Текст книги "Ҳаёт қайиғи (3 китоб)"
Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 22 (всего у книги 32 страниц)
Нафрат ўқига энг аввало бевафо онаси, сўнг беимон отаси дуч бўлишган эди. Энди улар ҳақидаги афсона тумандай тарқалиб кетган, уларнинг асл башаралари қуёш ёруғида мана ман деб турарди. Махсус мактабнинг катта, оғир жигарранг дарвозаси бўларди. Унинг рўпарасидаги ўриндиққа ўтириб Қамариддин хаёл сурарди: “Ҳозир қўлимга милтиқ бериб қўйишса-ю, дарвозадан отам билан онам кириб келишса, шартта отардим. Ана ундан кейин ўзимни отиб юборишса майли. Йўқ, аввал суд бўлиши керак. Боласини ташлаб кетган ота-онанинг жазоси шу, дейман. Тирик етимлар, ҳаммангиз аблаҳ ота-онангизни топиб отиб юборинг. Ёлғон гаплар тўқиб, уларни яхши одам қилиб кўрсатманг бир-бирингизга, аямай отиб ташланг, дейман. Тирик етимларга милтиқ беринглар, дейман! Ана шундан кейин мени отишса ҳам майли”.
Қамариддин шундай ўйлагани билан онасининг ёнига қайтишга мажбур бўлди. Тўғрироғи, онаси уни гаровга олгани сабабли махсус мактабдан барвақт чиқаришди. Ҳунар билим юртига киришга мажбур қилишди. Унинг бундан бўлак иложи ҳам йўқ эди. Қамариддинни оддий мактабларга қабул қилишмас эди. У ердагилар бўш ўқийдиган, шўхроқ болалардан қутулиш пайида юришади. Қамариддиндақаларни кўришганда дод дегандай қилиб эшикларини тақа-тақ беркитишади. Қамариддин аввал ўқиган мактабига ҳам борди. Ҳар ҳолда яхши ўқирди, спортда пешқадам эди. Йўқ, бу гаплар унутилгандай, қабул қилишмади. У ҳунар билим юртига уч кунгина қатнади. Кейин бормай қўйди. Билим юртидагилар унинг кетиб қолганидан қувонишдими, ҳар қалай нимага келмаяпсан, деб хабар олишмади. Қамариддиндай “тарбияси оғир, безори болага” уларнинг ҳам тоқати йўқ эди. Қамариддин фақатгина милициягагина керак экан. Дам-бадам инспекцияга чақиришади. Ишга жойлашишга ёрдам бермоқчи бўлишади. Қамариддин ишлашга рози, ўқишдан кўнгли совиб бўлган. Аммо ишга оладиган азамат йўқ. Ҳали у, ҳали бу баҳона. Онаси ишда, ўзи кун бўйи кўчада. Омадини қаранг, у кўчадагиларга ҳам керак экан, у каби бола кам эмас экан. Пес песни қоронғида топгандай, кўчабезорилар бир-бирлари билан тез топишар экан. Шу аҳволда эркин юраверди. Аммо тўдага қўшилиб бировларни тунамади. Буни майда иш деб билди. Унинг ҳаётдан алами бор, қасос олганда ҳам бирваракайига олишни истарди. Шундай қасос они яқинлашиб келарди.
Уларникига бир одам серқатнов эди. Дастлаб кўринганида онаси “Дадангнинг дўсти, биздан хабар олиб туради” деб изоҳ берди. Қамариддин “Дадамнинг ўзи қаерда, нима учун ўзи хабар олмайди” деб сўрамади. У гўдак эмаски, бу одамнинг мақсадини билмаса. Аввалига Қамариддин қўққисдан кириб қолса, ичиб ўтирганларини яширишга ҳаракат қилдилар. У гўл эмаски, ароқнинг ҳидини билмаса. Кейинроқ бориб яширмай ичавердилар. Бир куни Қамариддин келиб у кишининг рўпарасига ўтирди. Кўчада болалар билан мусаллас ичган, ширакайф эди. Пиёлада онасига қуйилган ароқ турган экан, шартта олиб ичиб юборди-да, яна қуйинг, деб “отасининг дўсти”га узатди.
– Ёшлик қиласан, – деди у одам пиёлани четга олиб қўйиб.
Шу пайтгача Қамариддин у билан деярли гаплашмаган эди. Салом берарди-ю, кўчага чиқиб кетарди. Бугун кайф таъсирида қитмирлик қилгиси келди.
– Сенинг боланг борми? – деди у дабдурустдан сенсираб.
– Бор, – деди “дадасининг дўсти” ғазабини ичига ютиб.
– Детдомдами?
– Нимага детдомда, уйда.
– Ташлаб кетмайсанми?
– Жинни бўлганмисан?
– Болаларингни ташлаб, онамга уйлан. Мени ўғил қилиб ол.
Шу пайт ошхонадаги онаси кириб, уларнинг суҳбатидан лол бўлиб тош қотди. “Отасининг дўсти” ҳам бу таклифдан тамом гангиди.
– Қамаржон, бунақа масалада ҳазил қилма.
– Уйлансанг уйлан, бўлмаса ўлдираман.
– Қамар! – деди онаси, уни елкасидан ушлаб.
Қамариддин қитмирлик билан уларни масхараламоқчи эди. Аммо ўзи кутмаган ҳолда нафрати уйғониб, ғазаби қўзғий бошлади.
– Сен аблаҳсан, одаммассан, – деди у, онасининг силаб-сийпашига эътибор бермай.
У одам ўрнидан туриб, эшик томон юрди. Қамариддин ҳам ирғиб ўрнидан турди-да, йўлини тўсди.
– Сен ҳайвонсан! Сен … сан! – деб ҳақоратлашда давом этди.
Бу мишқидан шундай сўзларни эшитишга ори келди бу одамнинг: Қамариддиннинг юзига шапати қўйиб юборди. Худди ўша коттеж, ўша “Волга” эгасидай урди. Унда Қамариддин йиғлаб юборган эди. Бу сафар йиғламади, кулди. Бу кулгусида заҳар зоҳир эди. Бу кулгуси ёмон бир нарсанинг даракчиси эди. Қамариддин кулиб турганича унинг қорнига калла қилиб букчайтириб қўйди. Тепмоқчи эди, ўртага онаси тушди. Қамариддин “ҳа, майли” деди-да, ошхонага кириб катта пичоқни олди. Хонага кирганида онаси стулда, у одам эса ерда онасининг тиззасига бош қўйиб ўтирган эди. Онаси пичоқ ушлаган Қамариддинни кўрди. Бақириб юборди. Аммо у одам бошини кўтаришга улгурмади. Қамариддин отилиб келиб унинг бўйнига пичоқ санчди. Ошхонада, пичоқ олаётган чоқда, онасини ҳам ўлдиришни фикр қилган эди. Аммо онасига қўл кўтара олмади. Нимага шундай бўлганини кейинроқ ҳам кўп ўйлади. Бироқ минг ўйлагани билан сабабини билолмади. У бир нарсани аниқ биларди: ўзи ҳам сезмаган қандайдир куч уни ушлаб қолган эди.
У махсус мактабда юрганида беимон отасини, бевафо, бемеҳр онасини ўлдиришни хаёл қиларди. Онасини ўлдиролмади, бироқ бегонани ўлдирди. “Тўғри қилдим, – деб ўйларди у қамоқда юрган кезларида, – болалари беимон отадан қутилишди. Болаларини алдаб юрган одам одаммиди?”
Суд бўлди. Судда йиллаб ўйлаб юрган гапларини айтди. Гаплар эътиборга олинмади. У ўзини энди болалар ахлоқ тузатиш меҳнат колониясида кўрди. Уч йил шу ерда бўлди, кейин катталарнинг колониясига ўтди. Қимор ҳам, ароқ ҳам, наша ҳам, бир-бирини бўғишлар… ҳаммаси бор эди бу ерда. Етти йилда ўзи, Асрорга айтгандай, “академик” даражасига етди. Онаси қамоқдан қутулиб чиққан ўғлини кутиб олмади. Уйга ўзи бостириб борди. Унга бошпана керак эди. Уни кутиб турган биродарлари бор эди. Ўшалар билан иш бошлади.
Қамариддин бировга хизмат қилишни ёқтирмасди. Ўзи мустақил иш бошқаришни истарди. Энг муҳими – ҳаётда ўз мақсади бор эди. Бу мақсадига мустақил яшасагина эришарди. “Академия”да орттирганлари унга қул эмас, хожа эди. Улар Қамариддиннинг мақсадига тушуна олишмасди. Улар учун пул бўлса, маишат бўлса бас. Қолган тушунчалар, туйғулар барчаси бир чақа. Қамариддин билан уларнинг ҳаёт ҳақидаги тушунчалари бошқа-бошқа. Қамариддиннинг улардан паноҳ излашига сабаб бор: у ҳозирча олам аро ёлғиз. Ёнида ишончли одамлари йўқ. Бу одамларни тўплагунча фурсат керак. Қуруқ чўнтак билан эса оддий иш ҳам битмайди. Шундай қилиб Қамариддин қамоқдан чиқиб икки йўналишдаги ҳаётни бошлади. У аста-секинлик билан атрофига бекорчиларни тўплаб, бўлажак ишларига тайёрланди. Муштлашишга ўргатди. Энг муҳими, уларда атрофдагиларга нисбатан нафрат уйғотишга киришди. У Асрорни аввалига бошқа ишга мўлжаллаган эди. Ҳар ҳолда тўйма-тўй юради, керакли ахборотни беради, деб ўйловди. Кейин унинг ўқишини, отасининг номардлигини билиб, болани тинч қўйишга аҳд қилди. “Мени биров суямаган эди. Мен шу болани одам қиламан, ўзим қамалиб, отилиб кетсам ҳам, уни ўқитаман!” деган қарорга келди. Шунинг баробарида қобилиятли ўғлини ўқишига монелик қилаётган отасининг адабини бериб қўйишни ҳам кўнглига тугиб қўйди.
Қамариддиннинг атрофида тўпланган болалар унинг феълини тушуниб ололмасдилар. Чунки улар Қамариддин ўзини жиноятчи эмас, қасоскор деб ҳисоблашидан бехабар эдилар.
* * *
– Менга қара, ростданам пулни даданг қайтариб бердиларми? – деди Зоир.
– Ишонмадингми? – Асрор шундай деди-ю, кўзларини олиб қочди.
– Адангни сал-пал бўлсаям биламан-да. Сен бошқасан, аданг бошқа. Сен хумда катта бўлган боласан. Гоҳи-гоҳида хумдан бошингни чиқариб қўясан-у, кейин димиқиб яшайверасан.
– Бу нима деганинг?
– Виктор Гюгонинг “Кулаётган инсон” деган асари бор. Ўшанда болаларни хумга солиб боқишади. Одамнинг танаси ўша хумга мосланиб бесўнақай бўлади. Сени танангни эмас, руҳингни хумга тиқишган. Одамга ўхшамайсан сен.
– Нимага ўхшамайман?
– Менга қара, довдир десам, довдирмассан, гўл десам гўлмассан. Аданг нима деса кўнаверасанми? Математиклар мактабидан индамай кетишингни қара, галварс! Адангга беш йил чилдирмакашлик қиларсан, балки, ўн йилдир, кейин-чи? Бошқа бир отарчининг қули бўлиб юрасанми? Қийин формулаларни ечишга етган ақлинг, шунга етмадими?
– Жуда ўзингга бино қўйиб менга ақл ўргатаверма. Бу вақтинчалик иш. Мен ўқишни ташлаганим йўқ-ку? Ҳозир дадамга ёрдамим керак. Рўзғор тебратиш оғирлигига ўзингнинг ҳам ақлинг етмайдими?
– Рўзғорни сенсиз ҳам тебратиб олади. Хўп, адангнинг орқасидан рўзғор деб юрибсан, анави безорилар билан-чи?
– Буни сенга минг марта айтдим. Мен борлигим учун улар сенларга тегмайди. Бўлмаса кўрардиларинг кунларингни.
– Ол-а, сендақа ҳимоячидан ўргилдим…
…Улар шу ерда хайрлашишди. Зоирнинг кун тартиби Асрорга маълум: бориб ювинади, овқатланади, китоб ўқийди, бир соатча кўча айланади, кейин дарс… “Менга хумда ўсяпсан, дейди. Ўзи-ку, хумда яшаётган, бир хилда ўтади кунлари. Гап деса қоп-қоп. Гапларига қараб, ҳаёт қонунларини шу бола кашф қилганми дейсан”, деб ўйлади Асрор унинг орқасидан қараб.
* * *
Шу ерда энди бир дам нафас рослашга тўғри келади. Қисса аввалида айтганимдай, болалар аҳлоқ тузатиш меҳнат колониясига, Аҳбор билан учрашувга боришим керак. Асарнинг шу қисмини унга ўқиб беришим лозим. Ваъдани бажариш муддати етди.
Колония бошлиғи мен билан омонлашгач, Аҳборнинг бир неча марта йўқлаганини айтди-да, уни чақиртирди. Биз Аҳбор билан кутубхонага кирдик. Вақтни тежаш мақсадида мен ортиқча гап-сўз қилиб ўтирмай ёзганларимни ўқий бошладим. Орадан бир соатми, икки соатми ўтди, билмайман. Ҳар ҳолда охирги бобни ўқиётганимда томоғим қуриб, бир неча марта қисқа танаффус қилишга тўғри келди. Шунда ҳам Аҳбор мени гапга тутмади. Сўнгги саҳифани тугатганимдан сўнг ҳам бир оз сукутда қолди. Кейин ўзим кутган саволни эшитдим. “Ўзим кутган” дейишимга сабаб: китобхонлар билан учрашувда албатта биринчи савол шундай бўлади:
– Бу бўлган воқеами?
– Бўлган воқеа эканига ишоняпсанми?
Аҳбор елка қисиб қўйди.
– Ҳаммаси тўғри. Шунақа болалар бор бу ерда. Бир хиллари ҳаётдан жуда аламзада. Озодликка чиқишгач, кўпга боришмайди. Уларнинг мақсади одамлардан ўч олиш, Қамариддинингиз шунақа экан. Ҳали у яна одам ўлдирса керак, а?
– Ҳозирча айта олмайман. Сенингча кимни ўлдириши мумкин?
– Ҳалиги практикант йигитни, Талъатмиди? Унинг милицияданлигини билиб қолса, ўлдиради.
– Билади-ку? Сезиб қолди-ку?
– Сезди, аммо ҳали аниқ ишончи йўқ. Ишонса ўлдиради, тўғрими?
Мен унинг шаштини қайтаргим келмади.
– Кўрамиз, – дедим кулумсираб. – Ишонмаган жойларинг ҳам борми?
– Салимнинг қўрқиб ётишига ишонмадим. Кўчада биров пичоқ уриб қочди, деб докторга борса бўлмасмиди?
– Йўқ, буларнинг аҳволида бундай қилиб бўлмасди. Вазиятга яна жиддий эътибор бер: улар одам ўлдиришди. Бунинг оқибати нима бўлишини барчалари билишади. Айниқса, Қамариддин қўрқади бундан. Иккинчи марта одам ўлдиришнинг оқибати маълум унга. Иккинчи томондан улар бу ярага жиддий қарашмади. Ўзи битиб кетадиган яра деб ўйлашди.
– Энди Салимга нима бўлади?
– Биз сен билан бўлиб ўтган воқеалар ҳақида гаплашайлик, келажак ҳақида ҳозир фол очмайлик.
– Уни асраб қолиш керак.
– Нима учун? Ахир жиноятни у бошлади-ку? Яна бир томони – нашаванд бўлса…
– У ҳали ғўр, кўп нарсага тушунмайди. Оиласига оғир экан. Оиласи ўзига тўқ бўлса у ёмон йўлга кирмас эди.
– Келдиёров-чи? Унинг оиласи тўқ-ку?
– Ҳаддан ташқари тўқ демайсизми! Келдиёровингиз ўғлини талтайтириб юборган. Шу ерда ҳам бор ўшанақа талтайганлар. Болаларининг аҳволи маълум-ку, лекин шунда ҳам талтайтираверишади. Уларни йўқлаб келишганда кўрсангиз. Қамоқдаги болани эмас, иззатдаги болани кўргани келишгандай. Сават-сават озиқ-овқат. Назоратчи, тарбиячилар ҳам уларга алоҳида муомала қилишади. Бизни билмайди, сезмайди, дейишади-да. У болаларнинг шароити бошқа, Салимдақаларники бошқа. Бу ерда ҳам кўринмас девор бор. Деворнинг у томонидаги бола айб иш қилса ҳам кўз юмилади. Чунки улар тарбияси яхшиланган бола сифатида муддатидан олдинроқ чиқиши керак. Бу томондагилар сал тойиб кетса тамом: Дизодан (Дисциплинарный изолятор – колониядаги интизомни бузганлар сақланадиган ички қамоқхона) жой тайин. Муддатидан олдин чиқишга умид йўқ.
– Ота-оналари бу ердагиларни ҳам қўлга олволишган, деб ўйлайсанми?
– Билмагандай гапирасиз-а, шунча келиб, кузатиб сезмадингизми? Майли гапирмай, айтганим билан исботим йўқ, иғвога ўхшаб қолади. Сиз менга бошқа нарсани тушунтириб беринг: Қамариддин атрофидаги болаларга йўлтўсарлик қилишга рухсат бермас экан. Унда кинохона олдида ин қўйиб нима қилади?
– Ҳар бир кинохонанинг, боғнинг… хуллас, одамлар кўп тўпланадиган жойнинг ўз “эгалари” бор, буни билсанг керак. Қамариддин ўша кинохона атрофининг хўжайини. Болалар унга келажак учун керак. Қамариддин уларни одамларга нафрат руҳида тарбиялайди. Токи улар улғайиб, бировга қасд қилса, қўли қалтирамасин, виждони қийналмасин
– Унинг меҳрибонликлари… ниқобми?
– Йўқ, ниқоб эмас. Биласанми, одам жиноятчи бўлиб туғилмайди. Уни атроф-муҳит жиноятчи қилиб тарбиялайди. Меҳрибонлик Қамариддиннинг қонида бор. Аммо у ҳаётдан зада бўлиб ўсган. Ана шу задалик унинг руҳиятига ҳукмрон. Бироқ баъзи-баъзида булутларни ёриб қуёш кўрингандай, унинг қонидаги меҳрибонлик юзага қалқиб чиқади. Қамариддиннинг бахти ҳам, бахтсизлиги ҳам шу. Бу ҳақда яна гапирамиз.
– Менга яна бир нарса ёқмади, айтаверайми?
– Айт.
– Қиссада нуқул ёмон болаларни кўрсатяпсиз. Яхшилар қани?
– Сен келажакда танқидчилардан кутаётган саволимни бердинг. Тўғри, бу асарни ўқиганда ҳамма ёқни ёмон бола босиб кетганга ўхшаши мумкин. Лекин бу нотўғри тушунча. Менинг мақсадим – ёмонлар тўдасини акс эттириш, яхшиларни бундан огоҳ қилиш. Шундай экан, асосий эътиборни шу тўдага қаратганим маъқул. Яхшиларнинг яхшилиги яширин эмас, ёмонларнинг ёмонлиги зирҳланган бўлади. Барча ана шу зирҳни ёриб, ҳақиқатни кўравермайди. Менинг муддаом шу зирҳни ёриб ўтишга бир ҳаракат қилиб кўриш.
– Менга Асрорнинг иншо ёзмагани ёқди. Унинг ўрнида бўлганимда мен ҳам шундай қилардим. Агар шошилмаётган бўлсангиз, биз ёзган иншоларни ўқирдингиз. Олиб келайми, тарбиячимизга келишингизни айтган эдим. Сиз ўтириб туринг, мен ҳозир.
У шундай деб чиқиб кетди. У колониядаги тартиб ҳақида гапириб аччиқ ҳақиқатни очган эди. Мен 70-йилларда Фарғонадаги болалар колониясида, кейин бу ерда бўлиб ўтган маҳкум болаларнинг ғалаёнларини эсладим. Тарбиячиларнинг нотўғри муомаласи, виждонсизлиги туфайли пораланган қалблар жунбушга келиб, бетартибликлар юз берган эди. У дамларда бу ҳақда гапириб бўлмасди. Қарангки, ноҳақликларни болалар сезмайди, деб ўйлашаркан. Сезмай-чи! Уларнинг зийрак зеҳни ҳар бир нарсани илғайди. Мен қаламга олган Санжар Келдиёров ҳам бир неча ойдан кейин бу ерга келиши керак. Келдиёров вақтни бой берди, ўғлини сақлаб қололмаслигини билади. Энди у суд органларини сиқувга олади. Кейин қўлини бу ёққа узатади. Аҳбор айтмоқчи, Санжар тарбиячиларнинг алоҳида эътиборида юриб, “тарбияси яхшилангани учун” муддатидан илгари чиқариб юборилади. У қамоқ нима, озодликдан бебаҳра юриш нима, жазо нималигини билмай иссиқ уйига қайтади. У балки эсини таниб, яхши бўлиб кетар? Умидимиз ушалмай, у эски ҳунарини қилса-чи? Жазо муддатини қисқартирган суд, интизом бузилганини кўриб ўзини кўрмаганга олган колония тарбиячиси жазога тортилмайдими?
Аҳбор кириб, хаёлим бузилди. У менга бир даста дафтар варақларини берди. Чиройли ва бадхат, саводли ва чаласавод ёзувлар. Иншонинг мавзуи ажабтовур: “Бахт ва бахтсизлик, эзгулик ва ёвузлик ҳақида”. Билмадим, бу мавзу кимнинг ақлидан чиққан экан. Бахт ва бахтсизлик, эзгулик ва ёвузлик ҳақида асрлар бўйи неча-неча донишмандлар баҳс қурганлар. Бу ерда, қуёш нурлари симтиконлар орасида ўтадиган жойда, қоровул итлар тинмай вовуллаб турадиган нохуш гўшада бахт ва бахтсизлик ҳақида нима деб ёзиш мумкин? Биламан, колония фақат симтўсиқлар эмас. Колония – болалар тақдири, аламлари, дардлари жамланган жой. Иншога шубҳасиз, шу алам, шу дард тушган бўлиши керак.
– Аввал ўзингникини ол, – дедим Аҳборга.
Аҳбор варақлар орасидан ҳуснихат билан ёзилган иншони олиб узатди. Ўқийман:
“Бу ерда атрофга қарашни ёқтирмайман: баланд девор, симтикон ортидан кўча шовқини эшитилади, уйларнинг бўғотлари кўринади. Бу томлар остидаги иссиқ хоналарда бахтиёр ота-она, бахтиёр ўғил-қиз яшайди. Бу ердан ўн-ўн беш чақирим нарида, худди шундай том остида бир оила яшайди. Улар ҳам бахтиёр эдилар. Энди-чи, бир ўғиллари шармандалик тамғаси билан симтикон ортига ташлангач, бу оиладаги бахтиёрлик қуёши сўндими? Мен – бахтсизман. Ўйнаб-куладиган давримни қамоқхонада ўтказаман. Ота-онам ҳам бахтсиз – ўғил ўстирдим, деб яйрайдиган маҳалда шармандалик юкидан қадди эгилиб, кўча эшигига кўз тикиб яшайди. Мен уларни бахтсиз қилиб қўйганим учун икки карра бахтсизман. Бахтли бўлиш учун нима қилиш керак, билмайман, ҳар ҳолда бахтни кутиб узоқ йиллар яшашим, курашишим керак”.
Аҳбор фикримни эшитишни хоҳламагандай дарров иккинчи иншони узатди:
“Бахт – озодликдаги ҳаётдир. Истаган жойда ўқисанг, истаган жойда ишласанг, ишинг одамларга маъқул келса – бахтлисан. Мен бу ерда ҳам ўқиб, ишлаяпман. Лекин бу бахт эмас. Ёшим ўн еттига борди. Отам бор. Аммо онам йўқ. Ўз онанг бўлиши – бахт. Уч йил олдин отамни қамашди. Бу отам учун ҳам, мен учун ҳам улуғ бахтсизлик эди. Отам чиқадиган пайтда мен қамалдим. Бахт деган нарса бизга насиб этармикан. Ўғрилик туфайли бу ерга тушиб, ўйлайман: ўғрилик қилишга ҳожат бўлмаса, ҳамма нарса муҳайё турса, ҳеч нима қидирмай, санқимай яшасанг – бахтлидирсан. Чўнтагинг қуруқ бўлса-ю, ўғрилик қилсанг, сўнг қамалсанг – бундан ортиқ бахтсизлик борми?”
Аҳбор учинчи иншони тутди:
“Отам ароқхўр эди, онамни урарди. Мени бувим олиб кетиб боқдилар. Ўн иккига кирганимда бувимни машина босиб ўлдирди. Уйга қайтдим. Бувимникида бахтли эдим. Бу ерда отам энди онамга қўшиб, мени, ҳатто синглимни ҳам дўппосларди. Бир куни сўйил олиб уни калтакладим. Кейин уйдан қочиб кетдим. Ўғрилик қилиб кун кечирдим. Энди бахт нималигини билмайман. Бу ердан чиқиб нима қилишимни ҳам билмайман”.
Кутганимдек бўлиб чиқди: иншолар – тақдирлар, аламлар мажмуаси эди.
Ташқарида сафланиш ҳақида буйруқ янгради. Суҳбат қизиб, кеч кирганини сезмабмиз. Энди Аҳбор сафга чиқиши керак. Рўйхатдагилар номма-ном чақирилиб, текширилади.
Мен колониядан қайтгач, ёзганларимни қайта варақлаб ўтириб, Аҳбор билан бўлган суҳбатни, болалар ёзган иншоларни бир-бир эсладим. Колонияга ҳар бир боришим руҳий эзгинлик билан якунланади. У ердаги болалар, гарчи шу жазога лойиқ бўлсалар-да, барибир уларга одамнинг раҳми келади. Бу болаларни кимдир йўл бошида ушлаб қолиши мумкин эди, деб ўйлайман. Аммо қани ўша “кимдир”? Нима учун ҳеч ким болаларни ушлаб қолмади. Колониялар торлик қилиб, ёнига қўшимча ётоқлар қуриляпти. Демак, ўша “кимдир” орамиздан буткул йўқолиб кетяпти. Бу даҳшат-ку, ахир! Бу даҳшатни қачон англаб етамиз?!
Шу ўйлар мени бир неча кун ёзув столига яқинлаштирмади. Хаёлим Асрор, Қамариддин, Салимда эмас, савол назари билан қараб қолган Аҳборда эди. Кунлар ўтиб, аста-секин яна Асрорнинг оламига қайтдим. Уларнинг тақдири яна мени ўзига чорлади. Қўлга қалам олиб, асарнинг давомини ёза бошладим. Аросат оловида қоврилаётган Асрорнинг ёнига қайтдим…”
* * *
Асар нашр этилгач, яхши гапларни эшитдим. Менсимаганлар ҳам бўлди. Асарга “детектив” деб сифат берганларнинг фикрига қўшилмадим. Чунки, аввал айтганимдай, детективда ўқувчи милиция ходими билан бирга жиноятчини қидиради. Мен ёзган асарларда бундай қидириш йўқ. Ким кимни ўлдирди, ким ўғирлик қилди… Ҳаммаси аён. Мен асарда “ким кимни ўлдирди?” деган саволни ўртага қўймайман, балки “У нима учун ўлдирди, бу жиноят оламига нима сабабдан кириб келди, жиноят оламининг дарвозаси остонасида уни тўхтатиб қолиш мумкинмиди?” деган саволга ўқувчи диққатини тортаман. Мақсадим – жиноят олами аҳолисининг руҳий дунёсини ўрганиш, таҳлил этиш, бурилиш нуқтасини аниқлаш. Қайсидир ҳамкасбим мени менсимаса, айб эмас. Эҳтимол, камчиликларимни тўғри кўргандир. Лекин жамият учун зарур бўлган бу мавзуни менсимаслиги чатоқ.
Қисса нашр этилгач кинорежиссёр Жаҳонгир Қосимов асарни кино тилига кўчириш ҳаракатини бошлади. Лекин негадир, охирига етмади. “Шайтанат”да ҳам шундай бўлди, дастлабки олти қисмини жон куйдириб ишлади, бироқ кейингиларида ўзини четга олди. Ёдгор Саъдиевнинг ялинишлари ҳам фойда бермади.
Ўша йили Театр санъати институти талабалари ташаббуси билан “Алвидо… болалик” саҳнага қўйиладиган бўлди. Устозлари Маъмуржон билан ҳамкорликда асар асосидаги пьесани ҳам ўзлари ёзишди. “Диплом иши” сифатида иш бошлашган эди. Ёш томошабинлар театри Бош режиссёри Олимжон Салимовнинг ёрдамида асар катта саҳнага кўчди. 25 йил давомида асар минг мартадан ортиқ ўйналибди (Бу асар Қашқадарё, Сирдарё, Андижон театрларида ҳам саҳналаштирилганини эшитдим, аммо театрчи дўстларимиз каминани томошага таклиф этишмади). Ўзим жуда кўп марта кўрдим. Бир ярим соат давом этадиган томоша пайтида тўполончи болалар ҳам жим ўтиришади. Асар катталарга ҳам кўрсатилади. Мен томоша охирида уларнинг кўзларида ёш кўраман. Актёрлар ролларини шу даражада маҳорат билан ижро этадилар… Муҳтарам ёш актёрларимиз асарни саҳналаштириб, унга “Заҳарли томчилар” деб ном беришди. Қиссадаги бу гаплар уларни ҳаяжонга солган экан:
* * *
Денгизнинг бехудуд бағрида, мавжлар орасида яшаётган томчи бир куни тиниқ осмонга маҳлиё бўлиб юксакларда яшамоқни орзу қилибди. Қуёшга илтижо этган экан, унинг муножоти қабул бўлибди. Қуёшнинг илиқ нурлари томчини денгиз бағридан юлиб олибди-да, юксакларга кўтара бошлабди. Бу орада томчини маҳлиё қилган тиниқ осмон юзини булут тўсибди. Қуёш нури томчини шу булут устига қўндирибди. Бу ер шунчалар совуқ эканки томчи дийдираб охири муз парчасига айланибди. Кейин булут устига сирғалиб туша бошлабди. Сал пастроқ тушгач, баданига иссиқ ўтиб, у яна асл ҳолига қайтибди. Аммо шамол уни ҳайдаб кетибди. Оқибатда томчи қадрдони денгиз мавжларига эмас, қақраб ётган тупроққа тушиб сингиб кетибди. Кўкат илдизларига илашиб ёруғ жаҳонга чиққунча эса анча вақт ўтибди…
Анҳор бўйлаб бораётган Асрор шу томчи кўйига тушган. У аввал қўрқиб, кейин маҳлиё бўлиб Қамариддиннинг осмонига чиқди. Энди ерга қай аҳволда тушади? Тупроққа сингиб, кейин қачон асл ҳолига қайтади?
* * *
Асрор ўзининг қилмишини ўйлай-ўйлай “биз заҳарли томчилармиз, тушган жойимизга ҳаёт бермаймиз, куйдириб, қуритамиз”, деган хулосага келади. Актёрлар шу маънони шиор қилиб олишди.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.