Текст книги "Ҳаёт қайиғи (3 китоб)"
Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 23 (всего у книги 32 страниц)
Бидъат нима, хурофот нима?
1988 йилнинг 4 ноябрь куни Аллоҳ дадажонимдан омонатини олди. Юракни тирнаган айрилиқ азоби ҳақида аввал баён қилиб эдим. Ҳозир бошқа гапларни айтиш учун у жудолик кунларини эсладим. Жанозага ҳозирланишдан бошлаб барча одатларни беками-кўст бажаришга ҳаракат қилдик. Мен у пайтда диний одат билан маҳаллий урф-одат орасида фарқ борлигини фаҳмламас эдим. Бидъат нима, хурофот нима – билмас эдим. Маҳалладаги тўй-маросимларга қатнашиб нималарни кўрган бўлсам, шуларни такрорлашни бошладим. Акаларим, опаларимнинг ҳам бу борадаги тушунчалари айнан эди. Ҳар пайшанба, якшанба куни 20-30 одамни чорлаб худойи маросимини ўтказамиз. Жанозанинг 17-куни “йигирма” оши, 37-куни “қирқ” маросими. Сўнг “қор ёғди”, “лайлак келди”… ва ниҳоят йил оши… Маросимларга сарф бўлган маблағ ҳақида гапирмайман, Худо берган эди, бу борада қийналмадик. Лекин топар-тутари ночорларнинг бу борадаги қийинчиликларини ўша дамларда ҳис қилмадим. Мени энг кўп қийнаган нарса – одамларни бу маросимларга таклиф қилиб чиқиш эди. Ҳар чоршанба ва шанба куни маҳалла бўйлаб юриб, уйма-уй кириб таклиф қилиб чиқиш осон эмас экан. 20 кундан кейин маҳалламиздаги мўътабар отахонлардан бири Раҳим қори ака менга танбеҳ бердилар:
– Худойи-эҳсон қилганларинг етарли, ҳадеб чақиравермаларинг. Бу одат Исломда йўқ.
Ўшанда бу доно маслаҳатга қулоқ солмадим. 40 кун ўтгунча “худойи”ни ўтказавердик. Кейинроқ динга оид китобларни ўқиб, уламолар суҳбатидан баҳраманд бўлиб, Раҳимқори акамизнинг танбеҳлари ўринли эканига ишондим. Орадан 4 йил ўтиб, аяжонимизни Аллоҳнинг раҳматига кузатгач, маросимларни бидъат ва хурофотсиз ўтказиш ҳаракатида бўлдим. Аммо буни акаларим ва опаларим тўғри тушунишмади. Юзимга очиқ айтишмаса ҳам, норозиликларини сезиб турдим. Худога шукр, улар кейинчалик бидъат ва хурофотдан четланадиган бўлишди.
Ҳаётимизни анча оғирлаштирадиган, ҳатто чигаллаштириб ташлашга қодир бидъат ва хурофот ҳақида кўп гапираман, бу ҳақда “Одамийлик мулки”да ёзганман ҳам. Қайсидир йили шифохонада эдим, телевизорда икки масжид имоми маъракалардаги бидъат ҳақида гапириб қолишди. Гаплари тўғри эди, лекин каминани ғашлантирган нарса – улар ўзларининг бу илмларига сира амал қилишмасди. “Йигирма оши”, “йил оши”нинг ҳиди чиқса, биринчи бўлиб йўлга тушишарди. Ҳаётимиздаги бидъат ва хурофотга қарши курашда айнан шу имомларга ўхшаб илмига амал қилмайдиганлар халақит бераётганларини аввалдан билиб юрардим. Уларнинг телеэкранда уятсизларча гапиришлари ғашимни келтириб, шифохонанинг ўзидаёқ “Бидъат нима, хурофот нима?” деган мақола ёзиб “Ўзбекистон овози”га юбордим. Мақола маъқул келиб, тез эълон қилишди. Лекин… кўпгина муҳтарам имомларимиз каминадан норози бўлибдилар. Ҳатто раддия ёзмоқчи ҳам бўлишибди-ю, лекин негадир ёзишмабди. Аниқ далилларим бўлса-да, биронта имомнинг номини тилга олмаган эдим. Уларнинг раддия ёзмоқчи бўлганларини билиб, мақолани давом эттиришни, энди илмига амал қилмаётганларнинг номларини тилга олишни ўйлаб қўйдим. Уларнинг раддия ёзмаганлари, менинг эса мақолани давом эттирмаганим яхши бўлди. Уларга аччиқ қилиб, номларини ёзсам, ўзим учун ҳам уятли ҳол бўлар эди. Худога шукр, мени бир гуноҳдан Ўзи асради!
Сиз-азизларни толиқтириб қўяётганимни сезсам ҳам, бу мавзуни четлаб ўтгим келмаяпти. Ҳозир бидъат ва хурофот нима эканини кўпчилик билади, бироқ, бидъат ва хурофотдан ажралгиси келмаётганлар ҳам кўпчилик, шуниси ачинарли. Агар сизларга малол келмаса, шу ҳақда фикрлашиб олсак. Агар бу мавзуда етарли билимга ва амалга эга бўлсангиз, баёнимнинг бу саҳифаларини ўқимай, 4-5 варақдан кейинги сатрларга ўтиб кетаверарсиз.
* * *
Бидъат ва хурофот доирасига кирувчи, жоҳиллигимизни намойиш этиб қўювчи айрим одатларимиз ҳақида фикр билдиришдан аввал айтадиган узрим бор: мазкур баёнда бидъат ва хурофотга йўл бериб қўювчи айрим имомларимиз ҳақида сўз борадики, буни “барча шундай экан”, деб қабул қилмаслигингизни яна таъкид этаман. Ислом йўлида хизмат қилаётган имомларимиз масалани тўғри англаб, каминани айбситмайдилар, деган умиддаман.
Жамият, наинки жамиятга, ҳатто динга зарар келтирувчи одатлар бор. Биз уларни умумий тарзда “Бидъат ва хурофот” деб юритамиз.
Бир мамлакатнинг одил ва доно подшоси қарилик ёшига етгач, тахтни ўғлига топшириб, дебдики:
– Эй кўзимнинг нури, умидим чечаги, бу обод мамлакатни сенга топширяпман. Ақл билан иш юритгин ва унинг хорланишига йўл қўйма. Мен мамлакат хазинасидан ташқари ўзимнинг бойлигимни ҳам қўлингга топшираман. То менинг жоним бор экан, сен унинг бир мисқолига ҳам тегмагин. Аллоҳнинг раҳматига қовушганимдан сўнг бу хазинани очасан-да, мискин-камбағалларга улашиб чиқасан. Токи уларнинг дуоларидан руҳим баҳраманд бўлгай.
Не бахтким, ўғил ҳам отаси каби доно экан. Мамлакатни яхши идора этиб, юртни янада обод қилиб, раият дуосини олибди. Аммо унинг бир одати бор эканки, на сарой аҳли ва на шаҳар аҳли тушунаркан. Бирон бир кишининг “Эй подшоҳим, бу қилиғингизни тушунмоққа ақлларимиз қосирлик қиляпти, бизга бунинг маъносини англатиб қўйинг”, демоққа юраги бетламас экан. Вақтики келиб, кекса подшоҳ собиқ ва содиқ мулозимларини чорлаб, ўғлининг ҳол-аҳволини сўраганда улар юрак ютиб, воқеани баён қилган эканлар. Ўғлининг қилиғидан ҳайратланган подшоҳ дарҳол уни чорлатиб, бу ҳаракатининг маъносини сўрабди. Ўғил фарзандлик бурчига, одобига риоя қилган ҳолда дебдики:
– Отажон, сиз менга хазинангизни вафотингиздан сўнг халққа улашишни васият қилган эдингиз. Рости, мен бу амрни бажармоққа бурчли ва мажбур бўлганим туфайли сиз зоти олийларига эътироз билдирмоққа журъат этмадим. Бироқ ҳар тун шаҳарга чиққанимда фонус-чироқни олдинда эмас, орқа томонда олиб юрмоқни амр этдим. Сабабки, вафотидан сўнг эҳсон улашмоқ – қора тунда чироқни орқа томонда ёритиб бормоқ каби эмасми? Орқа томондаги фонус ёруғидан йўловчига не фойда? Олдинда ёқиб бормоқ афзал эмасмикин?
Ота ўғлининг бу доно тадбиридан қувониб, бойлигини ўзи камбағалларга улашиб берган экан…
Ҳар сафар “йигирма” ёки “йил оши” деб аталмиш маъракани эшитганимда шу ривоятни эслайман.
Биров ўн кило, бошқаси юз (ёки унданда кўп) гуруч дамлаб, ТЎҚларни ош билан сийлайди ва муҳим бир бурчини адо этгандай кўнгли таскин топади. Афсусли ери шуки, одамлар дин томонидан белгиланган, бажарилмоғи сўзсиз шарт бўлган вазифани қойилмақом қилиб уддаладик, деб ўйлайдилар (камина ҳам шундай эди). Бу одатларнинг динга мутлақо алоқасиз эканини эса кўпчилик билмаслиги мумкин (хусусан, мен билмас эдим). Буни оммага етказишга масъул айрим биродарларимиз эса бурчларига совуққон равишда қарайдилар. Тўғри, улар вақти-вақти билан бидъат ва хурофот хусусида ваъз айтадилар. Аммо…
Жума намозидаги маъизасида “йигирма”, “йил оши” бидъат эканини айтишиб, орадан ярим соат ўтмай, намоздан сўнг “Аҳли жамоа, тарқалиб кетманг, фалончиникида йил оши”, деб эълон қилиб, ўзи йўл бошлайдиганлар ҳам учраб туради. Шунинг учун ҳам қадрли имомларимизнинг ваъзлари қуруқ гап бўлиб қоляпти. Ҳатто “домланинг айтганини қил, қилганини қилма”, дейилгувчи мақол даражасига ҳам етмаяпти. Яъни, домланинг қилганини қилмаслик бир масала, айтганини қилмаслик эса яна бир масала бўлиб қоляпти.
Бидъат ва хурофот хусусида фикрларни муҳокама тарзида кўпнинг эътиборига ҳавола этиш нияти анчадан бери мавжуд эди.
Даставвал “бидъат”, “хурофот” сўзларининг луғавий маъноси хусусида: “Бидъат” – сўзи айнан таржима қилинса “янгидан пайдо бўлган одат” деган маънони беради. Ҳазрат Алишер Навоий асарларида бу сўзни “ёқимсиз” деган маънода ҳам қўллаганлар. Яна “бидъати саййиа” ҳам дерларким, бу “Янги пайдо бўлган ёмон одат” демакдир. Таъбир жоиз бўлса – динга ёт, янги пайдо бўлган ёқимсиз одатларни “бидъат” деб белгилаймиз. Тўғри, “бидъати хасана” – яъни “яхши одат” деган тушунча ҳам бор. Аммо тилимизда кўпроқ ёмон одат маъносини ифодалаб келгани учун “бидъати саййиа” деб ўтирмай, қисқагина қилиб “бидъат” атамаси билан фикр билдиришга кўникиб қолганмиз. “Хурофот” эса “асоссиз” демак. Яъни, динда асоси йўқ, беҳуда ишлар, одатлардир. Абу Усмон Жаририй ҳазратлари деганларким: “Ҳар кишики, Пайғамбар алайҳиссалом суннатини ўзига ҳакам қилса, унинг сўзи ҳикматдир. Ҳар кишики, нафсининг хоҳишига тобе бўлса, унинг сўзи бидъатдир”. Ўзбек тилида нашр этилган “Исломий қомус”да “бидъат” атамаси “номаъқул янгилик”, “дин ақидаларига хилоф янгилик”, деб изоҳланган. Ўрни келганда “Қомус”да баён этилган фикрлар билан танишсак:
“Қуръон ва Суннатга хилоф равишда пайдо бўлган ҳар бир нарса бидъатдир. Дастлаб халифа Усмондан (р.а.) норози одамлар, асосан, шиалар ва хорижийлар уни Муҳаммад (с.а.в.) сўзлари ва амалларига зид янгиликлар киритганликда, яъни бидъатда айблаганлар. Кейинроқ ислом дунёсида диний-ғоявий ихтилофлар ва баҳслар авж олган пайтда бидъат тушунчаси “нотўғри ёки хато тасаввур”, “янглиш фикр” деган маъноларни касб этди. Бидъатга нимани киритишнинг аниқ чегараси бўлмаган. Фақиҳлар бидъатни бир неча турга бўладилар: 1) Ҳаром бидъат – қадарийлар, жабарийлар, муржиъийлар ва хорижийлар мазҳабларининг қилган бидъатлари; 2) Мандуб бидъат – мадрасалар ташкил этиш, таровиҳ намозини жамоат билан ўқиш: 3) Макруҳ бидъат – масжидларни безашга ўхшаш ишлар; 4) Мубоҳ бидъат – намоздан кейин қўл олишиб кўришиш, таом ва либосда кенгчиликка йўл қўйиш; 5) Вожиб бидъат – керакли илмларни ўрганишга ўхшаш ишлар.
Баъзи уламоларнинг фикрича бидъат асосан, уч турли бўлади: 1. Кофирликка олиб борадиган бидъат. Масалан, ўликлардан, ғойиб кимсалардан ёрдам сўраш. 2. Ҳаром бўлган бидъат. Масалан, дуода ўликларни восита қилиш. 3. Макруҳ бўлган бидъат. Масалан, жума намозидан кейин эҳтиёт юзасидан пешин намозини ўқиш.
Муайян амал бир фиқҳий мазҳаб вакиллари томонидан “ножойиз янгилик”, яъни ислом аҳкомларига хилоф иш деб баҳоланса, бошқа мазҳаб тарафдорлари уни Қуръон ва суннатга мувофиқ келадиган “ҳақ йўл” деб билганлар. Бу хилдаги баҳслар ҳамон учраб туради. Айтайлик, Имом Аъзам мазҳабига кўра, ота-боболар мозорларини зиёрат қилиш, оламдан ўтган аждодлар руҳи покларига дуойи фотиҳа савоб иш саналади ва шунга риоя қилиб келинади. Аммо ҳанбалийлик мазҳабининг ваҳҳобийлик оқими вакиллари буларни бидъат деб ҳисоблайдилар. Шундан фойдаланиб одамларни йўлдан урмоқчи, жамиятда беқарорлик вужудга келтирмоқчи бўладилар. “Бидъат” – бемаъни гап, сафсата маъноларини ҳам англатган. Адабиётда “бидъат” – хурофот, уйдирма маъноларида кенг ишлатилади”.
Ҳозирги кунда сиз билан биз қаттиқ амал қилаётган кўпгина одатларни дин ҳам, жамият ҳам рад этади. Диний томондан буюрилган фарз-суннат амаллар билан бидъат ва хурофотни айириб олиш аслида унча мушкул вазифа эмас. Масалан, фарз ва суннат амаллар бизда ҳам, араб мамлакатлари ёки Малайзияда ҳам айнан бир хилдир. Яъни, намоз барча ерда беш маҳал ўқилади, бомдод азони Бухорода субҳи содиқда Қоҳирада кун ёйилганда чақирилмайди. Қуёшнинг ҳаракатига қараб ибодат вақтлари ҳамма ерда бир пайтга белгиланган. Ёки, ҳамма жойда инсоннинг инсонга зулми ҳаром, ҳамма ерда муслим ва муслималарнинг илм олмоқлари бир хилда фарздир.
Тошкентда бир киши вафотидан сўнг 17 ёки 19 кундан сўнг “йигирма оши” берилади. Водийда бу одат сал кечроқ бўлиб, “қирқ оши” деб номланади. Бошқа мамлакатларда бу каби ошхўрлик умуман йўқ. Тошкентда икки ҳайит байрамида марҳумнинг яқинлари уч кундан бел боғлаб туришади. Водийда эса уч ҳайит, аммо эркаклар арафа куни фотиҳада юрадилар. Тошкентда ўлик чиқарилган хонадонда уч кунгача ўчоққа ўт қаланмайди. Сирдарёда эса то жанозага қадар жонлиқ сўйилиб, таом тортилади. Кўриниб турибдики, булар маҳаллий шароитга мосланган одатлардир. Уларнинг айримлари, масалан, арафа куни қабр тепасига, ошхона бурчакларига шамчироқ ёқиб қўйиш ёки арвоҳларни меҳмон қилиш каби одатлар исломдан аввал ҳам мавжуд бўлган. Демак, улардан бемалол воз кечиш ёки камтарлик ва холислик билан суғорилган фойдали одатга айлантиришга ҳаракат қилиш мумкин. Воз кеча қолганимиз янада тўғрироқ. Чунки бугун соддалаштирилган одат эртага барибир мураккаблашиб бораверади.
Бу каби одатлар бирданига юзага келмаган. Бир сабаб билан бошланиб, сўнг “ким ўзар” мусобақа, яъни манманлик, риё югуриши бошланган.
Ҳар қандай одатнинг ё очиқ ёки рамзий маънолари бўлади. Қадим замонларда эр вафот этса, хотини ҳам тириклайин қўшиб кўмилган экан. Шубҳа йўқки, буни Худонинг хоҳиши деб белгилашган. Бу одат билан фақатгина хотиннинг марҳум эрга садоқати, фидойилиги намоён этилмаган, балки ўликнинг у дунёда қайта тирилиб, маишатини давом эттиришига ишонишган. Кейинроқ бу одат ислоҳ этилиб, қабрдаги хотин ўрнини чўри эгаллаган. Қабрга маишат учун зарур таомлар, ашёларни ҳам қўйганлар. Жоҳилият давридаги араблар эри вафот этган тул хотинга хароб кийимларни кийдириб, хароб ҳужрада бир йил яшашга мажбур қилган эканлар. Бу билан у гўё эрининг вафотидан ғоят қайғуда экани, дунё чиройидан завқланишини ўзига ҳаром этганини намойиш қилган. Шу зайлда бир йил аза тутгач, унинг ҳузурига бирон совлиқ ёки қуш олиб кириб беришаркан. Бева бирон нима билан жонликни таталаб-таталаб, терисини шилиб, ўлдиргач, ҳужрадан ташқарига чиқаркан. Шунда унинг қўлига тезак тутқизишар, бева эса “бир йил давомида кўрган куним шу тезакдан баттар эди”, деган маънода уни отиб юбораркан. Аза шу тарзда барҳам топаркан. Ислом дини бу каби маънисиз одатларга барҳам берди. Аза муддати асосли тарзда тўрт ойу ўн кун деб белгиланди (Бу фақат эри ўлган хотин учун). Уламоларимизнинг фикрларига кўра, бу муддат фақат қайғу рамзи эмас, балки беванинг ҳомиладорлигини аниқлаш учун лозим. Шунингдек, аёлнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш ҳам назарда тутилган. Сир эмаски, бир киши вафот этса, уй-жой, мерос талашишлар бошланади. Баъзан қариндошлар “меросда хотиннинг ҳаққи йўқ”, деб ўзларига мос равишда фатво чиқариб, бевани уйдан ҳайдашдан ҳам тойишмайди. Белгиланган идда – 130 кун бевани шундай ҳужумдан ҳам сақлайди. Аммо бу муддатни уй қамоғи шаклида кўрмоқлик дуруст эмас. Агар бева истаса, идда муддатини бошқа уйда ҳам ўтказиши мумкин экан. Бу масала ҳам мерос ҳақидаги оятлар нозил бўлганида ҳал этиб берилган. Идда даврида бева ясан-тусан қилмоқликдан, бошқа кишига турмушга чиқмоқликдан, ўйин-кулгудан сақланади. Бу – фарз, бажарилиши шарт бўлган одат. Лекин уни турлича талқин қилувчилар ҳам топилади. Бу масалага алоҳида тўхталишимнинг сабаби: кекса бир онахон бева қолганларида “доно” отинчалар “эрингизнинг жони узилган уйда тўрт ой ўн кун жилмай ўтирасиз”, деб “фатво” берибдилар. Кампир бечорага бошқа фарзандлари уйига боролмаслик камлик қилиб, шифохонада ётиб даволаниш ҳам мумкин бўлмай қолибди.
Бу ўринда биз фарз амалининг мағзини чақиб кўрмай, уни бузиб талқин қилиниши оқибатида юзага келган бидъатга гувоҳ бўляпмиз. Фарғона водийсининг айрим тоғли қишлоқларида эри ўлган хотин қирқ кун ялангоёқ юришга мажбур экан. “Нега шундай?” деб қизиқсак, “Худо шундай буюрган”, деб ишонч билан айтишди. Во ажаб, Худо фақат шу қишлоқларнинг хотинларига ялангоёқ юрмоқликни буюрибди-да, а? Шубҳа йўқки, бу одат исломдан аввалги даврлардан ўтиб келган. Худди араб бевасининг жонлиқни тимдалаб ўлдириб, сўнг тезак отишига ўхшайди.
Водийнинг айрим қишлоқларида яна бир одат сақланиб қолган: жанозадан сўнг (кўпинча масжид имоми раҳбарлигида) марҳумнинг яқинлари бир уйга тўпланишади-да, унинг гуноҳларини ҳисоб-китоб қилишади. Марҳум етмиш (ёки ундан кўп) йил умр кўрган. Шундан, айтайлик, ўттиз йилини бенамоз, берўза ўтказган. Демак, бенамоз ўтган ҳар куни учун фидя бериши шарт. Яъни, кунда бир фақирнинг қорнини тўйғазиши керак. Бир фақирнинг қорнини тўйғазиш (мисол учун) 5000 сўмни ташкил этади. Шундай қилиб, беш мингни уч юз олтмиш олтига, ҳосил бўлган рақамни эса 30 (йил)га кўпайтирилади. Шундай қилиб, марҳумнинг салкам қанчадир миллион сўмлик “гуноҳи” борлиги аниқланади. Унга рўза фидяси қўшилади. Бу ҳам қанчадир миллион сўмни ташкил этади. Демак, хонадон эгаси шу пулга арзийдиган бирон нимани: автомашинаними, бир-икки буқаними, ҳовлига олиб кириб боғлайди-да, арқоннинг бир учини давра қурилган уйга узатади. Шунда марҳумнинг яқинлари (кўпинча имом бошчилигида) арқонни ушлаб, “мен марҳумнинг мана бунча сўмлик гуноҳини сотиб олдим”, дейди-да, кейин “Аллоҳнинг розилиги учун мен бу пулдан воз кечдим”, деб тантилик қилиб қўяди. Гўё бу билан марҳумнинг маълум миқдордаги гуноҳлари шу одамга ўтади. Гуноҳлар шу тарзда бўлиб-бўлиб олингач, марҳум у дунёга гўё фариштадек жўнайди. Бунга ўхшаган одатлар қозоқ овулларида ҳам учрайди. Фақат у жойларда бунақа томоша кўрсатилмай, нақд пул билан ҳисоб-китоб қилинади. Уламоларнинг айтишларича, Тошкентда, бошқа вилоятларда ҳам бир пайтлар бу бидъат ҳукмронлик қилган экан. Муфтий Зиёвуддин Бобохон ҳазратларининг фатволари билан кўп жойларда бу бидъат барҳам топган. Ажабки, Қўқон атрофидаги айрим қишлоқлар ҳали ҳам ўликларнинг гуноҳларини сотиб олиш билан бандлар. Қишлоқ имомларининг бу бидъатга бош бўлганлари ачинарли ҳол, фидянинг хасталиги ёки бошқа узрли сабаб билан рўза тутолмаганлар тириклигида бериши кераклигини билмасликлари, бенамозларга бундай имтиёз йўқлигини билмасликлари ёки билиб туриб шундай бемаъни одатга бош бўлишлари янада афсуслидир. Бир жанозада ўзимиз ҳам шундай одатга гувоҳ бўлдик. Қишлоқ имоми “гуноҳ сотиб олиш” маросимини бошлаш учун уйга кирганида марҳумнинг шогирдларидан бири “тақсир, марҳум устозимиз намоз ва рўза фарз бўлган ёшдан бошлаб бехато равишда бу амалларни бажарганлар, сизнинг ҳисоб-китоб қилмоғингизга ўрин йўқ, ҳисоб-китоб қилиш қиёматда Аллоҳ томонидан бажарилади”, деб балоларга қолаёзди. У бидъатга эмас, нақ Аллоҳнинг буйруғига қарши одамдай, ҳатто “Аллоҳга қарши исён қилувчи”дай уйдан чиқарилди.
Қадимги Хитойда ота ёки она вафот қилса, уч йил мотам тутилар экан. Бу пайтда ҳатто мактабга бормоқ, илм олмоқ ҳам, мазали таомлар истеъмол қилмоқ ҳам ман этилган экан. Ривоят қилишларича, файласуф Конфуцийнинг шогирдларидан бири Цзай Во бу одатга қарши чиқиб, мотам учун бир йил кифоя, деган фикрини билдирганида устоз “ноинсоф ўғил! Ахир сени ота-онанг уч ёшинггача қўлдан қўймай катта қилишган-ку? Уч йил мотам тутмоқликни Осмон буюрган”, деб норозилигини баён қилган экан. Кўриниб турибдики, улар мотам кунини белгилашда ота-онанинг гўдакка қилган хизматларини назарда тутганлар. Ислом дини эса бу одатни рад этади, аза уч кун деб белгиланади. Лекин бу уч кундан сўнг вафот этганларни унутиш мумкин, деган гап эмас. Инсон тирик экан, ўтганларини ҳар куни энг камида беш маҳал эслашга, дуо қилишга буюрилган. Инсон ҳар куни Яратганга илтижо қилиб, марҳумларни мағфират этишини сўрайди. Зеро, “дуо”нинг луғавий маъноси – “илтижо”дир. Бизни ташлаб, Аллоҳнинг раҳматига йўналганлар биз дамлаган ошга эмас, дуоларимизга муҳтождирлар. Оилада бир киши вафот этгани билан бу хонадонда ҳаёт тўхтаб қолмайди. Бир-бир ярим йил қайғу белгиси сифатида кўк кийиб, кўз ёши тўкишимиз билан марҳумнинг руҳи ором топмайди. Марҳумларнинг руҳи яхши ишларимизнинг савоблари, поклигимизда қилган холис дуоларимиздан баҳраманд бўладилар. Қилган яхши ишларимиз учун “отангга раҳмат, онангга раҳмат!” деган дуо олсак фарзандлик бурчимизни бажарган бўламиз. Айни шу дуолар садақотул жория бўлиб, марҳум ота-оналаримиз руҳига етиб боради, аъмол номаларига ёзилади, инша Аллоҳ!
Тошкентда уч кун таом пиширилмаслигидан “шундай қайғудамизки, томоғимиздан овқат ҳам ўтмайди”, деган рамзий маънони уқиш мумкин. Лекин нима учундир жанозадан фотиҳа ўқиш учун қайтганларга атаб ноз-неъматли дастурхонни безаб қўйишади. Бу дастурхон уч кун давомида ёзиғлиқ туради. (Ҳайит байрами кунлари ҳам шундай). Яхши томони шундаки, ҳозирги кунда кўп хонадонларда бунинг бидъат эканини тушуниб, дастурхон безашмаяпти. Қўшниларнинг, қариндошларнинг таом пишириб келишлари яхши одат, уларнинг меҳр-оқибатларидан дарак беради. Лекин бошқа ердан овқат келишини кутиб туриш ҳам дуруст эмас. Динда “аза уч кун”, деб белгиланган, “уч кун овқат пиширмай, емай, оч ўтирилсин”, дейилмаган.
Сирдарё томонларда жонлик сўйилиб, дошқозонда таом пишириш, жанозага келганларга пул тарқатиш бидъатига эса бугунги кунда мутлақо ҳожат йўқ. Келинг, бир оз мозийга қайтайлик. Мирзачўл томонларда одамлар зич яшашмаган. Бир қишлоқдан иккинчисига етиб келгунча от-аравада узоқ йўл босишган. То жанозага етиб келгунларича очиқишган, чанқашган, ҳоришган. Уларга дам бериш, тўйдириш учун овқат пишириб қўйишган. Қайтиб кетишларига асқотар деб озгина пул ҳам беришгандир. Энди эса бунга зарурат йўқлигини ҳамма билади. Ҳозир қишлоқлар ораси унча узоқ эмас, автомашина деган беминнат дастёримиз ҳам бор. Жанозага келганларнинг шу ернинг ўзида овқатланишига, айниқса, бериладиган беш-ўн сўм пулга муҳтожликлари йўқ. Шунга қарамай, бидъат ва хурофотдан қутулишнинг ҳаракати кўринмай турибди. Пулдор одамлар жаноза баҳонасида бойликларини кўз-кўз қилиб олишга уринадилар. Жанозани тўйдан афзалроқ тарзда ўтказадилар. Қўл учида кун кўрувчилар эса “мен ҳам шундай қилишга мажбурман”, деган фикрда қарз олишга мажбур бўладилар. Яқин одамидан ажралган хонадон учун бу азоб устига азоб эмасми? Дин эса одамларнинг беҳуда азобда қолишини мутлақо инкор этади.
Жанозадан кейинги барча бидъатларни таҳлил этсак, марҳумга, унинг руҳига фойдасиз эканини кўрамиз.
“Йигирма”, “йил оши”да Қуръон тиловат қилинади. Қуръони Карим тиловатига қулоқ солиб тинглашнинг фарзлигини кўпчилик билади. Диққатни фақат Аллоҳнинг каломига бериб, жимгина – сомеъ ҳолда эшитиш лозим. Таассуфки, баъзилар Қуръон ўқилаётганда ош ошалайди, хўриллатиб чойни ҳам ичаверади, юраверади ҳам. Энди қарайлик: савоб топайлик деб қилган эҳсонимизда гуноҳ ишлар юз берса, натижаси нима бўлади?
Айрим уламо, имом-домлаларимиз “фатвоси”га асосан “йигирма”, “йил оши” йигирма беш ёки эллик кундами “эҳсон”, бошқача айтганда “амри маъруф ва наҳйи мункар” тарзида ўтказиш йўлга қўйилди. Пули борларга унисининг ҳам бунисининг ҳам фарқи йўқ – сочаверадилар. Тўғрироғи, “амри маъруф” тарзидаги маърака уларга маъқулроқ. Чунки бундай йиғинда маърузачи микрофон орқали маърака эгасини келиштириб мақтайди, унинг ҳаққига ажойиб дуолар қилади. Аммо маъраканинг бу тури кўпчиликни қийнаб қўяди: энди улар маъруза қилувчи домлага, микрофончига ҳам пул беришлари шарт. Домла-имомларимиз янги одатга “эҳсон” деб чиройли ном қўйиб бердилар. Ўзлари эса ашулачиларга ўхшаб дафтарча тутиб олганлар. Ашулачилардан фарқли ўлароқ, улар баъзи кунда тўрт-беш “эҳсон”ни гуллатиб берадилар. Дастурхонга, зиёфат охирида тугулажак тугуннинг ҳажми, айниқса чўнтакка солинувчи “мулла жиринг”нинг чўғини чамалаб, дуони қуюқ қилаверадилар. Машҳурроқ домлаларимиз бадавлатларникидан қолмайдилар, мундайроқларникига эса шогирдларини юборадилар. Ачинарлиси шуки, бундай дабдаба маросимларини рағбатлантиришга уринадилар. Имомлардан бирининг “Ақиқа” деб аталувчи маросимда “пайғамбаримиз қарз олиб бўлса ҳам ақиқа қилишни буюрганлар”, деганини эшитиб, “бу киши адашиб айтиб юбордилар”, деб ўйлагандим. Кейин яна бир неча марта бу асоссиз гапни эшитиб, афсусландим. Исломда қарз олиб эҳсон ёки худойи қилиш мумкинмаслигини бу тақсирим ё билмайдилар ё билиб турсалар-да, ўз жиғилдонлари манфаати юзасидан фатво тўқийдилар, мўъминларни чалғитадилар.
Ислом кўрсатмаси бўйича, одам энг аввало ўз оиласини таъминлаши керак. Эҳсони ҳам, ҳадяси ҳам биринчи галда ўз фарзандлари ёки ота-оналарига бўлиши шарт. Ота-онасини яхши парвариш қилиш, фарзандларини яхши кийинтириб, едириб, яхши ўқитиб… ундан орттирса, яқинларни сийлаши мумкин. Фарзандлари ризқини қийиб, ўзгаларни тўйдиришини дин буюрмайди. Эҳсон ёки худойи дегани албатта қўй сўйиб, зиёфат қилиш, имомни чорлаш эмас. Ҳукамоларнинг айтишларича, “худойи” деб мискинларни тўйдириш айтилади.
Дўстингиз ёки қариндошингиз сиздан қарз дейлик. Қарз тўлашга қурби етмай, руҳан қийналиб юрибди. Шу қарздан Аллоҳ розилиги учун кечсангиз, энг улуғ савобга етган бўласиз. Агар биров сизни ножўя хафа қилган бўлса-ю сиз унинг бу гуноҳидан ўтсангиз, кечирсангиз, бу ҳам ўзига хос бир “худойи” дейиш мумкин.
Эҳсон-худойи жойига сарфланса, энг савобли иш. Қўшниси, қариндоши ёки биродари муҳтож бўлгани ҳолда кишининг сочиб, тўкиб, исроф қилиш даражасида ҳаёт кечириши дуруст эмас. Шу боис ҳам закот фарз қилинган. Ҳар бир дин одам болаларининг тенг яшамоқликларини даъват этади. Исломда бу масала янада мукаммалроқ даражададир. Ҳаёт шундайки, биров тадбирда илғор бўлгани сабабли бойиб кетади, бошқаси илм-ҳунарда заифлигидан ёки хасталиги туфайлими муҳтожроқ бўлиб қолади. Хайр-эҳсонлар ана шунда керак. Тўкин-сочин дастурхонлар атрофида биз бу неъматларга муҳтож бўлмаган ўзига ТЎҚ одамларни кўрамиз. Зориққан одамлар эса чорланмайди. Бирон киши эскироқ кийимда яқинлашса, “сен шошмай тур, меҳмонларни кузатиб олай, сўнг сенга овқат бераман”, дейди. Хасталиги ёки бошқа узрли сабаб билан зориқиб яшаётганларнинг аксари иззатда бўлмасликларини билиб, бундай “худойи”ларга яқин ҳам келишмайди. Маърака эгаси агар инсоф қилса, унинг уйига қолган ошдан бир лаган чиқаради, бўлмаса йўқ.
Динда эҳсон-худойиларнинг аниқ муддатлари белгиланмаган. Бу маъракаларни ўтказиш учун бировнинг ўлимини ёки бошга ташвиш тушишини кутиш шартмас. Кимнинг қачон имкони бўлса, исроф қилмаган, барча одамларни тенг кўрган ҳолда ўтказавериши мумкин.
Андижонлик дўстим ачиниб айтиб қолди: бадавлат қўшниси маърака қилмоқчи экан. Дўстим бунинг ноўрин эканини тушунтириб, муҳтож қўшнига ёрдам бериш афзалроқ эканини айтибди. Бироқ бадавлат одам икки кундан кейин маъракага айтиб чиқиб, тўрт етим билан бева қолган хонадонга юз минг сўм садақа берганини ҳам фахр билан билдирибди. Ана энди у одам ўтказган маъракага ўзингиз баҳо беринг. Унинг жоҳиллиги ёки кибр-манманлиги катта савоб йўлини тўсди.
Бадавлатларнинг маърака ошларини ейишга чидаш мумкиндир. Бироқ балоғатга етмаган, норасида етим болалар қолган хонадонга қайси бет, қайси фаросат ва қандай мақсадда борилади? Ўша тортилган ошда етимнинг ҳақи борлигини наҳот фаҳм этмаймиз? Аждодларимиздан қолган ибрат бор: етимларнинг уйида уларнинг пиёласидан ҳам фойдаланиш мумкинмас. Наҳот бу ибратлар унутилди?
Дўстим Абдужалилнинг укаси қазо қилиб, вояга етмаган беш боласи етим қолди. Жаноза олдидан муҳтарам домла-имомимиз Яҳёхон қори акага вазиятни тушунтирган эдим, у киши бу хонадонда маърака ошлари қилмаслик ҳақида яхши гапирдилар. Етим ҳақи нима эканини тушунтирдилар. “Йигирмасини мен қилиб бераман”, деган мард топилганда ҳам бу маъракани қилмай, унга кетадиган харажат пулини шу оилага топшириш савоброқ эканини таъкидладилар. Дафн маросимидан сўнг хонадонга келиб, фотиҳа ўқигач, бу масалага қайтиб, янада ойдинроқ тушунтирдилар.
Эртасига келсам, дўстим тоғалари, амакилари, маҳалла раиси билан бирга “йигирма оши”ни қаерда, қачон, қандай ўтказишни маслаҳатлашиб ўтирибди.
– Кеча домланинг гапларини эшитмадиларингми? – деб ажабландим.
– Домла гапираверади, нима, биз кетмон даста кўмибмизми?
– Етим ҳақи-чи?
– Маъракани ана, акаси ўтказиб беради.
Акаси – менинг дўстим, Абдужалил. Бир неча ой аввал тўнғич ўғлидан айрилган, бошқа болалари ҳали ёш, ўзи маошга қараб кун кўради. “Йигирма оши” қилса, қулоғигача қарзга ботиши аниқ.
– Бунинг ҳам вояга етмаган болалари бор. Ўзидан ортмайди топгани, – деб эътироз билдирдим.
– Ке, қўй, дўстим, шу “йигирма”ни қилмасам маломатга қоламан. Маҳалла нима дейди?
– “Маҳалла нима дейди?” деб яшаган дурустми ё “Худо нима деркин?” деган аълороқми?
Хуллас, ўша куни мен енггандай бўлиб эдим. Бир ҳафта ўтгач, дўстим қўнғироқ қилди:
– Якшанбада “йигирма”. Келмаслигингни билсам ҳам айтиб қўйяпман…
Афсуски, бундай воқеаларни тез-тез эшитамиз. Ёки учратамиз. Яхши амалларимиз билан савоб топиш ўрнига бидъат ва хурофот қулига айланиб қолганмиз. Бу билан ўзимизни ҳам, бошқаларни ҳам қийнаймиз. Айтганларимизга қараб, бидъат ва хурофотдан қутулиш мумкин эмас экан-да, деб бадбин хулосага келмаслик керак. Бугун жамиятимизда бидъат ва хурофот одатларимиздан воз кечаётган, бошқаларга тушунтираётган, бу тушунтиришни амалда исбот этаётган биродарларимиз кўп. Бидъат ва хурофотдан қутулиш қийин эмас. Бу масалани яхши ечиб берувчи уламоларимиз, илмига амал қилғувчи домла-имомларимизнинг сўзларини яхши фаҳм этсак кифоя.
Ўқиганингиз бу сатрлар мулоҳаза сифатида баён этилиб, фикрлашиш мақсадида матбуотда эълон қилинган эди. Каминада билимни кўз-кўз қилиш ёки ўзни илмлилар сафида кўрсатишга уриниш мақсади зинҳор бўлмаган. Мен олим эмасман, олимларнинг мухлисиман. Кўп қатори уларнинг илмларидан баҳраманд бўламан. Бу уламолар билан замондош қилгани, уларнинг суҳбатларини насиб этгани учун ҳамиша Яратганга шукр қилиб юраман. Ажабки, бидъат ва хурофот хусусидаги фикрларим АЙРИМ биродарларимизда ғалат таассурот уйғотибдики, ғайри фикрларини жамоат орасида ҳам айтиб, бир озгина ғийбат гулобидан ҳам симирибдилар. Бундан кўнглимга озор етди. Йўқ, бу озор уларнинг номаъқул муомалаларидан эмас, балки ғийбат гуноҳидан татиб қўйишларидандир. Динимизга хизмат қилиб келаётган ул биродарларимизнинг бундай гуноҳлардан эҳтиёт бўлишларини истар эдим. Аллоҳ уларни кечирсин. Катта жамоатларда айтилмиш ғайри фикрлар унчалик тўғри бўлмагани учун баёнимга кичик илова лозимдай кўринди, маъзур тутгайсизлар.
Тўғри гапни тушунуш осон эмас. Кўнгилга ботмайдиган тарзда тушунтириш эса янада машаққатлироқдир. Муборак динимизнинг қудратига салбий таъсир этувчи бидъат ва хурофотлар хусусида фикр юритиб, бу ярамас одатларга йўл беришда АЙРИМ имомларнинг “хизмати” ҳақида бир-икки сўз айтиб эдим. Ният холис эди, кимнидир айблаб, шармсор қилмоқ фикридан узоқ эдим. Аммо ҳақиқатни баён этишда қўполроқ оҳангга йўл қўйганман шекилли, айрим имомларимиз ранжибдилар. Бунинг учун, албатта, узрлиман. Аммо ҳақиқатни англашдан бош тортиб, бидъат ва хурофот ботқоғидан қутилиб чиқмоқликка уринмасликлари кўнглимни яна хира қилади. “Динимиз учун офат ҳисобланувчи бидъат ва хурофотлардан қутулайлик”, демоқлик ўрнига “бу одам нега ақл ўргатмоқчи бўлади, нечта ҳадисни билади ўзи?” деб маломат қилишлари ажабланарли. Мен бунга жавобан кишининг динга қилган хизмати нечта ҳадис ёдламоқ билан эмас, билганларига тўғри амал қилмоқлик билан қадрланади, дейман. Чунки қиёматда айнан амал асқатмоғини ақл эгалари яхши билишади. Ҳадиси қудсийда: “Бандаларимнинг ибодатлари ичида менга суюмлироғи – менинг йўлимда яхши амалларга тарғиб ҳамда холис насиҳат қилишдир”, дейилган.
Абу ат-Туфайл Омир ибн Восила (р. а.) айтдилар: ҳазрат Али (карамаллоҳу важҳаҳу)дан сўралганда, ҳазрат Али: “Пайғамбаримизнинг (соллалоҳу алайҳи васаллам) ўзимизга хос айтган гаплари фақат мана шу қиличимнинг қинидагилардир”, – дедилар-да, ундан бир саҳифа қоғоз чиқардилар. Бу саҳифада: “Аллоҳ таолодан бўлак нарсалар номига атаб бирон жонлиқни сўйган кишига, ота-онасига лаънат ўқиган кишига ва шариатда бўлмаган нарсаларни дин номидан пайдо қилганларга йўл берган (имконият туғдирган) кишига ҳам Аллоҳ таолонинг лаънати бўлсин”, деган ҳадиси шариф ёзилган экан.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.