Электронная библиотека » Эркин Рахмонов » » онлайн чтение - страница 24

Текст книги "Бадиият жозибаси"


  • Текст добавлен: 31 мая 2023, 14:14


Автор книги: Эркин Рахмонов


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 24 (всего у книги 27 страниц)

Шрифт:
- 100% +
Нидо санъати

Нидо сўзи араб тилидан олинган бўлиб, луғавий маъноси – овоз, хитоб, фарёд каби тушунчаларни билдиради. Нидо санъатининг моҳияти шундаки, шоир тасвир давомида бирор объект ёки субъектга қарата бевосита мурожаат қилади. Нидо оҳанги ҳамиша баён ва тасвирдаги йўналишга нисбатан юксакроқ бўлиб, ҳис-ҳаяжон даражасига қараб мўътадил мурожаатдан кескин хитоб поғоналаригача кўтарилиши мумкин.

Нидо талаффузга тегишли орфоэпик усул бўлиб, барча адабий жанрларда учрайдиган ҳодисадир. Ушбу усул туфайли бир меъёрда давом этаётган ифода оҳанги вақти-вақти билан янги, бошқа объектга мурожаат қилиш орқали бўлиниб туради ва бу асар ритмик суръатини бир хилликдан қутқариб полифония таъсирчанлигини юзага чиқаради. Шу жиҳатдан нидо санъатининг вазифаси илтифот усулига яқинлашади. Нидонинг илтифотдан фарқи шундаки, нидо бирор шахс, нарсага аниқ қаратилган бўлса, биров махсус кўзланиб чорланса, илтифотда ўз-ўзидаги ҳис-ҳаяжоннинг олий нуқтага кўтарилган сўздаги ифодаси берилади. Масалан:

Соқиё, махмурдурман жом тут,

Бир нафас тарки ғами айём тут.772772
  Нодира, Девон, Тошкент, ЎзФАН, 1963, 105-бет.


[Закрыть]

Мазкур байтда шоира Нодира соқийга хитоб қилиб, унга мурожаат этмоқда. Одатда нидо санъати билан зийнатланган мисраларда шу усул кўрсаткичлари бўлган эй, аё сингари ундов сўзлар ҳам иштирок этади:

Лутфинг этдинг хаста кўнглумдан дариғ, эй шоҳи ҳусн,

Бу гадойи зору ҳайронинг керакмасму санго.773773
  Огаҳий, Асарлар, 1-жилд, Девон, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1971, 86-бет.


[Закрыть]

Нидо усули кўрсаткичларининг байтда турлича жойлашишига кўра қуйидаги хилларини ажратиб кўрсатиш мумкин:

Биринчидан, нидо усули ишлатилганини намойиш қилаётган сўзлар байтнинг биринчи мисрасида дастлабки сўзлар сифатида келади:

Эй амир, кибру ҳаво келтирғусидур инқироз,

Фисқу ғафлат доимо келтирғусидур инқироз.774774
  Дилшод, Танланган асарлар, 1971, 91-бет.


[Закрыть]

Баъзан нидо қилинган шахс номи ўрнида унинг истиораси ҳам келиши мумкин. Масалан, қуйидаги байтда суюкли маъшуқа назарда тутилган гул истиораси нидо кўрсаткичи бўлган:

Эй гул, ғами ҳажрингда кўнгул булбули нола,

Токай қилдур булбули нолонима раҳм эт. (Огаҳий, 1-жилд, 125-бет).

Иккинчидан, нидо кўрсаткичи байтда биринчи мисранинг ўрталарида жойлашиши мумкин:

Кел, сенга, эй шоҳи жаҳон, мамлакати жаҳон фидо,

Дийдаларимга қўй қадам, ҳар қадамингга жон фидо. (Нодира, 67-бет).

Учинчидан, нидо кўрсаткичлари байтнинг илк мисрасида охирги сўзлар бўлиб келиши мумкин:

Келким назаримға, эй парирў,

Девонаға бир дам эт томошо. (Нодира, 59-бет).

Тўртинчидан, нидо сўзлари байтда иккинчи мисранинг олд қисмида ҳам жойлашади:

Ҳижрон ғамидин ташна лабу хаста жигармен,

Соқий, карам айлаб, менга тут соғари соҳбо. (Нодира, 58-бет).

Бешинчидан, нидо унсурлари байтда иккинчи мисранинг ўрталарида ҳам бўлиши мумкин:

Ташнаи Фарҳоди ғамдин ёра бағрим доғини

Лутф хиштидин қил, эй ширинсухан хисрав, бино. (Нодир, 71-бет).

Олтинчидан, ниҳоят нидо сўзлари байтда иккинчи мисрани якунлаб ҳам келади:

Қайдин сени Нодира унутсин,

Бу сўз на муносиб, эй дилоро. (Нодира, 59-бет).

Гоҳо нидо қаратилган киши шахси ифодада сифатлаш ва метафорик тасвир орасидан кўзга аниқ ташланмаса-да, нидо ундовларининг ўзиёқ хитоб самарасини таъминлаб, матнда бировга мурожаат борлигини яхши сездираверади:

Эй бўлуб ою қуёш шишау паймона санго,

Соқийи базми тараб давлати шоҳона санго.775775
  Огаҳий, Асарлар, 1-жилд, Девон, 1971, 56-бет.


[Закрыть]

Нидо кўрсаткичлари, келтирилган мисолларда намойиш қилинганидек, асосий ҳолатларда байтда бир марта қўлланилади. Айрим ҳолларда шоир нидо усулидан янада кўпроқ маънавий-эстетик самара олиш ниятида нидоларни силсилали ёки қўшалоқ тарзда ишлатган ўринлар ҳам мавжуд. Бундай пайтларда байтнинг бир мисраси тўлиғича нидога чулғанади:

Эй сарви сиҳи бўйлиғим, эй қомати зебо,

Келким, кўзум ойинаси муштоқи тамошо.776776
  Нодира, Девон, ЎзФАН, Т., 1963, 58-бет.


[Закрыть]

Нидо усули матнларда ҳамиша ундов сўзлар билан бирга келиши шарт эмас. Ундов сўзларсиз ҳам нидо оҳанги матнда яққол сезилаверади:

Огаҳий, ул ой қилибму илтимосимни қабул,

Ё мутеи ҳукм, жумла аҳли оламдур манго? (Огаҳий, 1-жилд, 54-бет).

Нидолар объектларга қаратилишига кўра икки хил бўлади:

Биринчидан, бошқа киши ёки нарсага нидо;

Иккинчидан, ўзи, ўз узвлари ёки ҳиссиётларига нидо.

Ошиқ ўлдинг, эй кўнгул, жонинг керакмасму санго?

Ўтға кирдинг жисми урёнинг керакмасму санго? (Огаҳий, 86-бет).

Бизнингча, бир шеърда нидо тавтологияси мақбул ҳодиса эмас, масалан, Огаҳий бир ғазалининг икки байтида фалакни нидо нишони қилиб олган:

Неча йилдур, эй фалак, ўртагунг мани ҳажр ўти аро қумридек,

Бу жафоларинг бас эрур, мани етур эмди сарви равонима.

Қуёшингни, эй фалак, айлама манга арзким, қачон ўхшағай,

Лаби шаккару сўзи жонфизо, қади сарву қоши камонима. (Ўша асар, 43-бет).

Нидо хизматидан, шоир лозим топганида, шеърда бошдан-оёқ фойдаланиши мумкин. Бундай махсус илтизомли ҳолатлар шеърнинг мазмун ва мундарижаси тақозосига кўра юз беради. Масалан, шоир Огаҳий “Эй мутриб” ғазалининг ҳар бир байтида ундалма сўз “эй мутриб” нидосини радиф вазифасида қўллаган:

Лутф этиб бир кеча кел базмим аро,эй мутриб.

Дилкушо ун била бўл нағмасаро. эй мутриб.

Хизмати аҳли дуо келди камолинг сабаби,

Ол дуо бир кеча хизматға яро, эй мутриб.

Ҳасби ҳол айт, ғазал соз этиб,

Ғам аро ҳоли харобингға қаро, эй мутриб.

Марҳами дилкаш ун бирла етурким, бордур

Ҳажр тийғи била кўнглумда яро, эй мутриб.

Соз этарда юзинг узра солибон зулфингни,

Тароғ айлаб дили решимни таро, эй мутриб.

Юзу зулфинг ғамидин етмишам, ул ҳолғаким,

Кўзима маръи эмас оқу қаро, эй мутриб.

Хоҳ жон ноз ила ол, хоҳ равон соз ила бер,

Ҳар не қилсанг сенга йўқ чуну чаро, эй мутриб.

Умароу фуқаро кўнглини ол базм ароким,

Бедилингдур умароу фуқаро, эй мутриб.

Огаҳий шеърини ҳар зеру бам ичра ўқуким,

Банданг ўлсун ҳама шоҳу вузаро, эй мутриб. (Огаҳий, 1-жилд, 105-бет).

III фасл. Ҳарфий санъатлар жозибаси

Истихрож санъати

Ҳарфий санъатлар “Илми саноеъ” деб аталадиган мумтоз поэтика таркибидаги бадиий тасвир воситалари орасида ўзига хос ўринга эга. Сир эмаски, маъно ва мазмун ифодаловчи сўз ҳарфлардан бунёдга келар экан, сўз санъатида ҳам ҳарфларнинг мислсиз хизмати борлиги шубҳасиздир.

Гўзал ҳарфий санъатлар қаторида истихрож санъати ҳам бош ўринлардан бирини эгаллайди. Истихрож аввало араб тилшунослигида қўлланилган тилшунослик ҳодисаси бўлиб, кейинроқ илми саноеъга ҳам қабул қилингандир. Зеро ҳарфлардан сўз ясалганидек, бир ҳарф сўзда камайса ёки кўпайса сўз маъноси кескин ўзгаришга учрайди. Айниқса, араб тилидаги сўз ясаш усулига кўра бир ўзакдан ички флекция орқали ўнлаб янги сўзлар ясалишини тасаввур этсак, бу ҳодисани истихрож қилиш деб тушунсак, ушбу санъатнинг нечоғлик бой бадиий усул сифатидаги имкониятларини кўз олдимизга келтиришимиз мумкин.

“Истихрож” сўзи “ҳосил қилмоқ, келтириб чиқармоқ” тушунчаларига молик бўлиб, бу маънолар шу санъат моҳиятини аниқ белгилайди. Чунки истихрож асосида байтда бирор сўз ясаш усули амалга ошириладики, буни сезиш ўқувчи идроки ва ҳиссиёти учун катта қувонч ва қониқишгина эмас, балки ҳайрат манбаи ҳам бўлади.

Истихрож таърифини бир гап доирасида бериш қийин. Шунинг учун бу таърифни бирйўла унинг таснифи билан келтириш йўлини танладикки, бундан ушбу санъат амалиёти мундарижасини тасаввур қилиш имконияти пайдо бўлади. Агар шоир:

∙ байтда айтилган ҳарфлардан бирор сўз ясаган бўлса;

∙ сўздан бир ҳарфни ўзгартириб бошқа бир сўз ясаган бўлса;

∙ бир сўзга бир ҳарф қўшиб янги сўз ясаган бўлса;

∙ сўз ҳарфларини алмаштириб битта янги сўз бунёд этган бўлса;

∙ нуқталар орқали сўз ўзгартирилса;

∙ ишоралар орқали бирор сўз ясалишини назарда тутган бўлса;

∙ сўз ясашни ўқувчи ихтиёрига ҳавола қилган бўлса;

∙ икки сўзни бириктириб битта сўз ясаган бўлса;

∙ бир сўзни иккига бўлиб иккита сўз ясаган бўлса;

∙ ўқувчи идрокини ҳажву мадҳ ўртасида “сарсон” қилган бўлса;

∙ зимдан назарда тутилган ҳарфлардан сўз ясашни ўқувчига ҳавола этса…

истихрож санъатини қўллаган бўлади. Бу истихрожнинг ясалишига кўра таснифидир.


1. Айтилган ҳарфлардан сўз ясаш санъати.

Истихрож санъати ҳақиқий ўқимишли, зукко китобхонларга илм ва ақл синовига мўлжалланган бадиий усулдир. Ҳатто таснифимиз сўнггидаги – назарда тутилган ҳарфлардан сўз ясаш усули ўқувчидан олимлик иқтидорини ҳам талаб қилади, десак муболаға бўлмайди. Айтилган ҳарфлардан сўз ясаш усули истихрожнинг нисбатан ибтидоий ва энг кўп тарқалган навидир. Байтда ҳарфлар иштирокидан китобат санъати сирларини ўрганган ўқувчи энди байтда ҳарфлардан сўз ясаш ҳодисасига дуч келади. Бунинг моҳияти шундайки, шоир байтда бир неча эски ёзувдаги ҳарфларни номлайди-да, шу байт таркибида ўша ҳарфлардан ясалган сўзни ҳам гоҳо уқтириб, гоҳо эслатмай келтиради. Истихрож санъатининг байтга дахлини шу йўсинда изоҳлаш фақат луғатчиликдаги усулдир. Бундан мақсад байтда образлилик яратиш, китобхонни чуқур ҳайратга солиш, шоир истеъдодига тасанно ўқитиш, маҳоратига тан бердиришдир.

Байт мутолааси давомида ўқувчи бирдан: “Ие, бунда ҳарфлардан сўз ясалипти-ку!” деб ҳайратга тушиб қўя қолмайди, ўша ясалган сўз кўпинча ошиқ маҳбубасининг кўзи, қоши, қадду қомати, сочи, зулфи, холи ўхшатишларидан бунёд топган бўлади. Чунончи, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бир байтидаги мазмун билан танишайлик. Ошиқ тилидан айтилмоқда: маҳбубам, қаддинг алифдай, қошинг “ё” ҳарфидай. Шунинг учун сени “ой десам не ажаб? Эски ёзувда “ё” ҳарфи “й”ни, алиф “о” ҳарфини ифодалашини ҳисобга олсак, ана шу икки ҳарфдан “ой” ясалганини сезиб қоламиз. Бунда иккита бадиий санъат зоҳир бўлган: ҳам китобат санъати иштирокида, ҳам истихрож орқали “ой” деган сўз ясалган, ҳам ошиқнинг ўз севгилисини “ой” деб эркалаши боиси унинг қалам қоши ва қадди туфайли эканлиги қайд этилган:

Қаддинг алифу қошинг эрур ё,

Десам не ажаб агар сени ой?777777
  Бобур, Девон, “Фан, 1994, 61-бет.


[Закрыть]

Муҳаммад Ниёз Нишотий рубобий тимсолининг лоллиги, маҳбубасининг икки зулфига асирлиги боисини қуйидаги истихрожли байтидан кузатайлик:

Икки “лом”и зулф аро кўргач “алиф”дек қаддини,

Тонг эмас, эй аҳли дарк, бўлса тилимнинг нутқи “лол”.778778
  Нишотий, Ҳусн ва Дил. Лирика. Ғ.Ғ.номидаги ДБАН, 1967, 396-бет.


[Закрыть]

(Мазмуни: Эй идроклилар! Мен севгилимнинг икки ломдай зулфини ва алифдай қоматини кўриб “лол” бўлиб қолсам, бунга ажабланманг).

Дарҳақиқат, ёр зулфи “лом” (л ҳарфи)га ўхшайди ва у иккита. Икки зулф (л) ўртасида алиф (о) қомати бор: л о л. Ана кўрдикки, ошиқнинг лол бўлиб қолишининг сабаби маҳбубасининг икки зулфи ва алифдай қомати туфайли экан. Бу шоирона сеҳргарлик гувоҳи бўлган китобхон ҳам ўқиш давомида ҳайратларга кўмилади…

Анъана амалиётини эслаш маъносида қуйида Алишер Навоийнинг бир байтини келтирамизки, бундан мақсад “зулфлар ва қад” иштирокида “лол” сўзини дастлаб ясаганлардан бири Алишер Навоий ва давом эттирганлардан бири Нишотий экан:

Заъфдин қаддим алиф бўлди, ул икки ломи зулф

Ҳар ёнимдин жилвагар, ваҳ, не ажаб гар “лол”мен.779779
  Алишер Навоий, МАТ, “Фан”, 3-жилд, 347-бет.


[Закрыть]

Байт таркибига назар солсак, биринчи мисрада икки китобат санъати амалиёти зоҳир бўлган, шоир рубобий тимсол тилидан севгилиси қаддини алифга, икки зулфини “лом” ҳарфларига ўхшатмоқда. Иккинчи мисрада қайд этилган ҳарфлар йиғилган: алифнинг икки томонида (ҳар ёнимдин жилвагар) лом ҳарфлари жой олганки, ўқувчи дарҳол ана шу вазиятдан мисра охиридаги “лол” сўзининг ясалганини идрок қилади.

Навоий истихрожи ва китобати оҳорлилиги шундаки, алиф одатда сарвқад маҳбубаларнинг тик хушбичим қоматларига ўхшатиш сифатида келтириларди. Ҳозирги вазиятда мутлақо ҳолдан тойган, озиб-тўзиб чўпдай бўлиб қолган вужудга нисбатан “алиф” китобати ишлатилган.

Алишер Навоий ижодида истихрож санъати намуналари жуда кўплигини қайд этганимиз ҳолда, уқтиргимиз келадики, истихрож санъатининг айтилган ҳарфлардан сўз ясаш усули намуналари даҳо шоиримизда бармоқ билан санарлидир. Чунки бу истихрожлар нисбатан ибтидоий, бадиият тили билан айтганда “жўнроқ”дир. Навоий эса фикрчан китобхонларни кўпроқ ўйлаб иш юритадиган санъаткор шоир…

Айтилган ҳарфлардан ясалган истихрожнинг яна бир намунаси Нишотийдан:

Сунбулининг суратидур жиму дол,

Бўлмағуча “жид” анга етмак маҳол. (Нишотий, 149-бет.)

(Мазмуни: Сочлари жимга ҳам, долга ҳам ўхшайди, одамда (жид) – қатъият бўлмаса унга етишиш маҳол).

“Сунбул” ёр зулфининг истиораси эканлигини инобатга олиб, икки китобат – “жиму дол” ҳарфлари йиғиндиси – истихрожи “жид” (жиддий, қатъият) бўлмоқда.

Айтилган ҳарфлардан сўз ясаш истихрожининг ташбеҳи измор (зимдан ўхшатиш) га асосланган нави ҳам бор. Бунда ҳарфий ўхшатишлар – китобатлар очиқ айтилмайди-да, ташбеҳлар зимдан амалга оширилган бўлади; бошқа мисолларда кўрганимиздек, қадинг алиф, қошинг ё дейилмайди. Масалан:

Он этибон қошу қадин таъмия.

Этсун алиф мундин онга таъбия. (Нишотий, 252-бет.)

(Мазмуни: Қад (алиф-о) ва қош (нун-н) даги ҳарфлардан “он” сўзи бунёд топади).

Демак, бу ерда қаднинг алифга, қошнинг нунга ўхшашлиги махсус қайд этилмаган.

Истихрожларнинг айтилган ҳарфлардан сўз ясаш нави эпик асарларда ҳам учраб туради. Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонида ҳарфлардан янги сўз ясашнинг ажойиб намуналарини қаҳрамонлар исм-шарифлари билан дахлдор ҳолатда учратамиз. Достондаги бундай ўринлар ҳақиқий заковат мўъжизалари бўлиб, сўзга, ҳарфга ишоранинг ҳар қандай намунаси Фарҳод исмига, тақдири воқеалари мундарижасига, азоб-уқубатли ҳаётининг лавҳаларига олдиндан қилинган ишоралар, огоҳлантиришлар сифатида эътиборга моликдир. Бу ҳол достоннинг “Меҳнатнома” – азоб, машаққат, уқубат достони эканлигига заковатли ўқувчи диққатини жалб этади:

Алиф, бе, дегач устод ибтидодин,

“Алиф” олди “алам”дин, “бе” “бало”дин.

Ки чун Ҳоқонга тенгри берди фарзанд

Бўлуб ул ҳадя бирла шоду хурсанд.

Жамоли бирла кўнглин айлабон хуш,

Отин қўймоқ сари бўлди рақамкаш:

Жамолидин кўрунгач “фар”ри шоҳи

Бу “фар”дин ёруди маҳ то ба моҳи.

Қўюб юз ҳиммату иқболу давлат,

Ҳамул “фар” соясидин топти зийнат.

Бу жавҳарларга чун иснод топти,

Мураккаб айлагач “Фарҳод” топти.

Бу “фар”ни “ҳод”ийи бахт етгач иршод,

Равон шаҳзода отин қўйди “Фарҳод”…

Бу навъ эрмас, ато қўймади отин,

Ки кўргач ишқ анинг покиза зотин –

Анга фарзона “Фарҳод” ном қўйди,

Ҳуруфи маъхазин беш қисм қўйди:

“Фироқ”у “рашк”у “ҳажр”у “оҳ” ила “дард”

Бирар ҳарф ибтидодин айлабон фард –

Борин устоди ишқ эткач мураккаб,

Тараккубдин бу исм ўлди мураттаб.780780
  Алишер Навоий, МАТ, 8-жилд, “Фан”, 1991, 67-69-бетлар.


[Закрыть]

Демак, достоннинг бош қаҳрамони “Фарҳод” исми шарифи шоир талқинига қараганда қуйидагича ясалган экан: ишқ устози “фироқ” сўзидан “ф”, “рашк” сўзидан “р”, “ҳажр” сўзидан “ҳ”, “оҳ”сўзидан “о” ва “дард” сўзидан “д” ҳарфларини йиғиб, “Фарҳод” сўзини ясаган. Маълумки, эски ёзувда “Фарҳод”да бешта ҳарф бўлади, холос…

“Фарҳод ва Ширин” достонида муаллиф Ҳусайн Бойқаронинг валиаҳди – Бадиуззамон мирзо исми шарифини ҳам худди “Фарҳод” исмининг яратилиши сингари истихрожда келтиради: ҳар бир ҳарф қайси сўзнинг бош ҳарфи эканлиги ва бунинг моҳияти Бадиуззамон шахсига дахлдорлигини қайд этади. Мумтоз адабиётда лақаб тахаллус ва исми шариф маъноларида қўлланилади. Шунинг учун биз “Фарҳод ва Ширин” достонининг ўн биринчи бобидан йирикроқ парча келтирамиз. Бу парчанинг биринчи қисмида муаллиф муаммосимон истихрож усулида Бадиуззамон исми шарифини келтиради, сўнгра исм таркибидаги ҳар бир ҳарф маъно-мазмунига бафуржа тўхталади:

Жаҳонға боиси амну амон ул,

Бади уд-даҳру дорои замон ул.

Қачон андин гум этсанг “даҳру доро”

Шариф алкоби бўлғай ошкоро. (А.Навоий, 8-жилд, 56-бет).

(Парча мазмуни: Жаҳон доруламонлигининг боиси улдир. Қачонки ундан (байтдан) “даҳру доро” сўзларини олиб ташласанг, унинг шарафли исми келиб чиқади).

Дарҳақиқат, юқоридаги парчанинг иккинчи мисрасидан “даҳру доро” сўзлари чиқариб ташланса: Бадиуззамон исми қолади. (Замон сўзи таъсири туфайли –уд қўшимчаси “-уз”га айланади). Айрим мутахассисларда: “Бу муаммонинг ўзи-ку?” деган фикр туғилиши мумкин. Парчанинг муаммо эмаслигини шу билан изоҳлаймизки, муаммода мақсад бунчалик очиқ-ойдин кўрсатиб берилмайди, сир сақлаш усули қўлланилади. Энди “Бадиуззамон” исми таркибидаги ҳарфлар ҳақидаги қисмга келамиз:

Ҳумоюн исми мужмал бўлди таъвил,

Қилойин эмди бир-бир они тафсил.

Мунинг зимнида не топмиш азалдин,

Дейин мажруҳ холи ҳар халалдин.

Оти ўн ҳарф ила бўлди мураккаб,

Будур тартиб агар қилсанг мураттаб.

Азалдин бир атоға дол ҳар ҳарф,

Атоёнинг далили ҳарф-барҳарф.

Эрур “Б” – бирру эҳсоннинг далили,

Гуҳардек баҳри Уммоннинг далили.

Иккинчи ҳарф давлатдин эрур “д”ол,

Топиб дину диёнат андин иқбол.

Учунчи юмнидин айтиб нишона

Ки, тинди мақдами бирла замона.

Бўлуб тўртунчи анга “айни” адолат,

Қилиб ҳам умри тўлиға далолат.

Яна бир ростлиғдин айтибон роз,

Амонат боғида сарви сарафроз.

Яна бир лутфдин айлаб хабардор,

Латофат гулшанида баҳрабардор.

Бири етти ададдин топти тақсим,

Ки, қилмиш ҳақ насибинг етти иқлим.

Яна бирдан бўлуб миллат кироми,

Ки, сендиндур мусулмонлиғ низоми.

Яна бир жилвасин айлаб мукаррар

Ки, бир тенгри дурур ёринг мукаррар.

Яна бир бу нидодин айлаб огоҳ

Ки бўлмиш қисматинг: “насрун миналлоҳ”.

Анинг таркибига бу ўнча ҳолат

Қилур, қилсанг тааммул, юз далолат. (А.Навоий, 8-жилд, 56-57-б-р).

“Тааммул қилсанг” – чуқур мулоҳаза юритиб кўрсанг, дея муаллиф шарт қўйганининг бир боиси ҳам борки, у айрим ҳарфларни айтмай фақат ишора қилган (сўз тартибидаги ҳарф ўрнига кўра). Демак, бу ерда айтилган ҳарфлар истихрожи билан мисрали истихрож қисман аралашган жойи ҳам бор.

Юқоридаги барча мисолларга тааммул қилган киши шунга гувоҳ бўладики, истихрож ҳарфий санъатида муаллиф кўпроқ ҳар бир ҳарф ҳикматига диққатимизни тортишга ҳаракат қилади ва шундан нуктапардозлик кўрсатади.


2. Байтда сўздан бир ҳарфни ўзгартириб янги сўз ясаш усули.

Ҳарф сўз ясайди, сўзни ўзгартиради, маъно тафовутларини юзага чиқаради. Хуллас, илм ва бадиият деб билган барча катта-кичик китоблар, ёзилган ҳамма нарсалар ҳарфлардан ташкил топади. Истихрож санъатининг барча намуналарида асос – ҳарфдир. Айримларида фақат ҳарф номи келтирилади, бошқаларида буларнинг гуруҳи сўз ҳолида қатнашган бўлади.

Агар ийҳом, иттифоқ ва тажнисни биз сўз ўйини, десак, ҳозирги танишадиган усулимизни “ҳарф” ўйини десак балки мумкиндир. Аслида эса ҳарф ўйинидан кутиладиган асосий мақсад-муддао сўз ўйини, фикрий ихтирокорликдир. Истихрожнинг ушбу навига Алишер Навоийнинг қуйидаги байти жуда яхши намуна бўлади:

Ҳаётбахш лабинг “руҳ” эмиштук, эй соқий,

Магарки “вов”ини иълол этиб, қилибсен “роҳ”.781781
  Алишер Навоий, МАТ, 3-жилд, 1988, 102-бет.


[Закрыть]

Байт таркибидаги “руҳ” жон маъносидадир. “Роҳ” эса май тушунчасини ифодалайди. Энди байт мазмунини кўрайлик: Эй соқий, сенинг ҳаётахш лабинг “руҳ” (жон) эмиш, балки сен “вов” (у ҳарфи)ини ўзгартириб, май (роҳ) қилиб қўйгандирсан…

Мана шу мисол ва олдинги байтлардан келиб чиқиб уқтиргимиз келадики, истихрож санъати китобхон диққатини ҳарфга, сўзга, маъно-мазмунга жалб этиш санъати бўлганидан, фикрчан шеърият шайдолари учун бундай байтларга дуч келиш катта қувончдир, заковат машғулотидир.


3. Байтда сўзга бир ҳарф қўшиб янги сўз ясаш.

Бундай истихрожларнинг бир неча хилини кўриш мумкин. Чунончи:

а) шоир байтдаги бирор сўзга бирор ҳарфни қўшиб, яъни сўз+ҳарф таркибида бошқа бир сўз ясаб, ўқувчини ҳайратлантиради. Алишер Навоийдан:

Малоҳат бирла туздунг сарвқадлар қоматин, яъни

Ки мундоқ “зеб” бирла ул “алиф”ни айладинг “зебо”. (Навоий,1-ж.,30-бет).

Навоий даҳосига тан бериш керак. Зеро, ҳарфлар ҳамиша ташбеҳ орқали китобат тарзида учрар эди. Бу талқинда “алиф” ёр қадду қомати истиораси сифатида талқин қилинмоқда. Матндан кўриниб турибдики, “зеб” сўзига “алиф” ҳарфи қўшилиб, байтда янги “зебо” сўзи ҳосил қилинган. Қайд этиш керакки, истихрож ҳақида тасаввури бўлмаган киши, биз эслатган ҳолатни байтдан пайқай олмайди. Бу жараённи идрок этган китобхон эса ўз топқирлигидан мамнун бўлади ва муаллиф-ижодкор маҳоратини қайта-қайта эътироф этади.

б) сўзга ҳарф қўшиш истихрожининг биринчи навида аввал сўз, сўнг ҳарф эди, бу хилида эса, сўзга қўшиладиган ҳарф сўз сўнгидан эмас, балки олдидан қўшилади ва янги сўз ҳосил қилади. Истихрожнинг бу нави тузилиши: ҳарф+сўз тарзида бўлади. Алишер Навоийнинг “Наводир уш-шабоб” девонида ушбу санъат билан зийнатланган қуйидагича байт мавжуд:

Қаддиға эл майли бўлғондин кўнгул озурдадур,

Ул алифдин зорларнинг ҳосили озор эмиш. (А.Навоий, 4-жилд,195-бет).

Севимли маҳбубанинг қадди алиф. Зорлар унга муштоқ ошиқлардир. Алиф (о)дан сўнг “зор” ўзаги қўшилса, “озор” сўзи ҳосил бўлади, яъни “зор” ўзагига олдиндан бир ҳарф қўшиб бошқа сўз яратилди… Мазкур мисол бежиз танланмади: истихрож қатнашган байтлар мазмунининг таъсирчанлиги туфайли бадиий санъат дахлини сезишни қийинлаштирса, шоир бу байтда бизга истихрождан хабар бермоқда: “алиф” билан “зор”нинг ҳосили “озор” демоқда.

Ушбу байт қайсидир жиҳати билан албатта олдинги байтни эсга солади. Бу балки “алиф”ни қадга нисбатан истиора ҳолида қўлланилганидир. Аслида бу икки байт икки манзара ва икки ҳолат талқинидан иборат. Аввалгисида сарвқад гўзал қоматининг малоҳати, зеболиги уқдирилди. Бунда эса, ошиқ ўша гўзал санам қоматига эл майлини сезиб, рашкда ёниб, кўнгли озор чекмоқда.

Жозибали икки байтдаги бадиият ва мазмундаги мушоҳадакорлик илм аҳлини ўйлатади. Дарҳақиқат, шеърий мулоҳазалар асносида бирор ҳарф дахли туфайли кўз ўнгингдаги сўзнинг мутлақо бошқача маъно ва жило касб этиши зукко китобхонни илиқ ҳайратга чўмдиради.

Бирор ҳарфга ўзак қўшиб янги сўз бунёд этишдай оддий тил ҳодисаси Навоий истеъдоди маҳсулига айланганда мазмун ва бадииятда мўъжизалар содир бўлади, мушоҳадалар ҳаётий фалсафий залворга эга бўлади, тадқиқотчи байт мазмуни мушоҳадаси учун бош қотиради:

Кўзумки қон аро бўлди ниҳон ажаб эрмас,

Ки “айн”ға чу “дам” ўлди қарин “адам” қилди.782782
  Алишер Навоий, МАТ, 1-жилд, 1987, 30-бет.


[Закрыть]

Ҳозир биз байтни идрок этиш учун кирилл ёзувида ифодалар эканмиз, “айн” ва “дам”ни қўштирноққа олиб, мисра мазмуни идрокини осонлаштириш имконини излаймиз. Аслиятда бу нарса йўқ-ку? Китобхон буни қандай тушунаркин? Чунки иккинчи мисранинг зоҳирий мазмуни: “Айнга дам яқинлашгани заҳоти уни йўқотди” демакдир. Иккинчи мисранинг соғлом, муаллиф тушунган мазмуни фақат истихрож санъати сеҳрини билган кишиларгагина аён бўлади.


4. Сўз таркибидаги ҳарфларни ўрин алмаштириб бошқа сўз ясаш.

Интеллектуал мушоҳадали китобхон мумтоз шоир маънавий дунёсига чуқур кира олади. Бунинг учун нафақат ўз, балки форсча ва арабча сўзлар луғатини ҳам билмоғи тақозо этилади. Чунончи қуйидаги байт мазмун ва бадииятининг идроки ҳар қандай ўртамиёна ўқувчи имкониятидан ташқаридир. Чунки бунда бир неча арабча сўзлар ва истихрож санъати қўлланилгандир:

Қаноатнинг далилин инзиво қилдинг, яна бир ҳам

Далил ушбуки “қонеъ” ҳарфидин халқ айладинг “анқо”.783783
  Алишер Навоий, МАТ, 3-жилд, 1988, 26-бет.


[Закрыть]

Бу байтнинг зоҳирий мазмунидан воқиф бўлиш учун “инзиво, қонеъ, анқо” сўзларининг луғатини билиш лозим. Бугина эмас, байтда уч кўрсаткичли иштиқоқ (қаноат, қонеъ ва анқо сўзлари) қатнашгани боисини ҳам мулоҳаза қилмоқ керак. Байтдаги таносиб санъатини: қаноатга тегишли яна икки тушунча борлигини ҳам инобатга олмоқ жоиз. Байтда қаноат фазилати улуғланмоқда ва Оллоҳ бизга, қаноат қилинг, деган фикр қизил ипдай жилоланади. Чунки Оллоҳ мўъжизавий анқони “қонеъ”-қаноатли сўзидан ясаган… Дарҳақиқат, эски ёзув нуқтаи назаридан ёндашсак, “қонеъ” ва “анқо” сўзларидаги ҳарфлар миқдори тенг ва айнан бир хил ҳарфлардан бунёд топган.


5. Нуқталар орқали сўз ўзгартириш усули.

Эски ёзувда сўз маъносини ўзгартирувчи энг қулай усуллардан бири сўз нуқталарини ўзгартиришдир. Истихрожнинг бундай нави икки хил бўлиб:

а) сўздаги бирор нуқтани олиб ташлаб янги сўз ясаш;

б) сўзга бирор нуқта қўйиб янги сўз ҳосил қилиш ҳодисалари мавжуд.

Шоир байтдаги бир сўзнинг бирор нуқтасини олиб ташлаганда ўқувчи маъно тафовутидан ажиб қониқиш ҳис этиб, сўзларнинг маъно ўзгаришларига қалбан ҳайрат туяди. Шунинг учун омма орасида “кўзни кўр қилиш” ибораси кўпинча нуқсонкор котиблар меҳнатига нисбатан қўлланиладиган фаол ибора бўлган. Худди шу “кўз” сўзидан нуқта олиб қўйилса. “кўр”га айланиши ҳақида Алишер Навоийнинг нуктапардоз бир байти ҳам бор:

Оразингдин ўзга юз кўрмактин айлаб кўзни кўр,

Дарди ишқинг элга айтурдин тилим лол айламиш.784784
  Алишер Навоий, МАТ, 5-жилд, 177-бет.


[Закрыть]

Байтда берилган сўзни нуқтадан маҳрум қилганда сўзнинг қандай ҳолга тушиши ҳақидаги қуйидаги байт ҳам жуда диққатга сазовордир:

Чун дедим: “Холинг” била кўз мардумининг “ҳоли” бор

Деди улким: “Хол” дейсан, нуқтасиз ҳам “ҳол” эрур.785785
  Алишер Навоий, МАТ, 3-жилд, 1988, 169-бет.


[Закрыть]

Навоийнинг савол-жавоб санъатида берилган ушбу жозибали байтида “хол” ва “ҳол” сўз ўзгартиришларига асосланган санъат истихрождир. Хусусан биринчи мисра ҳақида гап кетса, аслида “хол” ва “ҳол” сўзлари хат тажнисдир. Иккинчи мисрада эса “нуқтасизлик” махсус қайд этилгани учун истихрождир. Чунки “хол” сўзидан бир нуқта олиб ташланиб “ҳол” сўзи ясалганига аниқ ишора бор.

Байт икки севишганларнинг дилкаш суҳбатининг бир лаҳзасини ифодалаган. Йигит қизга: “Холинг кўз қорачиғига ўхшайди” демоқчи бўлган. Йигит гапида “хол” сўзи қўлланилгани учун унинг бу лутфига қиз ҳам лутфкорлик билан жавоб қайтарган: “хол” дейсиз, нуқтасиз у ҳам “ҳол”га айланади-ку?” Дарҳақиқат, эски ёзувдаги “хол” сўзидан бир нуқта олиб ташланса, “ҳол” сўзи пайдо бўлади.

Сўзга бир нуқта орттириб, унинг маъносини кескин ўзгартиришнинг анъанавий, ҳатто халқона бўлиб кетган усули: “сафар – сақардир”. Чунки эски ёзувда “сафар” сўзини ёзиб, “фо” ҳарфининг устига бир нуқтани ортиқча қўйса, “сафар” “сақар”га айланадики, энди бу сўзнинг маъноси “дўзах”дир.

Халқ ўртасида бу сўз ўзгартириш шакли расм бўлгани учун Муҳаммадшариф Гулханий “Зарбулмасал” асаридаги бир воқеага буни киритган. Икки кабутар Бозанда ва Навозанда қиссасида кабутарнинг нари сафарга орзуманд эканлигини айтганда, иккинчи кабутар уни бу йўлдан – сафардан қайтармоқчи бўлади ва иборага айланаётган ўша гапни айтади: “Сафарга кўп ҳарис бўлмаки, анда бир нуқта зиёд бўлса “сақар” бўлғусидур”.

“Сафар – сақар” сўз ўзгариши ҳодисаси ўзбек ва форс-тожик мумтоз адабиётида тез-тез учраб туради. Алишер Навоий ижодида сўзга нуқта қўйиб ўзгартириш ҳодисасига бир нечта намуналар бор. Чунончи:

Нечукким бўлса “дил” лафзига нуқта “зул” бўлур ҳосил,

Мазаллат икки айрилғон кўнгулга етти холингдин.786786
  Алишер Навоий, МАТ, 5-жилд, 322-бет.


[Закрыть]

Навоий бу байтда тамсил санъати таркибини тескари қўллаган. Чунки тамсилли байтларда аввал бир воқеа-фикр айтилади-ю, сўнг уни тасдиқловчи бир мисол келтирилади. Бунда эса, мисол биринчи мисрада-ю, воқеа иккинчи мисрададир. Байт мазмунига кўра, “дил” сўзига бир нуқта орттирилса, “зул” сўзи ҳосил бўлади. Шоир жудоликдаги икки кўнгил изтироблари боисини ёрнинг нуқтасимон тимқора холидан кўрмоқда! Дарҳақиқат, ўхшатиш табиийлигига ҳам тан бермоқ керак. Муаллиф байтда “дил”дан “зул”ни келтириб чиқарган ва унга “мазаллат”ни ҳам иштиқоқ қилиб келтирган (кейинги икки сўз ўзакдошдир). Мазмунига мушоҳадакорлик билан ёндашилса, байтда ташбеҳи измор – зимдан ташбеҳ ҳам қўлланилганки, бу ўхшашлик нуқта ва холдадир.


6. Ишоралар орқали сўз ясаш усули.

Сарлавҳада ифодаланган истихрож навини қўлламоқчи бўлган шоир келтириб чиқариладиган сўзни ифодаловчи ҳарфларни айрим ишоралар, ўхшатишлар орқали изоҳлаш пайидан бўлади. Масалан, Нишотийнинг “Ҳусн ва Дил” достонидан олинган қуйидаги парча истихрожнинг ана шу хили учун характерли мисолдир:

Отим эрур тиру камондин нишон,

Санга нишон бергуси тиру камон.

Чунки отим бордур алиф бирла нун

Тир камон сориғадур раҳнамун.787787
  Нишотий, Ҳусн ва Дил. Лирика, Ғ.Ғ.номидаги ДБАН, 1967, 232-бет.


[Закрыть]

(Мазмуни: Исмим ўқ ва камондан нишонадир. Ўқ ва камон мендан сенга дарак беради. Чунки исмим алиф билан нундир. Ўқ камон томон йўналгандир).

Биринчи байтда иккала мисрада ҳам ишора такрорланган. Ҳарфлар аниқ айтилганда ҳам, йўналишгача қайд этилган. Матндан билиняптики, ўқ алифга ўхшайди, камон эса “нун” (н ҳарфи) шаклидадир: алиф нун ёнига қўйилса – Он исми пайдо бўлади. Достонда айтилишича, Он тенгсиз паҳлавон, у бир ҳамла билан Фуод (Дил)ни банд қилиб олади. Бу жанговар паҳлавон тимсоли қиёфасини аниқ ва образли гавдалантиришда истихрож қўл келган. Он исмидан ўқ ва ёй дарак беради. Камон ва ўқ – Ондир. Камон ва ўқнинг доимий хизмати эса, жангда аёвсиз қуроллик вазифасидир. Аёнки Он тушунчасида лаҳза, вақтнинг инсон учун ҳаёт-мамот масаласи эканлигига муаллиф аҳамият берган.


7. Сўз ясашни ўқувчи ихтиёрига ҳавола қилиш усули.

Истихрожларнинг айтилган ҳарфлардан сўз ясаш усулида ҳарфлар айтилиб, улардан яратилган сўз ҳам байтда берилади. Сўз ясашни ўқувчи ихтиёрига қолдириш усулида эса, шоир байтда ҳарфларни келтириш билан кифояланади. Ўша ҳарфлардан сўз ясашни ўқувчи зиммасига юклайди. Нишотийнинг “Ҳусн ва Дил” достонидан:

Аслим эрур коф ила нун зодаси,

Йўқтур анинг нар ила модаси. (Нишотий, 151-бет).

Ёки:

Боди хазон захмларидин масун –

Қилмиш азал кундин ани кофу нун. (Нишотий, 64-бет).

Бундай истихрожгв мурожаат этган шоир Алишер Навоий анъаналарига садоқат кўрсатган. Даҳо шоиримиз ҳам “Ҳайрат ул-аброр” достонида истихрожнинг айнан шу хилини ушбу икки ҳарфда келтирган эди:

Даҳр муқайяд била озодаси,

Борча эрур коф ила нун зодаси.788788
  Алишер Навоий, МАТ, 7-жилд,


[Закрыть]

Юқоридаги байтларни мутолаа қилган китобхоннинг билим захираси оз бўлса, “коф” ва “нун” ҳарфларини, аввало нотўғри жуфтлаштириб ўқиши мумкин: “кан” тарзида. Борди-ю тўғри ўқиганда ҳам “кун” сўзининг луғатини билмаслиги мумкин. Демак, бундай истихрожлар анча малакали, билими чуқур китобхонларга – фикрчан ўқувчиларга ҳавола этилган бўлади. Зеро “кун” сўзи ҳар уч байтда назарда тутилган бўлиб, бу арабча сўзнинг таржимаси: “Ярал, бунёд бўл!” деган буйруқни ифодалайдики, дин тарихига кўра: ҳали одамизод яратилмасдан олдин, Оллоҳ коинотга боқиб: “Кун!” деган ва шу сўз қудрати билан олти кунда ўн саккиз минг олам ва ундаги мавжудотлар яратилган…

Буюк озарбайжон шоири, асрлар давомида ўзбек мактабларида девони ва достони дарслик вазифасини ўтаган Фузулий ҳам “Лайли ва Мажнун” достонида истихрождаги сўз ясашнинг ўқувчига ҳавола қилинган навига мурожаат этиб, унинг ажиб намунасини яратган. Достонда Мажнуннинг мактабдаги хат машқи хусусида сўз боради:

Илми хата умрин айлаюб сарф,

Машқ этмиш эди ҳамин икки ҳарф.

Бир сафҳада “лом”у “ё” мукаррар

Ёзарди они, қиларди азбар.789789
  Фузулий, Асарлар, 2-жилд, ДБАН Тошкент, 1968, 27-бет.


[Закрыть]

(Мазмуни: (Мажнун) ёзув илмига умрини сарф этиб қуйидаги икки ҳарфнигина машқ қилар эди: саҳифага “лом” ва “ё” ҳарфларини такрор-такрор ёзиб, уни ёдлагани ёдлаган эди). Эски ёзувда “лом” “л” ҳарфини, “ё” эса, “й” ва “и” товушларини ифодалагани учун “лом” ва “ё” такроридан “Лайли” исми келиб чиқишини китобхон яхши билади. Қайс хат машқ қилади, бу ташқи кўринишдангина шундай, холос. Аслида у “лом” ва “ё” ҳарфларини ёнма-ён ёзиб такрорлайди, ёдлайди, яъни у Лайлини эслаяпти, қайта-қайта кўнгил маҳбубаси исмини юрак ва қоғозда зикр этмоқда. Бу усул билан муаллиф ўз қаҳрамони қалбига ишқ нақадар туғён солгани, унинг қўлидан ихтиёрини олиб, ҳатто хат машқини ҳам ишқ йўлидаги ўртанишларга алмаштирганини бўрттириб талқин қилган.


8. Икки сўзни бириктириб янги сўз келтириб чиқариш усули.

Икки сўзни бириктириб бир янги сўз келтириб чиқриш истихрожнинг мураккаброқ нави бўлгани учун у кейинроқ ривож топди. Айниқса Алишер Навоий ижодида камол топган бу усулни Заҳириддин Муҳаммад Бобур муҳим ижодий анъана сифатида муваффақият ва назокат билан давом эттирди. Ушбу усулнинг аҳамиятига келсак, муаллиф китобхон закосини жонлантириш, идрокини кучайтириш, унинг диққатини сўзга, сўзларнинг хилма-хил муносабатларига, бирикувига тортишни назарда тутади. Масалан, Алишер Навоий қуйидаги байтда “сарв” ва “ноз” сўзларини истихрож усулида бириктириб “сарвиноз” деган ғоят жозибали сўзни бунёд этганки, байтнинг бу поэтик латофати китобхон ақлу назаридан четда қолмайди:


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации