Электронная библиотека » Тоҳир Тоҳир Малик » » онлайн чтение - страница 19

Текст книги "Ҳаёт қайиғи (3 китоб)"


  • Текст добавлен: 16 мая 2023, 13:40


Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 19 (всего у книги 32 страниц)

Шрифт:
- 100% +

“Қалдирғоч” “Шарқ юлдузи”да босилгач, телевидениенинг етакчи ва таниқли режиссёрларидан Ҳайбат ака Алиев асар асосида кўп қисмли видеофильм яратиш истагида эканликларини билдирдилар. Бу мен учун қувонарли хабар бўлди. Ҳайбат ака сценарийни ҳам ёздилар, лекин суратга олиш техник жиҳатдан мушкул бўлгани сабабли ният амалга ошмай қолди (Орадан 5-6 йил ўтиб, “Сўнгги ўқ” романи асосида 7 қисмли видеофильм олдилар, эҳтимол кўргандирсизлар)

Журналга мухлислардан кўп мактуб келган экан, уларнинг фикрлари инобатга олиниб, “Қалдирғоч” йил давомида нашр этилган “энг яхши асар” деб баҳолашди.

Чала қолган “Шайтанат”

Асарни оққа кўчириб, “Шарқ юлдузи” ҳукмига топширгач, дам олиш имкони туғилгандай бўлди. Ёз кунларининг бирида Шавкат Раҳмон ўғлига хатна тўйи қилаётганини айтди. Ўшга бориб, тўйдан кейин Арслонбобга ўтишни режа қилдим. Турсунбой Адашбоев Арслонбобда мухлисларим борлигини, улар кўпдан бери таклиф қилишаётганини айтган эдилар. Арслонбобнинг довруғини кўп эшитгандим-у, бироқ бориш ҳали насиб этмаган эди.

Тўй гўзал тарзда ўтди. Шавкатнинг шоир дўстлари борган эдилар, қирғиз балзами билан лаззатланган ароқни тўйиб-тўйиб ичдилар. Мен эсам, эрта тонгда, уларнинг бечорагина ошқозонлари кечаси билан ичилган ароқни ҳазм қилиш азобида буралаётган дамда Андижонга қараб кетдим. Шу куни Пахтаободда ҳам тўй бор эди. Ёзувчи Баҳодир Мурод Али у дамларда мени устоз, ҳатто устоздан афзал ака, деб атарди. Камина ҳам Худо менга ука бермаганига яраша шу йигитни етказди, деб шукрлар қилиб юрардим. Укаси уйланаёган экан, таклифига биноан Пахтаободдаги ота қишлоғига бордим, ёшларни табрикладим, яхши кишилари билан танишдим, ярим кечага қадар суҳбат қурдик. Нонуштадан сўнг Ўшга қайтиш учун йўлга чиқдим. Машинада бораётганимизда кимдир Андижондаги қотиллик ҳақида гапириб қолди. Бу фожиа тафсилоти менга таъсир қилди. Шу асосда асар ёзиш умиди туғилди. Андижонга етиб боргунимизча бу умид аҳдга айланди. Янги асарга кириши лозим бўлган турли воқеалар хаёлимда чархпалак каби айланаверди. Ўшга, ундан Арслонбобга бориш қарорим эса сустлаша борди. Андижоннинг автобус бекатига етганимда уйга қайтишни истадим. Бироқ у дамда Тошкентга қайтишнинг ўзи бўлмасди. Шу кунги самолёт ёки поездга чипта олиш учун ё катта идорада ё бекатларда таниш бўлиши керак эди. “Тошкент-Андижон” автобусига илиниб олиш ҳам ғоят машаққат эди. Гаранг бўлиб турганимда андижонлик шоир Фарид Усмон дўстлари билан келиб қолди:

– Қаёққа кетяпсиз? – деб сўради.

– Бошим оққан томонга, – дедим.

Буни ҳазил деб тушуниб кулдилар. Аслида ҳазил эмас, ҳолатим шундай эди. Қарасам, Марғилонга борадиган автобусда одам камроқ экан. Пешинга қадар Марғилонга етиб олсам, кечки пайт қариндошим поездга чиқариб юборар, деган мақсадда, шу автобусга ўтирдим. Марғилонга етгач, қариндошимникига бориш фикридан ҳам айнидим. Тошкентга яқинроқ, деб “Марғилон-Қўқон” автобусига чиқдим. Тошкентга борадиган автобусга яқинлашиб ҳам бўлмайди, Ленинобод, Бекобод автобуслари ҳам тўлиб бўлган. Чойхонада тушлик қилиб, Муҳиддин Дарвешовнинг магнитофондан таралаётган латифаларини мириқиб эшитиб олгач, “Ленинободга яна битта одам керак”, деб турган таксичига бориб “Бешариққа ташлаб кета оласизми? – деб сўрадим. “Бешариққа кирмайман, Рапқоннинг пастидаги йўлдан ўтиб кетаман”, деди. Рапқон яқинида тушиб қоладиган бўлиб, 3 сўм йўлкирага кўндим. Ёзилажак асар воқеаларини йўл-йўлакай ўйлаб кетдим. Бир маҳал кўча четларидаги тожикча шиорларга кўзим тушиб, сергакландим.

– Ие, Тожикистонга ўтиб кетдикми? – деб ажабландим.

– Ҳа, ако, Конибодомга етай деб қолдик, – деди таксичи. – Индамаганингиз учун Рапқонда тўхтамадим.

Машина тўхтагач, келишилган 3 сўмни узатдим. “Тўхтанг, ако”, деди таксичи. “Узоқроқ йўл юрганим учун кўпроқ беришим керак экан-да”, деб хижолат бўлдим. Таксичи эса менга 5 сўм узатиб, “Бу қайтиб кетишингиз учун”, деб ўзининг ҳазилидан мароқланиб, мириқиб кулди. Эски юк машинасида шомга яқин Бешариққа етиб бордим. Бу ерда Ҳолматжон ака, Муҳаммаджон ака, Абдужалил ака, Шавкатжон деган қадрдонларим яшашарди. Бешариққа меҳрим боғланиб қолганини 1967 йил воқеаларида баён этиб эдим. Ҳолматжон аканинг айрим ҳаракатларини, айниқса балиқ овидаги ҳангомаларни “Сомон йўли элчилари”да баён этгандим. У кишининг тўнғич ўғиллари Аҳроржон Усмонов санъатга меҳр қўйган, мусиқа мактабида рубоб чалиш маҳоратини эгаллаган, кейинчалик машҳур қўшиқчи бўлиб етишган. Аҳроржон эрта тонгда мени Бешариқ марказига, автобус бекатига кузатиб қўйди. Пешинга яқин уйимга етиб олдим. 15-20 кун Арслонбобда дам оламан, деб кетган эдим, уч кунда қайтишим ҳеч кимни ажаблантирмади. Чунки “хизмат кўрсатган қочоқ” ҳаётидаги бунақа ҳолатлар аввал ҳам бўлиб тургани сизларга маълумдир. Кеч кириб, ҳамма ухлагач, ёзув столига ўтирдим. Кечадан бери юрагимни ҳовлиқтираётган воқеаларни қоғозга туширишга шошилдим. Оқ қоғознинг ўнг томонига “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм” деб, бир сатр пастга эса “Шайтанат” (қисса)” деб ёздим. Сўнг сатрлар сатрларга уланаверди. Тонгга қадар 4-5 саҳифа ёзибман. Кўнглим тўлди. Шу зарб билан ишласам, асарни ярим йилга қолмай ниҳоясига етказаман, деб ўйладим. “Худо хоҳласа етказаман”, демаган эканман. Юрагимдаги ғалаён оловининг алангаси сусайди. Бу асарни ёзишга туртки бўлган воқеа баёнини кейинчалик олиб қўйдим. “Шайтанат”нинг 3-китоби битгач, ўша воқеа асосида “Мурдалар гапирмайдилар” романини бошладим. Ажабки, илҳом берган бу воқеа янги асар охирига етганида яна сингмай қолди. Бир оилани барбод қилган фожиа баёни ҳозир ҳам хаёлимнинг бир чеккасида навбат кутиб турибди. Худди хамиртуруш каби янги асарга асос бўлса ажабмас.

“Шайтанат”ни бошлашга бошлаб, тўхташимга чала ишларимнинг мавжудлиги сабабдир, деб ўйладим. Ярми ёзилган “Алвидо… болалик”ни охирига етказиш учун Москвадаги ижод уйига икки ой муддатга йўлланма олдим. Ижодий сафарга доир ҳужжатларни расмийлаштириш учун Ёзувчилар уюшмасига келиб, Ўзбекистон Ленин комсомоли мукофоти лауреати шоира Гулчеҳра Нуруллаева билан дўстим Анвар Обиджонни учратдим. У кезлари Гулчеҳра опа Ёзувчилар уюшмаси партия қўмитаси котибаси, бошқача айтганда, уюшма коммунистларининг раҳбари эдилар. Салгина олдин СССР Олий Совети Президиумининг фармонига мувофиқ “Ҳурмат белгиси” ордени билан мукофотлангандилар. Орден билан табрикладим. Бунга жавобан опа:

– Яхши учратиб қолдик, сизни қидириб юрган эдик,– дедилар.

Одамлар хўп гапларни топиб гапирадилар-да! “Сизни қидириб юргандим” деган гапни ҳатто қўшнилардан ҳам эшитиб қоламиз. Милиция жиноятчини қидиради, хотин бевафо эрини излайди… Ажаб-да, худди мен яшириниб юрибман-у, улар жон куйдириб қидиришяпти.

– Астойдил қидирганингиз учун мана, топилдим, – дедим. Кинояли ҳазилимга эътибор бермай, мақсадга кўча қолишди:

– Ҳукуматнинг қарори билан болалар учун китоб чиқарадиган “Юлдузча” деган нашриёт очилди, мен директор, Анваржон Бош муҳаррир бўлдилар. Сизни “Бош муҳаррир ўринбосари” вазифасига тавсия этганмиз.

– Эътиборингиз учун раҳмат, лекин менинг нашриётда ишлаш ниятим йўқ.

– Йўқ деманг. Сиз нашриёт ишларини яхши биласиз. Болаларга китоб чиқариш савоб-ку, бу савобдан қочмоқчимисиз? Эртадан бирга иш бошлаймиз.

– Мен эртадан кейин Москвага кетяпман, икки ойдан кейин қайтаман. Унгача таклифингизни ўйлаб кўраман.

Таклифни Анваржон ҳам такрорлагач, нашриёт қаддини кўтариб олгунча 6-7 ой давомида бирга ишлашга кўндим. Ниятга фаришталар “омийн” деган экан, 9 ойдан кейин нашриётни нохуш кайфиятда ташлаб кетишга мажбур бўлдим.

Янги нашриёт очиш Москванинг рухсати билан бўларди. Москва “ички имкониятдан келиб чиққан ҳолда очиш” шарти билан ижозат берган экан. Бу дегани: Москва қоғоз билан таъминламайди. Ўзбекистон нашриётларига ажратилган қоғоз миқдори бир кило ҳам ошмайди. Демак, бошқа нашриётлардаги нашрлар қисқартирилади. Москва моддий томондан ҳам таъминламайди. Барча харажатлар яна ундан-бундан “юлиб” олинади. Ўша йиллари маданият ривожига партиянинг меҳрибонлигини намоён этиш учун Тошкентда “Сатира” театри ҳам ташкил этилди. Бу ҳам “ички имкониялардан келиб чиқилган” ҳолда туғилди. Москва бу театр харажати учун сариқ чақа ҳам бермади. “Ички имкониятдан келиб чиққан” ҳолда театрга Авиазаводнинг “Восток” деб номланган клуби биноси “инъом” этилди. Театр ҳозир ҳам мавжудлигини кўпчилик билмайди. Чунки унинг биноси йўқ, ўттиз йил давомида, адашмасам, фақат икки спектакль саҳналаштирган. Бунисига нима деймиз?

“Юлдузча”нинг тақдири театрникидан кўра бахтлироқ экан, бошланишига Навоий кўчасидаги бинодан битта хона ажратилди. Тасдиқланган режага кўра, нашриётда 40дан ортиқ муҳаррир ва хизматчилар ишлаши керак эди. “Штат жадвали” бор, маош учун пул эса йўқ эди. Ғафур Ғулом номидаги нашриётда “Болалар адабиёти” бўлими мавжуд эди. 3-4 муҳаррир ишлайдиган бўлим йилига 20-25 номдаги китобни нашр этарди. Бу бўлим тугатилиб, унинг асосида “Юлдузча” ташкил этилган экан. Эндиги мўлжал бўйича янги нашриётда ишловчи 40-45 ходим, йилига 40-45 номда китоб чиқариши лозим экан. Унга қадар эса иш бошлаган уч раҳбар 1987 йилги режани ишлаб чиқиши лозим эди. 40-45 китобнинг мавзуини аниқлаштириш, режага киритиш, сўнг Тошкентдаги Матбуот Давлат қўмитаси кейин эса Москвадаги юқори ташкилот эътиборига ҳавола этиб, ижозат олиниши керак эди. Бизда болалар учун 40-45 номда китоб ёзиб берувчи ёзувчилар йўқ эди. Демак, бу китобларнинг қарийб ярмиси таржима асарлар бўлиши керак. Ғафур Ғулом номидаги нашриёт марҳамат қилиб, уч муҳарририга “илова” тарзида режасидаги Сетон-Томпсоннинг “Рассказы о животных” деган китобини “Юлдузча”га инъом этган эди. Мазкур китоб салкам ярим миллион нусхада чоп этилиб, Совет Иттифоқи бўйлаб тарқатилиши, ундан тушган маблағ “Юлдузча”ни “боқиши” режалаштирилган экан. Бундай таъминот усули кенг тарқалганди. Деярли барча нашриёт “книга повышенного спроса” (харидоргир китоб) деган номда миллионлаб нусхада китоблар чиқарарди. Ёзувчилар уюшмасидаги маърузамда бу ҳақда ҳам тўхталиб, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт Александр Дюманинг 40 босма табоқдаги “Сорок пять” романини уч юз минг нусхада, “Медицина” нашриёти (!) Виктор Гюгонинг 30 босма табоқдаги “Собор Парижской богоматери” асарини икки юз эллик минг нусхада чиқарганини мисол тариқасида келтириб, бу усулни танқид қилган эдим. Қаранг-да, нашриётларга миллат учун зарур бирон китобни нашр этишдан гап очсангиз, “қоғоз етишмайди”, деб баҳона қиладилар. Қоғоз эмас, инсоф етишмайди. Ўзбек ўқувчиларини китоб билан таъминлаш ўрнига рус тилида миллионларча китобларни чоп этиш ҳам адабиётимизга, ҳам китоб муҳибларига нисбатан ҳурматсизликдир. Энг ачинарлиси, ғоят чиройли муқовалардан чиқарилган бу китоблар ўқилмай, уй безагига айланиб қолган эди. Бир чайқовчи хотиннинг уйи тинтув қилинганда (у даврдаги ҳисоб бўйича) 70 минг долларлик тилла тақинчоқлар билан бирга жаҳон адабиёти кутубхонасининг 200 томлиги ҳам мусодара қилинган. Афсусли ери шундаки, бу китобларнинг биронтаси ҳатто варақлаб ҳам кўрилмаган, дўкондан олингану, жавонга қўйилган. “Юлдузча”ни боқиб, оёққа турғизадиган китоб ҳам шулар жумласига кириши лозим эди. Бу ҳол билан муроса қилишга мажбур эдик. Лекин китоб матнини теришни Қрим вилоятининг марказидаги Симферопол босмахонасига берилиши мутлақо тушунуксиз ҳол эди. Агар бу китоб ўша ернинг ўзида босилиб, сўнг тарқатилса-ю, даромади “Юлдузча”га келса бошқа гап эди. Йўқ, унда фақат матн терилади. Сўнг қўрғошин ҳарфлардан қолип (матрица) олиб Тошкентга келтирилади. Ўзимизда ҳарф терувчилар ишсиз ўтирганда Қрим босмахонасига буюртма беришдан мақсад нима? Уларни иш билан таъминлашми ё шу баҳонада Қримга бориб-келиб, ялло қилишми? Билмадим, билолмадим. Билганим шу бўлдики, китоб матрицаси декабрда етиб келмаса, ҳамёни бўш “Юлдузча” “оч қолади”. Гулчеҳра опа Симферополга бориб, бу масалани жойида ҳал қилишни менга топширдилар.

– Бу директор ўринбосарининг вазифаси-ку? – дедим ажабланиб.

Александр Михайлович Кушнир деган одамни хотини билан бирга ўткир мутахассис сифатида Львовдан чақириб олишган экан (Эшитишимча, 1990 йили Исроилга кўчиб кетишганмиш). Хотини Марказқўм нашриётида (ҳозирги “Шарқ”) ўзи эса Давлат матбуот қўмитасида ишларкан. Кўп гапиравериб ҳамманинг бошини қотираверганиданми, “Юлдузча”га директор ўринбосари вазифасига ўтказилибди. Чиндан ҳам кўп гапириб, кам ишлар экан. Босмахонага доир ишларни йўлга қўйиш ўрнига ҳаммага ақл ўргатар эди.

– У Қримга бориб ишни бажариш ўрнига таралла-бедод қилиб юради, сиз боринг, жамоанинг маош олиши ё олмаслиги шу китобга боғлиқ бўлиб қолди, – дедилар. Кейин қўшиб қўйдилар: – у ердагиларга совға-салом олсангиз, пулини йиғиб берамиз.

Нима ҳам дердим? Москвадаги ишни битириш учун иккита қовун кифоя. Лекин Қримдагиларга бу нарса керакмас. Ўйлай-ўйлай, дўстим Аҳмаджондан минг сўм қарз олиб, 10 ноябрь куни Қримга жўнадим. Меҳмонхонага жойлашдим. Босмахона раҳбарига совғаларимни бергач, “хушхабар”ни эшитдим: матн терилибди, лекин мусаҳҳиҳлар ўқишмабди, хатолари тузатилмабди. Буюртмалари ғоят кўп бўлгани сабабли янги йилга қадар иш битиши маҳол экан. Отанг яхши, онанг яхши, деган муомалам ҳам фойда бермади. Шунда “Шарқ юлдузи”даги ҳолатни эслаб, “Ишчилар билан келишсак, асосий вазифаларини бажариб бўлгандан кейин ишлашса-чи?” деган таклифимга жавобан: “Мен бундай буйруқ бера олмайман, лекин ўзингиз гаплашиб кўринг, келиша олсангиз, қаршилигим йўқ”, деб марҳамат қилди. Корректурани ўзим ўқийдиган бўлдим, рус тилини яхши билишим шунда асқотди. Дўконга чиқиб, ишчиларнинг дилидаги қулфни очадиган “калит”дан олдим. Икки шиша ароқ, битта шампан, бир кило колбаса-ю, иккита бўлка нондан иборат “калит” қулфга осонгина тушди. Лекин бу бир кунлик “калит” эди. Дил қулфи бир бўлгани билан “калит” ҳар куни янгиланиши шарт эди. Ҳар куни 2-3 босма табоқни қоғозга чиқариб беришади, шаҳар кутубхонасига бориб ўқийман. Русчани билсам-да, имло луғатига қараб туришимга тўғри келди. Симферопол билан Қора денгиз соҳилидаги Ялта шаҳри ораси унча узоқ эмас, троллейбусда икки соатлик йўл эди. Шунга қарамай, у томонга ўтмадим. Вақтим ҳам, хоҳишим ҳам бўлмади. Шунга қарамай, “Тоҳир Малик нашриётнинг ҳисобидан Ялтада мазза қилиб келди”, деган гаплар ҳам чиқибди, буни кейинроқ эшитиб, ранжидим.

Иккинчи ҳафтани иситма билан ўтказдим. Дори-дармон билан чидаб ишладим. 15 кун деганда матрицани олиб, Тошкентга қайтдим. Нашриётда Анвар Обиджон кўринмадилар. Мени бирга ишлашга даъват этиб, кўндирган дўстим директор билан қайсидир масалада келиша олмай, ишдан бўшаб кетибдилар. “Бу ўринга муносиб ижодкор топилгунига қадар” Бош муҳаррир вазифасини ҳам бажариб турадиган бўлдим. У пайтлар коммунистларнинг мавқеи баланд, раҳбарлик ўринларини фақат коммунист партияси аъзоси эгаллаши мумкин эди. Камина партиясиз бўлганим учун бу “муборак” ўринга ўтиролмас эдим. Бўлимларнинг мудирлиги ҳам муаммо эди. Бир мудирликка Зоҳир Аъламни, яна бирига ўшлик шоир акамиз Турсунбой Адашбоевни таклиф қилдик. Учинчи ўринга “Ёш гвардия” нашриётидан ажойиб шоир Муҳаммад Раҳмон ўтдилар. Бош рассомлик Абдулбоқи Ғуломовга насиб этди. Хуллас, бир-бирини тушунадиган, оқибатли жамоа шакллана бошланди. Эркакларнинг тезроқ тил топишишлари учун ҳафтада бир чойхонада улфатчилик қилишлари анъанага айлантирилди. Ҳатто Кушнир ҳам, бош муҳаррир ўринбосари Стуловский ҳам ошхўрларликни канда қилмадилар. Нашриёт болалар китоби чиқаргани учун мактаблар билан алоқа боғлашга киришдик. Биринчи ҳафта Т.Адашбоев, иккинчиси З.Аълам, учинчиси М.Раҳмон, тўртинчи ҳафта Т.Алимовнинг навбати деб белгиланди. Шу тарзда ҳар ҳафтада бир марта мактабда адабий учрашувлар ташкил этилди. Мактабларда китоб савдосини ҳам ташкил қилдик.

М.Горбачёв ички сиёсатида ўзгариш ясалиб, “раҳбар ўринларда фақат коммунистлар бўлиши шарт эмас”, деган “фатво” чиққач, Гулчеҳра опа қувониб, 1987 йил, март ойининг 23 куни жамоани мажлисга тўпладилар-да, Бош муҳаррирликка менинг номзодимни кўрсатдилар. Жамоа каминани бир овоздан сайлади. Энди Бош муҳаррир ўринбосари вазифасига номзод кўрсатилиши керак эди. Мени сайлаш маросими ўзим учун ҳам кутилмаган бўлгани сабабли бу номзод масаласини кейинги мажлисга қолдирдик.

– Гулчеҳра опа, сиз катталарнинг шоирисиз, мен ҳам катталарга ёзаман. Турсунбой ака болалар шоири, шу киши муовин бўлсинлар, – деган таклифим нима учундир опага ёқмади. Янги таомилга кўра, бўш ўринга конкурс эълон қилдилар. Сулаймон Раҳмон, Ботир Норбоев ва Йўлдош Эшбекдан ариза тушди. Конкурсни ўтказиш учун ҳайъат ташкил этдилар. Уччала номзод дўстларим бўлгани билан уларнинг бу ўринда ишлашларига қарши бўлдим. Сулаймон яхши шоир, аммо муомаласи сал қўполроқ эди. Жамоа билан, муаллифлар билан чиқиша олмаса керак, дедим. Ботир адабиётшунос олим, болалар адабиётидан узоқроқ эди. Йўлдош ҳақида ҳам фикрим шундай эди. Опага фикримни холис равишда билдирсам, у киши мени ғаразда айбладилар. Конкурсда Т.Адашбоев 1-ўринни олгач, директор ғазабларини яшира олмадилар. Мени яна ғаразда, овоз беришни сунъий равишда уюштиришда айбладилар. Опанинг гумонига кўра, Т.Адашбоевни ёнимга олиб, сўнг директорлик ўрнига интила бошлар эканман. “Овоз берувчиларни пешинда ош билан сийлаб, аврагансиз”, деганлари ажабтовур бўлди. “Овоз берувчилар” – бирга ишлайдиган муҳаррир йигитлар билан ҳар куни пешинда бирга овқатланардик, конкурс куни истисно бўлмаганди. Опа нашриёт ишларини яхши билмаганлари учун жамоа аъзолари ҳам, муаллифлар ҳам кўпроқ менга мурожаат қилишарди. Менинг камчилигим шундаки, “Аввал опага учранг, кейин масалани ўзим ҳал қилиб бераман”, демаганман. Оқибат – опа кўнглида шубҳа уйғонган, “менга чоҳ қазияпти”, деб ўйлаганлар. Нима ҳам дердим, Анвар Обиджоннинг йўлини менга ҳам бергин, деб Худога илтижо қилиб, ишдан бўшаш ҳақида ариза ёздим. Каминани ўз ташаббуслари билан тантанали равишда Бош муҳаррирликка сайлаган кунларидан то хайрлашув онига қадар 77 кун ўтган эди. Ўша тун ухламадим. Юрагим санчиб, азоб берди. Бу туҳматга чидолмай ўлиб қолсам керак, деб ҳам ўйладим, йўқ, Худога шукр, юрагим бақувват экан, чидади. Тонгга яқин кундалик дафтаримга бу сатрларни ёздим:

 
“Бировнинг дилини оғритиш нақадар осон!
Бировнинг дилини оғритиш нақадар оғир!
Бировнинг дилини оғритиш нақадар гуноҳ!
 

Ҳар бир оғритилган дил эвазига Қиёматда оловли тошлар тайёрланиб, дилозор дўзахда кутиб олинармикин? Аллоҳ билгувчидир…”

Саҳна ортидаги гаплар

Эртасига Маданият вазирлигига чақириб, Санъат бошқармасидаги Бош муҳаррир вазифасига таклиф қилишди. Бу ўринда Абдуқаҳҳор Иброҳимов ишлагандилар. Ходимлари Тўра Мирзо билан муроса қилолмай, ўзаро жанжал “Советская культура” газетасига қадар чиқиб боргач, икковлари ҳам ишдан бўшатилган эдилар. Нашриётдан бўшаш ҳақидаги аризамга имзо чекилмай туриб, вазирлик ҳайъати мени Бош муҳаррир вазифасига тайинлади.

Бу соҳа мен учун янги эди. Театр томошаларига борардим, радиода ишлаганимда янги спектаклларни магнит тасмасига ёзишда муҳаррир сифатида иштирок этардим. Лекин театрнинг ички сир-асрорларидан бехабар эдим. Янги тайёрланган спектаклни топшириш маросими менга ёқмасди. Қаранг-да, драматург асарни ёзиб беради, режиссёр саҳналаштиради. Ўнлаб санъаткорлар ойлаб меҳнат қиладилар. Театрнинг бадиий кенгаши қабул қилгач, мен ёнимга 2-3 санъатшуносни олиб, асарни қабул қилиш учун бораман. Агар менга ёқмаса, “бўлмайди”, дейман, тамом! Ўнлаб одамларнинг меҳнати чиппакка чиқади. Мен буни инсофсизлик деб билдим. Тўғри-да, спектакль кўп минг кишилик томошабин учун тайёрланади, мен учун эмас. Менга ёқмаса, томошабинларга ёқади-ку, нега тўхтатишим керак? Мен-ку, у-бу нарса ёзиб тураман. Санъатшунос жанобларпьеса ёзмаганлар, режиссёрлик қилмаганлар, саҳнада роль ижро этмаганлар, фақат четдан туриб баҳо берадилар. Демак, уларнинг фикри ҳам, илмий тилда айтилганда – субъектив, холисликдан сал нари. Мендан олдингилар театр жамоаларининг жонини олиб қўйишган экан. Фарғона, Қўқон, Самарқанд театрларига бориб, санъатшунослар танқид қилишса-да, “Ўзларингга маъқул бўлса асарни томошабинга кўрсатаверинглар”, деганимда улар очиқчасига ажабланишди. Кейин билсам, улар махсус одам юбориб, менинг нимани яхши кўришим ва ёқтирмаслигим билан қизиқишган экан. Зиёфатни, айниқса ичкиликбозликни ёқтирмаслигимни билиб, анча бошлари қотганмиш. Чунки кўп масалалар айнан тўкин дастурхон атрофида осон ҳал қилинади-да. Мен уларнинг масалаларни осонгина, аниқроғи арзонгина ҳал қилиб берибман. Каминанинг бу услуби, шубҳасиз, санъатшуносларга ёқмади.

1987 йили Ўзбекистон сиёсий ҳаётида яна кутилмаган воқеалар содир бўлди. Ш.Рашидов издошларини четга суриш билан шуғулланиб келаётган раҳбариятнинг ўзи бирин-сирин қамоққа олина бошланди. Маданият вазири вазифасини бажараётган опа Р.Абдуллаева билан яқин бўлганликлари учун “тахт”ни топширдилар. Ўзбекистон ёзувчилари уюшмасига раис бўлгунларига қадар Маданият вазири муовини вазифасида ишлаган Ўлмас Умарбеков вазир лавозимида қайтдилар. Мен бундан қувондим, лекин уюшмадан бўшаганимда ранжиганларидан хижолатда юрдим. Ўлмас ака бу нохуш воқеани эсламадилар. Кунларнинг бирида Абдуқаҳҳор Иброҳимовга нисбатан ортиқча жазо берилганини Ўлмас акага айтиб, уни ишга қайтаришни илтимос қилдим. “Чақиринг, маслаҳатлашамиз”, дедилар. Абдуқаҳҳор ака келдилар. Ўлмас ака самимий равишдан сўрашдилар, лекин, таассуфки, Абдуқаҳҳор ака бу самимиятга жавобан лутф қилмадилар. Муомалалари қўполроқ бўлди.

– Истаган театрингизга адабий эмакдош вазифасига тиклаймиз, – дедилар Ўлмас ака.

– Сиз отда, мен эсам тупроққа қоришиб юрибман. Эмакдошлигингизни бошимга ураманми! – дедилар жабрдийда акамиз.

Бу муомала менга ҳам ёқмади. Ўлмас ака савол назари билан менга қараган эдилар, суҳбатга аралашишга эҳтиёж сездим:

– Абдуқаҳҳор ака, гапингиз қизиқ бўлди-ку? Сизни Ўлмас ака ишдан бўшатмаганлар-ку, ишга тикламоқчилар, тушунмаяпсизми? Агар эмакдошлик ёқмаса, мен ҳозироқ жойимни бўшатиб беришим мумкин.

Бу гапим ҳам ёқмади. Айбсиз одамга аччиқ сўзларини сочиб кетдилар. Вазирликда ишлаган кезларим эсда қоладиган яхши-ёмон воқеалар ҳам бўлиб турди. Энг нохуш воқеа – Ҳамза театридаги кўп йиллик ҳасад-хусуматлар тўплана-тўплана охири вулқон каби портлади. Театрнинг энг қобилиятли санъаткорлари Бош режиссёр Баҳодир Йўлдошевга қўшилиб, “Ёш гвардия” театрига ўтиб кетишди. Санъат тарихида жуда уятли иш бўлди. Лекин бу иснодни “Ёш гвардия” театрини кучайтириш учун ўтишди”, деган баҳона билан ёпмоқчи бўлишди. Оқибат барчага маълум: театр кучаймади, санъаткорлар бирин-сирин изларига қайтдилар. Жумҳуриятнинг биринчи театрида бошланган инқироз ўша йиллардан бери давом этиб келяпти. Театр биноси икки марта гўзал тарзда таъмирланди. Санъаткорларнинг янги авлоди кириб келди. Бироқ савия юксалмади. “Академик” деган юксак номга лойиқ асарлар юзага чиқолганича йўқ.

Ўшанда театрни юксалтириш мақсадида раҳбарияти ҳам ўзгартирилди: Учқун Назаров директор, Латиф Файзиев Бош режиссёр бўлдилар. Икковлари кино санъатида етук эдилар. Чок-чокидан дарз кетиб чўкаётган кемани қутқариб қола олмадилар. Кемани асраш учун икки кишининг ҳаракати кифоя эмас. Жамоа бир-бирини кўролмаса, ҳасад ва ғийбатдан тинмаса улар нима қила олардилар? Латиф ака Ўлмас аканинг сиёсий-ижтимоий йўналишда ёзган пьесаларини саҳнага қўйдилар. Бу борада кинорежиссёрлик маҳоратларини ҳам ишга солдилар. Лекин асарни қабул қилиш маросимида кўп танқидлар янгради. Ҳатто улуғ санъаткор Наби Раҳимов ижросига ҳам эътирозлар бўлди. Шунда Наби ака:

– Ижро ўзимга ҳам ёқмади, – дедилар. – Агар Света Норбоева билан саҳнага чиқсам, бундан кейин ҳам яхши бўлмайди. Сезмадиларингми: мен у билан баҳслашяпман, у эса юзини атайин буриб оляпти. Ҳаётда менга салом бермайди, шу қилиғини саҳнада ҳам қиляпти…

Театрда инқироз бошланиб, ажралиш юз бергач, пул туширадиган асосий спектакль “Келинлар қўзғолони” тақдиридан ташвишланишди. Томошадаги асосий ролларнинг ижрочилари, айниқса Зайнаб Садриевасиз асарни қайта саҳналаштириш осон эмас эди. Ролни бошқа опага топширишди. Премьерада мен ҳам бор эдим. Опа маҳоратли санъаткор бўлсалар-да, ролни маромига етказа олмадилар. Гапда тутилиб қолавердилар. Саҳна четида турганлар “суфлёрлик” қилавериб чарчашди. Асар “Ёш гвардия” саҳнасида аввалгидай шуҳратли тарзда намойиш этилаверилди. Бир куни саҳнадаги келинлар қарашса, атлас лозимларининг жияги йўқмиш. Томоша давом этиш жараёнида улар “бу ғаламисликни ким қилган экан?” деб ўйлай бошлашибди. Охири “Ҳамза театридан бир одам келиб жиякларни сўтиб ташлаган”, деган қарорга келишиб, жавоб ҳужуми хусусида бош қотира бошлашибди. Эътибор бердингизми, томоша давом этаётган пайтда актёрларнинг хаёли шу муаммо билан банд бўлган. Демоқчиманки, уларнинг бир-бирларига бўлган нафратлари тасаввур қилиб бўлмас даражага етган. Томоша тугагач, сир ошкор бўлган, айрим актёрлар кийимларини шошилинч алмаштираётган пайтда, эътиборсизликлари туфайли атлас лозимларини тескари кийиб олишган экан.

Саҳна санъатининг гулига айланган “Темир хотин” пьесасини Шароф Бошбеков дастлаб каминага ўқитган эдилар. Ҳамза театри бу асарга қизиқиш кўрсатмади. Фарғона театри режиссёри Олимжонга эса маъқул келиб, маҳорат билан саҳналаштирди ва Давлат мукофотига сазовор бўлди. Яна бир неча ёш драматургларнинг асарларини ўқиб, қабул қилишда озми-кўпми ҳиссам қўшилди.

Ҳаётнинг ажабтовурлигини қарангки, тоғам ишлаган жойларда мен ҳам ишладим. Санъат бошқармасида ишлаётганларида қамоққа олиб кетишган экан. “Ҳамонки, тоғамнинг изларидан бораётган эканман, мени ҳам шу ердан олиб кетишадими?” деган шайтон васвасаси баъзан-баъзан ғимирлаб қоларди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации