Электронная библиотека » Эркин Рахмонов » » онлайн чтение - страница 8

Текст книги "Бадиият жозибаси"


  • Текст добавлен: 31 мая 2023, 14:14


Автор книги: Эркин Рахмонов


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 8 (всего у книги 27 страниц)

Шрифт:
- 100% +
Китобий талмеҳлар

Биз бир туркум талмеҳларни китобий талмеҳлар атамаси билан аташга мойилмиз. Булар, муқаддас китоблар – “Қуръон”, “Забур”, “Инжил”, “Таврот”, “Авесто”; йирик олимларимизнинг тарихий ва турли соҳаларга бағишланган илмий асарлари, машҳур шоир ҳамда адибларимизнинг назм ва насрдаги асарларининг номлари; бирор шоирнинг бирор шеърига ёки унинг бирор байтига қилингн ишоралар талмеҳлари бўлиши мумкин.

Айниқса, комиллик қадим замонлардан бери инсониятнинг юксак орзуси бўлганидек, Шарқ мутафаккирлари донишмандликнинг биринчи белгиси тўрт муқаддас китобни асосли даражада билиш деб ҳисоблашган. Чунончи, Алишер Навоий қуйидаги байтида ҳаққа етишни истаган киши осмондан тушган тўрт дафтарни ёд билган бўлса ҳам тўрт унсур қайдидан вужудни руҳ тарк этмагунча наф йўқ демоқчи бўлади:

Тўрт унсур қайдидан то чиқмагайсан, наф эмас

Осмоний тўрт дафтарни тутайким ёд бил.194194
  Алишер Навоий, МАТ, 3-жилд, “Фан”, 1988, 292-бет.


[Закрыть]

Дарҳақиқат, дин илмини мукаммал билишни истаган киши кўкдан инган тўрт муқаддас китоб мазмунидан, сирларидан яхши воқиф бўлмоғи лозим.

Мавлоно Огаҳий ҳам тубандаги байтида ёлғизлик фожиасини махсус уқтириш учун, киши тўрт дафтарнинг ўқимишлиси бўлса-да, агар ёлғиз бўлса, нодон бир одамчалик жамиятда қадри бўлмайди, деган фикрни изҳор этади:

Киши гар дониш ичра тўрт дафтарга эрур хоно,

Агар ёлғуз эса, нодонча қадри бўлмағай, жоно.195195
  Огаҳий, Асарлар, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 2-жилд, 1972, 277-бет.


[Закрыть]

Кўриняптики, Огаҳий анъанавий тарзда Навоий ва бошқа шоирлар қайд этган “тўрт дафтар” – тўрт муқаддас китоб талмеҳини қўлламоқда. Айни пайтда Алишер Навоий бу талмеҳни бир мақсадда, Огаҳий эса мутлақо бошқа бир мақсадда қўллаган. Бироқ ҳар икки байт учун умумий бир ўзак фикр – осмондан тушган тўрт китобни билишлик мутафаккирлик даражасидир, деган ҳақиқат ўз ифодасини топган.

Кўпинча муқаддас китобларнинг ҳар бирига алоҳида ишора қилиш тажрибаси кузатилади. “Қуръон” китобига талмеҳ намунаси:

Гар каломингни Масиҳ анфоси дедим, эй ҳабиб,

Айб қилмаким, ғалат гоҳе тушар “Қуръон” аро.196196
  Алишер Навоий, МАТ, 3-жилд, 1988, 38-бет.


[Закрыть]

Мазмуни: эй ҳабибим, сўзларингни Масиҳ нафаси, деган бўлсам айбга буюрмагайсан. Чунки (котиблар ёзгани учун) баъзан “Қуръон” нусхасида ҳам хато бўлади.

Алишер Навоийнинг ушбу байтдаги муъжизаси шундаки, аввало “Масиҳ анфоси” деган ўрнак бўларли талмеҳ навини тескари маънода қўллаган, нотўғри ҳисоблаган (камтарлик юзасидан!) ва иккинчи талмеҳнинг китобий хилини келтириб, бунда ҳам тамсил йўлини тутган. Талмеҳ устига талмеҳ ва кейинги талмеҳ устига тамсил! Санъат устига санъат ва мазмун йўрмадўзлигининг эъжози!

Туркийгўй Ҳайдар Хоразмийнинг “Гул ва Наврўз” достонида Довуд пайғамбарга нозил бўлган “Забур” муқаддас китобига ишора қилинган байт келтирилган: Наврўз Гулдан нишон излаб юрганида унга Булбул йўлиқади ва Фархор мамлакати ва Гул ҳақида маълумотлар беради. Булбул ўз сўзида жумладан шундай дейди:

Эрур отим ул элда Булбули маст,

Билурмен туман достон баҳар даст.


“Забур” оҳанглик йирлар билурмен,

Надимлик ичра тадбирлар билурмен.197197
  Лутфий, Сенсан севарим, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1987, 361-бет.


[Закрыть]

Муқаддас китобларнинг аксарияти сажъда битилгани учун ўқилганда хушоҳанглик ва таъсирчанлик жуда ўзгача бўлади. Шунинг учун Булбул ўз қўшиқларини “Забур” оҳанглик демоқда.

Мумтоз шоирлар ва ҳозирги замон назм аҳли китобларида китобий талмеҳларнинг энг кўп учрайдиган хили – турли замонларда яратилган илмий ва бадиий асарларга ишоралардир. Мавлоно Лутфийнинг исмлари Умар бўлиб, тахаллуслари лутфкорлик (сўзни икки маънода ишлатиш одати) билан изоҳланади. Ушбу мумтоз шоир поэтикага оид кўплаб рисолаларни ўқиганини биз унинг қуйидаги байтидан ҳам сезиб қоламиз:

Саводи наргиси анинг “Ҳадойиқ ус-сеҳр” ул,

Ки текма санъати торожи ақлу дин бўлди. (Лутфий, 277-бет).

Агар байтнинг иккинчи мисрасидаги “текма санъати” сўзлари бўлмаганда, балки биринчи мисрани қуйидагича ўқиб кетаверган бўлардик:

Саводи наргиси анинг хадойиқ ус сеҳр ул (Кўзининг наргиси унинг сеҳр боғидир).

Мавлоно Лутфий бу байтда Рашидиддин Ватвотнинг “Хадойиқ ус сеҳр фи дақойиқ уш шеър” – поэтикага оид машҳур тадқиқотини махсус эсга олиб ўтган. Бу китоб шеър санъатларининг яхши тадқиқоти сифатида машҳурдир. Атоуллоҳ Ҳусайний “Бадойи ус– саноеъ”да кўп маротаба ушбу асар матнидан қиёс учун иқтибослар келтирган. Мавлоно Лутфийнинг бошқа бир байтида Абу Али ибн Синонинг “Ал қонун фит тиб” асари “Қонуни шифо” номида тилга олинган:

Дардимға қилур чора табассум била лаълинг,

Исо қани ўрганса бу “Қонуни шифо”ни. (Лутфий, 275-бет).

Мумтоз шоир байтда аввал нафаси билан ўликни тирилтириш қудратига эга бўлган Исо алайҳиссаломга ишора қилади. Сўнгра ёр лаблари ҳаётбахшлигини Исо қудратидан ҳам юқори қўйиш учун “Қани энди Исо бу “Қонуни шифо”ни ўрганса” деб китобий талмеҳ келтиради-ю, аслида “Қонуни шифо” китоби ўрнида ёр лаблари назарда тутилади.

Китобий талмеҳчиликда, қайд этилганидек, бадиий асарларга ишоралар ғоятда кўп учрайди. Масалан, Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” достонига назар солсак, ижодкор ўз устозининг деярли асосий асарларини номлаб ўтишни жон деб билганига амин бўламиз. Дарҳақиқат, Фаридиддин Аттор ижодий дўконининг ҳайратомуз даражада бадиий товарларга бойлиги аввало уқтирилади:

Ҳар не гардун баҳр ила қонида бор

Онча юз Аттор дўконида бор…

Халқ учун махлут этиб гул бирла қанд,

Табъға гулқанд янглиғ судманд.

Чун “Мусибатнома”син айлаб аён,

Юз мусибат нафсқа айлаб аён.

… Чун рақам айлаб “Илоҳинома”ни,

Ваҳйига айлаб муҳаррир хомани.

Шарҳи асрори Илоҳи айлабон,

Халқ аро шарҳи камоҳи айлабон.

Чунки “Уштурнома” айлаб ошкор,

Нуктаси бухтиларин тортиб қатор,

Неча минг бухти нечукки чархи дун,

Дурру гавҳар хамлидин бори забун.

Чун ғавси “Лужжаи ҳилож” этиб,

Ҳар дурин шоҳлар бошиға тож этиб.

Наср ила чун “Тазкира” мавжул этиб,

Авлиё арвоҳини хушнуд этиб.

Ҳар бирининг руҳидин юз тийра зот,

Жон топиб ичган киби оби ҳаёт.

Бир тараф бориға ойину шараф,

“Мантиқ ут-тайр”иға ойин бир тараф.

Ондаким дарж этти қушлардин мақол,

Ўзга тилдур, ўзга сўздур, ўзга ҳол.198198
  Алишер Навоий, Лисон ут-тайр, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1991, 32-бет.


[Закрыть]

“Лисон ут-тайр”дан олинган мазкур йирик иқтибосимизда Фаридиддин Атторнинг “Мусибатнома”, “Илоҳинома”, “Уштурнома”, “Лужжаи ҳилож”, “Тазкират ул-авлиё” ва “Мантиқ ут-тайр” асарлари тилга олинган бўлиб, жумладан, “Тазкират ул-авлиё” сўфийлар ҳақидаги тазкира насрда, қолган барча келтирилган асарлар Аттор достонларидир. Навоийнинг улкан маҳорати яна шунда намоён бўладики, бир байтда ўша асар моҳиятини ифодаловчи муҳим фикр айтилади.

Мавлоно Атойи ғазалларидан бирида Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” достони таркибидаги Шайх Санъон тимсолини эслатар экан, лирик қаҳрамоннинг чин санамига маҳлиёлиги тасодифий эмаслиги, балки бундай қисмат – бошқа миллат гўзалига Каъбанинг бош имомида ҳам бўлганлигига ишора қилади:

Сен бути чин ишқида ҳолимни айб этган киши,

“Мантиқ ут-тайр” ичра кўрсун Шайхи Санъон қиссасин.199199
  Ҳаёт васфи тўплами, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1988, 397-бет.


[Закрыть]

Ижодкор бу байтда ўз фикрини тасдиқлаш учун бадиий ҳужжатни келтирар экан, бу ишни у тамсил келтириш усулида усталик билан бажаришга муяссар бўлади.

Кузатганимиз, Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр”ида Атторга тегишли кўплаб достонлар ва насрий асар санаб ўтилганидек, бу анъанани Зокиржон Ҳабибий ХХ асрда давом эттириб, ўзининг Алишер Навоийга аталган мухаммасида даҳо шоиримиз асарларидан бир нечасини келтиришни лозим топади, яъни номларини мисраларда тизади:

Кўринди сафҳаи “Хамса”нгла ҳай-ҳай турфа беш гулшан,

Тузилмиш “Ҳайрат ул-аброр” ила “Фарҳоду Ширин”дан,

Яна ул “Лайли-Мажнун” бирла Искандар бўлуб равшан,

Гўзал зийнат бериб Баҳром ила бир йиға илму фан,

Қизиқмоқ бирла халқим завқ этиб сайру саёҳатда.


Чиқиб бахтинг қуёши ҳур ватан авжида кетди шом,

Бўлуб суҳбатда “Чор девон”инг ишқ аҳлиға дил ором,

Солиб дилларга “Маҳбуб ул-қулуб”инг ранг-баранг илҳом,

Муҳаббат бодаси тўлган муқаддас ҳар кўнгул бир жом,

Яшармиз жўш уриб мастонавор айшу фароғатда.200200
  Ҳабибий, Девон, Ўша нашр., 1975, 384-бет.


[Закрыть]

Мазкур иқтибос-мухаммаснинг икки бандида “Хамса” ва унинг таркибидаги достонлар “Ҳайрат ул-аброр”, “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”; “Чор девон” (“Хазойин ул-маоний”) ва “Маҳбуб ул-қулуб” насрий пандномаси эсга олиб ўтилган. Достон номлари ўрнида Баҳром ва Искандар исмлари эслатилган.

Китобий талмеҳларнинг навбатдаги хили – бирор шоирнинг бирор шеърига (тўғрироғи байтига) ишорадир. Бундай талмеҳлар ҳам икки хил бўлади.

а) ўта маълум ва машҳур байтларга ишора бўлганидан ишораси дарҳол сезиларли талмеҳлар;

б) унчалик машҳур бўлмаган байтларга ишора қилинган сезилиши қийин талмеҳлар.

Шарқда Шероз булбули – Ҳофиз Шерозийнинг:

Агар он турки шерози ба даст орад дили моро,

Ба холи ҳиндуяш бахшам Самарқанду Бухороро.201201
  “Таржима санъати” мақолалар тўплами, 4-китоб, Ўша нашр., 1978, 254-бет.


[Закрыть]

Таржимаси:

Агар кўнглимни банд этса ўшал Шероз жонони,

Қора холига бахш этгум Самарқанду Бухорони

байти машҳурдирки, бу ҳақда бир неча ривоятлар ҳам тўқилган. Ҳозирги замон ўзбек шоирлари ана шу байтга такрор ва такрор ишора қиладилар. Чунончи Эркин Воҳидов шу байтни икки маротаба эслатишни лозим кўрган:

Минг йилча муҳаддам Ҳофизи Шероз

Бир гўзал холига бўлганда банда

Тасаввур қилолмам, не дер эди у

Бу кун анжуманда ўзи бўлганда.202202
  Эркин Воҳидов, Сайланма, 2-жилд, “Шарқ”, 2001, 18-бет.


[Закрыть]

Ёки:

Ҳофизи Шерозий тирилиб ҳозир

Холингга дунёни бериб кетади.203203
  Эркин Воҳидов, Сайланма, 2-жилд, “Шарқ”, 2001, 151-бет.


[Закрыть]

Унчалик машҳур бўлмаган байтларга ишораларни асосан мутахассислар сеза оладилар, десак муболаға бўлмайди. Чунончи, Заҳириддин Муҳаммад Бобур рубоийларидан бирини келтирайлик:

Ашъорингким, шеър оти то бўлғай,

Табъ аҳли анга волау шайдо бўлғай.

Ҳар лафзи дуру баҳри маъни анда,

Ким кўрди дуреки, анда дарё бўлғай.204204
  Шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Назм дурдоналари, “Шарқ”, 1996, 113-бет.


[Закрыть]

“Ҳар бир сўзи дуру унда маънолар денгизи бор” деган тушунчани назарда тутиб, Навоий девонларини варақласак, Бобур ўша рубоийда Навоийнинг қуйидаги байтига ишора қилганига амин бўламиз:

Дур бўлур баҳр ичра пинҳон назмидин шаҳ мадҳида,

Баҳр ёшурмиш Навоий ҳар дурри макнун аро.205205
  Алишер Навоий, МАТ., 3-жилд, “Фан”, 1988, 41-бет.


[Закрыть]

Бу байтга талмеҳ содир бўлганлигини яна бир бадиий ҳужжат билан алоқада тахмин қиламизки, Бобур Самарқандни иккинчи маротаба олганда Навоийга мактуб ёзиб, ундан жавоб хати ҳам олган ва ўз жавобида Бобур даҳо шоирга атаб байтлар ёзиб юборган:

“Бу иккинчи навбат Самарқандни олғонда, Алишербек тирик эди. Бир навбат манга китобати ҳам келиб эди. Мен ҳам бир китобат йибориб эдим, орқасида турки байт айтиб битиб йибориб эдим”.206206
  Бобур, Бобурнома, ЎзФАН, Т., 1960, 142-бет.


[Закрыть]

Узоқ изланишлар Бобурнинг Навоийга юборган мактубидаги туркий байтларни топиш имконини берди. Чунки уларнинг мазмуни талмеҳий хусусиятлари бизнинг тахминимизни қувватлайди. Мана Бобурнинг навбатдаги рубоийси:

Эйким, бори шеър аҳлиға сен хон янглиғ,

Шеъринг бори шеърларға султон янглиғ.

Мазмуни анинг хатти саводи ичра

Зулмат аросида оби ҳайвон янглиғ207207
  Бобур, Девон, “Фан”, 1994, 77-бет.


[Закрыть]

Навоийнинг қуйидаги байтига китобий талмеҳдир:

Дедим: “Назм аҳли сархайли ким бўлғай?” деди Ҳотиф:

“Навоий бўлғай улким сен сўрайдурсен агар бўлғай!”208208
  Алишер Навоий, МАТ., 4-жилд, “Фан”, 1989, 443-бет.


[Закрыть]

Бу даъвомизга асос шундаки, Бобур лирик тимсолни шеърият аҳлига хон сингари демоқдаки, хон энг йирик амалдир. Бу амални Бобур туркий тилда фақат Навоийгагина раво кўрарди, Навоий байтида муаллиф фахрия йўли билан ўзини шоирлар даврасининг бошлиғи эканлигини ғайб фариштаси тили билан эълон қилмоқда.

Мумтоз адабиётда талмеҳларнинг иқтибос аралашган хили ҳам борки, бунинг моҳияти шундай: халаф салафнинг бир мисраси ёки бир байтидан деярли айнан фойдаланади-ю, қўшимчани ўзгартириб, мазмунни ўз матнига мувофиқлаштириб олади; иқтибос олаётганини ҳам, талмеҳлигини ҳам билдирмайди. Чунончи, Зокиржон Фурқат “Сабоға хитоб” шеъридан Истанбулда Миллат боғини кезиб тошкентлик ёр-дўстларига салом йўллаб, жумладан қуйидаги байтни келтиради:

Бор экан Фурқат отлиқ бир ғарибинг,

Висолинг давлатидин бенасибинг.209209
  Фурқат, Танланган асарлар, ДБАН, 1960, 108-бет.


[Закрыть]

Маълумки, Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонида Ширин Фарҳодга йўллаган мактубида ёзган эди:

Недур аҳволинг, эй зори ғарибим,

Висолим давлатидин бенасибим.210210
  Алишер Навоий, МАТ, 8-жилд, “Фан”, 1991, 369-бет.


[Закрыть]

Аниқки, Фурқатнинг бу байтига дуч келган китобхон дарҳол “Фарҳод ва Ширин” достони ва Ширин мактубини эслайди (агар уни ўқиган бўлса).

Ушбу анъана ҳозирги замон адабиётида ҳам давом этмоқда. Абдулла Орипов Қутб Хоразмийнинг Низомийдан илҳомланиб “Хусрав ва Ширин”ни ижодий таржима қилганлиги ҳақидаги фикридан фойдаланиб, Алишер Навоий ҳақида сўз юритади:

Қутб Хоразмийнинг “Хусрав ва Ширин” достонидан:

Қозонтек қайнаб уш савдо пишурдум,

Низомий болидин ҳалво пишурдум.211211
  Уч булбул гулшани, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1986, 340-бет.


[Закрыть]

Абдулла Ориповнинг “Озарбайжон” номли шеъридан:

Низомий болидан ҳалво пишурмиш,

Навоий забт этиб туркий жаҳонни.212212
  Абдулла Орипов, Сайланма, “Шарқ”, 1996, 144-бет.


[Закрыть]

Халаф шоир салафнинг бир мисрасини тўлиғича олиб, охирги сўз қўшимчасинигина ўзгартирган… муҳими шундаки, А.Ориповнинг озар ва ўзбек халқлари дўстлиги ва маданий ҳамкорлиги ҳақидаги шеърини ўқиган китобхон Қутб Хоразмийнинг юқоридаги байтини эслаб, шоирнинг ижодий ўзлаштириш-топқирлигидан хурсанд бўлади.

Бу усул мумтоз адабиётда қадимдан қўлланилиб келади. Чунончи, муаллифи мунозарали бўлиб келаётган “Юсуф ва Зулайхо” достонининг қуйидаги байтларида Таймусшоҳнинг Зулайхо исмли қизининг тавсифи берилади:

Бир қизи бор эди маҳи ҳовари,

Оразиға шамсу қамар муштари…

Ҳосили умри ул эди шоҳнинг,

Оти Зулайхо эди ул моҳнинг. (Уч булбул гулшани, 34-бет).

Муҳамад Шариф Гулханий “Зарбулмасал” асарида айнан ана шу парчага нисбатан ўзлаштирма талмеҳ усулини қўллаган:

Оразидин шамсу қамардур қизил,

Сўзларидин шаҳду шакар мунфаил.

Ҳосили умри эди ул бойнинг,

Оти Гунашбону ўшал ойнинг.213213
  Гулханий, Зарбулмасал, “Ўқитувчи”, 1972, 9-бет.


[Закрыть]

Албатта, бу типдаги талмеҳларни сезиш учун ўта малакали китобхон ёки адабиётчи, адабиётшунос бўлмоқ керак бўлади. Чунки мумтоз адабиёт намуналарининг асосий қисмидан баҳрамандлик орзуимиз бўлиб, бу орзу ҳали кўп вақтлар орзулигича қолаётгани, кенг китобхонлар оммаси бу хазинадан тегишлича баҳраманд бўлмаётганини миллий-маънавий кемтиклик деб қарашга тўғри келади.


Байналмилал т а л м е ҳ л а р

Миллатларнинг маданий, савдо ва иқтисодий алоқалари адабиётда ҳам ўз аксини топади. Худди бирор “тоза” тил бўлмагани сингари, бошқа адабиётлар таъсиридан четда қоладиган адабиёт ҳам бўлмайди. Шунинг учун узоқ Арабистонда яшаган кишилар: Вайсул Қаран, Абу Ҳанифа (Нуъмон ибни Сабит), Абу Шажма, Абу Жаҳл, Абу Лаҳаб, Абу Али Мискавайҳ сингари юзлаб кишилар гоҳ адабий қаҳрамон, гоҳ талмеҳ қаҳрамони бўлиб ўзбек адабиёти асарларига кириб келадилар. Мажнун, Фарҳод, Ҳотам, Зулайхо сингари адабий қаҳрамонлар Йоҳанн Вольфганг Гёте, Жорж Гордон Байрон шеъриятларида талмеҳ қаҳрамони бўлиб кўзга ташланадилар:

Гуноҳимни биларсан балки,

Мажнун бўлиб суйганим холос.

Армонларим хазон ва сени

Суймак билан куйганим холос214214
  Ҳамид Олимжон, Асарлар мажмуаси, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1970, 209-бет.


[Закрыть]

(Ҳамид Олимжон таржимаси).

дейди Байроннинг лирик тимсоли шоирнинг “Видо” шеърида…

ХХ аср ўзбек адабиёти учун мутлақо янгиланиш даври бўлди: асосий жанрлари ўзгарди. Мумтоз адабиётдаги бош ўринда турган ғазал замонавий янги шеърга ўз ўрнини бўшатиб берди. “Ёшлик девони”га қадар шўролар адабиёти яхши замонавий ғазални яратолмади. Айниқса талмеҳчиликдаги ўзгаришлар миқёси мисли кўрилмаган даражага етди: ўзбек адабиётига олти қитъа адабиёти ва тарихидаги шахслар талмеҳ қаҳрамони бўлиб кира бошладилар. Усмон Носирнинг биргина “Монолог” шеърида итальян ва инглиз шоирлари ҳамда уларнинг қаҳрамонларидан Сапфо, Тассо, Шекспир, Леонора, Биатриче, Ҳамлет, Офелия, Отелло, Дездемона, яъни тўққиз киши талмеҳ қаҳрамони бўлиб кирган. Шу шоирнинг “Нил ва Рим” шеърига келсак, бу саноқ янада ошиб кетади: Ро, Азирисо, Тифан, Фиръавн, Минис, Рамзес, Клеопатра, Ҳомер, Спартак, Цезарь, Афлотун, Вергилий… сингари. Шу шеърдан айрим байтларни келтирамиз:

…Фарёдларга чидолмайди ер билан осмон,

Ро қаерда? Азирисо? Қийнайди Тифан!..

То Минисдан Рамзесгача, Рамзесдан нари,

“Малика қиз” Клеопатра ҳукмрон даври…

…Ҳамон йиғлар яланғоч Рим, ҳамон дил эзар,

Ҳамон тилла қадаҳда қон ичар Цезарь!

…Жавоб берсин Афлотунми, Вергилийми ё-

Бошқа бири, қани ким у? Ким мард? Ким гувоҳ?..215215
  Ўзбек адабиёти, 8-синф учун дарслик-мажмуа, “Ўқитувчи” нашр., 1997, 104-105-бетлар.


[Закрыть]

Инобатга олиш керакки, байналмилал талмеҳлар фақат ўша номларгагина ишора эмас, бунинг заминида икки адабий-таълимий мағиз бор: биринчидан, шоирларимиз кишилик тарихидан шунчалик кенг ва теран хабардорлар; иккинчидан, китобхонлар ҳам ўша шахслар ва улар билан боғлиқ тарихий воқеа-ҳодисалардан хабардор бўладилар.

Рум, Ромул, Қутайба, Бобак, Фузулий, Самад Вурғун, Ҳамлет, Ўлжас, Низомий, Пушкин, Шива, Лермонтов, Некрасов, Фирдавсий, Данте, Колумб, Азгануш, Отелло, Яго, ва… яна ўнлаб жаҳон халқлари тарихий ва адабий намояндаларини кўрсатиш мумкинки, улар ўзбек шоирлари Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов ижодларига оралагандирлар.

Байналмилал талмеҳлар ўзбек китобхони билим доирасининг жаҳон глобуси қадар кенгайгани, тасаввури бойигани, идроки теранлашгани кўрсаткичи ҳам бўлиб ҳисобланади. Чунки талмеҳ кўрсаткичлари билан боғлиқ билимлар китобхонлар учун мўлжалланган бўлади. Бундай талмеҳдан хабардорлар учун бу талмеҳлар қувонч манбаи бўлса, айрим билмаганлар учун сир ва жумбоқ бўлиб қоларкан, ўқувчиларни ана шу шахс ва воқеалардан хабардорлик тақозосидан огоҳлантиради…

Дунё шоирлари орасида энг машҳур лирик шоир Ҳофиз Шерозий ва унинг мшҳур бир байти ҳақида кўплаб ривоятлар тўқилган. Айниқса қуйидаги байт ҳақида Амир Темур билан алоқадор икки ривоят жуда кенг тарқалган:

Агар он турки шерози ба даст орад дили моро,

Ба холи ҳиндуяш бахшам Самарқанду Бухороро.

Эмишки, Амир Темур Шерозни олгач, Ҳофизни топиб келтиришни талаб қилган. Шоир не сабабдан Амир Темур чақирганини яхши билганидан биргина устки жулдур кийимда салтанат соҳиби олдига борган. Шоҳ унга:

– Нотайин гўзалнинг битта холига Самарқанд ва Бухородай дунёнинг энг йирик ва гўзал шаҳарларини беришга нима ҳаддинг бор?! – деб ғазаб қилганида, шоир:

– Ҳазрат, шунчалик саховатим туфайли шу аҳволга тушиб қолдим-да! – дея Амир Темур шафқатига сазовор бўлган экан.

Иккинчи бир ривоятда кўра, шоир айбни котибга тўнкаб: “Мен унақа байт ёзмаганман. Мен:

Агар он турки шерози ба даст орад дили моро,

Ба холи ҳиндуяш бахшам ду сарқанду ду хурморо

деб ёзганман”, – дея ўзини оқлаган эмиш…

Шоир Абдулла Орипов машҳур “Арманистон” шеърида арман суюкли шоири Егише Чаренцни талмеҳ кўрсаткичи қилиб олади. Маълумки Чаренц Эронда (Эрон Арманистонида) яшар ва инқилоб суронлари уни асл арман ўлкасига чорлаган. У совет Арманистонига келиб, инқилоб куйчисига айланган: инқилоб ва Ленин ҳақида шеър ва достонлар ёзган. Ва ниҳоят уни халқ душмани сифатида советлар адлияси ўлимга ҳукм этган:

Чаренц таъналардан ҳайиқмай тақир

Шеърият кўкида кўтарди ялов.

Ҳайҳот, бу зотни ҳам ёндирди охир

Ўзи муқаддас деб сиғинган олов.216216
  Абдулла Орипов, Юртим шамоли, “Ёш гвардия” нашр., 1976, 61-бет.


[Закрыть]

Демак, ҳали олтмишинчи йиллардаёқ инқилобнинг емирувчи, маҳв этувчи ўт эканлигини Абдулла Орипов очиқ айта олган. Чунки у ўша оловда Чўлпонлар, Абдулла Қодирийлар, Усмон Носирлар ёниб кул бўлганлигини яхши биларди. А.Ориповнинг “Арманистон” шеъридаги Сайёд Наво ва Туманян – икки мумтоз арман шоири талмеҳи ҳам ўзининг ўта мазмундорлиги, уларнинг умрий ва ижодий фаолиятлари моҳияти ифодаси сифатида ўқувчини ўзига ром этади:

Уч бўстон булбули Сайёд Наво бу,

Қўлида сози-ю, қалбида алам.

Туманян юртим деб чекканда қайғу

Арман қисматига йиғлади олам. (А.Орипов, 60-61-бетлар).

Бундай тарихий шахслар талмеҳи билан А.Орипов шеърияти тўлиб ётипти, десак муболаға бўлмайди. “Ереван кўчасида” шеърида бири-биридан машҳур инжа шеърият соҳиблари Фузулий ва Самад Вурғун талмеҳ қаҳрамонларига айлантирилган:

Озар қизи, нега менга гулларингдан тақмадинг,

Фузулийнинг даҳосига ҳурматимнинг ҳурмати.

… Мен-ку шеърни тўқимоққа сал-палгина ярайман,

Лекин сенсиз йиғлаб ўтгум Самад Вурғун мисоли. (А.Орипоа, 137-бет).

Дарҳақиқат, Фузулийнинг даҳосига ўзбек шоирларининг ҳурмат ва муҳаббатлари мислсиздир.

Шоир Эркин Воҳидовнинг илҳоми Ҳиндистон бўйлаб учар экан, қадимий илоҳалар ва шоирлар унинг мисраларидан жой оладилар:

Сен Индрасан, кўкда исмат

Чироғин ёққан.

Сен Шивасан, коинотни

Барбод қилгувчи.217217
  Эркин Воҳидов, Сайланма, 2-жилд,, “Шарқ”, 2001, 184-бет.


[Закрыть]

Эркин Воҳидовнинг юқоридаги байтлари Ҳиндистон эркининг тимсоли бўлган Назрул Исломга бағишланган “Руҳлар исёни” достонидан олинган. Лирик шеъриятимиз мумтоз вакилининг “Оқшом” шеърида назмга ошно ўзбек халқи олдидаги шоир масъулиятига тўхталар экан, виждонан уқтирадики:

Хаёлларинг теран ва учқур,

Сени букун қилмоқ учун банд:

Шоир керак Бедилдай чуқур,

Навоийдай доно, сарбаланд.218218
  Эркин Воҳидов, Сайланма, 2-жилд, “Шарқ”, 2001, -бет.


[Закрыть]

Арманистон саёҳати Эркин Воҳидов ва Абдулла Ориповга даста-даста ўлмас шеърлар “ҳадя этди”. Шоирнинг Азгануш исмли арман қизига икки маротаба талмеҳ билан мурожаат этгани эътиборга лойиқдир:

Балки Ширин Ширин эрмас, сен ўзинг Ширинмидинг?

Азганушим, Азганушжон, Азгануш, ҳой, Азгануш.219219
  Эркин Воҳидов, Сайланма, 1-жилд, 2000, 69-бет.


[Закрыть]

Ёки:

Таклиф этдим сени уйимга,

Хаёл пайдо қилган Азгануш.220220
  Эркин Воҳидов, Сайланма, 2-жилд, 2001, 27-бет.


[Закрыть]

Талмеҳ ва ижтимоий тараққиёт, янги ғоялар ва мафкуравий тамойиллар талмеҳ кўрсаткичларига янги-янги вазифа ва қиёфалар бағишлайди. Чунончи, XIX аср охирларида жадидчилик авж олганда шоирларимизнинг асосий диққат-эътиборлари мактаб-маориф – ирфонга қаратилди. Энди Лайли ва Мажнунларнинг ҳам бош роллари – ҳусн ва ишқ шоҳлари шоир Сиддиқий Ажзий талқинида ўзгача тус олди:

Маориф турраи мушкини савдоси-ла Мажнунам,

На сеҳр этмиш бани холу хати урфонни Лайлоси.221221
  Ибрат. Ажзий. Сўфизода, Танланган асарлар, “Маънавият”, 1999, 143-бет.


[Закрыть]

Энди Мажнун сиймосидаги рубобий тимсол маърифат шайдосидир. Уни урфон Лайлосининг холу хати (юқори лабларидаги майин туклар) маҳлиё этган.

ХХ аср бошларига келиб Миллий уйғониш даври авж палласига кирди. Абдурауф Фитрат ва Абдулҳамид Чўлпонлар ижодидаги талмеҳлар сиймоларида ҳам кескин ўзгаришлар содир бўлди. Аслида биргина Лайли ишқида телбаланган Мажнун бу даврга келиб Чўлпон талқинида ижтимоий эрк-озодлик Мажнуни тимсолини гавдалантиришга қўл келиб қолди. Чўлпон “Мен ҳам севаман” шеърида “у” олмоши зимнида эрк-озодликни назарда тутганини инобатга олиб қуйидаги бандини ўқиймиз:

Энди ҳар нафасда яна куяман,

Фақат, Мажнун бўлиб элни севаман.

Унга ҳурмат билан бўйин эгаман,

Бошимни “у” учун дорга қўяман!..222222
  Чўлпон, Асарлар, 3 жилдлик, 1-жилд, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1994, 74-бет.


[Закрыть]

“Сурмаи Сулаймон” ҳақидаги талмеҳ ҳодисаси ҳам жадидчилик идеали – оммани маърифатли қилиш ғояси хизматига “асқотди”. Ҳамза “Ўзбек хотин-қизларига” шеърида маориф даргоҳини нуристон деб талқин қилди ва маориф нурини “сурмаи Сулаймон” деб таъкидлади:

Сен қачон маорифнинг даргоҳига йўл топсанг,

Нурларин олиб кўзга сурмаи Сулаймон қил.223223
  Ҳамза, ТАТ, 4 жилдлик, 3-жилд, “Фан”, 1981, 64-бет.


[Закрыть]

XIX асрнинг биринчи ярмида Фазлий Намангоний “Сулаймон сурмаси”ни биринчилардан бўлиб туркий адабиётда талмеҳга жалб этган ва валинеъмати – Амир Умархонга мулозамат маъносида:

Фазлиё, Умар Султон даргоҳига йўл топсанг,

Кўзларингга тупроғин сурмаи Сулаймон қил

деб ёзган ва табобатда қўлланиладиган дорининг хоссасига китобхонлар диққатини жалб қилган эди.

Воқеа ёки ҳикоя талмеҳи. Талмеҳларнинг бу нави талмеҳ воқеасини баъзан бир, баъзан икки байтда ҳикоя қилиш билан изоҳланади. Одатдаги талмеҳлардаги бир сўз ёки бир номдан воқеани ўқувчи ёдига келтиришга нисбатан талмеҳнинг бу нави воқеани “бафуржа” сўзлаб бериш билан фарқ этади. Чунончи, Очилдимурод Мирийнинг бир шеърида шоирнинг дўстига бир совға олиб боргани, аммо совға қилаётган киши ўз ҳадясининг арзимаслигини тан олиш чумоли Сулаймонга чигиртканинг бир оёғини совға қилиб борганини талмеҳ йўсинида қайд этади:

Шаҳаншоҳи муҳташам Сулаймон

Ким, мурға бир кун ўлди меҳмон.

Пои малахени қилди тортуқ,

Андин мени қайси ерим ортуқ?224224
  Мирий, Танланган асарлар, БАН, Т., 1965, 247-бет.


[Закрыть]

Айни шу детални биз шоира Нодира ижодида ҳам учратамиз:

Бу барча ажз ила исботи нотавонлиғдур,

Ки мўр қилди Сулаймонға туҳфа пои малах.225225
  Нодира, Девон,1-жилд, Ғ.Ғ.номидги АСН, 1968, 145-бет.


[Закрыть]

Бу ҳодисада шоирларнинг бир-бирига таъсиридан кўра, мўр (чумоли) ва Сулаймон талмеҳининг кўпчилик ижодкорлар диққатини тортгани муҳимдир. Чунки ҳар икки муаллиф ҳам бу детални камтарлик намойиши сифатида келтираётганларини очиқ айтишмоқда.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации