Электронная библиотека » Тоҳир Тоҳир Малик » » онлайн чтение - страница 16

Текст книги "Ҳаёт қайиғи (3 китоб)"


  • Текст добавлен: 16 мая 2023, 13:40


Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 16 (всего у книги 32 страниц)

Шрифт:
- 100% +

– Овқатнинг тузи паст. Ҳашарчиларнинг таоми ширин бўлиши керак! – деб танбеҳ берган экан.

Бу каби партия ходимлари бошимиз устига ёғилган бало булутлари эди. Буларга чидаш мажбурий ҳол, аммо ўзимиздан чиққан бало булардан-да баттар эди. Бошқа соҳаларни билмайман, бироқ маданият соҳаси хотинлар таъбири билан айтилганда, “балогинага учраганди”. Ўз соҳасини яхши билувчилар ўрнига Марказқўмга маданиятдан бехабарлар келдилар. Комсомолда ишлаган опачамиз бўлим мудири бўлди, Қўқонда шаҳар партия қўмитасида ишлаган, асли касби кутубхоначи бўлган бошқа бир опамиз унга муовин бўлдилар. Инструктор лавозимидагилар ҳам буйруқ беришдан бошқа нарсани билишмасди. 1984 йили 75 ёшга тўлган Комил Яшинни табриклаш маросимида иштирок этган Марказқўм мудири муовини ёзувчини мақтай туриб, “Биз сизнинг шеърларингизни ўқиб, ёдлаб тарбия топганмиз”, деганида тўпланганлар бир-бирларига қараб маънодор жилмайдилар-у, лекин ҳеч ким “Комил Яшин шоир эмас, шеърлари йўқ”, деб танбеҳ бермади. “Тил югуриги бошга” деган мақолни устозлар бир нафас ҳам унутмай яшашарди.

Кутубхоначидан чиққан раҳбар опамизнинг бу каби гаплари кулги билан эслаб юриларди. Лекин Марказқўм маданият бўлими мудирининг саволига кулиш керакмиди ё йиғлашми – ҳозиргача билолмайман. “Баҳор” концерт залига Усмон Носир ижодининг мухлислари тўпланишган эди. Мудира опамиз бир оз кечикиб келдилар. Ундан “Тадбирни бошлайверайликми?” деб сўрашганда опамиз “Юбилярнинг ўзи келдими?” деб сўраган эдилар. Республика маданиятини бошқаришга масъул хоним буюк шоирнинг Сталин даврида қамалгани ва Кемероводаги қамоқ лагерида вафот этганини эшитмаган экан. Юбилей тадбирига отланган пайтда ҳеч бўлмаса шоирнинг китобини варақлаб ҳам кўрмагач, унга нима дейиш мумкин?

Шу опачаларнинг ходими (инструктор) менга қўнғироқ қилиб, “Журналнинг иккинчи корректурасини бизга юборинг, биз ўқиб рухсат берганимиздан кейин журнални босиш мумкин”, деб қолди. Бу ажабтовур янгилик эди. Босмахона жараёнини билмайдиган одамгина шундай талаб қилиши мумкин эди.

– Иккинчи корректурани цензура ўқиб, босишга рухсат берган, жараённи тўхтатиб бўлмайди, – дедим.

– Сиз менга ақл ўргатмай, айтганимни қилинг.

– Ақл ўргатаётганим йўқ, корректурани сизга берсам, журналнинг чиқиши деярли бир ойга кечикади. Нима учун ўқимоқчисиз, кечагина сиз билан бир хонада ишлаган профессор журналнинг Бош муҳаррири бўлса, унга ҳам ишонмайсизларми?

– Маҳмаданалик қилманг, буйруқни бажаринг.

– Менга буйруқ беришга ҳаққингиз йўқ, менга ким маош тўласа, ўшанинг буйруғини бажараман.

Бу нохуш суҳбатдан сўнг Тошмат ака ҳузурига чақириб, мартабали одамга қўполлик қилганим учун танбеҳ берди.

– Босмахона жараёнини сиз тушунасиз-ку, журнал кечикиб чиқса, ким жавоб беради?

– Бу билан ишингиз бўлмасин. Бу буйруқ Москвадан келган, бажариш мажбурий.

Москвада чиқадиган бир журналда “Лениннинг аждоди татар бўлган” деган гап ўтиб кетгач, Лигачёв деган партия арбоби жанжал кўтариб, барча журналларни марказқўмларнинг ходимлари ўқишини мажбурий қилиб қўйган экан. Журналнинг кечикиб чиқиши бир масала, босмахонага тўланадиган жарима муҳимроқ масала эди. Мен корректуранинг бир нусхасини Марказқўмга етказдим-у, босмахона жараёнини тўхтатмадим. Мен унинг ўқимаслигини билардим. Корректура ўқишга ўзининг вақти ҳам, тоқати ҳам йўқ. Нари борса, биронта танишига ўқитади. Қайсидир йили Марказқўмдаги ходим ёнида ўтирганимда унга бир даста район ва шаҳар газеталарини олиб кирдилар. Вазифаси талабига кўра, бу нашрлар билан танишиб чиқиши керак эди. У эса ҳаммасини буклади-ю, ахлат қутисига ташлади.

– Партияга қарши гап чиқиб кетган бўлса, нима қиласиз? – деб ҳазиллашдим.

– Бунинг йўли осон. Ҳар бир район, шаҳарда тирноқ остидан кир қидирувчи беминнат ўқувчилар бор. Хато топишлари билан бизга хабар қилишади…

Уч-тўрт ой давомида корректурани бериб турдим. Аммо бирон марта ҳам “Ўқидингизми, камчиликларимиз бор эканми, фикрингиз қандай?” деб сўрамадим. У томондан ҳам қўнғироқ бўлмади…

Қайтар дунё

“Шарқ юлдузи”да иш бошлаган йилим мен учун катта синов бўлди. “Адабиёт майдонида дадил тура оламанми ё йўқми?” деган саволимга жавоб топгандай бўлдим. “1982 йилда нашр этилган насрий асарлар муҳокамаси”да асосий маърузачи бўлиб тайинланишим ҳам ҳаётимдаги муҳим имтиҳон бўлди. Аввал айтганимдай, бундай йиллик муҳокамаларда 60-йилларнинг бошларидан томошабин сифатида қатнашардим. Муҳокама икки кун давом этарди. Машҳур адибларнинг, олимларнинг сўзларини кўп эшитганман. Таомилга мувофиқ, бир киши романлар ва қиссаларни, иккинчи маърузачи ҳикояларни таҳлил қилиб берарди. Бу вазифани асосан адабиётшунос олимлар бажарардилар. Сарвар ака бу тартибни “бузиб”, асосий маърузани ёзувчига, яъни менга ишондилар. Бу билан катта минбарга ёшларни жалб қилдилар. Бу вазифа мен учун ҳам қувонарли, ҳам ташвишли эди. Ўнлаб йирик асарларни ўқиш, таҳлил қилиш, холис фикрни кўпчиликка маъқул қила олиш осон эмасди. Айрим асарлар “Шарқ юлдузи”да босилгани сабабли улар ҳақида атрофлича фикр юрита олмасдим. Мақтасам “ўзининг баҳосини оширяпти”, деган маломатга қоламан, танқид қилсам “шунча камчилиги борлигини била туриб, нега журналда бердинглар?” деган танбеҳга учрайман.

Вазифани бажариш учун 17 қисса ва 2 романни ўқиб чиқиб таҳлилга киришдим. Маърузамнинг бошидаёқ кун тартибига жиддий масала қўйдим: ёзувчи – киши руҳининг муҳандиси, деган гап бор. Бу ибратга асослана туриб, ёзилаётган асарларни бинога қиёс этдим. Хўш, тикланаётган “иморат”лар пойдевори, деворлари қандай, пишиқ-пухтами? Йиллар шамолига дош бера оладими? Безаклари-чи? Қўпол ёки бачкана эмасми? Бошқачароқ таъбир этсак, ёзувчининг вазифаси қаҳрамоннинг маънавий оламини тиклашдан иборат. Хўш, ўша олам бойми ё ғарибми? 19та йирик асарда китобхон ибрат оладиган 19та қаҳрамон бўлиши керакми? Таҳлилдан сўнг қизиқ манзара пайдо бўлди: яратилган қаҳрамонларнинг бештаси бузуқ аёл, иккитаси ҳомиладорман, деб алдаб хушторининг пулини қоқиб олади, бештаси жинни, учтаси ватан хоини, учтаси қочоқ ва йўлтўсар, учтаси эса… кал! Асарларнинг иккитаси фуқаролар уруши, олтитаси Иккинчи жаҳон уруши давридан ҳикоя қилади. Иккитаси текинхўрларни фош этишга қаратилган, учтаси болалар ҳаётини акс эттиради…

“Бировга кулма зинҳор, сенга ҳам кулувчилар бор”, деган мақол қанчалар ҳикматли! 1972 йил насри муҳокамасини баён қилганимда Матёқуб Қўшчоновнинг Ш.Рашидовни кўкларга кўтариб мақтаганидан ғашланган эдим. Орадан 10 йил ўтиб, республика раҳбарини мақташ ўзимнинг зиммамга тушиб турса?! (Буни “қайтар дунё” ҳам дейдилар) Тўғри, мақташга арзимайдиган асарни мақтадим. “Бошқа иложим йўқ эди”, деб ўзимни оқламайман, айблиман, бу дунёда айбимга яраша қандайдир миқдорда жазо олгандирман, у дунёда ҳам жазо кутиб тургандир. Ўзимни овутадиган бир нарса – Матёқуб аканинг маърузалари фақат Ш.Рашидов асарининг қарийб бир соат давом этган мақтов-таҳлилидан иборат эди. Мен маърузани “Дил амри”ни мақташ билан бошласам-да, асосий эътиборни бошқа асарларга қаратдим. Комил Яшин, Тўлепберген Қаипбергенов, Йўлдош Шамшаров, Суннатулла Анорбоев, Фарҳод Мусажонов, Темур Пўлатов, Шукур Холмирзаев, Ўткир Ҳошимов, Неъмат Аминовларнинг асарларини қандай қилиб четлаб ўтиш мумкин? Дилбар Саидова, Тоғай Мурод, Хайриддин Султон, Сойим Исҳоқов каби ёшлар ижодидан кўз юмиш инсофсизлик бўлмайдими?

Маърузада рус тилида ёзилган асарларга ҳам диққатни тортган эдим. Тилимизда “рус классик адабиёти” ёки “рус совет адабиёти” атамалари қаторида “рус тилида ёзилган адабиёт” (“русскоязычная литература”) дегани ҳам бор эди. Рус тилида ёзувчи ўзбеклар, татарлар, корейслар, яҳудийлар… шу тоифага кирарди. Явдот Илёсов, Темур Пўлатов, Суҳроб Муҳамедов, Исфандиёр, Ёқуб Хўжаев, Раул Мирҳайдаров…лар шуларнинг вакиллари эдилар. Умуман, “рус адабиёти” деган кенгаш доирасида 78 ёзувчи бирлашган эди. Шуларнинг 21таси Ўзбекистонда туғилган, 57таси СССРнинг турли шаҳарларидан келишган. Бири Владикавказда, бошқаси Одессада, Харьковда, Томскда, Киевда, Пермда, Тюменьда… туғилган. Таржимаи ҳоллари ўрганилса, кўз олдингизда СССР харитаси пайдо бўлади. Мен бу дўстларнинг юртимизга қачон, нима мақсадда келиб қолганларини билмайман. Менга бир нарса аниқ: уларнинг барчалари қобилиятсиз ёзувчилардан эдилар. Ёзган асарлари фақат Ўзбекистонда нашр этиларди. Москва нашриётлари уларни ёзувчи сифатида эътироф этишмас эди. “Звезда востока” журнали ўша 78 ёзувчига хизмат қиларди. Нашриётда эса алоҳида бўлим бор эди. Чиқарилган китоблар дўконларда чанг босиб ётарди. Шунга қарамай, улар Ёзувчилар уюшмасига қабул қилинардилар. Агар улар Москвада, Ленинградда ёки Киевда яшаганларида китоблари ҳам чиқмасди, Ёзувчилар уюшмаси остонасига яқин ҳам йўлай олмасдилар. Ҳатто Москвада яшовчи Комил Икромовнинг (Акмал Икромовнинг ўғли) китоблари ҳам асосан Ўзбекистонда чиқиб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси рўйхатида турарди.

Андрей Иванов деган рус шоири бўларди. 1902 йилда Пензада туғилиб, аввал Бутуниттифоқ молия институтини, 1953 йили эса Тошкент марксизм-ленинизм университетини битирган экан. Бу одамнинг адабиётга қандай алоқаси борлигини билмайман, лекин 1954–1960 йилларда “Звезда востока” журналига бош муҳаррирлик қилган экан. Мен у кишини таниганимда Ёзувчилар уюшмасида “партия ўқиши” билан шуғулланиб юрарди. Комил Яшиннинг яқинларидан бири эди. Яшин ака мукофотлар қўмитасига раисликка ўтганларида 78 ёшли бу “думларини” ҳам олиб ўтиб, масъул котиблик вазифасига тайинлаганларига мен тушунмайман. Бу киши ҳақида қаттиқроқ сўз айтаётганимнинг боиси, у СССРнинг барча район ва шаҳар газеталарида чиқувчи шеърларни йиғиб, у ер-бу ерига қалам уриб, ўзиникига айлантираркан. Масалан, Красноярск шаҳар газетасидаги “Байкалда баҳор” шеъри “Правда востока”да “Оролда баҳор” деб чиқади. Буни русларда “плагиат”, бизда “кўчирмачи” дейилади. 60-йилларда рус тилида ёзувчи Саида Азимова деган ёзувчи хоним адабиёт осмонида қуёш янглиғ нур соча бошлаган пайтда кўчирмачилиги ошкор бўлган, бир гуруҳ ёзувчилар бу ҳақда марказий матбуотда фельетон ёзган, уларнинг бу ишини Абдулла Қаҳҳор “Чумчуқни замбарак билан ўққа тутишибди”, деб кулган эдилар. С.Азимова адабиётдан четлатилди. А.Ивановнинг кўчирмачилиги Москванинг марказий матбуоти исбот қилиб берилса ҳам, Ўзбекистонда биров унинг мушугини пишт демади. Мени таажжубга соладиган ҳолат шу эдики, бу дўстларимиз ўзбек адабиётини рус тилига таржима қилишга уриниб ҳам кўришмади (уч-тўрт мисол бундан мустасно).

Т.Пўлатов, Р.Мирҳайдаров асарлари Москвада ҳам босилган. Мен уларнинг, шунингдек, С.Муҳамедов, Э.Амит асарларидан намунларни таржима қилганман. Булар орасида Т.Пўлатов истеъдод жиҳатидан бошқаларга нисбатан юқори эди. Москва унинг асарларини бекорга нашр этмасди. Бу адибларнинг асарларида бадиийлик мавжуд бўлгани билан, ҳаёт ҳақиқати бузиб кўрсатиларди. Ўзбекистонда туғилиб, яшаб, ўзбекларнинг ҳаётини яхши билмасликлари афсусли ҳол эди. Иброҳим Ғафуров Т.Пўлатов ижодига эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлайвергач, бу иш амалга оширилди. Шу баҳонада мен “рус тилидаги адабиёт”га тўхталган эдим:

“Аввалги йиғилишларда Т.Пўлатовнинг асарларини ўзбекчага таржима қилиш ҳақида кўп гапирилди. Ниҳоят, 1982 йили унинг “Бўлак манзилгоҳлар” қиссаси эълон қилинди. Т.Пўлатов шубҳасиз, истеъдодли ёзувчи. У тасвир объекти қилиб ўзбекларнинг ҳаётини олади. Лекин минг афсуски, ёзувчи тасвир этаётган ҳаётни ўзи яхши билмайди. Қиссани ўқиганлар бунга гувоҳ бўлгандирлар. Мана, бир мисол: ўғил отанинг топшириғига кўра томда қопларда сақланаётган (!) қовунларни олиб тушади. Жанозадан кейин уйда қолган чоллар қовунларни тиззаларига уриб ёриб, ейдилар. Пўчоқни дуч келган томонга ирғитадилар. Ҳовлида оёқ босишга жой қолмайди. Кейин зерикканларидан томорқадаги помидорларни юлиб, бир-бирларига отадилар. Бу дўстларининг жанозаси куни бўлаётган воқеа! Бу ҳолни изоҳлашга ҳожат ҳам бўлмаса керак. Бу каби нўноқ тасвирлар Т.Пўлатовнинг бошқа асарларида ҳам, рус тилида ёзувчи Э.Амит, Р.Мирҳайдаров асарларида ҳам учрайди. Масалан, Э.Амитнинг бир ҳикоясида мачитга ўрнашиб олган босмачилар ароқ ичишади.

Менингча, бундай ҳолатларга, ҳаётни бузиб кўрсатишга йўл қўймаслигимиз керак. Бизнинг ҳаётимиз бошқа халқларга бундай ҳолда кўрсатилмасин. Шунинг учун ўзбеклар ҳаётидан ёзилган асарларни қайси тилда бўлишидан қатъи назар, ўзбек ёзувчилари иштирокида наср кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида муҳокама этиш шарт…”

Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари” қиссаси етарли баҳо олган, Ойбек номидаги мукофот билан тақдирланган бўлса-да, маърузачи сифатида фикримни билдиришим лозим эди. Она ҳақида ёзилган асар халқ қалбига тез синггади. Лекин “Дунёнинг ишлари”нинг муваффақиятини фақат шу сабаб билан белгилаб бўлмайди. Агар асар истеъдодли ёзувчининг маҳоратидан ҳоли бўлса, у бунчалик шуҳрат топмасди. Ў.Ҳошимовнинг истеъдодига, маҳоратига ҳеч ким шубҳа билан қарамаса керак. Асарнинг бўш эмаслиги ҳам ҳақиқат. Шунга қарамасдан, ёзувчи бу асарида, айтайлик, “Нур борки, соя бор”га нисбатан олға силжий олмаган. Қиссанинг майда ҳикоялардан ташкил топгани, афтидан, ёзувчини қийнаб қўйгандир. Негаки, ҳикоялар бир савияда чиқмаган. Улар орасида ўқувчи руҳига кучли таъсир этадиганлари ҳам, мундайроқлари ҳам бор. Ҳозирча асарга узил-кесил баҳо бермаслик керак. Ёзувчи асарни “Ёшлик”да эълон қилиш билан ишни якунламасалар керак, деб ўйлайман. Шундай экан, билдирилган ижобий фикрлар ҳам, танқидий фикрлар ҳам келгуси ишларида ёрдам беришлари мумкин…”

Эсимда, бу гапларни айтгач, Ўткир акага қараганимда у киши кулимсираб бош ирғаб қўйгандилар. Ўзлариэътироз билдирмадилар (Ўшандаги тахминим тўғри чиқиб, “Икки эшик ораси” романи ёзилди).

Кўпчилик, хусусан камина ўзларини “танқидчи” ёки “адабиётшунос” деб атовчи ижодкорларнинг баъзи ишларидан норози эди. “Баъзи ишларнинг” биринчиси – уларнинг гуруҳбозлигики, бу ҳақда аввалроқ тўхталган эдим. Гуруҳларга бўлиниб олишганига, фақат шу гуруҳга мойил адибларни кўкларга кўтариб мақташларига, бошқаларни балчиққа булғашларига кўникиш мумкиндир, лекин баҳс олиб бориш маданиятидан узоқ эканликлари ғоят ачинарли эди. Маърузада мен эътиборни шунга қаратдим. “Адабиётимизнинг икки жонкуяри – Норбой Худойберганов билан Озод Шарафиддинов икки позицияда туриб баҳс бошлашди. Назаримда, танқидчи ғазабини ҳам, меҳрини ҳам жиловлай билиши керак. Шунингдек, ёзувчиларимиз ҳам, адабиётшунос олимларимиз ҳам сал кенгроқ бўлсалар эди. Лев Толстой “Агар дунёдаги барча романлар эланса Диккенсгина қолади”, деган экан. Бу – “Уруш ва тинчлик” эпопеясини ёзган даҳонинг гапи. Биз “Толстойдек зўр ёзиш керак”, деймиз-у, аммо Толстойдек бағри кенг, мард бўлиш керак, деган гапни кам эслаймиз. Назаримда бу хислат ёзувчи учун жуда муҳим. Баҳсларимизда қалблардаги ана шу жароҳат очилиб қолмаслигини истар эдим. Адабиётимизнинг тараққиёти яна бир нарсага – танқидчиларнинг самимийлиги ва ҳалоллигига ҳам боғлиқ. Барчага аниқ маълумки, танқидчиларимиз кўп ҳолда асарга эмас, ёзувчига қараб баҳо беришади. Улар ўзларини ўтган йилдаги йиғилишда фош этишди. Танқидчилар илгари Мирмуҳсин ака ёки Ҳамид Ғуломни деярли танқид қилишмасди. Уларнинг кейинги асарларида кўринган камчиликларнинг икки-уч илдизи аввалги асарларида йўқмиди? Бор эди, лекин юқори мартабада ўтирган устозларга тик қарашга танқидчилар журъат қила олишмаганди. Мана энди барчалари ботир бўлиб қолишди. Агар ўша камчиликлар ўз вақтида холислик билан кўрсатилганда кейинги асарлар янада мукаммалроқ бўларди. Афсуски, танқидчиларимиз кўпроқ юзхотир бўлиб кетяптилар. Адабиётга чинакам ихлос қўйган, адабиёт ривожи учун куйинадиган танқидчи ёзувчининг ёшига ҳам, мансабига ҳам, унвонига ҳам қарамай, холис хулоса чиқариши керак”.

Мен бу фикрларни баён қилиш билан чекланмай, кейинроқ давом эттиришни ният қилган эдим, аммо фикримдан қайтдим. Тўғри гапларни очиқ айтишга жазм қилганимда “Сўзда Навоий не десанг, чин дегил” ҳикматига амал қилган эдим. Бироқ “Хирадманд чин сўздин ўзга демас, вале бори чин ҳам дегулик эмас”, деган ҳикматга нечукдир эътибор бермабман.

Мажлис арафасида гриппга чалиниб қолдим. Мажлис белгиланган куни тонгда иситмам 39дан ошган, овозим ҳам бўғилиб қолган эди. 2-3соат давомида туркана дорилар билан ўзимни ўзим даволадим. Иситилган жизза томоғимга ёқиб, овозим очилди, аммо иситма тушмади. Шу аҳволда салкам бир ярим соат давомида маъруза қилдим, сўнг яна неча соатдир давом этган мунозараларни диққат билан эшитиб, якуний сўзга ҳам чиқдим. Мажлис ёпиқ деб эълон қилинганда оёқда туришга мадорим қолмаган эди. Шошганча кўчага чиқдим-у, уйга шошилдим. Шу бўйи бир ҳафта ётиб қолдим. Маърузанинг акс-садосини бир ҳафтадан сўнг эшитдим. Баъзи гапларим айрим дўстларга ёқмаган экан. Лекин нечукдир, эътирозларини мунозарада билдирмай, ғийбат даврасини гуллатишибди.

Мажлисдан кейин устоз Пиримқул Қодиров мени табриклаб, табиатларига мос равишда мулойимлик билан бир танбеҳ бердилар: “Минбардан туриб танқидий фикр айтишдан эҳтиёт бўлинг. Одамлар тўғри гапингизни эгриликка оладилар. Айниқса, тенгдошларингизни сира-сира танқид қилманг. Мана, Одил акангизни танқид қилганимни ҳеч эшитганмисиз? Ё Одил акангиз мени танқид қилганмилар?” Ҳақ нуқтаи назаридан қаралса, танбеҳ ҳам, насиҳат ҳам нотўғри эди. Аммо ҳаёт, айниқса адабиёт оламидаги ҳаёт шундай яшашга мажбур қилар экан. Кишининг руҳини эзадиган нарса ҳам шу.

Бешинчи қисм
ҚИСҚА МУДДАТЛИ ВАЗИФАЛАР

Вилоят муҳити

Шаҳар марказида қад ростлаган Кино уйи биносидан Ёзувчилар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими учун икки хона ажратилган экан. Бир неча романларнинг муаллифи Жонрид Абдуллахонов билан бирга иш бошладим. Аслида бу ерда иш йўқ эди. Ходимлар келиб-кетиб юраверар эканлар. Киночилар уюшмасининг раиси машҳур кинооператор ва режиссёр Малик Қаюмов Кино уйида европача тартиб жорий қилган эканлар. Кино уйи ниҳоятда батартиб ва озода эди. Куз-қиш ойлари устки кийимни кираверишдаги илгакларга илиб кириш мажбурий экан. Бу бинода иш бошлаганимни эшитган устоз шоир Туроб Тўла мени тартиб-қоидадан огоҳ этиб, бир воқеани кула-кула айтиб бердилар. Қишда келганларида пальтоларини ечмай, Малик аканинг хоналарига кирибдилар. Улар “Ўзбекфильм”да бирга ишлашган, қадрдон эдилар. Туроб ака кириб ўтиришлари билан Малик ака ёрдамчиларини чақириб: “Қачонгача ақл ўргатаман, пальтонгни ечиб киришни қачон ўрганасан!” деб дағдаға қилиб қолибдилар. “Қизим сенга айтаман, келиним сен эшит” қабилидаги муомалани тушунган Туроб ака: “Малик ака, узр, сал шамоллаган эдим, шунинг учун пальтомни ечмадим”, деб узр айтсалар ҳам бўлмабди. Пальтони ечиб, ёрдамчига бергач, хона соҳиби тинчланибдилар. Малик ака табиатан чапани эдилар. Кинокамера билан жанг майдонларини кезиб чиққан бу одамдаги ғайрат ва шижоат ҳайратланарли даражада эди. Уюшма раиси сифатида киночилар учун кўп хизмат қилгандилар. Кўпчилик у кишини яхши кўрарди, лекин ғайирлик қилувчилар ҳам бор эди. Буни ўзлари ҳам билардилар. Хоналарига биринчи кирганимда столнинг ўнг томонидаги шиорга кўзим тушиб ажабландим: “Никакое добро не остается не наказанным. Вольтер” (Ҳеч қайси яхшилик жазосиз қолмайди. Вольтер). Мени биринчи марта кўраётган бўлсалар ҳам, худди сирдош ўғиллари билан гаплашаётгандай суҳбат қурдилар. Сарвар ака томон тошлар отилаётганидан афсусда эканликларини айтдилар. Икки уюшманинг раҳбарлари ижодкорларни бир-бирларига янада яқинлаштириш учун қўшма мажлис ўтказган эдилар. Кино санъати бадиий адабиётсиз кун кўра олмаса ҳам, кинорежиссёрлар билан ёзувчилар орасида яқинлик йўқ даражада эди. Ёзувчилар “Ўзбекфильм” маҳсулотларини танқид қилишдан чарчамасдилар, кинорежиссёрлар эса ўзбек адабиётини тан олишмасди. Жуда оз романлар экран юзини кўрган эди. “Қутлуғ қон”, “Муҳаббат можароси” каби фильмлар ҳам томошабин, ҳам ёзувчиларнинг норозилигига сабаб бўлганди.

Хайрли ниятда ташкил этилган қўшма мажлис акс таъсир берди. Яқинлашиши керак бўлган ижодкорлар бир-бирларини танқид қилиб, баттар узоқлашдилар. Яхши ниятда иш кўрган раҳбарлар эса бу низо ўтини аланга олдиришда айбландилар. Малик аканинг ҳузурларига тез-тез кириб турардим. Бир куни кирганимда аёлнинг суратини кўрсатдилар:

– Шу хотинни яхши кўриш мумкинми?

Бу саволдан гангиб қолдим.

– Кимгадир ёқса керак…

– Кимгадир ёқар, лекин менга ёқмайди, бурунни қаранг, лабни қаранг… Шу хотин менинг ўйнашим эмиш. Рашидовга шунақа хат борибди. “Шароф ака, тўғри, мен хотинбозман, лекин бунақа пачоқларга қарамайман”, деб дангал айтдим… Иғвогарларга ҳам ҳайронман, дид-фаросатни ишлатиб, туҳматларингга ишонтирмайсанларми!

Вилоят бўлимидаги ишни аста йўлга қўя бошлаганимиздан кейин шаҳар-туманларда яшовчи ҳаваскор ижодкорлар кела бошлашди. Шубҳасизки, Кино уйи тартибини билмайдилар, уст кийим ечилмайди, айримларининг пойабзали лой бўлиши мумкин. Малик ака бундан дарғазаб бўлиб, мени бир неча марта огоҳлантирдилар, ҳатто “ҳайдаб юбораман”, деб пўписа ҳам қилдилар. Мен бошқа ишга ўтгач, ўрнимга Туроб Тўла тайинланганларига қарамай, пўписаларини амалга оширдилар ҳам. Вилоят бўлими уюшмадаги кичик бир хонага кўчиб келди.

Вилоят бўлимининг ҳаракатсиз фаолиятини жонлантиришни шаҳар ва район партия қўмиталарининг идеология билан шуғулланувчи котиблари билан танишишдан бошладим. Вилоятдаги барча шаҳар ва районларда истиқомат қилувчи, адабиётга меҳри бор, ёзганлари унда-бунда чиқиб турувчи ёшларнинг рўйхати тузилгач, “зонал семинар” деб аталувчи ижодий йиғинларни бошладим. Ёнма-ён жойлашган 3-4 шаҳар ва район ижодкорлари бир жойда тўпландилар. Шаҳардан таниқли ёзувчилар чиқиб бориб, уларнинг ижодлари билан танишиб, маслаҳатлар бердилар. Хуллас, вилоятда Ёзувчилар уюшмасининг бўлими борлиги сезилди. Тўғри, район ва шаҳарларда фавқулодда кўзга ташланадиган истеъдод эгалари кўринмади. Уларнинг асарларини тўплаб, нашр этиш ҳам амалга оширилиши мураккаб вазифа эди. Лекин ҳар бир катта-кичик марказда адабий муҳит куртак оча бошлагани қувончли ҳол эди. Зонал семинарлар ниҳоясига етгач, вилоят бўйича адабий анжуман ўтказиш фикри туғилди. Зонал семинарларни бирон шаҳар ёки район раҳбарияти ташкил қилиб, чиқимини ҳам зиммасига олар эди. Вилоятнинг чиқими кўпроқ, ёзувчилар уюшмасининг эса чўнтаги бўшроқ эди. Йиллик сарф-харажатларни белгилашда бундай тадбир кўзда тутилмагани учун бир тийин ҳам бера олмасди. Расмий идораларнинг кирим-чиқимидан оз-моз хабарим бўлгани учун вилоят комсомоли қўмитасига мурожаат қилдим. Бу ердаги дўстим Абдурашид Янгийўл шаҳар партия қўмитасига ўтгани сабабли, идеология ишлари котиби вазифасига Ҳотам Абдураимов сайланган эди. Ҳотамжон таниқли тарихчи олимнинг фарзанди, ўзи ҳам билимли, энг муҳими – жуда маданиятли йигит эди. Дўстим Абдурашиднинг шогирди саналгани учун у билан аввалдан яқин танишлигимиз бор эди. Ҳотамжон мақсадимни эшитиб, масалани шу заҳоти ҳал қилиб берди:

– Кумушкондаги дам олиш уйини уч кунга ихтиёрингизга берамиз. Лекин бу ижодий анжуманингизда комсомол ходимлари ҳам иштирок этишади,– деди.

– Ижодкор комсомолларми? – деб сўрадим.

– Йўқ, ижоддан анча узоқ одамлар – райкомларнинг идеология билан шуғулланувчи масъул ходимлари. Шу баҳонада адабиётга яқинлашишади.

– Районнинг ўзида яқинлашса бўлмайдими?

– Бўлади, лекин дам олиш уйини олишга бошқа баҳона йўқ. Бизнинг бюджетда “комсомол ўқуви” учун маблағ ажратилган. Сизнинг адабий семинарингиз чиқимини “комсомол ўқуви” деган баҳона билан оламиз.

Ҳотамжон вилоят ёш ёзувчилари семинарини юксак даражада уюштириб берди. Тоғ ёнбағридаги сўлим оромгоҳга юздан ортиқ ижодкор тўпланди. Тошкентдан Ўктам Усмонов, Иброҳим Ғафуров, Лазиз Қаюмов, Анвар Эшонов каби устозлар чиқиб уларга маҳорат дарслари ўтдилар. Ижодкорлар билан келган комсомол ходимлари бу йиғинга қизиқиш билдирмадилар. Пана-панада маишат билан овора бўлишди. Семинарнинг ёпилиш маросимида мен уларни танқид қилишдан ўзимни тиёлмадим ва оқибатда Ҳотамжондан танбеҳ эшитдим:

– Қизиқ экансиз, комсомол сизга ҳамма шароитни яратиб берса-ю яна уни танқид қилсангиз? – деб ранжиди.

– Мен комсомолни эмас, ижодкорлари фаолиятига бефарқ қараган ходимларни танқид қилдим.

– Кўпчилик ичида танқид қилишга ҳаққингиз йўқ эди, ўзимга айтсангиз, улар билан қанақа гаплашишни билардим.

Бу танқиддан кейин “тузини ичиб, тузлиғига тупурган” ношукр банда ҳолига тушиб, узр сўрадим.

Ҳотамжон билан яхши муомаламиз бундан кейин ҳам давом этди. Унинг бир тантилигини баён қилмасам, кўнглим тинчимайди. Шу боис озгина четга чиқаман, маъзур кўрасиз.

Абдулла Қодирийнинг 95 йиллик юбилейи юқори мақомда ўтгач, Шеркон Қодирий “Улуғлар отилган кунни хотирлашни йўлга қўйсак”, деган таклифни айтди. Бу пайтда камина Ёзувчилар уюшмасидан анча узоқлашган эдим. Шу боис дастлабки йиғинни кичикроқ даврада Абдулла Қодирий боғида ўтказдик. Октябрь ойининг дастлабки ҳафтаси куз ёмғири ёғиб турса-да, адабиёт мухлислари тўпланди. Кейинги йили кенгроқ миқёсда ўтказиш ниятимиз бор эди, бироқ, “қуруқ қошиқ оғиз йиртар”, деган гап ўзингизга маълум. Шу кезларда Собир Раҳимов туманига Ҳотамжон ҳоким бўлиб ўтдилар. Мустақилликнинг дастлабки йиллари иқтисодий жиҳатдан қийинчиликлар мавжуд эди. Ҳокимиятнинг бундай тадбирлар учун маблағи йўқ, ҳозиргидай бой корхоналар кам эди. Шунга қарамай, Ҳотамжон мақсадимни эшитиб, маъқуллади. 5 октябрь куни боғда дошқозонлар осилди. Жойлар ҳозирланди. Улуғларнинг хотирасига Қуръон тиловат қилинди. Кейинги йили Ҳотамжон бошқа вазифага ўтиб, омадни қарангки, ўрнига дўстим Абдурашиднинг яна бир шогирди Қудратилла Рафиқов туман ҳокими бўлди. Сентябрнинг ўрталарида унга учраб:

– Бултур дўстингиз шундай савобли иш қилган эдилар, давом эттира оламизми? – дедим.

– Ҳотам неча кило гуруч дамлатган эди? – деб сўради.

“Юз кило” ни эшитиб, “бу сафар юз эллик дамлаймиз”, деди ва шундай бўлди ҳам.

Афсуски, кейинги йиллари бу ташаббус сўниб қолди. Элга ош берилган майдончага буюк адибнинг ҳайкали қўйилди. Ҳайкални савоб ишга қўл урган ҳоким Қудратилланинг жияни Равшан ишлади. Бу ҳайкалтарош аввал Андижонда Бобур ҳайкалини ишлаган эди. Зулфия, Саид Аҳмад ва Саида Зуннуноваларга қўйилган ҳайкал ҳам шу истеъдод соҳибининг ижоди. Демоқчиманки, бу қутлуғ оила маданиятимиз, хусусан адабиётимиз учун анча хизмат қилган. Мазкур баён оққа кўчираётган пайтда Равшанжоннинг вафот этгани ҳақидаги қайғули хабарни эшитдим. Сизлар билан бирга фотиҳага қўл очиб, унинг ҳақига дуолар қиламиз…

* * *

Вилоят бўлимидаги ижодга доир ишлар мени чарчатмасди. Вилоят бўлимлари масъул котиблари зиммасига яна бир вазифа юкланганди. Москвада “Бадиий адабиётни тарғиб қилиш идораси” (пропаганда бюроси) тузилгач, шубҳасизки, Ўзбекистонда ҳам ташкил этилди. Бу идоранинг вазифаси турли ташкилот ва корхоналар билан шартнома тузиб, улардан ундирилган маблағ эвазига ёзувчилар билан ижодий учрашувлар ўтказиб бериш эди. Ажабки, “Билим” ва “Китобсеварлар жамияти” (кейинчалик каминанинг таклифи билан “Китобхон” деб аталадиган бўлган) ҳам худди шу юмуш билан шуғулланарди. Ташкилот ўтказган маблағдан учрашувда иштирок этган ёзувчига хизмат ҳақи тўланарди. Мен уччала ташкилотнинг фаолиятидан норози эдим. Қаранг-да, мухлислар сизнинг китобингизни пулга сотиб олсалар, вақт сарф қилиб ўқисалар, вақт сарф қилиб сизнинг суҳбатингизга келсалар-да, яна сиз улардан пул ундириб кетсангиз! Ноинсофлик эмасми? Бундай ташкилотлар ва тадбирларни кам меҳнат сарфлаб кўпроқ пул топишни истаган қобилиятсиз ижодкорлар ўйлаб топишган бўлса керак. Шулардан бирини ўзим кўрган эдим. Москвадан келган шоир “СССР Ёзувчилар союзи аъзоси” экан. “СССР Пропаганда бюроси”нинг йўлланмаси билан “бадиий адабиётни тарғиб этгани” Ўзбекистонга келибди. Неча йилдир олдин шапалоқдай китоби чиққан экан. 3-4 шеърларини ўқиб, энсам қотди. Бунақанги саёз шоирлар ўзимизда ҳам етарли эди. У ўзини ғоят катта олиб, талабларини баён қила туриб: “Фақат Бухорога олиб борманглар”, деди. Сабабини сўраган эдик, “У ердагилар шеърни тушунишмайди. Ўтган йили Бухоронинг 5-6 жойида бўлдим. Жиддий шеър ўқисам ҳам, ҳазилларини ё лирикани ўқисам ҳам жим туришибди. Кейин билсам, улар рус тилига тушунишмас экан”. “Бюро”нинг иши ана шунақа валаки-саланг қабилида эди.

1983 йилдаги катта йиғилишда мен “Адабиётни пропаганда қилиш бюроси мавжуд. Унда анча одам ишлайди, лекин шу пайтгача бу идора вазифасини бажара олмаяпти. У асосан 5-10 шоирнинг тирикчилик манбаи бўлиб қолган. Ижодий сафарга чиқаётган шоирлар рўйхатини қаранг: жуда тор доирага, асосан шоирларга дуч келасиз. Бюро адабиётимизни пропаганда қилиши керак, уч тўрт шоирни эмас”, дедим. Мени ҳам неча мартадир бундай учрашувларга таклиф қилишган. Хизмат ҳақи ҳам олганман. Лекин иснод ўти мени сақлаб қолган. Жамиятларнинг пуллик учрашувларидан ташқари “текин”, яъни жамоатчилик аосидаги тадбирлари ҳам бўларди. Мен асосан шуларга борганим учун ҳамкасблардан “текин ёзувчи” деган лақаб олгандим. Совет иттифоқига қўшилиб, СССР Ёзувчилар уюшмаси, унинг қаторида текинхўр ташкилоти ҳам барҳам топгач, бизда ҳам ўз-ўзидан тугаган эди. Билишимча, ҳозир яна пуллик учрашувлар йўлга қўйиляпти. Бир куни Қўйлиқда жойлашган кўзи ожизлар корхонасига таклиф қилишди. Машина юборишга ваъда қилиб, “бошқасига кучимиз етмайди”, дейишганда ажабландим. Учрашувга ўз машинамда бордим. Пахта териш машиналарига чўтка ясаб берувчи бу корхонанинг ишлари орқага кетиб, даромади ҳам камайган экан. Корхона раҳбари учрашувдан кейин миннатдорлик билдириб, “ҳеч бўлмаса бензин пулини олинг”, деди. Шунда мен телефондаги “бошқасига кучимиз етмайди”нинг маъносини сўраб, масаланинг моҳиятини билдим-у, уятдан ёниб кетай дедим. Улар мени таклиф қилиш учун Ёзувчилар уюшмасига мурожаат этишса, “Бунинг учун аввал фалон юз минг сўм пул ўтказасиз, кейин ёзувчини ўзимиз олиб борамиз” дейишибди. Агар банкдан пул талаб қилишса, тушуниш мумкин. Лекин кўзи ожизлар корхонасидан сўрашга уялишмадими ё уларда уятни уйғотувчи фаросат йўқмиди? Хуллас, ўшандан кейин уюшма томондан учрашувга таклиф бўлса бормайдиган бўлдим.

Энди яна 1985 йилга қайтсам, февраль ойининг охирида Сарвар Азимовнинг шошқич йўқлаётганларини айтишди. Бордим, Саъдулла Караматов кутиб ўтирган эканлар. Сарвар Азимов хоналаридан чиққач, менга мақсадни айтмай, машинага таклиф қилишди. Олой бозорининг орқа томонидаги эски уйлардан бирини бориб кўрдик. Оқ подшо замонида қурилган, боғчаси бор шинамгина уй экан.

– Таъмирланса ажойиб жой бўлади – дедилар Сарвар ака. Кейин мендан: “Пропаганда бюросини шу бинога жойлаштирсак бўладими?” – деб сўрадилар. Менга бундай савол берганлари сабабини салдан кейин билдим. Ёзувчилар уюшмаси котибиятининг қарорига кўра камина ўзим ёқтирмайдиган идорага директор вазифасига тайинланган эканман. Бу вазифада Йўлдош Шамшаровнинг ўғли ишларди. Отаси ёзувчи бўлгани билан адабиёт у ёқда турсин, ўзбек тилини ҳам дуруст билмайдиган бу одамнинг сергаплигидан безгандим. Қуввати жағига сарф бўлиб, бу идора ишини анча сустлаштириб қўйган экан. Менга яна тиббиётчилар тили билан айтилганда “тез ёрдам” масъулияти юклатилди. Бу идора ишини четдан туриб билган бошқа, ичига киргандаги нағмалар эса ўзгача экан. Пуллик жойда нафс мавжудлигини ҳамма билади. Лекин бадиий адабиёт деб аталмиш табаррук олам ичида шундай бўлиши таассуфли ҳол эди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации