Текст книги "Бадиият жозибаси"
Автор книги: Эркин Рахмонов
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 19 (всего у книги 27 страниц)
Шамол шамолни тебратар,
Шамол булутни тебратар.
Булут ёмғирни тебратар,
Ёмғир тупроқни тебратар.
Тупроқ майсани тебратар,
Майса бияни тебратар.
Бия қимизни тебратар,
Қимиз йигитни тебратар,
Йигит сулувни тебратар,
Сулув бешикни тебратар,
Бешик болани тебратар,
Бола дунёни тебратар.
Ушбу ва кейин келтириладиган Усмон Азим шеъри ҳарора, яъни қофиясиз, радифгагина суянилгандир. Қизиғи шундаки, бу шеърни идрокли киши бир маротаба эшитибоқ ёдлаб олиши мумкин. Мазкур шеърдан келиб чиқиб тадрижга таъриф берадиган бўлсак, уни шеър бўйлаб мисралараро сўз такрорига бағишланган санъат тарзида қайд этар эдик. Мумтоз адабиётдагидек, бунда ҳам радиф эътибордан соқит қилинади, бироқ бунда қофиянинг ўзи ҳам йўқ…
Усмон Азимнинг шеъри ҳам тадриж усулида битилган бўлиб, ижодкор охирги мисрани такрорлаш эвазига шеър сўнгида тадрижийликни “бузган”. Аслида эса, узвийликдан воз кечмаган ҳолда таъсирчанликни кучайтирган, десак адолатлироқ фикр юритган бўламиз:
Қор ёмғирдан қўрқади,
Ёмғир қуёшдан қўрқади,
Қуёш булутдан қўрқади,
Булут шамолдан қўрқади,
Шамол сукутдан қўрқади,
Сукут сурондан қўрқади,
Сурон ўлимдан қўрқади…
Ўлим кимдан қўрқади?
Ўлим кимдан қўрқади?
Юзаки қараганда жўнроқ бадиий усулда битилган мазкур шеърлар аслида ҳаёт, борлиқ, ўзаро алоқадорлик, узвийлик, мунтазамлик нуқтаи назаридан фалсафий умумлашмалар чиқаришга имкон берадиган, шаклан ҳам оригинал шеърлардир.
Шеърият амалиётида тадриж санъатининг шеър бўйлабгина эмас, балки унинг бир қисмида амал қилиши ҳолатлари ҳам учраб туради. Чунончи, шоира Ойдин Ҳожиеванинг “Муборак кунлар муножоти” туркумидан қуйидаги парчага назар ташлайлик:
Жоним ичинда титроқ,
Титроқ кучинда чақмоқ.
Чақмоқ учинда дил чок,
Жон ипида улаб кўр.577577
Ойдин Ҳожиева, Паноҳим, “Шарқ”, 1998, 80-бет.
[Закрыть]
Бундай ҳолат тадриж усули қўллашдаги ўзига хос янгилик бўлиши билан бирга, унинг тўртлик тузилишидаги иштироки жиҳатидан ҳам диққатга лойиқдир.
Тадриж усули келажаги хусусида ўйлаганимизда, афтидан унинг шеър бўйлаб амалиёти эмас, балки шеърнинг бир қисмидаги иштироки кўпроқ юзага чиқса керак, деган мулоҳазани изҳор қилгимиз келади. Чунки шеър бўйлаб сурункали сўзлар такрорлари санъаткор учун осон туюлмаса-да, китобхонга бу жўнроқ туюлиши мумкин.
Кўздан кечирилган мисоллардан шундай хулосага келиш мумкинки, тадриж санъати сўз ёки сўз бирикмалари ва гап такрорлари эвазига байтларда мазмун алоқасини юзага келтиради; фикрий мунтазамлилик, шеърий бир бутунликни рўёбга чиқаради. У ўзига хос бир серҳалқа занжир бўлиб, шеър мисраларини ўтинни тахлаб боғлагандек мустаҳкам боғлайди.
Илтизом санъатиИлтизом истилоҳининг луғавий маъноси: бирор нарсани ўзига лозим деб билмоқдир. Бу “лузуми моло ялзам” – заруриятсиз зарурият деганидир. Истилоҳнинг моҳиятига келсак, қуйидаги ҳолатларда шоир илтизом санъатини қўллаган бўлади:
биринчидан, байтда бирор сўз тўрт ёки ундан ортиқ такрорланса;
иккинчидан, гапда бирор сўз тўрт ва ундан ортиқ қайтарилса;
учинчидан, бир сўз шеър бўйлаб ҳар бир байтда бир маротабадан иштирок этган бўлса;
тўртинчидан, икки сўз ҳар бир байтда шеър бўйлаб қатнашган бўлса;
бешинчидан, бир сўз мисра бўйлаб такрорланса;
олтинчидан, бир мисра бутун шеър бўйлаб такрорланса.
Аслида илтизомнинг дастлабки намуналари шеъриятда радиф бўлган. Унинг байтдаги ўрни қатъийлашгач, қофиядан сўнг такрорланиб келадиган сўз, бирикма ёки гап эканлиги маълум бўлгач, у шеър рукнига айланган. Амалиётдан маълумки, бошқофияли рубоийларда деярли уч мисрадаги асосий сўзлар такрорланади. Масалан:
Туз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур,
Юз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур.
Сарриштаи айшдин кўнгулни зинҳор,
Уз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур.578578
Бобур, Девон, “Фан”, 1994, 73-бет.
[Закрыть]
Радиф – илтизом шу даражада сўзлар такрорини зарурат ҳисоблаган.
Байтда сўзларнинг тўрт ва ундан ортиқ маротаба қўлланилишига асосланган илтизомлар: Шоирлар ўзлари уқдирмоқчи бўлган сўзга, уннг маъно миқёсига ўқувчи диққатини тортиш ва таъсирчанликни ошириш учун илтизомнинг бу навига кўп мурожаат этадилар. Чунончи, Алишер Навоийнинг қуйидаги байтида бир сўзнинг тўрт карра такрорланганини кузатамиз:
Эй санга юз хубу лаб хубу лабидин кулгу хуб,
Ҳар неким воқеъ бўлур сендин, кўзумга асру хуб.579579
Алишер Навоий, МАТ, 3-жилд, 1988, 61-бет.
[Закрыть]
Шоир “хуб” сўзини тўрт маротаба қўллашни лозим топар экан, шу усулда гўзаллик ва яхшилик фазилатлари улуғлиги ва уларнинг уйғунлигига ўқувчи эътиборини жалб этади.
Поклик пардасида тутсун ани Эзиди пок,
Ким, эрур асру юзи поку ўзи пок йигит. (Алишер Навоий, 3-жилд, 86-бет.)
Байтида Алишер Навоий Оллоҳ поклигига урғу берар экан, инсоният учун бу хислатнинг бебаҳолигини таъкидлайди.
Шоира Увайсийнинг тубандаги байтида “нозик” сўзининг етти маротаба қайтарилишига дуч келамизки, муаллиф нозиклик фасоҳати, латофатини улуғлаб шу фазилат ва сифатга китобхон майлини жалб этолган:
Қадинг нозик, қошинг нозик, кўзинг нозик, лабинг нозик,
Тилинг нозик, сўзунг нозик, тишинг дурри Адан нозик.580580
Ўзбек шоиралари баёзи, Увайсий, Нодира, “Фан”, 1993, 58-бет.
[Закрыть]
Бир сўзнинг шеър бўйлаб ҳар бир мисрада бир маротабадан такрори. Бу ҳам илтизом санъатининг бир нави сифатида ўзбек мумтоз ва ҳозирги замон адабиётида сийрак бўлса-да, учраб турадиган ҳодисалардандир. Шермуҳаммад Мунис ижодида илтизомнинг нисбатан қийинроқ ушбу навини кузатамиз. Қийинроқ деганимизнинг боиси шуки, ҳар бир мисрада бир сўзни такрор кўравериш китобхонни бездириб қўйиши ҳеч гап эмас. Шоир ана шундай қуруқ такрор эмас, балки сеҳргарлик усули сифатида илтизом қўлламоқчи бўлса, ҳар бир мисрада оҳорли, янги фикр айта олиши лозим:
Бинафшазорни сайр айларам баҳор ичра,
Не судким, ани кўрмон бинафшазор ичра.
Бинафшахат санами лоларухсиз, айлармен
Бинафшау лолани помол раҳгузор ичра.
Бинафшаранг менгин кўргач инфиолидин,
Бинафша тутди ватан дашту кўҳсор ичра.
Дедим, бинафшаи холин чу хат аро кўрдум:
– Магар қолди бинафша гилу ғубор ичра?
Бинафшани на қилай даҳр бўстонида,
Хати бинафшаси бас гулшани узор ичра.
Бинафшагун хати шавқида дам-бадам йиғлаб,
Бинафшавор қаро кўзум интизор ичра.
Менга бинафшаси ёдида, оҳким, тутмиш,
Бинафшафом туганлар дили фигор ичра.
Бинафша холи фироқида санги ғам доғи,
Бинафшазорлар очди тани низор ичра.
Бинафша вақтидур, эй пири дайр, Мунисға,
Бинафшагун қадаҳе лутф ила хумор ичра.581581
Мунис, Сайланма, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1980, 38-бет.
[Закрыть]
Ҳар бир мисрада бир сўзни такрор қўллашни лозим топишга асосланган ушбу санъатнинг мазкур шеърдаги кўнгилга тегмаслик сирларидан бири – Муниснинг “бинафша” сўзи иштиқоқларидан – ўзакдошларидан фойдалангани билан ҳам изоҳланади: бинафша-бинафшазор-бинафшахат-бинафшаранг-бинафшагун-бинафшавор-бинафшафом.
Мунисона маҳорат: ҳар бир байтда ўзига хос янги-янги манзара ва фикрлар талқини, бадиий воситаларга бойлик хусусиятлари ушбу шеър баркамоллигини таъминлаган. Ташбеҳ ва истиоралар фаровонлиги китобхонни ҳайратга солса, ҳатто ҳусни таълилни қўллагани ундан ҳам ошиб тушади:
Бинафшаранг менгин кўргач инфиолидин,
Бинафша тутди ватан дашту кўҳсор ичра.
Бир шеърда ўн саккиз маротаба “бинафша”га мурожаат этиш ва ҳар гал янги нуктапардоз фикр айтиш, оригиналликка амал қилиш, оҳорли талқинлар топиш фазилатлари ижодий жасоратдир, албатта.
Шеър бўйлаб ҳар мисрада бир сўз такрори ҳодисаларига ҳозирги замон шеърияти ҳам йўқсул эмас. Икром Отамуроддан:
Канглум, яна сенга бақамти келдим,
Канглум, яна мендан кутдинг ҳидоя.
Канглум, юрган йўлларим сен сори елди,
Канглум, турган бекатларинг менда ниҳоя.
Канглум, яна сенга қилдим тавалло,
Канглум, яна менга термулдинг сузор.
Канглум, мен – ситамлар пайкони, илло,
Канглум, сен – андуҳлар узилган узор…582582
Икром Отамурод, Сен, “Қатортол-Камолот”, Т., 1999, 35-бет.
[Закрыть]
Мазкур шеър тўрт тўртликдан иборат бўлиб, шоир “канглум” сўзини ўн тўққиз маротаба такрорлашни лозим топган… Ёки шоир Эркин Воҳидовнинг “Қатра” номли икки бандли шеърида ўн маротаба “қатра” сўзи иштирок этган:
Қатра – шабнам, қатра – кўз ёш,
Қатра қону қатра – тер.
Қатра шабнамдек бу шеърим
Кўрган эл ҳам қатра дер.
Манглайимдан қатра теру
Кўзларимдан қатра ёш
Ҳам юракдан қатра қон
Тўкдим-да, ёздим қатра шеър.583583
Эркин Воҳидов, Сайланма, 2-жилд,
[Закрыть]
Юқоридаги мисолларимизда И.Отамурод “канглум” сўзини анафорик қайтариқ тарзида келтирган бўлса, Э.Воҳидов шеъридаги “қатра” сўзи такрори ўрни мутлақо эркиндир.
Икки сўзнинг байтда шеър бўйлаб такрори ҳам мумтоз адабиётимизда учраб туради. Бу жиҳатдан Шермуҳаммад Муниснинг қуйидаги шеъри диққатга сазовордир:
Лолаи садбарг эмаским, дашт аро чекмиш алам,
Жисми зоримдурки, юз бўлмиш ани тиғи ситам.
Лолаи садбарг янглиғ бўлди қон, бўлғай кўнгул,
Ҳажр аро юз пораву ҳар пораси бир доғи ғам.
Баски қўйдим бошда ҳар ён захмлар узра момуқ,
Кўрунур оқ лолаи садбарг янглиғ дам-бадам.
Кел, менинг бағримни кўр, юз пора ҳар бир доғида,
Кўрмиш эрсанг боғаро гар лолаи садбарг кам.
Сочмишким лолаи садбаргни ё зулфинга,
Ё анга юз пора кўнглум банд қилдинг, эй санам.
Соч дирамлар лолаи садбарг баргидек мудом,
Ўз замонингда бўлай десанг агар соҳиб карам.
Гул киби ораз очиб келким, аёқингга сенинг
Сочмоқ истар лолаи садбарг баргидин дирам.
Лолаи садбарг бир кеча эса умринг йили,
Ўтгуси бир-бир бори тутғил бу дамни муғтанам.
Лолаи садбарг бир қулдур сенгаким, бошинга,
Бир табақ зардурки сочғай боғ аро қўйсанг қадам.
Бошинг узра лолаи садбарг кўргач англадим:
Бағри бўлғон реш-реш ўлғуси охир муҳтарам.
Бўлди кўнглум поралар, Мунис, жафо тоши била,
Онча бўлмас поралиғда лолаи садбарг ҳам.584584
Мунис, Сайланма, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1980, 172-бет.
[Закрыть]
Мумтоз адабиётимизда ҳар бир мисра ва ҳар бир байтда бир ёки икки сўзнинг такрори яшовчанлигининг боисларидан бири шундаки, мумтоз адабиёт китобхони асосан байт юзасидан фикр юритишга одатланган. Зеро ҳар бир байтда бир нукта – фикрий, ҳиссий ёки бадиий кашфиёт бўладики, китобхон ўшани илғаш пайида байтга чуқур зеҳн солади. Натижада шеър бўйлаб бир ёки икки сўзнинг такрори унинг меъдасига тегмайди. Масалан, юқоридаги Мунис байти мазмунига эътибор берсак: биринчи байтда шоир бу лолаи садбарг эмас, балки ситам тиғи юз бўлган зор жисми-вужудимдир, дея тафреъ санъатини юзага чиқарган. Иккинчи байтда эса, энди юз бўлак тилинган бағрига лолаи садбаргни ташбеҳ берган… Учинчи байтда ҳажр жароҳатларига пахта қўйиб чиққаним учун таним лолаи садбаргга ўхшаб қолди, дейди,,. Хуллас, ҳар бир байтда янги-янги мазмун ва фикр изҳори амал қилади.
Бир сўзнинг мисра бўйлаб такрори ҳам илтизом санъати зуҳури бўлиб ҳисобланади. Сўз санъаткорлари таъсирчанликни кучайтириш, бир сўзни уқдириш ва бир сўзнинг маъно миқёсининг кенглигини намойиш этиш учун баъзан бир сўзни мисра бўйлаб такрорлашни лозим топадилар. Огаҳий қаламига мансуб қуйидги ғазалда барча байтларнинг иккинчи мисрасида илтизом санъати қўлланилган бўлиб, уларнинг аксариятида бир сўзнинг мисра бўйлаб такрори, уч байтида икки сўзнинг мисра бўйлаб такрори кузатилади:
Нозанинлардур санга, эй сарви ноз,
Ишқбозу ишқбозу ишқбоз.
Раҳм қил, ҳажринг ўти келди басе
Жонгудозу жонгудозу жонгудоз.
Илтифотинг айлагил аҳволима
Чорасозу чорасозу чорасоз.
Лутф этиб ушшоқ аро қилғил мени
Сарфарозу сарфарозу сарфароз.
Муддаийлар суҳбатидин айлагил
Эҳтирозу эҳтирозу эҳтироз.
Ишқинг ичра йўқтурур ман зордек
Покбозу покбозу покбоз.
Кўб бўлуб жавринг мани дилхастаға,
Лутфинг озу лутфинг озу лутфинг оз.
Қилди ишқинг хайли сабрим мулкига
Турктозу турктозу турктоз.
Ҳажр аро субҳимни қилман шомдин
Имтиёзу имтиёзу имтиёз.
Мутрибо, созингни овозинг била
Айла созу айла созу айла соз.
Кўр ниёзин Огаҳийнинг, раҳм қил,
Қилма нозу қилма нозу қилма ноз. 585585
Огаҳий, Таъвиз ул-ошиқин, ЎзФан, 1960, 172-бет.
[Закрыть]
Илтизом санъатини қўллашда маҳоратли шоирлар албатта ихтирокорлик йўлидан борадилар ва бу санъат амалиётига ҳам янгиликлар қўшадилар. Жумладан, мавлоно Огаҳийнинг илтизом қўллашдаги оҳорли усулларидан бири шундан иборатки, мумтоз шоиримиз ғазал бўйлаб байтнинг биринчи мисраси ибтидосида бир гапни такрорлашни лозим топган. Бу усулнинг нечоғлик янги ва таъсирчанликда унумли эканлигини қуйидаги шеърни ўқиб биламиз:
Эй хуш ул кунларки, мақсад гавҳарига кон эдим,
Яъни ўлуб бахт ёвар ҳамдами жонон эдим.
Эй хуш ул кунларки, куйинг равзасида субҳу шом,
Ҳар тарафга сайр айлаб ғайрати ризвон эдим.
Эй хуш ул кунларки, боштин то аёқим кўз бўлуб,
Гулшани дидоринга шабнам киби ҳайрон эдим.
Эй хуш ул кунларки, ҳажрингдин малоле етмайин,
Базми васлингда нишоту айш ила хандон эдим.
Эй хуш ул кунларки, қаддинг сарвиға айлаб назар,
Шавқида юз завқ ила қумри киби нолон эдим.
Эй хуш ул кунларки, сарву ишқпечондек бўлуб,
Сарбасар шамшодваш қаддинг била печон эдим.
Эй хуш ул кунларки, бўлмай жоҳилу нодон била,
Дохили ижлоси аҳли донишу ирфон эдим.
Эй хуш ул кунларки, хаттингни тамошо айлабон,
Огаҳийдек доимо мустағнийи райҳон эдим.586586
Огаҳий, Таъвиз ул-ошиқин, ЎзФан, 1960, 284-бет.
[Закрыть]
Илтизомнинг Огаҳий кашф этган бу янги нави ғазалга ўзига хос янгилик, мутлақо оҳорлилик бағишлаган. Шоир лозим топган илтизом – гап: “Эй хуш ул кунларки!” нидоси орзуга ғарқ навқирон кўнгил розларининг ажиб ифодаси бўлиб янграйди. Бу усул балки ўзбек мумтоз адабиётида ягона ҳодиса бўлиб қолгандир…
Сўзнинг матндаги такрорлари лафзий санъатлар туркумига мансубдир. Такрир, мукаррар, тасдир, тасбеъ, қайтариқ, тадриж ва илтизом сингари сўз такрорларига асосланган бадиий санъатлар асосан ифодалилик, хушжаранглилик сингари эвфоник вазифаларни, қисман фикрий-мутаносиблик, таъкид, уқдирув сингари хизматларни бажарадилар. Булар учун умумий фазилат матн таъсирчанлигини кучайтириш, матнни китобхон хотирасида қолдириш эканлигини инобатга олмоқ керак. Айрим ижодкорлар бу санъатларга кўпроқ мурожаат этганда, бу ижодкор услуби кўрсаткичлари даражасига ҳам етади.
Мисра илтизоми Рауф Парфининг “Ташқарида шовуллар шамол” шеърида ҳам кузатилади. Шоир шу мисрани уч бандда олти маротаба такрорлашни ижодий нуқтаи назардан лозим кўради. Демак, бир шеърнинг тенг ярми бир мисранинг такрорланишидан иборатдир. Бу ташқарида шамол шовуллашини муҳим бир манзарага айлантириш имконини яратган:
Ташқарида шовуллар шамол,
Ёмғир қаттиқ ёғар бу кеча.
Ташқарида шовуллар шамол,
Юзларини ювмоқда дарча.
Ташқарида шовуллар шамол,
У кунларнинг шакли кўзимда.
Ташқарида шовуллар шамол,
Саволларга кўмадир зимдан.
Ташқарида шовуллар шамол,
Деразамни қоқар бетоқат.
Ташқарида шовуллар шамол,
Ташқарида пушаймон фақат…587587
Рауф Парфи, Тасвир, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1973, 21-бет.
[Закрыть]
Бир қарашда илтизом қилинган мисра доимий пейзаж яратгандай. Ижодкор маҳорати шундаки, ҳар бир бандда бу мисра янги-янги ҳис ва фикрлар яратилишига манбалик вазифасини бажарган. Биринчи бандда қаттиқ ёмғир ёғиб деразалар юз ювмоқда. Иккинчи бандда шамол шовуллаши рубобий тимсолни саволларга зимдан кўмиб ташлаяпти. Учинчи бандда дераза шамолдан қаттиқ қоқилмоқда. Ташқарида пушаймон кезинмоқда…
Демак, илтизом қилинган мисра шеърда бир хилликни эмас, аксинча, ҳархилликни, полифоник манзарани яратиш омили сифатида хизмат қилаётир.
Ҳозирги замон шеъриятида илтизом санъатининг амалиёти ҳам жиддий ўзгаришларга учради. Зотан ҳозирги шеърият учун анъанавийликдан кўра, анъанани янгилаш, уни бузиш, янги шакллар яратишга уриниш кучлироқдир. Биз мумтоз шеъриятда амал қиладиган илтизом ҳақда гапирганимизда бирор сўзнинг шеър бўйлаб ҳар бир байтдаги ёки ҳар бир мисрадаги ишлатилишини қайд этганмиз. Ҳозирги замон шеъриятига ҳам бир сўзни қайта-қайта ёки шеър бўйлаб кўп маротаба такрорлаш хос. Бироқ янги шеърият такрорланадиган сўз ўрнининг эркинроқ бўлишига “тарафдор”. Чунончи, Рауф Парфининг “Чироқ. Чироқ ёнар бўзариб” деб бошланадиган шеърида ҳам илтизом қўлланилган. Шоир бир шеърда “чироқ” сўзини уч маротаба ишлатган. Бироқ бундаги илтизом ҳар бир байтда эмас. Албатта бунда маълум тартибга риоя қилиш яққол сезиларли. Шоир илтизом қилган сўзларни ҳар бир банднинг биринчи ва бешинчи мисраларида келтиришни лозим топган. Шеърнинг бир бандини келтирамиз:
Чироқ. Чироқ ёнар бўзариб
Жим. Тинглангиз унинг куйини.
У бир қўшиқ айтар дўстларим,
Саҳаргача айтар куйиниб,
Чироқ. Чироқ ёнар бўзариб.588588
Рауф Парфи, Тасвир, 1973, 5-бет.
[Закрыть]
Ҳар бир бандда бир мисранинг икки такрорини (агар у бутун шеър бўйлаб давом этса мунтазам деймиз) ҳам илтизом деб ҳисоблаш керак бўлади. Чунки шоир шеърдаги бош ва асосий фикрни ифодалайдиган бир мисрани шеърнинг ҳар бир бандида икки маротаба такрорлашни лозим топган бўлади. Бу ҳол мураббаълардаги ҳар бир банд сўнггидаги мисра такроридан мутлақо фарқ қилади. Чунки мураббаъ бандларида бир мисра такрорланади, бунда эса икки бор қайтарилади. Бунга Рауф Парфининг қуйидаги шеърини яхши намуна ҳисоблаш мумкин. Шоир ҳар бир банд бошида “Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар” мисрасини такрорлайверишни лозим топган:
Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Томчилар, томчилар сочимга.
Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Ҳам қайғумга, ҳам қувончимга.
Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Мен унга очаман бағримни.
Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Аста унутаман ёмғирни.
Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Ахир мени асир этар ул.
Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар,
Ёға бошлар қоғозга кўнгил. (Рауф Парфи, 10-бет.)
Шеърга назар ташласак, илтизом санъатининг шаклий меъёрини ҳам аниқ тасаввур этиш мумкин: шоир ўн икки қаторлик шеърида бир мисрани олти маротаба, яъни бутун шеърнинг тенг ярми ҳажмича такрорлашни лозим топган. Шоир қўллаган илтизом ёмғир ёғиши, унинг шиғалаб ёғиши манзарасида ўқувчида кучли таассуротлар уйғотади, шубҳасиз. Санъаткор тилимиздаги “шивалаб” сўзини атайлаб “шиғалаб” деб бузиб олади, янги сўз ижод қилиб, ёмғир ёғишининг одатдаги маромига қараганда тезлаштиришга муваффақ бўлади.
Сўз такрорларининг вазифалари худди такрор хилларининг кўплиги сингари ранг-барангдир: улар аввало:
хушжаранглилик омили;
ифодалилик омили;
кўз кўришига мўлжалланган томоша омили;
таъсирчанлик омили;
уқтириш ва асосий фикрни бўрттириш омили;
сўзнинг маъно теранлигини сездириш омили;
сўзнинг ҳис-ҳаяжон ифодасини кучайтириш омили;
фикр узвийлигини таъминлаш омили;
эмоционаллик омили.
Аслини олганда, сўз маъно-фикр бирлиги экан, унинг хилма-хил такрори ҳам биргина хизмати билан чекланмайди: кўпинча у бир вақтнинг ўзида ҳам хушжаранглилик воситаси, ҳам кўз кўришига мўлжалланган манзара, ҳам маъно кучайтирув воситаси ҳам бўлиши мумкин. Ҳар бир тасвир воситаси иштирокига алоҳида ёндашиш ва ҳар бир намуна мазмунига кўра санъат хизматини қайд этиш жоиздир. Чунончи, қуйидаги икки байтда қайтариқ санъати қатнашган бўлиб, биринчиси мумтоз адабиёт намунаси, кейингиси замонавий шеъриятдан мисолдир:
Кўзимни кўтармасам кўзингдан,
Юзимни кўтармасам юзингдан.589589
Бобур, Девон, “Фан”, 1994, 112-бет.
[Закрыть]
“Куз! Ҳасратда адо бўлган куз!
Боғда яланг юрмагин, ер – муз…”590590
Усмон Азим, Сайланма, “Шарқ”, 1995, 243-бет.
[Закрыть]
Биринчисида фикрнинг равон оқими, ҳисларнинг мумтоз ифодаси қайтариқ туфайли юзага чиққан. Ушбу санъатнинг иккала мисрадаги иштироки байтда кўз кўриши ва қулоқ эшитишига мўлжаланган тарсеъ санъатининг бунёд бўлишига кўмаклашган. Ҳис-ҳаяжон нуқтаи назаридан қарасак, қайтариқлар туфайли ошиқона майл ва жазм яққол ифодаланган. Ошиқнинг висол онидаги ширин умиди, изтироблар жўши, учрашувнинг энг тотли лаззатлари байтда ўз тажассуминитопган.
Усмон Азим байтига келсак, ўқиш оҳанги тамоман ўзгача: “Куз!” дея таққа тўхтаймиз ва қўшимча изоҳлардан сўнг тушкун кайфиятда яна бир маротаба чуқур уҳ тортгандай қилиб “куз!” дея қотамиз. Иккинчи мисрани ўқишга ҳам шошилмаймиз. Чунки бутун маънавий-ҳиссий залвор ўша икки қайтариқ ҳукмронлик қилаётган мисрададир. Бу байтни ўқишда равонлик йўқ, илиқлик йўқ, силлиқлик йўқ. Биринчи сўз ўқилгандаёқ улкан тўхтовга ундовчи ундов белгиси куз моҳиятини айтиб бўлгандай туюлади. Тасвирда фасл шахслантирилса-да, китобхон руҳан жонсизланади, кузнинг ҳасратларда адо бўлган фасллиги гувоҳи бўлади. Ифодалилик, мисранинг туроқсиз ўрнида тўхташ шартлиги вазиятнинг фожеийлигини кучайтиргандай таассурот қолдиради.
Тарди акс санъатиТарди акс истилоҳининг луғавий маъноси “тескари такрордир”. Тард – такрор, акс – тескари. Ушбу санъатнинг моҳияти шундайки, шоир байтда келтирган икки сўзнинг ўринларини алмаштириб яна бир карра такрорлайди; икки сўз ўринларини алмаштириб такрорлаш қуйидагидек байт таркибида:
Атойи, кеч бу дунёдин, алойиқ таркини қилким,
Салоту савм ошиққа бу кун тарки алойиқтур.591591
Атойи, Девон, “Фан”, 2008, 98-бет.
[Закрыть]
ва тубандагидек мисра таркибида содир бўлиши ҳам мумкин. Ҳар икки ҳолат ҳам тарди акс санъати ҳисобланаверади:
Сени топмоқ басе мушкулдурур, топмаслиғ осонким,
Эрур пайдолиғинг пинҳон, вале пинҳонлиғинг пайдо.592592
Алишер Навоий, МАТ, 3-жилд, “Фан”, 1988, 25-бет.
[Закрыть]
Ҳозирги кузатилган тарди акс санъатининг икки байт таркибида: биринчисида байт, иккинчисида фақат мисра таркибида келишига қараб: байт тарди акси ва мисра тарди акси деб тасниф қилиш мумкин.
Бадиий санъатларнинг ҳам маънавий (хусусан ийҳом), ҳам лафзий (сўз такрорлари, хусусан тарди акс) санъатлар ҳақидаги Алишер Навоий фикрлари диққатга сазовордир. Даҳо шоиримиз “Мажолис ун-нафоис” тазкирасида самарқандлик шоир Мирзобек ҳақида ёзадики: “Инсоният ва хуш ахлоқликда Хуросон ва Самарқанд мулкида ягона эрди. Ва табъ ва фаҳм ва отару тутарда бу икки мулк (мамлакат) йигитлари орасида саромади замона ва зеҳни диққат ва маони нуқудидин ғани эрди. Ва табъи бу навъ таърифлардин мустағнидур. Бу матлаъ анингдурким:
Кўзунг не бало қаро булубдур,
Ким, жонға қаро бало бўлубдур.
Зулқофиятайндур ва қофиялари т а р д и а к с к и м, жавоб айтмоқ бу фақир қошинда маҳолотдиндур… Бу матлаъни фақир тугатиб, анинг ёдгори девонда битибмен…”593593
Алишер Навоий , Асарлар, 12-жилд, 1966, 67-бет.
[Закрыть]
Академик Воҳид Абдуллаев “Навоий Самарқандда” монографиясида ёзади: “Кўринадки, Алишер Навоий Самарқанддалиги вақтида фақат муаммолар ёки шеърий мактублар ёзиш билангина чегараланмаган. У тарди акс санъати билан билан зулқофиятайн – қўш қофияли шеърлар ёзиш билан ҳам шуғулланган экан… У Мирзобек шеърий йўлида шеърлар тўқиб, унга жавоб айтмоқ учун ғазаллар ҳам яратгандир. Шундай бўлгач, шоир Мирзобекнинг мазкур байтини матлаъ тарзида олиб яратилган Навоийнинг қуйидаги шеъри ҳам Самарқанддаги ижодиёти намуналаридан бири бўлиб чиқиши мумкин:
Кўзунг не бало қаро булубдур,
Ким, жонға қаро бало бўлубдур.
Мажмуи давони дард қилдинг,
Дардингки, манго даво бўлубдур.
Ишқ ичра анинг фидоси юз жон,
Ҳар жонки санго фидо бўлубдур.
Бегона бўлубдур ошнодин,
Бегонага ошно бўлубдур.
То қилди юзинг ҳавоси жоним,
Юз сори анго ҳаво бўлубдур.
Бақо топар улки бўлди фоний,
Раҳравға фано бақо бўлубдур.
То тузди Навоий ояти ишқ,
Ишқ аҳли аро наво бўлубдур.
Бу шеърда Навоий мисралари тарди акс санъатига тўла риоя қилинган ҳолда яратилган. Шу сабабдан мисралар мусиқий, равон, ихчам ва маънодор бўлиб чиққан… шоир қофиялари (бало-қаро, қаро-бало, манго-даво, санго-фидо, бўлубдур ошно-бегонаға ошно, анго-ҳаво, фано-бақо, аро-наво) мутародифларининг ҳам тўлалик, равонлик ташкил қилиши санъати устида меҳнат қилган”.594594
В.Абдуллаев, Навоий Самарқандда, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1968, 80-82-бетлар.
[Закрыть]
Алишер Навоийнинг Мирзобекка қилган тазмин ғазалидан кўриниб туриптики, тарди акс санъати, худди зулқофиятайн каби жуда қийин, бироқ маҳорат билан албатта эгаллаб бўладиган, сўзни ўймакорларча ишлата билиш ҳунаридир.
А.Навоийнинг ушбу ғазалидаги каби ҳодиса – бир ғазалда бошдан-оёқ зулқофиятайн ва тарди акс санъатини сақлаш адабиёт тарихида учрайдиган сийрак ҳодисалардандир. Бадииятдаги бундай тасодифларни мумтоз адабиётшунослар бежиз “эъжоз” – мўъжиза дейишмаган.
Тарди акс санъати даҳо шоиримизнинг тазмин ғазалида учраганидек, шеърнинг бошидан охиригача давом этиши ёки тасодифий байтлар таркибида учраб қолиши мумкин. Кейинги ҳолат – тарди акснинг байтда тасодифан учраб қолиши нисбатан умумийроқдир.
Тарди акс санъати кўрсаткичларининг бошқа шоирларда учраши дарҳол анъанавийликдан хушхабар беради. Алишер Навоий тазмин қилган Мирзобек байтидаги тарди акс кўрсаткичлари Заҳириддин Муҳаммад Бобурга жуда ёққан:
Кўнглума бўлди ажойиб бало қаро сочинг,
Шикаста кўнглума эрмиш қаро бало сочинг.595595
Бобур, Девон, “Фан”, 1994, 34-бет.
[Закрыть]
Тарди акс санъати кўрсаткичларининг анъанавийлигини бобурона илҳомий жасорат оҳорлилик томон мойил этган. Мирзобек ва Навоийлар “қаро бало” сифатларини кўзга нисбатан қўллаган бўлсалар, Бобур бу сифатларни сочга нисбатан ишлатган.
Мавлоно Огаҳий кўз деталини қўллаган ва ҳам детал, ҳам бадиий санъатда анъанавийликка риоя қилиб қуйидагидек дилкаш байтни бунёд этган:
Ваҳ, не бало қародур, эй шўх, қаро бало кўзинг,
Гар худ эмас қаро бало, бас не бало қаро кўзинг.596596
Огаҳий, Асарлар, 1-жилд, Девон, 1971, 315-бет.
[Закрыть]
Санъаткорона сеҳргарликка тан бериш керакки, икки томонлама анъанага содиқ қолган Огаҳий бир байтда икки тарди акс санъатини қўллашга муваффақ бўлган: тарди акслар қатори кўнгилга тегмайди, аксинча бу сўз такрорлари ўқувчи дилида ажиб ёқимли ҳислар уйғотади. Тарди акслар қаторидан китобхон шоирона “не бало қаро!” ва “қаро бало” тушунчаларидаги ундовли ҳайрат ва даҳшатли, қайтариб бўлмайдиган бало тушунчаларини теран идрок этади. Шунинг учун бир байтда “бало” ва “қаро” сўзларининг тўрт маротабалаб такрорини поэтик зарурат сифатида қабул қилади. Буни бадеъшунослик тили билан айтганда, анъанавийликдан новаторликка юксалиш намунаси деймиз.
Огаҳий бадиий маҳоратига яна бир ижобий баҳони юқоридаги матлаъдан кейинги иккинчи байт ҳам олиб беради. Чунки муаллиф бу байтда ҳам зулқофиятайн (икки қофия) қўллашни маромига етказган:
Гар қаро кун бошим уза ишқ солмоқ истамас,
Бас не учун қилибдурур мунча қаро худо кўзинг. (Огаҳий, ўша бет).
Байтлардаги қофиялар: “қаро бало, бало қаро, қаро худо” тарзидаги зулқофиятайнлардир.
Тарди акс санъатининг нозик томони шундаки, шоир гоҳ бир-бирига дахлдор, гоҳ дахлсиз икки сўзни ўрин алмаштириб қўллайди-ю, на такрорни сездиради, на маънони кучсизлантиради. Аксинча, маъно таъкид эвазига кучаяди; ўша икки сўзга китобхон диққати икки карра тортилиб, асосий фикр ўшанга қаратилгани билиниб туради.
Мисра тарди акси сийрак учрайдиган ҳодиса бўлиб, тарди акслар асосан байтда учрайди. Шунинг учун таърифни: тарди акс – биринчи мисрадаги муайян икки сўзнинг иккинчи мисрада бошқа тартибда такрорланиш усули тарзида қайд этиш мумкин. Масалан, ўзбек адабиётидан:
То бани одам ила олам эрур,
Олам ичида бани одам эрур.597597
1001 ҳикмат, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1965, 11-бет.
[Закрыть]
Озар адабиётидан:
Чун қилди нигори тарки олам,
Бу олами тарк қилди ул ҳам.598598
Ўзбек адабиёти, 4-жилд, 1-китоб, 1968, 106-бет.
[Закрыть] (Фузулий).
Форс-тожик адабиётидан:
То ки дар дасти кист рўзии мо,
Он чи дар дасти мост, рўзии кист?599599
Бадриддин Ҳилолий, Осори мунтахаб, Душанбе, 1958, 168-бет.
[Закрыть]
Ушбу мисоллар тарди акс санъати шарқ адабиётининг асосий қисми учун хос бадиий санъат эканлигини кўрсатиб турибди. Юқоридаги байтлардан аён бўлгани шуки, тарди акс усулига мурожаат этган муаллифлар мисрадаги белгили сўзларни ёнма-ён қўйиб, кейингимисрада ўша сўзлар ўрнини алмаштирадилар. Баъзи ҳолларда у белгили сўзлар орасига бошқа сўз ёки сўзлар кириб қолиши мумкин:
Ёрутмас қуёш тийра шомим қорасин,
Ки бу шом этар тийра онинг зиёсин.600600
Алишер Навоий, Асарлар, 4-жилд, 1965, 255-бет.
[Закрыть]
Анъанавий тарди аксларда ўрин алмашиниб такрорланадиган икки сўз кўпроқ ёндош турар эди. Кейинчалик бунга ижодий ёндошиб, тарди акс санъати кўрсаткичларининг байт мисраларидаги ўрнини эркин қилиб қўйишди.
Баъзан тарди акслар байтаро ҳам бўлишлари мумкин. Бунинг анъанавий тарди акслардан сезиларли фарқи бўлади. Чунки байт алоҳида мазмун ифодаловчи бирликдир. Байтаро тарди акс учраганида, демак, биринчи байтдаги фикр занжири иккинчи байт билан туташади. Қизиғи шундаки, байтаро тарди акслар байтларни тадриж сифатида улаб келишади:
… Кумало хайлиға лозим қилибон юрта дуо,
Билса даҳр аро недур вузароу вукало.
Вукалоу вузароларға муносибдур бу,
Айламай зулм раоёғаки бўлмоқ удало.601601
Ўзбек адабиёти, 5-жилд, 2-китоб, 1968, 275-бет.
[Закрыть] (Чокар).
Тарди акслар тузилишига кўра:
а) икки таркибли;
б) уч таркибли;
в) тўрт таркибли ҳам бўлиши мумкин.
Энг кўп учрайдиган тарди акслар икки таркиблидир, яъни иккита сўз ўрин алмашиб такрорланади. Ҳофиз Хоразмийдан:
Занжири зулфин умсунуб мажнун бўлан шайдолари,
Оқил эрур девонау, девонасидур оқиле.602602
Ҳаёт васфи, 1988, 205-бет.
[Закрыть]
Мавлоно Лутфийдан:
Ҳайрон қолур юзунгда кўзу ёш хабар берур,
Бўлди манинг жонимға балотек ёшу кўз.603603
Лутфий, Сенсан севарим, Ғ.Ғ.номидаги АСН, 1987, 286-бет.
[Закрыть]
Нисбатан сийрак учрайдиган тарди акслар уч таркиблидир: бунда тарди акс санъати кўрсаткичи бўлган жуфт сўзлар айнан ёки ҳар хили уч маротаба қўлланилган бўлади:
Бордур рақибларнинг анга каж мақоли туз,
Мен бенаво дер эрсам туз мақол – каж.604604
Ўзбек адабиёти, 5-жилд, 2-китоб, 1968, 108-бет.
[Закрыть]
Биринчи таркиб: каж мақоли – мақол каж;
Иккинчи таркиб: мақоли туз – туз мақол;
Учинчи таркиб: каж туз – туз каж.
Мазкур мисолимиз ёндош келадиган тарди акс сўзларидан ўз мураккаблиги билан фарқ қилиб туради. Қуйида одатдагидек икки ёндош сўзларнинг уч карра такрорини бир неча мисолларда намойиш этамиз:
Меҳнатимдин тоғни ҳомун кўргасен, ҳомунни тоғ,
Гар мени истарга келсанг тоғ ила ҳомун сари.605605
Алишер Навоий, Асарлар, 4-жилд, 1965, 349-бет.
[Закрыть]
Озарбайжон шоири Сулаймон Рустамдан:
Шундай қилиб, сенинг, менинг душманим,
Мени сендан, сени мендан айирди.606606
Озарбайжон шоирлари, ДБАН, Т., 1960, 36-бет.
[Закрыть]
Толиб Жожармийдан:
Толиб маталаб касе ки у ғайри ту жуст,
Ту толиби ў бош, ки ў толиби туст.607607
Алишер Навоий, Асарлар, 14-жилд, 1966, 23-бет.
[Закрыть]
(Мазмуни: Сендан ўзгани истайдиган кишига талабгор бўлма, Сенга талабгор бўлган киши талабида бўл).
Уч халқ адабиётидан келтирилган ушбу мисолларимиз уч таркибли тарди акс кўп адабиётлар учун умумий ҳодиса эканлигини кўрсатиб турибди. Ишонч билан айтиш керакки, тарди акс кўрсаткичларининг уч ва тўрт таркиблиси ушбу бадиий санъат соҳасидаги янгилик – таждид натижасидир:
Биринчи таркиб: тоғ –ҳомун;
Иккинчи таркиб: ҳомун – тоғ;
Учинчи таркиб: тоғ – ҳомун.
Тарди акс санъати бадиий фазилатларини кўпинча тарди акс кўрсаткичларидаги фикрга таъкид юклашда кўришади. Аслида ҳар бир тарди акс ҳодисаси ва матн мазмунига назар ташласак, бу санъат вазифаси чекланмаганлиги, икки сўз ўрин алмашганда кўпинча грамматик алоқага киришиб ўқувчи кутмаган янги-янги фикрлар ифодачиси ҳам бўлиб чиқаверади. Масалан, аввалги мисолларимиздан бирига қайтиб бу ҳол гувоҳи бўлайлик:
Занжири зулфин умсунуб мажнун бўлан шайдолара,
Оқил эрур девонаву, девонасидур оқиле.
Байтнинг иккинчи мисрасидаги тарди акснинг иккинчи таркиби олдинги биринчи таркибга қараганда мутлақо янги мазмун ифодасига қўл келган.
Тўрт таркибли тарди акс қўлланилган байтлар тасодифий ҳолатлардагина учраб қолади. Биз бунинг мисолини юқорида, Огаҳийнинг “кўзинг” радифли шеъри матлаъида кўрдикки, муаллиф “бало қаро” бирикмасини байтда тўрт маротаба ўрин алмаштириб қўллашга муваффақ бўлган.
Байтда тарди акс кўрсаткичлари баъзан бошқа санъатлар билан қоришиқ ҳолда келиб қолиш ҳоллари ҳам учраб туради. Чунончи, энг қисқа мисраларда тарди акс ва акс санъатлари аралаш келиб қолади:
Ассалому алайкум
Ва алайкум ассалом.
Ёки:
Онажоним, бундай қилма,
Бундай қилма, онажон!608608
Абдулла Орипов, Сайланма, “Шарқ”, 1996, 109-бет.
[Закрыть]
Тарди акс поэтик-синтактик ҳодиса бўлиб, уни ёзма адабиётдагина эмас, оғзаки адабиёт матнларида ҳам кўплаб учратамиз. Қуйидаги мисол ҳам тарди акс санъати билан безангандир:
Ер юзини эр очар,
Эр юзини ер очар.609609
Ўзбек халқ мақоллари, Т., 1965, 23-бет.
[Закрыть]
Тажнисли тарди аксларда тарди акс кўрсаткичларидаги бир сўз ҳар хил маъноларда келади:
Бировким зор йиғлаб, йиғлаб ул зор.
Топиб кўнгли эл озоридин озор.610610
Алишер Навоий, Фарҳод ва Ширин, Т., 1956, 144-бет.
[Закрыть]
Заҳириддин Муҳаммад Бобурдан:
Юзум бўсағангға сурсам не яхши айшдурур,
Иноят эт эшикингда бу айшни сурайин.611611
Бобур, Асарлар, 1-жилд, Девон, 1965, 100-бет.
[Закрыть]
Тасбеъли тарди аксларда эса, тарди акс таркибидаги икки сўз тасбеъ яратади:
Анга тенг подшолиғ ё гадолиғ,
Гадоликка тенг этмай подшолиғ.612612
Алишер Навоий, МАТ, “Фан”, 8-жилд, 1991, 72-бет.
[Закрыть]
Рус адабиётидан тарди акснинг тасбели кўриниши:
Мальчишки знают это
Они – люди серьёзные.
Они не играют в поэтов
В поэтов играют взрослые. (Людмила Татьяничева).
Тарди акснинг иштиқоқли хили ҳам бўладики, шоир бундай ихтирокорлик қилганда тарди акс кўрсаткичларидан икки сўз бир ўзакдан ясалган бўлади. Бобурдан:
Фориғ эрдим, қаноатим бор эди,
Қоне эрдим, фароғатим бор эди.
Шоир Бобур бу ерда шу даражада заковат кўрсатганки, янгиликни шунчалик тантана эттирганки, санъатпардозликда, тарди акснинг барча кўрсаткич сўзлари иштиқоқли бўлиб чиққан: фориғ-фароғат, қаноат-қоне.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.