Текст книги "Бадиият жозибаси"
Автор книги: Эркин Рахмонов
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 15 (всего у книги 27 страниц)
Шоир шеърида ўз шахси, истеъдоди ва ижоди ҳақида кўтаринки руҳда сўз юритса, яъни мақтанса фахрия санъатини қўллаган бўлади. Ижод амалиётида фахриянинг бир неча нави кузатилади:
1. Шоир ўзини нозик идрокли, олим, ўзгаларга тўғри йўл кўрсатувчи пир-муршид ва мўътабар инсон сиймосида улуғлаб кўрсатади:
Олими нуктадон манам, пири ҳидояхон манам,
Шуҳрати шеър бобида Машраби мўътабар ўзум.411411
Бобораҳим Машраб, Меҳрибоним қайдасан, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1990, 108-бет.
[Закрыть]
2. Фахрия ижодкорлари кўпроқ менинг шеърларим бошқа улуғ устоз шоирларга манзур бўлади, деган маънода мақтанишни ёқтирадилар. Масалан, шоир Роқим ёзади:
Писанд этгай эди бўлса жаҳонда
Сўзингни Ҳофизи Шероз, Роқим.
(Мазмуни: Эй Роқим, агар жаҳонда Ҳофиз Шерозий тирик бўлганда эди, сенинг шеърингни ёқтирган бўларди).
Заҳириддин Муҳаммад Бобур Роқимдан илгарироқ худди шундай мушоҳада юритган эди:
Ироғу форс гар етса сенинг бу шеъринг, эй Бобур,
Ани ҳифз этгуси Ҳофиз, мусаллам тутқуси Салмон.412412
Бобур, Девон, “Фан”, 1994, 45-бет.
[Закрыть]
(Мазмуни: Эй Бобур, агар сенинг бу шеъринг Ироқ ва форс вилоятларига борса, уни Ҳофиз Шерозий ёд олар ва унга Салмон Соважий тан берган бўларди).
3. Шоир ўз шеърлари тарқалган шаҳар ва ҳудудларнинг кенглиги билан мақтанса ҳам фахрия навларидан бирини қўллаган бўлади:
Ёлғуз Ҳирийда йўқким, анинг зулфи васфида,
Шеъринг шиори, Лутфий, Хитоу Хўтанда бор.413413
Лутфий, Сенсан севарим, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1987, 102-бет.
[Закрыть]
(Мазмуни: эй Лутфий, ёр зулфи васфида ёзилган шеърларинг шуҳрати фақат Ҳиротдагина эмас, Хито (Уйғуристон) ва Хўтанда ҳам тарқалгандир).
4. Мавлоно Лутфий ўз ижодий қудрати-сеҳрсозлигини, ёзгани ҳукмдор Улуғбек мирзо Кобулийга маъқул бўлишини қайд этгани ҳам эътиборга молик фахриялар сирасига киради:
Сеҳр қилгай сўзда Лутфий соҳири Кашмиртек,
Дурри назмиға қулоқ гар солса моҳи Кобулий.414414
Лутфий, Сенсан севарим, 1987, 306-бет.
[Закрыть]
5. Ҳазрат Алишер Навоий фахрия қўллаган бир байтида оламда ўзининг нодирлиги ва Низомий Ганжавий сингари шеъриятда қодирлигини изҳор этган:
Фалак кўрмади мен киби нодире,
Низомий киби назм аро қодире.415415
Ўзбек адабиёти, 10-синф учун мажмуа, “Ўқитувчи”, 1993, 6-бет.
[Закрыть]
6. Фахриянинг фавқулодда усулларидан бири (афтидан таъсирчанликни кучайтириш ва китобхон майлини қозониш учун шундай қилинади) ўз шахси ва ижодини ўзга шоир шахси ва ижодидан устун қўйишда кузатилади:
Лутфий каломи етса Самарқанд аҳлина,
Амудин ўтмас эди Хўжандий сафинаси.416416
Лутфий, Девон, Гул ва Наврўз, “Тошкент” БАН, 1965, 258-бет.
[Закрыть]
Бу жиҳатдан айниқса Алишер Навоийнинг қуйидаги фахрияли байти диққатимизни тортади. Чунки тахаллуси маъносини “пичоқчи” деб изоҳлайдиган шоиримиз Саккокий ҳақида муаллиф ўта қалтис фикр юритган:
Навоий назм аро тиғи забонинг ўйла сурдиким,
Пичоқ топмас уяттин ўзни ўлтурмакка Саккокий.417417
Алишер Навоий, МАТ, 4-жилд, 423-бет.
[Закрыть]
7. Шоир бошқа шоирга нисбатан ўз истеъдоди юксаклигини даъво қилар экан, бунда у ўз ҳукмдори улуғлигини ҳам инобатга олади. Султонхон Тўрахўжа Адо қуйидаги шу навли фахриясида ўзини Алишер Навоийдан ва Амир Умархонни Султон Ҳусайн Бойқародан устунлиги даъвоси билан чиқади:
Гар Навоийдин Адо сўзини ўткарса не тонг,
Шаҳ Умар афзалму ё Султон Ҳусайн Бойқаро?
Таснифлар хилма-хиллиги шоирона фахрланиш усуллари жуда кўплигини кўрсатиб турибди. Замонавий шоирларимиз ижодида ҳам фахрия санъати учраб туради. Қаҳрамон шоир Эркин Воҳидов “Ўзбегим” қасидасида танти ўзбекона ғурурни ифодаловчи фахрия яратган:
Қайга бормай, бошда дўппим,
Ғоз юрарман гердайиб…
Эркин ўғлингман, қабул эт,
Ўзбегим, жон ўзбегим.418418
Эркин Воҳидов, Сайланма, 1-жилд, “Шарқ”, 2000, 203-бет.
[Закрыть]
Тақсир санъатини фахрия санъатининг акси – тескариси деса бўлади. Фахрияда шоир ўз истеъдоди, уқуви ва ижодий шуҳрати билан мақтанади. Тақсир санъати эса, аксинча, шоирнинг ўзини уқувсиз, гуноҳкор, кам билимли, қобилиятсиз қилиб ифодалаш усулидир.
Тақсир санъати моҳиятидан ва шу санъатнинг шеърдаги хизматидан хабардор китобхон шоир тавозеъсига – ўта камтарлигига қойил қолади.
Одатда мумтоз шоирларимиз донишманд ва мутафаккир бўладилар. Зокиржон Фурқатдай баркамол киши ўз шеърида “жаҳл зиндонида қолдим” деб зорланади:
Дариғо, Фурқатий, беилм қолдим,
Ўзимни жаҳл зиндониға солдим.419419
Фурқат, Танланган асарлар, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1975, 184-бет.
[Закрыть]
Албатта ўқувчи бу санъат таъсирини байтда сезганида шоир фикрига қўшилмайди: Фурқатни илмдан бебаҳра қолган жоҳил деб ҳисобламайди; у бу усулни шоирона камтарлик тарзида қабул қилади. Дарҳақиқат, Фурқатдай бир умр илм ўрганишга иштиёқманд кишилар кам бўлган: унинг “Саргузаштнома”сини ўқисак, хоҳ Қўқон, хоҳ Марғилон, хоҳ Тошкентда бўлмасин, Фурқатни бирор устоз кўмагида бирор асарни ўрганиш жараёнида кўрамиз.
Муҳаммад Солиҳ “Шайбонийнома” достонида ўзини “толиҳ” (ёмон) дейди:
Лақаби Солиҳу, ўзи – толиҳ,
Нур Саид ўғли Муҳаммад Солиҳ.420420
Муҳаммад Солиҳ, Шайбонийнома, Ўша нашр., 1979, 32-бет.
[Закрыть]
Мавлоно Огаҳий каби донишманд – шоир, таржимон, тарихчи олим бир ғазалида ўзини илмдан бебаҳра киши сифатида талқин этиб, тақсир санъатига мурожаат этган:
Илмдин бебаҳра эл ҳолини билмак истасанг,
Огаҳийнинг зор ҳолин билгил истишҳод анга.421421
Огаҳий, Асарлар, 1-жилд, Ўша нашр., 1971, 71-бет.
[Закрыть]
Мумтоз шоирларга хос бўлган бундай санъатга мурожаат қилиш анъанаси замонавий шоирларимиз томонидан муваффақиятли равишда давом эттирилмоқда. Эркин Воҳидов ва Абдулла Ориповлар ҳам тақсир санъати билан зийнатланган байтлар битганлар. Э.Воҳидов бир шеърида ўз шоирлигидан тонади, шоирлигим ёлғон дейди:
Менинг шоирлигим ёлғондир, аммо,
Фузулий шеърига ошиқлигим рост.422422
Эркин Воҳидов, Сайланма, 1-жилд, 2000, 73-бет.
[Закрыть]
Китобхон эса шоирни ҳам шоир, ҳам Фузулий мухлиси сифатида севади. А.Ориповдан:
Мен-ку шеърни тўқимоққа сал-палгина ярайман,
Лекин сенсиз йиғлаб ўтгум Самад Вурғун мисоли.423423
Абдулла Орипов, Юртим шамоли, 1975, 137-бет.
[Закрыть]
Ҳолбуки Абдулла Орипов шеърияти билан бутун бир авлод тарбияланиб, янги интеллектуал поэзиясидан баҳра олган.
5-БОБ. Нур ва соялар ўйини
Муламмаъъ санъатиМуламмаъъ зуллисонайнликнинг кўринишларидан бири, ўзбек-тожик халқлари дўстлигининг ҳар иккала адабиётдаги тотли мевасидир. Одатда муламмаъъни “ширу шакар” деб аташади. “Ширу шакар” бирикмаси муламмаъъ бадиий усулининг моҳиятини тезроқ тушунишга қўл келади. Лекин муламмаъъ атамасини ўзлигича сақлаш мақсадга мувофиқдир. Чунки нафақат икки тилда, гоҳо уч тилда (бундай муламмаъълар шаҳду ширу шакар дейилади) ва ҳатто тўрт тил асосида яратилган муламмаъълар учраб қоладики, бу ҳодисалар фанда ягона истилоҳ қўлланилишини тақозо қилади.
Муламмаъъ усулининг пайдо бўлган вақтини аниқ белгилашга шу соҳадаги адабий ёдгорликларнинг энг қадимгилари сақланиб қолмаганлиги монеълик қилади.
Адабиётшунос Маҳмудали Юнусов “X-XI аср шоирлари ижодида арабча-форсча-ҳиндча; арабча-форсча-туркча аралаш ғазал ёзишни учратиш мумкин”424424
Маҳмудали Юнусов, Комил Хоразмий, Т., 1960, 98-бет.
[Закрыть] дейди. Бу фикрга қўшимча қилиб, бу ҳодиса ўша даврлардаёқ бошқа жанрларда ҳам юз берган, демоқ керак. Академик Азиз Қаюмов: “…XV асрдан бошлаб давом этиб келган “ширу шакар” шеърлар ёзиш традицияси…”425425
А.Қаюмов, Қўқон адабий муҳити, Т., 1961, 101-бет.
[Закрыть] ҳақида маълумот беради.
Муламмаъъ бадиий усулининг бунёдга келиши ва тараққиётида уч муҳим омил бўлган:
1. Халқлар ва адабиётлар дўстлиги. Ўзбек ва тожик халқларининг қадимий дўстлиги уларнинг адабиётларида ҳам асрлар оша акс этиб келмоқда. Ўзбек шоирлари тожик халқи ва адабиётига самимий ҳурматларининг далили сифатида тожик тилида, тожик муаллифлари эса. ўзбек халқи ва адабиётига бўлган самимий ҳурматлари изҳори сифатида ўзбек тилида асарлар ёзганлар. Бугина эмас, худди шу турдаги адабий меросга ҳатто ҳажм жиҳатидан тенглашадиган муламмаъълар яратилган. Давлатшоҳ Самарқандий ўзининг машҳур “Тазкират уш-шуаро” тазкирасида Алишер Навоийга махсус муламмаъъ усулида қасида бағишлаган.
2. Ижтимоий ва адабий шароит. VIII асрдан бошлаб араблар Яқин Шарқ ва Ўрта Осиёнинг асосий қисмини забт этабошладилар. Босқинчилар қайси бир элат ва халқни ўз асоратларига солмасинлар, зўр бериб уларга ўз тил, ёзув, диний эътиқод ва одатларини сингдиришга уриндилар. Натижада кўпгина тожик, турк(ўзбек), озарбайжон ва бошқа эл олим ва шоирлари ўз асарларини араб тилида ёзабошладилар (Беруний, Ибн Сино, ал-Марғиноний ва бошқалар).
Айни шу даврлардан бошлаб арабча-форсча-тожикча; арабча-туркча ва арабча-ўзбекча муламмаъълар яратила бошлайди. Бу ҳодисага адабий шароит ҳам дахлдордир: ўзбек ва форс, шунингдек, озарбайжон шоирларининг аксариятига девонининг биринчи ғазали матлаъсидаги садрни арабча ёзиш анъанаси хос эди:
Ашрақат мин акси шмсил каъси анвор-ул ҳудо
Ёр аксин майда кўр, деб жомдин чиқди садо…426426
Алишер Навоий, МАТ, 3-жилд, “Фан”, 1988, 25-бет.
[Закрыть]
Ало ё айюҳассоқий адир каъсан ва новилҳо,
Ки ишқ осон намуд аввал, вале уфтод мушкилҳо.427427
Ҳофиз, Ғазаллар, 1958,
[Закрыть]
Шундай ҳодисанинг таъсиридан бўлса керак, кейинги асрларда ижод этган шоирлар, жумладан, Мужрим Обид “Ҳасби ҳол” маснавийсининг матлаъсини форс-тожик тилида ёзган.
3. У ёки бу шоирнинг адабий шакллар танлаши. Поэтик мазмуннинг либоси – шаклни шоир танлайди. Муламмаъъ поэтик шаклларга тегишли ҳодисадир. Шоир ўз фикр ва ҳисларини ифодалаш учун одатдаги жанрлардагина эмас, ўз истаги ва мазмун талабига кўра муламмаъъга мурожаат қилиши мумкин.
Муламмаъъга “Ғиёс ул-луғот”да қуйидагича таъриф берилади (ўзбекча таржимасини берамиз): “Муламмаъъ – ёритилган ва ярқиратилган дегани…, атама сифатида эса, бу шундай санъатки, (матнда) бир мисра арабча ва бир мисра форсча ёки бир байт арабча ва бир байт форсча бўлиши мумкин”428428
Муҳаммад Ғиёсиддин, Ғиёс ул-луғот, 2-жилд, Душанбе, 1988, 297-бет.
[Закрыть]
“Ўзбек классик асарлари учун қисқача луғат”да бу усул ҳақида ёзилган:
“Муламмаъъ – 1) равшан, ялтиратилган, ранг-баранг; 2) ҳар мисраси (ёки байти) бошқа бир тилда бўлган шеър”.429429
Ўзбек классик адабиёти асарлари учун қисқача луғат, Т., 1963, 206-бет.
[Закрыть]
Муламмаъъни аниқлаштириб олиш учун, аввало, унга доир ёки унга яқин жиҳатларни гуруҳларга бўлайлик:
1. Бутун муламмаъълар;
2. Эркин ёки аралаш муламмаъълар;
3. Муламмаъъ парчалар;
4. Муламмаъъ саналмайдиган парчалар.
Бутун муламмаъъларда иштирок этган ҳар икки тилдаги (уч ёки тўрт тилдаги муламмаъълар оз) мисралар асосан тенг чиқади ва ҳар бир мисра, байт ёки банд албатта бир тилда ёзилиши лозим:
Ба доми зулфу холи сиёҳи ту донаи,
баҳри шикори дил,
Жоним қушини бўйнидадур кокилинг расан,
юз печ бирла тоб.430430
А.Қаюмов, Қўқон адабий муҳити, 1961.
[Закрыть]
Бу байтнинг бир мисраси тожикча, бир мисраси ўзбекчадир. Мустазод охиригача шундай давом этган. Бу хилдаги байт тузилишининг акс тузилиши: ўзбекча-тожикча мисралар охиригача бир хил такрорланган:
Ўртанадур жон қуши шамъи рухсоринг ёд эдиб,
чарх ура парвонатак,
Сина зи тиғи фироқ, чок, дили зор ҳам,
раҳмки шому саҳар.431431
А.Қаюмов, Қўқон адабий муҳити, 1961, 116-бет.
[Закрыть] (Ғозий).
Бутун муламмаъъга қасида жанрида ёзилган асардан мисол олайлик:
Эй қароқчи кўзларинг сарфитнаи даври қамар,
Кокили шабгун мушкининг балое сар сари…
Чун каломат мантиқи тўти надорад ҳолате,
Бо лабат шаккартари чу буд чу ту ширинтари.432432
Э.Рустамов, Узбекская поэзия в 1-половине XV века, М., 1963, 25-бет.
[Закрыть] (Давлатшоҳ Самарқандий).
Эркин ёки аралаш муламмаъълар икки хил бўлади:
1. Бундай муламмаъъларда ҳар мисранинг ярми ўзбекча ва ярми тожикча ёки шундай тузилишнинг акси бир хилда такрорланади:
Маҳбуби дилрабои ман, аслинг сани париму ҳур?
Ёки малак ва ё башар, кўнглум санга оғуштадур.433433
Ф.Румоний, Мажмуаи шеърҳо, Душанбе, 1964, 44-бет.
[Закрыть]
Ёки:
Жамолинг то сипеҳри ҳусн уза чун меҳри анвар шуд,
Бўла олмай муқобил гул рухон аз зарра камтар шуд.434434
Маҳмудали Юнусов, Комил Хоразмий, 1960, 98-бет
[Закрыть]
2. Бу хил эркин ёки аралаш муламмаъъларда қўшни тилдан қатнашган сўзлар қатъий бир ўринда бўлмай, ўзбекча ва тожикча сўзлар аралаш ҳолда ишлатилади:
Гар сафарга борсанг, эй марди сара
Бормағил бесўзану беустара.
Бебигизу бедукорду бепичоқ
Борма бечақмоқ, бесаққолтароқ. 435435
Фахри Румоний, Мажмуаи шеърҳо, Душанбе, 1964, 45-бет.
[Закрыть]
Ёки:
Рафтам ба дари хонаи он лабшакарак
Аз хона бурун омаду гуфто: “Не керак?”
Гуфтам: “Аз лабакат бўса керак”,
Гуфте: “Бидиҳам, тамаъ макун аз дигарак”.436436
Ф.Румоний, Мажмуаи шеърҳо, Душанбе, 1964, 44-бет.
[Закрыть]
Бундай қараганда бу рубоий муламмаъъ усулида ёзилмагандек туюлиши мумкин. Шуниси қизиқки, ошиқ ҳам, маъшуқа ҳам гоҳ ўзбек, гоҳ тожик тилида сўзлайдилар. Бундай муламмаъълар сирасига Тошхўжа Асирийнинг “Шаҳду ширу шакар” маснавий муламмаъъсини ҳам киритамиз. Бу асарда тожик, ўзбек ва рус сўзлари иштирок этган-у, у ёки бу тилдаги мсиралар саноғига келсак, кескин тафовутга эга. Айрим мисралар буткул ўша тилдагина ёзилмаган. 23 байтли маснавийнинг мисралар тузилиши қуйидагича:
4 ўзбекча – 7 тожикча – 1 русча – 4 тожикча – 2 ўзбекча – 7 тожикча – 1 русча – 3 ўзбекча – 1 русча – 4 тожикча – 8 ўзбекча – 2 тожикча – 2 ўзбекча – 19 ўзбекча – 24 тожикча – 3 русча. Муламмаъъларнинг ушбу хилини шоирларимиз асарларида учрайдиган форс-тожик сўзларига бой мисралар билан аралаштириб юбормаслик керак. Масалан:
Чу Фарҳодга бўлдум андешавар,
Тез эттим басе тоғ ўлуб тешавар…
Таносуб била аҳли ном овари,
Деди отини Садди Искандари.437437
Алишер Навоий, Хамса, 1960, 246-бет.
[Закрыть]
Бу байтлар муламмаъъ эмас. Чунки ижодкор ундаги форс-тожик сўзларини атайлаб, билатуриб эмас, балки мазмун талабига кўра ишлатган. Агар шу мисраларни муламмаъъ десак, бутун мумтоз адабий меросимиз муламмаъъ усулида ёзилган бўлиб чиқарди. Муламмаъъ эмаслигининг сабаби шундаки, шоир ундаги форс-тожик ва арабча сўзларни ўзбек адабий тилининг ўз бойлиги сифатида билиб фойдаланган.
Муламмаъъ парчалар деб, мумтоз адабий меросимиздаги шеърият намуналарида атайлаб бошқа тил базасида яратилган тарқоқ бир мисра, бир байт ёки икки-уч байтларга айтамиз. Бир мисраси арабча бўлган ғазал матлаъи:
Қад анорал – ишқа лил – ушшоқи минҳожал ҳудо,
Солики роҳи ҳақиқат ишқа айлар иқтидо.438438
Фузулий, Девон, Т., 1959, 15-бет.
[Закрыть]
Бу байтнинг биринчи мисраси арабча, иккинчи мисраси озарбайжончадир.
Бир мисраси тожик тилида бўлган маснавийнинг матлаъи:
Арзи аҳволи бу фақиру ҳазин,
Ба жаноби муҳибби ибрат бин.439439
Мужрим Обид, Ғазаллар, Т., 1959, 65-бет.
[Закрыть]
Қолган мисралар ўзбекча давом этади.
Муламмаъъ парчалар.
а) Муаллиф ўзга халқ вакиллари сўзларини ўз тилларида беради. Муқимийнинг “Масковчи бой таърифида” шеърида маччойиларнинг иш ташлашлари воқеаси берилиб, уларнинг тожик тилидаги гаплари келтирилган:
… Қочиб кетди маччойилар аксари
Бориб мулки юртига таъкидлари:
“Сарое ки у бошадаш зинҳор
Дар он жо марав, мемури, эй табор!”440440
Муқимий, Асарлар тўплами, 2-жилд, 1960, 35-бет.
[Закрыть]
б) Ўша асарнинг 23-бетидаги рус кишисининг сўзлари ҳам мисралар муламмаъълиги кўрсаткичидир:
… Йўлиқти бу ўтиб, келиб Рудник
Дебон: “Ну, давай идрас” олиб илик.
в) Кўплаб адабий манбаларда учраб турадиган, одатда бир мисрани ташкил этмайдиган диний ёки ахлоқий-таълимий арабча сўз ва иборалар ҳам байт муламмаъълигига ишора бўлади:
Вайсий мудом оҳу фиғон айлаюб деюр,
Ё аюҳол – ҳабиб фасут-ал жааб санго.441441
Увайсий, Девон, Т., 1959, 34-бет.
[Закрыть]
Ёки:
Извесни вагончи тунд кўр Одил,
Ўлмай туриб ўхшади кесакка.442442
Завқий, Танланган асарлар, Т., 1960, 40-бет.
[Закрыть]
Муламмаъъ усулида ёзилган асарларнинг мавзу доираси кенг. Бундай асарларда дидактик, ахлоқий, ижтимоий-сиёсий масалалар атрофлича ёритилади. Муламмаъъ бадиий усулида ифодаланган хилма-хил жанрларда халқлар дўстлиги улуғланади, чин севги ва вафо истаги, вафосизликдан нолиш мотивлари, инсоннинг инсонга битмас-туганмас меҳри тараннум этилади.
Шеъриятнинг бу усулида қалам тебратиш учун ижодкорда икки ёки уч тил ва унинг ички қонуниятларини билиш масъулияти ҳамда бадиий маҳорат бўлмоғи керак. Чунки ўзбек шеърияти вазни ва ритмига тожик, озар ёки рус мисраларини уйғунлаштириш ҳазилакам иш эмас. Шоир бир шеърда бир неча тил воситасида ҳаракат қилар экан, шеър оригиналлиги ва бадиий юксаклигига эришишга интилмоғи зарур. Бусиз ундай шеърнинг умри қисқа бўлиб қолади.
Энди муламмаъъ бадиий усулини жанрлар бўйича мисолларда кўриб ўтайлик. Бу усул ўзбек ва тожик мумтоз шеъриятининг асосий жанрларида учрайди.
1. Муламмаъъ усулида ёзилган ғазалдан намуна:
Эй лабат пурхандаву чашми сиёҳат масту хоб
Икки зулфингнинг орасида ой юзингдур офтоб.
Мастии май мекунад рўи туро ғарқи арақ
Бода ичсанг тўкилур икки қизил юздин гулоб.443443
Ф.Румоний, Мажмуаи шеърҳо, Душанбе, 1964, 43-бет.
[Закрыть]
Ғазал охиригача шундай: бир мисра тожикча, бир мисра ўзбекча такрорланиб боради.
2. Мухаммас жанрининг муламмаъъ усулида ёзилгани ҳам кўплаб учрайди. Бунда бир банд ўзбекча, бир банд тожикча бешликлар навбатлашиб келади:
Оразингдин офтоби оламоро музмаҳмил,
Тўбии фирдавс эрмиш қоматингдин мунфаил,
Тишларинг фикри била уммон аро гавҳар хижил
Кокилинг шармандасидир нофаи ҳусни ҳақил
Ассалому ассалом, эй каъбаи аҳли вафо.
Меҳр аз тоби рухат симобасо дар табақ
Карда гул аз шарми рухсори арақноки тарақ
Аз ҳама хубони олам бурда дар хуби сабақ,
Шуд Зулайхои сари ангушти фарши моҳи шақ.444444
А.Қаюмов, Қўқон адабий муҳити, 1961, 101-бет.
[Закрыть] (Ғозий).
Баъзи бир муламмаъъ усулидаги мухаммаслар шакли ўзгачароқ бўлади: ҳар бир банднинг якунловчи мисрасигина бошқа тилда (мухаммас ўзбекча бўлса тожик тилида, тожикча бўлса ўзбек тилида) бўлиши мумкин:
… Сарвинозинг гулшани ҳусн ичра то қилди хиром,
Тарзи рафторинг кўриб сарви сиҳи бўлди ғулом,
Кўзларингни шеваси қилди жаҳонни қатли ом,
Лашкари зулму ситамға бўлди тан мулки ғулом,
Дил харобобод шуд, аммо туро кай ёвараст…445445
Азиз Қаюмов, Қўқон адабий муҳити, 1961, 45-бет.
[Закрыть] (Акмал).
3. Мусаддас-муламмаъълар кўпроқ ғазалдан таркиб топган бўлади; бошидан охиригача бир мисра тожикча, бир мисра ўзбекча бўлиб, ўрин алмашиб, банд ҳосил қилаверади. Фахрий Румонийнинг номаълум Жомий ғазалига боғлаган мусаддасининг биринчи банди:
Васфи ҳуснатро бигўям, дилбари олижаноб,
Муддаоға ёз такаллум тишларинг дурри хушоб,
Рўзу шаб дар ҳасратат ду дидаам ғарқоби об,
Бир мурувват айла, лутф эт, ҳолима бир йўл қароб.
“Эй лабат пурхандаву чашми сиёҳат масти хоб,
Икки зулфинг орасида ой юзингдур офтоб…”446446
Ф.Румоний, Мажмуаи шеърҳо, Душанбе, 1964, 43-бет.
[Закрыть]
Қолган бандлар худди шу тахлит давом этади. Тожикча ва ўзбекча мисралар сони баравардир: 15 ўзбекча, 15 тожикча.
4. Мустаъзод-муламмаъълар тузилиши ғазал-муламмаъълардан фарқ қилмайди.
5. Муламмаъъ усулидаги маснавийлар муламмаъъларнинг энг кўп учрайдиган хилидир. Маснавийда бутун муламмаъълар ҳам, аралаш ва эркин муламмаъълар ҳам, муламмаъъ парчалар ҳам жуда кўп. Шу усулдаги муламмаъънинг бир мисра тожикча, бир мисра ўзбекча шаклини кўрайлик:
Таажжубки, бул жиннийи дўзахи,
Хари осиён, жоҳили барзаки.447447
А.Қаюмов, Махмур, 1956, 86-бет.
[Закрыть]
Бунинг акс тарзи ҳам бор:
Зи фикри шарофатгару шуъла зор,
Қилиб васфиға бир ғазал ошкор.448448
А.Қаюмов, Махмур, 1956, 87-бет.
[Закрыть]
Бир байти ўзбекча, бир байти тожикча маснавий муламмаъълар бўлиб, одатда бутун муламмаъъларда байтларнинг ўрин алмашиниши асар охиригача давом этади. Муламмаъъ парчаларида ё тожикча, ё ўзбекча байтлар (иккисидан бири) жуда оз сонни ташкил этади:
Чанд боши зи маос мазакаш
Тавба ҳам бемаза нест, бичаш.
Неча исён била олудалиғинг,
Неча ҳирмон аро осудалиғинг.449449
Бобур, Бобурнома, Т., 1960, 282-бет.
[Закрыть]
Бу муламмаъъ парчаси бўлиб, қолган матн ўзбек тилида давом этади.
Маснавий муламмаъъларга шаҳду ширу шакар усулидан ҳам намуна бор:
Гуфто зи раҳи ҳавопарас:
“Приходите ко мне в гости”.
Бир байти мурассаъ ичра кирдим
Маржонидан ушбу зарни тердим.450450
Тошхўжа Асирий, Гулчин, Хўжанд, 1964, 23-бет.
[Закрыть]
Хуллас, муламмаъълар ўзбек-тожик, ўзбек-араб, ўзбек-рус, ўзбек-озар адабий алоқалари факти сифатида диққатга сазовордир. Муламмаъъ намунаси ўз ижодкорининг икки ёки уч тилда маҳорат билан шеър ёза олишининг ажойиб исботидир. Ниҳоят ширу шакар ва шаҳду ширу шакар намуналари маълум маънода турли қўшни халқларнинг тил муносабатлари, ўзаро алоқаси ва яқинлиги ҳужжати сифатида ҳам адабий-эстетик қимматга моликдир.
Тазод (Қаршилантириш)Қарама-қарши тушунчалар ташиган сўзлар, зид маънолар, оқ ва қора, кеча ва кундз, яхши ва ёмон, мард ва номард, олийжаноб ва пасткаш каби ифодаларга дуч келганимизда бирининг жуда ёқимлилиги, иккинчисининг эса, нафратга сазоворлиги; бирига мойиллигимизу, бошқасидан безорлигимиз аниқроқ бўлади. Зотан, зулмат тунда ёп-ёруғ кундузни эсласак, назаримизда тун бешбаттар қораяди.
Нарса, воқеа-ҳодисаларни зидликда тасвирлаш талқин қизиқарлилигини оширади; моҳият чуқур кашф этилади. Шунинг учун тазод санъати ташбеҳ сингари фаол бадиий-тасвирий воситалардандир. Эпик асарларда конфликт бўлмаса қизиқарли, ўқимишли бўлмас эди. Лирик асарларда конфликт вазифасини тазод санъати бажаради. Тазод китобхоннинг мушоҳадасини уйғотади, фаоллаштиради, моҳияти идрокини таъминлайди. Тазод сўзлари (кўрсаткичлари) мисра ва байтда кўпайиб муқобала даражасига етиши муаллифнинг катта адабий маҳорат эгаси эканлигини кўрсатади.
Хуллас, қаршилантириш санъати муаллиф тасвирдан кутган хилма-хил эмоционал таъсирни бера олади. Бундай бадиий-тасвирий санъатни мумтоз поэтикамизда тазод деб аташган. Мумтоз шоирларимиз тазодни санъат сифатида ўрганишга алоҳида аҳамият беришган. Тазод асосида зиддият ётади; унинг замирида қарама-қарши хусусиятларни юзлаштириш бор. Бу санъат гўё қарама-қарши келадиган, бир-бирини рад ва инкор этувчи тезис, предмет ва тушунчалар учрашувидир. Тазод ва унинг хусусиятларини мумтоз ва ҳозирги замон ўзбек адабиёти намуналари асосида кузатамиз. Ҳамид Олимжоннинг “Жангчи Турсун” балладасидан:
Тоғдай оғир қулайди
Қуш сингари енгил тан.451451
Ҳамид Олимжон, Танланган асарлар, 2-жилд, 1958, 19-бет.
[Закрыть]
Жангчи Турсун ўқ еб қулайди. Унинг тани қушдай енгил эди, лекин тоғдай оғир қулади. Тоғдай оғирлик ва қушдай енгиллик ўртасида катта қарама-қаршилик, аллақанча айирма бор. Бироқ, ҳар икки ҳолат ҳам биргина жангчи Турсун тан оғирлигининг кўрсаткичидир.
Худди шу ўринда мумтоз адабиётга ҳам назар ташлайлик:
Зуҳд хуффоши оча олмаса кўз кимга гунаҳ,
Ишқ хуршиди ёрутмиш чу азалдин то абад.452452
Алишер Навоий, Асарлар, 4-жилд, 1965, 66-бет.
[Закрыть]
Мазмуни: зуҳд кўршапалаги кўзини очолмаса, бунга ким гуноҳкор? Ахир ишқ қуёши азалдан абадгача ёритган-ку…
Зуҳд ва ишқ, хуффош (кўршапалак) ва қуёш (ёруғлик манбаи) бир-бирларига нисбатан антитезадир. Улар бир-бирини инкор этади, улар доимий қарама-қаршиликда, уларнинг ўзаро муросали яшаши номумкин. Зуҳд алоҳида, махсус ғоя; ишқ зуҳдни инкор этадиган ҳаётий фаол ҳиссиёт; кўршапалак ёруғликда яшаёлмайдиган жонивор; қуёш – улкан ёруғлик манбаи… Бошқа бир мисрани кўрайлик:
Йиғлар аҳволимға ҳам бегонау, ҳам ошно,
То улусқа ошно ул ой манга бегонадур.453453
Алишер Навоий, Асарлар, 4-жилд, 1965, 94-бет.
[Закрыть]
Байтнинг иккинчи мисраси: ул ой (маъшуқа) бошқаларга ошно экан, менга бегона, мазмунидадир. “Ошно ва бегона” сўзлари зид маъноли тушунчалардир. Ёки Бобурдан:
Ўлтурур гарчи мени гуфторинг,
Тиргузур ул лаби шакарборинг.454454
Бобур, Асарлар, 1-жилд, Девон, 1965, 47-бет.
[Закрыть]
Ўлдириш ва тирилтириш – қарама-қарши тушунчалар, яъни тазод кўрсаткичларидир.
Лутфийдан:
Сочингнинг куфри имондин қолишмас.455455
Лутфий, Сенсан севарим, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1987, 106-бет.
[Закрыть]
Аниқки, куфр ва имон диний тушунчалар сифатида бир-бирини рад этадиган, муросасиз қарашлардир. Бундаги тазод санъатининг характерли бир хусусиятини уқдириш лозим: муаллиф ошиқ ақлини ўғирлаб, диний қарашларини унуттириб юборадиган маъшуқа сочининг имондан қолишмаслигини таъкидламоқда. Қарама-қарши тушунчалар моҳиятига кўра, куфр ва имон инсон шахси камолотига дахли нуқтаи назаридан ўзаро яраштирилмоқда…
Тазод санъати даставвал, қарама-қарши сифат, тушунча, тезис ва бошқа жиҳатларни ёндош келтириб китобхон диққатини матнга кучлироқ жалб этади. Сўнгра, тасвирдаги ўзида қарама-қарши хусусиятлар ташиётган объект ёки субъектнинг диалектик моҳиятини ўқувчи томонидан кашф этилишига ҳам кўмаклашади.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.