Электронная библиотека » Тоҳир Тоҳир Малик » » онлайн чтение - страница 27

Текст книги "Ҳаёт қайиғи (3 китоб)"


  • Текст добавлен: 16 мая 2023, 13:40


Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 27 (всего у книги 32 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Бу оддий томоша бўлса-да, ўшанда менинг кўнглимга бир қўрқув оралаган, “Худо кўрсатмасин, булар томоша отларига эмас, чинакамига ғазаб отларига минсалар қанчалар қонлар тўкилар экан…” деган фикрдан ғашланган эдим.

Орадан қанчадир ойлар ўтиб, Ўшда бегуноҳ қонлар тўкилди, юзлаб оилаларга бахтли бошпана бўлган уйлар ёнди… Стадионда томоша кўрсатган йигитларнинг бу фожиада қўли бор, деган фикрдан узоқман. Лекин негадир ўша манзара кўз олдимдан кетмайди. Ҳукумат меҳмонхонасидаги арчазорда юрганимда ҳам шу манзарани эсладим.

Пўлат ака Ҳабибуллаев ҳам барвақт турган эканлар, хиёбонда учрашиб, сайрни бирга давом эттирдик. Олимнинг мазмунли суҳбатлари мени эзгин хаёллардан қутқарди.

– Кеча яхши ўхшатиш қилдингиз, лекин сиёсат аниқ далилларга суянади. Бу борада биз ожизмиз, қўлимиздан ҳеч нима келмайди, – дедилар афсусли оҳангда.

Пўлат ака адабиётнинг ихлосманди эканлар, бугунги адабиётнинг аҳволи, вазифаси ҳақида гапирдилар. Тоҳир Қаҳҳорнинг янги китобини ўқиган эканлар, айрим сатрларини таҳлил қилиб, юқори баҳоладилар. Бу баҳо адолатли эди. Тоҳир Қаҳҳор ижодга ҳамиша масъулият билан қараган, енгил-елпи нарса ёзишдан ўзини эҳтиёт қилган.

Нонуштадан кейин Иссиқкўлга қараб юрдик. У ерга боришдан мақсад – “Ўзбекистонда ўзбеклар қирғизларни бир бошдан сўйяпти”, деган миш-мишларнинг фитна ва иғво маҳсули эканини халққа англатиш эди. Иссиқкўлда Ўзбекистоннинг бир қанча оромгоҳлари мавжуд эди, агар миш-мишлар мева бергудай бўлса, у ерда ҳам фожиали воқеалар бошланиб кетиши хавфи туғиларди. Кўлга яқинлашганимда мен ўзимни ёмон ҳис қила бошладим. Тушлик таом вақтида Аскар Акаев менинг аҳволимни сезиб, врач чақирдилар. Дори-дармон қилишгач, қирғиз маҳаллаларидаги учрашувларга чиқиб кетдик. Биринчи учрашувда Иссиқкўлнинг имом хатиби ажиб гапларни айтди:

– Мен имомлар малакасини ошириш ўқишида иштирок этиш учун Тошкентга боришим керак эди. “Ўзбеклар қирғизларни ўлдиришяпти” деган миш-мишга унча ишонмасам ҳам, эҳтиётан битта ўзбекча дўппи сотиб олдим. Аммо оилам менинг Тошкентга боришимга қарши бўлди. Хотиним болаларим билан бирга остонамга ётиб олди, “Аввал бизни ўлдирасиз, кейин Тошкентга борасиз”, деди. Уларни хавотирда қолдирмаслик учун сафарга чиқмадим. Масжиддаги маърузамда миш-мишларга ишонмаслик ҳақида гапирдим. Ўшлик ўзбек оғайниларга ёрдам бериш кераклигини айтдим. Бу гапларни Аллоҳнинг уйида айтганим учун масжид қавми ишонди. Кечадан бери ёрдам пули, кийим-кечак йиғилди. Бу ёрдамни бугун Ўшга жўнатдик. Эртага яна жўнатамиз.

Оқшомга яқин вазифаларимизни бажариб бўлгач, вакола аъзоларини кўлда сайр қилишга таклиф қилишди. Тобим йўқлиги учун мен меҳмонхонада қолдим. Ўзбекистонлик меҳмонларнинг кўлни сайр қилиши телевизорда кўрсатилган экан, кўпчиликда бу “ҳаммалари ўйнаб-кулиб юрибди”, деган таассурот уйғотибди. Шундан кейин мен “Халққа ҳақ гап керак”, деган мақола ёздим.

Ўш фожиаси пайтида жумҳуриятимиз раҳбарининг ўткир ақл билан юргизган сиёсати кўп жонларни сақлаб қолди, ваҳшийликлар Москва орзу қилган даражага бориб етмади. Гитлер СССРга ҳужум қилганида республикалар орасидаги иттифоқнинг бузилиши, миллатларнинг русларга қарши кўтарилишини ҳам ҳисобга олган экан. Ўш фожиасининг режасини пишитганлар водийдаги ўзбекларнинг кўтарилишларини, Ўшга қараб юришларини, ўч олиш учун пичоқлар қинлардан чиқарилишини кутган эдилар. Ислом Каримов қатъийлик билан чегараларни тўсмаганларида шундай бўларди ҳам. Калта ўйловчи жангари йигитларнинг сиёсат бобидаги жоҳиллигини тушуниш мумкин. Бироқ ёзувчилар уюшмасидаги минбарни эгаллаб олиб ҳар куни мажлис қилувчи нодонларнинг “доно”лиги афсусли ҳол эди. Маҳмадона шоирлардан бири кўкрагига муштлаб: “Биз йигирма миллионли халқмиз, бир миллионимиз қирилиб кетсак ҳам, ўч оламиз!” дейди. Бемаъниликни қаранг! Кимдан ўч олмоқчи? Нима бўлаётганини тушунолмай ўтирган қирғиз чўпониданми? Шунда мен дедимки:

– Мардлигингиз таҳсинга лойиқ, аммо бир нарсани ҳал қилиб олайлик, сиз ўзингизни қирилиб кетувчи бир миллион сафида кўряпсизми ё тирик қолувчи 19 миллион қаторидамисиз? Чақириғингизга биноан ҳозир қўлингизга автомат берилса, Ўшга жўнайсизми ё “Бугун улфатлар билан зиёфатимиз бор эди”, деб чойхонага йўрғалаб қоласизми? Битта одамнинг ҳам қони тўкилмасин, дейиш ўрнига бир миллион жонни шу тилингиз билан ўққа рўпара қилганингизда виждонингиз қийналмадими?

Уюшмадаги нодонларнинг аҳмақона чақириқлари қулоқларига етиб борганми, ҳар ҳолда жуда кўп йигитлар чегарага келдилар. Аммо уларнинг Ўшга ўтишларига йўл берилмади. Улар норози оҳангда вайсаб-вайсаб қолавердилар, лекин фожиа кунларидаги бу доно сиёсатга эса тарих ўзининг муносиб баҳосини берди. Орадан юз йил ўтиб, бу кунлар таҳлил этилса, барибир чегарани тўсиш сиёсатининг тўғри бўлганига тан берилади. Орадан роппа-роса 20 йил ўтиб бу фожиа янада ваҳшийроқ даражада такрорланди. Эндиги сиёсий ҳолат, айниқса халқаро аҳвол бутунлай ўзгача эди. Чегарадан ўтган қочқинларга етарли шароит яратиб берилиши баробарида жангари йигитларнинг Ўшга ўтишларига яна йўл берилмади. Мен сиёсий таҳлилга нўноқман. Аммо ожиз фикримча, бу сафар “фожиа ижодкорлари” фақат йигитларнинг ўтишини эмас, аскарларимизнинг ҳам Ўшга киришини кутган бўлсалар керак. Эндиги фожиа Грузияда синаб кўрилган режа асосида ривожланиши керак эди. Фожиани бошлашга бошладилар-у, аммо ўзлари хоҳлаган йўналишда ривожлантира олмадилар. Бунда ҳам юртбошимизнинг доно сиёсатлари кўп жонларни сақлаб қолди.

Мен бу воқеаларга ўзим гувоҳ бўлганим учун ҳам “Шайтанат”нинг 5-китобидан жой бердим:

* * *

– Йўллар очиқ эканми, қийналмай ўтдингларми?

Мирзаалининг саволи уни хаёл дунёсидан ташвишли аччиқ ҳаёт оламига тортиб олди. Жалил “Анжонгача яхши келдик”, деб гап бошлаган эди, томоқ қириб, уни тўхтатди-да, хотиржам оҳангда жавоб қайтарди:

– Чегарада аскарлар туришибди, беғараз одамларга монелик қилишмаяпти.

– Ишқилиб, тинчигани рост бўлсин,деди Мирзаали.

– Меҳмон, сизлар ҳам эшитгандирсизлар, кўкрагида ўти бор анжанли йигитлар бу ёққа ўтмоқчи бўлганларида янги каттаконинглар йўлларини тўсганмиш-ку? – деди Гўрўғли.

– Ростдан шунақа бўлибдими ё миш-миш гапми бу?деб сўради Муҳиддин ота.

– Рост, – деди Мирзаали, – чегара бўйлаб одамларни қўйиб ташлаган.

– “Одамлар” деганингиз сизу бизга ўхшаганларми ё ўриснинг аскарларими?

– Асосан ўзимизга ўхшаганлар, омма милисалар ҳам бор.

– Агар шундай бўлса, каттаконимиз тўғри иш қилибдилар.

Меҳмондан аксинча гапни, каттаконларни қоралашни кутган Гўрўғли ҳам, Мирзаали ҳам, ҳатто Жўлон қирғиз ҳам унга ҳайрат билан қараб қолишди.

– Гапингиз қизиқ-ку?! – деди Мирзаали. – Ёрдамга шошганлар йўлини тўсишда яхшилик борми?

– Эй-й биродар, сиз муаллим экансиз, бошқалар тушунмаса ҳам сиз билишингиз керак бунақа сиёсатни. Мен советнинг турфа иғволарини кўравериб, мана бу ерим,– Муҳиддин ота чап кўкрагини ушлади, – зада бўлиб кетган. Мана, ўтган урушни лаънатлайверамиз-лаънатлайверамиз. “Газанда”, деб фашистни балчиққа булаб ташлаймиз. Ўша фашистнинг ҳарбий учувчиларини ўттизинчи йилларда советнинг ўзи ўқитиб, тайёрлаб берганига нима дейсиз?

– Йўғ-е, Европани бўлиб олиш тўғрисида Гитлер билан шартномаси борлигини эшитганман, буниси сал ғалати-ку?

– Сизу бизга ғалати туюлади. Биринчи Жаҳон урушидан кейин немисларнинг ҳарбий қувватини сиқиб қўйиш мақсадида кўп нарсалар чеклаб ташланган. Шунда совет махфий равишда уларга ёрдам берган. Оқибатда, ўзи ўқитган одамлар ўзининг ерларини бомбалаб ташлади. Тарихнинг варақларини титаман, десангиз, фитналарга гувоҳ бўлавериб, эсингиз тескари бўлиб кетади. Бугун кўриб турганимиз ҳам бир иғво. Икки миллат бир-бирини қирсин, деб атайин уюштирилган иғво жанжали. Агар каттаконимиз сизлар айтган “кўкрагида ўти бор”ларни тўсмаганида қирғин алангаси янаям ваҳшатлироқ бўларди-ку, тўғрими? Советга худди шу нарса керак. Йигитларнинг кўкрагида ўт бўлгани яхши. Лекин бунақа ғавғолар кўкракдаги ўт билан эмас, бошдаги ақл билан ечилгани дуруст. Мана, Жўлон биродаримиз хижолат бўлиб, “қирғиз ўлдирмади”, деяптилар, сиз эса “кўриб-билиб турибмиз”, деяпсиз. Шунақа экан, кўкрагида ўти борларга не ҳожат?

– Бу гапингизда жон бор, меҳмон,деди Гўрўғли.Менинг бошим гаранг эди. Илгари ҳам ўзбекми, қирғизми, тожикми, қозоқми… ишқилиб, болалар бир-бири билан гап талашган, гапга тўймаса, муштга тўйган. Бу ҳам етмаса, аҳмоқроқлари пичоғини қиндан чиқарган. Айби зўрроқ бўлса, милиса олиб кетиб, жазосини берган, камроқ бўлса, эртасига бир-бирлари билан яна тил топишиб кетаверишган. “Беганас билан Тошпўлат тозза бир-бирини муштлабди”, деб эшитардик. Лекин “қирғиз Беганас билан ўзбек Тошпўлат муштлашибди”, демаган ҳеч ким. Қирғиз ўлса, тобутнинг бир чекасини ўзбек кўтарарди, ўзбек ўлса, қирғиз. Ана, Жўлон, тобутнинг бир томонини кўтарганича, ҳеч кимга тутқизмай, мозоргача келди. Ўзбек қирғиз ошнасининг жанозасига уч тоғ ошиб бўлса ҳам борарди, қирғиз ҳам тоғлар ошиб келарди. Шундай одамларнинг болалари бир-бирларига ваҳшийлик қилишига ишонмайман. “Иғво” деганингиз тўппа-тўғри! Мулла Абдураҳмон шуни сезган бўлса керак, Қоравойни мозорга бошлаб келганидан кейин ташвишланиб, Ўшга тушиб чиқувди. Ташвишланганини бетига қараб билувдим, лекин ўзи дардини очмаганди.

– Ҳақ рост, – деди Мирзаали уни қувватлаб, – бу телевизор жавраётганидай миллий масала эмас, иғво масаласи! Қадимги Римнинг султони Юлий Сезар: “Халқларни бир-биридан айри-айри қилиб ташлагин-у, ҳукмингни мазза қилиб юритавер”, деган экан.

– Хўп, масала иғвода бўлса бўла қолсин,деди Гўрўғли. – Омма ваҳшийлик анов-манов даражада бўлмади, жавобини ким беради?

– Хитойликлар пайғамбар даражасида кўрувчи донишманд Конфуцийдан: “Яхшиликка нима билан жавоб бериш керак?” деб сўрашганда “Яхшилик билан”, деб жавоб берибди. “Ёмонлик, зулмга-чи?” деб сўрашганда “Адолат билан”, деб жавоб берган экан.

– Дуруст айтибди. Яхшилик қилиш ҳар бир одамнинг қўлидан келади. Бироқ бировнинг ёмонлигини кечириб, унга яхшилик қилиш фақатгина мўъминга хос. Ҳақиқат шуки, Хитой донишманди айтган адолат тарозуси советда аллақачон бузилиб кетган, – деди Муҳиддин ота.– Телевизорда кўрдим, мухбирлар ҳам, сиёсатдонлар ҳам “Жиноятчилар қонун олдида жавоб берадилар”, деб жаврашяпти. “Қонун, қонун!” деймиз-у, қани ўша қонун, қани ўша адолат? Борми шунақаси?.. Бўлганида ҳам, қонун жамиятда тўла адолат ўрнатолмайди. Зулм даражасини пасайтира олади, холос. Ҳеч қайси давлат жамиятда жаннат яратиб бера олмайди. У жамиятнинг дўзахга айланиб кетмаслиги чораларини кўра олади. Лекин совет бундай чора кўришга ожизлигини билдириб қўйди. Дўзах эшикларини ўзи очиб беряпти… Ҳақиқат билан куч кундошга ўхшайди. Ҳозир куч кундошининг қўлидаги заҳар иш беряпти. Одамлар ҳақиқатни ким заҳарлаётганини билиб қўйсалар ёмон бўлмасди.

“Сўнгги ўқ”

Уюшмадаги катта-кичик воқеалар билан овора бўлиб, ижодга тааллуқли гаплардан узоқлашиб кетибман. 1982 йили “Сўнгги ўқ” романининг дастлабки саҳифаларини ёзиб, сўнг иш юришмай, тўхтаб қолган эди. Аслида бу романни ёзиш фикри ёшлик йилларим туғилганди. Болалигимда аяжоним билан Чорсу бозорига тушганимда икки телба одамни учратардим. Биттаси – паст бўйли, кулимсираб турувчи киши қизчаси билан юрарди. Тиланмаса ҳам одамлар у-бу берардилар. “Бу одам марғилонлик Нурхон деган ашулачи қизнинг акаси. Ҳамзага қўшилиб кетган синглисини сўйиб ташлаб қамалган, қамоқдан шунақа жиннисифат бўлиб чиққан”, деган гапларни эшитардим. Иккинчиси – баланд бўйли, қишин-ёзин узун пальто кийиб юрадиган одам ҳеч кимга гапирмасди. Ҳамиша қовоғи солиқ эди. Пешонасида кўкимтир ёзувлар бор эди. Мен қамоқда ўтириб чиққанларнинг кўкракларига, билакларига “татуировка” қилишларини эшитардим. “Биттаси отувга ҳукм қилинган экан, энди отамиз дейишганда кўйлагини ечибди, кўкрагига Сталиннинг расми солинган экан, ота олишмабди”, деган гаплар биз-болалар орасида ҳам муҳокама қилинарди. Лекин пешонадаги ҳарфларни эслатувчи шакллар мени ҳайрон қолдирарди. Болаларга хос хаёлим билан унинг ўтмишини ўқишга урингандай бўлардим. “У ким, пешонасига нима деб ёзиб олган? Нега одамлар билан гаплашмайди?..” Бу саволларга узоқ йиллар жавоб изладим. Ниҳоят 80-йилларга келиб, калаванинг учини топгандай бўлдим. Болалигимда бозорда кўрган одам эҳтимол ашаддий жиноятчи бўлгандир, пешонасидаги татуировка қамоқхонадан ёдгорликдир? Лекин мен тасаввуримда уни ўзгача қиёфада тиклай бошладим. У – большевиклар ҳокимияти зулмининг қурбони! Асарни ёзишга киришишда шу йўлни танладим. Деярли барча асарларим қўлёзмада “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм” билан бошланган. Лекин китоб саҳифасига кўчишига йўл берилмаган эди. Бунисида йўлини топдим: “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм!” У шундай деб милтиқ қўндоғини елкасига тираб, баргга қараб олди. Кузнинг совуқ нафасида титраб-қақшаб турган япроқлар қитдай шабадага ҳам тоб беролмай чирт узиладиган аҳволга келган”. “Бисмиллаҳ” ёзувчининг эмас, асар қаҳрамонининг тилидан айтилгани учун цензура ҳам иложсиз қолди. Китоб биринчи марта “бисмиллаҳ” билан чиқди. Эҳтимол, шунинг учун ҳам китобхонларга манзур бўлгандир, балки шу сабабли ҳам асар асосида етти қисмли бадиий фильм ишлангандир, буниси Аллоҳга маълум. Мен учун энг муҳими – кейинги китобларимнинг барчаси “бисмиллаҳ” билан, такбир ва салавот билан нашр этиладиган бўлинди. Аллоҳ йўлимни шу тарзда ойдин қилиб берди, Ўзига шукр! Китоб “Ноҳақлик, туҳматлар жабрини тортган, аммо виждонига хиёнат қилмаган табаррук инсон, тоғам Мирзакалон Исмоилийнинг покиза руҳига холис ният ила бахшида этдим”, деган бағишлов билан нашр этилди. Асар “Шарқ юлдузи”да босилгач, бир аёлдан мактуб олдим. “Қиссанинг бошланишини ўқиб ғашим келди. Ака-уканинг барг узилишини кутиб милтиқ ўқталиб туриши менга ёлғон бўлиб туюлди. “Асар бемаънига ўхшайди, Тоҳир Малик Ёзувчилар уюшмасининг амалдорларидан бўлгани учун босишган”, деган хулосага ҳам бордим. Лекин кейинги саҳифага ўтгач, журналдан бош кўтаролмай қолдим. Устоз Абдулла Қодирий “Ўткан кунлар”га ёзган сўз бошида “Мавзуни мозийдан, яқин ўтган кунлардан, тарихимизнинг энг кирлик, қора кунлари бўлған кейинги “хон замонлари”дан белгиладим”, деб ёзган эдилар. Сиз энг яқин тарихимизнинг энг қора кунларини, энг зулмли даврини маҳорат билан тасвирлаб берибсиз, раҳмат. Сиз сўз бошида “Айрим воқеаларга ишонмаслигингиз мумкин. Лекин мен ёзганларимни “эртак” дея олмайман. Йўқ, булар уйдирма ёки эртак эмас –аччиқ ҳақиқат!” деб тўғри таъкидлабсиз. Бу асар фақат тарихни акс эттирмайди, тарбиявий аҳамияти ҳам катта. Ёмонларни ёмонлик йўлидан қайтаришга, ҳасадчиларни ҳасаддан тийилишга ундайди. Бу китобни ўқиб, тўғри хулоса чиқарган одам ҳеч қачон бошқаларга ёмонлик қилмайди. Мени ҳайратга солган бир нарса – сиз совет ёзувчиси бўла туриб советларнинг гуноҳларини очишдан қўрқмабсиз. Бунинг учун алоҳида раҳмат айтаман…” Бунга ўхшаган мактублар кўп эди. Уларга ўрин бера бошласам, ўзим ҳам талтайиб кетмай, деб шу биттаси билан мухтасар қиламан.

“Сўнгги ўқ”ни маълум маънода “Девона”нинг мантиқий давоми дейиш ҳам мумкин. Мазкур мавзуни кейинги асарларда ҳам давом эттирдим. “Эркин”, “Ов” эса тўлалигича шу мавзуда бўлди. Сталин даври зулмининг манзараси “Шайтанат”дан ҳам, кейинроқ “Самум”дан ҳам ўрин олди. Агар Аллоҳ менга зеҳн қуввати берса, жадидлар ҳақидаги романни охирига етказишни насиб этса, бу мавзу янада чуқурроқ, янада кенгроқ тарзда акс эттирилади.

“Савоҳил”да (“Қалдирғоч”) бойларга бўлган муносабатни холис тарзда акс эттирганимни баён қилган эдим. “Сўнгги ўқ”да мазкур масалага яна қайтдим.

“Отаси камгап одам эди. Гапдан кўра ишни маъқул кўрарди. Бомдоддан шомга қадар даладан бери келмасди. Жаҳонгир отасининг қарол ёллаб ишлатганини билмайди. Зафарбек Ислом йўлида қилич яланғочлаганда ҳам Муҳаммадризо қишлоқни ташлаб кетмади. “Мен деҳқонман, мен одамларни боқишим лозим. Аллоҳ менинг зиммамга шу юмушни юклаган Ердан юз ўгирсам, Аллоҳ мендан юз ўгиради. Қилич чопиш, милтиқ отишдан, одам боласи қонини тўкишдан Парвардигорнинг Ўзи асрасин!” – деб дангал айтди. Атроф қишлоқларни тиз чўктира олган Зафарбек Муҳаммадризони тинч қўйди, бир сиқим буғдойига ҳам тегмади. Аксинча, дўппи тор келганида йиққан-терганларини унга ишонди. Омонатга хиёнат қилмасин, деб Муҳаммадризонинг ўзига улуш сифатида зеб-зийнатлар, тилла тангалар қолдирди. Муҳаммадризо буларни бешга бўлиб, тўрт қисмини ўғил-қизларига атади, бир улушини ўзи олди. Кутилмаган бойликдан эси оғиб қолаёзган Оламгир хорижга ўтиш ҳақида сўз очганида унинг жавоби қисқа бўлди:

– Бир товоқ ёвғон билан одамнинг қорни тўяди. Хорижга борсанг ҳам бир товоққа тўясан. Икки товоқ ея олмайсан, бўкиб ўласан.

Зафарбек шаҳид бўлгач, Муҳаммадризо унинг омонатини кенжаси Жаҳонгирга ишонди. “Ҳатто сариқ чақасига ҳам хиёнат қилма, зурриётларидан бири талаб қилиб келса берасан”, деб тайинлади”.

Акаси хорижга қочди, опаларини қулоқ қилдилар, ўзини қамоққа ташлашди. Қамоқдан чиқиб опаларини қидирди. Изларини топди. Ўзларини эмас. Кичик опаси, поччаси, жиянларини ботқоқ ютган экан. Белорусларнинг бу овлоқ қишлоғида Ойнисани учратди. Битта сигири борлиги учун қулоқ қилинган бу аёл образи ўзимга жуда ёқади. Мен Ойниса тимсолида сабрли, вафоли, ҳалол ўзбек аёлини кўрсатмоқчи бўлганман. “Эри айиққа ем бўлганидан кейин Ойнисани уйимизга олдик. Бизга ҳам овунчоқ, ҳам хизматимизни қилади. Буларни “газанда бойлар” деб олиб келишганди, бой қизига ўхшамайди. Меҳнатдан қочмайди…” Белорус чолнинг бу гапи ҳавойи эмас, ҳақиқат эди.

“Тонгга яқин Жаҳонгирнинг кўзи илинган экан, боланинг жарангдор овози қулоғига кириб уйғонди, аммо кўзларини дарров очмади.

– Ая, дадам келдиларми?

– Йўқ болам, даданг эмаслар. Ўртоғинг Нуриллоҳнинг тоғалари.

Жаҳонгир тушларига кирадиган дўмбоқ болачанинг, кейин эса Хадичанинг овозини эшитгандай юраги энтикди. Кўзларини очди. Қаддини кўтариб, пастга қаради. Ойниса беш яшар боласининг қаддини букиб, юзини ювар эди. Жаҳонгирнинг нигоҳини сезиб, Ойниса ҳам юқорига қараб олди.

Нонуштадан сўнг Жаҳонгир опасининг уйига қараб кетди. Буюмларга биров қўл урмаганга ўхшайди. Кийимлар ҳам тахланганича турибди. Опасининг камзули, поччасининг тўни… Паранжи ҳам… Опаси шу ерга ҳам кўтариб келибди-да, паранжисини… Камзулдан опасининг, жиянларининг ҳиди келади. Жиянларини суйиб эркалагандай камзулни силади. Кенжа жиянини кўрмаган эди. У шу камзулга бетини қўйиб, онасига эркаланган… Жаҳонгир камзулни силаётиб сесканиб кетди: камзул қатида қаттиқ нарсалар бор эди. Пайпаслаб кўрди – тангаларга ўхшайди. Отаси берган тилла тангаларми булар? Жаҳонгир ўғирлик устида қўлга тушгандай, назарида бу уйга атайин шуни излаб киргандай уялди. Опаси дарчадан “шуни деб келган экансан-да”, деб қарагандай бўлди.

Эшик оғзида шарпа сезилиб, Жаҳонгир чўчиб қаради.

– Нарсалари бус-бутун, ўзим йиғиштириб қўйганман,деди Ойниса айбдор оҳангда.

“Билганмикин?” – деб ўйлади Жаҳонгир, кейин дарҳол ўзига ўзи жавоб берди: “Билган…”

– Қора кунларга ярар, деб олволган эканлар, ўзларига буюрмабди,деди Жаҳонгир камзулга ишора қилиб. – Буларни… сиз олинг.

– Йўқ, олмайман. Ўзларига буюрмаган, менга буюрармиди. Ҳазар қиляпти, деб ўйламанг, бировнинг ҳақидан қўрқаман…”

1994 йили кинофильм ишланаётганда мен шу манзараларни экранга кўчишини истаган эдим. Лекин Ҳайбат ака Алиев бошқача фикрда эканлар. Опаларнинг қисмати фильмга кирмай қолди. Ношукрлик қилмайин, фильм томошабинларга жуда манзур бўлди. Фильм учун қалам ҳақи ҳам беришди. Биринчи набирам Сирожиддин (Аллоҳ раҳмат этсин) туғилган кунлар эди. Берилган пул бешик тўйига аталган битта болалар кроватига етди. Фильмда бош ролларни ижро этган Ёдгор Саъдиев, Ҳожиакбар Нурматов, Эркин Комиловдан хурсандман. Бу актёрларни аввал ҳам яхши кўрардим. Фильмдан сўнг ҳурматим янада ошди. Уларнинг “Шайтанат”даги ижролари алоҳида олқишу таҳсинларга лойиқ, шундай эмасми?

Баъзи адабиётшунослар, ҳатто адиблар асарларимда диний калималарнинг мавжудлиги, ривоятлар, ҳикматлардан фойдаланишимни танқид қилишади. Мен бу танқидларга парво ҳам қилмайман. Чунки бу услубни камчилик эмас, фазилат деб биламан ва бу йўлдан четга чиқиш ниятим йўқ. Диний билимлар билан таниша боргач, бу ҳақиқатларни оммага бадиий асар орқали ҳам етказиш керак, деган фикр “Сўнгги ўқ”ни ёзаётганимда туғилган. Билимим етганча бу фикрни амалга оширишга уринганман. Ўша пайтларда ўшлик биродаримиз Алоуддин Мансур ҳазрат Ғаззолий асарларини таржима қилганларини баён қилиб эдим. Мен қўлёзмани ўқиб, ундан фойдаланиш йўлини ҳам топдим. Бунинг учун қамоқдан қутилиб чиққан Жаҳонгирни мадрасага қайтардим:

“Кўчалар унинг назарида рангпар кўринди, уларда илгариги жон йўқ эди. Қаҳатчилик деган ёвуз қуш қора қанотларини бу юрт, бу шаҳар устига ҳам ёзган эди. Силласи қуриган одамни битта-битта чўқилаб, кўча-кўйда ҳам думалатаверарди. Шаҳарда ўлим кўп, аммо йиғи оз эди. Йиғлаш учун ҳам қорин тўқ бўлиши керак. Очарчилик кўзлардаги ёшни қуритиб, дийдаларни қотирган эди.

Жаҳонгир мадрасага боргач, таажжубда қотди: мадраса дарвозасига қўш қулф урилган, деворлар аста нурай бошлаган. Афтидан бу ерда анчадан бери одам яшамас эди.

Жаҳонгир энг яқин кишисини хароб тарзда учратган одам ҳолига тушиб, кўзига ёш келди. Энг яқин кишингни абгор ҳолда кўрсанг уни бағрингга босасан, юзларини силайсан, Худодан мурувват сўрайсан, сўнг унинг дардларига даво чораларини излайсан. Неча юз йил савлат тўкиб турган, неча минг толибига бошпана бериб, неча юмуқ кўзларнинг очилишига гувоҳ бўлган, неча дилнинг сирини бағрига сингдирган бу иморатни қучоқлаб бўлмаса, ярасига малҳам топиб бўлмаса, юзларини силаб бўлмаса… Жаҳонгир ғамини ичига ютиб, иморатга яқинлашди. Кафтини ғишт деворга қўйди – гўё афтодаҳол иморат юзини силади. Ғишт девордан илиқлик чиқиб унинг кафтига ўтди. Кейин бутун танасига таралди. Музликларда тўғнаб қолган илигига ҳарорат ўтгандай бўлди. У юзини деворга қўйди. Димоғига таниш ҳид урилиб, юраги энтикди. Қулоғига таниш овозлар эшитилди:

– Дил надир, кўкракнинг чап томонига жойлашган бир парча гўштми?

– Бу – дилнинг бирламчи маъноси. Яъниким, бу гўшт ғовакларида руҳнинг асл манбаи бўлмиш қора қон мавжуддир. Бу юрак ҳайвонотда, ҳатто ўликда бордир ва у ҳеч қанча қийматга эга эмасдир.

– Мулла Жаҳонгир, дилнинг иккиламчи маъносини сиз айтинг.

– Ҳазрат Ғаззолий шундай зикр этибдилар: “Дил –Парвардигорнинг ўз бандаларига ато этган руҳоний неъмати бўлиб, унинг жисмоний дилга алоқаси бордир. Бу неъмат инсоннинг асл моҳиятидирки, инсон бутун илму маърифатга унинг воситасида эришади ва барча хитоб, азоб, итоб ва талаблар унга қаратилган бўлади. Руҳоний неъмат билан жисмоний юрак ўртасидаги мустаҳкам алоқанинг ҳақиқий суратини кўпчилик англаб етмайди…”

– Балли, мулла Жаҳонгир, энди қиссадан ҳиссани айтинг.

– Тақсирим, қиссадан ҳисса шулки, Парвардигорнинг бандаларига берган руҳоний неъмати иблисга хос иллатлардан, чунончи, ҳасаддан, ёвузликдан, хиёнатдан, нафс бузуқлигидан асралмоғи лозим. Асралмас экан, жисмоний дил пароканда бўлғусидир.

– Балли… мулла Зайниддин, сиз айтинг: жон надир?..”

Ҳозиргина жаранглаб чиққан овозлар нимадандир чўчигандай пасайиб, ғишт ковакларига сингиб кетди. Жаҳонгир қаддини тутиб, осмонга қаради: “Бу даргоҳнинг нима гуноҳи бор эканки, дарвозаларига қулф урилса? Бунда илм толиблари қирилиб битганми ё мударрисларми? Ё Бургутнинг гаплари ростми?” Осмон жим, иморат ҳам… Саволга жавоб йўқ.

Жаҳонгир деворга суяниб ўтириб бошини кафтлари орасига олди. Қирқбелга қайтиб киндик қони томган уй ўрнида вайрона кўрса, бунчалик эзилмасди. Енг шимариб, вайрона ўрнини гулистон қилишга киришарди. Лекин юмуқ кўзларни очувчи бу муқаддас иморат дарвозасини қандай очиш, чироқни қандай ёқишни билмас эди…”

Жаҳонгир юрагини қийноққа солган саволларга жавобларни аввалги даврда мударрис бўлган, эндиликда мадраса ўрнидаги омборхонага қоровуллик қилаётган Низомиддиндан эшитади:

“– Мулла Низомиддин йўқ ҳозир. Низом қоровул бор. Илгари шу иморат ичкарисида дарс берардим, энди ташида қоровулман… Айбга буюрманг, бўтам, бу пешонангиздаги ёзув нимаси?

– Қамоқда иблиснинг йўлига кириб ёздирибман. Ватаннинг хумори тутганда эси оғиб қолар экан кишининг. Ўшандай лаҳзадан хотира энди бу. Тикилманг, ўқий олмайсиз, арабча ҳарфларни билмайдиган ношуд ўрис ёзган, чаплашиб кетган.

– Бу мадраса менга умрим бўйи берилган деб ўйлаб, уй-жой қилмаган эканман. Мадрасани беркитишгач, кўчада қолдим. Бу ерни омбор қилдилар. Қаёққа боришни билмаганимда қоровулликни бердилар.

– Нимага беркитдилар мадрасани?

– Э, бўтам, дунёнинг ишларидан бехабармисиз?

– Оз-моз хабарим бор. Қамоққа тушганлар айтиб беришарди, аммо кўпам ишонмасдим.

– Ишонинг бўтам, ишонинг. Бир инқилобни бошлашди. Номи маданий экан. Мен бу инқилобни кўриб, ёқа ушладим: ҳай-ҳай, маданийси шу бўлса, ваҳшийси қандай бўлар экан – фарқига ақлим қосир. Дастлаб масжидларни бузмоққа киришдилар. Ё Аллоҳ, иморатда нима гуноҳ бор экан? Яратган уларнинг қалбга пича инсоф бердими, кейингиларини бузмай, ҳар турли идораларни жойлаштирдилар. Омбор қилганлари бир нави, яҳудий ямоқчиларга устахона қилиб бердилар, шунисига доғман. Э, айтсам тилим, айтмасам дилим куяди…

Жаҳонгир кулбанинг ўнг томонига тўшалган юпқа кўрпачага ўтирди. “Наҳот фозиллар хорликда, жоҳиллар фароғатда бўлсалар? Наҳот жамиятга бундай фозил одамнинг кераги бўлмай қолган? Илм нима бўлган, диёнат нима бўлган, инсоф, виждон нима бўлган?!”

– Талабаларимиздан бир қанчалари мени бу ердан олиб кетмоқчи эдилар. Йўқ, дедим, кетсам, мадрасамиз етимликда фарёд уриб қолаётганга ўхшайди. Мадрасасиз дунё кўзимга қоронғи. Мадраса шу ҳолида ҳам қуёш мен учун. Мен қорин ғамида, шуҳрат илинжида қуёшга хиёнат этсам, дўзах азобига шу дунёдаёқ гирифтор бўла қолмайманми?

Мударрис – Низом қоровул гапдан тўхтади. Дарчадан ёпирилиб кираётган ёруғлик унинг кўзидаги намда аксланди.

Мударриснинг дардини тасвирлашга сўз ожиз. Ёлғиз фарзандини қабрга қўйганларда шундай кулфат бўлади, ватанини беҳад суйгани учун бу тупроқдан судраб, хорлаб қувилган одамда шундай алам бўлади. Ота-онасидан бевақт айрилган, туҳмат билан зиндонга банди этилган одамлар дарди бу қадар улуғ бўлмайди.

Мударриснинг қаддини нима букди: дардми ё қариликми? Нима учун эти устихонига ёпишди: дардданми ё очликданми?..

– Ҳа, бўтам, яна менга тикилиб қолдингиз?

– Очлик силлангизни қуритибди…

– Шунга шукр қилиб ётибман. Халқим очликда қақшаб, мен ёғли паловга тўйсам, у дунё-бу дунё ўзимдан ўзим рози бўлмас эдим. Менга берилаётган нон жон сақлашимга етади. Бироқ кўчада сулайиб ётганларни кўрсам, – “ўлиб ётганларни” дейишга мударриснинг тили бормади, – шу бир тишлам нон ҳам томоғимдан ўтмайди. Эгамнинг қаҳри ҳам марҳаматига яраша. Шу қаҳрга лойиқ эканмиз, шукр қилишдан ўзга чорамиз йўқ.

– Тақсирим, ўйлаб ўйимнинг тагига етолмаяпман. Бу не ҳол ўзи? Иблис ҳар биримизнинг юрагимиздан жой олволдими? Кўзларимизга парда тортиб, кўр қилдими?

Мударрис – Низом қоровул дарров жавоб бермади. Ёруғлик ёпирилиб келаётган дарчага қаради. Кейин худди ўзига ўзи дарс бераётгандай оҳиста сўз бошлади. Жаҳонгир донг қотди. Илм толиби эканида эшитган ўша овоз, ўша оҳанг…

– Расулуллоҳ, соллалоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Менинг умматларимга ҳам илгари ўтганларнинг касали етиб келади”. “Илгари ўтганларнинг касали не эди?” деб сўрадилар. Расулуллоҳ жавоб қилдилар: “Кибр-ҳаво, манманлик, мол-дунё орттиришдаги рақобат, бир-биридан четланиш ва зулмга сўнгра эса бош-бошдоқликка олиб борадиган, ҳасадгўйлик”. Пайғамбар алайҳиссалом яна шундай дедилар: “Умматим устида энг кўп қўрқадиган нарсам, уларнинг мол-дунёлари кўпайиши натижасида бир-бирларига ҳасад қилиб, ўзаро низолар чиқишидир… Олов ўтинни егани каби ҳасад яхши амалларни ейди”. Аллоҳнинг ҳузурида қилинган биринчи гуноҳ ҳасад бўлган эди. Иблис алайҳилаъна Одам алайҳиссаломнинг мартабаларига ҳасад қилиб, у зотга сажда қилмоқдан бош тортди – ҳасад уни гуноҳга етаклади. Тангри таоло берган неъматлар орасида “нафс” деган бир лафз борки, ҳакимлар бунда инсондаги барча мазмум сифатларни ўзида жамлаган зўравон кучни назарда тутадилар ва шу боис дейдилар: “Доимо нафсга қарши курашиш ва мудом уни синдириш лозим”. Зеро, Пайғамбар алайҳиссалом “Энг қаттол душманинг ўз ичингдаги нафсингдур”, деганлар.

Мударрис – Низом қоровул “жавобим шу” дегандай Жаҳонгирга қаради. Жаҳонгир эса Абу Ҳомид Ғаззолийнинг асарини эслади.

Шу зайлда бошланган суҳбатнинг чеки-чегараси йўқдек эди. Токчадаги китоблар қўлга олинди, варақланди, ўзига ҳикматларни яширган сатрлар тилга кирди. Шу кун, шу тун Жаҳонгир бошига тушган савдоларни оз бўлса-да, унутди. Олма қоқидан дамланган чойдан ичиб тунни тонгга уладилар. Саҳарда Жаҳонгир йўлга отланди.

– Сизни Аллоҳнинг Ўзи паноҳида асрасин,деди мударрис – Низом қоровул. – Эҳтиёт бўлинг, бўтам. Сизга яхшилик қилганларга яхшилик қилинг, ёмонлик қилганларга ёмонлик қилманг…”

Мударрис – Низом қоровул Жаҳонгирнинг тез қайтишидан ажабланди. Бунақа пайтда айрим одамлар “Нима бало, уйингдан илон чиқдими?” дейишади. Жаҳонгир мударрисидан шунга ўхшаш савол кутган эди. Бошқача шароит бўлганида балки мударрис – Низом қоровул шу қабилда ҳазилнамо гап қилиши мумкин эди. Бироқ бошпанаси йўқ одамга шундай дейиш меҳмон ташрифини малол олган ҳисобланади. Мударрис – Низом қоровул “Эсон-омон бориб келдингизми, бўтам?”– деб гапни қисқа қилди. Ҳаммасини Жаҳонгирнинг ўзи айтиб берди: уйидан “илон чиққани”ни ҳам, опаларининг узоқ юртларга қулоқ қилинганини ҳам, Соттининг районга туширган бўхтон хатини ҳам айтди.

Липиллаб ёнаётган қора чироқ ҳужрани аранг ёритарди. Жаҳонгирнинг зимистон юрагига ҳозир минглаб чироқ ёқилса ҳам ёритолмаган бўларди. Аламга бурканган бу зимистон юракка фақат доно маслаҳатгина нур бериши мумкин, мударрис – Низом қоровул эса бу нурни бахш этишга шошилмас эди. У чироқнинг эшилиб тўлғонаётган ўтли тилига анча фурсат тикилиб ўтирди.

– Ёниб турган шам тепасидаги шифтдан, атрофидаги деворлардан нафратланибди, – деди у ўйчан оҳангда. – Булар менинг йўлимни тўсяпти, мавжимни пасайтиряпти, деб ғазабги минибди. Аввал шифтни, кейин деворни маҳв этишга қасд қилибди. Бу билан ўз ўлимини чақирибди. У нодон билмабдики, бу шифт, бу деворлар уни ўчириб қўйиши мумкин бўлган шамолдан асрайди, – мударрис – Низом қоровул шундай деб яна сукут сақлади. Кейин енгил хўрсиниб, қиссадан ҳисса ясади: – не фалокатки, замонда нодон шамлар кўпайди. Нодонликлари туфайли ўзларигина ўчсалар майлига эди, қанча умр ўтини ҳам ўчирадилар. Бўтам, мени айбга буюрманг, сизга қаноат тилашдан ўзга чорам йўқ. Бу кунда топталган кўкатнинг оҳли қўшиғини тингловчи юракни қайдан топамиз? Менинг заиф онгим сизнинг қоронғи йўлингизни ёритишга ожиз. Мен ўзимни Аллоҳнинг ихтиёрига бериб, бу дунё ғамларидан ҳоли бўлишни ният қилганман. Хоҳиш билдирсангиз, мен билан бирга яшанг…

* * *

Ёзувчилар уюшмаси раҳбариятининг лутфи ила инъом этилган икки ойлик таътилдан воз кечиб, қурултойга тайёргарлик ишларини бошлаб юборган кезларим Пиримқул ака келиб, “Икковимизни Марказқўмга чақиришяпти”, деб қолдилар. Пиримқул ака авваллари ижтимоий-сиёсий ишларга, хусусан тадбирларга иштирок этмас эдилар. Бирон амалга интилмас ҳам эдилар. Москвада номзодлик диссертациясини ёқлаганларидан сўнг 11 йил ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи бўлиб ишлагач, 27 йил давомида Тил ва адабиёт институтида илмий ходим вазифасида хизмат қилган эдилар. Кунлари кўпроқ Дўрмондаги ижод уйида ўтарди. 1990 йилга келиб устозни Ҳамза номидаги мукофотлар Давлат қўмитасига раис этиб тайинлашди. Сўнг Олий мажлисга депутатликка сайландилар.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации