпти, дедим. “Тошкентда Пишпак (Пишпекская) кўчаси бор. Фрунзе шаҳри аввал шундай аталган экан”, деган гапим барчага маъқул келди. Қирғиз зиёлилари ҳам шу таклифни кун тартибига қўйган эканлар, мен бундан бехабар равишда уларга ҳамфикр бўлибман. Кўп ўтмай Фрунзе ўрнига Бишкек номи берилди.

Меҳмонларни Тўхтағул туғилиб ўсган қишлоққа олиб бордилар. Ўш йўлидаги тоғлар орасига жойлашган бу қишлоқ автобусда қарийб бир кунлик йўл экан. Юзга яқин автобус карвони тонгда йўлга чиқди. Мен Шавкат Раҳмон ва Ўзбекистон композиторлар союзи раиси Жабборов билан бир автобусга чиқдик. Ўнга яқин қирғиз ижодкорлари бизга ҳамроҳ бўлди. Ҳар бирлари 2-3 сумка билан чиқдилар. “Бунча кўп юк нимага керак экан?” деб ажабландим. Кейин билсам, бу ижодкорлар меҳмонларни зериктирмаслик, оч қолдирмаслик, ташна қилмаслик вазифасини бажаришлари шарт экан. Сумкалар ароғу коньяк, гўшту қимиз билан тўла экан. Тоғ йўлларида тўхталмасдан юрилгани учун зиёфат автобусда давом этаркан. Шаҳардан чиқиб, тоғ йўлига ўтиш билан сумкалар очилди. Ўзбекистонлик уччала меҳмоннинг ҳам ичмаслигини билиб мезбонлар аввалига ажабланишди, кейин ортиқча мулозимат қилиб ўтирмай, ўзлари бошлаб юборишди. Буни бизда “Олинглар меҳмонлар, ҳаддинглар ўзимизники”, деган мақол билан изоҳлайдилар. Мен ўзимизнинг айрим ҳамкасбларимиз қаттиқ ичадилар деб оғриниб юрсам, қирғиз дўстларимиз бу борада анча илғор эканлар. Кун бўйи автобусда ичдилар, Тўхтағулга етиб боргач, кенг яйловга тикилган юзга яқин ўтовларга жойлашдик. Ҳар бир ўтовга хизмат қилувчилар бор. Тайёрлаб қўйилган ароқларни қандай ичиб адо қилиш мумкин билмайман-у, бироқ, бўш ҳовузга қуйиб, лиммо-лим тўлдириб маза қилиб чўмилиш мумкин эди. Бу ароқлар юзта филни йиқитиши мумкин эди, аммо меҳмону мезбонларни йиқита олмади.

Оқшомда стадионда чиройли тадбир бошланди. Шоирнинг шеърларини ўқидилар, манасчиларнинг ҳикояларидан эшитдик. Дилга ёқимли қирғиз куйлари янграётганда бирдан чироқ ўчди. Йигитларнинг қийқириғи янгради. Элликка яқин отлиқ йигитлар “иййув-иййув” қичқириғи билан стадионга ёпирилиб кирдилар. Томоша режиссёрининг фикрича, бу ҳолат тарихий воқеаларга ўтиш манзараси экан. Қиличларини ўйнатиб, отларни елдирган йигитлар турли машқларни намоён этдилар.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации