Текст книги "Бадиият жозибаси"
Автор книги: Эркин Рахмонов
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 22 (всего у книги 27 страниц)
Байт ва бандни товуш жиҳатдан маълум ўлчовларда уюштириш вазифаси қофия зиммасига юклатилгандир. Шу жиҳатдан байт ёки бандда қофия таркибининг кўпая бориши мисралар хушжаранглилиги учун яхши заминдир. Мумтоз шоирларимиз тазмини маздуж, сажъ, ички қофия, музораа, зулқофиятайн сингари эвфоник усулларга алоҳида аҳамият берганларидек, қофия таркиблилигининг энг юксак намунаси – мусаллас қофия қўллаш пайидан ҳам бўлишган.
Агар одатдаги байтларда мисралар сўнггидаги ёки радифдан олдинги параллель икки сўз қофиядош бўлса, зулқофиятайн усули таъсирида қофиядош сўзлар саноғи икки ҳисса кўпаяди. Мусаллас қофия санъати эса, байтда учтадан сўзларнинг (жами олтита) қофиядошлигини таъминлайди. Буни аниқроқ тасаввур этиш учун қофия, зулқофиятайн ва мусаллас қофия қатнашган байтларни қиёсан кузатайлик. Байтда одатдаги қофия:
Заъфдин гўё менинг бу зор жисмим нолдур,
Ким анинг шарҳин демакта хома тили лолдур.700700
Бобур, Асарлар, 1-жилд, Девон, 1965, 118-бет.
[Закрыть]
Байтда зулқофиятайн (икки қофия):
Эй меҳри анвар тобиши равшан юзинг симосидин,
Юз рўзи маҳшар шўриши зоҳир кўзинг имосидин.701701
Огаҳий, Асарлар, 1-жилд, Девон, 1971, 369-бет.
[Закрыть]
Байтда мусаллас (уч) қофия:
Қандадур бир сенингча ёри дилозор?
Қандадур бир менингча зори дилафкор?702702
Бобур, Мухтасар, ЎзФАН, 1971, 81-бет.
[Закрыть]
Айни шу жараённи радиф иштирок этган байтлар мисолида кузатсак, қофияларнинг мисра олдига томон силжишлари янада яққолроқ билинади. Одатдаги қофия ва радиф:
Қади шохи гулдек нигорим қани?
Лаби ғунчадек гулузорим қани?703703
Бобур, Асарлар, 1-жилд, Девон, 1965, 64-бет.
[Закрыть]
Зулқофиятайн ва радиф:
Ки, мен эмди жафони тарк тутуб,
Расми меҳри вафони барк тутуб.704704
Огаҳий, Асарлар, 2-жилд, Девон, 1972, 304-бет.
[Закрыть]
Мусаллас қофия ва радиф:
Аҳли назар шевасини сўз билур,
Нури басар мевасини кўз билур.705705
Ўзбек адабиёти, 1-жилд, ДБАН, 1959, 196-бет.
[Закрыть] (Ҳайдар Хоразмий).
Қайси сўз туркумидан бўлишидан қатъий назар, гапларда кесим қандай роль ўйнаса, байт ва банд учун қофия хизмати ўшандай зарурдир. Бугина эмас, кесимлар гап ниҳоясининг кўрсаткичи, холос. Қофия эса, ўзининг ана шу аналогик вазифасидан ташқари, сўзлар оҳангдошлиги-уйғунлигига асослангани туфайли хушжаранглилик унсури ҳамдир. Бу фикрлар қофиянинг одатдаги бир сўзли иштирокига тегишлидир. Зулқофиятайн ва мусаллас қофиянинг олдинги компонентлари (зулқофиятайннинг биринчи, мусаллас қофиянинг биринчи ва иккинчи элементлари) мисраларда фақат эвфоник хизматнигина бажаради; сўнггилари эса одатдаги қофия вазифасини бажаради. Бу фикрга изоҳ талаб қиладиган, айрим синтактик қурилиши жиҳатидан мураккаб, қуйидагидек, ҳар мисраси икки гапдан иборат байтлар ҳам учраб қолади:
Ишқ ичра итмишмен, дардимни билмайсен,
Ўлмакка етмишмен, фикримни қилмайсен.706706
Бобур, Мухтасар, ЎзФАН, 1971, 83-бет.
[Закрыть]
Ёки:
Гулшандек кўюнгдур юзунгдек гул,
Сунбулдек мўюнгдур сўзунгдек мул. (“Мухтасар”, 17-бет.).
Ушбу конкрет ҳолатда мусаллас қофиянинг дастлабки кўрсаткичи бўлган “итмишмен-етмишмен” сўзлари ва сўнгги таркиби сифатида келаётган “билмайсен-қилмайсен” сўзлари бирдай оддий қофиянинг ҳам эвфоник, ҳам уюштирувчилик ролини ўйнамоқда. Кўриниб туриптики, мусаллас қофияларнинг дастлабки элементларидан сўнг ҳар иккала мисрада янги гап бошланмоқда. Шунинг учун ҳам мусаллас қофия ушбу ҳолатда ўз вазифаси устига янги юклама олмоқда.
Мусаллас қофиянинг байтдаги иштироки турли шаклларда зуҳур этади. Баъзан байтлар фақат мусаллас қофиянинг ўзи билангина тикланиши мумкин. Одатда ҳар мисраси уч сўздан иборат бўлган сара тарсеъ санъати намуналари мусаллас қофияга баробар келади:
Ойим юзунг кўрсам,
Доим сўзунг сўрсам.707707
Бобур, Мухтасар, ЎзФАН, 1971, 42-бет.
[Закрыть]
Гоҳида мусаллас қофия ўз таркибида сара ҳожибни ҳам олиб келади:
Юзунг равшан қилиб одам кўзини,
Гулинг гулшан қилиб олам юзини. (Огаҳий).
Қуйидаги байт мусаллас қофия ва радиф иштироки билан бунёд қилингандир. Айни пайтда бу – тўла тарсеъ намунаси ҳамдир:
Вужуди адолатға мазҳар келиб,
Намуди саховатға масдар келиб.708708
Огаҳий, Асарлар, 1-жилд, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1971, 70-бет.
[Закрыть]
Худди шундай тузилишдаги мусаллас қофия давомидан таркибли радифлар келиши мумкин. Масалан:
Манга сенча гулузор кам топилур,
Санга менча беқарор кам топилур. (“Мухтасар”, 103-бет).
Баъзан байт тубандагидек анафора ва таркибида сара ҳожиб қатнашган мусаллас қофия унсурларидан иборат бўлиши ҳам мумкин:
Хушо жилваи жамоли ту дидан,
Хушо меваи висоли ту чидан. (“Мухтасар”, 93-бет).
Ҳожибли мусаллас қофия давомидан радиф иштироки ҳам кузатилади:
Назаре қилмади моҳим, манга нетай,
Асаре қилмади оҳим анга нетай? (“Мухтасар”, 102-бет).
Тирак қофияБайт таркибида баъзан такрор сўзлар шунчалик кўп ишлатиладики, натижада байт биносини сақлаб туриш вазифаси биргина қофия зиммасига тушади. Агар ана шу қофия бўлмаса байт шодасидаги сўзлар тўкилиб кетади. Шунинг учун ҳам бундай қофияларни тирак (тиргак) қофиялар деб атаймиз. Тирак қофия моҳиятан уч фунуциялидир:
а) у адабий асарнинг шаклий унсури сифатида байт тиклашда иштирок этиб, икки мисрани бир-бирига пайвандловчи ягона восита хизматини ўтайди;
б) тирак қофиянинг маънавий юки айниқса баракали: агар у байт ниҳоясида келса, ҳамма фикрни, предикативлик ифодасида ўзига йиғади. Худди шундай, тирак қофия бош қофия бўлиб келганида ҳам фикр ундан туғилади. Байтнинг қолган қисми – таркибли радифларни фақат тирак қофия бошқаради;
в) тирак қофия ўз вазифасига кўра байтда фоник стимул яратишни ўз бўйнига олади. Тирак қофиялар қанчалик бой ва тўла қофияли сўзлардан иборат бўлса, байт хушжаранглилиги шунчалик тўлароқ, янгроқроқ бўлади.
Тирак қофия қатнашган байтларнинг барчаси тарсеъ санъати намунаси ҳам бўлиб ҳисобланади. Бундай байтлар мисралари ўзаро ҳамиша ҳам мувозина, ҳам мутобиқадир: бу демак, улар ҳам фоник, ҳам грамматик уйғунлик намуналаридир.
Байтда анафорик такрорлар таркиблилиги ҳукм сурса, тирак қофия қуйидаги ҳолатдагидек ўзининг одатдаги ўрнида келади:
Сен кел манга қил назар
Сен кел манга қил гузар.709709
Бобур, Мухтасар, ЎзФАН, 1071, 86-бет.
[Закрыть]
Дарҳақиқат, байтнинг қофиягача бўлган барча сўзлари параллель мукаррарлардан иборат. Байт (луғавий маъноси уй, бино)ни суяб турган унсур биргина қофия – “назар-гузар” сўзларидир. Байтни шу қофиядан маҳрум қилсак ёки қофия ўрнига такрор сўзлардан қўйсак, ўз-ўзидан маълумки, байт қулаб тушади.
Тирак қофиялар параллель такрорларнинг ўрни ва хусусиятига кўра ўз ўрнини ўзгартириб туриши мумкин. Яъни тирак қофия байтнинг ҳар қаерида: бошида, ўртасида ва охирида ҳам келаверади.
Қалб санъатининг синтактик (инверсион) хили ишга солинса, юқоридаги байт тузилиши қуйидагича ўзгаришларга учраши ва тирак қофиянинг байт бўйлаб турлича силжишлари – жойлашишларини кузатиш мароқлидир:
1. Тирак қофия байт бошида келганда бош қофия вазифасини ҳам бажаради. У чоқ радиф таркиблилиги (4 сўз – сен кел менга қил) ҳодисаси юз беради:
Гузар сен кел манга қил
Назар сен кел манга қил. (“Мухтасар”, 85-бет).
2. Тирак қофия байтнинг ўрталарида жойлашади. Унда анафора (қил) ва 3 сўзли радиф (сен кел менга) тирак қофия билан бирга қатнашади:
а) Қил гузар сен кел манга.
Қил назар сен кел манга. (“Мухтасар”, 84-бет).
б) Манга қил гузар сен кел,
Манга қил назар сен кел. (“Мухтасар”, 83-бет).
Бу вариантда эса, тирак қофия тарози шайинидай келиб, унинг биринчи палласида икки анафорик сўз (манга қил) ва иккинчи палласида икки радиф сўз (сен кел)лар турипти.
в) Кел манга қил назар сен,
Кел менга қил гузар сен. (“Мухтасар”, 86-бет).
Ушбу ҳолатда анафора таркиблилиги кучайган (3 сўз – кел манга қил) ва тирак қофиядан сўнг бир сўзли (сен) радиф қатнашмоқда.
3. Ва ниҳоят, яна дастлабки ваниант: тирак қофия байт ниҳоясида уни якунлаб келади:
Сен кел менга қил назар,
Сен кел менга қил гузар.
Намойиш этилган мисралар шуни кўрсатадики, тирак қофия мисралари беш сўзли байтда беш ўринга силжиб, ўз вазифасини бажаради.
Шуни эслатмоқчимизки, тирак қофия ҳақида маълумот берганда бир байтни такрор-такрор турли кўринишларда келтиришдан кузатган мақсадимиз: тирак қофия ўрнининг байтда эркинлигини намойиш этиш эди, холос. Аксинча, бошқа мисолларга мурожаат қилганимизда тирак қофия ўрнини матндан кузатиш юқоридагидек осон бўлмас эди.Тирак қофия санъатига бир неча мисоллар келтирайлик. Тирак қофия усули барча халқлар адабиётига халқ оғзаки ижодидан ўтгандир. Фольклордан;
Қулон журмас жерлардан
Қувиб ўтиб боради.
Булон журмас жерлардан
Бувиб ўтиб боради.710710
Ғафур Ғулом, Адабий-танқидий мақолалар, ўзФАН, 1971, 138-бет.
[Закрыть]
Ажойиби шуки, бу мисолда барча мисраларда тирак қофия бошқофия бўлиб келмоқда. Буни ёрқинроқ тасаввур этиш учун шу мисралар ўрнини ўзгартириб кузатамиз:
Қулон журмас жерлардан
Булон журмас жерлардан
Қувиб ўтиб боради,
Бувиб ўтиб боради.
Абдураҳмон Жомий “Юсуф ва Зулайхо” достонининг Огаҳий таржимасида қуйидагича байт учрайди:
Атонинг биз харидори, ул эрмас,
Атонинг биз ҳаводори, ул эрмас.711711
Огаҳий, Асарлар, 3-жилд, Таржималар, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1974, 73-бет.
[Закрыть]
Бу байтда тирак қофия мисралар ўртасида келган. Уни таркибли анафора (атонинг биз) ва таркибли радиф (ул эрмас) қуршаб олган.
Тирак қофия ҳамиша турлича кўринишдаги сўз такрорлари (анафора, ҳожиб, радиф сингари) натижасида юзага чиқади. Анафора бой таркибли бўлса, тирак қофия мисранинг охирига силжийди. Радиф бой таркибли бўлса, тирак қофия байтнинг олдинги қисмига кўчади. Анафора ва радиф қатнашганда эса, тирак қофия ўрни байт ўртасида қарор топади. Тирак қофиялар ҳозирги замон шеъриятида ҳам тез-тез учраб турадиган ҳодисалар жумласидандир. Масалан, шоир Ашурали Аҳмедовнинг “Юлдузлар” шеърида “излаган” ва “сўзлаган” – тирак қофиясини кузатамиз. Банднинг қофияланиш тизими абаб тарзида: мазкур тирак қофия биринчи ва учинчи мисралар хотимасида келмоқда:
Қани ўша бизни излаган,
Қани ўша толиби инсон?
Қани ўша бизни сўзлаган,
Қайга кетди соҳиби жаҳон?712712
М.Зулфиқоров, А.Аҳмедов, Қўшқанот, “Ирфон” нашр., душанбе, 1972, 64-бет.
[Закрыть]
Ички қофия байтдаги асосий қофиядан олдин – байт орасида: гоҳ иккала, гоҳ биринчи мисрада келади. Ички қофияларнинг байтдаги жойлашиш таркибига назар ташласак, матлаъда ички қофия биринчи мисранинг биринчи ярмида, иккинчи мисранинг ҳам биринчи ярмида келади. Қолган байтларнинг ҳаммасида биринчи мисрада икки ички қофия, иккинчи мисрада бир ички қофия келаверади.
Ўнга яқин қофия навларидан бирортаси ички қофия сингари “муросасоз” эмас. Негаки барча қофия навлари асосий қофия ўрнида ёки унинг вазифасини бажариб келадилар-у, ички қофиягина байтда асосий қофия билан тотувликда “яшайди”, байтни товуш жиҳатдан бирга “обод” қилишади. Агар асосий қофия байтда мазмун ва ритм бутунлигини сақловчи асосий ўзак бўлса, ички қофия байтда икки вазифани бажаради:
Биринчидан, байтни тўрт ритмик бўлакка, мисрани икки қисмга бўлади ва ундан сўнг байтда асосий қофия келади. Ана шу тўрт бўлакнинг уч бўлаги охиридаги оҳангдош сўзлар ички қофия бўлади ва у байтда ифодалиликни кучайтиради. Буни мисолда кузатайлик:
Қошинг чу байрам ойидур, жаҳон ҳуснунг гадойидур,
Қулунг Сайфи Саройидкр, букун ул сунъ ҳайрони.
Мазкур байтдаги “ҳайрони” сўзи асосий қофия намунаси бўлиб, ундан олдинги уч қисм охиридаги “ойидур-гадойидур-саройидур” сўзлари ички қофиялардир.
Иккинчидан, ички мусиқийлик яратиш омили сифатида хизмат қилади, ички қофияли ғазаллар бошқа ғазалларга қараганда ўзгача хушоҳанглик ва равонлик билан ажралиб туради:
Эй юзи насрин, қомати шамшод,
Неча қилурсен, жонима бедод?
Сен киби пуркор, шеваси бисёр,
Билмади, эй ёр, ҳеч киши ёд.
Жаврда нодир, зулмда моҳир,
Ишвада қодир, ғамзада устод.
Ёр ғамидин, ҳажр аламидин,
Сабр камидин, нолаю фарёд!
Бобури бедил, эй бути қотил,
Жаврунга мойил, зулмунга муътод.713713
Бобур, Девон, “Фан”, 1994, 20-бет.
[Закрыть]
Заҳириддин Муҳаммад Бобур ушбу ғазалда маҳорат мўъжизасини ишга солган: шунчалик қисқа мисраларда ички қофия санъатини қўллаган. Шеърда сўзлар гўё рақсга тушаётгандай жўшади, ритм тингловчи қалбини қитиқлайди, ҳислар туғёни қайта-қайта тўлқинли талқин топади…
Ички қофиянинг иккинчи навида шоир бошқача йўл тутади. Агар одатдаги ички қофия қатнашган байтларга назар солсак, ички қофия барча мисраларда келади. Ички қофиянинг мазкур нави эса шеър бўйлаб қатнашади-ю, фақат байтларнинг биринчи мисраларидагина келади. Алишер Навоий туркий шеъриятдаги ана шу ички қофиянинг кашшофидир:
Қоши ёсинму дейин, кўзи қаросинму дейин,
Кўнглума ҳар бирининг дарду балосинму дейин?
Кўзи қаҳринму дейин, кирпики заҳринму дейин,
Бу кудурат аро рухсори сафосинму дейин?
Ишқи дардинму дейин, ҳажри набардинму дейин,
Бу қатиқ дардлар аро васли давосинму дейин?
Зулфи доминму дейин, лаъли каломинму дейин,
Бирининг қайди, яна бирнинг адосинму дейин7
Турфа холинму дейин, қадди ниҳолинму дейин,
Мовий кўнглак узра гулранги қабосинму дейин?
Чарх ранжинму дейин, даҳр шиканжинму дейин,
Жонима ҳар бирининг жавру жафосинму дейин?
Эй Навоий, дема қошу кўзининг васфини эт,
Қоши ёсинму дейин, кўзи қаросинму дейин?!714714
Алишер Навоий, ТАТ, 2-жилд, Ғ.Ғ.номидаги НМИУ, 2011, 488-бет.
[Закрыть]
Китобхон бир нуқтада айтилган талаб ижросини кўрмайди: мақтаъда ички қофия биринчи мисрада эмас, балки иккинчи мисрададир. Бунинг сабаби шеърда радди матлаъ санъатининг иштироки билан изоҳланади. Чунки радди матлаъ талабига кўра, шеърнинг биринчи мисраси ғазалнинг охирги мисраси тарзида яна бир карра такрорланмоғи керак.
Ушбу ички қофиянинг яна бир диққатга сазовор хусусияти шундаки, барча ички қофияларнинг ички радифлар билан таъминланишидадир. Мазкур ғазалда Навоийнинг бошқа ғазалларида учрамайдиган шаклий ва мусиқий-ритмик санъатпардозлик бор. Байт биринчи мисраларини тенг ритмик бўлакларга бўлиш ва иккинчи мисрада бундай қилмаслик усули шеър бўйлаб мунтазамлилик касб этган. Ҳар бир байт икки бир-биридан кучли мулоҳазаталаб фикрнинг майдонга ташланиши ва учинчи ундан-да муҳимроғини илова қилиш билан характерланади. Бу усул услуб даражасида шеърнинг бошидан охиригача бир маромда сақланади.
Мураббаъ қофияШоир байтда тўрттадан саккизта сўзни қофиядош қилишга муваффақ бўлса, мураббаъ қофияни юзага чиқаради. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг қуйидаги дилбар байтида ана шу санъат қўлланилган:
Сендек манга бир ёри жафокор топилмас,
Мендек санга бир зори вафодор топилмас.
Байтдаги мураббаъ қофия кўрсаткичлари: сендек-мендек, манга-санга, ёри-зори, жафокор-вафодор. Мураббаъ қофия орасидаги “бир” сўзи ҳожибдир. “Топилмас” сўзи радиф. Шоир Сайфи Саройи ижодидан мураббаъ қофия намунаси:
Қамар юзунгдин бўлур мунаввар,
Шакар сўзунгдин келур мукаррар.
Байтдаги “қамар-шакар, юзунгдин-сўзунгдин, бўлур-келур, мунаввар-мукаррар сўзлари ўзаро қофиядошлардир.
Мураббаъ қофия ижодкорлари иккиёқлама санъатпардозлик қиладилар: ҳам ўқишдаги ифодалиликни кучайтирадилар, ҳам ўқувчи назарида тўрттадан қофиядош сўзларни каштадай тизадилар…
Раддул қофияРаддул қофия атамасининг маъноси – қофия такроридир. Маълумки, шеърда қофия такрорланмайди, радиф такрорланади. Бироқ амалиётда аҳъён-аҳъён шеърда қофия ҳам икки маротаба такрор бўлиб қолади.
Мумтоз шеършунослик шоирга нисбатан қаттиққўллик қилмаслик учун раддул қофияни тан олади. Бугина эмас, ҳатто санъат деб эълон қилади. Шунинг учун раддул қофия намуналари Алишер Навоий шеъриятида ҳам учраб туради. Бунинг сабаби шундаки, оддий ўқувчи кўзига қофия такрори сифатида чалинган сўз такрори синчиклаб қаралса мазмун ва фикр тақозоси билан рўй берганини сезиш мумкин.
Раддул қофиянинг тажнисли намунаси шоир маҳоратининг чинакам намунасидир:
Нозук ҳарир агар танингга ҳойил ўлмағай,
Кўрса жамод мумкин эмас мойил ўлмағай…
Ғазалнинг тўртинчи байтига келамиз:
Осори ҳажр агар будурурким, кўрар кўнгул,
Дўзах аломати бу сифат ҳойил ўлмағай.715715
Алишер Навоий, МАТ, 5-жилд, 423-бет.
[Закрыть]
Биринчи байтда “ҳойил” сўзи парда, тўсиқ маъносида келган. Тўртинчи байтдаги “ҳойил” эса, мутлақо бошқа – ваҳимали, қўрқинчли, даҳшатли маъноларига эга. Шунинг учун буни тажнисли раддул қофия дея қайд этдик.
Оддий раддул қофияларга намуналар келтирамиз. “Бадоеъ ул-васат”нинг 268-ғазали иккинчи ва еттинчи байтларида ушбу санъат қўлланилгани кузатилади:
Ҳар қатра кўнгул қони жон берди ўлук танга,
Хосиятини сўрдук – лаълингга қатил эрмиш…
Кўнглини Навоийнинг олсанг, назар айлаб кўр
Ким дард ила доғ ичра жони не қатил эрмиш. (А.Навоий,5-жилд, 197-бет.)
Яна шу девондан раддул қофия намунасига мурожаат этайлик. 271-ғазалнинг матлаъи ва мақтаъини кўчирамиз:
Бир киши ўзни қилур аҳли фано базмида хос
Ким, қилур ўзлуки бирла ўзидин ўзни халос…
Файзи ом истар эсанг, айла Навоий ўзни
Бу фано дайри аро муғбачалар базмиға хос. (Ўша жилд, 197-бет).
Эслатма тарзида қайд этиш жоизки, раддул қофия санъатини радди матлаъдан фарқ этиш лозим. Негаки, кейингисида мисра такрорланади, раддул қофияда эса, қофиядош сўз такрорланади, холос.
Зулқофиятайн санъатиЗулқофиятайн атамаси арабча сўз бўлиб, икки қофияли, демакдир. Одатда шеърларда мисра сўнгидаги сўз олдинги мисра охиридаги бир сўзга оҳангдош бўлиб, қофия яратади. Зулқофиятайн қўллаган шоир эса. энди байтда биттадан эмас, иккитадан сўзни қофиядош қилиб тизади. Алишер Навоийнинг “Лайли ва Мажнун” достонидан олинган қуйидаги байтда “фироқдин-иштиёқдин, тош-бош” сўзлари зулқофиятайндир:
Кўксига уриб фироқдин тош,
Ерга уриб иштиёқдин бош.
Нишотийнинг тубандаги байтига боқсак, зулқофиятайн орасида ҳожиб қатнашганини кўрамиз:
Васл кунин гоҳ ҳикоят этиб,
Ҳажр тунин гоҳ шикоят этиб.
Матндаги “этиб-этиб” – радиф; “кунин-тунин, ҳикоят-шикоят” – зулқофиятайн; “гоҳ-гоҳ” – ҳожибдир. Мавлоно Огаҳийнинг қуйидаги байтида ҳам айнан юқоридаги сингари манзарани кузатамиз:
Токи ул қотилғадур сандон кўнгул, хунхор кўз,
Жавру зулмидин манга вайрон кўнгул, хунбор кўз.716716
Огаҳий, Асарлар, 1-жилд, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1971, 210-бет.
[Закрыть]
Байт таркибидаги “кўз-кўз” – радиф; “сандон-вайрон, хунхор-хунбор” – зулқофиятайн; “кўнгул-кўнгул” – ҳожиб.
Хатқофия санъатиХатқофияни усул, санъат дейиш мумкинмикан? Негаки, унинг моҳиятида икки ҳар хил сўзнинг бир-бирига оҳангдошлиги, яъни товуш ўхшашлиги бўлади. Тўғри, хатқофияда ҳам равий мавжуд, бироқ бу асл қофиялардагидек товуш жиҳатдан оҳангдошлик яратолмайди.
Хуллас, хатқофиянинг моҳияти: мисралар охиридаги икки сўзнинг ёзувдаги ўхшашлигига асосланади. Қизиғи шундаки, хатқофияларда сўзларнинг бири бузилган ҳолатда талаффуз этилади, шундай қилинмаса, қофиядош бўлолмайди. Алишер Навоийнинг “Сабъаи сайёр” достонидан:
Деди баъзи: “Бу навъ дилкаш эмас,
Зуафо қатли тиғ ила хваш эмас”
Матндаги хатқофия – дилкаш ва хваш сўзларидир. Аслида эса, сўзни тўғри талаффуз қилсак: хваш эмас-у, хуш бўларди. Кўряпмизки, тўғри талаффузда “хуш” “дилкаш”га қофия бўлолмайди, яъни товуш жиҳатидан оҳангдош эмас. Ёзувга аҳамият берсак, дилкаш ва хваш сўзларида равий (ш) ҳам, ридф (а) ҳарфлари ҳам бордир. Демак, мумтоз адабиётдаги қофия илмига кўра, бу сўзлар ўзаро қофиядошдир.
Муҳаммад Солиҳнинг “Шайбонийнома” достонидан айни шу сўзлар асосидаги хатқофия намунасини кўрайлик:
Яна бир давр келур тозаву хваш,
Иттифоқ аҳлидек асру дилкаш.
Мисоллардан кўриниб турибдики, хатқофияларда товуш жиҳатдан оҳангдошлик йўғу, ёзув жиҳатидан ўхшашлик бор.
Матншунослик ва матн тайёрлаш урфида “хваш”ни матнда “хуш” тарзида ёзиш лозим. Чунки “хваш” – йўқ сўздир. У ҳеч қандай маънони ифодаламайди.
Қофия унсурлариРавий
Мумтоз шеършуносликда қофия навлари жуда кўп бўлганидек, қофия бунёд этувчи товуш ва ҳарфлар ҳам кўпдир. Равий – қофия яратувчи унсур бўлиб, икки қофиядош сўзлар ўзагининг ёки негизининг сўнгги ҳарфлари ҳисобланади (қўшимчалар бундан мустасно). Равий унли ва ундош товушларни ифодаловчи ҳарфлар бўлиши мумкин:
Шерсиз эмасдур бешалар,
Бордур саховатпешалар.
Равий – а
Елдек етиб ул қуёш қошиға,
Қуюн каби эврулуб бошиға.
Равий – ш
Ҳажру ғаминг этти зулму бедод,
Эй жону жаҳон, фиғону фарёд.
Равий – д
Ридф
Қофия яратувчи унсурлардан яна бири ридфдир. Қофиянинг ридфи қофиядаги равийдан олдин турган унли ҳарф-товушдир. Масалан:
Айлай саёҳат энди бас,
Конибодом қилмай ҳавас.
“Бас-ҳавас” сўзларидаги “с” – равий; ундан олдинги “а” ҳарфи ридфдир.
Соқиё, майхоралар жисмидин олди тоб қиш,
Қил муҳайё базмин қиздурғали асбоб қиш.717717
Огаҳий, Асарлар, 1-жилд, 1971, 239-бет.
[Закрыть]
Байтдаги “тоб-асбоб” қофиядош сўзларидаги “б” – равий; “о” унли ҳарфи эса – ридфдир.
Қайд
Қайд ҳам ридф сингари равий олдидан келадиган ундош ҳарф-товуш. Тўғрироғи, эсда қодириш учун таъкидлаймиз: ридф ва қайд равий олдидан келадиган товушлардир: ридф – равий олдидаги унли товуш; қайд – равий олдидаги ундош товуш.
Деди: – Нўши лабидин топқай эл баҳр,
Деди: – Ул нўшдин эл қисмидур заҳр.
Равий – “р”, қайд “ҳ” ҳарфларидир.
Таъсис ҳарфи
Таъсис ҳам ридфга ўхшайди, бу ўхшашлик икки жиҳатдандир: таъсис ҳам ридф сингари равий олдидан келади; айни пайтда таъсис равий олдида турувчи унлидир. Таъсиснинг ридфдан фарқи шуки, таъсис ридф олдидаги талаффузда зарб (урғу) тушадиган унли товуш-ҳарфдир:
Қилди бир ишки кимса бермас ёд,
Кимса йўқким, сипеҳри кўҳнаниҳод.
Байтдаги равий – “д” ҳарфи олдидаги чўзиқ ва зарб билан айтиладиган “о” товуши таъсис: Йод-кўҳнаниҳод.
Васл ҳарфи
Васл ҳарфи шундайки, равий унга боғланиб қолади. Васл равий давомидан келадиган товуш-ҳарфдир:
Шаҳ чу билди санам таманносин,
Топти филҳол анинг муаммосин.
Байтдаги равий – о; васл ҳарфи – с.
Музораа санъатиМузораа сўзининг асл арабча шакли “музоре”дир. Музораанинг луғавий маъноларидан бири – ўхшаш демакдир. Унинг бундан ташқари “экин экувчи, деҳқон” маънолари бор, шунингдек, аруз баҳрларидан бири… бўлса-да, шеърий санъат сифатида музораанинг моҳиятини ўхшашликда, уйғунликдагина кўрамиз.
Музораа баъзан иштиқоқни эслатади. Аслида эса улар бошқа-бошқа нарсалардир. Иштиқоқда ўзакдош сўзлар бир неча марта ишлатилса, музораада фақат орфоэпик жиҳатдангина ўхшаш-оҳангдош сўзларни матнда икки ёки уч марта келтириш тақозоси бор: “расул, рисола, расоил, ирсол” кабилар байтда келса иштиқоқ бўлади, бироқ музораа бўлолмайди. Чунки булар бир ўзакдан ясалган тўрт сўз бўлиб, талаффуз жиҳатидан фарқли, товушга кўра уйғун эмас.
Музораа санъати шеъриятдаги қофияга ўхшаб кетади. Дарҳақиқат, оҳангдошлик вазифасига кўра музораа ва қофия ўхшашдир. Бироқ, қофияни музораа ҳисобламай, уни эътибордан соқит қиламиз. Чунончи:
Дарахтларда қушлар ўқиб насру назм
Ажаб завқу шавқ ила бошлабди базм.718718
Чустий, Гул мавсуми, 1969, 4-бет.
[Закрыть]
байтидаги “назм ва базм” қофияларини музораа дейиш мумкин эмас. Бу байтдаги музораа “завқу шавқ”дир. Ҳолбуки қуйидаги мисраларда “разм ва базм” музораадир:
Разм чоғи даҳр тавоноси ул,
Базм чоғи давр эли доноси ул.719719
Нишотий, Ҳусн ва Дил. Лирика, 1967, 18-бет.
[Закрыть]
Ички қофияларни ҳам музораага йўймаслик керак. Ички қофиялар матнда мисранинг маълум, қонуний бўлаклари сўнгида келади. Музораа эса, матннинг ҳар қаерида: хоҳ ёнма-ён, хоҳ остинма-устин, хоҳ бир мисрада бир-биридан маълум масофада йироқроқ ҳолатларда келаверади. Қуйидаги мисолда музораа сўзлари – “дил ва тил” параллель вазиятда келган:
Дил эмас, у дил агар дилдор қадрин билмаса,
Тил тутилмасму, ширин гуфтор қадрин билмаса.720720
Чустий, Гул мавсуми, 1969, 63-бет.
[Закрыть]
Музораа сўзлари тубандагидек икки мисрада келса-да, параллель ҳолатда бўлмаслиги ҳам мумкин. Қуйидаги байтдаги “очилди” ва “сочилди” музорааларининг мисра мусиқийлигига қўшган ҳиссаси сезилиб туради:
Чаманлар бўлди жаннатдин намудор,
Очилди гул, сочилди мушки тотор.721721
Лутфий, Девон. Гул ва Наврўз, 1965, 324-бет.
[Закрыть]
Музораа мисранинг қаерида келмасин, оз ёки кўп бўғинли бўлишидан қатъий назар, мисрага қофиядош сўздан ташқари маълум оҳангдошлик бахш этиб туради:
Ким фано туфроғига ётиб қўяр тош узра бош,
Тахт уза эрмас музаҳҳаб муттако ҳожат анго.
Шаҳ юриб олам очар, дарвеш оламдин қочар,
Ҳам ўзунг инсоф бергилким, бу не нисбат анго…722722
Алишер Навоий, Асарлар, 1-жилд, 1963, 76-бет.
[Закрыть]
байтларида “ҳожат-нисбат” – қофиялардир; “очар-қочар” эса ички қофиялар. Қофия ва ички қофиялар эвфоник хизматига кўра деярли бир хил вазифани бажаради. Юқоридаги “тош-бош” сўзларида ҳам ўзига хос оҳангдошлик борки, улар музораадир.
Музораани зулқофиятайндан фарқ этиш керак. Чунки қуйидаги байтдаги зулқофиятайннинг дастлабки қофиялари музораа бўлиб туюлиши мумкин: “қонима” ва “жонима” кабилар:
Қачонки ғамзаси кўз қонима қаро қилса,
Хатосиз ўқни урар жонима, хато қилса.723723
Лутфий, Сенсан севарим, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1987, 12-бет.
[Закрыть]
Ниҳоят, тажнис ва туюқдаги сўзларни ҳам (қофия вазифасида келадиган жинсдош сўзлар) музораага йўймаслик керак. Бироқ туюқдаги жинсдош сўзларни қаторлаштириш тажрибасини кўзда тутган ҳолда музораа изланса яхши. Кўп бўғинли бир сўзга икки ёндош қисқа сўз ёки ёрдамчи сўзни бошқа бир сўз билан музораа бўлиши ҳолатларини эсда тутмоқ керак. Музораа байт, банд ёки мисрадаги ўрин масофаларига кўра қуйидаги хиллардан иборат бўлиши мумкин:
1. Ёндош музораа;
2. Яқин музораа;
3. Йироқ музораа;
4. Мужаннаҳ ёки қанот музораа;
5. Параллель музораа.
Ёндош музораалар деб мукаррар тажнис каби ёнма-ён келган, товуш талаффузи уйғун бўлган икки сўзга айтилади. Масалан, Уйғуннинг “Куз қўшиқлари” шеъридаги ушбу мисраларда “фасл-асл” сўзлари ёндош музораа бўла олади:
Сабодан сўрадим: Бу қандай фасл?
Сабо жавоб берди: бу фасл, асл.724724
Уйғун, Танланган асарлар, 1-жилд, 1958, 75-бет.
[Закрыть]
Ёндош музораалар икки ёки ундан ортиқ сўзлардан ҳам ташкил топган бўлиши мумкин: шоир Нишотийнинг “Ҳусн ва Дил” достонида “дақойиқи ҳақойиқ ҳадойиқи” сўзлари музорааси келтирилган: “… Ул дафи пурдаъвийға ва ул пўсти бемаънийға жавоби босавоб айтғонининг дақойиқи ҳақойиқ ҳадойиқи баёни…”725725
Нишотий, Ҳусн ва Дил. Лирика, Ғ.Ғ.номидаги БАН, 1967, 345-бет.
[Закрыть]
Яқин музораалар деб товуш талаффузи жиҳатидан ўхшаш ва уйғун бўлган, сўзаро иштирок этган икки ёки уч сўзга айтилади. Яқин музораалар орасида албатта бошқа бир сўз туради:
Нўши ишрат, ниши меҳнат бирла бордур тавъамон,
Ким баҳори васлга охир фироқ ўлди хазон. (Нишотий, 421-бет).
Шафтоли дер, кулиб: куз чоқлари,
Шарбат билан лим-лим тўламан.
Емаган армонда, еган дармонда,
Минг дардингга шифо бўламан. (Уйғун, 73-бет).
Яқин музорааларни насрий асарларда ҳам кузатиш мароқлидир: “У шундай бир подшоҳки, қачон сен кўнглингга заволсиз жамолни, нуқсонсиз камолни келтирсанг, унинг жамолу камолини кўрган бўласан”.726726
Ўзбек адабиёти, 5-жилд, 2-китоб, 1968, 326-бет.
[Закрыть] (Абу Али ибн Сино).
“Жазом бумудур ва сазом шулму” (Калила ва Димна).
“Ўртақ эрдан ортуқ олмас”.727727
Маҳмуд Кошғарий, Девону луғотит турк, 1-жилд, ЎзФАН, 1960, 125-бет.
[Закрыть]
Ушбу факт шуни кўрсатадики, музораа сўзи ва атамаси ҳақида туркий элатларда маълумот ва тасаввур бўлмаган қадимий замонларда ҳам ўхшаш сўзлардаги товуш уйғунлиги ҳодисаси мавжуд бўлган. Яъни ўша ҳодиса шеъриятда қўлланилгану, унинг шеърий санъат эканлигини илм аҳли тадқиқ этиб, назарий жиҳатдан кейинроқ кашф этган. Ушбу мулоҳазанинг яна бир томони бор: кўплаб шеърий санъатларнинг атамаси араб ва форс-тожик тилидан олинган атамалар бўлганидан, мазкур санъатлар бизнинг адабиётимизга ўша халқлар адабиётидан кириб келган экан, деган хулосага ҳам бориб қолмаслик керак. Тўғри, бизнинг шеъриятимизга қўшни халқлар адабиётларидан кириб келган усуллар бор: масалан, китобат, истихрож, қалб ва бошқалар. Лекин улар ўзбек мумтоз адабиётидаги шеърий санъатлар хазинаси олдида жуда озчиликни ташкил қилади.
Йироқ музораалар деганда бир мисрадаги ўрнига кўра бир-биридан узоқроқ масофада ёки икки мисранинг турли ўринларида жойлашган оҳанг жиҳатдан уйғун икки сўз назарда тутилади. Масалан:
Муштоқингким, эй ажал, карам қил,
Дафъи алам ила рафъи ғам қил.728728
Ўзбек адабиёти, 4-жилд, 2-китоб, 1960, 104-бет.
[Закрыть] (Муҳаммад Фузулий).
Чора бечора тиласа, пора сипоҳи тилар,
Мулла бир ёндин ижорасин сўраб бергай азоб.729729
Ўзбек адабиёти, 5-жилд, 2-китоб, 1968, 271-бет.
[Закрыть] (Чокар).
Ҳажр таҳририда гирён, жабр тақририда хун,
Васл тасвирида бўлсин булбули гўё қалам.730730
Эркин Воҳидов, Ёшлик девони, 1969, 67-бет.
[Закрыть]
Мужаннаҳ – қанот музораалар икки хил бўлади:
а) мисра мужаннаҳ музораалари;
б) байт мужаннаҳ музораалари.
Мисрадаги мужаннаҳ музорааларнинг моҳияти шундаки, музораалар қанот каби мисранинг икки ёнидан келади. Демак, мисра мужаннаҳ музорааси мисрани бошлаган ва якунлаган икки сўздан иборатдир. Эслатма:
Мисра мужаннаҳ музораалари белгиланганида радиф эътибордан соқит қилинади. Қофияли сўз музораа таркибидаги сўзларнинг бири бўлиб келиши мумкин. У чоқ музораа атамаси “қофияли” сўзи билан бирга яратилиб, қофияли музораа деб аталади:
Шаҳар… ҳар юмшоқ саҳар
Куйлар билан уйғонар.
Аламлилар бағрига
Севинч тикандек ботар.731731
Ҳамид Олимжон, 1-жилд, Шеърлар, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1970, 79-бет.
[Закрыть]
Мисра мужаннаҳ музорааси сўзларидан бири қўшимчали ҳолда ҳам келади. Чунки қўшимча сўзларнинг товуш уйғунлигига узил-кесил халақит бермайди. Шунинг учун ҳам қўшимчали музорааларга ҳам махсус аҳамият берамиз:
Саратон тепада ёниб турипти,
Кўнгл истаб қолар суҳбату сафо.
Ҳовли узра эса кезиб юрипти
Навога қоришиб салқин бир ҳаво…732732
“Шарқ юлдузи” журн., 1971, № 8.
[Закрыть] (Муҳаммад Али).
Шу лаҳзада музораа қофияга ёрдамга келган. Қуйидаги мисолда эса, хат тажнисли мужаннаҳ музораага дуч келамиз (ашъор, асъор сўзлари мужаннаҳ тажнислар):
Бир даврдаямки, назм ўлуб хор,
Ашъор бўлуб касоди асъор.733733
Муҳаммад Фузулий, Асарлар, 2-жилд, 1968, 8-бет.
[Закрыть]
Тубандаги мисраларда радиф ҳам қатнашади (музораалар белгиланаётганида радиф ҳисобга олинмаслигини эслатган эдик). Мазкур парча Навоий ғазалига Нишотий мухаммасидан олинган. Мужаннаҳ музораа компонетлари “шоҳидни, зоҳидни” тазод ҳолатидадир, чунки “шоҳид” – ёр демакдир:
Топмоқ тиласанг барча мақосидин, Навоий,
Шоҳидни қўюб истама зоҳидни, Навоий.734734
Нишотий, Ҳусн ва Дил. Лирика, 1967, 419-бет.
[Закрыть]
Байт мужаннаҳ музораалари ҳам мисрадаги мужаннаҳ музорааларга ўхшаб кетади. Фақат улар бир-бирларидан анча йироқроқ масофада туришади. Мисра мужаннаҳ музорааси қайтариқсимон, бир-бирига нисбатан яқин, байт мужаннаҳ музорааси эса, тасдирсимон ўзаро йироқроқ масофада туриб, у санъаткор қўлида маънавий таъсир кучи билан мисрадаги фикрий мулоҳазани кучайтиради. Бундай музораа таркибидаги сўзларнинг бири байтни бошлаб, иккинчиси келгуси мисрани якунлайди:
Фалоҳ аҳли экан Лутфий қоматини кўруб
Агарда борди ўзидин, вале салоҳ эрди.735735
Лутфий, Сенсан севарим, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1987, 280-бет.
[Закрыть]
Байтдаги “эрди” сўзи радиф. Байт мужаннаҳ музораасидаги каби ҳолатларга насрий асарлардан ҳам қўшма гапли намуналар келтириш мумкин. Қуйидаги гапда Чоғир бангни қораламоқда: “Фаҳмнинг охир қилғучиси ва ваҳмнинг зоҳир қилғучиси”.736736
Ўзбек адабиёти, 1-жилд, 1959, 245-бет.
[Закрыть] (Юсуф Амирий).
Параллель музораалар деб байтдаги мисраларда жойлашган ўринлари қатъий бир хил бўлган, товуш жиҳатдан уйғун икки сўзга айтилади. Параллель музораалар байтнинг бош қисми, ўрталари ёки охирроғида ҳам келиши мумкин. Музораалар байтнинг қандай қисмида келишидан қатъий назар, улар параллель ҳолатда бўлишлари шарт. Шундагина параллель музораалар бунёд топган бўлади:
Асли насабдин бизга бердинг хабар,
Айла ҳасабдин яна ҳам баҳравар.737737
Нишотий, Ҳусн ва Дил. Лирика, 1967, 152-бет.
[Закрыть]
Риққат ила нола манго бор ҳазин,
Диққат ила шому саҳар ман қарин. (Нишотий, 350-бет).
Параллель музорааларнинг алоҳида мураккаб кўриниши ҳам бор. Бундай музораалар таркибларининг ҳар бири икки сўздан иборат бўлиб, параллеллик ҳолати барибир сақланган бўлади:
Буржи шараф ахтари рахшандаси
Дуржи садаф гавҳари тобандаси. (Нишотий, 18-бет).
Музораа санъати бир томондан мисра ва байтларда хушжаранглилик яратувчи эвфоник ҳодиса бўлса, иккинчи томондан мисра ва байтнинг маълум ўринларида (айниқса параллель ҳолатда келган пайтларда) матнда алоҳида хушоҳанглик яратувчи омил сифатида ҳам кўзга ташланади. Музораани маълум маънода шеър сажи деб кўрсатиш мумкин. Чунки у шеърдаги қофия, радиф, ички қофиялар каби етакчи бўлмаса-да, ёрдамчи, мусиқийлик бағишловчи бадиий усулдир. Шунинг учун ҳам ундан мумтоз ва ҳозирги замон сўз санъаткорлари ҳамиша фойдаланишни лозим топишади.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.