Электронная библиотека » Тоҳир Тоҳир Малик » » онлайн чтение - страница 32

Текст книги "Ҳаёт қайиғи (3 китоб)"


  • Текст добавлен: 16 мая 2023, 13:40


Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 32 (всего у книги 32 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Эркин Малик билан 1966 йилда бошланган ака-укалигимиз ҳануз давом этаётганига шукрлар қиламан. Ҳар бир янги асарнинг биринчи ўқувчиси ва танқидчиси Эркин Малик бўладилар. Бу ҳам менинг бахтим.

Ижодий фаолиятим ҳақидаги баёнларга ҳозирча нуқта қўяман. Умр давом этяпти, не бахтки, уммондаги пўртана қуввати кесилган. Ҳаёт қайиғининг сафари эса давом этяпти. Демоқчиманки, Аллоҳ умр ва ғайрат, куч ва қувват берса, сиз – азизларнинг дуоларингиз ижобат бўлса, яна асарлар ёзиш умидим бор. Бу китоб қўлингизга етиб борганда, Аллоҳнинг мадади ила тарихий мавзудаги романнинг дастлабки бобларини ёзган бўларман…

Энди ижтимоий фаолиятимнинг давомига қайтай: 1992 йил сентябрь ойининг 25-куни яна “Шарқ юлдузи”да иш бошлаганимни баён қилдим. Ўткир Ҳошимов ва Омон Мухтор раҳбарлигида Мурод Мансур, Икром Отамурод Алиназар Эгамназаровлар билан роҳатланиб ишладим. Бу таҳририятда ҳақиқий ижодий муҳит бор эди. 1994 йилда жумҳурият Ички ишлар вазири Зокиржон Алматов билан суҳбатда милиция академияси ташкил этилганини фахр билан айтиб, “Сиз ҳам бўлажак милиция ходимларга дарс ўтиб турсангиз бўларди”, дедилар. Аввалига ҳафтада 2-3 соат дарсга бориб юрдим. Кейин ўзбек тили адабиётидан тўлиқ равишда дарс бера бошладим. Шу муносабат билан “Шарқ юлдузи”га яна бевафолик қилдим. Академияга ўтишдан мақсад ёзаётган асарларимга маълумот олиш эди. Бу ниятим тўла амалга ошмаган бўлса-да, лекин ижод учун бўш вақт масаласи тўла ҳал этилди. Энг муҳими – ижод учун ҳаловатли муҳит мавжуд эди. Аввалги иш жойларимда кўрганларим – талашиб-тортишишлардан ҳоли эдим. Академиядаги мана шу ҳаловат менинг ижоддаги сермаҳсуллигимни таъминлади. “Шайтанат”нинг кейинги китобларидан бошлаб то охирги “Хазонрезги”, янада аниқроқ айтсам, “Пўртана…” шу илм даргоҳида ишлаётган давримда ёзилди. “Алвидо… болалик”ни ёзаётганимда ўсмирларнинг жиноят йўлига кириб кетишлари сабабини чуқурроқ ўрганиш, уларнинг руҳий оламини таҳлил этиш фикри уйғонган эди. Академиядаги илмий муҳит таъсир этиб, ёшликдаги аҳдни буздим, диссертация ёзиш ҳаракатини бошладим. Бу фикримни психология профессори Ғайрат Шоумаров маъқуллаб, илмий раҳбар бўлишга ваъда бердилар. Ўсмирларнинг жиноятларига доир маълумотлар тўпланди, ижтимоий тадқиқотлар ҳам ўтказдим-да, диссертацияни ёза бошладим. Иш охирлаганда ўйланиб қолдим: бу диссертация менга фақат “фан номзоди” деган унвон беради. “Диссертация” аталмиш илмий иш жавонга териб қўйилади, вассалом. Агар илмий-оммабоп рисола ёзсам, ота-оналар, муаллимлар… ўқишса, тарбия соҳасидаги ишларига ёрдами тегиб қолармикин, деган фикрда диссертацияни “Жиноятнинг узун йўли” деган номдаги китобга айлантирдим. Ўйлаганим тўғри бўлиб чиқди, китоб кўп марта қайта нашр этилди. “Диссертация” деб иш бошлаганимда фаришталар “омийн” деган экан. Китобни Истанбул дорулфунунида ўқиган бир хоним таржима қилиб, шу асосда диссертация ёқлабдилар. Менинг бундан хабарим йўқ эди. 2015 йил сентябрь ойининг 30 кунида Истанбул дорулфунуни талабаларига маъруза ўқиётган эдим. Бир жувон шошиб келиб, биринчи қатордаги бўш ўринга ўтирди. Маърузам тугаб, савол-жавоблар ниҳоясига етгач, у хоним сўз олди.

– Мен ҳозиргина Кипрдан учиб келдим. Ўтган йили “Жиноятнинг узун йўли” рисолангиз бўйича диссертация ёқлаб, сиз билан кўришмоқни орзу қилар эдим. Туркияга келишингизни эшитибоқ, йўлга отланиб, Худога шукр, вақтида етиб келдим. Бу рисола менга қаттиқ таъсир қилди. Буни ҳамма ўқиши керак, Аллоҳ насиб айлаб, набираларим туғилса, уларга ҳам ўқитажакман…

У менга Тошкентда 2004 йилда нашр этилган китобни узатиб, дастхат ёзиб беришимни илтимос қилди. Варақланавериб қарийб ғижим бўлиб кетган китобга мамнуният билан дастхат ёздим-да, дедимки:

– Хоним, агар мени яна кўргингиз келса, Истанбулга ташрифимни кутиб ўтирманг, камина камтариндирман, даъват этсангиз, Кипрга ўзим қанот чиқариб учажакман. Баҳонада юртингизни ҳам кўриб келажакман…

Ҳазил тариқасида айтган гапимни хоним жиддий қабул қилиб, таклифнома юборажагини билдирди. Агар Аллоҳ куч-қувват берса, сиз бу сатрларни ўқиётганингиз, Кипрда, денгиз бўйида азиз мухлисларимиз ҳақига дуолар қилиб юрган бўларман (бу ҳам бир орзу-да!)…

* * *

Ҳар бир нарсанинг чек-чегараси бўлганидек, хотираларимга асосланган баёнга нуқта қўйиш вақти ҳам етди. Мазкур асар кимга қанақа таъсир қилганини билмайман-у, аммо сиз-азизларни толиқтириб қўйган бўлсам, узр сўрайман. Етмиш ёшни қоралаётган ҳаваскор эзма чолнинг айбидан ўтарсизлар, деб умид қиламан.

 
Хотира бир тўловдир,
Инсондан тортиб олинган
қимматбаҳо нарсалар учун.
 
* * *
 
Кетаверасан, кетаверасан, гўё йўл узоқ.
Аслида манзилга қолган бир қадам.
Буни фаҳмловчи – бахтиёр одам!
 
* * *

Айни дамда, сиз билан ғойибона суҳбатлашиб ўтирган паллада қайдадир кимдир сўнги нафасини оляпти, кимдир сўнгги тишлам нонни, кимдир сўнги қултум сувни ютолмай қийналяпти. Кимнингдир танаси ювилиб, кафанланяпти, кимнингдир лаҳади оғзига гувала терилиб, гўр айвонига тупроқ ташланяпти. Уламолар айтганларки, “Ўлим тўрт хилдир. Амирнинг, олимнинг, бойнинг ва фақирнинг ўлими. Амирнинг ўлими фитнага (тожу тахт учун бўлган ота-бола, ака-ука, амаки-жиян урушларини эслайлик), олимнинг ўлими зулматга, бойнинг ўлими ҳасратга, фақирнинг ўлими роҳатга олиб келади”. Мазкурга шарҳ битган уламолар “фақир” деб пулсиз одамни эмас, балки Аллоҳ йўлида хоксор, тақводор, мол-дунёга берилмаган одамни назарда тутганлар.

 
Шундай яшамоқ жоизки,
сўнг айтмасинлар:
ўлди-ю, кетди изсиз.
 

Кимдир “эртага ўлиб қоладиган бўлсам, бу дунёда кам савоб топганим учун Аллоҳнинг ҳузурида уялиб қолмайманми, деган ташвишда, кимдир “Бу дунёда ўйнаб қолсанг-чи”, деган шайтон васвасасида…

Мазкур баёнда айрим нохуш воқеаларни, ёмонлик қилишга уринганларни эсладим. Буни ўқиб, “Тоҳир Малик кек сақлар экан, неча йиллик нохуш гапларни юраги тўрида сақлабди”, деган хаёлга борманг. Ўзингизга маълум, кишининг бошига ташвиш тушса, унутишга ҳаракат қилса ҳам, эсдан чиқара олмайди. Мен ҳам бутунлай унутишни истардим, аммо не қилайки, бу қўлимдан келмайди. Қўлимдан келадигани – нохуш воқеаларни дилимда сақламадим, кўнглимни ранжитганларни лаънатлаганим ҳам йўқ. Озгина ранжидим-у, айбларини кечирдим. Мусулмонга хос кечиримлилик фазилатига эга бўлишни Аллоҳдан сўрадим. Айрим воқеалар баёнини кундалик дафтаримга ёзган эдим. Мазкур китобга тартиб бериш жараёнида бу саҳифаларни йиртиб, ёқиб юбордим. Билибми-билмайми кўнглимни оғритган дўстларимни ўша вақтлардаёқ кечирган эдим. Саҳифаларни ёқиб юборганим кечирганимнинг яна бир далили бўлди. Энди сиз-азизларнинг гувоҳлигингизда кечирганимни яна такрорлаяпман. Энди уларни Аллоҳ кечирсин. Уларни ёмонлаш ниятим йўқлигига далил – исмларни ўзгартириб, бошқача ҳарфларда беришимдадир. Мен учун нохуш бўлган воқеаларни ёшлар ўқиб, таҳлил қилишса, ибратли хулоса чиқарарлар, деган фикрда баён этаётганимни бир неча жойда таъкидлаганим ёдингиздадир. Шуларни эътиборга олиб, каминани айбламассиз, деган илинждаман. Агар бу борада хато қилган бўлсам, айбимдан кечинг, тавба қиламан ва Аллоҳнинг кечиришидан умидворман.

 
Ҳамма кунлар,
Бутун ҳаёт –
Иш учун,
Кураш учун.
Охирги кун –
Одамлардан
Розилик сўраш учун
 
(Асқад Мухтордан).

Сизнинг ўқиганингиз менинг охирги асаримми ё Аллоҳ умр ва ғайрат берса, яна ёзаманми – билмайман. Лекин Аллоҳдан умидим борлигини, кўнглимда хайрли режаларим мавжудлигини айтдим. Тоғам охирги китобларини кўролмай кетгандилар. Адабиёт тарихида бунақа воқеалар учраб турган. Мен-чи? Кўрармикинман? Буни Аллоҳ билади. Китобни кўриш қисқа муддатли қувонч бахш этади. Асосийси – китобнинг сиз-азизларга маъқул бўлганини ўз қулоғим билан эшитиш. Китобни кўрсам-кўрмасам, сиз-азизларнинг хайрли дуоларингиздан умидворман. Ўтинчим шуки, фақат мени дуо қилиш билан чекланманг, бу китобда тилга олинганларнинг ҳақига ҳам дуолар қилинг, токи Қиёматда улар билан ёруғ юз ила учрашайлик…

 
Ойни тишлаб чиқиб келар тун,
Ҳар юлдуз қалққанда кўкси тешилар…
Яхши тушлар кўринг, яқин-йироқдаги
Юрагимга яқин кишилар
 
(Асқад Мухтордан).

Танишганингиз бу асарни қандай сўзлар билан якунлашни кўп ўйладим, бир неча саҳифаларни қораладим, ўзимга ёқмади. Охири, Шайх Саъдий сатрлари билан якун ясашни маъқул топдим:

 
Бу кун сўзламоққа сенда имкон бор,
Ҳар қанча яхши сўз топсанг, айтиб қол.
Эртага ажалинг элчиси келгач,
Тилинг қимирлашга топмагай мажол.
 
* * *
 
Бу назму бу тартиб йиллар қолажак,
Биз эса заррадек тўзғиб кетамиз.
Биздан қолажаги нақшлардир, холос
Ва бу борлиқ эса йўқолур изсиз.
Эндиги яхшилар бизни эсларкан,
Эзгу сўзлар билан раҳмат кутамиз.
 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Одам зотини азиз ва мукаррам қилиб яратган, бизларга Ислом неъматини ва нажотни ва муваффақиятни берган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин! Набийимизга саловату дурудлар бўлсин! Саҳобалар ва оли набийдан Аллоҳ рози бўлсин! Ўтган ота-оналаримизни, қариндошу қўшниларимизни, биродару ҳамкасбларимизни, устозларимизни Аллоҳ раҳмат қилсин! Омийн!

Ҳар бир мураккаб ишни осонлаштириб берувчи меҳрибон раббимизнинг Ўзидан тавфиқ ва ёрдам сўраган ҳолда “пўртанали уммон сафарига” чиқишга журъат этган эдим. Алҳамдулиллоҳ, Ўзининг инояти ила бу китоб ҳам ниҳоясига етди.

Баёнларимдан бирон манфаат топсангиз, айниқса, умидимиз юлдузлари – азиз ёшларимизга фойдали гаплар бўлса, буни Аллоҳ таолонинг марҳаматидан деб билишингизни, нуқсон ва камчиликлари бўлса, каминани маъзур тутишингизни ўтинч ила сўрайман.

Зеро, мукаммаллик фақат Аллоҳга хосдир.

Аллоҳим, ё Роббал оламийн, барча бандаларингни Ўз паноҳингда асрагин ва рушди ҳидоятни насиб этгин! Бу китобда ўзимни кўпроқ мақтаб юборган бўлсам, айбимни кечиргин, ўзим ясаб олган кибр отидан туширгин, камтарлик саодатини мўл-мўл қилиб бергин. Барча мухлисларимнинг файзли хонадонлари осмонида саодат қуёшини чарақлатиб қўйгин. Муҳтожларнинг дастурхонини тўкин қилиб бергин, беморларга комил шифо ато этгин. Барча-барчанинг саодатли ҳаёт денгизидаги сафарларини бехатар этгин. Омийн!

* * *

(Таҳрир қилиб, қисқартирдим. Бу иш Аллоҳнинг мадади ила 2018 йилнинг 12 июль куни ниҳоясига етди, алҳамдулиллаҳ!)


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации