Электронная библиотека » Эркин Рахмонов » » онлайн чтение - страница 13

Текст книги "Бадиият жозибаси"


  • Текст добавлен: 31 мая 2023, 14:14


Автор книги: Эркин Рахмонов


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 13 (всего у книги 27 страниц)

Шрифт:
- 100% +
Ҳусни ибтидо санъати

Ушбу санъатнинг луғавий маъноси – чиройли бошлаш, дебоча кўрки, гўзал муқаддима, нафис сўзбоши демакдир. Шоир ўз асарини ҳикматомуз, мақол қимматидаги фикрлар ёки муқаддас сўзлар (“Қуръон” оятлари) билан бошласа, ўқувчининг идроки муаллифга ҳар томонлама ром бўлади: ҳам ҳикматга фикран қойил қолиб тан беради, ҳам муқаддас сўзлар таъсирига бош эгади. Бу усул мумтоз поэтика – илми саноеъда ҳусни ибтидо санъати деб аталади. Бу жиҳатдан Навоийнинг ҳам лирик, ҳам эпик ижод гултожининг муқаддима байтларига аҳамият бергулик. Ўлмас обида “Хамса”нинг илк достони “Ҳайрат ул-аброр”нинг дастлабки байти:

Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим,

Риштаға чекти неча дурри ятим.339339
  Алишер Навоий, Ҳайрат ул-аброр, Илмий танқидий матн. Тузувчи Порсо Шимсиев, “Фан”,1970, 3-бет.


[Закрыть]

Даҳо шоиримиз ўз буюк ижодининг саховатли дастурхонига китобхонни таклиф этар экан, бадиий тановулни юқоридаги байт билан бошлашни тавсия этади. Дарҳақиқат, ҳар бир мусулмон таомга қўл чўзганда ҳам, улуғ ишларга қўл урганда ҳам “Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим”ни тилга олади. Муқаддас Қуръоннинг ояти бебаҳо, даҳо шоиримиз тизган сўз инжулари бебаҳо. Бу байтни шарҳлаш учун бутун бошли китоб ёзса бўлади.

“Хазойин ул-маоний” девонидаги биринчи ғазалнинг илк байти ҳам арабча сўзлардан иборат. Китобхон “Қуръон” туфайли бу тилдаги сўзларни ўқиганда алланечук бир қониқиш туйғусини ҳис этади:

Ашрақат мин акси шамсил каъси анворул ҳудо,

Ёр аксин майда кўр, деб жомдин чиқди садо.340340
  А.Навоий, МАТ, 3-жилд, “Фан”, 1988, 25-бет.


[Закрыть]

Мумтоз шеърият мухлиси тасаввуф атамалари алифбосидан хабардор бўлса, бу байтдаги “ёр”нинг Оллоҳ эканлигини, майнинг Оллоҳга бўлган оташин муҳаббат эканлигини билса, шоир қўллаган ҳусни ибтидо санъати таъсирига тушмай иложи йўқ. Дарҳақиқат, бадиий матннинг бундай бошланмаларини санъат атамаси луғатида қайд этилганидек, гўзал дебоча, чиройли муқаддима, шан сўзбоши деса бўлади.

Алишер Навоий “Лисон ут-тайр” номли фалсафий достонида инсон жони қуш сувратида ўз яратувчисини излайди. Достон қуйидаги ҳусни ибтидо санъати билан зийнатланган байт ила бошланади:

Жон қуши чун мантиқи роз айлагай,

Тенгри ҳамди бирла оғоз айлагай.341341
  А.Навоий, Лисон ут-тайр, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1991, 18-бет.


[Закрыть]

Мазмуни: Жон қуши ўз розини бошлаганида сўзни Оллоҳ мақтови билан бошлайди.

Устоз Фаридиддин Аттор “Мантиқ ут-тайр” достонини қуйидаги бошбайт билан бошлаган:

Офарин бод, офарин он покро

Он, ки жон бахшид мушти хокро.

Мазмуни:

Офаринлар! Офарин ул покка

Улки жон бахш этти мушти хокка.

Яъни бир ҳовуч тупроққа жон бағишлаган покка офаринлар бўлсин!

Мумтоз адабиётимиз вакили Зокиржон Фурқат бундан юз йил илгари Ҳажга сафар қилганида Истанбулда бўлиб, шаҳардаги Миллат боғини кезган ва бу сайрдан шунчалик илҳомланганки, шу таассурот янгилигида Тошкентдаги ёр-дўстларига шеърий мактуб ёзган. Фурқатшунос олим Холид Расул бу шеърга шартли равишда “Сабоға хитоб” сарлавҳасини қўйган. Шеърда Миллат боғининг тавсифи ўта фавқулодда тасвир топган:

Зиҳи боғики Миллат боғи дерлар,

Хўтан мушки қаро тупроғи дерлар.342342
  Фурқат, Танланган асарлар, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1975, 275-бет.


[Закрыть]

Мазмуни: Миллат боғи деганлари ажаб бир боғки, унинг қора тупроғини Хўтан мушки дейдилар. Шоир мазкур мактубни тубандаги байт билан бошлайди:

Бу гулшанким насими файзи рабдур,

Гули хилму ҳаё бирла адабдур. (Ўша китоб, ўша бет).

Раб – Оллоҳ; ҳилм – юмшоқлик, мулойимлик. Ушбу луғат мислсиз гўзал байт мазмуни идрокини осонлаштиради, деб ўйлаймиз. Нафис мисраларнинг зоҳирий мазмунини қуйидагича мулоҳаза қилдик: Оллоҳ файзи шабадаси бўлмиш бу гулшаннинг гуллари – мулойимлик, ҳаё ва одобдир.

Мумтоз шоир талқинича, Миллат боғи Тангри файзи эпкинидир. Чунки Оллоҳ: “Кун” (Ярат! Бунёд бўл!) деганида ўн саккиз минг олам ва ундаги мавжудотлар яралган. Шеърда рамз яққолдир. Боғ ёки жаҳон гулшан экан, унинг гуллари кимлар? Улар юмшоқтабиат, мулойим, хушхулқ, ҳаёли, иболи ва одобли инсонлардирлар. Чунки гуллар гулшанга мувофиқдирлар…

Шеърни ўқиётган киши мактуб сўнггигача шоирнинг одамийлиги, камтарлиги, одоблилиги, хуллас, аҳли диллиги билан яқиндан ошно бўлади. Айтмоқчимизки, шеърни бошлаган байт мазмунидаги нукталар ҳилм, ҳаё, одоб мактуб охиригача барқ уриб туради.

Ҳусни ибтидо санъати билан сайқал топган шоир байти олам муқаддаслиги ва ҳаёт нафосатининг бош белгиларини буюк фалсафий мушоҳада ва бадиий ихтирочилик асосида ифодалаб бера олган. Зеро, Фурқат айтган эзгу хулқлар: ҳилм, ҳаё, одоб – бахт-саодат сабабчиси, кишининг ахлоқсизлиги – бахтсизлик сабабчисидир.

Кўряпмизки, ҳусни ибтидо санъати билан безанган бош байтлар, хоҳ у дунёвий, хоҳ ахлоқий, хоҳ илоҳий-тасаввуфий талқинда бўлсин, фикр салмоғи билан ажралиб туради, шеърга фикрий зийнат бўлиб тушади.

Ирсоли масал

Мумтоз поэтикада ирсосул масал, ирсоли ду масал, масалайн, ирсосул масал фил байти истилоҳлари билан юритиладиган усул бор. Адабиётшуносликка доир асарларда тасвир давомида мақол қўллаш ҳодисасига ирсоли масал деб қаралган. Унинг луғавий маъноси мақол келтириш бўлиб, шоирлар бирор фикрни айтиб, уни далиллашга эҳтиёж сезсалар мақол келтириш усулидан фойдаланадиларки, бу санъат ирсоли масалдир. Истилоҳнинг луғавий маъноси ҳам “мақол келтириш” демакдир. “Масал” – мақол, “ирсол” – келтирмоқ дегани. Асослашда мақоллардан фойдаланиш тажрибаси шеърий амалиётда сийракроқ учрайдиган ҳодиса. Кўпинча шоир ғазал таркибидаги бирор байтда мақол келтиради. Бироқ бадиий асар мўъжиза кўрсатишга уринса, шеърда бошдан-оёқ – ҳар бир байтда ирсоли масал санъатини қўллаши мумкин.

Масал деганда мақол, ҳикматли сўзни тушунмоқ керак. ХХ аср бошларигача ўзбек адабиётида масал дейилганда асосан мақол тушунилган, шунинг учун ҳам Гулханийнинг “Зарбулмасал” асари номини масаллар деб эмас, балки мақоллар деб тушунмоқ лозим (“Зарбулмасал”да мақол ва масал атамалари биргина мақол сўзи билан ифодаланган. Асарда ўнтача масал бўлгани ҳолда, 400 дан ортиқ мақол бор).

Ўзбек шоирлари ўз ижодий маҳсулларини фольклорнинг энг қимматбаҳо хазинаси – мақоллар билан безаш, ўз фикрларини халқ донолиги билан тасдиқлашни жуда маъқул кўрганлар. Масалан, Мавлоно Лутфий ва Эркин Воҳидовларнинг бундай жасоратлари яхши шеърий маҳсуллар билан натижа топган. Лутфийнинг машҳур “Аёғингға тушар ҳар лаҳза гесу” деб бошланадиган ғазал байтларининг ҳар биринчи мисраси ошиқона талқинлардан иборат бўлса, иккинчи мисралари фақат мақоллар тизиш учун ажратилган. Буни тасаввур қилиш учун аввал биринчи мисраларни, сўнг иккинчи мисраларни тизамиз. Ошиқона фикрлар:

Аёқингға тушар ҳар лаҳза гесу

Тутармен кўзки кўрсам оразингни.

Юзунгни туттум ортуқ ою кундин

Кўзунг қонимдин ийманмас, ажабтур

Тилар васлингни Лутфий, қил ижобат.

Ўша фикрларни далиллаш учун келтирилган мақоллар:

Масалдурким: “Чироғ туби қоронғу”.

Ки дерлар: “Оққан ариққа оқар су”.

“Кишининг кўзидур, оре, тарозу”.

Ки “Қўрқар қайдаким қон кўрса ҳинду” .

Ки айтурлар “Тилаганни – тилогу”.

Энди ғазални аслича кўчирамиз:

Аёқингға тушар ҳар лаҳза гесу,

Масалдурким: “Чироғ туби қоронғу”.

Тутармен кўзки кўрсам оразингни,

“Кишининг кўзидур, оре, тарозу”.

Кўзунг қонимдин ийманмас, ажабтур,

Ки “Қўрқар қайдаким қон кўрса ҳинду”.

Тилар васлингни Лутфий, қил ижобат,

Ки айтурлар: “Тилаганни – тилогу”.343343
  Лутфий, Сенсан севарим, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1987, 214-бет.


[Закрыть]

Кўриниб туриптики, ирсоли масал санъати фақат фикрнинг тасдиғи, далили учун хизмат қилаётгандай туюлса-да, шоир маҳорати туфайли байтларда яна турли-туман бадиий санъатлар юзага келиб, улар ҳар бир байтда алоҳида кайфият яратишга хизмат қилмоқда. Чунончи, биринчи байтни олайлик. Шоир маҳбуба сочларининг узунлигини унинг оёғига тушиб туриши билан изоҳламоқда. Келтирилган мақол шу фикр исботига хизмат қилибгина қўяқолмай, диққат билан кузатсак, мақол мазмуни биринчи мисра воқеасига айнан ўхшатиш-ташбеҳ ҳамдир. Ажойиби шундаки, бу манзарани тасаввур этган китобхон, маҳбуба юзининг чироққа, бўйининг тўбига, сочининг қоронғиликка нисбат берилганини билади. Матнда “юз” сўзи йўқ-ку, деган эътироз туғилиши мумкин. “Юз” учинчи байтга керак эди… Энди ошиқ маҳбуба юзининг қуёш ва ойдан ҳам устунлигини даъво қилмоқда. Ҳолбуки бунга исбот керак. Далилни у халқ мақолидан топади. Тарозу – ҳаққоният мезони. Халқда эса “Кишининг кўзи – тарозу” деган мақол бор. Шунинг учун фикр исботига тарозу дахл этган мақол танланган. Шу ўринда муболағали фикр шоирона далилланган. Тўртинчи байтда таажжуб ва ҳайрат кайфияти ҳукмфармолик қилади…

Эркин Воҳидовнинг қуйидаги ғазалида ҳар ҳам байтнинг иккинчи мисраси мақол билан музайяндир:

Ажаб васлингга мен энди етишганда кўринди моҳ,

Масал борким, оғиз ошга, бурун тошга тегибдир, воҳ!

Кулиб юргай эдим бир вақт ўқиб Мажнун жунунидин,

Дегайлар, ўзгадин кулма ўзингдин бўлмайин огоҳ.

Севинг деб шеър битиб аввал, ўзим бўлдим асири ишқ,

Ўзи тушгай эмиш охир бировга кимки қазғай чоҳ.

Париваш зулмидин бўлди кўнгул мулки паришонҳол,

Демишлар мулк вайрондир агар золимлик этса шоҳ.

Бўлибсан ошиқ, Эркин, уз умид жондин ўкинч қилмай,

Ўзингга, дейдилар, душман кейин чеккан пушаймон, оҳ.344344
  Эркин Воҳидов, Сайланма, 1-жилд, “Шарқ”, 2000, 195-бет.


[Закрыть]

Бу ҳол ирсоли масалдан фойдаланиш анъанаси замонавий адабиётимизда ҳам бирдай давом этиб келаётганининг далилидир.

Ойдинки, ирсоли масалнинг вазифаси бирор муҳокамани фақат маъқуллаш ва тасдиқлашдангина иборат эмас. Ҳар бир сўз санъаткори зикр этган мақолига турли-туман муносабат билдириши мумкин. Доно халқ тафаккурининг олтин хазинаси – мақолларга шоирлар муносабатини аниқроқ тасаввур этиш учун ирсоли масал хиллари билан ошно бўлайлик:

1. Бошқа халқ мақолини аслича келтириш. Шоирлар ўз халқларининг бошқа халқлар билан маданий алоқаларини аниқ тасаввур этганида, ўша тилда келтириладиган мақол кўпчиликка тушунарли эканлигига амин бўлганида бу усулга мурожаат этади. Натижада матн муламмаъъ бўёғини қабул қилади:

Бир ғамза етар Лутфийни девона қилурға,

Бордур масал: “Ал оқилу камфиҳул ишора”.345345
  Лутфий, Сенсан севарим, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1987, 228-бет.


[Закрыть]

Бундай ирсоли масалларнинг ўзига хос хусусияти шундаки, мақоллар байналмилал характерда бўлади. Айни шу мақолни кўплаб туркий халқлар ва форс-тожик адабиёти намуналарида ҳам учратиш мумкин. Ирсоли масал ҳодисаси барча маданий халқлар адабиётига хосдир. Масалан, уйғур шоири Абдураҳим Низорийнинг “Робиа ва Саъдин” достонида қуйидагича мақол келтирилган:

Ашаддул азоби азобул фироқ

Фақат имот қалби минал иштиёқ.346346
  Низорий, Достонлар, Т., 1970, 127-бет.


[Закрыть]

2. Бошқа халқ мақолини таржима қилиб келтириш. Озарбайжон шоири Муҳаммад Фузулий ўз ижодида араб мақоли “ал ғарибу ка-л аъмо”ни таржима қилиб фойдаланган:

Тўтиён хоки пойинг файзига йўл бўлмасам,

Нури чашмим айб қилма, кўр ўлур, дерлар ғариб.347347
  Муҳаммад Фузулий, Асарлар, 1-жилд, Т., 1968, 57-бет.


[Закрыть]

Шунга ўхшаш ҳодисани биз шоир Ғафур Ғуломнинг “Бизнинг кўчада ҳам байрам бўлажак” шеърининг номи мисолида ҳам кўрамиз. Ушбу оптимистик мақолни шоир рус халқи оғзаки ижодидан таржима қилиб олган. Натижада, шу шоир хизмати туфайли “Бизнинг кўчада ҳам байрам бўлажак” мақоли ўзбек халқига ҳам чуқур сингди.

3. Мақолга суяниш, халқ донолигидан фикрий тасдиқ излаш. Бундай ирсоли масалларнинг характерли белгиси шундаки, шоир ўз фикрини очиқ-ойдин ифодалаб бўлиб, яна қўшимча асос сифатида мақолга мурожаат этади:

Ниҳоний ошиқингга кўп жафо қилма, тараҳҳум қил,

Масалдур, кимки дилозор эрур, марди Худо бўлмас.348348
  Ҳ.Ҳ.Ниёзий, Асарлар, 1-жилд, 1968, 57-бет.


[Закрыть]

Ҳамид Олимжондан:

Кундузни тун деб ўйлаб сарҳадга келди ўғри,

Кўршапалак охири оташга келди тўғри.

Тушар доим эсимга – ўзбек мақолидир бу:

Ким аввал мушт кўтарса, албатта, қўрқоқ келди.349349
  Ҳамид Олимжон, Танланган асарлар, 1951, 227-бет.


[Закрыть]

Чустийдан:

Лайли Мажнун ҳолини ул кун муаллим билмади,

Чунки зар қадрини заргар билди, ҳар ким билмади.350350
  Чустий, Гул мавсуми, Т., 1969, 41-бет.


[Закрыть]

4. Мақолни рад этиш. Кўпинча шоирлар фикрий мушоҳадага ларза ташлашни кўзлаб, билатуриб, тажоҳули орифона (билиб билмасликка солиш) санъатини ҳам қориштириб, мақолга қарши чиқадилар: маълум воқеа-ҳодиса натижасида мақолда айтилган гап амалга ошмагани бунга асос бўлади:

Дерларки, оғиз ўт деса куймас, вале бу оҳ

Чун сабт бўлса, хомау дафтарни куйдирур.351351
  Алишер Навоий, МАТ. 5-жилд, “Фан”, 1990, 123-бет.


[Закрыть]

Машрабдан:

Сўроғлаб васли дийдоринг тамоми халқни сўрдим,

Эмиш “Жўянда – ёбанда”, ки топмай мен адо бўлдум.352352
  Бобораҳим Машраб, Меҳрибоним қайдасан, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1990, 101-бет.


[Закрыть]

Дастлабки байтнинг биринчи мисрасида Алишер Навоий “ўт деса оғиз куймайди” мақолини келтириб, аслида, на фақат оғизни, қалам ва дафтарни ҳам куйдиради, деган даъвони келтирмоқда. Машрабнинг байти эса, ирсоли масалнинг мазкур навидан ташқари бошқа халқ мақолини аслича келтиришга ҳам намуна бўлади: “Жўянда – ёбанда” – излаган топувчидур, деган мазмундадир.

5. Мақолга нисбатан таажжубли муносабат. Бундай пайтларда мақолга нисбатан шубҳа ва ҳайрат фикрда ғолиблик қилади. Нега энди халқ мақолидаги ҳақиқат рўёбга чиқмади? Деган андиша лирик қаҳрамонни ҳайрон қилиб қўяди:

Оғзингни ҳар неча сўрдум, тиладим топмадим,

Гўиё бу сўз ғалатдурким: “Тилоганлар топор”.353353
  Атойи, Девон, “Фан”, 2008, 93-бет.


[Закрыть]

Лутфийдан:

Кўзунг қонимдин ийманмас, ажабтур,

Ки “Қўрқар, қайдаким қон кўрса ҳинду”. (Лутфий, 214-бет).

6. Махсус асосга муҳтожликсиз матнга “бехосдан” мақол жойлаштириш. Бундай ирсоли масалларда муаллиф ўқувчи “кутмаган” пайтда матнда мақол қўллайди. Аслида, ўйлаб қаралса, келтирилган мақол муаллиф зикр этган воқеа тафсилотининг ҳақиқий хулосаси, ғоявий мағзи бўлиб чиқади:

Ерга кирсам кошки, чун етмас ул ойга илик,

Мушкул аҳволе тушубдур: “Ер қатиқу кўк йироқ”.(Лутфий, 112-бет).

Мавлоно Котибийдан:

Зи оташи қаҳри вабо гардид ногаҳон хароб

Астробод, ки хокаш буд хушбутар зи мушк.

Андар ў аз пиру барно ҳеч кас боқй намонд,

Оташ андар беша чун афтад на тар монад, на хушк.354354
  Алишер Навоий, Асарлар, 12-жилд, Т., 1966, 13-бет.


[Закрыть]

(Мазмуни : Вабо қаҳри оловидан тупроғи мушкдан хушбўйроқ бўлган Астробод хароб бўлди. У ерда ёшу қаридан ҳеч киши соғ қолмади: ўрмонга ўт тушса ҳўлу қуруқ қолмайди)

7. Мақолнинг бир қисмини олиб фойдаланиш. Ирсоли масалнинг бундай хиллари ҳам кўплаб учрайди. Ижодкор шундай усулга мурожаат этганида ўша мақолнинг ҳаммага маълумлигини кўзда тутади. Шуниси ҳам борки, муаллиф фикрига зарурроғи ҳам, матнга ҳажм жиҳатидан қойим тушадиган қисми ҳам – муайян мақолнинг ўша қисми бўлади:

Бўлди бағрим сув ғамингдин, яхшилик қил сол суға,

Охир эй гул хирмани, албатта, ҳар эккан ўрар.355355
  Атойи, Девон, 2008, 93-бет.


[Закрыть]

Атойининг мазкур байтидаги “яхшилик қил сол суға” сўзлари: “Яхшилик қил сувга сол, сув билмаса, балиқ билар, балиқ билмаса, Холиқ билар” деган ўзбек халқ мақолининг бир қисмидир.

8. Оҳорли ҳикматлар. Шоирлар ўз асарларида кўплаб ҳикматли фикрларни қуйма ҳолатда ифодалашга муяссар бўладиларки, шулар бора-бора халқ мақоллари сафига кириб кетади. Масалан, Алишер Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб” асаридаги кўплаб ҳикматлар, ҳозирги замонда халқ мақоллари сифатида тилга олинади. Бундай ҳодисалар барча замон ва барча халқ ижодкорлари учун хосдир:

Тажрибасиз эрмудур, эй ҳамнафас,

Тажрибадур эрга мураббию бас.356356
  Ўзбек адабиёти, 1-жилд, ДБАН, 1959, 210-бет.


[Закрыть]
(Ҳайдар Хоразмий).


Ишқ нахлиға самар чун фурқат эрмиш, эй рафиқ,

Эй хуш улким, кўнглин аввалдин бировга бермади357357
  Алишер Навоий, МАТ, 6-жилд, 1990, 399-бет.


[Закрыть]
.

Замонавий адабиётда ҳам ирсоли масалнинг бу нави шоирлар ижодида кенг қўлланилади:

Тақдир деган подшо бўлса ошиқларнинг ҳоли танг,

Қаёнларга олиб кетар мени ҳам бу йўлларим.358358
  Абдулла Орипов, Юртим шамоли, 1976, 137-бет.


[Закрыть]

9. Мақолларни ўзлаштириб қўллаш. Матнда мақоллардан фойдаланишда шоирлар кўпинча шеър вазни ва тузилиш талабларига кўра уни ўзлаштириб, маъносини беришга ҳаракат қиладилар. Шунда ҳам матнда мақол келтирилаётгани яққол сезилиб туради:

Қозон ёнидан ўтманг уколар,

Юққай қароси демиш боболар.359359
  Ҳ.Ҳ.Ниёзий, Асарлар, 1-жилд, 1960, 85-бет.


[Закрыть]

Ирсоли масалнинг бир ғазалда бошдан-оёқ дуч келиш ҳодисаси қанчалик сийрак бўлса, ғазалларнинг алоҳида байтларда зикр этилиши эса, шунчалик кўпдир. Чунки бу ҳодиса санъаткор маҳоратидаги ижобий нуқта сифатида баҳоланади. Ирсоли масал санъатига Алишер Навоийнинг нечоғлик аҳамият берганини “Мажолис ун-нафоис”да шоир Мирзо Ҳожи Суғдийнинг:

Ўхшатти қоматингға сановбарни боғбон.

Бечора билмас эмиш алифдин таёғни

байтида халқ мақолин қўллагани учун “бугина масални яхшигина боғлағон учун умид улким, Тангри таоло анга раҳмат қилмиш бўлғай” 360360
  Алишер Навоий, МАТ, 13-жилд, 64-бет.


[Закрыть]
деб тақдирлаганида кўрамиз.

Юқорида ирсоли ду масал, масалайн, ирсосул масал фил байти каби атамаларни келтирган эдик. Буларнинг умумий луғавий маъноси байтда икки масал келтиришдадир. Ижодкорлар байтда баъзан икки мақол ишлатадилар. Бундай пайтларда гоҳ қуйидагидек, бири оригинал ҳикмат, иккинчиси халқ мақоли бўлади:

Элни хор айлаган тамаъ билгил,

Доимо азза манқанаъ билгил.361361
  Алишер Навоий, Асарлар, 4-жилд, 1965, 448-бет.


[Закрыть]

(Азза – иззат, манқанаъ – қаноат демакдир).

Ёки тубандагидек, ҳар иккиси ҳам мақол бўлиши мумкин:

Кимки қозар оқибат ул тушгуси,

Кимки ёқар охир ўшул пишгуси.362362
  Нишотий, Ҳусн ва Дил. Лирика, Т., 1967, 330-бет.


[Закрыть]

Ирсоли масаллар ўзлари ифодалаётган мазмунга кўра: киноявий, ахлоқий-дидактик (панд-насиҳат характеридаги), метафорик ва тасвирий-қиёсий ирсоли масалларга бўлинади.

Киноявий ирсоли масаллар фикрнинг кўчма маънолилиги билан ажаралиб туради. Муаллифлар айрим персонажлар ҳақида “нодон, бефаҳм, бефаросат” каби қўпол сўзларни ишлатиш ўрнига “Қорнини ёрсанг алиф чиқмайди”, “Алифдан таёқни фарқ қилолмайди”, “Оғиз билан буруннинг фарқига бормайди” каби кинояли мақоллардан фойдаланадилар.

Ахлоқий-дидактик ирсоли масаллар ўзларининг таълимий, панд-насиҳатбоп эканликлари билан ажралиб турадилар. Гарчанд, барча мақоллар панд-насиҳат вазифасига йўналтирилган бўлсалар-да, айрим ирсоли масалларда бу жуда ёрқин, кўзга ташланадиган даражада бўлади: “Анда Кордон айди: “Эй беадаб шум, хўжангга насиҳат қилгудек бўлдингму… эма билган қўзилар икки онани эмар, эмабилмас қўзилар ўз онасини эмолмас…”363363
  Ўзбек адабиёти, 3-жилд, 1959, 530-бет.


[Закрыть]
(Гулханий).

Метафорик ирсоли масаллар. Мақолнинг умумий маъноси бир тушунчанинг метафорик ифодасига тенг келади. Масалан, Абдулла Қаҳҳорнинг “Синчалак” қиссасида “игна билан битадиган ишга жуволдиз” деган метафорик мақол келтирилган.

Тасвирий-қиёсий ирсоли масалларда мақолнинг қиёс-нисбат характери устунлик қилади. Масалан, ёзувчи Одил Ёқубов “Той минг чопса ҳам от бўлолмайди” мақолини келтирганки, унинг мазмунида таққос ва солиштириш яққол намоёндир.

Ирсоли масаллар бадиий асарларнинг барча жанрлари учун хос усулдир. Бу санъат туфайли фикр ойдинлашади, тўлалашади; эмоционаллик зўраяди; фикр узвийлиги ва мутобиқлиги ёрқинлашади. Одатда, шеърми ёки бирор насрий асарми, қайбирини ўқимайлик, улардан чиқадиган хулоса муҳимлигини ҳисобга олсак, ирсоли масал бадиий адабиётнинг ҳам олтин фонди эканлигига амин бўламиз.

Таҳдис санъати

“Қуръон” оятлари – Оллоҳ сўзидан сўнг Муҳаммад (с.а.в.)нинг ҳадислари ислом оламида ўта табаррук ҳисобланади. Шоирлар бирор муҳим фикр билдириб, унга қатъий, рад этилмайдиган далил – асос келтирмоқчи бўлсалар ҳадисга мурожаат қиладилар. Шоир байтда ўз фикр тасдиғи учун Муҳаммад (с.а.в.)нинг Ҳадиси шарифларидан бутунлай, қисман, аслича ёки таржимада ҳамда ўзлаштирма ҳолатда намуна келтирса, таҳдис санъатини қўллаган бўлади.

Дарҳақиқат, пайғамбаримизнинг ҳар бир санъат моҳияти ҳақидаги чуқур фикрларига ҳар қандай адабиётшунос ҳам тан беради. Хусусан, шеърият борасида марҳамат қиладиларки: “Инна мин аш-шеър ли ҳикматун ва инна мин ал-баёнис-сеҳран”. Абдулла Авлоний Муҳаммад (с.а.в.)нинг ана шу ҳадисларини таҳдис санъатини қўллаб қуйидагича келтиради:

Паямбар айди: “баъзи шеър – ҳикмат, баъзисидир – сеҳр”,

Амал айланг бу сўзга, ҳажву бидъатдан гапурманглар.364364
  Абдулла Авлоний, Танланган асарлар, 1-жилд, “Маънавият”, 1998, 149-бет.


[Закрыть]

Алишер Навоий байтда бировнинг бирор фикрини (халқ мақоли ёки муайян муаллиф гапини) келтириш нечоғлик муҳимлиги, бу шеърий ихтиро, поэтик мўъжиза эканлигини уқтирган. Башарият азизи – Муҳаммад (с.а.в.) ҳадисларини ҳам шеър байтига ёки мисрадаги байтга ўринли жойлай билиш бадиий санъат, муҳим маҳорат кўрсаткичидир. Сир эмаски, энг қадимги даврлардан буён Ҳадислар ўзбек мумтоз адабиёти намуналари учун маънавий ва нафосат омилидир. Адиб Аҳмад Югнакий ҳам ўзининг “Ҳибат ул-ҳақойиқ” асарида ҳақиқатлар армуғонини туркий халқларга манзур этар экан, ўша қутлуғ маънавий ҳадяда Ҳадислар ҳам катта ўрин тутган эди. Хуллас, бу ҳаётбахш адабий анъана ХХ асрнинг биринчи чоракларида ҳам давом этди.

Ҳадислар дахл этмаган адабий жанр йўқ, десак муболаға қилмаган бўламиз. Айниқса рубоийларда (“Арбаин” ёзиш анъаналари нечоғлик кенг қамровли эканлигини эслайлик), ғазал, қитъа, фард ва бошқа ўнлаб рубобий жанр намуналарида, ҳозирги замон шеъриятида ҳам ҳадисдаги амру наҳй (буюриш ва рад этиш) ҳамда ҳикматлар кўплаб учрайди. Шунинг учун ҳам бу ҳодисани илми саноеъдаги янги бир санъат: таҳдис санъати номи остида алоҳида тасниф этиш мақсадга мувофиқдир.

Алишер Навоий “Фавойид ул-кибар” девонидаги бир қитъа сарлавҳасида таҳдис санъатини қўллаб, ҳадиснинг асли ва таржимасини келтирган: “Набави ҳадис таржимасидаки “Ассуҳбату муассир” яхши суҳбат тиламак авлоким, тушкай муассир”.365365
  Алишер Навоий, МАТ, 6-жилд, 522-бет.


[Закрыть]

Мазкур девоннинг 48-қитъасини кўздан кечирсак, шоирнинг бу санъатга яна бир карра мурожаат этганига гувоҳ бўламиз:

Ҳазарта набавий ҳадиси таржимасидаким,

кун фи-д-дунё каанака ғариб аз обиру сабил

Деди ҳазрати муфҳизи коинот,

Ангаким эди ҳузнин ўксутгучи,

Ки дунёда бўлғил нечукким, ғариб

Ва ёхуд анингдекки, йўл ўткучи.366366
  Алишер Навоий, 6-жилд, 526-бет.


[Закрыть]

Ушбу мисолда ҳадиснинг асли сарлавҳада ва таржима мазмуни қитъа матнида берилган.

Алишер Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарида золим вазирларни аёвсиз қатл этиш керак, деган фикрини Муҳаммад (с.а.в.) сўзлари билан қувватлаб, ҳадиснинг аслини шеър матнида келтиради:

Шаҳ ўлтурмак авлодур ул элни бот –

Ки, дебдур набий “иқтилсо ал-муъзият”.367367
  Алишер Навоий, 14-жилд, 1998, 16-бет.


[Закрыть]

Таҳдис санъатини қўллаганда ҳадиснинг аслини келтириш матнга ўзгача тароват ва таъсирчанлик бағишлайди.

Кайф берувчи ичимликнинг мислсиз ҳалокат манбаи эканлиги пайғамбаримиз сўзларида ўзининг олий ифодасини топган. У зот майни “Уммул хабоис, яъни ёмонликлар онаси” деганлар. Шоир Абдулла Авлоний бу ҳақдаги ҳадис мазмунини ўзининг қуйидаги байти таркибига киритиб яхши таҳдис санъатини яратган:

Ичкулук “Уммул жиноят” дейдилар пайғамбарим,

Бу гуноҳлар онаси қурсин, бутун ғавғо шароб.368368
  Абдулла Авлоний, Танланган асарлар, 1-жилд, “Маънавият”, 1995, 133-бет.


[Закрыть]

Таҳдис санъати амалиётини насрий асарларда ҳам кузатиш мумкин. Алишер Навоий мунажжимлар башоратгўйлиги устидан кулиб, уларнинг ёлғончилигини Муҳаммад (с.а.в.) ҳадислари билан исботлайди:

“Кизб ал-мунажжимун” мазмуни била анинг сўзи ёлғондур.369369
  Алишер Навоий, 14-жилд, 33-бет.


[Закрыть]

Абдураҳмон Жомий Алишер Навоийнинг “қиблаву устоду пир”и эдилар. Жомий ҳазратлари 1481 йилда пайғамбаримиз ҳадисларидан қирқта олиб, уларнинг мазмунини қитъа таркибига киритиб, “Арбаин” битдилар. Устознинг форсийлар учун яратган бу маънавий ҳадясини Алишер Навоий туркий халқларга ҳам тортиқ этишга жазм қилиб, шу арбаинни таржима қилди. Шундан бир мисолга мурожаат этайлик:

“Ал жаннату таҳта ақдоми уммаҳати”

Оналарнинг оёғи остидадур

Равзаи жаннату жинон боғи.

Равза боғин висолин истар эсанг,

Бўл онанинг оёғи туфроғи.370370
  Алишер Навоий, МАТ, 16-жилд, 2000, 269-бет.


[Закрыть]

Мазкур қитъанинг биринчи байтида сарвари коинотнинг ҳадислари мазмуни берилган. Демак, “Арбаин”нинг ҳар бир бандида бир маротибадан – жами қирқ маротиба таҳдис санъати қўлланилгандир, сарлавҳада ҳадиснинг асли, матнда унинг таржима-мазмуни ўз аксини топгандир.

Таҳдис намуналарининг жуда кўплиги бу санъат моҳиятининг ҳар томонлама бой ва теран назарий фикрлар яратиш имконини берадики, унинг таснифи, бу санъатга мурожаат этган муаллифнинг услуби, ҳар бир муайян ҳолатдаги таҳдис санъатининг бадиий кашфиёт сифатида баҳолаш тадқиқотчи идрокига ҳаволадир.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации