Электронная библиотека » Тоҳир Тоҳир Малик » » онлайн чтение - страница 15

Текст книги "Ҳаёт қайиғи (3 китоб)"


  • Текст добавлен: 16 мая 2023, 13:40


Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 15 (всего у книги 32 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Дардимни кимга айтишни билмай юрганимда Сарвар Азимов чақиртириб суҳбатлашдилар, кўнглимни кўтарадиган гапларни айтдилар. Сўнг қўлёзмани олдилар. Хориж сафарига отланган эдилар, қўлёзмани ўзлари билан ола кетиб, таҳрир қилиб келибдилар. Таҳрир услублари Асқад Мухторники каби экан. Кўп қисқартирмаганлар, кўп бўямаганлар. Балки усталик билан айрим сўз ва жумлаларни “юмшатганлар”. Асар номидаги битта сўзни ўзгартирганлар “турган” ўчирилиб, “қолган” деб ёзилган. Сарвар аканинг таклифлари билан айрим исмлар ҳам ўзгартирилди. “Мадаминбек” – “Холиқберди тўра”, “Холхўжа қўрбоши” – “Норхўжа” бўлди. Шу тарзда цензура эътироз билдирадиган жойлар силлиқланди. Масъулиятни Сарвар ака зиммаларига олгач, асарни босишга йўл берилди.

Ўша кунлари адабиётшунос олим Салоҳиддин Мамажонов ишхонамга қўнғироқ қилиб, “Бошқа хонадан менга телефон қилинг”, дедилар. Қайта боғланганимда асарга тегишли саволлар бердилар. Кейин билишимча, нозик идорамиз баҳсга сабаб бўлган гумонли асарларни 3-4 мутахассисга ўқитиб, фикрларни ўзаро солиштиргач, сўнг якуний хулосага келар эканлар. Салоҳиддин ака “Гап–лашганимизни биров билмасин”, деб огоҳлантирдилар. Асарни яна кимлар ўқиганини, қандай фикрлар билдирилганини билмайман. Ҳар ҳолда хулоса ижобий бўлди-ку, шунисидан қувондим.

Асар босилгач, табриклаганлар ҳам бўлди, ичдан куйганлар ҳам учради. Бир куни Маҳмуд Саъдий қўнғироқ қилиб:

– Фалончи олим, Пистончи ёзувчи билан муносабатингиз қанақа? – деб сўрадилар.

– Муносабатим яхши, иккови кеча уйимда меҳмон бўлишди, – дедим.

Чиндан ҳам шундай бўлган эди. Пистончи ёзувчи билан кўп йиллик дўст эдик. Гарчи Москвага “Тоҳир Маликнинг китоби чиқишга ҳали арзимайди”, деб хат ёзган бўлса-да, дўстлик ипларини узмаган эдим. Фалончи олим эса кечаги зиёфатда тоғамни роса мақтаган эди.

– “Чорраҳа…” ҳақида мақола ёзишибди. Сизни миллий маҳдудликда айблашибди. Ўзаро муносабатингиз билан ишим йўқ. Лекин мақоласи ярамайди. Эҳтиёт бўлиб юринг, бунақа бетамизлар яна бордир…

 
“Таниш-билишларнинг юкин орқалаб,
Дунёмиз кексаяр шонсиз, шарафсиз!”
…Фикринг ёришади, руҳинг тўлишар,
Таниш-билишларсиз яша дунёда
масхара қилишар, кулишар.
Ғазабингни сочгин, муштингни қисгин,
Бақиргин – барибир бўлмайди нафи.
Ҳужумга ўтасан, қайтарар кескин
Таниш-билишларнинг чўяндай сафи.
Тепангдан қарашар “тўнка”лар…
Гоҳ куласан, гоҳо уҳ-ҳ дейсан ёниб.
Мастона жилмайиб ўтар тентаклар
Таниш-билишларнинг бўйнига миниб.
Асаб ҳам сирқирар,
кетар-да сабот,
сени телба қилиб қўяр ёнишлар.
Мақсадга етасан,
       мана,
             ниҳоят,
шеърингни ўқийди (ўқимас)
       фақат танишлар…
 
(Шавкат Раҳмондан)

Кўп ўтмай газетада Машраб Бобоевнинг “Хуш келибсан, Рҳақ” деган мақолалари босилди. Мақола менга очиқ хат тарзида ёзилиб, асар ҳақида ижобий фикр билдирилганди.

Азизлар, шу пайтга қадар ўзимни ўзим роса мақтадим, “…ўзини мақтар” деган мақолни ҳам эслагандирсиз. Бу сафар ижозатингиз билан бошқаларнинг мақтовига ўрин бермоқчиман:

“Сизга бундай хат ёзаман, деб ўйламаган эдим. Лекин “Шарқ юлдузи”(8,9,10-сонлари) журналида эълонқилинган “Чорраҳада қолган одамлар” фантастик қиссангизни ўқидиму хат ёзиш истаги туғилди.

Қисса ўзбек фантастик прозасида олдинга ташланган янги, жиддий бир қадамлиги билан ҳам қимматлидир.

Эсингиздадир, бундан етти-саккиз йил аввал “Фалак” қиссангизни нашрга бирга тайёрлаган эдик. Адабиётимизда фантастик асарлар анча илгари туғилган, ўзингиз бир неча асар ёзган бўлишингизга қарамай, “Фалак” – биринчи ҳақиқий ўзбек фантастик қиссаси эди. Чунки мазкур қисса ўзигача яратилган асарлардан мавҳумлик, “сирлилик”, “вазнсизлик”, фазовийликдан фарқли ўлароқ, ерга тушган – она тупроққа илдиз отган, яъни миллий материал асосига қурилган эди. “Чорраҳада қолган одамлар”, гарчи орада бир неча асар ёзган бўлсангиз ҳам, “Фалак”дан кейинги жиддий ютуғингиз, деб ўйлайман.

Қиссада Танг сайёраси ҳақида, Бухорода инқилобий уйғонишлар даври, босмачилик ҳаракати ҳамда ўттизинчи йиллар охиридаги колхоз қурилиши ҳақида гап кетади.

Аввало, Танг сайёраси ҳақида гаплашайлик. Сайёрада цивилизация камолга етган. Тараққиёт шу даражада ўсиб, одамлар ўзларидан шу қадар узоқлашиб кетганки, энди орқага қайтиб бўлмайди. Уларнинг ягона нажот йўли – ҳалокат эканлигига китобхонда шак-шубҳа қолмайди. “Юксалиш учун ишлаш, ишлаш учун юксалиш” шиоригагина амал қилиб яшайдиган сайёра аҳолиси ҳар қандай инсоний туйғудан маҳрум. Ана шу сайёра донишмандлари Еримизнинг келажагини ўрганиш мақсадида экспедиция юборади.

Биринчи экспедиция иш олиб бораётган пайтда чорраҳадаги одамларнинг бир тоифаси кўрсатилади. Булар Бухоронинг инқилобий кайфиятдаги ёш зиёлилари, “Ёш бухороликлар”. Танг сайёрасининг вакили Рҳақ юксак тараққиётга хос идроки билан бу ёшлар орасидан фақат Сабоҳиддин ва Салимхўжагина катта интилиш билан яшаётганини англайди. Одам кўп, уларнинг олийжаноб баландпарвоз гаплари кўп, лекин ўзлари бетайин, фақат чиройли гаплар айтиш учунгина яшаётган одамлар. Улар – чорраҳада қолган одамларнинг дастлабки тўдаси. Уларнинг энг катта фожиаси ҳам – ғофиллигида. Шундай фожиани очиб бориш – Сизнинг катта ютуғингиз.

Биринчи чорраҳа – биринчи имтиҳондан икки киши омон чиқади. Уларнинг бири Салимхўжа, тўғри йўл танлаб, бошқа адашмайди. Иккинчисида – Сабоҳиддин, гарчи ниятлари пок бўлса-да, тўғри йўлни танлай олмайди.

Сабоҳиддиннинг янглиш танлаган йўлидаги чорраҳада одамларнинг иккинчи гуруҳига дуч келамиз. Йўқ, буларнинг ҳам ҳаммаси адашган эмас, улар орасида Сабоҳиддиннинг акаси Жамолиддин, Холиқберди тўра, Зайниддин ҳожи каби тўғри йўлни танлай оладиганлар бор. Лекин энг ачинарлиси шундаки, Жамолиддин укасига айтганидек, “пешонадаги кўзи очиқ, лекин юрак кўзи сўқир” одамлар уларнинг ортидан эргашмайдилар. Бу билан ўз тақдирларини янада чалкаштириб, фожиаларини чуқурлаштирадилар. Сабоҳиддиннинг фожиаси ҳам ана шу одамлар ичида бошланади.

Сиз Сабоҳиддинни бошданоқ шундай тасвирлайсизки, ўқувчи бу покиза, илмли, маданиятли йигитни дарров яхши кўриб қолади. Унинг оила шаъни деб одам ўлдиришига ҳам, хайрихоҳ бўлмаса-да, ҳар ҳолда қораламайди, бу “жиноят”дан “кўз юмиб” ўтиб кетади. Ўқувчининг бу меҳри Сабоҳиддин алдоқ тўрига маҳкамроқ ўрала боргани сари унга ачинишни ҳам кучайтира боради. Нега шундай маърифатли йигит найрангни кўрмади, ўзини ўзи ҳалокат домига тутиб берди? Чунки у мутаассиб эди. Шу мутаассиблигидан замон нафасини, юрак уришини ҳис қилмади. Дастлаб Салимхўжанинг, кейинчалик акасининг саъй-ҳаракатларига қарамай, кўзи очилмади, жоҳиллигича қолиб кетди. Маърифатли одамни жоҳил дейиш қизиқ, лекин начора, бор гапдан кўз юмиб бўладими! Ҳозирги куннинг ўзида замондан орқада қолиб кетган, лекин ўзини зиёли деб ҳисоблаб юрганлар озми? Сабоҳиддиндаги ана шу қарама-қаршилик – маърифатли одамнинг жоҳиллигини кўрсатиш ҳам Сизнинг ютуғингиз.

Ёвуз кучлар – Султонмуродхон, Норхўжа қўрбоши, Аҳмад дев ва бошқалар, уларнинг ҳийла-найранглари, босмачилар қароргоҳидаги зиддиятларга тўла ҳаёт шошилмасдан, ортиқча ҳис-туйғуларсиз, холис тасвирланган. Манзара, ҳолатлар тасвирида ҳам, қаҳрамонлар характеристикасида ҳам, гап-сўзларда ҳам ҳақиқий ўзбек тили, унинг ранглари, колорити барқ уриб туради. Буни алоҳида таъкидлаш керак. Чунки кейинги пайтларда асар материали, ғоясига эътибор кучайгани ҳолда, унинг тили, миллийлиги масалалари бир оз назардан четда қоляпти.

Сабоҳиддин билан мулоқотда бўлган бу гуруҳдан Жамолиддин, Холиқберди тўралар эътиқоди мустаҳкамлиги, юрак кўзи сўқир эмаслиги, замон нафасини ҳис қилганликлари учун адашмадилар. Тўғри, хиёнат туфайли улар ҳам ҳалок бўлишди, лекин инсоннинг асосий ғалабаси унинг жисмоний эмас, маънавий ғолиблигида.

Сабоҳиддин бу гуруҳ ичида юриб, энг оғир жазони тортади: ишонган одами унга акасининг бошини тортиқ қилади. Бу воқеа Сабоҳиддиннинг юрак кўзи энди очила бошлаганида юз беради, йигит ақлдан озади.

Девонага айланган Сабоҳиддин энди бизни янги бир гуруҳнинг ичига олиб киради. Бу гуруҳ – ўттизинчи йиллар охиридаги колхоз одамлари ҳамда қишлоққа ишга келган врач оиласидан иборат. Қишлоқда юз берадиган воқеаларда иштирок этадиган одамларнинг ҳар бири ўзининг қиёфаси, ўз характерига эга. Асқарали, Исҳоқ ота, бахтсиз Сабохон… Уларнинг тақдири ҳам ғалати. Улар айри-айри ҳолича чорраҳада тургани билан, ҳаммасини бирлаштирадиган йўл бор. Шунинг учун ҳам улар Сабоҳиддинга ўхшаб ҳалокатга учрамайди.

Маълумки, ўттизинчи йилларнинг охири, шахсга сиғиниш даврининг энг таранглашган пайти эди. Қиссада жуда қисқа, жуда нозик имо-ишоралар билан мана шу даврнинг характеристикаси яратилади. Шо–азизнинг Рҳақ қайтиб келгандаги муомаласи, Девонанинг куёви, раиснинг яқин ўтмиш ҳақидаги титраб-қақшаб айтган гаплари, Дилмуроднинг қайнатаси тарихига кўп ўрин ажратилмаган бўлса-да, лекин тарихимиздаги катта бир даврнинг шиддатини очиб беради.

Қиссанинг яна бир бошқа фазилатлари ҳақида ҳам гапираверса бўлади, лекин унинг бош фазилати – Рҳақ тақдирининг қандай ҳал этилганлиги. Рҳақ ерда асосан кўнгилсиз воқеаларнинг шоҳиди бўлади. Унинг сайёрасида эса ҳамма нарса тўкис. Одамлар бир-бири билан уришиб-сўкишмайди, қийналмайди, изтироб ҳам чекмайди. Лекин, Рҳақ қисса охирида қадрдон сайёрасига қайтиб кетмайди. Мана шу – серғалва, серташвиш ерда, тиниб-тинчимаган, доим қайгадир, нимагадир интилаётган одамлар орасида қолади. “Юксалиш учун ишлаш, ишлаш учун юксалиш” ғоясидан бошқа бирон ташвиши йўқ ҳиссиз сайёрадан воз кечиб, катта ҳаёт кечираётган, катта туйғулар билан яшаётган одамлар ичида қолиш – Рҳақнинг катта ғалабаси. Уни мана шу қарорга олиб келиш – Сизнинг ғалабангиз.

Бу хатни ўқиган киши, эҳтимол, мени бир оз ошириб юбормаяптимикин, қисса шу қадар мукаммалмикин, деб ўйлар. Йўқ, қисса нуқсонлардан ҳоли эмас. Сабоҳиддиннинг Норхўжа тузоғидан чиқиб кетишга интилиши бир оз заифлиги, айрим диалоглар чуқур илмий, лекин асарнинг бадиий табиатига хос бўлган ҳис-туйғудан маҳрумлиги, Сабохоннинг Дилмуродга бўлган севгиси қаршиликка учраган заҳоти аввалги эри билан топишиб кетиши сингари қиссанинг умумий савиясига таъсир кўрсатадиган нуқсонлар китоб нашрга тайёрланиши жараёнида тузатилишига ишончим комил. Бу ишонч Сизнинг меҳнатдан қочмаслигингиз, асарларингиз устида доим иш олиб боришингизни яхши билганимдан туғилган.

Хуллас калом, Сизни адабиётимиз, хусусан фантас-тик прозамизни бойитадиган янги жиддий асар билан табриклайман. Ижозат берсангиз, хатни қаҳрамонингиз Рҳаққа мурожаат билан тугатсам:

– Ҳамма нарса камолига етган, лекин инсоний ташвиш, инсоний ҳис-туйғудан маҳрум сайрангни тарк этиб яхши қилдинг, ҳали ками-кўсти кўп, лекин келажаги порлоқ Еримизга хуш келибсан, Рҳақ!”

1983 йилнинг 1 январь куни. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида босилган бу мақола бошим устидаги ташвиш булутларини тарқатиб юборди. Енгил нафас олдим. Бу асарга Ғафур Ғулом номидаги мукофот берилгач, пинҳона тош отишларга ҳам барҳам берилди. Фалончи олим ва Пистончи ёзувчи дўстларимиз миллий маҳдудликда айблаб ёзган мақолаларини “Биз асарни нотўғри тушунган эканмиз”, деб қайтариб олибдилар. Худо инсоф берибди, шунисига шукр.

1983 йил январининг 13-куни тоғам Зуҳрахон янгам билан бизникига келишди. Бу ҳаммамиз учун кутилмаган қувончли ташриф эди. Чунки тоғам қариндошлариникига одатда бирон маросим ёки тадбир баҳонасида келардилар. Тоғам мени бағриларига босиб “Баракалла, жияним”, дедилар. Бу мақтовнинг сабабини англамадим. Аяжоним ҳам тушунмай: “Нега мақтаяпсиз?” деб сўрадилар.

– Қаламимнинг меросхўрини мақтайман-да, – дедилар тоғам кулимсираб. – Ўғлинг ёзган қиссани ўқидингми? Ана шунақасан-да, ўқимайсан-да! Ўқимасанг ҳам майли, дуо қилавер, мартабаси баланд бўлсин. Ақлли ёзувчи туғиб берганинг учун мен сени дуо қиламан.

Асарнинг қўлёзмасини тоғамга бермаган эдим. Журналдан ўқибдилар. Шунчаки кўз ташламаганлар, синчик–лаб, муҳаррир кўзи билан ўқиганлар, ҳар бир саҳифада 2-3 жумлага қалам урганлар. Баъзи жумлаларнинг тагига чизиб, “Ўзбекларда бундай дейилмайди”, деб танбеҳ берганлар. Баъзи ҳошияларга “Аъло фикр! Баракалла!”, “Жуда яхши. Баланд мақом гаплар. Баракалла!” деган мақтов сўзларини ҳам ёзиб қўйганлар. Сўнгги саҳифага эса талабчан устознинг меҳри билан: “Яхши! М.Калон. 12.01.83” деб баҳо қўйилган.

Тоғам аяжонимни ажаблантириб, қайтишга шошилмадилар, узоқ ўтирдилар. Кўпроқ мен билан суҳбатлашдилар. Асарнинг яхши ва заиф томонларини гапирдилар. Танбеҳларининг охирида:

– Толстойни бир ўқиб чиққин, – дедилар.

– Ўқиганман, – дейишга дедим-ку, аммо нодонлик қилганимни кейинроқ англадим.

– Яна бир марта ўқий қол, – дедилар тоғам, нодонлигим учун танбеҳ бермай.

Бу насиҳатга амал қилиб, тоғам таржима қилган “Анна Каренина”ни ўқий бошладим. Адашмасам, бу тўртинчи марта ўқишим эди. Аммо бу сафар астойдил ўрганиш мақсадида синчиклаб ўқидим. Толстойни ўқий туриб, ўзимнинг камчиликларимни аниқ кўра бошладим. Тоғам “яхши!” деб сал ошириброқ баҳо қўйганларини англадим. Ўзимга ўзим “-3” баҳо қўйиб, асарни қайта ишлашни бошладим. Кўп жойларни деярли қайта ёздим. Қаҳрамонларнинг руҳий ҳолатига кам эътибор берган эканман, энди асосий эътиборни шу камчиликни тугатишга қаратдим. Асарни жиддий таҳрир қилиш шу билан ниҳоясига етмади. Мустақилликнинг эркин шабадалари эса бошлаб, “цензура” деган сиёсий назорат барҳам топгач, асарни яна қўлга олдим. Цензура йўл қўймаган саҳифаларни тикладим. Шунинг баробарида Туркиянинг Чаноққалъа бўғозидаги урушни ҳам тасвирладим. Асарнинг дастлабки номини (“Девона”) тиклаб, “Танланган асарлар”нинг биринчи китобига киритдим. Сўнг алоҳида ҳолида ҳам нашр эттирдим. Кейинги йиллардаги Афғонистон, Ироқ, Ливия, Суриядаги фожиали воқеаларни кузата туриб, асарни яна қўлга олиш, давом эттириш фикри туғилди. Аллоҳ қувват ва ғайрат берса, эҳтимол бу режа ҳам амалга ошар.

“Чорраҳа…”нинг ташвишлари бошланмай туриб, Аллоҳ менга қувончли кунларни ҳам берди. Ригадаги учрашувда С.Азимовдан “Ёшлик” журнали ҳақидаги хушхабарни эшитиб, унинг биринчи сонида иштирок этишни орзу қилган эдим. Орзунинг ярми ушалди. “Бир кўча, бир кеча” деб номланган қиссани оққа кўчириб, Эркин Аъзамга бердим. Ўқиб, маъқуллашди. Лекин таҳрирга шу даражада берилиб кетишибдики, бўялмаган саҳифа қолмабди. “Шу даражада бўш ёзибманми”, деб аввал ўзимдан ранжидим. Кейин таҳрир билан танишиб, ёш дўстларимдан ҳам хафа бўлдим. Чунки таҳрирларининг аксарияти ўринсиз эди. “Агар шундай бўлса, бу қисса ҳеч қаерда чиқмайди, эҳтимол ёзувчиликни бутунлай ташларман”, дедим.

Бўялган қўлёзмани уйга олиб келиб ташлаб қўйдим. Саъдулла Аҳмад Омон Мухторовнинг янги романига тақриз ёзиб беришимни таклиф қилган эди. Журналнинг биринчи сонида кўриниш тақдирда бор экан, шу тақриз билан иштирок этдим. Эркин Воҳидов воқеадан хабар топиб, учрашган чоғимиз: “Аразламанг, биз асарга харидор бўлганмиз, албатта берамиз, таҳрирдан норози бўлсангиз, қабул қилманг”, дедилар. Бу гапдан кейин қўлёзмани машинкада қайта кўчирдим. Ўринли таҳрирларни олдим. Асар журналнинг 3-сонида босилди. Шу кунга қадар турли китобларда қайта-қайта нашр этилди.

“Шарқ юлдузи”да сезиларли ўзгаришлар бошлангани билан чет-четдан тош отишлар тўхтамаган эди. Қайсидир куни уюшмада катта мажлис белгиланганди. Мажлисга келувчиларнинг айримлари ишлари бўлса, таҳририятга кириб келишарди. Умарали Норматов ўша куни Бош муҳаррир хонасига кириб кетдилар. Мажлис бошлангач, минбарга чиқиб, сўз орасида “Шарқ юлдузи”ни танқид қилдилар. Ҳафиз Абдусаматов бунга чидай олмай, ўша заҳоти сўзга чиқдилар:

– Мен ўртоқ Норматовга тушунмай қолдим, ярим соат олдин хонамга кириб, “Сиз келгандан бери журнал анча яхшиланди”, девдилар, энди бу ерда бошқача гапиряптилар. Қайси гаплари тўғри?!

Ҳафиз ака танқидларга индамай кетадиган тоифадан эмасдилар. Бир куни уюшма раҳбариятининг мажлисида Мирмуҳсин ака “Сарвар Олимжонович келганларидан бери ҳаво анча тозаланди”, деган гапни икки-уч марта айтгач, Ҳафиз ака ўринларидан туриб кетдилар:

– Ҳаво тозаланди деганингиз нимаси? Ҳаво ўн еттинчи йилдан бери тоза! – деб масалага сиёсий баҳо бериб қўя қолдилар.

Мирмуҳсин ака С.Азимовни мақташ билан ундан олдинги раҳбар Комил Яшинни усталик билан ёмонлаган эдилар. Яшиншунос бўлган Ҳафиз ака бунга чидаб тура олмадилар.

“Шарқ юлдузи”да ишлаган биринчи йилим меҳнат таътилига ижозат тегмади. Ташкилий ишлар кўп бўлгани учун ўзим ҳам қаттиқ талаб қилмадим. Бир ой таътилга кетсам, камида ярим йиллик иш тўпланиб қолиши мумкин эди. Кейинги йили ноябрь ойида Ригадаги ижод уйига бориш учун йўлланма олдим. Олдинги сафар ижодий ишларим яхши юришгани учун шу жойни танладим. Йўлга отланганимда Л.Брежнев вафоти ҳақида хабар тарқалди. Аэропортда ҳужжатларимни расмийлаштиришга навбат кутиб турганимда техник муҳарриримиз келиб, “Ҳафиз ака чақиряптилар, тез қайтар экансиз”, деди. На илож, қайтдим. Мамлакат раҳбарининг вафотига доир расмий маълумотлар журналнинг айнан шу – ноябрь ойи сонида берилиши шарт эди. Саҳифалаб бўлинган журнални қайта териш талаб этиларди. “Звезда востока” журналининг масъул котиби “Бошидан охиригача қайта саҳифалаш керак”, деди. Мўлжаллаб қарасам, расмий маълумотлар фотосуратни қўшганда 17 саҳифани ташкил қилар экан. 16 саҳифа – бир босма табоқни ташкил этади. Агар маълумотлар шу доирага сиғса, журналнинг фақат шу қисми қайта саҳифаланади. Ҳам вақтдан ютилади, ҳам босмахонага тўланадиган жарима миқдори камаяди. Одатда раҳбарларнинг сурати бир саҳифага берилса, орқа томони бўш қолиши керак эди. “Звезда востока” шундай режалаштирибди. Мен расмий хабарни суратнинг орқа томонига жойлаштирган эдим, қолганлари бир босма табоққа сиғди. “Звезда востока”дагилар бунга кўнишмади. Бундан хабар топган Ҳафиз ака ҳам суратнинг орқа томонини бўш қолдиришни талаб қилдилар. “Орқасида ёзувлар бўлса, суратга доғлар тушар экан. Бу хавфли нарса. Сталиннинг суратига бир нуқта тушиб қолгани учун қамаб юборишган экан”, дедилар. “Брежнев Сталин эмас, ҳеч ким эътибор бермайди”, десам ҳам талабда қаттиқ турдилар. Мен “хўп” дедим-у, ўзимнинг билганимдан қайтмадим. Саҳифаларни жой-жойига қўйиб, ярим кечада уйимга қайтдим. Мени Болтиқ денгизи соҳилида сайр қилиб юрибди, деб ўйлаган аяжоним, дадажоним ажабланишди. Хоним-афандим эса табиийки, қувондилар. Самолёт чиптаси ҳам, йўлланма ҳам куйди. Болтиқ денгизи бўйидаги “ижод уйи” яна ўз маҳалламга қайтди. Ҳатто Дўрмондаги ижод уйига боришга ҳам имкон топилмади.

Камина ҳал қила олмаган муаммо

Турли сабабларга кўра, таҳририятда янгиланиш давом этаверди. Ҳайдарали Ниёзов Адабиёт жамғармасига раҳбар бўлиб ўтиб, ўринларига Худойберди Тўхтабоев келдилар. “Гулхан” журналининг муҳаррирлиги Абдулла Ориповга топширилди, Суннатулла Анорбоев ўрнига Омон Мухторов келдилар… Ниҳоят, навбат Бош муҳаррирга етди: Ҳ.Абдусаматов Санъатшунослик институти раҳбарлигига лозим топилди. Бу янгиликни шоир акамиз Шукруллодан эшитдим. Юқори давралардаги воқеалардан ҳамиша бохабар бўлиб юрадиган акамизнинг янгиланишдан мамнун эканликларини гап оҳангларидан сездим. Янги муҳаррир номини эшитиб, беихтиёр:

– Яна адабиётшуносми? – деб юборибман.

– Адабиётшуносларни ёқтирмайсанми? – деб сўрадилар.

– Гап менинг ёқтиришимда эмас, бу журнални Одил акага ўхшаган обрўли адиблар бошқаргани яхши бўларди.

– Одил акангни қўйишса қани эди!

Янги раҳбарни (исмларини ўзгартириб “Тошмат ака” дейман) эртасига таништиришди. Маросимда Сарвар Азимов ва Марказқўм маданият бўлими мудири Азиз Тўраев иштирок этдилар. Таомилга кўра, “самарали ва фидойи меҳнати учун” эски раҳбарга миннатдорлик билдириб, янгисига муваффақият тиланди. Ҳаяжонини яширолмаган Тошмат ака “Партия томонидан билдирилган юксак ишонч учун” раҳмат айтиб, ҳаётдаги устозлари Сарвар Олимжонович ва Азиз Оппоқовичга “боши ерга теккунча таъзимда” эканини тантанали равишда билдирди. Бу икки устоз икки қаноти экани ҳам ўшанда аниқ бўлди. Ожиз банда! Акахонимиз “икки қанот” танлашда андак шошдилармикин, ҳар ҳолда, орадан йил ўтар-ўтмай бу қанотлар қирқилиб, янгиларини қидиришга ҳожат сезилди. Қанотларни янгилаш Тошмат ака учун муаммоли масала эмасди. Икки эътиборли раҳбарни қанот деб эълон қилишдан аввал унинг яккаю ягона устози Ҳамид Ғулом эдилар. Ҳ.Ғуломга СССР Давлат мукофоти берилиши муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда Тошмат ака маъруза қилиб, адибнинг Иккинчи жаҳон уруши давридаги фаолияти ҳақида гапира туриб: “Ҳамид Ғулом уруш пайтида республика радиосининг етакчи диктори эдилар. Ўқиган хабарлари билан халқни руҳлантириб турардилар. Шунинг учун ҳам Адольф Гитлер “Совет Иттифоқини енгган куним Ҳамид Ғуломни Кремл деворига осаман”, деган эди”, деганларида ҳамма бу ёлғондан таажжубга тушган эди. Москванинг диктори Левитан ҳақида шундай гап юрарди ва бунга ишониш мумкин эди. Лекин ўзбек радиосининг дикторидан Гитлернинг қўрқиши ёки ғазабланиши ақл доирасига сиғадиган гап эмасди… Бундай одамлар халқда “бебурд” аталадиким, киши ўзини тарбия этмай, бу иллатдан қутула олмаса, эл аро беобрў бўладир.

Тошмат ака билан кўп йиллик танишлигимиз бўлгани билан яқин эмасдик, яъни бир дастурхон атрофида сира улфатчилик қилмаганмиз. Таҳририятдаги муомаламиз ҳам иш юзасидан эди. Акамизнинг биринчи қилган ишлари котибани чақирадиган жарангли электр қўнғироқ ўрнатдилар. Таҳририятда котиба вазифаси йўқ эди. Матн кўчирувчи аёллардан бирига бу вазифани юкладилар. Қўнғироқнинг овози шу даражада кучли эди-ки, жаранги 3-қаватга кўтарилиб, раҳбарларга ҳам эшитилар экан. Ҳамид Ғулом, Мирмуҳсин, Ҳ.Абдусаматов ишлаган даврларида ёшми-кексами – фарқи йўқ, ёзувчилар эшикни тақиллатиб, тўғри кириб бораверардилар. Энди Бош муҳаррирга киришдан олдин котиба орқали рухсат сўраш тартиби белгиланди. Бир куни андижонлик шоир акамиз Восит Саъдулла қўлда сигарет билан кириб келдилар. Етмиш ёшни қоралаётган шоир билан салом-алик қилиш ўрнига:

– Сигаретингизни ташлаб киринг, киришдан олдин котибадан рухсат олиш керак, – деб танбеҳ бердилар.

– Ҳой, нима деяпсан, мен сени табриклагани кирувдим, – дедилар шоир, тутақиб.

– Табригингиз учун раҳмат, лекин тартиб бор.

Уруш кўрган кишиларнинг ғазаби тез олов олади. Восит ака чапаничасига сўкиб юбордилар:

– Сен сўтак, устозинг билан бирга урушда менга рўпара келганингда икковингни пешонангдан отардим!

– Ўйлаб гапиринг, менинг устозим – партия!

– Бекор айтибсан, агар партия устозинг бўлганида одамга ўхшаб муомала қилардинг.

Восит ака бақира-бақира чиқдилар. Бир оздан сўнг қайтиб келдилар: “Мана, сигаретимни ташлаб кирдим”, дедилар-да, хумордан чиққунча сўкдилар. Эсли одам учун бу воқеа бир ибрат бўларди. Лекин мансабпарастлик иллати кўзи олдига парда тортилган одамга таъсир қилмас экан.

Бир куни янги муҳаррир мени чақиртириб, иш юзасидан сўз бошлаб, кейин гапни бирдан бошқа томон буриб юбордилар:

– Тоҳир Қаҳҳор билан муносабатингиз қандай, мен уни яхши йигит деб юрардим, кеча сизни роса мағзавага булаб ташлади.

Бу янгиликдан ҳайратга тушдим. Чунки Тоҳир билан муносабатимиз жуда яхши эди. Тоҳир тўғрисўз йигит эди. Ичида гап сақламасди, қўполроқ тарзда бўлса ҳам, тўғрисини айтарди. Ярим соатдан сўнг таҳририятнинг мажлиси бўлиши керак эди, шу сабабли Тоҳир билан гаплашишга фурсатим бўлмади. Бироқ мажлисда бу ҳақда сўз айтиш имкони туғилди. Таҳририятдаги интизом ва ўзаро аҳиллик ҳақида гап очилганда дедимки:

– Тарихдан биламиз, энг қудратли давлатларни ноаҳиллик емириб адо этган. Шундай кучга эга бўлган бу иллат бир кичик жамоани қандай аҳволга солиши мумкинлигини тасаввур этиб кўрайлик. Камчиликсиз одам йўқ. Менинг ҳам каттами-кичикми хатоларим бор. Хато-камчиликларни дўстлар айтиб, тузатишга ёрдам беришлари керак. Танбеҳингизга қулоқ солмай, ўжарлик қилсам, мана бундай мажлисда юзимга айтиш керак. Даҳлиздами ё хоналардами гапириш ёки Бош муҳаррирнинг бошини қотириш дўстликдан эмас, бу ғийбатга киради, ғийбатдан иғвога, иғводан фитнага ўтилади. Мен Тоҳир Қаҳҳорга қойил қолмадим. Кўп йиллик дўст эдик, Бош муҳаррирга кириб ғийбат қилишингиз шартмиди?

Тоҳир аччиқланса гапиролмай қоларди. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Шарт ўрнидан турди-ю, кўзларини катта-катта очганича туриб қолди. Кейин дудуқлана-дудуқлана гап бошлади:

– Қачон кирибман? Қачон ғийбат қилибман? Нима дебман?

– Қўйинглар, бу гапни кейин алоҳида гаплашамиз,–деди Тошмат ака.

– Йўқ, ҳозир айтинг, Тоҳир акани сизга қачон ёмонладим?

– Бўлди, майдалашмайлик, – деди Тошмат ака саросималаниб.

Тоҳир яна талабини такрорлаган пайтда телефон жиринглади. Тошмат ака гўшакни қулоғига тутиб, кейин менга узатдилар. Қулоқ тутсам, аҳли аёлим. Ўғлим Шерзод бир неча кундан бери бетоб эди. Йиғламсираган овозни эшитиб, юрагим тўхтаб қолгандай, баданимга муз югургандай бўлди. Одатда аёллар пашшадан фил ясашни ёқтиришади, бизнинг хоним-афандим бу борада жуда илғорлар. Ваҳима бобида кўп хотинларга дарс беришлари мумкин. Бу қобилиятларини ҳозир, қариган чоғларида ҳам йўқотмаганлар.

– Шерзодни “сариқ касал” дейишди. Ҳозир касалхонага ётқизишимиз керак экан…

Гўшакни эгасига узатиб, узр сўрадим-да, шошганча чиқиб кетдим. Ўғлимни шифохонага жойлаб, топилиши қийин бўлган дориларни излаш билан овора бўлиб, шу куни ишга қайтмадим. Эртасига хонамда ўтирсам, Тоҳир даҳлизда у ёқ-бу ёққа юряпти. Одатда хона эшиги доим очиқ турарди. Даҳлизга чиқиб у билан кўришдим. Хонамга қайтганимда Тоҳир изимдан кирди:

– Кеча гап чала қолди: мен сиз ҳақингизда ҳеч кимга, ҳеч нима демаганман.

– Буни биламан.

– Лекин ишонибсиз-ку? Ишонмаганингизда мажлисда гапирмасдингиз.

– Ишонмадим, аммо ҳайрон бўлдим. Мажлисда гапиришим – менинг хатоим, кечирим сўрайман.

– Йўқ, айтганингиз яхши бўлди. Тошмат аканинг қанақалигини ҳамма билди. Мен у аблаҳни устоз деб, соясига салом бериб юрардим. Бунақа қилиғини билмаган эканман. Энди… гапни охиригача айтадиган бўлсам… сиз ҳам мени унга рос-са ёмонлаган экансиз… Мен ҳам ишонмадим.

Тоҳирнинг мендан афзаллиги шундаки, иғвога ўралган ғийбат гапни эшитганда дарров ноғора қоқмабди. Бу борада мендан кўра фазилатлироқ экан.

Тошмат аканинг бу иллатга кўпдан бери банди эканини кейинроқ билдим. Унинг Марказқўмда оз муддат ишлаганидан кўпчилик ажабланганди. Шу оз муддат ичида айрим ходимларни бир-бирига душман қилиб қўйибди. У хонадан бу хонага суқилиб киравергани учунми, шу оз муддат ичида “сувилон” деган лақаб ҳам олган экан.

Иғво тўрини тўқишдан чарчамаган Тошмат ака бошқа қилиқ чиқарди. Ёзувчилар уюшмасида машинкада матн кўчирувчи гўзал қизга ишқи тушиб қолибдими, ҳар нечук мени ҳузурига чақириб, “Фаридани ишдан бўшатиб, шу қизни оламиз”, деб талаб қўйди. Фарида таҳририятда кўп йиллардан бери хизмат қилувчи оқила ва одобли аёл эди. Эри аввал қамалиб, сўнг вафот этиб, ёш болалари билан бева қолганди. Унга шафқат қилиш, ёрдам бериш ўрнига бундай аҳмақона қарорга келишига чидаб туролмадим. Фикридан қайтаришга уриндим, аҳдидан қайтмагач, “унда гўзал қизни менинг ўрнимга ола қолинг”, деб ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзиб чиқиб кетдим. Уч кун ишга келмадим. Тўртинчи куни “техред” деб аталувчи ходим Муҳаммаджон келди.

– Қўлёзмаларни эртага топширмасак, босмахонадан балога қоламиз. Юринг, сизни олиб кетгани келдим.

– Акангизнинг ўзи топшираверсин. Мен ариза берганман.

– Аризангиз ҳақида гап йўқ. Сарвар ака сўраган эканлар, “касал ётибди”, дебди. Ўтган куни ҳамма қўлёзмаларни олиб, стол устига ёйиб қўйган, нима қилмоқчилигини билмайман.

“Бургага аччиқ қилиб, кўрпа куйдирмай”, деб бордим. Раҳбарнинг хонасига кирдим. Ҳеч гап бўлмагандай кўришди, “қаерда юрибсиз?” деб сўрамади ҳам. Бу саволни кечки пайт Зоҳир акадан эшитдим: “Қаерда юрибсиз, сизнинг ўрнингизга одам қидиряпти-ку?” дедилар ажабланиб.

Муҳаммаджон айтганидай, қўлёзмалар столи устида сочилиб ётган экан.

– График бўйича эртага топширишимиз шарт, – дедим.

– Топширинглар, менинг хонамга нега ёйиб қўйдинглар? – деди.

Қўлёзмаларни тартиб билан тахлаб, индамай чиқиб кетдим. Пешинда Шавкат Раҳмон билан кўришдим:

– Сарвар ака сўрадилар, тинчликми?

Бўлган гапни айтиб бердим. Шавкат Тошмат ака билан кўп йиллар бирга ишлаган, унинг табиатини биларди, шу сабабли аҳволимга дарров тушунди.

– Бу билан олишиб юрманг, Сарвар акага кириб тушунтиринг.

Эртасига қўлёзмаларни топширгач, Сарвар Азимов ҳузурига кирдим. Тошмат ака мендан олдин кириб, “Ишни эплай олмаяпти, босмахонадан шикоят кўп”, деган маънода гапириб, номзодларни ҳам айтган экан. Шавкат эса мендан эшитганларини маълум қилган экан, шикоятга ҳожат бўлмади. Сарвар ака ҳам майдалаб суриштирмадилар.

– Уюшманинг вилоят бўлимига масъул котиб бўлиб ўтасиз, – дедилар. – Шу бўлимни жонлантириб беринг. Сизга оғир вазифани топширяпман. У ерда уч киши ишлайди, лекин уччаласи бир-бирининг устидан шикоят хати ёзавериб, силламизни қуритди.

Шундай қилиб, навбатдаги араз туфайли 1984 йилнинг апрель ойида “Шарқ юлдузи”даги вазифамни топшириб, ўзим уюшманинг вилоят бўлимида иш бошладим.

Бу обрўли вазифани ташлаб кетганимга кўпчилик ажабланди. Тошмат аканинг табиатини билганлар эса “тўғри қилибсиз”, деб маъқуллашди. Бу қароримни ўзимча кўп муҳокама қилдим. “Бу одам ёмон бўлса, сен яхши бўлиб ишингни бажариб юравермайсанми, бунча кўнглинг тор бўлмаса, ўзингга ўзинг юқори баҳо бериб юбормаяпсанми? Ўзингни тарозига солмаяпсанми?” деган савол билан тергадим. Бу саволлар кейинги аразларимда ҳам бот-бот уйғониб турди. Саволга жавобни билардим, лекин ўзимни ўзим тарбия қилишга ожиз эдим. Яхши одамлар ёмонларнинг нохуш қилиқлари билан муроса қилиб ишлаб юришибди-ку, мен нега шундай қила олмайман? Бу мен ечишга ҳаракат қилган, аммо сира еча олмаган муаммо эди. Бу мендаги давоси йўқ иллат эди.

Бир томондан кўнглим ғаш, иккинчи томондан хурсандлигим ҳам мавжуд эди. Қўлёзмаларни тинимсиз ўқиш, босмахона ва цензура билан бўладиган кўнгилсиз муомалалар камлик қилгандай марказқўмнинг топшириқлари эсимни тескари қилиб юборай дерди.

Ш.Рашидовнинг вафотидан кейин республикада бошланган “пахта иши” ҳамма ёқни алғов-далғов қилиб юборди. Обком, горком, райкомларнинг иккинчи котиблари ўзимизнинг “маҳаллий руслар”дан эди. Ҳатто уларга ҳам ишонч билдирмай, бу ўринларга Россиядаги партия ходимларини олиб келиб қўйишди. Бош Прокурордан тортиб, милиция раҳбарларига қадар ўша томондан етиб келиб, республикада “тартиб ўрната” бошлашди. Уларга халқ “десант” деб лақаб қўйди. Уларни биз томон юборишаётганда Москвада нима деб тушунтиришган, қандай вазифа беришган билмадим, ҳар ҳолда ҳар бир ўзбек десантнинг кўзларига ўғри-муттаҳам бўлиб кўринарди чамамда. Баъзилари ўзбекларга ишонмасликларини очиқ-ойдин айтишарди. Шулардан бири пахта терими кунлари ҳашарчиларнинг ҳолидан хабар олгани далага чиққанида, ошхонага кириб мошкичири пиширилаётганини эшитиб, қозонга тикилиб қарабди-да:

– Гуручи қани? – деб сўрабди.

– Гуруч мош очилганидан кейин солинади, бунга ҳали ярим соатча вақт бор, – дебди ошпаз.

– Сен мени лақиллата олмайсан, гуручни пуллаб юбориб, гуручсиз овқат пишираётганинг учун сени қаматаман, – деб дўқ урибди. Кузатиб келганлар ошпазнинг гапини тасдиқлашса ҳам, ўжарлик билан қозонга тикилиб турибди. Мош очилиб, гуруч солиниб, таом пишиб, бир-икки қошиқ егач, шарманда бўлганини тан олмаслик учун:


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации