Электронная библиотека » Эркин Рахмонов » » онлайн чтение - страница 10

Текст книги "Бадиият жозибаси"


  • Текст добавлен: 31 мая 2023, 14:14


Автор книги: Эркин Рахмонов


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 10 (всего у книги 27 страниц)

Шрифт:
- 100% +
Истиора (Метафора)

Истиоранинг луғавий маъноси бирор нарсани муваққат, вақтинча сўраб олиб туриш демакдир. Ушбу атама шарқ адабиётшунослигида истиора ва рус филологиясида метафора шаклларида юритилади. Шунинг учун илм аҳли метафора ва истиора атамаларини бирдек ишлатаверадилар. Поэтик санъат сифатида моҳияти ва вазифаси бир бўлган истиора ва метафора англатадиган луғавий маъноларда сезиларли тафовутлар бор. Чунки метафора юнон тилидан олинган бўлиб, “кўчим” деган маънони беради.

Метафора бадиий санъатларнинг бир тури бўлиб, бирор нарса, воқеа-ҳодисага хос белгининг бошқасига кўчишидир. Унинг қиёслаш, ўхшатишдан фарқи шуки, ўхшатишда ҳар иккала нарса-ҳодиса иштирок этади. Масалан: Мен худди саҳродан сув топиб олган чанқоқ одамдекман., метафора “яширин ўхшатиш”дир, унда ўхшатишдаги сингари худди, баайни, гўё, бамисоли, ўхшаб сўзлари, -дек қўшимчаси ишлатилмайди, аммо кўзда тутилади. Метафорада ўхшатишдаги сингари ҳар иккала нарса-ҳодисанинг белгилари алоҳида юзага чиқмайди, улар бадиий образнинг бир бутунлигида намоён бўлади.

Метафора барча санъатлар ичида ўзининг юксак образлилиги билан ажралиб туради. Турли-туман нарса-ҳодисаларни бир-бирига яқинлаштиришнинг чексиз имкониятларига эгалиги, ўша нарса-ҳодисани янгидан идрок қилиш билан унинг ички дунёсини очиб бериш хусусиятига эга бўлади.

Рус олими В.М.Жирмунский метафорага шундай таъриф беради: “Сўзнинг ўзгартирилган, яъни ўхшашликка асосланган кўчма маънода қўлланилиши – метафорадир. Масалан, юлдузлар дурларни эслатади, шундан юлдузлар – кўкдаги дурлар, десак метафора бўлади… Метафоранинг намоён бўлиши романтик услубнинг энг муҳим хусусиятидир, одатдаги сўзлашув услубидан бу кескин фарқ қилади”.261261
  В.М.Жирмунский, Теория литературы. Поэтика. Стилистика, Изд. «Наука», Ленинградское отд., Ленинград, 1977, стр. 205.


[Закрыть]

Атамалари ҳар хил бўлган истиора ва метафора аслида бир санъатдир. Шунинг учун Арасту топишмоқларни “Жажжи истиоралар” деган эди. Масалан, “Кўк кўйлакка ғўза ёйдим” топишмоқ-истиорасининг ўхшатишларини топайлик: кўк кўйлак – осмон ташбеҳи; ғўза – юлдузлар ўхшатишидир. Агар шу топишмоқни ўхшатишга айлантирсак, топишмоқ қандай юзага чиққанини билиб оламиз: осмон каби кўк кўйлакка юлдузлар сингари ғўза ёйдим. Шу гапдан ўхшатиш сўзлари ва кўмакчиларни (осмон каби, юлдузлар сингари) олиб ташласак, фақат метафора-топишмоқ қолади. Ёки “Бир қоп ун, ичида – устун”. Жийданинг қобиғи қопга, данаги устунга ўхшайди. Ана шу ташбеҳлар асосида жажжи истиора-топишмоқ яратилган.

Демак, метафора ўхшатиш орқали юзага келар экан. Чунки нарса-ҳодисалар бир-бирига бирор томони билан ўхшамаса, ҳеч қачон метафора бўлолмайди.

Лаълдай лабинг кулгиси, десак, лабни лаълга ўхшатган бўламиз. Шу гапдан “-дай лаб” қисмини ажратиб олсак, “лаълинг кулгиси” қоладики, лаъл – истиорадир.

Лаълинг эрур беҳаду ғоят лазиз,

Сўзинг эрур ўйлаки шарбат лазиз.262262
  Мунис, Сайланма, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1980, 118-бет.


[Закрыть]

Тўғри, кишида “лаъл” деган ҳеч қандай аъзо-узв йўқ. Китобхон “лаъл”га дуч келганда боши қотиб қолмайди. Ҳатто у биринчи марта бу истиорани учратган бўлса ҳам англашилмовчилик юз бермайди. Чунки азалдан лаб лаълга ўхшатиб келинган.

Ўхшатиш санъатида тўрт элемент: ўхшаган нарса, ўхшатилган нарса, ўхшаш сифат ва ўхшатиш қўшимчаси (ёки кўмакчиси) қатнашади. Истиорада эса, ўхшаган нарса бўлади, холос. Истиорага мурожаат этишдан мақсад, бир томондан образлиликни кучайтириш бўлса, иккинчи томондан энг гўзал яширин ташбеҳ орқали фикрни изҳор этишдир.

Кўчиш ҳолатларига қараб истиораларнинг хилма-хил кўринишларини фарқ этиш мумкин:

1. Инсон ва унга хос хусусиятларнинг қуш ва гўзал ҳайвонларга кўчиши. Бундай лаҳзаларда қизлар кийик, марол ва товус кабилар билан метафоралашади:

Баъзида лаҳзалар ойларга ўхшар,

Жонни олган шўх маролни севибман.263263
  Мулла Паноҳ Воқиф, Шеърлар, Т., 1969, 40-бет.


[Закрыть]

2. Киши ва унинг аъзолари табиат жисмлари, ўсимликларга кўчади. Масалан, лаб – лаъл, ёр – гул, қад – сарв ва ҳоказо:

Кеча келгумдур дебон ул сарви гулрў келмади,

Кўзларимга кеча тонг отгунча уйқу келмади.264264
  Алишер Навоий, Лирика, Т., 1969, 39-бет.


[Закрыть]

3. Табиат ва оламнинг инсонга кўчиши. “Бевафо дунё” ва унинг ўта эскилигини ҳисобга олиб “дунё”ни “қари”га кўчирамиз:

Ишрат била жаҳонни йигитликда хуш кечир,

Ким ҳеч кишига қолмади бу бевафо қари.265265
  Сайфи Саройи, Шеърлар. Гулистон, Т., 1968, 19-бет.


[Закрыть]

4. Метафоралар муболағали ҳам бўлиши мумкин. Озар шоири Мулла Паноҳ Воқиф ёр кўксини истиорада, сочини ташбеҳда тавсифламоқда:

Воқиф қурбон бўлсин қўша тоғига,

5. Тоқига чирмашган соч ўроғига.266266
  Мулла Паноҳ Воқиф, шеърлар, Т., 1969, 62-бет.


[Закрыть]

Метафораларнинг яна бир турида инсон осмон жисмларига кўчади. Ўқувчи шоир қўллаган метафоралар замирида инсон кўзда тутилганини дарҳол сезади:

Заврақ ичра ул қуёш сайр айламас Жайхун аро,

Ахтари саъде ҳилол ичра кезар гардун аро.267267
  Алишер Навоий, Лирика, Т., 1968, 23-бет.


[Закрыть]


Англамон Жайхунда ул ой кема бирла сайр этар,

Ё ҳилолу меҳр аксин эл кўрар Жайхун аро.268268
  Ўша китоб, ўша бет.


[Закрыть]

6. Топишмоқли метафора:

Кўзга чун дерменки: эй тардомани юзи қаро,

Сендин ўлмиш телба кўнглумнинг балоу ваҳшати.269269
  Ўша китоб, 42-бет.


[Закрыть]

Алишер Навоий “эй этаги ҳўл (бузуқ), юзи қаро” сўзларида ўзига хос топишмоқни ифодалаган. Аслида ушбу қарғиш орқали ҳар кимга қарайверадиган кўз назарда тутилмоқда.

7. Бу хил метафораларда инсон унинг кийимларига кўчади:

Этагинг қизилдир, рўмолинг қизил –

Боряпсан иккита шаън шафақ аро:

Бирига бетугун ўралган юзинг,

Бири жонсаракдир – пойингда фидо.

Сени кўролмайман қайтиб ҳеч қачон –

Ютганин қайтармас – кўча ялмоғиз…

Ҳатто қалбимдаги энг юксак осмон

Бундай шафақзорни тополмас ҳаргиз.

О, қисмат танимга армон солмоқда

Беҳуда титранар руҳу тану жон.

Ана, қайтмас бўлиб кетиб бормоқда

Икки шафақ аро бир ёруғ жаҳон.270270
  Усмон Азим, Сайланма, “Шарқ”, 1995, 316-бет.


[Закрыть]

Шоир Усмон Азим маъшуқани гоҳ “шафақзор”, гоҳ “бир ёруғ жаҳон” истиоралари билан тавсифламоқда. Бу шеърият тажрибасида жуда катта ўзига хос кашфиёт, албатта.

Қизил дурра ва қизил этакли, яъни “икки шафақ аро” кетиб бораётган қиз “шафақзор” ва у лирик қаҳрамон учун чинакам “бир ёруғ жаҳон”дир. Шоир “икки шафақ” деб қизнинг дурраси ва этигига истиора бермоқда. Усмон Азим истиораларининг янгилиги ва жозибадорлиги шундаки, улар сийқаси чиқмаган, ўта оҳорли ва тасвирда жуда табиий кашфиёт сифатида яралган.

Тадбиҳ санъати

Тадбиҳ санъатининг луғавий маъноси “зийнат бериш, сайқаллаштириш, оро бериш, безаш” тушунчаларига мувофиқ келади. Моҳият эътибори билан эса, наср ва назм парчасида кўплаб воқеа-ҳодисалар талқини берилади-ю, аслида гапдаги фикр ўшалар ҳақида эмас, маъно ва мазмун мутлақо бошқа ёқда бўлади. Шоир бунга мажоз ва истиоралардан фаровон фойдаланиш орқали эришади. Тадбиҳни изчил идрок этмоқ учун уни маълум маънода истиорага тенглаштириш мумкин. Фақат фарқи шундаки, истиора сўз доирасида амал қилади, тадбиҳ эса, гап ва байтлар доирасида кузатилади. Тадбиҳ қўлланилган байтда кўчма маъноли сўзлар шунчалик кўп бўладики, махсус тайёргарлиги ва етарлича малакаси бўлмаган ўқувчи шоир мақсадини дарҳол идрок қила олмайди, гап нима устида бораётганини илғаёлмай қолади. Сезиляптики, тадбиҳ усули воситаларининг асосий қисми истиорадир, кўчимдир. Тадбиҳни тузилишига кўра (ҳажман) иккига бўлиб ўрганиш лозим бўлади:

1. Мисра тадбиҳи. Кўчимлар билан кўплаб зийнатлаш усули фақат бир мисрадагина амал қилса ва фикр контекстдаги сўзлар маъноси доирасидан бутунлай ташқари чиқса, мисра тадбиҳи дейилади. Тадбиҳнинг бу нави яна шу билан диққатга сазоворки, буни ўрганиш давомида унинг истиора билан алоқаси ва сезиларли фарқи аниқ намоён бўлади.

Бениқобу бониқоб арзи жамол айларди ёр

Гоҳ ҳилолни бадру, гоҳ бадрни ҳилол айларди ёр

байтининг иккинчи мисрасида тадбиҳ санъати яққол сезилмоқда: ёр гоҳ ҳилолни (янги ойнинг ўроғини) тўлин ойга, гоҳ тўлин ойни ҳилолга айлантирмоқда. Юзаки қараганда ёр ойни ҳилолга, ҳилолни тўлин ойга айлантираётгандек. Аслида эса, шоир на ҳилол, на тўлин ой ҳақида гапирмоқда: фикр мутлақо бошқа ёқда – ёр юзи ҳақида, яъни ёр ниқоб билан юзини яширса, юзининг озгинаси (ҳилолдай) қисми кўзга ташланади; агар ниқобини кўтарса, юзи тўлин ой мисоли тўлиқ кўринади. Демак, ёр гоҳ ниқоб тутиб, гоҳ юзини буткул ошкор этаётгани байтнинг иккинчи мисрасида тадбиҳ билан айтилган экан. Шу нуқтада бир лаҳза истиорани эсга олайлик: ёр юзини ой деган кўчим билан ифодалаш мумтоз адабиёт учун янгилик эмас. Шу сабабли китобхон тадбиҳли мисра мазмунини яхши идрок эта олади.

Хизр хаттингнинг ажаб йўқ сабзу хуррам бўлмоғи,

Лаб-балаб чунким берур сув чашмаи ҳайвон анго.271271
  Алишер Навоий, Асарлар, 15 жилдлик, 1-жилд, 1963, 78-бет.


[Закрыть]

Мазмуни:

Лабларинг устидаги майин туклар яшнайди

Чунки улар сенинг оғзингдан баҳраманддирлар.

Ушбу байт ҳам ўқувчини кўп қийнамайди. Чунки адабиётимизда ўнлаб асрлардан бери оғиз тушунчаси оби ҳайвон булоғи (ҳаёт суви чашмаси) билан истиораланади:

Хоки кўйинг боғи жаннатдин мурод,

Нўши лаълинг оби кавсардин ғараз.272272
  Огаҳий, Асарлар, 1-жилд, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 255-бет.


[Закрыть]

Мисра тадбиҳи гоҳо таъбир таркибида ҳам келиб қолиши мумкин:

То кўз била кўнглумни ул ғамза мақом этмиш,

Қонимни ҳалол англаб, уйқумни ҳаром этмиш.273273
  Алишер Навоий, ўша асар, 211-бет.


[Закрыть]

Иккинчи мисрадаги “қонимни ҳалол англаб”, яъни ичса бўлади (аслида гап “ўлдирса бўладиган” деган мазмунда) ҳамда “уйқуни ҳаром этмоқ” – кўз юммаслик маъноларида келмоқда.

Мисоллардан кўриниб туриптики, мисра тадбиҳларининг зуҳур этишида асосий ролни истиоралар ўйнайди. Истиораларсиз на мисра тадбиҳлари, на байт тадбиҳлари вужудга кела олади.

3. Байт тадбиҳи. Бир ёки бир неча байтлардан иборат матндабошқа фикрни ҳам ифодалай олиш усулига байт тадбиҳи дейилади. Байт ва мисра тадбиҳининг лутф ва унга моҳият эътибори билан яқин санъатлар билан ҳеч бир алоқаси йўқ. Чунки лутфда маъно омонимияга семантик боғлиқ бўлса, тадбиҳда маъно истиора-кўчимларга дахлдор бўлади.

Байт тадбиҳи билан ошно бўлиш учун Хўжандий “Латофатнома”сидан уч байтни кузатайлик:

Олиб найза иликка хусрави Чин

Ҳабаш султонини қувди жаҳондин.

Мазмуни: Чин шоҳи қўлига найза олиб, Ҳабаш султонини жаҳондан қувди.

Сипоҳи турк бўлдиса сиёҳи,

Азимат тутти ҳиндулар сипоҳи.

Мазмуни: турк лашкарининг қораси кўриниши билан ҳинд лашкарлари кўча бошлади.

Хуруси субҳдам фарёд ошурди

Кеча зоғи юмуртқасин ёшурди.274274
  Хўжандий, Латофатнома, “Муборак мактублар” итобида, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1980, (барча байтлар 43-бетда).


[Закрыть]

Мазмуни: Тонгда бир хўроз фарёди эшитилди. Тун қарғаси тухмини яширди.

Байтларнинг изоҳли талқини матннинг юзаки мазмунидир, холос. Шоирнинг мақсади ўша мазмунда фикр юритиш эмас. Муаллиф бу ерда тадбиҳ санъатидан фойдаланиб, қуйидаги фикрларни изҳор этган: биринчи байтга кўра қуёш чиқиб, ой ғойиб бўлган; иккинчи байтда эса, кундуз бошланиб, туннинг кўчиб кетгани ҳақида гап бормоқда; учинчи байтда тонг отиб, ой ботгани ҳақида фикр юритилмоқда. Ҳолбуки, юзаки қараганда фикр мутлақо бошқа воқеа-ҳодисалар нақлига банддай туюлади. Аммо байтларга зимдан зеҳн солинса, мазмун ўзгачалиги аён бўлади – ана шу байт тадбиҳидир.

Тадбиҳ усули қўлланган байтнинг ҳақиқий маъносини кашф этишда ўқувчига икки ҳолат ёрдамга келади: биринчидан, истиорадаги анъанавий хусусият; иккинчидан, тадбиҳнинг ўзидаги анъанавийлик. Истиора анъанавийлиги – у ёки бу нарса-предметга нисбатан бир хил истиоранинг турли шоирлар ижодидагина эмас, бир шоирнинг ўз ижод маҳсулларида ҳам такрор-такрор ишлатилиши билан изоҳланади. Тадбиҳ анъанавийлиги эса, ўзининг анча чекланганлигига қарамай шоирларнинг у ёки бу ҳодисага нисбатан муштарак тадбиҳ қўллашлари билан характерланади. Масалан, қуёш чиқиши ва тонг отиши ҳақидаги Хўжандий яратган тадбиҳларни биз Сайфи Саройи, Хоразмий ва бошқа бир талай ўзбек шоирлари ижодида кузатишимиз мумкин. Хоразмийдан:

Солди ниқоб чеҳрадин ул турки ховари

Бўлди яна жаҳон юзи оинадек ари…


Қочти ҳабаш черики адам қалъаси таба

Чиқти эса уфқ қинидин субҳ ханжари.275275
  Сайфи Саройи, Шеърлар.Гулистон, Т.,1968, 19-бет.


[Закрыть]

Сайфи Саройидан:

Исфандиёри Рум чиқиб тиктиса алам

Бўлди кўруб ҳазимат ани Шом лашкари. (Сайфи Саройи, 20-бет).

Қутбнинг “Хусрав ва Ширин” достонида Ҳурмуз ўғлидан қўрққанидан тангаларга Хусрав номини зарб эттириб аҳолига тарқатади. Қари шоҳ қўрқуви ва ўғил ғалабаси достонда қуйидагича тадбиҳ усули асосида берилади:

Қари бўри йигит арслондин қўрқди,

Соқинмадин иш этти сўнгра уқти.276276
  Ўзбек адабиёти, 1-жилд, Т., ДБАН, 1959, 121-бет.


[Закрыть]

Тадбиҳ усули субҳия қасидаларининг бош қисмида кўпроқ, бошқа лирик жанрларда озроқ учрайди. Тадбиҳга жанр имконияти чекланган, деб ҳисобламаслик керак. Унга айниқса лиро-эпик достонларда фаровон дуч келамиз. Ҳайдар Хоразмий ва Алишер Навоий достонларида ўнлаб байтларда амал қиладиган тадбиҳларни кузатиш ғоят мароқлидир. Жумладан, Ҳайдар Хоразмийнинг “Гул ва Наврўз” достонида севишганлар қовушган кеч тасвирини олайлик:

Гулни Наврўзга қовуштурғанлари


Қовуштуруб ул икки меҳрибонни

Муқорин қилдилар тан бирла жонни.

Оч арслон куч била жайронни илди,

Сабо гул ғунчасин ел бирла тилди.

Кўруб тургунча санъат бирла ҳаккок,

Иликлагач гуҳарни тешти бебок.

Кумуш инжу қилиб гул яроғин реш,

Асал устинда ари чайқади неш.

Чу сиймин ҳуққанинг оғзи очилди,

Тўкулди лаълу инжулар сочилди.

Балиқ бўғзидин оқти дурру маржон,

Садаф қурсоғидин сачради (ҳар ён).

Тонг откунча оёқ тутмоқ, бош урмоқ,

Юзук ўйнамоғу бармоқ ёшурмоқ.

Бири бир сар териб шафтолуи тар,

Бири дам-дам сўруб мастона шаккар…277277
  Лутфий, Девон. Гул ва Наврўз, Т., 1965, 435-бет.


[Закрыть]

Бу байтларнинг сюжет етакловчи биринчи ва еттинчисидан бошқа барчаси тадбиҳ билан музайяндир. Сезиляптики, ўзбек мумтоз адабиёти учун хос бўлган сентиментал талаб (шаҳвоният ҳақида сўзламаслик, порнографияга йўл қўймаслик) тадбиҳ воситасида четлаб ўтилган.

Тафреъ санъати

Тафреъ санъатини камдан-кам шоирлар қўллайдилар. Ушбу санъатни қўллаётган шоир ўзини сеҳргардек сезса керак, десак муболаға бўлмайди Тафреъ санъати хусусида назарий мулоҳаза юритишдан олдин шу санъат асосида яратилган бир шеърни намойишга қўймоқчиман. Абдулла Ориповнинг “Куз манзаралари” номли шеъри асосан тафреъ санъати билан зийнатланган. Уч тўртликдан иборат ушбу шеърнинг ҳар бир банди бир тафреъ усули хизмати туфайли кучли таъсирчанликка эга бўлган ва бунда тафреъ санъати қўллашнинг янада таждидлашгани – новаторлик даражасига етганини кўрамиз

Яна далаларга бошлайди ҳавас,

Боғларда хазонлар ёнади лов-лов.

Дўстларим, бу кузнинг барглари эмас,

Менинг юрагимдан тўкилган олов.


Шохларда мезонлар ялтирар хира,

Пойида шивирлар менинг куйларим.

Дўстларим, булар ҳам мезонмас сира,

Бу менинг чувалган, сўнгсиз ўйларим.


Қуёш ҳам фалакда бамисли рўё,

У энди ёндирмас, ялтирар фақат,

Дўстлар, у ҳам энди қуёшмас асло,

У олис ёшликда қолган муҳаббат.

Абдулла Орипов – сўз сеҳргари. “Куз манзаралари” шеърида тафреъдан ташқари таъсирчанлик омилларидан ташхис ҳам иштирок этган. Ташхис – шахслантириш бўлиб, шоир тасвирда нарса-ҳодисаларни инсонга хос хусусиятлар билан гавдалантиради. “Ҳаваснинг далаларга бошлашида” шу ҳолни кузатамиз, япроқларнинг сарғиш-қизил товланишини шоир “ёнмоқда” деган сўз билан муболағали ифодалаган..

Энди тафреъ моҳияти ҳақида сўз очайлик. Тафреъ нима ўзи? Шоир тафреъ санъатини қўллаганда, аввал бир фикрни инкор этади-ю, кейин ундан кучлироқ ва таъсирчанроқ фикрни ўртага ташлайди. Чунончи, А.Орипов шеърининг биринчи тўртлигида қизғиш баргларни инкор этди, улар барглар эмас, юрагимдан тўкилган олов, деб даъво қилди; иккинчи тўртликда мезонларни рад этиб, “бу менинг чувалган сўнгсиз ўйларим”, деб ўз сўзини ўтказмоқчи бўлди; учинчи тўртликда ҳам ижодкор қуёшни инкор этди, у энди асло қуёшмас, “У олис ёшликда қолган муҳаббат” деб ўқувчини ишонтиришга уринди ва бу билан жуда улкан бадиий-ижодий ютуққа эришди. Биз шоир инкор этган нарсаларга ҳам, тасдиқлаган, аслида ўшаларга ўхшатиш бўлган нарса-ҳодисаларга ҳам ишондик. Ишондиккина эмас, завқландик, қойил қолдик… Биз ҳозирги замон адабиётида Ҳалима Худойбердиеванинг “Бегим” шеърида бошдан-оёқ талмеҳ санъати қўлланилганини биламиз. А.Ориповнинг мазкур шеъри тафреъ қўллашнинг мислсиз намунаси сифатида ўқувчини мафтун этади.

Тафреъ санъатининг энг яхши намуналаридан биз Саъдий Шерозий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур шеъриятида кузатамиз. Шоир Турди Фароғий Саъдий Шерозийнинг қуйидаги матлаъ билан бошланган ғазалига бежиз мухаммас боғламаган:

Нест он лолаҳо, ки дар бодияҳо жилвагаранд,

Куштагонанд, ки зи хок бароварда саранд.

(Мазмуни: даштларда жилваланаётган лолалар эмас, улар ердан қайтадан бошларини чиқариб турган сўйилган кишилардирлар).

Абдулазизхон ва Субҳонқулихон – ака-укаларнинг чорак асрлик жанг-жадаллари, бекларнинг бошбошдоқликлари манзаралари Турди Фароғий назарида Саъдий ғазалидаги манзарани такрорлагандай туюлган бўлиши мумкиндирки, шоир мазкур матлаъли Саъдий ғазалига мухаммас боғлашни лозим топган. Биз учун қизиғи ва муҳими бу байтда тафреъ санъатининг намоён бўлганидир. Форс шоири бу байтда даҳшатли манзарани тафреъ санъати орқали ярата олган. Бу нарса матлаъга жуда катта фикр залворини ҳадя этган: энг даҳшатли манзарани яратиш омили сифатида хизмат қилган.

Шамс Қайси Розий “Ал мўъжам фи маоири ашъор ил Ажам” китобида форс адабиётида бу санъатнинг равнақи йўқ, дейди. Олимнинг бу фикри мулоҳазаталабдир. Саъдий Шерозийнинг юқоридаги биргина байти орқали даъвомизни исботласак бўлади. Тафреъ санъати таъсирчанлик яратишда мислсиз имкониятлар конидир. Кузатишларимиздан чиқарган яна бир хулосамиз борки, энг кучли мумтоз шоирларгина бу санъатни кўпроқ қўллайдилар.

Турди Фароғийнинг Саъдий ғазалидан таъсирланганини уқтирдик. Бизнингча, бу таъсир ўзбек адабиётида эртароқ содир бўлган. Алишер Навоий ижодига Саъдий Шерозий ижодининг таъсири кучли бўлган. Хусусан, юқоридаги матлаъда қўлланилган бадиий санъат ва айни ўша поэтик детални Алишер Навоий байтида кузатиш мароқлидир:

Лолазор эрмаски, оҳимдин жаҳонга тушти ўт,

Йўқ шафақким, бир қироқдин осмонга тушти ўт.278278
  Алишер Навоий, МАТ. 3-жилд, “Фан”, 89-бет.


[Закрыть]

Саъдий ва Навоий ғазаллари матлаъининг биринчи мисраларидаги детал ва бадиий санъатнинг бирлиги кишини ҳайрон қолдиради. Ҳар икки байт мазмуни юзасидан тафреъ санъати амалиётини кузатайлик: Саъдий ҳам, Навоий ҳам “Лолазор эмас” дейишди. Таъсирланиш такрорлаш эмас, шунинг учун Навоий талқинида лолалар энди ёнаётган олам тарзида тафреланган. Навоий шу биринчи мисранинг ўзидаёқ, инкор ўрнига “оҳимдан жаҳонга тушди ўт” демоқда. Саъдийда эса, “Лолазор эмас” деган раддиянинг шарҳи иккинчи мисрада келади: “улар ердан қайтадан бошларини чиқариб турган сўйилган кишилардир”. Навоийнинг Саъдийдан иккинчи фарқи, устоз бир байтда битта тафреъ санъатини қўллаган бўлса, Навоий бир байтда икки тафреъни ишлатган: ҳар бир мисрада бир маротабадан инкор, давомида тасдиқ – тафреъ келтирилган. Шоир, бу “лолазор эмас, оҳимдан жаҳонга тушти ўт” дейиш билан чекланмаган, балки иккинчи мисрада муболағани коинотга чиқариб, кўринаётган нарса “шафақ эмас” дея инкор қилиб, “бир қироқдан жаҳонга ўт тушган”ини исбот қилмоқда.

Ижодкор мулоҳазасича, алвонланаётган лолазор эмас, ер юзи ёнмоқда. Осмоннинг бир чеккасидаги шафақ эмас, кўкка ўрлаган олов.

Бадиият ва таъсирчанлик юзасидан бу санъат моҳиятига ёндашсак, бу усулни ташбеҳда ифодалаш мумкиндек туюлди. Аммо бундай эмас. Ташбеҳда тафреъдагидай таъсирчанликни юзага чиқариб бўлмайди. Бунга ишониш учун келтирган мисолларимиздан истаганингизни ўхшатишга айлантириб кўрсангиз, бунга амин бўласиз.

Қўшиқни эслайлик-да, аввал ташбеҳда, сўнг тафреъда ёзиб кўрайлик:

Ташбеҳ: Унинг сочи шаршарадай

Тафреъ: Соч эмас у, шаршара у, шаршара

Биринчи инкор, кейинги тасдиқ кучини икки-уч баравар ошириб юборади.

Алишер Навоий ижодида тафреъ санъати билан сайқал топган байтлар жуда кўп бўлиб, қуйида шулардан айримларини келтирамиз:

Қон эмаским, ёпти гулгун ҳулла жаннат хозини

Ишқ мақтулин шаҳид айларда урён айлагач.279279
  Алишер Навоий, ТАТ, 1-жилд, Ғ.Ғ.номидани НМИУ, 2011, 119-бет.


[Закрыть]

Алишер Навоий тафреъ санъатини қўллашда ижодий мўъжиза кўрсатади, десак муболаға бўлмаса керак. Чунки у анъанавий ҳолат: байтда бир тафреъ санъатини қўллаш билан кифояланмай, бир байтда икки тафреъ санъатини қўллашнинг ажойиб намунасини кўрсатади.(Бундай байтлардан бирини юқорида кўриб ўтдик):

Кун эмас, олам кўзига мунтазир айлар баёз,

Тун эмас, балким чекар хуршид рухсориға миғ.280280
  Алишер Навоий, ТАТ, 1-жилд, 216-бет.


[Закрыть]

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодида ҳам тафреъ санъатининг ўта таъсирчан ҳолати қўлланилгани диққатни тортади:

Сел эмасдир, ер юзин туткан кўзумнинг ёшидур,

Раъд эмасдур, кўкка чирмашқон кўнгул афғонидур.281281
  Бобур, Девон, “Фан”, 1994, 25-бет.


[Закрыть]

Мисолимизнинг эътиборли томони шундаки, Бобур ҳам бир байтда тафреъ санъатини икки маротаба – ҳар бир мисрада бир маротабадан ишлатган. Натижада муаллиф кутган таъсирчанлик бутун тўлалиги билан юзага чиққан.

Шермуҳаммад Мунис ҳам Саъдий Шерозий даҳосидан илҳомланиб, лола сиймосида тафреъ қўллаган. Оҳорлилиги шундаки, бу талқинда энди оддий лола эмас, балки “лолаи садбарг”дир. Мунис ҳам бу санъатни ғазал матлаъида қўллаган:

Лолаи садбарг эмаским, дашт аро чекмиш алам,

Жисми зоримдурки, юз бўлмиш ани тиғи ситам.282282
  Мунис, Танланган асарлар, Ўзадабийнашр, 1957, 184-бет.


[Закрыть]

Яна саъдиёна ўша бодия – дашт. Қўшимча оҳорлилик, лола байроқ кўтарган, деган фикр айтилган. Лолаи садбарг атиргулсимон бўлгани учун ситам тиғи юз бўлак тилган “жисми зори”га мосдир. Шунинг учун шоир лолаи садбаргни инкор этди-да, бу эмас, балки менинг юз тилинган жисми зорим! деган даъвони қўяди. Ёки:

Тишлар эрмас, балки оғзинг ҳуққаи ёқутидин,

Қўйдилар жон риштасиға бебаҳо дурлар териб.283283
  Мунис, Сайланма, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1980, 90-бет.


[Закрыть]

Лирик қаҳрамон ўз маҳбубаси тишларини тавсифлар экан, улар тишлар эмас, жон риштасига териб қўйилган бебаҳо дурлардир, дея ҳайратланарли даражада таъсирчан байт яратган.

Адабиёт тараққиёти бадиий санъатлар тараққиётини ҳам белгилайди: мумтоз адабиётимизда тафреъ санъати шеърнинг бирор байтида учраб қоларди, холос. Биз юқорида Абдулла Орипов ижодида тафреъ санъатининг бутун бир шеър бўйлаб амал қилгани ҳодисасининг гувоҳи бўлдик. А.Ориповнинг тафреъ қўллаган яна бир байтини эслатиб ўтиш жоиз. Ижодкор “Ўзбекистон” шеърида талмеҳ санъати билан қоришиқ ҳолда тафреъ санъатидан фойдаланиб, Улуғбек фожиасини янада бўрттиришга муваффақ бўлди:

Дўстлар, кўкда юлдузлар эмас,

У – Улуғбек кўзидаги ёш!284284
  Абдулла Орипов, Юртим шамоли, “Ёш гвардия”, 1976, 10-бет.


[Закрыть]

Машҳур озарбайжон шоири Муҳаммад Фузулий “Лайли ва Мажнун дстонида тафреънинг жуда гўзал намуналарини яратган:

Лайло дема, шамъи мажлисафрўз,

Мажнун дема,оташи жигарсўз.

Лайло дема, жаннат ичра бир ҳур,

Мажнун дема, зулмат ичра бир нур.

Лайло дема, авжи ҳусна бир моҳ,

Мажнун дема,мулки ишқа бир шоҳ.

Лайло дема,бир ягонаи даҳр,

Мажнун дема,бир фасонаи шаҳр…

Тузилишига кўра тафреълар икки хил бўлади:

анъанавий тафреълар;

тескари тафреълар.

Биз шу пайтгача кўриб ўтганларимиз анъанавий тафреълар ҳисобланади. Тескари тафреъларда эса, тасдиқ аввал келади-да, инкор қилинаётган фикр кейин келади:

Сунбулин Лайли очиптур, ел абиросо эмас,

Доғини Мажнун қонатмиш, лолаи ҳумро эмас.285285
  Алишер Навоий, ТАТ, 1-жилд, Ғ.Ғ.номидаги НМИУ, 2011, 249-бет.


[Закрыть]

Кузатилган мисоллар шундан далолат берадики, тафреъ санъати назмнинг кўп навларида қўлланилиши мумкин бўлган таъсирчанлик яратувчи бадиий усулдир. Буни билиш китобхонга ҳам, шоирга ҳам, олимга ҳам фойдадан холи эмас. Чунки бадиий санъатларни билган китобхоннинг шеърлардан оладиган бадиий лаззати икки баравар кучли бўлади, шоирларнинг эса, маҳоратлари ошади. Тафреъ санъати ўтмиш ва ҳозирги замон ўзбек шоирлари ижодига самарали таъсир этди ва бу ҳаётбахш адабий таъсирланиш жараёни давом этажак.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации