Текст книги "Бадиият жозибаси"
Автор книги: Эркин Рахмонов
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 7 (всего у книги 27 страниц)
Шоир ёки адиб гап, байт ва мисрада қуйидаги ҳолатларда талмеҳ санъатини қўллайди:
∙ бирор асотир қаҳрамони исми шарифи айтилган ёки у билан боғлиқ воқеа-ҳодисага ишора қилинганда;
∙ бирор тарихий шахс исми шарифи ёки унга боғлиқ воқеа-ҳодисага ишора қилинганда;
∙ бирор адабий қаҳрамон исми шарифи ёки унга алоқадор воқеа-ҳодисага ишора қилинганда;
∙ пайғамбарлар, азиз-авлиёлар ёки диний арбоблар исми шарифи зикр этилган ёки уларга дахлдор бирор воқеага ишора қилинганда;
∙ бирор китобга ишора қилинганда;
∙ бирор шеърга ишора қилинганда;
∙ бирор байтга ишора қилинганда;
∙ бирор сўзга ишора қилинганда;
∙ бирор гапга ишора қилинганда;
∙ бирор мақолга ишора қилинганда;
∙ бирор ибора-маталга ишора қилинганда;
∙ “Қуръон”нинг бирор оятига ишора қилинганда;
∙ Муҳаммад алайҳиссаломнинг бирор ҳадисларига ишора қилинганда;
∙ воқеа ёки ҳикоя талмеҳи.
Ана шу тасниф-таърифимиз талмеҳ санъати амалиётининг нечоғлик кенг ва теран фикрлар ифодасига яроқли бадиий санъат эканлигини маълум маънода кўрсатиб туради.
“Ал мўъжам фи маоири ашъор ил Ажам” китобининг муаллифи Шамс Қайс Розий талмеҳга қуйидагидек умумийгина таъриф бериш билан чекланган эди: “Талмеҳ он аст, ки алфози андак бар маънии бисъёр далолат кунад” (Талмеҳ шуки, озгина сўзлар кўплаб маъноларни ифода этади).158158
Шамси Қайси Рози, Ал мўъжам, Душанбе, “Адиб”, 1991, 301-бет.
[Закрыть] Талмеҳ санъатининг моҳиятини Атоуллоҳ Ҳусайний аниқроқ тушунтиради: “Талмеҳ каломда машҳур қисса ё машҳур нодир шеър ёки машҳур мақолга ишорат этмактин ибораттур”.159159
Атоуллоҳ Ҳусайний, Бадойи ус-саноеъ, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1981, 133-бет.
[Закрыть] (академик Алибек Рустамов таржимаси).
Адабиётшунос Т.Н.Зеҳний “Санъатҳои бадей дар шеъри тожики” китобида ёзадики: Бадиий адабиётда тарихий воқеаларига, асотирлар, афсонаю қиссалар ва ҳоказоларга ишорат қилинса талмеҳ санъати дейилади.160160
Т.Н.Зеҳний, Санъатҳои бадей дар шеъри тожики, Душанбе, НДТ, 1960, 106-бет.
[Закрыть]
Филология фанлари доктори, профессор Анвар Ҳожиаҳмедов “Мумтоз бадиият луғати” китобида талмеҳга шундай таъриф берган: “Талмеҳ (назар солмоқ) шеър ёки насрда машҳур тарихий воқеалар, афсоналар, адабий асарлар ёки мақолларга ишора қилмоқ санъатидир”.161161
Анвар Ҳожиаҳмедов, Мумтоз бадиият луғати, “Янги аср авлоди”, 2008, 126-бет.
[Закрыть]
Турк олими Лутфий Байрақтутан “Адабий санъатлар” китобида талмеҳ ҳақида ўн бир саҳифа назарий фикрлар ва амалий мисоллар келтирган.162162
Қаранг: Лутфий Байроқтутан, “Адабий санъатлар, Баликесир, 1998, 246-257-бетлар.”
[Закрыть] Унинг талмеҳга берган таърифи оригиналлиги, мисолларнинг хилма-хиллиги билан алоҳида кўзга ташланса-да, негадир олим талмеҳни тасниф қилишга ботинмаган.
Талмеҳ санъати анча универсал бадиий санъат, бу санъат амалиётида ташбеҳ ҳам, муболаға ҳам қоришиб келаверади ва улар бажарадиган бадиий вазифаларни ҳам талмеҳ ўз бўйнига олаверади. Муҳими, талмеҳ санъати шоир ва носир фикрининг таъсирчанлигини амалга ошириши, қисқа байт ва гап доирасида образни машҳур тип каби дарҳол гавдалантириш имконини бериши, лирикага воқеабандлик боғланиши, бугунги лирик қаҳрамонни тарихий ва адабий ўтмиш манзарасида гавдалантириш сингари юз хиллаб вазифани бажарадики, талмеҳдан қайси мақсадда фойдаланилмасин, унинг таъсирчанлик имкониятлари шунчалик кенгайиб бораверади. Ҳатто Чўлпон Мажнунни талмеҳ орқали озодлик Мажнуни тарзида гавдалантиргани диққатга сазовордир. Асрма-аср талмеҳ қаҳрамонлари кўпайиб бораверганидек, маълум ва машҳур қаҳрамон ҳақидаги талмеҳ кўрсаткичлари ҳам хилма-хиллашиб ортиб бормоқда. Айниқса ХХ асрдан бошлаб талмеҳнинг байналмилал нави мисли кўрилмаган даражада кўпайиб кетиб, ўзбек адабиёти намуналарида дунё тарихи, дини ва адабиёти, мифологияси қаҳрамонларига ишора қилиш ҳоллари тез-тез кузатилмоқда.
90-йиллардан бери талмеҳ санъати устида махсус изланишлар олиб бораётган олим Ҳайитбой Мирҳайдаровнинг хизматларини алоҳида қайд этиш лозим. Чунки ушбу адабиётшунос талмеҳ санъати моҳияти, миқёси, кўрсаткичлари, айниқса, ҳар бир талмеҳ қаҳрамони образи генезиси билан шуғулланиб, талмеҳнинг аввал якка тартибда, сўнг уялашиб-кўпайиши тамойилларини ҳам изчил ўрганган. Бу жиҳатдан унинг “Шеърият фасоҳати” (Хўжанд, 1995), “Юсуф қиссаси ва шеърият” (Хўжанд, 1997) ҳамда Хўжанд Давлат университетининг поэтикага бағишланган илмий тўпламларидаги мақолалари диққатга сазовордир. Шу ўринда унинг шогирди М.Суюнов “Ўзбек мумтоз шеъриятида талмеҳ санъати” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. Шунингдек, Хўжанд Давлат университети ўзбек адабиёти кафедрасида А.Абдураҳмонов, М.Ойматова, У.Сатторов, А.Эрмуҳаммедовлар ҳам поэтика илми билан шуғулланиб, тадқиқотлари натижаларини алоҳида китобларда, илмий мақолаларда эълон қилишди.
Маълумки, адабиёт турфа хил характер ва ижтимоий гуруҳларга мансуб персонажлар билан иш кўради: шоҳ, вазир, қози, муфти, косиб, савдогар, котиб, лашкарбоши, деҳқон, тадбиркор… сингари касб-корларга, оқил, нодон, фозил, жоҳил, яхши, ёмон, ростгўй, ёлғончи, олийжаноб, манфур, каззоб, муттаҳам, маккор, вафодор, вафосиз сингари юз хил ахлоқий сифатли кишилар адабий асарларга оралайдилар, тип бўлиб шаклланадилар, персонажлар сифатида “ивирсийдилар”… Уларнинг асосий қисми талмеҳ қаҳрамонлари бўлиб шакллана борадилар. Фирибгар Зайд Заххоб, мунис Равшанаклар Ойдин Ҳожиева томонидан талмеҳ қаҳрамонига айлантирилган:
Макрнинг устидан кулган ҳаётдай,
Сизлардан куламан, сохтагар Зайдлар.163163
Ойдин Ҳожиева, Паноҳим, “Шарқ”, 1998, 146-бет.
[Закрыть]
Сочларингиз ўрмаси
Равшанаклар зотидан.164164
Ойдин Ҳожиева, Паноҳим, “Шарқ”, 1998, 65-бет.
[Закрыть]
Абдулла Орипов Шекспир даҳоси яратган маккорлик тимсоли Ягони ўзбек адабиётига олиб кирди:
Чунки ҳалигача, Отелло, рости:
Ягони ўқитиб қўйгувчилар бор.165165
Абдулла Орипов, Юртим шамоли, “Ёш гвардия” нашр., Т., 1976, 131-бет.
[Закрыть]
Мисолларда кўрганимиздек, шоир ўз фикрий йўналиши давомида тасвирланаётган объект, воқелик ёки образ ҳолатини янада ёрқинроқ ифодалашга эришиш учун дунё мумтоз адабиёти, жаҳон тарихи ва халқ оғзаки ижодида бўлган ҳодисалар ёки қаҳрамонларни йўл-йўлакай эслатиб ўтади. Талмеҳ санъатини қўллашдан кузатилган мақсад шу воқеа ёки типнинг муайян шароитдаги аҳволини қадимги ёки яқин ўтмишдаги маълум ва машҳур ҳодисалар манзараси ёнига кўчириб, ўз фикрини ҳам аниқроқ, ҳам тўлароқ, ҳам муболағалироқ тарзда гавдалантиришдан иборат. Шуни ҳам уқдириш керакки, эслатилаётган ҳодиса ёки шахс албатта қадимий бўлиши шарт эмас. Кеча оламдан ўтган Муҳаммад Юсуф шахси бугун ўзбек шеъриятида талмеҳ қаҳрамони бўлиши мумкин. Бу ҳол содир бўлди ҳам. Бунга иккинчи бир гувоҳ-мисол Шавкат Раҳмон шахсининг талмеҳга кўчирилишики, бу ҳол орадан бир йил ўтар-ўтмас содир бўлди.
Мавлоно Муқимий “Танобчилар” ҳажвиясида Султон Алихўжанинг мақтанчоқ ва товламачилигини бўрттириш учун талмеҳ санъатидан фойдаланади ва асотир қаҳрамон Эрҳуббига мурожаат этади:
Бизга бобо ҳазрати Шоҳлиғ мозор,
Мухлисимиз мардуми аҳли диёр.
Ҳам яна Эрҳубби бўлодур тағо,
Аммамизнинг эрларидур Нурато.166166
Муқимий, Танланган асарлар, ЎзФА нашр., Т., 1958, 38-бет.
[Закрыть]
Муҳаммад Ризо Огаҳий “Тўйнома” маснавийсида бир қанча мифологик қаҳрамонларни зикр этади. Бундан мақсад тўйда қатнашган курашчи полвонларнинг бақувват ва шуҳратмандлигига китобхон диққатини тортишдир:
Ҳар бириси бир ҳизабр янглиғ,
Ҳар бириси шер, бабр янглиғ.
Суҳроб бири, бириси Баҳман,
Гершасб бири, бириси Бижан.167167
Огаҳий, Асарлар, 6 жилдлик, 2-жилд, Девон, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1972, 345-346-бетлар.
[Закрыть]
Матндаги Баҳман ва Гершасблар асотир қаҳрамонларидир. Эрҳубби ҳақидаги асотир ривоятлари С.П.Толстовнинг “Қадимий Хоразм” (Москва, 1940) фундаментал асарида ва профессор Н.М.Маллаевнинг “Ўзбек адабиёти тарихи” (олий мактаблар учун дарслик) китобларида анча батафсил берилган. Афсонавий қаҳрамон Рустамнинг ўғли Суҳроб, Баҳман, Гершасб ва ошиқ Бижан ҳақидаги достонлар Абулқосим Фирдавсийнинг ўлмас “Шоҳнома”сида тараннум этилгандир.
Тарихий Искандар образи шарқ адабиётида буюк халоскор ва одил шоҳ сифатида, мутафаккир валий тарзида мутлақо ўзгача талқин топгани учун бу исми шарифни талмеҳ тврзида ишлатиш жуда кенг миқёсда кузатилади. Араб, форс-тожик, усмонли турк, уйғур, озар ва ўзбек адабиёти намуналарида шу талмеҳга минглаб маротаба дуч келиш мумкин. Шунинг учун у ҳақдаги талмеҳлар ҳам хилма-хил ва кўпинча анъанавийдир. Тобутда Искандар қўлининг очиқ кетиши воқеасини Алишер Навоий аввал “Ҳайрат ул-аброр”да ихчам ҳикоят ҳолатида, сўнг ўта кенг планда “Садди Искандарий” достонида талқин қилган. Ана шу – умр қисқалиги ва дунёпарастлик фожиаси рамзи даражасига кўтарилган воқеага ўнлаб шоирлар қайта-қайта мурожаат этганлар. Замонамизнинг мумтоз шоири Абдулла Орипов ушбу воқеа билан алоқадор талмеҳни мутлақо янгилади – новаторлик кўрсатди: ёр висолига эришолмаслик – Искандарнинг қўли очиқ кетиши воқеасига нисбат берилди:
Тилакларим бажо бўлур ва лекин сен бўлмасанг,
Бамисоли Искандардек очиқ кетар қўлларим.168168
Абдулла Орипов, Юртим шамоли, “Ёш гвардия” нашр., Т., 1976, 137-бет.
[Закрыть]
Арманистон саёҳати илҳомларидан бўлган “Ереван кўчасида” шеърининг сўнгги байти ушбу мисралар бўлиб, муаллиф ўз ижодига хос бўлган усул – энг кучли фикрни шеър охирида келтириш тажрибасини бу гал талмеҳга нисбатан қўллаб йирик бадиий ютуққа эришган. Оддий ҳикоя ёки эртак ибтидоси тарзида берилган шеър:
Мен Ереван кўчасида озар қизин учратдим…
юқоридаги залворли талмеҳли байт билан якунланган. Бу ҳол бир талмеҳ кўрсаткичининг ўзи ҳам анъанавийлик, ҳам таждидга яроқли эканлигининг яхши намунасидир.
Ўзбек мумтоз ва ҳозирги замон адабиётида талмеҳларнинг энг кўп учрайдиган кўрсаткичлари адабий қаҳрамонларга нисбатандир. Абдулла Қодирийнинг романчиликдаги жасорати туфайли ўзбек адабиётида Отабек, Кумуш, Зайнаб исми шарифлари, Бегим сўзи ўнлаб маротаба талмеҳ кўрсаткичларига айланганидек, минг йиллик ўзбек мумтоз адабиётида юзлаб ошиқ-маъшуқлр талмеҳ қаҳрамонлари бўлиб адабиётда “тилга тушдилар”: Юсуф, Зулайхо, Фарҳод, Ширин, Лайли, Мажнун, Вомиқ, Узро, Баҳром, Гуландом, Дилором, Тоҳир, Зуҳра… Мазкур талмеҳларнинг қисқача мундарижасини Ҳамзанинг бир ғазалида кузатиш мумкин:
Расволиғ этди Мажнун, Лайлига етди охир,
Етмас эди бўлиб ул девона юрмагунча.
Кесмасди тоғ бағрин Фарҳод зори Ширин,
Йўқлаб келиб гоҳида ҳолини сўрмагунча.
Йиғлаб ётарди Вомиқ остонага қўюб бош,
Ҳаргиз кўтармас эрди Узрони кўрмагунча.
Тоҳир юрарди бехуд, ҳеч ким сўзин эшитмай,
Овоз бермас эрди Зуҳра чақирмагунча.
Юсуфни ҳеч Зулайхо қўлга ололмас эрди,
Ўлгунча орқасидан қувлаб югурмагунча.169169
Ҳамза, Танланган асарлар, Т.,
[Закрыть]
Гоҳо бир машҳур сўзга ишора қилинса ҳам талмеҳ санъати бўлади.Чунончи, дин тарихидан маълумки, ҳали коинотда Оллоҳдан бошқа бирор олам ва мавжудот бўлмаган пайтда, Тангри таоло: “Кун!” (Ярал! Бунёд бўл!) деган сўзни айтганида, шу сўз қудратидан ўн саккиз минг олам ва ундаги мавжудотлар пайдо бўлган экан.Алишер Навоий “Ҳайрат ул-аброр” достонининг ушбу байтида истихрож орқали талмеҳ санъатини юзага чиқаргандир. Чунки, “коф” ва “нун” ҳарфларининг йиғиндиси “кун!” бўлади:
Даҳр муқайяд била озодаси,
Борча эрур “коф” ила “нун” зодаси.
Мазмуни: Оламдаги барча қул ва озод кишилар ўша “коф” ва “нун”дан яралгандир.
Байтни ўқиган китобхон аввало икки ҳарфни қўшиб “кун” сўзини ясайди, сўнгра дин тарихидаги ўша БУЮК ЯРАТИЛИШ воқеасини эсга олади.
Алишер Навоийнинг машҳур “Ҳилолия” қасидасининг бир байтида “Қуръон” оятларига икки ишора бордир:
Тиғинга қозиб қазо “инно фатаҳно” сурасин,
Туғунга ёзиб қадар “насрун миналлоҳ” оятин.170170
Алишер Навоий, МАТ, 5-жилд, “Фан”, 1990, 481-бет.
[Закрыть]
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг қуйидаги рубоийсида Алишер Навоийнинг бир байтига ишора бор. Рубоий:
Ашъорингким шеър оти то бўлғай,
Таб аҳли анга волау шайдо бўлғай.
Ҳар лафзи дуру баҳри маони анда,
Ким кўрди дуреки анда дарё бўлғай.
Байт:
Дур бўлур баҳр ичра пинҳон назмидин шаҳ мадҳида
Баҳр ёшурмиш Навоий ҳар дурри макнун аро.
Биз бундай даъвони қўйганимизда иккала шеърдаги мазмунга суяндик. Қолаверса, “Бобурнома”да қуйидаги парча ҳам бу муҳокамамизга маълум маънода асос бўлган десак бўлади: “Бу иккинчи навбат Самарқандни олғонда, Алишербек тирик эди. Бир навбат манга китобати (мактуби – Р.В.) ҳам келиб эди. Мен ҳам бир китобат йибориб эдим, орқасида турки байт айтиб, битиб йибориб эдим”.171171
Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобурнома, “Фан”, Т., 1960, 142-бет.
[Закрыть]
Бобур шеърияти орасида Алишер Навоийга бағишланган бўлиши эҳтимоли бўлган рубоийлар учта бўлиб, шулардан бири юқоридаги рубоийдир. Муаллиф ўша рубоийнинг иккинчи байтида: “Ўз бағрида дарёни (денгизни) яширган дурни ким кўрипти?” деган мазмунни ифодалаган. “Ҳар бир сўзи дур (гавҳар)у, унда маънолар денгизи жойланган”. Алишер Навоийнинг биз келтирган байтида эса қуйидагича мазмун ифодаланган: “Шоҳ мадҳида шеърларимни эшитса, гавҳар хижолат бўлиб денгизга яшириниб олади. Чунки Навоий ҳар бир қимматбаҳо дурида денгизни яширган”.
Бу ерда байтни изоҳлаб ўтирганимизнинг боиси шундаки, талмеҳ санъатидан яхши воқифлик ҳатто айрим шеърларнинг кимга бағишланганини топиш имконини ҳам берар экан.
Абдулла Авлоний ижодида ҳарфга ишоранинг яхши бир намунаси бор. Шоир ҳамд шеърларининг бирида ёзадики:
Эй худованди жаҳон, лойиқ сенга ҳамду сано,
Икки ҳарф ила икки оламни сен қилдинг бино.172172
Абдулла Авлоний, Танланган асарлар, 1-жилд, “Маънавият”, 1998, 126-бет.
[Закрыть]
Ҳозирги замон ўқувчиси бу байтни ўқиганда қизиқ жумбоққа йўлиққандай лол қолади. Ахир қандай қилиб Оллоҳ иккита ҳарф билан оламни бунёд этган? Улар қайси ҳарфлар? У ҳарфлар нимани ифодалайди?.. Ҳолбуки мумтоз адабиётдан воқиф кишилар учун бу жумбоқ эмас, осон идрок этиладиган ажиб талмеҳдир. Чунки у Алишер Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр”идан бунга доир маълумотни ўқиган ва Ҳувайдоннг “Роҳати дил” достонида қуйидаги байтга йўлиққан:
Тавонодурки, ул бир турфат ул-айн,
Ичинда кофу нундин қилди кавнайн.173173
Х.Ҳувайдо, Роҳати дил, А.Қодирий номидаги халқ мероси нашр., 1994, 6-бет.
[Закрыть]
Мазмуни: Оллоҳ шундай қудратлидирки, у бир кўзни юмиб очгунча фурсатда, “коф” ва “нун” ҳарфларидан икки оламни бунёд этди.
Демак, А.Авлоний байтида “коф” ва “нун” ҳарфларига ишора– талмеҳи бор эканки, бу икки ҳарф йиғиндисидан “кун!” (Ярал! Бунёд бўл!) маъносидаги Оллоҳ сўзи чиқади. Борлиқда бу сўз янграгач, Оллоҳ қудратидан олти кунда на фақат икки олам, балки ўн саккиз минг олам яратилгандир. Рабғузийнинг “Қисаси Рабғузий” асарида оламнинг яратилиши ҳақида бутун бошли қисса борки, Авлоний ва Ҳувайдо байтлари ўша қиссага ишорадир.
Талмеҳ санъати намуналарига кўрсаткичнинг кўплиги ушбу санъатни кўп томонлама тасниф қилиш имконини беради:
Биринчидан, очиқ ва яширин талмеҳлар.
Очиқ талмеҳларда талмеҳ қаҳрамонларининг исми шарифлари айтилади. Энг қадимий асотир қаҳрамонларидан тортиб, ҳозирги давргача яшаган тарихий шахслар, адабий қаҳрамонлар, пайғамбару азиз-авлиёлар барча-барчаси очиқ талмеҳ кўрсаткичлари бўла олади. Бунга байналмилал талмеҳ қаҳрамонлари ҳам дахлдордир. Гап ёки байтдан талмеҳ қаҳрамони исми шарифини ўқиган китобхон, дарҳол ўша шахснинг бутун саргузаштларини кўз олдига келтиради ёки энг муҳим феъл-атворини ифодалайдиган воқеа фонида ўша сиймо гавдаланади. Очиқ талмеҳлар ҳам икки хил бўлади:
1. Исм-шарифи очиқ айтилади. Масалан:
Дард тоғин қозорим тирноғ ила Шириндур,
Лек бўлди манга Фарҳоди жигархун боис.174174
Алишер Навоий, МАТ, 6-жилд, “Фан”, 1990, 68-бет.
[Закрыть]
2. Истиорали бўлиб, бу истиорани топиш китобхонга қийин туюлмагани учун бу хил талмеҳларни ҳам очиқ талмеҳлар сирасига киритамиз. Чунончи, пири Канъон деганда ўқувчи Яъқуб алайҳиссаломни, моҳи Канъон деганда Юсуф алайҳиссаломни аниқ тасаввур этадилар:
Бориб Юсуф жамоли нақдига жонон эрур ворис,
Нечукким, пири Канъонға маҳи Канъон эрур ворис. (Ўша китоб, ўша бет).
Яширин талмеҳларда тарихда, асотирда, бадиий асарда ёки бирор дин арбоби бошидан ўтган воқеага ишора қилинадию, унинг кимлиги айтилмайди. Ўқимишли китобхон ўша воқеа қаҳрамони ким эканлигини билиб олади ва воқеа қаҳрамонининг усталик билан яширинганидан мамнун бўлади. Яширин талмеҳлар шеър ва достонларда аҳён-аҳёнда учрайдиган ҳодиса ҳисобланади. Биргина истиснони биз Ҳувайдонинг “Роҳати дил” достони муқаддимасида кўрамизки, шоир ўнлаб яширин талмеҳларни бир бетда қалаштириб ташлайди ва гўё ўз ўқувчисини саволларга кўмиб ташлагандай мароқланиб кузатиб: “Қани, таниёлдингизми?” деяётгандек туюлади:
1. Дуосидин бировнинг берди тўфон,
Қирилди ер юзида қолмади жон…
2. Бировнинг ҳақлиғиға ҳукм қилди,
Қаро тошдин болалиғ тева туғди.
3. Қилур сўзандалик даъвосини нор,
Бировга на учун у бўлди гулзор?
4. Пичоқ буррандаликни қилди ангез,
Бировнинг бўғузиға бўлмади тез.
5. Қилурман, деди меъда, ҳазми ҳар қут,
Бировнинг нега ҳозим бўлмади ҳут…175175
Ҳувайдо, Роҳати дил, А.Қодирий номидаги халқ мероси нашр., Т., 1994, 6-бет.
[Закрыть]
Достондан олинган биринчи байтда гап Нуҳ алайҳиссалом ва тўфон қиссасига ишора қилинганини Рабғузийнинг “Қисаси Рабғузий” асарини ўқиган ёки пайғамбарлар қиссаларидан хабардор китобхон дарҳол идрок этади. Хуллас, кейинги талмеҳлар манбаи ҳам “Қисас ул-анбиё” номида машҳур бўлган Рабғузийнинг юқоридаги асаридир. Агар ҳар бир байтга кенгроқ маълумот берадиган бўлсак, камида икки бетдан ўн бет маълумотнома ёзиш лозим бўлар эдики, шунча ҳажмли матн мазмуни талмеҳ санъати имкониятлари туфайли беш байтда ифодалангандир. Айни пайтда буларнинг ҳаммасидан кузатилган мақсад – муаллиф ғояси Оллоҳ таоло қудратининг чексизлиги ва имкониятининг мислсизлигини таъкидлашдир.
Асотир қаҳрамонлари, тарихий, адабий қаҳрамонлар ва пайғамбару азиз-авлиёлар талмеҳларидан муаллиф турли-туман мақсадларда фойдаланади. Аввало бунинг уч хил мақсадда ифодалангани сезилади.
1) Асосий ҳолатларда талмеҳ қаҳрамони лирик тимсол учун идеал, намуна бўлиб хизмат қилади. Шоир рубобий тимсолни ўша қаҳрамонлардай гавдалантириш учун уларни эсга олади. Усмон Азим:
Жоним, бир даҳшатни аммо билмайсиз,
Бунда Ҳамлет ҳам йўқ, Алпомиш ҳам йўқ176176
Усмон Азим, Сайланма, “Шарқ”, 1995, 311-бет.
[Закрыть]
деб иқрор этар экан, Ҳамлетни севги ва ўй-хаёл, андиша бобида, Алпомишни буюк қудратли инсон – алплигини бизга эслатиб қўймоқчи. Инсоннинг майдалашиб кетаётганидан, ҳисда ҳам, кучда ҳам ожиз бўлиб бораётганидан балки ўксинаётгандир…
Алишер Навоий:
Тарк этиб савдо, анинг савдосиға тушмиш улус,
Киргали Юсуф жамолим сайр учун бозорға177177
Алишер Навоий, МАТ, “Фан”, 6-жилд, 365-бет.
[Закрыть]
дер экан, Юсуф алайҳиссаломнинг мислсиз гўзаллик соҳиби эканлигига ўқувчи диққатини тортиб, рубобий тимсол тилидан унинг севгилиси тилидан Юсуфга монандлигидан фахрланмоқда.
Навоийнинг: “Туну кун ул ой хаёли бирла мен ошуфтаҳол” деб бошланувчи ғазалининг қуйидаги:
Тонгдин оқшомгача ғам тоғин кезиб Фарҳодваш,
Кеча тонг откунча дашт узра озиб Мажнун мисол178178
Алишер Навоий, 6-жилд, 251-бет.
[Закрыть]
байтида ҳам Мажнун ва Фарҳодлар лирик тимсол учун намуна, ўрнак. Эркин Воҳидовнинг қуйидаги байтида эса:
Илминг юксалгунча Беруний қадар,
То Алишер қадар етгунча шеъринг179179
Эркин Воҳидов, Сайланма, 2-жилд, 2001, 36-бет.
[Закрыть]
Берунийни илмий идеал, Навоийни адабий даҳо сифатида ўқувчига кўрсатмоқда.
2) Шоир ўз лирик тимсоли шахсини улуғлаш ишқ ёки бошқа жиҳатларда мумтозлигини уқтириш учун баъзан ўзини талмеҳ қаҳрамонлари билан тенглаштириш тамойилига берилади:
Бошларидин кечтилар ишқ аҳли ҳижрон даштида,
Вомиқу Фарҳод ила Мажнун Навоий бошлиғ.180180
Алишер Навоий, МАТ, 5-жилд, 214-бет.
[Закрыть]
Ушбу байтда Навоий шахси машҳур адабий қаҳрамонлар Вомиқ, Фарҳод ва Мажнун билан бир сафга қўйилиб тенглаштирилган. Ёки Навоийнинг қуйида бериладиган байтида лирик тимсол Мажнунни ўзига нисбатан “қардош” дея ўзини машҳур талмеҳ қаҳрамони билан тенг қўйган:
Шаммае фош айла саргардонлиғимдин, эй қуюн,
Учрасанг дашт узра Мажнун исмлик қардошима.
Замондош шоирамиз Фарида Афрўз талмеҳ қаҳрамонларини лирик тимсолга тенглаштиришда янгиликлар яратади, Лайлини “ўртоқжон” деб атайди:
Доғда қолсин ситамгарлар,
Уйғотайлик Заҳроларни.
Лайлижоним, юр ўртоқжон,
Гуллатайлик саҳроларни.181181
Фарида Афрўз, Кўзим маним, Ғ.Ғ. номидаги АСН, 1999, 53-бет.
[Закрыть]
Бугина эмас, ушбу тенглаштиришга Лайли исмини маҳаллийлаштириш, яъни “Лайлижоним” ҳам катта имконият яратган.
3) Талмеҳ санъатини қўллашдаги навбатдаги усулда шоир лирик тимсолни ўрнак қаҳрамонлар – талмеҳ кўрсаткичларидан устун қўяди. Бундай талмеҳларда рубобий қаҳрамон машҳур адабий қаҳрамонлардан ҳуснда, фидойиликда, азобларга чидашда, вафода юқори қўйилади. Чунончи, Алишер Навоийнинг қуйидаги байтида “алохону аломон” лирик тимсолнинг муҳаббатдаги ҳолатидан Фарҳод ва Ширин хижолат тортадилар. Бу усулда байтда ҳусни таълил санъати ҳам ўз иштирокини яққол сездирган: гўё икки буюк ошиқ лирик тимсол муҳаббати мислсизлигидан уялиб – Фарҳод тоғни, Мажнун даштни ватан қилган:
Не учун Фарҳоду Мажнун тоғу дашт айлар ватан,
Гар эмаслар мен алохону аломондан хижил?182182
Алишер Навоий, МАТ, 6-жилд, 253-бет.
[Закрыть]
Маъшуқа ҳуснда мислсиз ва давлатманд. Ошиқ унга қул бўлиб хизматини қилишни орзу қилади. Маҳбубаси эса, унга Юсуфни қулликка олиб келсалар ҳам қабул қилмайди:
Эй Навоий, сен не ҳад бирла анга қул бўлғасен,
Ким, беганмас айламакка Юсуфи мисрийни қул.183183
Алишер Навоий, МАТ, 6-жилд, 253-бет.
[Закрыть]
Наманганлик шоир Хилватий талқинида лирик тимсол – маъшуқа даргоҳида Жамшид, Фаридун ва Искандарлар энг паст даражадаги қулларидай хизмат қиладилар:
Худдоми дарингни камтаридур,
Жамшиду Фаридуну Сикандар.184184
Хилватий, Девон, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 2001, 233-бет.
[Закрыть]
Зокиржон Фурқат талқинида рубобий маҳбуба нозикликда, ҳусну малоҳатда, фасоҳатда, сабоҳатда Юсуфи мисрийдан устун қўйилади:
Қачон ул Юсуфи мисрийда бу ҳусну малоҳат бор?
Фасоҳатда, сабоҳатда, ҳама тўғрида сан нозик.185185
Фурқат, Танланган асарлар, Ўша нашр., 1975, 101-бет.
[Закрыть]
Абдулла Қодирий идеал қаҳрамонларни эслатиш – талмеҳ санъатида кашшофлик қилган. Минг йиллар давомида адабиётда Юсуф ҳусни орзубоп эди. Ўтмиш ва замонавий талқинларда қайси маҳбуба Юсуфга ўхшатилса, у ҳусн шоҳи даражасига кўтарилган бўлар эди. А.Қодирий “Меҳробдан чаён” романида “ҳусни Юсуф” иборасини таъриз санъати билан қориштириб, шу талмеҳ орқали энг хунук персонажни гавдалантиришга муваффақ бўлган: “Жиловхонада бир жанжал” бобидан парча:
“Унинг ёнида бўз яхтак боғичини осилтириб, ҳандалакдек бўқоғи билан ўнг томоғини зийнатлаган ўрта яшар яна бир “ҳусни Юсуф” кўринар эди. Унинг қаторида ошловдек чўзук юзли, оқ бўз кўйлаги ердан тўрт энлик кўтарилиб, бўз салласи гардани аралаш ўралган учинчи нозанин ўлтурар эди”.186186
Абдулла Қодирий, Ўткан кунлар. Меҳробдан чаён, Ғ.Ғ. номидаги АСН, 1994, 435-бет.
[Закрыть] Матндаги “нозанин”лар: Самад бўқоқ билан Шукур сўфидирлар. Буюк адиб таъриз – энг заҳарли киноя усулидан фойдаланиб, талмеҳ санъатида манфур нусхани яратиш учун қўштирноқ ичида Юсуфга ишора қилган. Ҳар қандай санъаткор ҳам, китобхон ҳам бу ўринда Абдулла Қодирий сеҳргарлигига тан беради.
Заҳириддин Муҳамад Бобур ҳам лирик тимсолни идеал қаҳрамонлардан юқори қўйиш усулида кўплаб ажойиб байтлар яратган. Масалан:
Қани Лайли била Ширинки сендан ноз ўрганса,
Қани Фарҳоду Мажнунким аларға ишқ ўргатсам.187187
Бобур, Девон, “Фан”, 1994, 40-бет.
[Закрыть]
Китобхон бундай “мақтанчоқ” рубобий тимсолни қораламайди, йўқ, аксинча, ушбу усулдан мамнун бўлиб, байтдан завқ олади.
Талмеҳ қаҳрамонларини ижобий ва салбий персонажлар тарзида ҳам тасвир этиш мумкин. Чунки талмеҳ қаҳрамонларининг кўплиги уларни икки бир-бирига қарама-қарши қутбларга ажратиб кўрсатиш имконини беради. Чунончи, ижобий талмеҳ қаҳрамонлари: Моний, Зардушт, Эрҳубби, Исо, Мусо, Муҳаммад алайҳиссалом ва чаҳорёрлар, Нўширавон, Искандар, Ҳотам, Рустам, Амир Темур, Бобур, Ҳусайн Бойқаро, Хожа Муҳаммад Порсо, Баҳоуддин Нақшбанд, Аҳмад Яссавий, Вомиқ, Узро, Фарҳод, Ширин, Лайли, Мажнун, Суҳайл, Гулдурсун, Юсуф, Айюб, Офелия, Ҳамлет, Отелло, Дездемона, Отабек, Кумуш, Мирзо Анвар…
Салбий қаҳрамонлар: Ахраман, Заҳҳок, Герострат, Яго, Иблис, Намруд, Абу Лаҳаб, Абу Жаҳл, Қоработир, Зайд Заҳҳоб, Ҳитлер, Қорун, фиръавн, Ҳомон, Чингиз…
Талмеҳ санъати кўпинча бошқа санъатлар билан қоришиқ юзага чиқади. Энг кўп учрайдиган талмеҳлвр ташбеҳ орқали яратилади. Нодирабегимдан:
Юзинг фаррух, жамолингдир рухафзо,
Хатинг Хизру, лаби лаълинг Масиҳо.188188
Увайсий. Нодира. Ўзбек шоиралари баёзи, “Фан”, 1993, 130-бет.
[Закрыть]
Талмеҳ нисбатан озроқ синекдоха орқали содир бўлади:
Керак бўлса, Фахриёр учун,
Тарих ўқир бир чўлоқ мажор.189189
Фахриёр, Аёлғу, “Шарқ”, 2000, 133-бет.
[Закрыть]
Шоир Фахриёр бу байтда машҳур сайёҳ ва тарихчи Ҳерман Вамбернга жуда моҳирлик билан ишора қилиб талмеҳ санъатини яратганки, бундан муаллифнинг бу санъатда янгилик яратгани – новаторлик кўрсатганини қайд этамиз. Фахриёрдан илгари бу соҳада кашфиёт қилган академик Ғафур Ғулом бўлганки, унинг қалами “қўнғиз мўйлов” метонимияси билан Ҳитлерга ишора қилиш имконини берган эди:
Бир қўнғиз мўйловли,
Бароқ соч малъун,
Жигарранг бир мундир
Истаги учун
Наҳотки еримиз
Чаппа айланиб,
Наҳотки дарёлар
Оқар тескари… (“Сен етим эмассан” шеъридан).190190
Ғафур Ғулом, Шеърлар, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1969, 71-72-бетлар.
[Закрыть]
Замонавий шоирларимиз ташбеҳга асосланган талмеҳларда ажойиб ижодий кашфиётлар қилишган. Шоир Усмон Азим кузнинг ҳазин дамларини ўқувчи ёдида нақшлаш учун кузни аввало жонлантирган, сўнгра Лайлига ўхшатиб гўзал талмеҳ санъатини яратганки, бу шоирона кашфиётдир, янгиликдир:
Сокин сеҳр Анҳор бўйида
Ҳорғин Лайли – куз кезар беҳуш.191191
Усмон Азим, Сайланма, “Шарқ”, 1995, 294-бет.
[Закрыть]
Талмеҳ санъати бунёдида муболағанинг ҳам ўзига хос ўрни бор. Маълумки, романтик тасвир услуби мумтоз адабиётда етакчи хусусиятлардан бири. Хоразмий “Муҳаббатнома” достонида бир маротаба “Оллоҳ Юсуф жамолини сизга берди” деб ўрнак талмеҳга мурожаат этган бўлса:
Ўғон Юсуф жамолини Сизга берди,
Муҳаббат кимёсин бизга берди.192192
Муборак мактублар, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1987, 35-бет.
[Закрыть]
Кейинроқ достоннинг бошқа бир ўрнида идеал қаҳрамон ҳуснини рубобий маҳбуба ҳуснидан юз карра пастлигини даъво қилади:
Эшиттинг эрса Юсуфнинг жамолин,
Сени ҳусн ичра юз чандон яратти. (Муборак мактублар, 13-бет).
Оллоҳ сенинг ҳуснингни Юсуф ҳуснига нисбатан юз карра ортиқ қилиб яратган! – деган фикр чиройли муболағадир.
Талмеҳ санъати баъзан ҳусни таълил санъати билан ҳам бирга келади. Қуйидаги байтдаги гўзал асос: гўё лирик маҳбубанинг ҳуснидан уялганидан Юсуф қудуққа кириб яширинган:
Қуёш ҳар кун юз урур ул қобуққа,
Жамолинг солди Юсуфни қудуққа.193193
Муборак мактублар, 28-бет.
[Закрыть]
Юқоридаги мисоллардан шундай хулосага келиш мумкинки, шоирлар талмеҳ санъатини қўллаганда ўз мақсадларига кўра хилма-хил вазифаларни унга усталик билан юклайдилар. Талмеҳ санъатини қўллаган шоир талмеҳ таърифида таснифда берилган одамлар, воқеалар, китоблар, байтлар, ҳарфлар, шеърларни китобхон ёдига солиш баробарида бир лаҳзада рубобий тимсолни ўша идеал қаҳрамонга хос бўлган фазилатлар ёки ёмон феъл-атворлар билан таъминлаб, қисқа мисра ёки байтда бутун бошли қисса ёки унинг бирор воқеасини гавдалантиришга муваффақ бўлади. Муҳими талмеҳ санъати орқали шоир томчида қуёшни акс эттиришга эришади; таъсирчанликни оширади, китобхонни мулоҳаза, мушоҳадага рағбатлантиради. Шунинг учун ҳам бундай бадиий восита икки йўл билан кўпаяди: биринчидин, ҳар бир талмеҳ уялайди (бир кишига тегишли талмеҳлар кўрсаткичлари кўпаяборади); иккинчидан, йиллар давомида адабиётга янги-янги талмеҳ қаҳрамонлари кириб келаверадилар.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.