Текст книги "Бадиият жозибаси"
Автор книги: Эркин Рахмонов
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 16 (всего у книги 27 страниц)
Шоир байтда икки қарама-қарши сўзни ишлатса, тазод-қаршилантириш санъатини ишлатган бўлади. Шоирлар шундай таъсирчан усулни такомиллаштириб, қарама-қарши маъноли сўзлардан байтда иккита эмас, балки имкон борича кўпроқ қўллаш пайидан бўладиларки, бундай қаторлаштириб, саф торттириб қаршилантириш усулига олимлар муқобала санъати деб ном беришган.
Тазод ва муқобалани бир-биридан фарқ эттириш учун аввал тазод санъатига мисол келтириб, сўнг муқобалага мурожаат этамиз:
Юлдуз бўлдинг чароғон
Энг қоронғи тунларда.
Суҳбат қурдик гоҳ шодон,
Гоҳо ҳазин унларда.
Абдулла Ориповнинг “Онажоним шеърият” номли шеъридан олинган икки байтнинг биринчисида қарама-қарши сўзлар: чароғон-қоронғи; иккинчи байтдаги зид маъноли сўзлар: шодон-ҳазин. Демак, шоир ҳар бир байтда иккита ўзаро зид маъноли сўзларни қўллаган, булар тазод санъати намуналари бўлади.
Энди бир байтда қарама-қарши маъно ташувчи жуда кўп сўзларни ишлатиш ҳолатини кузатайлик:
Кўб жавр ила жонимни хароб айлабон этдинг
ҳажрингга гирифтор,
Оз лутф ила ҳам айла бузуғ хотирим обод
бир дам келиб ўтру.
Хоразмлик шоир Рожийнинг мазкур байтида муқобала санъати қўлланилган, муқобала кўрсаткичлари бўлган зид маъноли сўзларни тизиб чиқайлик:
Биринчидан: “кўп” ва “оз”;
Иккинчидан: “жавр” ва “лутф”;
Учинчидан: “хароб”, “бузуқ”, ва “обод”;
Тўртинчидан: “ҳажр” (айрилиқ) ва “ўтру” (юзма-юз бўлиш, висол).
Аниқки, байтда қарама-қарши тушунчаларнинг бундай қалаштириб ташланиши китобхонни лирик қаҳрамон ички ҳислар дунёсига чуқурроқ кириб боришини таъминлайди, таассуротини бойитади, беҳад ҳаяжонлантиради. Ҳижрон азобининг жонга қасд қилиши, висолнинг эса ошиққа ҳаёт бағишлашига кучли далиллар орқали амин бўлади. Нур ва соялар ўйини фикрни қиёс ва нисбатга йўналтиради, фикрни изчил тўла маънода тушунишни осонлаштиради, қизиқишини орттиради. Мавлоно Огаҳий ижодидан муқобала санъатига яна бир мисол келтирайлик:
Васл нўшининг давоси хос ўлуб эл жониға,
Ҳажри нишининг яроси жони афгоримға хос.456456
Огаҳий, Асарлар, 1-жилд, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1971, 251-бет.
[Закрыть]
Мазмуни:Учрашув шарбатининг давоси эл жонига хос бўлиб,
Жудолик тиканининг яраси эзилган жонимга тегишлидир.
Байтдаги: васл – ҳажр (учрашув-жудолик); нўш – ниш (роҳат-азоб); даво – яро сўзлари муқобала кўрсаткичларидир.
Эпик ва лиро-эпик асарларда конфликт асарнинг ўқишлилигини, қизиқарлилигини таъминлаганидек, лирик байтларда тазод ва муқобала иштироки мисралар таъсирчанлигини таъминловчи омиллардандир.
6-БОБ. Уйғунлик – маънавий баркамоллик омили
Лаф ва нашр санъатиЛаф ва нашр (йиғиш ва ёйиш) арабча сўз бўлиб, бундай бадиий усулнинг шеъриятдаги моҳияти қуйидагичадир:
Шоир бирор воқеа-ҳодиса ёки нарсалар тасвирини ёхуд тавсифини келтирар экан, гоҳ уларни аввал қисмларга бўлиб, сўнг йиғади; гоҳ олдин йиғилган ҳолда олади-да, кейинги мисрада уларни парчалайди. Бу санъатда йиғиш олдин келадими ёки сочишми, бунинг унчалик аҳамияти йўқ.
Бизнингча, лаф ва нашр ҳақида билдирилган мазкур назарий қараш етарли эмас. “Адабиётшунослик терминлари луғати”нинг муаллифлари бу санъат табиатини яхшироқ белгилаганлар: “Бир-бирига нисбатан берилган (кўпинча ўхшатиш ва ўхшатилмиш) сўзларни бир байт ёки бир мисрада йиғиб ва ёйиб бериш” деган маънода аниқлик киритишган.
Лаф ва нашрни маълум нарсалар силсиласига нисбатан, навбатдаги параллель ҳар бир нарсага мансуб этиладиган сифат (одатда ўхшатиш-истиора)лар деб англамоқ керак. Бу усулга кўра аниқловчилар биринчи мисрада ва аниқланмишлар навбатдаги мисрада тизилади. Ёки шу тизим тескари ҳолатда, яъни аввалги мисрада аниқланмишлар ва кейин аниқловчилар келиши ҳам мумкин. Масалан:
Қадду хатинг била кўзу юзинг, эй сарви симин тан,
Бири сарву бири райҳон, бири наргис, бири гулшан.457457
Бобур, Девон, “Фан”, 1994, 67-бет.
[Закрыть]
Байтдаги лаф ва нашрни идрок қилиш учун иккинчи қатордаги предметлар биринчи қатордаги қайси предметларга алоқадорлигини аниқлаш керак. Адабий тажрибадан маълумки, қад (бўй, қомат) сарвга; хат (лаб устидаги нозик туклар) райҳонга; кўз наргисга; юз эса, гулшанга ўхшатилиб келинган. Демак, биринчи мисрада тизилган сўзлар йиғилган ҳолатда эди, иккинчи мисрада уларнинг ҳар бирига бир ўхшатиш сифати орттирилиб, изоҳланиб ёйилди. Шеър муаллифи кумуштан гўзални сарвқад, райҳонхат, наргис кўз ва гулшан юзли дея улуғламоқда
Хожа Абдуллоҳ Садрнинг ана шу усул асосида битилган бир байтини кўрайлик:
То дил даҳону турраи он дилнавоз ёфт,
Хўрд оби зиндагони, умри дароз ёфт.458458
Алишер Навоий, ТАТ, 9-жилд, Ғ.Ғ.номидаги НМИУ, 2011, 394-бет.
[Закрыть]
(Мазмуни: Дилим дилрабонинг оғиз ва зулфини топиб, ҳаёт сувини ичди ва узоқ умр топди). Ушбу лаф ва нашр ҳам ташбеҳга асосланган: оғиз – ҳаёт суви; зулф – узоқ умр.
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг қуйидаги ғазали бошдан-оёқ лаф ва нашр санъати билан зийнатлангандир:
Хатинг била юзунгу кокулинг сенинг, эй жон,
Бири – бинафша, бири – ёсуман, бири – райҳон.
Такаллум айларида тилию тишию лаби,
Бири – ақиқу, бири – инжую бири – маржон.
Кўнгулни зору мени хору танни тор этган,
Бири – жафоу бири – ғурбату бири – ҳижрон.
Тану кўнгул била кўз васлу нозу ҳусни учун,
Бири – харобу бири – волау бири – ҳайрон.
Тамоми умрида Бобурға уч сўз айтибдур:
Бири – сўкунчу бири – қаттиқу бири – ёлғон.459459
З.М.Бобур, Сочининг савдоси тушти, “Шарқ”, 2007, 105-бет.
[Закрыть]
Лаф ва нашр жараёнида бир-бирига боғлиқ тушунчалар (аниқловчи ва аниқланмиш ёки ўхшатиш ва ўхшатилган нарсалар) мисрадаги тартиб сирасига кўра ҳар хил: тўғри тартибли – мураттаб ва аралаш – номураттаб бўлади. Ана шуни назарга олган ҳолда ғазал байтларидаги лаф ва нашр кўрсаткичлари билан танишиб чиқайлик:
Илк байтдаги лаф ва нашр таянчлари: хат – райҳон, юз – бинафша, кокил – ёсуман. Демак, бунда тартиб нотўғри – номураттаб.
Иккинчи байт лаф ва нашр кўрсаткичлари: лаб – ақиқ, тиш – маржон, тил (сўз) – инжу бўлади. Бундаги лаф ва нашр қурилиши ҳам номураттабдир.
Учинчи байт: кўнгулни зор этган – ҳижрон; мени хор этган – жафо; танни тор этган – ғурбат. Бунда ҳам номураттаб лаф ва нашрни кўряпмиз.
Тўртинчи байтдаги лаф ва нашр тузилиши бир мунча мураккабдир. Одатдаги лаф ва нашр кўрсаткичлари аниқловчи ва аниқланмишдан иборат икки таркиблидир. Бу ўринда эса, уч таркиблиликка томон ўсган: тан – васл учун – хароб; кўнгил – нози учун – вола; кўз – ҳусни учун – ҳайрон.
Бешинчи байтда эса, саноқ сон билан бутун ҳолда: сўз дейилиб, кейинги мисрада ёйилган: сўкунч, қаттиқ, ёлғон.
Поэтика мутахассислари лаф ва нашр сўзлари сирасининг аралаш келгани ҳолатини мушавваш (паришон, тарқоқ) сўзи билан белгилашган. Мисоллардан аниқ кўринадики, лаф ва нашрнинг мушавваш бўлиб келиши икки сабаб билан изоҳланади: вазн ва қофия талаби баъзан шуни тақозо қилади.
Биз лаф ва нашрнинг ўхшатишга асосланган асосий хилини кўздан кечирдик. Энди унинг бошқа хиллари билан ҳам ошно бўлайлик:
Бири бирига дахлдор бўлган, бири иккинчисининг маҳсули ҳисобланадиган нарсалар тимсолида ҳам лаф ва нашр содир бўлади:
Атойи бағрини кўнглию кўзи
Тутарлар гоҳ ўтта, гоҳ сувда.460460
Атойи, Девон, “Фан”, 2008, 203-бет.
[Закрыть]
Кўнгилнинг хусусияти, ҳиссий хоссаларидан бири куймоқдир. Шунинг учун унга ўтнинг алоқаси бор. Кўз эса ўзидан сув (ёш) оқизади. Мураттаб лаф ва нашр санъати бунда воқеъдир. Айни шунга ўхшаб кетадиган лаф ва нашрли байт Шайх Абдуллоҳ ижодида учрайди:
Мани мискин ба сари кўи ту ҳарчанд давидам,
Ғайри оҳею сиришке зи дилу дида надидам.461461
Алишер Навоий, ТАТ, 9-жилд, Ғ.Ғ.номидаги НМИУ, 2011, 389-бет.
[Закрыть]
(Мазмуни: Мен бечора сенинг манзилинг сари ҳарчанд югурдиму, кўз ва кўнглим оҳу ёшидан бошқасини кўрмадим).
Оҳ юракка, сиришк (кўз ёши) дида (кўзга) тааллуқлидир. Бу байтнинг муҳим хусусияти шундаки, лаф ва нашр бир мисранинг ўзида юз берган.
Бири-бирига ўзаро манбаъ бўладиган нарса-предметлар тизмасида ҳам, нарса ва исмлар ҳамда улардан бошқа объектга ўтадиган иш-ҳаракат сирасида ҳам лаф ва нашр санъатини кузатиш мумкин. Чунончи, Муниснинг ушбу байтида Анварий қасидалари туфайли Султон Санжар ва Навоий асарлари туфайли Ҳусайн Бойқаро номлари боқий қолгани уқдирилади:
Шеърдин топмоқлиғиға Санжару Султон Ҳусайн,
Номи боқий – Анварий била Навоийдур гувоҳ.462462
Мунис, Сайланма, Ўша нашр., 1980, 14-бет.
[Закрыть]
Ушбу лаф ва нашр кўрсаткичларидаги алоқадорлик амал-вазифа билан белгиланади. Дарҳақиқат, Анварий қасида жанрининг энг мумтоз ижодкори бўлиб, Султон Санжарга ёзган ўнлаб қасидалари шоҳни ўз ва кейинги замонларда ҳам номининг шуҳратини сақлаб қолди. Алишер Навоий эса ҳаётлигидаёқ Султон Ҳусайн салтанатининг йирик суянчиғи эди. У Ҳусайн Бойқарога ўз мамлакатини мустаҳкамлаш, марказлашган кучли давлат тузиш, мамлакатда илм-маърифат, фан ва санъат тараққиётини кучайтиришда бениҳоя катта хизматлар қилди. Султон Ҳусайнни ўзбек адабиёти эҳтиёжлари билан яқиндан ошно қилган, унинг салтанатидан фан ва санъат ривожи учун фойдалана олган улуғ зот эди. Алишер Навоий асарларида Ҳусайн Бойқаро ўз даврининг энг адолатли шаҳаншоҳи сифатида идеаллаштирилгани ҳам рост. Зеро, романтик ижодий метод туфайли, у шоҳ сиймосида ўз орзу истакларини куйларди. Бу эса, Ҳусайн Бойқаро номи ва шуҳратининг ёйилишига катта йўл очарди.
Ёки шоир Атойининг тубандаги байтидаги лаф ва нашр ифодасини ўйлаб кўрайлик:
Бу ғамким биздадур, бу ҳусн сизда,
Сени Юсуф десунлар, бизни Яъқуб.463463
Атойи, Девон, “Фан”, 2008, 38-бет.
[Закрыть]
Мазкур мисраларда мушавваш лаф ва нашр зуҳур этган. Ҳусн ва Юсуф тушунчалари ўзаро чамбарчас алоқадордир. Чунки Юсуф дунё адабиётида инсон гўзаллиги тимсоли сифатида танилган. Ғам эса, Юсуф иштиёқида ўнлаб йиллар қийналиб, йиғлайвериб кўз нури сўнган Яъқуб шахсига тегишлидир. Бу байтда ҳам лаф ва нашр мураккаблиги сезилади: ғам – биз – Яъқуб; ҳусн – сиз – Юсуф.
Уч таркибли лаф ва нашр кўрсаткичларининг уч ўринда жойлашганига мисол:
Сабру сомонимдин айрилдим белу оғзин кўруб,
Йўқу борим қолмади пинҳон ила пайдосидин.464464
Фурқат, Танланган асарлар, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1975, 140-бет.
[Закрыть]
Бел – бор – пайдо; оғиз – йўқ – пинҳон.
Лаф ва нашрнинг қуйидагидек истиорали намунаси ҳам бўлади. Ушбу байт муаллифи даҳон (оғиз)нинг истиораси мим, зулф истиораси икки долни келтириш орқали истихрож санъатини ҳам (мим ва икки долдан“мадад” сўзи ҳосил бўлган) юзага чиқарган:
Ба ҳижрон жангҳо дорем бе зулфу даҳони ту,
Аз он миму ду дол имрўз мебояд мадад моро.465465
Камоли Хўжандй, Девон, 1-жилд, “Ирфон”, Душанбе, 1983, 49-бет.
[Закрыть]
(Мазмуни: Унинг оғзи ва зулфисиз ҳижрон билан жанглар қиламиз. Ўша мим (оғиз) ва икки дол (икки зулф) дан мадад тилаймиз).
Лаф ва нашр тузилиши жиҳатидан тўғри ва тескари ҳам бўлиши мумкин. Мазкур икки ҳолатни бир-биридан аниқроқ фарқ этиш учун аввал тўғри, кейин тескари лаф ва нашрга мисоллар олайлик:
Уч кишидин уч иш ёмон кўринур,
Сенга арз айлай аҳли дунёдин:
Шоҳдин – тундлиғ, ғанидин – бухл,
Молға майлу ҳирс – донодин.466466
Алишер Навоий, ТАТ, 5-жилд, 2011, 685-бет.
[Закрыть]
Сени саййиди пок, донойи зоҳид
Дедим,эй улусқа сўзунг фитна солғон.
Ажаб кимсасенким, ҳам аввалғи мисраъ
Сенинг давлатингдин дедим тўрт ёлғон.467467
Алишер Навоий, ТАТ, 5-жилд, 2011, 687-бет.
[Закрыть]
Лаф ва нашрнинг мураккаб қурилишли – уч таркибли намуналарининг афзаллиги шундаки, бир лаф – йиғиш жараёни давомидан бир йўла икки нашр – ёйиш ҳолати содир бўлади. Одатда, лаф ва нашр санъатини остинма-устин ҳолатига кўра схемасини кўрсатиш расм бўлган. Тубандаги иккита уч таркибли лаф ва нашр усули қўлланилган байтни кўрайлик:
Не билгай ул кишиким, шаҳду майни тотмайдур
Ки васлу ҳажр киби ул чучукдур, бу ачиғ.468468
Алишер Навоий, ТАТ, 9-жилд, 2011, 453-бет.
[Закрыть]
Байтдаги лаф ва нашр схемаси: шаҳд – васл – чучук; май – ҳажр – ачиғ.
Ёрнинг мужгон била қоши хаёлин қилғали,
Оҳиму хам қоматим бўлди ўқу ёйим менинг.469469
Мунис, Сайланма, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1980, 106-бет.
[Закрыть]
Бу байтдаги лаф ва нашр схемаси: мужгон – оҳ – ўқ; қош – қомат – ёй.
Бу мисолдаги қошга қоматнинг муносабати унинг букиклиги билан изоҳланади.
Лаф ва нашр китобхон учун ҳақиқий ақлий машғулотдир. Шоир байтнинг икки ёки уч жойида икки ва ундан ортиқ бир-бирига алоқадор тушунчаларни жойлайди-да, уларнинг ўзаро муносабати ва алоқасини топишни китобхоннинг ўзига қўйиб беради. Лаф ва нашрни онгли идрок қилиш, ўзаро алоқали сўзларни адашмай аниқлаш лутф ва ийҳом устидаги машғулотдан қолишмайди.
Шоир лаф ва нашрни қўллаганида одатдагидек аниқловчи ва аниқланмишни ёнма-ён тизавериш каби қалтис услубий бир хилликдан ўзини қутқаради. Бугина эмас, лаф ва нашр жозибасини кучайтириш учун ўзаро у ёки бу томондан алоқадор тушунчалар муносабатини гап тузиш жараёнида сезиш қийинроқ бўлган ҳолатга қўйиш ҳам бу усул билан шуғулланувчи ижодкорларнинг эътиборидан четда қолмаган.
Таносиб санъатиТаносиб санъатининг истилоҳий маънодошлари кўплигини аввало қайд этамиз (мурот ун назар, тафвиф, тавфиқ, талфиқ, эътилоф) ва қадимийлигини, кўплаб илми саноеъ мутахассисларининг диққат-эътиборида бўлганлигини ҳам таъкидлаймиз. Шамс Қайс Розий “Ал мўъжам фи маоири ашъор ил Ажам” китобидаги бадиий санъатлар бўлимида санъатлар таҳлилини тафвиф билан бошлаган. Атоуллоҳ Ҳусайний эса, бу санъатнинг юқоридагидек серистилоҳ эканлигини қайд этиб, кўплаб поэтика мутахассисларининг фикрларини келтирган ва ҳар бир истилоҳга изоҳлар берган.
Мумтоз адабиётда бу санъатга кўпроқ аҳамият беришнинг боиси бор. Худди лирик шеърда сезиларли мазмун-сюжетнинг бўлиши китобхон учун қулайлик туғдирганидек, мумтоз адабиёт китобхонни байтга кўпроқ аҳамият беришга ўргатган. Агар байтда ўзаро алоқадор, бир-бирига дахли бўлган сўзлар кўпроқ бўлса, байт маъно-мазмун чамбарчаслиги яққолроқ сезилади. Чунончи, мумтоз адабиётда мусиқий асбоблар, соз ва мақомлар иштирокидаги таносиблар анъанавийдир. Худди шу маънода шоҳмот ўйини, шоҳмот тахтаси ва шу ўйинга алоқадор доналар номларини байтда қўллаб, ижтимоий ҳаёт ва кишилик муносабатлари ҳақида фикр юритиш ҳам анъанавийлик касб этгани маълум. Мисолларга мурожаат этишдан олдин таносиб моҳиятини аниқроқ изоҳлаш жоиз деб ўйлаймиз. Ўзаро дахлдор тушунча-предметларни қандоқ тушунмоқ керак? Шу нуқтаи назардан ёндашсак, аввало таносибни уч қисмга тасниф этиб олишга тўғри келади:
Биринчидан, гул ва булбул, сарв ва қумри, шам ва парвона, ошиқ ва маъшуқ сингари бир-бирини севадиган ёки севадиган деб тасаввур этиладиган сўзлар байтларда қатнашса, таносиб санъати қўлланилган бўладики, шу ўринда бунинг анъанавий эканлигини яна бир карра эслатиш жоиздир.
Гул юзида булбул сенинг асрорингга нотиқ,
Шам ўтида парвона сенинг ҳуснунгга шайдо.470470
Алишер Навоий, МАТ, 3-жилд, “Фан”, 1988, 27-бет.
[Закрыть]
Навоий бунда фикрни анъанавийликдан новаторликка юксалтирган: гул ва булбул, шам ва парвона таносибларини (ҳар бир мисрада алоҳида таносиблар) Оллоҳ ҳусни ва асрорига дахлдорликда талқин этолган.
Иккинчидан шоир бир туркумга мансуб предметларни байтда келтирса, чунончи, юз, кўз, ёноқ, бурун, оғиз; дастурхондаги нарсалар: писта, бодом, шакар; шоҳмот ва доналари: рух, пиёда, шоҳ, фарзин; китобатлар: айн, лом, дол, мим, жим, сод сингарилар байтда қатнашган бўлса. анъанавий таносиб қўлланилган бўлади:
Тишинг, лаълинг гуҳар жон дуржи ичра,
Юзунг, қошинг қуёш ой буржи ичра.471471
Юсуф Амирий, Даҳнома, “Муборак мактублар” китобида, Ғ.Ғ.номидаги АСН. 1987, 106-бет.
[Закрыть]
Сени кўрган ўзиндин ёт бўлур,
Рухингни кўрса минг шоҳ мот бўлур.472472
Ўша китобда, 102-бет.
[Закрыть]
Учинчидан, агар шоир бирор соҳага тегишли тушунчаларни байтда келтира олса ҳам таносиб санъати юзага чиққан бўлади. Масалан, табиб, дард, даво; ҳаж, тангри, фарз, ибодат, Каъба; сайд, сайёд, ваҳший; ўқ, ёй, жанг; муғанний, “Ҳусайний”, “Ироқ”, мақом, “парда”, соз сингарилар:
Ҳусайний пардаси узра тузуб соз,
Муғанний бу ғазални қилди оғоз.473473
Муборак мактублар, 1987, 91-бет.
[Закрыть]
Сен ҳусн ила бойсан, сенга чун фарз дурур ҳаж,
Қил Тангри учун Каъбаи кўнглумни зиёрат.474474
Лутфий, Сенсан севарим, Ўша нашр., 1987, 30-бет.
[Закрыть]
Илми саноеъда дастлаб кашф қилинган санъатлар ташбеҳ, истиора, таносиблар бўлгани учун булардаги анъанавийлик, бундай санъат кўрсаткичларининг ҳар бири минг йиллар давомида юз марталаб қўллангани анъанавийлик ҳукмфармолигининг улуғ намойишидар. Бироқ қизиғи шундаки, ташбеҳ, истиора соҳасида янгилик кейинчалик, хусусан ҳозирги замонда қанчалик кўп ва турфа хил таждид билан қурилса, таносибда бу ҳол олға босмади, дейиш мумкин.
XIII-XIX асрлар ўзбек адабиётидаги таносибнинг анъанавий кўринишларини аниқ тасаввур қилиш учун ҳар бир шоир меросидан минглаб байтларни тизиб, улардаги таносиб кейингиларида давом этганини кузатиш мумкин. Ҳофиз Хоразмий гул ва булбул таносибига мурожаат этади:
Булбули нолон бикинким гул юзидин сайрадим,
Билгай ул қадримни гар мантек ҳазоре топмаса.475475
Ҳаёт васфи, Ўша нашр., 1988, 23-бет.
[Закрыть]
Гулнинг висоли қадрини ҳижронда хуш билиб,
Фарёду нолалар чакадур эмди андалиб.476476
Ўша китоб, 33-бет.
[Закрыть]
Мавлоно Лутфий:
Сен ҳусн элининг хонисену банда – тиланчи,
Сен дилбари гулрухсену мен булбули маҳжур.477477
Лутфий, Сенсан севарим, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1987, 59-бет.
[Закрыть]
Бу кўнгул булбул бикин гултек янгоқинг орзулар,
Бўлди юз олтину кўз сиймтек сақоқинг орзулар.478478
Ўша китоб, 69-бет.
[Закрыть]
Алишер Навоий:
Боғ мендек сорғориб, булбул менингдек бўлди лол,
Гўиё мундоқ бўлур бир гулдин айрилғонға ҳол.479479
Алишер Навоий, МАТ, 3-жилд, “Фан”, 1988, 308-бет.
[Закрыть]
Юзунг шавқида кўнглум оҳи шамъу гулга ўт солди,
Ки куйди нотавон парвонау кул бўлди булбул ҳам.480480
Ўша китоб, 313-бет.
[Закрыть]
Бобур:
Бобур, ул гул кўйида булбул киби топтинг мақом,
Бир навое рост қил, мундоқ мақоминг борида.481481
Шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Назм дурдоналари, “Шарқ”, 1996, 15-бет.
[Закрыть]
Бобуро, ҳаргиз қулоқ шеърингга ул гул солмади,
Гулга не парвое, юз фарёд қилса андалиб.482482
Ўша китоб, 23-бет.
[Закрыть]
Машраб:
Юзунг мисли қизил гулдур, кўнгул чун булбули шайдо,
Бу гулнинг ишқидин булбул чамандин айрилиб бўлмас.483483
Бобораҳим Машраб, Меҳрибоним қайдасан, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1990, 197-бет.
[Закрыть]
Мунис:
Қайси гулнинг мен киби бир андалиби зори бор?
Қайси булбулнинг сенингдек бир гули бехори бор?484484
Ўзбек адабиёти, 10-синф учун мажмуа, “Ўқитувчи”, 1993, 265-бет.
[Закрыть]
Увайсий:
Юзингдур бир гули раъно, бўлубмен булбули шайдо,
Фиғону нола айлаб мен қўнарға топмадим фурсат.485485
Увайсий.Нодира. “Фан”, 1993, 38-бет.
[Закрыть]
Гул ишқидин эмас булбулға шеван қилмоғи тун-кун,
Келиб раҳми, кўруб аҳволими доим этар фарёд.486486
Ўша баёз, 42-бет.
[Закрыть]
Нодира:
Дунё чаманининг булбулисен,
Гул шохида ошён этиб кет.487487
Нодира-Комила, Девон, А.Қодирий ном. Халқ мероси нашр., 2001, 83-бет.
[Закрыть]
Ёрни албатта ёридин жудо айлар фалак,
Гул била булбулни бебаргу наво айлар фалак.488488
Увайсий. Нодира. Баёз, 1993, 249-ет.
[Закрыть]
Муқимий:
Даҳони ғунча, эй нозик бадан гулдин, бели қилдин,
Мени тун-кун чу булбул соҳиб афғон айладинг, кетдинг.489489
Муқимий, Асарлар,Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1974, 55-бет.
[Закрыть]
Булбул айлар нолалар ёлғиз дема, эй гулузор,
Чуғздек қилғай Муқимий ҳам наво вайронада.490490
Муқимий, Танланган асарлар, “Фан”, 1958, 123-бет.
[Закрыть]
Юқоридаги гул ва булбул муносабатлари таносиби акс этган байтлар ҳақида шуни айтиш керакки, анъанавийлик яшовчанлиги минг йилларгача, балки ундан-да ортиқ бўлар. Бироқ мумтоз адабиётдаги юқоридаги сингари гул ва булбул сўзлари такрорланган ҳар бир байт ўзига хос нуктапардозлик намунасидирки, ҳеч қачон такрорлар сифатида ўқувчи кўзига ташланмайди. Тизилган ўндан ортиқ байтларнинг ҳар бири ўзига хос очилган атиргулки, ҳар бирининг ҳусни ва ифори ўзгачадир.
Демак, таносиб санъати моҳияти ўзагида байтда келтириладиган бир неча сўзларнинг ўзаро алоқадорлиги, бир-бирига нисбатан дахлдорлигидир. Айрим адабиётшунослар, жумладан, профессор Анвар Ҳожиаҳмедов “шеър байтларида маъно жиҳатидан бир-бирига яқин тушунчаларни англатувчи сўзлар” қўллашни таносиб ҳисоблашади. Яхшиямки, “Мумтоз бадиият малоҳати” китобининг муаллифи ўша сўзлардан сўнг Мавлоно Лутфийнинг қуйидаги:
Сен ҳусн ила бойсен, сенга фарз дурур ҳаж,
Қил Тенгри учун Каъба кўнглумни зиёрат
байтини келтириб ўқувчини тўғри йўлга бошлайди: “байтда ҳаж воқеаси билан алоқадор тушунчаларни билдирувчи ҳаж, Тенгри, Каъба, зиёрат сўзларининг бир ўринда келтирилиши шоирга ошиқ ва маҳбуба муносабатларини таъсирчан ифодалашга ёрдам берган“.491491
Анвар Ҳожиаҳмедов, Мумтоз бадиият малоҳати, “Шарқ”, 1999, 80-бет.
[Закрыть]
Юқоридаги сўзларнинг бир-бирига дахлдорлиги, алоқадорлигини изоҳлаймиз:
Ҳаж – Оллоҳ фарзларидан бири бўлгани учун, ҳажга фарз алоқадор;
Ҳаж – Тангри йўлида қилинади, шунинг учун Тангрига алоқадор;
Ҳаж – амали Каъбада бажарилади, шу маънода Каъбага ҳаж алоқадор;
Ҳаж – Каъба зиёрати тарзида бажарилади, шу маънода ҳажга зиёрат алоқадор.
Аниқки, Тангри, ҳаж, зиёрат, Каъба, фарз сўзлари бир-бирига яқин маъноли эмас. Мутлақо бошқа-бошқа маъно ташувчи сўзлардир.
Таносиб санъатининг байт ва мисрадаги амалиётига кўра икки хил тасниф этиш қулайдир. Одатда кўпчилик таносиб санъати кўрсаткичлари байтга – икки мисрага сочилган бўлади. Буларни биз байт таносиби деймиз. Чунончи, қуйидаги байтда сайд– овга дахлдор сўзлар таносиби қатнашган. Сайд ўқ билан овланади. Бу маънода овга ўқ алоқадор. Ўқни сайёд ёйдан бўшатади. Бу маънода сайдга ёй алоқадор. Бобурдан:
Кўзлари сайд айлар учун телба кўнглумни менинг,
Қоши ёсини қуруб, киприк ўқини тўлдуруб.492492
Бобур, Девон, “Шарқ”, 1994, 19-бет.
[Закрыть]
Ёки табобат, муолажа билан боғлиқ сўзлар таносибини кузатайлик. Муолажа дардни йўқотиш учун қилинади. Шунинг учун “дард” сўзига “муолажа” дахлдор. Дард даволаб бўладиган ёки бедаво бўлиши мумкинки, шу боисдан “дард” сўзига “бедаво” сўзи ҳам алоқадордир. Дардда жон оғрийди, дард жонда бўлади. Шунинг учун “дард”га “жон” ҳам алоқадор:
Дардим кўруб муолажада зое этма умр,
Ким, жонда дарди ишқ дурур бедаво манга.493493
Ўша китоб, 17-бет.
[Закрыть]
Бобурнинг ушбу байтидаги алоқадор сўзларни айтиб тугатмадик: дард олди олинса, муолажа қилинса, умр узаяди. Демак, “умр”нинг ҳам “дард”га дахлдорлиги бор экан…
Кўриб ўтган байтларимизга назар ташласак, таносиб кўрсаткичлари бўлган ўзаро алоқадор сўзлар байтга сочилгандир.
Таносибнинг иккинчи бир хили мисра таносиби бўлиб, бунда таносиб кўрсаткичи фақат мисрада бўлади. Одатда бундай ҳолларда шоир шу даражада маҳоратини кўрсатадики, ҳар бир мисрада бир турли таносиб кўрсаткичларини келтирар экан, байтда икки хил таносиб кўрсаткичлари – сўзлари тизилган бўлади. Алишер Навоийнинг қуйидаги байтида анъанавий гул ва булбул ҳамда шам ва парвона таносиблари қатнашган:
Гул юзида булбул сенинг асроринга нотиқ,
Шам ўтида парвона сенинг ҳуснунга шайдо.494494
Алишер Навоий, МАТ, 3-жилд, 1988, 27-бет.
[Закрыть]
Байтда икки хил таносиб сўзларини келтиролган мумтоз шоирлардан бири Мавлоно Лутфийдир. Қуйидаги байтнинг биринчи мисрасида маҳбуба юзига тегишли сўзлар берилган: юзида оғзи борлиги учун, оғиз юзга алоқадор; кўз ҳам юзда, ирн (лаб) ҳам юзда, шунинг учун кўз ва лаб (ирн) юзга алоқадордир. Иккинчи мисрада дастурхонга қўйиладиган нарсалар таносиби тизилган: табақ, писта, бодом, шакар:
Нур юзунг уза тор оғизу кўз, доғи ирнинг,
Писта била бодом, шакардур табак ичра.495495
Лутфий, Сенсан севарим, 1987, 222-бет.
[Закрыть]
Шу ўринда мазкур байтда ташбеҳи измор (зимдан ўхшатиш борлиги) ҳамда лаф ва нашр санъати қўлланилганлигини қайд этиш жоиздир. Ташбеҳларни тизайлик: табак-юз; писта-оғиз; бодом-кўз; шакар-ирн(лаб). Байтдан намоёнки, биринчи мисрадаги таносиблар: юз, оғиз, кўз, ирн; иккинчи мисрадаги таносиб кўрсаткичлари: писта, бодом, шакар, табақ.
Шу ўринда Мавлоно Лутфий анъана сифатида қабул қилиб яратган юқоридаги байт таносибининг новатори Ҳофиз Хоразмий эканлигини алоҳида қайд этишни истар эдик:
Юзинда ул лабу оғзи, кўзидур,
Табақ устинда шакар, писта, бодом.496496
Ҳаёт васфи, 1988, 123-бет.
[Закрыть]
Ҳофиз Хоразмий шеъриятида ҳам мисра таносиблари кўп учрайди. Жумладан, қуйидаги ғазал матлаида аввал май билан алоқадор таносиб сўзлар: соқий, бода, бодаи гулгун, вақти гул қатнашгандир. Энди бу сўзлар таносиби сирини кўрайлик: май (бода) одатда қизил-гулгун бўлгани учун, гулгун сўзи бодага дахлдор. Бодани соқий қуйгани учун соқий ҳам алоқадор. Бода (май) кўпроқ қачон ичилади, “гул вақтида”. Шунинг учун вақти гул ҳам бодага алоқадордир. Байтнинг иккинчи мисрасида мусиқийга тегишли сўзлар таносиби тизилган: мутриб (чолғучи, созанда)га чангнинг алоқаси бор. Чунки чангни у чалади. Мутриб чангда нағма чалади. Нағманинг оддий ёки “мавзун”, сўлими бўладики, шу жиҳатдан “мавзун” ҳам алоқадордир:
Соқий, вақти гул эрур бодаи гулгун келтур,
Мутрибо, чанг тузуб нағмаи мавзун келтур.497497
Ўша китоб, 72-бет.
[Закрыть]
Мисра таносибларидан байт таносиби фарқини кўрсатиш учун Ҳофиз Хоразмийнинг шоҳмотга алоқадор сўзлар асосида тиклаган байтини келтирамиз:
Ишқ шатранжин тиласа ўйнамоқ,
Ҳофизо, рух кўргузуб қил шоҳ мот.498498
Ўша китоб, 42-бет.
[Закрыть]
Мисра таносиблари байт таносибларига қараганда одатда таносиб кўрсаткичларининг нисбатан кўпроқлиги билан кўзга ташланиб туради. Масалан, юқоридаги икки байтни қиёсласак: мисра таносибларида тўққиз сўз таносиб кўрсаткичи бўлса, байт таносибида сўзлар миқдори тўрттадир.
Проф. А.Ҳожиаҳмедовнинг таносиб ҳақидаги қарашларидаги тадқиқий янгилик таносибларнинг бошқа санъатлар билан қоришиқликда бунёд топиши бўлиб, олим бу санъат қатнашган байтларда ҳусни таълил, тамсил, жам ва тақсим, ташбеҳ, талмеҳ санъатларини рўёбга чиқарган, деган мулоҳазаларини мисоллар билан яхши далиллаган.499499
Қаранг: А.Ҳожиаҳмедов, Мумтоз бадиият малоҳати, “Шарқ”, 1999, 81-82-бетлар.
[Закрыть]
Бизнингча, таносиб санъати билан энг кўп қоришадиган бадиий санъат лаф ва нашрдир. Чунки бунда биринчи қаторда – мисрада тизиладиган сўзлар одатда бирор соҳага тегишли бўлади (кўпинча: юзга, гулларга). Масалан, қуйидаги байтда Саккокий лаф ва нашр санъатини мисра таносиби билан айнан қориштириб юзага чиқарган:
Бўю юзу лаъл, эрну хату хаддина туш йўқ,
Сарву гулу мул, настарину ёсуман ичра.500500
Ҳаёт васфи тўплами, Ғ.Ғ.номидаги АСН. 1988, 238-бет.
[Закрыть]
Биринчи мисрада инсон аъзо-узвларига тегишли таносиб кўрсаткичлари: бўй, юз, эрн, хат, хад; иккинчи мисрада дарахт ва гуллар таносиблари: сарв, гул, настарин, ёсуман. Мазкур мисол иккала мисрасида мисра таносиби мавжудлиги билан диққатга сазовордир.
Мавлоно Лутфийнинг қуйидаги лаф ва нашрида эса, биринчи мисрада таносиб бор, холос:
Ул оразу рухсор ила зулфи, энги лола,
Ойдинда турур гул уза бир ҳинду узола.501501
Лутфий, Сенсан севарим, 1987, 226-бет.
[Закрыть]
Бу таносиб кўрсаткичлари: ораз, рухсор, зулф, энг. Иккинчи мисрада уларга ўхшатишлар келтирилган, бироқ улар таносиб кўрсаткичи бўлолмайди.
Замонавий шеъриятимиздаги таносиб намуналари билан мумтоз адабиётдаги таносибларнинг фарқи шундаки, мумтоз шоирларимиз буни бадиий санъат тарзида билиб ишлатишган, ҳозирги шоирларимизда бу ҳол маъно-мазмун тақозосича, ўзлари билмаган ҳолда содир бўлади.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.