Текст книги "Бадиият жозибаси"
Автор книги: Эркин Рахмонов
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 21 (всего у книги 27 страниц)
Юзаки кузатишлар ҳам аниқ кўрсатмоқдаки, тарсеъдаги икки мисранинг ўзаро оҳангдошлигига нисбатан, уч мисрадаги параллеь сўзларнинг оҳангдошлиги жуда ўзгачадир.
Тарди аксли тарсеълар. Атамада ифодаланганидек, тарсеъларнинг айримлари таркибида тарди акс санъати қатнашган бўлиб, биринчи мисрадаги икки сўз ўрин алмашиб, иккинчи мисрада такрорланган бўлади. Шоирлар маҳорати шундаки, тарди акс қўлланилганда ҳам тарсеъга хос бўлган остки-устки сўзлар оҳангдошлигига албатта риоя қилинади. Мавлоно Огаҳийнинг даҳо шоиримиз Алишер Навоий ҳикмати (Ҳаёсизда вафо йўқ, Вафосизда ҳаё йўқ) асосида яратилган қуйидаги байт тарсеънинг тарди аксли хилига яхши мисолдир:
Ҳаёсиздин асло вафо истама,
Вафосиздин асло ҳаё истама.665665
Огаҳий, Асарлар, 2-жилд, Девон, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1972, 375-бет.
[Закрыть]
Бундаги анъанавийлик шу билан характерлики, салафнинг панд гапини ёқтирган халаф уни байт ҳолида қайта талқин этишни лозим кўрган. Навоий ва Огаҳийларнинг маҳорати яна шу билан изоҳланадики, улардаги тарди акс кўрсаткичлари оддий сўз такроридан иборат бўлмай, тазодлидир. Байтдаги тарсеъ санъати таркибида “ҳаё, вафо” сўзлари тарди акси иштирок этмоқда.
“Сабъаи сайёр” достонида тарсеъ санъати асосида бунёд этилган тарди аксли қуйидаги байт бўлиб, унда “фурсат, меҳнат” сўзлари ўрин алмашиб такрорланади:
Шунча меҳнат аро бу фурсат ила,
Мунча фурсат аро бу меҳнат ила.666666
Алишер Навоий, Сабъаи сайёр, Ғ.Ғ.номидаги АСН. 1991, 351-бет.
[Закрыть]
Ҳожибли тарсеъ. Тарсеъларнинг бу нави икки хил бўлиб, биринчи хили таркибида ҳожиб ва қофия қатнашади, холос. Шу таърифдан маълумки, бундай тарсеъларда ҳожиб албатта таркибли, яъни кўпроқ сўзлардан иборат бўлади:
Юз туман раҳмат анинг ҳимматига!
Юз туман раҳмат анинг ниятига!667667
Муҳаммад Солиҳ, Шайбонийнома, Ўша нашр., 1989, 224-бет.
[Закрыть]
Ушбу байт таркибига назар солсак, ундаги “ҳимматига-ниятига” сўзлари қофиядош бўлиб, уларнинг олдидан келган тўрт сўз такрори, яъни “юз туман раҳмат анинг” сўзлари – ҳожибдир. Китобхон одатда сўзнинг остки-устки такрорларини кўпроқ бошқофиядан сўнг кузатган. Бундай терс конструкция – мисранинг бошидан охирларигача сўзларни такрор ишлатиш нисбатан сийрак ҳодисадир.
Шоир Абдулла Шер ижодидан олинган қуйидаги байт зулқофиятайн: “Тунини-кунини, юлдузлар-кундузлар” ҳамда ҳожиб: “йўқотган-йўқотган”дан иборат:
Тунини йўқотган юлдузлар,
Кунини йўқотган кундузлар.668668
Абдулла Шер, Гул йиллар, булбул йиллар, Ғ.Ғ.номидаги НМИУ, 2012, 281-бет.
[Закрыть]
Ҳожибли тарсеъларнинг иккинчи хилида байт таркибида радиф ҳам келади. Шоира Ҳалима Худойбердиева ёзади:
Мен сенга тинглашни ўргатдим,
Мен сенга куйлашни ўргатдим.669669
Ҳалима Худойбердиева, Суянч тоғларим, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1976, 21-бет.
[Закрыть]
Муҳаммад Солиҳ “Шайбонийнома” достонида илтифот санъати билан зийнатланган ҳожибли тарсеъ санъатини қўллаган:
Оллоҳ-оллоҳ, не мурувватдур бу!
Оллоҳ-оллоҳ, не футувватдур бу! (Шайбонийнома, 223-бет.)
Байт таркибини текширсак: “мурувватдур-футувватдур” сўзлари қофия; қофиядан олдин келган “оллоҳ-оллоҳ, не” сўзлари – ҳожиб кўрсаткичлари; қофиядан кейин келган “бу” сўзларининг остки-устки такрорлари – радифдир.
Бошқофияли тарсеълар. Атама кўрсатиб турганидек, бундай тарсеълар қатнашган байт бошида бошқофия туради. Ундан кейинги барча сўзлар таркибли радифдан иборат бўлади. Бошқофияли тарсеълар кўпчилик лирик жанрларда, яъни рубоий, маснавий, ғазалларда учрайди. Рубоийда:
Туз оҳ Заҳириддин Муҳаммад Бобур,
Юз оҳ Заҳириддин Муҳаммад Бобур.670670
Бобур шеъриятидан, Т., 1982, 93-бет.
[Закрыть]
Шоҳим, сенга маълум эмастур, не қилай?
Оҳим сенга маълум эмастур, не қилай?671671
Муҳаммад Солиҳ, Шайбонийнома, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1989, 220-бет.
[Закрыть]
Маснавийда бошқофияли тарсеълар нисбатан кўпроқ учрайди:
Лўъбати Чин деганнинг ўзидур,
Сурати Чин деганнинг ўзидур. (Шайбонийнома, 80-бет).
Олишиб қалъани биз соқлоғоли,
Солишиб қалъани биз соқлоғоли. (Ўша асар, 80-бет).
Ғазалда:
Шоҳ Султон Увайс бинни Маҳмуд,
Моҳ Султон Увайс бинни Маҳмуд.672672
Бобур, Девон, “Фан”, 1994, 20-бет.
[Закрыть]
Бошқофияли тарсеъларни ҳозирги замон ўзбек шеъриятининг кўплаб жанрларида ҳам учратамиз. Ойдин Ҳожиева халқ маталига ишора қилувчи қуйидаги байтида мазкур санъатдан анча ўринли фойдаланган:
Холиқ билган яхшиликлар борми деб,
Балиқ билган яхшиликлар борми деб…673673
Ойдин Ҳожиева, Паноҳим, “Шарқ”, 1998, 36-бет.
[Закрыть]
Маълумки, радифдаги сўз такрорлари фикрий таъкид, уқтирувни ифодалайди. Бошқофияли тарсеълардаги радиф таркиби ҳам, қофия ҳам ана шу фикр муҳимлигига китобхон диққатини махсус жалб эта олади. Шоира Ҳалима Худойбердиева ҳам бошқофияли тарсеъ санъатидан муваффақият билан фойдаланиб оҳорли байт яратган:
Сўзламоғим керак мен Сизни,
Сизламоғим керак мен Сизни.674674
Ҳалима Худойбердиева, Суянч тоғларим, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1976, 4-бет.
[Закрыть]
Зулқофиятайнли тарсеълар. Бундай тарсеълар таркибида иккитадан тўртта қофиядош сўз, яъни зулқофиятайн қатнашган бўлади. Қуйида келтириладиган мисолларимиз шу жиҳатдан эътиборга моликки, зулқофиятайн қатнашган байтларнинг ҳаммасида ҳожиб ва радиф иштирок этади. Алишер Навоийнинг “Лайли ва Мажнун” достонида Мажнун жайронни Лайли ҳузурига йўллаш тилагида розлашади:
Ҳам юзни сенинг юзунгга суртай,
Ҳам кўзни сенинг кўзунгга суртай.675675
Алишер Навоий, Лайли ва Мажнун, ўша нашр., 1990, 203-бет.
[Закрыть]
Байт таркибини кузатсак, “суртай” сўзининг остки-устки такрори – радиф; “юз, кўз”лар жуфт қофия – зулқофиятайн кўрсаткичлари; “сенинг, ҳам” сўзлари ҳожиб; иккинчи ҳожиб зулқофиятайн орасида жойлашган.
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг машҳур панднома рубоийсининг матлаъи ҳам зулқофиятайн иштирок этган тарсеъ санъати билан безанган:
Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидур,
Ҳар кимки жафо қилса, жафо топқусидур.676676
Бобур, Девон, “Фан”, 1994, 72-бет.
[Закрыть]
Мавлоно Огаҳий шаҳзода Муҳаммад Раҳимхон Ферузга отаси Саййид Муҳаммад Баҳодирхон таъзияси ва унинг тахтга чиқиши муносабати билан ёзган қасидасида қуйидагидек ҳикматомуз байтлардан ҳам киритган:
Юзида йўқ асло ҳаёдин асар,
Кўзида йўқ асло вафодин асар.677677
Огаҳий, Асарлар, 2-жилд, Девон, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1972, 375-бет.
[Закрыть]
Тарсеъ қатнашган мазкур байт таркиби яна шу жиҳатдан характерлики, бундаги зулқофиятайн орасига икки сўзли ҳожиб тушган: “йўқ асло”, “Юзида ҳаёдин ва кўзида вафодин” сўзлари зулқофиятайндир.
Замондош шоиримиз Муҳаммад Юсуф ҳам зулқофиятайнли тарсеъ санъатини қўллаш анъанасини қуйидаги байтда муваффақиятли давом эттирган эди:
Анор сенинг юзларинг сулув,
Хумор сенинг кўзларинг сулув.678678
Муҳаммад Юсуф, Сайланма, “Шарқ”, 2000, 10-бет.
[Закрыть]
“Ҳожиб” сўзи араб тилида “парда тутувчи, эшик оғаси” деган маъноларни ифодалайди. Ҳожиб сўзи “ҳижоб” (парда) сўзидан яратилган иштиқоқ-ўзакдош сўздир.
Адабиётшуносликда ҳожиб деб, байтда қофиядан олдин такрорланиб келадиган сўзга айтилади. Унинг радиф билан ўхшашлиги ва фарқи бор: ўхшашлиги – бир хил сўзнинг байтда параллель такрорланиши; фарқи – қофиядан илгари келишидадир.
Ҳожиб усулига ўзбек мумтоз адабиётида катта аҳамият берилган. Алишер Навоийнинг биргина “Фарҳод ва Ширин” достонида юзлаб ҳожиблар учрайди:
Низомий эрди андоқ пили воло
Ки чекти ганжи гавҳар пили боло.
Букун ул пилу бу ҳинду эрур бил,
Кичикрак бўлса ҳам, лекин эрур пил.
Ҳожиб ҳам худди радиф каби муаллиф айтмоқчи бўлган фикрни таъкидлаш ва уқтиришда муҳим роль ўйнайди. Унинг мисра ва байтдаги хизмати радиф вазифасига яқин бўлганидай, баъзан у радифдек икки ёки ундан ортиқ сўзлардан ҳам ташкил топади:
Чун бетобам рўй аз дашноми дўст,
Оламеро рўй дар дашноми ўст.679679
Алишер Навоий, МАТ, 13-жилд, “Фан”, 1997, 46-бет.
[Закрыть] (Мавлоно Муҳаммад Муаммоий).
Лутфийдан:
Белингни йўқ деса киши, ҳеч сўз анда йўқ,
Оғзингни бор деса ва лекин сўз анда бор.680680
Лутфий, Сенсан севарим, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1987, 102-бет.
[Закрыть]
Ҳожиб дастлаб фольклорда пайдо бўлиб шакллланган адабий усулдир. Қуйидаги мақол ва достондан олинган байтдан буни кузатиш мумкин:
Киши аласи ичтин,
Йилқи аласи таштин.681681
Маҳмуд Кошғарий, Девону луғотит турк, 1-жилд, 1960, 117-бет.
[Закрыть]
Тирик айрилганим менга қиёмат,
Бундай савдо тушди, менга аросат.682682
Ширин билан Шакар, Т., 1963, 28-бет.
[Закрыть]
Мумтоз поэтикада сара ҳожиб деб, зулқофиятайн сўзлари ўртасидан жой олиб такрорланган сўзга айтилган:
Надими, ҳамдами Наврўз оти,
Кеча-кундуз ғами Наврўз ёди.683683
Лутфий, Сенсан севарим, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1987, 369-бет.
[Закрыть]
Ҳожиблар такрирли ва тажнисли ҳам бўлиши мумкин. Ҳожиблар такрирли бўлганида ҳожиб сўз бир мисрада икки марта, байтда тўрт марта такрорланган бўлади:
Жониби мо хуб меояд, ки меояд ҳабиб,
В-аз паи ў зишт меояд, ки меояд рақиб.684684
Камоли Хўжанди, Мунтахабот, Душанбе, 1960, 43-бет.
[Закрыть]
Тажнисли ҳожиб компонентларининг бири иккинчисига нисбатан тажнис сўз саналади. Юзаки қараганда бир шаклдаги сўз қайтарилаётган бўлса-да, аслида уларнинг маънолари турлича бўлади. Масалан:
Фитнаи он моҳ қасаб дўхта,
Хирмани маҳро чу қасаб сўхта.685685
Э.Бертельс, Низами и Фузули, Изд.”Наука”, М., 1962, стр.201.
[Закрыть]
Кўряпмизки, радифлар мисра сўнгидаги мазмун ва оҳангдошликни кучайтиришга кўмаклашса, ҳожиблар мисра ўртасидаги маъно ва жарангдорликни оширишга муҳим ҳисса қўшади. Дарҳақиқат, ҳожиб матндаги мантиқий урғуни қабул қилиши эътибори билан характерлидир. Мисоллар:
Қитъа:
Карам қил кишига ва лекин боқиб,
Кўнгул йиққан эрга карам қилмағил.
Анга раҳм қилған кишининг ишин
Бани одам узра карам билмағил.686686
Сайфи Саройи, шеърлар. Гулистон, Т., 1968, 235-бет.
[Закрыть]
Байт:
Ки ўт бирла бизни хароб этгуси,
Кема ичра бизни кабоб этгуси.687687
Низорий, Достонлар, Т., 1970, 50-бет.
[Закрыть]
Ҳамид Олимжондан:
Сўзда турмоқ қиз учун ҳам фарз,
Одамгарлик қиз учун ҳам қарз.688688
Ҳамид Олимжон, Танланган асарлар, Т., 1951, 401-бет.
[Закрыть]
Радиф сўзининг луғавий маъноси суворининг орқасидан мингашган кишини англатади. Шеъриятда мисралар охирида қофиядош сўзлардан кейин бир ёки ундан ортиқ сўзларнинг такрорланиб келишига мисралар мураддаф, яъни радифли деб аталади.
Радиф ҳам шеъриятдаги такрорнинг бир кўринишидир. Радифнинг мисра, байт, бандлардаги такрор кўринишига кўра уни ташқи такрор деб қарашга тўғри келади. Чунки айни радифга ўхшаб кетадиган ҳожиблар қофиядан олдин такрорланиб келгани учун уларни ички такрор дейиш мақсадга мувофиқдир.
Радифга ўзига хос илтизом деб қаралса ҳам бўлади. Зотан радиф техникасига кўра бекорга такрорланаверадиган сўз ёки сўзлар гуруҳи бўлмай, аксинча, такрорланиши маънавий жиҳатдан лозим, зарурдир.
Қофиядан кейин келадиган, мустақил маъно бермайдиган сўзларни радиф деб ҳисобласа бўладими? Масалан:
Эй кўнгул бахти қаро зулфи паришонинг учун,
Жоним оромсиздур ул наргиси фаттонинг учун.689689
Лутфий, Сенсан севарим, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1987, 175-бет.
[Закрыть]
Байтидаги қофиядан кейин турган “учун” сўзларини радиф ҳисобламай, қофия таркибига қўшиб юборсак, қофия ва радифни фарқлашда ортиқча чалкашлик содир бўлади. “Эрур, билан, учун, ёки, каби, оё” ва шулар сингари сўзлар қофиядан кейин келса, улар бутун сўз бўлганликлари учун радиф ҳисобланиши керак. Радифлар бир ёки бир неча сўзлардан иборат бўлишлари мумкин. Бир сўзли радиф:
Ҳусну жамол ичинда нечаким камоли бор,
Ойнинг қачон сенинг киби ҳусну жамоли бор. (Лутфий, 61-бет).
Икки сўзли радиф:
Базм аро чун очти сўз айтурға жонон икки лаб,
Бордилар бир дамда ўлган жисмима жон икки лаб.690690
Огаҳий, Асарлар, 1-жилд, Девон, Ўша нашр., 1971. 98-бет.
[Закрыть]
Уч сўзли радиф:
Илтифот эт бу гадоға, неча заҳмат бўлса,
Раҳм қил аҳли вафоға, неча заҳмат бўлса. (Лутфий, 218-бет).
Тўрт сўзли радиф:
Дилда сайрайди дуторим, сиз билингу мен билай,
Сизни куйлар ёр-ёрим, сиз билингу мен билай.691691
Чустий, Гул мавсуми, Т., 1969, 693-бет.
[Закрыть]
Беш сўзли радиф:
Мени шайдо қиладурғон бу кўнгулдур, бу кўнгул,
Хору расво қиладурғон бу кўнгулдур, бу кўнгул. (Лутфий, 146-бет).
Олти сўзли радиф:
Жондин сени кўп севармен, эй умри азиз.
Сондин сени кўп севармен, эй умри азиз.
Ҳар неники севак, ондин ортуқ бўлмас,
Ондин сени кўп севармен, эй умри азиз.692692
Алишер Навоий, МАТ, 3-жилд, “Фан”, 1988, 572-бет.
[Закрыть]
Келтирилган мисоллардан кўриниб турибдики, радиф қофия бошқариб борадиган оҳангдошлик, товуш уйғунлигини таъминлашда муҳим хизмат қилади. Бундан ташқари, радифнинг шеър маъносига, мантиқий урғу тушадиган фикрга ўқувчи диққатини тортиб туришга, шеърдаги асосий фикрни онгда мустаҳкам нақшланишига таъсири каттадир. Шоирлар радифга ҳам шеърий жарангни кучайтирувчи, ҳам фикрни уқдирувчи восита сифатида таянадилар.
Муламмаъ радиф. Шоир бошқа тилдан олинган сўзни радиф ўрнида атайлаб қўлласа, бу муламмаъ радиф деб аталади. Чунончи, Жаҳон отин Увайсий қуйидаги ғазал ўзбек тилида ёзилганига қарамай, тожикча “мондаҳо!” (ҳорманглар!) радифини ишлатишни лозим топган:
Эй, ҳаво саҳнида жавлон, моҳи анвар, мондаҳо!
Яъни, эй соҳиб тамиз, анқои дилбар, мондаҳо!
Неча кун биз бунда жонингни дуосин айладук,
Шукри ҳақ, келдинг саломат, зеби манзар, мондаҳо!
Интизорингда паришон эрдилар аҳли ҳарам,
Бўлдилар дилжамким, бўлдик муяссар, мондаҳо!
Сув билан эрмиш тириклик, бўлса гарчанде наҳанг,
Эйки дарёйи ва лекин моҳипарвар, мондаҳо!
Гардингга етмас баҳодирлиғда неча мардлар,
Кирса майдон, бирон минг бирла баробар, мондаҳо!
Сақласун боши азизингни худо ҳар жойда,
Эй саманди зеби майдони диловар, мондаҳо!
Вайсийға мирзо жигарбанд ўлмағин маълуми бу,
Гар киши бегонадур, они демаслар, мондаҳо!693693
Увайсий, Девон, ЎзБАН, Т., 1963, 17-бет.
[Закрыть]
Асосий қофия мисралар охиридаги одатдаги оҳангдош сўзлар бўлиб, қофия шеърнинг бош унсурларидан бири ҳисобланади. Мумтоз шоирлар санъаткорлик қилиб унинг навларини роса кўпайтиришган: бошқофия, муламмаъ қофия, ички қофия, мусаллас қофия, мураббаъ қофия, хатқофия, мукаррар қофия, тажнисли қофия, зулқофиятайн сингарилар.
Бошқофия қофиянинг мисра бошига чиқиб олиш ҳодисасидир. Демак, мисра қофия билан бошланса, бошқофия санъати қўлланилган бўлади. Биз бошқофияли тарсеълар ҳақида сўз юритганимизда бошқофия устида кенг тўхталиб, қатор мисоллар келтирган эдик.
Муламмаъ қофия.
Турфа хил қофиялар орасида муламмаъ қофия ҳам алоҳида ажралиб, кўзга ташланиб туради. “муламмаъ” истилоҳининг ўзида ярқироқлик, ранг-баранглик маъноси борки, бу луғавий маъно муламмаъ қофия моҳиятини ифодалашга жуда қўл келади. Матни ўзбек тилида-ю, қофияси атайлаб бошқа тилдан олинган бўлса, муламмаъ қофия бўлади. Муламмаъ қофиянинг характерли хусусияти шундаки, унинг кўрсаткичларининг бошқа тилдан олинганлиги яққол билиниб туради.
Адабиётда анъана ва таждид ҳодисаси асосий жараён бўлганидан, муламмаъ қофия қўллашда ҳам анъана ва таждидни кузатиш мумкин. Чунончи, Алишер Навоий девонларини варақлаб, қуйидаги муламмаъ қофияли ғазални ўқидик:
Учуқ эрмаски чун бўлди Сухайли оразинг толиъ,
Ақиқинг ранг олурда бўлди холинг сояси монеъ.
Гулистон демаким, чеҳранг очарда сун наққоши
Қилурға имтиҳон ул рангларни айлади зоеъ.
Чу ҳар ён тиғ солдинг ул ҳасаддин йиғладим, лекин
Нетайким, барқ ўтиға бўлмади ёмғир суйи дофеъ.
Кўнгул қасдиға ёлғуз тийрборон қилмади ғамзанг,
Балову фитна хайли келгали ҳам айлади шореъ.
Ҳалоким қасдиға воқиъ бўлмади ул ғамзадин, лекин
Лабингдин элни тиргузмак мени ўлтурди филвоқеъ.
Чу тийғинг кирди қонимға фараҳ бўлди манга афзун,
Нечукким майға су мамзуж ўлур кўпрак бўлур нофеъ.
Лабингға жон бўлур мойил, таним хоки раҳинг бўлса,
Ажаб эрмас бўлур чун барча ашё аслиға рожеъ.
Нечук зуннор боғлаб бода ичмай, эй мусулмонлар
Ки, пири дайр ҳар ишким қилур бормен анга тобеъ.
Навоий фақр кўйида тааллуқ куфри маҳз эрмиш,
Бир оллоҳ дўстдин неким насибинг бўлса, бўл қонеъ.694694
Алишер Навоий, МАТ, “Фан”, 3-жилд, 1988, 239-бет.
[Закрыть]
“Айн” ҳарфини қофияда келтириш мумтоз адабиётимиз тарихида ўзи бир мўъжиза, маҳорат тантанаси эканлигини айтсак, муламмаъ қофиянинг бу хилининг энг қийинига адабий даҳомиз қалам сургани билинади. Шу ўринда Алишер Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис” тазкирасида Ҳусайн Бойқаро ижоди таҳлилида қайд этган қуйидаги фикрини эслатиш мақсадга мувофиқдир: “”Айн” ҳарфи: бу қофия ва радиф ҳазрат Султон Соҳибқироннинг ихтироидурким, ҳеч назм айтилмайдур ва ҳеч девонда битилмайдур:
Оҳким, ҳижрон ўтидин куйди жоним ўзга навъ,
Ўртади офоқни ўтлуқ фиғоним ўзга навъ.”695695
Алишер Навоий, МАТ, “Фан”, 13-жилд, 1997, 184-бет.
[Закрыть]
Алишер Навоийнинг юқоридаги муламмаъ қофия соҳасидаги кашфиёти буюк мумтоз шоирлар назаридан четда қолмади ва бир неча забардаст ижодкорлар бу анъанани давом эттирдилар. Жумладан, мавлоно Огаҳийнинг шу усулдаги ғазали:
Манго ғам шоми андоқ тийра бўлмиш ахтари толеъ,
Ки, ашким сочса юз минг анжум эрмастур анга монеъ.
На суд ул ой эшитмас гарчи фарёду фиғонимдин,
Бўлур ҳар тун жаҳонда юз қиёмат шўриши воқеъ.
Етурди субҳға ағёр шомин меҳри рухсори,
Менинг шомимға, ё Раб, на учун бўлмас даме ломеъ?
Онинг кўнглини йўқ, лекин эритур тоғни оҳим,
Магарким они тошдин ҳам қотиғ халқ айламиш Сонеъ?
Тилаб васлини чекдим умрлар жавру жафосини,
Солиб ҳижронға охир, қилди борча меҳнатим зоеъ.
Ўтар оҳим садоси гарчи гардун авжидин ҳар тун,
Бале ондин на осиғ ул қуёш гар бўлмаса сомеъ?
Тараҳҳум ҳолима қилмас неча арз айлаб аҳволим,
Гаҳи зореъ бўлурман олида йиғлаб, гаҳи хошеъ.
Кўнгул гар истасанг иззат на мақсум ўлса қонеъ бўл
Ки, олам аҳли ичра хор ўлур ҳар ким эса томеъ.
Замоне ғофил ўлма, Огаҳий, авқоти умрингдин,
Ки, огаҳлар демишлар вақт бир шамширдур қотеъ.696696
Огаҳий, Асарлар, 1-жилд, Девон, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1971, 254-бет.
[Закрыть]
Бу анъана адабиётимизнинг Миллий уйғониш даврида ҳам давом этди. Муламмаъ қофияли ғазални Сидқий Хондайлиқий тўпламидан мутолаа қиламиз:
Хироминг ажибу жамолинг бадеъ,
Каломинг балиғу мақоминг рафеъ.
Узорингга бермиш хатинг жўшиш,
Тароват, чу райҳон фасли рабеъ.
Санго зарра афғонларим етмағай
Ки ҳусну ҳусайни, жамолинг манеъ.
Навозиш била қил мени сарбаланд,
Жафо қилмаким, ушбу феъл шанеъ.
Нигоро, ҳаводоринг эрмас бири
Бало сонеъда Сидқий янглиғ шажеъ.697697
Сидқий Хондайлиқий, Танланган асарлар, “Маънавият, 1998, 66-бет.
[Закрыть]
Юқорида келтирилган уч ғазалдаги муламмаъ қофияларни тизиб кўрсак, ўша қофия кўрсаткичларининг атайлаб келтирилганига амин бўламиз. Чунки уларнинг кўпи китобхон учун маъносини чақиш “душвор” бўлган арабча сўзлардир. Навоий ғазали муламмаъ қофиялари: толиъ-монеъ-зоеъ-дофеъ-шореъ-филвоқеъ-нофеъ-рожеъ-тобеъ-қонеъ; Огаҳийники: толеъ-монеъ-воқеъ-ломеъ-сонеъ-зоеъ-сомеъ-хожеъ-томеъ-қотеъ; Сидқий Хондайлиқий ғазалидаги қофиядош сўзлар: бадеъ-рафеъ-рабеъ-манеъ-шанеъ-шажеъ.
Ҳар бир ғазалда шеърнинг бир унсурида бунчалик чет сўзларнинг қўлланилиши китобхон назаридан четда қолмайди, албатта. Қофиядош сўзларнинг ҳар бири устида ўқувчи бош қотирар экан, мисра ва байтдаги асосий фикрлар ўзаги шу маънолар эканлигига амин бўлади.
Муламмаъ қофия қўллашдаги таждид – янгиликни биз Жаҳон отин Увайсий шеъриятида кўрамиз. Шоира шу даражада бу соҳада янгилик кўрсатганки, муламмаъ зулқофиятайнлар силсиласини яратган. Ажойиби, бу зулқофиятайнларнинг иштиқоқ санъатига йўғрилганидир:
Мусаббир йўқду мандек ишқ аро собир субуринда,
Санингдек кимки золим, раҳмсиз жобир жубуринда.
Тушуб бўйнимға зулфинг, эй санам, дин кетти илкимдин,
Йўқ эрди ушбу зунноринг каби кофир куфуринда.
Халос айлаб ўзумни ҳажр саҳросида ҳайронман,
Ўзин ҳирмона қолғон васл аро ҳозир ҳузуринда.
Хатингдин топти хат кўнглумғаким, ғайр аҳли хат тортди,
Юзи ҳолим забуниндаки бул хотир хутуринда.
Кўнгул, махсуслик даъво қилурсан ҳар замон андоқ,
Неча авфожи ушшоқи ўшал носир нусуринда.
Муҳаббат тухмин эктим, хирмани ғамни кўтармиш дил,
На дилдинким туганмас ғам қаю вофир вуфуринда.
Увайсий рутбаи шукрингга парвоз этти нечунким,
Етар мақсуд камолитиниким, шокир шукуринда.698698
Увайсий, Девон, ЎзБАН, 1963, 127-бет.
[Закрыть]
Ўта муаммоли ушбу усул шоира ижодида ягона эмас.
Хатингдек хуш назокат кўрмадим котиб кутубинда,
Лабингдек хуш такаллум йўқтурур қолиб қулубинда (Увайсий, 126-бет).
матлаъи билан бошланадиган ғазали ҳам муламмаъ зулқофиятайннинг иштиқоқли навида яратилгандир.
Муламмаъчиликнинг шундай намуналари ҳам борки, бошқа тилдан олинган сўз мисра ёки байтда бир маротаба ишлатилса ҳам, агар атайлаб эканлиги маълум бўлса. муламмаъ бўлаверади. Шу маънода юқоридаги сингари ғазалларни муламмаъ қофияли ғазал дейиш жоиздир.
Ҳусни қофия санъати“Ҳусни қофия” атамасини сўзма-сўз: қофия кўрки дейиш мумкин. Бу шеър санъатининг моҳияти шундаки, шоир шеърда бошдан-оёқ, бирор мисрани қолдирмасдан барчасида қофия келтиради. Бу санъатнинг иккинчи номи мусалсал қофия ҳамдир. Чунки шоир ҳар бир мисрада қофияларни занжирдек тизади. Маълумки, вазндан сўнг шоирни энг қийнайдиган унсур – қофиядир. Ҳусни қофия санъатини қўллаган шоир истисносиз барча мисраларни қофия билан безайди. Бу нарса шоирдан жуда катта истеъдод талаб қилади. Шоир Каримбек Камий ҳам маҳорат билан ушбу ғазални ҳусни қофия санъати билан зийнатлаган:
Рахши ноз узра миниб, эй шўх, жавлон айлама,
Ошиқи дилхасталар бағрин эзиб қон айлама.
Шаҳрға ғавғо солиб, халқни паришон айлама,
Йиғ сочингни, айланай, ҳар ёна афшон айлама.
Юз ниқобин олма, ишқ аҳлини ҳайрон айлама,
Қад чекиб бўстон аро қумрини нолон айлама.
Даста-даста гул териб, рашки гулистон айлама,
Ғунчалар сочилмасун лаълингни хандон айлама.
Хоби ноз илан туруб, қасди мусулмон айлама,
Яъни дину дилларин торожу толон айлама.
Эй суманбар, зулм этиб дийдамни гирён айлама,
Раҳм қилким, мунча ҳам оламни тўфон айлама.
Нозанино, бу Камий қулларга паймон айлама,
Аҳд-паймон айласанг, хулласки, ёлғон айлама.
Ҳусни қофия санъати юқоридаги ғазалда учраганидек радифли (айлама) ва шоира Увайсийнинг қуйидаги шеъридагидек радифсиз ҳам бўлиши мумкин:
Деди бир кун менга ул маҳвашим: “Эй шўхи бепарво”,
Мен айдим: “Сен дема, мен дей, ки солдинг бошима савдо”.
Ато қилди худо менга сенингдек дилбари барно,
Висолинг қатраедир, мавж урар ҳажринг бўлуб дарё.
Қаноатда дегил кўнглум қушин то ул қуши анқо,
Начунким сен эрурсен баҳри дилда гавҳари якто.
Табассум айлағил, нолам насимиға гули раъно,
Ки гулзори фироқ ичра мен эрдим булбули гўё.
Баногаҳ етса васлинг қилмағайсен нозу истиғно.
Дегайсен мен гадо мазмуниға, эй шоҳ, салламно.
Замонингда агар мавжуд бўлса Вомиқу Узро,
Муҳаббатдин дам урмас эрди, нақдин айламас даъво.
Ажаб маъшуқлик расмин биларсен, кўзлари шаҳло,
Топилмас икки оламда сенингдек шўхи базморо.
Мукаррар қофияҚофия навлари билан яқиндан танишиш қофияда ҳам сўз такрори содир бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Мукаррар қофия моҳиятига назар ташласак, бунда байтда остинма-устин турган иккитадан тўртта сўзнинг ўзаро оҳангдошлиги ва айни пайтда уларнинг ҳар хил сўзлар эканлигини таъкидлаймиз. Муниснинг тубандаги ғазалида мукаррар қофия амалиёти кузатилади:
Узорингда нуре аёндур, аён,
Ки андин куну ой нишондур, нишон.
Бало ўқларин етғали жонима,
Ики эгма қошинг камондур, камон.
Рақибингдин ўлмас аён яхшилиқ,
Ки қавлию феъли ёмондур, ёмон.
Ҳаётимға зикри лабингдур сабаб,
Йўқ эрса тириклик гумондур, гумон.
Манга суд эрур суди ишқинг ғами,
Анинг ҳарна ғайри зиёндур, зиён.
Эрурсен гаҳи кўз, гаҳи жон аро,
Сенга бу икки ер макондур, макон.
Нечук ел эрур оҳи сардим менинг,
Жаҳон боғи андин хазондур, хазон.
Жигар бирла кўнглум қилиб қон ғаминг,
Икки кўз йўлидин равондур, равон.
Улус келса мендин фиғонга не тонг,
Ишим кеча-кундуз фиғондур, фиғон.
Не тонг чиқмаса Мунис ул кўйдин,
Ки ул анда ғамдин амондур, амон.699699
Мунис, Сайланма, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1980, 188-бет.
[Закрыть]
Шеърият унсурларидан пухта хабардор бўлмаган ҳар қандай кишига мазкур ғазалдан қофия ва радифни топиш таклиф қилинса, мукаррар қофияни радифга йўйиши мумкин. Негаки ҳар бир қатор сўнгида икки сўз такрорланмоқда. Аслида эса, ғазалда радиф қатнашмаган. Матлаъдаги аёндурга нишондур, аёнга нишон сўзлари қофиядош бўлиб келмоқда. Бундай таркиб шеър охиригача давом этади. Биринчи қофиялар: аёндур-нишондур-камондур-ёмондур-гумондур-зиёндур-макондур-хазондур-равондур-фиғондур-амондур. Иккинчи қофиядошлар туркуми: аён-нишон-камон-ёмон-гумон-зиён-макон-хазон-равон-фиғон-амон.
Қофиядош сўзларнинг ҳар бири икки маротабадан такрорлангани учун бундай қофияларни мукаррар қофиялар деб аташ расм бўлган. Шундан келиб чиқиб мукаррар қофияга таъриф беришга уриниб кўрамиз:
Мукаррар қофия деб, байт охирида такрорланган иккитадан ҳар хил оҳангдош сўзларнинг остинма-устин ҳолатда келишига айтилади Нега бундай қофияларни зулқофиятайн демаймиз? Чунки зулқофиятвйн кўрсаткичлари бўлган иккитадан тўртта сўз ҳар хил бўлади. Мукаррар қофияда икки хил сўзлар, холос. Қиёслайлик: Зулқофиятайн:
Кўксига уриб фироқдин тош,
Ергу уруб иштиёқдин бош.
“Лайли ва Мажнун” достонидан келтирилган ушбу байтда зулқофиятайн қатнашган бўлиб, унинг кўрсаткичлари қуйидаги тўрт ҳар хил сўздир: фироқдин-иштиёқдин; тош-бош. Мукаррар қофияда эса, юқорида кўриб ўтганимиздек, икки хил сўзлар такрори кузатилади.
Ҳар ҳолда мукаррар қофиялар вазифа жиҳатидан олиб қараладиган бўлса, қофияга нисбатан радифга функциядош десак тўғри бўлса керак. Негаки радиф кўрсаткичи: мисралардаги таъкидлаш жоиз кўрилган муҳим сўз ёки сўзлар бўладики, ана шу вазифа мукаррар қофия зиммасида ҳам бор. Ушбу фикрларимизни юқоридаги Мунис ғазалининг ҳар бир байти мазмуни орқали исботлаб бериш мумкин. Чунончи, матлаъдаги “аёндур, аён ва нишондур, нишон” сўзларига аҳамият берсак, бу сўзлар маъшуқа юзида нур жилваланаётганини уқтирмоқда. Бу нур қуёш ва ойдаги нур сингари эканлиги иккинчи мисрада айтилган.
Иккинчи байтга келсак, балокаш ошиқ учун ёр қошлари муттасил бало ўқларини отувчи камондир. “Камондур, камон” сўзлари такрори муттасиллик мазмунини ифодалаётир… Мумтоз адабиётда, хусусан шеъриятда рақиб тимсоли ёмонликлар мужассами ҳисобланади. Шунинг учун учинчи байтда рақиб ҳақида “ёмон” сўзининг такрор ишлатилгани унинг чиндан ҳам ўта ёмонлигини қайд этади, уқтиради:
Рақибингдин ўлмас аён яхшилиқ,
Ки, қавли-ю феъли ёмондур, ёмон.
Шу ўринда уқдириш, таъкидлаш радиф санъатига хос эканлигини яна бир карра эслатиш жоиз деб ўйлаймиз. Кўряпмизки, бу вазифани байтда “бемалол” мукаррар қофия бажармоқда.
Маҳбуба ошиқ учун орзубоп тимсол, идеал вужуд. Шунинг учун ҳамиша уни кўришни истайди – кўзида акс этишини хоҳлайди. Тасаввур қилайликки, жонида унга макон беради. “Макон” сўзининг байтдаги такрори ана шу муқаддас ёрнинг энг азиз аъзо-узвларда макон топажагини таъкидлагандир:
Эрурсен гаҳи кўз, гаҳи жон аро,
Сенга бу икки ер макондур, макон.
Маҳбубасидан айрилиқда яшаётган рубобий тимсол муттасил совуқ оҳ тортади. Совуқ оҳ тортиш – инсоннинг фожеий руҳияти намойишидир. Шунинг учун шоир бу ҳолни муболаға санъати иштирокида янада кучайтиришга муяссар бўлади: ошиқ тортган оҳидан жаҳон боғига куз келади:
Нечук ел эрур оҳи сардим менинг,
Жаҳон боғи андин хазондур, хазон.
“Хазондур, хазон” мукаррар қофия кўрсаткичи жаҳон боғининг қовжирагани манзарасини бутун фожеийлиги билан ифодалаш имконини бермоқда.
Мумтоз шеъриятдаги ошиқ аҳвол-руҳиятини кўз олдимизга келтирсак, у ё юм-юм кўз ёши тўкиб ўртанаётган ҳолатда ёки фарёд қилаётган бир тарзда гавдаланади. Шеърда “фиғондур, фиғон” – товуш чиқариб фарёд қилиш ҳолатини аниқ гавдалантириб беришга хизмат қилаётир…
Ҳозирги замон ўзбек шеъриятида мукаррар қофияни новаторларча усталик билан шоир Омон Матжон қўллаган. Унинг қуйидаги шеъри бошдан-оёқ мукаррар қофия билан зийнат топган, шу шеърдан бир парча келтирамиз:
Сен кетурсан, изингдан –
Мен боқурман жим, жим.
Менга қолди кўзингнинг
Қаролиги тим, тим.
Қаро энди кунларим,
Қаро энди қисматим,
Кўзим қароғида ҳам
Ёшим энди лим, лим…
Омон Матжоннинг ажиб ихтирокорлиги шундаки, бирор шоирда мукаррар қофияни бунақа жўшқин ва мусиқийлик яратувчи омил даражасида кузатмаганмиз. Бу усулни қофиядаги хушжаранглик нуқтаи назаридан сеҳргарлик деса бўлади: жим,жим; тим,тим; лим, лим; дим, дим; ким, ким; жим, жимлар бандлар мусиқийлигига ажиб мазмундорлик бағишлайди. Гўё бу мукаррар қофиялар хизматидирки, шеърдан мунгли, ҳазин фарёдлар, бақириқсиз додлар эшитилади.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.