Электронная библиотека » Тоҳир Тоҳир Малик » » онлайн чтение - страница 29

Текст книги "Ҳаёт қайиғи (3 китоб)"


  • Текст добавлен: 16 мая 2023, 13:40


Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 29 (всего у книги 32 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Еттинчи қисм
БУ ДУНЁ САОДАТИ

Бир қарич яқин борган эдим

“Ёшлик”ни эгаларига топширгач, бир нафас ҳам аза тутмадим, аксинча, чала қолган асарларимни давом эттириш билан шуғулландим. Бир томондан ижод, иккинчи томондан рўзғор ташвишлари. Яхши ҳамки, ҳунарим бор. 3-4 янги уйнинг томини ёпиб бердим. Дадажонимдан қолган ҳовлига 16 қўйга мўлжаллаб қўйхона қурдим. Хашак кўп исроф бўлмаслиги учун ўзим эски тунукалардан ярим айлана шаклида махсус охурлар ясадим. Қўйлар турадиган катаклар остидан ҳаво ўтувчи туйнукчалар қолдирдим – жониворларни қуруқ жойда семиртирдим. Болаликдан қўй боқиб ўрганганим учун жаллобликни касб қилишим қийин бўлмади. Фақат сотишда бир оз уялар эдим. Сотиб олишда эса қашқадарёлик жаллоблар мени таниб қолишган, “шоир бова” деб иззат қилиб, семиришга мойил яхши қўйларни асраб қўйишарди. Қўйларни озода боққаним учун бозорга чиқишга ҳожат қолмади – харидорлар уйга келиб олиб кетадиган бўлишди. “Москвич” автомашинам ёзувчига эмас, дурадгор устага ва қўй жаллобга хизмат қилди. Ҳар якшанба Хўжакентдаги боғимга бориб ўт ўриб келаман. Ўзим майдалайман. Кечалари уйқу қочганда қўйларнинг олдида ўтираман. Жониворлар одамнинг дардини тушунадиганга ўхшашади. Тумшуқларини бетимга суришади. Жунларини оламан, бу ҳам пул. Арзонроқ ем топиш учун ҳар томонга юраман. Куз келиши билан хазон йиғаман. Баҳорда, бомдодни ўқиб бўлгач, ўроқни олиб шаҳар кўчаларига чиқаман. Мен бу ишлардан мутлақо уялмас эдим. Оғир хасталикка учраб, жисмоний ишларга ярамай қолгач, устачиликни ҳам жаллобликни ҳам йиғиштиришга тўғри келди. Агар бирон қурилиш бўлаётган майдондан ўтаётганимда димоғимга янги тахта ҳиди урилса ранда, арраларимни қўмсайман. Тушларимда қўйларни кўраман. Қўйларни соғинсам, ҳозирги кунларда ҳам бозорга бориб айланаман. Чет қишлоқларда яшайдиган танишларимникига боришни яхши кўрардим, афсуски, беморлигим туфайли кейинги йилларда бунинг имкони ҳам чекланиб қолди…

* * *

Мухлислар билан учрашувларда “Энг бахтли кунингизни айтиб беринг” дейишади. Инсон ҳаётида қувончли, бахтли ва саодатли кунлар кўп бўлади. Шодлик кунларини бир-бирига таққослаш мантиқсиз бир нарса бўлса-да, мен биринчи китобим чиққан кунни тўнғич фарзандим туғилган кундаги қувончга ўхшатишим мумкин. Ҳаётдаги юзлаб, эҳтимол минглаб шодиёна кунлар унутилади. Лекин айримлари қалб тўрида алоҳида эъзозда асралади. Аллоҳ менга ана шундай эъзозли саодатни 1992 йилда насиб этди.

Қудсий ҳадисда Аллоҳ таоло: “Эй бандам, агар менга бир қарич яқин келсанг, мен ҳам сенга бир қулоч яқинлашаман, агар менга қараб секин юрсанг, мен сенга қараб қаттиқроқ югураман”, деб марҳамат қилгани кўпчиликка таниш. Мен эса бу ваъданинг амалда бажарилишини ўз ҳаётим мисолида кўрдим. Мен Аллоҳ томон ғоят секин ва озгинагина юрган эдим, Аллоҳ мени ўз уйига, Байтуллоҳга чақирди. “Лаббайка”ни айтиб бориб, Каъбада пешонани саждага қўйиш саодатини қандай бахтли онлар билан тенглаштириш мумкин?

Саксонинчи йилларнинг охирларига келиб дин йўлидаги тўсиқлар бир-бир олиб ташлана бошланди. 60-70 йил давомида омборхона қилиб қўйилган қадимги масжидлар таъмирланиб, мусулмонлар ихтиёрига берилди. Муҳтарам президентимизнинг ташаббуслари билан қутлуғ зиёратгоҳлар асл ҳолига келтирилди. Тарихга назар солсак, Мовароуннаҳр ҳукмдорларидан ҳеч бирига Каъбатуллоҳни зиёрат қилиш шарафи насиб этмаган. Амир Темур Шом(Сурия)га етганлар, бироқ Ҳаж зиёратига етолмаганлар, Мирзо Улуғбек “лаббайка”ни айтиб йўлга чиққанлар-у, Самарқанддан узоқлаша олмаганлар. Ҳазрат Алишер Навоий Ҳусайн Бойқарога ёзган мактубларида Ҳажга боришларига изн беришни кўп марта сўраганлар, лекин илтимос жавобсиз қолган. Бундай неъмат кўп юз йиллик тарихда илк маротаба Ўзбекистон Президентига насиб этди. Саудия Арабистони подшоҳи Фахд ибн Абдул Азиз Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга туҳфа қилган Кисва – Каъба деворларини ёпиб турадиган чойшаб – Каъбапўш парчаси ўша муборак сафардан ёдгорлик сифатида ҳозир Имом Бухорий ёдгорлик мажмуида масжид деворига осиб қўйилган.

1991 йилда ўзбекистонлик кўп минг мусулмонларга Каъбадаги саодат эшиклари очилди. Бу жараён телевидениеда ҳам кўрсатилиб, миллионлаб мусулмонлар юрагида умид чироқларини ёқди. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идораси раҳбари муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг Арофатдаги дуоларини эшитиб, мен ҳам кўп қатори йиғлаган эдим. Ўшанда муфтий ҳазрат Ўзбекистонимизга озодлик, мустақиллик тилаган эдилар. Мусулмонларнинг бу дуоларини Аллоҳ ижобат қилиб, ўша йили Ўзбекистоннинг чин қаҳрамони Ислом Каримов “Ўзбекистон мустақилдир!” деб олам аро эълон қилдилар.

1992 йилдаги Ҳаж ибодатига тайёргарлик аввалгисидан ҳам қизғин бўлди. Ибодат тилагида мусулмонлар сони янада ортди. Ўзбекистон жумҳурияти раҳбарияти бу жараёнга ҳар томонлама ёрдам берди. Шукрки, бу эътибор ҳозирга қадар давом этмоқда.

Ўша йили бир қанча халқаро ташкилотлар камхарж мусулмонларнинг Ҳаж сафари учун маблағ берди. Шунда исломий йўналишда асарлар ёзган ёзувчилар орасида кўрик ўтказиш фикри туғилди. Муфтий ҳазрат бу таклифни қўлладилар. Мен “Сўнгги ўқ” романи билан иштирок этмоқчи эдим. Лекин кўрик ҳакамлар ҳайъати раислиги каминага топширилиб, бу фикрдан қайтдим. Асарларни ўқиб, холис баҳо берган бўлсак-да, икки киши каминадан ранжиди. Бирлари – асосан таржима билан шуғулланувчи акамиз. Ёзган мақолалари саёзроқ, руҳсизроқ эди. Ҳайъат аъзоларининг бу мақолага баҳо беришдаги фикрлари бир хилда бўлди. Иккинчи биродаримиз ўтган йили Ҳаж ибодатига борган эдилар. “Бормаганларга йўл бериш керак”, деган қарорда биродаримиздан узр сўрадик. Лекин: “Боришга фақат мен арзийман”, деган катта даъволарини эшитиб, ажабландик. Кўрикда етарли баҳо ололмаган ёзувчиларга пул мукофоти берилди. Бошқалар миннатдор бўлдилар, лекин тилга олганим икки биродаримиз кибр отида маҳкам ўтирганлари учунми, бу мукофотдан воз кечганларини баралла айтдилар. Кўрик натижасига кўра, Алоуддин Мансур, Абдулла Орипов, Ҳуршид Дўстмуҳаммад, Асқар Маҳкам, Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхонлар Ҳаж ибодатига бордилар. Менга “Аҳмад Турсун” деб имзо чеккан адибнинг ҳикоялари жуда ёқиб, биринчи ўринни шу ёзувчига беришни таклиф қилган эдим. Муфтий ҳазрат кулимсираб қўйиб, “йўқ” деган маънода бош чайқадилар. Кейин билсам, Аҳмаджон муфтий ҳазратга қариндош эканлар. “Муфтий қариндошини юборди”, деган маломатлар уйғонмаслиги учун таклифим инкор этилди. Кўрик натижалари эълон қилингач, муфтий ҳазрат мени Саудиядаги Робитатул оламийн исломия ташкилоти даъват этганини маълум қилдилар. Бу хабар мен учун кутилмаган бахт эди. Кўрикда қатнашиш фикримдан қайтганимда “Мен муқаддас жойга боришга ҳали руҳан тайёр эмасман”, деб ҳукм чиқарган эдим. Бу қувончли даъват мени салгина гангитиб ҳам қўйди. Ҳужжатларни шошилинч тарзда тайёрлашим шарт эди. Шундай бўлдики, май ойининг охирги ҳафтасида, кеч соат 12га яқин биринчи самолётда учишимни маълум қилишди. Уч соатдан кейин аэропортда бўлишим керак эди. Қариндошлар билан хайрлашиш имкони ҳам бўлмади…

Бир кеча ухламадик, самолётда учиш, Жидда аэропортидаги ҳужжатлаштиришга доир расмий ишлар анча вақт олди. Маккаи мукаррамага кечаси етиб келдик. Ҳамма ҳолдан тойган эди. Меҳмонхонага жойлашиб, дам оламизми ё ҳозирнинг ўзида Каъбатуллоҳга қараб юрамизми, деб мулоҳаза қилиб турганимизда барчамизнинг қалбимизни титратган бир ҳол юз берди. Иккала оёқлари ҳаракатдан қолган кекса отахон меҳмонхонага кирмадилар. Ўғиллари аравачага ўтқизиб, Каъба томон юрдилар. “Ҳозир борсакмикин ё бомдоддан кейинми?” деб ўйланиб турганимиз учун уялдик-да, “лаббайка”ни айтиб, отахон изларидан юрдик. Дарвозадан ўтиб, Каъбани кўрганимдаги ҳолатимни баён қила олмайман. Тасвирлашга уриниб кўришим мумкин, лекин хотираларимнинг бир улушини қоғозга тўксам қашшоқлашиб қолармикинман, деб қўрқаман. Бу ҳолат ҳожи биродарларимизга яхши таниш. Бошқаларга эса Каъбатуллоҳ нуридан қалблари нурланиши саодатини тилайман.

Ҳайитга қадар дадажоним, аяжоним, тоғажоним учун умра ибодатини бажардим. Каъба атрофида юриб, сўнг эса Мадинаи мунавварада, Масжидул набавияда устозлар ҳақига дуолар қилдим. Арофатда муфтий ҳазрат Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг дуоларига энди бевосита гувоҳ бўлдим. Ул зотга Аллоҳ томонидан берилган воизлик санъати, дуо қилиш илҳомида илоҳий руҳни сезиш мумкин эди. Бошқаларга қўшилиб мен ҳам йиғладим.

Ҳаж ибодатидан қайтгач, айрим дўстларимиз таассуротларини ёздилар. Мен одатимга кўра, у муқаддас жойда ҳам, хуфтондан кейин кундалик дафтаримга айрим таассуротларимни, уламолардан эшитган гапларимни ёзиб қўйган эдим. Дафтардаги баёнлар ўзим учун эди, шу боис дафтар саҳифаларидан нарига чиқмади. Орадан 23 йил ўтиб, сиз – азизлар билан бўлаётган мазкур ғойибона гурунгимиз баҳонасида айримларини оққа кўчирдим. Дастлабки баённи 1992 йил май ойининг 25 куни ёзган эканман.

“Агар банда фақат Аллоҳдан қўрқса, у бандалардан қўрқмайдиган бўлади. Агар банда Аллоҳдан қўрқмаса, бандалардан қўрқадиган бўлади ва хорлик ботқоғига ботади”.

“Саҳобалардан бири: “Менинг отам – Ислом!” деб ҳайқирган. Агар барча мусулмонлар бирлаша туриб шундай ҳайқирса, замин титрайди”.

“Мен индонез тилини билмайман. Индонез билан қандай суҳбатлашишни тасаввур ҳам қила олмас эдим. Бир-биримизга “ассалому алайкум!” дедик – тушундик. Етти ёт бегона индонез “Аллоҳу акбар!” деб такбир айтди – мен тушундим. Мен “Ла илаҳа иллоллоҳ!” дедим – у тушунди. Мен у билан бир марта учрашдим. Бу дунёда балки энди кўришмасмиз. Лекин Каъбанинг атрофида мен унинг қалбини тушундим у эса мени. Қиёматда балки шу муқаддас калималар бизларни юзлаштирар, “ассалому алайкум” билан бир-биримизни таниб олармиз, инша Аллоҳ! Бу дунёда бир-биримизни тушунганимиз учун ҳам Аллоҳ бизлардан марҳаматини аямайди”.

“Жаннатга тиконли йўл орқали борилади. Дўзах йўли эса нафсга оид гўзал нарсалар билан безалади (ҳадиснинг маъноси)”.

“Маккаи мукаррамага дунёнинг қарийб барча мамлакатларидан ҳожилар келишади. Узоқ Индонезия ҳожилари ўзларининг тақволари билан мени лол қолдиришди. Ташқи кўриниши туфайли биз менсимайдиган негр “Аллоҳу акбар!” деб Яратганга ёлборганида юрак зириллаб кетади. Ё Аллоҳ! Нима учун биз Сени улар каби сева олмаймиз? Ё Аллоҳ! Нима учун улар Каъбада пешонани саждадан кўтармай ибодат қилганида биз дўконларда изғиймиз? Дўконлар Тошкентда ёки Бухорода йўқмиди? Ё Аллоҳ! Нима учун бизнинг дилимизда ва тилимизда сенинг зикрингдан бошқа беҳуда сўзлар бор? Тақво аҳли тасбеҳ билан банд бўлган онларда биз нима учун дўкондан харид қилган матоҳларимиз мақтовини келтириб ўтирамиз? Тилимиз “Бир сўм фалон доллар, бир доллар фалон реал бўлади” деб бўшамас экан, эртами индин намозга ният қилинганда “Тўрт ракат намоз ўқишни ният қилдим”, дейиш ўрнига “Тўрт реаллик намозни…” деб юборишларидан қўрқаман. Астағфируллоҳ! Минг карра астағфируллоҳ! Раббимиз Аллоҳим, бизларни Ўзинг тарбия эт. Сенинг қутлуғ уйингга келиб сенга астойдил сиғина олмаётган бандалар Қиёмат кунида Сенга қайси юз билан рўпара бўладилар? Дўконлару бозорларни изғишдан чарчамаётган бандалар Сенинг чақириғингга биноан “лаббайка”ни айтиб келдиларми ёинки бозорчилар, дўкондорларнинг даъватларига жавобан “лаббай!” дедиларми…”

“Бир қўли йўқ мужоҳид билан учрашдим. Ака-укадай сўрашдик. “Қўлимни Афғон урушида шўролар ўқи олиб кетган”, деди. Бу гап “қўлимга сен ўқ узгансан”, дегандай туюлди. Мен урушда бўлмаганман. Аммо бу жабрдийда олдида ўзимни айбдор ҳис қилдим, нединким, мен вақтида у урушни лаънатламадим. Урушга қарши даъват этмадим. Аксинча, урушга бориб келганларни шарафладим. Ҳозир улар “байналмилал бурчни” бажариб келганлари учун, ўз диндошларини қиргани учун имтиёзлар талаб қилишади. Шу адолатданми? Тўғри, ўз хоҳишлари билан боришмади урушга. Аммо қачонгача шундай қул бўлиб юрамиз? Ажаб… Ажаб… Қалбимиз ҳамон қул. Қалбимиз Аллоҳ қули эмас, бир тўда мансабпарастлар қули. Бу беадад гуноҳ!”

“Маккаи мукаррамада жуда кўп миллат вакиллари бор. Шукрки, минглаб ўзбеклар ҳам тавоб қилишяпти. Ажаб, узоқ йиллар мобайнида гўё Ўзбекистон йўқ эди. Ўзбекистон деган номни ғарибликдаги ўзбеклар тўлдириб туришган. Ҳозир “Ўзбекистон” деса, биров билмайди. Яхшики, Самарқанд ва Бухорони сал-пал билишади. Энди Ўзбекистонни олам аро ном таратиши учун нима қилиш керак? Нима қилсак Аллоҳ рози бўлади?”

“Ер куррасининг уйғоқ юраги – Каъбатуллоҳдир”.

“Нима учун баъзи уламоларнинг фарзандлари илми оталариники каби мукаммал эмас? Чунки олов ёнгач, кули қолади”.

“Луқмон алайҳиссалом дедилар: “Эй ўғлим, дунё ҳаёти бениҳоя чуқур бир денгиздир. У ерда кўп кишилар чўкди. Бу ҳаёт денгизида кеманг тақво бўлсин, кемангнинг ашёлари Аллоҳга иймон бўлсин, елкани Аллоҳга таваккул бўлсин. Шундай бўлса, умид қиламанки, бу ҳаёт денгизида чўкмасдан омон қоласан. Йўқса, бошқа қутилиш йўлини кўрмайман сен учун”.

“Қайсики олим (шариат олими) тариқатга ўтмаса, сўзларининг таъсири кам бўлади. Тариқат қалбларга жило беради. Руҳга сайқал беради. Дунёга барчамиз мусофирмиз. Охиратга иймонимиз саломат кетса, деймиз. Одам жони чиққанидан кейин зикруллоҳни кам айтибман, деб пушаймон қилади. Бу дунё охират бозоридир. Нимаики бозор қилинса, шу олиб кетилади. Бу дунё бир чумчуқнинг бир шохга қўниб ўтишига ёки карвонсаройга ўхшайди. Мусофир карвонсаройга бир кеча қўниб ўтгани каби. Ахлоқи замималарни ахлоқи ҳамидаларга алмаштирмоқ ва яхши хулқ билан кетиш керак. Бу дунёнинг ширинлиги – охиратнинг аччиқлиги. Нафсни ўлдирмоқ керак!

Иброҳим Ҳалиуллоҳ айтдиларки: “Эй Аллоҳ, Сен Қиёматда ўликларни қандай тирилтирасан? Аллоҳ айтдики: “Менинг ўликларни тирилтиришимга гумонингиз борми?” Иброҳим алайҳиссалом айтдилар: “Гумоним йўқ-ку, аммо ўз кўзим билан кўрганимда ишончим муқаррар бўлар эди”. Аллоҳ айтдики: “Унда тўртта қушни олиб, калласини узинг. Танасини қиймалаб, тўртта тоққа қўйинг. Калласини қўлингизда ушлаб, уларни чақиринг, тирилтиришимни кўрасиз”. Иброҳим Ҳалиуллоҳ бир товусни олдилар, бир зоғни олдилар, бир хўрозни олдилар, бир ўрдакни олиб, таналарини қиймалаб, тўртта тоққа қўйдилар. Сўнг: “Эй товус, Аллоҳнинг амри билан кел”, деб хитоб қилдилар. Товус бўлаклари йиғилиб келиб, бошига қўшилиб сўнг учиб кетди. Бошқа қушлар ҳам шу ҳолатда қайта тирилиб, учиб кетишди. Буни кўргандан сўнг Иброҳим Ҳалиуллоҳ Аллоҳга шукрлар қилдилар.

Аҳли дониш дунёдан парҳез қилмай, орзу-ҳавасга ружу қўйганларни товусга ўхшатганлар. Шаҳват – дунё лаззатларидир: ўйин-кулги, хотинбозлик, аскиябозлик, шаҳват йўлидагилар – хўрозга ўхшайди. Ҳаром-харишдан қайтмаганлар, еб-ичиб семирувчи текинтомоқлар зоғга ўхшайди. Ўрдак эса кечасию кундузи балчиқ титади. Тумшуғига нима илинса ҳам, томоғидан ўтиб туриши керак. Дунёга ҳирс қўйганлар шу ўрдакка ўхшайди.

Нафси аммора – инсонга ғоят зарарли. Нафси амморага берилганлар у дунёсини ҳам, бу дунёсини ҳам куйдирадилар. Нафси амморанинг шериги – шайтон. “Умринг узоқ, маишат қилиб ол”, деб аврайди.

Ҳикмат аҳли дейдики: “Дунёда ҳеч бир нарса йўқки, сендан аввал унинг эгаси бўлмаса. Яна ҳеч бир нарса йўқки, сендан кейин эгаси бўлмаса. Шундай экан, бу қадар қисқа ҳаётни деб ҳавойи нафсинг учун ўзингни ҳалок этма. Аллоҳнинг йўлидан айрилма. Охират учун ҳозирлан. Дунё молининг сармояси ҳавойи нафсдир. Топгани эса – жаҳаннам оташидир”.

Жалолиддин Румий айтдилар: инсон танасида тўрт паррандага ўхшаган тўртта сифат бор. Бу паррандаларни Иброҳим Ҳалиуллоҳга ўхшаб ўлдиринг. Шулардан бири – зоғ қаерда ўлимтик бўлса, таталагани-таталаган. Қорним тўйсин, деб ҳаромдан қайтмайдиган кишилар шундайдирлар. Оқил кишилар ақл кўзларини очадилар. Ўша тўрт паррандани “бисмиллаҳ” деб ўлдирсанг жонинг ҳаловат йўлини топади. Тўрт парранданинг оёқлари занжирда. Занжирни ечиб ташланг. Жасадингизда, феъл-ахлоқингизда шу нарсалар бор. Шу нарсаларнинг бошини кесиб, сўнг қайтадан тирилтиринг. Шундан сўнг улар зарар етказмайди. Шунда сиз дилларнинг амири бўласиз. Ҳар бир одам ўз ақли билан ўзига амир бўлади. Яъни, ҳамма амирдан қўрққани каби нафс ҳам сиздан қўрқади. Сиз шу зайлда Аллоҳга яқинлашасиз. Мансабпарастлик, обрўпарастлик ҳам шайтоннинг одамга қўйган тузоқларидан. Агар одам ўзини бошқалардан паст олса, Аллоҳ олдида мартабаси баланд бўлади. Агар такаббурликка олса, кеккайса, ўзини бошқалардан баланд тутса, Аллоҳ олдида паст бўлади.

Аллоҳдан баракали умр сўраш керак. Бу талаб Аллоҳга хуш келади. Бироқ орзу-ҳавас ёки мол-дунё тўплаш учун эмас, охиратни ўйлаб, ибодат қилиш учундир. Баъзилар Аллоҳнинг ҳукмини эшитмайди, балки нафснинг ҳукмига қулоқ солади.

Сенинг оғзинг – дўзахнинг оғзи. Яъни бунда ёмон сўзлар айтиш, ҳаром қилинган, шубҳали нарсаларни ейишлик назарда тутилади. Бу дунё сизга мисоли Барзах. Яъни, Хос дарёси билан Рум дарёси бир бўлиб оқади. Бири шўр, бири эса ширин сув. Бир неча вақт таъмини йўқотмайди. Бу дунё ҳам шунга ўхшаган. Бу кўчадан юрса – жаннат аҳлидан бўлади. Бунисидан юрса – дўзах аҳлидан. Аллоҳнинг иродаси билан мол қондан сут ажратиб беради. Яхши амаллар билан яшайдиганлар дунёга алданмасдан ўтадиган сутга ўхшайди. Агар ҳаромга оғиз урсангиз, сут қонга айланади. Одам алайҳиссалом нафснинг сўзига кириб, бир қадам қўйдилар ва оқибатда жаннатдан ажралдилар. Агар кўзингизга бир қил рўпара келиб қолса, у сизга тоғдек бўлиб кўринади. Яъни, нафси ҳавонинг инсонга берадиган зарари – ботин кўзини ўша нарса беркитиб кўр қилади, ботин кўзи кўрмай қолади. Одам алайҳиссаломда қадимдан Аллоҳ таолонинг нури бор эди. Лекин ул зотнинг кўзларини ўша қил тўсгандек, тўсилди. Шайтон орада васваса қилди. Агар ўша пайтда малоикаларга маслаҳат солганларида оқибатда пушаймон еб, истиғфор айтмаган бўлардилар. Пўстин баҳорда кийилмайди, қишда кийилади. Шунга ўхшаш сен ҳамиша “Аллоҳ!” дейдиганлар билан бўл. Агар нафс қоронғулик билан топишса дилни қоронғу этади. Мўъмин – мўъминнинг ойнаси. Пири комил ҳам ойна. Дилга қараб туриб ёмонликдан қайтаради”.

“Тавбасиз одам жонсиз тана. Қачонки тавба қилса, танасига жон киради. Баданнинг мулки, посбони тавбадир. Бандалар шу тавба билан равнақ топади. Иймон ҳам камол топади. Шоҳнинг ҳам, гадонинг ҳам Қиёматдаги соябони тавба бўлади. Ким тавбадан айрилса, тўғри йўл топа олмайди. Тавба бир дарё. Шармандалар тавба дарёсида покиза бўладилар. Тавбасиз ибодат қабул бўлмас”.

“Туни билан йўл юриб, нурафшон шаҳар Мадинаи Мунавварага етиб келдик. Атроф назаримда тарвуззор бўлиб кўринди. Тарвуз эмас, тошлардан иборат чўл эканини машиналарнинг чироғи тушганда билдим. Биз жонимизни қийнамай, салқин автобусда бордик. Пайғамбаримиз алайҳиссалом даврларида ва ундан кейинги замонларда ҳожилар қайноқ тошлар оралаб неча кунлар йўл юрганлар. Ҳаж ибодатининг чин роҳати балки ана шу машаққатдадир?

Мадинат ан-набий – пайғамбар шаҳрида илоҳий руҳ ҳукмрон эди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом қабрларини зиёрат қилиш, масжидларида намоз ўқиш бахтига етиштирган Аллоҳ таолога шукрлар қилдик.

Автобуслар меҳмонхона майдончасида тўхташи билан муҳтарам ҳожиларимиз эшикка ёпирилдилар. Гўё жойдан қуруқ қоладигандай, бир-бирларини босиб бўлса-да, эркагу хотин аралаш олдинга ўтишга интилдилар. Бизларни кутиб олган мадиналик ўзбек йигит ҳарчанд уринмасин, тўзиган ҳожиларни тартибга келтиролмади:

– Муҳтарам ҳожилар, барчангизга жой етиб ортади. Мен ҳар бирингизни киприкларимда кўтариб олиб чиқаман, – деган илтижоси ҳам қулоққа кирмади.

Ҳаммадан кейин жойлашиб, Ҳарами шарифга шошилдик. Пастга тушсак, меҳмонхона эшиги яқинида бир одам ерга шолча солиб, молини ёйиб, савдони бошлаб юборибди. “Мадиналик аттор келишимизни билибди-да”, девдим, Асқар Маҳкам “Ўзимизникилардан-ку, қаранг, асалдан тортиб қуртгача ўзимизники”, дедилар. Бундан кўнглим ранжиди. Расулуллоҳ алайҳиссаломни зиёрат қилиш, салом бериш, яқинлари йўллаган саломларни етказиш ўрнига савдони бошлаб юборса?! Шолча устига сотиладиган матоҳларни эмас, гуноҳларини ёйиб қўйгандек туюлди менга.

Масжиддан қайтгач, жойлашган хонамни тополмай гангидим. Кейин билсам, биз Ҳарами шарифга кетган пайтда тўртта тугунчамизни четга олиб, доғистонликлар жойлашишибди. Тугунчамни олгани кирган эдим, қофқазлик ҳожилардан бири: “Истасанг биз билан туравер, ҳаммамиз сиғамиз”, деди. “Ҳарбийда доғистонликлар билан бир казармада ётганман”, девдим худди яқин биродаридек қучоқлаб кўришиб, ўзини Муҳаммад Иброҳим деб таништирди. Ўртага дастурхон ёйиб, мени ҳам таклиф этишди.

– Биз сизларга ўхшаб меҳмонхонага келмадик, тўғри Ҳарами шарифга бордик. Ундан сўнг имом Шомил қабрини зиёрат қилдик. Сен имом Шомилни эшитганмисан?

– Эшитмаганман, ўқиганман, – дедим. – Дастлаб бу номни 1967 йили Расул Ҳамзатовнинг “Доғистоним” китобида учратдим. Ҳарбийдалигимда доғистонлик йигитлар менга бир русча китоб бердилар. Унда “Имом Ҳамзат” деган асар бор экан. Имом Муҳаммад Ғози, имом Ҳамзатларнинг жасоратлари мени ҳайратга солди. Шаҳид кетишлари юрагимни ўртади. Имом Шомил ҳаётларини доғистонлик адиба Марям Иброҳимованинг романидан билдим. Имом Шомилнинг 1871 йили Мадинада вафот этганларини ҳам биламан. Бу тарихда менга имом Ҳамзатнинг жасоратлари улуғроқ туюлди.

– Ҳар бири Ислом оламининг буюк қаҳрамонлари. Ҳар биримизнинг томиримизда уларнинг қайноқ қони оқади. Улар бошлаган ғазот ҳали ниҳоясига етмаган. Сен ўқиган китобда имом Ҳамзатнинг муножоти борми?

– Кўп яхши хитоблари бор эди, баъзилари ёдимда.

– Тоғда бўрон турган пайтда Худога илтижо қилганини ўқимаганмисан?

– Бунақаси эсимда йўқ.

– Унда эшит, тоғда бўрон кўтарилиб, душман кўринмай қолганда имом Ҳамзат Худога шундай нола қилган:

– Аллоҳим, бу бўрон шу ожиз банданг Ҳамзатнинг гуноҳлари учун кўтарилган бўлса, маъсум аскарларингни жазога лойиқ кўрма. Аллоҳим, улар бу ерларга Сенинг номингни юксалтириш ва Ислом динини ҳимоя қилиш учун тўпланганлар. Аллоҳим, неча марта бизларни паноҳингда асрадинг. Доимо дуоларимни қабул айладинг. Яна Сенга илтижо қилмоқдаман: бу дуоимни ҳам қабул айла! Бу чанг-тўзон булутини бошимиздан даф қил. Кофирларнинг аскарларини ошкора кўриб, юзма-юз жанг қилайлик. Аллоҳим, мулк ҳам, банда ҳам Сенга оиддир. Мен бир ожиз бандангман. Менинг ниятимни ва сирларимни Ўзинг яхши биласан. Мақсадим мол-мулк орттириш эмасдир. Фақат Сенинг розилигингни истайман. Аллоҳим, бу мўъмин аскарларингни ўз ерларида мағлуб айлама! Уларга шундай ғалаба бағишлаки, бутун мусулмонлар байрам қилсинлар. Истасанг, шу байрам кунида бу Ҳамзат банданг ҳам қурбон бўлсин. Аллоҳим, бунча мусулмон аскарнинг ҳалокатига мени сабабчи қилма! Уларга ёрдам қил ва зафар бағишла. Улар учун мен жонимни қурбон қилишга ҳозирман. Фақат Сен мени шаҳидлар гуруҳига қабул қил! Ислом аскарлари ғалабаси учун руҳ таслим қилишга ҳозирман. Етарки, бу мўъминларнинг бахтига менинг руҳим фидо бўлсин! Мени ғозийлик мартабасига эриштирдинг, энди эса шаҳидлик мартабасини ҳам лутф билан насиб айла! Омийн!

Муҳаммад Иброҳим имом Ҳамзат тилидан гапириб, гўё ўзи Ҳамзатга айлангандай бўлди.

– Вақтингиз бўлганда яна бир марта айтиб берасиз, дафтаримга ёзиб оламан. Бирон тарихий асар ёзсам, асқотар, – дедим.

– Сен Имом Ҳамзатни ёз, имом Шомилни ёз, авлодларга ибрат бўлсин.

– Доғистонни, доғистонликларни, уларнинг тарихини яхши билмай туриб бу ҳақда ёзиб бўлмайди.

– Сен Доғистонга кел. Бир йил яша, истасанг, ўн йил яша, тарихда хоразмликлар бизнинг юртларда кўп яшашган-ку? Имом Ҳамзат лашкарлари орасида хоразмликлар бўлмаган дейсанми?

– Аллоҳ тақдир этган бўлса, бир сафда жанг қилишгандир. Мен бу тарихда бир нарсага тушунмай юрибман: имом Шомилнинг русларга таслим бўлишига доир қарама-қарши фикрлар бор.

– Имом Шомил ҳар қанча жасур бўлмасин, ғанимни енга олмаслигини билди, ортиқча қон тўкилишини истамади. У Ҳожимурод сингари хоин эмас.

– Рус ёзувчиси Лев Толстой ҳам Ҳожимуроддан нафратланган. Ҳожимуродни шаҳар аҳли қутлаб кутиб олганда Толстой: “Менинг душманим шу қўрқоқ эдими, мен хоинга қарши урушдимми?” деб кўчага чиқмаган экан.

– Хоинлардан ҳатто душманлар ҳам нафратланишади. Сен имом Шомилнинг мана бу гапларига диққат қилгин:

– Ё музаффар бўлиб, ғоямизга етамиз ёки шаҳид бўлиб, жаннатга кетамиз. Мен билан бирга бўлишни истаганлар орқамдан келсин. Биздан айрилишни истаганлар ўз йўлларидан кетсинлар. Бу ерда амр берувчи султон ва амр олувчи аскар йўқдур. Зеро, бугун мен сизлардан бирингизман. Сизлар билан бирга жанг қилган ғозийман. Менга эргашиб, нафсларини Жаноби Ҳаққа таслим қилиб, шаҳид бўлганлар жаннатга кирадилар. Жангдан соғ қолганлар эса ғозийлик мартабасига эришадилар. Биздан ажралиб қолганларни эса охиратда жаҳаннам олови, бу дунёда эса пасткашлик кутмоқдадир.

Муҳаммад Иброҳим бир зум жим қолди. Дастурхон атрофидагилар ҳам жимгина қулоқ солиб ўтирдилар. Кимдир “Асирликдаги гапларини ҳам айтиб бер”, деди. Суҳбатдошим “маъқул” ишорасида бош ирғаб гап бошлади:

– Руслар ваъдаларига хилоф қилиб имом Шомилни ҳибсга олдилар, сургун қилдилар. Шундаги гапларини эшит:

– Шу нарса аниқки, Аллоҳга бандалик қилган кимса бандаларга асир бўлмайди. Арслонни қафас ичида тасаввур қилиб бўлмагани каби, мўъмин киши учун ҳам асоратни тасаввур қилиб бўлмайди. Мўъмин киши зиндон ичида занжирларга боғлаб қўйилган бўлса ҳам, мўъмин бўлгани учун барибир ҳур кишидир. Чунки у Аллоҳ таъминоти остидадир. Боши танасидан айрилгунга қадар асир бўлмайди. Чунки бундай киши Раббига ром бўлгандир. Зеро, Аллоҳ таоло Ўзига ром бўлган бандасини бошқаларга асир қилиб қўймайди. Бундай кишилар ўз жаллодларидан ҳам кўра узун умрли бўладилар. Аллоҳ таоло уларнинг маънавий умрларига абадийлик беради. Бундай “ўлимсизлар” силсиласи Қиёматга қадар тарихнинг шон ва шавкатини узлуксиз қиладилар.

Таомдан сўнг дастурхон йиғилиб барчалари ўринларидан турдилар-да, давра қуриб зикру тасбеҳни бошладилар. Улар баланд овозда тасбеҳ айтиб, хона бўйлаб айланардилар. Мен нима қилишни билмай қолдим. Сўнг бурчакдан жой олиб, тасбеҳ ўгириб ўтиравердим. Зикр тугагач, халтачамни олиб, тошкентликлар жойлашган хонага чиқдим. Улар билан бирга қолишим мумкин эди, лекин ибодатларидан четда туришдан истиҳола қилдим. Муҳаммад Иброҳим узримни тўғри тушунди. Бомдод ўқиш учун йўлга отланаётганимда хонамизга кириб қўлимга дафтар варақларини тутди. Кечаги гапларини тунда қоғозга туширган экан. Дафтардаги мазкур сатрлар ўша қоғоздаги гаплар асосида ёзилди. Доғистонлик биродарларимиздан Аллоҳ рози бўлсин!”

“Найистон нимадан нола қилади – жудоликдан. Аллоҳ таоло аввал руҳни яратиб сўнг банда дунёга келадиган пайтда руҳни найистондан олиб келганда руҳ жудо бўлганидек, бизнинг номуборак кўкрагимиздан жой олишидан қаттиқ нола қилар экан. Бу ноладан барча малоикалар йиғлайди. Бу руҳ доимо Аллоҳга яқин бўлишликни хоҳлайди. Банда эса нафснинг йўлига киргач, руҳ Аллоҳдан узоқлаша бошлайди ва шунинг учун шикоят билан нола қилаверади. Руҳ Аллоҳга ишқ, зикр билан роҳатланади. Бандадаги гуноҳдан даҳшатга тушиб нола қилади. Най – орифларнинг вужуди. Ҳар қандай одам Ватандан жудо бўлса, уни қўмсайди. Доим фироқда…”

“Аввал бошда руҳ Аршда эди. Энди бир банданинг қафасига меҳмон бўлиб кирди. Келишга келиб, кетолмайин қолдим мано, деб нола чекади. Руҳнинг қайтиб кетиши муқаррар. Шундай экан, йўл тадоригини йигитликда қилиш керак. Қариликда ибодат ҳам суст бўлади. Озиқ олиб, вақтида ибодат қилганларга етолмайман, деб руҳ йиғлайди. “Аввалги жойимга боролмадим”, деб нола қилади…”

“Руҳ ва найга доир ривоятлар, ҳикматлар кўп. Мавлоно Румий байтларида ҳам чуқур маъноларни англатади. Бу байтларни кўп олимлар шарҳлаганлар. Шарҳларда фарқ сезилса-да, найга сифат беришда яқинлик бор. Най – мажоздир. Айримлар уни “моддий най” деб талқин қиладилар. Маънони бу қадар торайтириш ва соддалаштириш эса янглишдир. Чунки най – комил инсондир. У бирлик қамишзоридан кесилган Ўз борлиғидан кечган, ҳақиқий борлиқ-ла бор бўлган. Ундан чиқаётган ҳар овоз Тангри иродасини билдиради. Унинг соғинчи бир жилвадир, ўз-ўзига ноздир.

Маккаи Мукаррамада Қурбонали домла билан танишдим, пурҳикмат суҳбатларидан баҳраманд бўляпман. Ислом илмига қизиқишим кучлилигини, билимим эса озлигини сезганлари учун сўраганларимни эринмай тушунтиряптилар. Ҳатто дафтар қаламимни олиб, айрим шаклларни чизиб шарҳладилар. Найга доир саволимга турк уламосидан ўқиган шарҳлари асосида жавоб бердилар. Бу жавоб қалбимни тўлқинлантирди, “яна бир қайтаринг, баъзи жойларини ёзиб олай”, деб илтимос қилдим. Эринмай айтиб турдилар, мен ёздим:

 
“Бишнав ин най чун шикоят мекунад,
Аз жудойиҳо ҳикоят мекунад.
 

(Бу найни эшит – бир дарди, бир шикояти бор, у айрилиқдан шикоят қилмоқда).

 
Най сенсан, эй нафсим!
Йўқлик ўлкасидан келмоқдасан, ичинг бўм-бўш.
Сармоянг йўқ.
Раббинг номи ила безаниб олдинг.
Унинг тасарруфи ила ҳайқириб жўшмоқдасан.
Унинг раҳмати ила безаниб олгайсан.
 

Сенинг кўнглингга ҳасрат, изланиш, совуқ шамолини тўлдирмасайди, қайдан ҳам бу қадар нолон куйлар-ла юракларни эритар эдинг?

Ҳақнинг тасарруфи бўлмаганида на кўзинг кўрар, на қулоғинг эшитар, на бурнинг ҳидни сезар, на тилинг бир сўз сўзларди.

Мўъжизага қара, эшит ва англагинки: “Тил дейилувчи гўшт парчасидан ҳикмат сели дарё каби оқмоқда, қулоқ аталмиш тешиклардан кирмоқда ва меваси ақллар бўлган жон боғини суғормоқда”.

Демак, жон боғиниинг суғорилиб нашъу намо топмоғи эшитмоқ-ла бўлур.

Демак, бағри ёниқларнинг нағмалари эшитмоқ орқали кўнгилларни жўштириб қайнатади.

Най, уни тинглаётганларнинг қалбига риққат (инжалик; меҳр-шафқат; таъсирланиш; ҳузур) бахш этади, ишқ аҳлини жўштиради.

“Най овозини тингла! Аслида у найники эмас. Унга пуфлаётган (чалаётган)нинг туйғуларининг найдан эшитилаётган оҳангларидир. Сен ишқ шаробини ичишни ўйла. Ғам ўзи билан ўзи овора, тўлғонмоқда”.

Най сенсан, эй нафсим!

Ёниқ юрагингдан узилиб келган тубсиз фарёдлар шундай айрилиқ, маҳзун ҳикояларни баён этмоқдаки, уни эшитганлар борлиқ ҳикматларининг ҳақиқий ўлкасидан хабарлар олурлар.

Сен найнинг изтиробини шунчаки шикоят деб ўйлайсанми, эй нафсим!

Най янада улкан ёнишларга, ҳайқиришларга эришмоқ учун дод-фарёд этмоқдаки, улкан сувларга етишсин.

Бутун даралар, сойлар, дарёлар уммон хаёли (орзуси) ила тошмаяптими?

Айрилиқлар хирмонида йиғилган бу ҳикоялардан юксалган шикоятлар абадий дўстлик иштиёқига тил бағишламаяптими?

“Каз найистон” сўзини қамишзордан кесиб олинган қамиш дея, яъни фақат зоҳиринигина кўрсанг нимага ҳам эриша оласан? Аммо ҳақиқий оламдан, ўлимсизлик юртидан узиб олинган деб билсанг, шунча нолаларнинг, иштиёқларнинг, соғинчларнинг асл сабабини ич-ичингдан ҳис қиласан, бу эса сенинг ҳақиқий бир ҳақиқат йўлчиси эканингга далилдир.

“Маснавий”нинг “тингла” дея бошланишида ҳам катта ҳикматлар бор.

Вужуд меъда орқали озуқланади. Кўнгил ва руҳ эса қулоқ орқали.

Эшитмаган сўзлай олмас.

Инсоннинг дунёга ташрифида қилган илк иши эшитмоқдир.

Чақалоқ маълум муддат эшитгач, сўзни, маъноларни ўз ичида маромига етказгандан сўнгра гапиришга бошлайди.

Кар одам гунг ҳам бўлади.

Сенинг бу сўзлаганларинг, булбул янглиғ сайрашларинг, қаламингдан маржон каби тўкилганлар қандай юзага келди?


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации