Электронная библиотека » Эркин Рахмонов » » онлайн чтение - страница 14

Текст книги "Бадиият жозибаси"


  • Текст добавлен: 31 мая 2023, 14:14


Автор книги: Эркин Рахмонов


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 14 (всего у книги 27 страниц)

Шрифт:
- 100% +
Таъбир санъати

Бадиий асослаш омилларидан бири таъбир санъатидир. Шоир ёки адиб байт ёки гапда бирор ибора-матал ишлатса, таъбир санъати бўлади. Қисқаси, таъбир – ибора қўллаш санъатидир. Ибора-маталлар мақоллар сингари қадимий ва кўпдир. Шунинг учун кўпинча халқ донишмандлигининг ёмбиси деб мақол ва маталларни айтамиз. Ҳатто маталлар-ибораларни баъзан мақоллардан фарқ этишга иккиланамиз, қийналамиз. Мақоллар сингари маталлар ҳам халқ ҳаётида, кишилик муносабатларида, суҳбатларда, мунозараларда, маърузаларда жуда кўп ишлатилади. Шоир ва адиблар асар халқчиллигини таъминлаш омилларидан бири сифатида бадиий асарларда ҳам ишлатадилар. Асар хусусиятига кўра ибора-маталлар озроқ, сийрак ёки кўплаб ишлатилиши мумкин. Чунончи, Муҳаммад Шариф Гулханийнинг “Зарбулмасал” асарида 400га яқин мақол ва матал ишлатилгани илмда маълум.

Ибора ва маталларни ўзбек мумтоз адабиёти намуналарида қўлланилганига эътибор берсак, улар уч тилда ифодаланганига гувоҳ бўламиз:

биринчидан, асосий қисми ўзбек тилида;

иккинчидан, озроқ қисми тожик тилида;

учинчидан, янада озроқ намуналари арабча.

тўртинчидан, таржима таъбирлар тожик ва араб тилларидан ўзбек тилига ўгирилган ҳолда қўлланилади.

Ўзбек тилидаги таъбирлар намунаси:

Чунки дилбар фурқатинда айладинг бағримни су,

Эй ёмон бахтим, не бўлди, яхшилик қил, сол суғо.371371
  Ҳаёт васфи, Ғ.Ғ. номидаги АСН, 1988, 290-бет.


[Закрыть]
(Атойи)


Куйса афлок этаги меҳрим ўтиндин, не ажаб,

Ўзгаларнинг этаги куйса, менинг жоним куяр.372372
  Лутфий, Сенсан севарим, Ўша нашр., 1987, 95-бет.


[Закрыть]


Даъвойи ишқ этиб, ғайр, Бобурни айб қилма,

Ким, мен эдим сенингдек, сен бўлғайсан менингдек.373373
  Бобур, Девон, “Фан”, 1994, 34-бет.


[Закрыть]


Ҳусндин меҳр ғараздур, эй ишқ,

Бу масалдур: силиғингдин илиғинг.374374
  Алишер Навоий, МАТ, 3-жилд, 1988, 277-бет.


[Закрыть]


Бир яқодин бош чиқориб, барча бир тўнға кириб,

Бир ўнгурлук, бир тиризлик, бир яқо-енглик қилинг.375375
  Турди Фароғий, Танланган асарлар, Т., 1970, 12-бет.


[Закрыть]


Гулни гул дерму киши, гулни тикони бўлмаса,

Онинг учун лойиқ ўлмиш иззату эҳсона гул.376376
  Абдулла Авлоний, Танланган асарлар, Т., 1998, 184-бет.


[Закрыть]


Сенсиз келажак йўқ, бемаъни жаҳон,

Дарди йўқ кесакдир, ишқи йўқ эшак.377377
  Ғафур Ғулом, Шеърлар, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1969, 90-бет.


[Закрыть]

Тожикча таъбирлардан:

Кабутар бо кабутар, зоғ бо зоғ,

Десам, кўбтур мунга ўхшаш мисоли.378378
  Каримбек Камий, Дилни обод айлангиз, Т., “Маънавият”, 1998, 184-бет.


[Закрыть]

Арабча таъбирлардан:

Бир ғамза етар Лутфийни девона қилурға,

Бордур масал: “Ал оқилу камфихул ишора”.379379
  Лутфий, Девон. Гул ва Наврўз, Т., 1985, 243-бет.


[Закрыть]

Араб маталининг таржимада қўлланилиши:

Тўтиёи хоки пойинг файзина йўл бўлмасам,

Нури чашмим айб қилма, қур ўлур, дерлар, ғариб.380380
  Фузулий, Асарлар, 1-жилд, Девон, Ғ.Ғ. номидаги АСН, 1968, 57-бет.


[Закрыть]

Араб халқ ибораси “Ал оқилу камфиҳул ишора” – “Оқилга ишора кифоядир” маъносига эга бўлиб, таржима қилинган иборанинг асли “Ал ғарибу кал аъмо”дир. Таъбир қўллаш шунчалик фаол ҳодисаки, агар мумтоз адабиётимиздан матал-ибораларни йиғсак, бир жилд энциклопедия ҳажмидаги ёмбига эга бўлган бўлардик.

Таъбирлар адабиётнинг барча тур ва жанрларида учрайди: эпик асарларда ҳам, драматик асарларда ҳам. Ижодкорлар таъбирдан қаҳрамонларни индивидуаллаштириш усули сифатида ҳам фойдаланадилар. Кўпинча ибора ва маталлар бадиий асарларга киритилганда мўйсафидлар ва мутафаккирлар нутқида келтирилади. Тегишли ўринда, агар вазият талаб қилса, ёшлар тилидан ҳам ибора-матални эшитиш мумкин. Чунончи, “Зарбулмасал”да Кулонкирнинг ёш мулозими Куйканак совчи Кўрқушнинг кинояли гапига жавобан “Кичкина деманг бизни, сакраб урамиз сизни” иборасини ишлатади. Ибора-маталлар халқ оғзаки ижодининг энг фаол жанрларидан бўлгани учун биз бу ҳақда тўхталишни ортиқча деб биламиз ва уларнинг мумтоз адабиётимиздаги амалиёти, бадиий санъат сифатидаги хизмати, таснифи ва таъбир санъатининг қўлланилишида анъанавийлик ва таждид муаммолари юзасидан сўз юритамиз.

Таъбирларни аввало икки хил тасниф қилиш илм учун муҳимдир:

1) тўғри маъноли, асл маъносига мос ибора-маталлар;

2) кўчма маъноли ибора-маталлар.

Тўғри маъноли ибора-маталлар. Ибора-маталлар бир неча минг йиллик халқ тажрибаларининг бадиий ҳосиласи бўлганидан кўпинча ҳикматли фикрлар “қотиб қолиб, қолипга тушиб” ибора ҳолига келиб қолган. Масалан, Бобур ибора-матални анъанавий тарзда қўллаб ажойиб байт бунёд этган:

Бурноғилар сўзин назар қилғил:

“Уйнинг ўғрисидин ҳазар қилғил”.381381
  Бобур, Девон, “Фан”, 1994, 122-бет.


[Закрыть]

Бу тўғри маъноли иборанинг кучли тарбиявий аҳамияти борки, аёлми, фарзандми, қариндош-уруғми, хонадонга яқин одамнинг ўғрилиги катта зарар келтирадики, халқ минг маротабалар шу ҳодисага гувоҳ бўлганидан ўша матални тўқигандир.

Ғафур Ғуломнинг “Бизнинг кўчада ҳам байрам бўлажак” номли шеърининг сарлавҳасидаёқ таждид ибора қўлланилган. Муаллиф новаторлик кўрсатиб ғалабага интиқ бўлиб турган юз миллионлаб халққа далда бериш маъносида шу ибора байроғини ўз шеърига тиккан ва шеър бундан жуда йирик ғалабага эришган:

Йигитлар давра олиб айтурлар қўшиқ,

Ҳижронзада қизлар бўлиб жўровоз.

Висол кунидир бу ва мукаммал ишқ

Одамлик шаъни-ла қилади парвоз

Бизнинг кўчада ҳам байрам бўлажак.382382
  Ғафур Ғулом, Шеърлар, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1969, 66-бет.


[Закрыть]

Шу ўринда қайд этишни истардикки, бу ибора рус халқи томонидан тўқилган ва Ғафур Ғулом истеъдодига йўғрилиб, яхши таржима қлинган.

Абдулла Орипов “Бири кам дунё” иборасини анъанавий тарзда қўллаган ва бу матн мазмунига ўзига хос залворли фикр юклаган:

Одатда улфатлар бўлишганда жам,

Қизишиб дейдилар: “Дунё – бири кам”.383383
  Абдулла Орипов, Сайланма, “Шарқ”, 1996, 51-бет.


[Закрыть]

Буни ўқиган китобхон, улфатларга бирор нима етишмаётганмикан ёки улфатлардан бирови чинакам дунёга равона бўлганмикан, дея ўйга толади.

Тўғри маъноли таъбирларда йирик ахлоқий-таълимий фикрлар ифодаланганки, буни мавлоно Лутфийнинг қуйидаги байтида кўрамиз. Шоир одамни билиш мезонини аниқ уқтиради:

Лоф урур зулфунг била мушк, аслида бордур хато,

Ҳар кишининг аслини билса бўлур ахлоқдин.384384
  Лутфий, Сенсан севарим, Ғ.Ғ. номидаги АСН, 1987, 183-бет.


[Закрыть]

Буюк ҳикматлар қимматидаги бу ибора-маталнинг байт таркибидаги салмоғи ва мазмунига аҳамият берсак, асл кишилар лоф ва мақтанчоқликдан йироқ бўладилар. Кимки лоф урса, мақтанса, демак унинг асли-насли паст, деган қатъий ҳукм бор. Шу ўринда қайд этишни истардикки, кўпчилик эски ибора-маталларнинг бугунгача “эсон-омон” етиб келишида мумтоз шоирларимизнинг хизматлари катта: ижодкорлар фойдаланганликлари туфайли ўша иборалар адабиёт хазинасида мангулик умр топадилар.

Кўчма маъноли ибора-маталлар. Маталларнинг ярмидан кўпроғи кўчма маъноли бўлади, десак янглишмаган бўламиз. Чунки ибора-маталлар учун кўпроқ киноя хосдир. Бундай ибораларда ҳазил-мутойиба кайфиятлари, яширинча қочиримлар қилиш, зимдан шахс пучлигига ишора қилиш сингари усуллар хосдир. Мавлоно Лутфий офатижон, юзи анордай гўзалнинг ошиғи кўплигига ишора қилиб, “Бир нору минг бемор” (анор биттаю касал мингта) маталини ишлатган:

Назар аҳли кўруб нортек янгокинг,

Масал: “Бир нору минг бемор” дерлар. (Лутфий, 43-бет).

Бу матал узоқ замонлар маҳсули бўлиб, қашшоқ ҳаёт кечираётганлар турмушининг аянчли манзарасидан бир лавҳа тарзида яратилган. Анор айрим касалликларга шифобахшлиги қадимдан маълум. Матал мазмунига кўра, анор битта-ю, унга зор беморлар минг киши экан… “Маликул калом” унвони эгасининг маҳорати шунчалик юксакки, касаллик ва қашшоқлик билан, яъни бенаволик билан боғлиқ иборани муҳаббат мавзусига олиб кирган ва шу ибора орқали “бир қизга минг ошиқ” манзарасини яратишга муваффақ бўлган. Албатта хасталик ва ошиқлик орасида алоқа йўқ деб бўлмайди. Шоир ана шу мавжуд алоқадан, муҳаббатнинг ҳам оғир дард эканлигини ҳисобга олиб шундай унумли усулни қўллаган.

Иложсизлик касофати инсон умрида кўп йўлдошлик қилади. Шунинг учун шоирларимиз узоқ асрлардан бери, ҳар асрда ўнлаб маротаба бу иборага мурожаат этадилар. Уқтиргимиз келадики, ижодкор ибора-матални аслича қўлласа анъанавийликка садоқат кўрсатган бўлади, агар ўзлаштириб юборишга ҳаракат қилса-ю, бунга эришса, албатта янгилик-таждид бўладики, буни илмий тилда новаторлик дейилади. Лутфийдан:

Ерга кирсам кошки, чун етмас ул ойга илик,

Мушкул аҳволе тушубтур: “Ер қаттиқу, кўк – йироқ”.385385
  Лутфий, Сенсан севарим, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1987, 112-бет.


[Закрыть]

Ошиқ севгилиси висолига етиш имкониятидан маҳрум. Висол иштиёқи зўрлигидан бечора ошиқ ўлимга ҳам рози (ерга кирсам кошки). Ана шундай кайфият ва манзарани ифодаловчи энг лўнда, энг кучли, энг қисқа фикр – мазкур ибора-маталдир, албатта.

Шоира Фарида Афрўзнинг ибора қўллашдаги янгилиги – таждидини адойи тамом бўлган ошиқнинг аянчли рози ифодаси учун яна шу иборага анъанавий тарзда мурожаат этади:

Кеч кузакнинг шамоли – фотиҳ,

Камолидан заволи ортиқ.

“Осмон йироқ, ер эса – қаттиқ”

Соғинмоққа ҳолим қолмади.386386
  Фарида Афрўз, Кўзим маним, 1999, 12-бет.


[Закрыть]

деб бошланадиган шеърини қуйидаги умидбахш мисралар билан якунлайди:

Ушбу шеърни битаркан, армон

Юрагимга такрор буюрди:

Бемалол уч – узоқдир осмон,

Ер қаттиқдир – бемалол юргин.387387
  Фарида Афрўз, Кўзим маним, 1999, 12-бет.


[Закрыть]

Тўртликнинг кейинги байтидаги буйруққа кўра, юрак осмон йироқлиги учун бемалол учиши, ер қаттиқлиги учун бемалол, истаганча юравериши мумкин… Юқоридаги аянчли кайфият ифодачиси бўлган таъбир санъати бу байтга келиб далда берувчи, бемалол парвоз қилишга, яшашга чорловчи оҳанглар талқинини яратган. Демак, истеъдод – янгича, кашшофларча оламни, одамни, унинг фикрларини янги қирраларда кўрсата олувчи буюк қудрат экан.

Энди Фарида Афрўзнинг ибора қўллашдаги таждидини кўздан кечирайлик. “Дарёга олиб бориб, суғормай қайтариш” иборасини Ф.Афрўз ўзгага эмас, балки ўзига, ўз юрагига нисбатан қўллаб, бу матални тамоман янги, жозиб бир ҳолатга келтиради:

Соғина, соғина, соғинмай қўйдим,

Хўп телба кўнгилга чўпчаклар айтдим.

Алдашни ўргандим юракни боплаб,

Дарёга обориб суғормай қайтдим. (Ўша китоб, 34-бет).

Илм аҳлига сир эмаски, бу ибора одатда, адабий талқинда айёр, фирибгар шахслар қилғилиғига нисбатан ишлатилиб, китобхон қалбида ўшандай одамларга нисбатан нафрат ўтини оловлантирарди. Шоиранинг жасорати ва сеҳргарлиги шундаки, бу иборани муҳаббатда куйиб, ўртаниб, соғинч адойи тамом қилган ошиқ кўнгилга нисбатан ишлатиб, лирик фожеий бир ҳолатни яратишга муваффақ бўлган. Шўрлик ошиқ кўнгил эгаси аянчли ҳолатини йиғи зўрлигидан кулимсираб ифодаламоқда…

Сезяпмизки, анъанавий таъбир билан иборани таждид тарзида қўллаш орасида жиддий фарқлар бор. Таждид бадиий кашфиётчилик туфайлигина содир бўлади.

Таъбирларни мавзу жиҳатидан қуйидагича тасниф этиш мумкин:

а) диний-исломий таъбирлар;

б) дунёвий, ахлоқий-таълимий таъбирлар.

Диний-исломий таъбирлар ўзбек мумтоз ва ҳозирги замон адабиётида кўплаб учрайди. Чунки халқ маънавий ҳаётининг асоси бўлган ислом дини мусулмон маданияти деган улкан адабий, фанний, маърифий хазинанинг бунёд бўлишига сабабчи бўлибгина қолмай, халқ қалби ва руҳига чуқур кириб борди. Эл ислом руҳида нафас олди ва шунинг учун ҳам шариат талабларига риоя қилиш, Оллоҳ учун яшаш, фидо бўлиш узоқ асрлар Ўрта Осиё халқлари учун орзу ва амал бўлиб келди. Халқ орасида эзгуликни тараннум этадиган “Яхшилик қил сувга сол: сув билмаса балиқ билар, балиқ билмаса Холиқ билар” қабилидаги ибора-маталлар, “Худо асрасин!” эҳтиёт-илинж тилакларини ифодаловчи иборалар, бандаликни тан олувчи, бутун ирода ва бўлажак ишларни Оллоҳга ҳавола қилиш хусусидаги иборалар, “Худога солдим” сингари кескин ифодалар, “Дунё дедим панд едим, Оллоҳ дедим қанд едим” чинакам Оллоҳпарастлик оптимизми иборалари билан халқимиз хотираси бойдир. Чунончи, Мавлоно Лутфийнинг қуйидаги байтида инсон вужудининг сувайдоси – имонни шайтон васвасасидан сақлаш ҳақидаги ибора қатнашган:

Юзунг имон нуридур, сақла рақибдин пардада,

Сақласа яхши киши иблисдин имонини.388388
  Лутфий, Сенсан севарим, 1987, 265-бет.


[Закрыть]

Тақдирни тан олиш, ҳар бир умрий хатти-ҳаракат Оллоҳ иродасига боғлиқлиги, банданинг ўз тақдирига тағйир беролмаслиги ҳақидаги қарашлари ҳам Лутфийнинг қуйидаги байтида ўз ифодасини топган:

Лутфийни ўлтурма сенсиз ўлмаган журми чун,

Ким, юрумас банданинг фармони тақдир устина. (Лутфий, 76-бет).

Ҳозирги замон ижодкорларининг ихтирокорлиги сирларидан бири шундаки, улар мумтоз адабиётда иккинчи ёки учинчи шахсга мўлжалланган ибораларни биринчи шахс – лирик қаҳрамоннинг ўзига нисбатан қўлламоқдаларки, бу янгича услубдир:

Ойдин Ҳожиева халқ тилидаги “…шайтоннинг бўйни синсин” иборасини ўз шеъри таркибига шундай яхши жойлаганки, узукка кўз қўйгандай услубан силлиқ, бадиий таъсирчанлик омили бўлиб мисрага тизилган:

Деворга сўз қотгунча то

Тиғ урсайдим ўзима!

Сўзим ерда қолганича,

Шайтон бўйни синсайди.389389
  Ойдин Ҳожиева, Паноҳим, “Шарқ”, 1998, 56-бет.


[Закрыть]

Қаноат ва сабр-тоқат исломий талаблардан бўлгани учун шоира Ойдин Ҳожиева рубобий қаҳрамонига далда беришга уринар экан, “суйган бандасига дард бергай Худо” иборасини анъанавий тарзда қўллаб, ўз фикрларига яхши асос қура олган:

Бошингга тушса иш, ҳар ёнга урма,

Ўзингни оловли сандонга урма.

Суйган бандасига дард бергай эгам,

Чидаб бер, тўзим топ, тўзонга урма.390390
  Ойдин Ҳожиева, Паноҳим, “Шарқ”, 1998, 76-бет.


[Закрыть]

Дунёвий, ахлоқий-таълимий таъбирлар. Булар энг кўп учрайдиган ибора-маталлар бўлиб, инсоният ўз тарихида ҳаётий, ахлоқий-таълимий ўгитларни кичик-ихчам гап қолипларига солиб, ибора – пишиқ ҳикмат ғиштларини қуйганки, у келажак кишилари шахси иморати учун ҳамиша зарурдир. Бундай иборалар мундарижаси жуда кенг: ҳаётнинг минг жабҳаси, кишилик муносабатлари, оила, оиладорлик, яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва ёвузлик, оқиллик ва айёрлик, зийраклик ва овсарлик, бойлик ва қашшоқлик… кабилар ҳақида халқ минглаб ибора-маталлар тўқиганки, уларнинг кўпи одамийликка, ахлоққа жон бағишлайдиган, бир қисмигина ўз манфаати, ёвузлар қарашлари акс этган иборалардир. Эл донишмандлиги айниқса ваҳшиёна қасоскорликка қарши қаратилган бўладики, бу ҳам иборада ифодалангандир. “Қонни қон билан ювиб бўлмайди” ибораси шулардан бири бўлиб, муроса-мадорога чорланади. Шу ибора эшитилганда одам ўлдирилиши ҳақидаги даҳшат эсга тушади. Мавлоно Атойи эса бу иборани муҳаббат мавзусига олиб кириб, новаторлик кўрсатиб, латиф бир байт яратган:

Лаълидин бағринг қонин ҳардам Атойи сўрмаким,

Чун аримас ҳар нечаким, ювсалар қон бирла қон.391391
  Ҳаёт васфи, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1988, 404-бет.


[Закрыть]

Вақт ва лаҳза ғаниматлиги ҳақидаги фикр ҳам ибораларда турли-туман шаклда ўз ифодасини топган. Шоир Атойи “дам” тушунчасини ҳусн умри маъносида қўллашга ўринли ҳаракат қилган ва ибора воситасида ўз мулоҳазасига яхши асос келтирган:

Ғанимат тут жамоли ҳусн даврин

Масалдурким, яна бу дам топилмас.392392
  Ҳаёт васфи, 357-бет.


[Закрыть]

Лаҳза, умр лаҳзаси ғаниматлигини Алишер Навоийчалик иборада ифодалай олган сўз санъаткорлари оз бўлса керак. Даҳо шоир иборани такрир санъати қоришиқлигида келтириб, ўзига хос ихтирокорлик қилган. “Маҳбуб ул-қулуб”дан ўқиймиз: “Бир турк бу маънода дебдурким: “Дам бу дамдур”. Байт:

Мозию мустақбал аҳволин такаллум айла кам,

Не учунким, дам бу дамдур, дам бу дамдур, дам бу дам”.393393
  А.Навоий, МАТ, 14-жилд, “Фан”, 1996, 125-бет.


[Закрыть]

Биргина байтда “дам бу дамдур” иборасини уч карра такрорлаш – таъкидлашнинг ажойиб самарали усулидирки, бундан байт таъсирчанлиги жуда ортган.

Мавлоно Лутфий “Киши ошига сабр қилиш керак” деган иборани анъанавий тарзда байт таркибига киритиб, рақибга нисбатан, ҳақинг йўқ нарсани нега умид қиласан, деган кинояли фикрни айта олган:

Ҳалвом учун дудоғи фироқинда, эй рақиб,

Ошиқмағил, сабр керак киши ошина.394394
  Лутфий, Сенсан севарим, 1987, 19-бет.


[Закрыть]

Муомала маданияти, суҳбатда тотувлик мувозанати оқиллик белгиси бўлиб ҳисобланади. Шунинг учун бирор иш битириш борасида сўз кетса, кўпинча “на сих куйсину на кабоб” ибораси қўлланиладики, бундан мақсад ҳар иккала томон манфаатдорлигини ўйлаб мулоҳаза юритишдир. Лутфий бу ибора-матални муҳаббат мавзусига олиб кирган:

Андоқ сўрунг бегимким, не шиш куйса, не кабоб,

Ул ғамзанинг сўзию, кўнгул шарҳи ҳолини. (Лутфий, 325-бет).

Инсоният пайдо бўлибдики, бойлик фаровонлик манбаи, доруломон яшаш воситасидир. Ошиқ учун эса, энг улуғ неъмат – бойлик ёр висоли: севгилисининг юзига термулиш:

Кўзум тўймас неча ҳуснунгга боқсам,

Бале, ортуқси давлат кўз чиқармас.395395
  Лутфий, Сенсан севарим, 1987, 351-бет.


[Закрыть]

Шоир “Ортиқча давлатнинг зарари йўқ” иборасини бу байтда қўллаб латиф киноя орқали ошиқ даъвоси ҳақлигига гўзал асос келтирган.

Бирор сирни яшириб бўлмаслиги, айниқса, катта воқеалар дарагини ёпиб бўлмаслиги хусусида “Эл оғзига элак тутиб бўлмайди” ибораси қўлланилади. Бу иборани янги ифодага хизмат қилдириш, новаторлик маҳорати шоир Фахриёрга насиб этганки, фикрчан шеърият ижодкори “Эл оғзига элак тутиб бўлмайди” ибораси баъзан ижтимоий ҳаётга тўғри келмаслигидан кучли киноя қилиб, иборага нисбатан тескари фикр юритади ва янги, ўта замонавий залворли фикр изҳор этади:

Ун бўлмаса ҳамки уйида

Деҳқон элагини сотмайди.

Шикоятлар келмас ўйига,

Бировга арз қилиб ётмайди.

Очлик енгиб тоқ бўлса тоқат,

Икки дунё тор келса кўзга.

У зорланмас, сўкинмас, фақат,

Элагини тутар оғзига.396396
  Фахриёр, Аёлғу, “Шарқ”, 2000, 117-бет.


[Закрыть]

Кўриниб туриптики, энг кучли якунловчи фикр шеърда ибора елкасига юкланган. Бордию муаллиф ижтимоий бедодликлардан дод тарзида иборани аслида қўллаганида бу даражадаги кучли шеър ёзилмаган бўларди эҳтимол… Шоирнинг янгича усули – иборани тескари қўллаши туфайли шоирона виждон чинқириғи янграган. Китобхон диққати оғзига элак тутган деҳқонга тортилган.

Халқ орасида “Ит ҳурур, карвон ўтар” ибораси жуда кўп ишлатилади. Абдулла Орипов ҳам шу иборани анъанаивий усулда қўллаган:

Дейдиларки: “Ит ҳурур – ўтади карвон”,

Ранжу балолардан ёнмасин жонинг.

Лекин алам қилар бир умр гирён,

Итлар орасидан ўтса карвонинг.397397
  Абдулла Орипов, Сайланма, “Шарқ”, 1996, 360-бет.


[Закрыть]

Бироқ йирик истеъдод соҳиби бу иборани кашф этиш йўлидан бориб, икки янгилик киритган. Биринчиси, одатда ибора айтилган фикр тасдиғи тарзида фикрдан сўнг келарди; иккинчиси, охирги мисрада ибора мазмуни ва қамрови ўта кенгайтирилган, таъсирчанлик беқиёс даражада ўсган. Чунки китобхон иборага дуч келганида карвонга бир ит ҳуришини назарда тутарди. Шоир эса умр карвони итлар орасидан ўтиши ҳақида фикр юритиб юборган. Натижада ибора залвори янада ортган. Ибора қўллашнинг тескари композицияси ижодкорнинг чинакам новаторлигидир.

Ўзбек мумтоз ва ҳозирги замон адабиётида ибора қўллашдаги таждид ҳодисаларини ўрганиш натижасида шундай хулосага келдикки, шоир ибора матнига кучли дахл этар экан: уни турли томондан моҳирона ўзгартириш усулларини излар экан. Бу дахл этишлар, матнни ўзгартиришга уринишлар “сал-пал” деган сўзлар билан ифодаланувчи даражада бўлса ҳам таждид юз бериб, шоир новаторлиги “мана мен!” дер экан. Шу маънода шоир Усмон Азимнинг энг қадимий иборалардан бирини нечоғлик янгилаганини мулоҳаза қилайлик. Қуйидаги тўртликда даҳшатли уруш даврида Болғалининг буғдойи думбул бўлган пайтда бир қизгинанинг битта бошоқни қўлига олиб эгилаётганида қоровулнинг унинг бошига отда етиб келганида, қизча бутун даҳшатни сезиб қолади:

Кафтингизга жонсарак

Яширдингиз бошоқни.

Эвоҳ, ер мунча қаттиқ,

Осмон шунча узоқми?!398398
  Усмон Азим, Сайланма, “Шарқ”, 1995, 47-бет.


[Закрыть]

Аждаҳо ўз комига тортганида инсон нечоғлик ваҳимага тушса, қизча ўша аҳволга тушган. Бу матнни ўқиётган китобхон шоирнинг иборани маҳорат билан “ўз сўзларига айлантириб юборганини” ҳам сезмай қолади. Иборага муаллиф қўшган “Эвоҳ” ундов сўзи ва “-ми?” сўроқ юкламаси иборани мутлақо янгича куч-қудрат билан қуроллантирмаган, йўқ, уни фожеали ҳолатни юзага келтирувчи фонга айлантирган. Гўё шоир ибора иморатини бузиб, қайтадан шундай таъмирлаганки, аввалги иморатни таниш энди анча қийин.

Ибора қўллашда таждид имкониятлари жуда бойлигини шоира Ойдин Ҳожиева ижоди мисолида ҳам кузатиш мумкин: қуйидаги икки байт мутолаасиёқ ижодкор қалами янгилик бунёдкори эканлигини кўрсатади. Мозий маталнинг янги талқини:

Ўздан чиққан балоларга,

Қайга борай даволарга?399399
  Ойдин Ҳожиева, Паноҳим, Ўша нашр,, 1998, 82-бет.


[Закрыть]

Ёки оҳорли, замонавий ибора талқини:

Косамиз оқариб, пичоғимиз мой,

Гоҳ-гоҳ ҳолимизга маймун деди вой.400400
  Ўша китоб, 48-бет.


[Закрыть]

Мисоллардан шундай хулосага келиш мумкинки, таъбир санъати матнга қуйидагича бадиий фазилатлар берар экан:

а) айтилган фикр-мулоҳазаларни тасдиқлайди ва қувватлайди;

б) таъсирчанликни оширади;

в) айниқса таждид тарзида қўлланилган иборалар китобхонлар фикрига ларза ташлайди, кучли ҳайратга толдириш стимули бўлади;

г) айтилган фикрнинг учқур қанотига айланади;

д) матн мазмуни устида чуқурроқ ўйлашга рағбатлантиради.

Таъбирчиликдаги анъана ва таждид умрбоқий ҳодиса эканлигини ҳар бир истеъдодли шоир китобини варақлаганда кўриб, ўқиб амин бўламиз.

Тақсим санъати

Тақсим санъати истилоҳи ушбу бадиий тасвир моҳиятини изоҳлашга қўл келади. Шоир бу санъатни қўллаганда байтда икки тушунча ёки нарса-предметни номлайди-да, сўнг уларнинг ҳар бирига тегишли сифатлар ёки хатти-ҳаракатларни айтади. Бироқ қайси сифат ёки хатти-ҳаракат қайсига тегишли эканини билишни ўқувчининг ўзига ҳавола қилади. Бироқ бу ҳавола қилишни ҳал қилиш баъзан китобхон учун осон кечса, баъзан бошқотирар даражага ҳам етади. Қизиғи шундаки, ақл мантиғи, математикаси билан банд бўлиш ўқувчига ёқади, чунки у шу санъат орқали ўз идрокини, ҳатто виждонини синайди. Негаки тақсимда кўпинча оддий нарса-предмет билан иш кўрилса, баъзан ахлоқий категорияларга мансуб тушунчалар билан шуғулланилади.

Шоирлар бу санъатга болаларни гўё ёшликдан ўргата борадилар. Чунончи, Навоий “Лисон ут-тайр” достонида мактабда ўқувчилар ўқийдиган дарсликларни санар экан, уларнинг айримлари наср, баъзилари достон эканлигини қайд этиб, тақсимнинг осон навини қўллайди. Чунки, ўқувчилар наср ва достон намунасини осонлик билан фарқ этадилар, яъни тақсимни осонгина амалга оширадилар:

Насрдин баъзан ўқур ҳам достон,

Бу “Гулистон” янглиғу, ул “Бўстон”.401401
  Алишер Навоий, Лисон ут-тайр, Ўша нашр., 1991, 258-бет.


[Закрыть]

Демак, насрга тегишлиси “Гулистон”, достонга тақсимотда “Бўстон” тушди.

Рожий Хўқандий “Зарбулмасал” асаридаги бир байтда қуйидагича тақсим санъатини қўллаган:

Дўст нодон бўлсау, душман – фаҳим,

Кўргасен андин сақар, бундин наим.402402
  Асрлар нидоси, Ўша нашр., 1982, 197-бет.


[Закрыть]

(Мазмуни: дўст нодон бўлса-ю, душман фаҳм-фаросатли бўлса. ундан дўзах азобини чекасан, бундан ноз-неъматга етасан).

Китобхон энди бош қотиради: “у” киму “бу” ким? Дўстдан ноз-неъматга етадими ё душманданми? Дўзах азобини ким туфайли чекади: нодон дўст туфайлими ёки фаҳм-фаросатли душман туфайлими? Ўйлай-ўйлай ақлини ишлатиб, маъно тизгинини топиб олади. Демак, байт мазмуни шундай эканки, дўст нодон бўлса-ю, душман идрокли бўлса, киши дўст туфайли дўзах азобини чекади-ю, дўшмани орқасидан ноз-неъматга етади.

Насрда тақсим санъати ҳам асл вазифасида: китобхон идроки тезлигини синаш, ҳам услубий силлиқлик (сўзни, гапни такрорлайвермаслик) омили сифатида хизмат қилади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур тарихий исми шарифларни такрорламай, тақсим санъатини қўллаб, “анинг”, “мунинг” олмошларидан фойдаланган: “Султон Масъуд мирзо била Хисравшоҳнинг орасида: анинг беэътидоллиғидин ва мунинг улғаймоқликларидин ниқорлар ва кудуратлар бўлуб эди”.403403
  Бобур, Бобурнома, “Фан, 1960, -бет.


[Закрыть]

Китобхон кимнинг “беэътидоллиғи” (беқарорлиги) ва кимнинг “улғаймоқликлари” ни ажрата олса. тақсим санъатини тўғри ҳал қилган бўлади. Ечим: Султон Масъуд мирзо беэътидоллиги ва Хисравшоҳнинг улғаймоқликлари устида сўз бормоқда.

Мавлоно Огаҳийнинг қуйидаги байти ҳам оз бўлса-да, китобхонни ўйга толдиради: ким қанду ришола ейди-ю, ким тузсиз атала ичади?

Жуқалоға бўлса забун не тонг фузало, суфраи чархдин –

Онга туъма қанду ришолау, мунга луқма тузсиз атоладур.404404
  Огаҳий, Асарлар, Девон, 1-жилд, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1971, 174-бет.


[Закрыть]

(Мазмуни: фозиллар жоҳиллар олдида хор бўлсалар ажаб эмас. Чунки дунё дастурхонидан буларга қанду ришолаю, уларга тузсиз атала берилган).

Адолатсиз замонлар гувоҳи бўлган доно китобхон дарҳол масалани тўғри тақсимлаб ҳал қиладики, жоҳиллар қанду ришола ейдилар, фозиллар насибаси тузсиз аталадир. Шунинг учун Огаҳий куйиб-ёниб, адолатсиз тақсимотдан фарёд чеккан! Демак, тақсим санъати ижтимоий адолатсизликларга ҳам дахл этар экан.

Мумтоз адабиётимиз намуналаридаги тақсимли байтларнинг асосий қисми муҳаббат мавзусига дахлдор десак, адашмаган бўламиз. Огаҳийдан:

Караминг эрур манга асру оз, ситаминг манга эрур асру кўп,

Келу мақсадимга етур мани бу озу кўпинг кўпу оз этиб.405405
  Огаҳий, Девон, 1-жилд, 100-бет.


[Закрыть]

Рубобий қаҳрамоннинг маҳбубасидан ўтинчини: севгилисидан кўпингни озайтир, яъни ситамингни озайтир, озингни кўпайтир, яъни карамингни кўпайтир, демоқчи бўлганини тушуниш қийин эмас.

Даҳо шоиримизнинг фидойи ошиқ қаҳрамони розини тинглайлик-чи, унга нима осон-у, нима душвор (қийин)экан:

Эй Навоий, халқ дер: “Жон бер-у ё кеч ишқидин”,

Гарчи бу душвор эрур, лекин ул осондур манга.406406
  Алишер Навоий, МАТ, 3-жилд, 1988, 36-бет.


[Закрыть]

Жон бериш осонми ёки ишқидан кечиш осонми? Жон бериш қийинми ёки ишқидан кечиш қийинми? Анъанавий ечим тўғри тақсимлаш имконини беради: рубобий тимсол ёр муҳаббатидан кечиш қийин, жон бериш осондир, дея иқрор этган. Бундай тақсимотни осон қилганимизнинг боиси шулким, китобхон минг маротабалаб ошиқ тилидан: “айлагил жондин жудо, қилгунча жонондин жудо” деган дил изҳорларини кўп тинглаган.

Бундай ақл-идрок машқи билан шуғулланиш тақозоси мумтоз адабиётимизга хос фазилатлардан бири бўлиб ҳисобланади. Чунки мумтоз адабиёт юксак идрокли, ақлни ишлатиб қувона оладиган оқиллар учун яратилади. Сабки ҳиндуда қўлланиладиган фаол усуллардан бири тақсимдир.

Мисоллардан кузатилганидек, тақсим санъати қатнашган байтлар:

Биринчидан, кўрсаткичли бўлади (“у” ёки “бу” олмоши албатта қатнашади);

Иккинчидан, кўрсаткичсиз бўлади. Огаҳийнинг “кўпу оз”и қатнашган байти кўрсаткичсиз эди.

Тақсим санъати фаол бадиий восита бўлгани учун деярли ҳар бир девондан бунга мисоллар топилади. Айниқса, Бобур шеъриятида тақсимнинг қуйидагидек “бошида нима ҳаво экану, жонида нима ҳавас экан?” деб ўйлашга мажбур қиладиган байтлари кўп:

Эврулсам онинг бошиға, топшурсам анга жон,

Жонимда ҳавас улдуру, бошда бу ҳаводур.407407
  Бобур, Девон, 1994, 29-бет.


[Закрыть]

Айниқса, қуйидаги дилбар байти бу жиҳатдан жуда диққатга сазовордир:

Шаҳсуворимнинг буроқи пўясидин қолди барқ,

Ким, анинг феъли шитоб эрмиш, мунунг расми – сабот.408408
  Бобур, Девон, 80-бет.


[Закрыть]

Энди бош қотирамиз: хўш, буроқнинг феъли шитобми ёки барқники? Буроқнинг феъли саботми ёки барқникими? Табиат ҳодисаларига қараб ҳукм қиладиган бўлсак, байтдаги тақсимни тўғри ҳал қилолмаймиз. Чунки биринчи мисрада ошиқ: “Севгилимнинг буроқи яшиндан ўзди” деб даъво қилмоқда. Шунинг учун ошиқ кўнглига ва унинг муболағасига ён бериб, тақсим санъати дахлини қуйидаги мазмунда ҳал қиламиз: шаҳсувори буроқининг феъли шитоб экану, барқ (яшин)нинг феъли сабот экан…

Абдураҳмон Жомий “Баҳористон” китобида тақсим санъатининг яхши намунасини келтирган:

Шеър оламида пайғамбар учта,

Гарчандки “ло набия баъдий”,

Достону қасидаю ғазалда

Фирдавсию Анварию Саъдий.409409
  Абдураҳмон Жомий, Баҳористон, Тошкент, 1979, 76-бет.


[Закрыть]

Китобхон ушбу байтларни ўқиганда Фирдавсийга қайси жанр пайғамбарлиги, Анварийга қайси жанр шуҳрати ва Саъдийга қайси жанр ихтирокорлиги мансублигини ўйлаши, оқилона тақсимлаш билан шуғулланиши керак. Таржимон маҳоратига кўра остинма-устин турган сўзлар тақсим ишини осонлаштиради. Демак… достонда Фирдавсий, қасидада Анварий ва ғазалда Саъдий пайғамбар даражасида эканлар…

Адабиётдан, хусусан, форсий адабиётдан яхши баҳраманд бўлмаган китобхон мазкур тақсим санъатини нотўғри ҳал қилади, албатта. Демак, байтдаги тақсим санъатини пайқамоқ ва тўғри ҳал қилмоқ учун ўқувчига маълум маънодаги уқув ва маълум даражадаги билим захираси керак бўлади.

Тақсимнинг ушбу усулидан кейинчалик фойдаланган, ана шу анъанани давом эттирган шоир Шермуҳаммад Мунисдир. Унинг қуйидаги байтида талмеҳ санъати бору, тақсим йўқ:

Ёзди Фирдавсий анинг отиға чун “Шоҳнома”ни,

Ўтти гардундин ливойи шуҳрати Маҳмуд шоҳ.

Аммо бу байт мазмуни тубандаги байтдаги тақсим санъатини тўғри идрок этишга маълум маънода кўмаклашади:

Шеърдин топмоқлиғиға Санжару Султон Ҳусайн

Номи боқий – Анварий бирла Навоийдур гувоҳ.410410
  Мунис, Сайланма, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1981, 14-бет.


[Закрыть]

(Мазмуни: Шеър туфайли Султон Санжар ва Султон Ҳусайн Бойқаро абадий ном қозонганликларига боис Анварий ва Навоийдир).

Демак, муаллиф айтмоқчики: Анварий қасидалари туфайли Султон Санжар номи улуғланди ва Навоий шеърияти туфайли Султон Ҳусайн Бойқаро абадий шуҳратга чулғанди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации