Электронная библиотека » Эркин Рахмонов » » онлайн чтение - страница 4

Текст книги "Бадиият жозибаси"


  • Текст добавлен: 31 мая 2023, 14:14


Автор книги: Эркин Рахмонов


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 4 (всего у книги 27 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Оҳорли, янги ийҳомлар деганда янги замон ийҳомларинигина эмас, балки мумтоз адабиётда биринчи марта қўлланилган ҳар бир янги ийҳом кўрсаткичини ҳам назарда тутмоғимиз даркор. Шу маънода кейинчалик анъанага айланган ҳар бир янги ийҳом шоирнинг янгилик-таждид йўлидаги ютуғидир. Чунки мисрада бир сўзни икки маънода қўллаш ва бу маъноларнинг ҳар бири мисрадан қийинчиликсиз янги мазмун чиқариш имконини бериши ҳазилакам маҳоратталаб санъаткорлик эмас…

Анъанавий ийҳомларнинг асосий қисми тилдаги бир сўзни (у ўз ва бошқа тилдан кирган ҳам бўлиши мумкин) икки маънода қўллаш ва шу ийҳом кўрсаткичини такрор-такрор қаламга олиш билан характерланади. Юқорида ўзбек тили сўзлари асосидаги ийҳом намуналарини кўп келтирдик. Бошқа тилдан олинган сўз ҳам ийҳом кўрсаткичи бўла олади. Бу икки хил бўлади:

Биринчи хилида, икки маъноли сўз қайси тилдан олинган бўлса, ҳар иккала маъноси ҳам ўша тилдаги сўз шаклдошлигига асосланади. Айтайлик, “канор” сўзи форсий бўлиб, унинг “чекка, соҳил, чет” ва “қучоқ” маънолари форс тилида “канор” бўлади. Бу сўз анъанавий, яъни форс адабиётида собиқ қўлланилган ийҳом кўрсаткичларидандир. Мавлоно Лутфийдан:

Канорин Лутфий топмоқлик маҳол ул,

Мунингдекким Муҳити ғамда сенсен.5353
  Лутфий, Сенсан севарим, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1987, 178-бет.


[Закрыть]


Лаббалаб васлин тилаб, топмон канорин нечаким,

Кўзларим ол ёшини ҳасратта Жайхун айлади. (Лутфий, 275-бет).

“Канор” ийҳом кўрсаткичи Ҳофиз Хоразмий томонидан ҳам қўлланилган:

Ғариқи дарду бало бўлмағай эди кўнглум,

Бу баҳри ғамда кўрунса эди канор сўзи.5454
  Ҳаёт васфи, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1988, 208-бет.


[Закрыть]

Иккинчи ҳолида ийҳомнинг яратилишига бир ўзбекча ва бир бошқа тилдан олинган сўз сабабчи бўлади. Чунончи. Қуйидаги байтда “яқин” сўзи ийҳом кўрсаткичи бўлиб, туркий “яқин”нинг шаклдоши арабча “яқин”дирки, араб тилида бу сўзнинг маъноси “муқаррар, аниқ” демакдир:

Йироқға солса васлини ўларман,

Бу сўзда йўқ гумон асри яқиндир. (Ҳаёт васфи, 55-бет).

Анъанавий ийҳомларнинг мамлакат, вилоят, шаҳар ёки куй номлари билан яратиладиган хиллари ҳам бор. Бундай ийҳомлар тўрт усул билан юзага келади. Биринчидан, сўз ўйини қилганда икки маънолиликка асосланиб, сўзнинг куй ва шаҳар номини оладилар. Сайди Аҳмаднинг

Ижозат бўлса. эй султони хубон,

Ўқуйин бу ғазални дар Сифаҳон.5555
  Муборак мактублар, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1987, 136-бет.


[Закрыть]

байтидаги сингари. Китобхон бунда “Исфаҳон” шаҳри ва “Исфаҳон” оҳангини назарда тутади. Иккинчидан, куй номи ва унинг луғавий маъноси асосида ийҳом яратилади: “Рост”, “Наво”, “Ушшоқ” сингарики, уларнинг аввалгиси “тўғри, чин” маъносида; кейингиси “баҳра, бойлик” маъносида; учинчиси “ошиқлар” маъноларида келади.

Солди Туркистон элига Лутфийни кофир кўзинг,

Не мажоли борки қилса рост оҳанги Ироқ.5656
  Лутфий, Сенсан севарим, Ғ.Ғ. номидаги АСН, 1987, 112-бет.


[Закрыть]

Учинчидан, мамлакат, шаҳар номи ва унинг луғавий маъноси асосида ийҳом бунёд этилади: Ироқ – мамлакат ҳамда узоқ мвъноларида келади. Юқоридаги байт шунга мисол бўла олади.

Тўртинчидан, киши ёки мамлакат номи бироз ўзгартирилиб, бошқа маъно билдирувчи сўзга айлантирилади. Масалан, “Ёмон” – “Яман”; “Тўхтамиш – тўқтамиш” сингари…

Яна бир хил анъанавий ийҳомлар ҳам борки, бунда шахмат доналари атамалари, шахмат сатҳи-майдони тушунчалари ва уларнинг луғавий маънолари асосида ийҳом санъати яратилади. Биз юқорироқда “Муҳаббатнома” ва “Латофатнома” достонларидан бунга мисоллар келтирган эдик.

Ийҳом санъати ийҳом кўрсаткичлари миқдори жиҳатидан ҳам тасниф қилинса, бунинг бешта навини кузатиш мумкин.

Биринчи навида шоир байтда бир сўзни ийҳом кўрсаткичи қилиб олади. Масалан, мавлоно Муқимий “нори” сўзининг “анори” ва “нари” маъноларини назарда тутиб, қуйидаги ийҳомли байтни яратган:

Боғи васлидин узарга олма қилсанг илтимос,

Нозлар бирла дегайким: “Олма йўқтур, нори бор!”5757
  Муқимий, Асарлар, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1974, 182-бет.


[Закрыть]

Китобхон танноз қиз сўзларини қуйидаги икки маънода тушунади:

олма йўқ, анори бор;

олма йўқ, нари бор!

Иккинчи навида шоир бир байтда икки сўзни ийҳом кўрсаткичи қилиб олади. Бу ҳам икки хил бўлади:

а) санъаткор байтнинг ҳар бир мисрасида биттадан сўзни икки маънода қўллайди:

Тун кеча ҳусни талъатидин тонгға қолди ой,

Туш бўлса кун юзига нишон заволидур.5858
  Лутфий, Сенсан севарим, Ғ.Ғ. ном. АСН, 1987, 91-бет.


[Закрыть]

Байтдаги “тонг” сўзи “эрталаб, тонг” ва “лол, ҳайрат” маъноларида ийҳом ҳосил қилганидек. “туш” сўзи “туш пайти” ва “рўпара, юзма-юз” маъноларида ийҳом кўрсаткичига айлантирилган.

Айни шу ҳолатни Ҳофиз Хоразмий киши исми ва тахаллусининг луғавий маъноларига суяниб юзага чиқаришга муваффақ бўладики, бу ўзбек Ҳофизининг йирик шоирона қудрати намойишидир:

Мақомим оқибат Маҳмуд бўлғай,

Агар тесангки, Ҳофиздур Аёзим.5959
  Ҳаёт васфи, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1988, 120-бет.


[Закрыть]

Муаллиф “Маҳмуд” сўзида машҳур Султон Маҳмуд Ғазнавийни ва “юксак, мақталган” маъноларини қўллаган; “Ҳофиз”да эса, ўзини, яъни Ҳофиз тахаллусли шоирни ва “Қуръон”ни ёд билувчи маъноларида ишлатган.

б) бир байтда икки сўзни ёнма-ён қўллаб, ҳар иккисини икки маънода талқин қилади. Бу ёндош сўзлар кўпинча грамматик алоқада ҳам бўлиши ёки бўлмаслиги мумкин.

Мавлоно Лутфийдан:

Ўлсам демангиз кўзигаким, қўрқмагай ул,

Чун ваҳми ажал мардуми беморда бўлғай.6060
  Лутфий, Сенсан севарим, Ўша нашр., 1987, 238-бет.


[Закрыть]

Байтдаги “мардуми бемор” икки маъноли бўлиб, буни “касал киши” ва “хумор кўз” маъноларида идрок этиш мумкин.

Учинчи навида шоир бир байтда учта сўзни ийҳом кўрсаткичи тарзида келтира олади. Мавлоно Лутфий қуйидаги байтда “Ҳижоз”, “Мақом”, “Ироқ” сўзларини икки маънода қўллаган: “Ҳижоз” – куй номи ва вилоят номи; “мақом” – жой, маскан ва мусиқадаги “мақом”; “Ироқ” – мамлакат номи ва “йироқ”:

Лутфий, Ҳирида қолмади шеърингга муштари,

Азми Ҳижоз қилки, мақоминг Ироқ эмиш. (Лутфий, 63-бет).

Тўртинчи навида ижодкор бир иккиликда тўртта сўзни икки маъноли қилиб қўллайди. Юқорида Алишер Навоий ижодидан келтирилган байт шу нав учун яхши мисолдир (“қўй”, “рангин”, “сўрсам”, “ол” сўзлари ийҳом кўрсаткичи бўлиб келган эди).

Бешинчи навида санъаткор бир байтда бешта сўзни ийҳом кўрсаткичи қилиб келтиради. Эркин Воҳидов ижодидан:

Қилғай эрмиш мутриби ишқ ўз мақомини Ироқ,

Шул сабаб оҳанги ушшоқ гиряю афғон эмиш.6161
  Эркин Воҳидов, Сайланма, 1-жилд, Ишқ савдоси, “Шарқ”, 2000, 187-бет.


[Закрыть]

Байтнинг иккинчи мазмунини идрок этиш учун тиниш белгилар ва чизиқдан фойдаланамиз:

Қилғай эрмиш мутриби ишқ ўз мақомини “Ироқ”,

Шул сабаб оҳанги “Ушшоқ”, “Гиря”ю “Афғон” эмиш.

Матн мазмунига теранроқ ёндашилса, “оҳанг” сўзининг ҳам икки маъноли эканлигини билиш мумкин (куй ва бажармоқ, бошламоқ).

Ийҳом санъати матнда баъзан бошқа бадиий санъатлар билан қоришиқ ҳолда ҳам келади. Бу жиҳатдан бошқа санъатлар аралашган ийҳомларни қуйидагича тасниф этиш мумкин:

Биринчидан, истиорали ийҳомлар. Шоир ийҳом кўрсаткичи қилиб олган сўз ёки сўзларнинг бири истиора ҳолатида бўлиб, икки маънони ифодлашга хизмат қилаверади:

Мавлоно Лутфийдан:

Мунажжим қошу кўзунг кўргач айтур:

Ким, ушбу ой бошинда фитналар бор. (Лутфий, 63-бет).

Икки сўз ийҳом кўрсаткичи қилинган ушбу байтда “ой бошинда” сўзларининг биринчиси истиорадир, яъни “ой” сўзи билан “ойдек қиз” тушунчаси ифодаланган. Байтнинг иккинчи мисраси тубандагидек икки мазмун ифодасига мувофиқдир:

1. Ушбу ойнинг дастлабки кунларида фитналар содир бўлади;

2. Ушбу ойдай гўзалнинг бошида фитнали хаёллар бор.

Иккинчидан, таъбирли ийҳомлар. Шоир байтда иборани ийҳом кўрсаткичи қилиб олади. Заҳириддин Муҳаммад Бобурдан:

Ичгуча жои ажал кўнглумда ул соқий дурур,

Тўлғуча паймонам ул соқий била боқий дурур.6262
  Бобур, Девон, “Фан”, 1994, 26-бет.


[Закрыть]

Байтдаги “тўлғуча паймонам” ибораси “қадаҳим тўлгунча” ва “куним битгунча, ажалим етгунча” маъноларини англатади.

Таъбирли ийҳомларнинг муваффақиятли намуналаридан бири замонамиз шоири Эркин Воҳидовнинг “Георгий Аъзамов хотирасига” номли шеърида учрайди:

Сен музаффар кетдинг, биз эса, аттанг,

Бизлар сени бой бериб қўйдик.

Бир қарашда “ютқазиб қўйдик” маъносидаги “бой бериб қўйдик” иборасининг иккинчи маъноси “сендан жудо бўлдик” тарзидадир.

Учинчидан, талмеҳли ийҳомлар. Ийҳом кўрсаткичига айлантирилган сўз тарихий, адабий, асотир қаҳрамонлари исми шарифи бўлади. Атойи бир ғазалида шундай ийҳом яратадики, бунда бир эмас, икки талмеҳ қатнашгандир:

Пари рухсораларнинг Хисрависен,

Сенингдек жони Ширин қанда бўлсун.6363
  Ҳаёт васфи, Ғ.Ғ. номидаги АСН, 1988, 409-бет.


[Закрыть]

Китобхон биринчи ийҳом кўрсаткичини тарихий шахс Хусрв Парвез ва шоҳ маъноларида тушунса, иккинчи ийҳом кўрсаткичи – Хусравнинг маъшуқаси Ширин ва унинг луғавий маъносини ундан-да тезроқ идрок этади.

Тўртинчидан, тасҳифли ийҳомлар. Буларнинг табиати шундайки, шоир ийҳом кўрсаткичининг иккинчи маъносини бирозгина фонетик ўзгариш билан юзага чиқаради. Мавлоно Саккокийдан:

Кўруб гултек юзинг рангини кўздин юз чаман бўлди,

Ақиқ эрнингни кўргали кўзум ҳоли Яман бўлди. (Ҳаёт васфи, 257-бет).

Китобхон ақиқ ва Яман таносибини идрок этмасдан бурунроқ “Яман” сўзини “ёмон” маъносида ҳам тезроқ тушунади.

Тил нуқтаи назаридан ёндошилса, ийҳомлар фонетик, морфологик ва синтактик усулларда яратилади. Ийҳомларнинг асосий қисми морфологик усулда яратилади, яъни китобхон бирор сўзни икки маънода тасаввур этишда унинг тажнислик – омонимик хусусияти жиҳатидан ёндашади. Ўқувчи биладики, сўз кўп маънолилик хусусиятига эга, шунинг учун у сўзнинг янги маъносини ўйлаганда аввало омонимлик хоссасидан келиб чиқади. Масалан, Гадоийнинг қуйидаги байти мутолаасида:

Магар топкай нишони ногаҳон лаълингнинг оллинда,

Кўзум ёш элчисин ҳар дамда юз сори равон айлар. (Ҳаёт васфи, 493-бет).

“Юз” сўзининг “чеҳра” маъносидан ташқари, омоними – миқдорни билдирувчи 100 маъноси ҳам бор. Шунинг учун китобхон иккинчи мисрани қуйидагидек икки маънода тушуниши мумкин:

1. Кўзим кўз ёши элчисини чеҳра томонга йўллайди.

2. Кўзим кўз ёшини юз (100) томонга оқизади.

Фонетик усулда шоир ийҳом кўрсаткичини белгилаганида иккинчи маънога мос келиши учун бироз товуш ўзгаришини назарда тутади. Юқорида биз бу усулда яратилган ийҳом намуналарига тўхталганмиз (Тўхтамиш-тўқтамиш, ёмон-Яман сингарилар).

Синтактик усулда шоир ийҳом кўрсаткичларини белгилаганида бир маъносида икки сўз тарзида, иккинчи маъносида икки сўзни қўшиб бир сўз ҳолатига келтиришни назарда тутади. Чунончи, қуйидаги байтдаги ийҳом кўрсаткичларини икки маъносига кўра байт ҳолатини кузатайлик:

Сен ўзбегимсан улуснинг ичинда онинг учун,

Қиё кўзум сенинг ўрнинг кўнгул саройинда. (Саккокий).6464
  Ҳаёт васфи, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1988, 233-бет.


[Закрыть]

Маъноси: Сен ўз бегимсан улуснинг ичинда онинг учун…


Ёки:Эй кўзи қаро, боғи висолинг ҳавасиндин,

Най кипригимизнинг орасинда Арасе бор.

Маъноси: Эй кўзи қорабоғи, висолинг ҳавасиндин…

Ийҳом яратишнинг ҳар уч усули халқ оғзаки ижодининг аския жанрида фаол иштирок этади. Камина “Шеър санъатлари” номли 1972 йилда (Хўжанд) чоп этилган рисоламда ийҳомдан лутф санъатини ажратиб ўрганганман. Кейинги изланишлар, мулоҳазалар ушбу икки санъатнинг битталиги ва уни ийҳом атамасида бериш маъқул, деган хулосага келтирди. Чунки биз, адабиётшунослар осон идрок этиладиган икки маъноли матнни лутфга, нисбатан ўйлатадиган, қийинроқларини ийҳомга тегишли, деган фикрда эдик. Бундоқ ўйлаб қарасак, матн икки маънолилигини идрок этиш бадиий санъатга эмас, балки идрокка, закога боғлиқ экан. Чунки Ваҳид Табризийдан бошлаб жуда кўп олимлар ийҳомни матндаги икки маъноли сўз ёки сўзлар тарзида изоҳлаб келадилар…

Ийҳом санъатининг истиқболи хусусида шуни айтиш мумкинки, шоир майли ва ифода услубига кўра ийҳом санъатига мурожаат қилиш боқийдир. Масалан, Усмон Азим “Сайланма”сидан навқирон Тошкент ва дилрабо хонандамиз исми билан боғлиқ ийҳомларга назар ташлайлик:

Баланд қўшиқларга руҳин элтгали

Овози бормикан ҳали ҳам, эй Шош!6565
  Усмон Азим, Сайланма, “Шарқ”, 1995, 102-бет.


[Закрыть]

Ёки:

Маҳбубанинг нолаларида

Дорга осар ўзини жоним. (Усмон Азим, 279-бет).

Хуллас, ийҳом санъати ўзбек халқ оғзаки ижоди ва ёзма адабиётида асрлар оша яшаб келмоқда ва яшайди. Йирик сўз санъаткорлари ийҳомнинг гўзал, таъсирчан намуналарини яратганлар ва яратмоқдалар. Биз қисқа сатрларда ийҳом санъатига хос бўлган анъанавийликнинг давомлилигини, ийҳомчиликка таждид, яъни новаторлик ҳам хослигини қайд этишга ҳаракат қилдик. Синчиклаб қаралганда кўпчилик замонавий шоирларимизда бу санъат намуналарига, яхши намуналарига тез-тез дуч келамиз. Масалан, “сўз” ийҳоми “сўз, калима” маъносида ва “куйиш, ёлқин” маъноларида бир неча мумтоз шоирлар томонидан ийҳом кўрсаткичи қилиб олинган. Бугун биз Рауф Парфи ижодида ҳам ана шу анъананинг давом этганига гувоҳ бўламиз:

Ишқ сўзидин куйди булбул маскани

Тил билан куйланмас она Ватаним,

Мен сени куйламак истайман фақат.

“Она Туркистон” шеъридан олинган бу парчани ўқиган кўпчилик китобхон матндан ийҳом санъатини пайқамаслиги мумкин. Мумтоз адабиётдан яхши баҳраманд бўлган закоси кучли китобхонларгина ийҳом санъатини дарҳол сезадилар. Бу мулоҳаза барча замонлар адабиёти ва ўқувчисига баббаравар дахлдордир. Ҳомер “Илиада”да бежиз қайд этмаганки: “Ҳар ким “Илиада”дан ола олганича олади”. Бу демак, маърифий саводи юксак, маънавиятли кишилар ийҳом санъатини бадиий матндан топа оладилар. Қолаверса, халқимиз азалдан сўзнинг кўпмаънолилиги шайдосидирки, аскиячилик бунинг халқ закосининг пойдорлиги, умрбоқийлиги далилидир.


Ийҳоми зулвужуҳ санъати.


Ийҳоми зулвужуҳ санъатини кўп маъноли ийҳом деб талқин қилса бўлади. Турфа маънолар ифодалашдаги уйғунлигига қарамай ийҳом ва ийҳоми зулвужуҳ санъатининг фарқлари аниқ: ийҳом санъати икки маънолиликка асосланса, ийҳоми зулвужуҳ санъати намуналари сўзларнинг уч-тўрт маъноларда мисрага мазмунан мос келиши билан ўқувчини ҳайратда қолдиради. Ушбу санъатлар орасидаги иккинчи фарқ шундаки, ийҳоми зулвужуҳда икки ёки ундан ортиқ ёндош сўзлар назарда тутилади.

Ийҳоми зулвужуҳ санъати ҳақидаги илк маълумотлардан бири Фахриддин Али Сафийнинг “Латоиф ут-тавоиф” асарида учрайди. Муаллиф Хожа Хусрав Деҳлавийнинг:

Пилтан шоҳиву бисёр аст борат бар сарир,

З-ин маранж, эй абру бор, ар гўямат: бисёр бор6666
  Фахриддин Али Сафий, Латоиф ут-тавоиф, Душанбе, “Ирфон”, 1970, 31-бет.


[Закрыть]

(Мазмуни: Филтан подшоҳсану уловингда юкинг жуда кўп, Эй булутдай саховатли зот, бу гапимни такрорласам ранжима).

байтини мисол тариқасида келтириб, байт сўнгидаги “бисёр бор” сўзларининг етти маънога моликлигини қайд этган.

Умрини асосан жангу жадалларда, юртма-юрт, элма-эл кезиб кечирган Заҳириддин Муҳаммад Бобурда адабиётга, сўз сеҳрига нисбатан туғма бир иштиёқ, меҳр бўлганки, яхши устозлар ёрдамида ундаги шеърхонлик одати шеърдонлик мутафаккирлиги даражасига кўтарилган. Шунинг боисидирки, Бобур шеърлари бадиий сербезаклиги, кўп маънолилиги, равонлиги, ўйноқилиги, ўта ифодалилиги билан беш асрдан бери туркий халқларни ўзига мафтун этиб келади.

Бобуршунослар шоир шеърларининг катта бир қисми унинг таржимаи ҳоли билан узвий боғлиқлигини қайд этадилар. Профессор Абдурашид Абдуғафуров ҳақли уқтирганидек: ”Бобур бадиий сўзга, шеъриятга ўзлигини, ўз руҳий оламини очиш воситаси деб қараган. Худди шунинг учун ҳам муаллиф шахсий ҳаёти лавҳалари ҳамда унинг руҳий кечинмалари билан бевосита боғлиқлик Бобур лирикасининг хос белгиси даражасига кўтарилган”.6767
  Бобур, Девон, Сўзбоши, “Фан”, 1994, 5-бет.


[Закрыть]

Илми саноеъга бағишланган рисолаларда кўп мисоллар шоир ҳаётига дахлсиз, ўта таъсирчан рубобий байтлар тарзида келтирилади. Биз Бобур ижодининг таржимаи ҳолига оид қиррасига таяниб, ийҳоми зулвужуҳ санъати намунасини танладик. Ийҳоми зулвужуҳни кўп маъноли ийҳом, анвойи маъноли, турфа фикрларга бой сўз санъати деб изоҳлаб, қарашларимизни Бобурнинг қуйидаги рубоийси мисолида асослашга ҳаракат қиламиз:

Ҳижронда, сабо, етти фалакка оҳим,

Гар ул сори борсанг, будурур дилхоҳим:

Ким, арзи дуо ниёз ила қилғайсен,

Гар сўрса мен хастани гулрух моҳим.

Қайд этиш жоизки, Бобур асарларининг барча нашрларида рубоий шу тарзда ўқилган, тушунилган ва босилган. Одатда ийҳоми зулвужуҳ санъати кўпинча байт охирида кузатилади. Рубоийнинг тўртинчи мисрасини

Гул юзли ойим мени сўраб қолса

Мазмунида идрок этдик. Энди рубоийни қуйидаги ҳолатда ўқиб кўрайлик-чи, сўнгги мисра мазмуни нечук тус олар экан?

Ҳижронда, сабо, етти фалакка оҳим,

Гар ул сори борсанг, будурур дилхоҳим:

Ким, арзи дуо ниёз ила қилғайсен,

Гар сўрса мен хастани Гулрух моҳим.

Диққатимизни “Гулрух” сўзига қаратиб, уни атоқли от тарзида тасаввур этдик. Шунга кўра, рубоийнинг тўртинчи мисраси қуйидагича бўлади:

Гар сўрса мен хастани Гулрух моҳим.

“Гулрух моҳим” бирикмасини “ойдай Гулрухим”, “ойсиймо Гулрухим” шаклларида идрок этиш имкони бор. Маълумки, Гулрух бегим Бобурнинг суюкли хотинларидан бири бўлиб, шоирга бир неча ўғил-қизлар инъом этган ардоқли бека эдилар.

Сезиляптики, биринчи талқинда рубоийда ҳеч қандай таржимаи ҳоллик хусусияти йўқ эди. Рубобий қаҳрамон ўз севгилисига тонг ели орқали дуои салом йўллаган эди.

Иккинчи талқинимизда эса, энди мактуб йўлловчи ва мактуб олувчи кишилар аниқ: Заҳириддин Муҳаммад Бобуршоҳ ўз жуфти ҳалоли – Гулрух бегимга тонг ели орқали дуои салом йўллади. Энди рубоийнинг учинчи талқинига назар ташлайлик:.

Ҳижронда, сабо, етти фалакка оҳим,

Гар ул сори борсанг, будурур дилхоҳим:

Ким, арзи дуо ниёз ила қилғайсен,

Гар сўрса мен хастани гулрух Моҳим.

Бу нусхага кўра рубоийнинг тўртинчи мисраси қуйидагича мазмун касб этади:

Гар сўрса мен хастани гулрух Моҳим.

Моҳим бегим Бобурнинг суюкли хотини, валиаҳд Муҳаммад Ҳумоюн мирзонинг онасидир. Шу маънода Бобурнинг дуои саломи бу кишига ҳам йўлланган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Демак, иккинчи ва учинчи талқинларимиз рубоийга таржимаи ҳоллик хусусиятини юкламоқда.

Энди рубоийнинг тўртинчи хил ўқилишига эътибор берайлик:

Ҳижронда, сабо, етти фалакка оҳим,

Гар ул сори борсанг, будурур дилхоҳим:

Ким, арзи дуо ниёз ила қилғайсен,

Гар сўрса мен хастани Гулрух, Моҳим.

Кўряпмизки, мазкур талқинда Бобур дуои саломи иккала хотини Гулрух бегим ва Моҳим бегимларга йўлланмоқда.

Тахминимизча, Бобур Ҳиндистонни олиш учун жанг-жадаллар олиб бораётган кунларнинг бирида Кобулдаги аҳли оиласига мактуб йўллаган ва одатича, хатга рубоий илова қилган.

Мулоҳаза қилинса, тўрттала талқиндан бирортасини рад этиб бўлмайди. Тўғри, нисбатан аниқроғини танлаш керак бўлганда биз тўртинчисида тўхтаган бўлардик. Бироқ бу тўхталиш ҳам шартлидир. Бобур кимга ёзганини унинг ўзи ва аҳли байт (хонадон аъзолари)гина аниқ биладилар, холос. Биз учун муҳими – Бобур рубоийсининг санъатпардозлиги, кўп маънолилигидир. Кузатганимиздек, ижодкор шоҳ ийҳоми зулвужуҳ санъатини шундай нозиклик ва усталик билан қўллаганки, ҳар қандай китобхон ҳам махсус тайёргарлиги ва чуқур идроки бўлмаса, қайд қилинган маъно хилма-хиллигини тўла мулоҳаза қила олмаса керак.

Ийҳоми зулвужуҳ санъатига Мавлоно Лутфий ҳам мурожаат этганлар:

Бўлди кўп фикри дақиқ ичра хаёли Лутфий,

Бу не мўю не миёндур?” дедим. Айтур: “Санга не?!”

Байтнинг иккинчи мисрасидаги “Бу не мўю не миёндур?” гапини қуйидагича талқин қилиш имкони бор:

Бу қандоқ сочу қандоқ бел бўлди-я!

Бу сочми, белми?

Бу на соч, на бел!

(Оҳ, оҳ) Бу қандоқ белу қандоқ соч-а!

Бу нечук сочу нечук бел!

Шунинг учун ҳам байтнинг биринчи мисрасида шоир: “Лутфийнинг хаёли кўп нозик фикрлар ичида қолди” дейди.

Алишер Навоийнинг қуйидаги байтида ҳам ийҳоми зулвужуҳ санъати қўлланилган:

Белу оғзидин, дедиларким, дегил афсонае,

Бошладим филҳолким: “Бир бор эди, бир йўқ эди…”6868
  А.Навоий, МАТ, 6-жилд, “Фан”, 1990, 539-бет.


[Закрыть]

Иккинчи мисрадаги “Бир бор эди, бир йўқ эди” деган гапни қуйидаги мазмунларда тушуниш мумкин:

Биринчидан, мазкур мисраларнинг фардлиги айтилмаса, лирик қаҳрамон “Бир бор экан, бир йўқ экан” деб афсона айта бошлаган, деб ўйлар эдик.

Иккинчидан, бири бор эди, бири йўқ эди.

Учинчидан, бир бордай эди, бир йўқдай эди.

Тўртинчидан, бир (қарасанг)бор, бир (қарасанг) йўқ.

Мумтоз адабиётда одатда маъшуқа оғзининг беҳад кичиклигини таъкидлаш мақсадида муболаға қилиб, оғзи йўқ эди, деб ҳам айтилаверади. Шу мисрадаги фикрни ҳам шундай тушунса бўлади. Демак, шоир лирик қаҳрамон севгилисининг оғзи йўғу, бели бор, демоқчи бўлган. Адабиётшунос Султонмурод Олим бу байтни шундай талқин қилади: “Бу ерда шоир ўзбек халқ эртакларининг “Бир бор эди, бир йўқ эди” деб бошланишидан усталик билан фойдаланиб, ёр бели ва оғзининг бир кўриниб бир кўринмай қоладиган даражада ингичка ва ё кичиклигини ифодалаган”.6969
  Ўзбек адабиёти, Мажмуа, 10-синф учун, “Ўқитувчи”, 1993, 19-бет.


[Закрыть]

Хуллас, ийҳоми зулвужуҳ санъати, кузатиб ўтганимиздек, ийҳомнинг кўп маъноли намунаси бўлиб, муаллиф маҳоратига кўра кўпмаънолилик гоҳ атоқли ва турдош отларда, гоҳ иборасимон бирикмаларда ҳам ифодаланиши мумкин.

Иттифоқ санъати

Иттифоқ санъати ҳақидаги энг мукаммал ва энг биринчи мақола навоийшунос олим Ёқубжон Исҳоқовнинг “Итфоқ санъати”7070
  Қаранг: “Ўзбек тили ва адабиёти” журнали, 1971, № 3.


[Закрыть]
мақоласи эди. Доцент Зиёдулла Ҳамидовнинг “Навоий бадиий санъатлари” (Ўзбекистон Миллий университети, 2001) рисоласида “Иттифоқ” истилоҳининг қисқача изоҳи берилган, холос. Поэтика соҳасида рисолалар ва мақолалар кўп бўлса-да, негадир кўпчилик бу санъатни четлаб ўтдилар. Иттифоқ санъатини тасниф этишга илк уриниш Ё.Исҳоқов мақоласида сезилади.

Ўзбек мумтоз адабиёти поэтикасидаги маънавий шеър санъатларидан бирининг атамаси бўлган “Иттифоқ” сўзи асли арабча бўлиб, унинг луғавий маъноси қуйидагилардир:

1. Ташқи сабабсиз ва кутилмаган бир ишнинг содир бўлиши, тасодиф.

2. Ўзаро келишмоқ, фикрдош бўлмоқ, розилик, бирлик, бир кўнгиллик, бирлашмоқ.7171
  Фарҳанги забони тожики, 1-жилд, “СЭ” нашр., Москва, 1969, 510-бет.


[Закрыть]

Иттифоқ санъати деганда матндаги бир сўзнинг айни бир пайтнинг ўзида икки тушунча ифодасига мосдай келиб қолишини билмоқ керак. Бу адабий усулнинг ўзига хос хусусияти шундаки, икки тушунчага ҳам мувофиқдай бўлган сўзнинг луғавий маъноси асосий етакчи, иккинчи маъноси эслатувчи-кўмакчигинадир, унинг контекстга бевосита дахли бўлмайди. Ҳолбуки ийҳомда икки маънолилик аниқ ва шу икки маънолилик туфайли мисра мазмуни эркин икки хил талқин қилинаверар эди. Бу икки ҳодисанинг нечоғлик ўхшаш ва фарқли эканлигини билиш учун мисолларга мурожаат қилайлик. Тахаллус билан боғлиқ иттифоқ санъати намунасини Амирий ижодидан келтирамиз ва қайд этамизки, тахаллус иттифоқлари асосан шеър мақтаъида содир бўладиган ҳодисадир:

Бор эрди кўнгул мулкини давлатли амири,

Арзимни ўшал шоҳи жаҳондорима айтинг.7272
  Амирий, Девон, “Фан”, 1970, 130-бет.


[Закрыть]

Байтнинг Амирийга тегишли эканлигини қайд этганимиз учун “амири” сўзи китобхонга Амирийни эслатса ажаб эмас. Матндаги “амири” сўзи иттифоқ санъати кўрсаткичидирки, биз бу сўзни матнда оддий амир, ҳукмрон шоҳ тарзида тасаввур этамиз. Буни “Амирий” тарзида тасаввур этиб бўлмайди, шундай бўлса эди, мисрада ийҳом ҳодисаси содир бўларди. Демак, матндаги “амири” сўзи Амирий тушунчасига нисбатан эслатувчигинадир…

Иттифоқ санъати – бадиий асарда китоб номи, шоир тахаллуси, адабий қаҳрамон номини турдош от ҳолида, яъни луғавий маъносида келтириб, ўша китоб, ўша шоир ва ўша адабий қаҳрамонни эслатиш усулидир. Бунда турдош от матнда бирйўла ҳам асл ўз, ҳам атоқли от вазифаларини тенг бажариб келади, деб қарамаслик керак. Атоқли от ҳолати эсга ялт этиб туширилади, холос, бунинг матн мазмунига дахли бўлмайди. Иттифоқ санъатида контекстдаги фикр ўша икки функцияли сўзнинг биринчи вазифасига – унинг турдош от сифатидаги маъносига қаратилган бўлади. Масалан, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг қуйидаги байтини ўқиб, “ниҳон” (пинҳон, яширин) сўзига дуч келганимиз заҳоти шеър муаллифининг тахаллуси ёдимизга келади. Чунки Ҳамза “Девони Ниҳоний”нинг соҳибдевонидир:

Ваҳ, сен юрарсан доимо ағёр базмида ниҳон,

Мен қачон васлинга ёлғиз қонаман тонг отқуча.7373
  Ҳ.Ҳ.Ниёзий, Танланган асарлар, 1-жилд, Т., 1960, 55-бет.


[Закрыть]

Таассуфки, Ҳамза асарларини нашрга тайёрлаган олимларимизнинг иттифоқ санъати моҳиятидан яхши хабардор эмасликлари туфайли Ҳамза асарлари нашрида бу байт келтирилганда “ниҳон” сўзи бош ҳарфда, тахаллус тарзида кўрсатилган. Ҳолбуки, бу ҳол жуда қалтис эҳтиётсизликдир: агар бу сўз бош ҳарф билан ёзилса, гўё ағёрлар базмида Ниҳоннинг ўзи юрган бўлиб чиқади. Асл матнда шоир маъшуқасидан ўпкалаётган эди…

Шу ўринда махсус қайд этгимиз келадики, шоир мақтаъда иттифоқ санъатини қўллаганда шоир тахаллуси қатнашмайди, балки тахаллусга асос-ўзак бўлган турдош от қатнашади, холос. Шу турдош от беихтиёр ўқувчи ёдига шу сўздан ясалган тахаллусни ялт этиб туширади, холос. Буни аниқроқ тасаввур этиш учун яна бир мисолга мурожаат этамиз. Биз, адабиётшунослар, мақтаъда албатта тахаллус қатнашади, деган сўзни ҳамиша айтамиз. Қизиғи шундаки, ушбу санъат ана шу қонуният тарзидаги анъанани рад этади. Мавлоно Муқимийнинг “Бир менму?” радифли ғазалининг хотима байтига кўз югуртирайлик:

Висолинг лаззатидин маззалар топган ҳарифлар ҳам,

Келиб ойлар муқими Янги Қўрғон ўлди, бир менму?

Шу ўринда ийҳом ва иттифоқ санъатлари матн мазмунини теран идрок этиш санъатлари эканликларини таъкидламоқ жоиздир. Чунки юқоридаги байтни қуйидагича нашр этган олим байт мазмунини тўғри идрок эта олган, деб бўлмайди:

Висолинг лаззатидин маззалар топган ҳарифлар ҳам,

Келиб ойлар, Муқимий, Янги Қўрғон ўлди бир менму?7474
  Муқимий, Асарлар, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1974, 213-бет.


[Закрыть]

Агар мазкур нашр талқинига ишонсак, байтдан соғлом мазмунни чиқариш имконсиздир. Нашрга тайёрловчи олим иттифоқ санъатидан воқиф бўлганида эди, байтни кўчиришда тахаллусдан воз кечиб, иттифоқ санъатига асосланган “муқими” (турғун) сўзини кичик ҳарф билан турдош от тарзида ёзган бўлар эди. Бундан шундай аччиқ хулоса чиқадики, иттифоқ санъатини билмаслик мумтоз шоир асарларини тўғри кўчириш имконини ҳам бермас экан.

Ўзбек мумтоз адабиётида тахаллус иттифоқига кўпроқ мурожаат этган санъаткорлар Амирий, Мунис, Мужрим Обид, Фурқатдир. Ҳофиз Хоразмий, Ҳайдар Хоразмий, Лутфий, Атойи, Гадоий, Роқим, Муқимий, Нодим, Комил Хоразмий, Огаҳий, Аваз аҳён-аҳёнда иттифоқ санъатига мурожаат этадилар.

Мумтоз поэтикада иттифоқ ҳақида сўз борганида асосан тахаллус иттифоқи назарда тутилади. Ҳозирги вақтда ҳам олимлар асосан шундай фикрда. Жумладан, адабиётшунос Ёқубжон Исҳоқов “Иттифоқ” номли мақоласида шу санъат ҳақидаги илк тадқиқотлар, санъатнинг моҳияти хусусида мақбул фикрлар айтган, яхши мисоллар келтирган, бироқ олим иттифоқ амалиёти ҳақида сўз юритганда шоир тахаллуси ва унинг луғавий маъноси талқини билангина чекланган.7575
  Қаранг: Ёқубжон Исҳоқов, Сўз санъати сўзлиги, “Зарқалам” нашр., 2006, 27-бет.


[Закрыть]
Ваҳоланки, бу санъатнинг амалиёт доираси адабиётда жуда кенгдир. Ититифоқ санъатини қуйидагича тасниф этиш мумкин:

1. Тахаллусга тегишли иттифоқ санъати намуналари;

2. Исми шарифга тегишли иттифоқ санъати намуналари;

3. Адабий қаҳрамон исми шарифларига тегишли иттифоқ санъати намуналари;

4. Китоб номлари билан боғлиқ иттифоқ санъати намуналари;

5. Этимологик иттифоқ санъати намуналари.


Тахаллусга тегишли иттифоқ санъати намуналари. Тилшунос олим Зиёдулла Ҳамидов иттифоқ санъатини шундай талқин этади: “Иттифоқ – мувофиқлаштириш. Ушбу санъатда шоир шеърда ўз номи ёки тахаллусини ниҳоятда чиройли кўринишда шундай ўринли ишлатадики, бунда ўқувчининг хаёлига бир пайтнинг ўзида ана шу сўзнинг ҳам истилоҳий, ҳам луғавий маъноси келади”.7676
  Зиёдулла Ҳамидов, Навоий бадиий санъатлари, ЎзМУ, Т., 2001, 51-бет.


[Закрыть]

Дарҳақиқат, иттифоқ санъатининг энг кўп намуналари асосан тахаллусга тегишли, дейиш мумкин. Унинг навлари кўп бўлса-да, энг мўл ҳосил берган нави тахаллус билан боғлиқ. Энг жозибали тахаллус иттифоқларини бир мумтоз адабиётимиздан, бир замонавий адабиётимиздан олиб моҳиятини ўрганишга уринамиз. Шермуҳаммад Муниснинг тахаллуси луғавий маъносига кўра “дўст, ўртоқ, улфат” тушунчаларини ифодалагани учун иттифоқ санъатини қўллашга жуда мосдир:

Мен бўлиб ул ойга мунис, оҳким,

Ул бориб ағёрға маънус ўлуб.7777
  Мунис, Сайланма, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1980, 92-бет.


[Закрыть]

Муаллиф бу байтни яратишда шунчалик маҳорат кўрсатганки, тадқиқотчи иттифоқ санъатини пайқаб, шоир сеҳргарлигига лол қолади. Агар Мунис шеъри демасак, балки шеър муаллифини бу ерда эслаш ҳам жуда орқа планга кўчади.

Ҳозирги замон шоири Эркин Воҳидов ҳам “Рашким” ғазалининг сўнгги байтида ушбу санъатни ана шундай зукколик билан бунёд этган, десак бўлади:

Сенга ўн тўртда боғландим,

Ҳануз эркин бўлолмас дил.

Ўзим доғман, ақл кирмас,

Тўзимсиз ўттизимда ҳам.7878
  Эркин Воҳидов, Сайланма, 1-жилд, “Ишқ савдоси”, “Шарқ”, 2000, 153-бет.


[Закрыть]

Худди ийҳом санъатида иккинчи асосий маъно ўқувчи ёдига келавермаганидек, ушбу байтда иттифоқ санъати кўрсаткичи бўлган сўз “эркин” ўз ижодкорининг номини ҳа деганда китобхон эсига туширмайди… Бу адабий усул сифатида нўноқлик эмас, балки кучли маҳорат натижасидир.

Тахаллусга тегишли иттифоқ санъати намуналарини яна тубандагича икки хил тасниф этиш мумкин. Биринчиси: тахаллус иттифоқлари ўрнига кўра уч хил бўлади:

а) шоирнинг ўз ғазали мақтаида тахаллус иттифоқини қўллаши:

Фурқат ичра ўлсаму маҳшар аро,

Доманингдин ушласам недур жавоб?7979
  Фурқат, Танланган асарлар, Ғ.Ғ.ном. АСН, 1975, 43-бет.


[Закрыть]

б) бошқа шоир шеърининг исталган байтида тахаллус иттифоқини бунёд этиш мумкин. Комил Хоразмий ёзади:

Улки огоҳлар огаҳидур,

Фаҳму дониш сипеҳрининг маҳидур.

Сўзи ортиқдурур гуҳардин ҳам,

Фазлу донишда олам ичра алам.

Ушбу мисралардан гап шоир Огаҳий ҳақида кетаётганини аниқ ҳис этиш мумкин.

в) бошқа шоир ёки адиб асарининг бирор эпизодида берилган бўлиши мумкин.Чунончи, Юнус Юсуповнинг Аваз ҳақидаги очеркида устоз шоирлар Мунис ва Огаҳий тахаллусларига тегишли иттифоқ санъати ишлатилгани кузатилади:

“1919 йиллар… Авазнинг боши ёстиқда, у ҳолдан тойган, чарчаган, сўлғин, оғир касаллик унинг жонига чанг солмоқда. Ана шундай кунларнинг бири эди. Эшикдан навқирон, иссиқ табассумли, энди ўн тўртдан ўн бешга қадам қўйган бир йигит кирди-ю, Аваз ҳурматига икки букилиб салом берганча тик турди. Тавозеда турган йигитга кўзи тушган шоир ўз аҳволининг оғирлигига қарамасдан бошини ёстиқдан жадал кўтариб:

– Кел, кел, умидим кел, устодимнинг жигарбанди кел, ҳамкасабам кел, мунисим, огаҳим кел, – дея йигитни бағрига босди ва уни узоқ вақт қўйиб юбормай турди”.8080
  Юнус Юсупов, Хоразм шоирлари, Т., 1967, 124-бет.


[Закрыть]

Кўриняптики, баъзи санъаткорлар бадиий асарда бирор хислат ёки фазилатни зикр этиш бобида шоирлар исми ва тахаллусларининг луғавий маъноларидан фойдаланадилар ва бу иттифоқ санъати зуҳури сифатида намоён бўлади. Юқоридаги адабий парчада шоир Аваз Ўтар ўғлининг ҳузурига Ота Маҳзум Муҳаммад Латиф ўғли Партавнинг боргани ва устоз шоир томонидан алқаниши акс этган. Аваз уни мунисим, огаҳим деганда аввало унинг дўст ва шоир аҳволидан огоҳлигини, воқифлигини уқдириб, айни пайтда Партавни Мунис ва Огаҳий каби ижодий истиқбол эгаси бўлишига ундамоқда.

Тахаллусга тегишли иттифоқ санъатининг иккинчиси: уларнинг миқдорига кўра таснифи ҳам икки хил бўлади:

а) бир тахаллус иттифоқи:

Ибрат олмай бизга ҳар ким кулсалар,

Бул сабабдин доғдурмиз уч киши.8181
  Ибрат. Ажзий. Сўфизода, Танланган асарлар, “Маънавият” нашр., 1999, 54-бет.


[Закрыть]

Биз бу байтни Исҳоқхон Ибратнинг “Ҳикояти уч киши” шеъридан келтирдик. Муаллиф худди юқоридаги мисоллардагидек иттифоқ санъатини шунчалик хаспўшлаганки, китобхон ёдига “Ибрат” сўзининг тахаллус эканлиги дафъатан тушмаслиги ҳам мумкин.

б) икки тахаллус иттифоқи. Бу ҳам икки хил бўлади. Биринчи хилида бир шоирнинг икки тахаллуси ҳам тахаллус иттифоқи тарзида қўлланилиши мумкин. Бунга икки тахалласли шоир Мужрим Обид айниқса жуда мос келади. Қўш тахаллус иттифоқи қуйидагидек алоҳида мисраларда учрайди:

На бир мужрим бўлиб аҳли жаҳон олдига йўл топдим,

На бир обид экан деб ҳам жаҳонға эътиборим йўқ.8282
  Мужрим Обид, Ғазаллар, ДБАН, Т., 1960, 42-бет.


[Закрыть]

Ёндош ҳолатларда ҳам тахаллус иттифоқи ҳодисаси кузатилади:

Илоҳи обиду мужрим санинг алтофинга рожи,

Нетарсан номаси ёзилиб келса қаро, Мужрим? (Мужрим Обид, 50-бет).

Иккинчи хилида шоир тахаллусининг иттифоқи одатда мухаммас ва мусаддасларда кўринади. Чунки ғазал мақтаъи олдидан халаф салаф шеърига уч ёки тўрт мисра қўшар экан, салаф шеърида иттифоқ санъати ишлатилган бўлса, халаф ҳам ўз тахаллусини иттифоқ усулига келтиришга ҳаракат қилади. Жунайдулла Ҳозиқ шеърига Содиқ Мунший мухаммасининг сўнгги банди:

Манам ғам дашти ичра зору ҳайрон, вомиқе топилмасму,

Муҳаббат захми носур ўлди, марҳаме топилмасму,

Югурдим телбалардек бир рафиқи содиқе топилмасму,

Бериб набзи азизим бир табиби ҳозиқе топилмасму,


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации