Текст книги "Ҳаёт қайиғи (3 китоб)"
Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 21 (всего у книги 32 страниц)
Яна бир тоифа болалар борки, булар аввалгиларининг аксидир. Аввалгиларида ички ғайрат бўлса, буларига ялқовлик, дангасалик, беғамлик, лоқайдлик ҳукмронлик қилади. Аввалгилари бир ишни рад этиб, иккинчисини жону дили билан бажарса, булари учун ҳар қандай иш жоннинг азоби ҳисобланади. Булари майдонни чангитиб тўп суришга ҳам эринишади. Дангасаликда суяги қотган катталарни тарбия этиш мумкинмасдир. Аммо болалик ва ўсмирликда уриниб кўриш керак. Бу ҳолатда катталардан чидам ва қунт билан биргаликда зийраклик ҳам талаб қилинади. Ҳар қандай ялқов болада йилт этган ғайрат чўғи, оз бўлса-да, нимагадир нисбатан қизиқиши мавжуд экан, ана шу чўғни, қизиқишни вақтида илғаб ола билиш зарур. Ана шу чўғни аланга олдириш тарбиячининг бурчи ҳисобланади. Ана энди икки тоифа болани сизга рўпара қилиниб “буларнинг қай бири жиноятга мойил”, дейилса шумтакаларни кўрсатарсиз. Ҳолбуки, дангасаларнинг жиноятчига айланишлари эҳтимоли ҳам кам эмас. Ялқовларни жиноятга нима даъват этади? Улар ҳам бошқалар каби яхши яшашни, яхши маишатлар денгизида сузиб юришни орзу қилишади. Уларнинг маълум бир қисми тақдирга тан бериб, “берсанг – ейман, урсанг – ўламан”, қабилида яшайвериши мумкин. Озроқ қисми эса ўз олдига: “Нима учун у яхши яшайди-ю, мен муҳтож кун кўришим керак?” деган саволни қўйиб, уни ўзича ҳал қилмоқчи бўлади. Ялқов “У ғайратли бўлгани учун яхши яшаяпти, сенам жон куйдиргин”, деган ҳақиқатни четлаб ўтиб, енгилроқ йўлни излайди. Бу йўл, шубҳасиз уни ўғрилар оламига етаклайди. Шумтака жиноят оламига адашиб кириши мумкин ва интилса, ундан чиқиб кета олади. Ялқов эса онгли равишда киради, ундан чиқиб кетишга интилмайди. Бу оламда у ўзи орзу қилгандек яйраб-яшнамайди. Хорлик ва хўрликнинг турли кўринишларини татиб кўради.
Бўйсунмас болаларнинг яна бир тоифасига ёлғончилик хос бўлади. Исломий жиҳатдан ёлғончилик оғир гуноҳлардан ҳисобланади. Кўп жиноятларнинг туғилиши айнан шу ёлғондан бошланади. Французларнинг буюк адиби Виктор Гюгю “Ёлғончилик – ёвузлик тимсоли”, деган экан. Яна бир ёзувчиси Жюл Ренар эса “Ёлғончилик – ўғирликдан баттар”, деб таъриф берган. Болаликдан юқтирилган бу хасталикни кейин даволаш қийин. Буни гиёҳвандликка қиёслаш ҳам мумкин. Агар бу одам ёлғондан сал нари кетса атрофидагиларнинг барчаси унга зерикарли туюла бошлайди. Рус адиби Антон Чехов “Ёлғончи ўлаётганида ҳам ёлғон гапириб ўлади”, деганида мутлақо ҳақ эди. Шу ўринда катталар боладаги қуруқ ёлғон билан хаёлотга мойилликни (фантазияни) ажратиб ола билишлари керак. Киши янглишган пайтда буни сезиш қийин эмас, аммо алдаётганида ҳамма ҳам фарқлайвермайди. Агар ёлғон ҳақиқат каби бир хил бўлганда алдовнинг тескарисини тушуниш билан масала ҳал бўларди. Ҳақиқат – битта. Унинг акси бўлмиш ёлғоннинг қиёфаси беҳисоб, унинг ҳад-чегараси ҳам йўқ. Шу боис бола ёлғон ишлата бошлаганида ниҳоятда эҳтиёткорлик билан муносабат билдириш керак. Айрим болаларда хаёлот қуввати анча кучли бўлиб, орзу қанотида учишни хушлайдилар. Баъзан орзулари ҳақиқат каби кўриниши ҳам мумкин. Катталар бу пайтда уларнинг орзуларини парчалаб, хаёлларини бўғиб қўймасликлари лозим. Ўт-олов болаларнинг ғайратини тўғри йўналтириш қанчалик зарур бўлса, бу орзуларни ҳам жонлантиришга ёрдам бериш шунчалик муҳимдир. Олти ёшли бола ариқ бўйида ўйнаб туриб, калишини сувга тушириб юборади-да, онасига келиб: “Ойи-чи, ойи, биз ка-атта балиқ тутдик”, дейди. Она: “Тутган балиғинг қани?” деб сўраганида бола “Ўша балиқ калишимни кийиб қочиб кетди”, деб жавоб беради. Шунда она: “Ёмон балиқ экан-да, энди ариқ бўйида ўйнама, калишингни эҳтиёт қил”, қабилида ширин гап билан болани овутиши ёки “Калишингни йўқотдингми, ҳали мени алдамоқчимисан?” деб калтаклаб қолиши ҳам мумкин. Боланинг ёлғон гапиришини оилада кўп учратамиз. Агар гўдак ёмон иш қилиб қўйса, бунга яраша жазо олишини билади ва бу жазодан қочиш чорасини излайди. Зўрлик мавжуд жой ёлғончиликнинг туғилиши учун энг қулай муҳит ҳисобланади. Унинг учун энг яхши чора – алдов. Агар алдови иш бериб жазодан қутулиб қолса бу чорага тобора банди бўлиб бораверади. Бола елкасида қанчалик оғир юк борлигини фаҳмламайди, билмайди. Дастлабки ёлғонини давом эттириш, уни қувватлаш, ҳақиқатга айлантириш учун яна ўнлаб ёлғонларни тўқийди. Ўн эмас, минг ёлғон тўқиганида ҳам ҳақиқатга айланмаслигини у ҳали англаб етмайди. Катталар эса алдовга турли муносабатда бўлишади. Айримлар “Мураббони мушук еб қўйди”, деган алдовга кулимсираб қўя қоладилар. Баъзилар “Пиёлани опам синдирди”, каби алдовдан ғазабланиб кетадилар. Бу ўринда фарзандига “Нима ёмон иш қилсанг ҳам ўзинг тан олгин, тўғрисини гапирсанг жазоламайман”, деб тарбия берувчиларнинг услубини маъқуллаш мумкин. Болада ёлғончиликнинг туғилишига асосан катталардан кутилажак жазо ваҳима сабаб бўлади.
Бир бола асабийроқ – арзимаган нарсага жазавага тушади, иккинчиси димоғдор, учинчиси чиранчоқ, тўртинчиси аразчи, яна ҳасадгўй, жиззаки, такаббур, шуҳратпараст… Булар қисман туғма бўлиши эҳтимол, лекин мазкур иллатларнинг туғилишига катталарнинг болага нисбатан эътибори сабабчидир. Бу иллатга учраган болалар билан жамоа орасида ўзига хос келишмовчилик, баъзан тўқнашув вужудга келади. Ана шу тўқнашувда эзилаётган боланинг жиноят кўчасига бурилиб кетиши осонроқ кечади. Биз яхшилик олами деб атаётган жамоада бола доимий камситилиши эвазига ҳеч нима олмайди. У жиноят оламида баттарроқ камситилиши мумкин лекин бунинг эвазига у моддий рағбат олади. Бола учун шу рағбат ҳам муҳимроқдир. Ундан ташқари жиноят олами бағрига олган болани яхшилик оламидаги эътиборсизлик, камситишлардан асрайди. Кечагина синфда биров менсимайдиган бола жиноятчи тўдага аралашиб қолса, унга нисбатан бўлган эътибор ўзгаради. Унга зўрлик қилиб юрганлар ҳам энди ўзларини тиядилар. Камситилган болага айнан шу эътиборнинг ўзгариши муҳим бўлиб туюлади. Бу онларда у оқибатни ўйламайди.
Бўйсунмас болалар орасида ёмон ўқийдиганлар алоҳида ажралиб туради. Ёмон ўқийдиганлардан мактаб аҳли безор бўлади, улардан тезроқ қутилиш чорасини излашади. Агар мажбурий таълим қонуни бўлмаганда эди, мактабнинг ўзи кўп болаларни бешинчи-олтинчи синфданоқ ҳайдаб юборган бўларди. Советлар даврида мактаб бундай болаларга то саккизинчини битиргунича чидарди. Сўнг ҳунар билим юртларига жўнатишга уринишарди. Ўша даврдаги тадқиқотлар хулосасига кўра, мактаб ўқувчиларига нисбатан ҳунар билим юрти талабалари орасида жиноятга мойиллик кўпроқ эди. Чунки саккиз йил бадалида мактабнинг қаттиқ назоратида турган бола ҳунар билим юртига боргач, бўшалган қушдек ўзини эркин ҳис қилади. То билим юрти муаллимлари унинг феълини англаб етгунларича у истаган қилиқларини қилаверади. Ўсмир уйдан ҳам, маҳалла назоратидан ҳам узоқлашгач, жиноят кўчасига яқинлашиб қоларди. Айрим ўсмирлар бу янги ҳаётга кўникмай ўқишни ташлашарди. Боланинг ёмон томонга ўзгараётганини сезган айрим ота-оналарнинг ўзлари фарзандларини билим юртидан чиқариб олишиб яна мактабга қайтарардилар. “Нима бўлса ҳам ўқиш битгунича шу мактабда юра турсин”, деб ялинардилар. Улар учун бу нуқтада боланинг ўқиши, илм олиши муҳим эмас, муҳими – бола ярим кун бўлса-да, назорат остида юради.
Ёмон ўқийдиган болаларга нисбатан кўпинча нотўғри муносабатда бўлинади. Диққат қилиниши лозимки, зеҳн бобида барча бола тенг эмас. Бирови муаллимнинг гапини дарров англайди, дарсдаги мавзуни синфнинг ўзидаёқ ўзлаштиради. Айрим болаларга Пифагор теоремасини йигирма йил ўргатинг – фойдаси йўқ, ўзлаштира олмайди. Демак, ўқишни истаса ҳам зеҳни пастлиги туфайли ўзлаштира олмайдиганлар бор, зеҳнли бўла туриб дангасалик қиладиганлар ҳам мавжуд. Мактаб ҳам, ота-она ҳам буни ажратиб олишлари шарт. “Фалончи аъло ўқийди, нега сен ёмон ўқийсан”, деб болани сиқавермаслик керак. Баъзан “фалончи қамалибди”, деган хабарга жавобан “ўзи мактабда ёмон ўқирди”, деган гапларни эшитамиз. Бу хулосаларда асос кам. Бир неча мактабдаги ҳолатни ўрганганимда маълум бўлди-ки, ёмон ўқийдиган болаларнинг тўрт-беш фоизигина оқибатда жиноят йўлига кирар экан. Қамоқдаги болаларнинг етмиш беш-саксон фоизида яхши ўқишга қобилият мавжудлиги, истак борлиги аниқланди.
Мен бўйсунмасликка асос бўлувчи айрим иллатларни жиноят кўчасига бошловчи омил, деб таърифлаяпман. Аслида эса бу иллатларнинг барчаси жиноятнинг мурғак кўринишидир.
Эътиборингизга ҳавола этилган муаммолардан келиб чиққан ҳолда фикрларимни жамлаб, бўйсунмас болаларни гуруҳларга бўлиб ўрганайлик:
Биринчи гуруҳга жамият билан очиқчасига келиша олмайдиганлар киради. Улар жамиятда одат тусига кириб қолган барча нарсалардан норози бўладилар бу норозиликларини амалда намоён этишга уринадилар. Хушахлоқ талабларини рад этиб, бадахлоқликни касб қилиш уларни бошқалардан ажратиб туради. Бу болаларда дўстлик, қаҳрамонлик ҳақидаги тушунча бузилган, беҳаёлик, уятсизлик эса очиқ кўринишда бўлади. Бу бўйсунмаслар бошқалардан фарқли ўлароқ, қўпол муомалали, сурбет, урушқоқ, босқинчиликка мойил, дарғазабдирлар. Худбинлик, ўзгалар тақдирига бефарқлик, танбаллик, манфаатпарастлик, юлғичлик, боқиндилик… иллатлари оқибатда буларни жиноят оламининг бандаларига айлантириб қўяди. Тарбия бобида барчани азобга солувчилар ҳам айнан шу тоифадаги болалардир. Биз бу каби болаларга бир оз насиҳат қиламиз-у, сўнг “бу безбетга гап таъсир қилмайди”, деб нари кетамиз. Назаримизда бундай болаларнинг борар жойи тайин – қамоқ. Биз, катталар айни шу нуқтада хатога йўл қўямиз. Боласининг бебошлигидан куйган айрим ота-оналар ҳатто “Майли қамашсин, ўша ёқдан одам бўлиб чиқади”, дейдилар. Бу ғоят янглиш фикрдир. Тўғри, қамоқда боланинг кўзи очилиши мумкин. Аммо акси бўлиб чиқса-чи?
Иккинчи гуруҳга мансуб болалар аввало хоҳиш-истакларининг беқарорлиги билан ажралиб туришади. Уларда бир нарсага қатъий интилиш йўқ. Бундай болалар биринчи гуруҳга мансуб тенгдошларига эргашмоқликни маъқул кўришади. Аммо улар каби жамиятдаги ахлоқий талабларга очиқ қарши чиқа олишмайди. Улар ўзларига нисбатан ожизроқ болаларга ҳукм ўтказиш йўли билан маълум мавқени эгаллашни маъқул кўришади.
Учинчи гуруҳга мансуб болаларнинг истак – хоҳишлари, дунёга қарашлари, муносабатлари, қизиқишларида бир хиллик мавжуд эмас. Қўполроқ айтилганда, нима исташларини ўзлари ҳам тайин билмайдилар. Шу сабабли мавжудлик билан ҳавасдаги тез-тез ўзгаришлик орасида тўқнашув ҳосил бўлади. Бола онгидаги ўша ички тўқнашув таъсирида юради. Бу гуруҳдаги болалар аввалгилардан фарқли равишда қилаётган ишларининг жамият учун номақбул эканини англаб турадилар. Аммо бу англаш фазилати уларда ҳали ақида даражасига етмаган. Яъни, “бу иш жамиятга зидми, демак, қилмаслик шарт”, деган тушунча уларнинг онгига эгалик қилиш қудратига эга эмас. Шу ишдан лаззат олиш ҳисси, ундаги худбинлик иллати устун келиб, ахлоқ талабларини четлашга ундайверади.
Тўртинчи гуруҳдаги болаларда беқарорлик нисбатан заифроқ бўлади. Уларнинг қизиқишлари ҳадеб турланавермайди. Бундай болаларда иродасизлик, тез таъсирчанлик, ҳатто енгилтаклик устунроқ туради. Улар ўзларининг кучларига ишонмайдилар. Иродаси бақувват ўртоқлари олдида ўзларини ғоят ожиз ҳис қиладилар.
Бешинчи гуруҳдагиларни бўйсунмаслик кўчасига адашиб кириб қолганлар, десак бўлар. Уларда эрксизликка мойиллик, ҳар қандай оқимга қўшилиб кетавериш одати кузатилади.
“Алвидо… болалик”ни ёзиш жараёнида ўсмирларнинг табиатига, феълига хос кўринишларни ўргана туриб, ўзимча уларни гуруҳларга бўлиб, мана бу гуруҳнинг йўли албатта жиноятга олиб боради, буниси гумон… деган аниқ тўхтамга келмадим. Ҳар бир боланинг кутилмаган бир дамда жиноят кўчасига бурилиб кетиши эҳтимоли борлигига амин бўлдим ва бу ҳаёт ҳақиқатини асарга кўчиришга уриндим.
* * *
Кинохонага яқинлашганда Асрор қатор тераклар томонга ўғринча қараб қўйди. Қамариддиннинг ўтирадиган ери шу жой. Ўтган йили худди шу ерда, худди шу пайтда Қамариддин уни чақирган эди. Асрор Қамариддинни ҳам, унинг атрофидагиларни ҳам сиртдан танир эди. Бир неча ой муқаддам қамоқдан чиққан Қамариддиннинг, шерикларининг ёмон болалар эканлигини ҳам биларди. Қамариддин чақирганида кўнгли ниманидир сезиб, оёғидан мадор кетди. Бормай, қочиб кетсам-чи, деб ҳам ўйлади. Аммо қочиб қаёққа ҳам борарди. Беш-олти соатдан кейин яна шу ердан ўтади. Эртага ҳам, индинга ҳам… Ноилож борди.
– Кеча тўйда яхши тушдими? – деди Қамариддин ишшайиб. Ўшанда унинг ишшайганида кўринувчи сўйлоқ тишлари ҳам, ғилай кўзи ҳам Асрорга даҳшатли кўринган эди. Нима деб жавоб беришни билмай, индамай турганди. Қамариддин эса унинг елкасига қўлини қўйиб, юмшоқ оҳангда аммо қатъий буйруқ қилган эди,– Ширинкомадан чўзиш керак. Биздан қочма. Мен билан бўлсанг, биров чертмайди сени. Бўлмасанг – ўзингга қийин.
Дадаси Асрорга пул бермасди. Асрор онасидан олган овқат пулига қаноат қиларди. Ўшанда ҳам чўнтагида арзимаган тангалар бор эди. Қамариддин унинг бошини силаб туриб мазах қилди. Ўшанда Асрор тўйга борилганда қистирилган пуллардан беркитиб қолиб, унга келтириб бериш лозимлигини тушунди.
Бора-бора Асрорнинг ўзи ҳам Қамариддиннинг “ишончини оқлаб”, шу ерда ўтирадиган бўлди. Қамариддин эса ундан бошқа пул сўрамади.
* * *
Адабиёт ўқитувчиси журнални стол устига қўйди-да, думалоқ кўзойнагини бурни учига қўндириб, синфга разм солди.
– Демак, гап бундай: ўттизинчи йиллар адабиётини ўрганишни кечиктирамиз. РайОНОдан топшириқ бўлди, бугун сиз бизга “Бахтли болалик” деган мавзуда эркин иншо ёзиб берасиз.
– Ҳамма ёзадими?
– Бу нима деганлари бўлди? Зоирали бўтам, сизга алоҳида таклиф лозимми, ё?
– Иншони эркин деяпсиз-ку?
– Номи шунақа, бўтам. Қани, қоғоз олиб, иш бошланглар. Вақт кетмасин.
– Самад ака, биз болаликдан ўтдик-ку, нимасини ёзамиз?
– Ҳали ўтиб бўлганингизча йўқ, Зоирали бўтам, энди ўтяпсиз. Қилаётган ишингизга ўзингиз тўғри баҳо бера олган онингиздан бошлаб болалигингиз билан видолашасиз. Ҳа, ҳа, айнан видолашасиз. Болалик сизнинг хотирангизга кўчади. Вақти келиб, бу хотира виждон азобига солади, вақти келиб нималарнидир қўмсашга мажбур қилади. Хуллас, сизни ҳар куйга солади. У билан видолашишга ошиқманг. Болалик – ҳаётнинг асал палласи, ундан кўпроқ баҳраманд бўлишга интилинг. Асалдан кейин турли аччиқликларга дуч келасиз.
– Самад ака, шуларни ёзсак-чи? “Бахтли болалик” эмас, “Алвидо, болалик” десак-чи?
– Бўтам, кўп ақлли боласиз-ку, бироқ айрим вақтларда калтафаҳмлик қилиб қўясиз. Тушунинг, “Бахтли болалик” менга эмас, райОНОга керак. Шу боис мен билан тортишманг. Ишни бошланг.
Болаларни сизлаб, юмшоқ гапирувчи бу одам кўпинча ўз ишини ўзи қийинлаштирарди. Болалар уни бўшанг деб билиб, баравар тортишишдан тап тортишмасди. Баъзан бутун дарс тортишув билан ўтарди. Китоб ўқишни жонидан ҳам яхши кўрадиган Зоир кўпинча баҳс бошлаб қоларди.
Самад ака бугунги баҳсга барҳам бериш учун дераза олдига борди-да, қўлини орқасига қилиб, ҳовлига тикилиб олди.
Синфда шивир-шивир, қоғозлар шитири бошланди.
Асрор дафтар орасидан икки варақ йиртиб олиб “Бахтли болалик” деб ёзди-да, ўйга толди:
“Зоир тўғри айтди. Иншо эркин бўлганидан кейин ҳаммани мажбур қилишнинг нима кераги бор? Ҳамма ўзини бахтли деб ҳисоблайдими? Ана, Туроб, акасининг жасадини Афғонистондан олиб келишди. Онаси бунга чидолмай жинни бўлиб қолди. Ҳозир жиннихонада. Етти бола отасининг ўзига қолган. “Мен бахтлиман…” деб бошлайдими иншосини. Манзура-чи? Отаси кетиб қолган. Онаси иккови туради. У нима деб ёзади? Отауллага ҳам қийин. “Мен бахтлиман, чунки отамнинг пули кўп” дея олмайди. Аслида-ку, улар пулнинг кўплигини бахт деб билишади. Лекин очиқ айта олишмайди. Пул денгиз бўлиб мавжланади уларнинг уйида. Бироқ ўзлари хоҳлаганча ишлата олишмайди. Бу бахтми ё бахтсизлик? Ҳар ҳолда нима деб ёзаркин, у бойвачча? Бунақа гапларга Зоир уста, қотириб ташлайди. Умуман, бахтли бола у. Ота-онаси инженер, уйда ўзию синглиси. Газетага хабар ёзади. Нима истаса шунга эришади. Эргаш-чи? Отаси аравакаш. Дарс тугаши билан сомонбозорга югуради. Шуни ёзадими? Агар Дилфузаларга ҳам шу мавзу берилса у нимани ёзади? Икки оёғи қирқиб ташланган отасининг инжиқликлари, онасиз қолишнинг нақадар бахтсизлик эканини баён қиладими? Хўш, ўзим-чи? Ўзим нимани ёзай, кечаги воқеаними ё отам билан тўйма-тўй юришимними? Отамнинг ўйинчи хотинга суйкалишиними? Минг лаънат!” Асрор хаёлига келган фикрдан титраб, ўзини тутолмай қолди. Қаламни стол устига тақ этиб урди. Ўзига тикилган нигоҳларни туйиб, бошини эгди. Ич-ичида нимадир қизиб, кўкрагини ёндирди. У синфда ўтира олмаслигини сезиб, шарт ўрнидан турди-да, чиқиб кетди.
* * *
Асрор ўтириши билан Қамариддин ёнидаги икки болани “сигарет олиб келларинг”, деб турғизиб юборди.
– Дарсдан қочдингми? – деди Қамариддин, Асрорга диққат билан тикилиб.
– Қочмадим, чиқиб кетдим. – Асрор мактабдаги воқеани айтгиси келмади.
– Профессор, башарангда ранг қолмабди. Шунчалик қўрқяпсанми? Сен қўрқма. Ўзим ўтирсам ҳам сени тортмайман. Болаларга ҳам тайинлайман. Сен йўқсан орамизда. Сен ичимизда башкалик боласан. Ўқишинг керак. Мен барибир қамалиб кетаман. Бугун бўлмаса, эртага. Сенга ўн беш йил вақт бераман. Агар ўн беш йилда профессор бўлолмасанг, ўғриларга қўшиб юбораман.
Қамариддин шундай деб унинг елкасига муштлади. Асрор уни ҳазиллашяпти, деб ўйлади. Йўқ, Қамариддиннинг кўзида қувлик йўқ эди. Қарашлари жиддий, ҳатто ўйчан эди.
– Ўнинчини битириб, уйингдан чиқиб кет. Гапимга хафа бўлма. Отанг сени ўқитгиси келмаяпти. Сени мен ўқитаман. Пулим бор. Ўнинчини битирган кунинг бераман. Унгача қамалиб кетсам, хат билан маълум қиламан. Китобни фалон жойдан, фалон одамдан олиб юбор, десам, пулни тушунавер. Ўзинг олиб ишлатасан. Ўқимай юриб пулни еб юрсанг… ўлдираман.
Қамариддин кейинги гапини совуққина қилиб айтди. Асрорнинг эти сесканди. Қамариддин гапини қандай совуққонлик билан айтса, шундай совуққонлик билан амалга ошириши мумкин эди. Асрор бунга кеча гувоҳ бўлди. Қамариддин талатўпда шошиб ҳам қолмади, ҳаяжонланмади ҳам. Ўлган одамнинг чўнтагини кавлаб пулини олди-да, сув бўйига судраб келди. Кейин тўрт киши кўтариб анҳорга отишди. Қамариддин шунчаки тош ирғитгандек отди. Кейин “жўналаринг, бугун биз кўришмадик”, деди. Овозида заррача ҳаяжон, қўрқув сезилмади. У кунда, кунора мол сўйиб юрадиган қассоблардек хотиржам эди.
Асрор учун Қамариддиннинг бу ҳиммати янгилик эмас. Қамариддин кўпдан бери “Сени ўқитаман, профессор бўласан”, деб юрарди. Лекин Асрор буни ҳазил деб тушунарди. Асрор Қамариддинни аввалига шунчаки майда йўлтўсар, кисавур деб ўйлаган эди. Айниқса, уни дастлаб чақириб пул талаб қилганида шу фикрда эди. Кейин қўрқув туфайли унга яқинлашиб қолгач, фикри ўзгара бошлади. Қамариддин йўлтўсарлик қилмас эди. Айниқса ёш болаларга тегмас эди. Ёнидаги болалар Қамариддин йўқ пайтдагина бу ишга қўл уришга журъат этишарди. Қизиғи шуки, Қамариддин ёш болаларга тегишга йўл қўймасди, аммо бирон бир боланинг бу ишга қўл урганини билгач, уни жазоламасди ҳам. Асрор унинг мана шу жумбоқли феълидан ажабланарди.
Қамариддиннинг ёнидан сира пул аримасди. Болаларни ҳамиша меҳмон қилиб юрарди. Унинг вужудида ҳам меҳр, ҳам ваҳшийлик яширинган эди. Асрор қачон меҳр, қачон ваҳшийлик бош кўтаришини билмас эди. Мана ҳозир Қамариддин меҳр ҳукмига бўйсуниб ўтирибди. У бекордан-бекорга гапирмайди. Айтганини қилади. Пул бераман дедими, беради. Ураман, деса – уради. Ўлдираман, деса – ўлдиради, тамом!
Асрор ҳам, бошқа болалар ҳам Қамариддиннинг армонини билишмайди. Қамариддиннинг дарди ичида. Фақат бир марта, кайф қилиб ўтириб, Асрорнинг бўйнидан ушлаб, пешонасини пешонасига босиб хўрсинган: “Менинг ҳам ўқигим келарди, студент бўлиб юргим келарди. Олим бўлиб оқ “Волга”ларда керилиб юргим келарди”, деган эди. Ана шунда Асрор унинг қалбида катта дард, алам борлигини сезган эди.
Ҳозир Қамариддиннинг ўша хўрсиниб айтган гапларини эслади.“Демак, ўзи эришолмаган даражани менга инъом этмоқчи”, деган тўхтамга келди…
…Қамариддин “барибир қамалиб кетаман” деб тўғри айтган эди. Гарчи кечаги воқеадан қутулиб қолиш чорасини кўриб қўйган бўлса ҳам, эртага ё кейинги ойдами юз беражак воқеада қўлга тушишига амин эди. Қадимги юнонлар одамни ҳаёт уммонидаги қайиққа, тақдирни эса шу қайиқ елканларига урилиб сурувчи шамолга қиёс этган эканлар. Қамариддиннинг кемаси адоғи уфққа туташ бепоён денгизда эмас, балки атрофи қоялар билан ўралган кўрфазда эканини билади. У ўзи истаган кенгликларга чиқиб кетолмайди. Йўқ, агар астойдил истаса, чиқиб кетиши ҳам мумкин. Лекин бунга ўзида ишонч йўқ. Ўзини ўзи шу кўрфазга мослаган, тақдир шамоли туриб қояларга урилиши тайин эканига ишонтирган. Айни чоқда атрофидаги одамларга ишонмай қўйган. Айниқса, кайф қилганида одамлар унинг кўзига ёмон бўлиб кўринаверади. “Эҳ, сиз, тўйганлар!..” деб ғижинаверади.
Нима учун бундай деяётганини болалар билишмайди, тушунишмайди. Билиш учун, тушуниш учун Қамариддин бўлиб туғилиш, Қамариддин бўлиб яшаш, у тотган заҳар-заққумлардан тотиш керак.
Қамариддин отаси кимлигини ҳалигача билмайди. Онасини учинчи синфга бораётганида илк бор кўрган. Бор гапни кейин бувиси айтган. “Туғилганингни билиб хурсанд бўлдим. Онанг чиқадиган куни гулдаста кўтариб борсам, бир ўзи келяпти. Мақсадини тушундим. У ёш эди. Умрини бадном қилгиси келмаган. Турмуш қуриб яхши бўлиб кетар девдим. Сени менга беришмади. Ҳаққим йўқ экан. Лекин исмингни мен қўйганман: ойдек юзи ёруғ бўлиб юрсин, деб Қамариддин қўйганман, болам…” Қамариддин бувисининг нима учун ҳаққи йўқлигини анча кейин, унинг ўлимидан кейин билди. Аввало у буви эмас, мутлақо бегона – Қамариддиннинг онаси уникида ижарада туриб она-бола тутинишган экан. Иккинчидан, бу аёл ҳали унча қари бўлмаса ҳам, сиҳати ёмонлиги учун пенсияга чиққан экан. Қамариддин туғуруқхонада кўз очиб, болалар уйида тетапоя бўлди, болалар уйида эсини таниди. Ота-она меҳри, киндик қони тўкилган уй деган тушунчалар унга бегона эди.
Қамариддин нотаниш одамлар келиб болаларни олиб кетишларини билгач, қандайдир умид билан кимнингдир келишини, бошидан силашини, маҳкам қучоқлаб ўпишини интиқ кутарди. Одамлар келишарди, аммо уни олиб кетишмас эди. Ғилай бўлгани сабаблими ё айиқполвондай хунук юришини ёқтирмайми, уни ҳеч ким чақирмас, бошини силамас, маҳкам қучоқламас, ўпмас эди. У фақат бувисидан умид қиларди. Аммо бувиси нима учундир уни олиб кетмас эди.
Ота-оналарининг келишларидан умидлари узилганда болалар тўпланиб олиб афсоналар тўқишарди.
– Менинг дадам билан ойим космонавт бўлишган. Қуёшгача учиб бориб, қайтиб келишаётганида бензинлари тамом бўлиб қолиб портлаб кетган, уйда расмлари бор, – дейди уйи бор-йўқлигини аниқ билмайдиган дўмбоқ қизча. Қамариддин у билан ўйнашни яхши кўрарди. Ҳозир, йиллар ўтгач, унинг исмини унутган. Ҳамиша ота-онам космонавт эди, деявергач, каттароқ болалар уни Терешкова, деб чақирадиган бўлишган эди.
Бу афсонанинг ёлғон эканини ҳамма биларди. Лекин ҳеч ким ёлғон деб масхараламасди. Шунданми, айрим болалар ўзлари тўқиган афсонага ўзлари ишониб қолишарди. Қамариддин ҳам отасининг учувчи, онасининг ҳарбий врач эканига, уларнинг уруш адоғига етган куни Берлинда ҳалок бўлишганига ишониб қолаёзган эди. Санашни ўрганганидан кейингина ўзининг урушдан йигирма йил ўтгач туғилганини билиб қолди. Бошқа афсона тўқишга тўғри келди: ота-онаси Тошкентда ер қимирлаганда одамларни қутқараётиб ҳалок бўлишган. Учинчи синфда ўқиётганида бу афсона ҳам барҳам топди. Аниқ эслайди: баҳор эди. Осмонда паға-паға оппоқ булутлар сузиб юрарди. Ҳовлидаги дарахтлар гуллаган палла эди. Уни директор хонасига чақирдилар. Сочи калта қирқилган, лабларига қизил суртилиб, кўзларига сурма тортилган оқ шим, оқ куртка кийган чиройли аёлни кўриб “ким экан бу?” деган хаёлда унга тикилиб қолди.
– Қамариддин деган азаматимиз шу, – деди директор.
Аёл ўрнидан туриб қучоқ очди.
– Ўғлим, жоним ўғлим, – деб Қамариддин томон юрди.
Қамариддин аввалига анқайиб турди. Болалик онги онасини аввал Берлинга, кейинроқ Тошкентга дафн этган эди. Унинг тасаввуридаги онаси дастлаб фашистлардан ҳам қўрқмайдиган қаҳрамон, кейинроқ одамларга куюнувчи, меҳрибон аёл эди. Тасаввуридаги икки она ҳам, тасаввуридаги қабрда ётибди. Бу олифта ким бўлди? Ростдан онасими? Бундан олти-етти йил аввал шу воқеа содир бўлса балки Қамариддин ўзини унинг бағрига отарди. Ҳозир уни нима ушлаб турибди? “Қани, Қамариддин, ўзингни от унинг бағрига, қувон, шодлан, онанг келди!” дейди бир овоз. “Қамариддин қочиб қол, бу она эмас, ялмоғиз, сендан ўн йил хабар олмаган хотин она бўларканми?” дейди иккинчи овоз.
Аёл Қамариддинни гўдак фаҳмлаб хато қилган эди. Ота-онасиз ўсаётган болаларнинг ҳаёт фалсафаси, ҳаёт ҳақидаги, беимон оталар, бевафо оналар ҳақидаги тушунчалари анча барвақт шаклланади. Уларнинг митти юракларида бу беимонларга, бу бевафоларга нисбатан нафрат анча илгари кўз очган бўлади. Қамариддинни қочишга ундаган иккинчи овоз ана шу нафрат овози эди. У шу овозга қулоқ тутди. Онаси иккинчи, учинчи келганда ҳам яқинлашмади. Бувиси йўқлаб келганда “Айтинг, энди кўринмасин, ўлдираман” деди. Бувиси ўн яшар боладан бундай гап кутмаган эди, қўрқиб кетди. Анча насиҳат қилди, онасини мақтади. У ўша онда боланинг аҳди қатъий эканини ҳам фаҳмлади. Шундан сўнг ўзини “она” деб танитган аёл икки йилгача келмай қўйди. Фақат бир марта – бувиси оламдан ўтганда келиб олиб кетди. У меҳрибон кампирнинг ўлими Қамариддинда меҳр-шафқат уйғотар, деб ўйлаган эди. Йўқ, Қамариддин икки кундан сўнг болалар уйига қайтди.
Бувисидан сўнг бу олам аро Қамариддиннинг ёлғиз ўзи қолган эди. Ўртоқлари билан ҳам, энагалари билан ҳам иши йўқ эди. У барча хўрликларга олтинчи синфга қадар чидади. Синфда бировнинг дафтарими, қаламими йўқолса Қамариддиндан ҳадиксирашарди. У кураш тўгарагига қатнашар, ўзидан каттароқларга ҳам бас келарди. Ундан йиқилганлар “давлатнинг текин овқатини еб қутуряпти-да, бу” деб жиғига тегишарди.
Қамариддин олтинчи синфда ўқирди. Ўқишнинг иккинчи ҳафтаси эди. Мактаб йўли икки қаватли коттежлар ёнидан ўтарди. Қамариддин бу ердан ўтаётганида “ана, детдом болалари” деган ҳақоратомуз сўзларни кўп эшитган. Бу сафар ҳаворанг “Волга” атрофида уч бола турган экан.
– Э, ҳароми ташландиқлар, бу кўчада юрмаларинг, – деди улардан бири. Қамариддин уни танирди. Отаси шу “Волга”нинг, шу уйнинг эгаси. Ўзи саккизинчида ўқийди, умрида овқат емагандай озғин, рангпар бола. Нимасига олифтагарчилик қилади, Қамариддин тушунмайди. Агар Қамариддин ёлғиз бўлганида бу гапга балки индамасди. Ёнида учинчи синфда ўқийдиган тўрт қизалоқ бор. Улар балки ҳароми, ташландиқ деган сўзларнинг маъносини тушунишмас. Аммо Қамариддин яхши биларди бу сўзларни. У ана шу қизалоқлар олдида ҳақорат учун ўч олишга ўзини мажбур деб ҳис этди. Папкасини ерга қўйиб, болага яқинлашди-да, жағига мушт туширди. Бу болага шунинг ўзиёқ кифоя қилди. Иккинчи бола ҳамла қилган эди, Қамариддин елкасидан ошириб отди. Учинчи бола унга яқинлашишга журъат этолмай, қочиб қолди. Бу орада “Волга”нинг эгаси чиқди.
– Ўзлари бошлашди, – деди Қамариддин ундан нажот кутиб. У эса кўзлари мўлтиллаб турган болага тарсаки тортиб юборди.
– Ҳароми, беадаб, турқингни кўрсатма бу ерда, – деди сўкиниб.
Қамариддин йиғлаб юборди. Қўрқув билан қараб турган қизчалар ёнига қайтиб, папкасини қўлига олди. У иложсиз эди, бу одамга кучи етмасди, аммо аламини ҳам ичига сиғдиролмасди.
– Ўзинг ҳаромисан! – деди у бор овозда бақириб. Шундан кейингина бир оз енгил тортгандай, аламлари унутилгандай бўлди.
Эртасига Қамариддиннинг ахлоқи мактабда ҳам, болалар уйида ҳам муҳокама этилди. Қамариддин уч-тўрт кунгача азобда юрди.
“Нима учун гуноҳкор эмас, бегуноҳ одам жазоланади? Айбим ота-онам йўқлигими, етимлигимми? Энди ҳамиша шундай бўлаверадими? Нима қилишим керак? Ҳимоячим ким менинг?” Қамариддин кўп ўйлади. У ҳаётда бундан баттар ноҳақликлар ҳам борлигини ҳали билмасди. Унинг учун энг катта ноҳақлик – тирик етимлик. Бошқа ноҳақликлар шундан келиб чиқаверади. “Сенинг ҳимоячинг йўқ, ҳеч ким сенга қайишмайди, ноҳақликка қарши ўзинг курашишинг керак. Ўзингни ўзинг ҳимоя қил, кураш, енгиб чиқ. Кимлигингни кўрсат уларга! Агар енгиб чиқолмасанг, ўзингни кўрсатиб қўя олмасанг, ўлиб кетганинг минг марта яхши!” Қамариддин шу қарорга келди. Ақл нуқтаи назаридан қаралганда бу нотўғри қарор, бироқ яхшилар меҳрига муҳтож, қалби зада бола учун эса бирдан-бир тўғри йўл шу эди.
Бир куни кечки овқатдан кейин ҳақоратга гувоҳ бўлган қизларни, ҳамиша калака остида юрадиган заифроқ болаларни тўплади-да, коттежлар томон бошлади. Ўша коттеж, ўша “Волга”, ўша болалар… фақат учта эмас, бешта. Ҳаммаси қилтириқ. Қамариддин ғазабга минса бешовига бас кела олади.
– Мен сенга нима деганман? – деди тунов куни мушт еган бола. У шерикларига орқа қилиб гапирган бўлса ҳам, юрагида ҳадик бор эди.
– Сендан кечирим сўрагани келдим, – деди Қамариддин.
– О, детдомда одам тарбиялайдиган бўлишибди, – деди бола ҳоҳолаб кулиб.
Қамариддин унга яқинлашиб қўл узатди:
– Кечир.
– Назимчик, бечорани кечира қол. Ўзи шундоғам худо уриб қўйибди, – деди болалардан бири.
Нозим деганлари “ҳа, майли” деб қўл берди. Қамариддин бу нозик панжаларни маҳкам қисиб эди, бола инграб ўтириб қолаёзди.
– Мен сендан ҳароми, ўша куни яхшилаб урмаганим учун кечирим сўрамоқчиман!
Қамариддин шундай деб уни ўзига силтаб тортиб, чалиб юборди. Нозим вой-войлашга ҳам улгурмай ўзини Қамариддиннинг елкасида кўрди. Нафас ўтмай эса ўртоқлари устига учиб тушди. Қамариддин дуч келган болани ушлаб ураверди. Бу орада Нозимнинг отаси пижама кийган аҳволда югуриб чиқди. Энди Қамариддин ундан нажот кутиб турмади. Катта тошни олиб шайланди. У одамнинг важоҳати ёмон эди. Айни чоқда Қамариддиннинг кўзига ҳам ҳеч нима кўринмасди – у тошни мўлжаллаб, зарб билан отди. У одам ўзини ҳимоя қилишга улгурмай бошини чангаллаганича ўтириб қолди. Шунда Қамариддин югуриб келиб уни тепди. Кап-катта одам кичкина боланинг тепкисидан чўзилди. Қамариддин бунга ҳам қаноат қилмай қўлига ҳалиги тошни олиб машинага отди. Машина ойнаси чил-чил синди. Қамариддин ана шундан кейингина қочди. Болалар уйига эмас, ўзини дуч келган кўчаларга урди. Тунда вокзалга борди. Юриб кетаётган поездга осилиб чиқди. Хуллас, уни беш кундан кейин Қизил Ўрдада тутиб, изига қайтардилар. Энди у ўзи учун қадрдон бўлиб қолган болалар уйига эмас, балки тарбияси оғир болаларнинг махсус мактабига жўнатилди. Қамариддин атрофи баланд девор, симтўсиқ билан ўралган махсус мактабга шу зайлда тушди. Дастлабки қасос уни дастлабки жазо, дастлабки қамоқ билан мукофотлади.
Махсус мактабда яхшилик ҳақида кўп гаплар эшитди. Тингланган насиҳатлари тўпланса, катта бир китоб бўлар. Бироқ у насиҳатларни қулоққа илмади. Ундаги аламзадалик қора булути ҳар қандай ёруғлик, ҳар қандай нурга тўсиқ бўла оларди. Хуллас, яхшилик нури унинг юрагига йўл топмади, қалбига сепилган яхшилик уруғи ёруғликдан бебаҳра бўлгани учун чиқмади. Унинг кўз олдида “Волга” ёнидаги қилтириқ, унинг важоҳатли отаси кетмас эди. Улар билан кунда бир уришар эди. Улардан яна қасос олишнинг минг бир хилини ўйлаб топарди. Кунлар, ойлар ўтган сайин шу баланд девор ортида эркин юрган барча одам ўша қилтириқ, ўша важоҳатли отадай туюлаверди унга. Бир неча кишига нисбатан бўлган ғазаби ортиб, бутун одамзоддан нафратлана бошлади.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.