Текст книги "Бадиият жозибаси"
Автор книги: Эркин Рахмонов
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 23 (всего у книги 27 страниц)
Тажзия шеърнинг хушжаранглилик фазилатларига мансуб ифодалилик воситасидир. Тажзия сўзи арабча “жузъ – парча” деган сўздан ясалган бўлиб, парчалар ва парчалаш тушунчаларини беради. Матнда тажзия санъати кузатилганда мисра, байт ёки бутун шеър мисраларини махсус ритмик бўлакларга бўлиб ўқиш назарда тутилади.
Мумтоз поэтика мутахассислари тажзиянинг фақат бир хили – қисқа мисрали, рукнлари оз бўлган ихчам байтларни ритмик жиҳатдан парчалаб ўқиш жараёнидан воқиф этишган, холос. Гап шундаки, ихчам мисраларнинг ҳар бирини атайлаб икки қисмга бўлиб, сезиларли пауза бериш шеър равонлигини жуда зўрайтириб юборади. Бугина эмас, бу усулни қўллаган шоир атайлаб ифодалиликнинг муҳим ҳаракатлантирувчи кучини ишга солаётганини билган. Чунки қисқа ўлчовли мисраларда бу ишни амалга ошириш ғоят қийиндир. Чунончи:
Эй юзи насрин, қомати шамшод,
Неча қилурсен жонима бедод?
Сен каби пуркор, шеваси бисёр,
Билмади, эй ёр, ҳеч киши ёд.
Жаврда нодир, зулмда моҳир,
Ишвада қодир, ғамзада устод.
Ёр ғамидин, ҳажр аламидин
Сабр камидин нолау фарёд.
Бобури бедил, эй бути қотил
Жаврунга мойил, зулмунга муътод.738738
Бобур, Асарлар, 1-жилд, Девон, 1965, 50-бет.
[Закрыть]
Ёки:
Ошуби жони, шўхи жаҳони,
Бе эътиқоди, номеҳрибони.
Гоҳам навози, гоҳам гудози
Гоҳи чунини, гоҳи чунонем.
Аз ту сабури кардан, нигоро
Натвон валекин ту метавони.
З-ин сон ки дори аз хеш дурам,
Гар мирам аз ғам, аз ман надони.
Гуфтам: нисорат созам дури ашк,
Гуфто: чи гўям дур мечакони.
Бо ту чи монад Хизру Масеҳо,
Умре ту ҳаргиз бокас намони.
Гар аз Камол, эй Мунис малули,
Гуфтам зи пешат, бурдам гарони.739739
Камоли Хўжанди, Мунтахабот, Душанбе, 1960, 289-бет.
[Закрыть]
Ушбу ғазалларни ўқиганда уларнинг ҳар мисраси икки мисрадаек туюлаверади. Бу ҳолат талаффуз яратган ритмга мувофиқ содир бўлади. Мана қаранг:
Эй юзи насрин,
Қомати шамшод.
Неча қилурсен
Жонима бедод?…
Ёки:
Ошуби жони,
Шўхи жаҳони.
Бе эътиқоди,
Номеҳрибони…
Ғазалларнинг тузилишига зеҳн солсак, тажзияни вужудга келтирган воситалар кўзга ташланади: ўзбек тилидаги ғазал ички қофиялар ва чорбаҳра санъати дахли туфайли тажзия усулини рўёбга чиқармоқда. Чунки ички қофиялар ўз иштироки билан ҳар бир мисрани албатта иккига бўлади, бу бўлинишлар гоҳ гаплар тарзида, гоҳ ритмик бутунликлар тарзида юзага чиқади.
Юзаки қараганда, Бобур ғазалидаги тажзия яратган унсурлар Камол Хўжандий ғазалида ҳам бордай туюлади. Бунинг боиси биринчи ва учинчи мисралардаги тўлиқсиз ички қофиялар иштирокидир. Аслида эса, тожик тилидаги ғазалда тажзияни вужудга келтирган нарса ритмик бутунликлар, талаффуздаги ифода зарбларидир. Масалан:
Аз ту сабури кардан, нигоро
Натвон, валекин ту метавони
байтини олсак, мисраларни парчалайдиган на ички қофия, на чорбаҳра санъати учрайди. Ҳолбуки, матнни ўқиганимизда, барибир, бир мисра ўз-ўзидан икки ритмик бутунликка бўлинади:
Аз ту сабури
Кардан, нигоро,
Натвон, валекин
Ту метавони…
Тажзияларнинг бошқа навлари байт ва мисрадагина амал қилишлари билан характерланади. Чунончи, байт тажзиясини кўрайлик:
Васл субҳи-ю сафолар анда,
Ҳажр шоми-ю балолар анда.740740
Мунис, Сайланма, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1980, 35-бет.
[Закрыть]
Тажзиялар шеър бўйлаб ва байт давомида амал қилганида ҳар бир мисра иккига бўлинаверади. Мисра тажзияларида эса ритмик бутунликлар саноғи кўпроқ, асосий ҳолатларда уч ёки тўртта бўлади. Мисра тажзияларининг моҳияти шу нуқтаи назардан мутлақо ўзгачадир. Масалан:
Моли вофир, эли кофир, йўл ёвуқ,
Шарқ сори гар йироқтур, ул ёвуқ.741741
Бобур, Асарлар, 3-жилд, Бобурнома, 1966, 232-бет.
[Закрыть]
Ушбу мисолдаги мисра тажзия байтининг дастлабки қаторини уч ритмик даврга тақсимламоқда. Гўё бир мисра уч мисрасимон туюлмоқда. Бу мисол байт тажзияси оҳангига яқинроқ, уйғунроқдир. Бундаги ритмик бўлиниш кескин ва ўйноқи эмас, балки юмшоқ паузалар билангина зоҳир бўлаётир. Мисра тажзиясининг энг кўп учрайдиган хили – тўрт ритмик даврлидир:
Жаври ёр, андуҳи ҳижрон, дарди дил, бедоди ишқ.
Не балолардур ҳужум айлаб бу маҳзун устида.742742
Мунис, Сайланма, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1980, 53-бет.
[Закрыть]
Мазкур мисра тажзияси ритмик даврларнинг нотекислиги-узун-қисқа бутунликларнинг аралашлиги билан характерланса, қуйидаги байтнинг иккинчи мисрасидаги товуш бўлинишларининг бир хил зарбли, бир текисда такрорланиши диққатимизни ўзига жалб этади:
На сўрғунг, зоҳид, аҳволингки анинг фикрию зикри,
Такаббурдур, тафаръундур, таҳашшумдур, тааззумдур.743743
Огаҳий, Асарлар, 1-жилд, Девон, 1971, 165-бет.
[Закрыть]
Мисра ритмик тажзияларининг мазкур мисолдаги каби намуналари ифодалиликнинг ғоят бақувватлиги, махсус, энг кучли зарблар қабул қилиш каби фазилатлари билан чекланмайди. Муҳими шундаки, мумтоз шоир шеърда товуш полифониясига эришиш учун ҳозирги замон верлибрчилари (эркин шеър ижодкорлари) қўллаётган усулни қисман бўлса-да, тажрибадан муваффақиятли ўтказа олганлар. Зотан:
Такаббурдур, тафаръундур, таҳашшумдур, тааззумдур
мисрасини китобхон ғазалнинг одатдаги мисралари каби равон ўқиб кета олмайди; у ўз-ўзидан мисрани зинапоячаларга бўлиб, қатъий ритмик зарблар бериб ўқийди:
Такаббурдур,
тафаръундур,
таҳашшумдур,
тааззумдур.
Ушбу парчалар жараёнига ҳисса қўшган яна бир усулни ҳам кўздан қочирмаслик лозим: у – “т” ундошининг тўрт карра сўз бошидаги такрорига асосланган тарзеъ ҳодисасидир. Сезиляптики, ўрнига кўра тавзеъ ва тавтограмма ҳам тажзия санъатига кўмакчилик вазифасига қодирдир. Бу ҳол бежиз эмас, албатта, чунки қатор турган сўзлар бир хил ҳарфлар билан бошланган кезлар ўқувчи худди, сўзларни доналаб санаётгандек, сўзлараро сезиларли пауза ва хиёл зарблар беришга мажбур бўлади. Бошқача қилиб айтганда, ибтидосида бир хил ҳарфлар бўлган сўзлар, аралаш-ҳар хил сўзларнинг зич товуш алоқасига зид ўлароқ, маълум масофа, йироқлик талаб қилади, улар бир-бирига уланмайди, аксинча, бир-бирини “ётсирайди”.
Тавзеъ (Аллитерация) санъатиТавзеъ атамаси араб тилидан олинган бўлиб. айнан ўгирсак, ҳарфдошлик; бадиий нутқда ифодалиликни зўрайтиришга сафарбар қилинган нафосат усулидир. Тавзеъ санъатидан асосли воқиф бўлиш учун уни ҳар томонлама тасниф қилишга тўғри келади:
1. График-шаклий ёки ҳарфий тавзеълар. Бундай тавзеълар гап, мисра ва байт давомида бир хил ҳарфларни кўплаб қўллаш туфайли яратилади. Бу хил тавзеъларнинг ўзига хос хусусияти – бир хил ҳарфлар кўп ишлатилганига қарамай, улар талаффузда алоҳида сезилиб турмайди. Уларни илғашда ҳарфлар сўз ўртасида келиши билан ҳам характерланишини назардан қочирмаслик керак.
Гапдаги тавзеъларнинг унлилар (ассонанс) уйғунлиги ва ундошлар жарангдошлиги (консонанс) га асосланган хилларига айрим намуналар келтирамиз.
Сайфи Саройи таржимасидаги “Гулистон” асаридан олинган қуйидаги байтнинг иккинчи мисрасига зеҳн солсак, унда бир эмас, олтита “у” иштирокини кўрамиз. Лекин, эслатилганидек, бунда “у” ҳарфи товуш ифодасининг яхши сезилмаслигини уқдиргимиз бор:Кишига қилма шикоят жаҳондин, эй дарвеш,
Туруб юруб қиладур шукри неъмати мавло.744744
Сайфи Саройи, Шеърлар, Гулистон, 1968, 228-бет.
[Закрыть]
Матнда бир хил ҳарфларнинг кўплаб такрори кўзга алоҳида ташланишига қарамай, талаффузда қулоққа яхши чалинмаганидан тавзеъларнинг бу навини ҳарфий деб махсус ажратдик.
2. Орфоэпик – товуш уйғунлиги тавзеълари. Бу хил товуш муштараклигини талаффуз тавзеъси атамаси билан белгиласак тўғрироқ бўлар. Зеро, талаффуз тавзеъларига жумла, мисра ва байтда бир хил товушлардан атайлаб кўп фойдаланиш орқали эришилади. Орфоэпик ёки товуш уйғунлиги тавзеълари ҳам ўз навбатида иккига бўлинади:
а) унлилар уйғунлигининг талаффузи тавзеълари;
б) ундошлар муштараклигининг талаффуз тавзеълари.
Ҳарфий тавзеъ сўзлар орасида келса, талаффуз тавзеъсининг ҳар иккала нави асосан бир хил ўринда: сўз бошида ёки охирида туради.
Тавзеъларнинг бундай таснифи қатъий эмас. Чунки матнларда кўпинча ҳарф уйғунлигининг ҳар иккала қисми аралаш ҳолатда ҳам содир бўлиши мумкин. Масалан:
Бунда тарқоқ, қўрқоқ қишлоқлар,
Бир коллектив қилиб бемалол…745745
Усмон Носир, Танланган асарлар, 1-жилд, 1969, 15-бет.
[Закрыть]
Байтнинг биринчи мисрасида еттита “қ” ундоши бўлиб, уларнинг айримлари сўзни бошлаган, айримлари якунлаган ва баъзилари сўз ўртасида келгандир.
Талаффуз тавзеъларига намуналар: а) сўзни бошлайдиган ундошларнинг талаффуз тавзеъларидан “д” ундоши:
Янгоғи сайрулара олма сотар,
Дудоғи дардийларнинг дармонидур. (Сайфи Саройи, 11-бет).
“к” ундоши:
Кўк кўлга ботти жумла кавокиб кабутари. (Сайфи Саройи, 20-бет).
“т” ундоши:
Топиб Турсунбою Турдинисони,
Босилиб, тўхтар эрмиш бегумон сув.746746
Дилшод, Танланган асарлар, 1972, 59-бет.
[Закрыть]
“қ” ундоши:
Қопудагини қопмаса,
Қаригунча қайғурар.747747
Бобур, Асарлар, 2-жилд, “Бобурнома”, Тошкент нашр, 1965, 108-бет.
[Закрыть]
“й” товуши:
Одам кўпми, ҳовур билан чироғи хира?
Ёки ўти ёғсираган, ёғи йўқ сира?748748
Усмон Носир, Танланган асарлар, 1-жилд, 1969, 28-бет.
[Закрыть]
Тавзеълар белгиланаётганда қоришиқ ҳарфларга ҳам ишора қилинган бўлса, қоришиқ ҳарфнинг назарда тутилган қисминигина ҳисобга олмоқ керак. Масалан, я, ю, ё, е каби қоришиқ ҳарфларнинг ҳар бири икки товушдан (я-йа, ю-йу, ё-йо, е-йе) иборатдир. Ундошлар тавзеъсида қоришиқ ҳарфларнинг биринчи ундош қисми, унлилар тавзеъсида эса қоришиқ ҳарфларнинг иккинчи унли қисми товуш уйғунлигига жалб этилганлиги назарда тутилади. Буни аниқроқ тасаввур этиш учун юқоридаги “й” товуши тавзеъсига мурожаат қиламиз. Матнда “й” товушлари тўрт марта келтирилган бўлиб, унинг биттасигина “йўқ” сўзидагиси мустақил кўриниб турипти, учтаси қоришиқ ҳарфлар таркибидадир. Бу мисоллардан “й” товушини яхши илғай олиш учун, амалдаги имлога зид бўлса-да, матнни қуйидагича ифодалаймиз:
Йоки ўти йоғсираган
Йоғи йўқ сира?
б) ички қофиясимон, сўзлар сўнгидаги товушлар тавзеъси:
Эй Фарғона!
Мушкул кунлар боласини
Тишида тишлаб
“б”: Ювиб,
тараб,
севиб,
ўпиб,
қучиб,
опичлаб,
Эй бахтларни балоғатга
етказган она!749749
Ҳамид Олимжон, Асарлар, 5 жилдлик, 1-жилд, Тошкент, 1970, 158-бет.
[Закрыть]
в) Ундош товушларнинг сўз ўртасидаги ўринларига кўра тавзеъси:
“қ”: Бу одамки,
у юракда,
от ўйнатиб,
кураш-жангларда
Туёқлардан чақмоқ чақиб,
тўзон-чангларда… 750750
Усмон Носир, Танланган асарлар, 1-жилд, 1969, 28-бет.
[Закрыть]
“ғ”: Игнадек доғ ўрнаса бу кишвари Фарғонага,
Чўғ босгум доғ солғон ҳамма бармоқ устина.751751
Дилшод, Танланган асарлар, 1972, 61-бет.
[Закрыть]
г) Сўзлар такрори натижси ўлароқ ҳосил бўладиган ундошлар тавзеъси:
Юрагида сен излаган оҳанг бор, -
У беғубор, у беғубор, беғубор!752752
Абдулла Шер, Гул йиллар, булбул йиллар, Ғ.Ғ.номидаги НМИУ, 2012, 29-бет.
[Закрыть]
Сўзлар такрори тавзеъларида қуйидагидек ўзаклар такрори ҳам бўлиши мумкин:
Бу сифатлиғ нигори зебодин,
Дилбару, дилкашу дилородин…753753
Огаҳий, Асарлар, 2-жилд, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1972, 300-бет.
[Закрыть]
д) Тавзеъли сўзлар деб аталадиган ундошлар тавзеъси ҳодисалари ҳам бор. Бунда бир сўзнинг ўзида иштирок этган ундош товушлар уйғунлиги назарда тутилади, холос. Тавзеъли сўзлар уйғун ундошлар иштирокига кўра икки хил бўлади:
биринчидан, икки ундош товуш қатнашган тавзеъли сўз:
Теваракка сас бериб завод,
Тонгда гудогини чоладир754754
Усмон Носир, Танланган асарлар, 1-жилд, 1969, 15-бет.
[Закрыть]
Темир қозиқ қоқиб қўйиб
Анча тепага… бораётир. (Усмон Носир, 49-бет).
Иккинчидан, уч ундош товуш қатнашган тавзеъли сўз:
Бунда тарқоқ қўрқўқ қишлоқлар,
Бир коллектив қилиб бемалол… (Усмон Носир, 15-бет).
е) махсус тавзеъ – сўзлар ҳам бўлиб, улар акс-садо товушлари ифодаларидир. Бундан тавзеълар ўқишдаёқ ўзларининг акс-садога мойиллигини намойиш этади. Илм аҳли бундай сўзларни махсус ажратганда уларнинг акс-садосини назарда тутишган. Масалан, бонг дейилгандаёқ гўё темирни темирга урганда чиқадиган бонг ёки гудок товуши китобхон хотирасида жонланади:
Буни талаб қилаётиб
Жар урилган бонг. (Усмон Носир, 46-бет).
Демак, махсус тавзеъ сўзлар белгиланганда ўша сўзларга муштарак товушли сўзлар матнда берилмай, акс-садо назарда тутилган бўлади, холос.
Талаффузга мансуб тавзеъларни контекстдан илғай олишга келганда шуни айтиш керакки, унли товушлар тавзеъларига нисбатан ундошлар тавзеълари анча сезиларлироқдир. Бунинг махсус сабаби ҳам бор. Унлилар тавзеъси сўзларнинг товуш муносабатларини юмшатади, ун қўшади, мусиқийлигини оширади. Унлилар тавзеъси гўё алоҳида-алоҳида сўзларни бир-бирига улаб-пайвандлаб боради. Ундошлар тавзеъси эса, хоҳ бош тавзеълар, хоҳ сўзлар сўнгидаги тавзеълар бўлсин, сўзларни бир-биридан атайлаб ажратади, ритмик паузани тақозо этади. Шунинг учун адабиётшунослар бундай аллитерацион ҳодисаларни тадқиқ этганда ўзига хос товуш туртиниши жараёнини кузатадилар. Буни аниқроқ тасаввур этиш учун қиёсбоп мисол келтирамиз:
“б”:Гоҳи олибон солиб итолгу,
Ҳар лаҳзада беҳисоб оҳу.755755
Огаҳий, Асарлар, 2-жилд, 1972, 358-бет.
[Закрыть]
“ж”:Жаҳон, жонон, жамолингга тасаддуқ,
Дилу жон хатту холингга тасаддуқ.756756
Амирий, Адабий мерос, 2-жилд, 1972, 110-бет.
[Закрыть]
“д”:Ки, эй дармондалар дардига дармон,
Бори жунбидалар жисми аро жон.757757
Сайфи Саройи, Шеърлар. Гулистон, 1968, 241-бет.
[Закрыть] (Огаҳий).
Унли товушлар тавзеъси матннинг ифода ритмини беҳад ёқимли қилишга қаратилади. Шоир ун овозини кўпроқ қўллаб хушжаранглиликни яратганида, ўқувчи ўша унли товушларни чўзиброқ, гоҳо урғули ўқишга мойил бўлади.
“О” товушининг аралаш тавзеъси:
Онинг ҳалвоси учун қанду бодом,
Олиб онинг лабу дандонидин вом. (Огаҳий).
Ёки:
Карам айлаб лабингдин ком бергил,
Замоне ром ўлуб ором бергил.758758
Сайфи Саройи, Шеърлар. Гулистон, 1968, 241-бет.
[Закрыть] (Огаҳий).
“э” товушининг сўзлар бошидаги тавзеъси:
“Эрдамсизлар эрдам эясин кўра билмас, нечукким, бозор итлари ов итлари тиламас, йироқдан ғавғо қилур, яқин келмас”. (Сайфи Саройи, 119-бет).
“а” товушининг сўзлар ўртасидаги тавзеъси: “Ҳалакан-нову ҳавлаҳу аташан ва ҳува сокин йуро ва ло Ясқи”.
Тавзеъларни тузилишига кўра қуйидаги хилларга бўлиб тасниф қилиш мумкин:
1. Сўз тавзеъси;
2. Бирикма тавзеъси;
3. Мисра тавзеъси;
4. байт тавзеъси;
5. Гап тавзеъси;
6. Банд тавзеъси.
Илтифот санъатиИлтифот ўзбек мумтоз поэтикасининг эвфоник – товуш ёқимлилиги бўлишини таъминловчи ифодалилик усулидир. Барча жанрлардаги асарларда учрайдиган бу бадиий усулнинг моҳияти: гап ва байт доирасида ҳис-ҳаяжон туғёнининг энг юксалиб сусайиши ёки аксинча жараён зуҳури билан изоҳланади. Илтифот деб матннинг бир маромдаги оқимини кескин ўзгартириш: ё кўтариш, ё пасайтириб юбориш усулига айтилади. Илтифотни оғзаки ўқиш жараёнида сезиш қулайдир.
Илтифотнинг матнда иштирокини талаффуз оҳанггининг гоҳ кўтарилиши, гоҳ қуйилашишида кузатамиз. Ижодкор тасвир ёки персонаж нутқини беришда асар воқеалари таъсирчанлигини ошириш учун ҳис-ҳаяжонлар миқдори ва сифатига дахл этади: воқеа-ҳодиса табиатига кўра товушни ғоят пасайтириш, ё жуда қаттиқ қўйиб юбориш усулларини ишга солади. Ўшандай лаҳзаларда илтифот санъати ялт этиб кўзга ташланади.
Алишер Навоий ғазалига Огаҳий мухаммасидан парча:
Даҳр тарабгаҳи басе дилкашу хуб эрур, вале,
Ҳайфки, йўқтурур онинг ишрати жовидонаси.759759
Огаҳий, Асарлар, 2-жилд, Девон, 1972, 212-бет.
[Закрыть] (Алишер Навоий).
Байтига назар солайлик: Навоийнинг лирик қаҳрамони дунёни хурсандчилик уйи деб, унинг жуда дилкаш ва яхшилигини уқдирмоқда. Бироқ у, бу шодмонлик уйидаги ишрат боқий эмаслигини ҳам англаб етиб, афсус билан армонда “Ҳайф!” дея ҳайқирмоқда. Байт ифодасининг товуш суръати ва ритмига аҳамият берайлик: байтнинг илк мисраси ўртача ифода суръатида ўқилаётган бир пайтда, иккинчи мисранинг биринчи сўзиданоқ кескин товуш юксалиши рўй беради. Шу лаҳзанинг ўзида сўзловчи ҳис-ҳаяжони туғёнга келгани аниқ сезилади.
Муҳими, илтифот усули орқали муаллиф ўз қаҳрамонларининг мўътадил, жўн кайфиятини эмас. унинг беҳад шодлиги ёки ғоят хафалиги ёхуд армондан кўксини чок этадиган даражадаги фожиали руҳий вазиятларини ифодалашга ноил бўлади. Бундан, атаманинг луғавий маъносини ёритишда фойдалансак, айтмоқ жоизки, илтифот – ифода, талаффуз лутфи; товуш суръати, ритми ва тембри билан созандаларча шуғулланиш санъатидир. Илтифот кўрсаткичларининг байтдаги ўрнига кўра мазкур усулнинг олти хилини кўздан кечириш мумкин:
1. Илтифот усулини яратаётган сўз байтда биринчи мисрани бошлайди:
Дариғ, айланмади чархи фалак бир кун маромимға,
Тазарви бахт илинмай, ром бўлмай ўтди домимға.760760
Мужрим Обид, Ғазаллар, Ўзадабийнашр, 1960, 18-бет.
[Закрыть]
Шоир Мужрим Обиднинг лирик қаҳрамони армон билан аччиқ ҳасрат қилмоқда:
Дариғ! Фалак чархи бирор кун маромимға айланмади,
Бахт каклиги на тузоғимга тушди, на ром бўлди.
Бирор умиди амалга ошмаган, бахт деган ҳуркак қушга қўли етмаган кишининг шикоятлари жўнгинами? Йўқ. У энг яқин кишисидан айрилган одамдек қон қақшаб “дариғ” деяпти! Адолатсиз, нобоп ижтимоий тузумнинг яроқсиз тартибларига, бахтгадо қисматга норозилик билдирмоқда! Мана шундай маънавий, эстетик ва ғоявий самарага шоир илтифот санъатини ўринли қўллай билиш туфайли эришгани исботга муҳтож эмас.
2. Илтифот ундови байтда биринчи мисранинг ўрталаридан жой олиши ҳолатлари ҳам кўп учрайди:
Васли муяссар ўлғуси зар бирла, ваҳ, они
Қилмоқ мани гадоға саранжом қайдадур.761761
Огаҳий, Асарлар, 1-жилд, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1971, 170-бет.
[Закрыть]
Огаҳий лирик қаҳрамони учун севикли киши висолига етишиш ҳам мавжуд ижтимоий жамиятда олтинга тенг бўлади. Ўзи эса қашшоқ, гадо. Висол учун зар топиб бормоқ ошиқнинг қўлидан келмайди. У пинҳона иложсиз додини, ҳайҳотини “ваҳ!” сўзида тўла-тўкис ифодаламоқда. Китобхон матнни мароқ билан ўқиркан, “ваҳ!” сўзи талаффузига келганда лахчани яланг оёқда босиб олган кишининг ўртаниши овози билан қақшаб ўқийди!
3. Илтифот сўз байтда гоҳо биринчи мисранинг хотимасида келади:
Етар ҳар лаҳза мужгони хаёли жон аро, ваҳким,
Оларлар жонситон ўқлар, бу ул ўқларға қобудур. (Огаҳий, 176-бет).
4. Илтифот санъатини юзага келтирувчи сўз байтнинг иккинчи мисрасида дастлабки сўз сифатида келадиган ҳолатлар ҳам оз эмас:
Ёзарда ёрға хат илгима олсам агар коғаз,
Фиғонким, кўз ёшим турмай оқиб бўлғуси тар коғаз. (Огаҳий, 162-бет).
Ошиқ ёрига мактуб ёзгани қўлига қоғоз олади. Бироқ дув-дув тўкилаётган кўз ёши қоғозни ҳўл қилиб, хат ёзишга монеълик қилади. Ҳижрон азоби унинг тоқатини тоқ этиб, чидамини емириб ташлаб, маҳбубасига хат битишга мажбур қилган. Ўз ўртанишларининг маҳсули – кўз ёши ҳам ошиқ ишини мушкуллаштиради. У ишқ изтироблари ва ҳижрон азобидан фарёд солаётган эди, бунинг устига у ўз кўз ёшлари туфайли ҳам фиғон тортиб юборди! Матндаги биргина “фиғонким” сўзи ошиқнинг барча ўртанишлари мужассамлашган дод сифатида ифодада ғоят юксак акс-садо беради.
Ўзбек ва тожик адабиётига бирдай ҳисса қўшган атоқли шоира Дилшод Барно ҳам шу усул хизматидан яхши фойдаланади. У Муҳаммад Алихонга (Қўқонда 1822-1842 йилларда ҳукм сурган хон – В.Р.) қарата таъна ураркан:
Султони шаръ агар бувад монанди ту,
Бигзор, ҳар салтанат равад ба инқироз!762762
Дилшод, Танланган асарлар, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1972, 91-бет.
[Закрыть]
(Мазмуни: Шариат султони сендақа бўладиган бўлса, салтанат номи инқирозга учрасин-ей!) дея ҳайқиради дадил. Матндаги “бигзор” илтифот кўрсаткичи шоира ҳукмининг қатъий ундовли қисмидир. Шу сўзда ижтимоий тузумдан безорликнинг нафратли садоси баралла ифодаланган. Илтифот усули бу навининг мукаррарли намуналари ҳам учрайди:
Тобакай сина пора-пора қилай,
Вой юз войким, на чора қилай? (Огаҳий).
5. Гоҳо илтифот яратувчи сўз байтда иккинчи мисранинг ўртароғидан ҳам ўрин олиши мумкин:
Дилкаш дурур агарчи, жаҳон гулшани басе,
Лекин дариғу дардки йўқтур бақойи умр.763763
Огаҳий, Асарлар, 1-жилд, Девон, 1971, 168-бет.
[Закрыть]
Шеър қаҳрамони жаҳонни гулшан деб, унинг жуда ҳам дилкашлиги бўрттириб баҳоланмоқда. Бироқ, тириклик кўрсаткичи бўлган умрнинг ғоят чекланганлиги уни қайғуга чулғаган. У умр бақосизлиги, умр қисқалигидан “дариғу дард” дея изтиробли инграмоқда. Ушбу мисолдаги илтифот ҳосил қилган сўз иккита бўлганидан, буни таркибли ёки мураккаб деб қараса бўлади.
6. Байтнинг иккинчи мисрасини якунлаб келган сўз ҳам илтифот яратувчи унсур бўлиб чиқиш ҳолатлари ҳам бор:
Саҳар чу рўи худ он моҳ дар ниқоб гирифт,
Фиғон зи халқ баромад ки: “Офтоб гирифт”764764
Алишер Навоий, МАТ, 13-жилд, “Фан”, 1997, 108-бет.
[Закрыть] (Мавлоно Меҳнатий).
Ушбу мисолнинг характерли томони шундаки, илтифот усули ундов сўзлар иштирокисиз, матннинг бошқа унсурлари кўмагида (айни пайтда гапнинг грамматик тузилиши мазкур имкониятни яратган) рўёбга чиққан. Шоир Мавлоно Меҳнатий байтидаги илтифотни яхшироқ тасаввур этиш учун унинг мазмуни билан танишайлик:
Тонг чоғида у гўзал (ой) юзига ниқоб тортганида,
Халқ орасидан “қуёш тутилди!” деган фиғон кўтарилди.
Кўряпмизки, “қуёш тутилди!” гапи катта ҳаяжон ва қўрқув билан айтилган ва байтда кескин оҳанг ўзгариши юз берган.
Илтифот санъатининг юқорида зикр этилган қатор хилларидан ташқари, унинг яна бир неча навларини ажратиб ўрганамиз. Чунончи, илтифот кўрсаткичлари бир мисранинг ўзида бир эмас, икки карра икки ўринда ҳам қатнашиши мумкин. Бундай илтифот намуналари одатда мукаррарлардан тузилган бўлади:
Чок-чок этти хотирим дами тиғ,
Ҳайф-ҳайфу туман дариғ-дариғ! (Огаҳий).
Илтифотларнинг бундай мураккаброқ ва такрорли хиллари маънавий-эмоционал самаранинг бошқа, одатдаги илтифотлардагига, ҳатто мукаррарли илтифотларга нисбатан ҳам юксаклиги, таъсирчанроқлиги билан ажралиб туради. Агар бошқа илтифотларда нутқ кўтаринкилиги байт давомида бир мартагина юз берса, юқоридаги мисолда икки карра; қуйидаги қўш параллель илтифотларда эса. ҳатто тўрт маротаба содир бўлади:
Дариғо ушбу ҳасратдин дариғо,
Дариғо ушбу нуқсондин дариғо. (Огаҳий).
Ушбу илтифот турининг характерли бир томони – унинг илтизом санъати сифатида ҳам кўринишидадир. Матндаги ҳар иккала мисрани ҳам бошлаётган, ҳам якунлаётган “дариғо” ундовли сўзи, лирик қаҳрамон руҳиятининг кетма-кет афсусга чулғанганини, тинимсиз зорланишини яхши шарҳлаб келмоқда.
Мураккаб, тўрт кўрсаткичли илтифот таркибининг, кўриб ўтганимиздек, илтизомли бир сўз ва тубандагидек, қайтариқли ҳар хил сўзлардан иборат бўлиши ҳолатлари мавжуд:
Оҳ, бу шум толеъимдин оҳ,
Воҳ, бу умри зоеъимдин воҳ. (Огаҳий).
Илтифотларнинг алоҳида – параллель илтифотлар дейиладиган нави ҳам учрайдики, улар байтда мисраларнинг қонуний бир жойида албатта параллель ҳолатда туриши билан изоҳланади:
Ҳаққо, жавру жафо бу навъ ўлғай
Боракалло, вафо бу навъ ўлғай. (Огаҳий).
Муаллиф маҳорати туфайли илтифот кўрсаткичлари, жумладан, “боракалло” сўзи сарказмга чулғанади ва мутлақо тескари – олқиш маъносига акс равишда инкор тушунчасига кўчирилади.
Параллель илтифотларнинг мазкур намунаси байтнинг ҳар иккала мисраларини бошлаб келган эди. Улар қуйидагидек, байтдаги ҳар иккала мисрани якунлашда ҳам иштирок этган бўлишлари мумкин:
Ул ёр агар ёшурса юз оҳ,
Ағёрға гар кўрунса юз вой.765765
Бобур, Асарлар, 1-жилд, Девон, “Тошкент” БАН, 1965, 71-бет.
[Закрыть]
Илтифотларнинг махсус силсилали хили ҳам бўлиб, унинг моҳияти бирикма ёки гапнинг бирйўла уч такрор иштирокига кўра нутқ тембри кўтаринкилигининг мисра бўйлаб давоми билан изоҳланади: силсилали илтифот намуналарига Заҳириддин Муҳаммад Бобур рубоийларида тез-тез дуч келамиз:
Юз жаҳд ила етмон санга, эй ой, нетай,
Ҳажринг аламида неча йиғлой, нетай.
Йўқ санга вафоу раҳму парвой, нетай,
Эй вой нетай, вой нетай, вой нетай. (Бобур, 157-бет).
Бундай илтифотларнинг маънавий-эмоционал таъсир кучи бошқа барча хиллариникидан ҳам ошиб тушади. Бобур рубоийсини ўқир эканмиз, сўнгги мисрани зинҳор осуда товуш билан ифодалай олмаймиз, бунда афсус ва дод жазаваси узлуксиз давом этади!
Илтифот усули шоир истагига кўра ва ҳаётий воқеа-ҳодисалар мантиғи тақозосича турли-туман кайфиятлар изҳорига қўл кела олади. Типик шароит мумтоз шоирларимизнинг рубобий қаҳрамонларини ҳамиша дод дегиздиргани, фиғон торттирганининг гувоҳи бўламиз. Илтифотларда ғам-андуҳ ёки қувонч-шодлик ифодаланадими, бу ҳол, албатта, контекст мазмуни билан чамбарчас боғлиқ бўлади.
Илтифот усули маънавий-ҳиссий хизматларининг қанчалик хилма-хил эканлигига амин бўлиш учун шу усулда ифодаланган талай фикрий-эмоционал қирраларни мисоллардан кузатамиз. Жанговар-шодмонлик ҳайқириғи:
Шунинг учун менинг ҳам шеърим
Курашнинг шеъри деб,
Эҳ, аталадир!766766
Усмон Носир, Танланган асарлар, 1-жилд, “Тошкент” БАН, 1969, 13-бет.
[Закрыть]
Ошиқона фарёд:
Фарёдки, ислом элини қатл қилурға мастона суруб от,
андоқ қилич урдинг
Ким, етти дами тийғинг ила қатлға билкул мажмуъи мусулмон,
эй кофири тарсо!767767
Огаҳий, Асарлар, 2-жилд, Девон, 1972, 86-бет.
[Закрыть]
Ҳайрат туйғуси:
Сақфида ер сабасар ондин ёғар гарди хатар,
Амниятдин йўқ асар, ваҳ, на ажаб кошонадур. (Огаҳий, 1-жилд, 167-бет).
Истак-тилак ифодаси:
Деди ўлмакка етганда сунуб бош,
Ики кўзумнинг ўртасида эй кош –
Ки, фуржа бўлса истар фарж бир дам
Ҳам ўлгандин сўнг кўрунса олам. (Огаҳий).
Изза қилиш:
Қучмоқ эрур белинг ҳазин кўнглумда муддао, дедим,
“Йўқму уётинг ушбу сўз дегали беибо?!” деди. (Огаҳий, 2-жилд, 77-бет).
Танбеҳли ҳақорат:
Ҳуснунгга айлайин назар, ман сари бир қара, дедим,
Ёшурубон юзин: “Кет, эй масхара, беҳаё!” деди. (Огаҳий, 2-жилд, 77-бет).
сингари кўплаб фикрлар баёнига қўл келади.
Илтифот санъати қатнашган байтларда, одатда, шу усул кўрсаткичлари бўлган ундов ва кўмакчи сўзлар, чунончи: ҳайф, ваҳ, ваҳким, фиғонким, фарёд, дод, дариғ, ҳайҳот, эй, ҳей, эҳ, ҳай-ҳай сингарилар қатнашади. Бироқ илтифот фақат шу сўзлар билангина зуҳур этадиган санъат, деб доирани тор олмаслик керак. Муаллиф ўзи истаган пайтда ҳар қандай сўзни илтифот кўрсаткичи вазифасида ишлатиши мумкин. Масалан:
Не қилайин сенинг била, эй тил,
Жиҳатингдин менинг ичим қондур.768768
Бобур, Асарлар, 3-жилд, “Бобурнома”, Тошкент, 1966, 83-бет.
[Закрыть]
Илтифот нидо санъатини эслатади. Дарҳақиқат, уларнинг моҳиятлари ва хизматларида муштарак нуқталар бор. Баъзан илтифот ва нидо усуллари матнда баробар келиб қолгандай туюладиган ҳолатлар ҳам юз беради. Аслида зеҳн солиб қаралса, нидо ва илтифот ҳамиша бир-биридан фарқ қилади:
а) илтифот, одатда, лирик қаҳрамоннинг ўз-ўзига риторик мурожаатисимон жўшишлар ифодасидир. Нидо эса. албатта, ташқи конкрет шахс ёки нарса-предметга мурожаат сифатида кўринади. Агар риторик нидолар ва илтифот орасида фарқ сезилмайдигандай туюлса, у чоқ билиш керакки, илтифотда кўтаринкилик, ҳислар жўши риторик нидоникига нисбатан ғоят кучли бўлади.
б) илтифот асосий ҳолатларда ундов сўзлар истеъмолига суянади. Нидода эса, унинг кўрсаткичи сифатида киши ёки нарса атамаси берилади.
в) Ритмик кескинлик, овоз юксалиши ҳолати назарда тутилганда ҳам илтифот нидога нисбатан қудратлироқ янграйди.
Илтифот санъати моҳиятини теранроқ идрок этиш учун қуйидаги нуқталарга ҳам эътибор бериш лозим. Зотан, мумтоз поэтика асарларида илтифот дейилганда, асосан, қуйидаги каби мисоллар таҳлилга жалб этилган:
Муаллиф байтнинг дастлабки мисрасида ҳис-ҳаяжон талқини ёки воқеа-ҳодисалар йўналишини тасвирлай боради-да, иккинчи мисрада гапни ва гап шахсини тўсатдан ўзгартириб, кучли хитоб ёки мурожаатга ўтади:
Зор кўнгулни бир ниҳон дард фиғонга келтурур,
Рост денгизки, боиси дарди ниҳони сизмусиз? (Огаҳий, 1-жилд, 227-бет).
Келтирилган байтнинг мазмун ва товуш ифодасига разм солайлик: муаллиф биринчи мисрада “Зор кўнглимни бир яширин дард фиғонга келтиради” дея дарак-ахборот бермоқда эди. Бу хабар мўътадил, ўртача оҳангда ўқилади. Кейинги мисрада эса, аҳвол мутлақо бошқача, шоир дафъатан: “Ростини айтинг, яширин дардим боиси сизмисиз?” деб ўз севгилисини кучли риторик (тажоҳули орифонали) сўроққа тутмоқда. Байтнинг дастлабки мисрасида рубобий қаҳрамон ўз юрак дарди ҳақида биров билан суҳбатлашаётган эди. У лаҳза ўтди-ю, гўё эпизод янгиланди: ошиқ севгилиси ёнида пайдо бўлиб, уни сўроқ билан ошиқона сийламоқда. Демак, бир байт оғзаки ўқишда мутлақо икки хил оҳанг касб этганидек, мисралар қаратилган объект ҳам бир эмас, балки иккитадир. Хуллас, илтифотларнинг бу хилида бир байтда ҳам иккита ҳар хил объектли гап, ҳам оғзаки ифодасига кўра турлича оҳангда ўқиладиган мисралар берилган бўлади.
Илтифотларнинг яна бир навида эса, ҳаяжонли нидо ва хитобли мисра байтда аввал келади. Байтнинг иккинчи мисрасида товуш кескин пасайиб кетади. Бунда ҳам оҳанг лутфи, яъни оғзаки ифодадаги хилма-хиллик илтифот санъати моҳиятини белгилайди:
Йўқ бўл, эй чархки, охир ситаму зулмингдин,
Бўлди усру шуароу фузало нодиру шоз. (Огаҳий, 1-жилд, 163-бет).
Байтдаги мисраларнинг ўзаро товуш тафовутига асосланган бу санъат намуналарини ўзбек ва тожик мумтоз адабиёти асарларининг барчасида учратамиз, десак муболаға бўлмайди. Фақат шуни эслатиш керакки, товушнинг кескин кўтарилиши байтнинг иккинчи мисрасига келганида таъсирлироқ чиққанлигидан, шоирлар илтифотларнинг шундай навларига асосий эътиборни қаратадилар. Чунончи:
Мен асру харобу ёр кўп мустағний,
Эй вой манга, вой манга, вой манга.769769
Бобур, Асарлар, 1-жилд, 1965, 150-бет.
[Закрыть]
Кетди қўлдан шул замон фархунда даври соғарим,
Дод фалакни дастидан, фарёд фалакни дастидан!770770
Девони Шўхий. ТФАШИ қ-2313, варақ 188 б.
[Закрыть] (Шўхий Хўжандий).
Баҳор мавсуми ўттию хуш ҳаво ўтти,
Тағофул айлама соқийки: ўтти ҳо ўтти!771771
Бобур, Мухтасар, ЎзФАН Тошкент, 1971, 192-бет.
[Закрыть]
Келтирилган мисолларнинг эмоционал таассуроти идрокидан илтифот санъати атамасининг луғавий маъносини чақишда фойдаланиш ўринлидир. “Илтифот” сўзи араб тилидан олинган бўлиб, “кўз қирини ташламоқ” ёки “кўз остидан қарамоқ” маъноларини ифодалайди. Аниқки, кишининг кўз қирини ташлаши ёки кўз остидан қарашида жуда катта ҳиссий маъно бор: у киши юрагидаги ҳислар вулқонини яширмоқчи бўлса-да, ана шу яширинча нигоҳ – ўша вулқон отилиб чиқа оладиган тоғ чўққисининг дарз кетган жойини эслатади…
Илтифот санъатининг бадиий-ҳиссий таассуротини туйиш даражаси китобхоннинг адабий савияси ва ифодали ўқиш маҳоратига ҳам боғлиқдир.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.