Текст книги "Бадиият жозибаси"
Автор книги: Эркин Рахмонов
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 20 (всего у книги 27 страниц)
Тарди акс қўллашда шоирларнинг энг катта ютуғи, фикрни кескин тескари буриб юборишда зуҳур этади. Бундай ҳолатларни ўзбек мумтоз адабиёти намуналарида ҳам, ҳозирги замон ўзбек шоирлари ижодида ҳам кўплаб учратиш имкони бор.
Такрир ва тарди акс санъатлари орасида узвий алоқа бор. Чунки тарди акс такрир санъатидан келиб чиққандир. Сўз такрорларига асосланган санъатларнинг тасдир, тасбеъ, тарди акс, раддулларнинг ҳаммаси ҳам такрирдан келиб чиққан. Уларни ажратиб олиш ва янгича номлашга уларнинг байтдаги ўринларининг муайянлашуви (тасдир, тасбеъ, қайтариқ), сўзларнинг жуфтлашиб гуруҳлашуви (мукаррар, тарди акс ва акс) имкон берган. Ҳатто ҳожиб ҳам такрирнинг бир кўриниши сифатида ўрни муайянлашуви туфайли (ҳамиша қофия олдидан келгани учун) мустақил истилоҳ ва шеър унсури ҳолига келган.
Тарди акс ва такрир ҳодисалари шу даражада яқинки, айрим тадқиқотчилар сўз жуфтлиги ва ўрни алмашинишига эътибор бермасалар тарди акс санъати кўрсаткичларини такрир ҳисоблаб юборишлари ҳеч гап эмас…
Тарди акснинг фаол қўлланилишини Аҳмад Торозий ва Алишер Навоийларнинг илмий ва насрий меросларида кўрамиз. “Фунун ул-балоға”дан ўқийлик:
“Чу бу фикр фарзи айн, балки айни фарз кўрунди эрса, муддати мадид ва аҳди баид бу тааммул бирла авқот кечурдум“.613613
Аҳмад Торозий, Фунун ал-балоға, “Хазина”, 1996, 31-бет.
[Закрыть]
“Фарҳод ва Ширин” достонидан: “Фарҳод била Ширин май висолидин, балки висол майидин пурҳол, балки беҳол бўлғонлари”.614614
Алишер Навоий, МАТ, 8-жилд, 280-бет.
[Закрыть]
Тарди акс санъати намуналари XIII-XIX аср наср ва назмида кўплаб учрайдиган ҳодиса бўлиб қолмай, бу жаҳоннинг бир қанча адабиётига ҳам хосдир:
Юсуф Амирийнинг “Чоғир ва банг” мунозарасидан: “Менинг мажлисимда гоҳ аёқ бошқа қўярлар ва гоҳ бош аёққа”.615615
Муборак мактублар, 250-бет.
[Закрыть]
Муҳаммад Шариф Гулханийнинг “Зарбулмасал”идан: “Сафарда рафиқ керак. Яхши рафиқ бирла сафар қилсанг, саодат топарсан”.616616
Ўзбек адабиёти, 3-жилд, 1959, 552-бет.
[Закрыть]
“Анда Бозанда айди: “Бадахшонда лаъл маъданидур ва Яманда ақиқ конидур… Ақиқ Ямандадур ва лаъл Бадахшонда”. (Ўша асар, 532-бет.).
Урду адиби Мирзо Расвонинг “Бир хонимнинг саргузашти” романидан: “Одатда-ку, ҳар қандай эркак хотин кишининг юз-кўзи чиройли бўлса ўшани ёқтираверади, аммо аслида эркаклар ҳуснининг қадрига аёллар, аёллар ҳуснининг қадрига эркаклар етади”.617617
Мирзо Расво, Бир хонимнинг саргузашти, 1965, 283-бет.
[Закрыть]
Сайфи Саройининг “Гулистони бит турки” асаридан арабча гап:
“Ликулли амалин ражулун ва ликулли амалун”618618
Сайфи Саройи, Шеърлар. Гулистон, 1963, 149-бет.
[Закрыть]
Серб адиби Бранислав Нушичнинг “Таржимаи ҳолим”асаридан: “Айтганча, бу ҳунарнинг ёлғонида кўп ҳақиқат, унинг ҳақиқатида эса кўп ёлғон бор”.619619
Бранислав Нушич, Таржимаи ҳолим, 1970, 192-бет.
[Закрыть]
Насрдаги тарди акс ҳам худди назмдагидек: икки сўзнинг гоҳ бир гапда, гоҳ икки гапда ўзаро ўрин алмашиниб такрорланишида кўзга ташланади.
Замонавий ўзбек шоирлари ҳам тарди акс санъатидан муваффақият билан фойдаланиб келмоқдалар. Бу санъат ҳар қандай жанр ва ҳар қандай мавзуга дахл эта оладиган универсал усулдир. Чунончи, Эркин Воҳидов “Руҳлар исёни” достонида миллий ва диний низоларнинг башариятга қарши жиноят эканлигига китобхон диққатини тортар экан, тарди аксдан фойдаланади:
Мусулмонни янчар ҳинду,
Ҳиндуни эса мусулмон.620620
Эркин Воҳидов, Сайланма, 2-жилд, “Шарқ”, 2001, 193-бет.
[Закрыть]
Шоир Усмон Азим лирик қаҳрамон руҳияти чизгиларини берар экан, ёр кетган йўлларни оппоқ қор босганига ишорани ушбу санъат хизматидан фойдаланиб амалга оширади:
Сен кетган йўлларни босди оппоқ қор,
Сен қайтмас йўлларни оппоқ қор босди.621621
Усмон Азим, Сайланма, “Шарқ”, 1995, 326-бет.
[Закрыть]
Шоир ихтирокорлиги қуйидаги иккинчи байтда ўқувчининг мулоҳаза йўналишига ларза ташлайди:
Сен менинг юрагим яратган гуноҳ:
Гуноҳим яратган – танҳо худосан.622622
Усмон Азим, Сайланма, “Шарқ”, 1995, 389-бет.
[Закрыть]
Ушбу кузатишлар шундан далолат берадики, ўтмиш ва ҳозирги замон адабиётида тарди акс санъати сўзни ўймакорларча қўллашнинг бир самарали усули сифатида матн таъсирчанлигини оширувчи омил тарзида хизмат қилиб келди ва хизмат қилмоқда. Ниҳояда Сирожиддин Саййиднинг тарди аксли икки байтини илова қилишни истардик. Зеро биринчи байтда бахтиқаро ошиқнинг аянчли руҳий ҳолати, иккинчи байтда эса ҳаёт ўзгарувчанлиги фалсафаси ўзининг дилкаш талқинини топганки, бунда ушбу санъат имкониятини яна бир карра намойишини кузатамиз:
Соҳилларда йиғлар қаро тошлари,
Тошлар қаролиги бошимга тушган.623623
Сирожиддин Саййид, Куйдим, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1994, 110-бет.
[Закрыть]
Қанча райҳон хаёлларим пайхон бўлар,
Сайхонлар қир, қирлар текис сайхон бўлар.624624
Сирожиддин Саййид, Куйдим, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1994, 144-бет.
[Закрыть]
Акс – тескари деган маънони билдиради. Бироқ санъат моҳияти ўзгача: шоир бир мисра шеър ёзиб, уни икки қисмга бўлади-да, сўнг қисмлар ўрнини алмаштириб, иккинчи мисрани тиклайди. Агар акс бир байт давомида амал қилса, бир маротаба, бутун шеър бўйлаб давом этса, неча байт бўлса, шунча маротаба шу жараён такрорланади.
Акс санъатида яратилган бутун бошли шеърларнинг энг яхшиси Ҳофиз Шерозий ва Низомий Ганжавий қаламларига мансубдир. Ҳофиздан аслича ва Низомийдан таржимада намуналар келтирамиз:
Дилбари жонони ман бурд дилу жони ман,
Бурд дилу жони ман дилбари жонони ман.
Аз лаби жонони ман зинда шавад жони ман,
Зинда шавад жони ман аз лаби жонони ман.
Низомийдан:
Юз Юсуфи Канъондир, йўлларингда қурбондир,
Йўлларингда қурбондир юз Юсуфи Канъондир.
Лабларинг дурафшондир, ёқуту зиё сочган,
Ёқуту зиё сочган лабларинг дурафшондир.
Якка ўзи султондир, ҳусн эли диёринда,
Ҳусн эли диёринда якка ўзи султондир.
Сирли боқиши жондир, ошуби жаҳондир ул,
Ошуби жаҳондир ул сирли боқиши жондир.
Тан ва жонда пинҳондир ғамзаси Низомийга,
Ғамзаси Низомийга тан ва жонда пинҳондир.
Алишер Навоийнинг “Сабъаи сайёр” достонида акс санъати асосида яратилган қуйидагича байт учрайди:
Ҳар не ул бузди, бу борин тузди,
Бу борин тузди, ҳар не ул бузди.
Акс санъатини қўллаш анъанаси ХХ аср бошларида кучайиб кетди. Садриддин Айнийнинг “Инқилоб учқунлари” тўпламидаги асосий шеърлар акс санъати асосида бунёд бўлган:
Билим юртига юринг ўртоқлар,
Юринг ўртоқлар билим юртига.
Ғанимат чоқлар қўлдан кетмасин
Қўлдан кетмасин ғанимат чоқлар
сингари…
Шоир Абдулла Авлоний ҳам “Майдони саодат” номли 38 мисрали шеърни бошдан оёқ акс санъати асосида яратган. Биз Айнийнинг юқоридагидек, Авлонийнинг қуйидагидек шеърларини бу соҳадаги кашшофлик-новаторлик дейишимиз мумкин. Чунки аввалги анъанавий акс санъатидаги шеърларда муҳаббат мавзуи тараннум этилган бўлса, ХХ асрнинг биринчи чорагида битилган мазкур шеърларда эрк ва маърифат куйлангандир:
Бу саодатни биза Ҳақ верди,
Биза ҳақ верди бу саодатни.
Яша, ҳуррият, биза ёр ўлдунг
Биза ёр ўлдунг, яша, ҳуррият.
Ҳаммангиз ташланг адоватни,
Адоватни ҳаммангиз ташланг.
Қўла қўл веруб, келинг, ишлайлук,
Келинг, ишлайлук қўла қўл веруб.625625
Абдулла Авлоний, Танланган асарлар, Т., “Маънавият”, 1998, 226-бет.
[Закрыть]
Акс санъатининг яққол сезилганидан кўра, пардалангани, яширин акс санъати қўлланилгани янада яхшироқ бўлса керак. Чунончи, Жамол Камол шеърида шунақа акс санъатига дуч келамиз:
Кўнглим айтар: қилма қайғу,
Аҳли шеъру шуурсан.
Мағрурсанки маъюсдирсан,
Маъюссанки мағрурсан.
Дарҳақиқат, китобхон кейинги икки мисрада махсус санъат қўлланилганига кўп ҳам эътибор қаратиб ўтирмаса керак. Айни шундай зимдан акс санъати қўллашни Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг “Онажон” шеъридаги қуйидаги бандда кузатамиз:
Тонгда руҳсиз кўз очаман,
Қовурилар танда жон.
Онажоним, бундай қилма,
Бундай қилма, онажон.626626
Абдулла Орипов, Сайланма, “Шарқ”, 1996, 109-бет.
[Закрыть]
Бунда ҳам ўқувчи махсус диққат қилмаса, иккинчи байтда акс санъати дахлини сезмайди. Чунки матн мазмуни таъсирчанлиги китобхон фикрини тўла банд этиб олган бўлади. Сўз сеҳри поэтика соҳасидаги сирларни ўйлашга монеълик қилади, деса бўлади.
Келтирилган намуналардаги акс санъати моҳияти ҳақида шуни айтиш мумкинки, акс санъатида, аслини олганда бир байтда мисра такрорланади. Қисмларнинг ўрин алмашиниши ўқувчига мисра такрорини эмас, балки фикр таъкидини аниқроқ сездиради. Демак, бу санъатнинг бадиий жиҳатдан матнга берадиган фойдаси мазмун таъкидидан иборат. Қолаверса, сўзлараро муносабатнинг мазмунга таъсири қисмлар ўрин алмашинишида яхши намойишга қўйилади. Сўнгги мисолга мурожаат этсак, шоир байтнинг биринчи мисрасини “Онажон” ундалмаси билан бошлаган ва иккинчи мисрани ҳам “Онажон” ундалмасини такрорлаш билан якунлаган. “Онажон” сўзининг бундай тасдир ҳолатида келиши рубобий қаҳрамон илтижоси таъсир кучини зўрайтириб юборган.
Новаторлик фазилати билан биз белгилаган мисолларнинг айримлари мисра қисмларининг тенглиги билан, кейингилари мисра қисмларининг ҳижолар саноғи жиҳатидан тенгсизлиги билан диққатга сазовордир. Чунончи, яна сўнгги байтга боқсак:
Онажоним, (биринчи қисм), бундай қилма (иккинчи қисм)
Бундай қилма (биринчи қисм), онажон (иккинчи қисм).
Биринчи қисм мисралари тўрт ҳижолик; иккинчи қисм мисраларининг биринчиси тўрт ҳижо, иккинчи қисми уч ҳижоликдир.
Жамол Камол байтида ҳам айнан шундай тузилиш таркибини кўриш мумкин:
Мағрурсанки (тўрт ҳижо), маъюсдирсан (тўрт ҳижо);
Маъюссанки (тўрт ҳижо), мағрурсан (уч ҳижо).
2-БОБ. Мисра ва байт такрорларига асосланган санъатлар
Радди матлаъ санъатиРадди матлаъ атамасининг маъноси – матлаъ, яъни бошбайтни такрорлашдир. Бироқ ушбу санъат истилоҳининг луғавий маъноси мазкур усул моҳиятига татбиқ этилса, бироз тафовут кўзга ташланади. Гап шундаки, радди матлаъга мурожаат этган шоир шеърни қайси мисра билан бошлаган бўлса. ўша мисрани такрорлаб ниҳоясига етказади. Демак, радди матлаънинг моҳияти – шеърнинг боши ва охирида бир мисрани такрорлашдан иборат экан. Масалан, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бир ғазали мисолида радди матлаъ санъати зуҳурини кузатайлик:
Матлаъ:
Сочининг савдоси тушди бошима бошдин яна,
Тийра бўлди рўзгорим ул қаро қошдин яна…
Мақтаъ:
… Оёғим етгунча Бобурдек кетар эрдим нетай,
Сочининг савдоси тушди бошима бошдин яна.627627
Бобур, Девон, “Фан”, 1994, 52-бет.
[Закрыть]
Ушбу келтирганимиз беш байтлик ғазалнинг бош ва охирги байтларидир. Бу дилбар ғазалда шеърий фазилатлар жуда кўп, бироқ яққол кўзга ташланиб турадигани: шеър боши ва ниҳоясида “Сочининг савдоси тушди бошима бошдин яна” мисрасининг такрорланишидир. Дарҳақиқат, радди матлаъ санъатининг ушбу шеърга дахли ғазалдаги бош нуқтага китобхон диққатини такрор тортиш билан изоҳланади.
Радди матлаъ санъатининг маънавий-нафосат нуқтаи назаридан ва шаклий жиҳатдан талай фазилатлари бор. Чунончи:
Биринчидан, такрорланувчи мисра шеърда қолипловчи вазифани бажаради ва мазмунни бир муҳим фикр тизгинида тутиш имконини беради;
Иккинчидан, шаклан олиб қараганда мисра такрори ўзига хос бир шеърий ҳалқа яратади. Қайтарилувчи мисра гўё маржоннинг бир шакл ва тусдаги доналарини ўзида тизувчи шодага ўхшайди. Ибтидо ва ниҳоядаги бир хил оҳанг ва фикр такрори китобхон диққатини фикр ўзагига жалб этишга кўмаклашади. Оддий мисрага нукталик қимматини бағишлагандай бўлади гўё.
Радди матлаъ санъати билан зийнатланган ғазаллар бошқа шоирлар ижодида ҳам учраб туради. Қуйида шундай ғазалларнинг матлаъ ва мақтаъидан намуналар келтирамиз:
Даҳр базму айши андуҳи ғамиға арзимас,
Шарбати жонпарвари муҳлик самиға арзимас…
Истабон айш, Огаҳий, ғам бошинга келтурмаким,
Даҳр базму айши андуҳи ғамиға арзимас…628628
Огаҳий, Асарлар, 1-жилд, Девон, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1971, 229-бет.
[Закрыть]
Бизки, букун жаҳон аро кишвари фақр шоҳимиз
Бошимиз узра оҳимиз шуъласидур кулоҳимиз…
Огаҳий, бўлса тонг эмас фақр эли гар мутеимиз,
Бизки, букун жаҳон аро кишвари фақр шоҳимиз… (Огаҳий, 214-бет).
Радди матлаъ қўллашдаги таждид – янгилик шундан иборатки, ҳозирги шеъриятда бандлар асосан тўртлик ҳолида бўлганидан (мумтоз шеъриятда бандлар асосан байтлардан иборат бўлади) энди шеър боши ва охирида бир мсира такрорини эмас, балки байт такрорини кузатамиз. Чунончи, шоир Рауф Парфининг “Букун бир туш кўрдим” шеъри қуйидаги байт билан бошланади ва ўша байт такрори билан якун топади:
Букун бир туш курдим. Тушимда
Бухорода юрган эмишман.
Юксак миноралар бошимда,
Оёқларим остида гулшан.
Бухорода юрган эмишман,
Мен-ла бирга юрармиш қуёш.
Эмиш эмиш, оқар паришон
Муз асридан омон қолган тош.
Юксак миноралар бошимда,
Менга ҳасад билан боқармиш.
Асрлар бир дамдай қаршимда
Зангор олов бўлиб оқармиш.
Оёқларим остида гулшан –
Қайноқ оловларнинг давоми…
Бухоро зангори гул ушлаб,
Мени асир этди тамоман.
Ул айирди мени ҳушимдан –
Юрагимни кўрган эмишман…
Букун бир туш курдим. Тушимда
Бухорода юрган эмишман.629629
Рауф Парфи, Тасвир, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1973, 11-бет.
[Закрыть]
Ушбу мисол радди матлаънинг ҳақиқий намунасидир. Чунки бу шеърда матлаъ – шеърнинг бош байти тўласинча шеърнинг боши ва ниҳоясида такрорланмоқда. Ҳолбуки, ғазалларда матлаънинг биринчи мисраси охирги мисра бўлиб такрорланар эди, холос.
Радди матлаъ икки хил бўлади:
1) шеър ёки ғазалдаги радди матлаъ (мисранинг бош ва охирги байтдаги такрори);
2) шеърнинг ҳар бир бандидаги радди матлаъ.
Шеърнинг ҳар бир бандидаги радди матлаънинг моҳияти шундаки, Банднинг биринчи мисраси банднинг бешинчи мисраси бўлиб такрорланади. Ҳар бир банддаги мисра такрорлари ҳар хил бўлиши шарт. Чунончи, шоир Рауф Парфи уч бандлик шеърида шу усулдан фойдаланар экан, биринчи бандда:
“Чироқ. Чироқ ёнар бўзариб” мисрасини; иккинчи бандда:
“Чироқ ёнар – севимли орзу” мисрасини; учинчи бандда:
“Чироқни тинглангиз, одамлар” мисрасини банднинг биринчи ва бешинчи мисралари сифатида такрорлайди:
Чироқ. Чироқ ёнар бўзариб,
Жим. Тинглангиз унинг куйини.
У бир қўшиқ айтар дўстларим,
Саҳаргача айтар куйиниб,
Чироқ. Чироқ ёнар бўзариб.
Чироқ ёнар – севимли орзу.
Чироқ ёнар – сўнгги йўқ ҳасрат.
Севинчингиз каби ёнар у.
Чироқ ёнар – энг гўзал қисмат,
Чироқ ёнар – севимли орзу.
Чироқни тинглангиз, одамлар,
Қаршисида эгиб туринг бош.
Сизни куйлар у тонгга қадар,
То навбатни олгунча қуёш.
Чироқни тинглангиз, одамлар… (Рауф Парфи, 5-бет).
Шеър радди матлаъи бутун шеърни бир тизгинга, бир шодага солса, банд радди матлаъи шу вазифани банд доирасида бажаради. Кейингиси ҳар бир банддаги асосий фикрни уқдириш, таъкидлашни ўз бўйнига олади.
Раддул байт санъатиРаддул байт санъатининг моҳияти шеърда хоҳ тасодифий, хоҳ қонуний (мунтазам, жанр табиатига кўра такрор тақозоси) равишда байтни такрор қўллаш билан изоҳланади. Шунинг учун раддул байтнинг икки хилини ажратиш қулайдир:
1. Мушавваш – тасодифий ёки аралаш раддул байтлар.
2. Мураттаб – қонуний ёки нақоротсимин раддул байтлар.
Мушавваш – тасодиф ёки аралаш бўлсин, хоҳ мураттаб – қонуний ёки нақаротсимон бўлсин, раддул байтлар ҳамиша энг муҳим байт такрори ҳодисаси ҳисобланади. Зеро ўша, бир ёки бир неча карра такрорланиши лозим топилган байт фикрнинг муҳимлиги, шоирона, бадиий ва маънавий жиҳатдан бақувват айтилгани, асар мазмун ва ғоясига деярли мағизсифат зарурлиги билан алоҳида кўзга ташланади.
Раддул байтларнинг биринчи хили ҳар қандай шеърнинг дуч келган жойида юз беравериши мумкин. Шуниси борки, мушавваш-тасодифий раддул байтлар бир ёки икки мартадан ошмайди. Чунончи, XIX аср охири ХХ асрнинг биринчи чорагида Хоразмда яшаб ижод этган шоир Фақирийнинг “Инсоф йўқолди” шеърида:
Тийри ситам ёғилмиш,
Мардум бошиға ҳар дам.630630
Фақирий, Шеърлар, Т., 1972, 8-бет.
[Закрыть]
байти ғазалнинг бешинчи ва ўнинчи (мақтаъ) байтлари бўлиб такрор қайтарилган. Дарҳақиқат, шеърни ўқиб боқсак, шу байт шеър мавзуси ва ғояси кашфи учун яхши қўл келажаги очиқ-ойдин бўлиб қолади. Худди мана шу хулосани замонавий шоир Носиржон Жўраевнинг “Ўкинч” номли шеъридаги раддул байтга нисбатан ҳам айтиш мумкин. Ҳар банди ўн икки мисрадан иборат шеърнинг ҳар банди охирида икки байт такрорланади. Шу шеърдан парча-намуналар келтирамиз:
Илк бор севги хатини
Очган мурғак юрагим,
Ўпиб ҳар бир қатини
Тошган мурғак юрагим.
Илғаб ҳароратини
Ўсган гулбарг юрагим,
Хат олмоқ роҳатини
Сезган бешак юрагим
Энди 0бефойда, бенаф
Қоғозлар ичра ҳайфдир,
Бугун ўзим бир тараф,
Юрагим бир тарафдир!..
… Сунъий гул деб, кўзимга
Санъатни олис қилдим,
Боқмадим илдизимга –
Ҳолимни ҳолсиз қилдим,
Отамни ёлғиз қилдим,
Онамни ёлғиз қилдим,
Ўзим билмай ўзимга
Жаннатни олис қилдим.
Улар дуо тўлган кафт,
Улар туганмас тафтдир.
Бугун ўзим бир тараф,
Юрагим бир тарафдир!631631
“Китоб дунёси” газетаси, 2015 йил 24 июнь.
[Закрыть]
Мураттаб-қонуний ёки нақоротсимон раддул байтлар мумтоз ва ҳозирги замон адабиётимизнинг фақат бандли ва куплетли шеър ҳамда ашула матнларида учрайди. Ушбу нав раддул байтлар матнда тўрт каррадан бошлаб, ўн маротаба (ва ҳатто ундан ҳам ортиқ) гача қайтарилиши мумкин. Мураттаб, яъни таркибли байт такрорлари мухаммас, мусаддас, мусамман, мусаббаъ, муашшар, таржиъбанд ва соқийномаларда ҳам учрайди. Масалан, Зокиржон Фурқатнинг машҳур “Сайдинг қўябер сайёд” мусаддасида раддул байтларнинг етти такрорига гувоҳ бўламиз:
Ҳижрон ўқидин жисми кўп ёра экан мендек,
Куйган жигари бағри садпора экан мендек.632632
Фурқат, Танланган асарлар, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1975, 260-бет.
[Закрыть]
Ёки шоир Огаҳийнинг “Азиз жонга”, “Эй ёри париваш” таржиъбандларининг ҳар бирида қуйидаги байтлар етти мартадан такрорланган:
Олдурма кўнгулни бу жаҳонға,
Еткурма жафо азиз жонға.633633
Огаҳий, Асарлар, 2-жилд, Девон, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1972, 252-бет.
[Закрыть]
Раҳм айлаки, қолмади қарорим,
Чиқмоққа етушти жони зорим. (Огаҳий, 2-жилд, 257-бет).
Раддул банд санъатиРадди матлаъ – шеърнинг биринчи мисраси ёки байтини шеър сўнгида такрорлаш ҳодисаси бўлганидек, ҳозирги замон шеъриятида раддул банд – шеър ибтидоси ва интиҳосида бир бандни тўла такрорлаш ҳодисасига ҳам дуч келамиз. Бунга Рауф Парфидан бир мисол:
Яна қайтиб келдим. Чанг тушган
Йўлимизни соғиндим, она.
Том устида майсалар унган
Уйимизни соғиндим, она.634634
Рауф Парфи, Тасвир, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1973, 43-бет.
[Закрыть]
Мана шу бир банд шеър бутун шеърнинг еттинчи банди бўлиб яна бир карра қайтарилган.
Бунда лирик қаҳрамоннинг ўзи туғилиб ўсган гўшасини, гарчанд чанг тўзган бўлса-да, болаликда юрган йўлларини соғинганини, гарчанд лойсувоқ бўлса-да, “Том устида майсалар унган” ўз уйини соғинганини онасига мурожаат қилиб айтаётган изҳори муҳрланганки, унинг яна бир такрорланишида ўша соғинч, инсоний меҳр алоҳида таъкидланган ва бу таъкид китобхон руҳиятига таъсир этиб, эҳтимол унда ҳам ўзи улғайган масканга нисбатан соғинч ҳисси уйғонса ажаб эмас.
Мисра такрори. Мумтоз ва ҳозирги замон шеъриятида мисра такрори кўп учрайди. Биз бу ҳақда “Илтизом” мавзусида бир мисранинг бутун шеър бўйлаб такрорланиши хусусида сўз юритганимизда, “Радди матлаъ” мавзусида тўхталдик. Мисра такрори ҳам бошқа такрорлар сингари муаллифнинг маълум бир шеърда юзага чиқаришга интилган асосий ғоясини, рубобий қаҳрамон ҳис-туйғуларининг мағзини алоҳида таъкидлашга, ўқувчи онгига сингдиришга йўналтирилган бўлади. Сўзимизнинг исботи учун шоира Ойдин Ҳожиеванинг “Тасдиқ” шеъридаги мисра такрори устида тўхталсак:
Дунё сўраб султонлар ўтар,
Кароматли чилтонлар ўтар,
Яхши ўтар, ёмонлар ўтар,
Итлар ҳурар, карвонлар ўтар.635635
Ойдин Ҳожиева, Паноҳим, “Шарқ”, 1998,150-бет.
[Закрыть]
Беш бандлик шеърнинг ҳар банди охирида “Итлар ҳурар, карвонлар ўтар” мисраси такрорланиб келганки, бу билан муаллиф ҳар қанча қаршиликлар, тўсиқлар бўлмасин, ҳаёт ўз изида давом этаверишини, султон ҳам, чилтон ҳам, яхшию ёмон ҳам ўтишини, ҳеч нарса ҳаётнинг давомийлигига, Ҳақ қудратига тўсиқ бўлолмаслигини таъкидлаган.
Бир мисранинг шеър бўйлаб такрорида шоир Абдулла Шер юксак новаторликка эришган. “Сурмаранг соҳилларда” мисраси тўрт бандлик шеърнинг биринчи ва тўртинчи қаторларида такрорланган:
Сурмаранг соҳилларда
Қуёш ботар, тонг отар,
Ранглар ястаниб ётар
Сурмаранг соҳилларда.636636
Абдулла Шер, Гул йиллар, булбул йиллар, Ғ.Ғ.номидаги НМИУ, 2012, 58-бет.
[Закрыть]
3-БОБ. Хушжаранглилик яратувчи омиллар
Тарсеъ санъатиШайх Аҳмад ибни Худойдод Торозий туркий тилда биринчи бўлиб “Фунун ал-балоға” асарида тарсеъ ҳақида маълумот берган: “Тарсеъ – луғатта олтун, кумушга жавоҳирни ўрнатмоқни айтурлар. Ва истилоҳ бирла тарсеъ ул бўлурким, ҳар калимаким, аввалғи мисраъда келур, сўнгги мисраънинг ҳар калимасини ул калималарнинг муқобиласинда келтуруб, вазн бирла мувофиқ ва лафз бирла муттафиқ ва охир ҳарф бирла муттаҳид қилурлар” ва қуйидаги мисолни ўз ижодидан манзур этган:
Эй хидматинг фалакка эрур фарз мустадом,
Эй тоатинг малакка эрур фарз субҳу шом.637637
Аҳмад Торозий, Фунун ал-балоға, “Хазина” нашр., 1996, 84-85-бетлар.
[Закрыть]
Энг муҳим лафзий санъатлардан бири тарсеъ санъати матнда хушжаранглилик ва ифодалиликни юзага чиқарувчи; кўзга ташланиб зукко китобхон кўзини ўйнатувчи бадиият унсуридир. Зеро одатдаги байтларда мисралар сўнгидаги икки сўз (қофия) оҳангдошлиги юз берса, тарсеъ санъати дахл этган байтнинг ҳар бир мисрасидаги сўз миқдорича сўзларнинг ўзаро оҳангдошлигига эришилади.
Ушбу санъат моҳиятини ўтган асрнинг 60-йилларидаёқ “Адабиётшунослик терминлари луғати”ни тузган Ш.Абдуллаева, Ҳ.Ҳомидий, ва С.Иброҳимовалар жуда яхши ифодалаб берганлар: “Тарсеъ – классик поэзиядаги поэтик усуллардан бири бўлиб, унда мисралардаги барча сўзлар (биринчи мисрадаги сўзлар билан иккинчи мисрадаги сўзлар) бир-бирига оҳангдош, вазндош ва қофиядош бўлиб келади”638638
Адабиётшунослик терминлари луғати, “Ўқитувчи”, 1967, 219-бет.
[Закрыть]
Тарсеъ таърифини қуйидагича соддалаштириш мумкин:
Байтда остинма-устин (параллель) турган сўзларнинг барчаси ўзаро оҳангдош, вазндош қилиб тизилса тарсеъ санъати бўлади. Вазндошлик ва оҳангдошлик:
биринчидан, фақат қофиядошлик эвазига;
иккинчидан, қофия ва радифдошлик эвазига;
учинчидан, ҳожибдошлик, қофиядошлик ва радифдошлик эвазига;
тўртинчидан, такрор, қофиядошлик ва радифдошлик эвазига яратилиши мумкин.
Демак, тарсеъ санъати ўз асл луғавий маъносида инжулардаги ҳажм, ранг-тус, товланиш-жилолар уйғунлигини билдирса, шеъриятда мисралардаги барча параллель турган сўзларнинг жарангдошлиги кўрсаткичидир. Тарсеъсиз байтда икки сўз оҳангдошлиги сезилса, тарсеъли байтда барча остинма-устин турган сўзлар жарангдошлиги, яъни мисралар оҳангдошлиги ҳукм суради.
Алишер Навоийнинг “Лайли ва Мажнун” достонидаги қуйидаги байт тарсеъ билан зийнатланган бўлиб, учтадан олтита сўз оҳангдошлиги кузатилади:
Рухсорида ламъаи малоҳат,
Гуфторида нашъаи фасоҳат.639639
Алишер Навоий, Лайли ва Мажнун, ДБАН, Т., 1958, 36-бет.
[Закрыть]
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг қуйидаги байтида эса олтитадан ўн икки сўз ўзаро оҳанг муштараклиги билан диққатга сазовордир:
Сендек менга бир ёри жафокор топилмас,
Мендек сенга бир зори вафодор топилмас.640640
Бобур, Девон, “Фан”, 1994, 30-бет.
[Закрыть]
Байт таркибида радифдошлик (топилмас-топилмас), қофиядошлик (жафокор-вафодор, ёри-зори, менга-сенга, сендек-мендек) ва ҳожибдошлик (бир-бир) оҳангдошлиги тарсеъ санъатини бунёд этишга асос бўлган.
Атоуллоҳ Ҳусайний “Бадоеъ ус-саноеъ” асарида: “Тарсеъ – …андин иборатдурким, икки бўлак каломнинг, хоҳ назм бўлсун, хоҳ наср, ҳар бўлагидаги ҳар бир лафз иккинчи бўлагидаги анга муқобил лафз била вазнда тенг бўлғай ва охирги ҳарфга мувофиқ ёки яқин бўлғай. Баъзилар яқинликни ҳам шарт қилмаптурлар”641641
Атоуллоҳ Ҳусайний, “Бадойиъу с-санойиъ”. Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1981, 35-бет.
[Закрыть] дея тарсеъга таъриф берар экан, мисол тариқасида Алишер Навоийнинг қуйидаги байтини келтирадики, бунда ҳар мисрада еттитадан, байтда ўн тўртта сўз ўзаро оҳангдошлик туфайли тарсеъ санъатини юзага келтирган:
Чунон вазид зи бўстон насими фасли баҳор
К-аз он расид ба ёрон шамими васли нигор.
ва байт хусусида “беназиру дилпазир абётидин” эканлигини таъкидлаган.
Эслатма. Бизнинг назарий талқинларимизда биринчи ва иккинчи мисрадаги сўзлар миқдори тенглиги ва уларнинг оҳангдошлиги тақозоси қайд этилган. Атоуллоҳ Ҳусайний қарашларида ҳам шундай тушунча бор. Амалиётда эса. алоҳида ёзиладиган боғловчи ва кўмакчилар инобатга олинмаганидек (Навоийнинг юқоридаги байтидаги “зи” ва “ба”га эътибор берайлик), остинма-устин турган сўзларнинг рукн тарзидаги параллель оҳангдошлиги инобатга олинади (Аҳмад Торозий байтидаги параллель рукн: “мустадом”-“субҳу шом”). Мазкур эслатма ҳисобга олинмаса, айрим тарсеъ намуналарига нисбатан китобхонда шубҳа уйғониши мумкин.
Навбатдаги эслатма. Оҳангдошлик тушунчаси ҳамиша ҳам қофиядошлик маъносида келавермайди. Айниқса нуқсонли тарсеъларда буни аниқроқ кўриш мумкинки, бунда оҳангдошлик тушунчасида вазндошлик назарда тутилади. Масалан, қуйидаги байтда параллель сўзларнинг иккинчи, учинчи, тўртинчи ва бешинчиси ўзаро тўқ қофия билан ҳамоҳанглик яратган бўлишларига қарамай, биринчи сўзлар (“эй”, “ҳар”) қофиядошликдан маҳрум, фақатгина вазндошдирлар:
Эй юзунг буржи фасоҳат ахтари,
Ҳар сўзунг дуржи сабоҳат гавҳари.642642
Ўзбек адабиёти, 1-жилд, БАН, Т., 1959, 256-бет.
[Закрыть]
Ушбу мисолда ҳам, аслида мулоҳаза қилинса, биринчи эслатмадаги фикрлар амал қилаётгани билинади.
Бундай қараш Атоуллоҳ Ҳусайний китобида ҳам кенг ёритилган ва Рўдакийдан келтирилган байтда параллель сўзлардан учтадан олтитаси қофиядош ҳолатда эмас:
“Билмак керакким, кўмакчиларнинг такроридан, хоҳ назмда, хоҳ насрда, ҳеч хавф йўқтур. Назмда радиф учун бўлган такрорнинг ҳам хавфи йўқтур, чунончи Рўдакий дейтур:Кас фиристод ба сатр андар айёр маро,
Ки, макун ёд ба шеър андар бисёр маро.
Буни бу фан арбоблари (бадеъшунослар – В.Р.) тарсеъ қабилидин деб билиптурлар”.643643
Атоуллоҳ Ҳусайний, “Бадойиъу с-санойиъ”. Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1981, 256-бет.
[Закрыть]
Шунинг учун қуйидаги байтни ҳам тарсеъ санъати асосида бунёд топган, дейилса, шубҳаланмаслик керак:
Кўзунгтек фитна йўқ даври қамарда,
Лабингтек таъма йўқ қанду шакарда.644644
Атойи, Девон, “Фан”, 2008, 28-бет.
[Закрыть]
Турк олими Лутфи Байрақтутаннинг шоир Шайхийдан келтирган қуйидаги ҳикматга бой байтида ҳам остинма-устин келган “мулк” ва “илм” сўзлари қофияда бўлмаса-да, байт тарсеъ тарзида қаралган:
Бақои мулк адлу илмдандир,
Вафои илм ақлу ҳилмдандир.645645
Лутфий Байроқтутан, Адабий санъатлар, Баикесир, 1998, 223-бет.
[Закрыть]
Бундай “қофиядош эмаслик” ҳолатлари байт сўнгида ҳам келиши мумкин. Масалан, Рашидиддин Ватвотнинг тарсеъга келтирган мисол-қасидасидан бир байт:
Бўстонест садри ту зи наъим
Осмонест қадри ту зи жалол.646646
Шамси Қайси Розий, “Ал мўъжам”, “Адиб”, Душанбе, 1991, 270-бет.
[Закрыть]
“Ад мўъжам” китобида келтирилган бу шеърнинг тўққиз байтида ана шундай параллель қофиясизлик бўлса-да, шеър тўласинча тарсеъ санъати намунаси ҳисобланган.
Тарсеъ санъатини шартли равишда қуйидагича тасниф этиш мақсадга мувофиқдир:
Биринчиси – сара терсеълар;
Иккинчиси – тўлақонли, мукаммал тарсеълар;
Учинчиси – нуқсонли тарсеълар.
Сара тарсеълар деб махсус ажратилиши боислари қуйидагилар билан изоҳланади:
а) сара тарсеъларда остинма-устин турган сўзлар фақат қофиядош ҳолатда бўлади;
б) биринчи мисрадаги сўзлар билан иккинчи мисрадаги сўзлар миқдори тенг бўлади;
в) параллель турган сўзлар вазндош бўлади.
Сайфи Саройининг қуйидаги байти 1972 йилдан буён (ўша йили “Шеър санъатлари” рисоласида биринчи бор мисол тариқасида олинган) поэтикага бағишланган рисола, мақола ва тадқиқотлардан ўрин олиб келмоқда:
Қамар юзунгдин бўлур мунаввар,
Шакар сўзунгдин келур мукаррар.647647
Сайфи Саройи, Шеърлар. Гулистон, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1968, 31-бет.
[Закрыть]
Ушбу ҳол икки нарса билан изоҳланади: биринчидан, сара тарсеълар жуда оз учрайди; иккинчидан, олимларимизнинг бу соҳага чуқур киришмаганликлари ва кўплаб манбага тарсеъ излаш маъносида назар ташламаганликлари боисдир. Сара тарсеъларга, айниқса, ўзбек мумтоз адабиёти жуда бой. “Лайли ва Мажнун” достонидан мисоллар олайлик:
Ваҳдат гуҳарин элига олғон,
Узлат камарин белига чолғон.648648
Алишер Навоий, МАТ, 9-жилд“, Фан”, 1992, 31-бет.
[Закрыть]
Сўздек топибон асоси маҳкам,
Кўздек кийибон либоси мотам. (9-жилд, 143-бет).
Рухсорида лаъмаи малоҳат,
Гуфторида нашъаи фасоҳат. (9-жилд, 62-бет).
Сара тарсеълардаги мисрада уч сўз бўлса – мусаллас қофия, тўрт сўз бўлса – мураббаъ қофияга ҳам яхши намуна бўла олади. Чунончи, биринчи мисолимиз мураббаъ қофия намунасидир: ваҳдат-узлат, гуҳарин-камарин, элига-белига, олғон-чолғон. Иккинчи байтда ҳам айни шундай таркиб такрорланган. Сўнгги байт эса, мусаллас қофия намунаси бўлиб, учтадан олтита сўз оҳангдошдир.
Тўлақонли, мукаммал тарсеъларга келсак, мумтоз поэтикага бағишланган китобларнинг барчасида келтирилган мисоллар, Аҳмад Торозий ва Алишер Навоий эътиборларига тушган тарсеъ намуналари ҳам ушбу усулнинг мазкур навига мансубдир:
Мантиқийдан:
Бар саховати ў Нилро бахил шумор,
Бар шужоати ў пилро залил шумор.649649
Шамси Қайси Розий, “Ал мўъжам”, “Адиб”, Душанбе, 1991, 270-бет.
[Закрыть]
Рашидиддин Ватвотдан:
Эй мунаввар ба ту нужуми жалол,
В-эй мукаррар ба ту русуми камол.650650
Атоуллоҳ Ҳусайний, “Бадойиъу с-санойиъ”, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1981, 14-бет.
[Закрыть]
Дарвеш Мансурдан:
Бас давидам дар ҳавои васли ёр,
Кас надидам ошнои асли кор.651651
Алишер Навоий, МАТ, 13-жилд, Мажолис ун –нафоис, “Фан”, 1997, 40-бет.
[Закрыть]
Тўлақонли, мукаммал тарсеълар тузилишига келсак:
Биринчидан. Бундай тарсеъларда қофиядошликдан ташқари такрор ва радифдошлик ҳам бўлади:
Борча ўғлонлари ёғи эдилар,
Борча султонлари боғи эдилар.652652
Муҳаммад Солиҳ, Шайбонийнома, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1989, 290-бет.
[Закрыть]
Байтдаги “эдилар” – радиф; “ёғи-боғи”– қофия; “борча” – такрор сўзлардир.
Иккинчидан, тўлақонли, мукаммал тарсеълар фақат қофия ва радифдан иборат бўлишлари ҳам мумкин:
Олишиб қалъани биз сақлағоли,
Солишиб қалъани биз сақлағоли. (“Шайбонийнома”, 80-бет).
Байт таркибидаги “олишиб-солишиб” – қофия; қолган барча параллель сўзлар радиф.
Учинчидан, тўлақонли, мукаммал тарсеълар фақат ҳожиб ва қофиядан ҳам иборат бўлишлари мумкин:
Бир нуқтада пириллаб,
Бир нуқтада чириллаб.653653
Миртемир, “Тўрғай” шеъридан, “Адабиёт”, 5-синф.
[Закрыть]
Тўртинчидан, тўлақонли, мукаммал тарсеълар зулқофиятайн, ҳожиб ва радифдан таркиб топган бўлиши мумкин:
Ҳаёсиздин асло вафо истама,
Вафосиздин асло ҳаё истама.654654
Огаҳий, Асарлар, 2-жилд, Девон, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1972, 375-бет.
[Закрыть]
Бу мисолимизда тарди акс санъати ҳам қоришиқ ҳолда келган.
Бешинчидан, тўлақонли, мукаммал тарсеълар мусаллас қофия ва радифдан ҳам иборат бўлиши мумкин:
Ўзни ёндоштуруб ўзунг бирла,
Сўзни чирмоштуруб сўзунг бирла.655655
Бобур, Девон, “Фан”, 1994, 122-бет.
[Закрыть]
Шоир Муҳаммад Юсуфни бу соҳада жиддий новаторлик кўрсатган дейиш мумкинки, унинг “Кўнглимда бир ёр” тўпламидан қуйидаги байтни олайлик:
Бургутларнинг боши эгилган ерга,
Булбулларнинг ёши тўкилган ерга.656656
Муҳаммад Юсуф, «Кўнглимда бир ёр”, 1991, 23-бет.
[Закрыть]
Замонавий шеъриятда бундай синчковлик билан биринчи мисрадаги сўзларни иккинчи мисрадаги сўзларга қофиядош қилиб тизиш ва заррача сунъийликка йўл қўймасдан тўлақонли, мукаммал тарсеъли байт бунёд этиш учун жуда катта маҳорат ва қунт керак эдики, биз буни юқоридаги байт мисолида кузатдик.
Олтинчидан, бундай тарсеълар мураббаъ қофия, ҳожиб ва радифдан ҳам тикланиши мумкин:
Сендек менга бир ёри жафокор топилмас,
Мендек сенга бир зори вафодор топилмас.657657
Бобур, Девон, “Фан”, 1994, 30-бет.
[Закрыть]
Байтда тўрттадан саккизта сўз ўзаро қофиядош, орадаги “бир-бир” эса ҳожиб; “топилмас” сўзи – радифдир.
Ҳозирги замон шеърияти вакиллари ҳам сўз билан заргарона муносабат сирларини теран эгалламоқдалар. Усмон Азимнинг қуйидаги тўлақонли, мукаммал тарсеъ га намуна бўладиган байти зулқофиятайн, ҳожиб ва радиф асосида яратилган:
Тахтли кўнгил – фақир бўлгин,
Бахтли кўнгил – ҳақир бўлгин.658658
Усмон Азим, Сайланма, “Шарқ”, 1995, 220-бет.
[Закрыть]
Муҳаммад Юсуфнинг қуйидаги байти ҳам Усмон Азим сеҳргарлиги билан мусобақага тушгандай китобхонни ўз тузилма таркиби билан мамнун этади:
Анор сенинг юзларинг сулув,
Хумор сенинг кўзларинг сулув.659659
Муҳаммад Юсуф, Сайланма, “Шарқ”, 2000, 10-бет.
[Закрыть]
Зеро, “анор-хумор, юзларинг-кўзларинг” – зулқофиятайн; “сенинг-сенинг” – ҳожиб, “сулув-сулув” сўзлари радифдир.
Нуқсонли тарсеъларда остинма-устин турган сўзларнинг айримлари қофиядош бўлмаслиги мумкин. Бироқ тарсеъ учун моҳиятини белгиловчи хусусият – оҳангдошлик-вазндошлик тарсеънинг бу навида сақланади. Масалан:
Қиш олдоротиб ҳумуми элни,
Ёз элпоротиб самуми елни.660660
Алишер Навоий, МАТ, 9-жилд, “Фан”, 1992, 54-бет.
[Закрыть]
Лаъли лаби нўшханд бўлди,
Нахли қади сарбаланд бўлди. (9-жилд, 71-бет).
Ҳар кун яна бир тараф хироми,
Ҳар тун яна бир даман мақоми. (9-жилд, 148-бет).
Замонавий шоирларимиз ҳам тарсеънинг ўзига хос хусусиятларини зукколик билан идрок этиб, ўз ижодларида шундай тарсеъларнинг ўта ажойиб намуналарини яратишганки, улардан айримларини келтирамиз. Абдулла Шердан:
Кўзим артармидим, гардлар бўлмаса!
Қўшиқ айтармидим дардлар бўлмаса!661661
Абдулла Шер, Гул йиллар, булбул йиллар, Ғ.Ғ.номидаги НМИУ, 2012, 18-бет.
[Закрыть]
“Кўзим-қўшиқ” сўзлари қофиядош бўлмаса-да, оҳангдошлик-вазндошлик хусусиятига эга.
Эркин Воҳидовдан:
Элга очдим қучоқларимни,
Елга сочдим хуш чоқларимни. 662662
Эркин Воҳидов, Сайланма, 2-жилд, “Шарқ”, 2001, 54-бет.
[Закрыть]
Сирожиддин Саййиддан:
Гул билан гул ўртасида сирли лабхандлар керак,
Дил билан дил ўртасида меҳрпайвандлар керак.663663
Сирожиддин Саййид, Ватан абадий, “Шарқ”, 2001, 64-бет.
[Закрыть]
Мисоллардан аёнки, параллель мисраларда “қучоқларимни” – “хуш чоқларимни”, “сирли лабхандлар – меҳрпайвандлар” сўзлари, гарчи улар бирга икки сўз нисбатида турган бўлсалар-да, аниқ вазндошлардир, Шунинг учун бу байтлар ушбу санъатнинг яхши намуналаридир.
Замондош шоирларимизнинг шаклий оҳорлилик соҳасидаги изланишларидаги янгиликларидан бирини қайд этишни истардик: мумтоз адабиётда ўта сийрак учрайдиган – икки мисранинг эмас, уч мисранинг оҳангдошлиги ҳодисаси ҳам бот-бот учраб туради. Мирза Кенжабоев ижодидан бунга мисол:
Малак, сенинг малаклигинг ёлғон экан,
Фалак, сенинг фалаклигинг ёлғон экан,
Юрак, сенинг юраклигинг ёлғон экан,
Сенга бошқа самолардан кимдан сўрай?664664
Мирза Кенжабоев, Муножот, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1986, 25-бет.
[Закрыть]
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.