Текст книги "Ҳаёт қайиғи (3 китоб)"
Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 30 (всего у книги 32 страниц)
Қулоқларинг кўнгил тупроқларига маъно уруғларини сепиб турмаганида бунчалар ҳикматни, бунча ишқ, муҳаббат сўзларини йиға олармидинг?
Эшит, эшитгинки, сўзлай олгайсан. Илк буйруғи “Ўқи!” (“Иқра!”) бўлган бор инончнинг инсонисан сен.
“Эшит!” – “Ўқи!”нинг укасидир. Иккиси ҳам озуқадир. Хоҳласанг ўқи, хоҳласанг тингла. Ҳар икки ҳолатда ҳам кўнглингга, руҳингга туйғу, тушунча, ирфон, маърифат жавҳарлари ёғмаяптими?”
“Бу ҳикматларни 1-2 ўқишда маъносини тўла англаш қийин. Ислом илмини болаликдан бошлаб ўрганганимда эди, бу мушкулот осон ҳал қилинарди. Қурбонали домланинг сўзларини эшитгач, ўзимга ўзим савол бердим: қаноти синиқ қуш ҳолига тушган мазлумларга, изтироб чекувчиларга, чарчоқ кўнгилларга, етимларга юракдан ҳамдард бўла оламизми?” Бу жиддий савол, унга то қабрга боргунимизга қадар жавоб беришимиз керак”.
“Инсоннинг яратилиш ғояси – Аллоҳга бандалик, Уни таниш ва нафсни тийишдан иборат”, дейишади.
Хато ва унинг оқибати бўлган изтироб, инсоннинг яратилиш онидан бери мавжуддир. Зеро, илк инсон – Одам алайҳиссалом илоҳий мурод зарурати бир хатога йўл қўйган эди. Бунинг натижаси ўлароқ, жаннатдан чиқарилиб, Ерга тушиши билан илк изтироб юзага келди. Одам алайҳиссалом яратилган туфроққа 39 йил ҳузн (ғам-қайғу) ва бир йил севинч ёмғири ёғган эди. Шодлик ва қайғу-ҳасратнинг тарихи шу қадар узоқдир.
Инсоннинг ҳаёти онанинг тўлғоқ изтироби ва чақалоқнинг йиғиси билан бошланади. Инсон руҳи вужуддан айрилиб, абадий йўлчиликка чиқади. Унинг туғилишида ҳам, ўлишида ҳам изтироб мавжуддир.
Бу келиш ва кетиш орасига кўнгил кўзи билан боқилганда ҳаёт сўнгсиз аламлар, изтироб тўла ҳоллар ва бўш хаёлларга тўлиқдир”.
“Валийлардан бири шайх Самадоний Боязид Бистомий ҳаж нияти билан йўлга чиқиб, ўн икки йил деганда Каъбага етиб бордилар. Ҳар қадамларига икки ракат намоз ўқир эдилар. Етиб келган йиллари Каъбага кирмадилар. Лойиқ эмасман, деган хижолатда одоб сақладилар ва изларига қайтдилар. Биз, бугунги ҳожилар-чи?! Бу фарзни бажаришда қандай заҳмат чекяпмизки, кейинги умримизни зиёфатлар билан ўтказсак? Боязид ҳазратлари ҳар гал масжид эшигига келганларида бир муддат тўхтаб, йиғлар эдилар. Сабабини сўрашганларида дейдиларки: “Ўзимни ҳайз кўрган хотиндек санаб, Байтуллоҳга кирмоққа лойиқ кўрмайман, шунинг учун йиғлайдурман”.
Биз-чи? Байтуллоҳга бораётганимизни юракдан ҳис қиламизми?
Покистонлик буюк шоир ва мутафаккир Муҳаммад Иқбол ҳожиларни зиёрат қила туриб, улардан сўрадилар:
– Сиз Мадинаи мунавварани зиёрат қилиб қайтдингиз. Мадинанинг илоҳий кўчаларидан кўнглингизга қандай ҳадялар олдингиз? Сиз у ердан келтирган моддий ҳадялар, яъни тасбеҳлар, қалпоқлар, жойнамозлар бир оз муддатдан кейин эскириб қолади. Лекин асло ўлмайдиган руҳий ҳадялар ҳам олиб келдингизми? Ҳадяларингиз ичида ҳазрати Абу Бакрнинг садоқати ва таслимияти, ҳазрати Умарнинг адолати, ҳазрати Усмоннинг иймони, ҳаёси ва жўмардлиги, ҳазрати Алининг ҳаяжони ва жиҳоди борми? Бугун минг бир изтироб ичида инграётган ислом дунёсига кўнглингиздан бир саодат асри бера оласизми?
Ҳар ҳожи ҳар куни ўзини ўзи шу саволлар билан имтиҳон этса ва бу синовдан яхши ўта олса, икки дунё саодатига етишган бўлармиди?..”
“Ҳажга борган одамнинг гуноҳи тўкилиб, онадан туғилгандай ҳолга келади…” деган гапларни кўп эшитдим. Эҳтимол шундайдир, бу борада баҳслашмайман. Аммо… Каъбатуллоҳ гуноҳларни тўкадиган ҳаммом эмас, деб ўйлайман. Менинг назаримда, бу муқаддас шаҳарлар оппоқ дастурхон кабидур. Унга кир оёқлар билан кирилмас. Ҳаж зиёратига гуноҳларни тўкиб келиш учун эмас, гуноҳлардан пок ҳолда борган дуруст эмасмикин?”
“Адолат соҳибларидан бўлган Хорун ар-Рашид Ҳаж ибодатларини бажариб қайтар эди. Уни Бағдодда асъасаю дабдаба билан кутиб олишаётган пайтда донишманд Баҳлул унга қараб: “Эй мўминларнинг амири!” деб хитоб қилди. Хорун унга қараб: “Нима гапинг бор, айтавер”, деб ижозат берди.
– Эй ҳукмдор, сен Байтуллоҳ зиёратидан қайтмоқдасан, – деди Баҳлул. – Шундай муборак сафардан келяпсану бу кибр, бу ғурур нимаси? Агар тавозе қилсанг, ўзинг учун янада хайрли бўлмайдими?
Бу танбеҳни эшитиб халифа Хорун йиғлаб юборди-да:
– Эй Баҳлул, давом эт, яна насиҳат қил менга, – деди.
– Эй Хорун, барча ерлар сеники, барча инсонлар сенга тобе бўлган тақдирда ҳам борадиган жойинг тупроқдир…
Ҳар бир инсон фарзанди учун ғоят зарур бўлган ҳикматдир бу! Муборак Ҳаж ибодатидан қайтаётган бахтиёр биродарларимизнинг қалбларида бир Баҳлул бўлиб, яхшиликка даъват этиб туриши керакка ўхшайди…”
“Жамаратда шайтонга тош отган мусулмон уйига қайтгач, ўз вужудига ҳукмронлик қилишга уринаётган шайтон билан олишувини кучайтириши шарт. Агар таъбир жоиз бўлса, муслимнинг “Аллоҳу акбар!” деб тошларни отиши шайтонга қарши уруш эълон қилганидир. Қандай жойда аҳд қиляпти? Қанча гувоҳлар ҳузурида онт ичяпти? Уйига қайтгач, арзимас бидъатларга ўралашиб, бу урушда мағлуб бўлишдан Аллоҳ сақласин”.
Такрор айтаманки, муборак Ҳаж сафаридаги ҳолатимни баён этишга онгим ожиз, қалам ундан-да ожиз. Бу ҳолатни ҳажарул асвадни ўпганлар, Иброҳим мақомида саждага бош қўйганлар, Масжидул Набавияда Расулуллоҳга (с.а.в.) салом берганларгина ҳис қилишлари мумкин. Мен бу онда баёнимни ўқиётган барча китобхонларга Ҳаж ибодати саодатини тилайман. “Лаббайка”ни айтиб бориш саодати, Байтуллоҳда саждага бош қўйиш неъмати то Қиёматга қадар туғилиб яшайдиган зурриётларингизга ҳам насиб этсин. Омийн!
Асадбек яшашга ҳақлими?
Ҳаж ибодатидан қайтганимдан кейин уч суюнчилик хабари бўлди. Дастлабкиси – уйга кирсам, икки аёл ўтирган экан. Бири қўшнимиз, иккинчиси – нотаниш. Уларни зиёратчилардан деб ўйладим, ҳақларига дуо қилиб чиқдим. Кейин билсам, улар тўнғич қизимни сўраб келган совчилар экан. Куёв бўлмиш Хайруллоҳ Шарқшунослик институтида ўқир эканлар. Бўлажак қудамиз Файзуллоҳ ўзимизнинг оиламизга мос – мактаб муаллимлари эканлар. “Бўлажак қуда” сентябрь ойида “ҳақиқий қуда”га айландики, Аллоҳга шукрлар қиламан. Тасодифни қарангки, аяжонимнинг, қайнонамнинг исмлари каби қудамизнинг исмлари ҳам Санобар экан. Иккинчи хушхабар – Ҳаж ибодатига кетадиган куним “Шайтанат”нинг қўлёзмасини “Шарқ юлдузи”га берган эдим, ўқиб чиқиб, маъқуллашибди. Журналнинг август-сентябрь сонида нашр этишни режалашибди. Учинчиси – Носир ака Фозилов “чарчадим”, деган эканлар, Ўткир Ҳошимов масъул котиблик вазифасига таклиф қилдилар. Тўй ҳаракати билан банд эканимни айтиб, узр сўрадим. Кутадиган бўлишди. Тўйдан кейин ишга бордим. Яна ажабки, Носир аканинг ўринларига учинчи марта бордим. Дастлаб Ғафур Ғулом нашриётига боргандим. Сўнг 1982 йили шу ўринга келдим, орадан 10 йил ўтиб, ҳолат яна такрорланди. Бу сафар журналнинг иши аввалгидай оғир эмасди. Бир меъёрда борарди. Фақат молиявий қийинчилик мавжуд эди. Журнал аввалгига нисбатан анча кам нусхада чиқарди. Барча нашрларни қийнаётган молиявий муаммо “Шарқ юлдузи”да ҳам бор эди. Бу муаммони ҳал этиш учун журналнинг икки сонини бирлаштириб, “Қуръони Карим” маънолари таржимасини китобга ўхшатиб чиқаришни режалаштиришди. Бу борада энг тўғри йўл танланди: обуначилар китобни текинга олдилар, қўшимча нусхалар эса сотилди.
Қуръони Карим маъноларини таржима қилиш ташаббусини Ўткир ака бошлаган эдилар. Ёзувчилар уюшмаси котибиятининг қайсидир йиғилишида “Звезда востока” журналининг Бош муҳаррири Сергей Татур Крачковский таржимасидаги Қуръонни босишни режалаштирганини айтганда Ўткир ака эса шарт ўринларидан туриб “Биз ўзбек тилидагисини нашр қиламиз”, дедилар. Иккала таклиф ҳам маъқулланди. Таклифларнинг бири –Татурнинг мақсади холис эмас эди. Ғалвали дунёда унга қарши ҳаракатлар ҳам кучаяётганди. Қуръон таржимасини нашр этиш билан жойини сақлаб қолишни мўлжаллаганди. Ўткир аканинг таклифлари эса холис, айтиш мумкинки, юракдан чиққан хитоб эди. Татурнинг иши осон – таржима тайёр. Лекин Қуръон маъноларининг ўзбекча таржимаси ҳали йўқ эди. Ҳаммасини бошидан бошлаш керак эди. Бу борада Ўткир ака анча қийналдилар. Чунки таржима қилишга ишқибозлар кўпайди. Ҳар бирлари ўз назарларида энг яхши таржимон эдилар. Энг асосий даъвогарлар араб тили мутахассислари эди. Араб тилини билиш яхши, лекин Қуръон маъноларини таржима қилиш учун бунинг ўзи етарли эмас, илоҳий китобнинг руҳига кира олувчи руҳ ҳам керак. (ёдингиздадир, Саблуков ва Крачковский таржималаридаги руҳ ҳақида баён қилган эдим). Ёзувчи дўстларимиздан бири уйғурчадан таржима қилишни таклиф қилди. Аслиятдан таржима қилувчилар мавжуд экан, бошқа тилдан ўгиришга ҳожат бўлармиди? Кўп баҳс ва тортишувлардан кейин Алоуддин Мансур хайрли ният билан иш бошладилар. Ёзувчилар уюшмасидаги таржима бўлимида хизмат қилаётган Анвар Турсун жаноблари жамоатчи муҳаррир сифатида жараёнга қўшилдилар. Бу иш ниҳоят, 1992 йили хайрли равишда якунига етди, алҳамдулиллаҳ!
Қуръони Каримнинг маъно таржимаси китоб шаклида нашр этилгач, каминанинг асарига ҳам навбат етди. Таҳририятнинг режасига кўра, “Шайтанат” мен ишга келмасимдан олдин нашр этилиши керак эди. Лекин маълум сабабларга кўра, йилнинг охирига тўғри келди. Гап асарнинг 3-4 ой фарқи билан босилишида эмас, “Тоҳир Малик кела солиб ўзининг романини чиқарди”, деган маломатнинг туғилишида!
Бу асарга ҳам цензура қаршилик билдирди. Қаршилиги аввалгидай ашаддий тарзда бўлмаса-да, тўхтатишга уриниш бор эди. Бу сафар улар билан курашиш имкони бор эди. Улар охири “Масъулиятни Бош муҳаррир зиммасига олса, босишга рухсат берамиз”, дейишди. Ўткир ака мардлик қилдилар, уларнинг талабига биноан “Редколлегия билан биргаликда масъулиятни зиммамга оламан”, деб ёзиб, имзо чекиб бердилар. Ўткир ака ана шундай бағри кенг инсон эдилар, Аллоҳ раҳмат этсин!
Журналхонлар асарга яхши баҳо бердилар. Бироқ “Ёзувчи” нашриёти китоб чиқаришни нақ икки йил орқага сурди. “Асар яхши, лекин ҳажми катта экан, китоб сотилмаса, нашриёт катта зарар кўради”. Баҳонанинг тутуруқсизлигини қаранг! Асар яхши бўлса, китоб сотилмас эканми? Икки йилдан сўнг “Шарқ” нашриётига Бобур Алимов Бош муҳаррир бўлиб келдилар. Бобур – устоз адиб Шуҳрат аканинг ўғиллари, адабиётшунос олим. “Шайтанат”нинг тақдирини билиб, “бизга беринг”, дедилар. Бош директор Ислом Шоғуломов ҳам таклифни маъқулладилар. Қўлёзмани бердим. Китоб тез босмадан чиқди. 75 минг нусхада чиққанини кўриб, очиғини айтсам, чўчидим. Чунки ҳали Ўзбекистон нашриётларида бу даражада кўп китоб босилмаган эди. Амалдорларнинг китоблари ҳам 60 мингдан ошмас эди. Ўғлимга тўртта китоб бериб, “Беруний” метро бекатига олиб чиқиб сотиб кўр-чи, биров олармикин, дедим. Мақсад пул ишлаш эмас, синаб кўриш эди. Ўғлим савдо бобида ўзимга ўхшаган ношуд, ўртоғи билан бирга чиқиб битта китоб сотиб келди. 15 сўм ўрнига 10 сўмга сотибди. “Китобни бир милиционер олди. “Тоҳир Маликни яхши кўраман”, деб нархини сўрамай, 10 сўм берди. “Амаки, китобнинг нархи 15 сўм”, десам, “Тоҳир Маликни яхши кўрганим учун пул бердим, аслида текинга олсам ҳаққим бор, мен шу ерларнинг хўжайиниман”, деди. Кейин хўжайинлигини исбот қилиш учун ўша ерда сотилаётган қурт-писта, сақичларни бизга текинга олиб берди”. Бу гапни эшитиб, “Агар милиционер китобни пулга олган бўлса, ҳаммаси сотилар экан”, деб кўнглим равшанлашди. Чиндан ҳам китоб тез сотилиб, ўша йилиёқ иккинчи нашри ҳам босмадан чиқди. Ўшандан бери мен “Шарқ”қа қаттиқ боғландим. “Шайтанат”га бошқа нашриётлар ҳам харидор бўлиб, кўпроқ қалам ҳақи ваъда қилсалар ҳам, “Шарқ”қа бевафолик қилмадим. Бу борада шайтон васвасасига берилмаганим учун Аллоҳга шукрлар қиламан.
“Шайтанат” ҳақида кўплаб саволлар берадилар. Мен бу баёнимда мазкур асарга кўп жой бергим йўқ. Тарихини аввалроқ қисқа баён этиб эдим. Саволларга жавоблар такрор бўлмаслиги учун 5-китоб сўнггидаги суҳбатни эътиборингизга ҳавола этиш билан чеклана қолсам:
Сўнгсўз ўрнида
Кўп йиллик ишимизни ниҳоясига еткурган Аллоҳ таборак ва таолога беадад шукрлар қиламиз. Оқибатнинг хайрли бўлишини Раббимиздан сўраймиз.
Асарни сўнгги сатрларигача ўқиб чиққан сиз – азизларга миннатдорлик билдириб, ҳақингизга хайрли дуолар қиламиз. Ҳафсалангизни пир қиладиган сатрлар, саҳифалар учраган бўлса, Аллоҳ ҳузурида тавба қилган ҳолда, сиздан узр сўраймиз. Бир неча йиллар давомида учрашувларда “бешинчи китобни ёзасизми?” деб сўрашди. “Хоҳиш бор, ғайрат бор-у, журъат етишмаяпти”, дердим. Ниҳоят, Аллоҳга таваккул қилиб иш бошладим. Китобхонлардан дуо қилишларини сўрадим. “Китобни ёзсин”, деб шунчаки дуо қилманглар, “китобни яхшилаб ёзсин, савияси тушиб кетмасин, аввалгиларидан аълороқ даражада ёзсин”, деб дуо қилинглар. Шояд, дуоларингиз ижобат бўлиб яхши асар ёзилса”, деб эдим. Ҳозир сўнгги нуқтаси қўйилган бу китоб шу дуоларнинг натижасимикин, валлоҳи аълам!
Мазкур асарни ёзиш ҳаракати ўтган асрнинг саксонинчи йилларида бошланган эди. “Шайтанат”нинг тўрт китоби нашр этилгач, матбуотда ёзма равишда, учрашувларда оғзаки тарзда кўп суҳбатлар бўлди. Ўқувчиларимиз мактублар йўллаб турли саволлар билан қизиқдилар. Лозим жойда танқид ҳам қилдилар, баъзан жавоб қайтармоққа тилимиз ожизлик қилган пайтлар ҳам бўлди. Бешинчи китобга якун ясашда беҳисоб саволларга мухтасар жавоблар қайтаришни лозим кўрдик.
– “Шайтанат” асарингизни ёзишга нима туртки бўлган?
– Бу савол деярли ҳар учрашувда, ҳар мактубда такрорлангани учун суҳбатни шундан бошладим. Учрашувларда бу саволни эшитишим билан ҳазил оҳангида “шайтонлар туртки бўлган”, деб жавоб берардим. Гарчи жавоб ҳазилга йўйилса-да, унинг замирида ҳақиқат ҳам бор. Умуман, мен нима учун детектив, яъни жиноятлар жараёни баён этилган асар ёзишга ҳаракат қиламан? “Алвидо, болалик!”, “Сўнгги ўқ”, “Мурдалар гапирмайдилар”, “Чархпалак”, “Талваса” ва ниҳоят “Ов”… Одамлар шу мавзуга кўпроқ қизиққанлари учунгина ёзилганми ё бошқа сабаб ҳам борми? Бор. Асосий сабаб, менинг асл мақсадим бошқа томонда. Мен жамиятни жиноятчиларсиз равнақ топишини орзу қиламан. Ҳеч кимнинг боласи жиноятчи бўлиб туғилмайди. Ҳеч қайси ота-она фарзанди туғилганда “ўғлим (ёки қизим) ўғри бўлсин, гиёҳванд бўлсин”, деб орзу қилмайди. Лекин афсуски, маълум ёшга етганда айримлар жиноят кўчасига бурилиб, шайтанат оламига кириб кетганларини ўзлари ҳам билмай қоладилар.
1982–83-йилларда тоғам, машҳур ёзувчи Мирзакалон Исмоилий қайсар ўсмирнинг оқибатда жиноятчига айланиб қолиши мумкинлиги ҳақида асар ёзмоқчи эканликларини айтдилар. У дамларда тоғамнинг сиҳатлари унча яхши эмасди. Шунга қарамасдан ёшларга бир ибратли гап айтгилари бор эди. Ички ишлар вазирлигидагилар билан маслаҳатлашиб, ёзувчини ўсмир жиноятчилар сақланадиган “ахлоқ тузатиш меҳнат колонияси” деб аталмиш қамоқхонага юбордик. Тоғам кун бўйи ўша ердаги болалар билан танишиб қайтдилар. Мен тоғамни кутиб олиб: “Болаларни кўрдингизми?” дейишим билан кўзларида ёш кўринди. Йиғидан ўзларини тутолмай: “Ўша болалар қамоқда ўтирадиган болаларми? Ўқийдиган, ўйнаб куладиган вақтларида-я!?”– дедилар. Тўрт йил урушда ваҳшийлигу даҳшатларни кўриб йиғламаган, туҳмат билан қамалиб ётганида ҳам кўзларида ёш кўрсатмаган бу одам ўсмир жиноятчиларни кўрганларида чидай олмадилар. Оғир хасталикларига қарамасдан “Ўзингдан кўр” деб номланган ахлоқий қисса ёздилар. Бу ёзувчининг сўнгги асари – васияти бўлиб қолди.
Ўша саволни мен ҳам ўзимча тез-тез такрорлайман: нима учун болалар жиноят оламига кириб қоладилар? Адашибми? Нима учун биз, катталар улар адашгунларича қараб турамиз?
“Шайтанат”ни ёзишда мен ўзимни қийнаган муаммоларга жавоб топишга ҳаракат қилганман. Ёзувчининг вазифаси нимадан иборат? Жамиятни кузатиш, таҳлил этиш, юзага чиқаётган муаммоларни ҳал этишда қатнашиш эмасми? Ўтмиш жамиятнинг касалликларидан бири – жиноят олами эди. Мен ўша хасталикнинг бир заррасинигина қаламга олганман. Жиноят олами, яъни шайтонлар етовидаги оламнинг нақадар қабиҳ эканини одамлар ўз кўзлари билан кўриб ёки эшитиб юрган эдилар. Мен шулардан айримларини жамлаб, қоғозга туширдим, холос. Бу воқеаларни ёзишдан асосий мақсадим – одамларни огоҳлантириш эди: “Одамлар, кўриб қўйинглар, бефарқ юрманглар, сиз билан бизнинг ёнимизда кўзга кўринмас, аммо ваҳший бир олам борки, ундан ўзингиз ҳам эҳтиёт бўлинг, айниқса, фарзандларингизни асранг, токи бу оламга банди бўлиб қолишмасин. Бу оламнинг биттагина эшиги бор. Кирдингми, тамом, ўз оёғинг билан қайтиб чиқишинг маҳол, кафансиз кетишинг аниқроқ…” – демоқчи бўлганман.
– “Шайтанат” сўзи нимани англатади? Нима учун асарни айнан шундай деб атагансиз?
– Бу сўзни мен кашф этмаганман. Дастлаб ҳазрат Навоийнинг асарларида, сўнг устоз Абдулла Қодирий романларида учратганман. Сўзнинг луғавий маъноси – шайтонлик, шайтон етови таъсирида йўлдан оздиришликни ҳам тушунса бўлади. Бошқачароқ айтсак, шайтонлар бошқарадиган жиноят олами назарда тутилган. Ҳазрат Навоийнинг “Хазойинул-маоний” достонларидаги бир байт:
“Риёий шайхдурким шайтанатдин тавқи лаънатдек
Солур ўз бўйниға тасбиҳни ҳар лаҳза ул малъун” – диққатимни тортиб, “Шайтанат” номи билан бир асар ёзиш истаги туғилган эди. Адашмасам, 1984 йил эди шекилли, Андижонда содир бўлган бир жиноят тафсилоти мени қизиқтириб қолиб, шу номда қисса ёза бошладим. Умидим – аввал бошдан уч китобдан иборат қисса ёзиш эди. Аммо тақдир тўрт китобни насиб этган экан, деб юрсам бешинчи китобнинг куртаклари ҳам кўриниб қолди. Андижонда эшитган воқеа Элчин билан Зайнаб тақдирига тааллуқли эди. Ёзиш жараёнида бу воқеа асарга сингмай, тушиб қолди. Кейинроқ худди шу воқеа асосида “Мурдалар гапирмайдилар” деган асарни ёза бошладим. Ажабки, ўша воқеа бу асарга ҳам сингмади. Худо билади, балки янги асарга “томизғи” бўлар?
– Нима учун асарда қора бўёқлар қуюқ? Айниқса, аёллар образини бошқа асарларда ҳам кўпроқ қора рангларда бергансиз?
– Бу тасодиф эмас. Аввал бошдан ниятим шундай эди. Агар эсласангиз, биринчи китобга ёзилган сўз бошида “Замон берган эркинликдан фойдаланиб, турмушимизнинг қора кўчаларига киришга жазм этдим. Ёзганларимни ўқиб, чор-атроф зимистон экан-ку, деб ваҳимага берилманг. Ёруғ кунда барча нарсаларни кўриб турамиз. Қоронғида эса кўрмаймиз. Урилиб, сурилиб, қоқилиб юрамиз. Алқисса, ёруғ куннинг қадрига етмоқ учун қоронғиликни ҳам кўриш лозим эмасми?” деганман. Асардаги бўёқлар кимгадир қуюқ, кимгадир эса хира туюлиши мумкин. Бу ўринда у ёки бу одамнинг ҳаётни қай даражада англаши, воқеаларга муносабати ҳам муҳим. Масалан, Зайнабнинг тақдири бировни ҳаяжонга солса, бошқа бир китобхон, “бунақа гиёҳванд аёлларни ўзим ҳам кўрганман”, деб бефарқ қараши мумкин. Дунёда неча миллиард одам яшаса, шуларнинг бармоқ излари бир-бирига ўхшамайди. Демак, шунча миллиард бармоқ излари мавжуд. Шунга кўра, айтиш мумкинки, одамларнинг феъл-атворлари, ҳис-туйғулари, дунёни англамак зеҳнлари ҳам бир-бирига ўхшамайди.
“Шайтанат”да, бошқа асарларда ҳам ҳавас қилиш мумкин бўлган аёллар кам тасвирланганининг сабаби бор. Камина, такрор айтаман, шайтонлар бошқарадиган оламни, қора бўёқларни қаламга олганман. Бу оламда яхши аёлларнинг кўп бўлиши мумкинми? Очиғи, мен ёмонларни тасвирлаганимда юрагимда оғриқ турарди. Буларни ёзмасликни истардим. Лекин на илож? Ибрат маъносида ҳам ёзиш керак эди.
– Асардаги қаҳрамонлар ҳаётдан олинганми ёки тўқимами?
– Яна биринчи китобни эслашга тўғри келади: “Асарни охиригача ўқий олсангиз, бунга сабрингиз ва вақтингиз етса, бир қанча одамлар билан танишасиз. Улар балки қўшнингизга, балки дўстингизга, балки қариндошингизга ўхшаб кетар. Шу ҳол юз берса, “Фалончини ёзибдилар”, деб юрманг. Бу шунчаки тасодифий ўхшашликдан бошқа нарса эмас”, дейилган. Шунга кўра айтиш мумкинки, айрим миш-мишлар элакдан ўтказилиб, айрим воқеалар умумлаштирилиб, баъзилари бўрттирилиб ёки аксинча, камайтирилиб хаёл маҳсулига қўшилган. Чингиз Айтматов айтмоқчи, хаёл маҳсулини ишонарли тарзда баён қилиш ёзувчининг бурчи ҳисобланади. Биз “хаёл маҳсули” деймиз. Ўйлаб кўрайлик: хаёл маҳсули сув ичадиган булоқ қаерда экан? Асарда баён қилинган гап-сўзлар ҳам, ҳаётнинг ўзидан эмасми? Шунча гапларни тўқиб чиқаришга битта одамнинг куч-қуввати етмаса керак?
– Асарингизни ўқиган одам сизни қаҳри қаттиқ инсон деб ўйлайди.
– Бу янглиш хулоса. Мен қаҳри қаттиқ, бешафқат эмасман. Ҳаётнинг ўзи бешафқат. Менинг вазифам ўша бешафқатликнинг баёнини қоғозга кўчириш холос. Асадбек қизини шармандали ҳолда кўргач, “ўзингни осиб ўлдира қол”, деган маънода арқон ташлаб кетган сатрларни ёзаётганимда қалб оғриғидан қийналганман. Бир неча ҳафта қўлимга қалам ололмай юрганман. Кўпчиликни Асадбекнинг ўлиш ёки ўлмаслиги қизиқтиради. Ёки Жамшид билан Зайнабнинг муносабатлари ўйлантиради. Аксар китобхонлар Асадбекнинг тирик қолишини хоҳладилар. Андижондаги учрашувда бир муаллима синглимиз: “Мен Асадбекни яхши кўриб қолганман, илтимос, уни ўлдирманг”, дедилар. Мен ҳазиллашиб: “Яхши кўришингизни эрингиз биладиларми?” деб сўрадим. Синглимиз: “Ҳа, биладилар. Асадбекни у киши ҳам яхши кўрадилар”, дедилар. Бу масалада айтишим лозимки, Асадбек одам сифатида китобда тирик қолиши мумкиндир. Аммо жиноят оламининг сардорларидан бири сифатида ҳаётимизда қолиши мумкинми? Бу масалада рамзий маъно излашимизга тўғри келди. Тўртинчи китобнинг сўнгги сатрларига шу маънолар жамланмоқчи бўлинди. Ёки Зайнабнинг тақдирини олайлик: агар у айтайлик, Глория ёки Наташа бўлганида мажруҳ эрини ташлаб, суйгани билан қовушмоғи мумкин эди. Лекин кимнинг қизи бўлишидан қатъи назар, у ўзбек аёли! Ўзбек аёллари эса камдан-кам ҳолларда эрларидан юз ўгирадилар. Эрга кўнгиллари бўлмаса ҳам уларни оғир аҳволда ташлаб қўймайдилар. Агар мен Зайнабни китобхонлар истагига кўра Жамшид билан қовуштириб қўйсам, ўзбек аёлларининг беқиёс фазилатларига хиёнат қилган бўлардим.
– Асадбек ижобий қаҳрамонми ё салбийми?
– Асадбек, шубҳасиз, салбий одам. Тўғри, унинг айрим мардликлари ҳам бор. Лекин одам ўлдирган ёки ўлдиришга ҳукм этувчини яхши киши дея оламизми? Баъзиларга Асадбек яхши кўринаётгандай туюлиши ҳам мумкиндир. Лекин бу, менингча, алдамчи туйғу. Диққат қилайлик: аслида биз Асадбекни яхши кўрмаймиз, бошига кулфатлар ёғилаётгани учун унга ачиняпмиз. Бошига нима учун кулфат дўллари ёғиляпти? Бунга Жалилнинг гапи жавоб бўлади: “Худодан қайтибди!” Ҳали Зайнаб туғилмасидан олдин қизи хўрланган муштипар она уларни қарғаган эди, эслайсизми? “Дунё шайтоннинг дўкони, ундан бир нарса олдингми, шайтон ҳақини ундириб олмагунича тинчимайди”. Асадбек шайтоннинг дўконидан кўп нарса олган эди, йиллар ўтиб, қизининг номуси ва бир ўғлининг жони билан ҳақ тўлади. Дунёда ҳеч қандай зулм жазосиз қолмайди. Мен бу сатрларни атай бешинчи китобда такрорладим.
Авваллари ижобий қаҳрамон фаришта каби тасвирланарди. Ҳолбуки, ҳаётда бутунлай яхши одам ҳам, бутунлай ёмон одам ҳам йўқ. Яхшининг оз бўлса-да, ёмон хулқлари, ёмоннинг оз бўлса-да, яхши ишлари бўлиши табиий. Асадбек ва унинг атрофидагилар, юқорида айтганимдай, жиноятчи, зулмкор бўлиб туғилмаган эдилар. Уларни ўтмиш жамиятнинг адолатсизлиги шу ҳолга солди. Асардаги асосий ғоялардан бири ҳам шу. Асадбек гуруҳини “аламзадалар тўдаси” десак ҳам бўлади.
– Нима учун асар бошида Зайнабнинг уйи қўриқланмайди?
– Биз чет эл мафияси ҳақидаги киноларни кўравериб, уларнинг уйлари ҳамиша қўриқланади, деб ўйлаб қолганмиз. Хориждаги жиноий гуруҳлар билан биздагиларнинг анча фарқи бор. Майкл Корлеоне мафиясига ўхшаган тўдалар саксонинчи йилларда бизда йўқ эди. Гуруҳлар орасидаги “уруш”лар ҳам етилмаганди. Шунинг учун ҳам уларни катта куч билан қўриқлашга ҳожат йўқ эди. Шундай бўлса-да, бу саволга тўртинчи ва бешинчи китобда жавоб беришга ҳожат сезилди.
– Ёшларга асар салбий таъсир этмайдими?
– Агар шундай бўлганида бу асарни ёзмаган бўлардим. Мен ёшларнинг оқ-қорани ажратиб олишларига ишонаман. Назаримда ёшларнинг биронтаси Ҳосилбойвачча ёки Кесакполвонга ўхшаб яшаб, улар каби азобли ўлим топишни истамасалар керак. Ниятим – жиноят оламига қизиқиб, маҳлиё бўлиб юрганларни бу йўлдан қайтаришга хизмат қилиш. Умуман, у ёки бу китобни ўқиш натижасида жиноят оламига кириб қолган одамни ҳали учратганим йўқ. Лекин “Шайтанат”ни ўқиш натижасида бу разил оламдан чиқиб кетганлар билан учрашганим рост.
Диққат қилинса, “Нафснинг келажаги зулмдир, зулмнинг келажаги эса хорликдир”, деган фикр асарнинг шиори, дейиш ҳам мумкин. Бу каби асарларни ёзишдан мақсадим шайтанат олами, яъни шайтонларга тобе бўлган жиноят олами билан ёшларни таништириб, уларни бу ярамас йўлдан қайтаришга уринишдир. Бошқача айтганда атрофимизда шундай қабиҳ олам борлигидан одамларни огоҳ этишдир. Бизнинг адабиётимизда ҳали “қонундаги ўғри” деб аталмиш жиноятчилар олами баёни берилмаган эди. Бу оламнинг шиорига эътибор беринг: “Дунёда ўғридан бошқа ҳеч ким инсон тақдирини ҳал қилиш ҳуқуқига эга эмас!” Мана шундай зулм оламини биз билишимиз керакми? Албатта керак. Фарзандларимизни бу олам таъсиридан ҳимоя қилишимиз учун ҳам керак. Ҳар ҳолда мен шундай бўлар деган мақсадда қўлга қалам олган эдим. Агар бирон-бир асар тарбияга хизмат қилмас экан, ёзувчининг уринишлари зое кетибди, деб ҳисоблайман.
– Асадбекдай одамнинг ҳаётда бўлишини хоҳлармидингиз?
– Йўқ. У қанчалик мард бўлмасин, қанчалик жабрдийда бўлмасин, жамиятимизнинг бундайлардан ҳоли бўлишини истардим. Асадбек бизнинг жамиятимизда яшашга ҳақли эмас!
– Китобда кўп шеърларни ўқидик. Ўзингиз ёзганмисиз?
– Афсуски, дурустроқ шеър ёзишга менинг қобилиятим йўқ. Қофиядан нарига ўтмайдиган нарсаларни ёзишдан ўзгаси қўлимдан келмайди. Шунинг учун нуктадон шоирларнинг шеърларидан фойдаланаман. Китобда марҳум дўстим Асқар Қосимнинг шеърларидан кўпроқ фойдаланганман. Асардаги Анвар тақдирига шу дўстим ҳаётини асос қилиб олганман. Шу боис Анвар Асқар Қосимни устозим деб билади ва хаёлан у билан учрашади ҳам. Асарда мумтоз назмдан, хусусан, ҳазрат Навоий, ҳазрат Бобур ғазалларидан, раҳматли Рауф Парфи, замондош шоирларимиздан Гулчеҳра Нур ва Садриддин Салим Бухорий шеърларидан ҳам фойдаландим. Кинофильмдаги қўшиқлар шеърларини Қутлибека ва Шукур Қурбон ёзганлар. Фурсатдан фойдаланиб, марҳумларни Аллоҳ мағфират қилсин, деб дуо қиламан, замондошларга эса миннатдорлигимни изҳор этаман.
– Китоб билан фильм ўртасида ўзгаришлар бор.Буни қандай изоҳлайсиз?
– Ҳазил тариқасида айтсам, бунга сабр ва чидам билан қарайман. Гап шундаки, кино санъати билан бадиий адабиёт орасида кескин фарқлар бор. Талаблар ҳам фарқланади. Шунга кўра, ёзувчилар киночи биродарларининг инжиқликларига чидашга мажбурлар. Чидаш қийин бўлгани учун ҳам кўп ёзувчилар ўзларини киночилардан нари олиб юрадилар. Айримлар китобнинг ўзгаришлар билан олинишидан норози бўлишади. “Шайтанат” фильми учун мен санъаткорларимизга раҳмат айтаман. Лекин бир изоҳим ҳам бор: китобдаги Асадбек билан кинодаги Асадбек орасида фарқ мавжуд. Китобда Асадбекнинг ёмонликлари, бу ёмонликларни туғдирган омиллар баёни батафсил берилган. Кинода эса асосан унинг яхши томонлари бўрттириб кўрсатилган. Шу сабабли “Асадбек ижобий қаҳрамонми ё салбийми?” деган саволлар юзага чиқди. Китобни синчиклаб ўқиган кишида бундай савол уйғонмаса керак, деб ўйлайман.
– Асарда диний мавзуларда ҳам фикр юритгансиз. Бу соҳада махсус билим олганмисиз?
– Афсуски, йўқ. Ёшлигимизда бундай илм олиш имконияти бўлмаган. Бу соҳада мен устоз кўрмаган шогирд мақомидаман. Диний масалаларга доир нашр этилган китобларни кўп ўқиш, уламолар суҳбатидан баҳраманд бўлиш натижасида китобга айрим фикрларни киритишга уриниб кўрдик холос.
– “Шайтанат”нинг барча китоблари муборак Қуръон оятлари билан бошлангани сабаби нимада?
– Ҳаётнинг энг улуғ фалсафаси аввало Аллоҳнинг шу илоҳий китобида мужассам. Баъзи бировлар муқаддас оятлардаги огоҳларга эътиборсизликлари туфайли адашиб, шайтанат дунёсига кириб қолишган. Шарқ адабиётига азалдан Қуръон маёқ бўлиб, ҳақиқат йўлини кўрсатиб келган. Дунёнинг Фёдор Достоевский, Лев Толстой сингари буюк ёзувчилари ҳам асарларида Инжилга мурожаат қилиш орқали эзгуликнинг улуғворлигини таъкидлашган. Менинг ҳам мақсадим Аллоҳнинг хитобларини, огоҳлантиришларини одамларга эслатиш йўли билан эзгулик учун курашдир.
– Танқидга муносабатингиз? Асарни кўп танқид қилишдими?
– Танқидни яхши кўрадиган одам бўлмаса керак. Ҳазрат Умар камчилигини айтмайдиган дўстдан фойда камлиги ҳақида ибратли гап айтганлар. Шунга кўра, ҳар бир одам танқидга чидамли бўлса ўзига фойда. Танқид ҳам икки хил бўлади: холис танқид учун миннатдор бўлиш жоиз. Танқид замирига хусумат жойлашган бўлса, бу танқидчига инсоф тилашдан ўзга чорамиз йўқ. Мен танқиддан бирданига лов этиб ёнмайман. Диққат билан эшитаман. Агар танқид нотўғри бўлса, кўп ҳам аччиқланмайман. Чунки ҳар бир одам ҳар бир масалада ўзининг танқидий фикрини билдириш ҳуқуқига эга. Баъзи хато фикрга асосланган танқид беғараз бўлиши ҳам мумкинким, улардан мутлақо ранжимаслик керак. У ёки бу асарни барча бир хилда севишга мажбур эмас. Асаримни барча бир хилда севсин, эъзозласин, деб талаб қилувчи ёки умид қилувчи ёзувчи нодондир. Агар танқид тўғри бўлса, мен кўпроқ ўзимдан ранжийман. Танқидчидан эмас, ўзимдан хафа бўламан. “Шу оддий нарсага ақлинг етмадими?” деб ўзимни ўзим койийман. Эътиборсизлигим туфайли шу камчиликка йўл қўйганим мени кўп қийнайди. Маълум фурсат ўтгандан кейин ёзганларимни ўқиб, ўзим кўпроқ хатолар топаман. Бешинчи китобни ёзиш жараёнида аввалги тўрттала китобни қайта ўқиб, таҳрир қилдим. Хатолар, чалкашликларга дуч келганда юрагим ачишди. Бу хатоликлар учун муҳтарам китобхонлардан узр сўрайман. Худо хоҳласа, танлаган асарлар жумласига киритилса, бу хатоликларни тузатаман, деган умидим бор.
– Айрим фикрларни такрорлашни яхши кўрасиз. Ҳатто айрим фикрлар бир китобдан бошқасига ҳам ўтади. Бу камчилигингизми?
– Баъзилар камчилик ўрнида кўришлари мумкин. Эътиборсизлиги учун такрорлаяпти, дейишса ҳам эҳтимол. Лекин ундай эмас. Мен ўзимга ёққан фикрларни атайин такрорлаб туришни ёқтираман. Ҳаёт учун зарур бўлган бирор фикр бир китобда ёзилса-ю, ўқувчи эътиборсиз ўтиб кетган бўлса, яна диққатини тортиш учун такрорлайман. Масалан, “Эй Одам фарзанди, мен зулмни Ўзимга ҳаром қилдим, бас, бир-бирларингизга зулм қилманглар”, деган қудсий ҳадисни бир неча китобда такрорлаганман. Аслида бу хитобни ҳар бир одам ёдлаб, амал қилишини истар эдим. Ёки нафс ҳақидаги фикрлар ҳам шулар жумласидан. Жалилнинг “Худодан қайтибди” деган гапи ҳам шунақа. Биз ҳар қандай ишимиз учун Аллоҳдан ажр олмоғимизни унутмаслигимиз керак. Агар бу ҳақиқатни ўзимиз ҳам такрорлаб турмасак, унутиб қўйишимиз мумкин. Асадбеклар шундай унутувчилардан эди. Биз ундай бўлмайлик.
2010.
* * *
“Шайтанат” ниҳоясига етгач, “Шайтанатнинг турфа олами” туркумида яна бир неча қисса ёзишни ният қилган эдим. Шулардан биринчиси “Мурдалар гапирмайдилар” бўлди. Мазкур асарни маълум маънода “Шайтанат”га илова деб қабул қилиш ҳам мумкин. Унда шайтанат оламининг энг кир, энг қоронғи кўчаларини кўрсатишга интилганман. Шу баҳонада Фарғонадаги қирғинга Сибир қамоқхоналарида қандай тайёргарлик кўрилганини тасвирлаганман. Фарғонадаги машъум зулм оловини ким ёққан, деган саволга бу китобни ўқиганлар жавоб топа оладилар. Асарда Афғон уруши фожиалари ҳақида озгина бўлса-да сўз юритганман. Бу мавзуда Ўткир Ҳошимов, ҳамда шу уруш иштирокчиларидан Қўчқор Норқобил яхши китоблар ёзишган. Мен бу урушнинг фақат бир фожиасини қаламга олдим. Ундаги “Дарбадар” тимсолида ўзбеклар кўрган зулмларнинг чеки чегараси йўқлигини кўрсатмоқчи бўлдим.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.