Электронная библиотека » Эркин Рахмонов » » онлайн чтение - страница 12

Текст книги "Бадиият жозибаси"


  • Текст добавлен: 31 мая 2023, 14:14


Автор книги: Эркин Рахмонов


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 12 (всего у книги 27 страниц)

Шрифт:
- 100% +
Ҳусни таълил санъати

Бадиий асослаш омиллари орасида чинакам шоирона, китобхонни лолу ҳайратга чулғайдиган ҳусни таълил деган санъат борки, бунинг моҳиятини бизда чала тушунишади, “гўзал асос келтириш” деб талқин қилишади. Аслида бундан ҳам муҳимроқ жойи борки, ҳусни таълил келтириладиган асоснинг аслида нимани далиллашга келтирилса, ўшанга мутлақо дахли бўлмайди. Агар ҳусни таълилда шу нуқтани инобатга олмасак, бу санъат моҳиятини тўғри идрок этолмаймиз ва уни тамсилдан фарқ этолмай аросатда қоламиз. Бундоқ мантиқан ўйлаб қаралса, кишининг энсаси қотиши, ие, дахли бўлмаса асослашнинг нима кераги бор, деган эътироз туғилиши мумкин.

Аслида ҳусни таълилнинг шоирона асослаш санъати эканлиги ана шу нуқтада билинади. Мумтоз шоирлар ҳар қандай фикрни унга дахлсиз бўлган далил билан ҳам асослаб китобхонни қойил қолдирадилар.

Мавлоно Лутфий ҳатто диний русумлар – намоз ва таҳорат билан боғлиқ тасаввурларни ҳам ҳусни таълил санъатида ифодалаб ўқувчини лол қолдиради:

Қутлуғ аёғинг ерга тегибдур, онинг учун

Эл ерга қўюб бош, қилур барча ибодат.311311
  Лутфий, Сенсан севарим, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1987, 28-бет.


[Закрыть]

Ёки:

Ер узра этак судраб ўтубсиз онинг учун

Туфроқ ила ҳар ерда раво бўлди таҳорат. (Лутфий, 30-бет).

Агар биз рубобий тимсолга ишонсак, мусулмон аҳлининг ерга бош қўйиб ибодат қилишининг сабаби маҳбубаси оёғининг ерга теккани экан… Тупроқ билан таҳорат олиши боисига келсак, ўша маҳбубанинг этаги ерда судралиб ўтгани учун экан… Бундай кулгили асосларга ўхшаш шоирона далилларни ўқиган ҳар қандай китобхон беихтиёр жилмайиб қўяди ва Мавлоно Лутфийнинг шоирона асосларига тасанно дейди.

Ўзбек адабиётшунослигида ҳусни таълил ҳақидаги илк маълумотлардан бири филология фанлари доктори Ҳоди Зарифнинг “Фозиллар фазилати” (1968) китобида берилди ва икки йилдан сўнг филология фанлари номзоди Ёқубжон Исҳоқовнинг “Ҳусни таълил” номли мақоласи “Ўзбек тили ва адабиёти” журналида эълон қилинди. Бу ажойиб мақолада келтирилган мисолларнинг бир қисми ҳусни таълил намунаси бўлолмагани кишини ўйлантиради. Ушбу сатрлар муаллифи ҳам Ё.Исҳоқов назарий фикрларига асосланиб шу мавзуда мақола ёздим. Бахтимга мақол босилмай туриб Ян Рипканинг “Из истории таджикско-персидской литературы” (Москва, 1970) деган китоби босилиб чиқди ва ўшандан бу санъат моҳиятини билиб олиб, мақоламни қайтадан ёздим. Ҳоди Зарифнинг фикрларини табаррук учун келтирамиз: “Илгариги маҳаллий сиёҳларда шира ва елим бўлар эди. Бу сиёҳ билан ёзилган китоб нам тортса, варақлари бир-бирига ёпишиб қолади. Бизнинг иқлими иссиқ мамлакатдаги зах ҳужралар, хонақолар ва уйларда қўлёзма китоб варақларининг бир-бирига ёпишиб қолганлиги жуда кўп учрайди. Лутфий бу ҳолни ҳусни таълил йўли билан жуда бадиий ифода этган:

Ширинлигидин коғази бир-бирига ёпушти,

Ирнинг сифатин қайдаки ёздим варақ ичра.

Навоий эса, ошиқнинг фиғон ва илтижоларига ёрнинг жавоб қайтармаслиги, ҳол сўрамаслиги сабабини ҳусни таълил билан, ёрнинг лаблари ширинликдан бир-бирига ёпишиб қолган, дейди:

Ёр оғиз очмасқа дардим сўрғали топтим сабаб:

Кўп сучукликтин ёпушмишлар магар ул икки лаб”…312312
  Ҳоди Зариф, Фозиллар фазилати, ДБАН, Т., 1968, 82-83-бетлар.


[Закрыть]

Ян Рипка ҳусни таълил санъати моҳиятини ёритувчи изоҳлар тарзида “прекрасная этиология”, “фантастическое обоснование” тушунчаларини қўллаган. Дарҳақиқат, чех олими мазкур санъат моҳиятини жуда яқиндан аниқ тасаввур этаолган. Мен Ян Рипкага атайлаб мурожаат қилганимнинг боиси шундаки, ўтган асрнинг 70-йилларида форс ва турк манбалари биз учун унчалик қўлйетар эмас эди. Шунинг учун поэтика соҳасида иккинчи манбаларга нисбатан ҳам чанқоқ эдик.

Кузатишлардан шундай хулосага келдимки, ҳусни таълил санъати намуналарининг кўплигига сабаб умуман адабиётдаги воқелик ва муносабатлар ҳақиқатининг шартлилигидир. Бу санъат шоирнинг воқеликдаги ҳодисаларга шоирона ёндашуви маҳсулларидирки, ҳозир ҳам бу санъат барҳаётгина эмас, ҳатто фаол усуллардан дея қайд этиш мумкин. Чунки бу санъатнинг воқеликдаги амалиёт доираси чекланмаган: муҳаббат шодлиги, изтироб ва можароларида ҳам, китоб ва фаннинг барча соҳалари хусусида ҳам, диний расм-русумлару фиқҳ моддалари юзасидан ҳам, табиат ҳодисалари ҳақида ҳам ҳусни таълил санъати иштирокида байтлар ихтиро қилиш мумкин ва қилинмоқда ҳам. Ҳусни таълил санъати ҳатто тарих ва тарихий шахслар, адабий қаҳрамонлар, пайғамбарлар ҳаёти ҳақида ҳам қўлланилиши мумкин бўлган универсал бадиий-тасвирий воситадир. Шунинг учун ҳусни таълил дахл этадиган мавзулар чек-чегарасиздир, десак муболаға бўлмайди. Буни аниқ тасаввур этиш учун айрим мавзулар бўйича ҳусни таълил санъати амалиётига назар ташлайлик.

Биринчидан, ҳусни таълилларнинг энг кўпи муҳаббат ҳақидаги шеърларда бўлиб, кўпинча ошиқ тилидан изҳори дил талқинларида учрайди. Орзубоп малакнинг лаблари қанддан ширин, қолаверса, қанд ширинликни ёрнинг лаъли лабларидан ўғирлаганлигини далили билан ўқишимиз мумкин:

Лабингдин чун сучуклук қанд ўғурлар,

Солурлар эл ани суға яланғоч313313
  Лутфий, Сенсан севарим, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1987, 31-бет.


[Закрыть]

деб лутф қиладилар Мавлоно Лутфийнинг ошиқ тимсоллари. Ошиқ ўз даъвоси ҳақлигини исботлашга келтираётган далилини қаранг: шунинг учун ҳам кишилар, ёр лабидан чучукликни “ўғирлаган” қандни жазолаб яланғоч ҳолда чойга соладилар! Бундай байтларни китобхон юзда табассумсиз ўқиёлмаса керак, албатта…

Ошиқ тасаввурида маҳбуба оқ билак, оқ билаккина эмас, билагининг оқлиги мислсиз. Шунинг учун кумушдай оқлик тимсоли маҳбуба билакларидан оқликни “ўғирлаган”. Турган гапки, ўғирлик жазосиз қолмайди: шунинг учун кумушни омбир билан тутиб оловга қалайдилар…

Кумуш чун лутф ўғурлар соидингдин,

Тутуб анбур била ўтқа солурлар.314314
  Лутфий, Сенсан севарим, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1987, 47-бет.


[Закрыть]

Мавлоно Лутфий заргарнинг оддий машғулотидан ана шундай ҳусни таълил санъатини ихтиро қилганлар. Шу ўринда қайд этишни истардикки, Лутфийнинг кўп ҳусни таълилларида “ўғирлик” тушунчаси қатнашади: лола қизнинг юзидан ранг олиб кетгани учун уялиб шаҳарга келмайди:

Юзунгдин лола ранг элтиб уёлиб шаҳрға кирмас,

Анинг бўйнин киши боғлаб келтурмағунча саҳродин.315315
  Лутфий, Сенсан севарим, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1987, 181-бет.


[Закрыть]

Кўрдикки, келтирилган ҳар уччала байтда ҳам гап “ўғирлик” устида бормоқда. Навбатдаги махсус қайд этгулик ҳол, уялмоқ ва хижолат тушунчасидирки, Лутфий ҳусни таълилларининг анчасида шу ҳолат зикр этилади. Олдинги байтдан мазмунан унча узоқ кетмаган қуйидаги байтларда ҳам яна ўша уялиш ва туркона айтсак, “ўфтаниш” мавжуд:

Нетар лола туруб ёбонда мунча,

Уётингдин агар овора йўқтур. (Лутфий, 41-бет).


Эй сарви гул узор, янғоқингдин ўфтониб,

Ёбонға шаҳрдин қочибон лола зор эрур. (Лутфий, 60-бет).

Ушбу ҳусни таълилли байтларда Лутфий маълум маънода ўз нукталарини тахлаган дейиш мумкин. Бироқ байт мазмуни маъносида ҳар бир байтнинг ўз нуктаси борки, бу маънода ҳар бир байт мустақилдир.

Иккинчидан, юқорида келтирган мисолларимиздан аниқ сезилмоқдаки, ҳусни таълилларнинг муҳаббатга бағишланган байтларида табиат ва табиат мавжудотлари: гул, лола, чечак, сарв сингари гўзаллик намуналари албатта қатнашадилар. Ва бу мавжудотлар – табиатнинг кўркли намуналари инсон гўзаллигига тан берадилар, ийманадилар, уяладилар. Биргина “гул” иштирокида Мавлоно Лутфий ўнга яқин ҳусни таълил санъати қатнашган байт ижод қилгани бунинг яққол далилидир. Юқорида биз лола хусусида учта байтни кўриб чиқдик.

Аслини олганда, оламда саноқли орзубоп гўзаллик намуналари бор: Оллоҳ, пари, қиз ва гул. Бироқ шоир талқинида гул қиз ҳусни олдида ўз кўркидан хижолатда: гулни қиз юзига ўхшатсалар севинганидан ўз тўнига сиғмай кетади (атиргулнинг очилиши):

Севингандин гул ўз тўниға сиғмас,

Ким, они юзунга нисбат қилурлар.316316
  Лутфий, Сенсан севарим, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1987, 47-бет.


[Закрыть]

Бошқа барча байтларда биз гулни “ночор кайфият”да кўрамиз:

Ой юзунгнинг хижлатиндин гул қизорди, ҳолиё

Ханда бирла ўткарур, чун инфиоли бор дурур. (Лутфий, 56-бет).

Маҳорат шунчаликки, шоир зукколик билан, хижолатли кулги билан енгиш сингари ночор ҳаракатни қаламга ололган…

Қуйидаги байтда қиз юзи истиорада “қамар” сўзи билан ифодаланган. Зеро, қиз юзини ойга ўхшатиш мумтоз адабиётда минг йиллик анъанадир:

Гул қамарингдин ўғурлаб олди жамол, анинг учун

Шоҳи рабеъ они тикан дориға ўғритек осар. (Лутфий, 67-бет).

Бу байт мазмунини поэтик маҳоратнинг мўъжизакорлик даражаси деса бўлади: рабеъ – баҳор, шоҳи рабеъ – баҳор шоҳи. Нозик дид ва шоирона мўъжизани қарангки, шоир тиканли дорни гулнинг ўз бутасида кўрмоқда: гул ойдай юзингдан гўзаллик ўғирлаб олгани учун баҳор шоҳи уни ўғридек тикан дорига осади!

Тасаввур этинг, атиргулнинг бутоғида осилиб туриши айнан тикан дори эмасми? Буни чинакам нуктапардозлик деса арзийди. Навоий бу улуғ устозни бекорга “маликул калом” деган фахрий ном билан атамаган-да!

Гул “хижолатпазлиги” ҳақидаги байтлар орасида Гадоий мисраларини ҳам учратамиз:

Бўстонда гул юзунгни кўруб кўп ўфтониб,

Юзи қизарди, кўрдум анинг инфиолини.

Учинчидан, Лутфий ҳусни таълилларида диний мавзу ҳам яққол сезиларли. Пайғамбарлар ҳаётию диний расм-русумларгача ҳусни таълил манбаи қилиб олиш мумкинлигини мумтоз шоирларимиздан Атойида ҳам кўрамиз. Исо алайҳиссалом осмоннинг тўртинчи қаватида – қуёш манзилида яшайдилар. Шоир буни ҳусни таълилга асос қилиб олади. Мавлоно Лутфийдан:

Исо фалакка ошти чун бўлди лабинг жон бергучи,

Шармандаликдин кетмаса кўкта анга не бор эрур?!317317
  Лутфий, Сенсан севарим, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1987, 57-бет.


[Закрыть]

Атойидан:

Оғзингда мўъжиз оятини Исо кўруб зиёд,

Сиздин қочиб ёшунди кўк ичра уёттин.318318
  Ҳаёт васфи, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1988, 392-бет.


[Закрыть]

Мазкур икки байт қиёсида бир даврда яшаган шоирлар ижодида ҳусни таълил дахл этган байтлардаги анъанавийлик очиқ сезиларлидир.

Мусулмон бандасининг умрий орзуси жаннатга тушиш ва ўзини ҳурлар даврасида кўришдир. Атойининг рубобий тимсоли назарида ҳур унинг маҳбубаси ҳусни олдида ўзини кўрксиз деб ўйлайди, хижолат чекади:

Ҳусн ичра қусурин билибон то дами маҳшар,

Ёшунди юзунг хижолатидин жаннат аро ҳур. (Ҳаёт васфи, 342-бет).

Назарий маънода махсус қайд этишни истардикки, табиат мавжудотлари ва ҳодисалари билан алоқадор ҳусни таълиллар қатнашган байтларда асосан ташхис (жонлантириш) ва ташбеҳ санъатлари ҳам қоришиқ ҳолда иштирок этади. Юқоридаги мисолларимиз орқали икки мумтоз шоиримиз ижодидаги ҳусни таълил қатнашган байтларга эътибор берсак, улардаги умумий хусусият байтлар талқинида қайд этиб ўтилган: ўғирлик ва хижолат деталларидир. Бу шу даражада сезиларлики, муаллифлари айтилмаса, ҳар қандай мумтоз адабиёт мутахассиси Лутфий ва Атойи байтлари ижодкорларини аралаштириб юбораверади, десак муболаға бўлмас. Бу ҳолат анъанавийликнинг нақадар кучли эканлигининг маълум маънодаги натижасидир. Шу йўсинда бир даврда яшаган шоирлар ҳам бири-бирига устоз, бири-бирига шогирд тарзида ўзаро таъсирланаверадилар ва озиқланаверадилар. Чунончи, биз юқорида гулнинг севингани воқеаси билан алоқадор ҳусни таълилли байтни келтирдик. Атойида гул ғунча билан алмаштирилган: биринчи мисрадаги сўзларнинг ўхшашлари жуда кўпу, бироқ бунда шаклий ўхшашлик мутлақо оҳорлиликни таъминлаган:

Ғунча севунуб тўниға сиғмас,

Ўхшатсам ўқунг башоқи бирла.319319
  Ҳаёт васфи, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1988, 289-бет.


[Закрыть]

Тўртинчидан, ҳусни таълилларнинг бир қисми тарихий ва адабий қаҳрамонларга, уларнинг қисматларига талмеҳли ишора билан алоқадордир. Биз юқорида диний арбоблардан Исо мисолида икки шоирдан икки байтни кўриб ўтдик. Энди адабий қаҳрамонлардан ва тарихий шахслардан Нўширавон шахси қайд этилган байтларга мурожаат этайлик. Шу ниятда Муҳаммад Ниёз Нишотийнинг “Ҳусн ва Дил” достонини варақлаймиз: Муаллиф ўзининг асли хоразмлик экани, у ерда бир ҳарбий амалдор билан чинакам дўстлашгани ва дўстининг бошига сургун савдоси тушиб Бухорога келганида бу машъум қисматга йўлдош бўлгани эслаб ўтилади. Ўша ҳарбий кишининг номи Фўлодшоҳ экан. Тубандаги байтдаги ҳусни таълил Фўлодшоҳга “алоқадор” Нўширавон ҳақидадир:

Бўлди кўриб адлини Нўширавон

Хижлат ила хоки адамда ниҳон.320320
  Нишотий, Ҳусн ва Дил. Лирика, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1967, 19-бет.


[Закрыть]

(Мазмуни: Нўширавон унинг адолатини кўриб, йўқлик тупроғига яшириниб олди).

Адабий шартлилик тантанасини қарангки, Нўширавон эрамизнинг V асрида Эронда яшаб ўтган. Фўлодшоҳ эса Нишотийнинг дўсти, замондоши, XVIII аср фарзанди. Шоир эса… юқоридагича даъво қилмоқда…

Шу ўринда ҳусни таълил санъати таркибига – тузилишига бир назар ташлаш жоиздир. Бунақа байтларда бирор воқеа айтилади-ю, сўнг унга шоирона гўзал бир асос келтирилади. Деярли барча ҳусни таълилли байтлар таркиби ана шунақа ҳолатда, тузилишда бўлади.

Ўлим – табиий ҳодиса. Туғилиш бор, ўлиш бор. Муаллиф дўсти Фўлодшоҳ ҳақида сўзлар экан, адолатда мислсиз намуна бўлган ва Одил лақаби билан машҳур бўлган Нўширавон бунинг адолатини кўриб, адам (йўқлик) тупроғига беркиниб олди, дейди. Байт таркибига келсак: воқеа – Нўширавон ўлими, шоирона гўзал асос эса, Нўширавоннинг Фўлодшоҳ адолатини кўргани ва хижолат чеккани. Хижолат чекканидан вафот этгани! Ана шоирона санъатпардозлигу нуктапардозлик!

Ҳусни таълил қатнашган байтларнинг яна бир характерли хусусияти кўзга ажралиб ташланиб туради: воқеа иштирокчиси ҳам, келтирилган шоирона асосда ҳам фақат ва фақат ижобий идеал табиат мавжудотлари (гул, лола, обиҳаёт, сарв) ва кишилик қаҳрамонлари – пайғамбарлар, қизлар, ҳурлар, парилар устида сўз боради ва талқин давомида албатта бири иккинчисидан турли усуллар билан устун қўйилади.

Бешинчидан, юқорида айтганимиздек, ҳусни таълил дахл этмайдиган соҳа бўлмайди. Ҳусни таълил санъатидан замонавий шоирларимиз ҳам муваффақият билан фойдаланадилар. Чунончи, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг “Отелло” номли шеърини олайлик. Шеърда фикр асосан Отелло ва унинг ролини Ўзбекистонда маромига етказиб ўйнаган Аброр Ҳидоятов ҳақида боради. Шоир:

Отелло, Отелло, сенинг ишқингдан

Ҳайратга тушишнинг ўзи бир севги321321
  Абдулла Орипов, Сайланма, “Шарқ”, 1996, 170-бет.


[Закрыть]

дея ҳайратланар экан, Аброр Ҳидоятов ўз табиий ўлими билан орадан кетган бўлса-да, шоир ҳусни таълил санъатини қўллашни лозим топади ва Отеллога мурожаат қилади:

Ролингни ўйнаса рашк қилиб, мана

Қабрга тиқибсан буюк актёрни. (А.Орипов, 170-бет).

Олтинчидан, шоирлар астрономик-космогоник тушунчаларда ҳам ҳусни таълил санъати манбаини кўрадилар. Қуёш ва ой ҳамда юлдузлар ҳақида ҳам талай шоирона байтлар борки, улар ҳусни таълил санъати билан музайяндирлар. Мавлоно Лутфийдан:

Қуёш ойтек юзунгнинг хижлатиндин

Қочиб, тўртинчи кўк узра чиқибтур.322322
  Лутфий, Сенсан севарим, Ғ.Ғ.номидаги АСН. 1987, 38-бет.


[Закрыть]

Ёки Мавлоно Атойидан:

Янги ой қошлари хижолатидин

Ойларда бирар-бирар кўринур.323323
  Ҳаёт васфи, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1988, 360-бет.


[Закрыть]

Замонавий адабиёт вакили шоир Чустий сайёралар ва заминимиз ҳақида, фан-техника ютуқлари юзасидан қуйидагидек мутлақо оҳорли – янги ҳусни таълилли байт ихтиро этган:

Нечун ҳамиша фалак куррамизга бош эгди?

Ҳилолингиз билан унга ишора айлабсиз.324324
  Чустий, Гул мавсуми, Ўша нашр., 1969, 65-бет.


[Закрыть]

Дарҳақиқат, фан-техника ютуқлари туфайли шоирона қилиб айтсак, фалак сайёралари инсонга “бош эгмоқда”. Бунинг сабабини биз билмай юрган эканмиз. Ошиқнинг севгилиси кўкка боқиб бир қош қоқиб қўйган экан!

Еттинчидан, қимматбаҳо металлар, дур ва жавоҳирлар хусусида ҳам ушбу санъат дахл этган жозибали байтлар борки, уларнинг ҳар бирини китобхон лабда табассум билан мутолаа қилади. Лутфий:

Кумуш чун лутф ўғурлар соидингдин,

Тутуб анбур била ўтқа солурлар.325325
  Лутфий, Сенсан севарим, Ўша нашр., 1987, 47-бет.


[Закрыть]

Атойи:

Дур тишингда лутф талошқон ёзуғингдин,

Пишти сувға ғаввос ани баҳри Аданда.326326
  Ҳаёт васфи, Ўша нашр., 1988, 296-бет.


[Закрыть]

Бу байтни ўқиган зукко ўқувчи: “Дур ўзи денгизда бўлади-ку” деган гапни хаёлига ҳам келтирмайди, шоир нуктадонлигидан ҳайратга тушади, холос.

Ҳусни таълил санъати қатнашган байтлар мутолаасидан шундай хулосага келамизки, шоирлар бу соҳада ҳам бир-бирларидан озиқланадилар ва ўз истеъдодлари даражасида ихтиролар ҳам қиладилар. Ҳатто бу соҳада шоирлар ижодидаги муштаракликдан ҳусни таълилли байтларнинг қолипини – штампини ҳам тасаввур этиш имкони бор. Чунончи, Муниснинг қуйидаги байти Ҳофиз Хоразмий, Атойи ва Лутфий қолипларига нечоғлик мослигини аниқ тасаввур эта оламиз:

Бинафшаранг менгин кўргач инфиолидин,

Бинафша тутти ватан дашту кўҳсор ичра.327327
  Мунис, Сайланма, Ўша нашр., 1980, 38-бет.


[Закрыть]

Лутфийдаги гул, Атойидаги ғунча Мунисда бинафшага айланган: Лутфий гул табиатидан келиб чиқиб ёр юзини кўзда тутган, Атойи ғунча тарзини эътиборга олиб, уни ўқ бошоғи – пайконга ўхшатган, Мунис бинафшани детал қилиб олгани учун у менг (хол)га мурожаат этган. Бироқ қолип айтганимиздек ўша-ўша: инфиол, дала-даштга бош олиб кетган… Оригиналлик, оҳорлилик деталларида эканини инсоф билан қайд этиш жоиздир.

Муниснинг Исо алайҳиссаломнинг осмонга чиқиб кетиш воқеалари эслатилган байтида ҳам анъананинг кучи янада ёрқинроқ сезилади. Қуйидаги байтни ўқиган заҳотимиз Атойи ва Лутфийнинг олдинроқ биз қаламга олган байтлари “ялт” этиб ёдимизга тушади ва беихтиёр, ҳа, бу ўша воқеа, ўша ҳусни таълил намунаси, деймиз.

Чунки лаълинг зоҳир этти жон берурдин мўъжиза,

Ер юзидин айлади Исо фалакка ижтиноб.328328
  Мунис, Сайланма, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1980, 38-бет.


[Закрыть]

Биз анъана деб уқтираётган, қолип бирхиллигига даъво қилаётган мулоҳазаларимиз бугунги адабиётшунослик нуқтаи назаридандир. Мумтоз адабиётда мазмун айнанлиги агар детал оҳорли бўлса айб эмас, ютуқдир. Ҳатто бошқа халқ шеъриятидаги байтлар мазмунини айнан олиш ҳам мумтоз адабиётда анъана ҳисобланади: адабий ўғирлик эмас! Чунки ўша ажойиб нукта-фикрдан ўз халқини баҳраманд этиш шоирнинг бурчидир. Бу ҳолни бошқа адабиётдан озиқланиш ва адабий таъсир деб қарамоқ керак, холос.

Ҳусни таълил санъатини қўллашда мазмуннинг ўта яқинлиги яна анъана намойишидирки, қуйидаги уч байт уларнинг ўзаро ўхшашлиги ва тафовутларини аниқроқ мулоҳаза қилиш имконини беради. Ҳофиз Хоразмий:

Адоқи тупроқин кўруб уялғаниндин уш эмди,

Бўлубдур халқи олам орасинда оби ҳайвон йўқ.329329
  Ҳаёт васфи, Ўша нашр., 1988, 89-бет.


[Закрыть]

Атойи:

Бўлғоли оғзинг Масиҳи ғайб мулкиндин аён,

Хизрнинг оби ҳаёти тортадур зулматда жон. (Ҳаёт васфи, 404-бет).

Лутфий:

Ёр ирни била урмангиз, эй қанду шакар, лоф

Чун оби ҳаёт ўфтониб ондин ёшунубтур.330330
  Лутфий, Сенсан севарим, Ўша нашр., 1987, 68-бет.


[Закрыть]

Мунис:

Эрнинг зулоли жонбахш ўлғоч халойиқ ичра,

Хижлатдин оби ҳайвон зулматда гўша тутди.331331
  Мунис, Сайланма, Ўша нашр., 1980, 147-бет.


[Закрыть]

Тизилган тўрт байтдаги асосий мазмун: оби ҳаётнинг эл кўзидан яширинишидир. Бунинг боиси: Ҳофизда маҳбуба оёғи тупроғи, кейинги уч муаллифда маҳбуба оғзининг ҳаётбахшлигидир. Аслида байт ҳолида ҳар икки мисрани инсоф билан ўқиб кўрайлиг-а: ҳар бир байтда нечоғлик мулоҳазакорлик, топқирлик, қай даражада нуктапардозлик сеҳргарликларини ҳис этишимиз, идрок этишимиз мумкин. Шунчалик бўлишига қарамай қиёслар учун тўрт байт орасидаги умумий ўзак-қизил ипни илғаш имконини берадики, бу ҳол анъанавийликнинг ўзгинасидир. Анъанавийлик деганда албатта кейингилар олдингилардан айнан хабардор деган даъвони ҳам қўйиб бўлмайди. Биз аминмизки, Мунис Ҳофиз Хоразмий ижодидан мутлақо бехабар бўлган… Юқоридаги байтларни илми саноеъ таъсирига кўра таҳлилга жалб этадиган бўлсак, ҳар биридан янги-янги бадиий усулларни топамизки, бу ҳам ҳар бир байтнинг илҳом маҳсули эканлигини кўрсатади.

Биз ҳусни таълил юзасидан кузатишларимизда кўпроқ анъанавийлик ҳақида сўз юритдик. Аслида эса, бу санъатни кўпроқ қўллаган санъаткорлар ижодида анъанага нисбатан новаторлик-таждид устунлик қилади. Чунончи, Мавлоно Лутфийнинг ҳусни таълилли байтларининг аксарияти унинг шахсий истеъдоди ихтироларидир. Агар сон-саноқ каби оддий тушунча билан ёндашадиган бўлсак. шоир девонидаги юздан ортиқ ҳусни таълиллар қатнашган байтларнинг етмишдан ортиғи бу санъатни қўллашдаги шоир новаторлигидир.

Мумтоз адабиёт намуналаридан ҳусни таълилли байтларни муаллифма-муаллиф, китобма-китоб йиғиб, бу санъат ҳақида, агар таъбир жоиз бўлса, шундай фикрга келдим: ҳусни таълил шоирлар илҳомининг ўйинқароқлигидир. Мавлоно Лутфийнинг замондоши, унинг шогирди Алишер Навоийда бу санъат нисбатан камроқ, борларига келсак, озроқ қисми анъанавий, асосий қисми янги илҳомий кашфиётлардир. Алишер Навоийнинг анъанавий ҳусни таълилли байтларидан намуна келтирар эканмиз, бундаги фикрлар Атойи ва Лутфий қўллаган ҳусни таълилли байтларида борлигини қайд этамиз:

Даминг хижлатидин нечук қочмасун

Бу дам чунки Исои Марямда йўқ.332332
  Алишер Навоий, МАТ, 6-жилд, “Фан”, 1990, 221-бет.


[Закрыть]

Ёки шоирнинг ўз-ўзини “такрорлаш”и, ўз анъанасини ўзи давом эттириши:

Ғариб ҳолим кўруб агар ёр сўрмаса, не ажаб,

Ки, оғзи йўқлуғидин йўқтурур маҳалли савол.333333
  А.Н., МАТ, 5-жилд, 1990, 270-бет.


[Закрыть]


Ёр оғиз очмасқа дардим сўрғали топтим сабаб,

Кўп чучуклуктин ёпушмишлар магар ул икки лаб334334
  А.Н., МАТ, 4-жилд, 1989, 37-бет.


[Закрыть]

сингарилар. Энди А.Навоийнинг бу соҳадаги таждидларини назардан кечирайлик. Биз унинг ҳусни таълилларини нисбатан оз дедик. Бироқ оз бўлганда ҳам ўқувчини чинакам қойил қолдирадиган соз байтлар булар!

Енг била невчун ёпар оғзин такаллум ҳолида

Лабларидин шаҳд олиб йўл очмаса гуфториға.335335
  А.Н., МАТ, 3-жилд, 1988, 414-бет.


[Закрыть]

Маҳбуба гапираётганида енги билан оғзини бекитишини китобхон унинг ҳаёлилигига йўйса эҳтимол. Шоир шуни билиб огоҳлантирмоқдаки, йўқ, гапираётганида лабларидаги асални енги билан олиб, сўзига йўл очади!

Қуёш ва ойнинг маҳбуба ҳуснидан хижолатда эканлиги анъанавий ҳол. Навоий эса бунда ҳам кашфиёт қилишга қодир: ошиқ севгилисининг ойдай юзини кўрган қуёш… тутилади:

Моҳим юзини чунки қуёш кўрди – тутулди,

Мунча фалаки элда касофат бўлур эрмиш.336336
  А.Н.МАТ, 5-жилд, 1990, 183-бет.


[Закрыть]

Алишер Навоийнинг қуйидаги байти орқали муаллифнинг ҳам анъанага содиқ эканини, ҳам кашфиётчи санъаткор эканини исботлашга уриниб кўрамиз:

Санга тақлид қилмиш гулки, осиб кўза бўйнидин,

Тикан устига они турғузуб гардун адаб қилмиш.337337
  А.Н., МАТ., 5-жилд, 1990, 183-бет.


[Закрыть]

Гул маҳбубага тақлид қилмоқчи бўлгани учун фалак унинг бўйнига кўза осиб (ғунчани тасаввур этайлик), тикан устига турғизиб жазолабди! Байтнинг ажойиблиги шундаки, китобхон бу байтдан ўрта асрлардаги даҳшатли жазо турларидан бири билан танишмоқда.

Мавлоно Лутфий ҳам гулни жазолаган эдилар, бироқ фарқига аҳамият берайлик. Шуниси ҳам борки, бу байтдаги ҳусни таълил шоирнинг энг оҳорли кашфиётларидан эди:

Гул қамарингдин ўғурлаб олди жамол, анинг учун

Шоҳи рабеъ они тикан дорига ўғритек осар.338338
  Лутфий, Сенсан севарим, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1987, 67-бет.


[Закрыть]

Бу байтни ўқиган китобхон кўз ўнгига бутаси шохидаги гул ва дорга осилган одам келади. Навоий байтини ўқиган ўқувчи кўз ўнгига эса, пастки шохларида бир неча ғунчаси бўлган гул бутасидаги атиргул ва бўйнига оғир кўза осиб тиканлар устига турғизилган ўғри гавдаланади. Ҳар икки байт мислсиз поэтик фазилатлари, нуктапардозлиги билан китобхонни ром этади.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации