Текст книги "Бадиият жозибаси"
Автор книги: Эркин Рахмонов
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 25 (всего у книги 27 страниц)
Сарв янглиғ жилва қилсанг ноз ила, эй сарвиноз,
Жонлар эткайлар аёғингга фидо аҳли ниёз.790790
Алишер Навоий, МАТ, 4-жилд, 1989, 146-бет.
[Закрыть]
Байтдаги ташбеҳ бадиий санъати, нидо ифодалилик воситаси ва жон садақа этувчи маҳлиёлар муболағаси истихрож санъати билан биргаликда мисраларга ўзгача нафосат ва назокат бағишлаб тургани яққол сезиларлидир. “Наводир уш-шабоб” девонидан олинган ушбу байт мазкур китоб номи мазмунига ярашадиган мутаносиб бадиъадир. Навбатдаги бадиий мўъжиза истихрож орқали яратилган “сарвиноз” сўзининг истиора эканлигидир.
Ўзаклар бирикувидан яратилган янги сўз асосий ҳолатларда янги тушунчани ҳам ифодалайди. Илмий назарни юқоридаги байтга шунчаки қаратсак: сарв ва ноз сўзларидан ажиб янги сўз – маҳбуба сўзининг сўлим маънодоши – сарвиноз пайдо бўлганини сезамиз. Шу жиҳатдан Нишотийнинг “Ҳусн ва Дил” достонидаги қуйидаги байт ҳам характерлидир:
Шаҳ қўлидан этди чу парвоз боз,
Келса на шак бўлғусидур шоҳбоз.791791
Нишотий, Ҳусн ва Дил. Лирика, ДБАН Тошкент, 1967, 302-бет.
[Закрыть]
Шу ўринда ҳам истихрож санъатининг матнга лингвистик маънавий таъсири яққол сезиларлидир. “Шоҳ” қўлидан учиб кетган “боз” (қирғий)нинг яна унинг қўлига қайтиб келиб қўниши не ажаб? Ахир у “шоҳбоз” (лочин) бўлади!
Китобхон мутолаа жараёнида “шоҳ” сўзига “боз” сўзи келиб қўшилгани ва натижада “шоҳбоз” сўзи яратилганини яхши идрок эта олади. Бундай истихрож намуналарини маълум маънода этимологик истихрожлар деб аташ ҳам мақбулроқдир. Чунки ушбу санъатнинг бу нави айрим сўзларнинг келиб чиқиши, ясалиши, эволюцияси ҳақида ҳам дарак бера олади. Мана шу “шоҳбоз” ва “Шаҳрисабз” сўзларининг келиб чиқиши хусусида юзакигина тўхталиб ўтсак. Масалан, “Бобурнома”да Кеш шаҳрининг иккинчи номи – Шаҳрисабз сўзи этимологиясига оид ишончли илмий далиллар келтирилади: “Баҳорлар саҳроси ва шаҳри, боми ва томи хуб сабз бўлур учун Шаҳрисабз ҳам дерлар”.792792
Бобур, Асарлар, 2-жилд, ДБАН Тошкент, 1965, 76-бет.
[Закрыть] Бобур бизга аниқ кўрсатиб бермоқдаки, “Шаҳрисабз” сўзи “шаҳр” ва “сабз” сўзлари бирикувидан яратилган номдирки, бу номнинг қачон қўлланила бошлаганини тарихчилар йили билан аниқ айтиб бера олсалар керак…
Олдинги мисолимизда ҳам шундай ҳолат кузатилган эди. Дарҳақиқат, форс-тожик тилларининг луғат манбаида “шоҳ” ва “боз” сўзлари бўлган ва муомалада, яъни халқ тили ва адабий тилда амал қилган. Кейинчалик шоҳларда “боз” (қирғий) билан ов қилиш одати бошлангач, шоҳнинг бози (қирғийи) маъносидаги “шоҳбоз” (гоҳида “шаҳбоз” тарзида ҳам учрайди) сўзи пайдо бўлган. Демак, истихрож усулида яратилган сўзлар ясама бўлгани учун шу сўзга асос бўлган икки сўзга қараганда булар “ёшроқ”дир.
Бу мулоҳазалар қисман тилшуносликка дахлдордир. Адабий-бадиий нуқтаи назардан қайд этадиган бўлсак, шоҳнинг қирғийи “шоҳбоз” экан, бу сўз энди янги сўздир, бу лочин демакдир! Албатта ёввойи қирғий билан шоҳ лочини тушунчаси орасида фарқ каттадир. Шоирнинг бу байтни яратишдан кузатган мақсади ҳам ана шундадир.
Нишотий қўллаган бу ажойиб усул аслида Алишер Навоийнинг ихтиросидир. Бу ўринда биз Нишотийни анъанани муваффақиятли давом эттирган санъаткор шоир, Навоийни – ихтирокор санъаткор деб атаймиз ва унинг байтига кўз ташлаймиз:
Бўлди, чу шоҳ сурди ислоҳ этарга хома,
Ҳар “байт”и – “шоҳбайте”, ҳар “нома” – “шоҳнома”.793793
Алишер Навоий, МАТ, 1-жилд, 1987, 18-бет.
[Закрыть]
Мазмуни сержило бўлган бу байтнинг яратилиш тарихи ҳақида икки оғиз изоҳ бериш лозим кўринади. Алишер Навоий “Хазойин ул-маоний” девонлари куллиётини тузганида китоблар таркибидаги ҳар бир ғазални Ҳусайн Бойқаро таҳрир қилган. Ушбу таҳрирлардан Навоий шу даражада миннатдор бўлганки, шоҳнинг хизмати шарафига, шоҳона фикрлар девондаги барча шеърларга синггани шарафига муаллиф бу муҳташам девонни “Хазойин ул-маоний” – маънолар хазинаси деб атаганлиги дебочада махсус қайд этилган. Байтнинг мазмуни шундайки: Шоҳ ислоҳ этишга қалам сурганида, девонимнинг ҳар бир байти “шоҳбайт”, ҳар бир номаси “Шоҳнома” бўлди, дея шоир фахрланмоқда. Бунда “Шоҳнома” сўзида ийҳом санъати борлигини ҳам қайд этамиз: шоҳ мактуби ва “Шоҳнома” достони маъноларида…
Биз учун кераги эса: Алишер Навоийнинг байтдаги “байт” ва “нома” сўзларига “шоҳ” ўзагини бириктириб, “шоҳбайт” ва “шоҳнома” сўзларини яратганидир. Бу ерда “шоҳбоз”даги фикрларни такрорламаймиз. Чунки ҳозирги мисол ўша ҳодисанинг бир кўринишидир. Қайд этгулик жиҳати ҳам бор: Навоий бир байтда икки сўз истихрож қилган, Нишотий бир сўз истихрож қилган.
Икки сўзни бириктириш орқали янги сўз яратиш истихрожида юксак маҳорат кўрсатган санъаткор шоирлардан бири Бобурдир. У Алишер Навоийнинг энг яхши анъаналарини давом эттирди ва ушбу санъатнинг мўъжизавий намуналарини яратишга қодирлигини исботлади.
Икки сўздан янги бир сўз ясаш усулидаги истихрожнинг Бобур томонидан ихтиро қилинган бир намунасининг сири шундаки, шоир иккита салбий маъноли тушунчаларни бириктириб, ажойиб ижобий маъноли сўз бунёд этган. “Ғам” – инсон шахсини емирадиган кўргуликлар натижаси; “хор” – тикан. Ана шу икки салбий тушунчадан “ғамхор” деган меҳрибонлик маънодошини ясагани муаллифнинг ҳам адабий қудрати, ҳам сўзга, унинг маъносига нисбатан ўта синчков ва ҳассослиги намойиши бўлиб ҳисобланади:
Ағёр кўз олидау ул ёр аён йўқ,
Ғам хори кўнгул ичраю, ғамхор топилмас.
Поэтика мутахассиси учун ушбу байт айни томошахона, музахонага ўхшайди. Байтдаги тазодлар силсиласининг ўзи нур ва сояларнинг мислсиз жилвасини кўз-кўз этади: ағёр-ёр; кўз олида-аён йўқ; ғам хори-ғамхор. “Ғам хори” – ғам тиканидан “ғамхор” тушунчаси бунёд этилгани йирик зако истеъдоди маҳсулидир. Истихрож санъати қудратини қарангки, ғам ҳам, хор (тикан) ҳам ошиқни қийнайдиган омиллар эди. Муаллиф мазкур икки азоб манбаларини бириктирган эди, бирданига ошиққа “ғамхор” киши пайдо бўлиб қолди…
Икки сўздан бир янги сўз бунёд этишдаги новаторликнинг ажиб намуналари билан Бобур девони бойдир. Биз махсус юксак баҳолаётган истихрожнинг бу навида тарди акс ҳодисаси зуҳур этади. Фарқ шундаки, тарди акс санъатида икки сўз ўрин алмашиб такрорланади, бундаги тарди акс амалиёти шундайки, берилган икки сўз ўрин алмашиб битта янги сўз ҳосил қилади. Бунинг нечоғлик адабий таъсири борлигини кейинги мисоллардан кузатишга ҳаракат қиламиз. Бироқ бу ҳодисанинг ҳам илк ихтирочиси Алишер Навоий эканлигини айтмасак, Навоий новаторигини қайд этмаган бўлардик. Демак, илк намуна даҳо шоиримиздан:
Менга у “кўзи қора” деди чучук чандин сўз,
Не ажаб они “қоракўз” десаму ширинсўз.794794
Алишер Навоий, МАТ, 3-жилд, 186-бет.
[Закрыть]
Илк назардаёқ байтдан кузатиладиган истихрож ҳодисаси сезилади: “кўзи қора” сўзларидан уларнинг ўрни алмаштирилиб – тарди аксдаги жараёнга мувофиқ “қоракўз” сўзи яратилган. Бунинг яна бир намунасини шоир биздан яширинча бажарган: “чучук сўз”ни бириктириб, “ширинсўз” ясаган, яъни чучукнинг маънодошини келтирган. Бу ҳам истихрожнинг ўзига хос янги бир нави дегуликдирки, булар даҳо кашфиётларидир.
Энди Бобур девонини кўздан кечирайлик. Биринчи мисолимиз Бобурнинг аввалги байти мазмунига яқинлиги ва аввалги истихрож кўрсаткичини такрорлаш билан характерлидир:
“Хор” кўрма “ғам”ин ул ойнингким,
Будурур фурқатида “ғамхор”инг.795795
Бобур, Девон, “Фан”, 1994, 35-бет.
[Закрыть]
Фарқи аниқ: бунда тарди акс ҳодисаси бироз дахл этди. Айтилган икки сўз “хор” ва “ғам” ўрин алмашиб “ғамхор” ҳолига келди…
Энди келтирадиган мисолимиз олдинги мисолларимизга мазмунан терсроқ: аввалги байтда тазодлар силсиласини кўрган бўлсак, бунда шунинг акси, байтдаги икки сўз ва уларнинг ҳосиласи ҳам ижобий маъноли тушунчалардан иборат:
Ё Раб, ул кун шум толеъдин манга бўлғаймуким,
“Жоним”а “ором” ул “оромижон”дин кўргамен? (Бобур, 41-бет).
Бобур бу байтда “жон” ва “ором” сўзларини ўрин алмаштириб, сўнгра бириктириб “оромижон” сўзини ясаган. Иккинчи мисра фақат яхши маъноли сўзлар тизмасидан иборат. Бироқ таъсирчанлик фақат зид тушунчалар курашида пайдо бўлишини муаллиф яхши билади ва бунга амал қилади. Бунга иккинчи мисрани биринчи мисра билан қиёсласак, шум толеъга аҳамият берсак, дарҳол амин бўламиз.
Икки сўзни бириктириш натижасида янги сўз ҳосил қилиш соҳасидаги Навоий ва Бобур анъаналарини юксак заковат билан давом эттириб, ҳайратли байтлар ижод этган шоирлардан бири Муҳаммад Ниёз Нишотийдир. Унинг “Ҳусн ва Дил” достонида истихрожнинг бу нави жуда кўп учрайди:
Ёқмади жониға жавоби анинг,
“Шар” ила “об” эрди “шароби” анинг.796796
Нишотий, Ҳусн ва Дил. Лирика, 1967, 67-бет.
[Закрыть]
Бундаги истихрожни изоҳлашнинг ҳожати бўлмаса керак. Бироқ шоир маҳоратига тан бериш керакки, “шароб” сўзига асос бўлган биринчи сўз “шар” ёмон маъносидадирки, бу тушунча шаробга нисбатан ҳам мутаносибдир. Нишотий маҳорати тарди аксли истихрожли байтда янада ёрқинроқ кўринган:
“Раг” ила “пай” зоҳир этиб “пайкар”и,
Анда гумон йўқ эди жон гавҳари. (Нишотий, 162-бет).
Байтнинг характерли жойи шундаки, эски ёзувдан хабари бўлмаган китобхон бу истихрожни умуман пайқамайди. Уқдиргимиз келадики, эски ёзувдаги қўлёзмаларда “г” ҳарфи бўлмайди, фақат “коф” (к) ҳарфи бўлади, холос. Китобхон сўз маъносига кўра “к-г”лардан бирини қўйиб ўқийверади. Шунинг учун истихрож туфайли яратилган сўз “пайгар”и эмас, “пайкар”и бўлади (“раг” қалбда тескари олинган).
9. Бир сўзни иккига бўлиб икки янги сўз ҳосил қилиш усули.
Бир сўзни иккига бўлиш ва икки янги сўз яратиш истихрожнинг олимона усулларидан бўлиб, бунда асос ва ҳосила сўзларнинг кескин маъно фарқларига алоҳида аҳамият бериладики, бу бадиий таъсирчанлик яратишнинг ажойиб имконияти демакдир. Мумтоз шоир Нишотийнинг бу усулдаги истихрожлари кишини ҳайратга солмай қўймайди:
Зоти саид элга “шарофат” келиб,
Кимки шақи “шар” била “офат” келиб. (Нишотий, 37-бет.)
Асос “шарофат” деган азизлик тушунчасини ифодалаган сўздан истихрож туфайли икки бир-биридан салбий “шар” ва “офат” сўзлари ҳосиласи келтириб чиқарилган. Байт саидлик авлодига шарафлар ва шақийлар (ярамаслар) зотига нисбатан ғазаблар уйғотувчи қуйма фикр ҳолида яралган.
Бир сўздан икки янги сўз ҳосил қилиш истихрожида Нишотийнинг ажиб бир кашфиёти борки, бу усул юқорида қайд этилган Навоий ишига ўхшаб кетади. Сўзга, ҳарфга нисбатан зукколик, араб тилини мукаммал билиш шоирга қуйидагича ҳеч ким қўлламаган янги усулни кашф этиш имконини берган:
“Адл” ҳуруфи киби “кўз” бирла “дил”,
Халқ анга боғлаб эди муттасил. (Нишотий, 54-бет).
Сеҳргарлик биринчи мисрада юзага чиққан: шоир “адл” сўзини иккига бўлиб. “кўз” ва “дил” сўзларини келтириб чиқарган. Қандоқ қилиб? Гап шундаки, “адл” сўзидаги биринчи ҳарф “айн”нинг маъноси “кўз” демакдир. Шунинг учун “адл”нинг биринчи ҳарфидан “кўз” ҳосил бўлган ва қолган икки ҳарфини “дил” деб ўқиш мумкин.
Навбатдаги мисолимиз таркибида қатнашувчи асос ва ҳосила сўзларнинг ҳаммаси ижобий маъно ташувчидир:
Анда ажаб сунбулу “шамшод” эрур,
“Шам” киши андинки топар “шод” эрур.797797
Нишотий, Ҳусн ва Дил. Лирика, ДБАН Тошкент, 1967, 19-бет.
[Закрыть]
Шамшод сарв сингари хушбичим гўзал дарахт. Бу сўзни шоир иккига бўлиб, “шам” ва “шод” сўзларини ҳосил қилди. Бундай байт таркибида сўз ясаш, сўзни иккига бўлиб яна сўз ясаш жараёнлари китобхонни сўзшуносликка, бадиият сирларини билишга рағбатлантириши шубҳасиздир.
Шоир бирор қаҳрамонни орзубоп қилиб тасвирлашга киришганда қадимги машҳур подшоларга “тил тегизиши” ҳам мумкинки, достоннавис Нишотий истихрож санъатини қўллаганда шу усулга ҳам мурожаат қилади:
“Фарри” анинг қилди “Фаридун”ни “дун”,
Оллида Жам ҳам демаким сарнигун. (Нишотий, 19-бет).
Биринчи мисрага аҳамият берсак, муаллиф “Фаридун” сўзини иккига бўлиб “фар” ва “дун” сўзларини келтириб чиқарганини кўрамизки, шоир ўз қаҳрамонини улуғлаш учун Фаридунни “дун” деб тубанлаштириб талқин этган.
10. Ҳажву мадҳ истихрожлари.
Мумтоз шоирлар эски ёзув ва истихрож имкониятларидан фойдаланиб шундай шеърлар ёзадиларки, уларни оддий китобхон ўқиса мақтов деб ўйлайди, теран идрок вакиллари, заковатлилар ўқисалар мақтов эмас, балки ҳажв эканини билиб, шоир маҳоратига қойил қоладилар. Бундай истихрожларни камина илк китобимда риёзий истихрожлар деб номлаган эдим ва Огоҳ Сирри Лаванднинг “Девон адабиёти”798798
Огоҳ Сирри Левенд, “Девон адабиёти”, Истамбул, 1942.
[Закрыть] китобидан қуйидаги шеърни мисол тариқасида келтирган эдим:
“Фахр”и оламсан. Валекин “фо”си йўқ,
“Гавҳар”а консан, валекин “ро”си йўқ.
Тиларим ҳақтан буни ҳар рўзу шаб,
Санга бир “маркаб” вераким “бо”си йўқ.
(Мазмуни: Сен олам фахрисан. Бироқ “ф”си йўқ, гавҳарга консан, бироқ “р”си йўқ. Кеча-кундуз худодан тилайдиганим: сенга бир маркаб (улов– от ёки эшак) берсинки, “б”си йўқ).
Эски ёзувда “фахр” сўзини ёзиб, “ф”сини олиб ташласак, “хар” қисми қоладики, бу “эшак” демакдир. “гавҳар” сўзи “гуҳар” тарзида ёзилгани учун ундан “р” ҳарфини олиб ташласак, “гуҳ” (нажосат) деган сўз пайдо бўлади. “Маркаб” сўзидан “б” ҳарфи олиб қўйилса, “марг”, яъни “ўлим” сўзи қолади. Шу шеърий парчанинг зоҳирий маъноси:
Фахри оламсан, гавҳарга консан. Сенга худодан бир маркаб тилайман, тарзидадир.
Истихрож усули натижасидаги байт мазмуни эса: Олам эшагисан, нажосатга консан, Сенга худодан ўлим тилайман, деганидир. Бундай “қалтис” шеърларга айниқса форс-тожик адабиёти жуда бойдир.
11. Зимдан назарда тутилган ҳарфлардан сўз ясаш усули.
Истихрожларнинг кўпгина шоирлар ижодида учрайдиган намуналари зимдан назарда тутилган ҳарфлардан сўз ясаш усулидир. Қизиқ, ҳарф айтилмайди-ю, зимдан назарда тутилади, холос. Буни ўқувчи қаердан билади? деган савол туғилиши мумкин. Шоир бунинг учун ўқувчининг китобхонлик тажрибасига таянади: шоирлар ўнинчи асрдан бери оғизни “мим” (м)га, қад-қоматни “алиф”га, зулфни “л” (лом)га ўхшатиб келадилар. Ушбу китобатлар албатта китобхон ёдида қолган бўлиши керак, деган фикрда истихрожнинг бу нави адабиётга кириб келган. Чунки ўша ҳарф айтилмагани билан байтда ўша ҳарф ўхшаши бўлган аъзо-узвлар айтилган бўладики, ўша берилган аъзо-узвларни китобхон фикран ҳарфларга айлантириб, байтда улардан ясалган сўзни ақлан идрок этади ва шоир маҳоратига қойил қолади. Буни била олгани учун ўзидан ҳам мамнун бўлади. Масалан, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг қуйидаги жозибали байтидан ҳеч ким истихрож санъатини пайқай олмайди, десак муболаға қилмаган бўламиз (мумтоз адабиётнинг йирик мутахассислари бундан мустасно):
Оғзию икки зулфу қади бўлмаса манга,
Райҳону сарву ғунча кўрардин малолдур.799799
Бобур, Девон, “Фан”, 1994, 23-бет.
[Закрыть]
Муболаға қилганимизнинг асоси бор: шоир байтни бошқа бадиий санъатлар билан роса зийнатлаб, истихрож усулини атайлаб “хаспўшлаган”. Чунки китобхон аввал байт мазмунига қизиқади: Ёрнинг оғзи, икки зулфию қомати бўлмаса райҳону сарву ғунчани кўриш малол келади.
Бундан ташқари, поэтик зийнатларига эътибор берадиган бўлсак, байтда зимдан оғиз ғунчага, зулф райҳонга, қад сарвга ташбеҳ берилганини сезиб қолади. Бу қаторлаштирилган остинма-устин ўхшатишлар лаф ва нашр санъати намунаси эканлигини ҳам сезиб, ўз билимидан яна бир марта қониқиш ҳис этади. Шу ўринда истихрож санъатининг байтга дахл этгани боисини уқдиргимиз келади: шоир байтда инсон аъзо-узвларидан икки-учтасини санай бошлаган бўлса, бундай байтларнинг тўқсон фоизида албатта истихрож санъати қўлланилган бўлади.
Шунга кўра биз байтдан истихрож қилинган сўзни билишга ҳаракат қиламиз: анъанага кўра оғиз – м, икки зулф – иккита л ва қад – алиф (о) эди. Биз “о”ни икки лом орасига олиб, сўзни тасаввур этсак: “малол” сўзи байтда келтириб чиқарилган экан…
XIV-XVIII асрлар ўзбек мумтоз адабиётида кўп учрайдиган истихрожнинг мазкур навини китобхонларнинг асосий қисми билмай, сезмай ўқиб ўтиб кетаверадилар. Бунга сабаб иккита: шоирнинг истихрожни “хаспўшлагани” (байт мазмунининг қизиқарлилиги) ва китобхон малакасининг саёзлиги – илми саноеъдан бехабарлигидир.
Истихрожларни саноқ маъносида айтадиган бўлсак, Лутфий, Навоий, Бобур ижодида улар жуда кўп, аммо Ҳофиз Хоразмий, Саккокий, Гадоий ва Атойи девонларида озроқ учрайди. Шоир Атойининг истихрождаги ихтироси ўқувчини маҳлиё қилади. У қуйидаги байтда кўз, зулф ва оғиздан “адам” сўзини келтириб чиқарган:
Кўзунг, зулфунг била оғзинг ғаминда
Вужудум ҳосили айни “адам”дур.800800
Ҳаёт васфи, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1988, 339-бет.
[Закрыть]
Атойи ҳам “хаспўшлаш” санъатини қўллаган. Чунки зукко китобхон ҳам “оғиз” ва “адам” сўзларига эътибор бериб, “бунда ёр оғзининг йўқлиги лутф қилинган деган хаёлларга бориши мумкин. Чунки мумтоз адабиёт анъаналарига кўра энг гўзал қизда оғиз бўлмайди – у “адам” (йўқ) бўлади. Байтдаги истихрож кўрсаткичлари: “кўз”нинг китобат ташбеҳи “айн”, зулфники “дол” ва оғизнинг китобат ўхшатиши “мим”ларни эски ёзувда ўнгдан чапга тизсак, “адам” сўзи ҳосил бўлади.
Алишер Навоий Атойи ижодида дуч келган бу истихрождан илҳомланиб, қуйидаги дилбар байтни яратган, салаф Атойига халафлик – издошлик қилган:
Эйки, шоҳид кўзу зулфу оғзига ошуфтасен,
Бир тааммул айлаким, бордур бу мақсудинг “адам”.801801
Алишер Навоий, МАТ, 1-жилд, “Фан”, 1987, 368-бет.
[Закрыть]
Биз юқорироқда “адам” сўзининг Навоий томонидан ясалган истихрожига ишора қилган эдик (“айн”ға чун “дам” ўлди қарин “адам” қилди). Буни анъана маҳсули демаймиз, балки муаллифнинг оҳорли ихтироси ҳисоблаймиз. Негаки, бунда назарда тутилган ҳарфлардан сўз ясаш усули қатнашмаган.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам Атойининг ана шу ихтиросини табаррук анъана сифатида қабул қилади:
Кўзию зулфу оғзи фурқатида
Фалак охир мени адам қилди.802802
Бобур, Девон, “Фан”, 1994, 62-бет.
[Закрыть]
Атойи, Саккокий, Лутфий ижодларидаги энг ибтидоий истихрож “оҳ” бўлса, уларнинг кўпчилик китобхонларни қойил қолдирган кашфиётлари “Оллоҳ” сўзини келтириб чиқаришларидирки, бунга Навоий ва Бобур ҳам жон деб издошлик қилдилар.
Мавлоно Лутфий девонида биргина “оҳ” истихрож қилинган ўнга яқин байт учрайдики, уларнинг ҳар бири шоирона ихтиро, илҳом маҳсули эканлигига китобхон амин бўлади:
Ҳар қачон жон берсам ул “қад”ду “оғиз” ёди била
Эй муҳиблар, турбатим устинда “Оҳ!” айлаб ўтинг.803803
Лутфий, Сенсан севарим, 1987, 132-бет.
[Закрыть]
Ёки:
“Қад”у “оғзинг”га боқсам “оҳ” дерман,
Сени кўрган сайин “Оллоҳ!” дерман. (Лутфий, 177-бет).
Шунингдек:
Ул қадду оғиз рамзини мундоқки кўрармен,
То қайди нафас, “оҳ” дегумдур, дағи ўлгум. (Лутфий, 288-бет).
Мавлоно Лутфийни маҳлиё этган “оҳ” истихрожи Заҳириддин Муҳаммад Бобурга ҳам таъсир этмай қолмаган. Бобур ҳам бу истихрожни ўз девонида бир неча карра такроран ижод қилган: Унинг Султон Увайс бинни Маҳмудга бағишланган беш байтли ғазалининг иккинчи байтини ўқиймиз:
Қадду оғзингдин айру тортармен
“Оҳ”, Султон Увайс бинни Маҳмуд. (Бобур, Девон, 20-бет).
Мумтоз шоирларимизга издошликда Бобур яратган “Оллоҳ” сўзи истихрожи ҳам ўқувчини ҳайратга солмай қўймайди:
“Қадди” била икки “зулф”у “оғзи”
Жонимға бало бўлубтур, “Оллоҳ!” (Бобур, 55-бет).
“Оллоҳ” сўзининг эски ёзувдаги ифодасига эътибор берсак. Дарҳақиқат, Бобур байтида тизилган инсон аъзо-узвларининг китобат ташбеҳидан: қад – алиф, икки зулф – икки лом, оғиз – ҳо ҳарфларидан Оллоҳ сўзи истихрож қилинадики, буни идрок этган китобхон муаллифдан ҳам, ўз топқирлик закосидан ҳам мамнун бўлади, завқланади.
Зимдан назарда тутилган ҳарфлардан сўз ясаш истихрожининг энг машғулотбоп, кишини лол қолдирадиган намуналарини Алишер Навоий ихтирокорлигида кўрамиз:
“Оғиз” бирла “қаду” “қошу” “кўзунг” зуҳдумға қўймаслар,
Нечук қилғай киши бир ишки, бўлғай бу қадар “монеъ”.804804
Алишер Навоий, МАТ, “Фан”, 3-жилд, 241-бет.
[Закрыть]
Навоий рубобий оламига қизиққан китобхонни монеъликлар саноғи: оғиз, қад, қош ва кўз қизиқтиради. Чунки бу аъзо-узвлар маҳбубага тегишлики, улар ошиқни на зуҳдига қўядилар ва на ҳолу жонига. Бунчалар монеъликлари бўлган одам нима иш ҳам қила оларди! Қандай ажойиб асос ва мантиқийлик. Ана шу ҳиссий ва мазмун жозибадорлиги ўқувчининг матндаги истихрожни кўришига монеълик қилади, десак бўлади.
Ҳолбуки, бундаги истихрож қилинган сўзнинг асосларига назар солсак, ҳосиласи бизни ҳайратга солмай қўймайди: оғизнинг китобат ташбеҳи “мим”, қадники “алиф”, қошники “нун” кўзнинг китобат ташбеҳи эса “айн”. Ана шу ҳарфларни ўнгдан чапга тизиб чиқсак, “монеъ” сўзи келиб чиқадики, Алишер Навоийгача ҳали ҳеч бир сўз санъаткори байтдаги на ҳарфлардан, на сўзлардан “монеъ” сўзини истихрож қилмаган эди. Биз ҳам аҳли идрок ишини осонлаштириш учун матндаги Навоий байтларига қўштирноқлар билан кўрсаткичлар қўйганмиз. Бу байтнинг нашрдаги ҳолати қуйидагича мутлақо белгисиздир:
Оғиз бирла қаду қошу кўзунг зуҳдумға қўймаслар,
Нечук қилғай киши бир ишки, бўлғай бу қадар монеъ.
Кўряпмизки, эски ёзувда ҳам, кирилл ёзувида ҳам истихрож усталик билан ўзига хос “хаспўшланган”дир.
Истихрожлар дахл этган байтлар намуналарини тизганимизда таҳлилчи назарида “ано”, “дуо” ва “алам” сўзлари истихрож этилгани янада жозиброқ, эътиборни тортувчи бўлиб туюлади. Мавлоно Лутфийдан:
Чун кўзу қошу қад била бизни кўнгулсиз айладинг,
Қилма ҳавола жонима ўзга ано жиги-жиги.805805
Лутфий, Сенсан севарим, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1987, 325-бет.
[Закрыть]
Кўрсаткичли ҳолати:
Чун “кўзу” “қошу” “қад” била бизни кўнгулсиз айладинг,
Қилма ҳавола жонима ўзга “ано” жиги-жиги.
Алишер Навоийдан:
Не нозук хўй эрурким, айламиш ўтруда юз дашном,
Гадоеким анинг “зулфу” “кўзу” “қад”дин “дуо” қилмиш.806806
Алишер Навоий, МАТ, 5-жилд, 1990, 192-бет.
[Закрыть]
“Қаду” “зулф”унг била “оғзинг” тилаб кўз юмди оламдин,
Навоийға тараҳҳум айлаким, борди “алам” бирла.807807
Алишер Навоий, МАТ, 3-жилд, 407-бет.
[Закрыть]
Анъана ва таждид нуқтаи назаридан ёндашилганда истихрож қўллаган кейинги муаллиф айнан ўша сўзни кўрсаткич қилиб олса ҳам, байтдаги фикри янги бўлса, халафнинг ютуғи, анъанага садоқати ҳисобланади. Чунончи, Нишотий “дуо” кўрсаткичли Навоий истихрожидан деярли айнан фойдаланган. Истеъдод маҳсули – ижодкорлик янгилиги шундаки, Навоийдаги “дашном” Нишотийда мадҳу санога айлантирилган, зид маъноли сўз билан айрибошланган:
“Зулф”у “кўз”у “қад”диға деди “дуо”,
Қилди адо васфида мадҳу сано.808808
Нишотий, Ҳусн ва Дил. Лирика, ДБАН Тошкент, 1967, 142-бет.
[Закрыть]
12. Сўзнинг бир қисмидан янги сўз ясаш усули.
Мумтоз шоирлар сўздан сўз ясаш, яъни истихрож қилишга мойил бўладилар. Бу усулнинг қулайлиги шундаки, сўздан янги сўз ҳосил қилиш жараёнида муаллиф ҳаёт ҳақида фалсафий мушоҳадалар юритишга киришади. Бирор сўз таркибидан янги сўз яратилиши ўқувчини олам ва одам ҳақида теран фикрлашга рағбатлантиради; сўзга, маънога эътибор беришга ўргатади. Чунончи, Мавлоно Нишотий “Ҳусн ва Дил” достонида қуйидгича бир байтда сўзнинг бир қисмидан янги сўз ҳосил қилиш навини қўллаган:
Боғи жаҳон охири “асмори” “мор”,
Бор экан охири “гулзори” “зор”. (Нишотий, 164-бет).
(Мазмуни: жаҳон боғи мевасининг (асмори – самараси) охири “мор” (илон) экан. “Гулзор”нинг сўнги эса “зор” экан…).
Китобхон бу байт мутолаасидан сўнг мулоҳаза қилади: “Ҳа, шоир-мутафаккир ҳақ: жаҳон боғи турфа мевалари билан бизни ўзига маҳлиё этади, ўзига жалб қилади. Бунда яшаган инсон огоҳ бўлиши керакки, умр охирида “мор” – илонга дуч келади”… “Гулзор” чиройли, орзубоп макон. Бироқ охири одам унга зор бўлади… Ҳар бир мисрадаги истихрожларни ўқувчи тез идрок қилади. Китобхон “асмор” сўзидан бир қисми олиниб “мор” бўлганини, “гулзор” сўзининг бир қисмидан “зор” сўзи истихрож қилинганини сезади.
Салтанат – шоҳлик улуғ орзу ҳисобланади. Унга етганлар кўп. Бироқ шоҳликнинг сўнгги – мансабдан, тахтдан жудо бўлиш ёки қазога бўйин эгишдир. Ана шу оқибат – ниҳоя даҳшатни, надомат ва озорни шоир шундай ифодалашга муяссар бўладики, бу ҳам сўзнинг бир қисмидан янги сўз яратиш туфайли содир бўлади:
Шаҳ дағи бу ғамда чекиб мадди оҳ,
Ўйлаки, “оҳ” ўлғуси поёни “шоҳ”.809809
Нишотий, Ҳусн ва Дил. Лирика, ДБАН, 1967, 47-бет.
[Закрыть]
(Мазмуни: шоҳ ҳам бу ғамдан чуқур оҳ тортди. Худди “шоҳ” сўзининг охири “оҳ” бўлганидек). Ҳаёт зимнида мамот борлигини идрок этиш фалсафий фикр юритишдир.
Демак, истихрож деганда байтда сўз вужудга келтиришнинг хилма-хил усуллари назарда тутилар эканки, бир қарашда тил ҳодисасидай туйиладиган бу усул аслида бадиий санъатдир. Истихрож ўқувчи идрокига ларза ташлайдиган, китобхонни ҳаётий ва фалсафий мушоҳадалар юритишга рағбатлантирадиган, матндаги сўз, ҳарф ва товушга, унинг маъно-мазмунига кўз-қулоқ бўлишга ўргатадиган ва шундан маънавий озиқ берадиган бадиият унсуридир. Истихрож шоирлар учун илҳомий мўъжизапардозлик бўлса, ўқувчи учун зако имтиҳони, заковат ва маърифат озиғи, теран ҳайратлар манбаидир. Истихрож китобхонга ҳарф имкониятлари, сўз сеҳри, маъно мантиғи ва залворидан, фикрларнинг ранг-баранглигидан битмас-туганмас янгиликлар беради. Ўқувчи бу санъат орқали ўз идрокини шоир қайроғига қайраб олгандай бўлади. Истихрож санъати кашфи шундаки, китобхон шоир сеҳрлаган байтлар сеҳрини очабошлайди, сеҳргарлик, сўз билан муомаланинг заковат чўққиларига ақлан тирмашади.
Истихрож оддий китобхонни заковатли китобхон бўлишга, ўқимишлилигини янада юксалтиришга ундайди. Ҳар бир истихрожли байт китобхон учун ақл-идрок синови: ё уни сезмай ўтиб кетади ёки тушуниб, истихрожни кашф этиб шоир санъаткорлигига қойил қолади ва сеза олгани учун ўз-ўзидан, ақлидан қониқиш ҳис этади, ғайратлар дарёсига чўмади…
Истихрож ўзбек мумтоз шоирларининг юксак ақлий, бадиий закосидан ёмби намуналардир. Бу санъатдаги нуктапардозлик янада ўзгача мўъжиза яратиш деб қайд этгуликдир. Истихрож таснифлари баъзиларга жуда майдалаштирилгандек туюлар. Бизнингча, ҳали бу тасниф анча камбағал. Зеро келажакда топиладиган ва бошқалар топган мисоллар билан бу таснифни янада бойитиш ва кенгайтириш мумкин. Иқрор этгимиз келадики, даставвал мавзуни ёритишга материал йиғаётганимизда истихрожнинг шунчалик ранг-баранг санъат эканлиги каминага ҳам маълум эмас эди.
Истихрож санъатининг ўзбек адабиётида пайдо бўлиши ва тараққиёти XIV асрда юксалган турк давлатчилиги ва туркий тилга эътибор билан узвий боғлиқдир.
Истихрож санъатининг дастлабки гўзал намуналари Ҳофиз Хоразмий, Атойи, Саккокий ва Гадоий ижодларида кўзга ташланган бўлса, Мавлоно Лутфийга келиб тасвирнинг фаол усули даражасига етди. “Маликул калом”имиз девонида юзга яқин бу санъат намуналарини кўриш мумкинки, уларнинг хилма-хиллиги, навларининг кўплиги бу санъат тараққиётини намойишга қўйгандай бўлади. Истихрож усули Навоий ижодида юксак босқичларга кўтарилди: мисли кўрилмаган миқёс ва теранлик бу санъат истеъмолида кўрилди. Ҳатто Навоий ижодидаги истихрожларнинг рубобий шеърияти ва эпик ижодидаги фарқларини ҳам тасаввур қилиш мумкин. Навоий эпик ижодида кўпроқ кишиларнинг исм шарифлари яратилиши билан шуғулланган бўлса, рубобий шеъриятида асосан инсон аъзо-узвлари китобати билан боғлиқ истихрожлар юзасидан қалам тебратди.
Ҳофиз Шерозий, Атойи, Саккокий, Гадоий ва Лутфий ижодларида истихрожнинг айтилган ҳарфлардан сўз ясаш ва зимдан ҳарфлар назарда тутилган истихрож навлари кўпроқ учрайди. Сўзлар бирикишидан янги сўз ясаш сингари мураккаброқ истихрожларнинг мухтарии-ихтирочиси Алишер Навоий бўлиб чиқди ва унинг ютуқларини Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўз ижодида янада мустаҳкамлади, давом эттирди, ўта нафис ва ақлни ҳайратга соладиган намуналарини яратди.
Истихрожнинг яратилган асосий навлари гўё Нишотий ижодида ўз иккинчи умрини бошлади ва бу шоир ҳам хамсачиликка даъвогарлигини исботлашга уринар экан, истихрождай мураккаб бадиий санъатда ҳам ўз иқтидорини намойиш этди, истихрожнинг янги навларини яратди (жумладан, сўзнинг бир қисмидан янги сўз ясаш). Навоийдан кейинги шоирлар анъанани қуруқ давом эттирганлари йўқ, балки Навоий ихтиро этган истихрож сўзлардан фойдаланиб, уларни янги истихрож сўзлар билан бойитиб, ижодий мусобақа тамойилида давом эттирдилар.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.