Электронная библиотека » Эркин Рахмонов » » онлайн чтение - страница 2

Текст книги "Бадиият жозибаси"


  • Текст добавлен: 31 мая 2023, 14:14


Автор книги: Эркин Рахмонов


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 2 (всего у книги 27 страниц)

Шрифт:
- 100% +

1. Талмеҳ қаҳрамони рубобий қаҳрамонга ўрнак, намуна, идеал қаҳрамон.

2. Талмеҳ қаҳрамони рубобий қаҳрамон билан тенг қўйилади.

3. Талмеҳ қаҳрамони рубобий қаҳрамондан паст қўйилади.

Шунингдек, исмларга талмеҳни аввало ички икки хилга бўлиш мумкин: ижобий қаҳрамонлар талмеҳи ва салбий қаҳрамонлар талмеҳи…

Бирор киши билан боғлиқ талмеҳларни, масалан, Юсуф алайҳиссалом воқеалари билан боғлиқ бўлсин: оддий талмеҳ (байтда биргина Юсуф исми келади); уяли талмеҳ (қонли кўйлак, моҳи Канъон, Миср гўзали).

Кўряпмизки, тасниф гўё мазкур санъатнинг ички бой дунёсини бирма-бир варақлагандай бутун имкониятларини муаммолар тарзида китобхон кўз ўнгида тизиб, талмеҳ санъатининг нечоғлик кенг қамровли ва таъсирчан восита эканлигини кўрсатади.

Турк олими Лутфи Байрақтутан тажниснинг 17 навини кўрсатгани сингари олимлар бирор санъат тадқиқи билан шуғулланганда таснифга жуда катта эътибор бермоқлари керак. Шунинг учун ишимизнинг бош мақсади: бадиий санъатларнинг аввал тур таснифи, сўнг ички хилма-хил таснифларини амалга оширишдир.

Йирик таснифнинг аҳамияти бадиий санъатлар орасидаги айирмага тадқиқотчи диққатини тортади. Мумтоз поэтика донишмандлари “Илми саноеъ”нинг кейинги тараққиётини назарда тутиб, санъатларни турларга бўлиш ишига ҳисса қўшишган. Масалан, Атоуллоҳ Ҳусайний шу илм донишмандлари орасидаги мислсиз асар яратган олим саноеъ илмини дастлаб қуйидаги турларга бўлади:

1) Лафзий гўзалликлар;

2) Маънавий гўзалликлар

3) Лафзию маънавий гўзалликлар.

Олим шу турлар таснифи билан чекланмай, иккинчи санъат: маънавий гўзалликларни яна иккита ички қисмга ҳам тасниф этган.1111
  Қаранг: Атоуллоҳ Ҳусайний, Бадойиъу-с-санойиъ, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1981, 122-бет.


[Закрыть]

1233 йилда оққа кўчирилган Шамс Қайси Розийнинг “Ал мўъжам фи маоири ашъори Ажам” китобида ҳам илми саноеъ асарнинг олти бобида “Яхши шеър ва назму насрда қўлланиладиган гўзал санъатлар” номи остида берилган. Бироқ у ҳали бу илмда тасниф қилишга ботинмаган эди.

Адабиётшунос Т.Н.Зеҳний таъбири билан айтганда, дарий тилида шу илмда илк китобни ёзган киши Муҳаммад Умар Родуёний бўлиб, унинг асари “Таржумон ул-балоға” деб номланган. Атоуллоҳ Ҳусайний асаригача ва ундан сўнг ҳам бу соҳадаги шуҳрат Муҳаммад бинни Абдулжалил Котибнинг “Хадойиқ ус сеҳр фи дақоиқ уш шеър” асарида бўлган. Бу шуҳрат боиси менимча баённинг оммабоп услуби билан изоҳланади. Родуёний асарининг шуҳрати Ватвотникидан ошмагани боиси, афтидан кейинги олимнинг “Хадойиқ ус-сеҳр”нинг бадиий санъатлар бобини деярли айнан ўзлаштиргани бўлиши мумкин, деб тахмин қилади Т.Зеҳний.1212
  Т.Н.Зеҳний, Санъатҳои бадеиъ дар шеъри тожики, Душанбе, НДТ, 1960, 14-бет.


[Закрыть]
Самарқандлик Т.Зеҳний илми саноеънинг яхши мутахасисси, оригиналликка даъвоси бўлмаса-да, шу соҳада қилинган ишларни маълум маънода умумлаштирган, йиққан ва замон талабларига кўра бироз қисқартириброқ бўлса-да, иккита яхши рисола яратган олимдир. У 1960 йилда эълон қилинган “Санъатҳои бадей дар шеъри тожики” ва 1967 йилда қайта мукаммаллаштирилиб “Санъати сухан” номида босилган китобларида эллик атрофидаги бадиий санъатлар юзасидан баҳс этади ва санъатларни “Маънавий санъатлар” ва “Лафзий санъатлар” тарзида икки йирик туркумга бўлади. Демак, бу тадқиқотчи ҳам анъанавий таснифга янгилик киритишга уринмаган. Муҳими, бу муаллиф барча санъатларга мумтоз ва замонавий форс-тожик адабиётидан мисоллар келтирган.

Алишер Навоий ва Бобурнинг адабий-танқидий қарашлари кузатилганда, улар ҳам санъатларни тасниф қилишмагани маълум бўлади.

Туркий тилда бизгача етган, “Илми саноеъ” бағишланган илк рисала – Аҳмад Торозийнинг “Фунун ал-балоға” асаридир. Унгача ҳали форсий тилда тасниф бўлмагани сабабли бўлса керак, Торозий ҳам бадиий санъатларни йирик туркумларга бўлмаган. Фақат ташбеҳ ва тажнис санъатларида ички таснифлар амалга оширилган, бироқ бу ҳам анъанавий тарздадир.

Профессор Анвар Ҳожиаҳмедов “Шеърий санъатлар ва мумтоз қофия” рисоласида ҳам таснифнинг анаъанавий тарзини келтирган. Профессор Тўхта Бобоев ва Зебо Бобоеваларнинг “Бадиий санъатлар” китобида тасниф янгича амалга оширилган:

Бадиий санъатлар;

Поэтик синтаксис.

Муаллифлар ушбу тасниф моҳиятини қуйидагича изоҳлайдилар: “Бу таснифнинг илмий асослари ҳам йўқ эмас: поэтик кўчимларда, асосан, сўзларнинг кўчма маънолари ҳисобга олинса, бадиий санъатларда сўзларнинг лафзий-маънавий безаклари диққат марказида туради, поэтик синтаксис (ёхуд стилистик фигуралар)да эса, асосан, шеърий нутқда гап қурилишининг ранг-баранг кўринишлари эътиборга олинади”.1313
  Т.Бобоев, З.Бобоева, Бадиий санъатлар, Т., 2001, 3-бет


[Закрыть]

Қайд этиш керакки, ушбу муаллифларнинг бу таснифлари поэтика турларини белгилашга қаратилгандир.

Таниқли олим Ёқубжон Исҳоқов шеър санъатларини ўзига хос усулда тасниф қилди. Олимнинг “Сўз санъати сўзлиги” (“Зарқалам” нашр., 2006) китобида илми бадеъга доир изланишларининг дастлабки намуналари акс этган бўлса (бунда 49 та шеърий санъат ҳақида маълумотлар бор), шу китобнинг иккинчи нашрида (“ўзбекистон”, 2014) буларнинг саноғи 137 га етказилган.

Бу кашшоф тадқиқотчи аввалги изланишларида таснифнинг анъанавий (маънавий ва лафзий санъатлар) деб икки гуруҳга, сўнгра “муштарак” санъатларни ҳам қўшиб уч хил тасниф этган, кейинроқ ўзи мустақил равишда уларни ўн турга тасниф этади:

“Биз асосий санъатларни, шеърий матн доирасидаги вазифаси билан боғлиқ хусусиятини назарда тутган ҳолда, бир неча гуруҳга ажратишни лозим топдик (бу албатта маълум даражада шартли).

1. Истиоравий-рамзий тасвир усуллари (мажоз, истиора, киноя, бароати истиҳлол, ранглар рамзи каби).

2. Қиёсий-ассоциатив усуллар (ташбеҳ, талмеҳ, тансиқ ус-сифот, тамсил кўринишлари, лаффу нашр, мурооти назир каби).

3. Фикрни далиллаш (мотивировка) йўллари (ҳусни таълил, тамсил, ирсоли масал, тасдир каби).

4. Эмоционал-муболағали тасвир усуллари (муболаға [таблиғ, иғроқ, ғулув], ташбеҳнинг айрим турлари [маъкус, измор], ружуъ, мурожаат, саволу жавоб, риторик сўроқ).

5. Синтактик-стилистик усуллар (тарсеъ, тарди акс, радд ул-ажз илас-садр, ташобеҳ ул-атроф, мураббаъ, мудаввар, муздаваж, мумосила, таштир, тажзия, тасреъ, тазмин, тасмеъ, тардид, такрор, радд ул-матлаъ, таждиди матлаъ каба).

6. а) сўзнинг ички, ташқи формаси билан алоқадор санъатлар (тажнис, иҳом, иттифоқ, иштиқоқ, қалб, мутазалзил каби).

б) айрим сўз эмас, умуман тугал матн (мисра, байт) билан алоқадор стилистик усуллар (тавжеҳ, таъкид ул-мадҳ бимо яўбаҳ уз-зам, идмож, таълиқ, тажоҳили ориф, ҳазл ун-муроду баҳил-жидд каби).

7. Контраст (тазод, қаршилантириш) санъати.

8. Мураккаб санъатлар (муаммо, таърих, ҳижои ҳуруф, ҳарфлар билан боғлиқ усуллар).

9. Стилистик мутаносиблик (жам, тафриқ, тақсим, жаму тафриқ, жаму тақсим ва бошқалар).

10. Қофия билан алоқадор санъатлар (эънот, ийто [радд ул-қофия], ҳожиб, тажнисли қофия, зулқофиятайн, мусажжаъ, тасмит каби). Шунингдек, тарсеъ, таштир, тажзия, тарсеъ каби стилистик усуллар ҳам бевосита қофия билан алоқадор”.1414
  Ёқубжон Исҳоқов, Сўз санъати сўзлиги, “Ўзбекистон” нашр., 2014, 22-23-бетлар.


[Закрыть]

Бизнингча, санъатларни икки гуруҳга бўлиш мақбул усулдир. Уч турга бўлиш шунинг учун мақбул эмаски, “муштарак санъатлар” деб иккита гуруҳга мансублик назарда тутилар экан, демак бу таснифнинг ўзи нотўғрилигини кўрсатади.

Кейинги ўн пунктли тасниф албатта олимнинг жуда катта илмий идроки маҳсули бўлиб, унда санъатлар тасниф пунктларига тақсимланган.

Биз буни маъқуллаймиз. Аммо, биз таснифнинг бошқа йўлидан борамиз: ҳар бир санъатнинг ўз имкониятлари доирасини кенгайтириш, ҳар бир санъатнинг ички таснифи билан шуғулланиш бизнингча муҳимроқ туюлади. Негаки ўнта пунктли тасниф санъатларнинг вазифаларини чеклаётгандек, чегаралаётгандек туюлади.

Ушбу сатрлар муаллифи анъанавий тасниф билан қизиққан пайтлар – етмишинчи йилларда бадиий санъатларни: маънавий, лафзий ва қоришиқ санъатлар тарзида тасниф қилган эди. Орадан кўп йиллар ўтиб яна ўша таснифга қайтишга тўғри келганда, мулоҳаза қилиндики, минг йиллар давомида мумтоз адабиётшунослар маънавий ва лафзий санъатларга туркумлаганда бежиз бу ишни қилишмаган. Чунки тасниф атамалари: маънавий ва лафзий тушунчалари ўша қисм санъатларнинг моҳиятига жуда мос. Менга фақат учинчи қисм тасниф, яъни қоришиқ деган атама маъқул эмас. Чунки маълум маънодаги, яъни санъатларни асосий моҳиятига қарам лафзий ва маънавийга бўлиш ва лозим. Учинчи турига келсак, менимча, моҳияттан ёндашиладиган бўлса, ҳарфий санъатларни бир туркум қилиб олиш ҳарфий санъатлар моҳиятига мосдир.

Демак, камина таснифи:

1. Маънавий санъатлар.

2. Лафзий санъатлар.

3. Ҳарфий санъатлар.

Изоҳлашга келсак: Маънавий санъатлар туркумига қуйидаги санъатлар киритилади:

• кўпмаъноликни юзага чиқарса (ийҳом, иттифоқ, тажнис, талмеҳ);

• маънавий зиддиятларни ифодаласа (тазод, муқобила, мухтамил аз-зиддайн);

• ҳайрат, таажжуб, ҳисларни уйғотолса (тажохули орифона);

• образлилик яратолса (ташхис, ташбеҳ, истиора,);

• ўқувчини ўйлашга рағбатлантирса (муаммао, таърих, лаф ва нашр, тақсим, киноя, таъриз, муболаға, мажоз, ҳусни ибтидо, тафриқ).

Лафзий санъатлар туркумига:

• мисра ва байтдаги, бутун шеърдаги сўз такрорлари (бир сўз такрори, икки сўз такрори, бирикма такрори, гап такрори), такрир, мукаррар, тарди акс, акс, илтизом, тасдир, тасбеъ, қайтариқ, раддул ажзи илал садр, боштакрор (анафора);

• мисра такрори, байт такрори (радди матла, таржи);

• бошқа шоирдан мисра ёки байт иқтибос олиш (тазмин);

• байтда хушоҳанглик яратувчи унсурлар (тавзи, нидо, илтифот, тажзия);

• халқ мақол ва ибораларини шеърга киритиш (ирсоли масал, таъбир, тамсил);

• шеър унсурлари сифатида кўзга ташланиб турадиганлари: қофия, ички қофия, радиф, ҳожиб;

• хушоҳанглик яратишда махсус кўзга ташланиб турадиган санъатлар: тарсе.

Ҳарфий санъатлар туркумига:

• эски ёзувдаги ҳарфлар номланган ҳолатлар (китобат, инсон аъзо-узвларини бирор ҳарфга ўхшатилган пайтлар);

• Сўзни бирор ҳарфни қўшиш ёки олиш орқали маъносини ўзгартириш (тасҳиф);

• Ҳарфлардан бирор сўз ясаш ёки назарда тутилган ҳарфлардан сўз ясаш (истихрож);

• Бир сўздаги ҳарфларни ўрин алмаштириш ёки тескари ёзиш (ўқиш)га асосланган ҳолатлар (қалб, қалби баъз, қалби кулл);

• Ҳарфларни қўшиб ёзиш санъати;

• Лабланмаган ҳарфлардан сўзлар тузиш ҳолатлари (лабтегмас);

• Фақат нуқтали ҳарфлардан ясалган сўзларни тизиш.

Ижтимоий ҳаётда қолипларнинг мислсиз хизматлари бор, улар бебаҳо. Бироқ санъат бир хилликдан қочади: турфа ранг-баранглик бадиий санъатларга ҳам хос бўлиб, тасниф ана шу турфа ранг-барангликни кашф этишга қаратилади. Шунинг учун биз ҳар бир бадиий санъатни имконимиз қадар турли қирралардан тасниф қилишга уринамиз. Булар гоҳ мавзу, гоҳ рубобий қаҳрамон, гоҳ шакл ва таркиблар… хуллас, ҳар бир бадиий санъатнинг моҳиятидан келиб чиқиб, бу моҳиятни кенг ёритишга хизмат қиладиган таснифлар топишга ҳаракат қилинади. Шундагина ҳар бир санъат ҳақидаги тасаввур бой ва барқарор бўлади.

Ишимизнинг навбатдаги мақсади: анъана ва таждид муаммосидир.

Адабиётшуносликда анъана ва новаторлик энг мураккаб масалалардан биридир. Айниқса, буни мумтоз адабиёт, хусусан, шеърият мисолида кўздан кечириш ва таҳлил этиш ундан-да муаммороқ десам лоф бўлмас. Негаки, матн идроки мураккаблиги ўзи бир муаммо экан, қайд этилган мавзуни тадқиқ этиш бу билан узвий боғлиқдир.

Мавзунинг қизиқарлилиги мени шу ҳақда ўйлашга руҳлантирди. Чунки адабиётда давомийлик нимаю, янгилик нималигининг айирмасига бориш, буни таҳлилда кўриб гувоҳ бўлиш ўта муҳим деб ўйладим. Бизда илми саноеъ санъатлариннг тобора кенг ишланаётгани, унинг адабиёт назариясининг истиқболли бўлими эканлигини тасаввур этиш, ташлаб қўйилган қўриқни ўзлаштириш каби муҳим вазифа бўлиб кўринади.

Назаримда анъанавийлик ҳокимлиги мумтоз адабиётда ҳам, ҳозирги адабиётда ҳам аниқроқ сезилади. Чунки босиб ўтилган йўлдан юриш осон ва қулайдир. Истеъдодлари ўртача бўлган шоирлар новаторликка кўтарилолмай умргузаронлик қиладилар. Айниқса буни мумтоз адабиёт оқимининг бевосита давоми бўлган Собир Абдулла, Чархий, Чустий ва Ҳабибийлар ижодларида кўриш мумкинки, улар анъана қобиғида ижод қилдилар. Ғазалчиликда новаторлик даражасига етолмадилар.

Ҳақиқий замонавий ғазални 70-йилларда Эркин Воҳидов новаторона усулда яратишга муваффақ бўлди. Ва шундан сўнг кўплаб бармоқ ижодкорлари бу усулда ғазал ёзишга киришиб кетдилар. Бироқ ҳеч ким ғалаба байроғини Эркин Воҳидов қўлидан тортиб ололмади ва адабиётшунос Иброҳим Ғафуров бу ҳақиқатни баралла айтди.

Ғазалчиликдаги, аруздаги бу янгиликка биринчи бўлиб Ғафур Ғулом кўз-қулоқ бўлган эди. Ҳурматли адибимиз Саид Аҳмад ўз эсдаликларида “Ёшлик девони”нинг илк намуналари ҳақидаги академик шоир Ғафур Ғулом сўзларини эслайди:

“ – Биласизми, бу бола (Эркин Воҳидов назарда тутилмоқда) мудраган арузни уйғотиб юборди. Ивирсиқ шоирлар арузни адои тамом қилган эдилар. Аруз баайни пати юлинган товуқ бўлиб қолганди. Эркин уни араб, форс сўзларидан тозалаяпти, соф ўзбек ғазалини яратаяпти. Яқинда бир жузойир ғазалларини олиб келди. Жуда чиройли, маъноли, маҳорат билан ёзилган ғазаллари кўп эди”.1515
  “Ёзувчи” газетаси, 1999 йил 20 январь сони.


[Закрыть]

Биз бу билан Собир Абдулла, Ҳабибий, Чархий ва Чустийлар ижодини камситмоқчи эмасмиз. Уларнинг ғазаллари анъанавийликнинг ҳаётбахш давоми сифатида ўқимишли, қўшиқ тарзида эшитилганда ҳам дилкаш ва ёқимлидир. Улар ўз созларини замонавий мавзулар оҳангларига мослаб чалдилар, шу замон шоирлари бўлиб танилдилар ва тарихда қолдилар. Уларнинг шеърлари ҳали узоқ йиллар ўзбек шеърхонини ўзига мафтун этади. Бу ютуқ айнан анъанавийлик фазилатидандир.

Новаторлик (таждид) эса, ўша тоғлар даражасидан янада юқорироқ чўққига кўтрилиш демакдир. Шу маънода Эркин Воҳидов ғазаллари замонавийлиги, ёшларбоплиги, таъсирчанлиги, бадиий-тасвирий воситаларга бойлиги ва кўнгилга яқинлиги билан ўзгача оҳанрабога эга бўлган бадиият мўъжизаси – новаторлик намунасидир.

Анъанавийликнинг энг кўп сақланган майдони саноеъ илми амалиёти десак бўлади. Чунки юздан ортиқ бадиий тасвир ва ифодалилик воситалари борки, уларнинг асосий қисми ҳозир ҳам худди мумтоз адабиётдагидек бадиий матнларда қўлланилмоқда. Бу ҳам анъанавийликнинг ёрқин бир кўринишидир. Уларнинг айримлари ўта қадимий замонларда (ўхшатиш, сифатлаш, муболаға), айримлари ёзув ва адабиёт тараққий қилаётган замонларда (чунончи ҳарфий санъатлар) пайдо бўлган. Шунга қарамай уларнинг кўпи ҳозир ҳам амалда. Негаки бадиий санъатлар шоирларнинг бадиий ихтиролари бўлиб, олимлар умумий бадиий ҳодиса сифатида илғаб, бадиий санъатлар тарзида аниқлай борадилар. Шунинг учун адабий амалиёт бойиган сари бадиий санъатлар ҳам кўпайиб боради.

Бадиий сўзни ташбеҳсиз, сифатлашсиз, муболағасиз, жонлантиришсиз, савол-жавобсиз, ийҳомсиз, ружу ёки тафреъсиз тасаввур этиб бўлмайди. Улар ҳаётда, оғзаки нутқимизда ҳам фаол ишлатилади. “Итдай чарчадим!” деб беихтиёр ташбеҳга мурожаат этамиз. Бозорда қовунфуруш харидорга: “Кепқолинг қовунга! Булар қовун эмас, нақ асал, асал!” дея ўзи билмаган тафреъ санъатини қўллайди…

XIII-XX аср шоирлари ижодида айнан бир хил ўхшатишларнинг минг маротабадан ортиқ қўлланилгани, лабни истиорада “лаъл” тарзида минглаб маротаба айтилгани сир эмас. Бироқ адабий қонуният бунга қарши эмас. Чунки мумтоз адабиёт китобхони байт ва унинг мазмунини чақишга асосий эътиборни қаратади. XIV аср шоири Атойи лабни “лаъл” деса, XIX аср шоираси Дилшод Барно шогирди Анбар Отин ҳақида “лаъллаб” радифли ғазалини ёзаверади ва у ўқувчи кўнглига тегмайди. Атойи:

Лаълиға жон берганим ғам тоғинда не фойда,

Гарчи Шириндур, вале парвойи Фарҳод айламас.1616
  Ҳаёт васфи, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1988, 359-бет.


[Закрыть]

Дилшод:

Исминг Анбар, жисминг анбар, лоларухсан, лаъллаб,

Сўзласанг кўрган ҳар одам айтур аҳсан, лаъллаб.1717
  Зебуннисо, Дилшод, Анбар Отинлар шеъриятидан, 1981, 15-бет.


[Закрыть]

Мумтоз адабиётда анъанавийлик қонунияти ҳукмронлик қилади. Бу аввало шеър ва байт ҳақидаги тасаввур билан ҳам боғлиқ. Шеър – янги нозик фикр демакдирки, у бадиий бўёқдорликдан холи бўлмайди. Шеърдаги байтнинг ҳар бири мустақил бир музахона. Унинг ичига кириб ички ва ташқи тузилишини тамоша қилмоқ, маъно қирраларини мулоҳаза қилмоқ керак. Шунинг учун Алишер Навоийдай адабий даҳо шеъриятида китобхон “лаъл” истиорасига бир неча юзлаб маротаба дуч келади. Бироқ ижодкорга: “Нега бир сўзни бунақа такрорлайверасиз?” деб эътироз билдирмайди. Чунки “лаъл” истиораси шундай катта ижодий ихтироки, ундан ўринли фойдаланишдаги такрорлар табиийдир. Навоийдан кейинги шоирлар ижодида ҳам бу истиора ХХ асргача яшаб, такрорланиб келаверди. Нодира, Увайсий, Мунис, Огаҳий, Муқимий, Фурқатлар ҳам бу истиорадан кенг фойдаланганликлари боиси мазкур истиоранинг ихтиролик қиймати ва анъанавийлик қонуниятининг ҳукм суриши натижасидир.

Анъанавийлик кучининг беқиёслиги ва умрининг узунлигини ташбеҳ санъати амалиётида кузатиш мароқлидир. Нега инсон ўхшатишни бундай севади? Чунки ташбеҳ оламни билишнинг энг қудратли воситасидир. Ҳатто ҳинд халқида “Ташбеҳ” деган халқ оғзаки ижоди жанри бор. Инсоният минг йиллардан буён юзни лолага, ойга, қуёшга, гулга, анорга ўхшатишни такрорлашдан толмайди. Анъанавйлик туфайли деярли ҳар бир кейинги давр шоири ижодида бу ўхшатишлар дам-бадам учрайверади. Илгари қўлланилган ўхшатишни кейин қўллашни ҳеч ким, ҳеч қайси замонда манъ этмаган. Бунинг боси ўша ўхшатишларнинг мислсиз қимматида, мувофиқлигида, ўринлилигидадир. Бу ўхштишлар ҳусн ва севги сингари умрбоқийдирлар, десак тўғри бўлар…

Лафзий санъатлар қўллашда ҳам анъанавийлик худди маънавий санъатлар сингаридир. Чунончи, Алишер Навоийнинг “Фавойид ул-кибар” девонидаги 272-ғазалнинг етти байтидан бештасида “халос-махлас” иштиқоқлари қўлланилган. Ҳозирги китобхонга эриш туюладиган мазкур такрорий усулни Навоий шеърий фазилат ҳисоблаб қўллайверган:

Ҳажрида жондин агар ўзни халос истармен,

Жонға не мумкин эрур истамак ондин махлас.

Яхши эрмас манга сендин тиламак ўзни халос,

Сен муҳиқсен, тилар эрсанг бу ёмондин махлас.

… Кеча итлар унидин гарчи халос истар халқ,

Итининг коми бу фарёду фиғондин махлас.

Бир замон зулмларидин чу халос эрмасмен,

Йўқ ажаб, гар тиласам аҳли замондин махлас.

Гарчи жон меҳнатидин қилди Навоийни халос,

Қатл ила истамак ўлғайму фалондин махлас.1818
  Алишер Навоий, МАТ, 6-жилд, 1990, 188-189-бетлар.


[Закрыть]

Инобатга олиш жоизки, у ёки бу санъатни ҳозиргидек “суиистеъмол” қилинишидан мурод фақат зийнат эмас, энг аввало шеърдаги мақсад ва ҳар бир байтдаги бош фикрдир. Умуман ёдда тутиш зарурки, поэтика унсурларидан хоҳ анъанавий тарзда, хоҳ таждид маъносида бўлсин фойдаланиш мақсад эмас. балки мазмун – фикр ифодаси учун восита қулайлиги ва гўзаллигидир.Лекин восита танлашда ҳам заргарона йўл тутилади: шу санъат байт зийнатими, таъсирчанлик омилими, эсда қолдириш имкониятими, хушжаранглилик унсурими, диққатни асосий фикрга йўлловчи таъкид усулими… эканлиги ижодкор диққат марказида туради.

Бадиий санъатлар қўллашнинг тарихини ана шу муаммо кўзгусида кўришга уринамиз. Хўш, бунинг нима ҳожати бор?

Гап шундаки, олимларнинг асосий қисми бадиий санъатларни тилга олганда беихтиёр “анъанавий бадиий санъатлар” деб гап бошлайдилар. Биз бадиий санъатларга ҳам анъанавийлик, ҳам таждид хослигини адабий фактлар орқали исботлашга ҳаракат қиламиз. Очиғини айтиш керакки, таждид бўлмаса, бадиий санъатларга унчалик кучли қизиқиш бўлмас эди. Ҳар бир санъат воқеаси янгилиги билан, ўзгачароқлиги билан кишиларни ўзига ром этади. Тазод кўрсаткичлари, ташбеҳ кўрсаткичлари, истихрож кўрсаткичлари, бир хил бўлса, байт унчалик қизиқарли бўлмасди, бадиияти баланд ҳисобланмасди. Таждид бадиий санъатлар имкониятининг мислсиз хилма-хиллиги ва теранлигини кўрсатади.

Савол туғилиши мумкин: бир хил ташбеҳ кўрсаткичлари “нор янғоқ” Лутфийда ўндан ортиқ маротаба учраганидек, “лаъл” (лаб) истиораси ҳар бир шоирда юз маротаба қўлланилади-ку? – деб. Бу анъанавийлик қудратининг яшовчанлигини кўрсатади, холос. Сиз “лаъл” истиораси иштирок этган ўнта байтни тизиб кўринг-а: ҳар бириси ўз нуктапардозлиги, янги-янги фикр ифодалаши билан сизни ром этади. Чунки бизнинг тушунчамиз бир шеърни бутунликда “асос” ҳисоблайди. Мумтоз адабиётда “асос” – байтдир. У музахонадирки, киши байт устида ҳар томонлама мулоҳаза юритиши, ўйлаб кўриши даркор. Шунинг учун Навоийдай адабий даҳо бир ғазалнинг уч байтида лаъл истиорасини ишлатган ва ҳеч ким бу ҳол муаллиф заифлиги деб даъво қилмайди. Бадиий санъат қўллашда муваффақиятли топилган ҳар бир янги кўрсаткич таждид намунаси бўлади. Ихтирокорликнинг чеки йўқ: шоир шаклда ҳам, мазмунда ҳам ихтирокорлик қилавериши мумкин ва лозим. Таждид тушунчаси остида янгилик, оҳорлилик маъноси ётади. Чунончи, тоғни туя ўркачига ўхшатиш анъана эди. Иккинчи шоир тоғни туялар карвонига ташбеҳ берди. Буниси энди таждид. Кейинги шоир китобхон тасаввурига янгилик олиб кирди. Ёки истихрож кўрсаткичларидан “оҳ”, “адам”, “ано”, “алам” сингарилар анъана сифатида давом этарди. Бир шоир “Оллоҳ” сўзини истихрож кўрсаткичи қила олди. Ана бу янгилик, таждид – шу. Буни мисолларда кўрган киши мулоҳазаларимизнинг тўғрилигига амин бўлади.

Мумтоз поэтикада ирсоли масал бадиий санъати бор. Бунинг моҳияти шуки, шоир гап ёки байтда бирор халқ мақолини келтиради.

Таъбир санъати ҳам байтда ибора қўллаш санъати бўлиб, ирсоли масалдан фарқи шундаки, таъбирда ибора кўпроқ кўчма маънода ва киноя кучлироқ бўлади. Чунончи, “жўжани кузда санайдилар” иборасини олайлик. Буни бирор байтда учратсак, анъанавий тарзда таъбир қўллаш деб баҳолаган бўлардик. Аммо ижодкорнинг қуйидаги усулини биз таждид деймиз ва маҳорат билан новаторлик кўрсатган дея қайд этамиз:

Ором олар, аста хўрсинар,

Жўжасини санаб бўлган куз.1919
  Фарида Афрўз, Кўзим маним, Т., 1999, 52-бет.


[Закрыть]

Шоира Фарида Афрўзнинг ибора қўллашдаги янгилиги шундаки, байтда ташхис санъатини ишлатган: кузни одам қиёфасида шахслантирган. Ҳар қандай китобхон шоиранинг бундай моҳирона ўзлаштириши маҳорат қудрати эканлигини сезади: бундоқ қарасак куз ором олмоқда, бироқ бу ором чинакамми? Унда нега “аста хўрсинади”? Демак, жўжалар баҳорги саноғидан анча озайган, яъни ҳосилнинг чўғи кам…

Бадиият маъносида айтадиган бўлсак, шоира ташхисда таъбир санъатини яратишга муваффақ бўлган, яъни таъбир қўллаш таснифини шу байти билан бойитган.

Шоирларнинг бадиият қўллашдаги ихтирокорликлари чек-чегарасиз бўлади. Ижодкор истеъдоди қанчалик кучли бўлса, бадииятда ҳам унинг ихтирокорлиги шунчалик бой бўлади. Истеъдодлари ўртача, қиёфасиз шоирлар ҳам бу сафдан четда қолмайдилар, улар ижодида ҳам йилт этган бадиий янгилик содир бўлиши мумкин.

Изланишлар шуни кўрсатдики, маҳорати юксак шоирлар, хусусан, Алишер Навоий, Абдулла Орипов сингарилар бадиий санъатлар қўллашда баъзан қоришиқ санъатлар юзага келтирадиларки, бу ҳол китобхонни бадиият олдида лол қолдиришга, ижодкор истеъдодига қойил бўлишига сабабчи бўлади.

Мақсадимиздаги уч нуқтани қайд этишни истардик:

Биринчидан, ҳали ўзбек мумтоз поэтикасида истеъмолга киритилмаган айрим бадиий санъатларни илмий тадқиққа жалб этиш;

Иккинчидан, ҳар бир бадиий санъатни ички таснифга тортиш.

Учинчидан, бадиий санъатлар амалиётида анъана ва таждид муаммосини ёритиш.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации