Текст книги "Бадиият жозибаси"
Автор книги: Эркин Рахмонов
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 18 (всего у книги 27 страниц)
Тасдир санъатини қушнинг икки қаноти учидаги бир хил рангли патларга ўхшатиш мумкин. Шоир байтни бошлаган сўз билан байтни якунласа, яъни байт бошидаги сўз байт охирида яна бир карра такрорланса, тасдир санъатини қўллаган бўлади. Тасдирни байтнинг иккала учини туташтирувчи санъат дейиш мумкин:
Забт айлай олмас аҳли ишқ кўнгли кишварин –
Хисравеким айлай олғай сарбасар дунёни забт.537537
Алишер Навоий, МАТ, 3-жилд, 1988, 232-бет.
[Закрыть]
Ёки:
Болалик – бу асли камолот,
Камоли умр эса – болалик.538538
Эркин Воҳидов, Сайланма, 2-жилд, 2001, 99-бет.
[Закрыть]
Ҳар иккала байтда тасдир санъати қатнашган: байтни бошлаган сўз байт сўнггида қайтарилди. Бироқ мазмунан ва ўша сўзларнинг елкасида маъно юки, вазифаси ҳар хил эканлигини сезиш қийин эмас. Қаҳрамон шоир Муса Жалил ҳам фашистнинг жазосини берган аёл тилидан ёзади:
Қилич билан кирдинг юртимга,
Ўлиминг қам келди қиличдан.
Ёки Сирожиддин Саййид ёзади:
Ўйлайди. Айланар бу кўҳна фалак,
Айланар кўҳна ер. У-чи ўйлайди.539539
Сирожиддин Саййид, Куйдим, 1994, 41-бет.
[Закрыть]
“Забт, болалик, қилич, ўйлайди” сўзлари байтлар қанотларида такрорланиб шеърга нималар ато қилишди? Ўқувчига нима берди бу санъат? Оддий сўз такрорларида сир-синоат борми-йўқми? Албатта, бор. Аввало, таъкид, фикрий таъкид тасдир санъати хизматининг биринчиси шу. Иккинчи хизмати – китобхон диққатини бир сўзга қаратар экан, унинг маъно-мазмуни залворига эътибор қилади: теран фикр юритишга рағбатлантиради. Чунончи, Навоийнинг қуйидаги байтини ўқиган китобхон тасдир кўрсаткичларининг бирини тажнис деб ҳам ўйлаши мумкин:
Хублар қул бўлдилар, лекин парилар қочтилар,
Олам ичра одами бор сенча бир эркинму хуб.540540
Алишер Навоий, МАТ, 3-жилд, 61-бет.
[Закрыть]
Чунки “хуб” сўзининг “яхши” ва “гўзал” маънолари борлигини китобхон яхши билади. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг қуйидаги байтидаги сўнгги “ўлтуруб” сўзини ўқиган киши “ўтириб” маъносинигина эмас, “ўлдириб” маъноси борлигини ҳам беихтиёр пайқайди.
Ўлтуруб эрди, қўпуб кетмакка чун азм айлади,
Ёна тиргузди мени, алҳамдулиллаҳ, ўлтуруб.541541
Бобур, Девон, “Фан”, 1994, 19-бет.
[Закрыть]
Мумтоз шоирлар тасдирнинг шундай имкониятларидан жуда усталик билан фойдаланишга ҳаракат қиладилар. Чунки тасдир – сўз тавтологиясининг таъкид-уқтирув эффектидан кўра, маънони кучайтириш ва янги маънони ифодалаши нисбатан муҳимроқдир. Алишер Навоийнинг тубандаги байтида келган “очилур” тасдирининг биринчи кўрсаткичи кўнгил яйрашини ифодаласа, иккинчи кўрсаткичи – ғунчанинг гул бўлиб очилишини англатади:
Очилур кўнглум саманди сайридин,
Ғунча янглиғким сабодин очилур.542542
Алишер Навоий, МАТ, “Фан”, 3-жилд, 165-бет.
[Закрыть]
Тасдирнинг кўпмаъноли кўрсаткичлари таркибига назар ташласак, Бобурнинг “ўлтуруб” сўзи бўлган иккинчи мисрасининг икки маънолилиги ийҳомли эканлигини билдирса, Навоийнинг “очилур” сўзлари байтда тажнис қатнашаётганини ҳам билдириб туради.
Навоий тасдир қўллашда иштиқоқдан ҳам фойдаланишдек янгилик ҳам киритади:
Чора не бўлғай Навоийға фироқинг шомида,
Гар хаёлинг бўлмаса бечораларга чорарас.543543
Алишер Навоий, МАТ, “Фан”, 3-жилд, 199-бет.
[Закрыть]
Кўриняптики, ўзакдошлик ҳодисаси маълум маънода сўз такрорларини пардалаб, уни янги маъноларда ифодалаш имконини берган.
Замондош шоир Рауф Парфи тасдирнинг қизиқ намунаси – тазодли хилидан фойдаланишнинг тажрибасини намойиш этган:
Сўрадиму мен дарду ҳолинг,
Мен дарду ҳолингни сўрмадим.544544
Рауф Парфи, Тасвир, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1973, 48-бет.
[Закрыть]
Тасдир санъатини маълум маънода айлана санъати, деб изоҳлаш ҳам мумкин. Чунки қайтариш натижасида муаллиф кўзда тутган фикрлар ҳам шакл жиҳатдан (биринчи мисранинг бош қисми навбатдаги мисранинг охири билан уланади), ҳам маъносига кўра бир байтнинг ўзидаёқ доира шаклида йиғилади. Байтни бошлаган сўз ва фикр байт охирида ҳам шаклан, ҳам маънан акс садо тарзида қайтади.
Тасбеъ санъатиБу усул истилоҳини айрим адабиётшунослар дангал “тасбеҳ санъати” деб ҳам ёзишади. Шоир байтнинг биринчи мисраси сўнгидаги сўзни иккинчи мисра бошида такрор келтирса, тасбеъ санъатини қўллаган бўлади. Аслида, тасбеъ бир сўзнинг масофали такроридан иборатдир. Тасбеъ қуйидагидек сўзларнинг оддий ифодаси бўлиши мумкин:
Жуди илайида тўққуз афлок,
Афлок қошида тўдаи хок.545545
Алишер Навоий, Лайли ва Мажнун, МАТ, 9-жилд, 1992, 45-бет.
[Закрыть]
Ёки:
Ташна ўлик чўлга биров берса сув,
Сув била ҳосилга кириб жон топар.546546
Ҳабибий, Девон, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1970, 69-бет.
[Закрыть]
Тасбеъ санъати шоир мақсади ва тасвир имкониятларига кўра турли-туман вазиятлар ифодасига ҳам жозиб қўл келади:
Тараб кокулларинг турсанг буролиб,
Буролиб кокулинг ичра ўролиб.547547
Хилватий, Девон, “Хазина” нашр., 2001, 323-бет.
[Закрыть]
Келтирилган мисоллардан маълумки, маснавийларда шоир мақсадига кўра тасбеъ кўрсаткичлари вазмин ифодаларга яраса, лирик кечинмалар изҳорида ўзгача маъноларда ярақлаши мумкин экан. Хилватий байтидаги каби тасбеъ санъати хизматини Рауф Парфининг қуйидаги байтидан ҳам кузатиш мумкин:
Оғушига олар кундузни,
Кундуз каби бу ёруғ кеча.548548
Рауф Парфи, Тасвир, 18-бет.
[Закрыть]
Лафзий санъатларда маҳорат кўрсатишни истаган санъаткорлар кўпинча бир байтда ҳам тасбеъ, ҳам тасдир санъатини қўллаб байтни икки томонлама “боғлашга” эришадилар. Чунончи, Заҳириддин Муҳаммад Бобурдан:
Сочинг шикастида бордур шикаста кўнгуллар,
Кўнгуллар очилур, очилса ул қаро сочинг.549549
Бобур, Девон, 1994, 35-бет.
[Закрыть]
Байтнинг иккинчи қанотидаги “сочинг” сўзлари тасдир кўрсаткичлари бўлса, “кўнгул”ларнинг биринчи мисра охири ва иккинчи мисра бошида қайтарилиши тасбеъ санъати кўрсаткичларидир. Бу соҳада энг йирик муваффақиятни Муҳаммадшариф Сўфизода қўлга киритди, десак бўлади. У шунчалик олға кетдики, ўзбек мумтоз адабиётининг узоқ асрлик тарихида фақат байтлардагина учрайдиган бу санъат амалиётига Сўфизода бутун шеър бўйлаб эришди. Ҳар бир байти иккиёқлама сўз такрорига асосланган ушбу ғазалдан ҳеч қандай зерикиш ёки сунъий зўрма-зўракилик кузатмаймиз:
Ғубор дарду алам сийналарни қилди фигор,
Фигор қилғуси, албатта, заҳри зангу ғубор.
Чу дор остида қолдим, тараҳҳум айла, нигор,
Нигор қилса ғазаб, лозим ўлмасинму чу дор.
Шиори шуълаи шавқингда майл бўлди наҳор
Наҳор васлинг учун ҳажр шом топди шиор.
Фанор ёқса мусаффо бўлур ямину ясор,
Ясор бирла баробар қилур яминни фанор.
Кезор сўфини бебаҳраси ҳамиша мазор,
Мазор баҳравари шулки, ҳақ йўлини кезор.
Қиморхонага кирганда дов қўйса на ор,
На ор жонни қўйиб, ишқ йўлинда ўлса қимор.
Анор донасидек ҳасратим қатор-қатор,
Қатор риштаи назмимга боз терилди анор.
Бу зор Ваҳшийни қадрига Шамси ҳожи етар,
Етар ҳам ани қадрига кўп яхши бу зор.
Ушбу ғазал намунаси икки санъатга муттасил амал қилиб шеър яратиш сингари синчковликка асосланган бўлса, бу шуни кўрсатадики, муаллифи Муҳаммадшариф Сўфизода “Илми саноеъ” санъатларидан яхши хабардор бўлганидан иқтидорини ажиб бир тарзда ўзига хос синовдан ўтказган. Чунки унгача ҳеч ким бундай тажрибага қўл урмаган эди. Мазкур ғазалнинг яна бир, кишини ҳайратга соладиган поэтик хусусияти бор – шеър бошдан-оёқ барча мисраларнинг қофиядошлигига асосланган. Бу ҳодисага маълум маънода тасбеъ ва тасдирни шеърда мунтазам қўллаш ҳам сабабчи бўлгандир.
Қайтариқ санъатиҚайтариқ такрорнинг бир кўринишидир. Унинг ўзига хос хусусияти шундаки, мисранинг бош қисмида келган сўз ёки бирикма ўша мисранинг охирида албатта яна бир карра қайтарилади. Қайтариқ элементлари шахс-сонда бир-биридан фарқли, антонимик, синонимик, иштиқоқли ва тажнисли бўлиши мумкин. Демак, қайтариқ сўз ёки бирикмаси мисрани ҳам бошлайди, ҳам ниҳоясига етказади, агар мисра радифли бўлса, қайтариқ радифдан олдин келади. Қайтариқ сўз ва бирикмалар такрори бўлганидан тасдирга ўхшайди. Бироқ тасдир байтни бошлаб, ўша байтни ниҳоясига етказиб такрорланарди, қайтариқда шу жараён мисрадагина амал қилади.
Қайтариқларнинг асосий қисми тавтология (маъно такрори) йўсинида бўлгани учун санъаткордан эҳтиёткорлик ва маҳоратни талаб қилади. Чунки қайтариқнинг бошига ҳамиша сийқалик соя ташлаб турган бўлади. Қайтариқли байтлардан намуналар:
Тузотиб мажлисе ул бетаваккуф,
Такаллуфсиз, вале айни такаллуф. (Юсуф Амирий).550550
Ўзбек адабиёти, 1-жилд, 1959, 225.
[Закрыть]
Бунда қайтариқ тазодли тус олгани сезилиб турибди.
Ақл ёр ўлсайди тарки ишқи ёр этмасмидим,
Ихтиёр ўлсайди роҳат ихтиёр этмасмидим. 551551
Эркин Воҳидов, Ёшлик девони, 1969, 143-бет.
[Закрыть] (Фузулий).
Чу ёди била тарк этиб мосуво,
Фано оламидин ўзни қил фано.552552
Низорий, Достонлар, Т., 1970, 109-бет.
[Закрыть]
Тасодифий ҳолатларда радиф ҳам қайтариқнинг иккинчи компоненти бўлиб келиши мумкинлигини унутмаслик керак. Масалан:
Оташин гул уздим ол бу шоҳи гуллар шоҳи гул,
Гул сочиқ йўлларда бўлсин гул юзли ҳамроҳи гул.553553
Эркин Воҳидов, Ёшлик девони, 1969, 55-бет.
[Закрыть]
Юқоридаги мисолларда учраганидек, қайтариқ компонентларидан бири турли-туман сўз ясовчи ва сўз ўзгартирувчи қўшимчалар олганида ҳам, ўша сўз қайтариқ бўлаверади:
Недин боғладинг эшикинг, равому?
Хато айладумму ё сендин хатому? (Қутб Хоразмий).
Қайтариқлар байтларда параллель ҳолатда ҳам келиб қолишлари мумкин:
Кўзимни кўтармасам кўзингдин,
Юзимни кўтармасам юзингдин.554554
Ўзбек адабиёти, 1-жилд, Т., 1959, 185-бет.
[Закрыть]
Қайтариқлар баъзан таркибли – икки ёки ундан ортиқ сўзли ҳам бўлади:
Ўқуб ёронларим айди: – Ойинг бир,
Не тадбир қилғу бу ишга, не тадбир.555555
Ўзбек адабиёти, 1-жилд, 1959, 140-бет.
[Закрыть] (Дурбек).
Я все такой же. Сердцем я все такой же
Как васильки во ржи, цветут в лице глаза.556556
Сергей Есенин, Стихотворения, Иркутск, 1971, стр.66.
[Закрыть]
Қайтариқлар гоҳо шу хилдаги такрорларнинг бошқа турлари – тасдир ва тасбеъ билан қоришган ҳолда ҳам учрайверади. Масалан, қуйидаги байтда тасдир ва қайтариқ қоришиғи бор: тажнисли қайтариқ биринчи мисрадаги “қочарини” ва “қочадур”, тасдир эса: “қочарини” ва “қочари” сўзларида зуҳур этган:
Қочарини кўрай десам, қочадур,
Мени куйдурди, вой анинг қочари.557557
Лутфий, Девон, Гул ва Наврўз, Т., 1965, 269-бет.
[Закрыть]
Қайтариқ ва тасбеъ элементлари қоришиғи ҳам ўзбек адабиётида кўплаб учрайдиган ҳодисалардандир. Қуйидаги байтнинг биринчи мисрасидаги “ихтиёр” ва иккинчи мисрадаги бошда келган “ихтиёримни” сўзлари тасбеъ кўрсаткичларидир. Байтнинг биринчи мисрасидаги “ихтиёрим” ва “ихтиёр” эса қайтариқ:
Ихтиёрим бор эди ҳар ишни қилсам ихтиёр,
Ихтиёримни олиб беихтиёр этти фалак.558558
Фурқат, Танланган асарлар, 2-жилд, Т., 1959, 67-бет.
[Закрыть]
Келтирилган мисоллардан кўриниб турибдики, қайтариқлар такрор ўқилишидан қатъий назар, ҳар бири ўзининг маъно эффектига эга бўлиб, ўқувчи ва тингловчининг меъдасига тегмайди. Бундан китобхон муаллиф такрорлаётган сўзда асосий маънавий негиз ётганини яхшироқ ҳис этади. Қайтариқлар матнни чуқурроқ англашга ўқувчи диққатини асосий маънога тезроқ марказлаштиришга хизмат қилади.
Қайтариқлар иштирок этган қуйидаги мисралар қоришиқ санъатларга намуна бўла олади:
Кел, яқинроқ, кўнгилни чоғлаб кел,
Кел, севинчларни сен қучоқлаб кел.559559
Ҳамид Олимжон, Танланган асарлар, 1-жилд, 1970, 61-бет.
[Закрыть]
Биринчи мисрадаги биринчи ва иккинчи “кел” сўзлари – қайтариқ; иккинчи мисрани бошлаган ва охирида қайтарилган “кел” сўзлари ҳам қайтариқдир. Иккинчи ва учинчи “кел” – илтизом бўлса, мисралар бошида параллель ҳолатда такрорланиб келган икки “кел” анафорик такрорлар, ва ниҳоят, мисралар сўнгидаги остма-уст турган икки “кел” радифдир.
Бадиий таржима жараёнида айрим санъатлар ё ўзгариб, ё тушиб қолиш ҳолатлари юз беради. Матнни қайта талқин қилишда қайтариқларни сақлаб қолиш мумкинлигини қуйидаги Ҳофиз байти тақдирида кузатамиз:
Рўзи васли дўстдорон ёд бод
Ёд бод он рўзгорон, ёд бод.560560
Ҳофиз, Ғазаллар, Т., 1958, 68-бет.
[Закрыть]
Хуршид таржимаси:
Дўстлар базми висолин эсда тут,
Эсда тут дўстлар жамолин, эсда тут.561561
Ҳофиз, Ғазаллар, Т., 1958, 69-бет.
[Закрыть]
Қайтариқлар тузилишига кўра содда ва мураккаб (таркибли) бўлади: бир сўз қайтариғи – содда; икки сўз қайтариғи – мураккаб. Мураккаб қайтариқлар икки хил бўлади:
а) содда қайтариқларнинг параллель мисралардаги кўриниши;
б) бир мисрада иккитадан сўз қайтариғи:
Ҳали ёзилмаган кўп қўшиғинг бор,
Эй Ватан тупроғи, Ватан тупроғи.562562
Озарбайжон шоирлари, Т., 1960, 118-бет.
[Закрыть] (Марварид Дилбози).
Листья падают, листья падают,
Стонет ветер. Протяжен и глух.563563
Сергей Есенин, Стихотворения, Иркутск, 1971, 156-бет.
[Закрыть]
Қайтариқлар маъносига кўра қуйидаги турларга бўлинади:
1) тавтологик қайтариқлар;
2) илтизом қайтариқлар;
3) тазодли қайтариқлар;
4) синонимик қайтариқлар;
5) тажнисли қайтариқлар;
6) нидоли қайтариқлар ва бошқалар.
Юқорида келтирилган мисолларнинг кўпчилиги тавтологик қайтариқлар эди.
Илтизом қайтариқларнинг моҳияти шундаки, муаллиф қайтариқларни бир эмас, бир неча мисраларда тиза боришни лозим топади ва қуйидаги каби мураккаб қайтариқлар яратади:
Дўстликни этиб аён, эй дўст,
Дўстинг била бўл ягон, эй дўст.
Бир-бирига фидо қилиб жонни,
Дўст бўлғуси меҳрибон, эй дўст.
Бир-биридан агар тилар бориб
Дўст қилмас дариғ жон, эй дўст.564564
Юнус Юсупов, Хоразм шоирлари, Т., 1967, 56-бет.
[Закрыть] (Илёс Сўфи).
Тазодли қайтариқларда қайта такрорланаётган сўзларнинг бири бошқасига нисбатан қарама-қарши маъно ташиган бўлади. Бироқ бундай қайтариқларларни тазод сўзлар (вафо-жафо, узун-қисқа, оқил-нодон) бунёд этади, деб ўйламаслик керак, негаки у чоқ қайтариқ юз бермайди.
Қачонки ғамзаси кўз қонима қаро қилса,
Хатосиз ўқни урар жонима, хато қилса.565565
Лутфий, Сенсан севарим, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1987, 12-бет.
[Закрыть]
Синонимик қайтариқда такрорланаётган сўзларнинг бири ўз синонимик вариантида қолади:
Ранжу ситам тухмини экса бирав,
Ўрғусидур ҳам ани вақти дарав.566566
Нишотий, Ҳусн ва Дил. Лирика, Ғ.Ғ.номидаги БАН, 1967, 329-бет.
[Закрыть]
Байтдаги “ўрғуси” ва “дарав” (ўрим) синонимик қайтариқлардир. Қуйидаги мисол эса, синонимик сўзўйинбоп бўлиб, бунда ҳам синонимик қайтариқ қўлланилган. Синоним сўзларнинг биринчиси тожикча (дил), иккинчиси арабча (фуод)дир:
Гарчи эрур “Ҳусну Дил” ушбу савод,
Дилнинг оти бунда қўюбман Фуод.567567
Ўша асар, 40-бет.
[Закрыть]
Тажнисли қайтариқ таркибидаги сўзлар ўзаро жинсдошлик билан характерланади. Тажнисли қайтариқлар тажниснинг асосий хиллари бўйича бунёд топиши мумкин. Масалан: Тажниси зойидли ёки орттирма тажнисли қайтариқ намунаси – нола-нол:
Ноладин ул заъфаро андоқки нол,
Фикрдин ул ўйлаки тори хаёл.568568
Нишотий, Ҳусн ва Дил. Лирика, 1967, 42-бет.
[Закрыть]
Тўла том тажнисли қайтариқ:
Басе ғам боридин чекмиш оғирни,
Ёғир бўлмиш ҳазин кўнглим ёғирни.569569
Мунис, Сайланма, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1980, 19-бет.
[Закрыть]
Нидоли қайтариқларда мурожаат ва чақириқ оҳанги, кучли ҳис-ҳаяжон, қувонч ёки нафрат туйғулари ифодаланган бўлади:
Ваҳ ки рафт он маҳу бар мо кард бедод аз фироқ,
Аз фироқи ў ба фаръёдем, фаръёд аз фироқ.570570
Ҳилолий, Осори мунтахаб, Душанбе, 1958, 71-бет.
[Закрыть]
“Такрир” атамасининг луғавий маъноси такрор демакдир. Санъат сифатида такрирнинг моҳияти шундайки, шоир байтда бир сўзни икки ёки уч, ҳатто тўрт маротаба такрорлайди. Демак, мазкур бадиий-тасвирий воситани биз сўзнинг байтдаги оддий такрори деб тушунмоғимиз керак. Бир сўзнинг уч такрори ҳам оз эмас. Бир сўзнинг тўрт такрори нисбатан сийрак учрайди. Бир сўз байтда икки маротаба қатнашганда ҳам уларнинг ўрни эркин бўлаверади. Масалан, қуйидагидек биринчи мисранинг ўзидаёқ раддул ҳашви илал ҳашв тарзида такрир ҳосил қилинадиган ҳолатлар бор:
Ғами ҳажрингда андоғ ҳолатим андоғ дурурким ёғ,
Ани кўрса эриб бағри оқар ҳар лаҳза тошдин сув.571571
Мунис, Сайланма, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1980, 98-бет.
[Закрыть]
Бундай вазиятни бир сўзнинг биринчи мисранинг ўзида такрорланиши деб атаймиз.
Такрирнинг раддул садри илал ҳашв, яъни бир сўзнинг мисра бошида ва иккинчи мисранинг ўрталарида такрорланиши тарзи ҳам кўп учрайди:
Кин ила ҳар зулмким бор эрди кўргуздинг манга,
Зулм ила ҳар кинки мумкин эрди изҳор айладинг. (Мунис, 105-бет).
Раддул арузи илал ибтидо, яъни такрирнинг биринчи мисра бошидаги сўзнинг байт охирида такрорланиш хили ҳам оз учрайдиган ҳодиса эмас:
Мунисни кўрдию йиғлади Мажнуну Кўҳкан,
Дард аҳли ҳолатидин этар риққат аҳли дард. (Мунис, 110-бет.)
Тубандаги байтда “дуд”(тутун) сўзининг биринчи мисра ўртасида ва иккинчи мисра сўнгида такрорланиши кузатилади, буни поэтика тилида раддул ҳашви илал аруз деймиз:
Ҳар дамимдин буки дуд изҳор ўлур хайли бало,
Мажмари танда сўнгаклардин қилурлар ул дуд. (Мунис, 113-бет).
(Мазмуни: ҳар бир чиқарган нафасимда тутун кўринади. Шунинг учун бало тўдалари таним манқалдонида унинг ўрнига суякларимни ёқиб тутатадилар).
Байт мазмунига аҳамият берсак, мисралардаги “дуд” (тутун) сўзининг икки маротаба қайтарилиши лирик қаҳрамон руҳиятидаги аччиқ изтиробларни ифодалаш омили бўлиб хизмат қилмоқда. Демак, лафзий санъатларнинг ҳам маънога дахли борлигини бирор лаҳза ёдимиздан чиқармаслигимиз лозим.
Ёки қуйидаги байтда биз “умид” ва “ноумид” сўзларини кузатамизки, мазкур тазодли такрирнинг истилоҳий атамаларидан бири: раддул ҳашви илал зарб бўлади:
Меҳр ҳар кимдинки уммид эттим, ўлдим ноумид,
Нечун узмай олам аҳлидин мени шайдо умид. (Мунис, 114-бет).
Агар “умид” сўзининг икки такрорига эътибор берадиган бўлсак, бу такрирнинг раддул ҳашви илал аруз бўладики, бу сўзнинг биринчи мисра ўртасида ва байт охирида такрорланиши бўлади. Муниснинг:
Сайд ўлмоқ истаб ҳар замон кўнглум қушидур парфишон,
Қил сайд они отиб равон ғамзанг ўқин, эй қоши ё (Мунис, 116-бет).
байтидаги “сайд” сўзларининг байт боши ва иккинчи мисра ўртароғидаги такрорини кузатамиз. Буни раддул садри илал ҳашв, яъни биринчи мисра бошидаги сўзнинг иккинчи мисра ўрталарида такрорланиши деб атаймиз.
Байтдаги “сайд” (ов) сўзининг икки такрори китобхон диққатини шу сўзга жалб этиши аниқ. Бу бежиз эмас, чунки байт таркибидаги сўзларга зеҳн солсак, байтда таносиб санъати ҳам қатнашган бўлиб, унинг кўрсаткичлари қуш, парфишон (қанот қоқадиган), ўқ, ё (камон) сўзлари қаторига “сайд” сўзи албатта киритилади, Чунки ўша сўзлар ов таносибидаги сўзлар доирасига мансубдир.
Такрирнинг кейинчалик тасдир деб махсус ном олган намунаси: раддул садри илал аруздирки, буни сўзнинг байт боши ва байт охиридаги такрори деб биламиз. Мазкур санъат ҳам Мунис байтларида учраб туради:
Тўқуз кўкдин ўтсанг ҳам этма ғурур,
Ки фақр аҳли оллида ҳечдир бу тўққуз. (Мунис, 119-бет).
Муниснинг мазкур такрирдаги маҳорати шундаки, шоир ”тўқуз” сўзларидан бирини сон маъносида – тўққиз қават осмон ҳисоби маъносида, иккинчисини тўйларда қўйиладиган йирик туҳфа – тўққиз маъносида талқин этганки, бу ҳодисани тажнисли такрир деб тасниф қилиш мақсадга мувофиқдир.
Худди шундай тажнисли такрир вазиятини қуйидаги байтдан ҳам кўриш имкони бор: бундаги “юз” сўзининг биринчиси (чеҳра, бет) маъносида, иккинчиси сон-ҳисоб маъносида келган:
Мену ишқ майдонию ғам сипоҳи,
Эвурмон юз: ўлсун агар минг, агар юз. (Мунис, 119-бет).
Мазкур такрирлар таҳлилида энди гап сўз такрори юзасидан эмас, балки сўзнинг маъно ҳар хиллиги хусусида бормоғи лозим. Бу ҳам бўлса ўзбек тилининг бой ифода имкониятларининг бир кўринишидир.
Кейинги мисолни раддул ҳашви илал аруз деб ҳисоблаймиз. Мунисдан:
Қора зулфинг қизил узор узра,
Дуду ўтдин нишона, эй қора кўз. (123-бет).
Байтида такрирнинг раддул садри илал ҳашв, яъни байт бошидаги сўзнинг иккинчи мисра ўрталаридаги такрори намунасини кўрамиз.
Навбатдаги мисолимизда раддул ҳашви илал ҳашв, яъни биринчи мисра ўртасидаги сўзнинг иккинчи мисра оралиғида такрорлашга асосланган такрир санъатини кузатамиз:
То бўлди кўзум коми тамошойи жамолинг,
Фарёдки, бир топмади комини раво кўз. (Мунис, 124-бет).
Ушбу мисралардаги такрир кўрсаткичлари бўлган сўз “коми” (орзу, тилак, умид) дир.
Такрир санъатининг раддул зарби илал ҳашв, яъни биринчи мисра охиридаги сўзнинг иккинчи мисра ўрталаридаги такрори нави ҳам кўп учраб туради. “Футуҳ” сўзининг такрори қуйидаги мисолдаги такрир намунасидир:
Масжидингда файз йўқ, зоҳид, ҳузурингда футуҳ,
Еткурур соқий футуҳ, эл кўнглига майхона файз. (Мунис, 135-бет).
Юқорида такрир санъатига ўнта байтни мисол қилиб келтирдикки, бир сўзнинг байтда икки маротаба такрор келиши кузатилди. Мисолларимиздан аёнки, такрор жойларига нисбатан ҳар хиллик шу саноқ билан чекланмайди, уларнинг хилларини бундан ҳам кўп келтириш мумкин. Аммо биз шу билан чекланишни лозим топамиз. Шулар ҳам такрир санъатининг имконият доираси кенглиги ва маънога узвий дахлдорлиги ҳақидаги мулоҳазаларимизни қувватлайди, деб ўйлаймиз.
Такрирнинг икки сўз такрори намуналари ҳам мавжуд. Юқоридаги намуналаримизнинг охиргисига яна бир карра назар ташлайлик:
Масжидингда файз йўқ, зоҳид, ҳузурингда футуҳ,
Еткурур соқий футуҳ, эл кўнглига майхона файз. (Мунис, 135-бет).
Байтидаги “файз” ва “футуҳ” сўзларига аҳамият берадиган бўлсак, бу икки сўз иккинчи мисрада яна такроран қатнашмоқдаки, икки сўз такрорида ҳам маъно тавтологияси эмас, балки сўзлар такрорида фикрий-маънавий таъсирчанлик кучаймоқда, холос.
Икки сўз такрорига яна бир мисол келтирайлик:
Қора кўзлар жаҳонда кўпдур, лек
Сен дурурсан ягона, эй қора кўз. (Мунис, 123-бет).
Бу ерда “қора кўз” сўзлари биринчи мисра бошида ва иккинчи мисра охирида такрорланган.
Ёки кўз, қаро, қон сўзлари қуйидаги байтнинг ҳар иккала мисраларида такрорланиб, байтда уч сўз такрори содир бўлмоқда:
Кўз қаро қилма ғайр қониға,
Қоним ич қона-қона, эй қаро кўз. (Мунис, 123-бет).
Ёки уч сўз такрорининг радиф тарзидаги ҳолатига назар ташлайлик:
Ёрим ўл жовидона, эй қора кўз,
Лутф қил бекарона, эй қора кўз. (Мунис, 123-бет).
Тадриж санъатиТадриж санъати истилоҳи унинг шеърдаги моҳиятига аниқ ишора қилади. Тадриж –тадрижийлик, давомийлик, узвийлик, узвий алоқадорлик тушунчаларини ифодалайди. Мумтоз шеъриятнинг бош жанри – ғазалнинг ҳар бир байтидаги мазмун мустақиллиги, байтлараро фикрий алоқанинг нисбатан сустлиги, баёнда мулоҳаза-муҳокамалар узвийлигига бўлган маънавий эҳтиёж кечроқ бўлса-да, тадриж санъатининг шеъриятга кириб келишига замин ҳозирлади. Тадриж атамаси байтлараро мазмун узвийлигини билдиради.
Илми саноеъ донишмандлари шеърият амалиётида бу санъатни пайқаганларида тадриж моҳияти: байтаро бир сўзнинг такроридан иборат бўлган, яъни ҳар бир навбатдаги байт олдинги байтнинг охирги сўзини такрорлаш билан бошланган. Шу жараён шеърнинг бошидан охиригача давом этган.
Илми саноеънинг қатъий анъанавий талабига кўра матлаънинг иккинчи мисраси биринчи мисра сўнгидаги сўз такрори билан бошланган; ҳар бир навбатдаги байт олдинги байтнинг охирги сўзини такрорлаш билан бошланаверган…
Эй вужуди комилинг асрори ҳикмат масдари,
Масдари зотинг ўлан ашё сифотинг мазҳари.
Мазҳари ҳар ҳикмати сенсанки, килки қудратинг
Сафҳаи афлоки наҳш этмиш хутути ахтари.
Ахтари мас уд ўлан улдурки табъи покининг
Қобили файз ўла лутфингдин сафои жавҳари.
Жавҳари маъюб ўлан ноқис манамким муттасил
Содадур хаттинг хаёлида замирим дафтари.
Дафтари аъмолиминг хатми хатодиндур сиёҳ,
Қон дўкар чашмим хаёл этдикча хавли маҳшари.
Маҳшари ашким верар селоба гар рўзи жазо,
Ўлмаса мақбул даргоҳи сиришким гавҳари.
Гавҳаридур ишқ баҳрининг, Фузулий, оби чашм,
Лек бир гавҳарки, лутфи ҳақ ангадур муштари.572572
Фузулий, Девон, 1958, 282-бет.
[Закрыть]
Тадриж санъатининг моҳияти, шеърга композицион яхлитлик бағишлаши сингари илмий қарашлар профессор Н.М.Маллаевнинг “Ўзбек адабиёти тарихи” (Олий мактаблар учун дарслик), Ҳ.Ҳомидий, Ш.Абдуллаева ва С. Иброҳимоваларнинг “Адабиётшунослик терминлари луғати”, Т.Бобоевнинг “Шеър таълими илми” қўлланмаси ва олим Ёқубжон Исҳоқовнинг “Тадриж санъати” мақолаларида ўз аксини топган. Фақат луғатдаги қарашлар биргина шеър юзасидан чиқарилган назарий фикр бўлгани учун бирёқламаликдан холи эмас. “Тадриж воқеабанд шеърларга хос бўлиб, шеърдаги бир образ ёки тушунча ўхшатишлар воситаси билан ривожлантирилиб борилади”573573
Адабиётшунослик терминлари луғати, “Ўқитувчи” нашр., 1970, 214-бет.
[Закрыть] деган фикрнинг ўхшатишга алоқадор қисми Навоийнинг бир шеърига тўғри келади, холос. Бошқа тадриж намуналарига бу назарий қараш билан ёндашиш имкони йўқ. Тадриж санъати лафзий санъатларга мансуб бўлганидан, бу усул ҳақидаги назарий фикрни шаклдан келиб чиқиб изоҳлаш мақсадга мувофиқдир: тадриж моҳиятида байтлараро бир ёки бир неча сўзнинг шеър бўйлаб такрорланиши ва ана шу сўз такрорлаш туфайли мазмун алоқадорлиги, узвийлиги ва композицион бутунликнинг рўёбга чиқарилишини қайд этиш лозим. Бадиий санъат моҳиятини изоҳловчи назарий фикр хусусий, якка мисолга эмас, балки умумий намуналарга мос келадиган бўлмоғи шартдир. Шуни ҳам қайд этиш жоизки, кўпчилик бадиий санъатлар байт таркибидан изланади. Тадриж санъати амалиёти эса шеър бўйлаб кузатилади.
Тадриж усулининг шеърга дахлини аниқроқ қилиб айтсак, матлаъда биринчи мисра сўнгидаги сўз билан иккинчи мисра бошланади ва ҳар бир навбатдаги байт олдинги байт охиридаги сўзнинг қайтарилиши билан бошланади. Юқорида келтирилган Фузулий ғазали таркибига назар солинса, байтаро сўзлар такрори-тадрижи туфайли байтлар гўё шодага тизилгандай туюлади. Байтлараро маъно-мазмун узвийлиги-алоқасига келсак, байтаро бир сўзнинг қайтарилиши фикр изчиллигини маълум маънода таъминлаганини сезамиз.
Байт композицион уюшмасини яратишда тасбеъ ва тасдир бош ролни ўйнайдиган такрир сўзлари бўлса, шеър таркиби бутунлигини бунёд этувчи сўз такрирларига асосланган санъат – тадриждир. Мумтоз адабиётимиздаги ғазаллардаги тадриж амалиётини уч хил тасниф этиш мумкин:
биринчиси – қатъий анъанавий тарзи – Фузулий ғазалидагидек шакл;
иккинчиси – радиф қатнашганда ҳам тадрижга риоя қилиш ҳолатлари;
учинчиси – байтлараро такрорланадиган сўзларнинг нисбатан кўплиги билан характерланадиган тадрижли ғазаллар.
Адабий амалиётда ғазалларда радиф иштироки ҳам тадриж санъатига тўсиқ бўла олмади, шоирлар радифли ғазалларда ҳам (радифни инобатга олмаслик шарти билан) тадриж санъатини моҳирона қўллайвердилар. Натижада бу ҳам шеършуносликда қонунийлашди. Демак, бундай шеърларда радифдан олдинги сўз тадриж кўрсаткичи бўлиб ҳисобланаверади. Ҳолбуки, илми саноеънинг анъанавий қонунига кўра тадриж байтлараро сўз такрори бўлиши керак эди ва у такрорланадиган сўз олдинги байтнинг охирида ва кейинги байтнинг бошида келиши керак эди…
Сезиляптики, ижодий амалиёт ҳар қандай бадиий санъат таърифи ва анъаналарига тегишли ўзгартиришлар киритмоқда. Фузулий ғазалидаги тадриж кўрсаткичлари садрда (байт боши) ва қофияда кузатилса, Огаҳийнинг қуйидаги ғазалида ҳам (гарчи радифли бўлса-да) яна ўша ҳолат давом этган. Эътибор берайлик: тасбеъ мисраларни байт ҳолига келтирса, уласа, байтаро тасбеълар – тадриж сўзлар шеърнинг мунтазам бирбутунлигини таъминлайди. Келтирадиган мисолимизнинг яна бир қизиқ янгилиги борки, бунда сўзлар тадрижини эмас, сўз бирикмалари-икки сўз тадрижини кузатамиз:
Ул юзи гул нигорнинг меҳри камолини кўринг,
Меҳри камоли устида икки ҳилолини кўринг.
Икки ҳилолини кўруб, қонмаса меҳрингиз агар,
Сафҳаи орази уза нуқтаи холини кўринг.
Нуқтаи холини кўруб, сабр эта олмас эрсангиз,
Ҳусни жамоли боғида қадди ниҳолини кўринг.
Қадди ниҳолини кўруб, кўнглингиз этмаса қарор,
Жон кўзи бирла боқибон лаъли зулолини кўринг.
Лаъли зулолини кўруб, жонингиз этса изтироб,
Чораи ҳолингиз учун шаҳди мақолини кўринг.
Шаҳди мақолини кўруб, топмаса чора ҳолингиз,
Нуктага лаб очар чоғи ғанжу далолини кўринг.
Ғанжу далолини кўруб, истасангиз муроди дил,
Огаҳийдек қучуб белин, айши камолини кўринг.574574
Огаҳий, Асарлар, 1-жилд, Девон, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1971, 310-бет.
[Закрыть]
Бирикмали тадрижларда байт ва шеър таркибида сўз такрорларининг саноғи икки баравар кўпайиб кетганини сезиш мумкин: Фузулий ғазалида тадриж кўрсаткичлари ўн тўрт сўз бўлса, айни шундай 7 байтли Огаҳий ғазалида бундай сўзлар миқдори йигирма саккизтадир. Аслида эса, Огаҳий шеърида бирикма эмас, гап такрорланади, десак ҳам тўғри бўлади ва шу маънода “кўруб” сўзлари инобатга олинса, такрор сўзлар миқдори қирқтадан ошиб кетади…
Алишер Навоийнинг қуйидаги ғазали икки жиҳатдан характерли: биринчидан, радифли; иккинчидан, Огаҳийдагидек сўз бирикмаларининг қотган таркиби эмас, балки яққол сезиларли сўзлар такрорининг янада ошиб кетгани, ҳатто мисра такрор ҳажмига яқинлашгани диққатга сазовордир. Бу шеърга тадрижнинг таърифини тадбиқ қилиш ҳам қийин: фақат шуниси борки, бунда олдинги байтдаги сўзларнинг муаллиф истаганча таркибдаги такрори кейинги байтда содир бўлиб, тадрижийликни юзага чиқара боради:
Ёрдин айру кўнгул мулкедурур султони йўқ,
Мулкким султони йўқ, жисмедурурким, жони йўқ.
Жисмдин жонсиз не ҳосил, эй мусулмонларким ул,
Бир қаро туфроқдекдурким, гулу райҳони йўқ.
Бир қаро туфроғким, йўқтур гулу райҳон анга,
Ул қоронғу кечадекдурким, маҳи тобони йўқ.
Ул қоронғу кечаким йўқтур маҳи тобон анга,
Зулматедурким, анинг сарчашмаи ҳайвони йўқ.
Зулматеким, чашмаи ҳайвони онинг бўлмағай,
Дўзахедурким, ёнида равзаи ризвони йўқ.
Дўзахеким, равзаи ризвондин ўлғай ноумид,
Бир хуморедурки, анда мастлиғ имкони йўқ .
Эй Навоий, бор анга мундоқ уқубатларки, бор,
Ҳажрдин дардию лекин васлдин дармони йўқ.575575
Алишер Навоий, МАТ, 3-жилд, “Фан”, 1988, 252-253-бетлар.
[Закрыть]
Даҳо шоиримиз мақтаъга келганда тадрижга тегишли анъанани кўра-билатуриб “бузган”, яъни мақтаъдан олдинги сўзлардан бирортаси сўнгги байтда такрорланмаган.
Тадриж санъати амалиётида яна бир янгиликни қайд этишга тўғри келадики, тадриж асосан байтлари чекланган ғазалда амал қиларди. Айрим муаллифлар ўз маҳоратларини намойишга қўйгандай тадриж санъатини қўллаб жуда кўп байтли шеърлар ёзишга ҳам дадил киришганлар. Чунончи, шоир Хилватийнинг девонида шу усулда ёзилган олтмиш саккиз мисралик шеър сақланган. Шундан намуна-парча келтирамиз:
Эй қаро кўзи жаҳоннинг фитнаси, жон офати,
Неъмати жаннатда ҳам йўқдур жамолинг лаззати.
Лаззати ҳуснунгни топган ошиқи шўридаға,
Бир қошиқ сувча кўрунмас бу жаҳоннинг неъмати.
Неъмати дунёни манзур айламас уқбони ҳам
Тушса бир дилхастаға ишқингни дарду меҳнати.
Меҳнати ишқингдин асло бўлмасун кўнглум жудо,
Ким бу меҳнат бирладир ғамлик дилимнинг роҳати.
Роҳати жонға етурким, ҳеч ким кўрган эмас
Ҳар қачон келса рақибингдин бошимға кулфати.
Кулфати ағёр кўргач, дема ишқим тарк этар,
Ким бу кулфатлар этар маҳкам муҳаббат нисбати.
Нисбати итликни топсам остона пойингга,
Рашк этиб, хуноб ичар эрди Скандар шавкати.
Шавкати Жамшидға бермасдур, қасам зулфингғаким,
Куйинг ичра жой топса, ҳар қаландар сурати…
Хилватий биринчи мисра охиридаги сўзнинг иккинчи мисра бошида такрорланишига амал қилмаган, аксинча, иккинчи мисра охиридаги сўз кейинги байтнинг биринчи мисраси бошида такрорланиб келган.
Кўряпмизки, шеър бўйлаб тадрижийликни юзага чиқарувчи асосий омил байтлараро сўзлар такроридир. Фузулий, Огаҳий, Алишер Навоий, Хилватий шеърлари тузилиши ва сўзлар такрорига асосланган тадриж нисбатида тобора оша бориш тамойилини кузатамиз.
Тадриж санъатининг нечоғлик анъанавийлигини шоир Ҳабибийнинг бир ғазали мисолида қайд этиш мумкинки, ХХ аср шоири XIX аср шоири Огаҳий анъаналарини сезиларли даражада давом эттирган: радифни аслича сақлаган, икки сўз, яъни бирикма такрорини тадриж кўрсаткичи тарзида қўллаган:
Мунча латифу, мунча соз лола узорини кўринг,
Лола узори қирмизи, фасли баҳорини кўринг.
Фасли баҳори ям-яшил жомаи сабзранг кийиб,
Жомаи сабзранг била кўзи хуморини кўринг.
Кўзи хумори ғамзали оғзида шўх таронаси,
Оғзида шўх таронаси, қўлда дуторини кўринг.
Қўлда дутору ялласи юрса чаманда сайр этиб,
Юрса чаманда сайр этиб, лайлу наҳорини кўринг.
Лайли наҳори ўзгача қошида тургай ою кун,
Қошида тургай ою кун ҳамдаму ёрини кўринг.
Ҳамдаму ёридин на хуш зийнату нуру ҳусн олур,
Зийнату нур олур ажаб расму шиорини кўринг.
Расму шиори истаги ошиқи содиқу ҳалол,
Ошиқи содиқ ўлмаса, номусу орини кўринг.576576
Ҳабабий, Девон, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1970, 166-бет.
[Закрыть]
Бу шеърни Огаҳий ғазали билан қиёсласак, Ҳабибий шеърида такрорланмай қолган сўзлар миқдори жуда оз эканлигини сезамиз. Ҳабибий қўллаган усулнинг янгилиги шундаки, тадрижни байтлараро эмас, балки мисралараро шеър бўйлаб уюштиришга эришган. Бу тажриба анъанага риоя қилиб новаторлик йўлидан бориш намунаси ҳам бўлиб ҳисобланади. Шу маънода қайд этишга тўғри келадики, шоир Ҳабибий шўролар дарида мумтоз адабиётнинг асосий вазни арузнигина эмас, адабиётнинг кўплаб поэтик анъаналарини юқоридагидек муваффақиятли давом эттирган моҳир санъаткордир.
ХХ аср барча лирик жанрларни янгилаб ташлагани сингари бадиий санъатлар таърифига ҳам янгилик киритди: ўзбек мумтоз адабиётида матлаъни ҳисобга олмаганда асосан байтлараро узвий алоқани таъминловчи тадриж санъати бу давр шоирлари ижодида шеър бўйлаб мисралараро алоқани таъмин этдилар. Шоирлар Тўра Сулаймон ва Усмон Азимнинг қуйида келтириладиган жажжи, аммо мазмунан салмоқли шеърларида тадрижнинг ана шундай янги вазифага эга бўлган амалиёти кузатилади:
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.