Электронная библиотека » Тоҳир Тоҳир Малик » » онлайн чтение - страница 28

Текст книги "Ҳаёт қайиғи (3 китоб)"


  • Текст добавлен: 16 мая 2023, 13:40


Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 28 (всего у книги 32 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Мен учун кутилмаган чорлов сабабини Марказқўмга борганимда айтишди. Мукофотлар қўмитаси раиси вазифаси жамоатчилик асосида бошқариларди. Асосий ташкилий ишларни масъул котиб юритарди. Пиримқул ака бу вазифага мени таклиф қилган эканлар, Марказқўм тасдиқлабди. Менинг хоҳишим, “Қурултойга тайёргарлик ишларини чала ташлаб кетиш инсофдан бўлмас”, деб хижолат бўлишим инобатга олинмади. 1991 йил февраль ойининг ўн биринчи куни Кино уйига жойлашган шинам идорада иш бошладим.

Янги ишга ўтганимни айтиб, аяжонимдан дуо сўрадим.

– Яна ишингни ўзгартирдингми, сен қачон қўним топасан? – дедилар норози оҳангда. – Бу қанақа иш, олдингисидан тузукми ишқилиб?

– Буниси зўр! – дедим қувлик қилиб. – Ана, кеча уйимизга телефон туширишди. Шу ишни деб атай биз томонга метро ҳам қуриб беришди.

Мен ёлғон гапирмагандим: уйимизга телефон ўрнатишларини илтимос қилиб 1966 йилда ёзган аризам 1991 йилда инобатга олинган эди. Уйимизда телефон жиринглаши ҳаммамизни қувонтирганди. Шу кунлари метронинг янги йўналишида ҳам ҳаракат бошланганди. Рост гапни ҳазил оҳангида айтиб, аяжонимни хотиржам қилдим:

– Ҳа, шу ишинг яхши экан, энди бошқа жойга кўч-ма, – дедилар.

Мукофотлар қўмитасидаги иш ниҳоятда тинч, ҳатто ҳаловатли эди. Ҳамза мукофотига номзоди кўрсатилган асарлар билан Қўмита аъзоларини вақтида таништириб, мажлисларни юқори савияда ўтказилишини таъминлаш асосий вазифа эди. Ўша йили Носир Фозиловнинг устозлар ҳаётини ҳикоя қилувчи китоби, Ҳалима Худойбердиеванинг шеърий тўплами, Фарғона театрида қўйилган “Темир хотин” спектакли, Баҳодир Жалоловнинг Қўқон театри биноси деворига чизган сурати тақдирланди. Шундан сўнг “Ҳамза номидаги мукофот” ҳам тугатилди. Ўрнига Алишер Навоий ва Абдулла Қодирий номидаги Давлат мукофотлари таъсис этилди. Алишер Навоий номидаги мукофот даража жиҳатидан юқори саналиб, ҳар икки йилда бир марта бериларди. Мен бу улуғ мукофотга биринчи бўлиб Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат ва Абдулҳамид Чўлпонлар сазовор бўлишга ҳақли деган таклифни айтдим. Шундай бўлди ҳам, уларнинг номзоди матбуотда эълон қилинди. Шунга қарамай, бир шоир акамиз ўзларининг китобларини ҳам қўйдирдилар. Мен “Улуғлар билан мукофот талашганингиз уят бўлмайдими?” деб очиқ айтдим. У киши: “Мукофот ўликларга эмас, тирикларга берилиши керак”, дедилар. Гапларида қисман жон бор эди. Ўтиб кетган улуғларимиз мукофотларга зор эмасдилар. Уларнинг ўлимларидан сўнг тақдирланишлари адолатни тиклашдаги муҳим бир қадам ҳисобланарди. Акамизнинг китоблари мукофотга лойиқ кўрилмади, қўмита аъзолари бир овоздан мукофотни улуғларимизга беришга қарор қилдилар.

Қўмитадаги иш қанчалик тинч бўлмасин, у ерда салкам беш ойгина ишладим. Аввалги ишлардан аразлаб кетганларимни сизлардан яширмай айтган эдим. Ўзимни ўзим айблаганларим ҳам сир эмас. Мукофотлар қўмитасидан кетишим сабаби эса сиз учун сир бўлиб қола қолсин. Бир нарсани айтишим мумкин: кетишга арзирли жиддий сабаб йўқ эди. Мен Пиримқул акани устоз, деб ҳурмат қилардим. У кишининг фақат ижод билан банд эканлари менга ибрат эди. Шунинг учунмикин, амал отига мингач, феълларида ўзгариш кўринганидан ранжидим. Амалдорликка хос нохуш талабларига чидаб ишлаб юраверишим мумкин эди, лекин бир-икки гап туфайли устоз билан муносабатим бузилишини истамадим. Бундан ташқари уюшмадаги нотинчликлар асабимни чарчатгани учунми, бу соҳадан кетишга аҳд қилган эдим.

Хоразмча ашула завқи

Ариза берган кунимнинг эртасига қурилишда иш бошладим. Бу ёшлик йилларим ишлаганимдай давлатга қарашли қурилиш ташкилоти эмас, хусусий устачилик эди. Бундан сал олдинроқ яқин танишим Асқаржоннинг меъморчилик институтидан кетиб, устачилик қилаётганини эшитган эдим. Унинг шериги – рус дурадгорининг ишлари билан танишиб, кўнглимда ёшлигимга қайтиш истаги уйғонганди. Мен дурадгорлик қилгандан бери асбоблар электрлашган, иш услублари ҳам ўзгарган эди. Ҳали қўмитадаги ишдан бўшамай туриб, ўша дурадгорга шогирд тушдим. Янги иш услубини ўзлаштиришимга 5-10 кун кифоя қилди. Ариза берган кунимнинг эртасига устахонага келсам, янги устозим “Бир иморатнинг ғиштини териб, томини ёпиб бериш керак”, деб қолди. Ўйлаб ҳам ўтирмай, кўндим. Жойни бориб кўрдим. Бетон пойдевор паст-баланд қилиб қуйилган экан. Ўша куниёқ бурчакларига ғишт териб, созладим. Эртасига эса пойдеворни тикладим. Қоронғи тушгунча офтобда роҳатланиб ишладим. Баъзилар офтобда озгина туришса, терилари куйиб, бетобланадилар. Мен ёшлигимда чиниққаним учунми, ёз офтоби ҳам теримни куйдирмас эди. Кўмир каби қорайиб ишлайверардим. Учинчи куни хуфтонга яқин уйга қайтсам, хоним-афандим хавотирланиб ўтирибдилар.

– Сизни кун бўйи кўп сўрашди. “Соат неччида келса ҳам Носировга телефон қилсин”, деб тайинлашган. Носиров ким?

– Носиров ўзимизнинг шоир Абдулҳай-да.

– Йўқ, Абдулҳай ака эмас, катталарданмиш.

– Катталардан бўлса… комсомолларнинг каттасидир? Менда нима иши бор экан?

– Айтишмади. Тезроқ телефон қила қолинг, ҳозир юрагим тарс ёрилиб кетади.

– Юрагинг ёрилмасидан олдин, эрингга овқат бер. Носиров билан эрталаб гаплашсам ҳам бўлади.

Шу онда телефон жиринглаб чарчаган эр билан хавотирдаги хотиннинг қисқа можароси якун топди. Гўшакни қулоққа тутиб “лаббай” дейишим билан дўстим Ҳожиакбар Шайховнинг овози эшитилди:

– Тоҳирбек, қаёқларда юрибсиз, кун бўйи қидирдик-а? Эрталаб тўққизда Носиров кутади. Сизни олиб бориш менга топширилган.

– Мен эрталаб соат олтида ишда бўлишим керак. Мардикорларни айтиб қўйганман.

– Ҳашарингизни уч-тўрт кунга кечиктиринг. Бу ёқда яхши гап бор.

Хоним-афандим “Эрим ёзувчиликни ташлаб устачилик қиляпти”, дейишга ор қилиб, “Танишлариникида ҳашар бор эди”, деган эканлар. Гапларига фаришталар “омийн” деганми, уч кунлик ишим ҳашар ўрнига ўтди. Қурилаётган уй эгаси ваъдамдан қайтганим учун ранжиди, аммо пойдевори бепул тикланиб қолганидан қувониб, айбимни кечирди.

“Шайтон йўлдан оздирди”,
дейишдилар
шайтонни эгарсиз миниб олганлар

Комсомолларнинг раҳбари интиқ кутиб ўтирган экан. Носиров билан Фарғонадаги фожиа кунлари танишган эдим. Ўшанда икки кун бирга бўлиб, кейин кўришмагандик. Демоқчиманки, яқинлигимиз йўқ эди. Ҳожиакбар Шайхов ўз ташаббуси билан ташкил этган “Сирли олам” журнали “Ёш гвардия” таркибида эди. Нашриёт комсомоллар ихтиёрида бўлгани учун Ҳожиакбар улар билан яқин алоқада эди. Носиров қисқа тарзда ҳол-аҳвол сўрагач, муддаога ўтди:

– “Ёшлик”даги можаролардан хабарингиз бордир. Текшир-текширлар ниҳоят, охирига етди, Омон Матжон вазифасидан олинди. Бош муҳаррир вазифасига бир неча номзодлар бор эди. Юқоридаги ўртоқлар билан маслаҳатлашиб, сизнинг номзодингизда тўхтадик.

– Можароларни сал-пал эшитувдим. Омон аканинг муовинлари бу ўринга интилаётгани ҳам қулоғимга чалинувди, – дедим.

– Мен Қаҳҳор Жабборовни икки дунёда ҳам бу вазифага қўймайман. Юқорининг фикри ҳам шу. Сизни ҳозир редакцияга олиб бориб, ўзим таништириб келаман.

– Мен ҳали розилигимни айтганим йўқ-ку?

– Тоҳирбек, шу ўрин сизга ярашади, бирга ишлаймиз,– деди Ҳожиакбар.

Яна қатъий “йўқ” дейиш ўзимнинг нархимни оширишга уринишдай туюлиб, сукут сақладим. Ўша бир неча дақиқани ҳозиргача нохушлик билан эслайман. Бу соҳадан мардлик билан чиқиб кетган эдим, аҳдимда қатъий туришга мардлик етишмади. Ёмғирдан қочиб, қорга тутилажагимни юрагим сезиб турган эди, нега бу сезгини бўғдим? Баъзан “Балки ўшанда амалга қизиққандирман?” деган савол ҳам уйғонади. Агар шундай бўлса, шайтон васвасаси ғолиб экан-да? Бир неча дақиқалик васваса ўшанда менинг 10 ойлик вақтимни ўғирлабди-да? Йўқ, амалга қизиқишим бекорчи гап. “Бош муҳаррир” деган лавозим мен учун янгилик эмас эди.

Ўшанда нима бўлган бўлса бўлгандир, энди афсусдан фойда йўқ. 10-15 дақиқалик суҳбатдан сўнг учовлон нашриётга қараб йўналдик. Нашриёт Бош муҳаррири Ҳуршид Даврон, “Ёш куч” журналининг Бош муҳаррири устозимиз Худойберди Тўхтабоев, муовинлари Хуршид Дўстмуҳаммад ва бошқа танишлар табриклашди. Таҳририят ходимларининг барчаси менга яхши таниш, баъзиларини яқин дўстим, айримларини шогирд қаторидаги укаларим деб ҳисоблардим. Носиров мени таништираётганида кўзим Қаҳҳор Жабборовда бўлди: сир бой бермасликка ҳаракат қилаётган бўлса-да, янгиликдан ғоят изтиробда эканини сездим. Ходимлар билан гаплашишга улгурмай, Ёзувчилар уюшмасига қараб жўнадик. “Ёшлик” журнали икки ташкилотнинг “фарзанди” эди. Бош муҳаррирнинг номзоди Комсомол марказқўми ва Ёзувчилар уюшмасида тасдиқдан ўтиши лозим эди. Йўлда кетатуриб Носиров:

– Ёзувчилар уюшмасининг номзодини юқори маъқулламади, агар ҳозир у-бу гап чиқса, сиз аҳамият берманг. Барибир уларнинг айтгани бўлмайди, – деб мени огоҳлантирди.

Носиров айтгандай бўлди. Котибият аъзолари тўлиқ бўлмаса-да, 5-6 аъзо тўпланиб, бизни кутиб ўтиришган экан. Биринчи бўлиб комсомол марказқўмининг қарорига Озод Шарафиддинов қарши чиқдилар. Носиров бу гапларга аҳамият бермади. Юқори идора Одил ака билан бу масалада фикрлашган шекилли, устоз муҳокамани тўхтатдилар:

– Тойиржон ўзимизнинг укамиз, бирга ишлаймиз, – деб қарорларини билдирдилар.

Таҳририят ходимлари билан ака-укадек бўлиб иш бошладим. Мени табриклаганларнинг кўпчилиги “биринчи галда Қаҳҳор Жабборовни йўқотинг”, деб маслаҳат берди. Мен бу маслаҳатларга амал қилмадим. Қаҳҳор Жабборовнинг пайимни қирқишга уриниши эҳтимолини билсам-да, ундан ўзимни узоқлаштирмадим. Агар мен бу вазифани курашлар оқибатида эгаллаганимда атрофимда “тозалаш ишлари”ни амалга оширардим. Агар Қаҳҳор Жабборов Омон Матжонга қилган қилиқларини давом эттирса, пачакилашиб ўтирмай, амал курсисини икки қўллаб топшираман-у, кундузи қўлга яна арра-теша, кечаси қалам олиб, тинчгина яшайвераман, деган режа хаёлимнинг бир чеккасига михланганини яширмайман.

Эркин Воҳидов бошлаган, Омон Матжон давом эттирган ижодий анъанани сусайтирмаслигим керак эди. Журнал менга қадар юқори савияда нашр этиларди. Ошкоралик даври бошланиб, журнални яна қизиқарли тарзда нашр этиш имкони кенгайган эди. Таҳририят ходимлари буни англаб, яхши-яхши мақолалар тайёрладилар. Мен ишлаган даврда кескин кўтарилиш бўлмагандир, лекин савиянинг пасайишига йўл қўйилмагани аниқ. Алихонтўра Соғунийнинг “Туркистон қайғуси” хотиралари, Наим Каримовнинг Ҳамзанинг қотиллари ҳақидаги мақолалари каби асарларни журналда эълон қилишда иштироким борлигидан ҳозиргача фахрланаман. Иқтидорли ёш шоирларнинг гўзал шеърларини ҳам бердик. Назм бўлими мудири шоир Абдул Жалил билан бамаслаҳат ҳолда Абдулҳамид Чўлпоннинг энг яхши шеърларини танлаб, қўшсаҳифага жойлаштирдик. “Ёшлар “Бузилган ўлкага” шеърини билмайдилар”, деб бу шеърни туркум аввалига қўйиб, ўзим қисқа изоҳ ёздим. 1967 йилда “Тирик сатрлар” деб номланган китоб нашр этилганини, бу китобда Чўлпон шеърлари ҳам бўлганини, китоб бир кунгина умр кўрганини, барча нусхалари йиғиб олиниб ёқиб юборилганини, сўнг эса бу китобнинг муҳаррири ўзини 4-қаватдан ташлаб ҳалок бўлганини баён қилдим. Журнал нашрдан чиққан ҳафтадаёқ “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида бизнинг бу ишимиз қаттиқ танқид остига олинди. Мақола муаллифининг номини айтмай, у киши ўшанда ҳам ҳурматли эдилар, ҳозир ҳам кўп шогирдлар “Ўзбекистон Қаҳрамони” мартабасидаги устозларини иззат қилишади. Бир нарсани айтишим шарт: мақола ғараз билан ёзилганди. Агар кўнгил тоза бўлса, менга қўнғироқ қилиб, “шу ишларинг яхши эмас”, десалар кифоя эди. Газета саҳифасида ноғора қоқиш кимга ва нима учун керак эди? Балки устозни “Бузилган ўлкага”нинг берилиши ғазабга келтиргандир? Ёзувчилар уюшмасида ишлаётган кезларим Ғафур Ғулом номидаги нашриётда Абдулҳамид Чўлпоннинг бир жилдлик сайланмаси нашрга тайёрланди. Бир куни китоб муҳаррири Раззоқ Абдурашид менга қўнғироқ қилиб: “Иш охирига етганда устоз келиб анча шеърларни олиб қўйишни талаб қиляптилар”, дедилар. Раззоқ акадан олиб ташланиши шарт бўлган шеърлар рўйхатини ўқиб беришни илтимос қилдим. Шоир юрагидан вулқон ўти каби отилиб чиққан энг яхши, энг дадил, энг дардли шеърлар устознинг талабига кўра китобдан чиқариб ташланиши керак экан. Шулардан орасида “Бузилган ўлкага” ҳам бор эди. Нашриёт директорига қўнғироқ қилиб, эртасигаёқ китоб таҳрир ҳайъатини тўплашни илтимос қилдим. Тўпландик. Устоз бошқаларга ҳам фикрларини маъқул қилишга улгурганлар шекилли, китобни қисқартириш тарафдорлари кўринди. Ёзувчилар уюшмаси раисининг муовини сифатида ҳал қилувчи фикрни айтишга ҳақли эдим, шу боис ҳайъат аъзоларининг ўзимдан кўра обрўлироқ эканликларига қарамай, дангалига кўчдим:

– Назаримда, шу шеърларнинг чиқишидан қўрқаётганга ўхшайсизлар. Агар чиндан шундай бўлса, ҳайъатдан чиқишларингиз мумкин. Мен бундай қилмасликларингизни истардим. Агар шу китоб шу ҳолда чиқса-ю, бунда ҳаммамизни айблаб қамаб юборишса, қайтага Чўлпон баҳонасида биз ҳам машҳур бўлиб кетамиз.

Кейинги гапни ҳазил оҳангида айтганим учун кулдилар. Ҳайъатдан чиқиб кетмасликларини билардим. Чунки Чўлпоннинг китобида “таҳрир ҳайъати аъзоси” сифатида номларининг туриши улар учун шараф эди. Хуллас, ўшанда устоз ҳам, бошқалар ҳам китобнинг тўла ҳолда чиқишига оғрина-оғрина (балки “қўрқа-қўрқа”) йўл берган эдилар. Ўша ўзларига ёқмаган шеърларнинг “Ёшлик”да берилишидан, шубҳасиз, ғазабланганлар. Мен ўша куниёқ устознинг мақолаларига раддия ёздим. Газета Бош муҳаррири бу мақоладан хабарим йўқ, муовиним тайёрлаган, деб ўзини четга олди. Раддияни босишни истамади. Шунда мен жуда қисқа, бир неча сатрдан иборат жавоб ёздим. Устознинг “Тирик сатрлар”нинг муҳаррири ўзини 4-қаватдан ташлаб ўлган” деб ёзишибди, ахир мен тирикман-ку!” деган ҳайратларига жавобан дедимки: “Сиз китобнинг жамоатчи муҳаррири эдингиз, ҳалок бўлган киши нашриётдан маош олиб ишловчи масъул муҳаррир эди. Агар кимдир жазоланиши керак бўлса, жамоатчи муҳаррир эмас, нашриёт муҳаррири жазоланади-ку?” Яна бир савол бердим: “Сиз, муҳтарам устоз, 20-аср биринчи чораги адабиёти бўйича мутахассис эмассиз. Агар бу китобга Бе-гали Қосимов ёки Аҳмад Алиев муҳаррир бўлишса ажабланмас эдим. Менинг таажжубим шундаки, араб алифбосидаги асарларни ўқий олмайдиган, бу давр адабиётини яхши билмайдиган олимни нима сабабдан китобга муҳаррир этиб тайинлашди экан? Китоб нима учун бир кунгина умр кўрди? “Тирик сатрлар” кейинроқ обдон қисқартирилган ҳолда яна сизнинг муҳаррирлигингизда чиқди. Бу тасодифми?”

Қисқа жавобим ҳам “силлиқланиб” газетада берилди. Мен бу ҳолатни Ёзувчилар уюшмасида ишлаган пайтларимда бошланган қитмир ўйинларнинг давоми сифатида қабул қилдим. Таъбир жоиз бўлса, чорраҳадаги светофорнинг кўк чироғи ўчиб, огоҳлантирувчи сариқ чироғи ёнгандай туюлди. Абдул Жалил билан Андижонга бориб ёш шоирлар кенгашини ўтказдик, энг яхши шеърларни журнал учун танлаб олдик. Яхши кайфият билан келиб қарасамки, хонамдаги жавон токчасида турувчи радио-магнитола йўқ бўлиб қолибди. Бу радио-магнитола ўша давр учун қимматбаҳо ашёлардан саналарди. У хонага фақат чирой бериб турарди, уни бирон марта бўлсин ишлатганим йўқ эди. Барча ходимлардан бир-бир сўраб чиқдим – ҳеч кимнинг хабари йўқ. Бу кичкина матоҳ эмас, нашриёт қоровулининг олдидан билдирмай олиб чиқиб кетиш мумкинмас. Бу ҳолат менга Ёзувчилар уюшмасидаги хонамдан телевизорнинг ғойиб бўлишини эслатди. “Демак, у ердаги ўйин бунда ҳам давом эта бошлабди”, деб ўйладим. Уюшмада диван, гилам ҳам ғойиб бўлганди. Бу ерда гилам ҳам, диван ҳам йўқ… бу ёғи қандай бўларкин?

Мақтанишга йўйманг-у, камина қаерда ишламайин, ходимларга меҳр билан муомалада бўлардим, фақат яхшилик қилишни ўйлардим. Лекин хизмат вазифасини бажариш бобида қаттиққўл ҳам эдим. Мен ҳар ишнинг белгиланган вақтида, сифатли тарзда бажарилишини талаб қилардим. Бу талаб ўзимга ҳам тегишли эди. “Ёшлик”да ҳам шу услубда иш юритдим. Иш дафтаримда бу сатрларни ўқиб, эсладим: “Ўзбек тили” жамиятига аъзо бўлиш; шоир ва санъаткорларнинг ижодий бирлашмасига доир таклифларни ишлаб чиқиш; Абдулла Қодирий номидаги мукофотга номзодлар хусусида; журналнинг 10 йиллиги муносабати билан ходимларни давлат мукофотларига тақдим этиш; журналнинг 10 йиллиги арафасида ёшлар билан адабий учрашувлар ташкил этиш; махсус фотоальбом тайёрлаш… 5.07.91.” Бу таклифлар жамоа мажлисида маъқулланган, вазифалар тақсимланган эди. Мен уйдами ё ишдами, кимгадир топшириқ берсам, бажарилиш жараёнини кузатишга уринаман. “Ёшлик”да шуни сездимки, ходимлар топшириқни оладилар, лекин бажаришга шошилмайдилар ёки бутунлай бажармайдилар. Лоқайдликлари ёки дангасаликданми бу ёки янги раҳбарни менсимасликданми, бунинг тагига етолмадим. 1.10.91 кунги мажлисда кўрилиши керак бўлган масалаларни шундай белгилаган эканман: “1. Интизом масаласи. Сўнгги огоҳлантириш: қизлар, А.Жумаев, Я.Қосим; 2. Вазифалар вақтида бажарилмайди…” Бу каби огоҳлантиришлар қайта-қайта такрорланса-да, натижа бўлмади. Шундан билдимки, “инқилобчи” укаларимиз бу ҳаракатлари билан “биз Омон Матжонни ҳайдаб, “тахт”ни сен учун бўшатмаган эдик”, демоқчилар.

Яхши кунларнинг бирида ижодкор укаларим хонамга кириб келишди:

– Биз ҳаммамиз коллектив равишда “Бирлик”ка аъзо бўлдик. Сиз ҳам аъзо бўласизми? – деб сўрашди.

– Мен сиёсатдан узоқ одамман, бунақа ишларга ақлим етмайди, – дедим.

– Миллат тақдири-чи, Ватанга хизмат қилиш-чи? – деб дабдабали оҳангга кўчишди.

Тўғрисини айтсам, мен бунақа дабдабани, баландпарвозликни ёқтирмайман. Ёзувчилар уюшмасидаги беҳисоб мажлисларда бунақа гаплар минбардан кўп янграрди. Шундай кунларнинг бирида кундалик дафтаримга бу сатрларни ёзган эдим:

“Биз ватанни тинмай мадҳ этишни ватанпарварлик деб ўйлаймиз. Тўғри, мадҳ этмоқ ҳам лозим, аммо бу бир заррадир холос. Уммонга томизилган биргина томчидир. Донолар айтадиларки: “Ватанпарварлик – номусли ва назокатли туйғудир. Муқаддас сўзларни эҳтиёт қил, шамолга совурма. Ватанга муҳаббат хусусида дуч келган ерда оғиз кўпиртирма, яхшиси унинг фаровонлиги ва қудрати йўлида индамайгина меҳнат қил”. Баъзи биродарларга ҳайрон қоламан: кундузи бирон минбарга чиқиб олгудай бўлса, баландпарвоз гапларни қалаштириб ташлайди, оқшомда чойхонага чиқса ношукрчилик дарвозаларини ланг очиб, майда гапларни кавлаштириб ўтиришдан уялмайди. Донолар таъкидлаган номусли ва назокатли туйғудан бебаҳра бундай кишиларнинг минбардаги гаплари шунинг учун тингловчилар қалбига етиб бормайди, шунинг учун ҳам ҳиссиз ва тузсиз бўлади.

Ватанга меҳр-муҳаббатли бўлиш – ғоят чидам, ғоят юксак онг талаб этувчи ўзига хос илм ва буни эгаллаш ҳам бешикдан бошланмоғи ва оқибат сўнгги нафасга қадар давом этмоғи лозим. Ватанпарварлик – Ватанни севмоқликни англатса, бу илмни эгаллаган киши Ватанга жонини атаган комил инсон мартабасига етган бўлади. Файласуф Гегел айтганидай “Маърифатли халқларнинг ҳақиқий жасорати Ватан йўлида қурбон бўлишга тайёр эканликларида акс этади”. Мана шу нуқтадаги фарққа диққатни жалб этайлик: Ватанни севаман, деб юрувчилар кўп. Аммо ҳамма ҳам Ватанга жонини фидо қилишга тайёр турмайди. Ватанга меҳр ва муҳаббат мавҳум тушунча бўлмай, балки ҳақиқий маънавий туйғудир. Яъни, ватанпарварлик – Ватанга меҳр қўйишдангина иборат эмас, балки Ватан билан ўзни бир бутунликда кўришдир. Унинг яхши ёмон кунларида асқотишдир. Биз – ҳар биримиз Ватанни севамиз, чунки Ватан – биз нафас олаётган ҳаводир. Дунёда “Ватанни севмак” деган тушунчадан ташқари “Ватан билан ғурурланмак, фахрланмак” деган тушунча ҳам мавжуд. Зеро, бу икки тушунча бир-бирисиз яшай олмайди…”

Ҳамкасб укаларимга шулар ҳақида гапирсаммикин, деб ўйладим. Кейин Мунаввар қори ҳазратларининг бу гапларини айтгим келди:

“Зиёли ўлмак ғоят мушкул бир нарсадир. Зиёли миллат, Ватан нима эдиғини билур ва зиёли миллат учун жонини, молини фидо этар ва миллатнинг тараққийси учун доимо ҳаракат этар. Вақти келганда, миллат учун ўзини ҳалокат вартасина ташламакға муҳайё бўлур. Сизнинг билмағингиз лозимдирки, бизнинг миллатимизға садо ва сўз бирлан зиёли номини олғон инсонлар лозим эмас. Балки, хизмати, ҳаракати, ёрдами ва ҳиммати бирлан зиёли номини олғон инсонлар лозимдир. Йўқ эрса, “миллат”, “Ватан”, “маданият” – шунга ўхшаш сўзларни билмак билан инсон зиёли бўлмайдир…”

Айтгим келди-ю, кераксиз баҳс бошланиб кетишини фаҳмлаб, соддароқ тарзда жавоб бердим:

– Ватанга ҳар ким қўлидан келган ҳунари билан хизматда бўлади, сувоқчи андаваси билан, тошкесар чўкичи билан, мен эсам қаламим билан хизматдаман. Бундан ўзгасига ақлим калталик қилади.

Улар мендан “бундай қила кўрманглар, сиёсат билан олишманглар” деган сўзларни кутишган, шунга яраша баҳсга шайланиб киришган эди. Каминанинг бирдан паст келиши уларни сал довдиратиб қўйди. “Ўзингиз биласиз”, деб чиқиб кетишди. Англадимки, бу томошанинг муаллифи ташқарида қолган. Аскарларини жангга ташлаб, уруш олови ёнгудай бўлса, қўлларини иситиб олишни мўлжаллаган. Бу ташриф ҳам светофорнинг огоҳлантирувчи сариқ чироғини эслатди.

1991 йилда барча матбуот нашрлари молиявий қийинчиликка дуч келишди. “Ёшлик” бундан мустасно эмасди. Мен тадбиркор танишларим ёрдамида ҳомий топишга ҳаракат қилдим, ёзувчи Аббос Саид ёрдамида топдим ҳам. Ҳайит арафаси эди, ҳомий дўстимиз журнал учун маблағ беришдан олдин, таҳририят ходимларига ҳайитлик-совға берадиган бўлди. Унинг фирмаси хориждан пойабзал олиб келиб сотишни йўлга қўяётган эди. Савоб топиш, бизлардан дуо олиш ниятида ходимларнинг барчасига қимматбаҳо хориж пойабзалидан совға қилдилар. Ходимлар бундан қанчалик қувондилар, билмайман, лекин кўп ўтмай менга нохуш ҳолатни ҳадя этдилар.

Ўша йиллари фолбинлар, экстрасенсларнинг ови юришиб қолган эди. Мен хизматга келгунимга қадар “Ёшлик” бир фолбин-экстрасенсни кашф қилган экан. Мен фолбинларни мутлақо рад этаман. Фолбинлик ва уларнинг гапларига қулоқ солишлик гуноҳ эканини билмаган давримда ҳам уларга ишонмасдим. Экстрасенсларни эса товламачи деб ҳисоблардим. Фолбин хонимни кашф этган ижодкор укамиз журналхонлардан жуда кўп хатлар келгани сабабли яна бир суҳбат уйиштириш лозим, деган таклифни айтди. Ҳамкасблари бу таклифни қўллашгач, мен ҳам кўндим. Суҳбат охирида “Ким истаса, таҳририятга фотосуратини юборсин, шу суратга қараб даволайди, фақат “қўл ҳақи” аталмиш пул ҳам жўнатилиши шарт”, деб ёзишган экан. Мен нодонлигим туфайли бу сатрларга аҳамият бермабман. Оқибат нима бўлишини хатжилдларда пул оқиб кела бошлагач тушундим. Пулларни бирма-бир санаб, рўйхат тузишни талаб қилдим. Маълум миқдорни фолбин хонимга беришганда ҳам хат-ҳисоботни сўрадим. Оқиб келаётган пулларни кўриб, одамларнинг нақадар жоҳил эканликларидан юрагим эзилди. Энг муҳими – бу жоҳилликлар эшигини ўзимнинг нодонлигим очиб берганини англаб, баттар эзилдим. Ҳозир шу сатрларни оққа кўчиряпман-у, ўша пуллар жўнатган жабрдийдалар олдидаги айбимдан қутулолмаганим учун яна юрагимда санчиқ туряпти.

Ҳамкасб укаларим бу ишни тушунмовчилик туфайли амалга оширдиларми ё менга қарши курашда фойдаланиш учунми – ҳозир аниқ айтолмайман. Ҳар ҳолда тахт учун кураш авж палласига кирганида пул масаласи ҳам четлаб ўтилмаслиги аниқ эди. “Тўпланган пулларни нима қилиш керак?” деган муаммони ҳал этиш учун жамоани тўпладим. Кўпчилик таҳририят ҳисобига ўтказишни таклиф қилди. Ўзим ҳам шу ниятда эдим. Лекин банкка нима деб топширамиз? “Фолбиннинг ҳақидан қолган пул”, деймизми? Нима десак ҳам банк бу пулларни биздан қабул қилмас экан. Шунда қонунга хилоф бўлса-да, бошқа чорасини топдим. Хусусий фирмалар ёки идораларнинг банкдаги ҳамёнида пул кўп бўлади-ю, лекин ўзлари истаганча ишлата олмасликларини ҳамма билади. Шунинг учун нимагадир пул ўказилади, ўрнига эса нақд пул ундирилади. Мен ҳам танишимга шу таклиф билан мурожаат этдим. У журнал ҳисобига биз берадиган пулдан икки ҳисса кўпроқ ҳомийлик маблағини ўтказгач, кўнглим хотиржам бўлди. Бир айбимни шу тарзда иккинчи айбли ишим билан тузатдим. Бунинг на-қадар гуноҳ эканини Худо билади, ўзим аниқ бир нима дея олмайман. Билганим – фолбинга хайрихоҳ бўлганим сабабли гуноҳ ботқоғига бир тушиб-чиқдим.

Қаҳҳор Жабборов тахт учун жангдаги услубини ўзгартирган эди. Омон Матжонга қарши танклар ва оғир артиллерия ёрдамида олиб борилган кенг миқёсдаги ҳужумдан фойдаланмади. Омон ака ҳужумга қарши жавоб беришга урингандилар. Шунинг учун “жанг” узоқ давом этди. Ҳужумкорлар менинг сал нарсага аразлашимни билганлари учун кичик милтиқлардан майда ўқлар сочиб ғашимга тегишарди. “Ёшлик” молиявий ва таъминот томондан комсомол марказқўми нашриёти қарамоғида эди. Журналнинг топган фойдаси ҳам ҳамиша шу нашриёт ҳамёнига тушиб келган. Молиявий қийинчилик бошланган пайтда унинг бошлиғи қўллаш ўрнига журналга ёрдам беришдан бош тортди. Ҳатто қоғозни ҳам ўзимиз топишимиз керак эди. Бу ўша пайтда энг оғир ва энг нозик масала эди. Англадимки, Қаҳҳор Жабборов икки фронт бўйлаб ҳужумга ўтди. Шуни англаганим ҳолда “тахтим”га маҳкам ёпишиб ўтирсам, нодонлик бўлар эди. Шу сабабли 1992 йил апрель ойининг 20-куни хизматга отландим-у, лекин таҳририятга эмас, Комсомол марказқўмига йўл олдим. Раҳбарлар сафарда экан, вазифамдан озод этишларини илтимос қилиб, аризамни котибага қолдирдим. Ишга келганимда ҳар бир хонага кириб, ҳамкасбларим билан саломлашиб чиқардим. Бу сафар одатимга хилоф қилиб тўғри хонамга кирдим-у, қоғозларни тартибга келтиришни бошладим. Пешинга қадар ўзимга кераклиларини ажратиб, қолганини топшириб кетишни мўлжал қилган эдим. Шу пайтда Қаҳҳор Жабборов “лашкар”ини бошлаб кирди. Айримлари дадил кириб ўтирдилар. Баъзиларининг ҳаракатида хижолат сездим, демак, улар “лашкар” сафига мажбуран қўшилганлар. Гапни Қаҳҳор Жабборов бошлади:

– Журналнинг аҳволи оғирлашиб боряпти. Биз жамоа билан кенгашиб, сиз ишдан кетишингиз керак, деган қарорга келдик.

Қачондир шундай “таклиф” қалқиб чиқишини кутган бўлсам-да, бу тарзда сурбетларча айтилишидан ғашландим. “Икковимизнинг ниятимиз холис экан, қаранг, ҳозиргина ариза бериб келдим. Бу тахт энди сизга мунтазир”, деб қувонтирсам ҳам бўларди. Лекин шайтон васвасаси ғолиб келиб, уларга қитмирлик қилишни истадим.

– Мен бу ишга зўрға етишдим, ўн ой ичида амал роҳатини ҳали тузукроқ тотмай туриб, индамай кетавераманми, бекор айтибсизлар. Орангиздан 2-3 кишини ишдан бўшатишим мумкин, лекин жойимни бермайман. Бир жойда уч йил ишлашни анъана қилганман. Демак, яна икки йил-у икки ой чидаб ишлайсизлар. Чидамаганларнинг тўрт томони қибла.

Бу гапдан кейин кимнингдир ранги ўзгарди, кимнингдир лабларига енгил титроқ югурди. Камина, гуноҳкор банда, эса бундан салгина ҳузурландим. Бу ҳузурланиш иймоннинг сустлигидан нишона эканига ўша пайтда аҳамият бермадим, аксинча, роҳатланишни давом эттирдим.

– Биз сизни яхши кўрамиз, лекин ишдан кетишингиз керак, – деди ёш адиблардан бири.

Шу гап ҳам кутилмаган, ҳам ажойиб эди: мени яхши кўришади, лекин мен билан бирга ишлашни исташмайди. Қайси мантиқ доирасига сиғади? Бу гапни айтган йигитнинг самимийлигига гумоним йўқ, чиндан яхши кўрар, чунки унга унча-бунча яхшилик қилишга улгургандим, ёмонлик қилиш ниятим эса йўқ эди. Бу гапдан кейин қадимги бир ривоят беихтиёр хаёлимга келди:

Ўтган замонда Андроклес исмли хушхулқ бир асир Рим зодагонининг қўлидан қочиб, ваҳший ҳайвонлар яшайдиган ўрмонга яширинди. Озодликда яшашни истади. Машаққат ва азобларга чидади. Бир кеча яраланган арслоннинг овозидан ўрмон ларзага келди. Андроклес аввалига қўрқиб кетди. Кейин овоз келган томон юрди. Арслонни топиб, ярасини боғлади.

Кунлардан бир кун Адроклесни тутиб олдилар. Бу онда овчилар арслонни тутиб, ҳукмдорга тортиқ қилдилар. У замонда қочоқ асирларни оч арслонга ем қилдириш одати бор эди. Андроклесни ҳам шундай ўлимга ҳукм қилдилар. Одамлар бу томошадан завқланиш учун тўпландилар. Андроклес ўртага қўйилиб, оч арслон қафаси очилди. Баҳайбат арслон отилиб чиқди-ю, Андроклесга яқинлашганда шашти пасайиб, унинг оёқларига суркалди. Бундан оломон ҳайратга тушди. Шунда Андроклес уларга қарата бундай деди:

– Эй инсон қиёфасидаги ваҳшийлар! Мана шу ҳайвонга бир мартагина яхшилик қилган эдим. Яхшилигимни унутмабди. Сизларга йиллар бўйи хизмат қилган бўлсам-да, кичик бир айбим учун мени ўлимга ҳукм қилиб, томошага тўпландинглар. Мен озод яшашни истаган эдим, сизлар буни айб деб билдинглар…

– Мени яхши кўрганинглар учун раҳмат, мен ҳам сизларни яхши кўрганим учун мушкулингларни осон ҳал қилиб қўйдим. Сизлар “маслаҳат оши”нинг пиёзини тўғраётганингларда мен комсомолга бориб, аризамни бериб келяпман. Шу ўтиришда нарсаларимни йиғиштиряпман. Яна ўн беш дақиқа чидасанглар, хонани бўшатиб, эгасига топшираман…

Ҳамкасб укаларим билан шу йиғиннинг ўзида хайрлашдим. Хизмат машинасининг ҳайдовчисини чақириб, янги раҳбари билан таништирдим-да хоразмча қўшиқни хиргойи қилиб, уйимга автобусда қайтдим. Хоразм халқ ашуласидаги “Санинг ўзинг бир ёна, маним ўзим бир ёна” сатрларини сал ўзгартириб, кечки пайт Омон Матжонга қўнғироқ қилиб айтиб бердим:

“Санинг ўзинг бир ёна, маним ўзим бир ёна, “Ёшлик”дан кетар бўлдик, иккимиз ёна-ёна… Ҳей-ҳей қорагўз…”

Шундай қилиб, 1989 йил апрель ойининг 12-кунида бошланган нохушликлар 1992 йил апрель ойининг 20-куни “Қоракўз” ашуласини хиргойи қилиш билан якунланди. Ҳар қандай ишнинг ашула билан якун топгани яхши-да, нима дедингиз?

 
Бугун муқаддас нарса – эрта бўлар хокисор…
Бизлар девоналикни олганмиз хўп бўйинга,
Инсон юраги билан ўйнаб, берамиз озор,
Бағри тошмиз, ихлосманд алдамчилик – ўйинга.
 
(Рабиндранат Тҳакурдан Сайёр таржимаси)

Кўнглим хира бўлди-ю, таҳририятдаги “инқилобчи” укаларимдан айтарли ранжимадим. Сентябрь ойида тўнғич қизимни узатаётганимда тўйга айтиб келдим. Шунинг ўзи улар билан бутунлай узилиб кетмаганимга ишора эди. Лекин тўйга келишмади. Бу уларнинг узилганларидан нишона эди. Кимнингдир илк китобини чиқишида кўмаклашгандим, кимгадир Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлиши учун тавсиянома ёзиб берувдим, кимнинг тўйига ҳисса қўшувдим… Буларни миннат учун эсламайман, ёмонлик қилмаган одамни нима учун ёмон кўрдилар экан, ёмон кўра туриб нима учун “сизни яхши кўрамиз”, дедилар экан, шу саволларга жавоб топмоқчиман, холос. Ажабки, бу саволларга 23 йилдан бери жавоб топа олмайман, демак, бундан кейин ҳам оғриқли савол жавобсиз қолаверади. Шундай бўлгач, бу воқеаларни бутунлай унутишимга тўғри келади. Баёним сиз–азизларга “ҳасрат дастурхони” бўлиб туюлар. Менда ҳасрат ёшларини тўкиш нияти ҳам йўқ, фақат ҳаётда нохуш воқеаларга дуч келган ёшларга ибрат бўлармикин, деб бир чимдимгинасини қоғозга туширдим. Агар чегарадан чиққан бўлсам, узримни қабул этинг.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации