Текст книги "Бадиият жозибаси"
Автор книги: Эркин Рахмонов
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 26 (всего у книги 27 страниц)
Қалб санъати
Ўзбек мумтоз поэтикаси тарихига назар ташласак, икки юздан ортиқ бадиийлик кўрсаткичлари – санъатлар орасида қалб санъати ўз маънавий, эмоционал ва эстетик жозибаси билан алоҳида ярқираб кўзга ташланади. “Қалб” атамаси арабча “чаппа, тескари” маъносидаги сўздан олинган. Ушбу бадиий-тасвирий воситанинг моҳияти шундай: ижодкор бадиий матнларда махсус уқдириб ёки атайлаб эслатмасдан бирор сўз, сўз бирикмаси, гап, мисра ёки байтни келтирадики, ўша сўз, ўша сўз бирикмаси, ўша гап, ўша мисра ёки ўша байтни тескаридан ўқисак ҳам айни ўша ёки бошқа мазмундаги сўз ва фикр юзага чиқади. Қалб усули учун эски ўзбек ёзуви айниқса жуда қўл келади.
Сўзни тескари ўқиш жиҳатидан олиб қаралганда, қалб санъатида қўлланилган сўзларнинг бошқа, қарама-қарши маънолар бериши ҳодисаси нисбатан муҳимроқдир. Бу муҳимлик ҳис-ҳаяжонга таъсири ва ғоявий самарадорлик билан изоҳланади.
Тожик адабиётшуноси Р.Мусулмонқулов ўзининг “Навоий ва Атоулло” номли мақоласида қалб санъати соҳасидаги изланишларидан бир намуна келтирган: “Атоулло қайдларидан яна бири мақлуб санъатига оид. У мақлуб санъати (шундай санъатки, сўз ё сўз бирикмаларини чаппа ўқиганда ҳам шу маъно, ё шунга ўхшаш мустақил мазмун ҳосил бўлади) ҳақида маълумот бериб, Навоий ва Мирзо Абобакр орасида бўлиб ўтган бир ғаройиб воқеани ҳикоя қилади: “Бир куни марҳум шаҳзода Абобакр эшонга (Навоийга) айтдиларки: бир сўз топдим, мақлуби муставий жумласидан! Эшон сўрадилар: “Қайси?” Шаҳзода дедики: “Ковок“. Филҳол айтдилар (Навоий): “Шобош!” Ва бул ҳам мақлуби муставийдур”810810
“Ўзбек тили ва адабиёти” журнали, 1965 йил 5-сони.
[Закрыть]
Ковок – кавак, тешик; бу сўзни чапдан ҳам, ўнгдан ҳам ўқилса, шу сўз, шу маъно чиқади. “Шобош” сўзини ҳам ўнгдан чапга ва чапдан ўнгга қараб ўқиганда “шобош” бўлаверади. Адабий даҳолик қудрати шунчаликки, Навоийнинг бир сўзи уч вазифани ўз елкасига олган: биринчидан, “шобош” сўзи – шоҳ ва бош (бўл) сўзларидан ясалгани учун “шоҳ бўл!” деган алқовни билдиради; иккинчидан. адабиётшунос Р. Мусулмонқулов уқтирганидек, бу сўз қалб санъати намунасидир; учинчидан, устоз шогирдни “яша, қандингни ур!” дея олқишлади.
Қалб санъати соҳасидаги бундай изланишлар у даврда етук фозиллар орасида ҳам нечоғлик кенг қулоч ёзганини Алишер Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис” тазкирасида келтирилган маълумотлар асосида намойиш этайлик:
“Мавлоно Абдулваҳҳоб донишманд ва зуфунун киши эрди ва Машҳад шаҳрида қози эрди. Иншо фанида беназир эрди. Имод қўрғони китобасида: “Ирам зотилимодиллати лам юхлақ мислуҳо фил билод” оятин битибдур. Машҳаднинг шуаро ва зурафоси қозиға шогирд эдилар. Ул зурафодин бири “Мақлуби муставий” санъатида “муроде дорам” (бир тилагим бор) алфозин топиб қозиға арз қилибдур. Ул оз тааммул била “барояд ё раб” (худоё, юзага чиқсин) алфози била жавоб берибдурким, бу иши таърифдан ташқаридур…”811811
Алишер Навоий, Асарлар, 12-жилд, 1966, 32-бет.
[Закрыть]
Дарҳақиқат, “муроде дорам” ва “барояд ё раб” гапларининг ҳар бирини эски ёзувда ифодалаб, ўнг ва чап томондан ўқиганимизда ўша гапларнинг ўзи такроран юзага чиқади.
Навоийнинг зикр этилган асарида қалб санъатини қўллаб адабий маҳорат кўрсатган шоирлар ижодидан яна қуйидаги маълумотларни кўриш мароқлидир. Муаллиф поэтика ҳақида махсус асар ёзган адабиётшунос Мир Атоуллоҳ Ҳусайний маҳоратига юксак баҳо бериб ёзадики: “Бовужуди ихтисор мақлуби муставий санъатидаким, андин мушкулроқ санъат бўлмас, бу байт ул рисолада анинг хосса байтидурким:
Шаккар даҳано, ғаме надоред,
Дайр ой дании муғона даркаш.
Анинг табъи диққатиға бу байт далили басдур”. (А.Навоий, 12-жилд, 123-бет).
Юқорида келтирилган Атоуллоҳ Ҳусайний байтини қалб санъати табиатига кўра бошдан-оёқ тескари ўқисак, яна ўша байтнинг ўзгинаси ҳосил бўлади. Қизиғи шундаки, тескари мутолаа қилганимизда иккинчи мисра биринчи, биринчи мисра иккинчи бўлиб тикланади. Тубанда келтириладиган байтнинг эса ҳар бир мисраси алоҳида қалб этилади:
“Мавлоно Шиҳоб… бу мисраки “мақлуби муставий” санъатида айтибдур, далил басдурким:Муши хари фаррух шавам,
Дарки рақам қар кард”. (А.Навоий, 12-жилд, 132-бет).
Алишер Навоий Мавлоно Муҳаммад Номий ҳақида маълумот берар экан, қалб санъатининг ҳаётдаги амалий хизматига доир бир мисол келтиради: “…биров бир махзан бир ерда дафн қилди ва устида бир занге сарнигун ости, дақиқ табъ нигун “занг”дин “канз” вужудни таҳқиқ қилур”.812812
Алишер Навоий, Асарлар, 12-жилд, 1966, 134-бет.
[Закрыть] (Мазмуни: бир киши ерда хазина кўмиб, устига бир “занг” (қўнғироқ)ни тескари осди. Ўткир ақлли киши тескари “занг”ни кўриб, бу ерда “канз” (хазина) борлигини билади). Зотан “занг” сўзини араб ёзувида ифодалаб, чаппасига ўқисак, “канз” сўзи чиқади.
Бундан ташқари, “Мажолис ун-нафоис”да мақлуби баъз санъатига (сўзни қисман тескари ўқиш усули) ҳам ишорасиз мисол бор. Алишер Навоий нишопурлик Мавлоно Яҳъё Себак тахаллуслари борасида тўхталиб ёзадики: “Аввал “Туффоҳий” тахаллус қилур эрди. Сўнгра Фаттоҳий ҳам тахаллус қилди”. (А.Навоий, 12-жилд, 15-бет).
Яҳъё Себакнинг кейинги икки тахаллуси бир-бирига алоқадордир. Чунки Фаттоҳий сўзи Туффоҳий сўзининг ўзидан ясалган, шоир аслида ўз тахаллусига қўшимча ўзгартириш киритган, холос – тахаллуснинг дастлабки бўғинини тескари ёзиб, кейинги бўғинини аслича қолдирган. Ушбу мақлуби баъз усули эски ёзувда амалга оширилсагина тўғри чиқади. Шу жиҳатдан тарихчи мавлоно Мирхонд ва унинг невараси муаррих Мавлоно Хондамир исмлари диққатимизни тортади. Чунки Хондамир сўзида Мирхонд сўзидаги ўзаклар фақат ўрни алмашганлигини сезиш қийин эмас.
Қалб санъати сўз санъатининг шундай бир қизиқарли хили эканки, энг забардаст шоирлар ҳам бу билан махсус шуғулланишган. Шуниси борки, улуғ адиблар бу санъат имкониятлари доирасини кенгайтириб, уни асарнинг ғоявий мотивлари ифодаси хизматига қўйишган.
Қалб санъатига доир назарий маълумотлар ўтмиш мумтоз ва ҳозирги замон адабиётшунослар асарлари, махсус луғатларда кўплаб учрайди. Қуйида қалб санъати ҳақидаги ўтмиш олимлар фикрларидан келтирамиз. Рашидиддин Муҳаммад Умар Ватвот “Ҳадойиқ ус сеҳр фи дақойиқ уш шеър” асарида ёзади: “Ал мақлубот. Санъатлар жумласида бўлиб, назм ва насрдаги иштирокига кўра, гўзал ва ғаройиб… Шоир ва дабир мақлуб деб таъкидлайди; мақлуб – тескари демак; унинг навлари кўпдир. Бироқ биз маълум тўрт хилини эсга олайлик: мақлуби баъз, мақлуби мужаннаҳ, мақлуби кулл, мақлуби муставий”. Шундан сўнг Ватвот қалбнинг ҳар бир хилини мисоллар билан изоҳлайди.
Форсий ва туркий тилдаги илми саноеъга оид рисолаларда узоқ асрлар тасниф бир хиллиги сақланиб келди. Чунончи, XV аср ўзбек адабиётшуноси Аҳмад Торозий “Фунун ал-балоға” асарида қалб ҳақида қуйидагича маълумотлар берган: “Ал мақлубот. Бу санъат ул бўлурким, сўзнунг ҳарфларини қалб қилурлар. Луғатда “қалб” бозгуна (тескари) қилмоқни айтурлар. Бу истилоҳда шеърнинг ҳуруфин босгуна қилмоқни айтурлар. Бу тўрт навъ бўлур: мақлуби баъз, мақлуби кулл, мақлуби мужаннаҳ, мақлуби муставий. Ал мақлубул-баъз:
Шукр айлар талъатинг кўрса пари,
Рашк элтур толеъингдин Муштари.
Бу анингдек бўлурким, байт ичинда икки калима келтирурлар: ҳар қайсисининг баъзи ҳарфи тақаддум ва таъхир қилсалар. Яна бириси бўлур, иетокким: рашк ва шукр.
Ал-мақлубул-кулл. Мисоли:
Эй юзунг ганжи малоҳаттур десам,
Не учун, эй маҳ, қилурсан майли жанг.
Бу анингдек бўлурким, ул икки калима байт ичинда келур, тамоми муқаддам ва муаххар бўлур. Нетокким: ганж ва жанг.
Ал-мақлубул-мужаннаҳ. Мисоли:
Рой ул кўрмиш нигори сиймбар.
Ким рақиби бирла доим бўлса ёр.
Бу ул бўлурким, ул икки калимани тақлиб қилурлар. Бирисини мисранинг аввалинда келтурурлар, бирисини охиринда, анингтекким: рой ва ёр.
Муҳаммад Ганжавий айтур:
Ганжи давлат диҳад гузориши жанг,
Ройи нусрат занат ҳимояти ёр.
Ал-мақлуби муставий:
Лола дар аташ шитор ал ҳилол.
Бу анингтек бўлурким, бир мисрани тамом тақлаб (тескари) қилсалар, яна бир мисра қўпар. Ҳамул мисра бўлур. Асжадий айтур:
Шакар ба тарозуи вазорат баркаш,
Шав ҳамраҳи булбул ба лаби маҳваш”.813813
Аҳмад Торозий, Фунун ал-балоға, “Хазина”, 1996, 110-111-бетлар.
[Закрыть]
XV аср бадеъшуноси, Алишер Навоийнинг кўп илтифотларига сазовор бўлган Атоуллоҳ Ҳусайний ҳам “Бадоеъ ус-саноеъ” асарида қалб санъатига махсус тўхталган. Қуйида академик Алибек Рустамов таржималарида шу китобдан қалб ва унинг навлари – таснифи ҳақидаги маълумотларни келтирамиз: “Қалб – луғатда тескари қилмоқтур ва истилоҳта андин ибораттурким, каломдаги бир лафзнинг, жумланинг барча ҳарфларин тескари қилурлар ёки аларнинг баъзи ҳарфларин тескари қилурлар ёки калом ул тарзда бўлурким, ани тескари ўқусалар, ўшул калом ҳосил бўлур. Мақлуб тўрт кўкрунушка эгадур: мақлуби кулл, мақлуби баъз, мақлуби мужаннаҳ ва мақлуби муставий…
Мақлуби кулл андоғким, бир лафзнинг ҳамма ҳарфларининг тартиби ҳарфлари тенг бўлган бир бошқа лафзга нисбатан анинг тескариси бўлур:
Дорам ҳамин муродки, ё раб барои ман
Абруҳилол лолаузорам кунад сухан.
Мана уч навъ мақлуби кулл келтирилиптур. Биринчиси дорам ва мурод… иккинчиси: ё раб ва баройи… Учинчиси: ҳилол ва лола…
Мақлуби баъз андоқдурким, баъзи ҳарфларининг тартибида бир оз ихтилоф бўлғон икки ёки андин ортуқ лафзни келтирилур:
Карам чу дори, камар набандад.
Адув ба пешат, магар ба хидмат.
Бу байтнинг мисраларида икки хил баъз бордур: карам ва камар; камар ва магар… Ул лафзни келтирмактин мурод улдурким, бу даражадаги озгина тафовутқа йўл борлиғин маълум қилмактур…
Мақлуби мужаннаҳ. Ани мақлуби муаттаф ҳам дерлар ва ул андоқ бўлурким, ораларида қалби кулл бўлған икки лафзнинг бири байтнинг бошинда ва иккинчиси байтнинг охиринда келур:
Нек буди ба ман чи шудки, чунин
Мекуни жавр ҳар дам аз сари кин”.814814
Атоуллоҳ Ҳусайний, Бадойиъ ус санойиъ, 1981, 58-59-бетлар.
[Закрыть]
Озарбайжон мумтоз адабиётшуноси Воҳид Табризий ҳам ўзининг “Жамъи мухтасар” асарида қалб ҳақида фикр юритиб, унинг тўрт навини мисоллар билан тушунтиради: “Мақлуби кулл:
Чу дори, эй санам родам
Мадор эй маҳ ба бедодам.
Бу ердаги мақлуби кулл – родам ва мадор сўзларидир, уларнинг барча ҳарфлари тескари қайтган. Мақлуби муставий:
Носам доим диҳад маи одамсон
Нодон бошад мумиди шоби нодон.
Буни шунинг учун мақлуби муставий дерларки, мисрани бошидан охиригача ва охиридан бошигача ўқисанг, шу икки мисра ҳеч бир ўзгаришсиз такрорланади. Мақлуби баъз:Аз ишқи рухат омад Одам ба жаҳоне шайдо
Зи он рў камол омад пайваста каломи мо.
Бу ерда мақлуби баъз: омад ва одам ҳамда камол ва калом сўзларидирки, уларнинг баъзи бир ҳарфлари тескари келган ва баъзилари ўз ўрнидадир.
Мақлуби мужаннаҳ: рўд ва дур; рўз ва зўр сўзлари бўлиб, улар мисраларнинг боши ва охирида, қуш қанотидай келади”.815815
Воҳид Табризи, Джамъи мухтасар, ИВЛ, Москва, 1959, стр. 62-64.
[Закрыть]
Айни юқоридаги назарий фикрларга яқин маълумотлар “Роҳбари Гулистон” китобининг ҳошиясида ҳам келтирилган: “Мақлуб… саноеъ жумласидандур. Назму насрда шоир ва котибнинг ишина эрурки, они бадоеъ ва ғариб… эдарлар. Шуаро ва котибнинг расонат ва қувватин далолат эдар. Зеро луғатда… ҳарфни чевурмакдур… мақлуб тўрт қисмдур”.816816
Роҳбари Гулистон, Истамбул, 1309 ҳижрий, 27-бет.
[Закрыть]
Қалб санъатининг моҳиятига оид қарашлар замондошларимиз асарларида ҳам учрайди. “Ўзбек классик адабиёти асарлари учун қисқача луғат”да ўқиймиз: “Қалб… 2. Тескарига айлантириш; тескари ўқиш (сўлдан ўнгга)”.817817
Ўзбек классик адабиёти асарлари учун қисқача луғат,Т., 1952, 416-бет.
[Закрыть]
Алишер Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис” асарида келтирилган қалб санъати намуналарини тушунтириш учун муҳаррир Рустам Комилов бундай изоҳ келтирган: “Араб ёзувида ёзиб, ўнгдан ҳам, чапдан ҳам бир хилда ўқиш мумкин бўлган жумла ёки шеърни шарқ шеъриятида мақлуби муставий дейилади”.818818
Алишер Навоий, Асарлар, 12-жилд, 1966, 122-бет.
[Закрыть]
“Фарҳанги забони тожики” номли салмоқли луғатда ҳам ушбу сўз ва атама изоҳига алоҳида аҳамият берилган:
1. Қалб қилинган, тескари қилинган, аксинча ўгирилган;
2. Қалб шеърий санъатида сўзлардаги ҳарфларнинг олдинма-кейин келиши; бошқа сўзга айланиши. Бошқа сўзга айланиб қолиши икки хилдир: 1) сўзда айрим ҳарфлар олдин-кейин қилинади, чунончи: жодувона – жовидона… 2) сўз бутунлай тескари ўқилади, чунончи: ям – май; карам – марг; кас – саг.819819
Фарҳанги забони тожики, 1-жилд, Изд. “СЭ”, Москва, 1969, стр.670.
[Закрыть]
Юқоридагилардан ташқари доктор Содиқ Қиёнинг “Қалб дар забони араби” номли йирик монографияси (Теҳрон ҳижрий 1340) ҳам ана шу санъатни тил ҳодисаси сифатида тадқиқ этишга бағишлангандир.
Қалб санъати ҳақида рус поэтикасида ҳам маълумотлар бор. Луғатшунос А.Квятковский ўзининг “Поэтический словарь” асарида қалбни палиндром (юнонча – орқага томон ҳаракат қилувчи, қайтувчи маъноларида) атамаси билан номлайди ва кўплаб характерли мисоллар келтиради. Жумладан, у ёзадики: “Палиндром шакли сўз ўйини санъати сифатида узоқ қадим замонлардан бери маълумдир. Истамбулдаги Аё Суфия ибодатхонаси қасрида мармарга қуйидаги палиндром ҳикмат ўйиб ёзилган эди:
“Nisponananominatamimonanopsin, маъноси: юзингизнигина эмас, гуноҳларингизни ҳам ювинг”. Умумга маълум бўлган палиндром намуналаридан:
Я иду с мечом судия (Г.Державин).
А роза упала на лапу Азора (А.Фет).
Яхши маъно касб этган, муваффақиятли чиққан қуйидаги палиндромни адиб Н.Булгаков тузган:
Аргентина манит негра.
Баъзибир шоирлар на фақат бутун бошли шеър (В.Брюсов), ҳатто поэма ёзишга (В.Хлебниковнинг “Разин” поэмаси) уриниб кўрдилар”.820820
А.Квятковский, Поэтический словарь, Изд. “СЭ”, М., 1966, стр.90.
[Закрыть]
Ўзбек мумтоз поэтикасида қалб санъатининг назарий моҳияти тўла-тўкис ишлаб чиқилмагани учун биз мақлуб ҳақида, унинг хиллари тўғрисида бирмунча муфассалроқ тўхталиб ўтишни лозим топдик.
Алишер Навоий бундан қийин санъат йўқ деб бежиз уқдирмаган. Дарҳақиқат, бадиий ифодалилик ва тасвирий воситалар хазинасида қалб энг қийин сўз санъатидир. Қалб шаклий ўзгариш нуқтаи назаридан тил ҳодисаси – сўз ясалиши жараёни бўлса-да, бу усул кўпроқ бадиийлик ва таъсирчанлик яратишга қўл келади. Шунинг учун қалбни тилшунослар ҳам, адабиётшунослар ҳам ҳар томонлама ўрганишллари керак.
Адабиётшунос Т.Н. Зеҳнийнинг қалб санъати ҳақида: “Қалб хиллари кўп бўлиб, барчаси араб ёзуви асосида ясалган ва ҳозирги ёзувимизга мувофиқ келмайди”,821821
Т.Н.Зеҳний, Санъати сухан, Душанбе, 1967, 169-бет.
[Закрыть]деб уни архаик адабий ҳодиса сифатида баҳолаши, бизнингча эҳтиётсизликдир. Чунки қалб санъати ҳозирги замонда кўплаб ўзбек, тожик, рус ва бошқа халқлар адабиётида яшаб келаётган ва яшовчан адабий ҳодисадир.
Профессор Баҳодир Саримсоқов ва филология фанлари номзоди Наримон Ҳотамов тузган “Адабиётшунослик терминларининг русча-ўзбекча луғати” қўлланмасида (“Ўқитувчи”, 1983) “Палиндром” усулига шундай таъриф берилади: “Чапдан ўнгга ва ўнгдан чапга ўқилганда айни бир хил маънони англатувчи шеър сатри ёки сўз”. Ва қуйидагича тасниф этилади: “Палиндром уч хил бўлади: а) палиндром сўз; б) палиндром гап; в) палиндром бирикма”. Мазкур луғатда палиндром сўзлар намуналари берилган: “Палиндром сўзларга тут, ака, амма, қоқ, икки каби сўзлар мансуб”.
Палиндром гап ва бирикмаларга келтирилган мисоллар аслида акс ва тарди акс санъатлари намуналаридир:
Жону жаҳоним ўзинг, ному нишоним ўзинг,
Ному нишоним ўзинг, жону жаҳоним ўзинг.
Ёки:
Кўзунг не бало қаро бўлубтур,
Ким жонга қаро бало бўлубтур.822822
Н.Ҳотамов, Б.Саримсоқов, Адабиётшунослик терминларининг русча-ўзбекча изоҳли луғати, “Ўқитувчи”, 1983, 231-232-бетлар.
[Закрыть]
Қалб ҳақиқий маъноси билан сўз ўйини имкониятларининг бир намойиши бўлиб ҳисобланади. Мақлуб, яъни тескари қилиш, чаппа қилиш маъноларини берадиган, барча адабий жанрларда хизмат қила оладиган усулдир. Қалб санъатининг яшовчанлиги, аввало, китобхонни ҳарф ва сўзга аҳамият беришга ундаши, сўздаги ҳарфларнинг жойлашиш таркибига кўз-қулоқ бўлишга ўргатиши жиҳатидан муҳимдир. Мазкур санъат ўқувчи зеҳнининг қайроғидир. Масалан, китобхон Алишер Навоийнинг:
Ҳаётбахш эса ул ҳур аксидин бода,
Маҳалли ҳайрат эмас, ҳур аксидиндур руҳ.823823
Алишер Навоий, МАТ, 3-жилд, “Фан”, 1988, 101-бет.
[Закрыть]
Байтидаги “ҳур” ва “руҳ” сўзларида ҳарфлар бирдай, фақат “ҳур” сўзи кейинги “руҳ” сўзида тескари ўгирилиб келганини билса, матндан оладиган маънавий лаззат ва эстетик қониқиш ўзгача тўлароқ бўлади.
Адабиёт – маъно, фикрий қудрат, қарама-қарши ғоявий, ахлоқий қарашлар кураши жавлон урадиган маънавий-мафкуравий майдон. Адабиёт ўз майдонига томошабин-китобхонларни тортиш учун ўз гўзаллиги, бадиийлиги ва таъсирчанлиги каби хусусиятлардан фойдаланади.
Қалб санъати – фикрий жило ва ҳиссиёт-туйғуга таъсир этувчи омилдир. Бунга амин бўлиш учун Гулханий “Зарбулмасал”идаги Кордон образини эсга олайлик. Кордон ҳам, гарчи исмининг луғавий маъноси “ишбилармон” бўлса-да, аслида Шўранул таъбирлаган: “Бу турган ошхўр жомадарронлар таом емоққа ҳозир, маслаҳатга ақли қосир”лардан. Шунинг учун ҳам Кўрқушга шундай реплика беради: “Кўрқуш айди: Сенинг исмингни Кордон қўюбдурлар. Ишни билиб қилсанг эрди ва ҳеч иш билмас экансан. “Кордон” исмингнинг аксини қўйсалар керак эди”.824824
Ўзбек адабиёти, 3-жилд, 1959, 340-341-бетлар.
[Закрыть] Бунда мақлуби кулл – тўла қалб ишлатилган бўлиб, “Кордон”ни эски ўзбек ёзувида ёзиб тескари ўқисак, “Нодарок” – идроксиз, нодон маъноси келиб чиқади. Кўряпмизки, китобхон ўша гапнинг ўзидаёқ ишбилармонни нодон деб ўқимоқда! Бу фикрий зидлик қалб санъати туфайлидир.
Қалбга берилган назарий таърифларнинг бирортаси мазкур санъат моҳияти ва хилларини тўла қайрай олмайди. Шунинг учун ҳам биз қалб санъати навлари ва табиати билан кенгроқ ошно бўлиш мақсадида уни қуйидаги аспектларда ўрганамиз:
1. Тузилишига кўра;
2. Маъносига кўра;
3. Матндаги ўрнига кўра;
4. Маълум ва номаълумлиги, сезиларли ёки сезилмаслигига кўра.
Қалб санъати намуналари тузилиш таркибига биноан:
а) қисман қалб (мақлуби баъз);
б) сўз қалб (мақлуби кулл – тўла қалб);
в) сўз бирикмаси қалби;
г) гап қалби (мақлуби муставий – баробар қалб);
д) мисра қалби (мақлуби муставий);
е) байт қалблари (мақлуби муставий);
ё) турғун қалб сўзлар ёки лексик қалбларга бўлинади.
Мақлуби баъз – қисман қалбга мурожаат этган шоирлар мисра ёки байтда аввал бир сўзни ишлатиб, сўнг ўша сўзнинг бир қисмини аслича қолдириб ва бир қисмини ўгириб олиб, бошқа сўз ясашга муваффақ бўлади:
Гул қошингда хуб эмас, гарчи жамоли бордурур,
Шаҳ қошинда хоркашнинг не мажоли бордурур.825825
Лутфий, Сенсан севарим, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1987, 56-бет.
[Закрыть]
Мавлоно Лутфий байтда қисман қалб қўллаб, “жамоли” сўзининг “жам” қисмини тескари қилиб олиб, сўзнинг қолган қисмини айнан келтирган: “маж-оли – мажоли”. Ушбу ва юқорида келтирилган мақлуби баъз намуналаридан шуни билиб олиш мумкинки, ушбу қалбга мўлжалланган сўзлардаги товуш ва ҳарфлар баробардир. Қисман қалбларнинг китобхон диққатини матндаги ҳарфлар туркумига жалб этиш жиҳатидан муҳим аҳамияти бор. Аслида эса маъно ўзгаришлари ва маънавий таъсирчанлик назарда тутилади.
Сўз қалбини мумтоз поэтикада мақлуби кулл аталиши шу боисданки, қалб сўз ўз ҳарфларини мукаммал сақлагани ҳолда тўла тескари бўлиб келади. Қалб санъати намуналарининг энг кўп тарқалган тури сўз қалби эканлигини ҳам эсда тутмоқ керак. Матнга сингадиган ғоявий ва таъсирчанлик эътибори билан ҳам қалб сўзлар хизмати ғоят муҳимдир. Қалб санъати истиқболида ҳам қалб сўзлар яшаяжаги ва давом этиши шубҳасиз.
Муҳаммад Ниёз Нишотийнинг “Ҳусн ва Дил” мажозий достонида ўнлаб жозибали қалб сўзлар қўлланилгани кузатилади:
Боғи жаҳон акси доғи ғоб экан,
Оби фано остида ғарқоб экан.826826
Нишотий, Ҳусн ва Дил. Лирика, Ғ.Ғ.номидаги БАН, 1967, 174-бет.
[Закрыть]
Ёки:
Кохи жаҳон қалби доғи хок экан,
Рутба анга гарчики афлок экан. (Нишотий, 168-бет).
Биринчи байтда “боғ” сўзи тўла тескари ўгирилиб, “ғоб” (чирик, чакалак, беҳуда) шаклига келганидек, кейинги байтда “кох” (муҳташам қаср, сарой) сўзи ўгирилиб, “хок” (тупроқ) бўлган. Сўзнинг бундай ўнг-терс ўйини орқали муаллиф мушоҳада юритиш имконига эга бўлади. Табиий ва умр ўзгарувчанлигига инсон идроки жалб этилади, фикрчанликни оширади.
Қалб санъати қўлланилган гап ва байтларда кўпинча “қалби, акси, нигун, эвурса” сингари сўзлар қатнашиб, мазкур усул кўрсаткичи вазифасини ҳам бажаришади.
Сўз қалби намуналарининг айримларида (“Зарбулмасал”даги Кордон сўзидаги қалб; муаммоли қалблар ўнг ва терс вазиятда) такрорланмайди. Шунга қарамай, сўз қалби бўлаверади. Чунки, китобхон ўзи қалбга ишорани сезган, ўша сўзнинг тескари тарзини ҳам тасаввурига келтираверади.
Сўз бирикмаси қалби кўпроқ оғзаки нутқда қўлланилганини, юқорида Мавлоно Абдулваҳҳоб ҳақидаги маълумотларда кўрган эдик. Бу хил қалблар ўша, қалб сўзлар топиш жиддий маънавий машғулот саналган замонларда кўп учрар эди. Ёзма адабиёт намуналарида эса, жуда сийрак учрайди. “Ҳусн ва Дил” достонида муаллиф “иқбол” сўзини қалб санъатида қўллаганда, шу сўз – сўз бирикмаси “ло бақо”га айланган:
Айладим иқболи жаҳон муддао,
Билмадим акси бор экан ло бақо.827827
Нишотий, Ҳусн ва Дил. Лирика. 1967, 168-бет.
[Закрыть] (Ло бақо – баҳоси йўқ).
Гап қалби ҳам жуда оз учрайдиган ҳодисалардандир. Адабий ва ғоявий хизмати нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, бундай қалблар жўн эрмакккагина ўйлаб топилганини сезамиз. Масалан, Ҳамидуддин Муставийнинг форс-тожик тилидаги гап қалбини олайлик: “Шакар ба тарозуи назорат баркаш”.
Гап қалби ижодкорлари издиҳомларда, адабий суҳбатларда ўз ижодий топағонликлари билан тингловчиларни ҳайратда қолдирганликларини қайд этиш лозим.
Мисра ва байт қалблари мазкур санъатнинг олий чўққиси саналгани аниқ. Талантли шоирлар мисра ва байт қалблари зиммасига ишқий-эротик ва ахлоқий-дидактик мотивлар юклашга уринганлар. Афсуски бу соҳадаги машаққатлар қалб санъатининг ушбу “мўъжиза”симон хилларини яратишга қўл келса-да, адабиётнинг мақсад ва вазифаларига тўла-тўкис жавоб берадиган ҳақиқий бадиий байтлар вужудга келтириши мушкул эди.
У лаби лаъли дерди лаъли балво
Удир у руҳа ҳурвор даво.828828
Проф. Али Ниҳод Тарлон, Адабий санъатлар, Истамбул, 1964, 76-бет.
[Закрыть]
Мазкур байт мисра қалби намунасидир. Китобхон “Нега энди байт ва мисра қалбини алоҳида олиб кўрсатиляпти?” дея таажжубланиши мумкин. Гап шундаки, мисра ва байт қалбларини алоҳида ўрганмасак, англашилмовчилик юз беради. Зеро, муаллиф мисра қалбини қўллаб байт яратганида, ҳар бир мисранинг ўзи тескари ўқилиб, тикланади. Байт қалбида эса, аҳвол мутлақо бошқачадир: ўқувчи байтни тескаридан ўқир экан, иккинчи мисра сўнгидан бошлаб, биринчи мисра ибтидосига томон йўналади, натижада иккинчи мисра биринчи, биринчи эса, иккинчи бўлиб чиқади.
Қалбларнинг бир хилини примитив турғун қалб ёки лексик қалб деб атадик. Бу хил қалбларнинг моҳияти шундаки, шоир ёки адиб байт ва гап тузишда ўнг ва терсдан бир хил ўқиладиган сўз топиб ишлатишга алоҳида аҳамият беради. XV аср Ҳирот адабий мактаби вакиллари шундай сўзларни махсус йиғиб юришар эди. Мана лексик қалблардан айримлари: кучук, кийик, қоқ, қочоқ, қовоқ, нон, тут, шош, мум, қуруқ, сас, кўк, боб.
Лексик қалблар икки хил бўлади:
1. Махсус уқдирилган, қалб санъати борлигига ишора қилинган байтлар, масалан, юқоридаги байтни эсланг. Ёки:
Нокасу ножинс авлодин киши бўлсун дебон,
Чекма меҳнатим латиф ўлмас касофат олами.
Ким кучук бирла ҳўдукка қанча қилма тарбият
Ит бўлур, доғи эшак, бўлмасдур асло одами.
Навоийнинг мазкур қитъасининг дастлабки мисрасида сўз қалби келган бўлиб, “нокас”ни ўгирсак, “сагон” (итлар) сўзига айланади. Бундан ташқари, лексик қалб “кучук” ҳам қўлланилган бўлиб, уни қайси томондан ўқиманг, “кучук”лигича қолади. Примитив-турғун қалб “кучук”ни эслатиб, ишорали деганимизда муаллифнинг “қанча қилсанг тарбият” фикрига асосландик.
2. Қалблиги алоҳида уқдирилмаган, матнда бир мартагина қўлланган, тескари ўқилганда ҳам айнан тикланадиган сўзлар учраб туради. Улар ўнг ва тескари ўқилганда бир хил чиқаверадиган сўзлар бўлганидан уларни қалб сўзлар ҳисоблаймиз. Аслида бу навъ қалбларни қалб сўз ва қалб санъати намунаси дейиш унчалик тўғри эмас. Қуйидаги байтларда учрайдиган мўм, дад, тахт сўзларини қалб деб кўрсатишимиз важи илгариги қалб сўз излаш анъаналари билан изоҳланади, холос:
“Гоҳ фориқа қўлидан фарёд ва гоҳ гуноҳлиғидан қасамёд этиб, иборати оташ истиъорат била ул оҳанин Дилнинг кўнглин мўм қилғони”.829829
Нишотий, Ҳусн ва Дил. Лирика. 1967, 284-бет.
[Закрыть]
Пешжанг анга бор эди деву дад
Топмас эди анинг ҳисобин адад. (Нишотий, 196-бет).
Бўйла эрур гардиши иқболу бахт,
Бирга берур тахтау, ул бирга тахт.830830
Нишотий, Ҳусн ва Дил. Лирика, Ғ.Ғ.номидаги БАН, 1967, 219-бет.
[Закрыть]
Бундай қалбларнинг сўз бирикмасидан иборат намуналари ҳам икки хил бўлади. Биринчидан, улар тескари ўқилганда сўз бирикмасидаги сўзлар ўрин алмашинади. Шунда ҳам маъно синонимияси сақланади. Масалан, қуйидаги байтдаги “гунгу лол” қалб этилганда “лолу гунг” шаклига кўчади:
Ўйла Нишотий бўлубон гунгу лол,
Эрди малолат била ошуфтаҳол. (Нишотий, 193-бет).
Иккинчидан, тавтологик бирикмали қалблар тескари ўгирилганда ўзининг илк варианти шаклига кўчаверади. Масалан, “… арбоби девон ва асҳоби ирфон фасоҳатиға таҳсин ва балоғатиға офарин молокалом иншо қилғони…”. (Нишотий, 176-177-бетлар).
Қалб санъати намуналарини тескари ўқишда чиқадиган маъносига кўра кўплаб навларини ажратиб ўрганиш мақсадга мувофиқдир. Масалан:
а) тазодли, қарама-қарши маъноли қалблар;
б) тавтологик – маъно такрорига асосланган қалблар;
в) синонимик – шакли ҳар хил, маънодош қалблар;
г) сентиментал – махсус тил одоби тақозосига асосланган қалблар;
д) порнографик қалблар;
е) мухталиф – ҳар хил маъноли қалблар;
Тазодли қалбларда қаршилантириш маъносини юзага чиқариш қалб санъатининг юксак фазилатидир. Шунинг учун қалбларнинг тазодли тури мазкур санъатнинг энг кўп учрайдиган хилидир. Қарама-қарши маъно ташувчи қалблар табиат ва жамиятдаги тараққиёт, кескин ўзгаришлар жараёнининг лаҳзалик ўрин алмашинишидай китобхонга тез идрок эттиради. Шуниси муҳимки, бу қатъий маънавий ўзгаришлар кўпинча бир мисрада, ҳатто ёндош қалб сўзлари тез амалга оширилганидан ўқувчи дарҳол фавқулодда ҳайратга чўмади:
Зоҳид эликим бор эди худнамо,
Оташи элни дер эдилар шито. (Нишотий, 178-бет).
Ушбу байтдаги “оташ” (олов) қалбда “шито” (қиш) маъносида келганки, қайтариқ сўзлар ўрнида келган қарама-қарши тушунчаларнинг тўқнашувидан мисралар таъсирчанлиги зўрайган; асар ғояси кашфига кўмаклашиб ўзбошимча зоҳидлар, юрак оловини (севгисини) қиш совуғи деб ўринсиз вайсашларга урғу берилган.
Тавтологик, яъни шакл ва маъно такрорига асосланган қалблар ҳам кўп бўлиб, бир қарашда моҳият фақат сўз ўгиришда ўз шаклини сақлаётгани сифатида кўринади. Аслида эса, бундай қалбларнинг махсус икки вазифаси бор:
Биринчидан, тавтологик қалблар китобхонда ҳарфларнинг жойлашиш ўрни таркибига диққатни қарата билиш кўникмаларини тарбиялайди.
Иккинчидан, асар ғояси ёки ўша парчадаги нарса ёки шахс образини характерлашда қўл келади. Айниқса, тавтологик қалбларнинг бундай нави предмет ва персонажларнинг ўзгармаслиги, қайсар ва қатъийлигини таъминлайди.
Нишотий ижодий қаламининг сеҳргарлигини уқдириб, “килк” (қалам)ни қанчалик тескари ўгирма, у “килк” бўлаверади, дейди:
Килкким, ул қаҳр ила қилсанг нигун,
Доғи бўлур килк ўшул пурфусун. (Нишотий, 245-бет).
Синонимик қалбларнинг хусусияти шундайки, сўз тескари ўгирилганда шаклан ўзгаради-ю, дастлабки вариантдаги маъносини сақлаб қолади: битик – китоб.
Сентиментал қалб – қалб сўзларнинг тескари қилиниши назарда тутилган, бироқ ўгирилмаган махсус хилидир. Сентиментал тушунчаси бу хил қалб моҳиятини характерлашга жуда ярашади. Зотан, сентиментализм оқимига мансуб санъаткорлар бадиий асарларда тубан ҳисобланган атама (масалан. “ит”…) ва қабиҳ ибораларни ишлатишдан тийилганлар. Улар ўзлари манъ этган “беҳаё сўз ва ибораларни” гўзал, нафис дидга бегона, ёт деб билишган.
Сентиментал қалблар деб, ўнгдан ўқилганда чиройли, ижобий маъно берадиган, сўлдан эса, тубан маъно кашф этадиган сўзларга айтилади. Уқдирилганидек, сентиментал қалб сўз икки марта ишлатилади-ю, матнда ўгирилмайди. Уларнинг ижобий палласи шундаки, хунук ва қулоққа қўпол чалинадиган сўзлар қалбда силлиқроқ тарзда берилади. Мазкур усулнинг моҳиятларидан бири маънавий ҳаёлиликдадир:
Нафх қилиб руҳни Исо нафас.
Қилди мани каски, эдим қалби кас.831831
Нишотий, Ҳусн ва Дил. Лирика, Ғ.Ғ.номидаги БАН, 1967, 277-бет.
[Закрыть]
Иккинчи мисранинг маъноси: Мен ит эдим, мени одам қилди, демакдир. Муаллиф персонаж тилига, ҳаё юзасидан “ит” сўзини бермай, “кас” (киши)нинг қалби демоқда (“кас” мақлуб этилса “сак” бўлади).
Порнографик қалблар сентиментал қалбларнинг мутлақо тескарисидир. Улар қабиҳ, беҳаё сўзларга нисбатан ишлатилади. Бундай қалб сўзларнинг бир юзи ижобий маънодаги тушунчани ифодаласа, тескари ўгирилган иккинчи юзи қабиҳ, ҳаёсиз тусини олади: бу жараёнда маънонинг кескин ўзгариши содир бўлади.
“Ҳусн ва Дил” достонидан олинган тубандаги байтда порнографик қалб келган. Асарда ит шаклидаги, молсумбат улкан ваҳшийлар тасвири берилганда, уларнинг емиши ёмонлик (ахлат) экани айтилади:
Қути аларнинг бор эди қалби савр.
Равс алара эрмиш эди жаври давр. (Нишотий, 110-бет).
Мухталиф қалблар деганда, ўнг ва терсдан ўқилганда хилма-хил маъно касб этадиган сўзлар назарда тутилади. Мухталиф қалблар ифодалайдиган маъноларига кўра тазодли ва синонимик қалблардан фарқ этиб туради. Қуйида мухталиф қалбнинг кўрсаткичсиз хилини кўрамиз:
Оллида ер ўпди замони дароз,
Лек таҳоратсиз эди ул намоз. (Нишотий, 113-бет).
Роҳиб ўлиб анда чу қалби баҳор,
Доғ ила қондин эди чун лолазор. (Нишотий, 170-бет).
Мақлублар матндаги жойлашувига кўра асосан, қуйидаги хилларда учрайди:
а) мужаннаҳ (қанот) қалб;
б) ёндош қалб;
в) яқин қалб;
г) йироқ қалб;
д) параллель қалб.
Мужаннаҳ қалб сўзлар мисрани бошлаб охирида яна қайтарилади ёки байтни бошлаб, сўнгида яна бир карра такрорланади. Уларнинг бундай аталишига сабаб, мисра ёки байтнинг икки томонидан қанотдай келишларидир. Мужаннаҳ қалбларнинг мисрада келиши қайтариқсимон бўлади. Масалан:
Ғоблари қалбида бор эди боғ,
Тоғлари сийнасида лола доғ. (Нишотий, 23-бет).
Ушбу байтдагига ўхшаш мақлублар саноеъдаги бадиийлик вазифасидан ташқари борлиқдаги тараққиёт ва ўзгаришларни идрок эта билиш каби маънавий моҳият ҳам касб этади. Агар байт мазмунига зеҳн солсак, илгариги мисолда боғнинг акси ғоб эканоиги уқдирилган бўлса, бу ерда ғоблар бағрида боғлар борлиги ҳам эслатилаётганини кўрамиз. Навбатдаги диққатга сазовор ҳодиса шундаки, матн ўзига лутф либосини ҳам олмоқда. “Қалбида” сўзининг ҳам “бағрида”, ҳам “тескарисида” тушунчаларини беришини назарда тутсак, биринчи мисра икки хил мазмунни ифодалайди:
1. Ғоблари бағрида боғ бор эди.
2. Ғоблари тескарисида “боғ” сўзи бор эди.
Ёндош қалблар дейилганда, ўнг ва тескари келувчи сўзларнинг ёнма-ён келиб қолиш ҳолатлари назарда тутилади:
Улки эрур нури дили жузви кул,
Жори қазо зоқи фазо, деди ул. (Нишотий, 303-бет.)
Яқин қалблар ўртасига бирор сўз тушиб қолиши уларнинг ёндош қалблардан ажралиб туришини таъминлайди. Ёндош қалблардаги кўз кузатиши учун қулай таққос ва қиёс имконияти яқин мақлубларда ҳам бироз сақланади:
Деди талаттуфлар этиб бешумор:
Рози дили зорға сан пардадор. (Нишотий, 188-бет).
Йироқ қалблар деб, бир мисрада ёки байтнинг турли қисмларида бир-биридан маълум масофада турадиган сўзларга айтилади:
Гарчи манго марг бўлубтур қариб,
Айла карам аксини, эй дилфириб. (Нишотий, 188-бет).
Байтнинг қаерида жойлашишидан қатъий назар, параллель қалблар деб атаймиз:
Кохки ул қилмасанг они сукун,
Хоки мазаллатаро бўлсун нигун. (Нишотий, 22-бет).
Мақлубларни маълум ва номаълумлиги, кўрсаткичли ва яширинлигига кўра ҳам бир неча хилини ажратиб ўргансак бўлади:
1. Қалблиги алоҳида уқдирилган ёрқин қалбларда шу санъатнинг луғавий маъносини англатадиган қалби, нигун, акси, эвурилса сўзларидан бири қатнашади. Ўша сўзларга дуч келган ўқувчи сўзнинг ўнг ва тескари ўқилиши кераклигини дарҳол пайқайди. Ёрқин қалблар ҳам уч хил бўлади:
а) қалблиги махсус таъкидланган, лекин матнда ҳар иккала сўзнинг ўгирилмай, бир хил вариантда келган намунаси:
Оби бурудат аро ғарқ эрди шид
Қалби шито эрди шитоғи умид. (Нишотий, 277-бет).
б) қалблиги айтилган сўзнинг матнда бир мартагина қўлланилиш ҳолати:
Дедики: – Манда бор эди дои қалб,
Ақлу хирад мандин эрур борча салб. (Нишотий, 118-бет).
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.